UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 26-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 26 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 26 апреля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 26 April 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

ТАВСИФИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

ТАРКИБИ

Таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сон Фармони ҳамда «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 4 апрелдаги ПҚ-190-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг амалдаги штат бирликлари доирасида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бошқармаларида Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари билан ҳамкорликда хизмат олиб борадиган катта инспектори лавозимини жорий этиш;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида кўнгилли ёшлар иштирокида йўл ҳаракати қоидаларини фаол тарғиб қилувчи «Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» клубини ва «Яшил чироқ» мусобақасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Белгилансинки:

катта инспектор умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради, викторина ва мусобақаларни ташкил этади, тадбирларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминлайди, мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича яратилган шароитларни ўрганади, мониторинг қилади ва баҳолайди, аниқланган камчиликлар тўғрисида ҳудудий халқ таълим бошқармаларига маълумот киритади ҳамда таълим муассасаларида мазкур қарор доирасида амалга оширилаётган ишларни назорат қилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармони 2-бандининг тўққизинчи хатбошига мувофиқ маҳалла фуқаролар йиғинларининг таълим муассасаларига яқин ҳудудларида «Йўл ҳаракатини ўрганиш майдончалари»ни ташкил этиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкалари ажратилади.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи:

а) «Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» клуби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ:

«Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» клубини ташкил этиш тартиби;

клубнинг йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилиш ҳамда йўлларда ҳаракатланиш қоидалари бўйича кўникмаларни шакллантириш йўналишидаги асосий вазифалари ва фаолияти ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

«Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси»нинг ўқувчи ёшлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, шунингдек, уларда хавфсиз ҳаракатланиш кўникмаларини ҳосил қилиш соҳасидаги вазифалари;

б) «Яшил чироқ» мусобақасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

«Яшил чироқ» мусобақасини ташкил этиш, мусобақанинг босқичлари ҳамда уни ўтказишнинг асосий мақсадлари;

мусобақанинг иштирокчилари, уларга қўйиладиган талаблар, уларни баҳолаш мезонлари ҳамда ғолибларни тақдирлаш тартиби;

мусобақа ташкилотчилари, уни ташкил этиш бўйича республика ташкилий қўмита таркиби ҳамда мусобақани тарғиб қилиш ва оммалаштириш тартиби.

4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

а) бир ой муддатда Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг амалдаги штат бирликлари доирасида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бошқармаларида олий педагогик маълумотга эга бўлган, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари билан ҳамкорликда хизмат олиб борувчи бир нафардан катта инспектор лавозимини жорий этсин;

б) Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълим вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб «Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади» шиори остида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларига йўлларда, чорраҳаларда ва пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланиш асосларини амалий-кўргазмали тарзда ўргатишни йўлга қўйсин;

в) Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда:

икки ой муддатда «Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари» намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиб, ушбу лойиҳалар асосида 2022 — 2025 йилларда умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида «Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари»ни ташкил этиш дастурини тасдиқласин ва ижросини таъминласин;

икки ой муддатда ҳар йили умумий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган йўл ҳаракати қоидаларини фаол тарғиб қилувчи «Яшил чироқ» мусобақасини ташкил этсин;

умумий ва ўрта махсус таълим муассасаларига бириктирилган ходимларни, шу жумладан «Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» клуби фаол аъзоларини улар томонидан амалга оширилган ишларнинг натижадорлигидан келиб чиққан ҳолда, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларни рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан рағбатлантириб борсин;

г) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ажратилган ер майдонларида 2022 — 2024 йилларда «Йўл ҳаракатини ўрганиш майдончалари»ни ташкил этиш дастурини ишлаб чиқиб тасдиқласин ва ижросини таъминласин;

д) Транспорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда уч ой муддатда «Йўл ҳаракати қоидаларининг асослари» видеокурсларини яратсин ва таълим муассасалари ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали оммалаштириш чораларини кўрсин;

е) Транспорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 — 2024 йилларда таълим муассасалари атрофида белгиланган тартибда ҳаракат тезлигини камайтирувчи сунъий нотекисликлар ёки шовқин чизиқлари босқичма-босқич ўрнатилиб, тўлиқ жиҳозланишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

а) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида кўнгилли ёшлар иштирокида йўл ҳаракати қоидаларини фаол тарғиб қилувчи «Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» клубини ташкил этсин;

б) Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

2022 — 2025 йилларда умумий ва ўрта махсус таълим муассасаларида «Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари»ни ташкил этиш бўйича тасдиқланган дастурга мувофиқ умумтаълим муассасаларида тегишли синфхоналар ташкил этиш учун зарур хоналар ажратилишини таъминласин;

умумий ва ўрта махсус таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари соҳасида назарий билим ва амалий кўникмаларни шакллантириш мақсадида ички ишлар органлари ходимлари иштирокида ўқув-семинарлар ташкил этсин.

6. Белгилансинки, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида «Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари» ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида «Йўл ҳаракатини ўрганиш майдончалари»ни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Молия вазирлиги, Халқ таълим вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ўқувчиларни бепул ташиш хизматини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига лицензия тўловлари ва бошқа йиғимлар бўйича имтиёз бериш масаласини ўрганиб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда таклиф киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

Халқ таълими вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда «Йўл ҳаракати ёш тарғиботчиси» клубининг фаолияти ва бу борада эришилаётган натижаларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Б.О. Саидов ва Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И.Р. Маҳкамов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги 212-сон қарорига 1-ИЛОВА

«Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» клуби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом давлат умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари (кейинги ўринларда — таълим муассасалари) ўқувчиларининг «Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» клуби (кейинги ўринларда — клуб) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Клуб юридик шахс бўлмаган, таълим муассасаларида ташкил этиладиган, ўқувчи-ёшлар ўртасида йўл-транспорт ҳодисаларининг профилактикаси ҳамда уларда йўл ҳаракати хавфсизлиги борасида фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилган бирлашма ҳисобланади.

3. Клубнинг асосий мақсади ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларда қонунга ҳурмат, қонун бузилишининг ҳар қандай кўринишига муросасизлик туйғусини сингдириш орқали йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини шакллантириш, қонунга итоаткорлик хулқ-атворини оммалаштиришдан иборат.

4. Клуб ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

5. Клуб ўзининг номи ёзилган ҳамда фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирган ва ушбу Низомга иловага мувофиқ тасдиқланган рамзига эга бўлади.

6. Клубни ташкил этиш ва унинг фаолиятини назорат қилиш умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари маъмуриятига юкланади.

7. Клубнинг тўлиқ номи:

давлат тилида — «Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» клуби;

рус тилида — Клуб «Юный пропагандист правил дорожного движения»;

инглиз тилида — Club «Young propagandist of traffic rules».

2-боб. Клубнинг асосий вазифалари

8. Клубнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

вояга етмаганлар ўртасида йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилиш ҳамда йўлларда ҳаракатланиш қоидалари бўйича кўникмаларни шакллантириш борасидаги тадбирларни ташкил этиш ва уларда иштирок этиш;

ўқувчи ёшларнинг йўл ҳаракати қоидаларга оид олган билимларини амалда татбиқ этишига кўмаклашиш;

умумий ва ўрта махсус таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб этиш ишларига ўқувчи ёшларни жалб қилиш;

ўқувчи ёшларда ҳаракатланиш маданияти ва йўл ҳаракати иштирокчиси масъулияти ҳиссини шакллантириш;

йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилишда амалий кўникмаларга эга бўлиш;

оромгоҳларда йўл ҳаракати хавфсизлигига оид мусобақаларда иштирок этиш, ўқувчи ёшларнинг мазкур йўналишдаги билим ва кўникмаларини янада ошириб боришга қаратилган оммавий тадбирларни ташкил қилиш;

йўл ҳаракати хавфсизлигига оид мусобақаларга клуб аъзоларини ҳам ўқувчи ёшларни тайёрлаб бориш;

ўқувчи ёшлар ва вояга етмаганларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигига оид саводхонлигини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат тартибини сақлаш департаментининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига таклифлар киритиш.

9. Клуб:

клуб фаолияти тўғрисидаги маълумотларни оммалаштириш ва ўқувчи ёшларни йўлларда тўғри ҳаракатланишлари юзасидан тарғибот материаллари тайёрлайди, ўқувчи ёшлар ўртасида амалий-кўргазмали машғулотлар ўтказади, клуб аъзолари учун ўқув семинарлари ва амалий машғулотларни ташкил этади, мавзуга оид конкурслар, викториналар ўтказиш борасида тарғибот фаолиятини олиб боради;

туман (шаҳар) миқёсида ҳаракат хавфсизлиги бўйича акцияларда иштирок этади, ўқувчилар учун мактабга олиб борадиган энг хавфсиз йўналишларни белгилашда ҳамда аҳоли яшаш ҳудудида йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтишда хавфли жойларни аниқлашда кўмаклашади, ўқувчи ёшлар томонидан умумтаълим мактаблари атрофидаги ҳудудларда йўл ҳаракати қоидалари бузилишининг олдини олиш, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ўқувчилар ҳақидаги маълумотларни клуб раҳбарига тақдим этиш учун патруллик фаолиятини амалга оширади;

йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш бўйича деворий газета, тарқатма варақалар, ижодий конкурслар ташкил этилишида ёрдам кўрсатиш мақсадида ахборот фаолиятини олиб боради;

йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботини омма диққат эътиборига етказиш ҳамда тарғиб қилиш мақсадида «Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» электрон журналини ташкил этади.

3-боб. «Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» фаолиятининг мақсади ва вазифалари

10. «Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» фаолиятининг мақсади — ўқувчи ёшлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, шунингдек, уларда хавфсиз ҳаракатланиш кўникмаларини ҳосил қилиш ҳамда «йўл ҳаракати қоидалари» бўйича олаётган билимларини мустаҳкамлашдан иборат.

11. «Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси»нинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

клуб фаолиятини ташкил этишда клуб раҳбарига ёрдам бериш;

умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилиш ҳамда йўлларда ҳаракатланиш қоидалари бўйича кўникмаларни шакллантириш;

ўқувчи ёшларда ҳаракатланиш маданияти ва йўл ҳаракати иштирокчиси масъулияти ҳиссини шакллантириш;

ўқувчи ёшларнинг билим ва кўникмаларини янада ошириб бориш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида йўл ҳаракати хавфсизлигига оид мусобақалар ташкил этишда клуб раҳбарига кўмаклашиш.

4-боб. Клуб аъзолигига қабул қилиш ва аъзоликдан чиқариш тартиби

12. Клубга умумий ўрта таълим мактабларининг 9 — 11-синф ўқувчилари бадал тўловларисиз кўнгилли равишда аъзо бўлишади.

Клуб аъзолари сони таълим муассасасидаги умумий ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда таълим муассасаси раҳбари томонидан белгиланади.

13. Клубга аъзолик таълим муассасаси раҳбари номига ёзилган ариза орқали амалга оширилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

қонуний вакилларининг (ота-онаси ёки уларнинг 5фнини босувчи шахслар) розилик хати;

туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ёки фуқаролик паспорти (идентификация ID-картаси) нусхаси;

3x4 ҳажмдаги фотосурат (4 дона).

14. Клуб аъзолигидан қуйидаги ҳолатларда чиқарилади:

ўз хоҳишига кўра клуб аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги аризага асосан;

клуб аъзосининг раҳбар органлар қарорлари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини мунтазам ёки қўпол равишда бузганлиги учун;

клуб аъзоси таълим муассасасини битирганда ёки бошқа таълим муассасасига ўтганда.

