UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 12-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 12 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 12 апреля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 12 April 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 8 февралдаги ПҚ-118-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатларида юзага келиши мумкин бўлган баҳсли ва зиддиятли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П. Бобожонов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 173-сон қарорига ИЛОВА

Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча

1. 2-банднинг еттинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«махсус мосламалар — махсус автоматлаштирилган аудио, фото ва видео қайд этиш техника воситалари ёки кўчма фоторадар ва мобил комплекслар, алкотестер, планшет ҳамда транспорт воситалари ойналари ёруғлик ўтказувчанлигини ўлчовчи (тауметр) махсус техник воситалар».

2. 8-банднинг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«8. ЙПХ ходими томонидан транспорт воситаси ҳайдовчининг ҳужжатларини текшириш учун тўхтатилганда, транспорт воситаси ҳужжатларини текшириш жараёнида аниқланган барча қоида бузилишлари бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда чора кўрилади».

3. 9-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. 12-банднинг ўнинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни, транспорт воситасида ҳуқуқбузарлик содир этиб ҳодиса жойидан яширинган, ЙПХ ходимининг қонуний талабига бўйсунмаган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (кейинги ўринларда — МЖТК) 291-моддаси биринчи қисмининг «а» бандига кўра транспорт воситасининг ҳайдовчиси ушбу Кодекс 54-моддасининг иккинчи қисмида (транспорт воситаларининг ҳаракатланишига чекловлар бузилиши қисмида), 90 1 -моддасида, 125-моддасининг учинчи, бешинчи ва олтинчи қисмларида, 125 1 -моддасининг иккинчи қисмида, 126-моддасида, 127-моддасининг иккинчи қисмида, 128 6 -моддасида (агар транспорт воситасининг ҳайдовчиси бўлмаса ва тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланишига халақит берса), 131-моддасида, 135-моддасида (транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси, ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати ёнида мавжуд бўлмаганлиги ҳоллари бундан мустасно), 136-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 137-моддасида, 194-моддасида (ички ишлар органи ходимининг транспорт воситасини тўхтатиш тўғрисидаги қонуний талабини бажармаслик қисмида) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганда, шу билан бирга, қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолатларда транспорт воситаларини ушлаб туриш».

5. 14-бандда :

учинчи хатбошидаги «ҳамда» сўзи «ёки» сўзи билан алмаштирилсин;

ўн еттинчи хатбошидаги «белгиланган ҳаракатланиш тезлигини ошириб,» сўзлари чиқариб ташлансин.

6. 18-бандда :

ўн иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

ўн учинчи — ўн еттинчи хатбошилар тегишлича ўн иккинчи — ўн олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

ўн иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«эътирозлар мавжуд бўлса, ҳуқуқбузарлик тўғрисида маъмурий баённома расмийлаштирилгандан сўнг тегишли ДЙҲХХ саф бўлими (бўлинмаси)га мурожаат этиб, ўзи тўхтатилган ҳудудда ЙПХ ходими хизмат олиб бориши мумкинлиги тўғрисидаги дислокация ҳақида ёзма маълумот беришни талаб қилиш».

7. 6-боб қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«6-боб. Йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан хизмат вазифаларини бажаришда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби

25. Йўл ҳаракати қатнашчиларининг қоидаларга риоя этишини назорат қилиш мақсадида махсус мосламалардан фойдаланилади.

26. ЙПХ ходимлари томонидан йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатини назорат қилишда фойдаланиладиган махсус мосламалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширувдан ўтган бўлиши лозим.

27. Қоидалар бузилишининг олдини олиш учун ЙПХ ходими патруль автомобили, махсус мосламаларни имитация қилувчи қурилмалар (макетлар, манекенлар) ёрдамидан фойдаланиши мумкин.

28. Рухсат этилмаган, сертификатга эга бўлмаган, сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган ёки белгиланган тартибда ички ишлар органлари ҳисобида мавжуд бўлмаган махсус мосламалардан фойдаланиш тақиқланади.

