UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 5-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 5 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 5 мая 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 5 May 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болалар учун мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида

Гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болаларга узлуксиз таълим-тарбия беришни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг:

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида (кейинги ўринларда — Марказ) даволанаётган болаларга мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш мақсадида «Меҳрли мактаб» лойиҳасини амалга ошириш;

Марказда даволанаётган болаларга мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш жараёнларини самарали ташкил этиш учун «Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасасини (кейинги ўринларда — Меҳрли мактаб) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Белгилансинки:

Меҳрли мактаб юридик шахс мақомига эга бўлиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузурида ташкил этилади;

Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда Меҳрли мактабнинг штатлар жадвалига амалдаги ходимлар штатлари доирасида ўзгартириш киритиш ваколати берилади;

Меҳрли мактаб ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда мактабнинг фаолиятини самарали ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар (тиббиёт муассасалари томонидан қопланадиган харажатлардан ташқари) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади;

Меҳрли мактаб томонидан даволанаётганлар учун таълим жараёнини ташкил этишда тиббиёт муассасаларида фойдаланиладиган хоналарни сақлаш билан боғлиқ барча харажатлар (коммунал, жорий таъмирлаш, қўриқлаш, тозалаш ва бошқалар) Соғлиқни сақлаш вазирлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади;

Меҳрли мактаб ходимлари меҳнатининг алоҳида шароитлари учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча ҳар ойлик 100 фоиз, Мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 100 фоиз миқдорида устама ҳақи тўланaди.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болаларга мактабгача ва умумий ўрта таълим беришни ташкил этиш тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Меҳрли мактаб фаолиятининг мақсад ва вазифалари;

Меҳрли мактабнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

Меҳрли мактабда мактабгача таълим ва тарбия жараёнини ташкил этиш;

Меҳрли мактабда умумий ўрта таълим жараёнини ташкил этиш;

Меҳрли мактабнинг таълим жараёни иштирокчилари фаолиятини ташкил этиш;

Меҳрли мактабни молиялаштириш.

4. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:

жорий йил учун талаб этиладиган зарур маблағларнинг Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига асосан қўшимча равишда ажратилишини таъминласин;

2023 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджети параметрларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун республика бюджетидан ажратилган харажатларда ушбу қарор ижроси учун зарур маблағларни назарда тутсин.

5. Марказнинг моддий-техника таъминоти учун давлат харидлари тўғрисидаги шартномалар, шу жумладан ушбу қарор эълон қилинган санадан олдин тузилган шартномалар, капитал қўйилмалар бўйича шартномалар эканлиги эътиборга олинсин.

6. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:

икки ҳафта муддатда Меҳрли мактабнинг устави тасдиқланиши, шунингдек, унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин;

Меҳрли мактаб фаолиятини самарали ташкил қилинишини таъминласин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Меҳрли мактаб Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Арнасой кўчаси, 17-А-уй манзилида жойлашган Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Ў. Умарова ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Ш. Иноятов зиммаларига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 майдаги 234-сон қарорига ИЛОВА

Гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болаларга мактабгача ва умумий ўрта таълим беришни ташкил этиш тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида ҳамда гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор шароитда тегишли давлат тиббиёт муассасаларида (кейинги ўринларда — тиббиёт муассасалари) даволанаётган болаларга мактабгача ва умумий ўрта таълим бериш жараёнларини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Тиббиёт муассасаларида даволанаётган болаларга мактабгача ва умумий ўрта таълим бериш жараёнлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги юридик шахс бўлган «Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси ҳамда унинг юридик шахс бўлмаган филиаллари (кейинги ўринларда — Меҳрли мактаб) томонидан ташкил этилади.

2. Меҳрли мактаб ўз уставига, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига (давлат таълим муассасалари учун), банк ҳисобварақларига, Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампга ва бланкаларга эга бўлади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

даволанаётганлар — тиббиёт муассасаларида тиббий хизмат кўрсатилаётган 18 ёшга тўлмаган вояга етмаган шахслар;

таълим ва тарбия хизматлари — мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкил этиш хизматлари;

асосий мактаб — даволанаётганлар доимий яшаш манзили бўйича таълим олаётган давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари.

2-боб. Меҳрли мактаб фаолиятининг мақсад ва вазифалари

4. Қуйидагилар Меҳрли мактаб фаолиятининг мақсадлари ҳисобланади:

Меҳрли мактабда даволанаётганларнинг ҳаётга ижтимоий мослашишини, уларнинг мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумтаълим муассасаларида таълимни давом эттиришга тайёрлигини таъминлаш;

Даволанаётганларнинг ҳаёти ва соғлиғи муҳофазасини таъминлаш;

Даволанаётганларга таълим ва тарбия хизматларини кўрсатиш.

5. Қуйидагилар Меҳрли мактаб фаолиятининг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) мактабгача таълимни ташкил этиш соҳасида:

узоқ муддатли даволанишга муҳтож болаларга индивидуал таълим дастурларини ўзлаштиришга имкон берувчи қулай муҳитни яратиш;

илк ва мактабгача ёшдаги болаларнинг ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига, шунингдек, улар асосида ишлаб чиқилган таълим-тарбия ва коррекцион фаолиятни ташкил этишга доир дастурларга мувофиқ тарбияланувчиларни таълим-тарбия ва коррекцион-педагогик ёрдам билан таъминлаш;

болалар ривожланишидаги нуқсонларнинг тиббий абилитация ва реабилитация, компенсация ҳамда коррекция ишларини олиб бориш;

болаларнинг сифатли мактабгача таълим ва тарбия олишига имкон берувчи шарт-шароитлар яратиш;

болаларнинг ижтимоий мослашуви ва таълим ва тарбия олишни давом эттиришга тайёрлигини таъминлаш;

болаларни мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларида ўқишга тайёрлаш;

болаларда Ватанга муҳаббат, оилага, ўз халқининг миллий, тарихий, маданий қадриятларига ҳурмат туйғуларини шакллантириш, атроф муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга ўргатиш;

бола шахсини шакллантириш, унинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш, улар ижтимоий тажриба олишини таъминлаш;

даволаш гуруҳларидаги таълим-тарбия жараёнларига замонавий ўқув дастурлари ва технологияларини жорий этиш;

ҳар бир болага индивидуал ёндашувни таъминлаш;

шахснинг психологик хусусиятларини ҳисобга олиш;

даволаш ва ўқитиш жараёнларида болалар ва ота-оналарга ҳар томонлама ёрдам бериш;

самарали реабилитация қилиш мақсадида тиббий-психологик ва педагогик коррекция ишларини олиб бориш.

