UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 10-mart · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Transport vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 10 март · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Транспорт вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 10 марта 2022 г. · Документы министерств и ведомств · Министр транспорта

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 10 March 2022 · Ministry and agency documents · Transport vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг

буйруғи

ҚОИДАЛАРИ

МЕЗОНЛАРИ

МАЪЛУМОТЛАР

Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Қонунининг 42-моддасига мувофиқ буюраман:

1. Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг 2022 йил 10 мартдаги 4-сон буйруғига ИЛОВА

Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш

Мазкур Қоидалар темир йўл кесишмаларининг таснифлари ва тоифалари, уларни бир тоифадан бошқа тоифага ўтказиш, очиш, ёпиш, темир йўл кесишмаларининг тузилиши, жиҳозланиши, сақланиши ва таъмирланиши ҳамда темир йўл кесишмаларининг навбатчи ходимлари (бундан буён матнда навбатчи ходим деб юритилади) ишини ташкил этиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

автомобиль йўли — транспорт воситаларининг белгиланган тезликда, оғирликда, ўлчамларда муттасил ва хавфсиз ҳаракатланиши учун мўлжалланган, ажратилган минтақа доирасидаги ер участкаси ва унинг устидаги ёки остидаги конструктив элементларни (йўл тўшамасини, йўл қопламасини ва бошқаларни), йўл объектларини, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўз ичига оладиган транспорт инфратузилмаси объекти;

асосий темир йўллари — перегонлардаги темир йўллар, шунингдек тегишли перегон йўлларининг бевосита давоми бўлган, стрелка ўтказгичларида бурилишларга эга бўлмаган темир йўл станцияси йўллари;

йўл-транспорт ҳодисаси — транспорт воситасининг йўлда ҳаракатланиш жараёнида ва унинг иштирокида содир бўлган, фуқаролар вафот этган ёки уларнинг соғлиғига зарар етказилган, транспорт воситалари, иншоотлар, юклар шикастланган ёхуд бошқа моддий зарар етказилган ҳодиса;

йўл ҳаракати иштирокчиси — йўл ҳаракати жараёнида транспорт воситасининг ҳайдовчиси, йўловчиси ёки пиёда сифатида бевосита иштирок этаётган шахс;

йўл тўшамаси — бир ёки бир нечта қатламлардан иборат бўлиб, бир нечта қатлам тўшамаси қоплама, асос ва асоснинг қўшимча совуқ ва иссиқдан ҳимояловчи, сув ўтказувчи ва бошқа қатламларидан иборат бўлади;

қатнов қисми — йўлнинг рельссиз транспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжалланган қисми;

сутканинг қоронғи вақти — кечки ғира-ширанинг охиридан тонгги ғира-ширанинг бошланишигача бўлган оралиқдаги вақт;

пиёда — транспорт воситасидан ташқарида бўлган ва йўлда бирор-бир юмуш билан банд бўлмаган шахс. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг двигателсиз аравачасида ҳаракатланаётган, велосипед, мопед, мототцикл, электромототцикл, скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари, чана, аравача ва болалар ёки ногиронлиги бўлган шахслар аравачасини етаклаган, шунингдек, ҳаракатланиш учун роликли конькилар, двигателсиз самокатлар ва бошқа шуларга ўхшаш воситалардан фойдаланаётган шахслар ҳам пиёдаларга тенглаштирилади;

поезд — ўрнатилган сигналларга эга бўлган, битта ёки бир нечта ишлаб турган локомотив ёхуд моторли вагонлардан шакллантирилиб, бирлаштирилган вагонлар таркиби. Перегонга жўнатилаётган вагонларсиз локомотивлар, моторли вагонлар ва ўзиюрар ҳаракатдаги таркиб ҳам поезд деб ҳисобланади;

темир йўл транспорти инфратузилмаси — технологик мажмуа бўлиб, ушбу мажмуа фаолиятини таъминловчи темир йўлларни, темир йўл станцияларини, электр таъминоти қурилмаларини, алоқа тармоқларини, сигнализация, марказлаштириш ва блоклаш тизимларини, ахборот мажмуаларини, ҳаракатни бошқариш тизимини, бинолар, иншоотлар, қурилмалар, жиҳозлар ва ускуналарни ўз ичига олади;

темир йўл кесишмаси — йўлнинг темир йўллар билан бир сатҳда кесишган жойи;

умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар — юкни жўнатувчиларга (жўнатувчиларга) ва юкни олувчиларга (олувчиларга) шартнома шартлари асосида хизмат кўрсатиш ёки эгалик қилувчининг ўз эҳтиёжлари учун технологик ишларни бажаришга мўлжалланган умумий фойдаланишдаги темир йўлларга бевосита ёки бошқа темир йўл шохобча йўллари орқали туташадиган шохобча темир йўллар, шунингдек умумий фойдаланишдаги темир йўлларга туташмайдиган темир йўллар;

транспорт воситаси — йўловчиларнинг, багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг ёки махсус ишларни амалга ошириш учун ускуналарнинг йўлларда ҳаракатланиши ёки ташилиши учун мўлжалланган қурилма;

тўхтаб туриш — транспорт воситасига йўловчиларни чиқариш ёки тушириш, юк ортиш ёки тушириш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда ҳаракатни 10 дақиқадан кўпроқ вақтга атайин тўхтатиш;

умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти соҳасидаги ваколатли ташкилот — «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти;

умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар — юкни жўнатувчиларга (жўнатувчиларга) ва юкни олувчиларга (олувчиларга) шартнома шартлари асосида хизмат кўрсатиш ёки эгалик қилувчининг ўз эҳтиёжлари учун технологик ишларни бажаришга мўлжалланган умумий фойдаланишдаги темир йўлларга бевосита ёки бошқа темир йўл шохобча йўллари орқали туташадиган шохобча темир йўллар, шунингдек умумий фойдаланишдаги темир йўлларга туташмайдиган темир йўллар;

умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти (бундан буён матнда темир йўл деб юритилади) — темир йўл транспорти инфратузилмасини, ҳаракатдаги темир йўл таркибини, бошқа мол-мулкни ўз ичига олган ҳамда оммавий шартномалар асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг ташишларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун мўлжалланган ягона ишлаб чиқариш-технологик мажмуа;

умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасининг оператори (бундан буён матнда инфратузилма оператори деб юритилади) — умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти соҳасидаги ваколатли ташкилотга тегишли бўлган, умумий фойдаланишдаги темир йўлларнинг ва умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси бошқа объектларининг фойдаланилишини, жорий сақланишини ва модернизациясини, қурилишини амалга оширадиган, шунингдек инфратузилмадан фойдаланиш хизматларини, шу жумладан ҳаракатдаги таркибни ўтказиш ва олиб ўтиш учун умумий фойдаланишдаги темир йўллардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган хизматларни кўрсатадиган юридик шахс;

ҳаракатдаги темир йўл таркиби (бундан буён матнда ҳаракатдаги таркиб деб юритилади) — локомотивлар, тортиш локомотивининг юк, багаж, йўловчи ташиш вагонлари ва моторвагонли ҳаракатдаги таркиб, шунингдек ташишларнинг амалга оширилишини ва темир йўл транспортининг фаолият кўрсатишини таъминлаш учун мўлжалланган бошқа транспорт воситалари;

ҳайдовчи — транспорт воситасини бошқарувчи шахс. Транспорт воситасини бошқариш ўргатилаётганда ўргатувчи шахс ҳайдовчи ҳисобланади. От аравани бошқараётган ҳамда ҳайвонларни миниб ҳаракатланаётган шахслар ҳайдовчига тенглаштирилади;

яқинлашиш участкаси — рельс электр занжирлари билан жиҳозланган, темир йўл кесишмаси олд томонида жойлашган, яқинлашаётган поезд ҳақида олдиндан автоматик равишда хабар бериш ҳамда поездларнинг тезлиги ва темир йўл кесишмаси йўлининг узунлигига қараб ҳисоб-китоб йўли билан йўлнинг узунлиги аниқланадиган (темир йўл кесишмаси кесишма сигнализацияси ва шлагбаумларни автоматик тарзда бошқариш мосламаси билан жиҳозланган бўлса) темир йўл участкаси.

2. Қуйидагилар темир йўл кесишмаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлайдиган қурилмалар ҳисобланади:

а) автомобиль йўлининг қатнов қисмини тўсиш ва транспорт воситаларининг (йўл ҳаракати иштирокчиларининг) темир йўл кесишмаси орқали амалга ошириладиган ҳаракатини тўхтатиш қурилмаси (бундан буён матнда шлагбаум деб юритилади).

Шлагбаум темир йўл кесишмасини транспорт воситалари (йўл ҳаракати иштирокчилари) ўтиб кетишларидан тўсади.

Ҳаракатланиш услубларига кўра шлагбаумлар қуйидаги турларга бўлинади:

автоматлашган — яқинлашиш участкасига поезд кириб келгандан ва кесишма светофорларининг қизил сигналлари (чироқлари) ёқилгандан сўнг ҳисобланган вақт давомида шлагбаум брусларининг ёпиқ (горизонтал) ҳолатга ўтказилиши автоматик тарзда амалга оширилади. Поезд темир йўл кесишмасини бўшатгач, шлагбаумнинг бруслари очиқ (вертикал) ҳолатга автоматик равишда ўтади. Бунда, кесишма светофорининг қизил сигналлари (чироқлари) ўчади;

ярим автоматлашган — бруслар ёпиқ (горизонтал) ҳолатга ўтказилиши поезд яқинлашиш участкасига кириб келишида автоматик равишда ёки темир йўл станцияси навбатчиси томонидан, бруслар очиқ (вертикал) ҳолатга ўтказилиши навбатчи ходим томонидан амалга оширилади;

электрлаштирилган — бруслар ёпиқ (горизонтал) ҳолатга ўтказилиши навбатчи ходим томонидан хабарлаш сигнали қабул қилингандан сўнг махсус тугмани босиш орқали, бруслар очиқ (вертикал) ҳолатга ўтказилиши темир йўл кесишмаси поезддан бўшатилгандан сўнг, навбатчи ходим томонидан махсус тугмани бошланғич ҳолатга қайтариш орқали амалга оширилади;

механизациялашган — шлагбаумлар навбатчи ходим томонидан механик узатма ёрдамида брусларни қўлда очиқ (вертикал) ва ёпиқ (горизонтал) ҳолатга ўтказиш орқали бошқарилади;

горизонтал буриладиган (захира) — бруслар очиқ (вертикал) ҳолатда автомобиль йўлининг қатнов қисмига параллель равишда жойлашади ва навбатчи ходим уларни қўлда бошқаради;

б) поезднинг темир йўл кесишмасига киришини тақиқлайдиган қурилма (бундан буён матнда тўсиш сигнализацияси деб юритилади);

в) поезд яқинлашганда кесишма светофорлари ва товушли сигнализациялари ёқилиши билан темир йўл кесишмаси орқали транспорт воситалари ва йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаракатини тақиқловчи қурилма (бундан буён матнда кесишма сигнализацияси деб юритилади).

Функционал вазифасига кўра кесишма сигнализацияси куйидаги турларга бўлинади:

автоматлашган светофор сигнализацияси — поезд маълум бир масофага яқинлашганда кесишма светофорларининг милтилловчи қизил сигналларини (чироқларини) автоматик равишда ёқувчи ҳамда поезд темир йўл кесишмасидан ўтиб кетгандан сўнг уларни ўчирувчи кесишма сигнализацияси. Автоматлашган светофор сигнализацияси навбатчи ходим томонидан автоматлашган шлагбаумлар билан биргаликда қўлланилади;

милтилловчи оқ чироқли автоматлашган светофор сигнализацияси — кесишма светофорлари темир йўл кесишмасига яқинлашаётган поезд йўқлиги ва сигнализация қурилмалари созлигини кўрсатадиган милтилловчи оқ сигналли (чироқли) қўшимча сигнал каллагига эга бўлган кесишма сигнализацияси;

автоматлашган шлагбаумлар билан жиҳозланган автоматлашган светофор сигнализацияси — автоматик равишда кўтариладиган ва тушириладиган қўшимча шлагбаум брусларига эга бўлган кесишма сигнализацияси;

автоматлашган шлагбаумлар билан жиҳозланган ярим автоматлашган светофор сигнализацияси — қўшимча шлагбаум брусларига эга бўлган, сигнализация ёқилиши ва шлагбаумлар туширилиши темир йўл кесишмасига поезд яқинлашганда автоматик равишда, сигнализация ўчирилиши ва шлагбаумлар кўтарилиши темир йўл кесишмасидан поезд ўтганидан сўнг навбатчи ходим томонидан тугма босилиши орқали амалга ошириладиган кесишма сигнализацияси;

светофор сигнализацияси — тўсиш светофорлари сифатида қўлланиладиган кесишма сигнализацияси ва маневр светофорларининг ўзаро боғловчи қурилмаси;

хабарлаш сигнализацияси — навбатчи ходим поезднинг темир йўл кесишмасига яқинлашаётгани тўғрисида оптик (нурли) ва акустик (товушли) хабар берадиган сигнал. Бунда, тўсувчи техник воситаларнинг ёқилиши ва ўчирилиши навбатчи ходим томонидан амалга оширилади;

г) ҳаракат учун ёпиқ темир йўл кесишмасига поезд яқинлашганда транспорт воситаларининг кириб келишига тўсиқ яратувчи, қатнов қисмини тўлиқ беркитиш учун мўлжалланган мослама;

д) автомобиль йўлининг қатнов қисмида махсус плиталарни кўтарган ҳолда темир йўл кесишмаси орқали транспорт воситалари ҳаракатига тўсқинлик қиладиган тўсиш қурилмаси (бундан буён матнда КТҚ деб юритилади).

2-боб. Темир йўл кесишмаларини кўрикдан ўтказиш ҳамда очиш ва ёпиш

3. Темир йўл кесишмалари инфратузилма оператори ёки умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар эгаси (бундан буён матнда шохобча йўллари эгаси деб юритилади) томонидан ўзларининг мутахассисларидан иборат таркибда тузиладиган Темир йўл кесишмаларини техник кўрикдан ўтказиш бўйича комиссия (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) кўригидан ҳар йили камида бир марта ўтказилиши лозим.

4. Инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси навбатдаги Комиссия кўриги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (бундан буён матнда ЙҲХХ деб юритилади), Фавқулодда вазиятлар вазирлиги , Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси , Автомобил йўллари қўмитаси , тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи, кўрик ўтказилаётган темир йўл кесишмасини кесиб ўтувчи автомобил йўл участкаси эгаси ҳамда йўловчи ташиш транспорт ташкилотига ёзма равишда хабарнома юборади.

5. Комиссия кўриги натижалари бўйича аниқланган ҳолатлар юзасидан далолатнома тузилади. Далолатномада қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Қоидаларнинг талабларига мувофиқ бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар, шу жумладан ушбу камчиликларни бартараф этиш муддатлари кўрсатилади.

6. Комиссия кўриги натижалари бўйича далолатномада кўрсатилган камчиликларнинг белгиланган муддатларда бартараф этилиши устидан назорат Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси , Автомобиль йўллари қўмитаси ва ЙҲХХ томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

7. Поездлар ҳаракатининг тезлиги соатига 200 километрдан ортиқ бўлган юқори тезликдаги темир йўл йўналишларида янги темир йўл кесишмаларини лойиҳалаш ва очиш тақиқланади.

8. Янги автомобиль йўлларининг темир йўллар билан кесишган жойларини лойиҳалаш, шунингдек мавжудларини реконструкция ва капитал таъмирлаш автомобиль йўллари соҳасидаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

9. Мавжуд темир йўл кесишмаларини ёпиш, янгисини очиш, шунингдек йўл ўтказгичдан 5 километр ва ундан қисқа масофада жойлашган темир йўл кесишмаларининг фаолият кўрсатиши мақсадга мувофиқлигини аниқлаш ва уларни ёпиш ЙҲХХ билан ҳамкорликда ҳамда темир йўл кесишмасини кесиб ўтувчи автомобил йўли участкаси эгаси билан келишув асосида инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси томонидан Комиссия кўриги натижаларига кўра амалга оширилади.

Темир йўл кесишмаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш лойиҳаларини ЙҲХХ билан келишиш Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисида ягона низомга мувофиқ амалга оширилади.

10. Йўл ўтказгичда таъмирлаш ишларини амалга ошириш вақтида реверсив ҳаракат ташкил этишнинг имкони бўлмаса, транспорт воситалари, йўл ҳаракати иштирокчилари ва қурилиш техникаси узлуксиз ва хавфсиз ўтишини таъминлаш мақсадида йўл ўтказгичдан 5 километрдан қисқа масофада темир йўл кесишмасини мазкур Қоидаларнинг 7-бандида белгиланган талабни инобатга олган ҳолда очишга йўл қўйилади.

11. Темир йўл кесишмасини ёпишда инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси томонидан темир йўл кесишмасининг чегарасидаги йўл тўшамаси олиб ташланади, шунингдек темир йўл кесишмасига олиб борувчи йўлаклар рельс четидан камида 10 метр масофада йўлнинг тўлиқ кенглиги бўйича баландлиги 0,5 метрдан кам бўлмаган тўсиқ билан ҳамда зарур ҳолларда тўсиқлардан темир йўл томонга 2 метр масофада жойлаштириладиган чуқурлиги 0,6 метр ва эни 0,4 метр ўлчамдаги ариқлар билан тўсилади.

Бунда, ёпилаётган темир йўл кесишмасига олиб борадиган йўлларда ўрнатилган ва ушбу темир йўл кесишмаси мавжудлигини англатувчи огоҳлантириш белгилари олиб қўйилади ҳамда уларнинг ўрнига айланиб ўтиш йўналишини кўрсатувчи ахборот-кўрсатгич белгилари ўрнатилади.

12. Темир йўл кесишмаси ёпилганда ундаги барча жиҳозлар демонтаж қилинади, темир йўл кесишмаси вақтинчалик муддатга ёпилганда эса, ушбу муддат давомида автоматлашган темир йўл кесишмаси сигнализацияси ўчирилади ҳамда қўлда ҳаракатга келтириладиган горизонтал буриладиган (захира) шлагбаум бруслари транспорт воситалари ҳаракати учун ёпиқ ҳолатга келтирилади ва қулф билан ёпилади. Темир йўл кесишмасида автоматик қурилмаларни ўчириш инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси томонидан амалга оширилади.

13. Инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси ёпиладиган темир йўл кесишмаларига олиб борувчи автомобиль йўлида ушбу йўл участкаси эгаси билан келишилган ҳолда транспорт воситалари бурилиб кетиши учун майдончалар ташкил этилишини таъминлаши керак.

14. Инфратузилма оператори ва шохобча йўллари эгаси маҳаллий оммавий ахборот воситаларида темир йўл кесишмасининг ёпилиши тўғрисида унинг ёпилишидан камида ўн беш кун олдин эълон берилишини таъминлайди.

3-боб. Темир йўл кесишмаларининг таснифи ва тоифаларини аниқлаш

15. Темир йўл кесишмалари жойлашувига кўра қуйидаги турларга бўлинади:

умумий фойдаланишдаги темир йўл кесишмалари — умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва (ёки) умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари билан кесишган жой;

умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл кесишмалари — умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва (ёки) умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари ҳамда хўжалик автомобиль йўллари билан кесишган жой.

Ташкилотлар (омбор, депо, элеватор ва бошқа шу кабилар) ҳудудидаги темир йўлларнинг ушбу ташкилотлар автомобиль йўллари билан кесишган ҳудудлари технологик ўтиш жойи бўлиб, улар темир йўл кесишмаси ҳисобланмайди.

16. Темир йўл кесишмалари уларда сутка давомида ҳаракатланувчи поездлар ва транспорт воситаларининг сонини (бундан буён матнда ҳаракат интенсивлиги деб юритилади) ҳисобга олган ҳолда мазкур Қоидаларнинг 1-иловасида келтирилган меъзонларга мувофиқ тўрт тоифага бўлинади.

17. Темир йўл кесишмалари тоифаларини аниқлашда поездлар ҳаракати интенсивлиги поездлар ҳаракати жадвалига мувофиқ, транспорт воситалари ҳаракати интенсивлиги эса инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгасининг хронометражли кузатувлари бўйича аниқланади.

18. Поездлар ва транспорт воситалари ҳаракатининг интенсивлигидан келиб чиқиб, темир йўл кесишмаларининг тоифалари инфратузилма оператори томонидан йилига камида бир маротаба ва шохобча йўллари эгалари томонидан 5 йилда камида бир маротаба қайта кўриб чиқилади.

