📅 2022-yil 1-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 1-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 1 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 1 марта 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 1 March 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЎЙХАТИ
СХЕМАСИ
Минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида
«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек, минерал ўғитлар хавфсизлиги бўйича ягона талабларни белгилаш ҳамда халқаро андозаларга уйғунлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент ва уни жорий этиш схемаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин:
минерал ўғитлар хавфсизлиги талаблари, шунингдек, уларни сақлаш, ташиш ва тамғалаш жараёнларига қўйиладиган талаблар;
минерал ўғитларни идентификациялаш, уларнинг мувофиқлигини баҳолаш, уларни миллий мувофиқлик белгиси билан тамғалаш ва бозорда муомалага чиқариш қоидалари.
2. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги кимёлаштириш ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва рўйхатга олиш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгилансин.
3. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, «Ўзкимёсаноат» АЖ, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда Минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентнинг мақсадлари, мазмуни ва уни қўллаш тартиби тўғрисида аҳоли, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг кенг хабардор қилинишини таъминласин.
4. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ой ўтгандан кейин амалга киритилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари С.У. Умурзаков, Ш.М. Ғаниев, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори Д.Н. Саттаров ва «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси Ж.Т. Мирзамаҳмудов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 мартдаги 91-сон қарорига 1-ИЛОВА
Минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент
1-боб. Қўлланиш мақсади ва соҳаси
1. Минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент (кейинги ўринларда — Техник регламент) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инсонлар ҳаёти ва (ёки) соғлиғи, ҳайвонлар ва ўсимликлар, атроф муҳитни, мулкни ҳимоя қилиш, минерал ўғитларнинг қўлланилиши ва хавфсизлиги хусусида истеъмолчиларни чалғитувчи ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.
2. Мазкур Техник регламент Техник регламентга 1-иловага мувофиқ рўйхатда келтирилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган, олиб кириладиган (импорт қилинадиган) минерал ўғитларга ҳамда минерал ўғитларни сақлаш, ташиш ва тамғалаш жараёнларига нисбатан қўлланилади.
3. Техник регламент талаблари органик ва органик-минерал ўғитларга нисбатан қўлланилмайди.
4. Қуйидаги хавфли омиллар минерал ўғитлар ва уларнинг таркибий қисмларига хос ҳисобланади:
ёнғин ва портлаш хавфи;
оксидловчи хусусиятлар;
коррозия хусусиятлари;
инсон учун хавфлар: перорал, дермал ва ингаляцион токсиклик, тери ва шиллиқ қатламларга ялиғлантирувчи таъсир, тери-резорбтив таъсир, аллергенлик, инсон организмида биоаккумуляция ва атроф муҳит объектларида (сув, тупроқ, ўсимликлар) тўпланиш хусусиятлари;
радиоактив хавфлилик;
экотизимга таъсир.
2-боб. Атамалар ва таърифлар
5. Техник регламентни қўллаш мақсадида қуйидаги атамалар ва таърифлардан фойдаланилади:
ваколатли орган — кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва рўйхатга олиш бўйича ваколатли давлат органи;
идентификация — мувофиқликни баҳолаш мақсадида тақдим этилган минерал ўғитларнинг тамғасида кўрсатилган муҳим белгиларга айнан мослигини аниқлаш;
импорт қилувчи — норезидент бўлган хорижий ҳамкорлардан олинган минерал ўғитларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин муомалага чиқарувчи ва ушбу ўғитларнинг Техник регламент талабларига мувофиқлиги учун жавобгар ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган хўжалик юритувчи субъект;
ишлаб чиқарувчи — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз номидан минерал ўғитларни ишлаб чиқариш ёки ишлаб чиқариш ва муомалага киритиш билан шуғулланувчи ҳамда ушбу минерал ўғитларнинг Техник регламент талабларига мувофиқлиги учун жавобгар бўлган юридик шахс, жумладан, якка тартибдаги ёки хорижий тадбиркор;
ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили — ишлаб чиқарувчи, шу жумладан, хорижий ишлаб чиқарувчи билан тузилган шартнома асосида мувофиқликни баҳолашда ва минерал ўғитларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага чиқаришда ушбу ишлаб чиқарувчи номидан иш юритадиган ҳамда минерал ўғитларнинг уларга нисбатан қўлланиладиган бошқа техник регламент талабларига номувофиқлиги учун жавобгар ҳисобланган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланган жисмоний шахс;
кимёвий хавфсизлик — зарарли кимёвий моддалар миқдорининг (концентрациясининг) ошиб кетиши натижасида фойдаланувчи (истеъмолчи) ҳаётига хавф соладиган ёки соғлиғига зарар етказадиган йўл қўйиб бўлмайдиган хавф-хатар мавжуд бўлмаган маҳсулот ҳолати;
юмшоқ контейнер — автомобиль, темир йўл, денгиз ва ҳаво транспортида қуруқ (қаттиқ) минерал ўғитларни ташиш ва сақлаш учун мўлжалланган полимер қадоқ («big bag»);
микроэлементли ўғит — таркибида макро ва микроэлементлар бўлган минерал ўғит;
микроўғит — озиқлантирувчи элементлари микроэлементлар ҳисобланган минерал ўғит;
минерал ўғит — таркибида минерал шаклидаги озиқлантирувчи элементлар бўлган, ишлаб чиқариш ёки қазиб олиш йўли билан олинган ўғит;
минерал ўғитларнинг хавфсизлиги — минерал ўғитлар хавфли хусусиятларининг одамга, атроф муҳитга ва мулкка йўл қўйиб бўлмайдиган хавфли таъсири пайдо бўлишини истисно қиладиган огоҳлантирувчи чоралар тизими;
минерал ўғит турлари — таъсир этувчи моддаси бўйича аниқланадиган минерал ўғит тоифалари;
озиқлантирувчи элемент, таъсир этувчи модда — ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган ўғитнинг кимёвий элементи;
огоҳлантирувчи тамға — ўзида ахборотлар (қисқа матн, алоҳида график ёки рангли белгилар ва уларнинг комбинацияси кўринишидаги) мажмуини ифодалайдиган, қадоққа ёки ёрлиққа туширилган маълумотларнинг таркибий қисми;
полимер қобиқ (қатлам, қоплама) — юмшоқ қадоқнинг (контейнернинг) қаттиқ минерал маҳсулотни чанг ва намдан, ифлосланиш ҳамда тўкилишдан (сочилиш, чангиш) ҳимояловчи ички плёнкасимон полимер қатлами;
тамға — маҳсулотни идентификациялаш ва у ҳақидаги маълумотларни истеъмолчига етказиш мақсадида қадоққа ёки ёрлиққа босиладиган матн, шартли белги ва (ёки) график тасвир кўринишидаги маълумот;
хавфсизлик паспорти — минерал ўғитнинг хавфли хусусиятлари, ишлаб чиқарувчи (ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили), ушбу минерал ўғитнинг импортчиси тўғрисидаги ахборотлар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида минерал ўғитлардан хавфсиз фойдаланиш учун огоҳлантирувчи чоралар ва хавфсизлик талаблари тўғрисидаги ахборотлардан иборат бўлган белгиланган шаклдаги ҳужжат;
ўғит — ўсимликларни озиқлантирадиган ва тупроқ ҳосилдорлигини оширадиган модда.
3-боб. Минерал ўғитларни идентификациялаш қоидалари
6. Минерал ўғитларни ишлаб чиқарувчи (ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили), импорт қилувчи, давлат назорати органи ҳамда бошқа манфаатдор шахслар томонидан идентификацияланади.
7. Минерал ўғитлар минерал ўғитнинг ташқи кўриниши ва таркиби, озиқлантирувчи элементлари миқдори, жумладан, макро ва микроэлементлар қадоғида ёки ёрлиғида ва кузатув ҳужжатларидаги маълумотларга, минерал ўғит намунасини лаборатория синовларидан ўтказишда олинган маълумотларга мувофиқлигини аниқлаш орқали идентификацияланади.