б) умумий ўрта таълимни ташкил этиш соҳасида:

даволанаётганларнинг умумий ўрта таълимнинг Давлат таълим стандарти ва ўқув дастурлари асосида узлуксиз таълим олишларини таъминлаш;

даволанаётганларнинг ақлий ва жисмоний ривожланишига ёрдам берадиган шарт-шароитлар яратиш;

даволанаётганларнинг индивидуал қобилиятларини ривожлантириш, иқтидорли ва қобилиятли болаларни тақдирлаш ва қўллаб-қувватлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

даволанаётганларнинг психофизиологик ёш хусусияти, қобилияти, қизиқиши ҳамда ҳаёти ва соғлиғи муҳофазаси талабларига мувофиқ равишда таълим олишларини таъминлаш;

таълим бериш жараёнида даволанаётганларнинг соғлиғини ҳимояловчи дарс жадвалига риоя этилишини таъминлаш;

даволанаётганларнинг дарсдан ташқари вақтларида иқтидорини ривожлантиришга қаратилган тўгарак машғулотларини олиб бориш;

дарс машғулотларини олиб бориш учун малакали педагоглар билан таъминлаш;

даволанаётганлар ва педагог ходимларига таълим ва тарбия хизматларини кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

кунлик даволанаётганларнинг соғлиғи ҳолатидан келиб чиқиб дарсларга қўйилганларнинг рўйхатини тасдиқлаш;

дарсларга қўйилган даволанаётганларнинг соғлиғи ҳолатини кузатиш.

даволанаётганлар томонидан даволанишнинг устуворлигини таъминлаш бўйича ўқув дастурларини, таълим хизматларини кўрсатиш жадвалларини ва имтиҳон саналарини мувофиқлаштириш.

3-боб. Меҳрли мактабнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

6. Меҳрли мактаб қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мактабгача ва умумий ўрта таълим беришни таъминлаш мақсадида тиббиёт муассасаларининг таркибий бўлинмаларидан зарур бўлган маълумотларни сўраш;

таълим ва тарбия олишга рухсат этилган даволанаётганлар рўйхатига шифокорлар хулосасига кўра ўзгартиришлар киритиш;

таълим ва тарбия олишга жалб этилган даволанаётганларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш учун таълим ва тарбия хизматларини кўрсатишни тўхтатиб туриш.

Меҳрли мактаб ўзига юкланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариши шарт.

4-боб. Меҳрли мактабда мактабгача таълим ва тарбия жараёнини ташкил этиш

7. Меҳрли мактабда қуйидаги мактабгача гуруҳлар ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши мумкин:

мактабгача таълим госпитал гуруҳлари — стационар даволанаётган, соғлиғи сабабли мактабгача таълим ташкилотларига бора олмайдиган 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этилган гуруҳлар;

илк ривожланиш ёшидаги болаларга мўлжалланган ўйин гуруҳлари — 1,5 ёшдан 2 ёшгача бўлган болалар учун стационар даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этиладиган гуруҳлар. Уларда парвариш қилиш ва назорат қилиш ишлари ота-оналарнинг фаол иштирокида ташкил этилади;

мактабгача таълим госпитал гуруҳлари, илк ривожланиш ёшидаги болаларга мўлжалланган ўйин гуруҳлари (кейинги ўринларда — мактабгача госпитал гуруҳлари).

8. Меҳрли мактабда даволанаётган мактабгача госпитал гуруҳлари учун таълим-тарбия жараёни мазмуни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган Давлат ўқув дастури асосида ишлаб чиқилган дастур (жумладан, муаллифлик, мослаштирилган ва бошқа дастур) билан, илк ва мактабгача таълим ёшидаги болалар ривожланишига қўйилган давлат талабларига мувофиқ белгиланади.

9. Меҳрли мактабда мактабгача госпитал гуруҳлари Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари ва Мактабгача таълим давлат ўқув дастурига мувофиқ болаларнинг ёшига оид хусусиятларини инобатга олган ҳолда ташкил этилади ва жиҳозланади.

10. Даволанаётганларни мактабгача госпитал гуруҳларига қабул қилиш Меҳрли мактаб томонидан тақдим этиладиган рўйхатлар асосида амалга оширилади.

11. Меҳрли мактабнинг бир гуруҳ хонасида 2 тадан кўп бўлмаган мактабгача госпитал гуруҳлари фаолиятини икки сменада алоҳида ташкил этишга рухсат этилади.

12. Мактабгача госпитал гуруҳлари ҳам бир хил ёшдаги, ҳам турли ёшдаги даволанаётганлар билан тўлдирилиши мумкин.

13. Болаларни гуруҳлардан чиқариш даволаётган шифокорнинг даволанишни тугатиш тўғрисидаги кўчирмаси ёки маълумотномаси асосида амалга оширилади.

14. Шифокор томонидан ҳар куни ўтказиладиган кўрик натижаларига кўра, даволанаётганлар таълим жараёнидан вақтинча четлаштирилиши мумкин.

15. Ҳаракатланиш ва одамлар билан алоқа қилиш тавсия этилмайдиган даволанаётганлар учун индивидуал таълим ва тарбия хизматлари ташкил этилиши мумкин.

16. Мактабгача госпитал гуруҳлари 15 нафаргача даволанаётганлар билан тўлдирилади.

17. Таълим-тарбия жараёни йиллик, календарь-мавзули режалар ва болалар фаолиятининг кун тартиби билан тартибга солинади.

18. Мактабгача гуруҳларда таълим-тарбия жараёни мазмунан даволанаётган шахсга йўналтирилган ҳамда ривожланишини таъминлайдиган инновацион педагогик технологиялардан фойдаланишни ўз ичига олади.

19. Мактабгача гуруҳларда таълим-тарбия жараёни стационар даволаш-профилактика муассасасининг тиббиёт ходимлари билан биргаликда ишлаб чиқилган индивидуал таълим йўналиши асосида болаларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.

20. Таълим-тарбия жараёни доирасида фронтал, кичик гуруҳ ва якка тартибдаги машғулотлар шакллари болаларнинг иштироки, уларнинг ўзаро индивидуал ва катталар билан биргаликдаги фаолиятини ўз ичига олади. Бунда, машғулотларнинг фронтал, кичик гуруҳ, индивидуал шакллари «Илк қадам» Давлат ўқув дастури асосида тасдиқланган кун тартиби ва машғулотлар жадвалига мувофиқ олиб борилади.

21. Мактабгача гуруҳларида болаларни ўқитиш ва тарбиялаш қуйидаги тамойиллар асосида амалга оширилади:

боланинг ҳуқуқлари, индивидуал хусусиятлар ва ривожланиш салоҳиятини ҳисобга олиш;

таълим фаолиятида боланинг ривожланиш соҳаларининг ўзаро боғлиқлиги;

боланинг саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш, унинг эҳтиёжларини, шу жумладан, ҳаракатга бўлган эҳтиёжини қондириш;

боланинг ижодий қобилиятларини қўллаб-қувватлаш;

ўйин орқали ўқитиш ва ривожлантириш;

боланинг ривожланиши ва ижтимоийлашуви учун қулай муҳит яратиш;

бола учун хавфсиз муҳитни таъминлаш;

оила билан ҳамкорлик;

миллий маданий анъаналарга, бағрикенгликка ҳурмат руҳида тарбиялаш;

ижтимоий мослаштириш;

махсус таълим методологиясидан фойдаланиш, таълим жараёнини ташкил этишга табақалаштирилган ёндашув.

22. Мактабгача госпитал гуруҳларидаги машғулотлар давомийлиги стационар даволаш-профилактика муассасасининг тиббиёт ходимлари билан биргаликда педагоглар томонидан болаларнинг индивидуал ва ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади, бунда ҳафталик ўқув юкламаси ва машғулотлар сони белгиланган энг кўп миқдордан ошиб кетишига йўл қўйилмайди.

