UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 1-mart · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 1 март · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 1 марта 2022 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 1 March 2022 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг

буйруғи

НИЗОМ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқувчилар билимини назорат қилиш тартиби ва баҳолаш мезонлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги ПФ-5987-сон «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони , Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори , Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 октябрдаги 858-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида ўқишни ташкил қилиш чоралари тўғрисида» ги ва 2021 йил 10 июндаги 359-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида кредит-модуль тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорларига мувофиқ буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқувчилар билимини назорат қилиш тартиби ва баҳолаш мезонлари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 9 январдаги 9-мҳ-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежлари ўқувчиларининг билимини баҳолаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3117, 2019 йил 9 январь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.01.2019 й., 10/19/3117/2445-сон) ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2022 йил 1 мартдаги 3-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқувчилар билимини назорат қилиш тартиби ва баҳолаш мезонлари тўғрисидаги

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида (бундан буён матнда юридик техникум деб юритилади) таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқувчилар билимини назорат қилиш тартиби ва баҳолаш мезонларини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

кредит — таълим олиш натижаларига кўра ўқувчи томонидан муайян фан бўйича ўзлаштирилган ўқув юкламасининг ўлчов бирлиги;

таълим модули (бундан буён матнда модуль деб юритилади) — бу ўзида билимга оид ҳамда касбий жиҳатларни қамраб оладиган, ўқувчида билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган таълим дастурининг таркибий элементи сифатида назорат қилишнинг тегишли тури билан якунланадиган алоҳида ўқув фани (унинг қисми ёки ўзаро бир соҳага доир фанлар мажмуи);

модулларнинг ўқув дастури (силлабус) (бундан буён матнда ўқув дастури деб юритилади) — ҳар бир ўқув фанининг мазмуни ва ўқитиш тартибини, ўқувчилар томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган билим ҳамда кўникмалар ҳажмини белгилаб берадиган расмий педагогик ҳужжат;

GPA (Grade Point Average) — таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган баллари ўртача қиймати бўлиб, у қуйидаги формула ёрдамида ҳисобланади:

GPA = K 1 * U 1 + K 2 * U 2 + K 3 * U 3 ... + K n * U n , бунда: K 1 + K 2 + K 3 ... + K n

K — ҳар бир фан/модулга ажратилган кредитлар миқдори;

U — ҳар бир фан/модуль бўйича талаба тўплаган балл.

Бунда, ўқувчи фақат фан/модулни муваффақиятли якунлаган тақдирда, ушбу фан/модуль бўйича кредит берилади.

2. Юридик техникум ўқувчилари билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг мақсади — юқори малакали, рақобатбардош, замонавий халқаро стандартларга жавоб бера оладиган юридик кадрларни тайёрлаш ҳамда ўқувчиларнинг мустақил таълим олишини таъминлаш, шунингдек модулларни ўзлаштиришида бўшлиқлар ҳосил бўлишининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этишдан иборат.

3. Ўқувчилар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

ўқувчиларда давлат таълим стандартларига мувофиқ тегишли билим, кўникма ва малакалар шаклланганлиги даражасини назорат қилиш ва таҳлил қилиб бориш;

ўқувчилар билими, кўникма ва малакаларини ёки компетенцияларини баҳолашнинг асосий тамойиллари бўлган давлат таълим стандартларига асосланганлик, холислик, аниқлик, ҳаққонийлик, ишончлилик, билимларни баҳолашда шаффофликни таъминлаш;

ўқув материалининг ўқувчилар томонидан тизимли равишда ва белгиланган муддатларда ўзлаштирилишини ташкил этиш ҳамда таҳлил қилиш;

ўқувчиларда мустақил ва ижодий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, фикрларни ёзма ва оғзаки, жумладан хорижий тилда равон баён этиш, ахборот ресурслари манбаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш;

ўқувчиларнинг ўқув режаси доирасида комплекс ҳамда узлуксиз тайёргарлигини таъминлаш.

4. Ўқув дастурини ўзлаштириш ўқув юклама ҳажмини аниқлашнинг шартли бирлиги (кредит)ни қўллаган ҳолда белгиланади.

Бир кредит таркиби, ҳар бир модуль бўйича кредитлар миқдори, шунингдек ҳар бир курсни ва умуман ўқиш даврини тамомлаш учун ўқувчи томонидан тўпланиши лозим бўлган кредитларнинг умумий миқдори Тошкент давлат юридик университети (бундан буён матнда ТДЮУ деб юритилади) Кенгаши томонидан белгиланади.

5. Ўқувчи ўқув дастурини ўзлаштирган (GPA кўрсаткичини тўплай олган) тақдирда, у тегишли модуль бўйича кредитларнинг зарур миқдорини тўплаган деб ҳисобланади.

6. Кафедра мудири ҳар бир модуль бўйича алоҳида модуль раҳбарини, яъни модулни ўқитишнинг сифати, ўқув материалини шакллантириш, шунингдек барча турдаги назорат саволларини тузиш, ўқувчилар билимининг белгиланган мезонлар асосида баҳоланишини таъминлашга масъул бўлган педагог ходимни белгилайди.

7. Ўқувчилар ўқув йилининг биринчи ҳафтаси мобайнида юридик техникумнинг Ўқув-методик бўлими томонидан мазкур Низом талаблари билан тўлиқ таништирилиши шарт.

8. Юридик техникум томонидан ўқувчилар билимини назорат қилиш ва баҳолаш бошқа маҳаллий ёки хорижий ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари билан ташкил этилган қўшма таълим дастурлари доирасида ҳамда қўшма таълим дастурлари бўйича шартномада назарда тутилган тартибда амалга оширилиши мумкин.

9. Ўқув машғулотларида касаллиги ёки ҳужжат билан тасдиқланган бошқа узрли сабаблар туфайли (йўл-транспорт ҳодисаси, яқин қариндошининг вафоти, яқин қариндошининг ёки ўқувчининг никоҳ тузиши, фарзанд туғилиши, фан, маданият ва спорт соҳаларидаги халқаро ҳамда республика танловлари ва мусобақаларида иштирок этганлик, электрон таълим платформасида юзага келган техник носозлик) иштирок этмаган ва шу сабабли оралиқ ёки якуний назоратни белгиланган муддатда топширмаган ўқувчига унинг аризаси ҳамда илова қилинган асослантирувчи ҳужжатларга мувофиқ юридик техникум директорининг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари (бундан буён матнда директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари деб юритилади) томонидан оралиқ ёки якуний назорат турларини (бундан буён матнда назорат тури деб юритилади) топширишга рухсат берилади.

Бунда, директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари номига оралиқ ёки якуний назоратни топширишга рухсат беришни сўраб, узрли сабаблар (ҳолатлар) бартараф этилган вақтдан бошлаб 15 иш куни ичида ариза билан мурожаат қилиши лозим.

10. Назорат турини ўтиш рейтинг баллини кўтариш мақсадида қайта топширишга рухсат берилмайди.

2-боб. Ўқувчилар билимини назорат қилиш

1-§. Ўқувчилар билимини назорат қилиш турлари

11. Ўқувчиларнинг билим савияси ва ўзлаштириш даражасини давлат таълим стандартларига мувофиқлигини таъминлаш учун юридик техникумда назорат турлари ўтказилади.

Ўқув дастурларида белгиланган ҳолларда фақат якуний назорат тури ўтказилиши мумкин.

12. Модулнинг назорат турлари ва шакллари, назоратлар сони ҳамда тегишли назорат тури учун максимал ва саралаш баллари тўғрисидаги маълумотлар ўқув дастурида белгиланади.

Ўқув дастури таълим жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимига (бундан буён матнда электрон таълим платформаси деб юритилади) ўқув семестри бошланишидан олдин киритилади.

Назорат турларини ўтказиш жадваллари ҳар семестрнинг иккинчи ҳафтасидан кечиктирмай Ўқув-методик бўлим томонидан ишлаб чиқилади ва директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланади.

Назорат турларини ўтказиш жадваллари тасдиқлангандан сўнг бир иш куни ичида Ўқув-методик бўлими томонидан электрон таълим платформасига жойлаштирилиши ҳамда ўқувчилар эътиборига етказилиши таъминланади.

13. Оралиқ назорат семестр давомида модуль ўқув дастурининг тегишли (модулнинг бир неча мавзуларини ўз ичига олган) бўлими тугаганидан кейин ўқувчининг ўзлаштирган билим ва амалий кўникмаси даражасини аниқлаш ва баҳолаш усули ҳисобланади.

Оралиқ назоратни ўтказиш тартиби (оралиқ назоратни ўтказиш шакли, оралиқ назорат саволларига қўйиладиган талаблар, баҳолаш мезонлари) ўқув фанининг хусусиятлари ва унга ажратилган соатлардан келиб чиққан ҳолда ўқув йили бошланишидан камида икки ҳафта аввал ўқув дастурларида белгиланади ва ТДЮУ Кенгаши томонидан тасдиқланади.

