📅 2022-yil 14-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 14-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 14 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 апреля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 April 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш, шунингдек, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фаолиятини тартибга солиш ҳамда диншунослик экспертизасидан ўтказишни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш жамиятда конфессиялараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олингандан кейин амалга оширилиши;
диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
юридик ёки жисмоний шахслар томонидан диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, ушбу материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва тарқатишга қўйиладиган талаблар;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга мўлжалланган материалларни экспертизадан ўтказиш учун ваколатли органга мурожаат қилиш тартиби;
диншунослик экспертизасини ўтказиш шартлари, муддатлари ва диншунослик экспертизаси хулосасини расмийлаштириш тартиби.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси С.Д. Тошбоев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги 180-сон қарорига 1-ИЛОВА
Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фаолиятини амалга ошириш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси;
голограмма — белгиланган диний мазмундаги материалларни тарқатиш учун рухсат берилганлигини билдирувчи махсус эмблема;
диний мазмундаги китоб — таркибида диний мазмундаги материалларнинг ҳажми 48 саҳифадан кам бўлмаган, босма ёки электрон кўринишдаги нодаврий нашр;
диний мазмундаги материаллар (кейинги ўринларда — материаллар) — диний таълимотнинг ақидавий асосларини, тарихини, диний таълимот мафкурасини ва шарҳларни, турли диний таълимотларнинг маросимлар ўтказиш амалиётини, шунингдек, алоҳида шахсларнинг, тарихий фактлар ва ҳодисаларнинг диний нуқтаи назардан баҳосини акс эттирувчи китоблар, рисолалар, журналлар, газеталар, варақалар, бошқа босма нашрлар, белгилар, предметлар, рамзлар, аудиовизуал асарлар (теле, кино ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзувлари, мультфильмлар ва бошқалар), электрон ахборот ташувчилар (дискетлар, CD, DVD дисклари, ўрнатилган ва ечиб олинадиган хотира карталари, Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган материаллар ва бошқалар);
диншунослик экспертизаси (кейинги ўринларда — экспертиза) — ваколатли орган томонидан материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатишга рухсат бериш (рухсат бермаслик) масаласини ҳал этиш учун уларда амалдаги қонунчиликка зид элементлар, диний қонун-қоидалардан оғишганлик ёки бузиб кўрсатишнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигига оид тадқиқотлар ўтказиш;
олиб кириш — хорижда тайёрланган материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига етказиб беришнинг ҳар қандай шакли;
тайёрлаш — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, ахборотни узатиш ва тарқатишнинг бошқа электрон воситалари орқали материалларни нашр этиш, қайта нашр этиш ва нусха кўчириш;
тарқатиш — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, ахборотни узатиш ва тарқатишнинг бошқа электрон воситалари орқали материалларни сотиш, етказиб бериш, тарқатиш, юбориш ва уларга обуна бўлиш;
экспертиза хулосаси (кейинги ўринларда — хулоса) — ваколатли орган томонидан материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатишга рухсат бериш (рухсат бермаслик) масаласини ҳал этиш учун уларда амалдаги қонунчиликка зид элементлар, диний қонун-қоидалардан оғишганлик ёки бузиб кўрсатишнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигига оид тадқиқотлар ўтказилганлигини расман тасдиқловчи ёзма ҳужжат.
3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш жамиятда конфессиялараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олингандан кейин амалга оширилади.
4. Материалларни қуйидаги мақсадларда тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга йўл қўйилмайди:
жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий мавқеига қараб ёхуд бошқа ҳолатларга кўра фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш ёки ўзга шахслар маҳсулотларини обрўсизлантириш;
Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш, унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказишга даъват қилиш;
уруш, зўравонлик, терроризм, шунингдек, экстремизм, сепаратизм, диний ақидапарастлик ёки мутаассиблик билан йўғрилган ғояларни тарғиб қилиш;
миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни тарқатиш;
диний эътиқодни ўзгартиришга даъват қилиш;
динга эътиқод қилувчиларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиш ёки камситиш;
фуқароларни ўз конституциявий мажбуриятларини бажармасликка чақириш;
давлат, жамоат ёки диний ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва мол-мулкига тажовуз қилишга ундаш;
гиёҳванд воситалар, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликни келтириб чиқарувчи хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ундаш.
2-боб. Материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш
5. Материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш юридик ёки жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади.
6. Тайёрлашга мўлжалланган материалларнинг назорат нусхаси ва мазкур Низомнинг 19-бандида кўрсатилган маълумотлар экспертизани амалга ошириш учун ваколатли органга етказиб берилиши лозим.
7. Юридик ёки жисмоний шахслар томонидан тайёрланадиган материаллар экспертиза ўтказилгандан кейин материалнинг муаллифи ва номи, ношир манзили, адади (тиражи), материалнинг қисқа мазмуни ва шарҳи ҳамда тайёрланган санаси кўрсатилган ахборотга эга бўлиши лозим.
Материаллар матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилган бўлиши, уларни турлича шарҳлаш ва талқин қилинишига олиб келмаслиги керак. Материалнинг жумлалари расмий тил услубидан фойдаланилган ҳолда умумэътироф этилган имло қоидалари асосида тузилиши, хорижий тиллардан таржима қилинган сўзлар, унда фойдаланиладиган тушунча ва атамалар мазмунига мувофиқ, турлича шарҳлаш имкониятини истисно этадиган ҳолда, бир хилда баён этилиши лозим.
