UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 14-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 14 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 14 апреля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 14 April 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ривожлантириш ҳамда уларнинг халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ўтказилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида» 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, клиник тадқиқотларни халқаро талабларга мувофиқ ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери (кейинги ўринларда — Кластер) ҳудудида давлат муассасаси шаклидаги Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ривожлантириш марказини (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

дори воситаларининг клиник тадқиқотларини халқаро этик ва илмий стандартлар талабларига мувофиқ ташкил этишни жорий этиш;

республика ҳудудида клиник тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда клиник базаларни жаҳон стандартлари асосида модернизация қилишни мувофиқлаштириш;

«Зарур клиника амалиёти (GCP)» талабларига мувофиқ дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ўтказишни ташкил этиш;

женерик дори воситаларининг оригинал дори воситаларига фармакологик биоэквивалентлигини аниқлаш;

клиник тадқиқот субъектида дори воситаларининг фармакокинетик тадқиқотларини ўтказиш;

тиббиёт ходимларининг клиник тадқиқотлар ўтказиш соҳасида малакасини ошириш;

«Зарур клиника амалиёти (GCP)» йўналишида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

3. Белгилансинки:

Агентлик Марказнинг муассиси ҳисобланади;

Марказда қурилиш-монтаж, ички муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини барпо этиш, тиббий техника, клиник ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш ишлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари, «Тошкент вилоятининг Зангиота туманида «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш лойиҳаси» доирасида Корея Эксимбанки (EDCF) жамғармаси кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади.

4. «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерида Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ўтказиш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

кўрсатилган пулли хизматлардан тушадиган маблағлар;

халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг маблағлари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Агентлик, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 2022 — 2026 йилларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларини давлат инвестиция дастурлари доирасида қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлашда улардаги клиник базаларни «Зарур клиника амалиёти (GCP)» талабларига мувофиқ қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш чораларини кўрсин.

7. Агентлик

а) бир ой муддатда:

Марказ уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ҳамда унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Марказ тузилмаси ва штатлар жадвалини тасдиқласин;

Марказнинг раҳбар ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси бўйича разрядларини белгиласин;

б) Марказни юқори малакали мутахассис ходимлар билан тўлдириш чорасини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) икки ой муддатда маҳаллий ва хорижий ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган дори воситалари клиник тадқиқотларининг халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ўтказилишини таъминлашни назарда тутувчи Фармакологик воситаларнинг ёки дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни ҳамда клиник тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни ҳамда Клиник тадқиқотлар ўтказиладиган даволаш-профилактика муассасаларининг рўйхатини;

б) бир ой муддатда:

ўз тузилмасидаги Клиник тадқиқотлар ўтказиладиган даволаш-профилактика муассасаларини ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар режасини белгиланган тартибда тасдиқласин;

бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Б.А. Мусаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибиятига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги 181-сон қарорига ИЛОВА

«Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерида Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ўтказиш маркази фаолиятини ташкил этиш

Т/р Чора-тадбир номи Амалга ошириш шакли Амалга ошириш муддати Масъул ижрочилар 1. Марказ уставини белгиланган тартибда тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш Устав 2022 йил май Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги 2. Марказ тузилмаси ва штатлар жадвалини тасдиқлаш Тузилма ва штатлар жадвали 3. Марказнинг раҳбар ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси бўйича разрядларини белгилаш Тариф сеткаси 4. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини (ТИА) ишлаб чиқиш Техник-иқтисодий асос 2022 йил июль Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 5. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини Корея томони билан келишиш Келишилган лойиҳа ҳужжати 2022 йил август-сентябрь Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 6. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини экспертизадан ўтказиш Экспертиза хулосаси 2022 йил октябрь Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 7. Корея Эксимбанки (EDCF) жамғармаси билан фармацевтика кластерининг илмий-ўқув қисмини ташкил этиш бўйича лойиҳани муҳокама қилиш баёнини (MOD) имзолаш Муҳокама қилиш баёни (MOD) 2022 йил ноябрь Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Молия вазирлиги 8. Корея Эксимбанки (EDCF) жамғармаси билан фармацевтика кластерининг илмий-ўқув қисмини ташкил этиш бўйича имтиёзли молиялаштириш шартларини келишиш ва қарз шартномасини имзолаш Қарз шартномаси 2022 йил декабрь Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги 9. Лойиҳани амалга ошириш бўйича Корея маслаҳатчиларини аниқлаш учун тендер/танлов ўтказиш Маслаҳатчиларни танлаш 2023 йил февраль Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 10. Корея маслаҳатчилари томонидан лойиҳани амалга ошириш режасини ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш Лойиҳа-смета ҳужжатлари 2023 йил октябрь Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 11. Лойиҳа бўйича бош пудратчини белгиланган тартибда аниқлаш Бош пудратчи билан шартнома тузиш 2023 йил декабрь Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 12. Зарур жиҳозлар ва инвентарлар рўйхатини аниқлаш ва уларни етказиб бериш тартиб-таомилларини бошлаш Маслаҳатчиларнинг техник шартлари 2023 йил декабрь Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги 13. Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ўтказиш марказининг қурилиш-монтаж ишларини бошлаш Қурилиш майдонининг тасдиқланган бош режаси 2024 йил январь Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Қурилиш вазирлиги 14. Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ўтказиш марказида махсус тиббий техника ва жиҳозларни ўрнатиш ва ишга тушириш Махсус тиббий техника ва жиҳозларни ишга тушириш далолатномаси 2024 йил ноябрь Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 14 апрель,

