📅 2022-yil 22-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 22-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 22 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 апреля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 April 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТАШКИЛИЙ СХЕМА
Ижтимоий шериклик ҳамда жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2021 йил 4 мартдаги ПФ-6181-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларига онлайн давлат хизматларини кўрсатиш, шу жумладан, уларни электрон шаклда давлат рўйхатидан ва қайта рўйхатдан ўтказиш, ўз фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни реал вақт режимида тақдим қилиш, шунингдек, фуқаролик жамиятининг ривожланиш ҳолати ва тенденцияларини кузатиб бориш имкониятини берадиган электрон портал (кейинги ўринларда — электрон портал) ишлаб чиқилиб, ишга туширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди (кейинги ўринларда — Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди) билан биргаликда 2022 йил 1 декабрга қадар электрон портал базасида қуйидаги имкониятларни берадиган ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этсин:
нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари (кейинги ўринларда — ННТ) томонидан ижтимоий ва иқтисодий дастурлар ишлаб чиқилишида иштирок этиш, уларнинг ижросини мониторинг қилиш, мониторинг натижаси бўйича мажбурий тартибда кўриб чиқилиши лозим бўлган ҳужжатни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисидаги таклифларни масъул давлат органлари ва ташкилотларига киритиш;
ННТларнинг ижтимоий ва иқтисодий дастурлар лойиҳалари юзасидан берган таклифларини давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўриб чиқиш ва натижаларини электрон порталга жойлаштириш;
ННТлар ёки давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ижтимоий шериклик муносабатларини ўрнатиш бўйича таклифлар киритиш;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ижтимоий шериклик соҳалари доирасида давлат ижтимоий буюртмаларини бериш тўғрисида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига ёки унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмаларига (кейинги ўринларда — ҳудудий бўлинмалар) буюртманомалар юбориш;
ННТлар томонидан амалга оширилган жамоатчилик назоратининг якуни бўйича тайёрланган ҳужжатни давлат органлари ва ташкилотларига юбориш ҳамда давлат органлари ҳамда ташкилотлари томонидан ушбу ҳужжатнинг кўриб чиқилиши натижаси бўйича қабул қилинган қарорларни эълон қилиш.
3. Белгилансинки, 2023 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий тартибда электрон порталга жойлаштириб борилади:
ижтимоий ва иқтисодий дастурларнинг лойиҳалари;
социал ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун ННТларга бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмасини бериш учун танлов ўтказилиши ҳақидаги эълонлар;
келгуси молия йили учун давлат ижтимоий буюртмаларини бериш тўғрисида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига юбориладиган буюртманомалар;
ННТлар билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар, тузилган ҳамкорлик битимлари, меморандумлар ҳамда берилган давлат ижтимоий буюртмалари ҳақидаги маълумотлар;
давлат ижтимоий буюртмаларини амалга ошириш жараёни ва натижалари, ажратилган маблағларнинг сарфланиши ҳақидаги маълумотлар.
Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмаларига давлат гранти ва давлат ижтимоий буюртмасини бериш учун танловлар ўтказилиши ҳақидаги эълонлар, шунингдек, ўтказилган танловларнинг натижалари ҳақида маълумотларни электрон порталга жойлаштириб бориш тавсия этилсин.