Бунда рухсат этилмаган, сертификатга эга бўлмаган, сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган ёки белгиланган тартибда ички ишлар органлари ҳисобида мавжуд бўлмаган тезликни ўлчаш воситалари асосида расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар юридик кучга эга бўлмайди ва ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармайди.

29. Транспорт воситасининг ҳайдовчиси махсус мослама қайд этган кўрсаткичдан норози бўлган тақдирда, ҳолат тегишли равишда холислар иштирокида расмийлаштирилади.

1-§. Кўчма фоторадар ва мобил комплекслардан фойдаланиш тартиби

30. Транспорт воситаларининг оқими ва йўл шароитини ҳисобга олган ҳолда, кўчма фоторадар ва мобил комплекслар бириктирилган ЙПХ ходимлари томонидан уларнинг кунлик дислокацияси белгиланган ва махсус мосламалардан тегишли тартибда фойдаланиш чоралари кўрилган бўлиши лозим.

31. Кўчма фоторадар ва мобиль комплекслардан фойдаланганда, ЙПХ ходими мосламанинг кўрсаткичлари билан ҳаракат тезлигини ошириб, қоидаларни бузган ҳайдовчини таништириши, унинг талаби билан мосламанинг сертификати (нусхаси)ни кўрсатиши лозим.

32. ЙПХ ходимларининг патруль автомобилларида фойдаланиш белгилаб қўйилган тезликни ўлчаш мосламаларини ўзбошимчалик билан ечиб олиши ва хизматга алоқаси бўлмаган бошқа шахсларнинг (жисмоний ёки юридик) транспорт воситаларига ўрнатиши ҳамда хизматни ўташга алоқадор бўлмаган фуқароларни жалб қилиши қатъиян тақиқланади.

Мазкур талабга риоя этилмаган ҳолда расмийлаштирилган баённомалар юридик кучга эга бўлмайди ва ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармайди.

33. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлашнинг автоматлаштирилган (компьютерлаштирилган) бошқарув тизими (кейинги ўринларда — АБТ деб аталади) таркибидаги йўл ҳаракатини назорат қилиш ҳамда видео кузатиш техник воситаларининг жойлашуви ва иш тартиби Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан тасдиқланадиган дислокация билан белгиланади.

34. Кўчма фоторадар ва мобил комплексларни қўллаш жойи ва вақти ДЙҲХХ саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғи томонидан тасдиқланган дислокацияга мувофиқ белгиланади.

35. Дислокацияга асосан тезликни ўлчаш воситаси билан хизматга жалб этилган ЙПХ ходими ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари масъул ходимидан тезликни ўлчаш воситасини (мобил комплекслар бундан мустасно) ва унга тегишли сертификатни (ёки унинг нусхасини) қабул қилиб олади ва унинг бутлиги, созлиги, белгиланган тартибда ишлатилишига масъул ҳисобланади.

36. ЙПХ ходими дислокацияга асосан бириктирилган ҳудудга етиб бориб, хизматни бошлашидан олдин тезлик ўлчаш мосламасини фойдаланиш учун тайёрлайди, мослама хотирасига унинг ўрнатилган жойи, ҳаракат йўналиши тўғрисидаги маълумотларни киритиб, хизматга киришади.

2-§. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш учун махсус мосламадан фойдаланиш тартиби

36 1 . Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш ЙПХ ходими томонидан махсус мослама (алкотестер) ёрдамида қоидабузарлик юз берган жойнинг ўзида амалга оширилиши мумкин.

36 2 . Текширув олдидан ЙПХ ходими ҳайдовчини махсус мослама (алкотестер)нинг ишлаш тартиби билан таништиради, унинг талабига асосан мосламанинг сертификати (нусхаси)ни кўрсатади.

36 3 . Текширув камида икки нафар холис иштирокида амалга оширилади, ЙПХ ходими томонидан кузатув камераси (body camera)дан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган текширувлар бундан мустасно. Кузатув камераси (body camera)дан фойдаланган ҳолда амалга оширилган текширув жараёни акс этган видеотасвир иш материалларига илова қилиниши лозим.

36 4 . Текширув жараёнида ЙПХ ходими санитария-гигиена қоидаларига қатъи риоя этиши лозим.