5-боб. Клуб аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

15. Клуб аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

клубнинг йиғилишларида ва оммавий ахборот воситаларида унинг фаолияти юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш;

клуб фаолиятини ривожлантиришга қаратилган қарорларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

клубдан зарур бўлган маълумотлар ва қўлланмалар олиш;

клубнинг гуруҳ сардорлигига номзодлар кўрсатиш, сайлаш ва сайланиш;

клубнинг барча тадбирлари, дастурлари ва лойиҳаларида иштирок этиш;

ихтиёрий равишда клуб аъзолигидан чиқиш.

16. Клуб аъзолари:

ушбу Низом талабларига тўлиқ риоя қилиши;

клубнинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишда фаол иштирок этиши;

клуб фаолиятини тарғиб қилиши ва қўллаб-қувватлаши;

клуб машғулотларига мунтазам қатнашиши;

йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишда бошқа ўқувчи ешларга ўрнак бўлиши;

ёшлар ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалий кўникмаларни шакллантиришни тарғиб қилиши;

йўл-транспорт ҳодисаси рўй берганда, тезкор ҳаракат қилиш учун зарур билимларни эгаллаши;

клуб раҳбари томонидан берилган топшириқларни масъулият билан бажариши;

клуб фаолияти тўғрисида клуб раҳбарига ҳисобот бериб бориши шарт.

6-боб. Клуб фаолиятини ташкил этиш

17. Клуб таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан таълим муассасасининг ходимлари орасидан тайинланган раҳбар томонидан бошқарилади.

18. Клуб раҳбари:

мазкур Низом асосида клубни тузиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш;

бошқа таълим муассасаларида ташкил этилган клублар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

клублар ўртасида ташкил этиладиган мусобақаларга пухта тайёргарлик кўрилишини ташкил этиш;

клуб аъзолари учун машғулотлар олиб бориш ёки малакали мутахассисларни жалб этиш чораларини кўриш;

клубни ўқув-услубий қўлланмалар билан таъминлаш, унинг моддий-техник базасини ривожлантириш юзасидан таълим муассасаси раҳбарига таклифлар бериб бориш;

клуб аъзолари томонидан вазифаларнинг аниқ бажарилишини назорат қилиш;

клублар ўртасида ташкил этиладиган «Яшил ранг», «Йўл ҳаракати қоидалари билимдони», «Энг намунали йўловчи» каби викторина ҳамда «Яшил чироқ» мусобақасига пухта тайёргарлик кўриш.

19. Клуб аъзолари баҳолаш, жиҳозлаш, тарғибот, навбатчилик, бадиий, пиёдалар ҳаракатини ташкил этиш, тиббий ёрдам ва гуруҳлар бўйича фаолият юритиши мумкин.

20. Клуб фаолиятини ташкил этишда таълим муассасаси раҳбари қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга:

таълим муассасаси ҳудудида клуб учун хона ажратиш ҳамда уни зарур жиҳоз ва махсус анжомлар билан таъминлаш чораларини кўриш;

таълим муассасаси ҳудудида клуб учун ажратилган хона ёки бурчакларни зарур жиҳоз ва махсус анжомлар билан таъминлаш юзасидан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқарма ва бўлими раҳбарига тегишли таклифлар киритиш;

таълим муассасасининг малакали чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари ва раҳбарлари орасидан жамоатчилик асосида клуб раҳбарини тайинлаш;

клуб аъзоларининг мусобақаларда фаол иштирок этишлари учун шароитлар яратиш;

клуб фаолиятини ташкил этишда техника ва ёнгин хавфсизлиги, шунингдек, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларининг бажарилишини назорат қилиш.

Таълим муассасаси раҳбари клубнинг белгиланган талаблар асосида ташкил этилиши ҳамда мазкур Низом қоидаларининг бажарилиши юзасидан шахсан жавобгардир.

21. Клуб аъзоларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида таълим муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланадиган дастур ва режалар ишлаб чиқилиши мумкин.

Клуб аъзолари масъул вазирлик ва идоралар томонидан тавсия этилган дастурлар асосида ўқитилади.

Ёзги таътил даврида клуб фаолияти алоҳида режа асосида амалга оширилади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

22. Клуб раҳбари таълим муассасаси раҳбари томонидан белгиланган тартибда рағбатлантирилади.

23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

«Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» клуби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

«Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси» клуби рамзи

Ҳалқали чизиқнинг тепа қисмида сариқ рангли тўғри босма ҳарфларда лотин алифбосида «YOʻL НARAKATI QOIDALARI», пастки қисмида «YOSН TARGʻIBOTCНISI» сўзлари ёзилган. Ёзувлар қатъият, матонат ва шон-шарафни ифодаловчи иккита олти қиррали юлдуз билан бир-биридан ажратилган.

Айлана ўртасида светофорнинг қизил, сариқ ва яшил ранглари орқали ёш тарғиботчи болалар рамзи ифодаланган бўлиб, унинг пастки қисмида билим ўчоғи ҳисобланган нур таралиб турган китобнинг очиқ ҳолати тасвирланган. Айлананинг юқори қисмида тинчлик ва осойишталикка чорловчи юқорига учиб бораётган лайлаклар ҳамда нур сочиб турган қуёш тасвири туширилган.

Бундай жойлашув таълим муассасалари ўқувчиларининг йўл ҳаракати қоидалари бўйича билим ва кўникмаларини шаклланишига хизмат қилишини ифодалайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги 212-сон қарорига 2-ИЛОВА

«Яшил чироқ» мусобақасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом давлат умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида (кейинги ўринларда — таълим муассасалари) ўқувчилар ўртасида «Яшил чироқ» мусобақасини (кейинги ўринларда — мусобақа) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Мусобақа таълим муассасаларида ўқувчи ёшларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш, уларни йўл ҳаракатининг маданиятли иштирокчиси сифатида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида ташкил этилади.

2-боб. Мусобақанинг асосий вазифалари

3. Мусобақанинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

«Яшил чироқ» гуруҳлари фаолиятини такомиллаштириш;

«Яшил чироқ» гуруҳлари аъзоларининг билим ва малакаларини ошириш;

болаларга кўча ва йўлларда юриш қоидаларини кенг тарғиб қилишда энг яхши иш тажрибаларини ўрганиш, тўлдириш ва оммалаштириш;

болалар онгида «Йўл ҳаракати қоидалари»га қатъи риоя қилиш ҳиссини шакллантириш.

3-боб. Мусобақани ташкил қилиш тартиби

4. Мусобақани ташкил этиш ва ўтказиш таълим муассасалари томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида амалга оширилади. Мусобақа давомида «Йўл ҳаракати қоидалари»ни ўрганиш бўйича тест синовлари, танлов, викторина, мусобақалар мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ ўтказилади.

5. Мусобақалар ўқишдан ташқари вақтларда ташкил этилади.

6. Мусобақа иштирокчилари дам олиш кунлари алоҳида режага асосан олдиндан келишилган (рухсат олган) ҳолда, Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларига экскурсия уюштиришлари, ходимларга яратилган хизмат шароитлари билан танишишлари мумкин.

7. Мусобақа қуйидаги тўрт босқичда ўтказилади:

1-босқич таълим муассасаларида ҳар йили февраль-март ойларида ўтказилади. Мазкур босқичда мусобақа синфлараро йўл ҳаракати қоидалари бўйича ўтказилади ва йўл ҳаракати қоидаларини яхши ўзлаштирган ўқувчилардан «яшил чироқ» гуруҳлари тузилади. Бу гуруҳга 11 — 14 ёшли 5 — 8-синф ўқувчилари қабул қилинади;

2-босқич (маҳаллий босқич) ҳар йили март-апрель ойларида туман (шаҳар) доирасида ўтказилади;

3-босқич (ҳудудий босқич) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри доирасида туман (шаҳар) ғолиблари иштирокида ҳар йили май ойида ўтказилади;

4-босқич (республика босқичи) ҳар йили июнь-июль ойларида учинчи босқичда 1-ўринни эгаллаган гуруҳлар иштирокида ўтказилади.

8. Мусобақани ўтказиш ишларига раҳбарлик қилиш ва уларни адолатли ўтказиш мақсадида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ таркибда «Яшил чироқ» мусобақаларига тайёргарлик кўриш ва ташкил этиш бўйича республика ташкилий қўмитаси, ҳудудларда эса ҳудудий ташкилий қўмиталар тузилади.

Ҳудудий ташкилий қўмиталар Халқ таълими вазирлиги, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бўлинмаларининг вакилларидан иборат таркибда тузилади.

9. Мусобақа ўтказиладиган жой ташкилий қўмита томонидан белгиланади ва ҳар бир босқичдан камида 30 кун олдин таълим муассасалари ва масъул ташкилотларга маълум қилинади.

Мусобақанинг республика босқичи июнь-июль ойларида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган жойда ўтказилади.

Мусобақанинг республика босқичи ўтказилиши белгиланган жойга келиб кетиш учун автотранспорт таъминоти Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига юкланади, гуруҳларни кузатиб бориш эса ҳудудий Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан амалга оширилади.

10. Ташкилий қўмита мусобақани ўтказиш бўйича барча ташкилий масалаларни ҳал этади, ҳакамлар ҳайъати таркибини тузади ва тасдиқлайди.

11. Мусобақани ўтказиш жойи ташкилий қўмитанинг тавсиясига биноан тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари буйруғига асосан белгиланади.

12. Мусобақанинг тантанали очилиш ва ёпилиш тадбирлари ташкилий қўмита қарорига асосан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилган жойларда ўтказилиши мумкин.

4-боб. Мусобақа иштирокчилари

13. Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган таълим муассасалари ўқувчиларидан иборат гуруҳлар иштирок этади.

14. Мусобақа соғлом ва ногиронлиги бўлган болалар ўртасида алоҳида-алоҳида ўтказилади.

15. Таълим муассасаларининг мусобақада иштирок этувчи гуруҳлари 6 нафар ўқувчидан (3 нафар ўғил бола ва 3 нафар қиз бола) иборат таркибда тузилади.

16. Гуруҳлар фақат мусобақада қатнашаётган таълим муассасаси ўқувчиларидан иборат бўлиши керак.

17. Мусобақада «Йўл ҳаракати қоидалари» юзасидан билим ва кўникмаларга эга бўлган 11 — 14 ёшли ўқувчилар иштирок этади.

18. Мусобақа иштирокчилари ҳакамлар ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

шахсини тасдиқловчи ҳужжат (туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ёки идентификацияловчи ID-карта нусхаси);

таълим муассасаси ўқувчиси эканлигини тасдиқловчи маълумотнома (сурати билан, муҳрланган);

соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотнома;

техника хавфсизлиги қоидалари билан бевосита танишганлиги юзасидан далолатнома.

19. Мусобақага гуруҳлар қатъий равишда махсус кийим-бош, спорт кийимлари ва гувоҳномалар билан келишлари шарт (кийим-боши ўзгартирилган ва гувоҳномаси бўлмаган ўқувчилар мусобақаларга қўйилмайди).

Талаб қилинган юқоридаги ҳужжатларни топширмаган ёки ҳужжатларида камчилиги мавжуд жамоалар мусобақада иштирок эта олмайди.

5-боб. Мусобақа ташкилотчилари

20. Қуйидагилар мусобақа ташкилотчилари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги;

Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси.