23. Мактабгача гуруҳларда болалар билан методик ишлар ва таълим-тарбия жараёнининг ташкил этилиши, ҳужжатлар юритилишини назорат қилиш мактабгача таълим ва тарбияни ташкил этиш бўйича директор ўринбосари (методист) томонидан амалга оширилади.

25. Мактабгача гуруҳларда таълим ва тарбия «Давлат тили ҳақида»ги Қонунга мувофиқ давлат тилида ва бошқа тилларда олиб борилади.

5-боб. Меҳрли мактабда умумий ўрта таълим жараёнини ташкил этиш

26. Даволанаётганлар учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган намунавий таянч ўқув режаси ва таълим дастурларига мувофиқ алоҳида ишлаб чиқилган ўқув режаси асосида 1 — 11-синфлар ҳажмида умумий ўрта таълим берилади.

27. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳар йили 1 июлга қадар Меҳрли мактаб учун алоҳида тасдиқланган ўқув режаси ва ўқув дастурларини ишлаб чиқади.

28. Даволанаётганлар тиббиёт муассасаларида бўлиб турган вақтда даволовчи шифокор хулосасига кўра ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда — ота-оналар) розилиги билан умумий ўрта таълимга жалб қилинади.

Бунда, ўқувчилар даволанишга келган кундан бошлаб уч кун мобайнида даволовчи шифокорнинг умумий ўрта таълимга жалб этиш бўйича хулосаси берилади.

Даволовчи шифокорнинг ижобий хулосаси ва ота-оналарнинг ёзма розилиги Меҳрли мактабга тақдим этилади.

Заруриятга кўра даволовчи шифокор хулосаси билан ўқувчи учун ташкил этилган дарс жараёнлари вақтинчалик тўхтатилиши ҳам мумкин.

29. Даволанаётганларни ўқитиш муддати даволовчи шифокорларнинг тиббий кўрсатмаларига мувофиқ ота-оналар розилиги билан белгиланади.

30. Даволанаётганлар учун дарс машғулотлари даволовчи шифокор хулосасига кўра гуруҳларда (синф) ёки марказда ётган, ҳаракатланиш ва инсонлар билан мулоқот қилиш тавсия этилмаган даволанаётганлар учун индивидуал тарзда олиб борилади.

31. Даволанаётганлар тиббиёт муассасаларига келган кунидан бошлаб даволаниш муддатига кўра, Меҳрли мактабга қабул қилинади. Бунда ўқувчи доимий яшаш манзилида таълим олаётган асосий мактабнинг ўқувчилар сафидан чиқарилмайди.

32. Даволаниш муддати тугаганидан сўнг ўқувчилар тиббиёт муассасаларидан чиқарилган кундан бошлаб Меҳрли мактабдан чиқарилади. Бунинг учун шифокорнинг даволаниш муддати якунланганлигини тасдиқловчи хулосаси асос бўлади.

33. Меҳрли мактаб томонидан даволанаётганларга даволаниш муддати давомида умумий ўрта таълим дастурлари асосида тегишли фанлар бўйича ўзлаштириш натижалари кўрсатилган маълумотнома берилади.

Ушбу ҳужжат даволанаётганларнинг доимий тарзда таълим олаётган асосий мактабида ўқишни давом эттириши учун асос бўлади.

34. Даволанаётганларнинг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тиббиёт муассасаларида даволаниш вақтига тўғри келганда якуний давлат аттестацияси Меҳрли мактаб томонидан, филиалларда эса асосий мактаб томонидан даволаниш муддати тугагандан сўнг ташкил этилади.

Бунда битирувчи синф ўқувчиларига (9 ва 11-синфлар) давлат намунасидаги ҳужжат (шаҳодатнома) Меҳрли мактаб томонидан берилган якуний давлат аттестацияси натижалари ва ўзлаштириш табели асосида ўқувчининг доимий тарзда таълим олаётган асосий мактаби томонидан берилади.

35. Даволанаётганларнинг таълим олиш, ихтиёрий равишда турли тўгаракларга қатнашиш, даволаниш ва дам олишни асосли равишда уйғунлаштиришни таъминлайдиган кун тартиби болаларнинг тиббиёт муассасаларида бўлиши муддатини ҳисобга олган ҳолда тузилади.

36. Марказларда дарс машғулотининг давомийлиги 30 дақиқа бўлади. Болаларнинг саломатлик ҳолатига кўра дарс машғулотлари қисқартирилиши мумкин.

Бунда бир кунлик дарс машғулотлари 1 — 4 синфларда 3 соатдан, 5 — 11 синфларда 4 соатдан ошмаслиги лозим.

Ўқув ҳафтаси давомийлиги 5 кунлик асосида олиб борилади.

37. Марказда даволанаётганлар учун турли тўгараклар, қизиқишларига кўра секциялар ва болаларнинг интеллектуал ҳамда ижодий қобилиятларини ривожлантиришга мўлжалланган студиялар ташкил этилиши мумкин.

38. Даволанаётганларни психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг махсус касбий тайёргарлик кўникмаларини шакллантириш ҳамда ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш, шунингдек уларга турли кўринишдаги психологик ёрдам бериш мақсадида профессионал психологик ёрдам кўрсатиш хонаси ташкил этилади.

6-боб. Меҳрли мактабнинг таълим жараёни иштирокчилари фаолиятини ташкил этиш

39. Меҳрли мактаб ташкилотига унинг директори раҳбарлик қилади.

Меҳрли мактаб директори Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади.

Филиалнинг фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси филиал психологига юклатилади.

40. Директор Меҳрли мактабга юклатилган мақсадлар амалга оширилишига ҳамда белгиланган вазифалар ва мажбуриятлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишига масъул ҳисобланади.

Шунингдек, Меҳрли мактаб директори ташкилий-ҳуқуқий, ўқув-тарбиявий, маънавий-маърифий ва молиявий фаолиятининг ташкил этилишига бевосита масъул ҳисобланади.

41. Меҳрли мактаб директори ва унинг ўринбосарлари Мактабгача ва мактаб таълими вазири томонидан тайинланади ва эгаллаб турган лавозимидан озод этилади.

Меҳрли мактаб ходимлари Меҳрли мактаб директори томонидан тайинланади ва эгаллаб турган лавозимидан озод этилади.

42. Меҳрли мактаб ходимларининг лавозим мажбуриятлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

43. Меҳрли мактаб ходимларига мазкур Низом талабларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган кўрсатмалар бериш тақиқланади.

44. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Меҳрли мактабнинг штатлар жадвалини тасдиқлайди.

45. Меҳрли мактабнинг штатлар жадвалига қуйидаги лавозимларнинг штат бирликлари киритилади:

Меҳрли мактаб директори — 1 нафар штат бирлиги;

умумий ўрта таълимни ташкил этиш бўйича директор ўринбосари — 1 нафар штат бирлиги;

мактабгача таълим ва тарбияни ташкил этиш бўйича директор ўринбосари (методист) — 1 нафар штат бирлиги;

филиаллар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича директор ўринбосари — 1 нафар штат бирлиги;

кадрлар билан ишлаш бўйича инспектор — 1 нафар штат бирлиги;

умумий ўрта таълимни ташкил этиш бўйича педагог ходимлар учун 20 нафар штат бирлиги;

мактабгача таълим ва тарбияни ташкил этиш учун 1 нафар дефектолог, 1 нафар психолог, 1 нафар мусиқа раҳбари ҳамда ҳар 1 госпитал гуруҳ учун — 1 ставка тарбиячи ва 1 ставка тарбиячи ёрдамчиси штатлар бирлиги.