4-боб. Минерал ўғитларни бозорда муомалага чиқариш қоидалари
8. Минерал ўғитлар Техник регламент талабларига мувофиқ бўлганда ҳамда уларнинг ушбу Техник регламент 10-бобига асосан мувофиқлиги баҳоланганда, Ўзбекистон Республикаси бозорида муомалага чиқарилади.
Бунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган (импорт қилинадиган) минерал ўғитларни божхонада расмийлаштиришда декларация билан бирга рўйхатга олинганлик тўғрисида гувоҳнома тақдим этиш талаб этилади (синовлар ва рўйхатдан ўтказиш учун олиб кирилган минерал ўғитлар бундан мустасно).
9. Техник регламент талабларига мувофиқлиги тасдиқланмаган минерал ўғитлар миллий мувофиқлик белгиси билан тамғаланмаслиги лозим.
10. Миллий мувофиқлик белгиси билан тамғаланмаган минерал ўғитларнинг Ўзбекистон Республикаси бозорида муомалага чиқарилишига йўл қўйилмайди.
5-боб. Минерал ўғитларнинг хавфсизлик талаблари
11. Минерал ўғитлар ушбу бобда белгиланган хавфсизлик талаблари ва Техник регламентга 2-иловага мувофиқ радиациявий ва кимёвий хавфсизлик нормаларига жавоб бериши керак.
12. Минерал ўғитлар хавфсизлик паспорти ва огоҳлантирувчи тамғада келтирилган хавфли омиллар бўйича таснифланиши лозим.
13. Савдо тармоқларида (улгуржи ва чакана савдо корхоналари ва ташкилотларида сотиш учун мўлжалланган минерал ўғитлар қадоқланган бўлиши лозим. Чакана савдода истеъмол қадоғи бузилган минерал ўғитларни сотишга йўл қўйилмайди.
6-боб. Минерал ўғитларни сақлаш жараёнларига қўйиладиган талаблар
14. Минерал ўғитлар муайян ўғит турига берилган хавфсизлик паспортида кўрсатилган сақлаш шароитларига қўйиладиган ўзига хос талабларга мувофиқ сақланади.
15. Қадоқланмаган минерал ўғитларни сақлаш учун махсус ёпиқ бинолар (омборхоналар) ёки сиғимлардан (силослар, омборхоналардан) фойдаланиш лозим.
Қадоқланган (идишга солинган) минерал ўғитларни қаттиқ қопламали очиқ майдонларда ёки бостирмалар остида сақлашга рухсат этилади.
Атроф муҳит муҳофазаси талабларига амал қилиниши ва ўғитларнинг физик-механик ва кимёвий хусусиятлари сақланиши шарти билан минерал ўғитларнинг суткалик захирасини вақтинча майдончаларда (далада) сақлашга рухсат этилади.
16. Ёнғин-портлаш хавфи мавжуд бўлган ўғитлар (селитра ва улар асосидаги ўғитлар) қадоғи (идиш) борлигидан қатъи назар, алоҳида омборхоналарда ёки омборхонанинг ён томонига жойлаштирилган ва омборхонанинг қолган қисмидан ёнғинга қарши яхлит девор билан ажратилган минерал ўғитлар омборхоналарининг секцияларида сақланади.
Минерал ўғитлар портловчи материаллар омборхоналарида саноат мақсадидаги портловчи материаллар муомаласи соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланади.
17. Минерал ўғитлар омборхоналар ва сиғимларда сақлаш меъёрлари қадоқ (идиш) турига ва сақланадиган ўғитларнинг хусусиятларига қараб, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади.
18. Сақланадиган минерал ўғитлар миқдори омборхоналар ва сиғимларнинг лойиҳада назарда тутилган сиғимидан ошмаслиги керак.
19. Минерал ўғитларни сақлаганда, қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилиши зарур:
уларнинг бутлигини (миқдори ва истеъмолчилик хусусиятларининг ўзгармаслигини) таъминлаш;
инсон организмига зарарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган сақланаётган моддалар билан ходимларнинг алоқасини бартараф этиш ёки уни минимумга етказиш;
хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг манбаи бўлган чиқиндиларни ўз вақтида утилизация қилиш, атроф муҳитга зарар етказилишига йўл қўймаслик;
ёнғин-портлаш хавфи мавжуд бўлган ўғитларни сақлаганда, ёнғин хавфсизлигининг юқори даражадаги чораларини таъминлаш: двигателларнинг чиқинди газларни чиқариш қувурларида учқун сўндиргичлардан фойдаланиш, очиқ оловдан фойдаланиш имкониятини тақиқлаш ва бартараф қилиш, омборхоналар ва иш жойларини ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари ҳамда ёнғинга қарши техник ҳимоя воситалари билан жиҳозлаш.
20. Суюқ ўғитларни сиғимларда (силослар, омборхоналарда) сақлаганда, сиғимлар (герметик тагликлар ёки бошқа воситалар) аварияли емирилган тақдирда, тўкилган маҳсулот ҳажмини чеклашга йўналтирилган тегишли қўшимча техник чоралар ва воситаларни назарда тутиш лозим.
21. Омборхоларда минерал ўғитлар билан боғлиқ ишлар индивидуал ҳимоя воситаларини қўллаган ҳолда амалга оширилади.
22. Минерал ўғитлар омборхоналаридан озиқ-овқат маҳсулотлари, ем-хашак, хўжалик ва маиший мақсадда қўлланадиган турли буюмлар ва техникани сақлаш учун фойдаланишга йўл қўйилмайди.
23. Шахсий томорқаларда ва кундалик турмушда қўллаш учун харид қилинган минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчининг идишида (қадоғида), ҳайвонлар ва болалар ололмайдиган жойда, озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимлик сув ва бошқа халқ истеъмоли товарлари сақланадиган жойлардан изоляцияланган хўжалик қурилмаларида (ёрдамчи хоналарда) сақланиши шарт.
7-боб. Минерал ўғитларни ташиш жараёнларига қўйиладиган талаблар
24. Қаттиқ минерал ўғитлар ёпиқ ва ярим очиқ темир йўл вагонларида, кемаларнинг ёпиқ транспорт сиғимларида (трюм, танкларида) ва автомобиль транспортида мажбурий тарзда борти ёпилган ҳолда ташилади.
Полимер қопламали юмшоқ контейнерларга қадоқланган қаттиқ минерал ўғитларни ярим очиқ вагонларда, кемаларнинг очиқ палубаларида ва автомобиль транспортида бортини ёпмаган ҳолда ташишга рухсат этилади.
Қадоқланмаган қаттиқ минерал ўғитларни фақат саноатда қайта ишлайдиган ва ишлаб чиқариш жараёнида реагент/материал сифатида фойдаланадиган ишлаб чиқариш корхоналарига махсус сочилувчан моддаларни ташишга мўлжалланган вагонлар ва автомобиль транспортида ташишга рухсат этилади.
Полимер қопларга қадоқланган қаттиқ минерал ўғитларни автомобиль транспорти бортини ёпмаган ҳолда ташишга рухсат этилади.
25. Битта вагонда, кемаларнинг ёпиқ транспорт сиғимларида (трюм, танкларида) ва автомобиль транспорти бортида минерал ўғитлар билан бир вақтда бошқа юкларни ташишга йўл қўйилмайди.
26. Хавфли юклар сифатида таснифланувчи, жумладан, ёнғин ва портлаш хусусиятларига эга бўлган минерал ўғитлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган хавфли юкларни ташиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ ташилиши лозим.
27. Суюқ минерал ўғитлар (аммиакли сув, углеаммиакат, суюқ комплекс минерал ўғитлар) хавфсизлик паспортида келтирилган қоидаларга мувофиқ суюқ ҳолда, контейнер ва идишларда темир йўл ва автомобиль транспортида ташилади.
Суюқ минерал ўғитлар суюқ ҳолда сув транспортида муайян минерал ўғит тури учун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда келтирилган талабларга мувофиқ ташилади.
Истеъмолчи қадоғига қадоқланган суюқ комплекс минерал ўғитлар транспорт ўрамларида тагликда, контейнерлар ёки идишларда хавфсизлик паспортида келтирилган қоидаларга мувофиқ темир йўл ва автомобиль транспортида ташилади.