36 5 . Текширув ЙПХ ходими томонидан махсус мослама (алкотестер) ёрдамида белгиланган тартибда транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлар концентрацияси миқдорини аниқлаш орқали ўтказилади.

36 6 . Транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлар концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда, ЙПХ ходими ҳайдовчига нисбатан алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги ҳолати юзасидан МЖТКнинг 131-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштиради.

36 7 . Транспорт воситаси ҳайдовчиси махсус мослама (алкотестер) ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортган ёхуд унда алкотестер орқали текширув натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда, ЙПХ ходими транспорт воситасини бошқараётган шахснинг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларига олиб боради.

36 8 . Транспорт воситаси ҳайдовчиси текширувдан ўтишдан бўйин товлаган тақдирда, ЙПХ ходими унга нисбатан МЖТКнинг 136-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштиради.

3-§. Транспорт воситалари ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлигини ўлчовчи мосламадан фойдаланиш тартиби

36 9 . Транспорт воситаларининг туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойналари белгиланган меъёрларга жавоб беришига аниқлик киритиш учун транспорт воситалари ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлигини ўлчовчи мослама (тауметр)дан фойдаланилади.

36 10 . Транспорт воситалари ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлигини аниқлаш ЙПХ ходими томонидан махсус мослама (тауметр) ёрдамида қоидабузарлик содир бўлган жойнинг ўзида амалга оширилади.

36 11 . Текширув олдидан ЙПХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчисини махсус мослама (тауметр)нинг ишлаш тартиби билан таништиради ва унинг талаби асосида мосламанинг сертификати (нусхаси)ни кўрсатади.

36 12 . Ёруғлик ўтказувчанлиги текширилаётган транспорт воситасининг ойнаси белгиланган стандартларга мос, тоза ва қуруқ бўлиши лозим.

36 13 . Ёруғлик ўтказувчанлиги белгиланган меъёрларга мувофиқ бўлмаган автотранспорт воситаси ҳайдовчисига нисбатан МЖТКнинг 126-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилади».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 12 апрель,

173-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.04.2022 й., 09/22/173/0298-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Yoʻl-patrul xizmati xodimlarining yoʻl harakati qatnashchilari bilan oʻzaro munosabatlari hamda maxsus moslamalardan foydalanishi tartibi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritish haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ichki ishlar organlari xodimlarini ijtimoiy himoya qilish tizimini yanada yaxshilash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 8-fevraldagi PQ-118-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, yoʻl harakati xavfsizligini taʼminlash tizimini yanada takomillashtirish, yoʻl-patrul xizmati xodimlarining yoʻl harakati qatnashchilari bilan oʻzaro munosabatlarida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan bahsli va ziddiyatli holatlarning oldini olish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 1-dekabrdagi 975-son qarori bilan tasdiqlangan Yoʻl-patrul xizmati xodimlarining yoʻl harakati qatnashchilari bilan oʻzaro munosabatlari hamda maxsus moslamalardan foydalanishi tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritilsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P. Bobojonov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-apreldagi 173-son qaroriga ILOVA

Yoʻl-patrul xizmati xodimlarining yoʻl harakati qatnashchilari bilan oʻzaro munosabatlari hamda maxsus moslamalardan foydalanishi tartibi toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirishlar va qoʻshimcha

1. 2-bandning yettinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“maxsus moslamalar — maxsus avtomatlashtirilgan audio, foto va video qayd etish texnika vositalari yoki koʻchma fotoradar va mobil komplekslar, alkotester, planshet hamda transport vositalari oynalari yorugʻlik oʻtkazuvchanligini oʻlchovchi (taumetr) maxsus texnik vositalar”.

2. 8-bandning birinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“8. YPX xodimi tomonidan transport vositasi haydovchining hujjatlarini tekshirish uchun toʻxtatilganda, transport vositasi hujjatlarini tekshirish jarayonida aniqlangan barcha qoida buzilishlari boʻyicha qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda chora koʻriladi”.