21. Мусобақа ташкилотчилари:

мусобақага амалий раҳбарлик қилиш учун унинг қуйи ва якуний босқичларида малакали мутахассислардан иборат вакилларининг иштирокини таъминлайди;

ҳудудий ташкилий қўмиталар томонидан жойларда мусобақаларга раҳбарлик қилиш учун штаб ва унинг раҳбарлари тасдиқланишини назорат қилади.

22. Мусобақанинг ҳар бир босқичи ўтказилганлиги юзасидан баённома ташкилий қўмитага мусобақалар ўтгандан кейин уч кун муддат ичида берилиши шарт.

23. Гуруҳлар мусобақага Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими ва мактаб вакилининг кузатувида келадилар.

6-боб. Мусобақа шартлари ва баҳолаш мезонлари

24. Мусобақа қуйидаги шартлар асосида ўтказилади:

Жамоаларнинг сафда юриш тайёргарлиги;

Пиёдалар вазифалари ва ҳаракатига оид синов;

Ёш велосипедчилар мусобақаси;

Ёш тартибга солувчи синови;

Гуруҳ сардорлари беллашуви;

Чорраҳа макетини ясаш бўйича беллашув;

Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш;

Техника ижодиёти танлови;

Автомобиллар билимдони;

Йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳон;

Велосипед бошқарувчиларнинг чорраҳада ҳаракатланиши;

«Яшил чироқ» тарғибот гуруҳларининг чиқиши;

«Медиаижодиёт» маҳсулотлари.

25. Жамоаларнинг сафда юриш тайёргарлиги шартида жамоанинг барча аъзолари иштирок этади. Жамоа аъзоларининг сафда шахдам қадам билан белгиланган қоида бўйича юришларига, саф қўшиғи мазмуни ва ижросига алоҳида эътибор қаратилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда «5» баллик тизимда баҳоланади.

26. Пиёдалар вазифалари ва ҳаракатига оид синов шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. Иштирокчи ҳакамлар томонидан тайёрланган саволлар тўпламидан битта билет танлаб олиб, жавоб қайтаради. Ҳакамларнинг талабига асосан жавобларини амалий тарзда кўрсатиб ҳам беради. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда «5» баллик тизимда баҳоланади.

27. Еш велосипедчилар мусобақаси шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. Иштирокчи саккиз шаклидаги чизиқни босмай унинг оралиғида ҳаракатланиш, тўсиқларни айланиб ўтиш, шартли кўприкчадан юриш, махсус устунча устида турган идишдаги сувни тўкмасдан иккинчи устунчага олиб бориб қўйиш шартларини бажаради. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда «5» баллик тизимда баҳоланади.

28. Ёш тартибга солувчи синови шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. У ҳакамлар томонидан берилган саволларга кўра регулировкачининг ҳаракатларини кўрсатиб, изоҳлаб беради. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда «5» баллик тизимда баҳоланади.

29. Гуруҳ сардорлари беллашуви шартида жамоалар сардорлари иштирок этади. Сардорларга навбати билан «Йўл ҳаракати қоидалари» асосида саволлар берилади. Мусобақанинг ушбу тури сардорлардан бири саволга жавоб бера олмай қолганда тўхтатилади. Ҳакамлар ҳайъати аъзоси томонидан ҳар бир савол ўқилади ва ушбу саволга жамоа сардори 10 сония ичида тўлиқ жавоб бериши талаб этилади.

«Тўлиқ» жавоб учун «2» балл, «тўлиқ бўлмаган» жавоб учун «1» балл, «нотўғри» жавоб учун «0» балл қўйиб борилади.

30. Чорраҳа макетини ясаш бўйича беллашув шартида жамоанинг икки нафар аъзоси иштирок этади. Улар ҳакамлар томонидан берилган топшириққа асосан 15 дақиқа ичида 40x40 ўлчамдаги қоғоз ёки картонга макет ясаб беришлари керак. Макет ясашда қалам, ручка, фломастерда чизиқлар чизиш тақиқланади ва тайёр қилиб олиб келинган деталлар инобатга олинмайди. Ҳар бир деталь «Йўл ҳаракати қоидалари» талабларига мос тушиши ва қоғоздан кесиб олиниб, елим билан ёпиштирилиши шарт. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда «5» баллик тизимда баҳоланади.

31. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш шартида жамоанинг икки нафар аъзоси иштирок этади. Улар йўл-транспорт ҳодисасида жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича шифокорлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришади. Жавоблар амалий тарзда кўрсатиб берилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда «5» баллик тизимда баҳоланади.

32. Техника ижодиёти танлови шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. Танлов ўқувчилар томонидан тайёрланган, радио сигналлар орқали бошқариладиган транспортлар ҳаракати юзасидан ўтказилади. Ушбу транспортнинг кузови қўлда (картон ёки фанерадан) ясалган бўлиши шарт. Шартда транспорт воситасининг тўғрига, ўнгга, чапга, орқага ҳаракати намойиш этилади ва транспорт воситаси шартли равишда ясалган гаражга киритилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда «5» баллик тизимда баҳоланади.

33. Автомобиллар билимдони шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. Иштирокчиларнинг ҳар бирига навбати билан 10 та «Автомобиллар русуми, техник тавсифи, махсус автомобиллар тури» асосида саволлар берилади. Ҳакамлар ҳайъати аъзоси томонидан ҳар бир савол ўқилади ва автомобиль фотосурати кўрсатилади ушбу саволга жамоа аъзоси 10 сония ичида тўлиқ жавоб бериши талаб этилади.

«Тўлиқ» жавоб учун «2» балл, «тўлиқ бўлмаган» жавоб учун «1» балл, «нотўғри» жавоб учун «0» балл қўйиб борилади.

34. Йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳон шартида жамоанинг бир нафар аъзоси иштирок этади. У шаблон саволларга жавоб ёзиш асосида ўз билимларини кўрсатади. Имтиҳон топширишга 15 дақиқа вақт берилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда ҳар бир тўғри жавоб учун «1» баллик тизимда баҳоланади.

35. Велосипед бошқарувчиларнинг чорраҳада ҳаракатланиши шартида жамоанинг бир нафар аъзоси иштирок этади. У велосипедни бошқарган ҳолда чорраҳани светофор ёки тартибга солувчининг ишораларига амал қилган ҳолда кесиб ўтади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда «5» баллик тизимда баҳоланади.

36. «Яшил чироқ» тарғибот гуруҳларининг чиқиши шартида жамоанинг барча аъзолари иштирок этади. Бу чиқишда гуруҳлар йўл ҳаракати қоидаларини бадиий усулда, театрлаштирилган саҳна кўринишларида тарғиб қиладилар. Тарғибот гуруҳларининг чиқишига 10 дақиқа вақт берилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда «5» баллик тизимда баҳоланади.

37. «Медиаижодиёт» маҳсулотлари шартида республика босқичига чиққан гуруҳлар «Медиаижодиёт» маҳсулотларини олиб келишлари лозим:

йўл ҳаракатини хавфсизлигини тарғиб этувчи 1 дақиқалик ижтимоий видеоролик;

2-3 дақиқалик видеорепортаж;

йўл ҳаракати хавфсизлигини тарғиб этувчи флешмоб;

тарғибот плакати А-1 форматдаги ватман қоғозда.

Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда ҳар бир мавзуга мос ва таъсирчан маҳсулот учун «5» баллик тизимда баҳоланади.

«Медиаижодиёт» маҳсулотлари тайёрлаш умумий ўрта таълим мактаби ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директорининг буйруғи билан директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

38. Бир хил балл тўплаган гуруҳларга қўшимча мусобақа ташкил этилади, яъни гуруҳ аъзоларининг автомайдончада тартибга солувчи ишоралар бўйича велосипедда ҳаракатланиши шартида жамоанинг барча аъзолари иштирок этади. Бу чиқишда гуруҳ аъзолари тўрт тарафдан тартибга солувчи ишораларига амал қилган ҳолда чорраҳани кесиб ўтадилар. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда «5» баллик тизимда баҳоланади.

39. Ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун мусобақа қуйидаги шартлар асосида ўтказилади:

Пиёдалар ҳаракатига оид саволлар;

Гуруҳ сардорлари беллашуви;

Чорраҳа макетини ясаш бўйича беллашув;

Техника ижодиёти танлови;

Автомобиллар билимдони;

Йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳон;

«Медиаижодиёт» маҳсулотлари.

40. Пиёдалар ҳаракатига оид саволлар шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. Иштирокчи пиёдаларнинг вазифаларига оид саволларга жавоб қайтаради. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда «5» баллик тизимда баҳоланади.

41. Гуруҳ сардорлари беллашуви шартида жамоанинг сардорлари иштирок этади. Сардорларга навбати билан «Йўл ҳаракати қоидалари» асосида саволлар берилади. Мусобақанинг ушбу тури сардорлардан бири саволга жавоб бера олмай қолганда тўхтатилади. Ҳакамлар ҳайъати аъзоси томонидан ҳар бир савол ўқилади ва ушбу саволга жамоа сардори 10 сония ичида тўлиқ жавоб бериши талаб этилади.

«Тўлиқ» жавоб учун «2» балл, «тўлиқ бўлмаган» жавоб учун «1» балл, «нотўғри» жавоб учун «0» балл қўйиб борилади.

42. Чорраҳа макетини ясаш бўйича беллашув шартида жамоанинг икки нафар аъзоси иштирок этади. Улар ҳакамлар томонидан берилган топшириққа асосан 15 дақиқа ичида 40x40 ўлчамдаги қоғоз ёки картонга макет ясаб беришлари керак. Макет ясашда қалам, ручка, фломастерда чизиқлар чизиш тақиқланади ва тайёр қилиб олиб келинган деталлар инобатга олинмайди. Ҳар бир деталь «Йўл ҳаракати қоидалари» талабларига мос тушиши ва қоғоздан кесиб олиниб, елим билан ёпиштирилиши шарт. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда «5» баллик тизимда баҳоланади.

43. Техника ижодиёти танлови шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. Танлов ўқувчилар томонидан тайёрланган, радио сигналлар орқали бошқариладиган транспортлар ҳаракати юзасидан ўтказилади. Ушбу транспортнинг кузови қўлда (картон ёки фанерадан) ясалган бўлиши шарт. Шартда транспорт воситасининг тўғрига, ўнгга, чапга, орқага ҳаракати намойиш этилади ва транспорт воситаси шартли равишда ясалган гаражга киритилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда «5» баллик тизимда баҳоланади.

44. Автомобиллар билимдони шартида жамоанинг битта аъзоси иштирок этади. Иштирокчиларнинг ҳар бирига навбати билан 10 та «Автомобиллар русуми, техник тавсифи, махсус автомобиллар тури» асосида саволлар берилади. Ҳакамлар ҳайъати аъзоси томонидан ҳар бир савол ўқилади ва автомобиль фотосурати кўрсатилади, ушбу саволга жамоа аъзоси 15 сония ичида тўлиқ жавоб бериши талаб этилади.

«Тўлиқ» жавоб учун «2» балл, «тўлиқ бўлмаган» жавоб учун «1» балл, «нотўғри» жавоб учун «0» балл қўйиб борилади.

45. Йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳон шартида жамоанинг бир нафар аъзоси иштирок этади. У шаблон саволларига жавоб ёзиш асосида ўз билимларини кўрсатади. Имтиҳон топширишга 20 минут вақт берилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда ҳар бир тўғри жавоб учун «1» баллик тизимда баҳоланади.