8. Материалларни тайёрлашга ижобий хулоса олингандан кейин йўл қўйилади.
3-боб. Материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш
9. Диний ташкилотлар ва жисмоний шахслар материалларни ўз эҳтиёжлари учун тижорат мақсадларини кўзламаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириши мумкин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари давлат чегарасидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган материалларни экспертизадан ўтказиш учун дарҳол ваколатли органга юборади.
11. Жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун ҳамда илмий-тадқиқот ўтказиш мақсадларида ҳар бир номланишдаги материалдан уч нусхадан ошмаган миқдорда, ижобий хулоса олингандан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилишига йўл қўйилади.
Диний ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган материаллар ижобий хулоса олингандан кейин голограмма билан тамғаланиши лозим.
Ижобий хулоса олинмаган ва голограмма билан тамғаланмаган материаллар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланади.
Мазкур тартибга амал қилмаган ҳолда олиб кирилган материаллар учун олиб кирувчи шахс жавобгар ҳисобланади.
12. Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида оммавий зиёрат тадбирлари ўтказиладиган вақтда экспертизанинг бевосита божхона назорати пунктларида ўтказилишини таъминлайди.
4-боб. Материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш
13. Материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш юридик ва жисмоний шахслар томонидан турғун савдо шохобчалари орқали фискал хотирали назорат-касса машиналари, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал касса, тўлов терминалларини қўллаш ва пул тушумларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда банкка инкассация қилиш (банкларга топшириш) йўли билан ёхуд онлайн тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.
14. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари кутубхоналари, шунингдек, бошқа кутубхоналар, веб-сайтлар таҳририятлари ва жисмоний шахслар томонидан ижобий хулоса олмасдан, хорижда тайёрланган материалларни аҳолига умумий фойдаланиш учун тақдим этиш тақиқланади.
15. Ваколатли орган материалларни ноқонуний тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш мақсадида доимий равишда назорат тадбирларини ўтказади ва натижаси бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилади.
5-боб. Экспертизани ўтказиш тартиби
16. Диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасидан ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида ўтказилади.
17. Экспертиза, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қуйидаги асосларга кўра ўтказилади:
юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари;
Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари мурожаатлари. Бунда ушбу органлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган материаллар экспертизадан ўтказиш учун юборилади;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорлари.
18. Экспертизадан ўтказиш учун юборилган материаллар ваколатли орган томонидан 10 иш куни мобайнида (зарур ҳолларда, 20 иш кунигача) экспертизадан ўтказилади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг экспертиза тайинлаш тўғрисида қарорларида белгиланган муддат бундан мустасно.
19. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга мўлжалланган материалларни экспертизадан ўтказиш учун ваколатли органга қуйидаги ҳужжатлар қоғоз шаклида бевосита ёки почта алоқаси орқали тақдим этилади:
а) материалларни тайёрлаш учун:
нашр этилиши режалаштирилган материал ҳақидаги маълумот, жумладан, материалнинг нашрдан чиқариладиган адади, фойдаланилган манбаларнинг рўйхати (адабиётни тайёрлашда бир нечта манбалардан фойдаланилганда), материал таржима қилинган тақдирда, унинг қайси адабиётдан таржима қилингани, қаерда чоп қилингани ва тўлиқ номи;
нашрга тайёрлашга мўлжалланган (дунё динларининг муқаддас китоблари бундан мустасно) материал муаллифининг диний профессионал маълумотга эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (бундай ҳужжатга эга бўлмаган тақдирда, диний маълумотга эга бўлган мутахассиснинг тақризи);
муаллифлик ва турдош ҳуқуқларга эгалиги ёки улардан фойдаланиш ҳуқуқини олганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
б) материалларни олиб кириш учун:
мулк эгаси ёки муайян материални Ўзбекистон Республикаси ҳудудига етказиб бериш мажбуриятини олувчи ҳуқуқ эгаси бўлган шахс билан тузилган шартнома нусхаси (агарда материалларни олиб кириш шартномага мувофиқ амалга ошириладиган бўлса);
олиб кирилиши режалаштирилган материаллар ҳақида маълумот (материалнинг муаллифи ва номланиши, адади (тиражи), материалнинг қисқа мазмуни ва шарҳи ҳамда тайёрланган санаси кўрсатилган ахборот);
в) материалларни тарқатиш учун:
тарқатилиши режалаштирилган материаллар ҳақидаги маълумот (материалнинг муаллифи ва номланиши, адади (тиражи), материалнинг қисқа мазмуни ва шарҳи ҳамда тайёрланган санаси кўрсатилган ахборот).
Ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ваколатли органга тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, материаллар кўриб чиқилмасдан мурожаат этувчига қайтарилади.
20. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатишга мўлжалланган бир турдаги (номдаги) диний мазмундаги китобларни экспертизадан ўтказиш учун ҳар бир босма табоқ учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.
Тўловлар ваколатли орган томонидан экспертиза ўтказилгандан кейин диний мазмундаги китобнинг якуний шакли асосидаги ҳисоб-китоблари бўйича амалга оширилади.
21. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорларига асосан ҳамда илмий-тадқиқот марказларининг илмий фаолияти билан боғлиқ мақсадларда тайёрланган ёки олиб кирилган материаллар бўйича ўтказилган экспертизалар бепул амалга оширилади.
22. Ваколатли орган ҳузурида мураккаб, турли соҳаларга оид материалларни тадқиқ қилишга кўмаклашиш, тавсиялар бериш мақсадида жамоатчилик асосида диншунослик ҳамда бошқа соҳадаги мутахассислардан иборат маслаҳат гуруҳи тузилиши мумкин.