3. 9-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

4. 12-bandning oʻninchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“jinoyat sodir etganlikda gumon qilinayotgan shaxslarni, transport vositasida huquqbuzarlik sodir etib hodisa joyidan yashiringan, YPX xodimining qonuniy talabiga boʻysunmagan, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksi (keyingi oʻrinlarda — MJTK) 291-moddasi birinchi qismining “a” bandiga koʻra transport vositasining haydovchisi ushbu Kodeks 54-moddasining ikkinchi qismida (transport vositalarining harakatlanishiga cheklovlar buzilishi qismida), 90 1 -moddasida, 125-moddasining uchinchi, beshinchi va oltinchi qismlarida, 125 1 -moddasining ikkinchi qismida, 126-moddasida, 127-moddasining ikkinchi qismida, 128 6 -moddasida (agar transport vositasining haydovchisi boʻlmasa va toʻxtash yoki toʻxtab turish qoidalarining buzilishi yoʻl harakati ishtirokchilarining harakatlanishiga xalaqit bersa), 131-moddasida, 135-moddasida (transport vositalari egalarining fuqarolik javobgarligini majburiy sugʻurta qilish boʻyicha sugʻurta polisi, haydovchilarning malaka oshirishdan oʻtganligi toʻgʻrisidagi sertifikati yonida mavjud boʻlmaganligi hollari bundan mustasno), 136-moddasining birinchi va ikkinchi qismlarida, 137-moddasida, 194-moddasida (ichki ishlar organi xodimining transport vositasini toʻxtatish toʻgʻrisidagi qonuniy talabini bajarmaslik qismida) nazarda tutilgan maʼmuriy huquqbuzarliklarni sodir etganda, shu bilan birga, qonun hujjatlarida toʻgʻridan-toʻgʻri nazarda tutilgan boshqa holatlarda transport vositalarini ushlab turish”.

5. 14-bandda :

uchinchi xatboshidagi “hamda” soʻzi “yoki” soʻzi bilan almashtirilsin;

oʻn yettinchi xatboshidagi “belgilangan harakatlanish tezligini oshirib,” soʻzlari chiqarib tashlansin.

6. 18-bandda :

oʻn ikkinchi xatboshi chiqarib tashlansin;

oʻn uchinchi — oʻn yettinchi xatboshilar tegishlicha oʻn ikkinchi — oʻn oltinchi xatboshilar deb hisoblansin;

oʻn ikkinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“eʼtirozlar mavjud boʻlsa, huquqbuzarlik toʻgʻrisida maʼmuriy bayonnoma rasmiylashtirilgandan soʻng tegishli DYHXX saf boʻlimi (boʻlinmasi)ga murojaat etib, oʻzi toʻxtatilgan hududda YPX xodimi xizmat olib borishi mumkinligi toʻgʻrisidagi dislokatsiya haqida yozma maʼlumot berishni talab qilish”.

7. 6-bob quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“6-bob. Yoʻl-patrul xizmati xodimlari tomonidan xizmat vazifalarini bajarishda maxsus moslamalardan foydalanish tartibi

25. Yoʻl harakati qatnashchilarining qoidalarga rioya etishini nazorat qilish maqsadida maxsus moslamalardan foydalaniladi.

26. YPX xodimlari tomonidan yoʻl harakati ishtirokchilarining harakatini nazorat qilishda foydalaniladigan maxsus moslamalar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda tekshiruvdan oʻtgan boʻlishi lozim.

27. Qoidalar buzilishining oldini olish uchun YPX xodimi patrul avtomobili, maxsus moslamalarni imitatsiya qiluvchi qurilmalar (maketlar, manekenlar) yordamidan foydalanishi mumkin.

28. Ruxsat etilmagan, sertifikatga ega boʻlmagan, sertifikatning amal qilish muddati tugagan yoki belgilangan tartibda ichki ishlar organlari hisobida mavjud boʻlmagan maxsus moslamalardan foydalanish taqiqlanadi.