46. «Медиаижодиёт» маҳсулотлари шартида республика босқичига чиққан гуруҳлар «Медиаижодиёт» маҳсулотларини олиб келишлари лозим:

йўл ҳаракати хавфсизлигини тарғиб этувчи флешмоб;

тарғибот плакати А-1 форматдаги ватман қоғозда.

Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда ҳар бир мавзуга мос ва таъсирчан маҳсулот учун «5» баллик тизимда баҳоланади.

47. Бир хил балл тўплаган гуруҳларга қўшимча мусобақа ташкил этилади, яъни гуруҳ аъзоларига йўл ҳаракати қоидалари бўйича қўшимча имтиҳон шартида жамоанинг бир нафар аъзоси иштирок этади. У шаблон саволларига жавоб ёзиш асосида ўз билимларини кўрсатади. Имтиҳон топширишга 10 минут вақт берилади. Шарт ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан келишилган ҳолда ҳар бир тўғри жавоб учун «1» баллик тизимда баҳоланади.

48. Мусобақа шартлари бўйича иштирокчиларни ташкилий қўмита томонидан белгиланган ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолаб боради.

49. Гуруҳларнинг барча шартлар давомида тезкорлиги, «Йўл ҳаракати қоидалари»ни мукаммал билиши, мамлакатимиз автомобиль йўлларида ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги янгиликларни билиши, кийим-бош кийиши, жавоб беришдаги қатъияти ва ушбу Низомда кўрсатилган талабларга риоя этишлари — баҳолашнинг асосий мезони ҳисобланади.

50. Мусобақадаги саволлар «Йўл ҳаракати қоидалари»дан келиб чиққан ҳолда тузилади.

51. Саволлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва унинг бўлинмалари мутахассислари томонидан тузилади ҳамда мусобақа кунидан бир кун аввал махсус конвертга солиниб, ташкилий қўмита аъзолари иштирокида муҳрланади.

7-боб. Ғолибларни тақдирлаш

52. Мусобақа ғолиблари қуйидаги тартибда тақдирланади:

1-босқич ғолиблари таълим муассасаларининг I, II ва III даражали дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади. Ғолибларни тақдирлаш учун сарф-харажатларга ҳомийлар жалб этилиши мумкин.

2-босқич ғолиблари Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) кенгашлари ва таълим муассасаларининг I, II ва III даражали дипломлари ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан ажратилган эсдалик совғалари билан тақдирланади.

3-босқич ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий кенгашларининг I, II ва III даражали дипломлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланади. Шунингдек, ғолибларни тақдирлаш учун сарф-харажатларга бошқа ташкилотлар ҳам ҳомийлик қилишлари мумкин.

4-босқич ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигининг I, II ва III даражали дипломлари, масъул ташкилотларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланади.

8-боб. Якунловчи қоидалар

53. Мусобақанинг республика босқичини юқори савияда ташкил этиш, ўтказиш ва мусобақа ғолибларини рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар (овқатланиш, ётоқхона, совғалар, оромгоҳни безаш, маданий ва маърифий тадбирлар) Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларни рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

54. Мазкур мусобақанинг қуйи босқичлари билан боғлиқ барча ҳужжатлар (материаллар) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бўлинмаларида, якуний босқичи бўйича ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида сақланади.

«Яшил чироқ» мусобақасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

«Яшил чироқ» мусобақасини ташкил этиш

Босқичлар Субъект Чора-тадбирлар номи Муддат 1-босқич Умумтаълим муассасалари раҳбарлари 1. Мактаб доирасида 11 — 14 ёшли 5 — 8-синф ўқувчилари орасида гуруҳларни ташкил этади. 2. Йўл ҳаракати қоидаларини ўзлаштиришга қаратилган 13 та шартдан иборат синфлараро мусобақани ўтказади ва ғолиб гуруҳларни аниқлайди. 3. Ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун 7 та шартдан иборат мусобақани ташкил этади. 4. Ғолиб бўлган гуруҳларни таълим муассасаларининг I, II ва III даражали дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирлайди. Ҳар йили февраль-март ойлари 2-босқич Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, уларнинг туман ва шаҳарлари бўлимлари (бўлинмалари) раҳбарлари, Ёшлар ишлари агентлиги туман (шаҳар) кенгашлари 1. Мактаб доирасида ўтказилган мусобақада ғолиб бўлган гуруҳлар ўртасида туман (шаҳар) доирасида мактаблараро мусобақани ташкил этади. 2. Ғолиб бўлган гуруҳларни аниқлайди ва Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) кенгашлари таълим муассасаларининг I, II ва III даражали дипломлари ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан ажратилган эсдалик совғалари билан тақдирлайди. 3. Мусобақа натижалари бўйича баённома расмийлаштиради ва Ҳудудий ташкилий қўмитага юборади. Ҳар йили март-апрель ойлари 3-босқич Ҳудудий ташкилий қўмиталар * 1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри доирасида туман (шаҳар) доирасида ғолиб бўлган гуруҳлар ўртасида мусобақани (ҳудудий босқич) ўтказади. 2. Ғолиб бўлган гуруҳларни аниқлайди ва уларни Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий кенгашларининг I, II ва III даражали дипломлари ва эсдалик совғалари билан тақдирлайди. 3. Мусобақа натижалари бўйича баённома расмийлаштиради ва Республика ташкилий қўмитасига юборади. Ҳар йили май ойида 4-босқич Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати 1. Мусобақанинг ҳудудий босқичи ғолиблари ўртасида республика босқичини Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган жойда ташкил этади. 2. Ғолиб бўлган гуруҳларни аниқлайди ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлигининг I, II ва III даражали дипломлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирлайди. Ҳар йили июнь-июль ойлари

«Яшил чироқ» мусобақасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

«Яшил чироқ» мусобақаларига тайёргарлик кўриш ва ташкил этиш бўйича республика ташкилий қўмитаси

1. О. Саидов — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи, Ташкилий қўмита раиси 2. Э. Муродов — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари 3. Д. Каттаханова — Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари 4. А. Муродов — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати бошлиғи 5. О. Шомуродов — Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Теле-радио дастурларини мониторинг ва таҳлил қилиш бўлими бошлиғи 6. Қ. Каримова — «Автоҳамроҳ» журнали бош муҳаррири 7. Л. Жўраев — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати катта мутахассиси

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 26 апрель,

212-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.04.2022 й., 09/22/212/0346-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

TAVSIFI

NIZOM

SXEMASI

TARKIBI

Taʼlim muassasalarida yoʻl harakati qoidalari targʻibotini kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi jamoat xavfsizligi konsepsiyasini tasdiqlash va uni amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 29-noyabrdagi PF-27-son Farmoni hamda “Avtomobil yoʻllarida inson xavfsizligini ishonchli taʼminlash va oʻlim holatlarini keskin kamaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 4-apreldagi PQ-190-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Xalq taʼlimi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Transport vazirligining:

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining amaldagi shtat birliklari doirasida Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining hududiy boshqarmalarida Umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim muassasalari bilan hamkorlikda xizmat olib boradigan katta inspektori lavozimini joriy etish;

umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim muassasalarida koʻngilli yoshlar ishtirokida yoʻl harakati qoidalarini faol targʻib qiluvchi “Yoʻl harakati qoidalari yosh targʻibotchisi” klubini va “Yashil chiroq” musobaqasini tashkil etish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.

2. Belgilansinki:

katta inspektor umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim muassasalarida yoshlar oʻrtasida targʻibot-tashviqot ishlarini olib boradi, viktorina va musobaqalarni tashkil etadi, tadbirlarning ommaviy axborot vositalarida yoritilishini taʼminlaydi, maktablarda yoʻl harakati qoidalarini oʻrgatish boʻyicha yaratilgan sharoitlarni oʻrganadi, monitoring qiladi va baholaydi, aniqlangan kamchiliklar toʻgʻrisida hududiy xalq taʼlim boshqarmalariga maʼlumot kiritadi hamda taʼlim muassasalarida mazkur qaror doirasida amalga oshirilayotgan ishlarni nazorat qiladi;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 8-iyundagi PF-6243-son Farmoni 2-bandining toʻqqizinchi xatboshiga muvofiq mahalla fuqarolar yigʻinlarining taʼlim muassasalariga yaqin hududlarida “Yoʻl harakatini oʻrganish maydonchalari”ni tashkil etish uchun fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlariga qishloq xoʻjaligida foydalanilmaydigan yer maydonlaridan doimiy foydalanish huquqi asosida yer uchastkalari ajratiladi.

3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi:

a) “Yoʻl harakati qoidalari yosh targʻibotchisi” klubi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq:

“Yoʻl harakati qoidalari yosh targʻibotchisi” klubini tashkil etish tartibi;

klubning yoʻl harakati qoidalarini targʻib qilish hamda yoʻllarda harakatlanish qoidalari boʻyicha koʻnikmalarni shakllantirish yoʻnalishidagi asosiy vazifalari va faoliyati hamda uning huquq va majburiyatlari;

“Yoʻl harakati qoidalari yosh targʻibotchisi”ning oʻquvchi yoshlar bilan bogʻliq yoʻl-transport hodisalarining oldini olish, shuningdek, ularda xavfsiz harakatlanish koʻnikmalarini hosil qilish sohasidagi vazifalari;

b) “Yashil chiroq” musobaqasini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

“Yashil chiroq” musobaqasini tashkil etish, musobaqaning bosqichlari hamda uni oʻtkazishning asosiy maqsadlari;

musobaqaning ishtirokchilari, ularga qoʻyiladigan talablar, ularni baholash mezonlari hamda gʻoliblarni taqdirlash tartibi;

musobaqa tashkilotchilari, uni tashkil etish boʻyicha respublika tashkiliy qoʻmita tarkibi hamda musobaqani targʻib qilish va ommalashtirish tartibi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:

a) bir oy muddatda Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining amaldagi shtat birliklari doirasida Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati va uning hududiy boshqarmalarida oliy pedagogik maʼlumotga ega boʻlgan, umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim muassasalari bilan hamkorlikda xizmat olib boruvchi bir nafardan katta inspektor lavozimini joriy etsin;

b) Maktabgacha taʼlim vazirligi va Xalq taʼlim vazirligi bilan birgalikda 2022-yil 1-sentabrdan boshlab “Yoʻl harakati intizomi bolalikdan boshlanadi” shiori ostida maktabgacha taʼlim tashkilotlari tarbiyalanuvchilari va maktab oʻquvchilariga yoʻllarda, chorrahalarda va piyodalar oʻtish joylarida harakatlanish asoslarini amaliy-koʻrgazmali tarzda oʻrgatishni yoʻlga qoʻysin;

v) Xalq taʼlimi vazirligi bilan birgalikda:

ikki oy muddatda “Harakat xavfsizligi sinfxonalari” namunaviy loyihalarini ishlab chiqib, ushbu loyihalar asosida 2022 — 2025-yillarda umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim muassasalarida “Harakat xavfsizligi sinfxonalari”ni tashkil etish dasturini tasdiqlasin va ijrosini taʼminlasin;

ikki oy muddatda har yili umumiy va oʻrta maxsus taʼlim muassasalari oʻquvchilari oʻrtasida oʻtkaziladigan yoʻl harakati qoidalarini faol targʻib qiluvchi “Yashil chiroq” musobaqasini tashkil etsin;

