📅 2022-yil 7-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 7-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 7 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 7 марта 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 7 March 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёш мутахассислар ва ёш ватандошларга зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 13 июлдаги ПФ-6260-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 13 июлдаги ПФ-6260-сон Фармони билан:
давлат органлари ва ташкилотларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат ва магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг (кейинги ўринларда — ёш мутахассислар) лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилганлиги;
Бошқарув самарадорлиги агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан ойлик устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари, тор мутахассисликлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати шакллантирилиши;
ёш мутахассиснинг лавозим маошига қўшимча ойлик устамалар тўланиши Агентлик, иш берувчи ва ёш мутахассис билан 3 йилгача бўлган муддатга тузилган шартнома асосида амалга оширилиши;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги ПФ-6168-сон Фармони билан тасдиқланган Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси (кейинги ўринда — Жамғарма) тўғрисидаги низомга кўра Жамғарманинг асосий вазифалари этиб хориждаги нуфузли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасаларида, иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларида, айниқса, энг янги инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва қўллаш соҳаларида ишлаётган, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларимиз билан алоқалар ўрнатиш белгиланганлиги;
в) Жамғарма томонидан хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган ватандош олимлар, тажрибали экспертлар ва тадқиқотчилар учун очиқ рўйхатдан ўтиш электрон платформаси ишга туширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки, ёш мутахассисларга қўшимча устамалар миқдори белгиланишида нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг (ТНЕ (The Times Нigher Education World University Rankings), QS (Quacquarelli Symonds World University Rankings), ARWU (Academic Ranking of World Universities) юқори 500 талик рўйхатидаги энг юқори ўринда жой олган хорижий олий таълим ташкилоти инобатга олинади.
3. 2022 йил июнь ойидан бошлаб хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олаётган, илм-фан билан шуғулланаётган, етакчи компанияларда ишлаётган ҳамда юксак билим ва малакага эга бўлган Ўзбекистон ёшларининг (кейинги ўринларда — ёш ватандошлар) Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларида ишлаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида қуйидагича тизим жорий этилсин:
ёш ватандошларни фаолияти давомида Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва фуқароларга ижара шартномаси шартлари асосида беришни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 26 февралдаги 170-сон қарорига асосан яшаш учун хизмат турар жойлари билан таъминлаш;
давлат органлари ва ташкилотларида камида 2 йил меҳнат стажига эга бўлган ёш ватандошларга уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия (кейинги ўринларда — субсидия) бериш. Бунда:
субсидия бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарори билан тасдиқланган Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган тартиб орқали амалга оширилади;
давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ёш ватандошлар билан меҳнат шартномаси тузилганлиги, меҳнат стажи етарлилиги ва уй-жойга муҳтожлиги ҳақидаги маълумотларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали субсидия тўланадиган талабгорларни танлаб олиш бўйича комиссияга тақдим этади.
Мазкур банднинг бешинчи хатбошисида кўрсатилган маълумотномага асосан ёш ватандошларга ижтимоий мезонлар бўйича 30 балл берилади.
4. Жамғарма Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 июнга қадар ёш ватандошларнинг маълумотларини ўз ичига оладиган «Ёш ватандошлар реестри» автоматлаштирилган ахборот тизимини (кейинги ўринларда — ахборот тизими) яратсин ва Жамғарманинг хорижий давлатларда фаолият юритаётган ватандош олимлар, тажрибали экспертлар ва тадқиқотчилар учун очиқ рўйхатдан ўтиш электрон платформасига интеграция қилсин.
Бунда:
ахборот тизимини ишга тушириш ва юритиш билан боғлиқ харажатлар Жамғарманинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
ахборот тизимида хорижий давлатлардаги ёш ватандошлар ва ёш мутахассисларнинг очиқ рўйхатдан ўтиш имконияти, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида самарали фаолият олиб боришлари учун зарур кўникмаларни эгаллашга қаратилган махсус ўқув курслари, илмий ва амалий тадбирлар, онлайн учрашувлар, интерактив вазифалар жой олиши назарда тутилади.
