UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 26-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 26 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 26 февраля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 26 February 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТУЗИЛМАСИ

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси котибияти фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида

ЮНЕСКО билан ҳамкорликни янада такомиллаштириш ва уни самарали амалга ошириш, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектларни муҳофаза қилишни кучайтириш ҳамда ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси котибияти ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш шарт-шароитларини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Белгилаб қўйилсинки, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясининг (кейинги ўринларда — Миллий комиссия) ишчи органи — ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси котибияти (кейинги ўринларда — Котибият):

маданий ва табиий меросни тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда ЮНЕСКО рўйхатларига киритиш бўйича ягона мувофиқлаштирувчи ҳисобланади;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ЮНЕСКОнинг грантлари ва техник кўмаклари ҳамда таълим, фан ва маданият соҳаларига оид лойиҳаларни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ЮНЕСКО йўналиши бўйича халқаро ташаббусларини илгари суриш доирасида вазирликлар ва идоралар бажариши мажбурий бўлган топшириқлар ишлаб чиқилишини ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

таълим, илм-фан, маданият, оммавий ахборот воситалари ҳамда коммуникациялар соҳасидаги ЮНЕСКО фаолиятига оид барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва тадбирлар лойиҳалари;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ва киритилиши таклиф қилинган, шу жумладан уларнинг буфер зоналарида жойлашган ҳудудлар ва объектларга тегишли асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг манзилли рўйхатлари ва рақамлаштирилган паспортнинг таркиби;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ва киритилиши таклиф қилинган объектлар ва ҳудудларнинг қўриқланадиган теграларида археологик тадқиқотлар ўтказиш, реставрация ва консервация ишларини амалга ошириш Котибият билан мажбурий тартибда келишилиши лозим.

3. Котибиятга қуйидаги қўшимча функциялар юклансин:

ЮНЕСКО конвенциялари талаблари амалга оширилиши ва Миллий комиссия қарорлари ижросининг таъминланиши юзасидан назорат олиб бориш ҳамда ушбу мақсадлар учун эксперт кенгашлари ва ишчи гуруҳларини тузиш;

Миллий комиссия қарорларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминламаган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ таъсир чораларини қўллаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ҳамда уларнинг буфер зоналарида жойлашган объектлар бўйича электрон маълумотлар базаси яратилиши ҳамда унинг юритилиши юзасидан мониторинг олиб бориш;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган объектлар ва ҳудудларда, шу жумладан уларнинг буфер зоналарида олиб бориладиган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишлар давомида ўтказиладиган давлат назоратида иштирок этиш ҳамда тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилиш.

4. Котибиятга унга юкланган қўшимча функцияларни самарали амалга ошириш учун Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 5 нафар штат бирлиги ажратилсин.

5. Котибиятга тадбирларни юқори савияда ўтказиш, зарур ускуналарни харид қилиш ва тегишли соҳада кўрсатилаётган хизматлар учун мутахассисларга гонорарлар тўлаш учун Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида мақсадли беғараз халқаро маблағлари учун миллий ва чет эл валютасидаги ҳисобварақларини очишга истисно тариқасида рухсат берилсин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

а) идоравий мансублигидан қатъи назар барча органлар ЮНЕСКО штаб-квартирасига маданий ва табиий мерос, таълим, фан ва коммуникациялар тўғрисидаги ҳисоботларни ҳамда халқаро ёрдам ва грантларни олиш учун лойиҳаларни ЮНЕСКО томонидан белгиланган муддатлардан икки ой аввал, ЮНЕСКОнинг шафелигини олиш учун мурожаатларни уч ой аввал, ЮНЕСКО мурожаатларига жавоб хатлари ва уларга доир маълумотларни Котибият билан келишилган ҳолда фақатгина Ташқи ишлар вазирлигининг расмий каналлари орқали юборади;

б) ЮНЕСКО рўйхатларига киритиш учун маданий ва табиий меросга оид ҳужжатларни хорижий ва маҳаллий экспертларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқиш ва тақдим этиш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджетлар, ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалари ҳисобидан қопланади;

в) Миллий комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

7. Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

8. Котибият манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 февралдаги 90-сон қарорига ИЛОВА

Ў збекистон Республикаси Ҳукуматини н г айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг «ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида» 2018 йил 26 ноябрдаги 957-сон қарори билан тасдиқланган ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси тўғрисида низомда :

а) 3-банддаги «ҳисоб рақамларига» сўзлари «ҳисобварақларига» сўзи билан алмаштирилсин;

б) қуйидаги мазмундаги 3 1 -банд қўшилсин:

«3 1 . Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади;».

