📅 2022-yil 25-mart · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 25-mart · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 25 март · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Соғлиқни сақлаш вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 25 марта 2022 г. · Документы министерств и ведомств · Министр здравоохранения
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 25 March 2022 · Ministry and agency documents · Sogʻliqni saqlash vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ
буйруғи
низом
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Соғлиқни сақлаш вазирининг 2022 йил 25 мартдаги 7-сон буйруғига ИЛОВА
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги
Ушбу Низом бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига (бундан буён матнда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар деб юритилади) давлат соғлиқни сақлаш муассасалари (бундан буён матнда даволаш муассасаси деб юритилади) томонидан малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом талаблари Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Ўзбекистон Республикасининг « Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида »ги ҳамда « Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида »ги қонунларига асосан Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқдан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари билан тенг равишда фойдаланади.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
чет эл фуқароси — Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлмаган, бошқа давлат фуқаролигига ва ўзининг бошқа давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлган шахс ;
фуқаролиги бўлмаган шахс — Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган ва ўзининг чет давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлмаган шахс;
шошилинч тиббий ёрдам — касалликларга чалинганда, бахтсиз ҳодисалар юз берганда, жароҳат олганда, заҳарланганда ва тез тиббий аралашув ҳар қандай шароитда кўрсатилишини талаб қиладиган бошқа ҳолатларда кўрсатиладиган тиббий ёрдам тури. Шошилинч тиббий ёрдам кечиктириб бўлмайдиган ва тез тиббий ёрдамни ўз ичига олади;
кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам — бемор ҳаётига хавф соладиган аниқ белгилари бўлмаган тўсатдан кучли касалликларда, ҳолатларда ва сурункали касалликлар кучайганда кўрсатиладиган тиббий ёрдам тури;
тез тиббий ёрдам — бемор ҳаётига хавф соладиган тўсатдан кучли касалликларда, ҳолатларда ва сурункали касалликлар кучайганда шошилинч кўрсатиладиган тиббий ёрдам тури;
режали тиббий ёрдам — профилактика тадбирлари ўтказишда, бемор ҳаётига хавф солмайдиган, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам талаб қилмайдиган касалликлар ва ҳолатларда кўрсатиладиган тиббий ёрдам тури. Бундай ёрдамнинг муайян вақт кеч кўрсатилиши бемор ҳаётининг ёмонлашишига, ҳаёти ва соғлиғи хавф остида қолишига сабаб бўлмайди.
2. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ кафолатланади.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва ушбу Низомда назарда тутилганидан бошқача тартиби белгиланган бўлса, халқаро шартномалар қоидалари қўлланилади.
2-боб. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
3. Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
бепул шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган ва тез тиббий ёрдам олиш;
пулли асосда режали тиббий ёрдам олиш;
шифокорни ва даволаш муассасасини танлаш;
санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган шароитда текширувдан ўтиш, даволаниш ва парвариш қилиниш;
мавжуд усуллар ва дори-воситалари ёрдамида тиббий ёрдам олиш;
тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сақланишини талаб қилиш;
тиббий аралашувга ўз ихтиёри билан розилик бериш ёки уни рад этиш;
ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари хусусида ҳамда соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумот олиш, шунингдек соғлиғининг ҳолатига доир маълумотларни унинг манфаатини кўзлаган ҳолда тақдим этиш мумкин бўлган шахсларни танлаш;
ихтиёрий тиббий суғурта доирасида тиббий хизматлардан фойдаланиш;
тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида соғлиғига зарар етказилган тақдирда кўрилган зарарнинг ўрнини қонунда белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш;
ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши учун ҳузурига адвокат ёки бошқа қонуний вакил чақиртириш;
тиббий текширув натижалари, касалликнинг мавжудлиги ва унинг ташхиси, тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари, улар билан боғлиқ хавф, тиббий аралашувнинг мумкин бўлган турлари ва уларнинг оқибатлари ҳақида маълумот олиш;
тиббий ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари бузилган тақдирда, бевосита ёки қонуний вакили орқали даволаш муассасасининг раҳбари ёки бошқа мансабдор шахсига нисбатан юқори бошқарув органига ёки судга шикоят қилиш.
4. Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қуйидагиларга мажбур:
тиббиёт ходимларига ўзларида жамоат саломатлиги учун хавф туғдирадиган касалликлар, одамнинг иммунитет танқислиги вируси мавжудлиги тўғрисида хабар бериш, шунингдек бошқа одамлар билан алоқада бўлганда эҳтиёт чораларини кўриш;
тиббиёт ходимларини уларда олдин аниқланган дори воситаларини қабул қилишга аллергик реакциялар ва бошқа ножўя таъсирлар мавжудлиги ҳақида хабардор қилиш;
даволовчи шифокор томонидан белгиланган даволаш тадбирларига риоя қилиш.
3-боб. Бепул ва пулли асосда тиббий ёрдам кўрсатиш
5. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга шошилинч тиббий ёрдам, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам ва тез тиббий ёрдам бепул кўрсатилади.
6. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга режали тиббий ёрдам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда даволаш муассасаси томонидан тасдиқланадиган тарифлар асосида амалга оширилади.
Бунда, «IT-visa»га эга бўлган хорижий фуқаролар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, ота-онаси ва фарзандлари) тиббий хизматлар учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифлар бўйича ҳақ тўлаш ҳуқуқига эга.
7. Тиббий хизматларга ҳақ тўлаш чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан миллий валюта — сўмда амалга оширилади.
4-боб. Тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби
8. Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасининг маслаҳат поликлиникасига мурожаат қилади.
Бунда, агар зарурат бўлса, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан ёхуд унинг хоҳишига кўра даволаш муассасаси томонидан таржимон жалб этилиши мумкин.
Таржимоннинг хизматига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобидан қопланади.
9. Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс даволаш муассасасига тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганда, даволаш муассасаси томонидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари (чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картаси , миллий паспорти ёки чет давлат фуқаролигига мансублигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар), шунингдек ихтиёрий тиббий суғурта полиси маълумотлари (мавжуд бўлса) кўздан кечирилади ҳамда улар ҳақидаги маълумотлар тиббий ҳужжатларда (амбулатор карта, касаллик тарихи ва ундан кўчирма) ёзма ёки электрон шаклда қайд этилади.
10. Тиббий ёрдам кўрсатишдан олдин чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсдан, шунингдек агар чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ўн тўрт ёшга тўлмаган ёхуд муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, унинг қонуний вакилидан тиббий аралашувга ёзма равишда розилик олинади.
11. Тиббий аралашувга розилик чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ёхуд унинг қонуний вакилининг (чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ўн тўрт ёшга тўлмаган ёхуд муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса) имзоси, шунингдек беморнинг ихтиёрий розилигини олган шифокор имзоси билан тасдиқланади.
12. Тиббий ёрдам кўрсатишда чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс тиббий ёрдам кўрсатилишидан бош тортган тақдирда, бу ҳақда касаллик тарихида қайд этилади.
Бунда, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлган ҳолларда тиббиёт ходими томонидан унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур.
13. Наркологик касалликларга (сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик) чалинган ёки руҳий ҳолати бузилган шахсларни мажбурий даволаш Ўзбекистон Республикасининг « Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида »ги ҳамда « Психиатрия ёрдами тўғрисида »ги қонунларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
14. Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида (оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникалари) юқумли касалликларга қарши ихтиёрий равишда бепул профилактик эмланиши мумкин.
15. Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг тиббий ҳужжатлари (амбулатор карта, касаллик тарихи ва ундан кўчирма) давлат тилида тўлдирилади.
Бунда, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг илтимосига кўра, тиббий ҳужжатлар мазкур Низомнинг 8-бандига мувофиқ жалб этилган таржимон томонидан чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс кўрсатган тилга таржима қилиниши мумкин.
16. Таржима қилинган тиббий ҳужжатлар (амбулатор карта, касаллик тарихи ва ундан кўчирма) даволаш муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланади ва чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга (ёки қонуний вакилига) топширилади.