Бунда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Меҳрли мактабнинг штатлар жадвалига ўзгартириш киритиш, жумладан, қўшимча штат бирликларини киритиш ваколати берилади. Шунингдек, мазкур органларга амалдаги қонунчиликда белгиланган тегишли лавозимлар ва штат бирликлари киритилади.

45 1 . Меҳрли мактабнинг ҳар бир ташкил этиладиган филиаллари учун уларда таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш мақсадида қуйидаги лавозимлар жорий этилади:

умумий ўрта таълимни ташкил этиш учун — педагог ходимлар (3 та штат бирлиги);

мактабгача таълим ва тарбияни ташкил этиш учун — ҳар бир гуруҳ учун тарбиячи (1 та штат бирлиги) ва тарбиячи ёрдамчиси (1 та штат бирлиги);

психолог (1 та штат бирлиги).

46. Ўқув жараёнини ташкил этиш учун Меҳрли мактаб ходимларига ҳақ тўлаш шартлари қуйидагича белгиланади:

Меҳрли мактаб директори учун ўқувчилар контингентининг биринчи гуруҳ учун белгиланган умумтаълим муассасаси директорининг базавий тариф ставкаси қўлланилади;

Меҳрли мактаб директор ўринбосарлари учун ўқувчилар контингентининг биринчи гуруҳи учун белгиланган умумтаълим муассасалари ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарининг базавий тариф ставкаси қўлланилади;

умумий ўрта таълимни ташкил этиш бўйича педагог ходим лавозими учун умумтаълим муассасалари биринчи малака тоифали ўқитувчисининг базавий тариф ставкаси қўлланилади;

мактабгача таълимни ташкил этиш бўйича педагог ходим лавозими учун мактабгача таълим ташкилотининг олий маълумотли педагогларининг базавий тариф ставкаси қўлланилади;

Меҳрли мактаб бош бухгалтери учун Психологик-педагогик республика ташхис марказининг бош бухгалтерига белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш разряди қўлланилади.

47. Умумий ўрта таълимни ташкил этиш бўйича директор ўринбосари:

ўқув жараёнини ташкил қилади, давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқув режаси ва дастурларнинг бажарилишини таъминлайди;

педагогик ходимга белгиланган иш юкламасини, жумладан, ўқув жараёни, ўқув жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараёнларга оид ишлар ўз вақтида бажарилишини таъминлайди;

ходимларнинг ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди ва уларнинг масъуллик даражасини белгилайди;

ўқувчиларнинг ўзлаштиришининг мониторингини амалга оширади, тўгаракларнинг фаолиятини ташкил қилади;

ўқув режасига мувофиқ дарс жадвалларини санитария қоидалари ва меъёрларини инобатга олган ҳолда тузади;

педагоглар ва ўқув-тарбия ходимлари таркибининг иш вақтини ҳисобга олиш табелини юритади.

Умумий ўрта таълимни ташкил этиш бўйича директор ўринбосари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

48. Мактабгача таълим ва тарбияни ташкил этиш бўйича директор ўринбосари (методист):

Марказдаги методик фаолиятга раҳбарлик қилади;

мактабгача таълим соҳасига оид норматив-ҳужжатларни амалиётга тўлақонли татбиқ этади;

Марказнинг ўқув-методик фаолиятини самарали ташкил этади;

болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик ва жисмоний ривожлантирувчи замонавий таълим дастурлари ва технологияларини таълим-тарбия жараёнига жорий этади, уларнинг мактабга тайёргарлик даражасини тубдан ошириш юзасидан педагог кадрлар билан иш олиб боради, уларга методик маслаҳатлар бериб боради;

Марказ педагог ходимларининг иш режалари, ўқув-мавзули режалари ҳамда машғулотларга тайёргарлик ҳолатларини назорат қилади;

Марказда тарбияланувчиларнинг интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ривожланишини кузатади, баҳолашга доир маълумотларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ва натижасига кўра аниқланган бўшлиқларни тўлдириш юзасидан зарур чора-тадбирларни белгилайди;

Марказнинг йиллик иш режасида белгиланган вазифалар тегишлилиги бўйича сифатли ва самарали, ўз вақтида бажарилишини таъминлайди, педагогик жамоага таълимдаги янгиликларни етказиш бўйича назарий, амалий семинар машғулотларини ташкил этади;

Марказдаги гуруҳ хоналарини болалар ёшига мос равишда жиҳозлаш юзасидан тегишли маслаҳатлар беради;

таълим-тарбия жараёнида болаларда умумий асосий компетенциялар ва ривожланиш соҳалари компетенцияларини шакллантириш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширади;

ахборот ва педагогик технологияларни, жумладан масофавий ўқитиш усулларини ташкил этиш ишларини қўллаш ва такомиллаштиришни таъминлайди;

байрам эрталиклари, очиқ машғулотлар, кўрик-танловлар ўтказилишини ташкил этади;

Марказ ходимларига ваколати доирасида топшириқлар бериш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш, ходимларнинг касбий маҳорати ва методик салоҳиятини ошириш ишларини ташкил этади;

ташкилотни ўқув-дидактик, методик ва кўргазмали материаллар, ўйинчоқлар, ўйин ва мусиқа асбоблари билан жиҳозлашга бўлган эҳтиёжни аниқлайди ва раҳбариятга таклиф киритади;

Марказда ички меҳнат тартиби қоидаларига, жамоа шартномасига, санитария қоидалари ва гигиена нормаларига, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишни таъминлайди;

мактабгача таълим педагог ходимларига методик ёрдам беради ва уларнинг педагогик фаолиятини таҳлил қилади;

мактабгача таълим педагог ходимларининг тасдиқланган иш режаларида белгиланган вазифалар бажарилишини назорат қилади.

Мактабгача таълим ва тарбияни ташкил этиш бўйича директор ўринбосари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

48 1 . Меҳрли мактаб директорининг филиаллар билан ишлаш бўйича ўринбосари:

филиаллар фаолиятини мувофиқлаштиради;

филиаллар томонидан олиб бориладиган таълим ва тарбия жараёнини назорат қилади;

филиалларга қабул қилинадиган ходимларни ишга қабул қилиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

филиалларда таълим ва тарбия олган болаларнинг мониторингини юритади;

филиалларда таълим олган болаларга бериладиган маълумотнома тайёрлайди ҳамда Меҳрли мактаб раҳбари имзоси билан филиалларга юборади;

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган лавозим мажбуриятларига киритилган бошқа вазифаларни бажаради.

49. Меҳрли мактабнинг педагог ходимлари меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.

7-боб. Меҳрли мактаб таълим жараёни иштирокчилари ва уларнинг ҳуқуқлари

50. Даволанаётганлар, ота-оналар, педагогик, тиббий ва бошқа ходимлар таълим ва тарбия жараёни иштирокчилари ҳисобланади.

51. Даволанаётганлар бепул мактабгача ва умумий ўрта таълим олиш, қизиқишларига қараб турли тўгараклар, секцияларга, болаларнинг интеллектуал ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган студияларга қатнаш ҳуқуқига эга.