Bunda ruxsat etilmagan, sertifikatga ega boʻlmagan, sertifikatning amal qilish muddati tugagan yoki belgilangan tartibda ichki ishlar organlari hisobida mavjud boʻlmagan tezlikni oʻlchash vositalari asosida rasmiylashtirilgan maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi bayonnomalar yuridik kuchga ega boʻlmaydi va huquqiy oqibatlar keltirib chiqarmaydi.

29. Transport vositasining haydovchisi maxsus moslama qayd etgan koʻrsatkichdan norozi boʻlgan taqdirda, holat tegishli ravishda xolislar ishtirokida rasmiylashtiriladi.

1-§. Koʻchma fotoradar va mobil komplekslardan foydalanish tartibi

30. Transport vositalarining oqimi va yoʻl sharoitini hisobga olgan holda, koʻchma fotoradar va mobil komplekslar biriktirilgan YPX xodimlari tomonidan ularning kunlik dislokatsiyasi belgilangan va maxsus moslamalardan tegishli tartibda foydalanish choralari koʻrilgan boʻlishi lozim.

31. Koʻchma fotoradar va mobil komplekslardan foydalanganda, YPX xodimi moslamaning koʻrsatkichlari bilan harakat tezligini oshirib, qoidalarni buzgan haydovchini tanishtirishi, uning talabi bilan moslamaning sertifikati (nusxasi)ni koʻrsatishi lozim.

32. YPX xodimlarining patrul avtomobillarida foydalanish belgilab qoʻyilgan tezlikni oʻlchash moslamalarini oʻzboshimchalik bilan yechib olishi va xizmatga aloqasi boʻlmagan boshqa shaxslarning (jismoniy yoki yuridik) transport vositalariga oʻrnatishi hamda xizmatni oʻtashga aloqador boʻlmagan fuqarolarni jalb qilishi qatʼiyan taqiqlanadi.

Mazkur talabga rioya etilmagan holda rasmiylashtirilgan bayonnomalar yuridik kuchga ega boʻlmaydi va huquqiy oqibatlar keltirib chiqarmaydi.

33. Yoʻl harakati xavfsizligini taʼminlash va jamoat tartibini saqlashning avtomatlashtirilgan (kompyuterlashtirilgan) boshqaruv tizimi (keyingi oʻrinlarda — ABT deb ataladi) tarkibidagi yoʻl harakatini nazorat qilish hamda video kuzatish texnik vositalarining joylashuvi va ish tartibi Qoraqalpogʻiston Respublikasi ichki ishlar vaziri, Toshkent shahar va Toshkent viloyati ichki ishlar bosh boshqarmalari hamda viloyatlar ichki ishlar boshqarmalari boshliqlari tomonidan tasdiqlanadigan dislokatsiya bilan belgilanadi.

34. Koʻchma fotoradar va mobil komplekslarni qoʻllash joyi va vaqti DYHXX saf boʻlimi (boʻlinmasi) boshligʻi tomonidan tasdiqlangan dislokatsiyaga muvofiq belgilanadi.

35. Dislokatsiyaga asosan tezlikni oʻlchash vositasi bilan xizmatga jalb etilgan YPX xodimi hududiy yoʻl harakati xavfsizligi boʻlimlari masʼul xodimidan tezlikni oʻlchash vositasini (mobil komplekslar bundan mustasno) va unga tegishli sertifikatni (yoki uning nusxasini) qabul qilib oladi va uning butligi, sozligi, belgilangan tartibda ishlatilishiga masʼul hisoblanadi.

36. YPX xodimi dislokatsiyaga asosan biriktirilgan hududga yetib borib, xizmatni boshlashidan oldin tezlik oʻlchash moslamasini foydalanish uchun tayyorlaydi, moslama xotirasiga uning oʻrnatilgan joyi, harakat yoʻnalishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritib, xizmatga kirishadi.

2-§. Transport vositalari haydovchilarining alkogolli ichimliklar taʼsiridan mast holatda ekanligini aniqlash uchun maxsus moslamadan foydalanish tartibi

36 1 . Transport vositalari haydovchilarining alkogolli ichimliklar taʼsiridan mast holatda ekanligini aniqlash YPX xodimi tomonidan maxsus moslama (alkotester) yordamida qoidabuzarlik yuz bergan joyning oʻzida amalga oshirilishi mumkin.