17. Даволаш муассасасининг мансабдор шахслари чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатишда уларнинг соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқларини бузганлик ёки соғлиғига зарар етказганлик учун жавобгар ҳисобланади.
5-боб. Якуний қоида
18. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазир Б. МУСАЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 25 март,
7-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI SOGʻLIQNI SAQLASH VAZIRINING
buyrugʻi
nizom
Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga tibbiy yordam koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Fuqarolar sogʻligʻini saqlash toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq buyuraman:
1. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga tibbiy yordam koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Sogʻliqni saqlash vazirining 2022-yil 25-martdagi 7-son buyrugʻiga ILOVA
Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga tibbiy yordam koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi
Ushbu Nizom boshqa davlatlar hududida doimiy yashaydigan va Oʻzbekiston Respublikasi hududida vaqtincha turgan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi hududida doimiy yashaydigan chet el fuqarolariga (bundan buyon matnda chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar deb yuritiladi) davlat sogʻliqni saqlash muassasalari (bundan buyon matnda davolash muassasasi deb yuritiladi) tomonidan malakali tibbiy yordam koʻrsatish tartibini belgilaydi.
Mazkur Nizom talablari Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashaydigan fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga nisbatan tatbiq etilmaydi.
Oʻzbekiston Respublikasining “ Fuqarolar sogʻligʻini saqlash toʻgʻrisida ”gi hamda “ Oʻzbekiston Respublikasida chet el fuqarolarining va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning huquqiy holati toʻgʻrisida ”gi qonunlariga asosan Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashaydigan fuqaroligi boʻlmagan shaxslar sogʻliqni saqlashga boʻlgan huquqdan Oʻzbekiston Respublikasining fuqarolari bilan teng ravishda foydalanadi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalar qoʻllaniladi:
chet el fuqarosi — Oʻzbekiston Respublikasining fuqaroligiga ega boʻlmagan, boshqa davlat fuqaroligiga va oʻzining boshqa davlat fuqaroligiga mansubligiga doir dalilga ega boʻlgan shaxs ;
fuqaroligi boʻlmagan shaxs — Oʻzbekiston Respublikasining fuqarosi boʻlmagan va oʻzining chet davlat fuqaroligiga mansubligiga doir dalilga ega boʻlmagan shaxs;
shoshilinch tibbiy yordam — kasalliklarga chalinganda, baxtsiz hodisalar yuz berganda, jarohat olganda, zaharlanganda va tez tibbiy aralashuv har qanday sharoitda koʻrsatilishini talab qiladigan boshqa holatlarda koʻrsatiladigan tibbiy yordam turi. Shoshilinch tibbiy yordam kechiktirib boʻlmaydigan va tez tibbiy yordamni oʻz ichiga oladi;
kechiktirib boʻlmaydigan tibbiy yordam — bemor hayotiga xavf soladigan aniq belgilari boʻlmagan toʻsatdan kuchli kasalliklarda, holatlarda va surunkali kasalliklar kuchayganda koʻrsatiladigan tibbiy yordam turi;
tez tibbiy yordam — bemor hayotiga xavf soladigan toʻsatdan kuchli kasalliklarda, holatlarda va surunkali kasalliklar kuchayganda shoshilinch koʻrsatiladigan tibbiy yordam turi;
rejali tibbiy yordam — profilaktika tadbirlari oʻtkazishda, bemor hayotiga xavf solmaydigan, shoshilinch va kechiktirib boʻlmaydigan tibbiy yordam talab qilmaydigan kasalliklar va holatlarda koʻrsatiladigan tibbiy yordam turi. Bunday yordamning muayyan vaqt kech koʻrsatilishi bemor hayotining yomonlashishiga, hayoti va sogʻligʻi xavf ostida qolishiga sabab boʻlmaydi.
2. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning sogʻliqni saqlashga boʻlgan huquqi Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalariga muvofiq kafolatlanadi.
Agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalarida chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga tibbiy yordam koʻrsatishning Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligi va ushbu Nizomda nazarda tutilganidan boshqacha tartibi belgilangan boʻlsa, xalqaro shartnomalar qoidalari qoʻllaniladi.