14. Якуний назорат муайян модуль бўйича ўқувчининг назарий билим ва амалий кўникмаларни ўзлаштирганлик даражасини, уларда модуллар бўйича эгаллаши зарур бўлган компетенциялар шаклланганлигини аниқлаш ва баҳолаш усули ҳисобланади.

15. Назорат турлари ўқувчининг ўқув адабиётлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш, процессуал ҳужжатлар лойиҳаларини тузиш бўйича амалий кўникмалари, муаммоли вазиятларни ҳал этиш (case-study), мантиқий фикрлаш, ўз фикрларини изчил ва аниқ баён қилиш қобилиятини баҳолашга қаратилган.

16. Назорат турлари бўйича саволлар ва топшириқлар модуль раҳбари ҳамда дарс машғулотларини олиб борувчи педагог ходим томонидан биргаликда ишлаб чиқилади.

Кафедра мудири назорат турлари бўйича саволларнинг сифатли тайёрланиши ва ҳар семестрнинг биринчи ҳафтасида Ўқув-методик бўлимига тақдим қилинишини таъминлайди.

17. Ўқув-методик бўлими назорат турлари бўйича саволларни қабул қилган кундан бошлаб беш иш куни ичида унинг ўқув дастурида белгиланган талабларга мувофиқлигини текшириш ишларини амалга оширади.

18. Назорат турлари бўйича саволлар, қоида тариқасида, мантиқий саволлар ва муаммоли вазиятларни ёки фақат муаммоли вазиятни (казус, case-study) ўз ичига олади. Шунингдек, якуний назорат тест шаклида ўтказилиши мумкин. Модуллар бўйича якуний назорат саволларининг мазмуни кафедралар томонидан белгиланади.

2-§. Назорат турларини ўтказиш

19. Агар ТДЮУ Кенгаши қарорида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, назорат турлари ўқув режада белгиланган ҳар бир модуль бўйича, унинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, семестрда камида бир маротаба, аудиторияда ёзма шаклда ёки электрон таълим платформаси орқали компьютерда, аудитория раҳбари ва кузатувчиси назорати остида ўтказилади.

20. Назорат турлари, қоида тариқасида, 2 соат (120 дақиқа) мобайнида ўтказилади.

Тегишли назорат турининг бошланиш ва тугаш вақти аудитория кузатувчиси томонидан аудитория доскасида акс эттирилиши зарур.

21. Назорат турларида иштирок этадиган аудитория раҳбари ва кузатувчилари таркиби ҳар бир назорат тури ўтказилишидан уч иш куни олдин Ўқув-методик бўлими тавсиясига кўра педагог ва ўқув-ёрдамчи ходимлар орасидан юридик техникум директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

Ўқув-методик бўлими аудитория раҳбарлари ва кузатувчиларнинг рўйхатини тасдиқланган кундан бошлаб бир иш куни ичида юридик техникум таркибий тузилмалари эътиборига етказади.

Келмаган аудитория раҳбари ва (ёки) кузатувчини алмаштириш мажбурияти Ўқув-методик бўлими зиммасига юклатилади.

22. Назорат турларини олиб бориш жараёни видеоёзувда қайд қилинади.

23. Ўқувчилар назорат турлари ўтказилаётган аудиторияга фақат ўқувчилик гувоҳномаси ёки биометрик паспортини (идентификация ID-картасини) кўрсатган ҳолда киритилади.

24. Назорат турларини ўтказиш вақти бошлангандан сўнг келган ўқувчилар тегишли назоратда иштирок этишга қўйилмайди.

Назорат турларини ўтказиш жараёнида ўқувчиларнинг аудиториядан чиқиши, бир-бири билан гаплашиши, ўзга ўқувчининг ишини кўчириши, ўзи билан дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмалар, луғатлар, маълумотномалар ва бошқа адабиётлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, конспектлар, электрон ва қоғоз шаклдаги шпаргалкалар, калькуляторлар, алоқа воситалари (шу жумладан уяли алоқа воситаси), аудио-, фото- ва видео-ёзув қурилмалари ҳамда бошқа ахборот-коммуникация воситаларини олиб кириши ва улардан фойдаланиши тақиқланади. Шахсий буюмлар аудиториядаги алоҳида столга қўйилиши керак.

Модулнинг хусусиятидан келиб чиқиб, тегишли модуль бўйича масъул педагог томонидан назорат турини ўтказишда калькулятордан фойдаланишга нисбатан истиснолар белгиланиши мумкин.

Назорат турлари бўйича белгиланган вақт тугагач ўқувчи аудиторияни дарҳол тарк этиши лозим.

Мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида кўрсатилган талабларни бузган ўқувчилар назорат туридан четлаштирилади ва далолатнома тузилади ҳамда ўқувчиларнинг назорат иши бекор қилиниб, унга ноль рейтинг балли қўйилади.

25. Назорат ўтказилаётган аудиторияга аудитория раҳбари ва кузатувчилардан бошқа шахсларнинг (юридик техникум директори, директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари, Ўқув-методик бўлим бошлиғи, Таълим сифатини назорат қилиш бўлимининг бошлиғи ва ходимлари бундан мустасно) кириши қатъиян тақиқланади.

26. Аудитория раҳбари ва кузатувчилари назорат турларини ўтказишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

назорат турлари бошланганидан кейин ўқувчиларни аудиторияга киритмаслик;

назорат турлари ўтказилаётган вақтда ўқувчиларнинг ўрнини алмаштириш.

27. Аудитория раҳбари ва кузатувчилари назорат турларини ўтказишда қуйидагиларга мажбур:

ўқувчиларни назорат турлари бошланишидан аввал уни ўтказиш тартиби ва давом этиш вақти ҳақида хабардор қилиш;

ўқувчиларга назорат турлари бошланишидан олдин фойдаланиш тақиқланган барча предметларни кузатувчиларга топширишлари зарурлигини тушунтириш;

ўқувчиларни аудиторияда бир-бирларидан кўчиришлари учун имкон бўлмайдиган ҳолда жойлаштириш;

назорат турлари ўтказилаётган вақт давомида ўқувчилар томонидан тартибга риоя қилинишини таъминлаш;

назорат турларини ўтказишда мазкур Низомда белгиланган қоидаларни бузган ўқувчиларни далолатнома тузган ҳолда назорат туридан четлаштириш.

28. I гуруҳ ногиронлиги бўлган, шу жумладан кўзи ожиз ўқувчилар мазкур Низомда назарда тутилган назорат турларини ёзма шаклда бажариш имконияти мавжуд бўлмаганда, у назорат тури бошланишидан камида икки ҳафта олдин директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосарига мурожаат қилади.

Бунда, мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган ўқувчи тегишли назорат турини оғзаки имтиҳон шаклида юридик техникум директорининг буйруғи билан тузиладиган юридик техникумнинг 5 нафар педагог ходимлари таркибидан иборат комиссияга топширади.

Комиссия таркиби ҳар ўқув йили учун бир маротаба тасдиқланади. Комиссия унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Комиссия томонидан қўйилган балл баённома билан расмийлаштирилади.

29. Назорат турларини ўтказиш давомида ўқувчиларнинг саволлар мазмуни билан боғлиқ эътирозлари кўриб чиқилмайди.

30. Назорат турлари учун ажратилган вақт тугаганидан сўнг, ўқувчи ўз назорат ишини аудитория кузатувчисига топширади. Назорат ишлари сони аудитория кузатувчиси томонидан қайта саналади, назорат иши варақлари унинг имзоси билан тасдиқланади ва назоратда қатнашган ўқувчилар рўйхати ҳамда аудиториядан четлаштириш тўғрисидаги далолатномалар (агар мавжуд бўлса) билан биргаликда Ўқув-методик бўлимга топширилади.

3-боб. Назоратнинг холислиги ва шаффофлигини таъминлаш

31. Назорат турлари бўйича ўқувчилар томонидан ёзилган назорат ишларининг холислиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида унинг белгиланган қисмига Ўқув-методик бўлим бошлиғи томонидан тегишли белги ва рақамлар ёки электрон таълим платформаси томонидан автоматик равишда идентификация кодлари бериш йўли билан шифрланади.

32. Ўқув-методик бўлим педагогларнинг йиллик шахсий иш режасида белгиланган ўқув юкламасидан келиб чиқиб, модуллар бўйича шифрланган назорат ишларини текшириш учун тақсимлайди.

Назорат ишларини текшириш муддатлари Ўқув-методик бўлим тавсияси асосида директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари томонидан белгиланади.

33. Назорат ишларини текшириш педагог ходимлар томонидан юридик техникум биносининг ички қисмида, махсус ажратилган хонада амалга оширилади. Назорат ишини махсус ажратилган хона ташқарисига олиб чиқиш тақиқланади. Махсус ажратилган хона ичкарисига юридик техникум директори, директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари, Ўқув-методик бўлим бошлиғи, Таълим сифатини назорат қилиш бўлимининг бошлиғи ва текширувчи педагог ходимлардан ташқари бошқа шахсларнинг кириши ман этилади.