19. Темир йўл кесишмалари тоифаларини қайта кўриб чиқиш Комиссия кўригини ўтказиш давомида амалга оширилади. Бунда, навбатчи ходим томонидан хизмат кўрсатиладиган ҳамда навбатчи ходим томонидан хизмат кўрсатилмайдиган темир йўл кесишмаларининг рўйхати тузилади.

20. Темир йўл кесишмалари улардан фойдаланишнинг тартибга солинишига кўра тартибга солинадиган ва тартибга солинмайдиган турларга бўлинади.

Темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган поезд ҳақида хабар берувчи кесишма сигнализацияси қурилмалари билан жиҳозланган ёки поездлар ва транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш вазифаси юклатилган навбатчи ходим томонидан хизмат кўрсатиладиган темир йўл кесишмалари тартибга солинадиган темир йўл кесишмалари ҳисобланади.

Темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган поезд ҳақида хабар берувчи кесишма сигнализацияси қурилмалари билан жиҳозланмаган ёки поездлар ва транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш вазифаси юклатилган навбатчи ходим томонидан хизмат кўрсатилмайдиган темир йўл кесишмалари тартибга солинмайдиган темир йўл кесишмалари ҳисобланади.

21. Қуйидаги темир йўл кесишмаларида навбатчи ходим қўйилиши лозим:

а) поездлар ва транспорт воситалари ҳаракатининг интенсивлигидан қатъи назар, поездлар соатига 140 километрдан ортиқ тезликда ҳаракатланувчи темир йўл участкаларида жойлашган темир йўл кесишмаларида;

б) I тоифадаги темир йўл кесишмаларида;

в) темир йўл станцияси навбатчисига (поезд диспетчерига) кесишма сигнализацияси созлигини назорат қилиш имконини берувчи қурилма ёки автоматлашган светофор сигнализацияси билан жиҳозланмаган II тоифадаги темир йўл кесишмаларида;

г) автомобиль йўли уч ва ундан ортиқ асосий темир йўллари билан кесишган темир йўл кесишмаларида;

д) қабул қилиш-жўнатиш темир йўлларидаги (темир йўл станцияси ичида жойлашган) темир йўл кесишмаларида;

е) кўриниш шароитлари қониқарсиз бўлган II тоифадаги темир йўл кесишмаларида ҳамда кўриниш шароитларидан қатъи назар, поездлар ҳаракат интенсивлиги кунига 16 тадан ортиқ поездни ташкил этадиган темир йўл кесишмаларида;

ж) кўриниш шароитлари қониқарсиз бўлган ва поездлар ҳаракат интенсивлиги суткасига 16 тадан ортиқ поездни ташкил этадиган III тоифадаги темир йўл кесишмаларида ҳамда кўриниш шароитларидан қатъи назар, поездлар ҳаракат интенсивлиги кунига 200 тадан ортиқ поездни ташкил этадиган темир йўл кесишмаларида.

Бунда, транспорт воситаси ҳайдовчиси темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган поездни темир йўл кесишмасидан 400 метр масофада, поезд машинисти эса темир йўл кесишмасини 1000 метр масофада кўриш имконияти бўлмаса, темир йўл кесишмасининг кўриниш шароити қониқарсиз ҳисобланади.

22. Темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган поезднинг транспорт воситаси ҳайдовчисига кўриниши зарур бўлган энг қисқа масофа ҳамда темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган транспорт воситасини тўхтатиш учун темир йўл кесишмаси кўриниши зарур бўлган энг қисқа масофа мазкур Қоидаларнинг тегишлилигига кўра 2 ва 3-иловаларида келтирилган меъёрларга мувофиқ бўлиши лозим.

23. Қуйидаги ҳолатларда навбатчи ходим томонидан хизмат кўрсатишни тўхтатган ҳолда темир йўл кесишмаларини навбатчи ходимсиз фойдаланишга ўтказиш мумкин:

а) темир йўл кесишмасининг тоифаси қуйи тоифага ўзгартирилганда (бундан мазкур Қоидаларнинг 21-бандида назарда тутилган ҳолатлар мустасно);

б) II, III ва IV тоифадаги темир йўл кесишмалари темир йўл станцияси навбатчисига (поезд диспетчерига) кесишма сигнализацияси созлигини назорат қилиш имконини берувчи қурилма ҳамда автоматлашган светофор сигнализацияси билан жиҳозланганда.

24. Темир йўл кесишмаларида навбатчи ходим томонидан хизмат кўрсатилишини тўхтатишдан аввал инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

а) темир йўл станцияси навбатчисига (поезд диспетчерига) темир йўл кесишмасининг автоматлашган сигнализацияси (мавжуд бўлса) созлигини назорат қилиш имконини берувчи қурилма ўрнатиш;

б) автоматлашган, ярим автоматлашган ва электрлаштирилган шлагбаумлар, КТҚ, шунингдек навбатчи ходим томонидан темир йўл кесишмасига хизмат кўрсатишда фойдаланиладиган бошқа қурилмаларни демонтаж қилиш;

в) темир йўл кесишмаси чегараларидаги йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича техник воситаларни алмаштириш.

25. Темир йўл кесишмаларини навбатчи ходимсиз фойдаланишга ўтказишдан камида ўн беш кун олдин инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси автомобиль йўли эгаси билан келишилган жойларда тегишли темир йўл кесишмаси навбатчи ходимсиз фойдаланишга ўтказилиши ҳақида (санаси кўрсатилган ҳолда) ахборот-огоҳлантирувчи белгилар ўрнатиши ва уларни бир ой муддат давомида сақлаб туриши лозим.

4-боб. Темир йўл кесишмаларининг тузилиши, жиҳозланиши ва улардан фойдаланишга қўйиладиган талаблар

26. Темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган транспорт воситасини тўхтатиш учун темир йўл кесишмаси кўриниши зарур бўлган энг қисқа масофа меъёрларига жавоб бермайдиган умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар билан автомобиль йўллари кесишган жойларда йўл кўзгулари ўрнатилади.

Йўл кўзгуларини ўрнатиш жойларини танлашда ва кўзгуларнинг акс эттирувчи юзасини транспорт воситаси ҳайдовчисига қаратишда йўлнинг кўринмайдиган қисми йўл кўзгуларида кўринишини таъминлаш лозим.

27. Инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси билан келишув асосида кесишма сигнализацияси ўрнатилган темир йўл кесишмаларида Комиссия хулосасига кўра янги автобус йўналишининг очилишига йўл қўйилади.

28. Темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган поезднинг транспорт воситаси ҳайдовчисига кўриниши зарур бўлган энг қисқа масофа меъёрларига мувофиқ темир йўл кесишмалари темир йўллар ва автомобиль йўларининг тўғри бурчак остидаги текис участкаларида, шунингдек кўриниш шароитлари қониқарли бўлган жойларда жойлаштирилиши керак. Бунда, ушбу талабга риоя қилишнинг имкони бўлмаса, кесишувчи йўллар орасидаги ўткир бурчак 60 даражадан кам бўлмаслиги керак.

29. Темир йўл кесишмаларида чекка рельсдан 10 метрдан кам бўлмаган масофадаги автомобиль йўли горизонтал текисликда жойлашган бўлиши керак.

Темир йўл кесишмаларига туташган автомобиль йўллари чекка рельсдан 50 метрдан кам бўлмаган масофада бўйлама қиялиги 30 минглик ўлчамдан кўп бўлмаган ҳолда лойиҳалаштирилиши керак.

30. Темир йўл кесишмаси қатнов қисмининг кенглиги автомобиль йўли қатнов қисми кенглигига тенг бўлиши, бироқ 6 метрдан кам бўлмаслиги, чорва молларини ҳайдаб ўтиш жойларидаги йўл тўшамаси кенглиги эса 4 метрдан кам бўлмаслиги керак.

31. Йўл тўшамаси конструкциясидан келиб чиқиб, ҳаракатдаги таркиб ғилдирак жуфтларининг бир текисда ўтишини таъминлаш учун йўл тўшамаси чегараларида контррельслар ўрнатилади. Уларнинг 50 сантиметр узунликдаги учлари икки рельс оралиғининг ички томонига қараб 25 сантиметрга эгилади. Бунда, тарновнинг кенглиги 75 дан 110 миллиметргача бўлган оралиқда ўрнатилиши, унинг чуқурлиги эса 45 миллиметрдан кам бўлмаслиги лозим.

32. Навбатчи ходим мавжуд бўлган темир йўл кесишмаларида ҳар бир темир йўлнинг икки рельс оралиғида (бир йўлли участкаларда — ҳар икки томондан) йўл тўшамасидан 0,75 дан 1,0 метргача бўлган масофада поездни тўхтатиш кўчма сигналларини (қизил шитлар, чироқлар), шунингдек ҳаракатдаги таркибнинг пастки ногабаритлигини аниқлашга мўлжалланган қурилмалар учун темир қувур кўринишидаги мосламалар ўрнатиш лозим.

33. Шлагбаум устунлари, кесишма сигнализациясининг светофор мачталари, тўсиқлар, панжаралар ва йўналтирувчи (сигнал) устунлар автомобиль йўли қатнов қисми четидан 0,75 метрдан кам бўлмаган масофада ўрнатилиши лозим.

Бунда, йўналтирувчи (сигнал) устунлар темир йўл кесишмасининг икки томонида четдаги рельслардан 2,5 дан 16 метргача бўлган масофада ҳар 1,5 метрда ўрнатилади. Йўналтирувчи (сигнал) устунлар инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси томонидан ўрнатилади.

34. Темир йўл кесишмаларининг чорва молларини ҳайдаб ўтиш учун мўлжалланган жойларида баландлиги 1,2 метр бўлган темирбетон, ёғоч ёки темирдан ясалган девор тўсиқлар ёхуд панжаралар ўрнатилади ҳамда захира шлагбаумларига тўсувчи тўрлар осилади.

35. Автомобиль йўллари томонидан темир йўл кесишмаларига туташган йўл ҳаракатини ташкил этувчи техник воситалар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига (бундан буён матнда Йўл ҳаракати қоидалари деб юритилади) мувофиқ ўрнатилади.

36. Темир йўл кесишмалари аҳоли пунктларида жойлашган ва уларга пиёдалар йўлкалари мавжуд автомобиль йўллари туташган бўлса, темир йўл кесишмалари инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси томонидан пиёдалар йўлкалари ва товушли сигнализация билан жиҳозланади.

37. Транспорт воситаларининг темир йўл кесишмасига киришига тўсиқ бўлувчи КТҚ билан жиҳозланган темир йўл кесишмалари пиёдалар йўлкалари билан таъминланиши, шунингдек темир йўл кесишмаларига туташган йўллар темир йўл кесишмасида киришга тўсқинлик қилувчи қурилмалар мавжудлиги тўғрисида ҳайдовчиларни огоҳлантирувчи ахборот-огоҳлантирувчи белгилар билан жиҳозланиши керак.

38. КТҚ автомобиль йўли қатнов қисмининг йўл қопламаси билан бир хил сатҳда ўрнатилади. Шлагбаумлар туширилгандан сўнг КТҚ плиталари яқинлашиб келаётган транспорт воситаси томонга 0,45 метр (± 0,05 метр) баландликда кўтарилиб, автомобиль йўлининг қатнов қисмини тўлиқ тўсиши керак. КТҚ қурилмасининг устида транспорт воситалари бўлганида плиталар кўтарилишига йўл қўйилмаслиги керак.

39. Темир йўл кесишмаларига яқинлашиш йўлларида (темир йўл йўналиши томонида) поезд машинистлари томонидан товушли сигнал чалиниши лозимлиги ҳақида доимий огоҳлантирувчи сигнал белгилари («С») ўрнатилади.

Огоҳлантирувчи сигнал белгилари («С») поезд ҳаракатининг йўналиши бўйича ўнг томондан 500 дан 1500 метргача масофада, поездлар соатига 120 километрдан ортиқ тезликда ҳаракатланувчи станциялар оралиқларидаги темир йўлларда эса темир йўл кесишмасидан 800 дан 1500 метргача масофада ўрнатилади. Умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл кесишмалари олд томонида огоҳлантирувчи сигнал белгилари («С») маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда 100 дан 300 метргача бўлган масофада ўрнатилади.

40. Навбатчи ходим мавжуд бўлмаган ҳамда машинистлар кўриши қийин бўлган темир йўл кесишмалари олд томонида, шунингдек темир йўл кесишмасидан 250 метр масофада қўшимча огоҳлантирувчи сигнал белгилари («С») ўрнатилиши керак (поездлар соатига 120 километрдан ортиқ тезлик билан ҳаракатланувчи станциялар оралиқларидаги темир йўлларда — 400 метр масофада ўрнатилади).

41. Темир йўл кесишмасида кесишма сигнализацияси мавжуд бўлса, Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ 1.3.1 «Бир изли темир йўл» ёки 1.3.2 «Кўп изли темир йўл» огоҳлантирувчи йўл белгилари светофорлар билан бир устунда, устун бўлмаганда эса энг яқин рельсдан 20 метрдан кам бўлмаган масофада ўрнатилади.

42. Тартибга солинмайдиган темир йўл кесишмалари олд томонида энг яқин рельсдан 50 метрдан ортиқ бўлмаган узоқликда жойлашган транспорт воситалари ҳайдовчиларига мазкур Қоидаларнинг 2 ва 3-иловаларига мувофиқ ҳисобланган узунликка тенг масофада поезд кўриниши таъминланмаган бўлса, энг яқин рельсгача 10 метр масофада Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ 2.5 «Тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланган» белгиси ўрнатилади.

Бундай темир йўл кесишмалари қайта жиҳозланишидан аввал, уларнинг олдида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси томонидан поездлар ҳаракат тезлигига доимий чеклов ўрнатилади.

43. Электрлаштирилган темир йўлларда темир йўл кесишмаларининг ҳар икки томонида шлагбаумлардан камида 5 метр масофада, улар мавжуд бўлмаганда эса четдаги рельсдан камида 14 метр масофада Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ «4.5 м» рақами акс этган 3.13 «Чекланган баландлик» тақиқлаш йўл белгилари ўрнатилади.

44. Темир йўл кесишмаларига туташган жойларда автомобиль йўллари томонидан шлагбаумлар олд томонида, улар мавжуд бўлмаганда эса Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ ўрнатилган 1.3.1 «Бир изли темир йўл» ёки 1.3.2 «Кўп изли темир йўл» огоҳлантирувчи йўл белгилари олд томонида 150 — 300 метр масофада 1.1 «Шлагбаумли темир йўл кесишмаси» ёки 1.2 «Шлагбаумсиз темир йўл кесишмаси» огоҳлантирувчи ва бошқа йўл белгилари ўрнатилади. Аҳоли пунктлари ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл кесишмаларига туташган йўлларда бундай белгилар четдаги рельслардан 50 — 100 метр масофада ўрнатилади.

45. Транспорт воситаси бир йўналишда ҳаракатланиши учун икки ва ундан ортиқ бўлакли автомобиль йўлларида, шунингдек бир бўлакли йўлларда темир йўл кесишмасининг кўриниш масофаси аҳоли яшамайдиган жойларда 300 метрдан, аҳоли яшайдиган жойларда эса 100 метрдан кам бўлганда Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ 1.1 «Шлагбаумли темир йўл кесишмаси» ва 1.2 «Шлагбаумсиз темир йўл кесишмаси» белгилари такрор ўрнатилиши керак.

46. Навбатчи ходим томонидан хизмат кўрсатиладиган темир йўл кесишмаларида кечаю-кундуз навбатчилик тартиби ўрнатилади.

Умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл кесишмаларида, шунингдек ҳаракат интенсивлиги паст бўлган темир йўл участкаларида жойлашган умумий фойдаланишдаги темир йўл кесишмаларида кечаю-кундуз навбатчилик тартиби ўрнатилмаслиги мумкин.

Бунда, навбатчи ходимдан бошқа шахсларнинг бошқарув шитидаги автоматлашган кесишма сигнализацияси ва КТҚдан фойдаланишига йўл қўйилмайди.

47. Темир йўл кесишмаси фаолиятида вақтинчалик танаффус юзага келган тақдирда автоматлашган (ярим автоматлашган, электрлаштирилган) шлагбаумлар навбатчи ходим томонидан ёпиқ (горизонтал) ҳолатга келтирилади ва автомобиль йўлининг қатнов қисмини тўлиқ тўсувчи захира шлагбаумлар эса тўсиш ҳолатига ўтказилади ва қулфланади.

48. Кечаю-кундуз навбатчилик тартиби ўрнатилмаган темир йўл кесишмалари рўйхати ва уларнинг иш соатлари ҳақида инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси ЙҲХХ ва темир йўл кесишмалари жойлашган автомобил йўли эгасини ёзма равишда хабардор қилади.

49. Ҳаракат интенсивлиги паст бўлган темир йўлларда жойлашган ҳамда горизонтал буриладиган (захира) шлагбаумлар билан жиҳозланган темир йўл кесишмалари инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси томонидан поезд тузувчи ёки локомотив бригадаси бошқарадиган светофор сигнализацияси билан жиҳозланади.

Бунда, темир йўл кесишмалари поезд тузувчи ёки локомотив бригадаси бошқарадиган светофор сигнализацияси билан жиҳозлангунга қадар горизонтал буриладиган шлагбаумлар сақлаб турилади ва бундай кесишмаларга навбатчи ходим томонидан хизмат кўрсатилмайди.

50. Автоматлашган, ярим автоматлашган ва электрлаштирилган шлагбаумларнинг бруслари қизил рангли нур қайтарувчи қурилмалар билан жиҳозланиши ёки нур қайтарувчи бўёқ билан бўялиши ҳамда 4, 6 ёхуд 8 метр узунликка эга бўлиши лозим.

51. Автоматлашган, ярим автоматлашган ва электрлаштирилган шлагбаумлар транспорт воситалари ҳаракатининг йўналиши бўйича автомобиль йўлининг ўнг томонидан қатнов қисмининг камида ярмини ёпиши керак. Бунда, қатнов қисмини тўлиқ беркитувчи шлагбаумлар ўрнатилиши мумкин.

52. Транспорт воситаларининг ҳаракат интенсивлиги юқори бўлган, навбатчи ходим томонидан хизмат кўрсатиладиган, шунингдек тезюрар йўловчи поездлари ҳаракатланадиган темир йўл кесишмаларида транспорт воситалари кириб келишининг олдини олиш учун КТҚ қўлланилиши мумкин.

53. Механизациялашган шлагбаумлар автомобиль йўлининг қатнов қисмини тўлиқ тўсиши ҳамда сутканинг қоронғи вақтида ва кундузи кўриш яхши бўлмаган шароитларда (туман, бўрон ва бошқа ноқулай шароитларда) қўлланиладиган сигнал чироқларига эга бўлиши лозим.

54. Механизациялашган шлагбаумларнинг брусларига ўрнатилган сигнал чироқлари қуйидаги сигналларни узатиши керак:

а) автомобиль йўли томон:

шлагбаумлар ёпиқ ҳолатда бўлганида — қизил сигнал (чироқ);

шлагбаумлар очиқ ҳолатда бўлганида — шаффоф оқ сигнал (чироқ);

б) темир йўл томон шлагбаумларнинг ҳам очиқ, ҳам ёпиқ ҳолатларида — шаффоф оқ назорат сигнали (чироқ) узатилади.

55. Шлагбаумлар темир йўл кесишмасининг ҳар икки томонида, автомобиль йўли четининг ўнг томонида ўрнатилиши ва уларнинг бруслари ёпиқ ҳолатда автомобиль йўли қатнов қисми юзасидан 1 дан 1,25 метргача баландликда жойлашиши лозим.

Бунда, механизациялашган шлагбаумлар четдаги рельсдан 8,5 метрдан кам бўлмаган ва 14 метрдан кўп бўлмаган масофада жойлаштирилади.

56. Автоматлашган, ярим автоматлашган ва электрлаштирилган шлагбаумлар брус узунлигидан (4, 6 ёки 8 метр) келиб чиқиб, четдаги рельсдан 6, 8 ёки 10 метрдан кам бўлмаган масофада ўрнатилади.

