📅 2022-yil 11-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 11-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 11 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 11 апреля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 11 April 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун аудитнинг халқаро стандартларини тан олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
«Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аудиторларни сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 4 август ПҚ-5210-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун аудитнинг халқаро стандартларини тан олиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
аудиторлик фаолиятининг халқаро стандартларини тан олиш учун Халқаро бухгалтерлар федерацияси билан битим тузиш;
аудитнинг халқаро стандартлари матнини давлат тилига таржима қилиш;
аудитнинг халқаро стандартларини аудиторлар, экспертлар ва ушбу стандартлардан бошқа фойдаланувчилар, илмий жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилиш;
аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матни аудитнинг халқаро стандартларининг инглиз тилидаги матнига мувофиқлигини комиссия томонидан кўриб чиқиш тартиби;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аудитнинг халқаро стандартларини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
аудитнинг халқаро стандартлари матнини давлат тилига таржима қилишда аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик қилсин;
2022 йил 1 ноябрга қадар аудитнинг халқаро стандартлари бўйича бепул ўқитиш таълим платформасини яратиш чораларини кўрсин.
3. Белгилансинки:
аудитнинг халқаро стандартлари бўйича бепул ўқитиш таълим платформасини яратиш билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда Молия вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади;
Белгиланган тартибда рўйхатга олинган аудиторлик ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириладиган Аудиторлик ташкилотларининг реестрига киритиш учун маълумотларни ва аудиторлар меҳнат дафтарчаларининг кўчирма нусхаларини почта орқали ёки электрон шаклда юборади. Маълумотлар электрон шаклда юборилганда, улардан «Аудит» дастурий мажмуасидан фойдаланиш мумкин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги 507-сон қарори билан тасдиқланган Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва унга тушунтиришлар матнини тан олиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 апрелдаги 171-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун аудитнинг халқаро стандартларини тан олиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Халқаро бухгалтерлар федерациясининг (кейинги ўринларда — ХБФ) Аудит ва ишончни таъминлайдиган топшириқларнинг халқаро стандартлари бўйича кенгаши томонидан эълон қилинадиган аудиторлик фаолиятининг халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун уларни тан олиш тартибини белгилайди.
2. Халқаро бухгалтерлар федерациясининг Аудит ва ишончни таъминлайдиган топшириқларнинг халқаро стандартлари бўйича кенгаши томонидан эълон қилинадиган аудитнинг халқаро стандартларига (кейинги ўринларда — аудитнинг халқаро стандартлари) қуйидагилар киради:
аудитнинг халқаро стандартлари;
сифат назоратининг халқаро стандартлари;
таҳлилий текширишларнинг халқаро стандартлари;
ишончни таъминлайдиган топшириқларнинг халқаро стандартлари;
турдош хизматларнинг халқаро стандартлари.
3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун аудитнинг халқаро стандартлари ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ тан олинади.
2-боб. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун аудитнинг халқаро стандартларини кўриб чиқиш
4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун аудитнинг халқаро стандартлари қуйидаги тартибда тан олинади:
аудитнинг халқаро стандартларини тан олиш учун Ўзбекистон аудиторлар палатаси ва ХБФ ўртасида шартнома тузиш;
аудитнинг халқаро стандартларини давлат тилига таржима қилиш учун унинг инглиз тилидаги матнини ХБФдан расмий равишда қабул қилиш;
аудитнинг халқаро стандартлари матнини давлат тилига таржима қилиш;
таржима қилинган аудитнинг халқаро стандартлари матнини аудиторлик ташкилотлари, экспертлар, илмий ва педагогик жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилиб бориш;
Молия вазирлиги ташкил этган комиссия томонидан аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матни инглиз тилидаги матнга мувофиқлигини кўриб чиқиш;
Ўзбекистон аудиторлар палатаси томонидан таржима қилинган аудитнинг халқаро стандартларини таржима қилиш тартибига мувофиқлигини тасдиқлаш учун ХБФга юбориш;
ХБФ томонидан таржима қилиш тартибига мувофиқлиги тасдиқланган аудитнинг халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг тан олиш тўғрисидаги буйруғини қабул қилиш;
аудитнинг халқаро стандартларини Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиш.