6-боб. Хулосани расмийлаштириш тартиби
23. Ваколатли орган томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатишга мўлжалланган материаллар экспертизадан ўтказилади ва унинг якунлари хулоса шаклида расмийлаштирилади.
24. Хулосада қуйидагилар кўрсатилади:
экспертиза ўтказилган жой ва сана;
экспертизани ўтказиш учун асос;
эксперт тўғрисидаги маълумотлар;
экспертиза объекти;
тадқиқот жараёни баёни;
эксперт текширувлари натижалари ва якуний хулоса (ижобий ёки салбий);
экспертнинг шахсий имзоси.
Хулосада қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
25. Ваколатли орган хулосани тайёрлашда давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, жамоат ва диний ташкилотлардан ўз юритувидаги масалалар бўйича тадқиқотлар ўтказиш учун белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан, электрон тарзда зарур ҳужжатлар ва ахборотларни сўраш ва олиш ҳуқуқига эга.
26. Хулоса расмийлаштирилгандан сўнг бир иш кунида ваколатли органга тақдим этилган материаллар билан биргаликда тегишли юридик ва жисмоний шахслар ва (ёки) манфаатдор органларга почта алоқаси орқали юборилади.
27. Ижобий хулоса Ўзбекистон Республикаси ҳудудида материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш учун асос ҳисобланади.
28. Ваколатли орган томонидан экспертиза хулосаларининг ягона реестри юритилади.
29. Ижобий хулосага кўра олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатишга тақдим этилган материаллар ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ ваколатли органнинг махсус голограммаси билан тамғаланади.
Электрон кўринишдаги материаллар ваколатли орган томонидан берилган ижобий хулосанинг санаси ва рақами ҳамда материалнинг муаллифи ва номланиши (агар мавжуд бўлса) ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган QR-код билан тасдиқланади.
30. Материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш улар бўйича ваколатли органнинг ижобий хулосаси олингандан сўнг бир йил муддат ичида амалга оширилиши лозим.
Ушбу муддат ўтгандан кейин материаллар қайтадан экспертизадан ўтказилади.
31. Экспертизанинг бир неча ижобий хулосалари асосида бир турдаги материалларнинг тайёрланишига йўл қўйилмайди.
7-боб. Якунловчи қоидалар
32. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш билан боғлиқ низолар қонунчиликда белгиланган тартибда суд орқали ҳал этилади.
33. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасидан ўтказиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Юридик ёки жисмоний шахслар Диний мазмундаги материалларни (кейинги ўринларда — материаллар) тайёрлаш ва олиб киришда унинг назорат нусхасини талаб этиладиган маълумотлар билан биргаликда экспертизани амалга ошириш учун ваколатли органга қоғоз (электрон) шаклида бевосита ёки почта алоқаси орқали етказади (юборади). Ўз хоҳишига кўра Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган материаллар аниқланганда экспертизадан ўтказиш учун ваколатли органга юборади. Материаллар олиб кирилган вақтдан бошлаб Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иш юритувидаги терговга қадар текшириш, маъмурий ёки жиноят ишлари бўйича чиқарган экспертиза тайинлаш тўғрисида қарор асосида материалларни экспертизадан ўтказиш учун ваколатли органга юборади. Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор чиқарилгандан кейин 2- босқич Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси (Ваколатли орган) 1. Экспертизага юборилган материалларни қабул қилади. 1. Материаллар келиб тушгандан кейин дарҳол 2. Материалларни экспертизадан ўтказади. 2. 10 иш кунида (зарур ҳолларда 20 иш кунигача ёки экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорда белгиланган муддатларда) 3. Ўтказилган экспертиза натижасини хулоса шаклида расмийлаштиради. 3. 1 иш куни 4. Экспертиза хулосасини тақдим этилган материаллар билан биргаликда уни тақдим қилган юридик ва жисмоний шахсларга ва (ёки) манфаатдор органларга почта алоқаси орқали юборади. 4. 1 иш куни 3-босқич Ваколатли орган Ижобий хулосага кўра тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга рухсат берилган электрон кўринишда бўлмаган материалларни махсус голограмма билан тамғалайди. 1 иш куни Юридик ёки жисмоний шахслар Ижобий хулосага кўра тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга рухсат берилган электрон кўринишдаги материалларни ваколатли орган томонидан берилган хулосанинг санаси ва рақами ҳамда материалнинг муаллифи ва номланиши (агар мавжуд бўлса) ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган QR-код билан тасдиқлайди. 1 иш куни
Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан рухсат этилган диний мазмундаги материалларга бериладиган
ГОЛОГРАММА
(Айлана бўйлаб: «*OʻZBEKISTON* DIN ISНLARI BOʻYICНA QOʻMITA * COMMITTEE OF RELIGIOUS AFFAIRS»)
(Ичида: «DIN ISНLARI BOʻYICНA QOʻMITA* COMMITTEE OF RELIGIOUS AFFAIRS» ёзуви туширилган китоб эмблемаси)
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги 180-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 20 январдаги 10-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 21 декабрдаги 377-сон қарорига илованинг 48-банди .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 14 мартдаги ПФ-5379-сон Фармони)» 2018 йил 29 майдаги 396-сон қарорига илованинг 69-банди .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 31 майдаги 409-сон қарори .