28. Суюқ минерал ўғитларни ташиш учун сиғимларни тўлдириш даражаси йўл давомида ҳароратнинг эҳтимолий ўзгариши натижасида маҳсулот ҳажмининг кенгайиши инобатга олинган ҳолда ҳисобланади.
29. Минерал ўғитлар ҳаво транспортида муайян минерал ўғит тури учун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда келтирилган талабларга мувофиқ ташилади.
8-боб. Минерал ўғитларни тамғалашга қўйиладиган талаблар
30. Минерал ўғитларнинг тамғаси қуйидаги маълумотлардан иборат бўлиши керак:
минерал ўғитнинг номи ва қўлланиш мақсади;
озиқлантирувчи элементларнинг номи ва миқдори, жумладан, микро ва макроэлементлар;
ишлаб чиқарувчининг номи (фирма номи) ва жойлашган жойи (юридик шахс учун — юридик шахснинг манзили, амалдаги манзили, жисмоний шахс учун — фамилияси, исми ва отасининг исми (мавжуд бўлса), яшаш манзили, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахснинг давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақида маълумот), минерал ўғит ишлаб чиқарилган мамлакат номи;
ишлаб чиқарувчининг товар белгиси (мавжуд бўлса);
минерал ўғитни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш учун асос бўлган ҳужжатнинг ифодаланиши;
минерал ўғитнинг маркаси ва (ёки) нави (мавжуд бўлса);
партия рақами (қадоқланган минерал ўғит учун);
минерал ўғитнинг номинал миқдори (оғирлиги ёки ҳажми) (қадоқланган минерал ўғит учун);
минерал ўғитни ташиш, қўллаш ва сақлаш бўйича тавсиялар;
Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган минерал ўғитнинг рўйхатга олиш рақами;
минерал ўғит ишлаб чиқарилган сана ёки юкланган (ортилган) сана;
қадоқлаш санаси (ой, йил — қадоқланган минерал ўғит учун, агар уларнинг қадоқланиши ушбу минерал ўғитнинг ишлаб чиқарувчиси бўлмаган шахс томонидан амалга оширилган бўлса);
минерал ўғитни сақлаш шартлари;
минерал ўғитнинг кафолатланган сақлаш муддати;
минерал ўғитнинг идентификация штрихли коди (кўндаланг сканерлаш орқали оптик ўқиладиган, ҳар хил қалинлик ва оралиқдаги параллель штрихлар ёрдамида терилган белгиларни ифодаловчи код) — чакана савдо тармоғи орқали сотиладиган минерал ўғитлар учун;
минерал ўғитни қўллаш бўйича чекловлар (ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари билан мослиги, фитотоксиклик);
минерал ўғит билан ишлашда, уни ташиш ва сақлашда эҳтиёт чоралари, шу жумладан, тўкилган ва сочилган минерал ўғитни зарарсизлантириш усуллари;
минерал ўғитнинг идишларини зарарсизлантириш ва утилизация қилиш усуллари;
ўткир заҳарланишнинг клиник кўриниши тавсифи (маълумотлар мавжуд бўлса), тиббий тавсиялар, жумладан, заҳарланишда антидот (мавжуд бўлса) ва биринчи ёрдам чораларини кўрсатган ҳолда.
31. Агар минерал ўғит хавфли минерал ўғит сифатида тавсифланса, минерал ўғитнинг тамғаси шунга мос огоҳлантирувчи тамғани ўз ичига олган бўлиши керак.
32. Қадоқланган минерал ўғитларнинг тамғалари уларнинг бутлигини таъминлайдиган бириктириш усулида қадоққа ёки ёрлиққа туширилади.
Тамғани тўлиқ ҳажмда тушириш учун қадоқда ёки ёрлиқда жой етарли бўлмаса, маълумотларнинг бир қисми қадоқнинг ёки ёрлиқнинг ҳар бир бирлигига илова қилинадиган ва Техник регламентнинг 30-бандига мувофиқ маълумотлар келтирилган илова-вараққа туширилади ёки тамға қадоқнинг иккала томонига туширилади.
33. Қадоқланмаган минерал ўғитларни етказиб беришда Техник регламентнинг 30-бандида кўрсатилган маълумотлар (партия рақами, номинал миқдори, қадоқлаш санаси ва минерал ўғитнинг идентификация штрихли коди бундан мустасно) кузатув ҳужжатлари тўпламида тақдим этилади.
34. Минерал ўғитларнинг транспорт тамғаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган хавфли юкларни ташиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ бўлиши лозим.
35. Минерал ўғитларнинг тамғасидаги маълумотлар давлат тилида баён этилиши керак. Давлат тилида баён этилган маълумотлар билан айнан бир хил бўлганда, маълумотларнинг бошқа тилларда такрорланишига рухсат берилади.
36. Минерал ўғитларнинг тамғаси аниқ, тушунарли, осон ўқиладиган, ювилиб кетмайдиган, иқлим омилларининг таъсирига чидамли ҳарфлар ёки рамзлар билан туширилган бўлиши ва кўз тушадиган жойга жойлаштирилиши керак.
9-боб. Минерал ўғитларнинг хавфсизлик талабларига мувофиқлигини таъминлаш
37. Минерал ўғитларнинг Техник регламентга мувофиқлиги унинг талабларини бевосита бажариш орқали ёки ихтиёрий равишда қўллаш натижасида Техник регламент талабларига риоя қилишни таъминлайдиган стандартлар рўйхатига киритилган стандартлар талабларини бажариш орқали таъминланади.
38. Минерал ўғитларни синаш ва ўлчаш усуллари Техник регламент талабларини қўллаш ва бажариш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш объектларининг мувофиқлигини баҳолаш учун зарур синаш, ўлчаш қоидалари ва усуллари, жумладан, намуналарни олиш қоидаларини ўз ичига олган стандартлар рўйхатига киритилган стандартларда белгиланади.
10-боб. Минерал ўғитлар мувофиқлигини баҳолаш (тасдиқлаш)
39. Минерал ўғитларнинг Техник регламент талабларига мувофиқлиги сертификатлаштириш шаклида баҳоланади (тасдиқланади).
40. Мувофиқликни баҳолаш (тасдиқлаш) минерал ўғитлар ваколатли орган томонидан Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан синовдан ўтказилиб, рўйхатга олингандан кейин амалга оширилади.
41. Минерал ўғитларни синовдан ўтказиш ва рўйхатга олишда ишлаб чиқарувчилар ёки уларнинг ваколатли вакиллари ёки импорт қилувчилар ваколатли органга ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
42. Ваколатли орган аризага асосан:
тақдим этилган ҳужжатларни ва улардаги маълумотларни кўриб чиқади ва текширади;
минерал ўғитларни синовдан ўтказади;
минерал ўғитни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилади;
минерал ўғитга индивидуал рўйхатга олиш рақамини беради;
минерал ўғитни Ўзбекистон Республикаси бозорида муомалага чиқариш учун рухсат берилган минерал ўғитларнинг ягона реестрига киритади ҳамда Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ шаклда минерал ўғит рўйхатга олинганлиги тўғрисида гувоҳнома беради.
43. Минерал ўғит рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати чекланмаган.
11-боб. Минерал ўғитларни миллий мувофиқлик белгиси билан тамғалаш
44. Техник регламент талабларига мувофиқ ишлаб чиқариладиган ҳамда импорт орқали олиб келинадиган, Техник регламентнинг 10-бобига асосан мувофиқлиги баҳоланган минерал ўғитлар миллий мувофиқлик белгиси билан тамғаланади.
45. Минерал ўғитлар Ўзбекистон Республикаси бозорида муомалага чиқарилишидан олдин миллий мувофиқлик белгиси билан тамғаланади.
46. Миллий мувофиқлик белгиси минерал ўғитнинг ҳар бир қадоғига ёки ёрлиғига (белгини қадоққа тушириш имкони бўлмаганда) туширилади ҳамда минерал ўғит партиясига илова қилинадиган кузатув ҳужжатларида ҳам кўрсатилади.
47. Миллий мувофиқлик белгиси минерал ўғитдан тўлиқ фойдаланиш ёки уни утилизация қилиш пайтигача сақланиб турадиган, аниқ ва тушунарли тасвирни таъминлайдиган ҳар қандай усулда туширилади.