5. Ўзбекистон аудиторлар палатаси ва ХБФ ўртасида тузилган шартномага мувофиқ ХБФдан расмий равишда қабул қилинган аудитнинг халқаро стандартлари давлат тилига таржима қилинади. Ўзбекистон аудиторлар палатаси ХБФга йиллик аъзолик бадалларини тўлаб боради.
6. Таржима қилинган аудитнинг халқаро стандартлари Ўзбекистон аудиторлар палатаси томонидан Молия вазирлигига тақдим этилади ва уларнинг давлат тилидаги матни Молия вазирлигининг ҳамда Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларининг расмий веб-сайтлари орқали жамоатчиликка тақдим этиб борилади.
7. Жамоатчилик вакилларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда, аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матни инглиз тилидаги матнга мувофиқлигини кўриб чиқиш учун Молия вазирлигида комиссия тузилади.
Комиссиянинг таркиби ва регламенти Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.
Комиссиянинг таркиби ваколатли давлат органлари, бухгалтерлар ва аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари, аудитнинг халқаро стандартларидан фойдаланувчилар, аудиторлик ташкилотлари, халқаро экспертлар, илмий жамоатчилик вакилларидан иборат бўлиб, камида етти нафарни ташкил этади.
8. Комиссиянинг аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матни инглиз тилидаги матнга мувофиқлиги бўйича хулосаси асосидаги Аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги таржимаси Ўзбекистон аудиторлар палатаси томонидан ХБФга таржима қилиш жараёнига амал қилинганини тасдиқлаш учун юборилади.
3-боб. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун аудитнинг халқаро стандартларини жорий этиш
9. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аудитнинг халқаро стандартларини жорий этиш тўғрисидаги қарор Молия вазирлиги томонидан қабул қилинади.
10. Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аудитнинг халқаро стандартларини амалга киритиш тўғрисидаги қарори ХБФ томонидан таржима қилиш жараёнига мувофиқлиги тасдиқлангандан сўнг қабул қилинади.
11. Аудитнинг халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун тан олиш Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 19 сентябрдаги ПҚ-3946-сон қарорига мувофиқ аудиторлик ташкилотлари аудиторлик фаолиятини фақат Халқаро бухгалтерлар федерацияси томонидан нашр этиладиган халқаро аудит стандартлари асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг аудитнинг халқаро стандартларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун тан олиш тўғрисидаги буйруғи Адлия вазирлигида давлат рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди.
12. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг аудитнинг халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун тан олиш тўғрисидаги буйруғи ва аудитнинг халқаро стандартлари матнлари Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
13. Агар аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матни билан унинг инглиз тилидаги матни ўртасида фарқ аниқланса, манфаатдор шахслар давлат тилидаги матнга аниқлик киритиш учун Ўзбекистон аудиторлар палатасига мурожаат қилиши мумкин.
Ўзбекистон аудиторлар палатаси аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матнига аниқлик киритиш учун уни Комиссияга қайта кўриб чиқиш учун юборади.
14. Комиссия ушбу фарқ тасдиқлангандан сўнг белгиланган тартибда аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матнига тегишли тушунтириш бериш учун Молия вазирлигига хулоса беради.
15. Ўзбекистон аудиторлар палатаси аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матнининг доимий равишда янгиланиб борилишини таъминлайди.