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида» 2018 йил 9 январдаги ЎРҚ-458-сон ва «Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида» 2018 йил 5 апрелдаги ЎРҚ-471-сон қонунлари)» 2018 йил 20 сентябрдаги 748-сон қарорига илованинг 32-банди .
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 15 январдаги 34-сон қарорига илованинг 4-банди .
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 20 январдаги 10-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2019 йил 19 апрелдаги 335-сон қарори .
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон қарорига 5-илованинг 11-банди .
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони)» 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 218-банди .
10. Вазирлар Маҳкамасининг «Юридик шахслар, фаолиятини ваколатхона, филиал ёки доимий муассаса орқали амалга ошираётган чет эл юридик шахслари ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 4 сентябрдаги 539-сон қарорига 3-илованинг 4-банди .
11. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат хизматлари кўрсатишнинг инфратузилмаси такомиллаштирилганлиги ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2021 йил 28 октябрдаги 661-сон қарорига илованинг 15-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 14 апрель,
180-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
ROʻYXATI
Diniy mazmundagi materiallarni tayyorlash, olib kirish va tarqatish hamda dinshunoslik ekspertizasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
“Vijdon erkinligi va diniy tashkilotlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni ijrosini taʼminlash, shuningdek, diniy mazmundagi materiallarni tayyorlash, olib kirish va tarqatish faoliyatini tartibga solish hamda dinshunoslik ekspertizasidan oʻtkazishni yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. “Vijdon erkinligi va diniy tashkilotlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 10-moddasiga muvofiq:
Oʻzbekiston Respublikasi hududida diniy mazmundagi materiallarni tayyorlash, olib kirish va tarqatish jamiyatda konfessiyalararo totuvlik hamda diniy bagʻrikenglik buzilishiga olib keladigan, diniy zoʻravonlik va boshboshdoqlikka chorlaydigan gʻoyalar hamda qarashlar tarqalishining oldini olish maqsadida dinshunoslik ekspertizasining ijobiy xulosasi olingandan keyin amalga oshirilishi;
diniy mazmundagi materiallarni tayyorlash, olib kirish va tarqatish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanishi nazarda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Diniy mazmundagi materiallarni tayyorlash, olib kirish va tarqatish hamda dinshunoslik ekspertizasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
yuridik yoki jismoniy shaxslar tomonidan diniy mazmundagi materiallarni tayyorlash, ushbu materiallarni Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirish va tarqatishga qoʻyiladigan talablar;
Oʻzbekiston Respublikasi hududida tayyorlash, olib kirish va tarqatishga moʻljallangan materiallarni ekspertizadan oʻtkazish uchun vakolatli organga murojaat qilish tartibi;
dinshunoslik ekspertizasini oʻtkazish shartlari, muddatlari va dinshunoslik ekspertizasi xulosasini rasmiylashtirish tartibi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
4. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Din ishlari boʻyicha qoʻmita manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Din ishlari boʻyicha qoʻmita raisi S.D. Toshboyev zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Yoshlarni qoʻllab-quvvatlash va jamoat tashkilotlari masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-apreldagi 180-son qaroriga 1-ILOVA
Diniy mazmundagi materiallarni tayyorlash, olib kirish va tarqatish hamda dinshunoslik ekspertizasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi hududida diniy mazmundagi materiallarni tayyorlash, olib kirish va tarqatish faoliyatini amalga oshirish hamda dinshunoslik ekspertizasini oʻtkazish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi;
gologramma — belgilangan diniy mazmundagi materiallarni tarqatish uchun ruxsat berilganligini bildiruvchi maxsus emblema;
diniy mazmundagi kitob — tarkibida diniy mazmundagi materiallarning hajmi 48 sahifadan kam boʻlmagan, bosma yoki elektron koʻrinishdagi nodavriy nashr;
diniy mazmundagi materiallar (keyingi oʻrinlarda — materiallar) — diniy taʼlimotning aqidaviy asoslarini, tarixini, diniy taʼlimot mafkurasini va sharhlarni, turli diniy taʼlimotlarning marosimlar oʻtkazish amaliyotini, shuningdek, alohida shaxslarning, tarixiy faktlar va hodisalarning diniy nuqtai nazardan bahosini aks ettiruvchi kitoblar, risolalar, jurnallar, gazetalar, varaqalar, boshqa bosma nashrlar, belgilar, predmetlar, ramzlar, audiovizual asarlar (tele, kino va videofilmlar, kliplar, konsert dasturlarining yozuvlari, multfilmlar va boshqalar), elektron axborot tashuvchilar (disketlar, CD, DVD disklari, oʻrnatilgan va yechib olinadigan xotira kartalari, Internet jahon axborot tarmogʻida joylashtirilgan materiallar va boshqalar);
dinshunoslik ekspertizasi (keyingi oʻrinlarda — ekspertiza) — vakolatli organ tomonidan materiallarni Oʻzbekiston Respublikasi hududida tayyorlash, olib kirish, tarqatishga ruxsat berish (ruxsat bermaslik) masalasini hal etish uchun ularda amaldagi qonunchilikka zid elementlar, diniy qonun-qoidalardan ogʻishganlik yoki buzib koʻrsatishning mavjud yoki mavjud emasligiga oid tadqiqotlar oʻtkazish;
olib kirish — xorijda tayyorlangan materiallarni Oʻzbekiston Respublikasi hududiga yetkazib berishning har qanday shakli;
tayyorlash — Oʻzbekiston Respublikasi hududida, shu jumladan, Internet jahon axborot tarmogʻi, axborotni uzatish va tarqatishning boshqa elektron vositalari orqali materiallarni nashr etish, qayta nashr etish va nusxa koʻchirish;
tarqatish — Oʻzbekiston Respublikasi hududida, shu jumladan, Internet jahon axborot tarmogʻi, axborotni uzatish va tarqatishning boshqa elektron vositalari orqali materiallarni sotish, yetkazib berish, tarqatish, yuborish va ularga obuna boʻlish;
ekspertiza xulosasi (keyingi oʻrinlarda — xulosa) — vakolatli organ tomonidan materiallarni Oʻzbekiston Respublikasi hududida tayyorlash, olib kirish, tarqatishga ruxsat berish (ruxsat bermaslik) masalasini hal etish uchun ularda amaldagi qonunchilikka zid elementlar, diniy qonun-qoidalardan ogʻishganlik yoki buzib koʻrsatishning mavjud yoki mavjud emasligiga oid tadqiqotlar oʻtkazilganligini rasman tasdiqlovchi yozma hujjat.