umumiy va oʻrta maxsus taʼlim muassasalariga biriktirilgan xodimlarni, shu jumladan “Yoʻl harakati qoidalari yosh targʻibotchisi” klubi faol aʼzolarini ular tomonidan amalga oshirilgan ishlarning natijadorligidan kelib chiqqan holda, Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining moddiy-texnik bazasini rivojlantirish, xodimlarni ragʻbatlantirish va mukofotlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan ragʻbatlantirib borsin;

g) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda ikki oy muddatda mahalla fuqarolar yigʻinlari hududida fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlariga ajratilgan yer maydonlarida 2022 — 2024-yillarda “Yoʻl harakatini oʻrganish maydonchalari”ni tashkil etish dasturini ishlab chiqib tasdiqlasin va ijrosini taʼminlasin;

d) Transport vazirligi, Xalq taʼlimi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Yoshlar ishlari agentligi, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi bilan birgalikda uch oy muddatda “Yoʻl harakati qoidalarining asoslari” videokurslarini yaratsin va taʼlim muassasalari hamda ommaviy axborot vositalari orqali ommalashtirish choralarini koʻrsin;

e) Transport vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda 2022 — 2024-yillarda taʼlim muassasalari atrofida belgilangan tartibda harakat tezligini kamaytiruvchi sunʼiy notekisliklar yoki shovqin chiziqlari bosqichma-bosqich oʻrnatilib, toʻliq jihozlanishini taʼminlasin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi:

a) Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Yoshlar ishlari agentligi bilan birgalikda uch oy muddatda umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim muassasalarida koʻngilli yoshlar ishtirokida yoʻl harakati qoidalarini faol targʻib qiluvchi “Yoʻl harakati qoidalari yosh targʻibotchisi” klubini tashkil etsin;

b) Ichki ishlar vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda:

2022 — 2025-yillarda umumiy va oʻrta maxsus taʼlim muassasalarida “Harakat xavfsizligi sinfxonalari”ni tashkil etish boʻyicha tasdiqlangan dasturga muvofiq umumtaʼlim muassasalarida tegishli sinfxonalar tashkil etish uchun zarur xonalar ajratilishini taʼminlasin;

umumiy va oʻrta maxsus taʼlim muassasalarida yoʻl harakati qoidalari sohasida nazariy bilim va amaliy koʻnikmalarni shakllantirish maqsadida ichki ishlar organlari xodimlari ishtirokida oʻquv-seminarlar tashkil etsin.

6. Belgilansinki, umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim muassasalarida “Harakat xavfsizligi sinfxonalari” hamda mahalla fuqarolar yigʻinlari hududlarida “Yoʻl harakatini oʻrganish maydonchalari”ni tashkil etish bilan bogʻliq xarajatlar Ichki ishlar vazirligi Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining “Xavfsiz yoʻl va xavfsiz piyoda” respublika jamgʻarmasi hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi Moliya vazirligi, Xalq taʼlim vazirligi hamda Ichki ishlar vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda oʻquvchilarni bepul tashish xizmatini yoʻlga qoʻygan tadbirkorlik subyektlariga litsenziya toʻlovlari va boshqa yigʻimlar boʻyicha imtiyoz berish masalasini oʻrganib chiqsin va Vazirlar Mahkamasiga belgilangan tartibda taklif kiritsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:

Xalq taʼlimi vazirligi, Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi hamda Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi bilan birgalikda “Yoʻl harakati yosh targʻibotchisi” klubining faoliyati va bu borada erishilayotgan natijalarni muntazam ravishda ommaviy axborot vositalari, Internet jahon axborot tarmogʻi hamda ijtimoiy tarmoqlarda keng yoritish ishlarini tashkil qilsin;

manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov, Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi vaziri B.O. Saidov va Oʻzbekiston Respublikasi transport vaziri I.R. Mahkamov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 26-apreldagi 212-son qaroriga 1-ILOVA

“Yoʻl harakati qoidalari yosh targʻibotchisi” klubi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom davlat umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim muassasalari (keyingi oʻrinlarda — taʼlim muassasalari) oʻquvchilarining “Yoʻl harakati qoidalari yosh targʻibotchisi” klubi (keyingi oʻrinlarda — klub) faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Klub yuridik shaxs boʻlmagan, taʼlim muassasalarida tashkil etiladigan, oʻquvchi-yoshlar oʻrtasida yoʻl-transport hodisalarining profilaktikasi hamda ularda yoʻl harakati xavfsizligi borasida faol fuqarolik pozitsiyasini shakllantirishga qaratilgan birlashma hisoblanadi.

3. Klubning asosiy maqsadi oʻquvchi yoshlarning huquqiy madaniyatini oshirish, ularda qonunga hurmat, qonun buzilishining har qanday koʻrinishiga murosasizlik tuygʻusini singdirish orqali yoʻl harakati qoidalariga rioya qilish madaniyatini shakllantirish, qonunga itoatkorlik xulq-atvorini ommalashtirishdan iborat.

4. Klub oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, shuningdek, ushbu Nizomga va boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.

5. Klub oʻzining nomi yozilgan hamda faoliyatining oʻziga xos xususiyatlarini aks ettirgan va ushbu Nizomga ilovaga muvofiq tasdiqlangan ramziga ega boʻladi.

6. Klubni tashkil etish va uning faoliyatini nazorat qilish umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim muassasalari maʼmuriyatiga yuklanadi.

7. Klubning toʻliq nomi:

davlat tilida — “Yoʻl harakati qoidalari yosh targʻibotchisi” klubi;

rus tilida — Klub “Yuniy propagandist pravil dorojnogo dvijeniya”;

ingliz tilida — Club “Young propagandist of traffic rules”.

2-bob. Klubning asosiy vazifalari

8. Klubning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

voyaga yetmaganlar oʻrtasida yoʻl harakati qoidalarini targʻib qilish hamda yoʻllarda harakatlanish qoidalari boʻyicha koʻnikmalarni shakllantirish borasidagi tadbirlarni tashkil etish va ularda ishtirok etish;

oʻquvchi yoshlarning yoʻl harakati qoidalarga oid olgan bilimlarini amalda tatbiq etishiga koʻmaklashish;

umumiy va oʻrta maxsus taʼlim muassasalarida yoʻl harakati qoidalarini targʻib etish ishlariga oʻquvchi yoshlarni jalb qilish;

oʻquvchi yoshlarda harakatlanish madaniyati va yoʻl harakati ishtirokchisi masʼuliyati hissini shakllantirish;

yoʻl harakati qoidalarini targʻib qilishda amaliy koʻnikmalarga ega boʻlish;

oromgohlarda yoʻl harakati xavfsizligiga oid musobaqalarda ishtirok etish, oʻquvchi yoshlarning mazkur yoʻnalishdagi bilim va koʻnikmalarini yanada oshirib borishga qaratilgan ommaviy tadbirlarni tashkil qilish;

yoʻl harakati xavfsizligiga oid musobaqalarga klub aʼzolarini ham oʻquvchi yoshlarni tayyorlab borish;

oʻquvchi yoshlar va voyaga yetmaganlarning yoʻl harakati xavfsizligiga oid savodxonligini oshirish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat tartibini saqlash departamentining Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatiga takliflar kiritish.

9. Klub:

klub faoliyati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni ommalashtirish va oʻquvchi yoshlarni yoʻllarda toʻgʻri harakatlanishlari yuzasidan targʻibot materiallari tayyorlaydi, oʻquvchi yoshlar oʻrtasida amaliy-koʻrgazmali mashgʻulotlar oʻtkazadi, klub aʼzolari uchun oʻquv seminarlari va amaliy mashgʻulotlarni tashkil etadi, mavzuga oid konkurslar, viktorinalar oʻtkazish borasida targʻibot faoliyatini olib boradi;

tuman (shahar) miqyosida harakat xavfsizligi boʻyicha aksiyalarda ishtirok etadi, oʻquvchilar uchun maktabga olib boradigan eng xavfsiz yoʻnalishlarni belgilashda hamda aholi yashash hududida yoʻlning qatnov qismini kesib oʻtishda xavfli joylarni aniqlashda koʻmaklashadi, oʻquvchi yoshlar tomonidan umumtaʼlim maktablari atrofidagi hududlarda yoʻl harakati qoidalari buzilishining oldini olish, yoʻl harakati qoidalarini buzgan oʻquvchilar haqidagi maʼlumotlarni klub rahbariga taqdim etish uchun patrullik faoliyatini amalga oshiradi;

yoʻl harakati qoidalariga rioya etish boʻyicha devoriy gazeta, tarqatma varaqalar, ijodiy konkurslar tashkil etilishida yordam koʻrsatish maqsadida axborot faoliyatini olib boradi;

yoʻl harakati xavfsizligi targʻibotini omma diqqat eʼtiboriga yetkazish hamda targʻib qilish maqsadida “Yoʻl harakati qoidalari yosh targʻibotchisi” elektron jurnalini tashkil etadi.

3-bob. “Yoʻl harakati qoidalari yosh targʻibotchisi” faoliyatining maqsadi va vazifalari

10. “Yoʻl harakati qoidalari yosh targʻibotchisi” faoliyatining maqsadi — oʻquvchi yoshlar bilan bogʻliq yoʻl-transport hodisalarining oldini olish, shuningdek, ularda xavfsiz harakatlanish koʻnikmalarini hosil qilish hamda “yoʻl harakati qoidalari” boʻyicha olayotgan bilimlarini mustahkamlashdan iborat.

11. “Yoʻl harakati qoidalari yosh targʻibotchisi”ning vazifalari quyidagilardan iborat:

klub faoliyatini tashkil etishda klub rahbariga yordam berish;

umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilari oʻrtasida yoʻl harakati qoidalarini targʻib qilish hamda yoʻllarda harakatlanish qoidalari boʻyicha koʻnikmalarni shakllantirish;

oʻquvchi yoshlarda harakatlanish madaniyati va yoʻl harakati ishtirokchisi masʼuliyati hissini shakllantirish;

oʻquvchi yoshlarning bilim va koʻnikmalarini yanada oshirib borish maqsadida umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida yoʻl harakati xavfsizligiga oid musobaqalar tashkil etishda klub rahbariga koʻmaklashish.

4-bob. Klub aʼzoligiga qabul qilish va aʼzolikdan chiqarish tartibi

12. Klubga umumiy oʻrta taʼlim maktablarining 9 — 11-sinf oʻquvchilari badal toʻlovlarisiz koʻngilli ravishda aʼzo boʻlishadi.

Klub aʼzolari soni taʼlim muassasasidagi umumiy oʻquvchilar sonidan kelib chiqqan holda taʼlim muassasasi rahbari tomonidan belgilanadi.

13. Klubga aʼzolik taʼlim muassasasi rahbari nomiga yozilgan ariza orqali amalga oshiriladi.

Arizaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:

qonuniy vakillarining (ota-onasi yoki ularning 5fnini bosuvchi shaxslar) rozilik xati;

tugʻilganlik toʻgʻrisidagi guvohnoma yoki fuqarolik pasporti (identifikatsiya ID-kartasi) nusxasi;

3x4 hajmdagi fotosurat (4 dona).

14. Klub aʼzoligidan quyidagi holatlarda chiqariladi:

oʻz xohishiga koʻra klub aʼzoligidan chiqarish toʻgʻrisidagi arizaga asosan;

klub aʼzosining rahbar organlar qarorlari va yoʻl harakati xavfsizligi qoidalarini muntazam yoki qoʻpol ravishda buzganligi uchun;

klub aʼzosi taʼlim muassasasini bitirganda yoki boshqa taʼlim muassasasiga oʻtganda.