52. Ота-оналар болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, Меҳрли мактаб томонидан ташкил этилган таълим-тарбиявий фаолият билан танишиш ҳуқуқига эга.

53. Тегишли педагогик маълумотга, тайёргарликка ҳамда юксак ахлоқий сифатларга эга шахслар Меҳрли мактабда педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадир.

8-боб. Меҳрли мактабни молиялаштириш

54. Молия йили давомида Меҳрли мактаб ходимларига Давлат бюджети ҳисобидан бир ойлик иш ҳақи фондини йўналтирган ҳолда моддий ёрдам ва икки ойлик иш ҳақи фондини йўналтирган ҳолда моддий рағбатлантириш кўрсатилади.

55. Меҳрли мактаб ходимларига қўшимча устама, мукофотлар ва моддий рағбатлантиришларнинг бошқа турлари қўлланилишига рухсат этилади.

56. Меҳрли мактабнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими тизимидаги ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2021 йил 27 апрелдаги 243-сон қарори асосида тартибга солинади.

9-боб. Якунловчи қоида

57. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 5 май,

234-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.05.2022 й., 09/22/234/0382-сон; 30.03.2023 й., 09/23/134/0181-сон; 15.07.2025 й., 09/25/439/0619-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Gematologiya, onkologiya, klinik immunologiya, boshqa statsionar va uzoq muddatli ambulator davolanishda boʻlgan bolalar uchun maktabgacha taʼlim va tarbiya hamda umumiy oʻrta taʼlim berish tizimini joriy qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Gematologiya, onkologiya, klinik immunologiya, boshqa statsionar va uzoq muddatli ambulator davolanishda boʻlgan bolalarga uzluksiz taʼlim-tarbiya berishni taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Xalq taʼlimi vazirligi, Maktabgacha taʼlim vazirligi va Sogʻliqni saqlash vazirligining:

Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazida (keyingi oʻrinlarda — Markaz) davolanayotgan bolalarga maktabgacha taʼlim va tarbiya hamda umumiy oʻrta taʼlim berish maqsadida “Mehrli maktab” loyihasini amalga oshirish;

Markazda davolanayotgan bolalarga maktabgacha taʼlim va tarbiya hamda umumiy oʻrta taʼlim berish jarayonlarini samarali tashkil etish uchun “Mehrli maktab” davlat taʼlim muassasasini (keyingi oʻrinlarda — Mehrli maktab) tashkil etish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.

2. Belgilansinki:

Mehrli maktab yuridik shaxs maqomiga ega boʻlib, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzurida tashkil etiladi;

Maktabgacha va maktab taʼlim vazirligiga Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishgan holda Mehrli maktabning shtatlar jadvaliga amaldagi xodimlar shtatlari doirasida oʻzgartirish kiritish vakolati beriladi;

Mehrli maktab xodimlarining ish haqi va unga tenglashtirilgan toʻlovlar hamda maktabning faoliyatini samarali tashkil etish bilan bogʻliq xarajatlar (tibbiyot muassasalari tomonidan qoplanadigan xarajatlardan tashqari) Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligiga respublika budjetidan ajratilgan mablagʻlar hisobidan qoplanadi;

Mehrli maktab tomonidan davolanayotganlar uchun taʼlim jarayonini tashkil etishda tibbiyot muassasalarida foydalaniladigan xonalarni saqlash bilan bogʻliq barcha xarajatlar (kommunal, joriy taʼmirlash, qoʻriqlash, tozalash va boshqalar) Sogʻliqni saqlash vazirligiga respublika budjetidan ajratilgan mablagʻlar hisobidan qoplanadi;

Mehrli maktab xodimlari mehnatining alohida sharoitlari uchun Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoʻshimcha har oylik 100 foiz, Maktabgacha va maktab taʼlimi sohasidagi islohotlarga koʻmaklashish jamgʻarmasi hisobidan 100 foiz miqdorida ustama haqi toʻlanadi.

3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Gematologiya, onkologiya, klinik immunologiya, boshqa statsionar va uzoq muddatli ambulator davolanishda boʻlgan bolalarga maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim berishni tashkil etish toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Mehrli maktab faoliyatining maqsad va vazifalari;

Mehrli maktabning huquq va majburiyatlari;

Mehrli maktabda maktabgacha taʼlim va tarbiya jarayonini tashkil etish;

Mehrli maktabda umumiy oʻrta taʼlim jarayonini tashkil etish;

Mehrli maktabning taʼlim jarayoni ishtirokchilari faoliyatini tashkil etish;

Mehrli maktabni moliyalashtirish.

4. Iqtisodiyot va moliya vazirligi:

joriy yil uchun talab etiladigan zarur mablagʻlarning Xalq taʼlimi vazirligi va Maktabgacha taʼlim vazirligining asoslangan hisob-kitoblariga asosan qoʻshimcha ravishda ajratilishini taʼminlasin;

2023-yildan boshlab har yili Davlat budjeti parametrlarida Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi va Sogʻliqni saqlash vazirligi uchun respublika budjetidan ajratilgan xarajatlarda ushbu qaror ijrosi uchun zarur mablagʻlarni nazarda tutsin.

5. Markazning moddiy-texnika taʼminoti uchun davlat xaridlari toʻgʻrisidagi shartnomalar, shu jumladan ushbu qaror eʼlon qilingan sanadan oldin tuzilgan shartnomalar, kapital qoʻyilmalar boʻyicha shartnomalar ekanligi eʼtiborga olinsin.

6. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi:

ikki hafta muddatda Mehrli maktabning ustavi tasdiqlanishi, shuningdek, uning belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazsin;

Mehrli maktab faoliyatini samarali tashkil qilinishini taʼminlasin;

manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

7. Mehrli maktab Toshkent shahri, Chilonzor tumani, Arnasoy koʻchasi, 17-A-uy manzilida joylashgan Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazi binosiga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilsin.

8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri H.Oʻ. Umarova hamda Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri A.Sh. Inoyatov zimmalariga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 5-maydagi 234-son qaroriga ILOVA

Gematologiya, onkologiya, klinik immunologiya, boshqa statsionar va uzoq muddatli ambulator davolanishda boʻlgan bolalarga maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim berishni tashkil etish toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazida hamda gematologiya, onkologiya, klinik immunologiya, boshqa statsionar va uzoq muddatli ambulator sharoitda tegishli davlat tibbiyot muassasalarida (keyingi oʻrinlarda — tibbiyot muassasalari) davolanayotgan bolalarga maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim berish jarayonlarini tashkil etish tartibini belgilaydi.

Tibbiyot muassasalarida davolanayotgan bolalarga maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim berish jarayonlari Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi yuridik shaxs boʻlgan “Mehrli maktab” davlat taʼlim muassasasi hamda uning yuridik shaxs boʻlmagan filiallari (keyingi oʻrinlarda — Mehrli maktab) tomonidan tashkil etiladi.

2. Mehrli maktab oʻz ustaviga, mustaqil balansga, shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga (davlat taʼlim muassasalari uchun), bank hisobvaraqlariga, Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga, shtampga va blankalarga ega boʻladi.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

davolanayotganlar — tibbiyot muassasalarida tibbiy xizmat koʻrsatilayotgan 18 yoshga toʻlmagan voyaga yetmagan shaxslar;

taʼlim va tarbiya xizmatlari — maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkil etish xizmatlari;

asosiy maktab — davolanayotganlar doimiy yashash manzili boʻyicha taʼlim olayotgan davlat va nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari.