3. Oʻzbekiston Respublikasi hududida materiallarni tayyorlash, olib kirish va tarqatish jamiyatda konfessiyalararo totuvlik hamda diniy bagʻrikenglik buzilishiga olib keladigan, diniy zoʻravonlik va boshboshdoqlikka chorlaydigan gʻoyalar hamda qarashlar tarqalishining oldini olish maqsadida dinshunoslik ekspertizasining ijobiy xulosasi olingandan keyin amalga oshiriladi.
4. Materiallarni quyidagi maqsadlarda tayyorlash, olib kirish va tarqatishga yoʻl qoʻyilmaydi:
jinsi, irqi, millati, tili, dini, ijtimoiy kelib chiqishi, eʼtiqodi, shaxsiy yoki ijtimoiy mavqeyiga qarab yoxud boshqa holatlarga koʻra fuqarolarning konstitutsiyaviy huquq va erkinliklarini kamsitish yoki oʻzga shaxslar mahsulotlarini obroʻsizlantirish;
Oʻzbekiston Respublikasining konstitutsiyaviy tuzumini zoʻrlik bilan oʻzgartirish, uning suvereniteti va hududiy yaxlitligiga putur yetkazishga daʼvat qilish;
urush, zoʻravonlik, terrorizm, shuningdek, ekstremizm, separatizm, diniy aqidaparastlik yoki mutaassiblik bilan yoʻgʻrilgan gʻoyalarni targʻib qilish;
milliy, irqiy, etnik yoki diniy adovat qoʻzgʻatuvchi axborotni tarqatish;
diniy eʼtiqodni oʻzgartirishga daʼvat qilish;
dinga eʼtiqod qiluvchilarning his-tuygʻularini haqorat qilish yoki kamsitish;
fuqarolarni oʻz konstitutsiyaviy majburiyatlarini bajarmaslikka chaqirish;
davlat, jamoat yoki diniy tashkilotlarning huquqlari va mol-mulkiga tajovuz qilishga undash;
giyohvand vositalar, ularning analoglari, psixotrop moddalar va prekursorlarni targʻib qilish;
qonunga muvofiq jinoiy va boshqa javobgarlikni keltirib chiqaruvchi xatti-harakatlarni amalga oshirishga undash.
2-bob. Materiallarni Oʻzbekiston Respublikasi hududida tayyorlash
5. Materiallarni Oʻzbekiston Respublikasi hududida tayyorlash yuridik yoki jismoniy shaxslar tomonidan amalga oshiriladi.
6. Tayyorlashga moʻljallangan materiallarning nazorat nusxasi va mazkur Nizomning 19-bandida koʻrsatilgan maʼlumotlar ekspertizani amalga oshirish uchun vakolatli organga yetkazib berilishi lozim.
7. Yuridik yoki jismoniy shaxslar tomonidan tayyorlanadigan materiallar ekspertiza oʻtkazilgandan keyin materialning muallifi va nomi, noshir manzili, adadi (tiraji), materialning qisqa mazmuni va sharhi hamda tayyorlangan sanasi koʻrsatilgan axborotga ega boʻlishi lozim.
Materiallar matni loʻnda, oddiy va ravon tilda bayon etilgan boʻlishi, ularni turlicha sharhlash va talqin qilinishiga olib kelmasligi kerak. Materialning jumlalari rasmiy til uslubidan foydalanilgan holda umumeʼtirof etilgan imlo qoidalari asosida tuzilishi, xorijiy tillardan tarjima qilingan soʻzlar, unda foydalaniladigan tushuncha va atamalar mazmuniga muvofiq, turlicha sharhlash imkoniyatini istisno etadigan holda, bir xilda bayon etilishi lozim.
8. Materiallarni tayyorlashga ijobiy xulosa olingandan keyin yoʻl qoʻyiladi.
3-bob. Materiallarni Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirish
9. Diniy tashkilotlar va jismoniy shaxslar materiallarni oʻz ehtiyojlari uchun tijorat maqsadlarini koʻzlamagan holda Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirishi mumkin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Davlat bojxona qoʻmitasi va Davlat xavfsizlik xizmatining Chegara qoʻshinlari davlat chegarasidan Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kiriladigan materiallarni ekspertizadan oʻtkazish uchun darhol vakolatli organga yuboradi.
11. Jismoniy shaxslar tomonidan oʻz ehtiyojlari uchun hamda ilmiy-tadqiqot oʻtkazish maqsadlarida har bir nomlanishdagi materialdan uch nusxadan oshmagan miqdorda, ijobiy xulosa olingandan keyin Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilishiga yoʻl qoʻyiladi.