Педагог ходим томонидан назорат ишлари баҳолаш мезонлари асосида текширилади ва назорат ишининг биринчи варағи устига балл қўйилади. Балл аниқ ифодаланган шаклда педагог ходимнинг имзоси билан тасдиқланган ҳолда қўйилиши керак.

Педагог ходим томонидан ҳар бир текширилган назорат ишига тақриз берилади ҳамда унда иш мазмунининг ижобий жиҳатлари ва йўл қўйилган хатоликлар акс эттирилиши лозим.

Шифрланган назорат ишини баҳолашнинг холислиги ва шаффофлигига таъсир кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганда, шу жумладан сўзнинг устига ёки тагига чизиш ёхуд атрофини чизиб қўйиш, ишда текширувчи шахс номига мурожаатнинг мавжуд бўлиши, матннинг турли қисмларига (шу жумладан, очиқ қолдирилган жойларига) график белгилар қўйиш, иш матнида ўқувчининг фамилияси, исми, отасининг исмини кўрсатиш ҳолатлари мавжуд бўлганда, назорат иши учун ноль рейтинг балл қўйилади.

34. Ўқувчи томонидан назорат ишини бажаришда академик ҳалоллик талабларининг бузилишига, жумладан муаллифликни ўзлаштириш (плагиат)га йўл қўйилмайди. Назорат ишида қоғоз ёки электрон кўринишда нашр қилинган ўзга матндан олинган манбага ҳеч қандай ҳавола қилмаган ҳолда ишлатиш ёки олинган манбага ҳавола қилинган бўлсада, лекин ўзлаштиришларнинг ҳажми ва характери ўқувчининг назорат ишини ёки унинг асосий қисмини мустақил ёзилганлигига шубҳа уйғотадиган даражада ўзлаштирилган бўлса, плагиат деб топилади.

Плагиат икки хил кўринишда бўлиши мумкин:

ўзга матнни сўзма-сўз баён қилиш;

парафраза — ўзлаштирилган ўзга матннинг мазмунини ўзгартирмасдан сўз ва ибораларни алмаштириб баён қилиш.

Назорат иши матнидаги ўзганинг муаллифлик ишидан олинган ҳар қандай матнда муаллиф, ишнинг номи ва ишнинг бошқа реквизитларини кўрсатган ҳолда ҳаволалар келтирилиши шарт. Назорат ишини текширишда муаллифликни ўзлаштириш (плагиат) ҳолатлари аниқланиши, шунингдек икки ёки ундан ортиқ ёзма ишнинг мустақил ёзилганлигига шубҳа уйғотадиган даражада ўхшаш бўлиши ушбу барча ўхшаш назорат ишларига, шу жумладан баҳоланган ўхшаш назорат ишига (ишларига) ҳам ноль рейтинг балл қўйишга асос бўлади.

35. Назорат ишларини текшириш натижалари бўйича тегишли баллар ишни текширган педагог ходим томонидан дарҳол электрон таълим платформасига киритилади ва назорат ишлари Ўқув-методик бўлимга топширилади.

36. Ўқув-методик бўлим томонидан назорат ишлари натижалари асосида рейтинг қайдномаси ёки электрон таълим платформасида ўқувчиларнинг фамилияси, исми, отасининг исми идентификация қилинган ҳолда жамловчи электрон рейтинг қайдномаси шакллантирилади.

Рейтинг қайдномасига тегишли маълумотларнинг тўғри киритилиши учун электрон таълим платформасига назорат ишларини текшириш ва балларни киритишга масъул бўлган педагог ходим жавобгар бўлади.

Жамловчи рейтинг қайдномасида тегишли маълумотларнинг тўғри акс эттирилиши учун Ўқув-методик бўлим бошлиғи жавобгар бўлади.

37. Назорат ишларини баҳолашнинг холислигини ўрганиш мақсадида ТДЮУ томонидан назорат ишлари тасодифий танланган ҳолда қайта текширилиши мумкин. Бунда, ТДЮУ ректори буйруғи билан ТДЮУ профессор-ўқитувчилари жалб қилинади ва улар баҳолаш мезонлари асосида ўқувчиларга қўйилган рейтинг балларининг холислигини аниқлайди.

Бунда, назорат ишлари ТДЮУ профессор-ўқитувчилари томонидан бевосита жойига чиққан ҳолда қайта текширилади ёки ТДЮУнинг сўров хатига асосан ТДЮУга қайта текшириш учун юборилиши мумкин.

Танланган назорат ишларини қайта текшириш натижасида уларга қўйилган баллар ўзгартирилган тақдирда қолган барча назорат ишлари қайтадан текшириб чиқилиши шарт.

38. Ўқув-методик бўлим бошлиғи назорат турлари натижалари бўйича рейтинг қайдномаларини кўриб чиқиб, балларнинг ҳаққонийлигига шубҳа уйғотувчи ҳолатларни (аксарият баллар максимал ёки минимал баллар билан баҳоланган) аниқласа, бу ҳақда директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосарини дарҳол хабардор қилиши лозим. Директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари юридик техникум директори буйруғи асосида ташкил этиладиган экспертлар гуруҳи томонидан назорат ишларини қайта текширтириш ҳуқуқига эга.

Экспертлар гуруҳи ишига раҳбарликни, қоида тариқасида, директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари амалга оширади. Экспертлар сифатида келишув асосида бошқа таълим муассасаларининг педагог ходимлари ёки амалиётчи мутахассислар иштирок этиши мумкин. Экспертларнинг шахси ошкор этилишига йўл қўйилмайди. Экспертларнинг асосий вазифаси назорат ишларини мазкур Низомда белгиланган баҳолаш мезонлари асосида қайта текшириб, қўйилган балларнинг назорат ишига мувофиқ ёки номувофиқ эканлигини аниқлаш ҳисобланади.

Қайта текшириш натижаларига кўра, экспертлар гуруҳи аъзолари томонидан имзоланган хулоса тегишли балларни ўзгартириш учун асос ҳисобланади. Хулоса Ўқув-методик бўлимга жамловчи қайдномани тайёрлаш учун тақдим этилади.

Экспертлар гуруҳининг хулосаси расмийлаштирилгунга қадар назорат ишлари натижалари якуний эмас деб ҳисобланади ва ўқувчиларга эълон қилиниши мумкин эмас. Хулоса расмийлаштирилгунга қадар натижалар махфийлиги учун Ўқув-методик бўлим бошлиғи жавобгар ҳисобланади.

39. Ўқувчилар назорат турлари бўйича олган балларини электрон таълим платформаси орқали кузатиб боради.

40. Назорат турлари бўйича қўйилган баллдан норози бўлган ўқувчилар натижалар эълон қилингандан бошлаб 72 соат давомида Ўқув-методик бўлим бошлиғи номига апелляция беришлари мумкин.

Апелляцияни кўриб чиқиш учун Ўқув-методик бўлим бошлиғининг билдиргисига асосан директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланадиган юридик техникумнинг назорат ишларини текшириш ва баҳолашда иштирок этмаган педагог ходимлари таркибидан камида бешта аъзодан иборат апелляция комиссияси тузилади.

Назорат турлари натижалари юзасидан берилган апелляция апелляция комиссияси томонидан барча модуллар бўйича назорат турлари натижалари эълон қилингандан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқилади.

Апелляция комиссиялари аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссияларининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва унда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

Ўқувчининг апелляцияси апелляция комиссияларида оралиқ ва якуний назорат тури бўйича баллар қўйган педагог ходимнинг ҳамда апелляция берган ўқувчининг иштирокида кўриб чиқилади.

Апелляцияни кўриб чиқишда апелляция комиссиялари назорат ишларини ҳар томонлама ўрганади.

Ўқувчининг апелляциясини кўриб чиқиш натижаси бўйича апелляция комиссиялари қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

эътироз асоссиз бўлса, апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш ва қўйилган балларни ўзгаришсиз қолдириш;

эътироз асосли бўлса, қўйилган балларни ўзгартириш бўйича юридик техникум директорига таклиф киритиш.

Ўқувчининг апелляциясини кўришда унинг илгари олган рейтинг баллини пасайтиришга йўл қўйилмайди.

41. Текширилган назорат ишлари Ўқув-методик бўлимда (электрон таълим платформасида) уч йил мобайнида сақланади.

Назорат ишлари ҳужжатлар йиғмажилдларига киритилмайди ва алоҳида сақланиши талаб этиладиган ҳужжат ҳисобланмайди.

Назорат ишлари уч йиллик муддат ўтганидан сўнг йўқ қилинади (электрон тизимдан ўчириб ташланади).

4-боб. Назорат турларини баҳолаш тартиби ва мезонлари

42. Ўқувчининг ҳар бир модуль бўйича билим, малака ва кўникмаларини баҳолаш Европа кредит трансфер тизимига (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS) асосан мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ амалга оширилади.

43. Ўқувчининг ҳар бир модуль бўйича эгаллаган билим, малака ва кўникмалари, шунингдек ўқув семестри мобайнидаги ҳар бир модуль бўйича ўзлаштириши 100 баллик тизим асосида бутун сонлар билан баҳоланади.

