UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 11-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 11 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 11 апреля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 11 April 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

СХЕМАСИ

Волонтёрлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги ПФ-6181-сон Фармони билан тасдиқланган 2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ҳамда Адлия вазирлигининг волонтёрлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг (кейинги ўринларда — давлат органлари) вазифалари ва функцияларини бажаришда волонтёрлик фаолиятини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. 2022 йил 1 июндан бошлаб қуйидагиларни амалга ошириш имконини берувчи Ўзбекистон ёшлар портали негизида яратилган волонтёрлар электрон платформаси (кейинги ўринда — волонтёрлар платформаси) ишга туширилсин:

волонтёрларнинг ижтимоий аҳамиятга молик тадбирлар, лойиҳалар ва акциялардаги иштироки, шунингдек, давлат органлари фаолиятига кўмаклашган даврини қайд этиб бориш;

волонтёрлар гуруҳига киритилган волонтёрларни ҳисобга қўйиш;

ҳудудлар ва фаолият йўналиши бўйича волонтёрлик ёрдамини жалб қилишга қизиқиш билдираётган давлат органлари рўйхати ҳамда уларнинг тадбирлари, лойиҳалари ва акцияларини жойлаштириш;

давлат органларининг волонтёрлар билан ишлашига оид методик тавсияларни жойлаштириш;

волонтёрлик фаолиятини чет элда амалга ошириш.

Ёшлар ишлари агентлиги (А. Саъдуллаев) волонтёрлар платформасини тўлиқ ишга туширсин ҳамда унинг доимий техник қўллаб-қувватланишини таъминласин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

давлат органлари раҳбарлари волонтёрлар жалб этиладиган йўналишлар рўйхатини ҳамда ички йўриқномасини тасдиқлайди;

давлат органларига уларнинг фаолиятини самарали ва тежамли шаклда амалга оширишга кўмаклашувчи волонтёрлик гуруҳлари тузилади ҳамда уларга волонтёрлар ушбу давлат органларида ташкил этиладиган комиссия томонидан суҳбат асосида танлаб олинади;

давлат органларида тузиладиган волонтёрлик гуруҳларининг фаол аъзолари давлат органларининг бюджетдан ташқари маблағлари доирасида ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан рағбатлантириб борилади;

ҳар бир давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятига волонтёрлик ташкилотларининг ташаббускор вакиллари жалб қилинади.

4. Давлат органларининг ёшлар билан ишлашга масъул бўлган раҳбар ўринбосарларига (маслаҳатчиларига) волонтёрлар билан ишлаш ваколати юклатилсин ва унинг доирасида уларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

давлат органи фаолияти билан боғлиқ волонтёрлик дастурларини тайёрлаш ва тасдиқлаш учун давлат органи раҳбарига киритиш;

давлат органи томонидан волонтёрлар иштирокида ижтимоий аҳамиятга молик тадбирлар, лойиҳалар ва акциялар ўтказилишини ташкил этиш;

давлат органи фаолиятини амалга оширишга жалб этиладиган волонтёрларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш;

давлат органи фаолиятини амалга оширишга жалб этиладиган волонтёрлар томонидан ушбу қарор билан тасдиқланган низом талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

давлат органининг вазифалари ва функцияларини волонтёрлик орқали самарали ва тежамли шаклда амалга ошириш юзасидан таклифлар киритиш;

давлат органи фаолиятини амалга оширишга жалб этиладиган волонтёрларни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириш тўғрисида таклифлар киритиш.

5. Белгиласинки, давлат органларининг уларнинг вазифалари ва функцияларини бажаришда волонтёрликни жорий этиш билан боғлиқ фаолияти Ёшлар ишлари агентлиги томонидан баҳоланиб, баҳолаш натижаларига асосан уларнинг ҳар чораклик рейтинг кўрсаткичлари волонтёрлар платформасида эълон қилиб борилади.

6. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат органларининг вазифалари ва функцияларини волонтёрлик орқали нисбатан самарали ва тежамли шаклда амалга ошириш тартиби тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Давлат органлари раҳбарлари:

а) бир ой муддатда:

ушбу қарор билан тасдиқланган намунавий низом асосида давлат органининг вазифалари ва функцияларидан келиб чиқиб, уларни волонтёрлик орқали нисбатан самарали ва тежамли шаклда амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомларни;

волонтёрлар жалб этиладиган йўналишлар рўйхатини ҳамда ички йўриқномани ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

б) ҳар йили давлат органларининг вазифалар ва функцияларини самарали амалга оширишга кўмаклашган фаол волонтёрларни рағбатлантириш чораларини кўрсин.

8. Ёшлар ишлар агентлигига давлат органларига волонтёрлар билан самарали ишни ташкил этиш бўйича методик ёрдам кўрсатиш вазифаси юклансин.

9. Ёшлар ишлар агентлиги (А. Саъдуллаев):

бир ой муддатда режа-жадвалга асосан давлат органларининг ёшлар билан ишлашга масъул бўлган раҳбар ўринбосарларига (маслаҳатчиларига) ҳамда бошқа ходимларига волонтёрлар билан самарали ишни ташкил этиш бўйича семинар ва онлайн-курслар ўтказсин;

бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ҳар бир ҳудуддаги 5 та энг яхши волонтёрлик лойиҳаларини амалга ошириш учун волонтёрлик гуруҳлари ва волонтёрлик ташкилотларига ҳар бир лойиҳа учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача миқдорда маблағ ажратсин;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси билан биргаликда икки ой муддатда волонтёрлар билан ишлашда юқори натижаларга (ҳуқуқий, молиявий, ташкилий ва бошқалар) эришган хорижий мамлакатларнинг амалиётини ўрганиб, таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар, жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибиятига ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги директори А.З. Саъдуллаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 апрелдаги 169-сон қарорига ИЛОВА

Давлат органларининг вазифалари ва функцияларини волонтёрлик орқали нисбатан самарали ва тежамли шаклда амалга ошириш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг (кейинги ўринларда — давлат органлари) вазифалари ва функцияларини волонтёрлик орқали нисбатан самарали ва тежамли шаклда амалга ошириш тартибини белгилайди.

