📅 2022-yil 28-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 28-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 28 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 28 апреля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 28 April 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузурида Хусусийлаштириш ва давлат активларини бошқариш муаммоларини тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 14 январдаги ПҚ-4112-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, давлат активларини бошқариш, корпоратив бошқарувни ривожлантириш, давлат иштирокидаги иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш, тўловга қобилиятсизлик тизимини такомиллаштиришнинг мустаҳкам илмий-методологик ва методик базасини яратиш, мамлакат иқтисодиётини ислоҳ қилишнинг бугунги босқичидаги бошқа долзарб вазифаларни ҳал этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштириш, рақобат ва корпоратив бошқарувни ривожлантириш муаммоларини тадқиқ этиш маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузурида Хусусийлаштириш ва давлат активларини бошқариш муаммоларини тадқиқ этиш маркази (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил қилинсин.
2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
хўжалик жамиятларида корпоратив бошқарувнинг замонавий халқаро стандартлари ва усулларини ҳамда баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;
хусусийлаштириш, шу жумладан кўчмас мулк объектлари ва давлат улушларини сотиш, шунингдек, корхоналарни хусусийлаштиришдан олдин тайёрлашнинг илмий-методологик асосларини ривожлантириш ҳамда хусусийлаштириш жараёнлари амалга оширилишини мониторинг қилиш;
акция ва облигацияларни чиқариш ҳисобига давлат иштирокидаги корхоналарга инвестицияларни жалб қилиш муаммоларини тадқиқ этиш;
давлатнинг, шу жумладан унинг хориждаги активларини самарали бошқариш ва давлат мулки объектларини ижарага бериш механизмини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
иқтисодий ночор бўлган давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини амалга оширишнинг методологик асослари ва механизмларини такомиллаштириш;
баҳолаш ва риэлторлик фаолиятини тартибга солишнинг илмий-методологик асосларини ривожлантириш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, таҳлилий ва услубий ҳужжатларни тайёрлаш, илмий ишларни чоп этиш, Марказнинг фаолият йўналишлари бўйича давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказиш.
3. Белгилансинки, Марказ:
давлат муассасаси шаклидаги илмий ташкилот ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкларга, мустақил балансга, банк ҳисобварақларига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштириш, рақобат ва корпоратив бошқарувни ривожлантириш муаммоларини тадқиқ этиш марказининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
5. Марказ ходимларига нисбатан, тўлов манбаларидан қатъи назар, Давлат активларини бошқариш агентлиги марказий аппарати ходимлари учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилиши белгилаб қўйилсин. Бунда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан базавий молиялаштиришга ўтказилмаган Марказ ходимларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар қонунчилик ҳужжатларига асосан мавжуд штат бирликлари доирасида Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, ушбу пул маблағлари етарли бўлмаган тақдирда, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
6. Давлат активларини бошқариш агентлиги директорига Марказ директорини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш ҳамда заруриятга кўра Марказнинг тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
7. Белгилаб қўйилсинки, Марказ ўз фаолиятини амалга ошириш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
вазирликлар ва идоралардан Марказга юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган статистик, таҳлилий ва бошқа ахборотни бепул олиш;
давлат бошқаруви органлари мутахассислари, илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари, олий таълим муассасалари профессор ва ўқитувчилари, хорижий мутахассисларни белгиланган тартибда илмий тадқиқотларда иштирок этишга тегишли шартнома асосида жалб қилиш;
илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари, шу жумладан халқаро ва хорижий билан қўшма тадқиқотларни ўтказиш тўғрисида белгиланган тартибда тегишли шартномалар тузиш;
ўтказилаётган илмий тадқиқотлар тўғрисида хабардорлик даражасини ошириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда фойдаланиш мақсадида давлат бошқаруви органларига ахборот-таҳлилий ҳисоботларни ва маълумотларни тақдим қилиш;
давлат бошқарув органларига, хўжалик бирлашмаларига, хорижий ва халқаро ташкилотларга Марказ уставида белгиланган тартибда илмий-тадқиқот хизматларини кўрсатиш.
8. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида ўтказиладиган танлов натижалари асосида ажратиладиган маблағлар;
Марказ фаолияти йўналиши бўйича ишларни бажариш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан тузилган хўжалик шартномалари асосида олинган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасига қимматли қоғозлар бозори, корпоратив бошқарувни ривожлантириш, монополияга қарши тартибга солиш, рақобат муҳитини ривожлантириш соҳасида ва ўз фаолиятининг бошқа йўналишлари бўйича тадқиқотлар ўтказиш учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Марказга буюртмалар бериб бориш тавсия этилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги:
бир ой муддатда Марказнинг уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Марказни Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси, 6-уй манзилидаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
12. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштириш, рақобат ва корпоратив бошқарувни ривожлантириш муаммоларини тадқиқ этиш марказини ташкил қилиш тўғрисида» 2017 йил 22 декабрдаги 1012-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж. Ортиқов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 апрелдаги 219-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 майдаги 404-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 12-банди еттинчи хатбошидаги «Агентлик ходимларини» сўзлари «Агентлик ва унинг идоравий мансуб тузилмалари ходимларини» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат илмий ташкилотларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштиришга ўтказиш тўғрисида» 2021 йил 26 майдаги 326-сон қарорига 2-илованинг «Ташкилот номи» устуни 24-позициясидаги «Хусусийлаштириш, рақобат ва корпоратив бошқарувни ривожлантириш муаммоларини тадқиқ этиш маркази» сўзлари «Хусусийлаштириш ва давлат активларини бошқариш муаммоларини тадқиқ этиш маркази» сўзлари билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 28 апрель,
219-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzurida Xususiylashtirish va davlat aktivlarini boshqarish muammolarini tadqiq etish markazini tashkil etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2019-yil 14-yanvardagi PQ-4112-son qaroriga muvofiq, shuningdek, davlat aktivlarini boshqarish, korporativ boshqaruvni rivojlantirish, davlat ishtirokidagi iqtisodiy nochor korxonalarni moliyaviy sogʻlomlashtirish, toʻlovga qobiliyatsizlik tizimini takomillashtirishning mustahkam ilmiy-metodologik va metodik bazasini yaratish, mamlakat iqtisodiyotini isloh qilishning bugungi bosqichidagi boshqa dolzarb vazifalarni hal etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Xususiylashtirilgan korxonalarga koʻmaklashish va raqobatni rivojlantirish davlat qoʻmitasi huzuridagi Xususiylashtirish, raqobat va korporativ boshqaruvni rivojlantirish muammolarini tadqiq etish markazi negizida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzurida Xususiylashtirish va davlat aktivlarini boshqarish muammolarini tadqiq etish markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tashkil qilinsin.
2. Quyidagilar Markazning asosiy vazifalari etib belgilansin:
xoʻjalik jamiyatlarida korporativ boshqaruvning zamonaviy xalqaro standartlari va usullarini hamda baholash tizimini joriy etish boʻyicha ilmiy asoslangan takliflar ishlab chiqish;
xususiylashtirish, shu jumladan koʻchmas mulk obyektlari va davlat ulushlarini sotish, shuningdek, korxonalarni xususiylashtirishdan oldin tayyorlashning ilmiy-metodologik asoslarini rivojlantirish hamda xususiylashtirish jarayonlari amalga oshirilishini monitoring qilish;
aksiya va obligatsiyalarni chiqarish hisobiga davlat ishtirokidagi korxonalarga investitsiyalarni jalb qilish muammolarini tadqiq etish;
davlatning, shu jumladan uning xorijdagi aktivlarini samarali boshqarish va davlat mulki obyektlarini ijaraga berish mexanizmini takomillashtirish boʻyicha takliflar tayyorlash;
iqtisodiy nochor boʻlgan davlat ishtirokidagi korxonalarni moliyaviy sogʻlomlashtirish va toʻlovga qobiliyatsizlik tartib-taomillarini amalga oshirishning metodologik asoslari va mexanizmlarini takomillashtirish;
baholash va rieltorlik faoliyatini tartibga solishning ilmiy-metodologik asoslarini rivojlantirish;
normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini, tahliliy va uslubiy hujjatlarni tayyorlash, ilmiy ishlarni chop etish, Markazning faoliyat yoʻnalishlari boʻyicha davra suhbatlari va seminarlar oʻtkazish.
3. Belgilansinki, Markaz:
davlat muassasasi shaklidagi ilmiy tashkilot hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan hamda oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhr va blanklarga, mustaqil balansga, bank hisobvaraqlariga va Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining Gʻaznachiligida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi;
Oʻzbekiston Respublikasi Xususiylashtirilgan korxonalarga koʻmaklashish va raqobatni rivojlantirish davlat qoʻmitasi huzuridagi Xususiylashtirish, raqobat va korporativ boshqaruvni rivojlantirish muammolarini tadqiq etish markazining barcha huquqlari, majburiyatlari va shartnomalari boʻyicha huquqiy vorisi hisoblanadi.