4-боб. Якунловчи қоидалар
16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун аудитнинг халқаро стандартларини тан олиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун аудитнинг халқаро стандартларини тан олиш тартиби
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ўзбекистон аудиторлар палатаси Халқаро бухгалтерлар федерацияси (кейинги ўринларда — ХБФ) билан аудитнинг халқаро стандартлари (кейинги ўринларда — АХС)дан давлат тили ва бошқа тилларда фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун шартнома тузади. Белгиланган муддатларда 2-босқич Ўзбекистон аудиторлар палатаси АХСни давлат тилига таржима қилиш учун унинг инглиз тилидаги матнини ХБФдан расмий равишда қабул қилади. Шартнома тузилгандан сўнг 10 кун мобайнида 3-босқич Ўзбекистон аудиторлар палатаси АХС матнини давлат тилига таржима қилади. Инглиз тилидаги матнини ХБФдан расмий равишда қабул қилгандан сўнг 40 кун муддатда 4-босқич Молия вазирлиги, бухгалтерлар ва аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари Таржима қилинган АХС матнини аудиторлик ташкилотлари, экспертлар, илмий ва педагогик жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилади. 10 иш куни давомида 5-босқич Молия вазирлиги томонидан тузилган Комиссия АХСнинг давлат тилидаги матни ушбу АХСнинг инглиз тилидаги матнига мувофиқлигини кўриб чиқади. 30 иш куни давомида 6-босқич Ўзбекистон аудиторлар палатаси Таржима қилинган аудитнинг халқаро стандартлари таржима қилиш тартибига мувофиқлигини тасдиқлаш учун ХБФга юборади. 1 иш куни давомида 7-босқич Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида АХСни амалга киритиш тўғрисида қарор қабул қилади. Давлат тили ва бошқа тилларга таржима қилинган АХСни ўзининг ва аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари веб-сайтларида эълон қилади. ХБФдан тасдиқлангандан сўнг 5 иш куни давомида 8-босқич Аудиторлик ташкилотлари Аудиторлик фаолиятини аудитнинг халқаро стандартлари асосида амалга ошириш Доимий равишда
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 апрелдаги 171-сон қарорига 2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги 507-сон қарори билан тасдиқланган Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва унга тушунтиришлар матнини тан олиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 3-бандда :
иккинчи хатбошидаги «ҳужжатларини давлат тилига таржима қилиш ва бошқа тилларда» сўзлари «ҳужжатларидан» сўзи билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши қўшилсин:
«МҲХС ҳужжатларини МҲХС фондидан расмий равишда қабул қилиш»;
учинчи ва саккизинчи хатбошилар тегишлича тўртинчи ва тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
2. 15-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мазкур буйруқ белгиланган тартибда Адлия вазирлигида давлат рўйхатдан ўтказилади, бунда давлат тилига таржима қилинган МҲХС ҳужжатининг матни Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш предмети ҳисобланмайди».
3. 16-бандда :
биринчи хатбошидаги «олтинчи хатбошида» сўзлари «еттинчи хатбошида» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Агар МҲХС ҳужжатининг кучга кириш санаси ушбу Низомнинг 3-банди еттинчи хатбошида белгиланган тартибда расмий эълон қилинган санадан кейин бўлса ва МҲХС фонди томонидан ушбу МҲХС ҳужжатини унинг кучга кириш санасигача ихтиёрий қўллаш рухсат этилган бўлса, ташкилотлар ушбу МҲХС ҳужжатини расмий эълон қилинган санадан кучга киргунга қадар ихтиёрий қўллаши мумкин».
4. 17-банднинг иккинчи хатбошидаги «олтинчи хатбошида» сўзлари «еттинчи хатбошида» сўзлари билан алмаштирилсин.
5. 18-банднинг иккинчи хатбошидаги «Молия вазирлиги томонидан МҲХС фонди билан келишилган ҳолда» сўзлари чиқариб ташлансин.
6. Низомга илованинг «1-босқич» позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
« Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Молия вазирлиги МҲХС ҳужжатларини МҲХС фондидан расмий равишда қабул қилиш. Белгиланган муддатларда ».
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 апрелдаги 171-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган баъзи қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Аудиторлик фаолиятини такомиллаштириш ва аудиторлик текширишларининг аҳамиятини ошириш тўғрисида» 2000 йил 22 сентябрдаги 365-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ., 2000 й., 9-сон, 62-модда).