2-боб. Волонтёрларни давлат органлари фаолиятига жалб этиш

2. Давлат органларининг вазифа ва функцияларини волонтёрлик орқали нисбатан самарали ва тежамкор шаклда бажариш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

Вояга етган, волонтёр сифатида жалб этилаётган тегишли соҳа бўйича билим ва кўникмага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органлари фаолиятига волонтёр сифатида жалб этилиши мумкин.

3. Қуйидаги фуқароларнинг давлат органи фаолиятига волонтёр сифатида жалб этилишига йўл қўйилмайди:

муомалага лаёқати белгиланган тартибда чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган;

волонтёр сифатида жалб этилаётган тегишли соҳа бўйича етарли билим ва кўникмага эга бўлмаган;

давлат органи ходими — ўзи ишлаётган давлат органи фаолиятида (корпоратив волонтёрлик бундан мустасно);

ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилган, шунингдек, қасддан жиноят содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган;

жиноий жазони ўтаётган;

белгиланган вазифаларни амалга оширишга монелик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсони мавжуд бўлган;

ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар;

диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари.

4. Профессионал ва олий таълим муассасаларида таълим олаётган фуқаролар ушбу таълим муассасаларидаги таълимдан ташқари вақтларда волонтёрлар гуруҳи таркибида волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши мумкин.

5. Давлат органи раҳбари томонидан амалга оширишга волонтёрлар жалб этиладиган давлат органининг вазифалари ва функциялари рўйхати тасдиқланади.

Бунда давлат органларининг қуйидаги таркибий тузилмаларига волонтёрларнинг жалб этилишига йўл қўйилмайди:

пул маблағлари билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи;

махфий маълумотларни сақловчи ва улар билан ишловчи;

инсон ҳаёти учун хавфли бўлган, бажарилиши алоҳида билим ва кўникма талаб этадиган вазифаларни амалга оширувчи.

6. Давлат органлари доимий равишда ўзининг расмий веб-сайтларида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўз фаолиятига волонтёрларнинг жалб этилиши бўйича танлов ўтказилиши ҳақида эълон бериб боради.

Эълонда волонтёрлар жалб этиладиган давлат органининг фаолият йўналиши ҳамда талабгорларга қўйиладиган талаблар кўрсатилади.

7. Волонтёрларни саралаб олиш бўйича танлов давлат органида ташкил этиладиган комиссия томонидан амалга оширилади.

Комиссия давлат органининг тоқ сондаги масъул ходимларидан иборат таркибда шакллантирилади. Унга ёшлар билан ишлаш ваколати юклатилган давлат органлари раҳбарининг ўринбосари ёки маслаҳатчиси (кейинги ўринларда — раҳбар ўринбосари (маслаҳатчиси)) раислик қилади.

8. Танлов суҳбат асосида ўтказилади. Комиссия ташаббусига ёки талабгорнинг илтимосига асосан суҳбат жараёни аудио ёки видеоёзув воситалари орқали қайд этилиши мумкин.

Суҳбат якуни бўйича давлат органининг волонтёрлар жалб этиладиган фаолият йўналиши бўйича билим ва амалий кўникмага эга бўлган талабгорлар давлат органи ҳузуридаги волонтёрлар гуруҳига (кейинги ўринларда — волонтёрлар гуруҳи) қабул қилинади.

3-боб. Давлат органлари фаолиятига жалб этилган волонтёрларни ҳисобга олиш

9. Давлат органи раҳбарининг буйруғига кўра давлат органи ҳузурида танлов натижаларига асосан танлаб олинган волонтёрлардан иборат волонтёрлар гуруҳи ташкил этилади.

10. Волонтёрлар гуруҳига киритилган волонтёрлар давлат органи кадрлар хизмати томонидан Ўзбекистон ёшлар портали негизида яратилган волонтёрлар электрон платформаси (кейинги ўринларда — электрон платформа) орқали ҳисобга қўйилади.

11. Волонтёрларни электрон платформа орқали ҳисобга қўйишда қуйидагилар кўрсатилади:

волонтёрнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

туғилган санаси;

паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари;

давлат органи ҳузуридаги волонтёрлар гуруҳида фаолиятини бошлаган сана;

волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш йўналиши.

12. Волонтёрнинг волонтёрлар гуруҳида фаолият юритган даври доимий равишда электрон платформада акс эттирилади.

Бунда волонтёр томонидан электрон платформа орқали волонтёрлар гуруҳида фаолият юритган даври тўғрисида ҳар қандай пайтда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган маълумотномани юклаб олиш имконияти яратилади.

4-боб. Волонтёрлар ишини ташкил этиш

13. Давлат органи раҳбари буйруғи билан ҳар йили волонтёрлик дастури тасдиқланади.

Волонтёрлик дастурида:

давлат органи томонидан ўтказиладиган, жамоат учун фойдали бўлган вазифаларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар ва уларни амалга ошириш орқали кутилаётган натижалар;

давлат органининг волонтёрлар жалб этиладиган фаолият йўналишлари кўрсатилади.

Волонтёрлик дастурида қонунчиликда белгиланган бошқа чора-тадбирлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

14. Волонтёрлар ишини ташкил этиш раҳбар ўринбосари (маслаҳатчиси) билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Бунда у волонтёрларга йўл-йўриқ кўрсатади, улар ўртасида ишни тақсимлайди, ҳар бир волонтёрнинг иш ҳажмини белгилайди, ишнинг улар томонидан бажарилишини назорат қилади, бошқа давлат органлари ҳузуридаги волонтёрлар гуруҳлари билан ҳамкорликни йўлга қўяди.