5. Ташқи ишлар вазирлиги Жамғарма ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 июндан бошлаб доимий равишда хорижий давлатларда фаолият юритаётган ёш мутахассис ва ёш ватандошларнинг ахборот тизимида рўйхатдан ўтишига кўмаклашиб борсин.
6. Агентлик давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда:
ахборот тизимида рўйхатдан ўтган юқори малакали, маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик сифатларига эга бўлган ёш мутахассислар ва ёш ватандошлар билан алоқалар ўрнатиш ва уларни ишга таклиф қилиш чораларини кўрсин;
Жамғарма билан биргаликда ёш кадрларни малакасини ошириш ва стажировкадан ўтиш учун белгиланган тартибда ривожланган хорижий давлатларга юбориш чораларини кўрсин.
Хорижий давлатда тажриба орттириш билан боғлиқ харажатлар вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилсин.
Агентлик мазкур бандда назарда тутилган чора-тадбирларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан сифатли ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан доимий мониторинг олиб борсин.
7. Агентликнинг қуйидагича тартибни ўрнатиш тўғрисидаги таклифи инобатга олинсин:
ҳар йили 1 мартга қадар давлат органлари ва ташкилотлари ўз тизимида фаолият юритаётган малакали ёш мутахассислар ва ёш ватандошларни келгусида юқори лавозимларга тайинлаш юзасидан асосланган таклифларни (фаолият самарадорлигини баҳолаш ва иш натижадорлигини таҳлил қилиш асосида) Агентликка тақдим этади;
ҳар йили 1 апрелга қадар Агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг таклифлари асосида ёш мутахассислар ва ёш ватандошларни келгусида юқори лавозимларга тайинлаш юзасидан тавсияларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тақдим этади.
Бунда ёш мутахассислар ва ёш ватандошлар Агентлик томонидан уларнинг билим даражаси ҳамда раҳбарлик сифатларини баҳолаш орқали саралаб олинади ва раҳбарлик лавозимлари захирасига киритилади.
8. Ушбу қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари белгилансин.
9. Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва Бош вазир маслаҳатчилари зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 7 март,
101-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Davlat organlari va tashkilotlarida mehnat faoliyatini olib borayotgan yosh mutaxassislar va yosh vatandoshlarga zarur shart-sharoitlar yaratish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoshlarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash va ularning ijtimoiy faolligini yanada oshirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 13-iyuldagi PF-6260-son Farmonida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
a) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoshlarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash va ularning ijtimoiy faolligini yanada oshirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 13-iyuldagi PF-6260-son Farmoni bilan:
davlat organlari va tashkilotlarida faoliyat koʻrsatayotgan nufuzli xalqaro reyting tashkilotlarining yuqori 500 talik roʻyxatiga kiritilgan xorijiy oliy taʼlim muassasalarini (bakalavriat va magistratura) tamomlagan yoki ularda ilmiy daraja (PhD va unga tenglashtirilgan boshqa ilmiy daraja) olgan yosh mutaxassislarning (keyingi oʻrinlarda — yosh mutaxassislar) lavozim maoshiga Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoʻshimcha ustamalar toʻlab borish tartibi joriy etilganligi;
Boshqaruv samaradorligi agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan oylik ustamalar tatbiq etiladigan taʼlim yoʻnalishlari, tor mutaxassisliklar hamda davlat organlari va tashkilotlari roʻyxati shakllantirilishi;