100 балл назорат турлари бўйича қуйидагича тақсимланади:

оралиқ назоратга модуль бўйича тўпланиши мумкин бўлган максимал баллнинг — 40 фоиз (40 балл)гача;

якуний назоратга модуль бўйича тўпланиши мумкин бўлган максимал баллнинг — 60 фоиз (60 балл)гача, оралиқ назорати белгиланмаган тақдирда 100 фоиз (100 балл)гача ажратилади.

ТДЮУ Кенгаши томонидан назорат турлари бўйича баллар миқдори ўзгартирилиши мумкин.

44. Ўқувчининг модуль бўйича ўзлаштиришини баҳолаш қуйидаги намунавий мезонлар асосида амалга оширилади:

а) «А», «А-» аъло баҳо (86 — 100 %) олиш учун ўқувчи:

ўқув дастурининг барча бўлимлари бўйича тизимли, тўла ва чуқур билимга эга бўлиши, зарур далиллар билан асослантириши;

терминологиядан (шу жумладан, хорижий тилда ҳам) аниқ, ўз ўрнида фойдаланиши, саволларга жавобни мантиқан тўғри ифодалаши;

муаммоли саволларни аниқлаши, ўз ҳуқуқий позициясини асослаб бера олиши;

модулнинг таянч тушунчаларини билиши ва уни қисқа вақт ичида масалаларни ечишда самарали қўллай олиши;

ностандарт вазиятларда муаммоларни мустақил равишда ҳал қила олиш қобилиятини кўрсата олиши;

амалий масалаларни қисқа, асосланган ва рационал равишда ҳал этиши;

модуль ўқув дастурида тавсия этилган асосий ва қўшимча адабиётларни тўлиқ ва чуқур ўзлаштириши;

ўрганилаётган модуль бўйича назариялар, концепциялар ва йўналишлар моҳиятини англаш, уларни қўллай олиши;

семинар, амалий машғулотларида бутун семестр мобайнида ижодий ва мустақил қатнашиши, гуруҳли муҳокамаларда фаол бўлиши лозим;

б) «В+», «В», «В-» яхши баҳо (71 — 85 %) олиш учун ўқувчи:

ўқув дастурининг барча бўлимлари бўйича тизимли, тўла ва чуқур билимга эга бўлиши, зарур далиллар билан асослантириши;

терминологиядан (шу жумладан, хорижий тилда ҳам) аниқ, ўз ўрнида фойдаланиши, саволларга жавобни мантиқан тўғри ифодалаши;

ўз фикрини исботлашда юзага келган ноаниқликларни мустақил бартараф эта олиши;

модулнинг таянч тушунчаларини билиши, қисқа вақт ичида илмий ва касбий вазифаларни қўйиш ҳамда ҳал қилишда ундан унумли фойдаланиши;

стандарт вазиятларда муаммоларни ўқув дастури доирасида мустақил ҳал қила олиши;

амалий машғулотларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни яхши билишини намойиш қилиши, ушбу билимларни янги вазиятларда тўғри (лекин доим ҳам рационал эмас) қўллай олиши, бунда бажарилган иш натижаларини етарли даражада расмийлаштира олмаслиги;

модуль ўқув дастурида тавсия қилинган асосий адабиётларни ўзлаштириши;

ўрганилаётган модуль бўйича назариялар, концепциялар ва йўналишлар моҳиятини англай олиши ва уларни қўллай олиши;

бутун модулни ўзлаштириш давомида семинар, амалий машғулотларида ижодий ва мустақил қатнашиши, гуруҳли муҳокамаларда фаол бўлиши лозим;

в) «С+», «С», «С-» қониқарли баҳо (55 — 70 %) олиш учун ўқувчи:

давлат таълим стандартлари доирасида етарли билим ҳажмига эга бўлиши;

терминологияни ишлатиши, саволларга жавобларни тўғри баён қилиши, лекин бунда айрим хатоларга йўл қўйиши;

жавоб беришга ёки айрим махсус кўникмаларни намойиш қилишда қийналганда, модуль ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича асосий тушунчага эга эканлигини намойиш этиши;

модулнинг умумий тушунчалари бўйича қисман билимга эга бўлиши ва уни стандарт (намунавий) вазиятларни ҳал этишда қўллай олиши;

педагог ходим раҳбарлигида стандарт вазиятларни ҳал эта олиши;

ўқилаётган модуль бўйича асосий назариялар, концепциялар ва йўналишлар моҳиятини англаши, уларга баҳо бера олиши;

семинар, амалий машғулотларида педагог ходим раҳбарлигида қатнашиши лозим;

г) ўқувчининг билим даражаси «Д» қониқарсиз баҳо билан (50 — 55 % гача) баҳоланади, агар:

давлат таълим стандартлари доирасида фақат айрим фрагментар билимларга эга бўлса;

терминларни ишлата олмаса ёки жавоб беришда жиддий мантиқий хатоларга йўл қўйса;

семинар, амалий машғулотларда пассив қатнашган бўлса;

д) ўқувчи ўзлаштириши қуйидаги ҳолларда билим даражаси «Ф» (0 — 49 % гача) баҳоланади, агар:

тегишли модуль бўйича билимларга эга бўлмаса;

амалий кўникмаларга эга бўлмаса, хатоларини ҳатто педагог ходим тавсиялари ёрдамида ҳам тўғрилай олмаса.

Модуль хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир модуль бўйича баҳолаш мезонлари тегишли ўқув дастурида акс этади.

45. Модуллар бўйича семестр учун ўқувчи рейтинги қуйидагича аниқланади:

R f = V x O 1 , 100

бунда:

R f — ўқувчининг рейтинги;

V — семестрда модуль учун ажратилган умумий юклама (соатларда);

O I — модуль бўйича ўзлаштириш даражаси (балларда).

5-боб. Якуний қоидалар

46. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

47. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқувчилар билимини назорат қилиш тартиби ва баҳолаш мезонлари тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ўқувчининг ҳар бир модуль бўйича ўзлаштириш даражасини Европа кредит трансфер тизими (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS) асосида

Баҳо Баллда ифодаланиши Тавсифи A 100 — 93 Аъло A- 92 — 86 B+ 85 — 82 Яхши B 81 — 77 B- 76 — 71 C+ 70 — 67 Қониқарли C 66 — 60 C- 59 — 56 D 55 — 50 Қониқарсиз F 49 — 0

Вазир Р. ДАВЛЕТОВ

Олий ва ўрта махсус таълим вазири А. ТОШКУЛОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 1 март,

2022 йил 23 февраль

3-мҳ-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.03.2022 й., 10/22/3351/0178-сон; 09.07.2024 й., 10/24/3351-1/0482-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirining

buyrugʻi

NIZOM

BAHOLASH MEZONLARI

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquvchilar bilimini nazorat qilish tartibi va baholash mezonlari toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 29-apreldagi PF-5987-son “Oʻzbekiston Respublikasida yuridik taʼlim va fanni tubdan takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi Farmoni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 13-apreldagi PQ-3666-son “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi faoliyatini yanada takomillashtirishga doir tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qarori , Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 23-oktabrdagi 858-son “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida oʻqishni tashkil qilish choralari toʻgʻrisida” gi va 2021-yil 10-iyundagi 359-son “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tizimidagi taʼlim muassasalarida kredit-modul tizimini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” gi qarorlariga muvofiq buyuraman:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquvchilar bilimini nazorat qilish tartibi va baholash mezonlari toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2019-yil 9-yanvardagi 9-mh-son “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik kollejlari oʻquvchilarining bilimini baholash toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3117, 2019-yil 9-yanvar) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 09.01.2019-y., 10/19/3117/2445-son) oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.

3. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2022-yil 1-martdagi 3-mh-son buyrugʻiga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquvchilar bilimini nazorat qilish tartibi va baholash mezonlari toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida (bundan buyon matnda yuridik texnikum deb yuritiladi) taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquvchilar bilimini nazorat qilish tartibi va baholash mezonlarini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:

kredit — taʼlim olish natijalariga koʻra oʻquvchi tomonidan muayyan fan boʻyicha oʻzlashtirilgan oʻquv yuklamasining oʻlchov birligi;

taʼlim moduli (bundan buyon matnda modul deb yuritiladi) — bu oʻzida bilimga oid hamda kasbiy jihatlarni qamrab oladigan, oʻquvchida bilim, koʻnikma va malakalarni shakllantirishga qaratilgan taʼlim dasturining tarkibiy elementi sifatida nazorat qilishning tegishli turi bilan yakunlanadigan alohida oʻquv fani (uning qismi yoki oʻzaro bir sohaga doir fanlar majmui);

modullarning oʻquv dasturi (sillabus) (bundan buyon matnda oʻquv dasturi deb yuritiladi) — har bir oʻquv fanining mazmuni va oʻqitish tartibini, oʻquvchilar tomonidan oʻzlashtirilishi lozim boʻlgan bilim hamda koʻnikmalar hajmini belgilab beradigan rasmiy pedagogik hujjat;

GPA (Grade Point Average) — taʼlim oluvchining dastur boʻyicha oʻzlashtirgan ballari oʻrtacha qiymati boʻlib, u quyidagi formula yordamida hisoblanadi:

GPA = K 1 * U 1 + K 2 * U 2 + K 3 * U 3 ... + K n * U n , bunda: K 1 + K 2 + K 3 ... + K n

K — har bir fan/modulga ajratilgan kreditlar miqdori;

U — har bir fan/modul boʻyicha talaba toʻplagan ball.