5-боб. Волонтёрларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

15. Волонтёрлик гуруҳи аъзоси бўлган волонтёр давлат органи фаолиятига кўмаклашиш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органида ўзи томонидан амалга ошириладиган фаолият йўналишини эркин танлаш;

агар волонтёр ҳамда давлат органи ўртасида тузилган волонтёрлик шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, давлат органидаги волонтёрлик фаолиятини ҳар қандай вақтда эркин равишда тўхтатиш;

давлат органига ўз лойиҳа ва дастурларини таклиф қилиш, уларни амалга оширишда ёрдам олиш;

раҳбар ўринбосаридан (маслаҳатчисидан), давлат органидан амалга ошириладиган волонтёрлик фаолияти тўғрисида ишончли ахборот олиш;

волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этиладиган волонтёрлик акциялари ва бошқа тадбирларда иштирок этиш;

давлат органидан волонтёрлик фаолияти давомида юзага келган йўл ҳақи, яшаш, овқатланиш харажатлари ва бошқа харажатларнинг қопланишини ҳамда зарурат туғилганда махсус кийим-бош, якка тартибда ҳимояланиш воситалари, асбоб-ускуналар билан таъминлашни талаб қилиш;

давлат органидан тавсиянома тусидаги хатларни олиш;

хавфли, зарарли ҳамда ноқулай омиллар билан боғлиқ ишларни бажаришга жалб қилинганда давлат органи маблағлари ҳисобидан ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилдириш.

16. Волонтёрлик гуруҳи аъзоси бўлган волонтёр давлат органи фаолиятига кўмаклашиш доирасида қуйидаги мажбуриятларга эга бўлади:

волонтёрлик фаолияти доирасида унинг зиммасига юклатилган вазифаларни аниқ, виждонан ва ўз вақтида бажариш;

раҳбар ўринбосарини (маслаҳатчисини) ўзига маълум бўлиб қолган волонтёрлик фаолияти доирасидаги тадбирларни амалга оширишни қийинлаштирадиган сабаблар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш;

волонтёрлик фаолияти доирасида ўзига маълум бўлган давлат органи фаолияти билан боғлиқ маълумотларни, шунингдек, бошқа волонтёрларнинг шахсга доир маълумотларини уларнинг розилигисиз ошкор қилмаслик;

волонтёрлик фаолияти доирасида фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслик, ўз фаолияти билан учинчи шахсларга ва атроф муҳитга зарар етказмаслик;

волонтёрлик тадбирларининг бошқа иштирокчиларига, шу жумладан, ҳамкорлик олиб бориладиган муассасалар (ташкилотлар) ходимларига ҳамда бошқа волонтёрларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш;

волонтёрлик тадбирларини ўтказиш жараёнида раҳбар ўринбосарининг (маслаҳатчисининг) кўрсатмаларига амал қилиш;

ўз фаолияти тўғрисида раҳбар ўринбосарига (маслаҳатчисига) ҳисобот тақдим этиб бориш;

волонтёрлик фаолияти доирасида давлат органида ўрнатилган хавфсизлик, техника, санитария-гигиена ва ички тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш;

давлат органи мулкига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш.

6-боб. Давлат органининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

17. Давлат органи ўз фаолиятига жалб этилган волонтёрлар билан муносабатда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

волонтёрлик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

волонтёрларни жалб қилган ҳолда волонтёрлик акцияларини ўтказиш;

волонтёрлик гуруҳи аъзолари орасидан волонтёрларни мувофиқлаштирувчини тайинлаш;

волонтёрлик гуруҳи аъзоларини ўқитиш учун таълим фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларни жалб этиш, махсус семинарлар, ишчи учрашувлар ва волонтёрларнинг учрашувларини ўтказиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда волонтёрларни рағбатлантириш, шу жумладан, энг кўп ўзини кўрсатган волонтёрларга тавсия тусидаги хатлар тақдим этиш ҳамда уларни рағбатлантириш ва (ёки) мукофотлаш учун номзодларни белгиланган тартибда тақдим этиш.

18. Давлат органи ўз фаолиятига жалб этилган волонтёрлар билан муносабатда қуйидаги мажбуриятларга эга:

волонтёрлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиш;

волонтёрларни уларнинг хоҳиш-истагидан ташқари волонтёрлик шартномасида кўрсатилмаган вазифаларни бажаришга мажбурламаслик;

ўзининг фаолиятига жалб қилинган волонтёр, агар у волонтёрлик фаолияти билан ойига 20 соатдан кўпроқ банд бўлса, волонтёр билан волонтёрлик шартномасини тузиш;

волонтёрга режалаштирилаётган ҳамда амалга оширилаётган волонтёрлик дастурлари ва волонтёрлик акциялари, улар иштирокчиларининг сони, акциялар ўтказиладиган жой ҳамда вақт, уларни ўтказишга доир талаблар тўғрисида ахборот тақдим этиш, шу жумладан, ўз расмий веб-сайтига жойлаштириш орқали ахборот тақдим этиш;

волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш чоғида волонтёрларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсиз шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, волонтёрларга уларнинг давлат органи фаолиятига кўмаклашиши давомида юзага келган йўл ҳақи, яшаш, овқатланиш харажатлари ва бошқа харажатларни қоплаш ҳамда зарурат туғилганда махсус кийим-бош, якка тартибда ҳимояланиш воситалари, асбоб-ускуналар билан таъминлаш;

хавфли, зарарли ҳамда ноқулай омиллар билан боғлиқ ишларни бажаришга жалб қилинганда ўз маблағлари ҳисобидан волонтёрларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилиш.

7-боб. Волонтёрлик шартномаси

19. Агар давлат органи фаолиятига жалб этилган волонтёр ойига 20 соатдан кўпроқ волонтёрлик фаолияти билан банд бўлса, волонтёр билан волонтёрлик шартномаси тузилиши шарт.

Волонтёрлик шартномаси икки нусхада расмийлаштирилади, улардан бири волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчисида, иккинчиси эса волонтёрда сақланади.

20. Волонтёрлик шартномасида «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида белгиланган шартлар кўрсатилиши лозим.

21. Агар волонтёрлик шартномасини бажариш жараёнида волонтёрнинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни амалга оширишни қийинлаштирадиган ҳолатлар тарафларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юзага келса, шартнома қайта кўриб чиқилади.

22. Агар волонтёрлик шартномасини бажариш жараёнида тарафларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра шартномани бундан буён бажариш мумкин бўлмай қоладиган ҳолатлар юзага келса, шартнома тарафлардан бирининг ташаббусига кўра бекор қилинади.