2-bob. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning huquq va majburiyatlari
3. Tibbiy yordam soʻrab murojaat qilgan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar quyidagi huquqlarga ega:
bepul shoshilinch, kechiktirib boʻlmaydigan va tez tibbiy yordam olish;
pulli asosda rejali tibbiy yordam olish;
shifokorni va davolash muassasasini tanlash;
sanitariya-gigiyena talablariga javob beradigan sharoitda tekshiruvdan oʻtish, davolanish va parvarish qilinish;
mavjud usullar va dori-vositalari yordamida tibbiy yordam olish;
tibbiy yordam soʻrab murojaat qilganligi, sogʻligʻining holati, qoʻyilgan tashxis toʻgʻrisidagi maʼlumotlar hamda uni tekshirish va davolash chogʻida olingan boshqa maʼlumotlar sir saqlanishini talab qilish;
tibbiy aralashuvga oʻz ixtiyori bilan rozilik berish yoki uni rad etish;
oʻz huquq va majburiyatlari xususida hamda sogʻligʻining holati haqida maʼlumot olish, shuningdek sogʻligʻining holatiga doir maʼlumotlarni uning manfaatini koʻzlagan holda taqdim etish mumkin boʻlgan shaxslarni tanlash;
ixtiyoriy tibbiy sugʻurta doirasida tibbiy xizmatlardan foydalanish;
tibbiy yordam koʻrsatish vaqtida sogʻligʻiga zarar yetkazilgan taqdirda koʻrilgan zararning oʻrnini qonunda belgilangan tartibda qoplanishini talab qilish;
oʻz huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilishi uchun huzuriga advokat yoki boshqa qonuniy vakil chaqirtirish;
tibbiy tekshiruv natijalari, kasallikning mavjudligi va uning tashxisi, tibbiy yordam koʻrsatish usullari, ular bilan bogʻliq xavf, tibbiy aralashuvning mumkin boʻlgan turlari va ularning oqibatlari haqida maʼlumot olish;
tibbiy yordam olishga boʻlgan huquqlari buzilgan taqdirda, bevosita yoki qonuniy vakili orqali davolash muassasasining rahbari yoki boshqa mansabdor shaxsiga nisbatan yuqori boshqaruv organiga yoki sudga shikoyat qilish.
4. Tibbiy yordam soʻrab murojaat qilgan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar quyidagilarga majbur:
tibbiyot xodimlariga oʻzlarida jamoat salomatligi uchun xavf tugʻdiradigan kasalliklar, odamning immunitet tanqisligi virusi mavjudligi toʻgʻrisida xabar berish, shuningdek boshqa odamlar bilan aloqada boʻlganda ehtiyot choralarini koʻrish;
tibbiyot xodimlarini ularda oldin aniqlangan dori vositalarini qabul qilishga allergik reaksiyalar va boshqa nojoʻya taʼsirlar mavjudligi haqida xabardor qilish;
davolovchi shifokor tomonidan belgilangan davolash tadbirlariga rioya qilish.
3-bob. Bepul va pulli asosda tibbiy yordam koʻrsatish
5. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga shoshilinch tibbiy yordam, kechiktirib boʻlmaydigan tibbiy yordam va tez tibbiy yordam bepul koʻrsatiladi.
6. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga rejali tibbiy yordam Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi bilan kelishgan holda davolash muassasasi tomonidan tasdiqlanadigan tariflar asosida amalga oshiriladi.
Bunda, “IT-visa”ga ega boʻlgan xorijiy fuqarolar, shuningdek ularning oila aʼzolari (turmush oʻrtogʻi, ota-onasi va farzandlari) tibbiy xizmatlar uchun Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari uchun belgilangan tariflar boʻyicha haq toʻlash huquqiga ega.
7. Tibbiy xizmatlarga haq toʻlash chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar tomonidan milliy valyuta — soʻmda amalga oshiriladi.
4-bob. Tibbiy yordam koʻrsatish tartibi
8. Chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs shifokor koʻrigidan oʻtish uchun davolash muassasasining maslahat poliklinikasiga murojaat qiladi.