Bunda, oʻquvchi faqat fan/modulni muvaffaqiyatli yakunlagan taqdirda, ushbu fan/modul boʻyicha kredit beriladi.

2. Yuridik texnikum oʻquvchilari bilimini nazorat qilish va baholashning maqsadi — yuqori malakali, raqobatbardosh, zamonaviy xalqaro standartlarga javob bera oladigan yuridik kadrlarni tayyorlash hamda oʻquvchilarning mustaqil taʼlim olishini taʼminlash, shuningdek modullarni oʻzlashtirishida boʻshliqlar hosil boʻlishining oldini olish, ularni aniqlash va bartaraf etishdan iborat.

3. Oʻquvchilar bilimini nazorat qilish va baholashning asosiy vazifalari quyidagilar hisoblanadi:

oʻquvchilarda davlat taʼlim standartlariga muvofiq tegishli bilim, koʻnikma va malakalar shakllanganligi darajasini nazorat qilish va tahlil qilib borish;

oʻquvchilar bilimi, koʻnikma va malakalarini yoki kompetensiyalarini baholashning asosiy tamoyillari boʻlgan davlat taʼlim standartlariga asoslanganlik, xolislik, aniqlik, haqqoniylik, ishonchlilik, bilimlarni baholashda shaffoflikni taʼminlash;

oʻquv materialining oʻquvchilar tomonidan tizimli ravishda va belgilangan muddatlarda oʻzlashtirilishini tashkil etish hamda tahlil qilish;

oʻquvchilarda mustaqil va ijodiy fikrlash koʻnikmalarini rivojlantirish, fikrlarni yozma va ogʻzaki, jumladan xorijiy tilda ravon bayon etish, axborot resurslari manbalaridan samarali foydalanishni tashkil etish;

oʻquvchilarning oʻquv rejasi doirasida kompleks hamda uzluksiz tayyorgarligini taʼminlash.

4. Oʻquv dasturini oʻzlashtirish oʻquv yuklama hajmini aniqlashning shartli birligi (kredit)ni qoʻllagan holda belgilanadi.

Bir kredit tarkibi, har bir modul boʻyicha kreditlar miqdori, shuningdek har bir kursni va umuman oʻqish davrini tamomlash uchun oʻquvchi tomonidan toʻplanishi lozim boʻlgan kreditlarning umumiy miqdori Toshkent davlat yuridik universiteti (bundan buyon matnda TDYU deb yuritiladi) Kengashi tomonidan belgilanadi.

5. Oʻquvchi oʻquv dasturini oʻzlashtirgan (GPA koʻrsatkichini toʻplay olgan) taqdirda, u tegishli modul boʻyicha kreditlarning zarur miqdorini toʻplagan deb hisoblanadi.

6. Kafedra mudiri har bir modul boʻyicha alohida modul rahbarini, yaʼni modulni oʻqitishning sifati, oʻquv materialini shakllantirish, shuningdek barcha turdagi nazorat savollarini tuzish, oʻquvchilar bilimining belgilangan mezonlar asosida baholanishini taʼminlashga masʼul boʻlgan pedagog xodimni belgilaydi.

7. Oʻquvchilar oʻquv yilining birinchi haftasi mobaynida yuridik texnikumning Oʻquv-metodik boʻlimi tomonidan mazkur Nizom talablari bilan toʻliq tanishtirilishi shart.

8. Yuridik texnikum tomonidan oʻquvchilar bilimini nazorat qilish va baholash boshqa mahalliy yoki xorijiy oʻrta maxsus professional taʼlim bosqichida kadrlar tayyorlaydigan taʼlim muassasalari bilan tashkil etilgan qoʻshma taʼlim dasturlari doirasida hamda qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha shartnomada nazarda tutilgan tartibda amalga oshirilishi mumkin.

9. Oʻquv mashgʻulotlarida kasalligi yoki hujjat bilan tasdiqlangan boshqa uzrli sabablar tufayli (yoʻl-transport hodisasi, yaqin qarindoshining vafoti, yaqin qarindoshining yoki oʻquvchining nikoh tuzishi, farzand tugʻilishi, fan, madaniyat va sport sohalaridagi xalqaro hamda respublika tanlovlari va musobaqalarida ishtirok etganlik, elektron taʼlim platformasida yuzaga kelgan texnik nosozlik) ishtirok etmagan va shu sababli oraliq yoki yakuniy nazoratni belgilangan muddatda topshirmagan oʻquvchiga uning arizasi hamda ilova qilingan asoslantiruvchi hujjatlarga muvofiq yuridik texnikum direktorining oʻquv ishlari boʻyicha birinchi oʻrinbosari (bundan buyon matnda direktorning oʻquv ishlari boʻyicha birinchi oʻrinbosari deb yuritiladi) tomonidan oraliq yoki yakuniy nazorat turlarini (bundan buyon matnda nazorat turi deb yuritiladi) topshirishga ruxsat beriladi.

Bunda, direktorning oʻquv ishlari boʻyicha birinchi oʻrinbosari nomiga oraliq yoki yakuniy nazoratni topshirishga ruxsat berishni soʻrab, uzrli sabablar (holatlar) bartaraf etilgan vaqtdan boshlab 15 ish kuni ichida ariza bilan murojaat qilishi lozim.

10. Nazorat turini oʻtish reyting ballini koʻtarish maqsadida qayta topshirishga ruxsat berilmaydi.

2-bob. Oʻquvchilar bilimini nazorat qilish

1-§. Oʻquvchilar bilimini nazorat qilish turlari

11. Oʻquvchilarning bilim saviyasi va oʻzlashtirish darajasini davlat taʼlim standartlariga muvofiqligini taʼminlash uchun yuridik texnikumda nazorat turlari oʻtkaziladi.

Oʻquv dasturlarida belgilangan hollarda faqat yakuniy nazorat turi oʻtkazilishi mumkin.

12. Modulning nazorat turlari va shakllari, nazoratlar soni hamda tegishli nazorat turi uchun maksimal va saralash ballari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar oʻquv dasturida belgilanadi.

Oʻquv dasturi taʼlim jarayonini boshqarishning axborot tizimiga (bundan buyon matnda elektron taʼlim platformasi deb yuritiladi) oʻquv semestri boshlanishidan oldin kiritiladi.

Nazorat turlarini oʻtkazish jadvallari har semestrning ikkinchi haftasidan kechiktirmay Oʻquv-metodik boʻlim tomonidan ishlab chiqiladi va direktorning oʻquv ishlari boʻyicha birinchi oʻrinbosari tomonidan tasdiqlanadi.

Nazorat turlarini oʻtkazish jadvallari tasdiqlangandan soʻng bir ish kuni ichida Oʻquv-metodik boʻlimi tomonidan elektron taʼlim platformasiga joylashtirilishi hamda oʻquvchilar eʼtiboriga yetkazilishi taʼminlanadi.

13. Oraliq nazorat semestr davomida modul oʻquv dasturining tegishli (modulning bir necha mavzularini oʻz ichiga olgan) boʻlimi tugaganidan keyin oʻquvchining oʻzlashtirgan bilim va amaliy koʻnikmasi darajasini aniqlash va baholash usuli hisoblanadi.

Oraliq nazoratni oʻtkazish tartibi (oraliq nazoratni oʻtkazish shakli, oraliq nazorat savollariga qoʻyiladigan talablar, baholash mezonlari) oʻquv fanining xususiyatlari va unga ajratilgan soatlardan kelib chiqqan holda oʻquv yili boshlanishidan kamida ikki hafta avval oʻquv dasturlarida belgilanadi va TDYU Kengashi tomonidan tasdiqlanadi.

14. Yakuniy nazorat muayyan modul boʻyicha oʻquvchining nazariy bilim va amaliy koʻnikmalarni oʻzlashtirganlik darajasini, ularda modullar boʻyicha egallashi zarur boʻlgan kompetensiyalar shakllanganligini aniqlash va baholash usuli hisoblanadi.

15. Nazorat turlari oʻquvchining oʻquv adabiyotlari, normativ-huquqiy hujjatlar bilan ishlash, protsessual hujjatlar loyihalarini tuzish boʻyicha amaliy koʻnikmalari, muammoli vaziyatlarni hal etish (case-study), mantiqiy fikrlash, oʻz fikrlarini izchil va aniq bayon qilish qobiliyatini baholashga qaratilgan.

16. Nazorat turlari boʻyicha savollar va topshiriqlar modul rahbari hamda dars mashgʻulotlarini olib boruvchi pedagog xodim tomonidan birgalikda ishlab chiqiladi.

Kafedra mudiri nazorat turlari boʻyicha savollarning sifatli tayyorlanishi va har semestrning birinchi haftasida Oʻquv-metodik boʻlimiga taqdim qilinishini taʼminlaydi.