Diniy tashkilotlar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kiriladigan materiallar ijobiy xulosa olingandan keyin gologramma bilan tamgʻalanishi lozim.
Ijobiy xulosa olinmagan va gologramma bilan tamgʻalanmagan materiallar Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilishi taqiqlanadi.
Mazkur tartibga amal qilmagan holda olib kirilgan materiallar uchun olib kiruvchi shaxs javobgar hisoblanadi.
12. Vakolatli organ Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari manfaatlarini himoya qilish maqsadida ommaviy ziyorat tadbirlari oʻtkaziladigan vaqtda ekspertizaning bevosita bojxona nazorati punktlarida oʻtkazilishini taʼminlaydi.
4-bob. Materiallarni Oʻzbekiston Respublikasi hududida tarqatish
13. Materiallarni Oʻzbekiston Respublikasi hududida tarqatish yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan turgʻun savdo shoxobchalari orqali fiskal xotirali nazorat-kassa mashinalari, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollarda esa onlayn nazorat-kassa mashinalari yoki virtual kassa, toʻlov terminallarini qoʻllash va pul tushumlarini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda bankka inkassatsiya qilish (banklarga topshirish) yoʻli bilan yoxud onlayn toʻlov tizimlari orqali amalga oshiriladi.
14. Oʻzbekiston Milliy kutubxonasi, axborot-kutubxona va axborot-resurs markazlari, davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari kutubxonalari, shuningdek, boshqa kutubxonalar, veb-saytlar tahririyatlari va jismoniy shaxslar tomonidan ijobiy xulosa olmasdan, xorijda tayyorlangan materiallarni aholiga umumiy foydalanish uchun taqdim etish taqiqlanadi.
15. Vakolatli organ materiallarni noqonuniy tayyorlash, olib kirish va tarqatish holatlarini aniqlash va oldini olish maqsadida doimiy ravishda nazorat tadbirlarini oʻtkazadi va natijasi boʻyicha hujjatlarni koʻrib chiqish uchun huquqni muhofaza qiluvchi organlarga taqdim qiladi.
5-bob. Ekspertizani oʻtkazish tartibi
16. Diniy mazmundagi materiallarni dinshunoslik ekspertizasidan ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema asosida oʻtkaziladi.
17. Ekspertiza, agar qonunchilikda boshqacha tartib nazarda tutilgan boʻlmasa, quyidagi asoslarga koʻra oʻtkaziladi:
yuridik va jismoniy shaxslarning murojaatlari;
Ichki ishlar vazirligi, Davlat bojxona qoʻmitasi, Davlat xavfsizlik xizmatining Chegara qoʻshinlari murojaatlari. Bunda ushbu organlar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilayotgan materiallar ekspertizadan oʻtkazish uchun yuboriladi;
huquqni muhofaza qiluvchi organlarning ekspertiza tayinlash toʻgʻrisidagi qarorlari.
18. Ekspertizadan oʻtkazish uchun yuborilgan materiallar vakolatli organ tomonidan 10 ish kuni mobaynida (zarur hollarda, 20 ish kunigacha) ekspertizadan oʻtkaziladi, huquqni muhofaza qiluvchi organlarning ekspertiza tayinlash toʻgʻrisida qarorlarida belgilangan muddat bundan mustasno.
19. Oʻzbekiston Respublikasi hududida tayyorlash, olib kirish va tarqatishga moʻljallangan materiallarni ekspertizadan oʻtkazish uchun vakolatli organga quyidagi hujjatlar qogʻoz shaklida bevosita yoki pochta aloqasi orqali taqdim etiladi:
a) materiallarni tayyorlash uchun:
nashr etilishi rejalashtirilgan material haqidagi maʼlumot, jumladan, materialning nashrdan chiqariladigan adadi, foydalanilgan manbalarning roʻyxati (adabiyotni tayyorlashda bir nechta manbalardan foydalanilganda), material tarjima qilingan taqdirda, uning qaysi adabiyotdan tarjima qilingani, qayerda chop qilingani va toʻliq nomi;
nashrga tayyorlashga moʻljallangan (dunyo dinlarining muqaddas kitoblari bundan mustasno) material muallifining diniy professional maʼlumotga ega ekanligini tasdiqlovchi hujjat nusxasi (bunday hujjatga ega boʻlmagan taqdirda, diniy maʼlumotga ega boʻlgan mutaxassisning taqrizi);
mualliflik va turdosh huquqlarga egaligi yoki ulardan foydalanish huquqini olganligini tasdiqlovchi hujjat nusxasi;
b) materiallarni olib kirish uchun:
mulk egasi yoki muayyan materialni Oʻzbekiston Respublikasi hududiga yetkazib berish majburiyatini oluvchi huquq egasi boʻlgan shaxs bilan tuzilgan shartnoma nusxasi (agarda materiallarni olib kirish shartnomaga muvofiq amalga oshiriladigan boʻlsa);
olib kirilishi rejalashtirilgan materiallar haqida maʼlumot (materialning muallifi va nomlanishi, adadi (tiraji), materialning qisqa mazmuni va sharhi hamda tayyorlangan sanasi koʻrsatilgan axborot);
v) materiallarni tarqatish uchun:
tarqatilishi rejalashtirilgan materiallar haqidagi maʼlumot (materialning muallifi va nomlanishi, adadi (tiraji), materialning qisqa mazmuni va sharhi hamda tayyorlangan sanasi koʻrsatilgan axborot).