12-боб. Давлат назорати
48. Техник регламент талабларига амал қилиш бўйича давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, шунингдек, бошқа ваколатли давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.
49. Техник регламент талабларига амал қилиниши бўйича давлат назорати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
50. Техник регламент талабларига риоя қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг талабларига мувофиқ бўлмаган минерал ўғитларни Ўзбекистон Республикаси бозорида муомалага чиқаришни чегаралаш ва тақиқлаш, шунингдек, уларни муомаладан чиқариш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда барча чораларни қўллайди.
13-боб. Якунловчи қоидалар
51. Техник регламент кучга кирган пайтдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида минерал ўғитлар хавфсизлигига қўйиладиган талабларни белгилайдиган амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар Техник регламентга мувофиқлаштирилгунга қадар Техник регламентга зид бўлмаган қисмида қўлланилади.
52. Минерал ўғитга берилган мувофиқлик сертификати Техник регламент кучга киргунга қадар ҳақиқий ҳисобланади.
53. Техник регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентга 1-ИЛОВА
Техник регламент талаблари қўлланиладиган минерал ўғитлар
Минерал ўғитлар номи ТИФ ТН коди 1. Азотли ўғитлар 2814 20 000 0 дан 2827 10 000 0 дан 2834 29 800 0 дан 3102 дан 2. Фосфорли ўғитлар 2510 20 000 0 дан 2835 25 000 0 дан 2835 26 000 0 дан 3103 дан 3. Калийли ўғитлар 2827 39 850 0 дан 2833 29 800 0 дан 3104 дан 4. Таркибида бир нечта асосий озиқавий элементлар, жумладан, макроэлементлар ва микроэлементлар бўлган комплекс минерал ўғитлар 2834 21 000 0 дан 2835 24 000 0 дан 3105 дан 5. Микроўғитлар 2810 00 дан 2827 дан 2833 дан 2840 дан 2841 70 000 0 дан
Минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентга 2-ИЛОВА
Минерал ўғитларнинг радиациявий ва кимёвий хавфсизлик нормалари
1. Минерал ўғитларнинг радиация хавфсизлиги нормалари:
а) минерал ўғитларда табиий радионуклидларнинг солиштирма активлиги қуйидаги қийматдан ошмаслиги керак:
А U + 1,5 А Th ≤ 1,0 kBq/kg,
бунда А U ва А Th — мос равишда уран ва торий қаторларининг бошқа аъзолари билан радиоактив мувозанатда бўлган уран-238 (радий-226) ва торий-232 (торий-228)нинг солиштирма активликлари;
б) кимёвий синтез йўли билан ишлаб чиқариладиган азотли ўғитларда радиоактивлик нормага солинмайди;
в) минерал ўғитларда калий-40 изотопининг рухсат этилган миқдори белгиланмайди.
2. Кимёвий хавфсизлик нормалари:
а) карбамидда биуретнинг масса улуши — кўпи билан 1,4%;
б) аммиакли селитранинг масса улуши 10% бўлган сувли эритманинг pН қиймати — камида 5,0;
в) аммиакли селитранинг гранулометрик таркиби (фракцияларнинг масса улуши):
1 mm кичик — кўпи билан 5%;
0,5 mm кичик — кўпи билан 3%;
г) 25 — 50°С ҳароратда аммиакли селитранинг ғоваклилиги (ёғни тутиб қолиш қобилияти) — кўпи билан 4%;
д) аммиакли селитрада ёнувчи моддалар миқдори:
масса бўйича таркибида камида 31,5% азот бўлган минерал ўғитлар учун — кўпи билан 0,2%;
масса бўйича таркибида 28 дан 31,5%гача азот бўлган минерал ўғитлар учун — кўпи билан 0,4%;
е) аммиакли селитрада хлорнинг масса улуши — кўпи билан 0,02%;
ж) аммиакли селитрада мис миқдори — кўпи билан 10 mg/kg.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 мартдаги 91-сон қарорига 2-ИЛОВА
Минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни жорий этиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар I босқич Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Техник регламентни минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчиларга, синов лабораториялари ва ваколатли органга етказиш. уч кун муддатда II босқич Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, «Ўзкимёсаноат» АЖ 1. Минерал ўғитларга тааллуқли техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар рўйхатини шакллантириш ва хатловдан ўтказиш. бир ой муддатда 2. Минерал ўғитларнинг Техник регламентга мувофиқлиги унинг талабларини бевосита бажариш орқали ёки ихтиёрий равишда қўллаш натижасида Техник регламент талабларига риоя қилишни таъминлайдиган стандартлар рўйхатини тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилиш. ўн кун муддатда 3. Минерал ўғитларни синаш ва ўлчаш усуллари Техник регламентнинг талабларини қўллаш ва бажариш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш объектларининг мувофиқлигини баҳолаш учун зарур синаш ва ўлчаш қоидалари ва усуллари, жумладан, намуналарни олиш қоидаларини ўз ичига олган стандартлар рўйхатини тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилиш. ўн кун муддатда III босқич Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Минерал ўғитларнинг Техник регламент талабларига мувофиқлиги бўйича синовлардан ўтказиш учун синов лабораторияларининг аккредитация соҳасини кенгайтириш бўйича чоралар кўриш. уч ой муддатда IV босқич Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, «Ўзкимёсаноат» АЖ Техник регламентнинг мақсадлари, мазмуни ва уни қўллаш тартиби тўғрисида аҳоли, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг кенг хабардор қилинишини таъминлаш. жадвалга мувофиқ V босқич Давлат назорати органлари Техник регламент талабларига риоя этилиши бўйича давлат назоратини таъминлаш. доимий
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 1 март,
91-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
ROʻYXATI
SXEMASI
Mineral oʻgʻitlar xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentni tasdiqlash haqida
“Texnik jihatdan tartibga solish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq, shuningdek, mineral oʻgʻitlar xavfsizligi boʻyicha yagona talablarni belgilash hamda xalqaro andozalarga uygʻunlashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Mineral oʻgʻitlar xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglament va uni joriy etish sxemasi 1 va 2-ilovalarga muvofiq tasdiqlansin:
mineral oʻgʻitlar xavfsizligi talablari, shuningdek, ularni saqlash, tashish va tamgʻalash jarayonlariga qoʻyiladigan talablar;
mineral oʻgʻitlarni identifikatsiyalash, ularning muvofiqligini baholash, ularni milliy muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalash va bozorda muomalaga chiqarish qoidalari.
2. Oʻsimliklar karantini va himoyasi agentligi kimyolashtirish hamda oʻsimliklarni himoya qilish vositalarini sinovdan oʻtkazish va roʻyxatga olish boʻyicha vakolatli davlat organi etib belgilansin.
3. Qishloq xoʻjaligi vazirligi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, “Oʻzkimyosanoat” AJ, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi bilan birgalikda Mineral oʻgʻitlar xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentning maqsadlari, mazmuni va uni qoʻllash tartibi toʻgʻrisida aholi, vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar hamda tadbirkorlik subyektlarining keng xabardor qilinishini taʼminlasin.
4. Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda qonunchilik hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
5. Mineral oʻgʻitlar xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglament rasmiy eʼlon qilingan kundan boshlab olti oy oʻtgandan keyin amalga kiritilsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari S.U. Umurzakov, Sh.M. Gʻaniyev, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi bosh direktori D.N. Sattarov va “Oʻzkimyosanoat” AJ boshqaruvi raisi J.T. Mirzamahmudov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 1-martdagi 91-son qaroriga 1-ILOVA
Mineral oʻgʻitlar xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglament
1-bob. Qoʻllanish maqsadi va sohasi
1. Mineral oʻgʻitlar xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglament (keyingi oʻrinlarda — Texnik reglament) Oʻzbekiston Respublikasi hududida insonlar hayoti va (yoki) sogʻligʻi, hayvonlar va oʻsimliklar, atrof muhitni, mulkni himoya qilish, mineral oʻgʻitlarning qoʻllanilishi va xavfsizligi xususida isteʼmolchilarni chalgʻituvchi harakatlarning oldini olish maqsadida ishlab chiqilgan.
