📅 2022-yil 7-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 7-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 7 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 7 апреля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 7 April 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Давлат экологик назорати ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида назоратнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 декабрдаги ПФ-46-сон Фармони ҳамда «Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 29 сентябрдаги ПҚ-4845-сон қарори ижросини таъминлаш, атроф муҳитни ва моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини янада такомиллаштириш, шунингдек, ушбу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда — Давлат экология қўмитаси), Бош прокуратура ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш, шунингдек, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида фуқароларнинг иштирокини таъминлашга қаратилган «Эконазорат» ва «Маданий мерос назорати» ахборот тизимлари (кейинги ўринларда — ахборот тизимлари) ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги, Бош прокуратуранинг моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни юборган шахсларни:
ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварига тенг миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантириш;
жарима, шу жумладан, маъмурий жарима билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо чораси қўлланган ҳолларда Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 8 январдаги 15-сон қарорига мувофиқ рағбатлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
а) Давлат экология қўмитаси ҳамда Маданий мерос агентлиги (кейинги ўринларда — Маданий мерос агентлиги) ахборот тизимларининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича масъул органлар ҳисобланади;
б) ахборот тизимларидаги мобил иловалар қуйидаги имкониятларни назарда тутади:
давлат экологик назорати объектлари, шунингдек, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар фаолияти ҳамда чиқиндилар ва моддий маданий мерос объектлари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
жисмоний шахслар томонидан аниқланган экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш, шунингдек, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқбузарлик (кейинги ўринларда — соҳага оид ҳуқуқбузарликлар) тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни Давлат экология қўмитаси ҳамда Маданий мерос агентлигига манзил (географик) белгилари бўйича юбориш;
соҳага оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахсларни пул мукофотлари билан рағбатлантириш;
соҳага оид ҳуқуқбузарликлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва статистик маълумотлар базаси билан танишиш;
содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳужжатларини (баённома ва қарорларни) электрон шаклда тузиш орқали ушбу ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотларни Ички ишлар вазирлигининг «Е-mаʼmuriy ish» тизимига киритиш;
2022 йил 1 майдан бошлаб ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектлари ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг жойлашуви бўйича давлат кадастри ва уларнинг мониторинги тўғрисидаги маълумотлардан очиқ фойдаланиш;
мобил иловалар орқали тақдим этилган фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувлар бўйича масъул органлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳолатини мониторинг қилиш, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш юзасидан аввал берилган мажбурий кўрсатмалар ва талабномалар бўйича амалга оширилган бошқа зарур чора-тадбирлардан хабардор бўлиш;
ҳудудлар ва туманлар (шаҳарлар) кесимида аниқланган соҳага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумотларни жорий этиш ҳамда юритиш.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Маданий мерос агентлиги, Давлат экология қўмитаси:
бир ой муддатда фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувлардаги шахснинг юз қиёфаси бўйича биометрик маълумотлар базасидан шахсини аниқлашга ихтисослашган аппарат-дастурий комплексни харид қилишни молиялаштириш манбаи тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
келгусида биометрик маълумотлар базасига техник талаблар асосида қўшимча аппарат-дастурий комплексни жойлаштириш ва «Папилон-Полифейс» тизимига интеграция қилиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.
5. Давлат экология қўмитаси ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 майга қадар ахборот тизимларининг мазкур қарор 3-бандида назарда тутилган вазифаларни бажариш учун интеграция қилиниши билан боғлиқ зарур ишларни амалга оширсин.
Бунда қуйидаги фаолият турларини амалга ошириш учун рухсатномалар беришга масъул ташкилотлар берилган рухсатномаларни уларнинг амал қилиш жойлашувини кўрсатган ҳолда ахборот тизимига мустақил киритиш чораларини кўрсин:
маданий мерос объектларида тадқиқотлар, қидирувлар ўтказиш, маданий мерос объектларида илмий-консервация ва реставрация ишларини амалга ошириш;
Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесиш;
сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш.
6. Қуйидагиларни назарда тутувчи Жисмоний шахслар томонидан қайд этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
жисмоний шахслар томонидан юборилган соҳага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш ҳамда қайд этиш тартиби ва шартлари;
видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ҳамда кўриб чиқишни рад этиш тартиби;
соҳага оид ҳуқуқбузарликлар қайд этилган фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни юборган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳамда шартлари.
7. Давлат экология қўмитаси 2023 йил 1 декабрга қадар қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Давлат экология қўмитасининг давлат инспекторларини, шунингдек, фаолияти атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ерлардан ноқонуний фойдаланишни бартараф этиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини назорат қилишга ихтисослаштирилган прокуратура органлари ходимларини зарур ускуналар (планшетлар, бодикамералар ва бошқалар) билан таъминласин ҳамда «Эконазорат» ахборот тизимининг тўлиқ ишлаши учун сервер ускуналарини харид қилсин.