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Аудиторлик фаолиятини такомиллаштириш ва аудиторлик текширишларининг аҳамиятини ошириш тўғрисида» 2000 йил 22 сентябрдаги 365-сон қарорига ўзгартириш киритиш ҳақида» 2005 йил 29 ноябрдаги 266-сон қарори .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2006 йил 10 ноябрдаги 235-сон қарорига 1-илованинг 29-банди .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг «Аудиторлик фаолиятини такомиллаштириш ва аудиторлик текширишларининг аҳамиятини ошириш тўғрисида» 2000 йил 22 сентябрдаги 365-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2007 йил 17 майдаги 99-сон қарори .
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Аудиторлик фаолиятини лицензиялаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 13 мартдаги 218-сон қарори .
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2020 йил 16 июндаги 384-сон қарорига 1-илованинг 36-банди.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 11 апрель,
171-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
ROʻYXATI
Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllash uchun auditning xalqaro standartlarini tan olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
“Auditorlik faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Auditorlarni sertifikatlashtirish tizimini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 4-avgust PQ-5210-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllash uchun auditning xalqaro standartlarini tan olish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
auditorlik faoliyatining xalqaro standartlarini tan olish uchun Xalqaro buxgalterlar federatsiyasi bilan bitim tuzish;
auditning xalqaro standartlari matnini davlat tiliga tarjima qilish;
auditning xalqaro standartlarini auditorlar, ekspertlar va ushbu standartlardan boshqa foydalanuvchilar, ilmiy jamoatchilik vakillari bilan muhokama qilish;
auditning xalqaro standartlarining davlat tilidagi matni auditning xalqaro standartlarining ingliz tilidagi matniga muvofiqligini komissiya tomonidan koʻrib chiqish tartibi;
Oʻzbekiston Respublikasi hududida auditning xalqaro standartlarini joriy etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi:
auditning xalqaro standartlari matnini davlat tiliga tarjima qilishda auditorlarning respublika jamoat birlashmalari bilan hamkorlik qilsin;
2022-yil 1-noyabrga qadar auditning xalqaro standartlari boʻyicha bepul oʻqitish taʼlim platformasini yaratish choralarini koʻrsin.
3. Belgilansinki:
auditning xalqaro standartlari boʻyicha bepul oʻqitish taʼlim platformasini yaratish bilan bogʻliq xarajatlar belgilangan tartibda Moliya vazirligiga ajratilgan mablagʻlar hisobidan amalga oshiriladi;
Belgilangan tartibda roʻyxatga olingan auditorlik tashkiloti Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining rasmiy veb-saytiga joylashtiriladigan Auditorlik tashkilotlarining reyestriga kiritish uchun maʼlumotlarni va auditorlar mehnat daftarchalarining koʻchirma nusxalarini pochta orqali yoki elektron shaklda yuboradi. Maʼlumotlar elektron shaklda yuborilganda, ulardan “Audit” dasturiy majmuasidan foydalanish mumkin.
4. Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 24-avgustdagi 507-son qarori bilan tasdiqlangan Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari va unga tushuntirishlar matnini tan olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi moliya vaziri T.A. Ishmetov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 11-apreldagi 171-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllash uchun auditning xalqaro standartlarini tan olish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Xalqaro buxgalterlar federatsiyasining (keyingi oʻrinlarda — XBF) Audit va ishonchni taʼminlaydigan topshiriqlarning xalqaro standartlari boʻyicha kengashi tomonidan eʼlon qilinadigan auditorlik faoliyatining xalqaro standartlarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllash uchun ularni tan olish tartibini belgilaydi.
2. Xalqaro buxgalterlar federatsiyasining Audit va ishonchni taʼminlaydigan topshiriqlarning xalqaro standartlari boʻyicha kengashi tomonidan eʼlon qilinadigan auditning xalqaro standartlariga (keyingi oʻrinlarda — auditning xalqaro standartlari) quyidagilar kiradi:
auditning xalqaro standartlari;
sifat nazoratining xalqaro standartlari;
tahliliy tekshirishlarning xalqaro standartlari;
ishonchni taʼminlaydigan topshiriqlarning xalqaro standartlari;
turdosh xizmatlarning xalqaro standartlari.
3. Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllash uchun auditning xalqaro standartlari ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq tan olinadi.
2-bob. Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllash uchun auditning xalqaro standartlarini koʻrib chiqish
4. Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllash uchun auditning xalqaro standartlari quyidagi tartibda tan olinadi:
auditning xalqaro standartlarini tan olish uchun Oʻzbekiston auditorlar palatasi va XBF oʻrtasida shartnoma tuzish;
auditning xalqaro standartlarini davlat tiliga tarjima qilish uchun uning ingliz tilidagi matnini XBFdan rasmiy ravishda qabul qilish;
auditning xalqaro standartlari matnini davlat tiliga tarjima qilish;
tarjima qilingan auditning xalqaro standartlari matnini auditorlik tashkilotlari, ekspertlar, ilmiy va pedagogik jamoatchilik vakillari bilan muhokama qilib borish;
Moliya vazirligi tashkil etgan komissiya tomonidan auditning xalqaro standartlarining davlat tilidagi matni ingliz tilidagi matnga muvofiqligini koʻrib chiqish;
Oʻzbekiston auditorlar palatasi tomonidan tarjima qilingan auditning xalqaro standartlarini tarjima qilish tartibiga muvofiqligini tasdiqlash uchun XBFga yuborish;
XBF tomonidan tarjima qilish tartibiga muvofiqligi tasdiqlangan auditning xalqaro standartlarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllash uchun Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining tan olish toʻgʻrisidagi buyrugʻini qabul qilish;
auditning xalqaro standartlarini Moliya vazirligining rasmiy veb-saytida eʼlon qilish.
5. Oʻzbekiston auditorlar palatasi va XBF oʻrtasida tuzilgan shartnomaga muvofiq XBFdan rasmiy ravishda qabul qilingan auditning xalqaro standartlari davlat tiliga tarjima qilinadi. Oʻzbekiston auditorlar palatasi XBFga yillik aʼzolik badallarini toʻlab boradi.
6. Tarjima qilingan auditning xalqaro standartlari Oʻzbekiston auditorlar palatasi tomonidan Moliya vazirligiga taqdim etiladi va ularning davlat tilidagi matni Moliya vazirligining hamda Auditorlarning respublika jamoat birlashmalarining rasmiy veb-saytlari orqali jamoatchilikka taqdim etib boriladi.
7. Jamoatchilik vakillaridan kelib tushgan takliflarni inobatga olgan holda, auditning xalqaro standartlarining davlat tilidagi matni ingliz tilidagi matnga muvofiqligini koʻrib chiqish uchun Moliya vazirligida komissiya tuziladi.
Komissiyaning tarkibi va reglamenti Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
Komissiyaning tarkibi vakolatli davlat organlari, buxgalterlar va auditorlarning respublika jamoat birlashmalari, auditning xalqaro standartlaridan foydalanuvchilar, auditorlik tashkilotlari, xalqaro ekspertlar, ilmiy jamoatchilik vakillaridan iborat boʻlib, kamida yetti nafarni tashkil etadi.
8. Komissiyaning auditning xalqaro standartlarining davlat tilidagi matni ingliz tilidagi matnga muvofiqligi boʻyicha xulosasi asosidagi Auditning xalqaro standartlarining davlat tilidagi tarjimasi Oʻzbekiston auditorlar palatasi tomonidan XBFga tarjima qilish jarayoniga amal qilinganini tasdiqlash uchun yuboriladi.
3-bob. Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllash uchun auditning xalqaro standartlarini joriy etish
9. Oʻzbekiston Respublikasi hududida auditning xalqaro standartlarini joriy etish toʻgʻrisidagi qaror Moliya vazirligi tomonidan qabul qilinadi.
10. Moliya vazirligining Oʻzbekiston Respublikasi hududida auditning xalqaro standartlarini amalga kiritish toʻgʻrisidagi qarori XBF tomonidan tarjima qilish jarayoniga muvofiqligi tasdiqlangandan soʻng qabul qilinadi.