57. Темир йўл транспорти инфратузилмасида таъмирлаш ишлари амалга оширилганда темир йўл кесишмасини тўсиш учун автомобиль йўлининг қатнов қисмини тўлиқ беркитувчи ва шлагбаумлардан автомобиль йўли томонга 1 метрдан кам бўлмаган масофада ўрнатилувчи горизонтал буриладиган (захира) шлагбаумлардан фойдаланилади. Бунда, шлагбаумлар уларни очиқ ва ёпиқ ҳолатда маҳкамлаш ва сигнал чироқларини илиб қўйиш мосламаларига эга бўлиши керак.

58. Шлагбаумларнинг бруслари (асосий ва захира) навбатма-навбат ўзгарувчи қизил ва оқ рангдаги горизонтал, автомобиль йўли томондан қаралганда 45 дан 50 даражагача бурчак остида ўнгга эгилган чизиқлар билан бўялади. Чизиқларнинг кенглиги 500 дан 600 миллиметргача бўлиши, бруснинг учида эса 250 дан 300 миллиметргача кенгликдаги қизил чизиқ чизилган бўлиши лозим.

59. Автоматлашган ва ярим автоматлашган шлагбаумларнинг очиқ ҳолати, электрлаштирилган ва механизациялашган шлагбаумларнинг эса ёпиқ ҳолати нормал ҳолатда туриш ҳисобланади.

Нормал ҳолатда турмаган шлагбаумлар фақат темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган поезд мавжуд бўлмагандагина транспорт воситаларини ўтказиш учун очилиши мумкин.

60. Ҳаракат икки томонлама бўлган ва чизиқлар билан белгиланган учта бўлакли йўлларда қарама-қарши йўналишдаги транспорт оқимини ажратиш учун темир йўл кесишмалари яқинида четдаги рельсдан 100 метр масофада Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ 1.1 ётиқ чизиғи чизилади.

61. Шлагбаум ёки светофордан 5 метрдан кам бўлмаган масофада Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ 1.12 «Тўхташ чизиғи» белгиси чизилиши керак. Бунда, шлагбаум ёки светофор мавжуд бўлмаганда 1.12 «Тўхташ чизиғи» белгиси энг яқин рельсдан 10 метрдан кам бўлмаган масофада 2.5 «Тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланади» белгиси тўғрисида чизилади.

62. Йўлнинг битта ҳаракат йўналишида икки ёки ундан ортиқ ҳаракатланиш бўлаклари чегараларини белгилаш учун темир йўл кесишмалари олд томонида транспорт воситаларининг рухсат этилган тезлиги соатига 60 километргача бўлганда 20 метрдан кам бўлмаган масофада, соатига 60 километрдан ортиқ бўлганда эса 40 метрдан кам бўлмаган масофада Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ 1.12 «Тўхташ чизиғи» белгисидан 1.3 ётиқ чизиғи чизилади.

63. Навбатчи ходимлар томонидан хизмат кўрсатиладиган темир йўл кесишмаларида навбатчи ходимлар учун мўлжалланган хоналар — темир йўл бўйлаб автомобиль йўли томонидан кириб-чиқиладиган бино қурилиши керак. Бунда, бинонинг темир йўл томонга чиқиш қисми панжаралар билан тўсилади.

64. Темир йўл кесишмаси чегараларида ёриқлик даражаси I тоифада — 5 люкс, II тоифада — 3 люкс; III тоифада — 2 люкс; IV тоифада — 1 люксдан кам бўлмаслиги керак.

65. Ўтаётган поездларни кузатиш учун темир йўл кесишмалари прожектор (ёритгич) мосламалари билан жиҳозланади.

66. Кесишма сигнализацияси қурилмалари электр таъминоти ишончлилиги бўйича биринчи тоифага мансуб бўлган иккита мустақил таъминлаш манбаларидан электр таъминоти билан таъминланиши керак.

67. Битта электр таъминот манбаси мавжуд бўлган темир йўл кесишмаларида захира электр таъминоти бўлмаган тақдирда темир йўл кесишмасини ва тўсиш светофорларини қувватлантириш учун аккумулятор захираси ўрнатилиши лозим. Бунда, қувватлантирувчи аккумулятор захираси 8 соатдан кам бўлмаган муддат давомида тўхтовсиз ишлай оладиган қувватга эга бўлиши керак.

68. Навбатчи ходим томонидан хизмат кўрсатиладиган темир йўл кесишмалари темир йўл станцияси навбатчиси ҳамда марказлашган диспетчерлик участкаларининг поезд диспетчерлари билан тўғридан-тўғри телефон алоқаси ва поезд радиоалоқа воситалари билан таъминланиши керак.

Навбатчи ходимни ёки унинг вазифасини бажарувчи ходимни телефон алоқаси орқали чақириш учун темир йўл кесишмаларида қўшимча равишда ташқи қўнғироқ (товушли чақирув) ўрнатилади.

69. Навбатчи ходим томонидан хизмат кўрсатилмайдиган ҳамда автоматлашган блокировка билан жиҳозланган перегонларда жойлашган темир йўл кесишмаларида пиёдалар учун темир йўл кесишмасида ҳаракатланиш тақиқланганлиги тўғрисида хабар берувчи иккита қизил ва битта оқ сигналли (чироқли) қўшимча товушли сигнализацияга эга кесишма светофорлари ўрнатилади.

70. Темир йўл станциясида ҳамда темир йўл станциясидан узоқлашиш участкаларида жойлашган ва навбатчи ходим томонидан хизмат кўрсатилмайдиган темир йўл кесишмаларида пиёдалар учун темир йўл кесишмасида ҳаракатланиш тақиқланганлиги тўғрисида хабар берувчи қўшимча товушли сигнализацияга эга кесишма светофорлари ва навбатма-навбат милтилловчи иккита қизил сигнал (чироқ) ўрнатилади.

71. Кесишма сигнализацияси светофорлари транспорт воситалари ҳаракати йўналиши бўйича ўнг томонда ўрнатилади. Кўриш шароитлари ва ҳаракат интенсивлигини ҳисобга олиб, қўшимча светофор каллаклари ёки кесишма светофорини такрорловчилари ўрнатилиши мумкин.

72. Автомобиль йўлларида навбатчи ходим томонидан хизмат кўрсатиладиган темир йўл кесишмаси орқали ҳаракатланиш тақиқланганлиги тўғрисида хабар берувчи товушли сигнализация ва транспорт воситалари ҳаракатига тўсиқ бўладиган қўшимча нур қайтарувчи брус кўринишидаги автоматлашган ёки ярим автоматлашган шлагбаумлар ва навбатма-навбат милтилловчи қизил сигналли (чироқли) кесишма светофорлари ўрнатилади.

73. Кесишма сигнализацияси ўчиши ёки унинг носоз ҳолатларида энг яқин темир йўл станцияси навбатчисига ёки поезд диспетчерига кесишма сигнализацияси носозлиги тўғрисидаги хабарнома автоматик равишда узатилади.

Инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси шу куннинг ўзида кесишма сигнализация қурилмаларининг ишлашини тиклаши лозим.

74. Поезд темир йўл кесишмасига яқинлашгунига қадар транспорт воситалари темир йўл кесишмасини бўшатиши учун автоматлашган светофор сигнализацияси автомобиль йўли томонга тўхташ сигнали узатилишини таъминлаши керак. Автомобиль йўли томонга тўхташ сигнали узатилиши поезд темир йўл кесишмасидан ўтиб бўлганидан сўнг тўхтатилиши керак.

75. Поезд темир йўл кесишмасидан ўтиб бўлганидан сўнг автоматлашган шлагбаумларнинг бруслари вертикал ҳолатга кўтарилиши, шундан сўнг светофорлардаги қизил сигналлар (чироқлар) ўчирилиши керак.

76. Шлагбаум брусини тушириш вақтида темир йўл кесишмасида катта ҳажмли транспорт воситаси ҳаракатланганда шлагбаум бруси шикастланишининг олдини олиш мақсадида бошқарув шити «Тутиб туриш» («Очиш»/»Тутиб туриш») тугмаси билан жиҳозланиши, бунда брусларнинг навбатчи ходим томонидан тутиб турилиш вақти 10 сониядан ошмаслиги керак.

77. Ярим автоматлашган шлагбаумлар билан жиҳозланган темир йўл кесишмаларида «Тутиб туриш» («Очиш»/»Тутиб туриш») тугмаси тўсувчи шлагбаум брусларини кўтариш учун ҳам қўлланилади.

78. Поезд яқинлашиш участкаси ва темир йўл кесишмасидан ўтиб бўлганидан сўнг навбатчи ходим шлагбаумни очиқ ҳолатга ўтказиши ва товушли сигналларни ўчириш учун «Тутиб туриш» («Очиш»/»Тутиб туриш») тугмасини босиб туриши лозим.

79. Кесишма сигнализациясини бошқариш шитлари навбатчи ходим хонасининг ташқарисида, темир йўлнинг ва темир йўл кесишмасига туташган автомобиль йўлининг кўриниши яхши бўлган жойларида ўрнатилади.

80. Кесишма сигнализацияларидан фойдаланиш инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси томонидан мазкур Қоидаларнинг 4-иловасига мувофиқ тайёрланадиган йўриқномага (бундан буён матнда маҳаллий йўриқнома деб юритилади) кўра амалга оширилади. Маҳаллий йўриқнома беш йилда бир марта қайта кўриб чиқилиши лозим.

81. Автоматлашган кесишма сигнализацияси билан жиҳозланган I ва II тоифадаги темир йўл кесишмаларида инфратузилма оператори ва шохобча йўллари эгаси томонидан видео қайд этиш техника воситалари ўрнатилади.

5-боб. Темир йўл кесишмаларида навбатчи ходимлар хизматини ташкил этиш

82. Навбатчи ходим лавозимига поездлар ҳаракати бўйича камида 3 ойлик иш стажига эга бўлган шахслар тайинланади.

83. Навбатчилик вақтида навбатчи ходимнинг ёнида қуйидагилар бўлиши лозим:

а) темир йўл ташкилотлари ходимларига товушли сигнал бериш учун сигнал бурғуси;

б) ҳаракат қатнашчилари эътиборини жалб этиш учун қўшимча сигнал бериш ҳуштаги;

в) иккита сигнал байроғи (қизил ва сариқ), шунингдек сутканинг қоронғи ёки кўриш ёмон бўлган (туман, бўрон ва бошқа ноқулай шароитлар) ёруғ вақтида кўринувчи сигналлар узатиш учун мўлжалланган сигнал чироғи.

84. Навбатчи ходимлар хизматини ташкил этиш учун темир йўл кесишмаси биносида қуйидагилар бўлиши керак:

а) темир йўл кесишмаси бўйича навбатчилик жадвали;

б) Йўл ҳаракати қоидалари , мазкур Қоидалар ва маҳаллий йўриқноманинг матни;

в) мазкур Қоидаларнинг 5-иловасига мувофиқ темир йўл кесишмаси карточкаси;

г) йўловчи поездларининг ҳаракат жадвали;

д) навбатчиликни қабул қилиш ва топшириш бўйича ёзма ёки электрон шаклдаги китоб (бундан буён матнда Навбатчиликни қабул қилиш ва топшириш китоби деб юритилади);

е) умумий фойдаланишдаги темир йўлларда жойлашган темир йўл кесишмаларида поездлар ҳаракатини тўхтатиш зарурияти юзага келган тақдирда поезд машинистини огоҳлантиришга мўлжалланган 6 дона петарда (уч ва ундан ортиқ йўлли темир йўл участкаларида 12 дона);

ё) вақтни назорат қилиш учун девор соат;

ж) йўл ҳаракатини бошқариш таёқчаси (жезл) ва қизил рангли қўл боғичи;

з) темир йўл кесишмасида тўхтаб қолган транспорт воситаларини шатакка олиш учун узунлиги 4 дан 6 метргача бўлган пўлат арқон (трос);

и) темир йўл кесишмасини кесиб ўтувчи темир йўл учун битта кўчма қизил шит, битта сигнал ёритгич (фонарь), шунингдек битта захира кўчма шит ва битта захира сигнал ёритгич;

й) сигнал байроқларининг битта захира тўплами;

к) темир йўл кесишмасидаги пломбаланган жиҳозлар ва қурилмалар рўйхати.

85. Қиш мавсумида ер музлаган вақтда темир йўл кесишмаси чегарасидаги (темир йўлдан шлагбаум ўқигача, шлагбаум бўлмаган жойда эса Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ 1.3.1 «Бир изли темир йўл» ва 1.3.2 «Кўп изли темир йўл» белгилари ўрнатилган жойгача бўлган ҳудуд) қатнов қисмига ва пиёдалар йўлкаларига сепиш учун қум захираси мавжуд бўлиши керак.

86. Навбатчи ходим навбатчилик бошланишидан олдин қуйидагиларни кўздан кечириши лозим:

а) темир йўл кесишмасининг ҳар икки томонидан 50 метр масофада жойлашган темир йўллар ҳолатини;

б) кесишма сигнализацияси, темир йўл кесишмаси жиҳозлари ва темир йўл кесишмаси чегарасида жойлашган барча қурилмалар созлиги ва ҳолатини;

в) темир йўл кесишмасидаги пломбаланган жиҳозлар ва қурилмаларда пломбанинг мавжудлигини;

г) петарда ҳамда ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари мавжудлиги ва ҳолатини.

87. Навбатчиликни қабул қилиш ва топшириш китобига кесишма сигнализацияси, тўсиш сигнализацияси, шлагбаумлар, КТҚ ва телефон (радио) алоқасидаги носозликларнинг (мавжуд бўлса) бартараф этилганлиги тўғрисида, шунингдек темир йўл кесишмасида автоматик равишда ишлайдиган ускуналар мавжуд бўлса, «Автоматика соз» ёки «Автоматика носоз» ёзуви қайд этилади.

88. Поездлар ва транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи носозлик аниқланганда ушбу носозликни шу вақтнинг ўзида бартараф этишнинг имкони бўлмаса, навбатчи ходим носозлик аниқланган жойни тўхташ сигналлари билан тўсган ҳолда транспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаши ва дарҳол бу тўғрисида темир йўл станцияси навбатчиси (поезд диспетчери) ҳамда инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгасига хабар бериши керак.

89. Носозлик бартараф этилган вақтнинг ўзида инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгасининг вакили (таъмирловчи) бу ҳақда Навбатчиликни қабул қилиш ва топшириш китобига тегишли ёзув киритади. Бунда, Навбатчиликни қабул қилиш ва топшириш китобига тегишли ёзув киритилгунга қадар носоз қурилмалардан фойдаланиш тақиқланади.

90. Навбатчилик вақтида навбатчи ходим қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

а) белгиланган вақтда шлагбаумни очиш, тегишли сигналларни узатиш, ўтиб кетаётган поездларнинг ҳолатини кузатиш, ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солувчи носозлик аниқланганда поездни тўхтатиш чораларини кўриш, поезднинг охирги вагонида унинг охирги вагон эканлигини англатувчи белги бўлмаганда бу ҳақда станция навбатчисига ва поезд диспетчерига хабар бериш;

б) тезлиги соатига 140 километрдан ортиқ бўлган йўловчи поездини ўтказишдан ўн дақиқа аввал шлагбаумларни ёпган ҳолда темир йўл кесишмасида транспорт воситаларининг ҳаракатини тўхтатиш;

в) темир йўл кесишмаси орқали чорва моллари ҳайдаб ўтилишини поезд ўтишидан камида беш дақиқа аввал, тезлиги соатига 140 километрдан ортиқ бўлган йўловчи поездини ўтказишдан эса камида 20 дақиқа аввал тўхтатиш;

г) темир йўл кесишмасида ҳар қандай транспорт воситалари ҳамда механизмлар, шунингдек пиёдалар ва чорва моллари тўхтаб туришига йўл қўймаслик;

д) поезд ғилдиракларининг ён гардиши эркин ҳаракатланиши учун контррельслар тарновини тозалаш ва темир йўл кесишмаси чегарасидаги майдонни доимий тоза тутиш;

е) шлагбаумларнинг бруслари, сигнализация қурилмалари, қор тозалаш машиналари ўтиши учун огоҳлантирувчи ва вақтинчалик сигнал белгилари соз ҳолатда бўлишини кузатиб туриш;

ж) темир йўл кесишмаси ва шлагбаумларда чироқларни ёқиш, ташқи ёритиш ва прожектор мосламаларини ўз вақтида ёқиш ва ўчириш;

з) рельс силжишининг олдини олувчи мосламаларни маҳкамлаш, темир йўл кесишмасининг ҳар икки томонидан 50 метр масофагача бўлган қисмида темир йўлларни қор ва ўтлардан тозалаш, темир йўл кесишмасидан бегона буюмларни олиб ташлаш;

и) техника хавфсизлиги ва санитария-эпидемиология талабларига риоя этиш.

91. Навбатчи ходим темир йўл кесишмаси ҳудудида назорат олиб бориши керак. Кесишма постидан кетиб қолиш ёки темир йўл кесишмасига хизмат кўрсатишни вақтинча бошқа шахсларга топшириш тақиқланади. Бунда, навбатчи ходим темир йўл кесишмаси транспорт воситаларидан ҳоли эканлигига ва яқинлашиб келаётган поездлар йўқлигига ишонч ҳосил қилганидан сўнг хизмат хонасига кириши мумкин.

92. Навбатчи ходим поезд яқинлашганда шлагбаумнинг брусларини ёпиши, шундан кейин темир йўл кесишмасидаги ва унинг ҳар иккала томонидаги темир йўлнинг бўшлигини кўздан кечириши ҳамда поезд темир йўл кесишмасига камида 400 метр масофада яқинлашганида темир йўлдан чиқиши керак.

93. Навбатчи ходим поездни кузатаётганда қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

а) темир йўлга қараган ҳолда бошини поезд ҳаракати томонга 45 даража бурчак остида буриш, темир йўл кесишмаси биноси ёнида четдаги рельсдан камида 2 метр, тезлиги соатига 140 километрдан ортиқ бўлган поездни кузатишда камида 4 метр, тезлиги соатига 160 километрдан ортиқ бўлган поездни кузатишда камида 5 метр масофада туриш;

б) темир йўл бўш бўлганда куннинг ёруғ вақтида — ёйилган ҳолатдаги сариқ байроқ, сутканинг қоронғи вақтида — оқ сигналли (чироқли) қўл ёритгичи билан сигнал бериш;

в) темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган поезд тезлигини пасайтириш мақсадида куннинг ёруғ вақтида — ёйилган ҳолатдаги сариқ байроқ, сутканинг қоронғи вақтида — оқ сигналли (чироқли) қўл ёритгичини (темир йўл станцияларида — сариқ сигналли (чироқли) қўл ёритгичи), агар бундай ёритгич мавжуд бўлмаса — оқ сигналли (чироқли) қўл ёритгичини тепага ва пастга ҳаракатлантириш.

Поезд ўтганидан сўнг навбатчи ходим ушбу поезд ортидан ёки қўшни темир йўллардан бошқа поезд келмаётганига ишонч ҳосил қилиши, шундан кейингина шлагбаумларни очиши ва темир йўл кесишмаси орқали транспорт воситалари ёки чорва молларини ўтказиши лозим.

Бунда, темир йўл кесишмасидан дрезина ўтган тақдирда навбатчи ходим йиғилган ҳолатдаги сариқ байроқни ёйилган ҳолатдаги қизил байроқ билан алмаштириши ва дрезина темир йўл кесишмасидан 200 дан 250 метргача узоқлашмагунга қадар уни ушлаб туриши керак.

94. Поезд темир йўл кесишмасидан ўтишида навбатчи ходим қуйидаги ҳолларда поезд машинистига тўхташ сигналини беради:

а) ҳаракатланаётган поездда ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солувчи носозликни сезганда (масалан, айланмасдан сирғалиб кетаётган ёки кучли зарба товушини чиқараётган ғилдирак, ёнғин, буксанинг қизиши, поезддан йўловчи ёки юкнинг қулаб кетиши хавфи);

б) икки йўлли темир йўлда нотўғри йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган локомотивда тегишли сигналлар бўлмаганда;

в) поезд бир темир йўлда бошқа бир поездга қарама-қарши йўналишда юраётганини ёки бир поезд бошқа бир поездни қувиб етиш хавфи (бунда, тўхташ сигнали қувиб етиши эҳтимоли бўлган поездга берилади) мавжудлигини сезганда;

г) поезд машинистига поезд таркибидан берилаётган тўхташ сигналларига қарамасдан поезд ҳаракатланишда давом этганда;

д) темир йўлнинг ён-атрофида ёнғин содир бўлганда ёки ҳаракат хавфсизлиги ва инсон ҳаётига таҳдид солувчи бошқа барча ҳолатларда.