17. Oʻquv-metodik boʻlimi nazorat turlari boʻyicha savollarni qabul qilgan kundan boshlab besh ish kuni ichida uning oʻquv dasturida belgilangan talablarga muvofiqligini tekshirish ishlarini amalga oshiradi.

18. Nazorat turlari boʻyicha savollar, qoida tariqasida, mantiqiy savollar va muammoli vaziyatlarni yoki faqat muammoli vaziyatni (kazus, case-study) oʻz ichiga oladi. Shuningdek, yakuniy nazorat test shaklida oʻtkazilishi mumkin. Modullar boʻyicha yakuniy nazorat savollarining mazmuni kafedralar tomonidan belgilanadi.

2-§. Nazorat turlarini oʻtkazish

19. Agar TDYU Kengashi qarorida boshqacha tartib nazarda tutilmagan boʻlsa, nazorat turlari oʻquv rejada belgilangan har bir modul boʻyicha, uning xususiyatidan kelib chiqqan holda, semestrda kamida bir marotaba, auditoriyada yozma shaklda yoki elektron taʼlim platformasi orqali kompyuterda, auditoriya rahbari va kuzatuvchisi nazorati ostida oʻtkaziladi.

20. Nazorat turlari, qoida tariqasida, 2 soat (120 daqiqa) mobaynida oʻtkaziladi.

Tegishli nazorat turining boshlanish va tugash vaqti auditoriya kuzatuvchisi tomonidan auditoriya doskasida aks ettirilishi zarur.

21. Nazorat turlarida ishtirok etadigan auditoriya rahbari va kuzatuvchilari tarkibi har bir nazorat turi oʻtkazilishidan uch ish kuni oldin Oʻquv-metodik boʻlimi tavsiyasiga koʻra pedagog va oʻquv-yordamchi xodimlar orasidan yuridik texnikum direktorining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.

Oʻquv-metodik boʻlimi auditoriya rahbarlari va kuzatuvchilarning roʻyxatini tasdiqlangan kundan boshlab bir ish kuni ichida yuridik texnikum tarkibiy tuzilmalari eʼtiboriga yetkazadi.

Kelmagan auditoriya rahbari va (yoki) kuzatuvchini almashtirish majburiyati Oʻquv-metodik boʻlimi zimmasiga yuklatiladi.

22. Nazorat turlarini olib borish jarayoni videoyozuvda qayd qilinadi.

23. Oʻquvchilar nazorat turlari oʻtkazilayotgan auditoriyaga faqat oʻquvchilik guvohnomasi yoki biometrik pasportini (identifikatsiya ID-kartasini) koʻrsatgan holda kiritiladi.

24. Nazorat turlarini oʻtkazish vaqti boshlangandan soʻng kelgan oʻquvchilar tegishli nazoratda ishtirok etishga qoʻyilmaydi.

Nazorat turlarini oʻtkazish jarayonida oʻquvchilarning auditoriyadan chiqishi, bir-biri bilan gaplashishi, oʻzga oʻquvchining ishini koʻchirishi, oʻzi bilan darsliklar, oʻquv-uslubiy qoʻllanmalar, lugʻatlar, maʼlumotnomalar va boshqa adabiyotlar, normativ-huquqiy hujjatlar, konspektlar, elektron va qogʻoz shakldagi shpargalkalar, kalkulyatorlar, aloqa vositalari (shu jumladan uyali aloqa vositasi), audio-, foto- va video-yozuv qurilmalari hamda boshqa axborot-kommunikatsiya vositalarini olib kirishi va ulardan foydalanishi taqiqlanadi. Shaxsiy buyumlar auditoriyadagi alohida stolga qoʻyilishi kerak.

Modulning xususiyatidan kelib chiqib, tegishli modul boʻyicha masʼul pedagog tomonidan nazorat turini oʻtkazishda kalkulyatordan foydalanishga nisbatan istisnolar belgilanishi mumkin.

Nazorat turlari boʻyicha belgilangan vaqt tugagach oʻquvchi auditoriyani darhol tark etishi lozim.

Mazkur bandning birinchi va ikkinchi xatboshilarida koʻrsatilgan talablarni buzgan oʻquvchilar nazorat turidan chetlashtiriladi va dalolatnoma tuziladi hamda oʻquvchilarning nazorat ishi bekor qilinib, unga nol reyting balli qoʻyiladi.

25. Nazorat oʻtkazilayotgan auditoriyaga auditoriya rahbari va kuzatuvchilardan boshqa shaxslarning (yuridik texnikum direktori, direktorning oʻquv ishlari boʻyicha birinchi oʻrinbosari, Oʻquv-metodik boʻlim boshligʻi, Taʼlim sifatini nazorat qilish boʻlimining boshligʻi va xodimlari bundan mustasno) kirishi qatʼiyan taqiqlanadi.

26. Auditoriya rahbari va kuzatuvchilari nazorat turlarini oʻtkazishda quyidagi huquqlarga ega:

nazorat turlari boshlanganidan keyin oʻquvchilarni auditoriyaga kiritmaslik;

nazorat turlari oʻtkazilayotgan vaqtda oʻquvchilarning oʻrnini almashtirish.

27. Auditoriya rahbari va kuzatuvchilari nazorat turlarini oʻtkazishda quyidagilarga majbur:

oʻquvchilarni nazorat turlari boshlanishidan avval uni oʻtkazish tartibi va davom etish vaqti haqida xabardor qilish;

oʻquvchilarga nazorat turlari boshlanishidan oldin foydalanish taqiqlangan barcha predmetlarni kuzatuvchilarga topshirishlari zarurligini tushuntirish;

oʻquvchilarni auditoriyada bir-birlaridan koʻchirishlari uchun imkon boʻlmaydigan holda joylashtirish;

nazorat turlari oʻtkazilayotgan vaqt davomida oʻquvchilar tomonidan tartibga rioya qilinishini taʼminlash;

nazorat turlarini oʻtkazishda mazkur Nizomda belgilangan qoidalarni buzgan oʻquvchilarni dalolatnoma tuzgan holda nazorat turidan chetlashtirish.

28. I guruh nogironligi boʻlgan, shu jumladan koʻzi ojiz oʻquvchilar mazkur Nizomda nazarda tutilgan nazorat turlarini yozma shaklda bajarish imkoniyati mavjud boʻlmaganda, u nazorat turi boshlanishidan kamida ikki hafta oldin direktorning oʻquv ishlari boʻyicha birinchi oʻrinbosariga murojaat qiladi.

Bunda, mazkur bandning birinchi xatboshisida nazarda tutilgan oʻquvchi tegishli nazorat turini ogʻzaki imtihon shaklida yuridik texnikum direktorining buyrugʻi bilan tuziladigan yuridik texnikumning 5 nafar pedagog xodimlari tarkibidan iborat komissiyaga topshiradi.

Komissiya tarkibi har oʻquv yili uchun bir marotaba tasdiqlanadi. Komissiya uning aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi hozir boʻlgan taqdirda vakolatli hisoblanadi. Komissiya tomonidan qoʻyilgan ball bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.

29. Nazorat turlarini oʻtkazish davomida oʻquvchilarning savollar mazmuni bilan bogʻliq eʼtirozlari koʻrib chiqilmaydi.

30. Nazorat turlari uchun ajratilgan vaqt tugaganidan soʻng, oʻquvchi oʻz nazorat ishini auditoriya kuzatuvchisiga topshiradi. Nazorat ishlari soni auditoriya kuzatuvchisi tomonidan qayta sanaladi, nazorat ishi varaqlari uning imzosi bilan tasdiqlanadi va nazoratda qatnashgan oʻquvchilar roʻyxati hamda auditoriyadan chetlashtirish toʻgʻrisidagi dalolatnomalar (agar mavjud boʻlsa) bilan birgalikda Oʻquv-metodik boʻlimga topshiriladi.

3-bob. Nazoratning xolisligi va shaffofligini taʼminlash

31. Nazorat turlari boʻyicha oʻquvchilar tomonidan yozilgan nazorat ishlarining xolisligi va shaffofligini taʼminlash maqsadida uning belgilangan qismiga Oʻquv-metodik boʻlim boshligʻi tomonidan tegishli belgi va raqamlar yoki elektron taʼlim platformasi tomonidan avtomatik ravishda identifikatsiya kodlari berish yoʻli bilan shifrlanadi.

32. Oʻquv-metodik boʻlim pedagoglarning yillik shaxsiy ish rejasida belgilangan oʻquv yuklamasidan kelib chiqib, modullar boʻyicha shifrlangan nazorat ishlarini tekshirish uchun taqsimlaydi.

Nazorat ishlarini tekshirish muddatlari Oʻquv-metodik boʻlim tavsiyasi asosida direktorning oʻquv ishlari boʻyicha birinchi oʻrinbosari tomonidan belgilanadi.