181-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.04.2022 й., 09/22/181/0312-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

CHORA-TADBIRLARI

Dori vositalarining klinik tadqiqotlarini rivojlantirish hamda ularning xalqaro standartlar talablariga muvofiq oʻtkazilishini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasi toʻgʻrisida” 2022-yil 28-yanvardagi PF-60-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, klinik tadqiqotlarni xalqaro talablarga muvofiq rivojlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi va Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) “Tashkent Pharma Park” innovatsion ilmiy-ishlab chiqarish farmatsevtika klasteri (keyingi oʻrinlarda — Klaster) hududida davlat muassasasi shaklidagi Dori vositalarining klinik tadqiqotlarini rivojlantirish markazini (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

2. Quyidagilar Markazning asosiy vazifalari etib belgilansin:

dori vositalarining klinik tadqiqotlarini xalqaro etik va ilmiy standartlar talablariga muvofiq tashkil etishni joriy etish;

respublika hududida klinik tadqiqotlarni rivojlantirish hamda klinik bazalarni jahon standartlari asosida modernizatsiya qilishni muvofiqlashtirish;

“Zarur klinika amaliyoti (GCP)” talablariga muvofiq dori vositalarining klinik tadqiqotlarini oʻtkazishni tashkil etish;

jenerik dori vositalarining original dori vositalariga farmakologik bioekvivalentligini aniqlash;

klinik tadqiqot subyektida dori vositalarining farmakokinetik tadqiqotlarini oʻtkazish;

tibbiyot xodimlarining klinik tadqiqotlar oʻtkazish sohasida malakasini oshirish;

“Zarur klinika amaliyoti (GCP)” yoʻnalishida xalqaro hamkorlikni amalga oshirish.

3. Belgilansinki:

Agentlik Markazning muassisi hisoblanadi;

Markazda qurilish-montaj, ichki muhandislik-kommunikatsiya infratuzilmasini barpo etish, tibbiy texnika, klinik va laboratoriya jihozlari bilan taʼminlash ishlari Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligining Farmatsevtika tarmogʻini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari, “Toshkent viloyatining Zangiota tumanida “Tashkent Pharma Park” innovatsion ilmiy-ishlab chiqarish farmatsevtika klasterini tashkil etish loyihasi” doirasida Koreya Eksimbanki (EDCF) jamgʻarmasi kreditlari hisobidan moliyalashtiriladi.

4. “Tashkent Pharma Park” innovatsion ilmiy-ishlab chiqarish farmatsevtika klasterida Dori vositalarining klinik tadqiqotlarini oʻtkazish markazi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

5. Quyidagilar Markaz faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

koʻrsatilgan pulli xizmatlardan tushadigan mablagʻlar;

xalqaro moliya institutlari, xorijiy tashkilotlar, donor mamlakatlar va tashkilotlarning mablagʻlari;

qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, Agentlik, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi 2022 — 2026-yillarda Sogʻliqni saqlash vazirligi tizimidagi tibbiyot muassasalarini davlat investitsiya dasturlari doirasida qurish, rekonstruksiya qilish va jihozlashda ulardagi klinik bazalarni “Zarur klinika amaliyoti (GCP)” talablariga muvofiq qurish, rekonstruksiya qilish va jihozlash choralarini koʻrsin.