23. Волонтёрлик шартномасини бир томонлама тартибда бекор қилиш, агар волонтёрлик шартномасида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, волонтёр томонидан ёки жалб этилган ташкилот томонидан бу ҳақида етти кун олдин дастлабки тарзда хабардор қилиш шарти билан ва сабабларни кўрсатиш мажбуриятларисиз амалга оширилади.

24. Якка тартибдаги меҳнат шартномасини ёки хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини ёхуд шу каби ҳар қандай бошқа шартномани тузишдан бош тортиш мақсадида волонтёрлик шартномасини тузиш тақиқланади.

8-боб. Волонтёрлар гуруҳи аъзолигидан чиқиш

25. Волонтёр ўзи истаган ҳар қандай пайтда волонтёрлар гуруҳи аъзолигидан чиқиши ва у билан тузилган шартномани бекор қилиши мумкин.

Волонтёр бу ҳақида раҳбар ўринбосарини (маслаҳатчисини) икки кун олдин огоҳлантириши лозим.

26. Волонтёрнинг волонтёрлар гуруҳи аъзолигидан чиқиши давлат органининг кадрлар хизмати томонидан электрон платформада қайд этилади.

Бунда волонтёрнинг волонтёрлар гуруҳида аъзолиги давридаги фаолияти раҳбар ўринбосари (маслаҳатчиси) томонидан 10 баллик тизимда баҳоланиши мумкин.

27. Қуйидаги ҳолларда волонтёрлик шартномаси давлат органи томонидан бекор қилиниши лозим:

волонтёр волонтёрлик шартномаси шартларини икки ёки ундан ортиқ марта узрли сабабларсиз бузганда;

волонтёр суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

волонтёрга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

волонтёр вафот этганда ёки суднинг уни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирганда;

волонтёрнинг волонтёрлик шартномаси шартларини бажаришига монелик қиладиган бошқа ҳолларда.

28. Волонтёр волонтёрлик гуруҳидан чиққан тақдирда, волонтёрлик дастурида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун давлат органи ушбу Низомда белгиланган тартибда ўтказиладиган танлов орқали волонтёрларни жалб этиши мумкин.

9-боб. Якунловчи қоида

29. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Давлат органларининг вазифалари ва функцияларини волонтёрлик орқали нисбатан самарали ва тежамли шаклда амалга ошириш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга ИЛОВА

Давлат органларининг вазифалари ва функцияларини волонтёрлик орқали нисбатан самарали ва тежамли шаклда амалга ошириш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари (давлат органи) Давлат органи раҳбари амалга оширишга волонтёрлар жалб этиладиган давлат органининг вазифалари ва функциялари рўйхатини ва волонтёрлик дастурини тасдиқлайди. Ҳар йили 2-босқич Давлат органи Ўзининг расмий веб-сайтларида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўз фаолиятига волонтёрларнинг жалб этилиши бўйича танлов ўтказилиши ҳақида эълон бериб боради. Эълонда волонтёрлар жалб этиладиган давлат органининг фаолият йўналиши ҳамда талабгорларга қўйиладиган талаблар кўрсатилади. Доимий равишда 3-босқич Давлат органида ташкил этиладиган комиссия Суҳбат асосида волонтёрликка номзодларни саралаб олади Танлов якунларига кўра 4-босқич Давлат органи Давлат органининг волонтёрлар жалб этиладиган фаолият йўналиши бўйича билим ва амалий кўникмага эга бўлган талабгорлар давлат органи ҳузурида ташкил этиладиган волонтёрлар гуруҳига қабул қилинади ҳамда давлат органи кадрлар хизмати томонидан Ўзбекистон ёшлар портали негизида яратилган волонтёрлар электрон платформаси орқали ҳисобга қўйилади. Суҳбат якуни бўйича 5-босқич Давлат органи ёки волонтёр Давлат органи ёки волонтёрнинг хоҳишига кўра волонтёрлик шартномасини бир томонлама бекор қилади. Ҳар қандай вақтда иккинчи тарафни шартномани бекор қилиш ҳақида етти кун олдин огоҳлантирган ҳолда 6-босқич Давлат органи раҳбарининг волонтёрлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ўринбосари Волонтёрнинг волонтёрлар гуруҳида аъзолиги давридаги фаолиятини 10 баллик тизимда баҳолайди. Волонтёр волонтёрлар гуруҳи аъзолигидан чиққанидан сўнг

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 11 апрель,

169-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.04.2022 й., 09/22/169/0292-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NAMUNAVIY NIZOM

SXEMASI

Volontyorlik faoliyatini yanada qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 4-martdagi PF-6181-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2021 — 2025-yillarda fuqarolik jamiyatini rivojlantirish konsepsiyasida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Yoshlar ishlari agentligi, Oʻzbekiston volontyorlari assotsiatsiyasi hamda Adliya vazirligining volontyorlar faoliyatini qoʻllab-quvvatlash, shuningdek, davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari) vazifalari va funksiyalarini bajarishda volontyorlik faoliyatini joriy etish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.

2. 2022-yil 1-iyundan boshlab quyidagilarni amalga oshirish imkonini beruvchi Oʻzbekiston yoshlar portali negizida yaratilgan volontyorlar elektron platformasi (keyingi oʻrinda — volontyorlar platformasi) ishga tushirilsin:

volontyorlarning ijtimoiy ahamiyatga molik tadbirlar, loyihalar va aksiyalardagi ishtiroki, shuningdek, davlat organlari faoliyatiga koʻmaklashgan davrini qayd etib borish;

volontyorlar guruhiga kiritilgan volontyorlarni hisobga qoʻyish;

hududlar va faoliyat yoʻnalishi boʻyicha volontyorlik yordamini jalb qilishga qiziqish bildirayotgan davlat organlari roʻyxati hamda ularning tadbirlari, loyihalari va aksiyalarini joylashtirish;

davlat organlarining volontyorlar bilan ishlashiga oid metodik tavsiyalarni joylashtirish;

volontyorlik faoliyatini chet elda amalga oshirish.