2. Mazkur Texnik reglament Texnik reglamentga 1-ilovaga muvofiq roʻyxatda keltirilgan, Oʻzbekiston Respublikasi hududida ishlab chiqariladigan, olib kiriladigan (import qilinadigan) mineral oʻgʻitlarga hamda mineral oʻgʻitlarni saqlash, tashish va tamgʻalash jarayonlariga nisbatan qoʻllaniladi.
3. Texnik reglament talablari organik va organik-mineral oʻgʻitlarga nisbatan qoʻllanilmaydi.
4. Quyidagi xavfli omillar mineral oʻgʻitlar va ularning tarkibiy qismlariga xos hisoblanadi:
yongʻin va portlash xavfi;
oksidlovchi xususiyatlar;
korroziya xususiyatlari;
inson uchun xavflar: peroral, dermal va ingalyatsion toksiklik, teri va shilliq qatlamlarga yaligʻlantiruvchi taʼsir, teri-rezorbtiv taʼsir, allergenlik, inson organizmida bioakkumulyatsiya va atrof muhit obyektlarida (suv, tuproq, oʻsimliklar) toʻplanish xususiyatlari;
radioaktiv xavflilik;
ekotizimga taʼsir.
2-bob. Atamalar va taʼriflar
5. Texnik reglamentni qoʻllash maqsadida quyidagi atamalar va taʼriflardan foydalaniladi:
vakolatli organ — kimyolashtirish va oʻsimliklarni himoya qilish vositalarini sinovdan oʻtkazish va roʻyxatga olish boʻyicha vakolatli davlat organi;
identifikatsiya — muvofiqlikni baholash maqsadida taqdim etilgan mineral oʻgʻitlarning tamgʻasida koʻrsatilgan muhim belgilarga aynan mosligini aniqlash;
import qiluvchi — norezident boʻlgan xorijiy hamkorlardan olingan mineral oʻgʻitlarni Oʻzbekiston Respublikasi hududida erkin muomalaga chiqaruvchi va ushbu oʻgʻitlarning Texnik reglament talablariga muvofiqligi uchun javobgar hisoblangan Oʻzbekiston Respublikasi rezidenti boʻlgan xoʻjalik yurituvchi subyekt;
ishlab chiqaruvchi — Oʻzbekiston Respublikasi hududida oʻz nomidan mineral oʻgʻitlarni ishlab chiqarish yoki ishlab chiqarish va muomalaga kiritish bilan shugʻullanuvchi hamda ushbu mineral oʻgʻitlarning Texnik reglament talablariga muvofiqligi uchun javobgar boʻlgan yuridik shaxs, jumladan, yakka tartibdagi yoki xorijiy tadbirkor;
ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili — ishlab chiqaruvchi, shu jumladan, xorijiy ishlab chiqaruvchi bilan tuzilgan shartnoma asosida muvofiqlikni baholashda va mineral oʻgʻitlarni Oʻzbekiston Respublikasi hududida muomalaga chiqarishda ushbu ishlab chiqaruvchi nomidan ish yuritadigan hamda mineral oʻgʻitlarning ularga nisbatan qoʻllaniladigan boshqa texnik reglament talablariga nomuvofiqligi uchun javobgar hisoblangan va Oʻzbekiston Respublikasi hududida belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtgan yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkor hisoblangan jismoniy shaxs;
kimyoviy xavfsizlik — zararli kimyoviy moddalar miqdorining (konsentratsiyasining) oshib ketishi natijasida foydalanuvchi (isteʼmolchi) hayotiga xavf soladigan yoki sogʻligʻiga zarar yetkazadigan yoʻl qoʻyib boʻlmaydigan xavf-xatar mavjud boʻlmagan mahsulot holati;
yumshoq konteyner — avtomobil, temir yoʻl, dengiz va havo transportida quruq (qattiq) mineral oʻgʻitlarni tashish va saqlash uchun moʻljallangan polimer qadoq (“big bag”);
mikroelementli oʻgʻit — tarkibida makro va mikroelementlar boʻlgan mineral oʻgʻit;
mikrooʻgʻit — oziqlantiruvchi elementlari mikroelementlar hisoblangan mineral oʻgʻit;
mineral oʻgʻit — tarkibida mineral shaklidagi oziqlantiruvchi elementlar boʻlgan, ishlab chiqarish yoki qazib olish yoʻli bilan olingan oʻgʻit;
mineral oʻgʻitlarning xavfsizligi — mineral oʻgʻitlar xavfli xususiyatlarining odamga, atrof muhitga va mulkka yoʻl qoʻyib boʻlmaydigan xavfli taʼsiri paydo boʻlishini istisno qiladigan ogohlantiruvchi choralar tizimi;
mineral oʻgʻit turlari — taʼsir etuvchi moddasi boʻyicha aniqlanadigan mineral oʻgʻit toifalari;
oziqlantiruvchi element, taʼsir etuvchi modda — oʻsimliklarning oʻsishi va rivojlanishi uchun zarur boʻlgan oʻgʻitning kimyoviy elementi;
ogohlantiruvchi tamgʻa — oʻzida axborotlar (qisqa matn, alohida grafik yoki rangli belgilar va ularning kombinatsiyasi koʻrinishidagi) majmuini ifodalaydigan, qadoqqa yoki yorliqqa tushirilgan maʼlumotlarning tarkibiy qismi;
polimer qobiq (qatlam, qoplama) — yumshoq qadoqning (konteynerning) qattiq mineral mahsulotni chang va namdan, ifloslanish hamda toʻkilishdan (sochilish, changish) himoyalovchi ichki plyonkasimon polimer qatlami;
tamgʻa — mahsulotni identifikatsiyalash va u haqidagi maʼlumotlarni isteʼmolchiga yetkazish maqsadida qadoqqa yoki yorliqqa bosiladigan matn, shartli belgi va (yoki) grafik tasvir koʻrinishidagi maʼlumot;
xavfsizlik pasporti — mineral oʻgʻitning xavfli xususiyatlari, ishlab chiqaruvchi (ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili), ushbu mineral oʻgʻitning importchisi toʻgʻrisidagi axborotlar, Oʻzbekiston Respublikasi hududida mineral oʻgʻitlardan xavfsiz foydalanish uchun ogohlantiruvchi choralar va xavfsizlik talablari toʻgʻrisidagi axborotlardan iborat boʻlgan belgilangan shakldagi hujjat;
oʻgʻit — oʻsimliklarni oziqlantiradigan va tuproq hosildorligini oshiradigan modda.
3-bob. Mineral oʻgʻitlarni identifikatsiyalash qoidalari
6. Mineral oʻgʻitlarni ishlab chiqaruvchi (ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili), import qiluvchi, davlat nazorati organi hamda boshqa manfaatdor shaxslar tomonidan identifikatsiyalanadi.
7. Mineral oʻgʻitlar mineral oʻgʻitning tashqi koʻrinishi va tarkibi, oziqlantiruvchi elementlari miqdori, jumladan, makro va mikroelementlar qadogʻida yoki yorligʻida va kuzatuv hujjatlaridagi maʼlumotlarga, mineral oʻgʻit namunasini laboratoriya sinovlaridan oʻtkazishda olingan maʼlumotlarga muvofiqligini aniqlash orqali identifikatsiyalanadi.
4-bob. Mineral oʻgʻitlarni bozorda muomalaga chiqarish qoidalari
8. Mineral oʻgʻitlar Texnik reglament talablariga muvofiq boʻlganda hamda ularning ushbu Texnik reglament 10-bobiga asosan muvofiqligi baholanganda, Oʻzbekiston Respublikasi bozorida muomalaga chiqariladi.
Bunda Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kiriladigan (import qilinadigan) mineral oʻgʻitlarni bojxonada rasmiylashtirishda deklaratsiya bilan birga roʻyxatga olinganlik toʻgʻrisida guvohnoma taqdim etish talab etiladi (sinovlar va roʻyxatdan oʻtkazish uchun olib kirilgan mineral oʻgʻitlar bundan mustasno).