7. Agentlik

a) bir oy muddatda:

Markaz ustavini belgilangan tartibda tasdiqlasin hamda uning davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin;

Markaz tuzilmasi va shtatlar jadvalini tasdiqlasin;

Markazning rahbar va xodimlari mehnatiga haq toʻlashning Yagona tarif setkasi boʻyicha razryadlarini belgilasin;

b) Markazni yuqori malakali mutaxassis xodimlar bilan toʻldirish chorasini koʻrsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi:

a) ikki oy muddatda mahalliy va xorijiy tashkilotlar tomonidan ishlab chiqariladigan dori vositalari klinik tadqiqotlarining xalqaro standartlar talablariga muvofiq oʻtkazilishini taʼminlashni nazarda tutuvchi Farmakologik vositalarning yoki dori vositalarining klinik tadqiqotlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni hamda klinik tadqiqotlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni hamda Klinik tadqiqotlar oʻtkaziladigan davolash-profilaktika muassasalarining roʻyxatini;

b) bir oy muddatda:

oʻz tuzilmasidagi Klinik tadqiqotlar oʻtkaziladigan davolash-profilaktika muassasalarini rivojlantirish yuzasidan chora-tadbirlar rejasini belgilangan tartibda tasdiqlasin;

boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri B.A. Musayev zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Taʼlim, sogʻliqni saqlash va sport masalalari kotibiyatiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-apreldagi 181-son qaroriga ILOVA

“Tashkent Pharma Park” innovatsion ilmiy-ishlab chiqarish farmatsevtika klasterida Dori vositalarining klinik tadqiqotlarini oʻtkazish markazi faoliyatini tashkil etish

T/r Chora-tadbir nomi Amalga oshirish shakli Amalga oshirish muddati Masʼul ijrochilar 1. Markaz ustavini belgilangan tartibda tasdiqlash va davlat roʻyxatidan oʻtkazish Ustav 2022-yil may Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi 2. Markaz tuzilmasi va shtatlar jadvalini tasdiqlash Tuzilma va shtatlar jadvali 3. Markazning rahbar va xodimlari mehnatiga haq toʻlashning Yagona tarif setkasi boʻyicha razryadlarini belgilash Tarif setkasi 4. Loyihaning texnik-iqtisodiy asosini (TIA) ishlab chiqish Texnik-iqtisodiy asos 2022-yil iyul Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi, Moliya vazirligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi 5. Loyihaning texnik-iqtisodiy asosini Koreya tomoni bilan kelishish Kelishilgan loyiha hujjati 2022-yil avgust-sentabr Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi 6. Loyihaning texnik-iqtisodiy asosini ekspertizadan oʻtkazish Ekspertiza xulosasi 2022-yil oktabr Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi, Moliya vazirligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi 7. Koreya Eksimbanki (EDCF) jamgʻarmasi bilan farmatsevtika klasterining ilmiy-oʻquv qismini tashkil etish boʻyicha loyihani muhokama qilish bayonini (MOD) imzolash Muhokama qilish bayoni (MOD) 2022-yil noyabr Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi, Moliya vazirligi 8. Koreya Eksimbanki (EDCF) jamgʻarmasi bilan farmatsevtika klasterining ilmiy-oʻquv qismini tashkil etish boʻyicha imtiyozli moliyalashtirish shartlarini kelishish va qarz shartnomasini imzolash Qarz shartnomasi 2022-yil dekabr Moliya vazirligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi 9. Loyihani amalga oshirish boʻyicha Koreya maslahatchilarini aniqlash uchun tender/tanlov oʻtkazish Maslahatchilarni tanlash 2023-yil fevral Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi 10. Koreya maslahatchilari tomonidan loyihani amalga oshirish rejasini va loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish Loyiha-smeta hujjatlari 2023-yil oktabr Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi 11. Loyiha boʻyicha bosh pudratchini belgilangan tartibda aniqlash Bosh pudratchi bilan shartnoma tuzish 2023-yil dekabr Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi 12. Zarur jihozlar va inventarlar roʻyxatini aniqlash va ularni yetkazib berish tartib-taomillarini boshlash Maslahatchilarning texnik shartlari 2023-yil dekabr Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi 13. Dori vositalarining klinik tadqiqotlarini oʻtkazish markazining qurilish-montaj ishlarini boshlash Qurilish maydonining tasdiqlangan bosh rejasi 2024-yil yanvar Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi, Qurilish vazirligi 14. Dori vositalarining klinik tadqiqotlarini oʻtkazish markazida maxsus tibbiy texnika va jihozlarni oʻrnatish va ishga tushirish Maxsus tibbiy texnika va jihozlarni ishga tushirish dalolatnomasi 2024-yil noyabr Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 14-aprel,

181-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 14.04.2022-y., 09/22/181/0312-son)

lex.uz