Yoshlar ishlari agentligi (A. Saʼdullayev) volontyorlar platformasini toʻliq ishga tushirsin hamda uning doimiy texnik qoʻllab-quvvatlanishini taʼminlasin.

3. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:

davlat organlari rahbarlari volontyorlar jalb etiladigan yoʻnalishlar roʻyxatini hamda ichki yoʻriqnomasini tasdiqlaydi;

davlat organlariga ularning faoliyatini samarali va tejamli shaklda amalga oshirishga koʻmaklashuvchi volontyorlik guruhlari tuziladi hamda ularga volontyorlar ushbu davlat organlarida tashkil etiladigan komissiya tomonidan suhbat asosida tanlab olinadi;

davlat organlarida tuziladigan volontyorlik guruhlarining faol aʼzolari davlat organlarining budjetdan tashqari mablagʻlari doirasida hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan ragʻbatlantirib boriladi;

har bir davlat organi huzuridagi jamoatchilik kengashlari faoliyatiga volontyorlik tashkilotlarining tashabbuskor vakillari jalb qilinadi.

4. Davlat organlarining yoshlar bilan ishlashga masʼul boʻlgan rahbar oʻrinbosarlariga (maslahatchilariga) volontyorlar bilan ishlash vakolati yuklatilsin va uning doirasida ularning asosiy vazifalari etib quyidagilar belgilansin:

davlat organi faoliyati bilan bogʻliq volontyorlik dasturlarini tayyorlash va tasdiqlash uchun davlat organi rahbariga kiritish;

davlat organi tomonidan volontyorlar ishtirokida ijtimoiy ahamiyatga molik tadbirlar, loyihalar va aksiyalar oʻtkazilishini tashkil etish;

davlat organi faoliyatini amalga oshirishga jalb etiladigan volontyorlarning huquq va erkinliklariga rioya etilishini taʼminlash;

davlat organi faoliyatini amalga oshirishga jalb etiladigan volontyorlar tomonidan ushbu qaror bilan tasdiqlangan nizom talablariga rioya etilishini nazorat qilish;

davlat organining vazifalari va funksiyalarini volontyorlik orqali samarali va tejamli shaklda amalga oshirish yuzasidan takliflar kiritish;

davlat organi faoliyatini amalga oshirishga jalb etiladigan volontyorlarni moddiy va maʼnaviy jihatdan ragʻbatlantirish toʻgʻrisida takliflar kiritish.

5. Belgilasinki, davlat organlarining ularning vazifalari va funksiyalarini bajarishda volontyorlikni joriy etish bilan bogʻliq faoliyati Yoshlar ishlari agentligi tomonidan baholanib, baholash natijalariga asosan ularning har choraklik reyting koʻrsatkichlari volontyorlar platformasida eʼlon qilib boriladi.

6. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat organlarining vazifalari va funksiyalarini volontyorlik orqali nisbatan samarali va tejamli shaklda amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

7. Davlat organlari rahbarlari:

a) bir oy muddatda:

ushbu qaror bilan tasdiqlangan namunaviy nizom asosida davlat organining vazifalari va funksiyalaridan kelib chiqib, ularni volontyorlik orqali nisbatan samarali va tejamli shaklda amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomlarni;

volontyorlar jalb etiladigan yoʻnalishlar roʻyxatini hamda ichki yoʻriqnomani ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

b) har yili davlat organlarining vazifalar va funksiyalarini samarali amalga oshirishga koʻmaklashgan faol volontyorlarni ragʻbatlantirish choralarini koʻrsin.

8. Yoshlar ishlar agentligiga davlat organlariga volontyorlar bilan samarali ishni tashkil etish boʻyicha metodik yordam koʻrsatish vazifasi yuklansin.

9. Yoshlar ishlar agentligi (A. Saʼdullayev):

bir oy muddatda reja-jadvalga asosan davlat organlarining yoshlar bilan ishlashga masʼul boʻlgan rahbar oʻrinbosarlariga (maslahatchilariga) hamda boshqa xodimlariga volontyorlar bilan samarali ishni tashkil etish boʻyicha seminar va onlayn-kurslar oʻtkazsin;

budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan har yili Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri boʻyicha har bir hududdagi 5 ta eng yaxshi volontyorlik loyihalarini amalga oshirish uchun volontyorlik guruhlari va volontyorlik tashkilotlariga har bir loyiha uchun bazaviy hisoblash miqdorining 200 baravarigacha miqdorda mablagʻ ajratsin;

Davlat xizmatini rivojlantirish agentligi, Oʻzbekiston volontyorlari assotsiatsiyasi bilan birgalikda ikki oy muddatda volontyorlar bilan ishlashda yuqori natijalarga (huquqiy, moliyaviy, tashkiliy va boshqalar) erishgan xorijiy mamlakatlarning amaliyotini oʻrganib, takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Vazirlar Mahkamasining Yoshlar, jamoat tashkilotlari, mahalla va oilani qoʻllab-quvvatlash masalalari kotibiyatiga hamda Yoshlar ishlari agentligi direktori A.Z. Saʼdullayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 11-apreldagi 169-son qaroriga ILOVA

Davlat organlarining vazifalari va funksiyalarini volontyorlik orqali nisbatan samarali va tejamli shaklda amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari) vazifalari va funksiyalarini volontyorlik orqali nisbatan samarali va tejamli shaklda amalga oshirish tartibini belgilaydi.

2-bob. Volontyorlarni davlat organlari faoliyatiga jalb etish

2. Davlat organlarining vazifa va funksiyalarini volontyorlik orqali nisbatan samarali va tejamkor shaklda bajarish ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

Voyaga yetgan, volontyor sifatida jalb etilayotgan tegishli soha boʻyicha bilim va koʻnikmaga ega boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar davlat organlari faoliyatiga volontyor sifatida jalb etilishi mumkin.