8. Давлат экология қўмитаси ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги:
а) бир ой муддатда:
Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда соҳага оид ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларнинг юз қиёфасини аниқлаш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ахборот тизимларида ҳуқуқбузарликлар акс этган фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарлар шахсини аниқлаш ва уларнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш билан шуғулланувчи масъул ходимларни белгиласин;
б) Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 30 мартдаги 265-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 апрелдаги 165-сон қарорига 1-ИЛОВА
Жисмоний шахслар томонидан қайд этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом жисмоний шахсларнинг видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобил қурилмалари (кейинги ўринларда — видеотехника воситалари) орқали қайд этилган экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш, шунингдек, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар (кейинги ўринларда — ҳуқуқбузарлик) акс эттирилган фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни (кейинги ўринларда — фото ва видео материаллар) қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартибини белгилайди.
2. Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видео материалларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
2-боб. Ҳуқуқбузарликларни видеотехника воситалари орқали қайд этиш
3. Жисмоний шахслар ҳуқуқбузарликни видеотехника воситалари орқали қайд этиши ҳамда фото ва видео материалларни:
экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик бўйича — «Эконазорат» ахборот тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига (кейинги ўринларда — Давлат экология қўмитаси);
моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик бўйича — «Маданий мерос назорати» ахборот тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигига (кейинги ўринларда — Маданий мерос агентлиги) кўриб чиқиш учун юбориши мумкин.
4. Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видео материалларда қуйидагилар аниқ акс эттирилиши лозим:
содир этилган ҳуқуқбузарлик;
ҳуқуқбузарлик содир этган шахс тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);
маданий мерос объектининг номи (тегишли ҳуқуқбузарлик бўйича);
ҳуқуқбузарлик содир этилган манзил, сана ва вақт.
5. Ҳуқуқбузарликлар акс эттирилган фото ва видео материалларга ҳар қандай тарзда ўзгартиришлар киритиш тақиқланади. Ўзгартириш киритилган фото ва видео материаллар кўриб чиқилмайди, ҳажмини қисқартириш мақсадида видеоёзувнинг бевосита ҳуқуқбузарлик акс эттирилган қисмини кесиб олиш бундан мустасно.
6. Ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган фото ва видео материалларни «Эконазорат» ва «Маданий мерос назорати» ахборот тизимларига юборишда қуйидагилар тўлиқ кўрсатилиши лозим:
фуқаронинг исми, фамилияси, отасининг исми, доимий яшаш манзили;
уяли телефон рақами, банк пластик картаси рақами ва электрон манзили;
ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, сана ва вақт;
ҳуқуқбузарлик содир этган шахс тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса).
3-боб. Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш
7. Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видео материаллар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали ҳуқуқбузарликлар қайд этилган фотосурат ва видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
8. «Эконазорат» ва «Маданий мерос назорати» ахборот тизимларига келиб тушган ҳуқуқбузарлик қайд этилган фото ва видео материаллар тегишлилиги бўйича Давлат экология қўмитаси ёки Маданий мерос агентлигининг масъул ходими томонидан ўн беш иш куни мобайнида кўриб чиқилади, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ўрганилади ва ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш мақсадида фото ва видео материаллар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига юборилади.
9. Ҳуқуқбузарлик ҳақидаги фото ва видео материаллар Ички ишлар вазирлиги томонидан қабул қилинади, фото ва видео материаллар сифати ва материалларда акс этган шахснинг ташқи юз қиёфаси шахсни аниқлашга яроқлилиги текширилади, шундан сўнг ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланади ва тегишлилиги бўйича ўн иш куни мобайнида Давлат экология қўмитаси ёки Маданий мерос агентлигига юборилади.
Фото ва видео материалларни қабул қилиш ва ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланганлиги натижаларини тегишлилиги бўйича юбориш автоматик ва электрон тарзда амалга оширилиши мумкин.
10. Давлат экология қўмитасининг масъул ходими беш иш куни мобайнида:
маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома ва жазо чораларини қўллаш юзасидан ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштиради ҳамда Ички ишлар вазирлигининг «Е-maʼmuriy ish» тизимига киритади;
жарима солиш тўғрисидаги тегишли қарор ва тайинланган жаримани тўлаш учун тўлов варақаси (квитанция)ни ҳуқуқбузарнинг электрон почта манзилига электрон шаклда, телефон рақамига «смс» хабарнома шаклида ёки яшаш манзилига почта орқали юборади. Бунда тегишли қарор ва тўлов варақаси (квитанция) ҳуқуқбузарга бевосита тақдим этилиши ҳам мумкин.
Содир этилган ҳуқуқбузарлик бўйича кўриб чиқиш ваколати мавжуд бўлмаса, ҳужжатлар бир иш куни мобайнида қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли судга ёки бошқа ваколатли органга юборилади.
11. Маданий мерос агентлигининг масъул ходими беш иш куни мобайнида Ички ишлар вазирлигининг идоралараро маълумотларни узатиш тармоғи «Е-ma'muriy ish» тизими орқали ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тўпланган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларига кўриб чиқиш учун тақдим этади.