95. Навбатчи ходим темир йўл кесишмасидан ўтаётган поездда аниқланган носозликлар ҳақида телефон (радио) алоқаси воситалари орқали ушбу поезд машинистига, шунингдек темир йўл станцияси навбатчисига (поезд диспетчерига) хабар бериши керак.

96. Ярим автоматлашган шлагбаумлар билан жиҳозланган темир йўл кесишмаларида поезд темир йўл кесишмасидан ўтиб кетгандан кейин навбатчи ходим томонидан бошқарув шитидаги «Очиш» тугмаси босилганда шлагбаумлар очилади.

Бунда, ярим автоматлашган шлагбаумлар «Очиш» тугмаси босилганда очиқ ҳолатга, автоматлашган шлагбаумлар эса автоматик равишда очиқ ҳолатга ўтмаса, навбатчи ходим транспорт воситаларини темир йўл кесишмаси орқали ўтказиш учун қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

а) темир йўл станцияси навбатчиси (темир йўл кесишмаси перегонда жойлашганда эса қўшни темир йўл станцияси навбатчиси) орқали темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган поезд йўқлигини аниқлаши;

б) кесишма сигнализациясининг бошқарув шитидаги назорат чироқлари орқали тўсиш светофорлари ёқилганлигига ишонч ҳосил қилган ҳолда «Тўсиш сигнализациясини ёқиш» тугмасини пломбадан ечиши ва уни босиши;

в) автоматлашган қурилмаларнинг носозлиги ҳамда пломбаланган «Тўсиш сигнализациясини ёқиш» ва «Аварияли очиш» тугмасидан фойдаланилганлиги ҳақида шу вақтнинг ўзида Навбатчиликни қабул қилиш ва топшириш китобига қайд киритиши ва бу ҳақда дарҳол темир йўл станцияси навбатчисига (поезд диспетчерига) ҳамда инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгасига хабар бериши;

г) транспорт воситалари шлагбаумдан ўтиб кетгунга қадар «Аварияли очиш» тугмасини босилган ҳолатда ушлаб туриши.

97. Навбатчи ходим «Аварияли очиш» тугмасини босилган ҳолатда ушлаб туриш вақтида светофорли ва товушли сигнализацияни ўчириши, шунингдек шлагбаумларни очиши ва уларнинг бошқарувини ўз зиммасига олиши лозим.

Навбатчи ходим транспорт воситалари шлагбаумдан ўтиб бўлганидан кейин «Аварияли очиш» тугмасини қўйиб юбориши, кесишма сигнализацияси ёқилиши ва шлагбаумлар ёпиқ ҳолатга ўтказилиши, шундан сўнг эса «Тўсиш сигнализациясини ёқиш» тугмаси ўчирилиши лозим.

Бунда, навбатчи ходим темир йўл станцияси навбатчиси (поезд диспетчери) ҳамда инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгасини тугмаларни пломбалаш кераклиги тўғрисида хабардор қилиши лозим.

98. Кесишма сигнализацияси шитида тугма босишлар сонининг ҳисоблагичи қўлланилганда «Аварияли очиш» ва «Тўсиш сигнализациясини ёқиш» тугмалари пломбаланмайди. Бунда, ушбу тугмалар босилганда Навбатчиликни қабул қилиш ва топшириш китобига ҳисоблагич кўрсаткичи тўғрисида ёзув қайд этилади.

99. Ўзиюрар махсус ҳаракатдаги таркиб яқинлашганда навбатчи ходим уни кузатиши ҳамда у ўтиб кетгунга қадар «Ёпиш» тугмасини босган ҳолда тутиб туриши керак.

100. Темир йўл кесишмасида тўсиш сигнализацияси мавжуд бўлмаганда ёки мавжуд, бироқ носоз ҳолатда бўлганда ёхуд бошқарув шитидаги назорат лампалари ёнмаганда навбатчи ходим дарҳол тўсиқ вужудга келган ҳар бир темир йўлга кўчма тўхташ сигналини (куннинг ёруғ вақтида — қизил шит, сутканинг қоронғи вақтида — икки томони қизил чироқли ёритгич) ўрнатиши, шлагбаумларни ёпиши, бу ҳақда станция навбатчисига (поезд диспетчерига) хабар бериши ва шу вақтнинг ўзида темир йўл станциясидан перегонга поезд жўнатилган ёки жўнатилмаганлигини аниқлаши лозим.

Навбатчи ходим темир йўл станцияси навбатчисидан (поезд диспетчеридан) темир йўл станциясидан перегонга поезд жўнатилганлиги тўғрисида хабарнома олган тақдирда тўхташ сигналини берган ҳолда яқинлашаётган поезд томон боради ҳамда тегишли масофада петардаларни ўрнатгач, тўсиқ жойлашган жойга қайтади ва уни бартараф этиш чораларини кўради.

101. Темир йўл кесишмасида алоқа тармоқ симлари ёки темир йўлни кесиб ўтувчи электр узатиш симлари узилганда навбатчи ходим қуйидагиларни амалга ошириши зарур:

а) тўсиш сигнализациясини ёқиши ва шлагбаумларни ёпиши;

б) симларнинг узилиш жойини ундан 50 метрдан кам бўлмаган масофада кўчма тўхташ сигналлари билан тўсиши;

в) содир бўлган ҳолат ҳақида темир йўл станцияси навбатчисига (поезд диспетчерига) ҳамда инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгасига хабар бериши;

г) узилган симларга камида саккиз метр масофада яқинлашилмаслиги ва рельсларга тегилмаслигини назорат қилган ҳолда тўсиқ олдида қолиши.

102. Темир йўл кесишмасида ёки унга яқин ҳудудда йўл-транспорт ҳодисаси юз берган тақдирда навбатчи ходим қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

а) темир йўл станцияси навбатчисига (поезд диспетчерига), тегишли ЙҲХХга, инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгасига хабар бериш;

б) жабрланганларга (мавжуд бўлса) биринчи ёрдам кўрсатиш, зарурият бўлганда тез тиббий ёрдам хизматини чақириш.

6-боб. Темир йўл кесишмаларини сақлаш ва таъмирлаш

103. Инфратузилма операторлари ёки шохобча йўллари эгалари темир йўл кесишмалари ва уларнинг чегарасида жойлашган автомобиль йўли участкалари сақланиши ва таъмирланишини, шлагбаумлар, кесишма ҳамда тўсиш сигнализациялари, телефон (радио) алоқа воситалари соз ҳолатда ишлаши ва сақланишини ҳамда узлуксиз электр таъминотини таъминлайди.

104. Темир йўл капитал таъмирланганда ундаги темир йўл кесишмалари ҳам капитал таъмирланиши лозим.

105. Темир йўл ёки темир йўл кесишмасидаги йўл ҳаракатини ташкил этувчи техник воситаларни таъмирлаш ёки реконструкция қилиш давомида темир йўл кесишмасида транспорт воситаларининг ҳаракат йўналиши ўзгарадиган бўлса, инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси таъмирлаш ёки реконструкция қилиш ишлари бошланишидан камида беш кун олдин қуйидагиларни амалга ошириши керак:

тегишли ҳудуддаги ЙҲХХ билан ҳамкорликда транспорт воситаларининг темир йўл кесишмаси орқали ҳаракатланиш тартиби ҳамда айланиб ўтиш йўналишини аниқлаш;

автомобиль йўллари эгаси билан келишув асосида йўл ҳаракати ташкил этилиши ва йўналишни кўрсатувчи техник воситаларнинг ўрнатилишини таъминлаш.

106. Темир йўл кесишмасида таъмирлаш ёки реконструкция ишлари амалга оширилаётган вақтда ҳаракат хавфсизлиги навбатчи ходим томонидан таъминланиши керак.

107. Темир йўл кесишмаларида йўл ҳаракатини ташкил этувчи техник воситалар ва йўл қурилмалари ҳолатини даврий кўрикдан ўтказиш инфратузилма оператори ёки шохобча йўллари эгаси томонидан белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилади.

7-боб. Якуний қоидалар

108. Мазкур Қоидаларнинг талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

109. Мазкур Қоидаларнинг талабларига риоя этилиши устидан назорат қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

110. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан келишилган.

Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш қоидаларига 1-ИЛОВА

Темир йўл кесишмаларининг тоифалари ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиш интенсивлигини аниқлаш

1. Умумий фойдаланишдаги темир йўл кесишмаларининг тоифалари:

Ҳаракатланувчи поездлар сони * (икки йўналишда), сутка давомида Ҳаракатланувчи транспорт воситаларининг сони (икки йўналишда), сутка давомида 200 тагача 201 — 1000 1001 — 3000 3001 — 7000 7000 дан ортиқ 16 тагача, шунингдек барча станция ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўлларидаги IV IV IV III II 17 — 100 IV IV III II I 101 — 200 IV III II I I 200 дан ортиқ III II II I I

2. Умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл кесишмаларининг тоифалари:

Ҳаракатланувчи поездлар сони (икки йўналишда), сутка давомида Ҳаракатланувчи транспорт воситаларининг сони (икки йўналишда), сутка давомида 100 гача 101 — 500 501 — 1000 1001 дан ортиқ 8 та гача IV IV IV III 9 — 24 IV IV III II 25 — 38 IV III II I 38 дан ортиқ III II I I

3. Сутка давомида ҳаракатланувчи транспорт воситалари сонини ҳисоблашда турли хилдаги транспорт воситаларининг коэффициентлари:

Транспорт воситаси тури ** Ҳисоблаш коэффициенти Енгил автомобиль 1,0 Кажавали мотоцикл 0,75 Мотоцикл ва мопед 0,5 Юк ташувчи автомобиль, юк кўтариш қобилияти қуйидагича бўлган, тоннада: 2 1,5 6 2,0 8 2,5 14 3,0 14 дан ортиқ 3,5 Автопоезд, юк кўтариш қобилияти қуйидагича бўлган, тоннада: 12 3,5 20 4,0 30 5,0 30 дан ортиқ 6,0 Трактор: 1 та тиркама билан 3,0 2 та тиркама билан 3,5 3 та тиркама билан 5,5 4 та тиркама билан 9,0

Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш қоидаларига 2-ИЛОВА

Темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган поезднинг транспорт воситаси ҳайдовчисига кўриниши зарур бўлган энг қисқа масофа меъёрлари

Поездлар ҳаракати тезлиги, соатига км.да‎ Четдаги рельсдан 50 метр ва ундан кам масофада жойлашган транспорт воситаси учун темир йўл кесишмасига яқинлашаётган поезд кўринишининг энг қисқа масофаси, метрда 141 — 200 600 121 — 140‎ 500 81 — 120 400 41 — 80 250 26 — 40 150 25 ва ундан паст 100

Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш қоидаларига 3-ИЛОВА

Темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган транспорт воситасини тўхтатиш учун темир йўл кесишмаси кўриниши зарур бўлган энг қисқа масофа меъёрлари

Транспорт воситасининг тезлиги, соатига км.да ‎ Автомобиль йўлининг қиялиги, ‰ Транспорт воситасини тўхтатиш учун темир йўл кесишмаси кўриниши зарур бўлган энг қисқа масофа, метрда 150 30 300 120 40 250 100 50 200 80 60 150 60 70 85 50 80 75 40 90 55 30 100 45

Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш қоидаларига 4-ИЛОВА

Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш бўйича тайёрланадиган маҳаллий йўриқномада назарда тутилиши лозим бўлган

1. Шлагбаумларнинг ҳолати.

2. Горизонтал буриладиган (захира) шлагбаумлардан фойдаланиш қоидалари.

3. Алоқа воситаларининг мавжудлиги ва улардан фойдаланиш қоидалари.

4. Кесишма сигнализациясининг мавжудлиги ва ундан фойдаланиш қоидалари.

5. Тўсиш сигнализациясининг мавжудлиги ва ундан фойдаланиш қоидалари.

6. Темир йўл кесишмасида поездлар ва транспорт воситалари ҳаракати учун тўсиқ бўладиган ҳолатлар юзага келганда навбатчи ходимнинг вазифалари.

7. Ҳаракатланаётган поезд машинистларини поездлар таркибида ёки темир йўл кесишмасида юзага келган носозликлар ҳақида хабардор қилиш қоидалари.

8. Темир йўл кесишмасида поездлар ва транспорт воситалари ҳаракати учун тўсиқ бўладиган ҳолатлар юзага келган жойни тўсиш қоидалари.

9. Темир йўл кесишмасида йўл транспорт ҳодисаси ва поездлар ҳаракати хавфсизлиги бузилишлари содир бўлганда тегишли шахсларни хабардор этиш схемаси.

10. Темир йўл кесишмасини тўсиш қурилмасидан (КТҚ) фойдаланиш қоидалари.

11. Ҳаракатланаётган поездларни кўриш учун мўлжалланган ёритгич (прожектор) қурилмаларини ўрнатиш ва қўллаш қоидалари.

12. Меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидалари.

Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш қоидаларига 5-ИЛОВА

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Темир йўл кесишмаси ‎КАРТОЧКАСИ ____________________________________________________________________________________________ (ташкилот номи) ______________________________ тоифали темир йўл кесишмаси. (I, II, III ёки IV тоифа) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Темир йўл кесишмаси ___ километр ___ пикети, ___ темир йўл станциясида жойлашган. Фойдаланиш тури ____________________________________________________________________________. ‎ ‎ (умумий, умумий бўлмаган) ‎ Кесишма тури _______________________________________________________________________________. ‎ ‎ (тартибга солинадиган, тартибга солинмайдиган) ‎ Навбатчи ходимлар мавжудлиги _________________________________________________________________. ‎ ‎ ‎ (навбатчи билан, навбатчисиз) Сменалар сони ______, смена давомийлиги ______, навбатчилар сони __________________________________. ‎Кесиб ўтадиган автомобиль йўли _______________________ тоифадаги ______________________ километрида. ‎Шлагбаумларнинг ҳолати _______________________________________________________________________. ‎Кесишма сигнализациясининг тури _______________________________________________________________. ‎Тўсувчи қурилмаларнинг мавжудлиги ____________________________________________________________. ‎Транспорт воситасининг ҳайдовчисига яқинлашаётган поезднинг кўриниши: ‎ўнг томондан: ‎тоқ йўналишдаги поезд ___________ метр; ‎жуфт йўналишдаги поезд _________ метр; ‎чап томондан: ‎тоқ йўналишдаги поезд ___________ метр; ‎жуфт йўналишдаги поезд __________ метр. ‎Темир йўл кесишмасининг поезд машинистига кўриниши: ‎тоқ поезд ______ метр; ‎жуфт поезд ______ метр. ‎Ўтувчи поездлар сони/суткасига (икки йўналишда) _________. ‎Ўтувчи транспорт воситалари сони/суткасига (икки йўналишда) _______. ‎Йўловчи транспорти (автобус) йўналишларининг мавжудлиги _________. ‎Поездлар ҳаракатининг энг юқори тезлиги: ‎юк ташувчи: ‎жуфт йўналишда соатига _____ километр; ‎тоқ йўналишда соатига _____ километр; ‎йўловчи: ‎жуфт йўналишда соатига _____ километр; ‎тоқ йўналишда соатига _____ километр. ‎Кесишувчи темир йўлларнинг сони (асосий ___ та, станция ___ та). Кесишма __________________________________________________________ жойлашган. ‎ (қияликда, чуқурликда, эгри йўлда, тўғри йўлда) ‎ ‎ ‎ Кесишма 20___ йилда фойдаланишга топширилган. ‎Маълумотлар ____________________________________________________ тўлдирилди. ‎ (сана, масъул шахснинг имзоси) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Вазир И. МАХКАМОВ

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. ХУСАНОВ

Қурилиш вазири Б. ЗАКИРОВ

Фавқулодда вазиятлар вазири Т. ХУДАЙБЕРГЕНОВ

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарув раиси в.б Х. ХАСИЛОВ

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А. ИКРАМОВ

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори Д. САТТАРОВ

Ички ишлар вазири П. БОБОЖОНОВ

Энергетика вазири А . СУЛТАНОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 10 март,

2022 йил 3 март

2022 йил 10 февраль

2022 йил 18 февраль

2022 йил 14 февраль

2022 йил 21 февраль

2022 йил 9 февраль

2022 йил 25 февраль

2022 йил 4 март

4-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.04.2022 й., 10/22/3363/0322-сон, 27.07.2022 й., 10/22/3363-1/0680-сон; 04.06.2024 й., 10/24/3516/0397-сон; 04.03.2025 й., 10/25/3363-2/0211-сон; 20.06.2025 й., 10/25/3363-3/0528-сон; 05.08.2026 й., 10/26/3916/0819-сон; 19.10.2026 й., 10/26/3363-4/1045-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi transport vazirining

buyrugʻi

QOIDALARI

MEZONLARI

MAʼLUMOTLAR

Temir yoʻl kesishmalaridan foydalanish qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Temir yoʻl transporti toʻgʻrisida”gi Qonunining 42-moddasiga muvofiq buyuraman:

1. Temir yoʻl kesishmalaridan foydalanish qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi transport vazirining 2022-yil 10-martdagi 4-son buyrugʻiga ILOVA

Temir yoʻl kesishmalaridan foydalanish

Mazkur Qoidalar temir yoʻl kesishmalarining tasniflari va toifalari, ularni bir toifadan boshqa toifaga oʻtkazish, ochish, yopish, temir yoʻl kesishmalarining tuzilishi, jihozlanishi, saqlanishi va taʼmirlanishi hamda temir yoʻl kesishmalarining navbatchi xodimlari (bundan buyon matnda navbatchi xodim deb yuritiladi) ishini tashkil etish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

avtomobil yoʻli — transport vositalarining belgilangan tezlikda, ogʻirlikda, oʻlchamlarda muttasil va xavfsiz harakatlanishi uchun moʻljallangan, ajratilgan mintaqa doirasidagi yer uchastkasi va uning ustidagi yoki ostidagi konstruktiv elementlarni (yoʻl toʻshamasini, yoʻl qoplamasini va boshqalarni), yoʻl obyektlarini, yoʻl harakatini tashkil etishning texnik vositalarini oʻz ichiga oladigan transport infratuzilmasi obyekti;

asosiy temir yoʻllari — peregonlardagi temir yoʻllar, shuningdek tegishli peregon yoʻllarining bevosita davomi boʻlgan, strelka oʻtkazgichlarida burilishlarga ega boʻlmagan temir yoʻl stansiyasi yoʻllari;

yoʻl-transport hodisasi — transport vositasining yoʻlda harakatlanish jarayonida va uning ishtirokida sodir boʻlgan, fuqarolar vafot etgan yoki ularning sogʻligʻiga zarar yetkazilgan, transport vositalari, inshootlar, yuklar shikastlangan yoxud boshqa moddiy zarar yetkazilgan hodisa;

yoʻl harakati ishtirokchisi — yoʻl harakati jarayonida transport vositasining haydovchisi, yoʻlovchisi yoki piyoda sifatida bevosita ishtirok etayotgan shaxs;

yoʻl toʻshamasi — bir yoki bir nechta qatlamlardan iborat boʻlib, bir nechta qatlam toʻshamasi qoplama, asos va asosning qoʻshimcha sovuq va issiqdan himoyalovchi, suv oʻtkazuvchi va boshqa qatlamlaridan iborat boʻladi;

qatnov qismi — yoʻlning relssiz transport vositalari harakatlanishi uchun moʻljallangan qismi;

sutkaning qorongʻi vaqti — kechki gʻira-shiraning oxiridan tonggi gʻira-shiraning boshlanishigacha boʻlgan oraliqdagi vaqt;

piyoda — transport vositasidan tashqarida boʻlgan va yoʻlda biror-bir yumush bilan band boʻlmagan shaxs. Nogironligi boʻlgan shaxslarning dvigatelsiz aravachasida harakatlanayotgan, velosiped, moped, mototsikl, elektromototsikl, skuter, individual harakatlanish vositalari, chana, aravacha va bolalar yoki nogironligi boʻlgan shaxslar aravachasini yetaklagan, shuningdek, harakatlanish uchun rolikli konkilar, dvigatelsiz samokatlar va boshqa shularga oʻxshash vositalardan foydalanayotgan shaxslar ham piyodalarga tenglashtiriladi;