3. Quyidagi fuqarolarning davlat organi faoliyatiga volontyor sifatida jalb etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi:

muomalaga layoqati belgilangan tartibda cheklangan yoki muomalaga layoqatsiz deb topilgan;

volontyor sifatida jalb etilayotgan tegishli soha boʻyicha yetarli bilim va koʻnikmaga ega boʻlmagan;

davlat organi xodimi — oʻzi ishlayotgan davlat organi faoliyatida (korporativ volontyorlik bundan mustasno);

oʻziga nisbatan jinoyat ishi qoʻzgʻatilgan, shuningdek, qasddan jinoyat sodir etganlik uchun sudlanganlik holati tugallanmagan yoki sudlanganligi olib tashlanmagan;

jinoiy jazoni oʻtayotgan;

belgilangan vazifalarni amalga oshirishga monelik qiladigan kasalligi yoki jismoniy nuqsoni mavjud boʻlgan;

haqiqiy harbiy xizmatdagi shaxslar;

diniy tashkilotlarning professional xizmatchilari.

4. Professional va oliy taʼlim muassasalarida taʼlim olayotgan fuqarolar ushbu taʼlim muassasalaridagi taʼlimdan tashqari vaqtlarda volontyorlar guruhi tarkibida volontyorlik faoliyatini amalga oshirishi mumkin.

5. Davlat organi rahbari tomonidan amalga oshirishga volontyorlar jalb etiladigan davlat organining vazifalari va funksiyalari roʻyxati tasdiqlanadi.

Bunda davlat organlarining quyidagi tarkibiy tuzilmalariga volontyorlarning jalb etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi:

pul mablagʻlari bilan bogʻliq operatsiyalarni amalga oshiruvchi;

maxfiy maʼlumotlarni saqlovchi va ular bilan ishlovchi;

inson hayoti uchun xavfli boʻlgan, bajarilishi alohida bilim va koʻnikma talab etadigan vazifalarni amalga oshiruvchi.

6. Davlat organlari doimiy ravishda oʻzining rasmiy veb-saytlarida va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida oʻz faoliyatiga volontyorlarning jalb etilishi boʻyicha tanlov oʻtkazilishi haqida eʼlon berib boradi.

Eʼlonda volontyorlar jalb etiladigan davlat organining faoliyat yoʻnalishi hamda talabgorlarga qoʻyiladigan talablar koʻrsatiladi.

7. Volontyorlarni saralab olish boʻyicha tanlov davlat organida tashkil etiladigan komissiya tomonidan amalga oshiriladi.

Komissiya davlat organining toq sondagi masʼul xodimlaridan iborat tarkibda shakllantiriladi. Unga yoshlar bilan ishlash vakolati yuklatilgan davlat organlari rahbarining oʻrinbosari yoki maslahatchisi (keyingi oʻrinlarda — rahbar oʻrinbosari (maslahatchisi)) raislik qiladi.

8. Tanlov suhbat asosida oʻtkaziladi. Komissiya tashabbusiga yoki talabgorning iltimosiga asosan suhbat jarayoni audio yoki videoyozuv vositalari orqali qayd etilishi mumkin.

Suhbat yakuni boʻyicha davlat organining volontyorlar jalb etiladigan faoliyat yoʻnalishi boʻyicha bilim va amaliy koʻnikmaga ega boʻlgan talabgorlar davlat organi huzuridagi volontyorlar guruhiga (keyingi oʻrinlarda — volontyorlar guruhi) qabul qilinadi.

3-bob. Davlat organlari faoliyatiga jalb etilgan volontyorlarni hisobga olish

9. Davlat organi rahbarining buyrugʻiga koʻra davlat organi huzurida tanlov natijalariga asosan tanlab olingan volontyorlardan iborat volontyorlar guruhi tashkil etiladi.

10. Volontyorlar guruhiga kiritilgan volontyorlar davlat organi kadrlar xizmati tomonidan Oʻzbekiston yoshlar portali negizida yaratilgan volontyorlar elektron platformasi (keyingi oʻrinlarda — elektron platforma) orqali hisobga qoʻyiladi.

11. Volontyorlarni elektron platforma orqali hisobga qoʻyishda quyidagilar koʻrsatiladi:

volontyorning familiyasi, ismi, otasining ismi;

tugʻilgan sanasi;

pasporti yoki identifikatsiyalovchi ID-kartasi maʼlumotlari;

davlat organi huzuridagi volontyorlar guruhida faoliyatini boshlagan sana;

volontyorlik faoliyatini amalga oshirish yoʻnalishi.

12. Volontyorning volontyorlar guruhida faoliyat yuritgan davri doimiy ravishda elektron platformada aks ettiriladi.

Bunda volontyor tomonidan elektron platforma orqali volontyorlar guruhida faoliyat yuritgan davri toʻgʻrisida har qanday paytda QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan maʼlumotnomani yuklab olish imkoniyati yaratiladi.

4-bob. Volontyorlar ishini tashkil etish

13. Davlat organi rahbari buyrugʻi bilan har yili volontyorlik dasturi tasdiqlanadi.

Volontyorlik dasturida:

davlat organi tomonidan oʻtkaziladigan, jamoat uchun foydali boʻlgan vazifalarni hal etishga qaratilgan chora-tadbirlar va ularni amalga oshirish orqali kutilayotgan natijalar;

davlat organining volontyorlar jalb etiladigan faoliyat yoʻnalishlari koʻrsatiladi.

Volontyorlik dasturida qonunchilikda belgilangan boshqa chora-tadbirlar ham koʻrsatilishi mumkin.

14. Volontyorlar ishini tashkil etish rahbar oʻrinbosari (maslahatchisi) bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi.

Bunda u volontyorlarga yoʻl-yoʻriq koʻrsatadi, ular oʻrtasida ishni taqsimlaydi, har bir volontyorning ish hajmini belgilaydi, ishning ular tomonidan bajarilishini nazorat qiladi, boshqa davlat organlari huzuridagi volontyorlar guruhlari bilan hamkorlikni yoʻlga qoʻyadi.