36 2 . Tekshiruv oldidan YPX xodimi haydovchini maxsus moslama (alkotester)ning ishlash tartibi bilan tanishtiradi, uning talabiga asosan moslamaning sertifikati (nusxasi)ni koʻrsatadi.

36 3 . Tekshiruv kamida ikki nafar xolis ishtirokida amalga oshiriladi, YPX xodimi tomonidan kuzatuv kamerasi (body camera)dan foydalangan holda amalga oshiriladigan tekshiruvlar bundan mustasno. Kuzatuv kamerasi (body camera)dan foydalangan holda amalga oshirilgan tekshiruv jarayoni aks etgan videotasvir ish materiallariga ilova qilinishi lozim.

36 4 . Tekshiruv jarayonida YPX xodimi sanitariya-gigiyena qoidalariga qatʼi rioya etishi lozim.

36 5 . Tekshiruv YPX xodimi tomonidan maxsus moslama (alkotester) yordamida belgilangan tartibda transport vositasi haydovchisining ogʻiz boʻshligʻidan chiqarilgan havodagi etanol bugʻlar konsentratsiyasi miqdorini aniqlash orqali oʻtkaziladi.

36 6 . Transport vositasi haydovchisining ogʻiz boʻshligʻidan chiqarilgan havodagi etanol bugʻlar konsentratsiyasi koʻrsatkichi 0,135 milligramm va undan yuqori boʻlgan hollarda, YPX xodimi haydovchiga nisbatan alkogolli ichimlik isteʼmol qilganligi holati yuzasidan MJTKning 131-moddasiga muvofiq maʼmuriy bayonnoma rasmiylashtiradi.

36 7 . Transport vositasi haydovchisi maxsus moslama (alkotester) yordamida tekshiruvdan oʻtishdan bosh tortgan yoxud unda alkotester orqali tekshiruv natijalariga eʼtiroz mavjud boʻlgan hollarda, YPX xodimi transport vositasini boshqarayotgan shaxsning mast holatda ekanligini aniqlash maqsadida tibbiy tekshiruvdan oʻtkazish uchun tuman (shahar) davolash-profilaktika muassasalariga olib boradi.

36 8 . Transport vositasi haydovchisi tekshiruvdan oʻtishdan boʻyin tovlagan taqdirda, YPX xodimi unga nisbatan MJTKning 136-moddasiga muvofiq maʼmuriy bayonnoma rasmiylashtiradi.

3-§. Transport vositalari oynalarining yorugʻlik oʻtkazuvchanligini oʻlchovchi moslamadan foydalanish tartibi

36 9 . Transport vositalarining tusi oʻzgartirilgan (qoraytirilgan) oynalari belgilangan meʼyorlarga javob berishiga aniqlik kiritish uchun transport vositalari oynalarining yorugʻlik oʻtkazuvchanligini oʻlchovchi moslama (taumetr)dan foydalaniladi.

36 10 . Transport vositalari oynalarining yorugʻlik oʻtkazuvchanligini aniqlash YPX xodimi tomonidan maxsus moslama (taumetr) yordamida qoidabuzarlik sodir boʻlgan joyning oʻzida amalga oshiriladi.

36 11 . Tekshiruv oldidan YPX xodimi transport vositasi haydovchisini maxsus moslama (taumetr)ning ishlash tartibi bilan tanishtiradi va uning talabi asosida moslamaning sertifikati (nusxasi)ni koʻrsatadi.

36 12 . Yorugʻlik oʻtkazuvchanligi tekshirilayotgan transport vositasining oynasi belgilangan standartlarga mos, toza va quruq boʻlishi lozim.

36 13 . Yorugʻlik oʻtkazuvchanligi belgilangan meʼyorlarga muvofiq boʻlmagan avtotransport vositasi haydovchisiga nisbatan MJTKning 126-moddasiga muvofiq maʼmuriy bayonnoma rasmiylashtiriladi”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 12-aprel,

173-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 13.04.2022-y., 09/22/173/0298-son)

lex.uz