poyezd — oʻrnatilgan signallarga ega boʻlgan, bitta yoki bir nechta ishlab turgan lokomotiv yoxud motorli vagonlardan shakllantirilib, birlashtirilgan vagonlar tarkibi. Peregonga joʻnatilayotgan vagonlarsiz lokomotivlar, motorli vagonlar va oʻziyurar harakatdagi tarkib ham poyezd deb hisoblanadi;

temir yoʻl transporti infratuzilmasi — texnologik majmua boʻlib, ushbu majmua faoliyatini taʼminlovchi temir yoʻllarni, temir yoʻl stansiyalarini, elektr taʼminoti qurilmalarini, aloqa tarmoqlarini, signalizatsiya, markazlashtirish va bloklash tizimlarini, axborot majmualarini, harakatni boshqarish tizimini, binolar, inshootlar, qurilmalar, jihozlar va uskunalarni oʻz ichiga oladi;

temir yoʻl kesishmasi — yoʻlning temir yoʻllar bilan bir sathda kesishgan joyi;

umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻllar — yukni joʻnatuvchilarga (joʻnatuvchilarga) va yukni oluvchilarga (oluvchilarga) shartnoma shartlari asosida xizmat koʻrsatish yoki egalik qiluvchining oʻz ehtiyojlari uchun texnologik ishlarni bajarishga moʻljallangan umumiy foydalanishdagi temir yoʻllarga bevosita yoki boshqa temir yoʻl shoxobcha yoʻllari orqali tutashadigan shoxobcha temir yoʻllar, shuningdek umumiy foydalanishdagi temir yoʻllarga tutashmaydigan temir yoʻllar;

transport vositasi — yoʻlovchilarning, bagajning, yuk bagajining, yuklarning, pochta va kuryerlik joʻnatmalarining yoki maxsus ishlarni amalga oshirish uchun uskunalarning yoʻllarda harakatlanishi yoki tashilishi uchun moʻljallangan qurilma;

toʻxtab turish — transport vositasiga yoʻlovchilarni chiqarish yoki tushirish, yuk ortish yoki tushirish bilan bogʻliq boʻlmagan hollarda harakatni 10 daqiqadan koʻproq vaqtga atayin toʻxtatish;

umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti sohasidagi vakolatli tashkilot — “Oʻzbekiston temir yoʻllari” aksiyadorlik jamiyati;

umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻllar — yukni joʻnatuvchilarga (joʻnatuvchilarga) va yukni oluvchilarga (oluvchilarga) shartnoma shartlari asosida xizmat koʻrsatish yoki egalik qiluvchining oʻz ehtiyojlari uchun texnologik ishlarni bajarishga moʻljallangan umumiy foydalanishdagi temir yoʻllarga bevosita yoki boshqa temir yoʻl shoxobcha yoʻllari orqali tutashadigan shoxobcha temir yoʻllar, shuningdek umumiy foydalanishdagi temir yoʻllarga tutashmaydigan temir yoʻllar;

umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti (bundan buyon matnda temir yoʻl deb yuritiladi) — temir yoʻl transporti infratuzilmasini, harakatdagi temir yoʻl tarkibini, boshqa mol-mulkni oʻz ichiga olgan hamda ommaviy shartnomalar asosida yuridik va jismoniy shaxslarning tashishlarga boʻlgan ehtiyojini taʼminlash uchun moʻljallangan yagona ishlab chiqarish-texnologik majmua;

umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasining operatori (bundan buyon matnda infratuzilma operatori deb yuritiladi) — umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti sohasidagi vakolatli tashkilotga tegishli boʻlgan, umumiy foydalanishdagi temir yoʻllarning va umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasi boshqa obyektlarining foydalanilishini, joriy saqlanishini va modernizatsiyasini, qurilishini amalga oshiradigan, shuningdek infratuzilmadan foydalanish xizmatlarini, shu jumladan harakatdagi tarkibni oʻtkazish va olib oʻtish uchun umumiy foydalanishdagi temir yoʻllardan foydalanish bilan bogʻliq boʻlgan xizmatlarni koʻrsatadigan yuridik shaxs;

harakatdagi temir yoʻl tarkibi (bundan buyon matnda harakatdagi tarkib deb yuritiladi) — lokomotivlar, tortish lokomotivining yuk, bagaj, yoʻlovchi tashish vagonlari va motorvagonli harakatdagi tarkib, shuningdek tashishlarning amalga oshirilishini va temir yoʻl transportining faoliyat koʻrsatishini taʼminlash uchun moʻljallangan boshqa transport vositalari;

haydovchi — transport vositasini boshqaruvchi shaxs. Transport vositasini boshqarish oʻrgatilayotganda oʻrgatuvchi shaxs haydovchi hisoblanadi. Ot aravani boshqarayotgan hamda hayvonlarni minib harakatlanayotgan shaxslar haydovchiga tenglashtiriladi;

yaqinlashish uchastkasi — rels elektr zanjirlari bilan jihozlangan, temir yoʻl kesishmasi old tomonida joylashgan, yaqinlashayotgan poyezd haqida oldindan avtomatik ravishda xabar berish hamda poyezdlarning tezligi va temir yoʻl kesishmasi yoʻlining uzunligiga qarab hisob-kitob yoʻli bilan yoʻlning uzunligi aniqlanadigan (temir yoʻl kesishmasi kesishma signalizatsiyasi va shlagbaumlarni avtomatik tarzda boshqarish moslamasi bilan jihozlangan boʻlsa) temir yoʻl uchastkasi.

2. Quyidagilar temir yoʻl kesishmalarida harakat xavfsizligini taʼminlaydigan qurilmalar hisoblanadi:

a) avtomobil yoʻlining qatnov qismini toʻsish va transport vositalarining (yoʻl harakati ishtirokchilarining) temir yoʻl kesishmasi orqali amalga oshiriladigan harakatini toʻxtatish qurilmasi (bundan buyon matnda shlagbaum deb yuritiladi).

Shlagbaum temir yoʻl kesishmasini transport vositalari (yoʻl harakati ishtirokchilari) oʻtib ketishlaridan toʻsadi.

Harakatlanish uslublariga koʻra shlagbaumlar quyidagi turlarga boʻlinadi:

avtomatlashgan — yaqinlashish uchastkasiga poyezd kirib kelgandan va kesishma svetoforlarining qizil signallari (chiroqlari) yoqilgandan soʻng hisoblangan vaqt davomida shlagbaum bruslarining yopiq (gorizontal) holatga oʻtkazilishi avtomatik tarzda amalga oshiriladi. Poyezd temir yoʻl kesishmasini boʻshatgach, shlagbaumning bruslari ochiq (vertikal) holatga avtomatik ravishda oʻtadi. Bunda, kesishma svetoforining qizil signallari (chiroqlari) oʻchadi;

yarim avtomatlashgan — bruslar yopiq (gorizontal) holatga oʻtkazilishi poyezd yaqinlashish uchastkasiga kirib kelishida avtomatik ravishda yoki temir yoʻl stansiyasi navbatchisi tomonidan, bruslar ochiq (vertikal) holatga oʻtkazilishi navbatchi xodim tomonidan amalga oshiriladi;

elektrlashtirilgan — bruslar yopiq (gorizontal) holatga oʻtkazilishi navbatchi xodim tomonidan xabarlash signali qabul qilingandan soʻng maxsus tugmani bosish orqali, bruslar ochiq (vertikal) holatga oʻtkazilishi temir yoʻl kesishmasi poyezddan boʻshatilgandan soʻng, navbatchi xodim tomonidan maxsus tugmani boshlangʻich holatga qaytarish orqali amalga oshiriladi;

mexanizatsiyalashgan — shlagbaumlar navbatchi xodim tomonidan mexanik uzatma yordamida bruslarni qoʻlda ochiq (vertikal) va yopiq (gorizontal) holatga oʻtkazish orqali boshqariladi;

gorizontal buriladigan (zaxira) — bruslar ochiq (vertikal) holatda avtomobil yoʻlining qatnov qismiga parallel ravishda joylashadi va navbatchi xodim ularni qoʻlda boshqaradi;

b) poyezdning temir yoʻl kesishmasiga kirishini taqiqlaydigan qurilma (bundan buyon matnda toʻsish signalizatsiyasi deb yuritiladi);

v) poyezd yaqinlashganda kesishma svetoforlari va tovushli signalizatsiyalari yoqilishi bilan temir yoʻl kesishmasi orqali transport vositalari va yoʻl harakati ishtirokchilari harakatini taqiqlovchi qurilma (bundan buyon matnda kesishma signalizatsiyasi deb yuritiladi).

Funksional vazifasiga koʻra kesishma signalizatsiyasi kuyidagi turlarga boʻlinadi:

avtomatlashgan svetofor signalizatsiyasi — poyezd maʼlum bir masofaga yaqinlashganda kesishma svetoforlarining miltillovchi qizil signallarini (chiroqlarini) avtomatik ravishda yoquvchi hamda poyezd temir yoʻl kesishmasidan oʻtib ketgandan soʻng ularni oʻchiruvchi kesishma signalizatsiyasi. Avtomatlashgan svetofor signalizatsiyasi navbatchi xodim tomonidan avtomatlashgan shlagbaumlar bilan birgalikda qoʻllaniladi;

miltillovchi oq chiroqli avtomatlashgan svetofor signalizatsiyasi — kesishma svetoforlari temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashayotgan poyezd yoʻqligi va signalizatsiya qurilmalari sozligini koʻrsatadigan miltillovchi oq signalli (chiroqli) qoʻshimcha signal kallagiga ega boʻlgan kesishma signalizatsiyasi;

avtomatlashgan shlagbaumlar bilan jihozlangan avtomatlashgan svetofor signalizatsiyasi — avtomatik ravishda koʻtariladigan va tushiriladigan qoʻshimcha shlagbaum bruslariga ega boʻlgan kesishma signalizatsiyasi;

avtomatlashgan shlagbaumlar bilan jihozlangan yarim avtomatlashgan svetofor signalizatsiyasi — qoʻshimcha shlagbaum bruslariga ega boʻlgan, signalizatsiya yoqilishi va shlagbaumlar tushirilishi temir yoʻl kesishmasiga poyezd yaqinlashganda avtomatik ravishda, signalizatsiya oʻchirilishi va shlagbaumlar koʻtarilishi temir yoʻl kesishmasidan poyezd oʻtganidan soʻng navbatchi xodim tomonidan tugma bosilishi orqali amalga oshiriladigan kesishma signalizatsiyasi;

svetofor signalizatsiyasi — toʻsish svetoforlari sifatida qoʻllaniladigan kesishma signalizatsiyasi va manevr svetoforlarining oʻzaro bogʻlovchi qurilmasi;

xabarlash signalizatsiyasi — navbatchi xodim poyezdning temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashayotgani toʻgʻrisida optik (nurli) va akustik (tovushli) xabar beradigan signal. Bunda, toʻsuvchi texnik vositalarning yoqilishi va oʻchirilishi navbatchi xodim tomonidan amalga oshiriladi;

g) harakat uchun yopiq temir yoʻl kesishmasiga poyezd yaqinlashganda transport vositalarining kirib kelishiga toʻsiq yaratuvchi, qatnov qismini toʻliq berkitish uchun moʻljallangan moslama;

d) avtomobil yoʻlining qatnov qismida maxsus plitalarni koʻtargan holda temir yoʻl kesishmasi orqali transport vositalari harakatiga toʻsqinlik qiladigan toʻsish qurilmasi (bundan buyon matnda KTQ deb yuritiladi).

2-bob. Temir yoʻl kesishmalarini koʻrikdan oʻtkazish hamda ochish va yopish

3. Temir yoʻl kesishmalari infratuzilma operatori yoki umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻllar egasi (bundan buyon matnda shoxobcha yoʻllari egasi deb yuritiladi) tomonidan oʻzlarining mutaxassislaridan iborat tarkibda tuziladigan Temir yoʻl kesishmalarini texnik koʻrikdan oʻtkazish boʻyicha komissiya (bundan buyon matnda Komissiya deb yuritiladi) koʻrigidan har yili kamida bir marta oʻtkazilishi lozim.

4. Infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi navbatdagi Komissiya koʻrigi toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamentining Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati (bundan buyon matnda YHXX deb yuritiladi), Favqulodda vaziyatlar vazirligi , Transport vazirligi huzuridagi Transport nazorati inspeksiyasi , Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi , tegishli mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi, koʻrik oʻtkazilayotgan temir yoʻl kesishmasini kesib oʻtuvchi avtomobil yoʻl uchastkasi egasi hamda yoʻlovchi tashish transport tashkilotiga yozma ravishda xabarnoma yuboradi.

5. Komissiya koʻrigi natijalari boʻyicha aniqlangan holatlar yuzasidan dalolatnoma tuziladi. Dalolatnomada qonunchilik hujjatlari va mazkur Qoidalarning talablariga muvofiq bartaraf etilishi lozim boʻlgan kamchiliklar, shu jumladan ushbu kamchiliklarni bartaraf etish muddatlari koʻrsatiladi.

6. Komissiya koʻrigi natijalari boʻyicha dalolatnomada koʻrsatilgan kamchiliklarning belgilangan muddatlarda bartaraf etilishi ustidan nazorat Transport vazirligi huzuridagi Transport nazorati inspeksiyasi , Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi va YHXX tomonidan qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

7. Poyezdlar harakatining tezligi soatiga 200 kilometrdan ortiq boʻlgan yuqori tezlikdagi temir yoʻl yoʻnalishlarida yangi temir yoʻl kesishmalarini loyihalash va ochish taqiqlanadi.

8. Yangi avtomobil yoʻllarining temir yoʻllar bilan kesishgan joylarini loyihalash, shuningdek mavjudlarini rekonstruksiya va kapital taʼmirlash avtomobil yoʻllari sohasidagi shaharsozlik normalari va qoidalariga muvofiq amalga oshiriladi.

9. Mavjud temir yoʻl kesishmalarini yopish, yangisini ochish, shuningdek yoʻl oʻtkazgichdan 5 kilometr va undan qisqa masofada joylashgan temir yoʻl kesishmalarining faoliyat koʻrsatishi maqsadga muvofiqligini aniqlash va ularni yopish YHXX bilan hamkorlikda hamda temir yoʻl kesishmasini kesib oʻtuvchi avtomobil yoʻli uchastkasi egasi bilan kelishuv asosida infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi tomonidan Komissiya koʻrigi natijalariga koʻra amalga oshiriladi.

Temir yoʻl kesishmalarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash loyihalarini YHXX bilan kelishish Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-fevraldagi 86-son qarori bilan tasdiqlangan Maxsus elektron tizim orqali ruxsat etish xususiyatiga ega ayrim hujjatlarni berish tartib-taomillari toʻgʻrisida yagona nizomga muvofiq amalga oshiriladi.

10. Yoʻl oʻtkazgichda taʼmirlash ishlarini amalga oshirish vaqtida reversiv harakat tashkil etishning imkoni boʻlmasa, transport vositalari, yoʻl harakati ishtirokchilari va qurilish texnikasi uzluksiz va xavfsiz oʻtishini taʼminlash maqsadida yoʻl oʻtkazgichdan 5 kilometrdan qisqa masofada temir yoʻl kesishmasini mazkur Qoidalarning 7-bandida belgilangan talabni inobatga olgan holda ochishga yoʻl qoʻyiladi.

11. Temir yoʻl kesishmasini yopishda infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi tomonidan temir yoʻl kesishmasining chegarasidagi yoʻl toʻshamasi olib tashlanadi, shuningdek temir yoʻl kesishmasiga olib boruvchi yoʻlaklar rels chetidan kamida 10 metr masofada yoʻlning toʻliq kengligi boʻyicha balandligi 0,5 metrdan kam boʻlmagan toʻsiq bilan hamda zarur hollarda toʻsiqlardan temir yoʻl tomonga 2 metr masofada joylashtiriladigan chuqurligi 0,6 metr va eni 0,4 metr oʻlchamdagi ariqlar bilan toʻsiladi.

Bunda, yopilayotgan temir yoʻl kesishmasiga olib boradigan yoʻllarda oʻrnatilgan va ushbu temir yoʻl kesishmasi mavjudligini anglatuvchi ogohlantirish belgilari olib qoʻyiladi hamda ularning oʻrniga aylanib oʻtish yoʻnalishini koʻrsatuvchi axborot-koʻrsatgich belgilari oʻrnatiladi.

12. Temir yoʻl kesishmasi yopilganda undagi barcha jihozlar demontaj qilinadi, temir yoʻl kesishmasi vaqtinchalik muddatga yopilganda esa, ushbu muddat davomida avtomatlashgan temir yoʻl kesishmasi signalizatsiyasi oʻchiriladi hamda qoʻlda harakatga keltiriladigan gorizontal buriladigan (zaxira) shlagbaum bruslari transport vositalari harakati uchun yopiq holatga keltiriladi va qulf bilan yopiladi. Temir yoʻl kesishmasida avtomatik qurilmalarni oʻchirish infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi tomonidan amalga oshiriladi.

13. Infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi yopiladigan temir yoʻl kesishmalariga olib boruvchi avtomobil yoʻlida ushbu yoʻl uchastkasi egasi bilan kelishilgan holda transport vositalari burilib ketishi uchun maydonchalar tashkil etilishini taʼminlashi kerak.

14. Infratuzilma operatori va shoxobcha yoʻllari egasi mahalliy ommaviy axborot vositalarida temir yoʻl kesishmasining yopilishi toʻgʻrisida uning yopilishidan kamida oʻn besh kun oldin eʼlon berilishini taʼminlaydi.

3-bob. Temir yoʻl kesishmalarining tasnifi va toifalarini aniqlash

15. Temir yoʻl kesishmalari joylashuviga koʻra quyidagi turlarga boʻlinadi:

umumiy foydalanishdagi temir yoʻl kesishmalari — umumiy foydalanishdagi temir yoʻllar va (yoki) umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻllar umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari bilan kesishgan joy;

umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻl kesishmalari — umumiy foydalanishdagi temir yoʻllar va (yoki) umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻllar shaharlar va boshqa aholi punktlarining koʻchalari hamda xoʻjalik avtomobil yoʻllari bilan kesishgan joy.

Tashkilotlar (ombor, depo, elevator va boshqa shu kabilar) hududidagi temir yoʻllarning ushbu tashkilotlar avtomobil yoʻllari bilan kesishgan hududlari texnologik oʻtish joyi boʻlib, ular temir yoʻl kesishmasi hisoblanmaydi.

16. Temir yoʻl kesishmalari ularda sutka davomida harakatlanuvchi poyezdlar va transport vositalarining sonini (bundan buyon matnda harakat intensivligi deb yuritiladi) hisobga olgan holda mazkur Qoidalarning 1-ilovasida keltirilgan meʼzonlarga muvofiq toʻrt toifaga boʻlinadi.

17. Temir yoʻl kesishmalari toifalarini aniqlashda poyezdlar harakati intensivligi poyezdlar harakati jadvaliga muvofiq, transport vositalari harakati intensivligi esa infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasining xronometrajli kuzatuvlari boʻyicha aniqlanadi.

18. Poyezdlar va transport vositalari harakatining intensivligidan kelib chiqib, temir yoʻl kesishmalarining toifalari infratuzilma operatori tomonidan yiliga kamida bir marotaba va shoxobcha yoʻllari egalari tomonidan 5 yilda kamida bir marotaba qayta koʻrib chiqiladi.

19. Temir yoʻl kesishmalari toifalarini qayta koʻrib chiqish Komissiya koʻrigini oʻtkazish davomida amalga oshiriladi. Bunda, navbatchi xodim tomonidan xizmat koʻrsatiladigan hamda navbatchi xodim tomonidan xizmat koʻrsatilmaydigan temir yoʻl kesishmalarining roʻyxati tuziladi.

20. Temir yoʻl kesishmalari ulardan foydalanishning tartibga solinishiga koʻra tartibga solinadigan va tartibga solinmaydigan turlarga boʻlinadi.

Temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashib kelayotgan poyezd haqida xabar beruvchi kesishma signalizatsiyasi qurilmalari bilan jihozlangan yoki poyezdlar va transport vositalari harakatini tartibga solish vazifasi yuklatilgan navbatchi xodim tomonidan xizmat koʻrsatiladigan temir yoʻl kesishmalari tartibga solinadigan temir yoʻl kesishmalari hisoblanadi.

Temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashib kelayotgan poyezd haqida xabar beruvchi kesishma signalizatsiyasi qurilmalari bilan jihozlanmagan yoki poyezdlar va transport vositalari harakatini tartibga solish vazifasi yuklatilgan navbatchi xodim tomonidan xizmat koʻrsatilmaydigan temir yoʻl kesishmalari tartibga solinmaydigan temir yoʻl kesishmalari hisoblanadi.