Bunda, agar zarurat boʻlsa, chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs tomonidan yoxud uning xohishiga koʻra davolash muassasasi tomonidan tarjimon jalb etilishi mumkin.
Tarjimonning xizmatiga haq toʻlash bilan bogʻliq xarajatlar chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs hisobidan qoplanadi.
9. Chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs davolash muassasasiga tibbiy yordam soʻrab murojaat qilganda, davolash muassasasi tomonidan uning shaxsini tasdiqlovchi hujjatlari (chet el fuqarosining va fuqaroligi boʻlmagan shaxsning identifikatsiyalovchi ID-kartasi , milliy pasporti yoki chet davlat fuqaroligiga mansubligini tasdiqlovchi boshqa hujjatlar), shuningdek ixtiyoriy tibbiy sugʻurta polisi maʼlumotlari (mavjud boʻlsa) koʻzdan kechiriladi hamda ular haqidagi maʼlumotlar tibbiy hujjatlarda (ambulator karta, kasallik tarixi va undan koʻchirma) yozma yoki elektron shaklda qayd etiladi.
10. Tibbiy yordam koʻrsatishdan oldin chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxsdan, shuningdek agar chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs oʻn toʻrt yoshga toʻlmagan yoxud muomalaga layoqatsiz deb topilgan boʻlsa, uning qonuniy vakilidan tibbiy aralashuvga yozma ravishda rozilik olinadi.
11. Tibbiy aralashuvga rozilik chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs yoxud uning qonuniy vakilining (chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs oʻn toʻrt yoshga toʻlmagan yoxud muomalaga layoqatsiz deb topilgan boʻlsa) imzosi, shuningdek bemorning ixtiyoriy roziligini olgan shifokor imzosi bilan tasdiqlanadi.
12. Tibbiy yordam koʻrsatishda chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs tibbiy yordam koʻrsatilishidan bosh tortgan taqdirda, bu haqda kasallik tarixida qayd etiladi.
Bunda, shoshilinch tibbiy yordam koʻrsatish zarur boʻlgan hollarda tibbiyot xodimi tomonidan unga birinchi tibbiy yordam koʻrsatilishi zarur.
13. Narkologik kasalliklarga (surunkali alkogolizm, giyohvandlik, zaharvandlik) chalingan yoki ruhiy holati buzilgan shaxslarni majburiy davolash Oʻzbekiston Respublikasining “ Narkologik kasalliklar profilaktikasi va ularni davolash toʻgʻrisida ”gi hamda “ Psixiatriya yordami toʻgʻrisida ”gi qonunlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
14. Chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalarida (oilaviy shifokor punktlari, oilaviy poliklinikalar va markaziy tuman (shahar) koʻp tarmoqli poliklinikalari) yuqumli kasalliklarga qarshi ixtiyoriy ravishda bepul profilaktik emlanishi mumkin.
15. Chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxsning tibbiy hujjatlari (ambulator karta, kasallik tarixi va undan koʻchirma) davlat tilida toʻldiriladi.
Bunda, chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxsning iltimosiga koʻra, tibbiy hujjatlar mazkur Nizomning 8-bandiga muvofiq jalb etilgan tarjimon tomonidan chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs koʻrsatgan tilga tarjima qilinishi mumkin.
16. Tarjima qilingan tibbiy hujjatlar (ambulator karta, kasallik tarixi va undan koʻchirma) davolash muassasasi rahbari tomonidan tasdiqlanadi va chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxsga (yoki qonuniy vakiliga) topshiriladi.
17. Davolash muassasasining mansabdor shaxslari chet el fuqarolari yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga tibbiy yordam koʻrsatishda ularning sogʻliqni saqlashga boʻlgan huquqlarini buzganlik yoki sogʻligʻiga zarar yetkazganlik uchun javobgar hisoblanadi.
5-bob. Yakuniy qoida
18. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Vazir B. MUSAYEV
Toshkent sh.,
2022-yil 25-mart,
7-son