12. Агар содир этилган ҳуқуқбузарликда жиноят аломатлари аниқланса, фото ва видео материаллар бир кун ичида ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига юборилади.
13. Қуйидаги ҳолларда видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видео материаллар асосида иш юритиш тугатилади ҳамда бу ҳақда тегишли қарор қабул қилинади:
фото ва видео материаллар мазкур Низомнинг 4-бандида белгиланган талабларга жавоб бермаганда ёки сифатсиз бўлганда;
фото ва видео материаллар «Эконазорат» ва «Маданий мерос назорати» ахборот тизимларига мазкур Низомнинг 6-бандида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда юкланганда;
фото ва видео материалларга ўзгартиришлар киритилган бўлса, мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
ички ишлар органлари томонидан фото ва видео материалларда акс эттирилган ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш имкони бўлмаганда;
фото ва видео материалларда қайд этилган ҳуқуқбузарлик бўйича қарор қабул қилинган ёки маъмурий иш (жиноят иши) юритилаётган тақдирда.
14. Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видео материалларни кўриб чиқиш натижаси юзасидан уни юборган шахсга ҳуқуқбузарлик (жиноят) бўйича жарима ундирилган пайтдан эътиборан ўн беш кун муддатда электрон шаклда жавоб юборилади.
4-боб. Ҳуқуқбузарликлар қайд этилган видеоёзувларни юборган шахсларни рағбатлантириш
15. Ҳуқуқбузарлик акс эттирилган фото ва видео материалларни юборган шахслар:
дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича — ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида;
экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги бошқа ҳуқуқбузарлик бўйича — ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг ўн беш фоизи миқдорида;
моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқбузарлик бўйича — ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Ҳуқуқбузарлик бўйича суд томонидан жарима, шу жумладан, маъмурий жарима билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо чораси қўлланган ҳолларда, фото ва видео материалларни юборган шахс Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 8 январдаги 15-сон қарорига мувофиқ рағбатлантирилади.
16. Ҳуқуқбузарлик акс эттирилган фото ва видео материалларни юборган шахслар уяли телефон рақамини ёки банк пластик картаси рақамини кўрсатиш орқали рағбатлантириш пули қандай усулда қабул қилиб олинишини кўрсатиб ўтади.
17. Рағбатлантириш:
ҳуқуқбузарлик бўйича биринчи хабар берган шахсга нисбатан қўлланилади;
ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан сўнг келиб тушган хабарлар бўйича амалга оширилмайди;
жарима ундирилган пайтдан эътиборан ўн беш кун муддатда унинг тегишли органлар ҳисобида қолдириладиган қисмидан амалга оширилади.
18. Рағбатлантириш ҳуқуқбузардан жарима ундирилгандан сўнг фуқаронинг уяли телефон рақами ҳисобига ёки банк пластик картасига тегишлилиги бўйича Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси ёки Маданий мерос жамғармаси ҳисобварағига ўтказилган маблағлар ҳисобидан автоматик тарзда пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
19. Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видео материалларни тақдим этган шахслар ҳақдаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
20. Ушбу Низомни бажариш жараёнида келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
21. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Жисмоний шахслар томонидан қайд этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақидаги низомга ИЛОВА
Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видео материалларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Амалга ошириш муддатлари 1-босқич Жисмоний шахслар Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш, шунингдек, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар (кейинги ўринларда — ҳуқуқбузарлик) тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни (кейинги ўринларда — фото ва видео материаллар) юбориш. Ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтда 2-босқич Давлат экология қўмитаси, Маданий мерос агентлиги 1. Жисмоний шахс томонидан юборилган ҳуқуқбузарлик ҳақидаги фото ва видео материалларни қабул қилиш. 2. Ҳуқуқбузарлик ҳолатларини ўрганиш. 3. Ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш мақсадида Ички ишлар вазирлигига фото ва видео материалларни юбориш. Ўн беш иш кунида 3-босқич Ички ишлар вазирлиги 1. Ҳуқуқбузарлик ҳақидаги фото ва видео материалларни қабул қилиш. 2. Фото ва видео материалларнинг сифати ва материалларда акс этган шахснинг ташқи юз қиёфаси шахсни аниқлашга яроқлилигини текшириш. 3. Фото ва видео материаллардаги ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш. 4. Ҳуқуқбузар шахси тўғрисидаги маълумотларни тегишлилиги бўйича Давлат экология қўмитаси ва Маданий мерос агентлигига юбориш. Ўн иш кунида 4-босқич Давлат экология қўмитаси 1. Ҳуқуқбузарга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома ва жазо чораларини қўллаш юзасидан ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштириш ва Ички ишлар вазирлигининг ягона маълумотлар базасига киритиш ёки тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун тааллуқли судга юбориш. Беш иш кунида 2. Жарима солиш тўғрисидаги тегишли қарор ва тайинланган жаримани тўлаш учун тўлов варақаси (квитанция)ни ҳуқуқбузарнинг электрон почта манзилига электрон шаклда, телефон рақамига смс хабарнома шаклида ёки яшаш манзилига почта орқали юбориш. Беш иш кунида 3. Содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича кўриб чиқиш ваколати мавжуд бўлмаган тақдирда ҳужжатларни тегишли судга ёки бошқа ваколатли органга юбориш. Бир иш кунида Маданий мерос агентлиги Ички ишлар вазирлигининг идоралараро маълумотларни узатиш тармоғи «Е-maʼmuriy ish» тизими орқали ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тўпланган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларига кўриб чиқиш учун тақдим этиш. Беш иш кунида 5-босқич Давлат экология қўмитаси, Маданий мерос агентлиги 1. Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахсларни пул мукофоти билан рағбатлантириш. 2. Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахсга мурожаати натижалари юзасидан маълумотларни юбориш. Ҳуқуқбузарлик бўйича жарима ундирилган пайтдан эътиборан ўн беш кун муддатда
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 апрелдаги 165-сон қарорига 2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 30 мартдаги 265-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Қарорга 7-иловада :
4-бандга қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши қўшилсин:
«моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахсларни ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварига тенг миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантириш»;
еттинчи хатбоши саккизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
2. Қарорга 12-илованинг 21-бандида :
иккинчи хатбошидаги «меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 35,2 фоизи» сўзлари «базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари» сўзлари билан алмаштирилсин;
учинчи хатбошидаги «меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,06 баравари» сўзлари «базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари» сўзлари билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 7 апрель,
165-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Davlat ekologik nazorati hamda moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish sohasida nazoratning zamonaviy mexanizmlarini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikada koʻkalamzorlashtirish ishlarini jadallashtirish, daraxtlar muhofazasini yanada samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 30-dekabrdagi PF-46-son Farmoni hamda “Maishiy va qurilish chiqindilari bilan bogʻliq ishlarni boshqarish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 29-sentabrdagi PQ-4845-son qarori ijrosini taʼminlash, atrof muhitni va moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish hamda ulardan foydalanish sohasida davlat nazoratini yanada takomillashtirish, shuningdek, ushbu jarayonga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Davlat ekologiya qoʻmitasi), Bosh prokuratura hamda Turizm va madaniy meros vazirligi tomonidan ekologiya, atrof muhitni muhofaza qilish va tabiatdan foydalanish, shuningdek, moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish sohasida fuqarolarning ishtirokini taʼminlashga qaratilgan “Ekonazorat” va “Madaniy meros nazorati” axborot tizimlari (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimlari) ishlab chiqilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi, Bosh prokuraturaning moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish sohasida huquqbuzarlik holatlari boʻyicha fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni yuborgan shaxslarni:
har bir tasdiqlangan holat boʻyicha huquqbuzardan undirilgan mablagʻlar hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining bir baravariga teng miqdordagi pul mukofoti bilan ragʻbatlantirish;
jarima, shu jumladan, maʼmuriy jarima bilan bogʻliq boʻlmagan boshqa jazo chorasi qoʻllangan hollarda Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida nizomni tasdiqlash haqida” 2018-yil 8-yanvardagi 15-son qaroriga muvofiq ragʻbatlantirish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
3. Belgilab qoʻyilsinki:
a) Davlat ekologiya qoʻmitasi hamda Madaniy meros agentligi (keyingi oʻrinlarda — Madaniy meros agentligi) axborot tizimlarining samarali ishlashini taʼminlash boʻyicha masʼul organlar hisoblanadi;
b) axborot tizimlaridagi mobil ilovalar quyidagi imkoniyatlarni nazarda tutadi:
davlat ekologik nazorati obyektlari, shuningdek, muhofaza etiladigan tabiiy hududlar faoliyati hamda chiqindilar va moddiy madaniy meros obyektlari bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish boʻyicha samarali jamoatchilik nazoratini oʻrnatish;
jismoniy shaxslar tomonidan aniqlangan ekologiya, atrof muhitni muhofaza qilish va tabiatdan foydalanish, shuningdek, moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish sohasida huquqbuzarlik (keyingi oʻrinlarda — sohaga oid huquqbuzarliklar) toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni Davlat ekologiya qoʻmitasi hamda Madaniy meros agentligiga manzil (geografik) belgilari boʻyicha yuborish;
sohaga oid huquqbuzarliklar haqida xabar bergan jismoniy shaxslarni pul mukofotlari bilan ragʻbatlantirish;
sohaga oid huquqbuzarliklar, normativ-huquqiy hujjatlar va statistik maʼlumotlar bazasi bilan tanishish;
sodir etilgan maʼmuriy huquqbuzarliklar yuzasidan maʼmuriy huquqbuzarlik hujjatlarini (bayonnoma va qarorlarni) elektron shaklda tuzish orqali ushbu huquqbuzarliklar haqidagi maʼlumotlarni Ichki ishlar vazirligining “E-maʼmuriy ish” tizimiga kiritish;