21. Quyidagi temir yoʻl kesishmalarida navbatchi xodim qoʻyilishi lozim:

a) poyezdlar va transport vositalari harakatining intensivligidan qatʼi nazar, poyezdlar soatiga 140 kilometrdan ortiq tezlikda harakatlanuvchi temir yoʻl uchastkalarida joylashgan temir yoʻl kesishmalarida;

b) I toifadagi temir yoʻl kesishmalarida;

v) temir yoʻl stansiyasi navbatchisiga (poyezd dispetcheriga) kesishma signalizatsiyasi sozligini nazorat qilish imkonini beruvchi qurilma yoki avtomatlashgan svetofor signalizatsiyasi bilan jihozlanmagan II toifadagi temir yoʻl kesishmalarida;

g) avtomobil yoʻli uch va undan ortiq asosiy temir yoʻllari bilan kesishgan temir yoʻl kesishmalarida;

d) qabul qilish-joʻnatish temir yoʻllaridagi (temir yoʻl stansiyasi ichida joylashgan) temir yoʻl kesishmalarida;

e) koʻrinish sharoitlari qoniqarsiz boʻlgan II toifadagi temir yoʻl kesishmalarida hamda koʻrinish sharoitlaridan qatʼi nazar, poyezdlar harakat intensivligi kuniga 16 tadan ortiq poyezdni tashkil etadigan temir yoʻl kesishmalarida;

j) koʻrinish sharoitlari qoniqarsiz boʻlgan va poyezdlar harakat intensivligi sutkasiga 16 tadan ortiq poyezdni tashkil etadigan III toifadagi temir yoʻl kesishmalarida hamda koʻrinish sharoitlaridan qatʼi nazar, poyezdlar harakat intensivligi kuniga 200 tadan ortiq poyezdni tashkil etadigan temir yoʻl kesishmalarida.

Bunda, transport vositasi haydovchisi temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashib kelayotgan poyezdni temir yoʻl kesishmasidan 400 metr masofada, poyezd mashinisti esa temir yoʻl kesishmasini 1000 metr masofada koʻrish imkoniyati boʻlmasa, temir yoʻl kesishmasining koʻrinish sharoiti qoniqarsiz hisoblanadi.

22. Temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashib kelayotgan poyezdning transport vositasi haydovchisiga koʻrinishi zarur boʻlgan eng qisqa masofa hamda temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashib kelayotgan transport vositasini toʻxtatish uchun temir yoʻl kesishmasi koʻrinishi zarur boʻlgan eng qisqa masofa mazkur Qoidalarning tegishliligiga koʻra 2 va 3-ilovalarida keltirilgan meʼyorlarga muvofiq boʻlishi lozim.

23. Quyidagi holatlarda navbatchi xodim tomonidan xizmat koʻrsatishni toʻxtatgan holda temir yoʻl kesishmalarini navbatchi xodimsiz foydalanishga oʻtkazish mumkin:

a) temir yoʻl kesishmasining toifasi quyi toifaga oʻzgartirilganda (bundan mazkur Qoidalarning 21-bandida nazarda tutilgan holatlar mustasno);

b) II, III va IV toifadagi temir yoʻl kesishmalari temir yoʻl stansiyasi navbatchisiga (poyezd dispetcheriga) kesishma signalizatsiyasi sozligini nazorat qilish imkonini beruvchi qurilma hamda avtomatlashgan svetofor signalizatsiyasi bilan jihozlanganda.

24. Temir yoʻl kesishmalarida navbatchi xodim tomonidan xizmat koʻrsatilishini toʻxtatishdan avval infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi quyidagilarni amalga oshirishi lozim:

a) temir yoʻl stansiyasi navbatchisiga (poyezd dispetcheriga) temir yoʻl kesishmasining avtomatlashgan signalizatsiyasi (mavjud boʻlsa) sozligini nazorat qilish imkonini beruvchi qurilma oʻrnatish;

b) avtomatlashgan, yarim avtomatlashgan va elektrlashtirilgan shlagbaumlar, KTQ, shuningdek navbatchi xodim tomonidan temir yoʻl kesishmasiga xizmat koʻrsatishda foydalaniladigan boshqa qurilmalarni demontaj qilish;

v) temir yoʻl kesishmasi chegaralaridagi yoʻl harakatini tashkil etish boʻyicha texnik vositalarni almashtirish.

25. Temir yoʻl kesishmalarini navbatchi xodimsiz foydalanishga oʻtkazishdan kamida oʻn besh kun oldin infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi avtomobil yoʻli egasi bilan kelishilgan joylarda tegishli temir yoʻl kesishmasi navbatchi xodimsiz foydalanishga oʻtkazilishi haqida (sanasi koʻrsatilgan holda) axborot-ogohlantiruvchi belgilar oʻrnatishi va ularni bir oy muddat davomida saqlab turishi lozim.

4-bob. Temir yoʻl kesishmalarining tuzilishi, jihozlanishi va ulardan foydalanishga qoʻyiladigan talablar

26. Temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashib kelayotgan transport vositasini toʻxtatish uchun temir yoʻl kesishmasi koʻrinishi zarur boʻlgan eng qisqa masofa meʼyorlariga javob bermaydigan umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻllar bilan avtomobil yoʻllari kesishgan joylarda yoʻl koʻzgulari oʻrnatiladi.

Yoʻl koʻzgularini oʻrnatish joylarini tanlashda va koʻzgularning aks ettiruvchi yuzasini transport vositasi haydovchisiga qaratishda yoʻlning koʻrinmaydigan qismi yoʻl koʻzgularida koʻrinishini taʼminlash lozim.

27. Infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi bilan kelishuv asosida kesishma signalizatsiyasi oʻrnatilgan temir yoʻl kesishmalarida Komissiya xulosasiga koʻra yangi avtobus yoʻnalishining ochilishiga yoʻl qoʻyiladi.

28. Temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashib kelayotgan poyezdning transport vositasi haydovchisiga koʻrinishi zarur boʻlgan eng qisqa masofa meʼyorlariga muvofiq temir yoʻl kesishmalari temir yoʻllar va avtomobil yoʻlarining toʻgʻri burchak ostidagi tekis uchastkalarida, shuningdek koʻrinish sharoitlari qoniqarli boʻlgan joylarda joylashtirilishi kerak. Bunda, ushbu talabga rioya qilishning imkoni boʻlmasa, kesishuvchi yoʻllar orasidagi oʻtkir burchak 60 darajadan kam boʻlmasligi kerak.

29. Temir yoʻl kesishmalarida chekka relsdan 10 metrdan kam boʻlmagan masofadagi avtomobil yoʻli gorizontal tekislikda joylashgan boʻlishi kerak.

Temir yoʻl kesishmalariga tutashgan avtomobil yoʻllari chekka relsdan 50 metrdan kam boʻlmagan masofada boʻylama qiyaligi 30 minglik oʻlchamdan koʻp boʻlmagan holda loyihalashtirilishi kerak.

30. Temir yoʻl kesishmasi qatnov qismining kengligi avtomobil yoʻli qatnov qismi kengligiga teng boʻlishi, biroq 6 metrdan kam boʻlmasligi, chorva mollarini haydab oʻtish joylaridagi yoʻl toʻshamasi kengligi esa 4 metrdan kam boʻlmasligi kerak.

31. Yoʻl toʻshamasi konstruksiyasidan kelib chiqib, harakatdagi tarkib gʻildirak juftlarining bir tekisda oʻtishini taʼminlash uchun yoʻl toʻshamasi chegaralarida kontrrelslar oʻrnatiladi. Ularning 50 santimetr uzunlikdagi uchlari ikki rels oraligʻining ichki tomoniga qarab 25 santimetrga egiladi. Bunda, tarnovning kengligi 75 dan 110 millimetrgacha boʻlgan oraliqda oʻrnatilishi, uning chuqurligi esa 45 millimetrdan kam boʻlmasligi lozim.

32. Navbatchi xodim mavjud boʻlgan temir yoʻl kesishmalarida har bir temir yoʻlning ikki rels oraligʻida (bir yoʻlli uchastkalarda — har ikki tomondan) yoʻl toʻshamasidan 0,75 dan 1,0 metrgacha boʻlgan masofada poyezdni toʻxtatish koʻchma signallarini (qizil shitlar, chiroqlar), shuningdek harakatdagi tarkibning pastki nogabaritligini aniqlashga moʻljallangan qurilmalar uchun temir quvur koʻrinishidagi moslamalar oʻrnatish lozim.

33. Shlagbaum ustunlari, kesishma signalizatsiyasining svetofor machtalari, toʻsiqlar, panjaralar va yoʻnaltiruvchi (signal) ustunlar avtomobil yoʻli qatnov qismi chetidan 0,75 metrdan kam boʻlmagan masofada oʻrnatilishi lozim.

Bunda, yoʻnaltiruvchi (signal) ustunlar temir yoʻl kesishmasining ikki tomonida chetdagi relslardan 2,5 dan 16 metrgacha boʻlgan masofada har 1,5 metrda oʻrnatiladi. Yoʻnaltiruvchi (signal) ustunlar infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi tomonidan oʻrnatiladi.

34. Temir yoʻl kesishmalarining chorva mollarini haydab oʻtish uchun moʻljallangan joylarida balandligi 1,2 metr boʻlgan temirbeton, yogʻoch yoki temirdan yasalgan devor toʻsiqlar yoxud panjaralar oʻrnatiladi hamda zaxira shlagbaumlariga toʻsuvchi toʻrlar osiladi.

35. Avtomobil yoʻllari tomonidan temir yoʻl kesishmalariga tutashgan yoʻl harakatini tashkil etuvchi texnik vositalar Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-apreldagi 172-son qarori bilan tasdiqlangan Yoʻl harakati qoidalariga (bundan buyon matnda Yoʻl harakati qoidalari deb yuritiladi) muvofiq oʻrnatiladi.

36. Temir yoʻl kesishmalari aholi punktlarida joylashgan va ularga piyodalar yoʻlkalari mavjud avtomobil yoʻllari tutashgan boʻlsa, temir yoʻl kesishmalari infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi tomonidan piyodalar yoʻlkalari va tovushli signalizatsiya bilan jihozlanadi.

37. Transport vositalarining temir yoʻl kesishmasiga kirishiga toʻsiq boʻluvchi KTQ bilan jihozlangan temir yoʻl kesishmalari piyodalar yoʻlkalari bilan taʼminlanishi, shuningdek temir yoʻl kesishmalariga tutashgan yoʻllar temir yoʻl kesishmasida kirishga toʻsqinlik qiluvchi qurilmalar mavjudligi toʻgʻrisida haydovchilarni ogohlantiruvchi axborot-ogohlantiruvchi belgilar bilan jihozlanishi kerak.

38. KTQ avtomobil yoʻli qatnov qismining yoʻl qoplamasi bilan bir xil sathda oʻrnatiladi. Shlagbaumlar tushirilgandan soʻng KTQ plitalari yaqinlashib kelayotgan transport vositasi tomonga 0,45 metr (± 0,05 metr) balandlikda koʻtarilib, avtomobil yoʻlining qatnov qismini toʻliq toʻsishi kerak. KTQ qurilmasining ustida transport vositalari boʻlganida plitalar koʻtarilishiga yoʻl qoʻyilmasligi kerak.

39. Temir yoʻl kesishmalariga yaqinlashish yoʻllarida (temir yoʻl yoʻnalishi tomonida) poyezd mashinistlari tomonidan tovushli signal chalinishi lozimligi haqida doimiy ogohlantiruvchi signal belgilari (“S”) oʻrnatiladi.

Ogohlantiruvchi signal belgilari (“S”) poyezd harakatining yoʻnalishi boʻyicha oʻng tomondan 500 dan 1500 metrgacha masofada, poyezdlar soatiga 120 kilometrdan ortiq tezlikda harakatlanuvchi stansiyalar oraliqlaridagi temir yoʻllarda esa temir yoʻl kesishmasidan 800 dan 1500 metrgacha masofada oʻrnatiladi. Umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻl kesishmalari old tomonida ogohlantiruvchi signal belgilari (“S”) mahalliy sharoitlardan kelib chiqqan holda 100 dan 300 metrgacha boʻlgan masofada oʻrnatiladi.

40. Navbatchi xodim mavjud boʻlmagan hamda mashinistlar koʻrishi qiyin boʻlgan temir yoʻl kesishmalari old tomonida, shuningdek temir yoʻl kesishmasidan 250 metr masofada qoʻshimcha ogohlantiruvchi signal belgilari (“S”) oʻrnatilishi kerak (poyezdlar soatiga 120 kilometrdan ortiq tezlik bilan harakatlanuvchi stansiyalar oraliqlaridagi temir yoʻllarda — 400 metr masofada oʻrnatiladi).

41. Temir yoʻl kesishmasida kesishma signalizatsiyasi mavjud boʻlsa, Yoʻl harakati qoidalariga muvofiq 1.3.1 “Bir izli temir yoʻl” yoki 1.3.2 “Koʻp izli temir yoʻl” ogohlantiruvchi yoʻl belgilari svetoforlar bilan bir ustunda, ustun boʻlmaganda esa eng yaqin relsdan 20 metrdan kam boʻlmagan masofada oʻrnatiladi.

42. Tartibga solinmaydigan temir yoʻl kesishmalari old tomonida eng yaqin relsdan 50 metrdan ortiq boʻlmagan uzoqlikda joylashgan transport vositalari haydovchilariga mazkur Qoidalarning 2 va 3-ilovalariga muvofiq hisoblangan uzunlikka teng masofada poyezd koʻrinishi taʼminlanmagan boʻlsa, eng yaqin relsgacha 10 metr masofada Yoʻl harakati qoidalariga muvofiq 2.5 “Toʻxtamasdan harakatlanish taqiqlangan” belgisi oʻrnatiladi.

Bunday temir yoʻl kesishmalari qayta jihozlanishidan avval, ularning oldida harakat xavfsizligini taʼminlash maqsadida infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi tomonidan poyezdlar harakat tezligiga doimiy cheklov oʻrnatiladi.

43. Elektrlashtirilgan temir yoʻllarda temir yoʻl kesishmalarining har ikki tomonida shlagbaumlardan kamida 5 metr masofada, ular mavjud boʻlmaganda esa chetdagi relsdan kamida 14 metr masofada Yoʻl harakati qoidalariga muvofiq “4.5 m” raqami aks etgan 3.13 “Cheklangan balandlik” taqiqlash yoʻl belgilari oʻrnatiladi.

44. Temir yoʻl kesishmalariga tutashgan joylarda avtomobil yoʻllari tomonidan shlagbaumlar old tomonida, ular mavjud boʻlmaganda esa Yoʻl harakati qoidalariga muvofiq oʻrnatilgan 1.3.1 “Bir izli temir yoʻl” yoki 1.3.2 “Koʻp izli temir yoʻl” ogohlantiruvchi yoʻl belgilari old tomonida 150 — 300 metr masofada 1.1 “Shlagbaumli temir yoʻl kesishmasi” yoki 1.2 “Shlagbaumsiz temir yoʻl kesishmasi” ogohlantiruvchi va boshqa yoʻl belgilari oʻrnatiladi. Aholi punktlari va umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻl kesishmalariga tutashgan yoʻllarda bunday belgilar chetdagi relslardan 50 — 100 metr masofada oʻrnatiladi.

45. Transport vositasi bir yoʻnalishda harakatlanishi uchun ikki va undan ortiq boʻlakli avtomobil yoʻllarida, shuningdek bir boʻlakli yoʻllarda temir yoʻl kesishmasining koʻrinish masofasi aholi yashamaydigan joylarda 300 metrdan, aholi yashaydigan joylarda esa 100 metrdan kam boʻlganda Yoʻl harakati qoidalariga muvofiq 1.1 “Shlagbaumli temir yoʻl kesishmasi” va 1.2 “Shlagbaumsiz temir yoʻl kesishmasi” belgilari takror oʻrnatilishi kerak.

46. Navbatchi xodim tomonidan xizmat koʻrsatiladigan temir yoʻl kesishmalarida kechayu-kunduz navbatchilik tartibi oʻrnatiladi.

Umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻl kesishmalarida, shuningdek harakat intensivligi past boʻlgan temir yoʻl uchastkalarida joylashgan umumiy foydalanishdagi temir yoʻl kesishmalarida kechayu-kunduz navbatchilik tartibi oʻrnatilmasligi mumkin.

Bunda, navbatchi xodimdan boshqa shaxslarning boshqaruv shitidagi avtomatlashgan kesishma signalizatsiyasi va KTQdan foydalanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

47. Temir yoʻl kesishmasi faoliyatida vaqtinchalik tanaffus yuzaga kelgan taqdirda avtomatlashgan (yarim avtomatlashgan, elektrlashtirilgan) shlagbaumlar navbatchi xodim tomonidan yopiq (gorizontal) holatga keltiriladi va avtomobil yoʻlining qatnov qismini toʻliq toʻsuvchi zaxira shlagbaumlar esa toʻsish holatiga oʻtkaziladi va qulflanadi.

48. Kechayu-kunduz navbatchilik tartibi oʻrnatilmagan temir yoʻl kesishmalari roʻyxati va ularning ish soatlari haqida infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi YHXX va temir yoʻl kesishmalari joylashgan avtomobil yoʻli egasini yozma ravishda xabardor qiladi.

49. Harakat intensivligi past boʻlgan temir yoʻllarda joylashgan hamda gorizontal buriladigan (zaxira) shlagbaumlar bilan jihozlangan temir yoʻl kesishmalari infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi tomonidan poyezd tuzuvchi yoki lokomotiv brigadasi boshqaradigan svetofor signalizatsiyasi bilan jihozlanadi.

Bunda, temir yoʻl kesishmalari poyezd tuzuvchi yoki lokomotiv brigadasi boshqaradigan svetofor signalizatsiyasi bilan jihozlangunga qadar gorizontal buriladigan shlagbaumlar saqlab turiladi va bunday kesishmalarga navbatchi xodim tomonidan xizmat koʻrsatilmaydi.

50. Avtomatlashgan, yarim avtomatlashgan va elektrlashtirilgan shlagbaumlarning bruslari qizil rangli nur qaytaruvchi qurilmalar bilan jihozlanishi yoki nur qaytaruvchi boʻyoq bilan boʻyalishi hamda 4, 6 yoxud 8 metr uzunlikka ega boʻlishi lozim.

51. Avtomatlashgan, yarim avtomatlashgan va elektrlashtirilgan shlagbaumlar transport vositalari harakatining yoʻnalishi boʻyicha avtomobil yoʻlining oʻng tomonidan qatnov qismining kamida yarmini yopishi kerak. Bunda, qatnov qismini toʻliq berkituvchi shlagbaumlar oʻrnatilishi mumkin.

52. Transport vositalarining harakat intensivligi yuqori boʻlgan, navbatchi xodim tomonidan xizmat koʻrsatiladigan, shuningdek tezyurar yoʻlovchi poyezdlari harakatlanadigan temir yoʻl kesishmalarida transport vositalari kirib kelishining oldini olish uchun KTQ qoʻllanilishi mumkin.

53. Mexanizatsiyalashgan shlagbaumlar avtomobil yoʻlining qatnov qismini toʻliq toʻsishi hamda sutkaning qorongʻi vaqtida va kunduzi koʻrish yaxshi boʻlmagan sharoitlarda (tuman, boʻron va boshqa noqulay sharoitlarda) qoʻllaniladigan signal chiroqlariga ega boʻlishi lozim.

54. Mexanizatsiyalashgan shlagbaumlarning bruslariga oʻrnatilgan signal chiroqlari quyidagi signallarni uzatishi kerak:

a) avtomobil yoʻli tomon:

shlagbaumlar yopiq holatda boʻlganida — qizil signal (chiroq);

shlagbaumlar ochiq holatda boʻlganida — shaffof oq signal (chiroq);

b) temir yoʻl tomon shlagbaumlarning ham ochiq, ham yopiq holatlarida — shaffof oq nazorat signali (chiroq) uzatiladi.

55. Shlagbaumlar temir yoʻl kesishmasining har ikki tomonida, avtomobil yoʻli chetining oʻng tomonida oʻrnatilishi va ularning bruslari yopiq holatda avtomobil yoʻli qatnov qismi yuzasidan 1 dan 1,25 metrgacha balandlikda joylashishi lozim.