9. Texnik reglament talablariga muvofiqligi tasdiqlanmagan mineral oʻgʻitlar milliy muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalanmasligi lozim.
10. Milliy muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalanmagan mineral oʻgʻitlarning Oʻzbekiston Respublikasi bozorida muomalaga chiqarilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
5-bob. Mineral oʻgʻitlarning xavfsizlik talablari
11. Mineral oʻgʻitlar ushbu bobda belgilangan xavfsizlik talablari va Texnik reglamentga 2-ilovaga muvofiq radiatsiyaviy va kimyoviy xavfsizlik normalariga javob berishi kerak.
12. Mineral oʻgʻitlar xavfsizlik pasporti va ogohlantiruvchi tamgʻada keltirilgan xavfli omillar boʻyicha tasniflanishi lozim.
13. Savdo tarmoqlarida (ulgurji va chakana savdo korxonalari va tashkilotlarida sotish uchun moʻljallangan mineral oʻgʻitlar qadoqlangan boʻlishi lozim. Chakana savdoda isteʼmol qadogʻi buzilgan mineral oʻgʻitlarni sotishga yoʻl qoʻyilmaydi.
6-bob. Mineral oʻgʻitlarni saqlash jarayonlariga qoʻyiladigan talablar
14. Mineral oʻgʻitlar muayyan oʻgʻit turiga berilgan xavfsizlik pasportida koʻrsatilgan saqlash sharoitlariga qoʻyiladigan oʻziga xos talablarga muvofiq saqlanadi.
15. Qadoqlanmagan mineral oʻgʻitlarni saqlash uchun maxsus yopiq binolar (omborxonalar) yoki sigʻimlardan (siloslar, omborxonalardan) foydalanish lozim.
Qadoqlangan (idishga solingan) mineral oʻgʻitlarni qattiq qoplamali ochiq maydonlarda yoki bostirmalar ostida saqlashga ruxsat etiladi.
Atrof muhit muhofazasi talablariga amal qilinishi va oʻgʻitlarning fizik-mexanik va kimyoviy xususiyatlari saqlanishi sharti bilan mineral oʻgʻitlarning sutkalik zaxirasini vaqtincha maydonchalarda (dalada) saqlashga ruxsat etiladi.
16. Yongʻin-portlash xavfi mavjud boʻlgan oʻgʻitlar (selitra va ular asosidagi oʻgʻitlar) qadogʻi (idish) borligidan qatʼi nazar, alohida omborxonalarda yoki omborxonaning yon tomoniga joylashtirilgan va omborxonaning qolgan qismidan yongʻinga qarshi yaxlit devor bilan ajratilgan mineral oʻgʻitlar omborxonalarining seksiyalarida saqlanadi.
Mineral oʻgʻitlar portlovchi materiallar omborxonalarida sanoat maqsadidagi portlovchi materiallar muomalasi sohasidagi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda saqlanadi.
17. Mineral oʻgʻitlar omborxonalar va sigʻimlarda saqlash meʼyorlari qadoq (idish) turiga va saqlanadigan oʻgʻitlarning xususiyatlariga qarab, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar bilan belgilanadi.
18. Saqlanadigan mineral oʻgʻitlar miqdori omborxonalar va sigʻimlarning loyihada nazarda tutilgan sigʻimidan oshmasligi kerak.
19. Mineral oʻgʻitlarni saqlaganda, quyidagi chora-tadbirlar nazarda tutilishi zarur:
ularning butligini (miqdori va isteʼmolchilik xususiyatlarining oʻzgarmasligini) taʼminlash;
inson organizmiga zararli taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan saqlanayotgan moddalar bilan xodimlarning aloqasini bartaraf etish yoki uni minimumga yetkazish;
xavfli va zararli ishlab chiqarish omillarining manbai boʻlgan chiqindilarni oʻz vaqtida utilizatsiya qilish, atrof muhitga zarar yetkazilishiga yoʻl qoʻymaslik;
yongʻin-portlash xavfi mavjud boʻlgan oʻgʻitlarni saqlaganda, yongʻin xavfsizligining yuqori darajadagi choralarini taʼminlash: dvigatellarning chiqindi gazlarni chiqarish quvurlarida uchqun soʻndirgichlardan foydalanish, ochiq olovdan foydalanish imkoniyatini taqiqlash va bartaraf qilish, omborxonalar va ish joylarini yongʻinni oʻchirishning birlamchi vositalari hamda yongʻinga qarshi texnik himoya vositalari bilan jihozlash.
20. Suyuq oʻgʻitlarni sigʻimlarda (siloslar, omborxonalarda) saqlaganda, sigʻimlar (germetik tagliklar yoki boshqa vositalar) avariyali yemirilgan taqdirda, toʻkilgan mahsulot hajmini cheklashga yoʻnaltirilgan tegishli qoʻshimcha texnik choralar va vositalarni nazarda tutish lozim.
21. Omborxolarda mineral oʻgʻitlar bilan bogʻliq ishlar individual himoya vositalarini qoʻllagan holda amalga oshiriladi.
22. Mineral oʻgʻitlar omborxonalaridan oziq-ovqat mahsulotlari, yem-xashak, xoʻjalik va maishiy maqsadda qoʻllanadigan turli buyumlar va texnikani saqlash uchun foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
23. Shaxsiy tomorqalarda va kundalik turmushda qoʻllash uchun xarid qilingan mineral oʻgʻitlar ishlab chiqaruvchining idishida (qadogʻida), hayvonlar va bolalar ololmaydigan joyda, oziq-ovqat mahsulotlari, ichimlik suv va boshqa xalq isteʼmoli tovarlari saqlanadigan joylardan izolyatsiyalangan xoʻjalik qurilmalarida (yordamchi xonalarda) saqlanishi shart.
7-bob. Mineral oʻgʻitlarni tashish jarayonlariga qoʻyiladigan talablar
24. Qattiq mineral oʻgʻitlar yopiq va yarim ochiq temir yoʻl vagonlarida, kemalarning yopiq transport sigʻimlarida (tryum, tanklarida) va avtomobil transportida majburiy tarzda borti yopilgan holda tashiladi.
Polimer qoplamali yumshoq konteynerlarga qadoqlangan qattiq mineral oʻgʻitlarni yarim ochiq vagonlarda, kemalarning ochiq palubalarida va avtomobil transportida bortini yopmagan holda tashishga ruxsat etiladi.
Qadoqlanmagan qattiq mineral oʻgʻitlarni faqat sanoatda qayta ishlaydigan va ishlab chiqarish jarayonida reagent/material sifatida foydalanadigan ishlab chiqarish korxonalariga maxsus sochiluvchan moddalarni tashishga moʻljallangan vagonlar va avtomobil transportida tashishga ruxsat etiladi.
Polimer qoplarga qadoqlangan qattiq mineral oʻgʻitlarni avtomobil transporti bortini yopmagan holda tashishga ruxsat etiladi.
25. Bitta vagonda, kemalarning yopiq transport sigʻimlarida (tryum, tanklarida) va avtomobil transporti bortida mineral oʻgʻitlar bilan bir vaqtda boshqa yuklarni tashishga yoʻl qoʻyilmaydi.
26. Xavfli yuklar sifatida tasniflanuvchi, jumladan, yongʻin va portlash xususiyatlariga ega boʻlgan mineral oʻgʻitlar Oʻzbekiston Respublikasi hududida amalda boʻlgan xavfli yuklarni tashish normalari va qoidalariga muvofiq tashilishi lozim.
27. Suyuq mineral oʻgʻitlar (ammiakli suv, ugleammiakat, suyuq kompleks mineral oʻgʻitlar) xavfsizlik pasportida keltirilgan qoidalarga muvofiq suyuq holda, konteyner va idishlarda temir yoʻl va avtomobil transportida tashiladi.
Suyuq mineral oʻgʻitlar suyuq holda suv transportida muayyan mineral oʻgʻit turi uchun texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda keltirilgan talablarga muvofiq tashiladi.
Isteʼmolchi qadogʻiga qadoqlangan suyuq kompleks mineral oʻgʻitlar transport oʻramlarida taglikda, konteynerlar yoki idishlarda xavfsizlik pasportida keltirilgan qoidalarga muvofiq temir yoʻl va avtomobil transportida tashiladi.