в) 3-бобнинг номидаги «ваколатлари» сўзи «ҳуқуқлари» сўзи билан алмаштирилсин;

г) 22-бандда :

қуйидаги мазмундаги ўн бешинчи — ўн саккизинчи хатбошилар қўшилсин:

«ЮНЕСКО конвенциялари талаблари амалга оширилиши ва Миллий комиссия қарорлари ижросининг таъминланиши юзасидан назорат олиб бориш ҳамда ушбу мақсадлар учун эксперт кенгашлари ва ишчи гуруҳларини тузиш;

Миллий комиссия қарорларини сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминламаган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ таъсир чораларини қўллаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ҳамда уларнинг буфер зоналарида жойлашган объектлар бўйича электрон маълумотлар базасини яратилиши ҳамда унинг юритилиши юзасидан мониторинг олиб бориш;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган объект ва ҳудудларда, шу жумладан уларнинг буфер зоналарида олиб бориладиган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишлар давомида ўтказиладиган давлат назоратида иштирок этиш ҳамда тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилиш»;

ўн бешинчи хатбоши ўн тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

д) 24 1 -бандда :

қуйидаги мазмунда иккинчи хатбоши қўшилсин:

«Комиссия котибияти ходимларининг ҳар ойлик лавозим маошларига 40% миқдорида устама ҳақ (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти) тўланади»;

иккинчи ва учинчи хатбошилар тегишинча учинчи ва тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

е) 26-банддаги «Спорт ва туризмни ривожлантириш масалалари котибияти» сўзлари «Туризм, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти» сўзи билан алмаштирилсин;

ё) 2-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Рес п убликаси миллий комиссияси н инг

Комисси я, Раис Комиссия аъзолари — 15 нафар, жамоатчилик асосида Котибият, Бош котиб 1 Бош котиб ўринбосари 1 Таълим ва илм-фан масалалари бўлими 3 Коммуникация ва ахборот масалалари бўлими 2 Юрисконсульт, кадрлар бўйича мутахассиси 1 Маданият масалалари бўлими 3 Халқаро маслаҳат қўмитаси координатори 1 Бош бухгалтер 1

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 апрелдаги 366-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармасига бириктирилган контингентга кафолатланган тиббий ва санаторий-соғломлаштириш ёрдами кўрсатиш тартиби ва ҳажми тўғрисидаги низомга иловада:

а) 1-бўлимга қуйидаги мазмундаги 16-позиция қўшилсин:

« 16. ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси котибияти бош котиб, бош котиб ўринбосари »;

б) 3-бўлимнинг 7-позицияси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

« 7. ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси котибияти бўлим мудири,бош бухгалтер »;

в) 4-бўлимнинг 16 1 -позицияси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

« 16 1 . ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси котибияти юрисконсульт, бош эксперт ва бош мутахассис ».

3. Вазирлар Маҳкамасининг «ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси котибияти фаолиятини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 18 февралдаги 92-сон қарорининг 1-банди еттинчи хатбошисидаги «котибиятда» сўзи «давлат муассасаларида» сўзлари билан алмаштирилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 26 февраль,

90-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.02.2022 й., 09/22/90/0166-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TUZILMASI

YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasi kotibiyati faoliyatini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida

YUNESKO bilan hamkorlikni yanada takomillashtirish va uni samarali amalga oshirish, Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan obyektlarni muhofaza qilishni kuchaytirish hamda YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasi kotibiyati xodimlarini ijtimoiy himoya qilish shart-sharoitlarini yaxshilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Belgilab qoʻyilsinki, YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasining (keyingi oʻrinlarda — Milliy komissiya) ishchi organi — YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasi kotibiyati (keyingi oʻrinlarda — Kotibiyat):

madaniy va tabiiy merosni tegishli soha mutaxassislarini jalb qilgan holda YUNESKO roʻyxatlariga kiritish boʻyicha yagona muvofiqlashtiruvchi hisoblanadi;

manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda YUNESKOning grantlari va texnik koʻmaklari hamda taʼlim, fan va madaniyat sohalariga oid loyihalarni amalga oshiradi;

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining YUNESKO yoʻnalishi boʻyicha xalqaro tashabbuslarini ilgari surish doirasida vazirliklar va idoralar bajarishi majburiy boʻlgan topshiriqlar ishlab chiqilishini hamda ularning bajarilishini nazorat qiladi.

2. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga koʻra:

taʼlim, ilm-fan, madaniyat, ommaviy axborot vositalari hamda kommunikatsiyalar sohasidagi YUNESKO faoliyatiga oid barcha normativ-huquqiy hujjatlar va tadbirlar loyihalari;

YUNESKOning Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan va kiritilishi taklif qilingan, shu jumladan ularning bufer zonalarida joylashgan hududlar va obyektlarga tegishli asrashga doir ishlar amalga oshiriladigan moddiy madaniy meros koʻchmas mulk obyektlarining manzilli roʻyxatlari va raqamlashtirilgan pasportning tarkibi;

YUNESKOning Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan va kiritilishi taklif qilingan obyektlar va hududlarning qoʻriqlanadigan tegralarida arxeologik tadqiqotlar oʻtkazish, restavratsiya va konservatsiya ishlarini amalga oshirish Kotibiyat bilan majburiy tartibda kelishilishi lozim.

3. Kotibiyatga quyidagi qoʻshimcha funksiyalar yuklansin:

YUNESKO konvensiyalari talablari amalga oshirilishi va Milliy komissiya qarorlari ijrosining taʼminlanishi yuzasidan nazorat olib borish hamda ushbu maqsadlar uchun ekspert kengashlari va ishchi guruhlarini tuzish;

Milliy komissiya qarorlarining sifatli va oʻz vaqtida bajarilishini taʼminlamagan mansabdor shaxslarga nisbatan qonunchilik hujjatlariga muvofiq taʼsir choralarini qoʻllash toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritish;

YUNESKOning Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan hududlarda hamda ularning bufer zonalarida joylashgan obyektlar boʻyicha elektron maʼlumotlar bazasi yaratilishi hamda uning yuritilishi yuzasidan monitoring olib borish;

YUNESKOning Umumjahon madaniy merosi roʻyxatiga kiritilgan obyektlar va hududlarda, shu jumladan ularning bufer zonalarida olib boriladigan moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlarini asrashga doir ishlar davomida oʻtkaziladigan davlat nazoratida ishtirok etish hamda tegishli soha mutaxassislarini jalb qilish.

4. Kotibiyatga unga yuklangan qoʻshimcha funksiyalarni samarali amalga oshirish uchun Davlat budjeti hisobidan moliyalashtiriladigan qoʻshimcha 5 nafar shtat birligi ajratilsin.

5. Kotibiyatga tadbirlarni yuqori saviyada oʻtkazish, zarur uskunalarni xarid qilish va tegishli sohada koʻrsatilayotgan xizmatlar uchun mutaxassislarga gonorarlar toʻlash uchun Tashqi iqtisodiy faoliyat milliy bankida maqsadli begʻaraz xalqaro mablagʻlari uchun milliy va chet el valyutasidagi hisobvaraqlarini ochishga istisno tariqasida ruxsat berilsin.

6. Belgilab qoʻyilsinki:

a) idoraviy mansubligidan qatʼi nazar barcha organlar YUNESKO shtab-kvartirasiga madaniy va tabiiy meros, taʼlim, fan va kommunikatsiyalar toʻgʻrisidagi hisobotlarni hamda xalqaro yordam va grantlarni olish uchun loyihalarni YUNESKO tomonidan belgilangan muddatlardan ikki oy avval, YUNESKOning shafeligini olish uchun murojaatlarni uch oy avval, YUNESKO murojaatlariga javob xatlari va ularga doir maʼlumotlarni Kotibiyat bilan kelishilgan holda faqatgina Tashqi ishlar vazirligining rasmiy kanallari orqali yuboradi;

b) YUNESKO roʻyxatlariga kiritish uchun madaniy va tabiiy merosga oid hujjatlarni xorijiy va mahalliy ekspertlarni jalb qilgan holda ishlab chiqish va taqdim etish bilan bogʻliq xarajatlar mahalliy budjetlar, homiylik xayriyalari hamda qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalari hisobidan qoplanadi;

v) Milliy komissiyaning oʻz vakolatlari doirasida qabul qilgan qarorlari davlat organlari va boshqa tashkilotlar hamda ularning mansabdor shaxslari tomonidan bajarilishi majburiy hisoblanadi.

7. Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

8. Kotibiyat manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 26-fevraldagi 90-son qaroriga ILOVA

Oʻ zbekiston Respublikasi Hukumatini n g ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Vazirlar Mahkamasining “YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasi faoliyatini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2018-yil 26-noyabrdagi 957-son qarori bilan tasdiqlangan YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasi toʻgʻrisida nizomda :

a) 3-banddagi “hisob raqamlariga” soʻzlari “hisobvaraqlariga” soʻzi bilan almashtirilsin;

b) quyidagi mazmundagi 3 1 -band qoʻshilsin:

“3 1 . Komissiyaning oʻz vakolatlari doirasida qabul qilgan qarorlari davlat organlari va boshqa tashkilotlar hamda ularning mansabdor shaxslari tomonidan bajarilishi majburiy hisoblanadi;”.

v) 3-bobning nomidagi “vakolatlari” soʻzi “huquqlari” soʻzi bilan almashtirilsin;

g) 22-bandda :

quyidagi mazmundagi oʻn beshinchi — oʻn sakkizinchi xatboshilar qoʻshilsin:

“YUNESKO konvensiyalari talablari amalga oshirilishi va Milliy komissiya qarorlari ijrosining taʼminlanishi yuzasidan nazorat olib borish hamda ushbu maqsadlar uchun ekspert kengashlari va ishchi guruhlarini tuzish;

Milliy komissiya qarorlarini sifatli va oʻz vaqtida bajarilishini taʼminlamagan mansabdor shaxslarga nisbatan qonunchilikka muvofiq taʼsir choralarini qoʻllash toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritish;

YUNESKOning Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan hududlarda hamda ularning bufer zonalarida joylashgan obyektlar boʻyicha elektron maʼlumotlar bazasini yaratilishi hamda uning yuritilishi yuzasidan monitoring olib borish;

YUNESKOning Umumjahon madaniy merosi roʻyxatiga kiritilgan obyekt va hududlarda, shu jumladan ularning bufer zonalarida olib boriladigan moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlarini asrashga doir ishlar davomida oʻtkaziladigan davlat nazoratida ishtirok etish hamda tegishli soha mutaxassislarini jalb qilish”;

oʻn beshinchi xatboshi oʻn toʻqqizinchi xatboshi deb hisoblansin;

d) 24 1 -bandda :

quyidagi mazmunda ikkinchi xatboshi qoʻshilsin:

“Komissiya kotibiyati xodimlarining har oylik lavozim maoshlariga 40% miqdorida ustama haq (mehnatni ragʻbatlantirish koeffitsiyenti) toʻlanadi”;

ikkinchi va uchinchi xatboshilar tegishincha uchinchi va toʻrtinchi xatboshilar deb hisoblansin.

e) 26-banddagi “Sport va turizmni rivojlantirish masalalari kotibiyati” soʻzlari “Turizm, madaniyat va ommaviy kommunikatsiyalar masalalari kotibiyati” soʻzi bilan almashtirilsin;

yo) 2-ilovaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Res p ublikasi milliy komissiyasi n ing

Komissi ya, Rais Komissiya aʼzolari — 15 nafar, jamoatchilik asosida Kotibiyat, Bosh kotib 1 Bosh kotib oʻrinbosari 1 Taʼlim va ilm-fan masalalari boʻlimi 3 Kommunikatsiya va axborot masalalari boʻlimi 2 Yuriskonsult, kadrlar boʻyicha mutaxassisi 1 Madaniyat masalalari boʻlimi 3 Xalqaro maslahat qoʻmitasi koordinatori 1 Bosh buxgalter 1

2. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 29-apreldagi 366-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Tibbiyot bosh boshqarmasiga biriktirilgan kontingentga kafolatlangan tibbiy va sanatoriy-sogʻlomlashtirish yordami koʻrsatish tartibi va hajmi toʻgʻrisidagi nizomga ilovada:

a) 1-boʻlimga quyidagi mazmundagi 16-pozitsiya qoʻshilsin:

“ 16. YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasi kotibiyati bosh kotib, bosh kotib oʻrinbosari ”;

b) 3-boʻlimning 7-pozitsiyasi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“ 7. YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasi kotibiyati boʻlim mudiri,bosh buxgalter ”;

v) 4-boʻlimning 16 1 -pozitsiyasi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“ 16 1 . YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasi kotibiyati yuriskonsult, bosh ekspert va bosh mutaxassis ”.

3. Vazirlar Mahkamasining “YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasi kotibiyati faoliyatini takomillashtirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 18-fevraldagi 92-son qarorining 1-bandi yettinchi xatboshisidagi “kotibiyatda” soʻzi “davlat muassasalarida” soʻzlari bilan almashtirilsin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 26-fevral,

90-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 26.02.2022-y., 09/22/90/0166-son)

lex.uz