5-bob. Klub aʼzolarining huquq va majburiyatlari

15. Klub aʼzolari quyidagi huquqlarga ega:

klubning yigʻilishlarida va ommaviy axborot vositalarida uning faoliyati yuzasidan oʻz fikr-mulohazalarini bildirish;

klub faoliyatini rivojlantirishga qaratilgan qarorlarni ishlab chiqishda ishtirok etish;

klubdan zarur boʻlgan maʼlumotlar va qoʻllanmalar olish;

klubning guruh sardorligiga nomzodlar koʻrsatish, saylash va saylanish;

klubning barcha tadbirlari, dasturlari va loyihalarida ishtirok etish;

ixtiyoriy ravishda klub aʼzoligidan chiqish.

16. Klub aʼzolari:

ushbu Nizom talablariga toʻliq rioya qilishi;

klubning maqsad va vazifalarini amalga oshirishda faol ishtirok etishi;

klub faoliyatini targʻib qilishi va qoʻllab-quvvatlashi;

klub mashgʻulotlariga muntazam qatnashishi;

yoʻl harakati qoidalariga rioya qilishda boshqa oʻquvchi yeshlarga oʻrnak boʻlishi;

yoshlar oʻrtasida yoʻl harakati xavfsizligini taʼminlash boʻyicha amaliy koʻnikmalarni shakllantirishni targʻib qilishi;

yoʻl-transport hodisasi roʻy berganda, tezkor harakat qilish uchun zarur bilimlarni egallashi;

klub rahbari tomonidan berilgan topshiriqlarni masʼuliyat bilan bajarishi;

klub faoliyati toʻgʻrisida klub rahbariga hisobot berib borishi shart.

6-bob. Klub faoliyatini tashkil etish

17. Klub taʼlim muassasasi rahbarining buyrugʻi bilan taʼlim muassasasining xodimlari orasidan tayinlangan rahbar tomonidan boshqariladi.

18. Klub rahbari:

mazkur Nizom asosida klubni tuzish va uning faoliyat yuritishini taʼminlash;

boshqa taʼlim muassasalarida tashkil etilgan klublar bilan hamkorlikni yoʻlga qoʻyish;

klublar oʻrtasida tashkil etiladigan musobaqalarga puxta tayyorgarlik koʻrilishini tashkil etish;

klub aʼzolari uchun mashgʻulotlar olib borish yoki malakali mutaxassislarni jalb etish choralarini koʻrish;

klubni oʻquv-uslubiy qoʻllanmalar bilan taʼminlash, uning moddiy-texnik bazasini rivojlantirish yuzasidan taʼlim muassasasi rahbariga takliflar berib borish;

klub aʼzolari tomonidan vazifalarning aniq bajarilishini nazorat qilish;

klublar oʻrtasida tashkil etiladigan “Yashil rang”, “Yoʻl harakati qoidalari bilimdoni”, “Eng namunali yoʻlovchi” kabi viktorina hamda “Yashil chiroq” musobaqasiga puxta tayyorgarlik koʻrish.

19. Klub aʼzolari baholash, jihozlash, targʻibot, navbatchilik, badiiy, piyodalar harakatini tashkil etish, tibbiy yordam va guruhlar boʻyicha faoliyat yuritishi mumkin.

20. Klub faoliyatini tashkil etishda taʼlim muassasasi rahbari quyidagi huquq va majburiyatlarga ega:

taʼlim muassasasi hududida klub uchun xona ajratish hamda uni zarur jihoz va maxsus anjomlar bilan taʼminlash choralarini koʻrish;

taʼlim muassasasi hududida klub uchun ajratilgan xona yoki burchaklarni zarur jihoz va maxsus anjomlar bilan taʼminlash yuzasidan Ichki ishlar vazirligi Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati boshqarma va boʻlimi rahbariga tegishli takliflar kiritish;

taʼlim muassasasining malakali chaqiruvga qadar boshlangʻich tayyorgarlik fani oʻqituvchilari va rahbarlari orasidan jamoatchilik asosida klub rahbarini tayinlash;

klub aʼzolarining musobaqalarda faol ishtirok etishlari uchun sharoitlar yaratish;

klub faoliyatini tashkil etishda texnika va yongin xavfsizligi, shuningdek, sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlarining bajarilishini nazorat qilish.

Taʼlim muassasasi rahbari klubning belgilangan talablar asosida tashkil etilishi hamda mazkur Nizom qoidalarining bajarilishi yuzasidan shaxsan javobgardir.

21. Klub aʼzolarining boʻsh vaqtlarini mazmunli oʻtkazish maqsadida taʼlim muassasasi rahbari tomonidan tasdiqlanadigan dastur va rejalar ishlab chiqilishi mumkin.

Klub aʼzolari masʼul vazirlik va idoralar tomonidan tavsiya etilgan dasturlar asosida oʻqitiladi.

Yozgi taʼtil davrida klub faoliyati alohida reja asosida amalga oshiriladi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

22. Klub rahbari taʼlim muassasasi rahbari tomonidan belgilangan tartibda ragʻbatlantiriladi.

23. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

“Yoʻl harakati qoidalari yosh targʻibotchisi” klubi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

“Yoʻl harakati qoidalari yosh targʻibotchisi” klubi ramzi

Halqali chiziqning tepa qismida sariq rangli toʻgʻri bosma harflarda lotin alifbosida “YOʻL NARAKATI QOIDALARI”, pastki qismida “YOSN TARGʻIBOTCNISI” soʻzlari yozilgan. Yozuvlar qatʼiyat, matonat va shon-sharafni ifodalovchi ikkita olti qirrali yulduz bilan bir-biridan ajratilgan.

Aylana oʻrtasida svetoforning qizil, sariq va yashil ranglari orqali yosh targʻibotchi bolalar ramzi ifodalangan boʻlib, uning pastki qismida bilim oʻchogʻi hisoblangan nur taralib turgan kitobning ochiq holati tasvirlangan. Aylananing yuqori qismida tinchlik va osoyishtalikka chorlovchi yuqoriga uchib borayotgan laylaklar hamda nur sochib turgan quyosh tasviri tushirilgan.

Bunday joylashuv taʼlim muassasalari oʻquvchilarining yoʻl harakati qoidalari boʻyicha bilim va koʻnikmalarini shakllanishiga xizmat qilishini ifodalaydi.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 26-apreldagi 212-son qaroriga 2-ILOVA

“Yashil chiroq” musobaqasini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom davlat umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim muassasalarida (keyingi oʻrinlarda — taʼlim muassasalari) oʻquvchilar oʻrtasida “Yashil chiroq” musobaqasini (keyingi oʻrinlarda — musobaqa) tashkil etish va oʻtkazish tartibini belgilaydi.

2. Musobaqa taʼlim muassasalarida oʻquvchi yoshlarga yoʻl harakati qoidalarini oʻrgatish, ularni yoʻl harakatining madaniyatli ishtirokchisi sifatida tarbiyalash, ularning huquqiy savodxonligini oshirish, iqtidorli oʻquvchilarni aniqlash hamda ragʻbatlantirish maqsadida tashkil etiladi.

2-bob. Musobaqaning asosiy vazifalari

3. Musobaqaning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

“Yashil chiroq” guruhlari faoliyatini takomillashtirish;

“Yashil chiroq” guruhlari aʼzolarining bilim va malakalarini oshirish;

bolalarga koʻcha va yoʻllarda yurish qoidalarini keng targʻib qilishda eng yaxshi ish tajribalarini oʻrganish, toʻldirish va ommalashtirish;

bolalar ongida “Yoʻl harakati qoidalari”ga qatʼi rioya qilish hissini shakllantirish.

3-bob. Musobaqani tashkil qilish tartibi

4. Musobaqani tashkil etish va oʻtkazish taʼlim muassasalari tomonidan tasdiqlangan reja-jadval asosida amalga oshiriladi. Musobaqa davomida “Yoʻl harakati qoidalari”ni oʻrganish boʻyicha test sinovlari, tanlov, viktorina, musobaqalar mazkur Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq oʻtkaziladi.

5. Musobaqalar oʻqishdan tashqari vaqtlarda tashkil etiladi.

6. Musobaqa ishtirokchilari dam olish kunlari alohida rejaga asosan oldindan kelishilgan (ruxsat olgan) holda, Ichki ishlar vazirligining Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati organlariga ekskursiya uyushtirishlari, xodimlarga yaratilgan xizmat sharoitlari bilan tanishishlari mumkin.

7. Musobaqa quyidagi toʻrt bosqichda oʻtkaziladi:

1-bosqich taʼlim muassasalarida har yili fevral-mart oylarida oʻtkaziladi. Mazkur bosqichda musobaqa sinflararo yoʻl harakati qoidalari boʻyicha oʻtkaziladi va yoʻl harakati qoidalarini yaxshi oʻzlashtirgan oʻquvchilardan “yashil chiroq” guruhlari tuziladi. Bu guruhga 11 — 14 yoshli 5 — 8-sinf oʻquvchilari qabul qilinadi;

2-bosqich (mahalliy bosqich) har yili mart-aprel oylarida tuman (shahar) doirasida oʻtkaziladi;

3-bosqich (hududiy bosqich) Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri doirasida tuman (shahar) gʻoliblari ishtirokida har yili may oyida oʻtkaziladi;

4-bosqich (respublika bosqichi) har yili iyun-iyul oylarida uchinchi bosqichda 1-oʻrinni egallagan guruhlar ishtirokida oʻtkaziladi.

8. Musobaqani oʻtkazish ishlariga rahbarlik qilish va ularni adolatli oʻtkazish maqsadida ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq tarkibda “Yashil chiroq” musobaqalariga tayyorgarlik koʻrish va tashkil etish boʻyicha respublika tashkiliy qoʻmitasi, hududlarda esa hududiy tashkiliy qoʻmitalar tuziladi.

Hududiy tashkiliy qoʻmitalar Xalq taʼlimi vazirligi, Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati va Yoshlar ishlari agentligi hududiy boʻlinmalarining vakillaridan iborat tarkibda tuziladi.

9. Musobaqa oʻtkaziladigan joy tashkiliy qoʻmita tomonidan belgilanadi va har bir bosqichdan kamida 30 kun oldin taʼlim muassasalari va masʼul tashkilotlarga maʼlum qilinadi.

Musobaqaning respublika bosqichi iyun-iyul oylarida Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tomonidan belgilangan joyda oʻtkaziladi.

Musobaqaning respublika bosqichi oʻtkazilishi belgilangan joyga kelib ketish uchun avtotransport taʼminoti Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligiga yuklanadi, guruhlarni kuzatib borish esa hududiy Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati xodimlari tomonidan amalga oshiriladi.

10. Tashkiliy qoʻmita musobaqani oʻtkazish boʻyicha barcha tashkiliy masalalarni hal etadi, hakamlar hayʼati tarkibini tuzadi va tasdiqlaydi.

11. Musobaqani oʻtkazish joyi tashkiliy qoʻmitaning tavsiyasiga binoan tegishli mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari buyrugʻiga asosan belgilanadi.

12. Musobaqaning tantanali ochilish va yopilish tadbirlari tashkiliy qoʻmita qaroriga asosan mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan kelishilgan joylarda oʻtkazilishi mumkin.