11. Auditning xalqaro standartlarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllash uchun tan olish Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining buyrugʻi bilan rasmiylashtiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida auditorlik faoliyatini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 19-sentabrdagi PQ-3946-son qaroriga muvofiq auditorlik tashkilotlari auditorlik faoliyatini faqat Xalqaro buxgalterlar federatsiyasi tomonidan nashr etiladigan xalqaro audit standartlari asosida amalga oshirilishi belgilab qoʻyilganligi sababli Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining auditning xalqaro standartlarni Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllash uchun tan olish toʻgʻrisidagi buyrugʻi Adliya vazirligida davlat roʻyxatdan oʻtkazish talab etilmaydi.
12. Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining auditning xalqaro standartlarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllash uchun tan olish toʻgʻrisidagi buyrugʻi va auditning xalqaro standartlari matnlari Moliya vazirligining rasmiy veb-saytida joylashtiriladi.
13. Agar auditning xalqaro standartlarining davlat tilidagi matni bilan uning ingliz tilidagi matni oʻrtasida farq aniqlansa, manfaatdor shaxslar davlat tilidagi matnga aniqlik kiritish uchun Oʻzbekiston auditorlar palatasiga murojaat qilishi mumkin.
Oʻzbekiston auditorlar palatasi auditning xalqaro standartlarining davlat tilidagi matniga aniqlik kiritish uchun uni Komissiyaga qayta koʻrib chiqish uchun yuboradi.
14. Komissiya ushbu farq tasdiqlangandan soʻng belgilangan tartibda auditning xalqaro standartlarining davlat tilidagi matniga tegishli tushuntirish berish uchun Moliya vazirligiga xulosa beradi.
15. Oʻzbekiston auditorlar palatasi auditning xalqaro standartlarining davlat tilidagi matnining doimiy ravishda yangilanib borilishini taʼminlaydi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
16. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllash uchun auditning xalqaro standartlarini tan olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllash uchun auditning xalqaro standartlarini tan olish tartibi
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Oʻzbekiston auditorlar palatasi Xalqaro buxgalterlar federatsiyasi (keyingi oʻrinlarda — XBF) bilan auditning xalqaro standartlari (keyingi oʻrinlarda — AXS)dan davlat tili va boshqa tillarda foydalanish huquqini olish uchun shartnoma tuzadi. Belgilangan muddatlarda 2-bosqich Oʻzbekiston auditorlar palatasi AXSni davlat tiliga tarjima qilish uchun uning ingliz tilidagi matnini XBFdan rasmiy ravishda qabul qiladi. Shartnoma tuzilgandan soʻng 10 kun mobaynida 3-bosqich Oʻzbekiston auditorlar palatasi AXS matnini davlat tiliga tarjima qiladi. Ingliz tilidagi matnini XBFdan rasmiy ravishda qabul qilgandan soʻng 40 kun muddatda 4-bosqich Moliya vazirligi, buxgalterlar va auditorlarning respublika jamoat birlashmalari Tarjima qilingan AXS matnini auditorlik tashkilotlari, ekspertlar, ilmiy va pedagogik jamoatchilik vakillari bilan muhokama qiladi. 10 ish kuni davomida 5-bosqich Moliya vazirligi tomonidan tuzilgan Komissiya AXSning davlat tilidagi matni ushbu AXSning ingliz tilidagi matniga muvofiqligini koʻrib chiqadi. 30 ish kuni davomida 6-bosqich Oʻzbekiston auditorlar palatasi Tarjima qilingan auditning xalqaro standartlari tarjima qilish tartibiga muvofiqligini tasdiqlash uchun XBFga yuboradi. 1 ish kuni davomida 7-bosqich Moliya vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi hududida AXSni amalga kiritish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Davlat tili va boshqa tillarga tarjima qilingan AXSni oʻzining va auditorlarning respublika jamoat birlashmalari veb-saytlarida eʼlon qiladi. XBFdan tasdiqlangandan soʻng 5 ish kuni davomida 8-bosqich Auditorlik tashkilotlari Auditorlik faoliyatini auditning xalqaro standartlari asosida amalga oshirish Doimiy ravishda
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 11-apreldagi 171-son qaroriga 2-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 24-avgustdagi 507-son qarori bilan tasdiqlangan Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari va unga tushuntirishlar matnini tan olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 3-bandda :
ikkinchi xatboshidagi “hujjatlarini davlat tiliga tarjima qilish va boshqa tillarda” soʻzlari “hujjatlaridan” soʻzi bilan almashtirilsin;
quyidagi mazmundagi uchinchi xatboshi qoʻshilsin:
“MHXS hujjatlarini MHXS fondidan rasmiy ravishda qabul qilish”;
uchinchi va sakkizinchi xatboshilar tegishlicha toʻrtinchi va toʻqqizinchi xatboshilar deb hisoblansin.