5-bob. Volontyorlarning huquq va majburiyatlari

15. Volontyorlik guruhi aʼzosi boʻlgan volontyor davlat organi faoliyatiga koʻmaklashish doirasida quyidagi huquqlarga ega:

davlat organida oʻzi tomonidan amalga oshiriladigan faoliyat yoʻnalishini erkin tanlash;

agar volontyor hamda davlat organi oʻrtasida tuzilgan volontyorlik shartnomasida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, davlat organidagi volontyorlik faoliyatini har qanday vaqtda erkin ravishda toʻxtatish;

davlat organiga oʻz loyiha va dasturlarini taklif qilish, ularni amalga oshirishda yordam olish;

rahbar oʻrinbosaridan (maslahatchisidan), davlat organidan amalga oshiriladigan volontyorlik faoliyati toʻgʻrisida ishonchli axborot olish;

volontyorlik faoliyatini amalga oshirish uchun tashkil etiladigan volontyorlik aksiyalari va boshqa tadbirlarda ishtirok etish;

davlat organidan volontyorlik faoliyati davomida yuzaga kelgan yoʻl haqi, yashash, ovqatlanish xarajatlari va boshqa xarajatlarning qoplanishini hamda zarurat tugʻilganda maxsus kiyim-bosh, yakka tartibda himoyalanish vositalari, asbob-uskunalar bilan taʼminlashni talab qilish;

davlat organidan tavsiyanoma tusidagi xatlarni olish;

xavfli, zararli hamda noqulay omillar bilan bogʻliq ishlarni bajarishga jalb qilinganda davlat organi mablagʻlari hisobidan hayoti va sogʻligʻini sugʻurta qildirish.

16. Volontyorlik guruhi aʼzosi boʻlgan volontyor davlat organi faoliyatiga koʻmaklashish doirasida quyidagi majburiyatlarga ega boʻladi:

volontyorlik faoliyati doirasida uning zimmasiga yuklatilgan vazifalarni aniq, vijdonan va oʻz vaqtida bajarish;

rahbar oʻrinbosarini (maslahatchisini) oʻziga maʼlum boʻlib qolgan volontyorlik faoliyati doirasidagi tadbirlarni amalga oshirishni qiyinlashtiradigan sabablar haqida oʻz vaqtida xabardor qilish;

volontyorlik faoliyati doirasida oʻziga maʼlum boʻlgan davlat organi faoliyati bilan bogʻliq maʼlumotlarni, shuningdek, boshqa volontyorlarning shaxsga doir maʼlumotlarini ularning roziligisiz oshkor qilmaslik;

volontyorlik faoliyati doirasida fuqarolar va tashkilotlarning huquqlari hamda qonuniy manfaatlarini buzmaslik, oʻz faoliyati bilan uchinchi shaxslarga va atrof muhitga zarar yetkazmaslik;

volontyorlik tadbirlarining boshqa ishtirokchilariga, shu jumladan, hamkorlik olib boriladigan muassasalar (tashkilotlar) xodimlariga hamda boshqa volontyorlarga hurmat bilan munosabatda boʻlish;

volontyorlik tadbirlarini oʻtkazish jarayonida rahbar oʻrinbosarining (maslahatchisining) koʻrsatmalariga amal qilish;

oʻz faoliyati toʻgʻrisida rahbar oʻrinbosariga (maslahatchisiga) hisobot taqdim etib borish;

volontyorlik faoliyati doirasida davlat organida oʻrnatilgan xavfsizlik, texnika, sanitariya-gigiyena va ichki tartib-qoidalarga qatʼiy amal qilish;

davlat organi mulkiga ehtiyotkorona munosabatda boʻlish.

6-bob. Davlat organining huquq va majburiyatlari

17. Davlat organi oʻz faoliyatiga jalb etilgan volontyorlar bilan munosabatda quyidagi huquqlarga ega:

volontyorlik dasturlarini ishlab chiqish va amalga oshirish;

volontyorlarni jalb qilgan holda volontyorlik aksiyalarini oʻtkazish;

volontyorlik guruhi aʼzolari orasidan volontyorlarni muvofiqlashtiruvchini tayinlash;

volontyorlik guruhi aʼzolarini oʻqitish uchun taʼlim faoliyatini amalga oshiruvchi tashkilotlarni jalb etish, maxsus seminarlar, ishchi uchrashuvlar va volontyorlarning uchrashuvlarini oʻtkazish;

qonunchilikda belgilangan tartibda volontyorlarni ragʻbatlantirish, shu jumladan, eng koʻp oʻzini koʻrsatgan volontyorlarga tavsiya tusidagi xatlar taqdim etish hamda ularni ragʻbatlantirish va (yoki) mukofotlash uchun nomzodlarni belgilangan tartibda taqdim etish.

18. Davlat organi oʻz faoliyatiga jalb etilgan volontyorlar bilan munosabatda quyidagi majburiyatlarga ega:

volontyorlik faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga rioya etish;

volontyorlarni ularning xohish-istagidan tashqari volontyorlik shartnomasida koʻrsatilmagan vazifalarni bajarishga majburlamaslik;

oʻzining faoliyatiga jalb qilingan volontyor, agar u volontyorlik faoliyati bilan oyiga 20 soatdan koʻproq band boʻlsa, volontyor bilan volontyorlik shartnomasini tuzish;

volontyorga rejalashtirilayotgan hamda amalga oshirilayotgan volontyorlik dasturlari va volontyorlik aksiyalari, ular ishtirokchilarining soni, aksiyalar oʻtkaziladigan joy hamda vaqt, ularni oʻtkazishga doir talablar toʻgʻrisida axborot taqdim etish, shu jumladan, oʻz rasmiy veb-saytiga joylashtirish orqali axborot taqdim etish;

volontyorlik faoliyatini amalga oshirish chogʻida volontyorlarning hayoti va sogʻligʻi uchun xavfsiz shart-sharoitlar yaratish, shuningdek, volontyorlarga ularning davlat organi faoliyatiga koʻmaklashishi davomida yuzaga kelgan yoʻl haqi, yashash, ovqatlanish xarajatlari va boshqa xarajatlarni qoplash hamda zarurat tugʻilganda maxsus kiyim-bosh, yakka tartibda himoyalanish vositalari, asbob-uskunalar bilan taʼminlash;

xavfli, zararli hamda noqulay omillar bilan bogʻliq ishlarni bajarishga jalb qilinganda oʻz mablagʻlari hisobidan volontyorlarning hayoti va sogʻligʻini sugʻurta qilish.