Bunda, mexanizatsiyalashgan shlagbaumlar chetdagi relsdan 8,5 metrdan kam boʻlmagan va 14 metrdan koʻp boʻlmagan masofada joylashtiriladi.

56. Avtomatlashgan, yarim avtomatlashgan va elektrlashtirilgan shlagbaumlar brus uzunligidan (4, 6 yoki 8 metr) kelib chiqib, chetdagi relsdan 6, 8 yoki 10 metrdan kam boʻlmagan masofada oʻrnatiladi.

57. Temir yoʻl transporti infratuzilmasida taʼmirlash ishlari amalga oshirilganda temir yoʻl kesishmasini toʻsish uchun avtomobil yoʻlining qatnov qismini toʻliq berkituvchi va shlagbaumlardan avtomobil yoʻli tomonga 1 metrdan kam boʻlmagan masofada oʻrnatiluvchi gorizontal buriladigan (zaxira) shlagbaumlardan foydalaniladi. Bunda, shlagbaumlar ularni ochiq va yopiq holatda mahkamlash va signal chiroqlarini ilib qoʻyish moslamalariga ega boʻlishi kerak.

58. Shlagbaumlarning bruslari (asosiy va zaxira) navbatma-navbat oʻzgaruvchi qizil va oq rangdagi gorizontal, avtomobil yoʻli tomondan qaralganda 45 dan 50 darajagacha burchak ostida oʻngga egilgan chiziqlar bilan boʻyaladi. Chiziqlarning kengligi 500 dan 600 millimetrgacha boʻlishi, brusning uchida esa 250 dan 300 millimetrgacha kenglikdagi qizil chiziq chizilgan boʻlishi lozim.

59. Avtomatlashgan va yarim avtomatlashgan shlagbaumlarning ochiq holati, elektrlashtirilgan va mexanizatsiyalashgan shlagbaumlarning esa yopiq holati normal holatda turish hisoblanadi.

Normal holatda turmagan shlagbaumlar faqat temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashib kelayotgan poyezd mavjud boʻlmagandagina transport vositalarini oʻtkazish uchun ochilishi mumkin.

60. Harakat ikki tomonlama boʻlgan va chiziqlar bilan belgilangan uchta boʻlakli yoʻllarda qarama-qarshi yoʻnalishdagi transport oqimini ajratish uchun temir yoʻl kesishmalari yaqinida chetdagi relsdan 100 metr masofada Yoʻl harakati qoidalariga muvofiq 1.1 yotiq chizigʻi chiziladi.

61. Shlagbaum yoki svetofordan 5 metrdan kam boʻlmagan masofada Yoʻl harakati qoidalariga muvofiq 1.12 “Toʻxtash chizigʻi” belgisi chizilishi kerak. Bunda, shlagbaum yoki svetofor mavjud boʻlmaganda 1.12 “Toʻxtash chizigʻi” belgisi eng yaqin relsdan 10 metrdan kam boʻlmagan masofada 2.5 “Toʻxtamasdan harakatlanish taqiqlanadi” belgisi toʻgʻrisida chiziladi.

62. Yoʻlning bitta harakat yoʻnalishida ikki yoki undan ortiq harakatlanish boʻlaklari chegaralarini belgilash uchun temir yoʻl kesishmalari old tomonida transport vositalarining ruxsat etilgan tezligi soatiga 60 kilometrgacha boʻlganda 20 metrdan kam boʻlmagan masofada, soatiga 60 kilometrdan ortiq boʻlganda esa 40 metrdan kam boʻlmagan masofada Yoʻl harakati qoidalariga muvofiq 1.12 “Toʻxtash chizigʻi” belgisidan 1.3 yotiq chizigʻi chiziladi.

63. Navbatchi xodimlar tomonidan xizmat koʻrsatiladigan temir yoʻl kesishmalarida navbatchi xodimlar uchun moʻljallangan xonalar — temir yoʻl boʻylab avtomobil yoʻli tomonidan kirib-chiqiladigan bino qurilishi kerak. Bunda, binoning temir yoʻl tomonga chiqish qismi panjaralar bilan toʻsiladi.

64. Temir yoʻl kesishmasi chegaralarida yoriqlik darajasi I toifada — 5 lyuks, II toifada — 3 lyuks; III toifada — 2 lyuks; IV toifada — 1 lyuksdan kam boʻlmasligi kerak.

65. Oʻtayotgan poyezdlarni kuzatish uchun temir yoʻl kesishmalari projektor (yoritgich) moslamalari bilan jihozlanadi.

66. Kesishma signalizatsiyasi qurilmalari elektr taʼminoti ishonchliligi boʻyicha birinchi toifaga mansub boʻlgan ikkita mustaqil taʼminlash manbalaridan elektr taʼminoti bilan taʼminlanishi kerak.

67. Bitta elektr taʼminot manbasi mavjud boʻlgan temir yoʻl kesishmalarida zaxira elektr taʼminoti boʻlmagan taqdirda temir yoʻl kesishmasini va toʻsish svetoforlarini quvvatlantirish uchun akkumulyator zaxirasi oʻrnatilishi lozim. Bunda, quvvatlantiruvchi akkumulyator zaxirasi 8 soatdan kam boʻlmagan muddat davomida toʻxtovsiz ishlay oladigan quvvatga ega boʻlishi kerak.

68. Navbatchi xodim tomonidan xizmat koʻrsatiladigan temir yoʻl kesishmalari temir yoʻl stansiyasi navbatchisi hamda markazlashgan dispetcherlik uchastkalarining poyezd dispetcherlari bilan toʻgʻridan-toʻgʻri telefon aloqasi va poyezd radioaloqa vositalari bilan taʼminlanishi kerak.

Navbatchi xodimni yoki uning vazifasini bajaruvchi xodimni telefon aloqasi orqali chaqirish uchun temir yoʻl kesishmalarida qoʻshimcha ravishda tashqi qoʻngʻiroq (tovushli chaqiruv) oʻrnatiladi.

69. Navbatchi xodim tomonidan xizmat koʻrsatilmaydigan hamda avtomatlashgan blokirovka bilan jihozlangan peregonlarda joylashgan temir yoʻl kesishmalarida piyodalar uchun temir yoʻl kesishmasida harakatlanish taqiqlanganligi toʻgʻrisida xabar beruvchi ikkita qizil va bitta oq signalli (chiroqli) qoʻshimcha tovushli signalizatsiyaga ega kesishma svetoforlari oʻrnatiladi.

70. Temir yoʻl stansiyasida hamda temir yoʻl stansiyasidan uzoqlashish uchastkalarida joylashgan va navbatchi xodim tomonidan xizmat koʻrsatilmaydigan temir yoʻl kesishmalarida piyodalar uchun temir yoʻl kesishmasida harakatlanish taqiqlanganligi toʻgʻrisida xabar beruvchi qoʻshimcha tovushli signalizatsiyaga ega kesishma svetoforlari va navbatma-navbat miltillovchi ikkita qizil signal (chiroq) oʻrnatiladi.

71. Kesishma signalizatsiyasi svetoforlari transport vositalari harakati yoʻnalishi boʻyicha oʻng tomonda oʻrnatiladi. Koʻrish sharoitlari va harakat intensivligini hisobga olib, qoʻshimcha svetofor kallaklari yoki kesishma svetoforini takrorlovchilari oʻrnatilishi mumkin.

72. Avtomobil yoʻllarida navbatchi xodim tomonidan xizmat koʻrsatiladigan temir yoʻl kesishmasi orqali harakatlanish taqiqlanganligi toʻgʻrisida xabar beruvchi tovushli signalizatsiya va transport vositalari harakatiga toʻsiq boʻladigan qoʻshimcha nur qaytaruvchi brus koʻrinishidagi avtomatlashgan yoki yarim avtomatlashgan shlagbaumlar va navbatma-navbat miltillovchi qizil signalli (chiroqli) kesishma svetoforlari oʻrnatiladi.

73. Kesishma signalizatsiyasi oʻchishi yoki uning nosoz holatlarida eng yaqin temir yoʻl stansiyasi navbatchisiga yoki poyezd dispetcheriga kesishma signalizatsiyasi nosozligi toʻgʻrisidagi xabarnoma avtomatik ravishda uzatiladi.

Infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi shu kunning oʻzida kesishma signalizatsiya qurilmalarining ishlashini tiklashi lozim.

74. Poyezd temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashguniga qadar transport vositalari temir yoʻl kesishmasini boʻshatishi uchun avtomatlashgan svetofor signalizatsiyasi avtomobil yoʻli tomonga toʻxtash signali uzatilishini taʼminlashi kerak. Avtomobil yoʻli tomonga toʻxtash signali uzatilishi poyezd temir yoʻl kesishmasidan oʻtib boʻlganidan soʻng toʻxtatilishi kerak.

75. Poyezd temir yoʻl kesishmasidan oʻtib boʻlganidan soʻng avtomatlashgan shlagbaumlarning bruslari vertikal holatga koʻtarilishi, shundan soʻng svetoforlardagi qizil signallar (chiroqlar) oʻchirilishi kerak.

76. Shlagbaum brusini tushirish vaqtida temir yoʻl kesishmasida katta hajmli transport vositasi harakatlanganda shlagbaum brusi shikastlanishining oldini olish maqsadida boshqaruv shiti “Tutib turish” (“Ochish”/”Tutib turish”) tugmasi bilan jihozlanishi, bunda bruslarning navbatchi xodim tomonidan tutib turilish vaqti 10 soniyadan oshmasligi kerak.

77. Yarim avtomatlashgan shlagbaumlar bilan jihozlangan temir yoʻl kesishmalarida “Tutib turish” (“Ochish”/”Tutib turish”) tugmasi toʻsuvchi shlagbaum bruslarini koʻtarish uchun ham qoʻllaniladi.

78. Poyezd yaqinlashish uchastkasi va temir yoʻl kesishmasidan oʻtib boʻlganidan soʻng navbatchi xodim shlagbaumni ochiq holatga oʻtkazishi va tovushli signallarni oʻchirish uchun “Tutib turish” (“Ochish”/”Tutib turish”) tugmasini bosib turishi lozim.

79. Kesishma signalizatsiyasini boshqarish shitlari navbatchi xodim xonasining tashqarisida, temir yoʻlning va temir yoʻl kesishmasiga tutashgan avtomobil yoʻlining koʻrinishi yaxshi boʻlgan joylarida oʻrnatiladi.

80. Kesishma signalizatsiyalaridan foydalanish infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi tomonidan mazkur Qoidalarning 4-ilovasiga muvofiq tayyorlanadigan yoʻriqnomaga (bundan buyon matnda mahalliy yoʻriqnoma deb yuritiladi) koʻra amalga oshiriladi. Mahalliy yoʻriqnoma besh yilda bir marta qayta koʻrib chiqilishi lozim.

81. Avtomatlashgan kesishma signalizatsiyasi bilan jihozlangan I va II toifadagi temir yoʻl kesishmalarida infratuzilma operatori va shoxobcha yoʻllari egasi tomonidan video qayd etish texnika vositalari oʻrnatiladi.

5-bob. Temir yoʻl kesishmalarida navbatchi xodimlar xizmatini tashkil etish

82. Navbatchi xodim lavozimiga poyezdlar harakati boʻyicha kamida 3 oylik ish stajiga ega boʻlgan shaxslar tayinlanadi.

83. Navbatchilik vaqtida navbatchi xodimning yonida quyidagilar boʻlishi lozim:

a) temir yoʻl tashkilotlari xodimlariga tovushli signal berish uchun signal burgʻusi;

b) harakat qatnashchilari eʼtiborini jalb etish uchun qoʻshimcha signal berish hushtagi;

v) ikkita signal bayrogʻi (qizil va sariq), shuningdek sutkaning qorongʻi yoki koʻrish yomon boʻlgan (tuman, boʻron va boshqa noqulay sharoitlar) yorugʻ vaqtida koʻrinuvchi signallar uzatish uchun moʻljallangan signal chirogʻi.

84. Navbatchi xodimlar xizmatini tashkil etish uchun temir yoʻl kesishmasi binosida quyidagilar boʻlishi kerak:

a) temir yoʻl kesishmasi boʻyicha navbatchilik jadvali;

b) Yoʻl harakati qoidalari , mazkur Qoidalar va mahalliy yoʻriqnomaning matni;

v) mazkur Qoidalarning 5-ilovasiga muvofiq temir yoʻl kesishmasi kartochkasi;

g) yoʻlovchi poyezdlarining harakat jadvali;

d) navbatchilikni qabul qilish va topshirish boʻyicha yozma yoki elektron shakldagi kitob (bundan buyon matnda Navbatchilikni qabul qilish va topshirish kitobi deb yuritiladi);

e) umumiy foydalanishdagi temir yoʻllarda joylashgan temir yoʻl kesishmalarida poyezdlar harakatini toʻxtatish zaruriyati yuzaga kelgan taqdirda poyezd mashinistini ogohlantirishga moʻljallangan 6 dona petarda (uch va undan ortiq yoʻlli temir yoʻl uchastkalarida 12 dona);

yo) vaqtni nazorat qilish uchun devor soat;

j) yoʻl harakatini boshqarish tayoqchasi (jezl) va qizil rangli qoʻl bogʻichi;

z) temir yoʻl kesishmasida toʻxtab qolgan transport vositalarini shatakka olish uchun uzunligi 4 dan 6 metrgacha boʻlgan poʻlat arqon (tros);

i) temir yoʻl kesishmasini kesib oʻtuvchi temir yoʻl uchun bitta koʻchma qizil shit, bitta signal yoritgich (fonar), shuningdek bitta zaxira koʻchma shit va bitta zaxira signal yoritgich;

y) signal bayroqlarining bitta zaxira toʻplami;

k) temir yoʻl kesishmasidagi plombalangan jihozlar va qurilmalar roʻyxati.

85. Qish mavsumida yer muzlagan vaqtda temir yoʻl kesishmasi chegarasidagi (temir yoʻldan shlagbaum oʻqigacha, shlagbaum boʻlmagan joyda esa Yoʻl harakati qoidalariga muvofiq 1.3.1 “Bir izli temir yoʻl” va 1.3.2 “Koʻp izli temir yoʻl” belgilari oʻrnatilgan joygacha boʻlgan hudud) qatnov qismiga va piyodalar yoʻlkalariga sepish uchun qum zaxirasi mavjud boʻlishi kerak.

86. Navbatchi xodim navbatchilik boshlanishidan oldin quyidagilarni koʻzdan kechirishi lozim:

a) temir yoʻl kesishmasining har ikki tomonidan 50 metr masofada joylashgan temir yoʻllar holatini;

b) kesishma signalizatsiyasi, temir yoʻl kesishmasi jihozlari va temir yoʻl kesishmasi chegarasida joylashgan barcha qurilmalar sozligi va holatini;

v) temir yoʻl kesishmasidagi plombalangan jihozlar va qurilmalarda plombaning mavjudligini;

g) petarda hamda yongʻinni oʻchirishning birlamchi vositalari mavjudligi va holatini.

87. Navbatchilikni qabul qilish va topshirish kitobiga kesishma signalizatsiyasi, toʻsish signalizatsiyasi, shlagbaumlar, KTQ va telefon (radio) aloqasidagi nosozliklarning (mavjud boʻlsa) bartaraf etilganligi toʻgʻrisida, shuningdek temir yoʻl kesishmasida avtomatik ravishda ishlaydigan uskunalar mavjud boʻlsa, “Avtomatika soz” yoki “Avtomatika nosoz” yozuvi qayd etiladi.

88. Poyezdlar va transport vositalari harakati xavfsizligiga tahdid soluvchi nosozlik aniqlanganda ushbu nosozlikni shu vaqtning oʻzida bartaraf etishning imkoni boʻlmasa, navbatchi xodim nosozlik aniqlangan joyni toʻxtash signallari bilan toʻsgan holda transport vositalarining harakatini cheklashi va darhol bu toʻgʻrisida temir yoʻl stansiyasi navbatchisi (poyezd dispetcheri) hamda infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasiga xabar berishi kerak.

89. Nosozlik bartaraf etilgan vaqtning oʻzida infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasining vakili (taʼmirlovchi) bu haqda Navbatchilikni qabul qilish va topshirish kitobiga tegishli yozuv kiritadi. Bunda, Navbatchilikni qabul qilish va topshirish kitobiga tegishli yozuv kiritilgunga qadar nosoz qurilmalardan foydalanish taqiqlanadi.

90. Navbatchilik vaqtida navbatchi xodim quyidagilarni amalga oshirishi lozim:

a) belgilangan vaqtda shlagbaumni ochish, tegishli signallarni uzatish, oʻtib ketayotgan poyezdlarning holatini kuzatish, harakat xavfsizligiga tahdid soluvchi nosozlik aniqlanganda poyezdni toʻxtatish choralarini koʻrish, poyezdning oxirgi vagonida uning oxirgi vagon ekanligini anglatuvchi belgi boʻlmaganda bu haqda stansiya navbatchisiga va poyezd dispetcheriga xabar berish;

b) tezligi soatiga 140 kilometrdan ortiq boʻlgan yoʻlovchi poyezdini oʻtkazishdan oʻn daqiqa avval shlagbaumlarni yopgan holda temir yoʻl kesishmasida transport vositalarining harakatini toʻxtatish;

v) temir yoʻl kesishmasi orqali chorva mollari haydab oʻtilishini poyezd oʻtishidan kamida besh daqiqa avval, tezligi soatiga 140 kilometrdan ortiq boʻlgan yoʻlovchi poyezdini oʻtkazishdan esa kamida 20 daqiqa avval toʻxtatish;

g) temir yoʻl kesishmasida har qanday transport vositalari hamda mexanizmlar, shuningdek piyodalar va chorva mollari toʻxtab turishiga yoʻl qoʻymaslik;

d) poyezd gʻildiraklarining yon gardishi erkin harakatlanishi uchun kontrrelslar tarnovini tozalash va temir yoʻl kesishmasi chegarasidagi maydonni doimiy toza tutish;

e) shlagbaumlarning bruslari, signalizatsiya qurilmalari, qor tozalash mashinalari oʻtishi uchun ogohlantiruvchi va vaqtinchalik signal belgilari soz holatda boʻlishini kuzatib turish;

j) temir yoʻl kesishmasi va shlagbaumlarda chiroqlarni yoqish, tashqi yoritish va projektor moslamalarini oʻz vaqtida yoqish va oʻchirish;

z) rels siljishining oldini oluvchi moslamalarni mahkamlash, temir yoʻl kesishmasining har ikki tomonidan 50 metr masofagacha boʻlgan qismida temir yoʻllarni qor va oʻtlardan tozalash, temir yoʻl kesishmasidan begona buyumlarni olib tashlash;

i) texnika xavfsizligi va sanitariya-epidemiologiya talablariga rioya etish.

91. Navbatchi xodim temir yoʻl kesishmasi hududida nazorat olib borishi kerak. Kesishma postidan ketib qolish yoki temir yoʻl kesishmasiga xizmat koʻrsatishni vaqtincha boshqa shaxslarga topshirish taqiqlanadi. Bunda, navbatchi xodim temir yoʻl kesishmasi transport vositalaridan holi ekanligiga va yaqinlashib kelayotgan poyezdlar yoʻqligiga ishonch hosil qilganidan soʻng xizmat xonasiga kirishi mumkin.

92. Navbatchi xodim poyezd yaqinlashganda shlagbaumning bruslarini yopishi, shundan keyin temir yoʻl kesishmasidagi va uning har ikkala tomonidagi temir yoʻlning boʻshligini koʻzdan kechirishi hamda poyezd temir yoʻl kesishmasiga kamida 400 metr masofada yaqinlashganida temir yoʻldan chiqishi kerak.

93. Navbatchi xodim poyezdni kuzatayotganda quyidagilarni amalga oshirishi lozim:

a) temir yoʻlga qaragan holda boshini poyezd harakati tomonga 45 daraja burchak ostida burish, temir yoʻl kesishmasi binosi yonida chetdagi relsdan kamida 2 metr, tezligi soatiga 140 kilometrdan ortiq boʻlgan poyezdni kuzatishda kamida 4 metr, tezligi soatiga 160 kilometrdan ortiq boʻlgan poyezdni kuzatishda kamida 5 metr masofada turish;

b) temir yoʻl boʻsh boʻlganda kunning yorugʻ vaqtida — yoyilgan holatdagi sariq bayroq, sutkaning qorongʻi vaqtida — oq signalli (chiroqli) qoʻl yoritgichi bilan signal berish;

v) temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashib kelayotgan poyezd tezligini pasaytirish maqsadida kunning yorugʻ vaqtida — yoyilgan holatdagi sariq bayroq, sutkaning qorongʻi vaqtida — oq signalli (chiroqli) qoʻl yoritgichini (temir yoʻl stansiyalarida — sariq signalli (chiroqli) qoʻl yoritgichi), agar bunday yoritgich mavjud boʻlmasa — oq signalli (chiroqli) qoʻl yoritgichini tepaga va pastga harakatlantirish.