2. 15-bandning ikkinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Mazkur buyruq belgilangan tartibda Adliya vazirligida davlat roʻyxatdan oʻtkaziladi, bunda davlat tiliga tarjima qilingan MHXS hujjatining matni Adliya vazirligi tomonidan huquqiy ekspertizadan oʻtkazish predmeti hisoblanmaydi”.
3. 16-bandda :
birinchi xatboshidagi “oltinchi xatboshida” soʻzlari “yettinchi xatboshida” soʻzlari bilan almashtirilsin;
quyidagi mazmundagi xatboshi qoʻshilsin:
“Agar MHXS hujjatining kuchga kirish sanasi ushbu Nizomning 3-bandi yettinchi xatboshida belgilangan tartibda rasmiy eʼlon qilingan sanadan keyin boʻlsa va MHXS fondi tomonidan ushbu MHXS hujjatini uning kuchga kirish sanasigacha ixtiyoriy qoʻllash ruxsat etilgan boʻlsa, tashkilotlar ushbu MHXS hujjatini rasmiy eʼlon qilingan sanadan kuchga kirgunga qadar ixtiyoriy qoʻllashi mumkin”.
4. 17-bandning ikkinchi xatboshidagi “oltinchi xatboshida” soʻzlari “yettinchi xatboshida” soʻzlari bilan almashtirilsin.
5. 18-bandning ikkinchi xatboshidagi “Moliya vazirligi tomonidan MHXS fondi bilan kelishilgan holda” soʻzlari chiqarib tashlansin.
6. Nizomga ilovaning “1-bosqich” pozitsiyasi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Moliya vazirligi MHXS hujjatlarini MHXS fondidan rasmiy ravishda qabul qilish. Belgilangan muddatlarda ”.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 11-apreldagi 171-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan baʼzi qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Auditorlik faoliyatini takomillashtirish va auditorlik tekshirishlarining ahamiyatini oshirish toʻgʻrisida” 2000-yil 22-sentabrdagi 365-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QT., 2000-y., 9-son, 62-modda).
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Auditorlik faoliyatini takomillashtirish va auditorlik tekshirishlarining ahamiyatini oshirish toʻgʻrisida” 2000-yil 22-sentabrdagi 365-son qaroriga oʻzgartirish kiritish haqida” 2005-yil 29-noyabrdagi 266-son qarori .
3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2006-yil 10-noyabrdagi 235-son qaroriga 1-ilovaning 29-bandi .
4. Vazirlar Mahkamasining “Vazirlar Mahkamasining “Auditorlik faoliyatini takomillashtirish va auditorlik tekshirishlarining ahamiyatini oshirish toʻgʻrisida” 2000-yil 22-sentabrdagi 365-son qaroriga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida” 2007-yil 17-maydagi 99-son qarori .
5. Vazirlar Mahkamasining “Auditorlik faoliyatini litsenziyalash tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 13-martdagi 218-son qarori .
6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2020-yil 16-iyundagi 384-son qaroriga 1-ilovaning 36-bandi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 11-aprel,
171-son