28. Suyuq mineral oʻgʻitlarni tashish uchun sigʻimlarni toʻldirish darajasi yoʻl davomida haroratning ehtimoliy oʻzgarishi natijasida mahsulot hajmining kengayishi inobatga olingan holda hisoblanadi.
29. Mineral oʻgʻitlar havo transportida muayyan mineral oʻgʻit turi uchun texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda keltirilgan talablarga muvofiq tashiladi.
8-bob. Mineral oʻgʻitlarni tamgʻalashga qoʻyiladigan talablar
30. Mineral oʻgʻitlarning tamgʻasi quyidagi maʼlumotlardan iborat boʻlishi kerak:
mineral oʻgʻitning nomi va qoʻllanish maqsadi;
oziqlantiruvchi elementlarning nomi va miqdori, jumladan, mikro va makroelementlar;
ishlab chiqaruvchining nomi (firma nomi) va joylashgan joyi (yuridik shaxs uchun — yuridik shaxsning manzili, amaldagi manzili, jismoniy shaxs uchun — familiyasi, ismi va otasining ismi (mavjud boʻlsa), yashash manzili, yakka tartibdagi tadbirkor sifatida roʻyxatdan oʻtgan jismoniy shaxsning davlat roʻyxatidan oʻtganligi haqida maʼlumot), mineral oʻgʻit ishlab chiqarilgan mamlakat nomi;
ishlab chiqaruvchining tovar belgisi (mavjud boʻlsa);
mineral oʻgʻitni ishlab chiqarish va yetkazib berish uchun asos boʻlgan hujjatning ifodalanishi;
mineral oʻgʻitning markasi va (yoki) navi (mavjud boʻlsa);
partiya raqami (qadoqlangan mineral oʻgʻit uchun);
mineral oʻgʻitning nominal miqdori (ogʻirligi yoki hajmi) (qadoqlangan mineral oʻgʻit uchun);
mineral oʻgʻitni tashish, qoʻllash va saqlash boʻyicha tavsiyalar;
Oʻzbekiston Respublikasida roʻyxatga olingan mineral oʻgʻitning roʻyxatga olish raqami;
mineral oʻgʻit ishlab chiqarilgan sana yoki yuklangan (ortilgan) sana;
qadoqlash sanasi (oy, yil — qadoqlangan mineral oʻgʻit uchun, agar ularning qadoqlanishi ushbu mineral oʻgʻitning ishlab chiqaruvchisi boʻlmagan shaxs tomonidan amalga oshirilgan boʻlsa);
mineral oʻgʻitni saqlash shartlari;
mineral oʻgʻitning kafolatlangan saqlash muddati;
mineral oʻgʻitning identifikatsiya shtrixli kodi (koʻndalang skanerlash orqali optik oʻqiladigan, har xil qalinlik va oraliqdagi parallel shtrixlar yordamida terilgan belgilarni ifodalovchi kod) — chakana savdo tarmogʻi orqali sotiladigan mineral oʻgʻitlar uchun;
mineral oʻgʻitni qoʻllash boʻyicha cheklovlar (oʻsimliklarni himoya qilish vositalari bilan mosligi, fitotoksiklik);
mineral oʻgʻit bilan ishlashda, uni tashish va saqlashda ehtiyot choralari, shu jumladan, toʻkilgan va sochilgan mineral oʻgʻitni zararsizlantirish usullari;
mineral oʻgʻitning idishlarini zararsizlantirish va utilizatsiya qilish usullari;
oʻtkir zaharlanishning klinik koʻrinishi tavsifi (maʼlumotlar mavjud boʻlsa), tibbiy tavsiyalar, jumladan, zaharlanishda antidot (mavjud boʻlsa) va birinchi yordam choralarini koʻrsatgan holda.
31. Agar mineral oʻgʻit xavfli mineral oʻgʻit sifatida tavsiflansa, mineral oʻgʻitning tamgʻasi shunga mos ogohlantiruvchi tamgʻani oʻz ichiga olgan boʻlishi kerak.
32. Qadoqlangan mineral oʻgʻitlarning tamgʻalari ularning butligini taʼminlaydigan biriktirish usulida qadoqqa yoki yorliqqa tushiriladi.
Tamgʻani toʻliq hajmda tushirish uchun qadoqda yoki yorliqda joy yetarli boʻlmasa, maʼlumotlarning bir qismi qadoqning yoki yorliqning har bir birligiga ilova qilinadigan va Texnik reglamentning 30-bandiga muvofiq maʼlumotlar keltirilgan ilova-varaqqa tushiriladi yoki tamgʻa qadoqning ikkala tomoniga tushiriladi.
33. Qadoqlanmagan mineral oʻgʻitlarni yetkazib berishda Texnik reglamentning 30-bandida koʻrsatilgan maʼlumotlar (partiya raqami, nominal miqdori, qadoqlash sanasi va mineral oʻgʻitning identifikatsiya shtrixli kodi bundan mustasno) kuzatuv hujjatlari toʻplamida taqdim etiladi.
34. Mineral oʻgʻitlarning transport tamgʻasi Oʻzbekiston Respublikasi hududida amalda boʻlgan xavfli yuklarni tashish normalari va qoidalariga muvofiq boʻlishi lozim.
35. Mineral oʻgʻitlarning tamgʻasidagi maʼlumotlar davlat tilida bayon etilishi kerak. Davlat tilida bayon etilgan maʼlumotlar bilan aynan bir xil boʻlganda, maʼlumotlarning boshqa tillarda takrorlanishiga ruxsat beriladi.
36. Mineral oʻgʻitlarning tamgʻasi aniq, tushunarli, oson oʻqiladigan, yuvilib ketmaydigan, iqlim omillarining taʼsiriga chidamli harflar yoki ramzlar bilan tushirilgan boʻlishi va koʻz tushadigan joyga joylashtirilishi kerak.
9-bob. Mineral oʻgʻitlarning xavfsizlik talablariga muvofiqligini taʼminlash
37. Mineral oʻgʻitlarning Texnik reglamentga muvofiqligi uning talablarini bevosita bajarish orqali yoki ixtiyoriy ravishda qoʻllash natijasida Texnik reglament talablariga rioya qilishni taʼminlaydigan standartlar roʻyxatiga kiritilgan standartlar talablarini bajarish orqali taʼminlanadi.
38. Mineral oʻgʻitlarni sinash va oʻlchash usullari Texnik reglament talablarini qoʻllash va bajarish hamda texnik jihatdan tartibga solish obyektlarining muvofiqligini baholash uchun zarur sinash, oʻlchash qoidalari va usullari, jumladan, namunalarni olish qoidalarini oʻz ichiga olgan standartlar roʻyxatiga kiritilgan standartlarda belgilanadi.
10-bob. Mineral oʻgʻitlar muvofiqligini baholash (tasdiqlash)
39. Mineral oʻgʻitlarning Texnik reglament talablariga muvofiqligi sertifikatlashtirish shaklida baholanadi (tasdiqlanadi).
40. Muvofiqlikni baholash (tasdiqlash) mineral oʻgʻitlar vakolatli organ tomonidan Kimyolashtirish va oʻsimliklarni himoya qilish vositalarini sinovdan oʻtkazish va roʻyxatga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga asosan sinovdan oʻtkazilib, roʻyxatga olingandan keyin amalga oshiriladi.
41. Mineral oʻgʻitlarni sinovdan oʻtkazish va roʻyxatga olishda ishlab chiqaruvchilar yoki ularning vakolatli vakillari yoki import qiluvchilar vakolatli organga ariza bilan murojaat qilishi mumkin.
42. Vakolatli organ arizaga asosan:
taqdim etilgan hujjatlarni va ulardagi maʼlumotlarni koʻrib chiqadi va tekshiradi;
mineral oʻgʻitlarni sinovdan oʻtkazadi;
mineral oʻgʻitni roʻyxatga olish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi;
mineral oʻgʻitga individual roʻyxatga olish raqamini beradi;
mineral oʻgʻitni Oʻzbekiston Respublikasi bozorida muomalaga chiqarish uchun ruxsat berilgan mineral oʻgʻitlarning yagona reyestriga kiritadi hamda Kimyolashtirish va oʻsimliklarni himoya qilish vositalarini sinovdan oʻtkazish va roʻyxatga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda mineral oʻgʻit roʻyxatga olinganligi toʻgʻrisida guvohnoma beradi.