33. Nazorat ishlarini tekshirish pedagog xodimlar tomonidan yuridik texnikum binosining ichki qismida, maxsus ajratilgan xonada amalga oshiriladi. Nazorat ishini maxsus ajratilgan xona tashqarisiga olib chiqish taqiqlanadi. Maxsus ajratilgan xona ichkarisiga yuridik texnikum direktori, direktorning oʻquv ishlari boʻyicha birinchi oʻrinbosari, Oʻquv-metodik boʻlim boshligʻi, Taʼlim sifatini nazorat qilish boʻlimining boshligʻi va tekshiruvchi pedagog xodimlardan tashqari boshqa shaxslarning kirishi man etiladi.

Pedagog xodim tomonidan nazorat ishlari baholash mezonlari asosida tekshiriladi va nazorat ishining birinchi varagʻi ustiga ball qoʻyiladi. Ball aniq ifodalangan shaklda pedagog xodimning imzosi bilan tasdiqlangan holda qoʻyilishi kerak.

Pedagog xodim tomonidan har bir tekshirilgan nazorat ishiga taqriz beriladi hamda unda ish mazmunining ijobiy jihatlari va yoʻl qoʻyilgan xatoliklar aks ettirilishi lozim.

Shifrlangan nazorat ishini baholashning xolisligi va shaffofligiga taʼsir koʻrsatuvchi holatlar aniqlanganda, shu jumladan soʻzning ustiga yoki tagiga chizish yoxud atrofini chizib qoʻyish, ishda tekshiruvchi shaxs nomiga murojaatning mavjud boʻlishi, matnning turli qismlariga (shu jumladan, ochiq qoldirilgan joylariga) grafik belgilar qoʻyish, ish matnida oʻquvchining familiyasi, ismi, otasining ismini koʻrsatish holatlari mavjud boʻlganda, nazorat ishi uchun nol reyting ball qoʻyiladi.

34. Oʻquvchi tomonidan nazorat ishini bajarishda akademik halollik talablarining buzilishiga, jumladan mualliflikni oʻzlashtirish (plagiat)ga yoʻl qoʻyilmaydi. Nazorat ishida qogʻoz yoki elektron koʻrinishda nashr qilingan oʻzga matndan olingan manbaga hech qanday havola qilmagan holda ishlatish yoki olingan manbaga havola qilingan boʻlsada, lekin oʻzlashtirishlarning hajmi va xarakteri oʻquvchining nazorat ishini yoki uning asosiy qismini mustaqil yozilganligiga shubha uygʻotadigan darajada oʻzlashtirilgan boʻlsa, plagiat deb topiladi.

Plagiat ikki xil koʻrinishda boʻlishi mumkin:

oʻzga matnni soʻzma-soʻz bayon qilish;

parafraza — oʻzlashtirilgan oʻzga matnning mazmunini oʻzgartirmasdan soʻz va iboralarni almashtirib bayon qilish.

Nazorat ishi matnidagi oʻzganing mualliflik ishidan olingan har qanday matnda muallif, ishning nomi va ishning boshqa rekvizitlarini koʻrsatgan holda havolalar keltirilishi shart. Nazorat ishini tekshirishda mualliflikni oʻzlashtirish (plagiat) holatlari aniqlanishi, shuningdek ikki yoki undan ortiq yozma ishning mustaqil yozilganligiga shubha uygʻotadigan darajada oʻxshash boʻlishi ushbu barcha oʻxshash nazorat ishlariga, shu jumladan baholangan oʻxshash nazorat ishiga (ishlariga) ham nol reyting ball qoʻyishga asos boʻladi.

35. Nazorat ishlarini tekshirish natijalari boʻyicha tegishli ballar ishni tekshirgan pedagog xodim tomonidan darhol elektron taʼlim platformasiga kiritiladi va nazorat ishlari Oʻquv-metodik boʻlimga topshiriladi.

36. Oʻquv-metodik boʻlim tomonidan nazorat ishlari natijalari asosida reyting qaydnomasi yoki elektron taʼlim platformasida oʻquvchilarning familiyasi, ismi, otasining ismi identifikatsiya qilingan holda jamlovchi elektron reyting qaydnomasi shakllantiriladi.

Reyting qaydnomasiga tegishli maʼlumotlarning toʻgʻri kiritilishi uchun elektron taʼlim platformasiga nazorat ishlarini tekshirish va ballarni kiritishga masʼul boʻlgan pedagog xodim javobgar boʻladi.

Jamlovchi reyting qaydnomasida tegishli maʼlumotlarning toʻgʻri aks ettirilishi uchun Oʻquv-metodik boʻlim boshligʻi javobgar boʻladi.

37. Nazorat ishlarini baholashning xolisligini oʻrganish maqsadida TDYU tomonidan nazorat ishlari tasodifiy tanlangan holda qayta tekshirilishi mumkin. Bunda, TDYU rektori buyrugʻi bilan TDYU professor-oʻqituvchilari jalb qilinadi va ular baholash mezonlari asosida oʻquvchilarga qoʻyilgan reyting ballarining xolisligini aniqlaydi.

Bunda, nazorat ishlari TDYU professor-oʻqituvchilari tomonidan bevosita joyiga chiqqan holda qayta tekshiriladi yoki TDYUning soʻrov xatiga asosan TDYUga qayta tekshirish uchun yuborilishi mumkin.

Tanlangan nazorat ishlarini qayta tekshirish natijasida ularga qoʻyilgan ballar oʻzgartirilgan taqdirda qolgan barcha nazorat ishlari qaytadan tekshirib chiqilishi shart.

38. Oʻquv-metodik boʻlim boshligʻi nazorat turlari natijalari boʻyicha reyting qaydnomalarini koʻrib chiqib, ballarning haqqoniyligiga shubha uygʻotuvchi holatlarni (aksariyat ballar maksimal yoki minimal ballar bilan baholangan) aniqlasa, bu haqda direktorning oʻquv ishlari boʻyicha birinchi oʻrinbosarini darhol xabardor qilishi lozim. Direktorning oʻquv ishlari boʻyicha birinchi oʻrinbosari yuridik texnikum direktori buyrugʻi asosida tashkil etiladigan ekspertlar guruhi tomonidan nazorat ishlarini qayta tekshirtirish huquqiga ega.

Ekspertlar guruhi ishiga rahbarlikni, qoida tariqasida, direktorning oʻquv ishlari boʻyicha birinchi oʻrinbosari amalga oshiradi. Ekspertlar sifatida kelishuv asosida boshqa taʼlim muassasalarining pedagog xodimlari yoki amaliyotchi mutaxassislar ishtirok etishi mumkin. Ekspertlarning shaxsi oshkor etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi. Ekspertlarning asosiy vazifasi nazorat ishlarini mazkur Nizomda belgilangan baholash mezonlari asosida qayta tekshirib, qoʻyilgan ballarning nazorat ishiga muvofiq yoki nomuvofiq ekanligini aniqlash hisoblanadi.

Qayta tekshirish natijalariga koʻra, ekspertlar guruhi aʼzolari tomonidan imzolangan xulosa tegishli ballarni oʻzgartirish uchun asos hisoblanadi. Xulosa Oʻquv-metodik boʻlimga jamlovchi qaydnomani tayyorlash uchun taqdim etiladi.

Ekspertlar guruhining xulosasi rasmiylashtirilgunga qadar nazorat ishlari natijalari yakuniy emas deb hisoblanadi va oʻquvchilarga eʼlon qilinishi mumkin emas. Xulosa rasmiylashtirilgunga qadar natijalar maxfiyligi uchun Oʻquv-metodik boʻlim boshligʻi javobgar hisoblanadi.

39. Oʻquvchilar nazorat turlari boʻyicha olgan ballarini elektron taʼlim platformasi orqali kuzatib boradi.

40. Nazorat turlari boʻyicha qoʻyilgan balldan norozi boʻlgan oʻquvchilar natijalar eʼlon qilingandan boshlab 72 soat davomida Oʻquv-metodik boʻlim boshligʻi nomiga apellyatsiya berishlari mumkin.

Apellyatsiyani koʻrib chiqish uchun Oʻquv-metodik boʻlim boshligʻining bildirgisiga asosan direktorning oʻquv ishlari boʻyicha birinchi oʻrinbosari tomonidan tasdiqlanadigan yuridik texnikumning nazorat ishlarini tekshirish va baholashda ishtirok etmagan pedagog xodimlari tarkibidan kamida beshta aʼzodan iborat apellyatsiya komissiyasi tuziladi.

Nazorat turlari natijalari yuzasidan berilgan apellyatsiya apellyatsiya komissiyasi tomonidan barcha modullar boʻyicha nazorat turlari natijalari eʼlon qilingandan boshlab uch ish kuni ichida koʻrib chiqiladi.

Apellyatsiya komissiyalari aʼzolarning kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda vakolatli hisoblanadi. Apellyatsiya komissiyalarining qarori oddiy koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi va unda ishtirok etgan barcha aʼzolar tomonidan tasdiqlanadigan bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.

Oʻquvchining apellyatsiyasi apellyatsiya komissiyalarida oraliq va yakuniy nazorat turi boʻyicha ballar qoʻygan pedagog xodimning hamda apellyatsiya bergan oʻquvchining ishtirokida koʻrib chiqiladi.