7-bob. Volontyorlik shartnomasi

19. Agar davlat organi faoliyatiga jalb etilgan volontyor oyiga 20 soatdan koʻproq volontyorlik faoliyati bilan band boʻlsa, volontyor bilan volontyorlik shartnomasi tuzilishi shart.

Volontyorlik shartnomasi ikki nusxada rasmiylashtiriladi, ulardan biri volontyorlik faoliyatining tashkilotchisida, ikkinchisi esa volontyorda saqlanadi.

20. Volontyorlik shartnomasida “Volontyorlik faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 17-moddasida belgilangan shartlar koʻrsatilishi lozim.

21. Agar volontyorlik shartnomasini bajarish jarayonida volontyorning zimmasiga yuklatilgan majburiyatlarni amalga oshirishni qiyinlashtiradigan holatlar taraflarga bogʻliq boʻlmagan sabablarga koʻra yuzaga kelsa, shartnoma qayta koʻrib chiqiladi.

22. Agar volontyorlik shartnomasini bajarish jarayonida taraflarga bogʻliq boʻlmagan sabablarga koʻra shartnomani bundan buyon bajarish mumkin boʻlmay qoladigan holatlar yuzaga kelsa, shartnoma taraflardan birining tashabbusiga koʻra bekor qilinadi.

23. Volontyorlik shartnomasini bir tomonlama tartibda bekor qilish, agar volontyorlik shartnomasida boshqacha qoida belgilanmagan boʻlsa, volontyor tomonidan yoki jalb etilgan tashkilot tomonidan bu haqida yetti kun oldin dastlabki tarzda xabardor qilish sharti bilan va sabablarni koʻrsatish majburiyatlarisiz amalga oshiriladi.

24. Yakka tartibdagi mehnat shartnomasini yoki xizmatlar koʻrsatish toʻgʻrisidagi fuqarolik-huquqiy shartnomasini yoxud shu kabi har qanday boshqa shartnomani tuzishdan bosh tortish maqsadida volontyorlik shartnomasini tuzish taqiqlanadi.

8-bob. Volontyorlar guruhi aʼzoligidan chiqish

25. Volontyor oʻzi istagan har qanday paytda volontyorlar guruhi aʼzoligidan chiqishi va u bilan tuzilgan shartnomani bekor qilishi mumkin.

Volontyor bu haqida rahbar oʻrinbosarini (maslahatchisini) ikki kun oldin ogohlantirishi lozim.

26. Volontyorning volontyorlar guruhi aʼzoligidan chiqishi davlat organining kadrlar xizmati tomonidan elektron platformada qayd etiladi.

Bunda volontyorning volontyorlar guruhida aʼzoligi davridagi faoliyati rahbar oʻrinbosari (maslahatchisi) tomonidan 10 ballik tizimda baholanishi mumkin.

27. Quyidagi hollarda volontyorlik shartnomasi davlat organi tomonidan bekor qilinishi lozim:

volontyor volontyorlik shartnomasi shartlarini ikki yoki undan ortiq marta uzrli sabablarsiz buzganda;

volontyor sud tomonidan muomalaga layoqatsiz deb topilganda;

volontyorga nisbatan sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirganda;

volontyor vafot etganda yoki sudning uni vafot etgan deb eʼlon qilish haqidagi qarori qonuniy kuchga kirganda;

volontyorning volontyorlik shartnomasi shartlarini bajarishiga monelik qiladigan boshqa hollarda.

28. Volontyor volontyorlik guruhidan chiqqan taqdirda, volontyorlik dasturida belgilangan chora-tadbirlarni amalga oshirish uchun davlat organi ushbu Nizomda belgilangan tartibda oʻtkaziladigan tanlov orqali volontyorlarni jalb etishi mumkin.

9-bob. Yakunlovchi qoida

29. Ushbu Nizom talablarini buzishda aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Davlat organlarining vazifalari va funksiyalarini volontyorlik orqali nisbatan samarali va tejamli shaklda amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga ILOVA

Davlat organlarining vazifalari va funksiyalarini volontyorlik orqali nisbatan samarali va tejamli shaklda amalga oshirish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari (davlat organi) Davlat organi rahbari amalga oshirishga volontyorlar jalb etiladigan davlat organining vazifalari va funksiyalari roʻyxatini va volontyorlik dasturini tasdiqlaydi. Har yili 2-bosqich Davlat organi Oʻzining rasmiy veb-saytlarida va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida oʻz faoliyatiga volontyorlarning jalb etilishi boʻyicha tanlov oʻtkazilishi haqida eʼlon berib boradi. Eʼlonda volontyorlar jalb etiladigan davlat organining faoliyat yoʻnalishi hamda talabgorlarga qoʻyiladigan talablar koʻrsatiladi. Doimiy ravishda 3-bosqich Davlat organida tashkil etiladigan komissiya Suhbat asosida volontyorlikka nomzodlarni saralab oladi Tanlov yakunlariga koʻra 4-bosqich Davlat organi Davlat organining volontyorlar jalb etiladigan faoliyat yoʻnalishi boʻyicha bilim va amaliy koʻnikmaga ega boʻlgan talabgorlar davlat organi huzurida tashkil etiladigan volontyorlar guruhiga qabul qilinadi hamda davlat organi kadrlar xizmati tomonidan Oʻzbekiston yoshlar portali negizida yaratilgan volontyorlar elektron platformasi orqali hisobga qoʻyiladi. Suhbat yakuni boʻyicha 5-bosqich Davlat organi yoki volontyor Davlat organi yoki volontyorning xohishiga koʻra volontyorlik shartnomasini bir tomonlama bekor qiladi. Har qanday vaqtda ikkinchi tarafni shartnomani bekor qilish haqida yetti kun oldin ogohlantirgan holda 6-bosqich Davlat organi rahbarining volontyorlar faoliyatini muvofiqlashtiruvchi oʻrinbosari Volontyorning volontyorlar guruhida aʼzoligi davridagi faoliyatini 10 ballik tizimda baholaydi. Volontyor volontyorlar guruhi aʼzoligidan chiqqanidan soʻng

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 11-aprel,

169-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 12.04.2022-y., 09/22/169/0292-son)

lex.uz