4-bob. Musobaqa ishtirokchilari

13. Musobaqada Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahrida joylashgan taʼlim muassasalari oʻquvchilaridan iborat guruhlar ishtirok etadi.

14. Musobaqa sogʻlom va nogironligi boʻlgan bolalar oʻrtasida alohida-alohida oʻtkaziladi.

15. Taʼlim muassasalarining musobaqada ishtirok etuvchi guruhlari 6 nafar oʻquvchidan (3 nafar oʻgʻil bola va 3 nafar qiz bola) iborat tarkibda tuziladi.

16. Guruhlar faqat musobaqada qatnashayotgan taʼlim muassasasi oʻquvchilaridan iborat boʻlishi kerak.

17. Musobaqada “Yoʻl harakati qoidalari” yuzasidan bilim va koʻnikmalarga ega boʻlgan 11 — 14 yoshli oʻquvchilar ishtirok etadi.

18. Musobaqa ishtirokchilari hakamlar hayʼatiga quyidagi hujjatlarni taqdim etishlari lozim:

shaxsini tasdiqlovchi hujjat (tugʻilganlik toʻgʻrisidagi guvohnoma nusxasi yoki identifikatsiyalovchi ID-karta nusxasi);

taʼlim muassasasi oʻquvchisi ekanligini tasdiqlovchi maʼlumotnoma (surati bilan, muhrlangan);

sogʻligʻi toʻgʻrisidagi tibbiy maʼlumotnoma;

texnika xavfsizligi qoidalari bilan bevosita tanishganligi yuzasidan dalolatnoma.

19. Musobaqaga guruhlar qatʼiy ravishda maxsus kiyim-bosh, sport kiyimlari va guvohnomalar bilan kelishlari shart (kiyim-boshi oʻzgartirilgan va guvohnomasi boʻlmagan oʻquvchilar musobaqalarga qoʻyilmaydi).

Talab qilingan yuqoridagi hujjatlarni topshirmagan yoki hujjatlarida kamchiligi mavjud jamoalar musobaqada ishtirok eta olmaydi.

5-bob. Musobaqa tashkilotchilari

20. Quyidagilar musobaqa tashkilotchilari hisoblanadi:

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi;

Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi;

Oʻzbekiston Yoshlar ishlari agentligi;

Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi.

21. Musobaqa tashkilotchilari:

musobaqaga amaliy rahbarlik qilish uchun uning quyi va yakuniy bosqichlarida malakali mutaxassislardan iborat vakillarining ishtirokini taʼminlaydi;

hududiy tashkiliy qoʻmitalar tomonidan joylarda musobaqalarga rahbarlik qilish uchun shtab va uning rahbarlari tasdiqlanishini nazorat qiladi.

22. Musobaqaning har bir bosqichi oʻtkazilganligi yuzasidan bayonnoma tashkiliy qoʻmitaga musobaqalar oʻtgandan keyin uch kun muddat ichida berilishi shart.

23. Guruhlar musobaqaga Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati xodimi va maktab vakilining kuzatuvida keladilar.

6-bob. Musobaqa shartlari va baholash mezonlari

24. Musobaqa quyidagi shartlar asosida oʻtkaziladi:

Jamoalarning safda yurish tayyorgarligi;

Piyodalar vazifalari va harakatiga oid sinov;

Yosh velosipedchilar musobaqasi;

Yosh tartibga soluvchi sinovi;

Guruh sardorlari bellashuvi;

Chorraha maketini yasash boʻyicha bellashuv;

Birinchi tibbiy yordam koʻrsatish;

Texnika ijodiyoti tanlovi;

Avtomobillar bilimdoni;

Yoʻl harakati qoidalari boʻyicha imtihon;

Velosiped boshqaruvchilarning chorrahada harakatlanishi;

“Yashil chiroq” targʻibot guruhlarining chiqishi;

“Mediaijodiyot” mahsulotlari.

25. Jamoalarning safda yurish tayyorgarligi shartida jamoaning barcha aʼzolari ishtirok etadi. Jamoa aʼzolarining safda shaxdam qadam bilan belgilangan qoida boʻyicha yurishlariga, saf qoʻshigʻi mazmuni va ijrosiga alohida eʼtibor qaratiladi. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda “5” ballik tizimda baholanadi.

26. Piyodalar vazifalari va harakatiga oid sinov shartida jamoaning bitta aʼzosi ishtirok etadi. Ishtirokchi hakamlar tomonidan tayyorlangan savollar toʻplamidan bitta bilet tanlab olib, javob qaytaradi. Hakamlarning talabiga asosan javoblarini amaliy tarzda koʻrsatib ham beradi. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda “5” ballik tizimda baholanadi.

27. Yesh velosipedchilar musobaqasi shartida jamoaning bitta aʼzosi ishtirok etadi. Ishtirokchi sakkiz shaklidagi chiziqni bosmay uning oraligʻida harakatlanish, toʻsiqlarni aylanib oʻtish, shartli koʻprikchadan yurish, maxsus ustuncha ustida turgan idishdagi suvni toʻkmasdan ikkinchi ustunchaga olib borib qoʻyish shartlarini bajaradi. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda “5” ballik tizimda baholanadi.

28. Yosh tartibga soluvchi sinovi shartida jamoaning bitta aʼzosi ishtirok etadi. U hakamlar tomonidan berilgan savollarga koʻra regulirovkachining harakatlarini koʻrsatib, izohlab beradi. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda “5” ballik tizimda baholanadi.

29. Guruh sardorlari bellashuvi shartida jamoalar sardorlari ishtirok etadi. Sardorlarga navbati bilan “Yoʻl harakati qoidalari” asosida savollar beriladi. Musobaqaning ushbu turi sardorlardan biri savolga javob bera olmay qolganda toʻxtatiladi. Hakamlar hayʼati aʼzosi tomonidan har bir savol oʻqiladi va ushbu savolga jamoa sardori 10 soniya ichida toʻliq javob berishi talab etiladi.

“Toʻliq” javob uchun “2” ball, “toʻliq boʻlmagan” javob uchun “1” ball, “notoʻgʻri” javob uchun “0” ball qoʻyib boriladi.

30. Chorraha maketini yasash boʻyicha bellashuv shartida jamoaning ikki nafar aʼzosi ishtirok etadi. Ular hakamlar tomonidan berilgan topshiriqqa asosan 15 daqiqa ichida 40x40 oʻlchamdagi qogʻoz yoki kartonga maket yasab berishlari kerak. Maket yasashda qalam, ruchka, flomasterda chiziqlar chizish taqiqlanadi va tayyor qilib olib kelingan detallar inobatga olinmaydi. Har bir detal “Yoʻl harakati qoidalari” talablariga mos tushishi va qogʻozdan kesib olinib, yelim bilan yopishtirilishi shart. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda “5” ballik tizimda baholanadi.

31. Birinchi tibbiy yordam koʻrsatish shartida jamoaning ikki nafar aʼzosi ishtirok etadi. Ular yoʻl-transport hodisasida jarohatlanganlarga birinchi tibbiy yordam koʻrsatish boʻyicha shifokorlar tomonidan berilgan savollarga javob qaytarishadi. Javoblar amaliy tarzda koʻrsatib beriladi. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda “5” ballik tizimda baholanadi.

32. Texnika ijodiyoti tanlovi shartida jamoaning bitta aʼzosi ishtirok etadi. Tanlov oʻquvchilar tomonidan tayyorlangan, radio signallar orqali boshqariladigan transportlar harakati yuzasidan oʻtkaziladi. Ushbu transportning kuzovi qoʻlda (karton yoki faneradan) yasalgan boʻlishi shart. Shartda transport vositasining toʻgʻriga, oʻngga, chapga, orqaga harakati namoyish etiladi va transport vositasi shartli ravishda yasalgan garajga kiritiladi. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda “5” ballik tizimda baholanadi.

33. Avtomobillar bilimdoni shartida jamoaning bitta aʼzosi ishtirok etadi. Ishtirokchilarning har biriga navbati bilan 10 ta “Avtomobillar rusumi, texnik tavsifi, maxsus avtomobillar turi” asosida savollar beriladi. Hakamlar hayʼati aʼzosi tomonidan har bir savol oʻqiladi va avtomobil fotosurati koʻrsatiladi ushbu savolga jamoa aʼzosi 10 soniya ichida toʻliq javob berishi talab etiladi.

“Toʻliq” javob uchun “2” ball, “toʻliq boʻlmagan” javob uchun “1” ball, “notoʻgʻri” javob uchun “0” ball qoʻyib boriladi.

34. Yoʻl harakati qoidalari boʻyicha imtihon shartida jamoaning bir nafar aʼzosi ishtirok etadi. U shablon savollarga javob yozish asosida oʻz bilimlarini koʻrsatadi. Imtihon topshirishga 15 daqiqa vaqt beriladi. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda har bir toʻgʻri javob uchun “1” ballik tizimda baholanadi.

35. Velosiped boshqaruvchilarning chorrahada harakatlanishi shartida jamoaning bir nafar aʼzosi ishtirok etadi. U velosipedni boshqargan holda chorrahani svetofor yoki tartibga soluvchining ishoralariga amal qilgan holda kesib oʻtadi. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda “5” ballik tizimda baholanadi.

36. “Yashil chiroq” targʻibot guruhlarining chiqishi shartida jamoaning barcha aʼzolari ishtirok etadi. Bu chiqishda guruhlar yoʻl harakati qoidalarini badiiy usulda, teatrlashtirilgan sahna koʻrinishlarida targʻib qiladilar. Targʻibot guruhlarining chiqishiga 10 daqiqa vaqt beriladi. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda “5” ballik tizimda baholanadi.

37. “Mediaijodiyot” mahsulotlari shartida respublika bosqichiga chiqqan guruhlar “Mediaijodiyot” mahsulotlarini olib kelishlari lozim:

yoʻl harakatini xavfsizligini targʻib etuvchi 1 daqiqalik ijtimoiy videorolik;

2-3 daqiqalik videoreportaj;

yoʻl harakati xavfsizligini targʻib etuvchi fleshmob;

targʻibot plakati A-1 formatdagi vatman qogʻozda.

Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda har bir mavzuga mos va taʼsirchan mahsulot uchun “5” ballik tizimda baholanadi.

“Mediaijodiyot” mahsulotlari tayyorlash umumiy oʻrta taʼlim maktabi hamda oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasasi direktorining buyrugʻi bilan direktor jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

38. Bir xil ball toʻplagan guruhlarga qoʻshimcha musobaqa tashkil etiladi, yaʼni guruh aʼzolarining avtomaydonchada tartibga soluvchi ishoralar boʻyicha velosipedda harakatlanishi shartida jamoaning barcha aʼzolari ishtirok etadi. Bu chiqishda guruh aʼzolari toʻrt tarafdan tartibga soluvchi ishoralariga amal qilgan holda chorrahani kesib oʻtadilar. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda “5” ballik tizimda baholanadi.

39. Nogironligi boʻlgan oʻquvchilar uchun musobaqa quyidagi shartlar asosida oʻtkaziladi:

Piyodalar harakatiga oid savollar;

Guruh sardorlari bellashuvi;

Chorraha maketini yasash boʻyicha bellashuv;

Texnika ijodiyoti tanlovi;

Avtomobillar bilimdoni;

Yoʻl harakati qoidalari boʻyicha imtihon;

“Mediaijodiyot” mahsulotlari.

40. Piyodalar harakatiga oid savollar shartida jamoaning bitta aʼzosi ishtirok etadi. Ishtirokchi piyodalarning vazifalariga oid savollarga javob qaytaradi. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda “5” ballik tizimda baholanadi.