2022-yil 1-maydan boshlab hayvonot va oʻsimlik dunyosi obyektlari hamda muhofaza etiladigan tabiiy hududlarning joylashuvi boʻyicha davlat kadastri va ularning monitoringi toʻgʻrisidagi maʼlumotlardan ochiq foydalanish;
mobil ilovalar orqali taqdim etilgan fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlar boʻyicha masʼul organlar tomonidan amalga oshirilgan ishlar holatini monitoring qilish, shuningdek, qonunchilik hujjatlari ijrosini taʼminlash yuzasidan avval berilgan majburiy koʻrsatmalar va talabnomalar boʻyicha amalga oshirilgan boshqa zarur chora-tadbirlardan xabardor boʻlish;
hududlar va tumanlar (shaharlar) kesimida aniqlangan sohaga oid huquqbuzarliklar toʻgʻrisida maʼlumotlarni joriy etish hamda yuritish.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Madaniy meros agentligi, Davlat ekologiya qoʻmitasi:
bir oy muddatda fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlardagi shaxsning yuz qiyofasi boʻyicha biometrik maʼlumotlar bazasidan shaxsini aniqlashga ixtisoslashgan apparat-dasturiy kompleksni xarid qilishni moliyalashtirish manbai toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin;
kelgusida biometrik maʼlumotlar bazasiga texnik talablar asosida qoʻshimcha apparat-dasturiy kompleksni joylashtirish va “Papilon-Polifeys” tizimiga integratsiya qilish boʻyicha zarur chora-tadbirlarni amalga oshirsin.
5. Davlat ekologiya qoʻmitasi hamda Turizm va madaniy meros vazirligi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Davlat soliq qoʻmitasi hamda boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2022-yil 1-mayga qadar axborot tizimlarining mazkur qaror 3-bandida nazarda tutilgan vazifalarni bajarish uchun integratsiya qilinishi bilan bogʻliq zarur ishlarni amalga oshirsin.
Bunda quyidagi faoliyat turlarini amalga oshirish uchun ruxsatnomalar berishga masʼul tashkilotlar berilgan ruxsatnomalarni ularning amal qilish joylashuvini koʻrsatgan holda axborot tizimiga mustaqil kiritish choralarini koʻrsin:
madaniy meros obyektlarida tadqiqotlar, qidiruvlar oʻtkazish, madaniy meros obyektlarida ilmiy-konservatsiya va restavratsiya ishlarini amalga oshirish;
Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni kesish;
suvdan maxsus foydalanish yoki suvni maxsus isteʼmol qilish.
6. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Jismoniy shaxslar tomonidan qayd etilgan huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi haqidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
jismoniy shaxslar tomonidan yuborilgan sohaga oid huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni qabul qilish hamda qayd etish tartibi va shartlari;
videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarliklarni koʻrib chiqish hamda koʻrib chiqishni rad etish tartibi;
sohaga oid huquqbuzarliklar qayd etilgan fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni yuborgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi hamda shartlari.
7. Davlat ekologiya qoʻmitasi 2023-yil 1-dekabrga qadar qoʻmitaning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan Davlat ekologiya qoʻmitasining davlat inspektorlarini, shuningdek, faoliyati atrof muhitni muhofaza qilish va yerlardan noqonuniy foydalanishni bartaraf etish toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari ijrosini nazorat qilishga ixtisoslashtirilgan prokuratura organlari xodimlarini zarur uskunalar (planshetlar, bodikameralar va boshqalar) bilan taʼminlasin hamda “Ekonazorat” axborot tizimining toʻliq ishlashi uchun server uskunalarini xarid qilsin.
8. Davlat ekologiya qoʻmitasi hamda Turizm va madaniy meros vazirligi:
a) bir oy muddatda:
Ichki ishlar vazirligi bilan birgalikda sohaga oid huquqbuzarliklarni sodir etgan shaxslarning yuz qiyofasini aniqlash tartibini ishlab chiqsin va tasdiqlasin;
axborot tizimlarida huquqbuzarliklar aks etgan fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni tahlil qilish, huquqbuzarlar shaxsini aniqlash va ularning harakatiga huquqiy baho berish bilan shugʻullanuvchi masʼul xodimlarni belgilasin;
b) Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyati ommaviy axborot vositalarida keng yoritilishini taʼminlasin.
9. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Madaniy meros departamenti faoliyatini tashkil etish hamda moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanishga oid ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2019-yil 30-martdagi 265-son qaroriga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritilsin.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — turizm va madaniy meros vaziri A.A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 7-apreldagi 165-son qaroriga 1-ILOVA
Jismoniy shaxslar tomonidan qayd etilgan huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi haqida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom jismoniy shaxslarning videokuzatuv va tasvirga olish texnika vositalari hamda mobil qurilmalari (keyingi oʻrinlarda — videotexnika vositalari) orqali qayd etilgan ekologiya, atrof muhitni muhofaza qilish va tabiatdan foydalanish, shuningdek, moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish sohasidagi huquqbuzarliklar (keyingi oʻrinlarda — huquqbuzarlik) aks ettirilgan fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni (keyingi oʻrinlarda — foto va video materiallar) qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibini belgilaydi.
2. Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va video materiallarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema asosida amalga oshiriladi.
2-bob. Huquqbuzarliklarni videotexnika vositalari orqali qayd etish
3. Jismoniy shaxslar huquqbuzarlikni videotexnika vositalari orqali qayd etishi hamda foto va video materiallarni:
ekologiya, atrof muhitni muhofaza qilish va tabiatdan foydalanish sohasidagi huquqbuzarlik boʻyicha — “Ekonazorat” axborot tizimi orqali Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasiga (keyingi oʻrinlarda — Davlat ekologiya qoʻmitasi);
moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish sohasidagi huquqbuzarlik boʻyicha — “Madaniy meros nazorati” axborot tizimi orqali Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligiga (keyingi oʻrinlarda — Madaniy meros agentligi) koʻrib chiqish uchun yuborishi mumkin.
4. Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va video materiallarda quyidagilar aniq aks ettirilishi lozim:
sodir etilgan huquqbuzarlik;
huquqbuzarlik sodir etgan shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (agar mavjud boʻlsa);
madaniy meros obyektining nomi (tegishli huquqbuzarlik boʻyicha);
huquqbuzarlik sodir etilgan manzil, sana va vaqt.
5. Huquqbuzarliklar aks ettirilgan foto va video materiallarga har qanday tarzda oʻzgartirishlar kiritish taqiqlanadi. Oʻzgartirish kiritilgan foto va video materiallar koʻrib chiqilmaydi, hajmini qisqartirish maqsadida videoyozuvning bevosita huquqbuzarlik aks ettirilgan qismini kesib olish bundan mustasno.
6. Huquqbuzarlik holati aks ettirilgan foto va video materiallarni “Ekonazorat” va “Madaniy meros nazorati” axborot tizimlariga yuborishda quyidagilar toʻliq koʻrsatilishi lozim:
fuqaroning ismi, familiyasi, otasining ismi, doimiy yashash manzili;
uyali telefon raqami, bank plastik kartasi raqami va elektron manzili;
huquqbuzarlik sodir etilgan joy, sana va vaqt;
huquqbuzarlik sodir etgan shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (agar mavjud boʻlsa).
3-bob. Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarliklarni koʻrib chiqish
7. Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va video materiallar maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish texnika vositalari orqali huquqbuzarliklar qayd etilgan fotosurat va videoyozuvlarga tenglashtiriladi hamda Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksida belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.
8. “Ekonazorat” va “Madaniy meros nazorati” axborot tizimlariga kelib tushgan huquqbuzarlik qayd etilgan foto va video materiallar tegishliligi boʻyicha Davlat ekologiya qoʻmitasi yoki Madaniy meros agentligining masʼul xodimi tomonidan oʻn besh ish kuni mobaynida koʻrib chiqiladi, huquqbuzarlik holatlari oʻrganiladi va huquqbuzarning shaxsini aniqlash maqsadida foto va video materiallar Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligiga yuboriladi.
9. Huquqbuzarlik haqidagi foto va video materiallar Ichki ishlar vazirligi tomonidan qabul qilinadi, foto va video materiallar sifati va materiallarda aks etgan shaxsning tashqi yuz qiyofasi shaxsni aniqlashga yaroqliligi tekshiriladi, shundan soʻng huquqbuzarning shaxsi aniqlanadi va tegishliligi boʻyicha oʻn ish kuni mobaynida Davlat ekologiya qoʻmitasi yoki Madaniy meros agentligiga yuboriladi.
Foto va video materiallarni qabul qilish va huquqbuzarning shaxsi aniqlanganligi natijalarini tegishliligi boʻyicha yuborish avtomatik va elektron tarzda amalga oshirilishi mumkin.
10. Davlat ekologiya qoʻmitasining masʼul xodimi besh ish kuni mobaynida:
maʼmuriy huquqbuzarlik sodir etgan shaxsga nisbatan belgilangan tartibda maʼmuriy bayonnoma va jazo choralarini qoʻllash yuzasidan hujjatlarni elektron shaklda rasmiylashtiradi hamda Ichki ishlar vazirligining “E-maʼmuriy ish” tizimiga kiritadi;
jarima solish toʻgʻrisidagi tegishli qaror va tayinlangan jarimani toʻlash uchun toʻlov varaqasi (kvitansiya)ni huquqbuzarning elektron pochta manziliga elektron shaklda, telefon raqamiga “sms” xabarnoma shaklida yoki yashash manziliga pochta orqali yuboradi. Bunda tegishli qaror va toʻlov varaqasi (kvitansiya) huquqbuzarga bevosita taqdim etilishi ham mumkin.