2-bob. Mehrli maktab faoliyatining maqsad va vazifalari

4. Quyidagilar Mehrli maktab faoliyatining maqsadlari hisoblanadi:

Mehrli maktabda davolanayotganlarning hayotga ijtimoiy moslashishini, ularning maktabgacha taʼlim tashkilotlari hamda umumtaʼlim muassasalarida taʼlimni davom ettirishga tayyorligini taʼminlash;

Davolanayotganlarning hayoti va sogʻligʻi muhofazasini taʼminlash;

Davolanayotganlarga taʼlim va tarbiya xizmatlarini koʻrsatish.

5. Quyidagilar Mehrli maktab faoliyatining asosiy vazifalari hisoblanadi:

a) maktabgacha taʼlimni tashkil etish sohasida:

uzoq muddatli davolanishga muhtoj bolalarga individual taʼlim dasturlarini oʻzlashtirishga imkon beruvchi qulay muhitni yaratish;

ilk va maktabgacha yoshdagi bolalarning rivojlanishiga qoʻyiladigan davlat talablariga, shuningdek, ular asosida ishlab chiqilgan taʼlim-tarbiya va korreksion faoliyatni tashkil etishga doir dasturlarga muvofiq tarbiyalanuvchilarni taʼlim-tarbiya va korreksion-pedagogik yordam bilan taʼminlash;

bolalar rivojlanishidagi nuqsonlarning tibbiy abilitatsiya va reabilitatsiya, kompensatsiya hamda korreksiya ishlarini olib borish;

bolalarning sifatli maktabgacha taʼlim va tarbiya olishiga imkon beruvchi shart-sharoitlar yaratish;

bolalarning ijtimoiy moslashuvi va taʼlim va tarbiya olishni davom ettirishga tayyorligini taʼminlash;

bolalarni maktabgacha taʼlim tashkilotlari va umumtaʼlim muassasalarida oʻqishga tayyorlash;

bolalarda Vatanga muhabbat, oilaga, oʻz xalqining milliy, tarixiy, madaniy qadriyatlariga hurmat tuygʻularini shakllantirish, atrof muhitga ehtiyotkorlik bilan munosabatda boʻlishga oʻrgatish;

bola shaxsini shakllantirish, uning ijodiy qobiliyatlarini rivojlantirish, ular ijtimoiy tajriba olishini taʼminlash;

davolash guruhlaridagi taʼlim-tarbiya jarayonlariga zamonaviy oʻquv dasturlari va texnologiyalarini joriy etish;

har bir bolaga individual yondashuvni taʼminlash;

shaxsning psixologik xususiyatlarini hisobga olish;

davolash va oʻqitish jarayonlarida bolalar va ota-onalarga har tomonlama yordam berish;

samarali reabilitatsiya qilish maqsadida tibbiy-psixologik va pedagogik korreksiya ishlarini olib borish.

b) umumiy oʻrta taʼlimni tashkil etish sohasida:

davolanayotganlarning umumiy oʻrta taʼlimning Davlat taʼlim standarti va oʻquv dasturlari asosida uzluksiz taʼlim olishlarini taʼminlash;

davolanayotganlarning aqliy va jismoniy rivojlanishiga yordam beradigan shart-sharoitlar yaratish;

davolanayotganlarning individual qobiliyatlarini rivojlantirish, iqtidorli va qobiliyatli bolalarni taqdirlash va qoʻllab-quvvatlash uchun zarur shart-sharoitlar yaratish;

davolanayotganlarning psixofiziologik yosh xususiyati, qobiliyati, qiziqishi hamda hayoti va sogʻligʻi muhofazasi talablariga muvofiq ravishda taʼlim olishlarini taʼminlash;

taʼlim berish jarayonida davolanayotganlarning sogʻligʻini himoyalovchi dars jadvaliga rioya etilishini taʼminlash;

davolanayotganlarning darsdan tashqari vaqtlarida iqtidorini rivojlantirishga qaratilgan toʻgarak mashgʻulotlarini olib borish;

dars mashgʻulotlarini olib borish uchun malakali pedagoglar bilan taʼminlash;

davolanayotganlar va pedagog xodimlariga taʼlim va tarbiya xizmatlarini koʻrsatish uchun zarur shart-sharoitlar yaratish;

kunlik davolanayotganlarning sogʻligʻi holatidan kelib chiqib darslarga qoʻyilganlarning roʻyxatini tasdiqlash;

darslarga qoʻyilgan davolanayotganlarning sogʻligʻi holatini kuzatish.

davolanayotganlar tomonidan davolanishning ustuvorligini taʼminlash boʻyicha oʻquv dasturlarini, taʼlim xizmatlarini koʻrsatish jadvallarini va imtihon sanalarini muvofiqlashtirish.

3-bob. Mehrli maktabning huquq va majburiyatlari

6. Mehrli maktab quyidagi huquqlarga ega:

maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim berishni taʼminlash maqsadida tibbiyot muassasalarining tarkibiy boʻlinmalaridan zarur boʻlgan maʼlumotlarni soʻrash;

taʼlim va tarbiya olishga ruxsat etilgan davolanayotganlar roʻyxatiga shifokorlar xulosasiga koʻra oʻzgartirishlar kiritish;

taʼlim va tarbiya olishga jalb etilgan davolanayotganlarning sogʻligʻini himoya qilish uchun taʼlim va tarbiya xizmatlarini koʻrsatishni toʻxtatib turish.

Mehrli maktab oʻziga yuklangan vazifalarni oʻz vaqtida va sifatli bajarishi shart.

4-bob. Mehrli maktabda maktabgacha taʼlim va tarbiya jarayonini tashkil etish

7. Mehrli maktabda quyidagi maktabgacha guruhlar tashkil etilishi va faoliyat koʻrsatishi mumkin:

maktabgacha taʼlim gospital guruhlari — statsionar davolanayotgan, sogʻligʻi sababli maktabgacha taʼlim tashkilotlariga bora olmaydigan 2 yoshdan 7 yoshgacha boʻlgan bolalar uchun davolash-profilaktika muassasalarida tashkil etilgan guruhlar;

ilk rivojlanish yoshidagi bolalarga moʻljallangan oʻyin guruhlari — 1,5 yoshdan 2 yoshgacha boʻlgan bolalar uchun statsionar davolash-profilaktika muassasalarida tashkil etiladigan guruhlar. Ularda parvarish qilish va nazorat qilish ishlari ota-onalarning faol ishtirokida tashkil etiladi;

maktabgacha taʼlim gospital guruhlari, ilk rivojlanish yoshidagi bolalarga moʻljallangan oʻyin guruhlari (keyingi oʻrinlarda — maktabgacha gospital guruhlari).

8. Mehrli maktabda davolanayotgan maktabgacha gospital guruhlari uchun taʼlim-tarbiya jarayoni mazmuni Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tomonidan tasdiqlangan Davlat oʻquv dasturi asosida ishlab chiqilgan dastur (jumladan, mualliflik, moslashtirilgan va boshqa dastur) bilan, ilk va maktabgacha taʼlim yoshidagi bolalar rivojlanishiga qoʻyilgan davlat talablariga muvofiq belgilanadi.