Ushbu bandda nazarda tutilgan hujjatlar vakolatli organga toʻliq taqdim etilmagan taqdirda, materiallar koʻrib chiqilmasdan murojaat etuvchiga qaytariladi.
20. Oʻzbekiston Respublikasi hududida tayyorlash, olib kirish, tarqatishga moʻljallangan bir turdagi (nomdagi) diniy mazmundagi kitoblarni ekspertizadan oʻtkazish uchun har bir bosma taboq uchun bazaviy hisoblash miqdorining 10 foizi miqdorida toʻlov undiriladi.
Toʻlovlar vakolatli organ tomonidan ekspertiza oʻtkazilgandan keyin diniy mazmundagi kitobning yakuniy shakli asosidagi hisob-kitoblari boʻyicha amalga oshiriladi.
21. Huquqni muhofaza qiluvchi organlarning ekspertiza tayinlash toʻgʻrisidagi qarorlariga asosan hamda ilmiy-tadqiqot markazlarining ilmiy faoliyati bilan bogʻliq maqsadlarda tayyorlangan yoki olib kirilgan materiallar boʻyicha oʻtkazilgan ekspertizalar bepul amalga oshiriladi.
22. Vakolatli organ huzurida murakkab, turli sohalarga oid materiallarni tadqiq qilishga koʻmaklashish, tavsiyalar berish maqsadida jamoatchilik asosida dinshunoslik hamda boshqa sohadagi mutaxassislardan iborat maslahat guruhi tuzilishi mumkin.
6-bob. Xulosani rasmiylashtirish tartibi
23. Vakolatli organ tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududida tayyorlash, olib kirish, tarqatishga moʻljallangan materiallar ekspertizadan oʻtkaziladi va uning yakunlari xulosa shaklida rasmiylashtiriladi.
24. Xulosada quyidagilar koʻrsatiladi:
ekspertiza oʻtkazilgan joy va sana;
ekspertizani oʻtkazish uchun asos;
ekspert toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
ekspertiza obyekti;
tadqiqot jarayoni bayoni;
ekspert tekshiruvlari natijalari va yakuniy xulosa (ijobiy yoki salbiy);
ekspertning shaxsiy imzosi.
Xulosada qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa maʼlumotlar ham koʻrsatilishi mumkin.
25. Vakolatli organ xulosani tayyorlashda davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, jamoat va diniy tashkilotlardan oʻz yurituvidagi masalalar boʻyicha tadqiqotlar oʻtkazish uchun belgilangan tartibda oʻzaro axborot hamkorligi yoʻli bilan, shu jumladan, elektron tarzda zarur hujjatlar va axborotlarni soʻrash va olish huquqiga ega.
26. Xulosa rasmiylashtirilgandan soʻng bir ish kunida vakolatli organga taqdim etilgan materiallar bilan birgalikda tegishli yuridik va jismoniy shaxslar va (yoki) manfaatdor organlarga pochta aloqasi orqali yuboriladi.
27. Ijobiy xulosa Oʻzbekiston Respublikasi hududida materiallarni tayyorlash, olib kirish va tarqatish uchun asos hisoblanadi.
28. Vakolatli organ tomonidan ekspertiza xulosalarining yagona reyestri yuritiladi.
29. Ijobiy xulosaga koʻra olib kirish, tayyorlash va tarqatishga taqdim etilgan materiallar ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq vakolatli organning maxsus gologrammasi bilan tamgʻalanadi.
Elektron koʻrinishdagi materiallar vakolatli organ tomonidan berilgan ijobiy xulosaning sanasi va raqami hamda materialning muallifi va nomlanishi (agar mavjud boʻlsa) haqidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan QR-kod bilan tasdiqlanadi.
30. Materiallarni Oʻzbekiston Respublikasi hududida tayyorlash, olib kirish va tarqatish ular boʻyicha vakolatli organning ijobiy xulosasi olingandan soʻng bir yil muddat ichida amalga oshirilishi lozim.
Ushbu muddat oʻtgandan keyin materiallar qaytadan ekspertizadan oʻtkaziladi.
31. Ekspertizaning bir necha ijobiy xulosalari asosida bir turdagi materiallarning tayyorlanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
32. Oʻzbekiston Respublikasi hududida materiallarni tayyorlash, olib kirish va tarqatish hamda dinshunoslik ekspertizasini oʻtkazish bilan bogʻliq nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda sud orqali hal etiladi.
33. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javob beradilar.