Sodir etilgan huquqbuzarlik boʻyicha koʻrib chiqish vakolati mavjud boʻlmasa, hujjatlar bir ish kuni mobaynida qonunchilikda belgilangan tartibda tegishli sudga yoki boshqa vakolatli organga yuboriladi.
11. Madaniy meros agentligining masʼul xodimi besh ish kuni mobaynida Ichki ishlar vazirligining idoralararo maʼlumotlarni uzatish tarmogʻi “E-ma'muriy ish” tizimi orqali huquqbuzarlik sodir etgan shaxsga nisbatan toʻplangan maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishni jinoyat ishlari boʻyicha tuman (shahar) sudlariga koʻrib chiqish uchun taqdim etadi.
12. Agar sodir etilgan huquqbuzarlikda jinoyat alomatlari aniqlansa, foto va video materiallar bir kun ichida vakolatli huquqni muhofaza qilish organiga yuboriladi.
13. Quyidagi hollarda videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va video materiallar asosida ish yuritish tugatiladi hamda bu haqda tegishli qaror qabul qilinadi:
foto va video materiallar mazkur Nizomning 4-bandida belgilangan talablarga javob bermaganda yoki sifatsiz boʻlganda;
foto va video materiallar “Ekonazorat” va “Madaniy meros nazorati” axborot tizimlariga mazkur Nizomning 6-bandida belgilangan talablarga rioya etilmagan holda yuklanganda;
foto va video materiallarga oʻzgartirishlar kiritilgan boʻlsa, mazkur Nizomning 5-bandida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno;
ichki ishlar organlari tomonidan foto va video materiallarda aks ettirilgan huquqbuzarning shaxsini aniqlash imkoni boʻlmaganda;
foto va video materiallarda qayd etilgan huquqbuzarlik boʻyicha qaror qabul qilingan yoki maʼmuriy ish (jinoyat ishi) yuritilayotgan taqdirda.
14. Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va video materiallarni koʻrib chiqish natijasi yuzasidan uni yuborgan shaxsga huquqbuzarlik (jinoyat) boʻyicha jarima undirilgan paytdan eʼtiboran oʻn besh kun muddatda elektron shaklda javob yuboriladi.
4-bob. Huquqbuzarliklar qayd etilgan videoyozuvlarni yuborgan shaxslarni ragʻbatlantirish
15. Huquqbuzarlik aks ettirilgan foto va video materiallarni yuborgan shaxslar:
daraxtlar, butalar, boshqa oʻsimliklar va nihollarni qonunga xilof ravishda kesish, kundakov qilish, shikastlantirish, yoʻq qilish yoki boshqa joyga koʻchirib oʻtkazish boʻyicha — huquqbuzardan undirilgan mablagʻlar hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining 1 baravari miqdorida;
ekologiya, atrof muhitni muhofaza qilish va tabiatdan foydalanish sohasidagi boshqa huquqbuzarlik boʻyicha — huquqbuzardan undirilgan jarima miqdorining oʻn besh foizi miqdorida;
moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish sohasida huquqbuzarlik boʻyicha — huquqbuzardan undirilgan mablagʻlar hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining 1 baravari miqdorida pul mukofoti bilan ragʻbatlantiriladi.
Huquqbuzarlik boʻyicha sud tomonidan jarima, shu jumladan, maʼmuriy jarima bilan bogʻliq boʻlmagan boshqa jazo chorasi qoʻllangan hollarda, foto va video materiallarni yuborgan shaxs Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida nizomni tasdiqlash haqida” 2018-yil 8-yanvardagi 15-son qaroriga muvofiq ragʻbatlantiriladi.
16. Huquqbuzarlik aks ettirilgan foto va video materiallarni yuborgan shaxslar uyali telefon raqamini yoki bank plastik kartasi raqamini koʻrsatish orqali ragʻbatlantirish puli qanday usulda qabul qilib olinishini koʻrsatib oʻtadi.
17. Ragʻbatlantirish:
huquqbuzarlik boʻyicha birinchi xabar bergan shaxsga nisbatan qoʻllaniladi;
huquqbuzarlik tegishli organlar tomonidan bevosita aniqlangandan soʻng kelib tushgan xabarlar boʻyicha amalga oshirilmaydi;
jarima undirilgan paytdan eʼtiboran oʻn besh kun muddatda uning tegishli organlar hisobida qoldiriladigan qismidan amalga oshiriladi.