9. Mehrli maktabda maktabgacha gospital guruhlari Ilk va maktabgacha yoshdagi bolalar rivojlanishiga qoʻyiladigan davlat talablari va Maktabgacha taʼlim davlat oʻquv dasturiga muvofiq bolalarning yoshiga oid xususiyatlarini inobatga olgan holda tashkil etiladi va jihozlanadi.

10. Davolanayotganlarni maktabgacha gospital guruhlariga qabul qilish Mehrli maktab tomonidan taqdim etiladigan roʻyxatlar asosida amalga oshiriladi.

11. Mehrli maktabning bir guruh xonasida 2 tadan koʻp boʻlmagan maktabgacha gospital guruhlari faoliyatini ikki smenada alohida tashkil etishga ruxsat etiladi.

12. Maktabgacha gospital guruhlari ham bir xil yoshdagi, ham turli yoshdagi davolanayotganlar bilan toʻldirilishi mumkin.

13. Bolalarni guruhlardan chiqarish davolayotgan shifokorning davolanishni tugatish toʻgʻrisidagi koʻchirmasi yoki maʼlumotnomasi asosida amalga oshiriladi.

14. Shifokor tomonidan har kuni oʻtkaziladigan koʻrik natijalariga koʻra, davolanayotganlar taʼlim jarayonidan vaqtincha chetlashtirilishi mumkin.

15. Harakatlanish va odamlar bilan aloqa qilish tavsiya etilmaydigan davolanayotganlar uchun individual taʼlim va tarbiya xizmatlari tashkil etilishi mumkin.

16. Maktabgacha gospital guruhlari 15 nafargacha davolanayotganlar bilan toʻldiriladi.

17. Taʼlim-tarbiya jarayoni yillik, kalendar-mavzuli rejalar va bolalar faoliyatining kun tartibi bilan tartibga solinadi.

18. Maktabgacha guruhlarda taʼlim-tarbiya jarayoni mazmunan davolanayotgan shaxsga yoʻnaltirilgan hamda rivojlanishini taʼminlaydigan innovatsion pedagogik texnologiyalardan foydalanishni oʻz ichiga oladi.

19. Maktabgacha guruhlarda taʼlim-tarbiya jarayoni statsionar davolash-profilaktika muassasasining tibbiyot xodimlari bilan birgalikda ishlab chiqilgan individual taʼlim yoʻnalishi asosida bolalarning individual xususiyatlarini hisobga olgan holda tashkil etiladi.

20. Taʼlim-tarbiya jarayoni doirasida frontal, kichik guruh va yakka tartibdagi mashgʻulotlar shakllari bolalarning ishtiroki, ularning oʻzaro individual va kattalar bilan birgalikdagi faoliyatini oʻz ichiga oladi. Bunda, mashgʻulotlarning frontal, kichik guruh, individual shakllari “Ilk qadam” Davlat oʻquv dasturi asosida tasdiqlangan kun tartibi va mashgʻulotlar jadvaliga muvofiq olib boriladi.

21. Maktabgacha guruhlarida bolalarni oʻqitish va tarbiyalash quyidagi tamoyillar asosida amalga oshiriladi:

bolaning huquqlari, individual xususiyatlar va rivojlanish salohiyatini hisobga olish;

taʼlim faoliyatida bolaning rivojlanish sohalarining oʻzaro bogʻliqligi;

bolaning salomatligini asrash va mustahkamlash, uning ehtiyojlarini, shu jumladan, harakatga boʻlgan ehtiyojini qondirish;

bolaning ijodiy qobiliyatlarini qoʻllab-quvvatlash;

oʻyin orqali oʻqitish va rivojlantirish;

bolaning rivojlanishi va ijtimoiylashuvi uchun qulay muhit yaratish;

bola uchun xavfsiz muhitni taʼminlash;

oila bilan hamkorlik;

milliy madaniy anʼanalarga, bagʻrikenglikka hurmat ruhida tarbiyalash;

ijtimoiy moslashtirish;

maxsus taʼlim metodologiyasidan foydalanish, taʼlim jarayonini tashkil etishga tabaqalashtirilgan yondashuv.

22. Maktabgacha gospital guruhlaridagi mashgʻulotlar davomiyligi statsionar davolash-profilaktika muassasasining tibbiyot xodimlari bilan birgalikda pedagoglar tomonidan bolalarning individual va yosh xususiyatlarini hisobga olgan holda belgilanadi, bunda haftalik oʻquv yuklamasi va mashgʻulotlar soni belgilangan eng koʻp miqdordan oshib ketishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

23. Maktabgacha guruhlarda bolalar bilan metodik ishlar va taʼlim-tarbiya jarayonining tashkil etilishi, hujjatlar yuritilishini nazorat qilish maktabgacha taʼlim va tarbiyani tashkil etish boʻyicha direktor oʻrinbosari (metodist) tomonidan amalga oshiriladi.

25. Maktabgacha guruhlarda taʼlim va tarbiya “Davlat tili haqida”gi Qonunga muvofiq davlat tilida va boshqa tillarda olib boriladi.

5-bob. Mehrli maktabda umumiy oʻrta taʼlim jarayonini tashkil etish

26. Davolanayotganlar uchun Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tomonidan tasdiqlangan namunaviy tayanch oʻquv rejasi va taʼlim dasturlariga muvofiq alohida ishlab chiqilgan oʻquv rejasi asosida 1 — 11-sinflar hajmida umumiy oʻrta taʼlim beriladi.

27. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi har yili 1-iyulga qadar Mehrli maktab uchun alohida tasdiqlangan oʻquv rejasi va oʻquv dasturlarini ishlab chiqadi.

28. Davolanayotganlar tibbiyot muassasalarida boʻlib turgan vaqtda davolovchi shifokor xulosasiga koʻra ota-onalar yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar (keyingi oʻrinlarda — ota-onalar) roziligi bilan umumiy oʻrta taʼlimga jalb qilinadi.

Bunda, oʻquvchilar davolanishga kelgan kundan boshlab uch kun mobaynida davolovchi shifokorning umumiy oʻrta taʼlimga jalb etish boʻyicha xulosasi beriladi.

Davolovchi shifokorning ijobiy xulosasi va ota-onalarning yozma roziligi Mehrli maktabga taqdim etiladi.

Zaruriyatga koʻra davolovchi shifokor xulosasi bilan oʻquvchi uchun tashkil etilgan dars jarayonlari vaqtinchalik toʻxtatilishi ham mumkin.

29. Davolanayotganlarni oʻqitish muddati davolovchi shifokorlarning tibbiy koʻrsatmalariga muvofiq ota-onalar roziligi bilan belgilanadi.

30. Davolanayotganlar uchun dars mashgʻulotlari davolovchi shifokor xulosasiga koʻra guruhlarda (sinf) yoki markazda yotgan, harakatlanish va insonlar bilan muloqot qilish tavsiya etilmagan davolanayotganlar uchun individual tarzda olib boriladi.

31. Davolanayotganlar tibbiyot muassasalariga kelgan kunidan boshlab davolanish muddatiga koʻra, Mehrli maktabga qabul qilinadi. Bunda oʻquvchi doimiy yashash manzilida taʼlim olayotgan asosiy maktabning oʻquvchilar safidan chiqarilmaydi.