4. Электрон порталда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича ташкилий схема иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Электрон порталнинг функционал имкониятларини такомиллаштириш, унинг узлуксиз фаолият кўрсатиши, шунингдек, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
а) ижтимоий шерикликни электрон портал орқали амалга ошириш тартибига риоя этилишининг назорати ва доимий мониторингини амалга оширсин;
б) Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 августга қадар давлат бошқаруви органларининг социал ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини амалга ошириш учун ННТларга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартибини такомиллаштириш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартиб-таомилларини «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари асосида қайта кўриб чиқиш;
давлат ижтимоий буюртмасини бажариш учун ажратиладиган маблағларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;
ижтимоий лойиҳаларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилинган қарор устидан шикоят қилиш тартиби;
давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратилган маблағларнинг ННТлар томонидан маъмурий харажатлар ва иш ҳақига ишлатиладиган қисмини аниқ белгилаш;
давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини мониторинг қилишнинг аниқ механизми;
давлат ижтимоий буюртмасини бажариш натижаларининг самарадорлигини баҳолаш индикаторларини белгилаш;
давлат ижтимоий буюртмасини бажаришга ажратилган маблағлар сарфланиши юзасидан жамоатчиликни доимий равишда хабардор қилиб бориш тартиби;
в) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 декабрга қадар:
давлат органлари ва ташкилотлари, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда ННТларнинг электрон порталдан ушбу қарорда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши учун фойдаланиши учун шарт-шароит яратиш мақсадида зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;
ушбу қарорнинг 2 ва 3-бандларида назарда тутилган функционал имкониятлар Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам амалга оширилишини таъминласин;
г) Молия вазирлиги, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 декабрга қадар ННТларга қонунчиликда белгиланган тартибда ижтимоий шериклик доирасида ажратилган давлат гранти ва ижтимоий буюртмаси бўйича амалга оширилган ижтимоий лойиҳаларнинг Ягона электрон реестрини жорий этсин ва доимий равишда янгилаб борсин.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда:
а) «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг тизимли ва самарали ижроси таъминланишига кўмаклашиш мақсадида қуйидаги масалаларни аниқлаш учун 2023 йилдан бошлаб ҳар йили таҳлил қилиб боради:
мавжуд ижтимоий хизматларнинг хатлови, ижтимоий хизматларни кўрсатиш ҳолати, ижтимоий хизматларни кўрсатишга жалб қилинган моддий ва молиявий ресурсларнинг турлари ва миқдори;
ижтимоий хизматларни кўрсатаётган субъектлар турлари (давлат органлари ва ташкилотлари, ННТлар, тадбиркорлик субъектлари ва бошқалар.) ва сони;
аҳолининг ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжини баҳолаш орқали биринчи навбатда, ижтимоий хизматлар кўрсатилиши зарур бўлган аҳоли қатламлари;
жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда, ННТларга давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалари бериладиган ижтимоий хизмат кўрсатишнинг устувор йўналишлари;
б) таҳлиллар натижаси бўйича ҳар йили 1 мартга қадар Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари, Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларга маълумот тақдим этиб боради.
8. Вазирлик ва идоралар ҳар йили социал ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун ННТларга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бериладиган давлат ижтимоий буюртмаларини ушбу қарорнинг 6-бандида назарда тутилган таҳлилий маълумотларга асосан шакллантириб борсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 апрелдаги 208-сон қарорига ИЛОВА
Электрон порталда Ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича
Адлия вазирлиги, манфаатдор идора ва ташкилотлар билан бирга ↓ 7 Давлат органлари ва ташкилотлари 6 Электрон портал 5 Фуқаролик жамияти институтлари → → ← ← 1 4 ↑ ↓ 2 3 Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, унинг ҳудудий бўлинмалари
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 22 апрель,
208-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TASHKILIY SXEMA
Ijtimoiy sheriklik hamda jamoatchilik nazoratini amalga oshirish mexanizmlarini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2021 — 2025-yillarda fuqarolik jamiyatini rivojlantirish konsepsiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2021-yil 4-martdagi PF-6181-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Adliya vazirligi tomonidan nodavlat notijorat tashkilotlariga onlayn davlat xizmatlarini koʻrsatish, shu jumladan, ularni elektron shaklda davlat roʻyxatidan va qayta roʻyxatdan oʻtkazish, oʻz faoliyati toʻgʻrisidagi yillik hisobotlarni real vaqt rejimida taqdim qilish, shuningdek, fuqarolik jamiyatining rivojlanish holati va tendensiyalarini kuzatib borish imkoniyatini beradigan elektron portal (keyingi oʻrinlarda — elektron portal) ishlab chiqilib, ishga tushirilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Adliya vazirligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Moliya vazirligi, Innovatsion rivojlanish vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi huzuridagi Fuqarolik jamiyati institutlarini qoʻllab-quvvatlash jamoat fondi (keyingi oʻrinlarda — Oliy Majlis huzuridagi jamoat fondi) bilan birgalikda 2022-yil 1-dekabrga qadar elektron portal bazasida quyidagi imkoniyatlarni beradigan ijtimoiy sheriklik va jamoatchilik nazoratini amalga oshirishning zamonaviy mexanizmlarini joriy etsin:
nodavlat notijorat tashkilotlari va fuqarolik jamiyatining boshqa institutlari (keyingi oʻrinlarda — NNT) tomonidan ijtimoiy va iqtisodiy dasturlar ishlab chiqilishida ishtirok etish, ularning ijrosini monitoring qilish, monitoring natijasi boʻyicha majburiy tartibda koʻrib chiqilishi lozim boʻlgan hujjatni, shuningdek, normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari toʻgʻrisidagi takliflarni masʼul davlat organlari va tashkilotlariga kiritish;
NNTlarning ijtimoiy va iqtisodiy dasturlar loyihalari yuzasidan bergan takliflarini davlat organlari va tashkilotlari tomonidan koʻrib chiqish va natijalarini elektron portalga joylashtirish;
NNTlar yoki davlat organlari va tashkilotlari tomonidan ijtimoiy sheriklik munosabatlarini oʻrnatish boʻyicha takliflar kiritish;
davlat organlari va tashkilotlari tomonidan ijtimoiy sheriklik sohalari doirasida davlat ijtimoiy buyurtmalarini berish toʻgʻrisida Oliy Majlis huzuridagi jamoat fondiga yoki uning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahridagi hududiy boʻlinmalariga (keyingi oʻrinlarda — hududiy boʻlinmalar) buyurtmanomalar yuborish;
NNTlar tomonidan amalga oshirilgan jamoatchilik nazoratining yakuni boʻyicha tayyorlangan hujjatni davlat organlari va tashkilotlariga yuborish hamda davlat organlari hamda tashkilotlari tomonidan ushbu hujjatning koʻrib chiqilishi natijasi boʻyicha qabul qilingan qarorlarni eʼlon qilish.