yosh mutaxassisning lavozim maoshiga qoʻshimcha oylik ustamalar toʻlanishi Agentlik, ish beruvchi va yosh mutaxassis bilan 3 yilgacha boʻlgan muddatga tuzilgan shartnoma asosida amalga oshirilishi;
b) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 11-fevraldagi PF-6168-son Farmoni bilan tasdiqlangan Mutaxassislarni xorijda tayyorlash va vatandoshlar bilan muloqot qilish boʻyicha “El-yurt umidi” jamgʻarmasi (keyingi oʻrinda — Jamgʻarma) toʻgʻrisidagi nizomga koʻra Jamgʻarmaning asosiy vazifalari etib xorijdagi nufuzli ilmiy-tadqiqot, taʼlim va tibbiyot muassasalarida, iqtisodiyotning istiqbolli tarmoqlarida, ayniqsa, eng yangi innovatsion texnologiyalarni ishlab chiqarish va qoʻllash sohalarida ishlayotgan, qimmatli ilmiy va amaliy tajribaga ega vatandoshlarimiz bilan aloqalar oʻrnatish belgilanganligi;
v) Jamgʻarma tomonidan xorijiy mamlakatlarda faoliyat yuritayotgan vatandosh olimlar, tajribali ekspertlar va tadqiqotchilar uchun ochiq roʻyxatdan oʻtish elektron platformasi ishga tushirilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilansinki, yosh mutaxassislarga qoʻshimcha ustamalar miqdori belgilanishida nufuzli xalqaro reyting tashkilotlarining (TNE (The Times Nigher Education World University Rankings), QS (Quacquarelli Symonds World University Rankings), ARWU (Academic Ranking of World Universities) yuqori 500 talik roʻyxatidagi eng yuqori oʻrinda joy olgan xorijiy oliy taʼlim tashkiloti inobatga olinadi.
3. 2022-yil iyun oyidan boshlab xorijdagi nufuzli oliy taʼlim muassasalarida taʼlim olayotgan, ilm-fan bilan shugʻullanayotgan, yetakchi kompaniyalarda ishlayotgan hamda yuksak bilim va malakaga ega boʻlgan Oʻzbekiston yoshlarining (keyingi oʻrinlarda — yosh vatandoshlar) Oʻzbekiston Respublikasi vazirliklari, idoralari va tashkilotlari hamda ularning hududiy boʻlinmalarida ishlashi uchun zarur shart-sharoitlar yaratish maqsadida quyidagicha tizim joriy etilsin:
yosh vatandoshlarni faoliyati davomida Vazirlar Mahkamasining “Davlat uy-joy fondidagi turar joylarni taqsimlash va fuqarolarga ijara shartnomasi shartlari asosida berishni tartibga solishga qaratilgan normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2019-yil 26-fevraldagi 170-son qaroriga asosan yashash uchun xizmat turar joylari bilan taʼminlash;
davlat organlari va tashkilotlarida kamida 2 yil mehnat stajiga ega boʻlgan yosh vatandoshlarga uy-joy sotib olish yoki yakka tartibdagi uy-joy qurish va rekonstruksiya qilish uchun ipoteka krediti boʻyicha dastlabki badal va foizlarning bir qismini qoplash uchun subsidiya (keyingi oʻrinlarda — subsidiya) berish. Bunda:
subsidiya berish Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 25-martdagi 182-son qarori bilan tasdiqlangan Uy-joy sotib olish yoki yakka tartibdagi uy-joylarni qurish va rekonstruksiya qilish uchun fuqarolarga subsidiya toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomda nazarda tutilgan tartib orqali amalga oshiriladi;
davlat organlari va tashkilotlari rahbarlari yosh vatandoshlar bilan mehnat shartnomasi tuzilganligi, mehnat staji yetarliligi va uy-joyga muhtojligi haqidagi maʼlumotlarni Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali subsidiya toʻlanadigan talabgorlarni tanlab olish boʻyicha komissiyaga taqdim etadi.
Mazkur bandning beshinchi xatboshisida koʻrsatilgan maʼlumotnomaga asosan yosh vatandoshlarga ijtimoiy mezonlar boʻyicha 30 ball beriladi.