Poyezd oʻtganidan soʻng navbatchi xodim ushbu poyezd ortidan yoki qoʻshni temir yoʻllardan boshqa poyezd kelmayotganiga ishonch hosil qilishi, shundan keyingina shlagbaumlarni ochishi va temir yoʻl kesishmasi orqali transport vositalari yoki chorva mollarini oʻtkazishi lozim.

Bunda, temir yoʻl kesishmasidan drezina oʻtgan taqdirda navbatchi xodim yigʻilgan holatdagi sariq bayroqni yoyilgan holatdagi qizil bayroq bilan almashtirishi va drezina temir yoʻl kesishmasidan 200 dan 250 metrgacha uzoqlashmagunga qadar uni ushlab turishi kerak.

94. Poyezd temir yoʻl kesishmasidan oʻtishida navbatchi xodim quyidagi hollarda poyezd mashinistiga toʻxtash signalini beradi:

a) harakatlanayotgan poyezdda harakat xavfsizligiga tahdid soluvchi nosozlikni sezganda (masalan, aylanmasdan sirgʻalib ketayotgan yoki kuchli zarba tovushini chiqarayotgan gʻildirak, yongʻin, buksaning qizishi, poyezddan yoʻlovchi yoki yukning qulab ketishi xavfi);

b) ikki yoʻlli temir yoʻlda notoʻgʻri yoʻnalish boʻylab harakatlanayotgan lokomotivda tegishli signallar boʻlmaganda;

v) poyezd bir temir yoʻlda boshqa bir poyezdga qarama-qarshi yoʻnalishda yurayotganini yoki bir poyezd boshqa bir poyezdni quvib yetish xavfi (bunda, toʻxtash signali quvib yetishi ehtimoli boʻlgan poyezdga beriladi) mavjudligini sezganda;

g) poyezd mashinistiga poyezd tarkibidan berilayotgan toʻxtash signallariga qaramasdan poyezd harakatlanishda davom etganda;

d) temir yoʻlning yon-atrofida yongʻin sodir boʻlganda yoki harakat xavfsizligi va inson hayotiga tahdid soluvchi boshqa barcha holatlarda.

95. Navbatchi xodim temir yoʻl kesishmasidan oʻtayotgan poyezdda aniqlangan nosozliklar haqida telefon (radio) aloqasi vositalari orqali ushbu poyezd mashinistiga, shuningdek temir yoʻl stansiyasi navbatchisiga (poyezd dispetcheriga) xabar berishi kerak.

96. Yarim avtomatlashgan shlagbaumlar bilan jihozlangan temir yoʻl kesishmalarida poyezd temir yoʻl kesishmasidan oʻtib ketgandan keyin navbatchi xodim tomonidan boshqaruv shitidagi “Ochish” tugmasi bosilganda shlagbaumlar ochiladi.

Bunda, yarim avtomatlashgan shlagbaumlar “Ochish” tugmasi bosilganda ochiq holatga, avtomatlashgan shlagbaumlar esa avtomatik ravishda ochiq holatga oʻtmasa, navbatchi xodim transport vositalarini temir yoʻl kesishmasi orqali oʻtkazish uchun quyidagilarni amalga oshirishi lozim:

a) temir yoʻl stansiyasi navbatchisi (temir yoʻl kesishmasi peregonda joylashganda esa qoʻshni temir yoʻl stansiyasi navbatchisi) orqali temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashib kelayotgan poyezd yoʻqligini aniqlashi;

b) kesishma signalizatsiyasining boshqaruv shitidagi nazorat chiroqlari orqali toʻsish svetoforlari yoqilganligiga ishonch hosil qilgan holda “Toʻsish signalizatsiyasini yoqish” tugmasini plombadan yechishi va uni bosishi;

v) avtomatlashgan qurilmalarning nosozligi hamda plombalangan “Toʻsish signalizatsiyasini yoqish” va “Avariyali ochish” tugmasidan foydalanilganligi haqida shu vaqtning oʻzida Navbatchilikni qabul qilish va topshirish kitobiga qayd kiritishi va bu haqda darhol temir yoʻl stansiyasi navbatchisiga (poyezd dispetcheriga) hamda infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasiga xabar berishi;

g) transport vositalari shlagbaumdan oʻtib ketgunga qadar “Avariyali ochish” tugmasini bosilgan holatda ushlab turishi.

97. Navbatchi xodim “Avariyali ochish” tugmasini bosilgan holatda ushlab turish vaqtida svetoforli va tovushli signalizatsiyani oʻchirishi, shuningdek shlagbaumlarni ochishi va ularning boshqaruvini oʻz zimmasiga olishi lozim.

Navbatchi xodim transport vositalari shlagbaumdan oʻtib boʻlganidan keyin “Avariyali ochish” tugmasini qoʻyib yuborishi, kesishma signalizatsiyasi yoqilishi va shlagbaumlar yopiq holatga oʻtkazilishi, shundan soʻng esa “Toʻsish signalizatsiyasini yoqish” tugmasi oʻchirilishi lozim.

Bunda, navbatchi xodim temir yoʻl stansiyasi navbatchisi (poyezd dispetcheri) hamda infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasini tugmalarni plombalash kerakligi toʻgʻrisida xabardor qilishi lozim.

98. Kesishma signalizatsiyasi shitida tugma bosishlar sonining hisoblagichi qoʻllanilganda “Avariyali ochish” va “Toʻsish signalizatsiyasini yoqish” tugmalari plombalanmaydi. Bunda, ushbu tugmalar bosilganda Navbatchilikni qabul qilish va topshirish kitobiga hisoblagich koʻrsatkichi toʻgʻrisida yozuv qayd etiladi.

99. Oʻziyurar maxsus harakatdagi tarkib yaqinlashganda navbatchi xodim uni kuzatishi hamda u oʻtib ketgunga qadar “Yopish” tugmasini bosgan holda tutib turishi kerak.

100. Temir yoʻl kesishmasida toʻsish signalizatsiyasi mavjud boʻlmaganda yoki mavjud, biroq nosoz holatda boʻlganda yoxud boshqaruv shitidagi nazorat lampalari yonmaganda navbatchi xodim darhol toʻsiq vujudga kelgan har bir temir yoʻlga koʻchma toʻxtash signalini (kunning yorugʻ vaqtida — qizil shit, sutkaning qorongʻi vaqtida — ikki tomoni qizil chiroqli yoritgich) oʻrnatishi, shlagbaumlarni yopishi, bu haqda stansiya navbatchisiga (poyezd dispetcheriga) xabar berishi va shu vaqtning oʻzida temir yoʻl stansiyasidan peregonga poyezd joʻnatilgan yoki joʻnatilmaganligini aniqlashi lozim.

Navbatchi xodim temir yoʻl stansiyasi navbatchisidan (poyezd dispetcheridan) temir yoʻl stansiyasidan peregonga poyezd joʻnatilganligi toʻgʻrisida xabarnoma olgan taqdirda toʻxtash signalini bergan holda yaqinlashayotgan poyezd tomon boradi hamda tegishli masofada petardalarni oʻrnatgach, toʻsiq joylashgan joyga qaytadi va uni bartaraf etish choralarini koʻradi.

101. Temir yoʻl kesishmasida aloqa tarmoq simlari yoki temir yoʻlni kesib oʻtuvchi elektr uzatish simlari uzilganda navbatchi xodim quyidagilarni amalga oshirishi zarur:

a) toʻsish signalizatsiyasini yoqishi va shlagbaumlarni yopishi;

b) simlarning uzilish joyini undan 50 metrdan kam boʻlmagan masofada koʻchma toʻxtash signallari bilan toʻsishi;

v) sodir boʻlgan holat haqida temir yoʻl stansiyasi navbatchisiga (poyezd dispetcheriga) hamda infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasiga xabar berishi;

g) uzilgan simlarga kamida sakkiz metr masofada yaqinlashilmasligi va relslarga tegilmasligini nazorat qilgan holda toʻsiq oldida qolishi.

102. Temir yoʻl kesishmasida yoki unga yaqin hududda yoʻl-transport hodisasi yuz bergan taqdirda navbatchi xodim quyidagilarni amalga oshirishi lozim:

a) temir yoʻl stansiyasi navbatchisiga (poyezd dispetcheriga), tegishli YHXXga, infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasiga xabar berish;

b) jabrlanganlarga (mavjud boʻlsa) birinchi yordam koʻrsatish, zaruriyat boʻlganda tez tibbiy yordam xizmatini chaqirish.

6-bob. Temir yoʻl kesishmalarini saqlash va taʼmirlash

103. Infratuzilma operatorlari yoki shoxobcha yoʻllari egalari temir yoʻl kesishmalari va ularning chegarasida joylashgan avtomobil yoʻli uchastkalari saqlanishi va taʼmirlanishini, shlagbaumlar, kesishma hamda toʻsish signalizatsiyalari, telefon (radio) aloqa vositalari soz holatda ishlashi va saqlanishini hamda uzluksiz elektr taʼminotini taʼminlaydi.

104. Temir yoʻl kapital taʼmirlanganda undagi temir yoʻl kesishmalari ham kapital taʼmirlanishi lozim.

105. Temir yoʻl yoki temir yoʻl kesishmasidagi yoʻl harakatini tashkil etuvchi texnik vositalarni taʼmirlash yoki rekonstruksiya qilish davomida temir yoʻl kesishmasida transport vositalarining harakat yoʻnalishi oʻzgaradigan boʻlsa, infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi taʼmirlash yoki rekonstruksiya qilish ishlari boshlanishidan kamida besh kun oldin quyidagilarni amalga oshirishi kerak:

tegishli hududdagi YHXX bilan hamkorlikda transport vositalarining temir yoʻl kesishmasi orqali harakatlanish tartibi hamda aylanib oʻtish yoʻnalishini aniqlash;

avtomobil yoʻllari egasi bilan kelishuv asosida yoʻl harakati tashkil etilishi va yoʻnalishni koʻrsatuvchi texnik vositalarning oʻrnatilishini taʼminlash.

106. Temir yoʻl kesishmasida taʼmirlash yoki rekonstruksiya ishlari amalga oshirilayotgan vaqtda harakat xavfsizligi navbatchi xodim tomonidan taʼminlanishi kerak.

107. Temir yoʻl kesishmalarida yoʻl harakatini tashkil etuvchi texnik vositalar va yoʻl qurilmalari holatini davriy koʻrikdan oʻtkazish infratuzilma operatori yoki shoxobcha yoʻllari egasi tomonidan belgilangan tartib va muddatlarda amalga oshiriladi.

7-bob. Yakuniy qoidalar

108. Mazkur Qoidalarning talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

109. Mazkur Qoidalarning talablariga rioya etilishi ustidan nazorat qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

110. Mazkur Qoidalar Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi, Energetika vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Qurilish vazirligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi hamda “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ bilan kelishilgan.

Temir yoʻl kesishmalaridan foydalanish qoidalariga 1-ILOVA

Temir yoʻl kesishmalarining toifalari va transport vositalarining harakatlanish intensivligini aniqlash

1. Umumiy foydalanishdagi temir yoʻl kesishmalarining toifalari:

Harakatlanuvchi poyezdlar soni * (ikki yoʻnalishda), sutka davomida Harakatlanuvchi transport vositalarining soni (ikki yoʻnalishda), sutka davomida 200 tagacha 201 — 1000 1001 — 3000 3001 — 7000 7000 dan ortiq 16 tagacha, shuningdek barcha stansiya va umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻllaridagi IV IV IV III II 17 — 100 IV IV III II I 101 — 200 IV III II I I 200 dan ortiq III II II I I

2. Umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻl kesishmalarining toifalari:

Harakatlanuvchi poyezdlar soni (ikki yoʻnalishda), sutka davomida Harakatlanuvchi transport vositalarining soni (ikki yoʻnalishda), sutka davomida 100 gacha 101 — 500 501 — 1000 1001 dan ortiq 8 ta gacha IV IV IV III 9 — 24 IV IV III II 25 — 38 IV III II I 38 dan ortiq III II I I

3. Sutka davomida harakatlanuvchi transport vositalari sonini hisoblashda turli xildagi transport vositalarining koeffitsiyentlari:

Transport vositasi turi ** Hisoblash koeffitsiyenti Yengil avtomobil 1,0 Kajavali mototsikl 0,75 Mototsikl va moped 0,5 Yuk tashuvchi avtomobil, yuk koʻtarish qobiliyati quyidagicha boʻlgan, tonnada: 2 1,5 6 2,0 8 2,5 14 3,0 14 dan ortiq 3,5 Avtopoyezd, yuk koʻtarish qobiliyati quyidagicha boʻlgan, tonnada: 12 3,5 20 4,0 30 5,0 30 dan ortiq 6,0 Traktor: 1 ta tirkama bilan 3,0 2 ta tirkama bilan 3,5 3 ta tirkama bilan 5,5 4 ta tirkama bilan 9,0

Temir yoʻl kesishmalaridan foydalanish qoidalariga 2-ILOVA

Temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashib kelayotgan poyezdning transport vositasi haydovchisiga koʻrinishi zarur boʻlgan eng qisqa masofa meʼyorlari

Poyezdlar harakati tezligi, soatiga km.da‎ Chetdagi relsdan 50 metr va undan kam masofada joylashgan transport vositasi uchun temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashayotgan poyezd koʻrinishining eng qisqa masofasi, metrda 141 — 200 600 121 — 140‎ 500 81 — 120 400 41 — 80 250 26 — 40 150 25 va undan past 100

Temir yoʻl kesishmalaridan foydalanish qoidalariga 3-ILOVA

Temir yoʻl kesishmasiga yaqinlashib kelayotgan transport vositasini toʻxtatish uchun temir yoʻl kesishmasi koʻrinishi zarur boʻlgan eng qisqa masofa meʼyorlari

Transport vositasining tezligi, soatiga km.da ‎ Avtomobil yoʻlining qiyaligi, ‰ Transport vositasini toʻxtatish uchun temir yoʻl kesishmasi koʻrinishi zarur boʻlgan eng qisqa masofa, metrda 150 30 300 120 40 250 100 50 200 80 60 150 60 70 85 50 80 75 40 90 55 30 100 45

Temir yoʻl kesishmalaridan foydalanish qoidalariga 4-ILOVA

Temir yoʻl kesishmalaridan foydalanish boʻyicha tayyorlanadigan mahalliy yoʻriqnomada nazarda tutilishi lozim boʻlgan

1. Shlagbaumlarning holati.

2. Gorizontal buriladigan (zaxira) shlagbaumlardan foydalanish qoidalari.

3. Aloqa vositalarining mavjudligi va ulardan foydalanish qoidalari.

4. Kesishma signalizatsiyasining mavjudligi va undan foydalanish qoidalari.

5. Toʻsish signalizatsiyasining mavjudligi va undan foydalanish qoidalari.

6. Temir yoʻl kesishmasida poyezdlar va transport vositalari harakati uchun toʻsiq boʻladigan holatlar yuzaga kelganda navbatchi xodimning vazifalari.

7. Harakatlanayotgan poyezd mashinistlarini poyezdlar tarkibida yoki temir yoʻl kesishmasida yuzaga kelgan nosozliklar haqida xabardor qilish qoidalari.

8. Temir yoʻl kesishmasida poyezdlar va transport vositalari harakati uchun toʻsiq boʻladigan holatlar yuzaga kelgan joyni toʻsish qoidalari.

9. Temir yoʻl kesishmasida yoʻl transport hodisasi va poyezdlar harakati xavfsizligi buzilishlari sodir boʻlganda tegishli shaxslarni xabardor etish sxemasi.

10. Temir yoʻl kesishmasini toʻsish qurilmasidan (KTQ) foydalanish qoidalari.

11. Harakatlanayotgan poyezdlarni koʻrish uchun moʻljallangan yoritgich (projektor) qurilmalarini oʻrnatish va qoʻllash qoidalari.

12. Mehnatni muhofaza qilish va texnika xavfsizligi qoidalari.

Temir yoʻl kesishmalaridan foydalanish qoidalariga 5-ILOVA

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Temir yoʻl kesishmasi ‎KARTOCHKASI ____________________________________________________________________________________________ (tashkilot nomi) ______________________________ toifali temir yoʻl kesishmasi. (I, II, III yoki IV toifa) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Temir yoʻl kesishmasi ___ kilometr ___ piketi, ___ temir yoʻl stansiyasida joylashgan. Foydalanish turi ____________________________________________________________________________. ‎ ‎ (umumiy, umumiy boʻlmagan) ‎ Kesishma turi _______________________________________________________________________________. ‎ ‎ (tartibga solinadigan, tartibga solinmaydigan) ‎ Navbatchi xodimlar mavjudligi _________________________________________________________________. ‎ ‎ ‎ (navbatchi bilan, navbatchisiz) Smenalar soni ______, smena davomiyligi ______, navbatchilar soni __________________________________. ‎Kesib oʻtadigan avtomobil yoʻli _______________________ toifadagi ______________________ kilometrida. ‎Shlagbaumlarning holati _______________________________________________________________________. ‎Kesishma signalizatsiyasining turi _______________________________________________________________. ‎Toʻsuvchi qurilmalarning mavjudligi ____________________________________________________________. ‎Transport vositasining haydovchisiga yaqinlashayotgan poyezdning koʻrinishi: ‎oʻng tomondan: ‎toq yoʻnalishdagi poyezd ___________ metr; ‎juft yoʻnalishdagi poyezd _________ metr; ‎chap tomondan: ‎toq yoʻnalishdagi poyezd ___________ metr; ‎juft yoʻnalishdagi poyezd __________ metr. ‎Temir yoʻl kesishmasining poyezd mashinistiga koʻrinishi: ‎toq poyezd ______ metr; ‎juft poyezd ______ metr. ‎Oʻtuvchi poyezdlar soni/sutkasiga (ikki yoʻnalishda) _________. ‎Oʻtuvchi transport vositalari soni/sutkasiga (ikki yoʻnalishda) _______. ‎Yoʻlovchi transporti (avtobus) yoʻnalishlarining mavjudligi _________. ‎Poyezdlar harakatining eng yuqori tezligi: ‎yuk tashuvchi: ‎juft yoʻnalishda soatiga _____ kilometr; ‎toq yoʻnalishda soatiga _____ kilometr; ‎yoʻlovchi: ‎juft yoʻnalishda soatiga _____ kilometr; ‎toq yoʻnalishda soatiga _____ kilometr. ‎Kesishuvchi temir yoʻllarning soni (asosiy ___ ta, stansiya ___ ta). Kesishma __________________________________________________________ joylashgan. ‎ (qiyalikda, chuqurlikda, egri yoʻlda, toʻgʻri yoʻlda) ‎ ‎ ‎ Kesishma 20___ yilda foydalanishga topshirilgan. ‎Maʼlumotlar ____________________________________________________ toʻldirildi. ‎ (sana, masʼul shaxsning imzosi) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Vazir I. MAXKAMOV

Bandlik va mehnat munosabatlari vaziri N. XUSANOV

Qurilish vaziri B. ZAKIROV

Favqulodda vaziyatlar vaziri T. XUDAYBERGENOV

“Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ boshqaruv raisi v.b X. XASILOV

Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi raisi A. IKRAMOV

Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi bosh direktori D. SATTAROV

Ichki ishlar vaziri P. BOBOJONOV

Energetika vaziri A . SULTANOV

Toshkent sh.,

2022-yil 10-mart,

2022-yil 3-mart

2022-yil 10-fevral

2022-yil 18-fevral

2022-yil 14-fevral

2022-yil 21-fevral

2022-yil 9-fevral

2022-yil 25-fevral

2022-yil 4-mart

4-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 19.04.2022-y., 10/22/3363/0322-son, 27.07.2022-y., 10/22/3363-1/0680-son; 04.06.2024-y., 10/24/3516/0397-son; 04.03.2025-y., 10/25/3363-2/0211-son; 20.06.2025-y., 10/25/3363-3/0528-son; 05.08.2026-y., 10/26/3916/0819-son; 19.10.2026-y., 10/26/3363-4/1045-son)

lex.uz