5. Markaz xodimlariga nisbatan, toʻlov manbalaridan qatʼi nazar, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi markaziy apparati xodimlari uchun qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy himoya shartlari tatbiq etilishi belgilab qoʻyilsin. Bunda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan bazaviy moliyalashtirishga oʻtkazilmagan Markaz xodimlarini saqlash bilan bogʻliq xarajatlar qonunchilik hujjatlariga asosan mavjud shtat birliklari doirasida Markazning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan, ushbu pul mablagʻlari yetarli boʻlmagan taqdirda, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi budjetdan tashqari Davlat aktivlarini boshqarish, transformatsiya va xususiylashtirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.
6. Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktoriga Markaz direktorini lavozimga tayinlash va lavozimdan ozod etish hamda zaruriyatga koʻra Markazning tuzilmasiga xodimlarning tasdiqlangan cheklangan umumiy soni va mehnatga haq toʻlash jamgʻarmasi doirasida oʻzgartirishlar kiritish huquqi berilsin.
7. Belgilab qoʻyilsinki, Markaz oʻz faoliyatini amalga oshirish doirasida quyidagi huquqlarga ega:
vazirliklar va idoralardan Markazga yuklatilgan vazifalarni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan statistik, tahliliy va boshqa axborotni bepul olish;
davlat boshqaruvi organlari mutaxassislari, ilmiy-tadqiqot muassasalari xodimlari, oliy taʼlim muassasalari professor va oʻqituvchilari, xorijiy mutaxassislarni belgilangan tartibda ilmiy tadqiqotlarda ishtirok etishga tegishli shartnoma asosida jalb qilish;
ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalari, shu jumladan xalqaro va xorijiy bilan qoʻshma tadqiqotlarni oʻtkazish toʻgʻrisida belgilangan tartibda tegishli shartnomalar tuzish;
oʻtkazilayotgan ilmiy tadqiqotlar toʻgʻrisida xabardorlik darajasini oshirish, normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini tayyorlashda foydalanish maqsadida davlat boshqaruvi organlariga axborot-tahliliy hisobotlarni va maʼlumotlarni taqdim qilish;
davlat boshqaruv organlariga, xoʻjalik birlashmalariga, xorijiy va xalqaro tashkilotlarga Markaz ustavida belgilangan tartibda ilmiy-tadqiqot xizmatlarini koʻrsatish.
8. Quyidagilar Markaz faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari;
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi budjetdan tashqari Davlat aktivlarini boshqarish, transformatsiya va xususiylashtirish jamgʻarmasi mablagʻlari;
Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi tomonidan ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlari doirasida oʻtkaziladigan tanlov natijalari asosida ajratiladigan mablagʻlar;
Markaz faoliyati yoʻnalishi boʻyicha ishlarni bajarish uchun vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar bilan tuzilgan xoʻjalik shartnomalari asosida olingan mablagʻlar;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
xalqaro moliya institutlari va xorijiy tashkilotlarning grantlari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi va Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasiga qimmatli qogʻozlar bozori, korporativ boshqaruvni rivojlantirish, monopoliyaga qarshi tartibga solish, raqobat muhitini rivojlantirish sohasida va oʻz faoliyatining boshqa yoʻnalishlari boʻyicha tadqiqotlar oʻtkazish uchun budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan Markazga buyurtmalar berib borish tavsiya etilsin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi:
bir oy muddatda Markazning ustavini belgilangan tartibda tasdiqlasin va uning davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin;
Markazni Toshkent shahri, Amir Temur koʻchasi, 6-uy manzilidagi binoga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirsin.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.
12. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Xususiylashtirilgan korxonalarga koʻmaklashish va raqobatni rivojlantirish davlat qoʻmitasi huzuridagi Xususiylashtirish, raqobat va korporativ boshqaruvni rivojlantirish muammolarini tadqiq etish markazini tashkil qilish toʻgʻrisida” 2017-yil 22-dekabrdagi 1012-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
13. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori A.J. Ortiqov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 28-apreldagi 219-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 15-maydagi 404-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi budjetdan tashqari Davlat aktivlarini boshqarish, transformatsiya va xususiylashtirish jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 12-bandi yettinchi xatboshidagi “Agentlik xodimlarini” soʻzlari “Agentlik va uning idoraviy mansub tuzilmalari xodimlarini” soʻzlari bilan almashtirilsin.
2. Vazirlar Mahkamasining “Davlat ilmiy tashkilotlarini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan bazaviy moliyalashtirishga oʻtkazish toʻgʻrisida” 2021-yil 26-maydagi 326-son qaroriga 2-ilovaning “Tashkilot nomi” ustuni 24-pozitsiyasidagi “Xususiylashtirish, raqobat va korporativ boshqaruvni rivojlantirish muammolarini tadqiq etish markazi” soʻzlari “Xususiylashtirish va davlat aktivlarini boshqarish muammolarini tadqiq etish markazi” soʻzlari bilan almashtirilsin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 28-aprel,
219-son