3. Belgilansinki, 2023-yil 1-yanvardan boshlab quyidagilar davlat organlari va tashkilotlari tomonidan majburiy tartibda elektron portalga joylashtirib boriladi:
ijtimoiy va iqtisodiy dasturlarning loyihalari;
sotsial va ijtimoiy ahamiyatga ega loyihalarni amalga oshirish uchun NNTlarga budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan davlat ijtimoiy buyurtmasini berish uchun tanlov oʻtkazilishi haqidagi eʼlonlar;
kelgusi moliya yili uchun davlat ijtimoiy buyurtmalarini berish toʻgʻrisida Oliy Majlis huzuridagi jamoat fondiga yoki uning hududiy boʻlinmalariga yuboriladigan buyurtmanomalar;
NNTlar bilan hamkorlikda amalga oshirilgan loyihalar, tuzilgan hamkorlik bitimlari, memorandumlar hamda berilgan davlat ijtimoiy buyurtmalari haqidagi maʼlumotlar;
davlat ijtimoiy buyurtmalarini amalga oshirish jarayoni va natijalari, ajratilgan mablagʻlarning sarflanishi haqidagi maʼlumotlar.
Oliy Majlis huzuridagi jamoat fondi va uning hududiy boʻlinmalariga davlat granti va davlat ijtimoiy buyurtmasini berish uchun tanlovlar oʻtkazilishi haqidagi eʼlonlar, shuningdek, oʻtkazilgan tanlovlarning natijalari haqida maʼlumotlarni elektron portalga joylashtirib borish tavsiya etilsin.
4. Elektron portalda ijtimoiy sheriklik va jamoatchilik nazoratini amalga oshirishning zamonaviy mexanizmlarini joriy etish boʻyicha tashkiliy sxema ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Elektron portalning funksional imkoniyatlarini takomillashtirish, uning uzluksiz faoliyat koʻrsatishi, shuningdek, unga texnik xizmat koʻrsatish va uni qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq xarajatlar budjetdan tashqari Adliya organlari va muassasalarini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtirilishi belgilab qoʻyilsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi:
a) ijtimoiy sheriklikni elektron portal orqali amalga oshirish tartibiga rioya etilishining nazorati va doimiy monitoringini amalga oshirsin;
b) Moliya vazirligi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2022-yil 1-avgustga qadar davlat boshqaruvi organlarining sotsial va ijtimoiy ahamiyatga ega loyihalarini amalga oshirish uchun NNTlarga budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan davlat ijtimoiy buyurtmasini berish tartibini takomillashtirish yuzasidan quyidagilarni nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjat loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin:
davlat ijtimoiy buyurtmasini berish tartib-taomillarini “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni talablari asosida qayta koʻrib chiqish;
davlat ijtimoiy buyurtmasini bajarish uchun ajratiladigan mablagʻlarning eng koʻp miqdorini belgilash;
ijtimoiy loyihalarni koʻrib chiqish natijasi boʻyicha qabul qilingan qaror ustidan shikoyat qilish tartibi;
davlat ijtimoiy buyurtmasini bajarishga ajratilgan mablagʻlarning NNTlar tomonidan maʼmuriy xarajatlar va ish haqiga ishlatiladigan qismini aniq belgilash;
davlat ijtimoiy buyurtmasini bajarishga ajratilgan mablagʻlardan maqsadli foydalanilishini monitoring qilishning aniq mexanizmi;
davlat ijtimoiy buyurtmasini bajarish natijalarining samaradorligini baholash indikatorlarini belgilash;
davlat ijtimoiy buyurtmasini bajarishga ajratilgan mablagʻlar sarflanishi yuzasidan jamoatchilikni doimiy ravishda xabardor qilib borish tartibi;
v) Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda 2022-yil 1-dekabrga qadar:
davlat organlari va tashkilotlari, Oliy Majlis huzuridagi jamoat fondi, uning hududiy boʻlinmalari hamda NNTlarning elektron portaldan ushbu qarorda belgilangan vazifalarning bajarilishi uchun foydalanishi uchun shart-sharoit yaratish maqsadida zarur chora-tadbirlarni amalga oshirsin;
ushbu qarorning 2 va 3-bandlarida nazarda tutilgan funksional imkoniyatlar Oʻzbekiston Respublikasining Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali ham amalga oshirilishini taʼminlasin;
g) Moliya vazirligi, Oliy Majlis huzuridagi jamoat fondi, Oʻzbekiston nodavlat notijorat tashkilotlari milliy assotsiatsiyasi, manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2022-yil 1-dekabrga qadar NNTlarga qonunchilikda belgilangan tartibda ijtimoiy sheriklik doirasida ajratilgan davlat granti va ijtimoiy buyurtmasi boʻyicha amalga oshirilgan ijtimoiy loyihalarning Yagona elektron reyestrini joriy etsin va doimiy ravishda yangilab borsin.
7. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari Tibbiy-ijtimoiy xizmatlarni rivojlantirish agentligi bilan birgalikda:
a) “Keksalar, nogironlar va aholining boshqa ijtimoiy ehtiyojmand toifalari uchun ijtimoiy xizmatlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining tizimli va samarali ijrosi taʼminlanishiga koʻmaklashish maqsadida quyidagi masalalarni aniqlash uchun 2023-yildan boshlab har yili tahlil qilib boradi:
mavjud ijtimoiy xizmatlarning xatlovi, ijtimoiy xizmatlarni koʻrsatish holati, ijtimoiy xizmatlarni koʻrsatishga jalb qilingan moddiy va moliyaviy resurslarning turlari va miqdori;
ijtimoiy xizmatlarni koʻrsatayotgan subyektlar turlari (davlat organlari va tashkilotlari, NNTlar, tadbirkorlik subyektlari va boshqalar.) va soni;
aholining ijtimoiy xizmatlarga boʻlgan ehtiyojini baholash orqali birinchi navbatda, ijtimoiy xizmatlar koʻrsatilishi zarur boʻlgan aholi qatlamlari;
jamoatchilik fikrini inobatga olgan holda, NNTlarga davlat grantlari va ijtimoiy buyurtmalari beriladigan ijtimoiy xizmat koʻrsatishning ustuvor yoʻnalishlari;
b) tahlillar natijasi boʻyicha har yili 1-martga qadar Oliy Majlis huzuridagi jamoat fondi mablagʻlarini boshqarish boʻyicha parlament komissiyasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyatlar va Toshkent shahar Kengashlari huzuridagi ijtimoiy sheriklik boʻyicha jamoat komissiyalari, Adliya vazirligi hamda manfaatdor vazirlik va idoralarga maʼlumot taqdim etib boradi.
8. Vazirlik va idoralar har yili sotsial va ijtimoiy ahamiyatga ega loyihalarni amalga oshirish uchun NNTlarga budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan beriladigan davlat ijtimoiy buyurtmalarini ushbu qarorning 6-bandida nazarda tutilgan tahliliy maʼlumotlarga asosan shakllantirib borsin.
9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri R.Q. Davletov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Yoshlarni qoʻllab-quvvatlash va jamoat tashkilotlari masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-apreldagi 208-son qaroriga ILOVA
Elektron portalda Ijtimoiy sheriklik va jamoatchilik nazoratini amalga oshirishning zamonaviy mexanizmlarini joriy etish boʻyicha
Adliya vazirligi, manfaatdor idora va tashkilotlar bilan birga ↓ 7 Davlat organlari va tashkilotlari 6 Elektron portal 5 Fuqarolik jamiyati institutlari → → ← ← 1 4 ↑ ↓ 2 3 Oliy Majlis huzuridagi jamoat fondi, uning hududiy boʻlinmalari
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 22-aprel,
208-son