Diniy mazmundagi materiallarni tayyorlash, olib kirish va tarqatish hamda dinshunoslik ekspertizasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Diniy mazmundagi materiallarni dinshunoslik ekspertizasidan oʻtkazish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Yuridik yoki jismoniy shaxslar Diniy mazmundagi materiallarni (keyingi oʻrinlarda — materiallar) tayyorlash va olib kirishda uning nazorat nusxasini talab etiladigan maʼlumotlar bilan birgalikda ekspertizani amalga oshirish uchun vakolatli organga qogʻoz (elektron) shaklida bevosita yoki pochta aloqasi orqali yetkazadi (yuboradi). Oʻz xohishiga koʻra Ichki ishlar vazirligi, Davlat bojxona qoʻmitasi, Davlat xavfsizlik xizmatining Chegara qoʻshinlari Ichki ishlar vazirligi, Davlat bojxona qoʻmitasi, Davlat xavfsizlik xizmatining Chegara qoʻshinlari Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilayotgan materiallar aniqlanganda ekspertizadan oʻtkazish uchun vakolatli organga yuboradi. Materiallar olib kirilgan vaqtdan boshlab Huquqni muhofaza qiluvchi organlar Huquqni muhofaza qiluvchi organlar ish yurituvidagi tergovga qadar tekshirish, maʼmuriy yoki jinoyat ishlari boʻyicha chiqargan ekspertiza tayinlash toʻgʻrisida qaror asosida materiallarni ekspertizadan oʻtkazish uchun vakolatli organga yuboradi. Ekspertiza tayinlash toʻgʻrisidagi qaror chiqarilgandan keyin 2- bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi (Vakolatli organ) 1. Ekspertizaga yuborilgan materiallarni qabul qiladi. 1. Materiallar kelib tushgandan keyin darhol 2. Materiallarni ekspertizadan oʻtkazadi. 2. 10 ish kunida (zarur hollarda 20 ish kunigacha yoki ekspertiza tayinlash toʻgʻrisidagi qarorda belgilangan muddatlarda) 3. Oʻtkazilgan ekspertiza natijasini xulosa shaklida rasmiylashtiradi. 3. 1 ish kuni 4. Ekspertiza xulosasini taqdim etilgan materiallar bilan birgalikda uni taqdim qilgan yuridik va jismoniy shaxslarga va (yoki) manfaatdor organlarga pochta aloqasi orqali yuboradi. 4. 1 ish kuni 3-bosqich Vakolatli organ Ijobiy xulosaga koʻra tayyorlash, olib kirish va tarqatishga ruxsat berilgan elektron koʻrinishda boʻlmagan materiallarni maxsus gologramma bilan tamgʻalaydi. 1 ish kuni Yuridik yoki jismoniy shaxslar Ijobiy xulosaga koʻra tayyorlash, olib kirish va tarqatishga ruxsat berilgan elektron koʻrinishdagi materiallarni vakolatli organ tomonidan berilgan xulosaning sanasi va raqami hamda materialning muallifi va nomlanishi (agar mavjud boʻlsa) haqidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan QR-kod bilan tasdiqlaydi. 1 ish kuni
Diniy mazmundagi materiallarni tayyorlash, olib kirish va tarqatish hamda dinshunoslik ekspertizasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi tomonidan ruxsat etilgan diniy mazmundagi materiallarga beriladigan
GOLOGRAMMA
(Aylana boʻylab: “*OʻZBEKISTON* DIN ISNLARI BOʻYICNA QOʻMITA * COMMITTEE OF RELIGIOUS AFFAIRS”)
(Ichida: “DIN ISNLARI BOʻYICNA QOʻMITA* COMMITTEE OF RELIGIOUS AFFAIRS” yozuvi tushirilgan kitob emblemasi)
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-apreldagi 180-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Diniy mazmundagi materiallarni tayyorlash, olib kirish va tarqatish sohasidagi faoliyatni amalga oshirish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2014-yil 20-yanvardagi 10-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Tadbirkorlik subyektlariga davlat xizmatlari koʻrsatish tartibini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2014-yil 21-dekabrdagi 377-son qaroriga ilovaning 48-bandi .
3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining Davlat xavfsizligi tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 14-martdagi PF-5379-son Farmoni)” 2018-yil 29-maydagi 396-son qaroriga ilovaning 69-bandi .
4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasida diniy tashkilotlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish, qayta roʻyxatdan oʻtkazish va tugatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2018-yil 31-maydagi 409-son qarori .
5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining Mudofaa doktrinasi toʻgʻrisida” 2018-yil 9-yanvardagi OʻRQ-458-son va “Davlat xavfsizlik xizmati toʻgʻrisida” 2018-yil 5-apreldagi OʻRQ-471-son qonunlari)” 2018-yil 20-sentabrdagi 748-son qaroriga ilovaning 32-bandi .
6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga jamoat xavfsizligini taʼminlashga qaratilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2019-yil 15-yanvardagi 34-son qaroriga ilovaning 4-bandi .
7. Vazirlar Mahkamasining “Diniy mazmundagi materiallarni tayyorlash, olib kirish va tarqatish sohasidagi faoliyatni amalga oshirish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2014-yil 20-yanvardagi 10-son qaroriga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida” 2019-yil 19-apreldagi 335-son qarori .
8. Vazirlar Mahkamasining “Onlayn nazorat-kassa mashinalari va virtual kassa tizimi qoʻllanilishini taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 23-noyabrdagi 943-son qaroriga 5-ilovaning 11-bandi .
9. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mehnatga haq toʻlash, pensiyalar va boshqa toʻlovlar miqdorlarini aniqlash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2019-yil 21-maydagi PF-5723-son Farmoni)” 2019-yil 28-dekabrdagi 1046-son qaroriga ilovaning 218-bandi .
10. Vazirlar Mahkamasining “Yuridik shaxslar, faoliyatini vakolatxona, filial yoki doimiy muassasa orqali amalga oshirayotgan chet el yuridik shaxslari va tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanuvchi jismoniy shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yigʻish, qayta ishlash va saqlash mexanizmlarini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 4-sentabrdagi 539-son qaroriga 3-ilovaning 4-bandi .
11. Vazirlar Mahkamasining “Davlat xizmatlari koʻrsatishning infratuzilmasi takomillashtirilganligi va aholining davlat xizmatlaridan foydalanish imkoniyatlari kengaytirilganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2021-yil 28-oktabrdagi 661-son qaroriga ilovaning 15-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 14-aprel,
180-son