Apellyatsiyani koʻrib chiqishda apellyatsiya komissiyalari nazorat ishlarini har tomonlama oʻrganadi.

Oʻquvchining apellyatsiyasini koʻrib chiqish natijasi boʻyicha apellyatsiya komissiyalari quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:

eʼtiroz asossiz boʻlsa, apellyatsiyani qanoatlantirishni rad etish va qoʻyilgan ballarni oʻzgarishsiz qoldirish;

eʼtiroz asosli boʻlsa, qoʻyilgan ballarni oʻzgartirish boʻyicha yuridik texnikum direktoriga taklif kiritish.

Oʻquvchining apellyatsiyasini koʻrishda uning ilgari olgan reyting ballini pasaytirishga yoʻl qoʻyilmaydi.

41. Tekshirilgan nazorat ishlari Oʻquv-metodik boʻlimda (elektron taʼlim platformasida) uch yil mobaynida saqlanadi.

Nazorat ishlari hujjatlar yigʻmajildlariga kiritilmaydi va alohida saqlanishi talab etiladigan hujjat hisoblanmaydi.

Nazorat ishlari uch yillik muddat oʻtganidan soʻng yoʻq qilinadi (elektron tizimdan oʻchirib tashlanadi).

4-bob. Nazorat turlarini baholash tartibi va mezonlari

42. Oʻquvchining har bir modul boʻyicha bilim, malaka va koʻnikmalarini baholash Yevropa kredit transfer tizimiga (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS) asosan mazkur Nizomning ilovasiga muvofiq amalga oshiriladi.

43. Oʻquvchining har bir modul boʻyicha egallagan bilim, malaka va koʻnikmalari, shuningdek oʻquv semestri mobaynidagi har bir modul boʻyicha oʻzlashtirishi 100 ballik tizim asosida butun sonlar bilan baholanadi.

100 ball nazorat turlari boʻyicha quyidagicha taqsimlanadi:

oraliq nazoratga modul boʻyicha toʻplanishi mumkin boʻlgan maksimal ballning — 40 foiz (40 ball)gacha;

yakuniy nazoratga modul boʻyicha toʻplanishi mumkin boʻlgan maksimal ballning — 60 foiz (60 ball)gacha, oraliq nazorati belgilanmagan taqdirda 100 foiz (100 ball)gacha ajratiladi.

TDYU Kengashi tomonidan nazorat turlari boʻyicha ballar miqdori oʻzgartirilishi mumkin.

44. Oʻquvchining modul boʻyicha oʻzlashtirishini baholash quyidagi namunaviy mezonlar asosida amalga oshiriladi:

a) “A”, “A-” aʼlo baho (86 — 100 %) olish uchun oʻquvchi:

oʻquv dasturining barcha boʻlimlari boʻyicha tizimli, toʻla va chuqur bilimga ega boʻlishi, zarur dalillar bilan asoslantirishi;

terminologiyadan (shu jumladan, xorijiy tilda ham) aniq, oʻz oʻrnida foydalanishi, savollarga javobni mantiqan toʻgʻri ifodalashi;

muammoli savollarni aniqlashi, oʻz huquqiy pozitsiyasini asoslab bera olishi;

modulning tayanch tushunchalarini bilishi va uni qisqa vaqt ichida masalalarni yechishda samarali qoʻllay olishi;

nostandart vaziyatlarda muammolarni mustaqil ravishda hal qila olish qobiliyatini koʻrsata olishi;

amaliy masalalarni qisqa, asoslangan va ratsional ravishda hal etishi;

modul oʻquv dasturida tavsiya etilgan asosiy va qoʻshimcha adabiyotlarni toʻliq va chuqur oʻzlashtirishi;

oʻrganilayotgan modul boʻyicha nazariyalar, konsepsiyalar va yoʻnalishlar mohiyatini anglash, ularni qoʻllay olishi;

seminar, amaliy mashgʻulotlarida butun semestr mobaynida ijodiy va mustaqil qatnashishi, guruhli muhokamalarda faol boʻlishi lozim;

b) “V+”, “V”, “V-” yaxshi baho (71 — 85 %) olish uchun oʻquvchi:

oʻquv dasturining barcha boʻlimlari boʻyicha tizimli, toʻla va chuqur bilimga ega boʻlishi, zarur dalillar bilan asoslantirishi;

terminologiyadan (shu jumladan, xorijiy tilda ham) aniq, oʻz oʻrnida foydalanishi, savollarga javobni mantiqan toʻgʻri ifodalashi;

oʻz fikrini isbotlashda yuzaga kelgan noaniqliklarni mustaqil bartaraf eta olishi;

modulning tayanch tushunchalarini bilishi, qisqa vaqt ichida ilmiy va kasbiy vazifalarni qoʻyish hamda hal qilishda undan unumli foydalanishi;

standart vaziyatlarda muammolarni oʻquv dasturi doirasida mustaqil hal qila olishi;

amaliy mashgʻulotlarda normativ-huquqiy hujjatlarni yaxshi bilishini namoyish qilishi, ushbu bilimlarni yangi vaziyatlarda toʻgʻri (lekin doim ham ratsional emas) qoʻllay olishi, bunda bajarilgan ish natijalarini yetarli darajada rasmiylashtira olmasligi;

modul oʻquv dasturida tavsiya qilingan asosiy adabiyotlarni oʻzlashtirishi;

oʻrganilayotgan modul boʻyicha nazariyalar, konsepsiyalar va yoʻnalishlar mohiyatini anglay olishi va ularni qoʻllay olishi;

butun modulni oʻzlashtirish davomida seminar, amaliy mashgʻulotlarida ijodiy va mustaqil qatnashishi, guruhli muhokamalarda faol boʻlishi lozim;

v) “S+”, “S”, “S-” qoniqarli baho (55 — 70 %) olish uchun oʻquvchi:

davlat taʼlim standartlari doirasida yetarli bilim hajmiga ega boʻlishi;

terminologiyani ishlatishi, savollarga javoblarni toʻgʻri bayon qilishi, lekin bunda ayrim xatolarga yoʻl qoʻyishi;

javob berishga yoki ayrim maxsus koʻnikmalarni namoyish qilishda qiynalganda, modul va normativ-huquqiy hujjatlar boʻyicha asosiy tushunchaga ega ekanligini namoyish etishi;

modulning umumiy tushunchalari boʻyicha qisman bilimga ega boʻlishi va uni standart (namunaviy) vaziyatlarni hal etishda qoʻllay olishi;

pedagog xodim rahbarligida standart vaziyatlarni hal eta olishi;

oʻqilayotgan modul boʻyicha asosiy nazariyalar, konsepsiyalar va yoʻnalishlar mohiyatini anglashi, ularga baho bera olishi;

seminar, amaliy mashgʻulotlarida pedagog xodim rahbarligida qatnashishi lozim;

g) oʻquvchining bilim darajasi “D” qoniqarsiz baho bilan (50 — 55 % gacha) baholanadi, agar:

davlat taʼlim standartlari doirasida faqat ayrim fragmentar bilimlarga ega boʻlsa;

terminlarni ishlata olmasa yoki javob berishda jiddiy mantiqiy xatolarga yoʻl qoʻysa;

seminar, amaliy mashgʻulotlarda passiv qatnashgan boʻlsa;

d) oʻquvchi oʻzlashtirishi quyidagi hollarda bilim darajasi “F” (0 — 49 % gacha) baholanadi, agar:

tegishli modul boʻyicha bilimlarga ega boʻlmasa;

amaliy koʻnikmalarga ega boʻlmasa, xatolarini hatto pedagog xodim tavsiyalari yordamida ham toʻgʻrilay olmasa.

Modul xususiyatidan kelib chiqqan holda har bir modul boʻyicha baholash mezonlari tegishli oʻquv dasturida aks etadi.

45. Modullar boʻyicha semestr uchun oʻquvchi reytingi quyidagicha aniqlanadi:

R f = V x O 1 , 100

bunda:

R f — oʻquvchining reytingi;

V — semestrda modul uchun ajratilgan umumiy yuklama (soatlarda);

O I — modul boʻyicha oʻzlashtirish darajasi (ballarda).

5-bob. Yakuniy qoidalar

46. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

47. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishilgan.

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquvchilar bilimini nazorat qilish tartibi va baholash mezonlari toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Oʻquvchining har bir modul boʻyicha oʻzlashtirish darajasini Yevropa kredit transfer tizimi (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS) asosida

Baho Ballda ifodalanishi Tavsifi A 100 — 93 Aʼlo A- 92 — 86 B+ 85 — 82 Yaxshi B 81 — 77 B- 76 — 71 C+ 70 — 67 Qoniqarli C 66 — 60 C- 59 — 56 D 55 — 50 Qoniqarsiz F 49 — 0

Vazir R. DAVLETOV

Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A. TOSHKULOV

Toshkent sh.,

2022-yil 1-mart,

2022-yil 23-fevral

3-mh-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 02.03.2022-y., 10/22/3351/0178-son; 09.07.2024-y., 10/24/3351-1/0482-son)

lex.uz