18. Ragʻbatlantirish huquqbuzardan jarima undirilgandan soʻng fuqaroning uyali telefon raqami hisobiga yoki bank plastik kartasiga tegishliligi boʻyicha Ekologiya, atrof muhitni muhofaza qilish va chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish jamgʻarmasi yoki Madaniy meros jamgʻarmasi hisobvaragʻiga oʻtkazilgan mablagʻlar hisobidan avtomatik tarzda pul oʻtkazish yoʻli bilan amalga oshiriladi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
19. Huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va video materiallarni taqdim etgan shaxslar haqdagi maʼlumotlarning oshkor etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
20. Ushbu Nizomni bajarish jarayonida kelib chiqadigan nizolar qonunchilik hujjatlariga muvofiq hal etiladi.
21. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Jismoniy shaxslar tomonidan qayd etilgan huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi haqidagi nizomga ILOVA
Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va video materiallarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Amalga oshirish muddatlari 1-bosqich Jismoniy shaxslar Ekologiya, atrof muhitni muhofaza qilish va tabiatdan foydalanish, shuningdek, moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish sohasida huquqbuzarliklar (keyingi oʻrinlarda — huquqbuzarlik) toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni (keyingi oʻrinlarda — foto va video materiallar) yuborish. Huquqbuzarlik aniqlangan paytda 2-bosqich Davlat ekologiya qoʻmitasi, Madaniy meros agentligi 1. Jismoniy shaxs tomonidan yuborilgan huquqbuzarlik haqidagi foto va video materiallarni qabul qilish. 2. Huquqbuzarlik holatlarini oʻrganish. 3. Huquqbuzarning shaxsini aniqlash maqsadida Ichki ishlar vazirligiga foto va video materiallarni yuborish. Oʻn besh ish kunida 3-bosqich Ichki ishlar vazirligi 1. Huquqbuzarlik haqidagi foto va video materiallarni qabul qilish. 2. Foto va video materiallarning sifati va materiallarda aks etgan shaxsning tashqi yuz qiyofasi shaxsni aniqlashga yaroqliligini tekshirish. 3. Foto va video materiallardagi huquqbuzarning shaxsini aniqlash. 4. Huquqbuzar shaxsi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni tegishliligi boʻyicha Davlat ekologiya qoʻmitasi va Madaniy meros agentligiga yuborish. Oʻn ish kunida 4-bosqich Davlat ekologiya qoʻmitasi 1. Huquqbuzarga nisbatan belgilangan tartibda maʼmuriy bayonnoma va jazo choralarini qoʻllash yuzasidan hujjatlarni elektron shaklda rasmiylashtirish va Ichki ishlar vazirligining yagona maʼlumotlar bazasiga kiritish yoki tegishliligi boʻyicha koʻrib chiqish uchun taalluqli sudga yuborish. Besh ish kunida 2. Jarima solish toʻgʻrisidagi tegishli qaror va tayinlangan jarimani toʻlash uchun toʻlov varaqasi (kvitansiya)ni huquqbuzarning elektron pochta manziliga elektron shaklda, telefon raqamiga sms xabarnoma shaklida yoki yashash manziliga pochta orqali yuborish. Besh ish kunida 3. Sodir etilgan huquqbuzarlik holati boʻyicha koʻrib chiqish vakolati mavjud boʻlmagan taqdirda hujjatlarni tegishli sudga yoki boshqa vakolatli organga yuborish. Bir ish kunida Madaniy meros agentligi Ichki ishlar vazirligining idoralararo maʼlumotlarni uzatish tarmogʻi “E-maʼmuriy ish” tizimi orqali huquqbuzarlik sodir etgan shaxsga nisbatan toʻplangan maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishni jinoyat ishlari boʻyicha tuman (shahar) sudlariga koʻrib chiqish uchun taqdim etish. Besh ish kunida 5-bosqich Davlat ekologiya qoʻmitasi, Madaniy meros agentligi 1. Huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi fotosuratlar va videoyozuvlarni yuborgan shaxslarni pul mukofoti bilan ragʻbatlantirish. 2. Huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi fotosuratlar va videoyozuvlarni yuborgan shaxsga murojaati natijalari yuzasidan maʼlumotlarni yuborish. Huquqbuzarlik boʻyicha jarima undirilgan paytdan eʼtiboran oʻn besh kun muddatda
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 7-apreldagi 165-son qaroriga 2-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Madaniy meros departamenti faoliyatini tashkil etish hamda moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanishga oid ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2019-yil 30-martdagi 265-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Qarorga 7-ilovada :
4-bandga quyidagi mazmundagi yettinchi xatboshi qoʻshilsin:
“moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish toʻgʻrisidagi qonun buzilishi holatlari haqidagi fotosuratlar va videoyozuvlarni yuborgan shaxslarni ushbu huquqbuzarliklarni sodir etgan shaxslardan undirilgan mablagʻlar hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining bir baravariga teng miqdordagi pul mukofoti bilan ragʻbatlantirish”;
yettinchi xatboshi sakkizinchi xatboshi deb hisoblansin.
2. Qarorga 12-ilovaning 21-bandida :
ikkinchi xatboshidagi “mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 35,2 foizi” soʻzlari “bazaviy hisoblash miqdorining 1 baravari” soʻzlari bilan almashtirilsin;
uchinchi xatboshidagi “mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 1,06 baravari” soʻzlari “bazaviy hisoblash miqdorining 3 baravari” soʻzlari bilan almashtirilsin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 7-aprel,
165-son