4. Jamgʻarma Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda 2022-yil 1-iyunga qadar yosh vatandoshlarning maʼlumotlarini oʻz ichiga oladigan “Yosh vatandoshlar reyestri” avtomatlashtirilgan axborot tizimini (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) yaratsin va Jamgʻarmaning xorijiy davlatlarda faoliyat yuritayotgan vatandosh olimlar, tajribali ekspertlar va tadqiqotchilar uchun ochiq roʻyxatdan oʻtish elektron platformasiga integratsiya qilsin.
Bunda:
axborot tizimini ishga tushirish va yuritish bilan bogʻliq xarajatlar Jamgʻarmaning mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi;
axborot tizimida xorijiy davlatlardagi yosh vatandoshlar va yosh mutaxassislarning ochiq roʻyxatdan oʻtish imkoniyati, ularning dunyoqarashini kengaytirish, shuningdek, davlat organlari va tashkilotlarida samarali faoliyat olib borishlari uchun zarur koʻnikmalarni egallashga qaratilgan maxsus oʻquv kurslari, ilmiy va amaliy tadbirlar, onlayn uchrashuvlar, interaktiv vazifalar joy olishi nazarda tutiladi.
5. Tashqi ishlar vazirligi Jamgʻarma va boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda 2022-yil 1-iyundan boshlab doimiy ravishda xorijiy davlatlarda faoliyat yuritayotgan yosh mutaxassis va yosh vatandoshlarning axborot tizimida roʻyxatdan oʻtishiga koʻmaklashib borsin.
6. Agentlik davlat organlari va tashkilotlari bilan birgalikda:
axborot tizimida roʻyxatdan oʻtgan yuqori malakali, maʼnaviy-axloqiy va vatanparvarlik sifatlariga ega boʻlgan yosh mutaxassislar va yosh vatandoshlar bilan aloqalar oʻrnatish va ularni ishga taklif qilish choralarini koʻrsin;
Jamgʻarma bilan birgalikda yosh kadrlarni malakasini oshirish va stajirovkadan oʻtish uchun belgilangan tartibda rivojlangan xorijiy davlatlarga yuborish choralarini koʻrsin.
Xorijiy davlatda tajriba orttirish bilan bogʻliq xarajatlar vazirliklar va idoralarning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan moliyalashtirilishi belgilab qoʻyilsin.
Agentlik mazkur bandda nazarda tutilgan chora-tadbirlarning davlat organlari va tashkilotlari tomonidan sifatli va oʻz vaqtida bajarilishi yuzasidan doimiy monitoring olib borsin.
7. Agentlikning quyidagicha tartibni oʻrnatish toʻgʻrisidagi taklifi inobatga olinsin:
har yili 1-martga qadar davlat organlari va tashkilotlari oʻz tizimida faoliyat yuritayotgan malakali yosh mutaxassislar va yosh vatandoshlarni kelgusida yuqori lavozimlarga tayinlash yuzasidan asoslangan takliflarni (faoliyat samaradorligini baholash va ish natijadorligini tahlil qilish asosida) Agentlikka taqdim etadi;
har yili 1-aprelga qadar Agentlik davlat organlari va tashkilotlarining takliflari asosida yosh mutaxassislar va yosh vatandoshlarni kelgusida yuqori lavozimlarga tayinlash yuzasidan tavsiyalarni Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga taqdim etadi.
Bunda yosh mutaxassislar va yosh vatandoshlar Agentlik tomonidan ularning bilim darajasi hamda rahbarlik sifatlarini baholash orqali saralab olinadi va rahbarlik lavozimlari zaxirasiga kiritiladi.
8. Ushbu qaror ijrosini samarali tashkil etishga masʼul va shaxsiy javobgar etib davlat organlari va tashkilotlarining birinchi rahbarlari belgilansin.
9. Moliya vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda qonunchilik hujjatlariga mazkur qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga ikki oy muddatda takliflar kiritsin.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari va Bosh vazir maslahatchilari zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 7-mart,
101-son