41. Guruh sardorlari bellashuvi shartida jamoaning sardorlari ishtirok etadi. Sardorlarga navbati bilan “Yoʻl harakati qoidalari” asosida savollar beriladi. Musobaqaning ushbu turi sardorlardan biri savolga javob bera olmay qolganda toʻxtatiladi. Hakamlar hayʼati aʼzosi tomonidan har bir savol oʻqiladi va ushbu savolga jamoa sardori 10 soniya ichida toʻliq javob berishi talab etiladi.

“Toʻliq” javob uchun “2” ball, “toʻliq boʻlmagan” javob uchun “1” ball, “notoʻgʻri” javob uchun “0” ball qoʻyib boriladi.

42. Chorraha maketini yasash boʻyicha bellashuv shartida jamoaning ikki nafar aʼzosi ishtirok etadi. Ular hakamlar tomonidan berilgan topshiriqqa asosan 15 daqiqa ichida 40x40 oʻlchamdagi qogʻoz yoki kartonga maket yasab berishlari kerak. Maket yasashda qalam, ruchka, flomasterda chiziqlar chizish taqiqlanadi va tayyor qilib olib kelingan detallar inobatga olinmaydi. Har bir detal “Yoʻl harakati qoidalari” talablariga mos tushishi va qogʻozdan kesib olinib, yelim bilan yopishtirilishi shart. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda “5” ballik tizimda baholanadi.

43. Texnika ijodiyoti tanlovi shartida jamoaning bitta aʼzosi ishtirok etadi. Tanlov oʻquvchilar tomonidan tayyorlangan, radio signallar orqali boshqariladigan transportlar harakati yuzasidan oʻtkaziladi. Ushbu transportning kuzovi qoʻlda (karton yoki faneradan) yasalgan boʻlishi shart. Shartda transport vositasining toʻgʻriga, oʻngga, chapga, orqaga harakati namoyish etiladi va transport vositasi shartli ravishda yasalgan garajga kiritiladi. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda “5” ballik tizimda baholanadi.

44. Avtomobillar bilimdoni shartida jamoaning bitta aʼzosi ishtirok etadi. Ishtirokchilarning har biriga navbati bilan 10 ta “Avtomobillar rusumi, texnik tavsifi, maxsus avtomobillar turi” asosida savollar beriladi. Hakamlar hayʼati aʼzosi tomonidan har bir savol oʻqiladi va avtomobil fotosurati koʻrsatiladi, ushbu savolga jamoa aʼzosi 15 soniya ichida toʻliq javob berishi talab etiladi.

“Toʻliq” javob uchun “2” ball, “toʻliq boʻlmagan” javob uchun “1” ball, “notoʻgʻri” javob uchun “0” ball qoʻyib boriladi.

45. Yoʻl harakati qoidalari boʻyicha imtihon shartida jamoaning bir nafar aʼzosi ishtirok etadi. U shablon savollariga javob yozish asosida oʻz bilimlarini koʻrsatadi. Imtihon topshirishga 20 minut vaqt beriladi. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda har bir toʻgʻri javob uchun “1” ballik tizimda baholanadi.

46. “Mediaijodiyot” mahsulotlari shartida respublika bosqichiga chiqqan guruhlar “Mediaijodiyot” mahsulotlarini olib kelishlari lozim:

yoʻl harakati xavfsizligini targʻib etuvchi fleshmob;

targʻibot plakati A-1 formatdagi vatman qogʻozda.

Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda har bir mavzuga mos va taʼsirchan mahsulot uchun “5” ballik tizimda baholanadi.

47. Bir xil ball toʻplagan guruhlarga qoʻshimcha musobaqa tashkil etiladi, yaʼni guruh aʼzolariga yoʻl harakati qoidalari boʻyicha qoʻshimcha imtihon shartida jamoaning bir nafar aʼzosi ishtirok etadi. U shablon savollariga javob yozish asosida oʻz bilimlarini koʻrsatadi. Imtihon topshirishga 10 minut vaqt beriladi. Shart hakamlar hayʼatining barcha aʼzolari tomonidan kelishilgan holda har bir toʻgʻri javob uchun “1” ballik tizimda baholanadi.

48. Musobaqa shartlari boʻyicha ishtirokchilarni tashkiliy qoʻmita tomonidan belgilangan hakamlar hayʼati aʼzolari baholab boradi.

49. Guruhlarning barcha shartlar davomida tezkorligi, “Yoʻl harakati qoidalari”ni mukammal bilishi, mamlakatimiz avtomobil yoʻllarida harakatlanish xavfsizligini taʼminlash yoʻnalishidagi yangiliklarni bilishi, kiyim-bosh kiyishi, javob berishdagi qatʼiyati va ushbu Nizomda koʻrsatilgan talablarga rioya etishlari — baholashning asosiy mezoni hisoblanadi.

50. Musobaqadagi savollar “Yoʻl harakati qoidalari”dan kelib chiqqan holda tuziladi.

51. Savollar Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, Ichki ishlar vazirligi va uning boʻlinmalari mutaxassislari tomonidan tuziladi hamda musobaqa kunidan bir kun avval maxsus konvertga solinib, tashkiliy qoʻmita aʼzolari ishtirokida muhrlanadi.

7-bob. Gʻoliblarni taqdirlash

52. Musobaqa gʻoliblari quyidagi tartibda taqdirlanadi:

1-bosqich gʻoliblari taʼlim muassasalarining I, II va III darajali diplomlari hamda esdalik sovgʻalari bilan taqdirlanadi. Gʻoliblarni taqdirlash uchun sarf-xarajatlarga homiylar jalb etilishi mumkin.

2-bosqich gʻoliblari Oʻzbekiston Yoshlar ishlari agentligining tuman (shahar) kengashlari va taʼlim muassasalarining I, II va III darajali diplomlari hamda homiy tashkilotlar tomonidan ajratilgan esdalik sovgʻalari bilan taqdirlanadi.

3-bosqich gʻoliblari Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, Ichki ishlar vazirligining hududiy boʻlinmalari, Yoshlar ishlari agentligi hududiy kengashlarining I, II va III darajali diplomlari va esdalik sovgʻalari bilan taqdirlanadi. Shuningdek, gʻoliblarni taqdirlash uchun sarf-xarajatlarga boshqa tashkilotlar ham homiylik qilishlari mumkin.

4-bosqich gʻoliblari Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Xalq taʼlimi vazirligi va Oʻzbekiston Yoshlar ishlari agentligining I, II va III darajali diplomlari, masʼul tashkilotlarning esdalik sovgʻalari bilan taqdirlanadi.

8-bob. Yakunlovchi qoidalar

53. Musobaqaning respublika bosqichini yuqori saviyada tashkil etish, oʻtkazish va musobaqa gʻoliblarini ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlar (ovqatlanish, yotoqxona, sovgʻalar, oromgohni bezash, madaniy va maʼrifiy tadbirlar) Ichki ishlar vazirligi Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining moddiy-texnik bazasini rivojlantirish, xodimlarni ragʻbatlantirish va mukofotlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanadi.

54. Mazkur musobaqaning quyi bosqichlari bilan bogʻliq barcha hujjatlar (materiallar) Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining hududiy boʻlinmalarida, yakuniy bosqichi boʻyicha hujjatlar Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatida saqlanadi.

“Yashil chiroq” musobaqasini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

“Yashil chiroq” musobaqasini tashkil etish

Bosqichlar Subyekt Chora-tadbirlar nomi Muddat 1-bosqich Umumtaʼlim muassasalari rahbarlari 1. Maktab doirasida 11 — 14 yoshli 5 — 8-sinf oʻquvchilari orasida guruhlarni tashkil etadi. 2. Yoʻl harakati qoidalarini oʻzlashtirishga qaratilgan 13 ta shartdan iborat sinflararo musobaqani oʻtkazadi va gʻolib guruhlarni aniqlaydi. 3. Nogironligi boʻlgan oʻquvchilar uchun 7 ta shartdan iborat musobaqani tashkil etadi. 4. Gʻolib boʻlgan guruhlarni taʼlim muassasalarining I, II va III darajali diplomlari hamda esdalik sovgʻalari bilan taqdirlaydi. Har yili fevral-mart oylari 2-bosqich Xalq taʼlimi vazirligi, Ichki ishlar vazirligi Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati, ularning tuman va shaharlari boʻlimlari (boʻlinmalari) rahbarlari, Yoshlar ishlari agentligi tuman (shahar) kengashlari 1. Maktab doirasida oʻtkazilgan musobaqada gʻolib boʻlgan guruhlar oʻrtasida tuman (shahar) doirasida maktablararo musobaqani tashkil etadi. 2. Gʻolib boʻlgan guruhlarni aniqlaydi va Yoshlar ishlari agentligining tuman (shahar) kengashlari taʼlim muassasalarining I, II va III darajali diplomlari hamda homiy tashkilotlar tomonidan ajratilgan esdalik sovgʻalari bilan taqdirlaydi. 3. Musobaqa natijalari boʻyicha bayonnoma rasmiylashtiradi va Hududiy tashkiliy qoʻmitaga yuboradi. Har yili mart-aprel oylari 3-bosqich Hududiy tashkiliy qoʻmitalar * 1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri doirasida tuman (shahar) doirasida gʻolib boʻlgan guruhlar oʻrtasida musobaqani (hududiy bosqich) oʻtkazadi. 2. Gʻolib boʻlgan guruhlarni aniqlaydi va ularni Xalq taʼlimi vazirligi, Ichki ishlar vazirligining hududiy boshqarmalari, Yoshlar ishlari agentligi hududiy kengashlarining I, II va III darajali diplomlari va esdalik sovgʻalari bilan taqdirlaydi. 3. Musobaqa natijalari boʻyicha bayonnoma rasmiylashtiradi va Respublika tashkiliy qoʻmitasiga yuboradi. Har yili may oyida 4-bosqich Ichki ishlar vazirligi Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati 1. Musobaqaning hududiy bosqichi gʻoliblari oʻrtasida respublika bosqichini Ichki ishlar vazirligi tomonidan belgilangan joyda tashkil etadi. 2. Gʻolib boʻlgan guruhlarni aniqlaydi va Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Xalq taʼlimi vazirligi, Yoshlar ishlari agentligining I, II va III darajali diplomlari va qimmatbaho sovgʻalari bilan taqdirlaydi. Har yili iyun-iyul oylari

“Yashil chiroq” musobaqasini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

“Yashil chiroq” musobaqalariga tayyorgarlik koʻrish va tashkil etish boʻyicha respublika tashkiliy qoʻmitasi

1. O. Saidov — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati boshligʻi, Tashkiliy qoʻmita raisi 2. E. Murodov — Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi Taʼlim muassasalari faoliyatini tashkil etish bosh boshqarmasi boshligʻi, Tashkiliy qoʻmita raisi oʻrinbosari 3. D. Kattaxanova — Oʻzbekiston Yoshlar ishlari agentligi direktori oʻrinbosari 4. A. Murodov — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati Axborot xizmati boshligʻi 5. O. Shomurodov — Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi Tele-radio dasturlarini monitoring va tahlil qilish boʻlimi boshligʻi 6. Q. Karimova — “Avtohamroh” jurnali bosh muharriri 7. L. Joʻrayev — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati Axborot xizmati katta mutaxassisi

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 26-aprel,

212-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 26.04.2022-y., 09/22/212/0346-son)

lex.uz