43. Mineral oʻgʻit roʻyxatga olinganligi toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilish muddati cheklanmagan.
11-bob. Mineral oʻgʻitlarni milliy muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalash
44. Texnik reglament talablariga muvofiq ishlab chiqariladigan hamda import orqali olib kelinadigan, Texnik reglamentning 10-bobiga asosan muvofiqligi baholangan mineral oʻgʻitlar milliy muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalanadi.
45. Mineral oʻgʻitlar Oʻzbekiston Respublikasi bozorida muomalaga chiqarilishidan oldin milliy muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalanadi.
46. Milliy muvofiqlik belgisi mineral oʻgʻitning har bir qadogʻiga yoki yorligʻiga (belgini qadoqqa tushirish imkoni boʻlmaganda) tushiriladi hamda mineral oʻgʻit partiyasiga ilova qilinadigan kuzatuv hujjatlarida ham koʻrsatiladi.
47. Milliy muvofiqlik belgisi mineral oʻgʻitdan toʻliq foydalanish yoki uni utilizatsiya qilish paytigacha saqlanib turadigan, aniq va tushunarli tasvirni taʼminlaydigan har qanday usulda tushiriladi.
12-bob. Davlat nazorati
48. Texnik reglament talablariga amal qilish boʻyicha davlat nazorati Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi, Oʻsimliklar karantini va himoyasi agentligi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, shuningdek, boshqa vakolatli davlat organlari tomonidan oʻz vakolatlari doirasida amalga oshiriladi.
49. Texnik reglament talablariga amal qilinishi boʻyicha davlat nazorati qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
50. Texnik reglament talablariga rioya qilish ustidan davlat nazoratini amalga oshiruvchi organlarning talablariga muvofiq boʻlmagan mineral oʻgʻitlarni Oʻzbekiston Respublikasi bozorida muomalaga chiqarishni chegaralash va taqiqlash, shuningdek, ularni muomaladan chiqarish uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda barcha choralarni qoʻllaydi.
13-bob. Yakunlovchi qoidalar
51. Texnik reglament kuchga kirgan paytdan boshlab, Oʻzbekiston Respublikasi hududida mineral oʻgʻitlar xavfsizligiga qoʻyiladigan talablarni belgilaydigan amaldagi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar Texnik reglamentga muvofiqlashtirilgunga qadar Texnik reglamentga zid boʻlmagan qismida qoʻllaniladi.
52. Mineral oʻgʻitga berilgan muvofiqlik sertifikati Texnik reglament kuchga kirgunga qadar haqiqiy hisoblanadi.
53. Texnik reglament talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Mineral oʻgʻitlar xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentga 1-ILOVA
Texnik reglament talablari qoʻllaniladigan mineral oʻgʻitlar
Mineral oʻgʻitlar nomi TIF TN kodi 1. Azotli oʻgʻitlar 2814 20 000 0 dan 2827 10 000 0 dan 2834 29 800 0 dan 3102 dan 2. Fosforli oʻgʻitlar 2510 20 000 0 dan 2835 25 000 0 dan 2835 26 000 0 dan 3103 dan 3. Kaliyli oʻgʻitlar 2827 39 850 0 dan 2833 29 800 0 dan 3104 dan 4. Tarkibida bir nechta asosiy oziqaviy elementlar, jumladan, makroelementlar va mikroelementlar boʻlgan kompleks mineral oʻgʻitlar 2834 21 000 0 dan 2835 24 000 0 dan 3105 dan 5. Mikrooʻgʻitlar 2810 00 dan 2827 dan 2833 dan 2840 dan 2841 70 000 0 dan
Mineral oʻgʻitlar xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentga 2-ILOVA
Mineral oʻgʻitlarning radiatsiyaviy va kimyoviy xavfsizlik normalari
1. Mineral oʻgʻitlarning radiatsiya xavfsizligi normalari:
a) mineral oʻgʻitlarda tabiiy radionuklidlarning solishtirma aktivligi quyidagi qiymatdan oshmasligi kerak:
A U + 1,5 A Th ≤ 1,0 kBq/kg,
bunda A U va A Th — mos ravishda uran va toriy qatorlarining boshqa aʼzolari bilan radioaktiv muvozanatda boʻlgan uran-238 (radiy-226) va toriy-232 (toriy-228)ning solishtirma aktivliklari;
b) kimyoviy sintez yoʻli bilan ishlab chiqariladigan azotli oʻgʻitlarda radioaktivlik normaga solinmaydi;
v) mineral oʻgʻitlarda kaliy-40 izotopining ruxsat etilgan miqdori belgilanmaydi.
2. Kimyoviy xavfsizlik normalari:
a) karbamidda biuretning massa ulushi — koʻpi bilan 1,4%;
b) ammiakli selitraning massa ulushi 10% boʻlgan suvli eritmaning pN qiymati — kamida 5,0;
v) ammiakli selitraning granulometrik tarkibi (fraksiyalarning massa ulushi):
1 mm kichik — koʻpi bilan 5%;
0,5 mm kichik — koʻpi bilan 3%;
g) 25 — 50°S haroratda ammiakli selitraning gʻovakliligi (yogʻni tutib qolish qobiliyati) — koʻpi bilan 4%;
d) ammiakli selitrada yonuvchi moddalar miqdori:
massa boʻyicha tarkibida kamida 31,5% azot boʻlgan mineral oʻgʻitlar uchun — koʻpi bilan 0,2%;
massa boʻyicha tarkibida 28 dan 31,5%gacha azot boʻlgan mineral oʻgʻitlar uchun — koʻpi bilan 0,4%;
e) ammiakli selitrada xlorning massa ulushi — koʻpi bilan 0,02%;
j) ammiakli selitrada mis miqdori — koʻpi bilan 10 mg/kg.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 1-martdagi 91-son qaroriga 2-ILOVA
Mineral oʻgʻitlar xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentni joriy etish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar I bosqich Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Texnik reglamentni mineral oʻgʻitlar ishlab chiqaruvchilarga, sinov laboratoriyalari va vakolatli organga yetkazish. uch kun muddatda II bosqich Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, “Oʻzkimyosanoat” AJ 1. Mineral oʻgʻitlarga taalluqli texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar roʻyxatini shakllantirish va xatlovdan oʻtkazish. bir oy muddatda 2. Mineral oʻgʻitlarning Texnik reglamentga muvofiqligi uning talablarini bevosita bajarish orqali yoki ixtiyoriy ravishda qoʻllash natijasida Texnik reglament talablariga rioya qilishni taʼminlaydigan standartlar roʻyxatini tasdiqlash boʻyicha qaror qabul qilish. oʻn kun muddatda 3. Mineral oʻgʻitlarni sinash va oʻlchash usullari Texnik reglamentning talablarini qoʻllash va bajarish hamda texnik jihatdan tartibga solish obyektlarining muvofiqligini baholash uchun zarur sinash va oʻlchash qoidalari va usullari, jumladan, namunalarni olish qoidalarini oʻz ichiga olgan standartlar roʻyxatini tasdiqlash boʻyicha qaror qabul qilish. oʻn kun muddatda III bosqich Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Mineral oʻgʻitlarning Texnik reglament talablariga muvofiqligi boʻyicha sinovlardan oʻtkazish uchun sinov laboratoriyalarining akkreditatsiya sohasini kengaytirish boʻyicha choralar koʻrish. uch oy muddatda IV bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, “Oʻzkimyosanoat” AJ Texnik reglamentning maqsadlari, mazmuni va uni qoʻllash tartibi toʻgʻrisida aholi, vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar hamda tadbirkorlik subyektlarining keng xabardor qilinishini taʼminlash. jadvalga muvofiq V bosqich Davlat nazorati organlari Texnik reglament talablariga rioya etilishi boʻyicha davlat nazoratini taʼminlash. doimiy
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 1-mart,
91-son