32. Davolanish muddati tugaganidan soʻng oʻquvchilar tibbiyot muassasalaridan chiqarilgan kundan boshlab Mehrli maktabdan chiqariladi. Buning uchun shifokorning davolanish muddati yakunlanganligini tasdiqlovchi xulosasi asos boʻladi.

33. Mehrli maktab tomonidan davolanayotganlarga davolanish muddati davomida umumiy oʻrta taʼlim dasturlari asosida tegishli fanlar boʻyicha oʻzlashtirish natijalari koʻrsatilgan maʼlumotnoma beriladi.

Ushbu hujjat davolanayotganlarning doimiy tarzda taʼlim olayotgan asosiy maktabida oʻqishni davom ettirishi uchun asos boʻladi.

34. Davolanayotganlarning yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish tibbiyot muassasalarida davolanish vaqtiga toʻgʻri kelganda yakuniy davlat attestatsiyasi Mehrli maktab tomonidan, filiallarda esa asosiy maktab tomonidan davolanish muddati tugagandan soʻng tashkil etiladi.

Bunda bitiruvchi sinf oʻquvchilariga (9 va 11-sinflar) davlat namunasidagi hujjat (shahodatnoma) Mehrli maktab tomonidan berilgan yakuniy davlat attestatsiyasi natijalari va oʻzlashtirish tabeli asosida oʻquvchining doimiy tarzda taʼlim olayotgan asosiy maktabi tomonidan beriladi.

35. Davolanayotganlarning taʼlim olish, ixtiyoriy ravishda turli toʻgaraklarga qatnashish, davolanish va dam olishni asosli ravishda uygʻunlashtirishni taʼminlaydigan kun tartibi bolalarning tibbiyot muassasalarida boʻlishi muddatini hisobga olgan holda tuziladi.

36. Markazlarda dars mashgʻulotining davomiyligi 30 daqiqa boʻladi. Bolalarning salomatlik holatiga koʻra dars mashgʻulotlari qisqartirilishi mumkin.

Bunda bir kunlik dars mashgʻulotlari 1 — 4 sinflarda 3 soatdan, 5 — 11 sinflarda 4 soatdan oshmasligi lozim.

Oʻquv haftasi davomiyligi 5 kunlik asosida olib boriladi.

37. Markazda davolanayotganlar uchun turli toʻgaraklar, qiziqishlariga koʻra seksiyalar va bolalarning intellektual hamda ijodiy qobiliyatlarini rivojlantirishga moʻljallangan studiyalar tashkil etilishi mumkin.

38. Davolanayotganlarni psixologik jihatdan qoʻllab-quvvatlash, ularning maxsus kasbiy tayyorgarlik koʻnikmalarini shakllantirish hamda rivojlanishiga toʻsqinlik qilayotgan omillarni aniqlash, shuningdek ularga turli koʻrinishdagi psixologik yordam berish maqsadida professional psixologik yordam koʻrsatish xonasi tashkil etiladi.

6-bob. Mehrli maktabning taʼlim jarayoni ishtirokchilari faoliyatini tashkil etish

39. Mehrli maktab tashkilotiga uning direktori rahbarlik qiladi.

Mehrli maktab direktori Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirining buyrugʻi bilan tayinlanadi hamda lavozimdan ozod etiladi.

Filialning faoliyatini muvofiqlashtirish vazifasi filial psixologiga yuklatiladi.

40. Direktor Mehrli maktabga yuklatilgan maqsadlar amalga oshirilishiga hamda belgilangan vazifalar va majburiyatlar oʻz vaqtida va sifatli bajarilishiga masʼul hisoblanadi.

Shuningdek, Mehrli maktab direktori tashkiliy-huquqiy, oʻquv-tarbiyaviy, maʼnaviy-maʼrifiy va moliyaviy faoliyatining tashkil etilishiga bevosita masʼul hisoblanadi.

41. Mehrli maktab direktori va uning oʻrinbosarlari Maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri tomonidan tayinlanadi va egallab turgan lavozimidan ozod etiladi.

Mehrli maktab xodimlari Mehrli maktab direktori tomonidan tayinlanadi va egallab turgan lavozimidan ozod etiladi.

42. Mehrli maktab xodimlarining lavozim majburiyatlari Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.

43. Mehrli maktab xodimlariga mazkur Nizom talablarini bajarish bilan bogʻliq boʻlmagan koʻrsatmalar berish taqiqlanadi.

44. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Mehrli maktabning shtatlar jadvalini tasdiqlaydi.

45. Mehrli maktabning shtatlar jadvaliga quyidagi lavozimlarning shtat birliklari kiritiladi:

Mehrli maktab direktori — 1 nafar shtat birligi;

umumiy oʻrta taʼlimni tashkil etish boʻyicha direktor oʻrinbosari — 1 nafar shtat birligi;

maktabgacha taʼlim va tarbiyani tashkil etish boʻyicha direktor oʻrinbosari (metodist) — 1 nafar shtat birligi;

filiallar faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha direktor oʻrinbosari — 1 nafar shtat birligi;

kadrlar bilan ishlash boʻyicha inspektor — 1 nafar shtat birligi;

umumiy oʻrta taʼlimni tashkil etish boʻyicha pedagog xodimlar uchun 20 nafar shtat birligi;

maktabgacha taʼlim va tarbiyani tashkil etish uchun 1 nafar defektolog, 1 nafar psixolog, 1 nafar musiqa rahbari hamda har 1 gospital guruh uchun — 1 stavka tarbiyachi va 1 stavka tarbiyachi yordamchisi shtatlar birligi.

Bunda Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligiga Mehrli maktabning shtatlar jadvaliga oʻzgartirish kiritish, jumladan, qoʻshimcha shtat birliklarini kiritish vakolati beriladi. Shuningdek, mazkur organlarga amaldagi qonunchilikda belgilangan tegishli lavozimlar va shtat birliklari kiritiladi.

45 1 . Mehrli maktabning har bir tashkil etiladigan filiallari uchun ularda taʼlim-tarbiya jarayonlarini tashkil etish maqsadida quyidagi lavozimlar joriy etiladi:

umumiy oʻrta taʼlimni tashkil etish uchun — pedagog xodimlar (3 ta shtat birligi);

maktabgacha taʼlim va tarbiyani tashkil etish uchun — har bir guruh uchun tarbiyachi (1 ta shtat birligi) va tarbiyachi yordamchisi (1 ta shtat birligi);

psixolog (1 ta shtat birligi).

46. Oʻquv jarayonini tashkil etish uchun Mehrli maktab xodimlariga haq toʻlash shartlari quyidagicha belgilanadi:

Mehrli maktab direktori uchun oʻquvchilar kontingentining birinchi guruh uchun belgilangan umumtaʼlim muassasasi direktorining bazaviy tarif stavkasi qoʻllaniladi;

Mehrli maktab direktor oʻrinbosarlari uchun oʻquvchilar kontingentining birinchi guruhi uchun belgilangan umumtaʼlim muassasalari oʻquv ishlari boʻyicha direktor oʻrinbosarining bazaviy tarif stavkasi qoʻllaniladi;

umumiy oʻrta taʼlimni tashkil etish boʻyicha pedagog xodim lavozimi uchun umumtaʼlim muassasalari birinchi malaka toifali oʻqituvchisining bazaviy tarif stavkasi qoʻllaniladi;

maktabgacha taʼlimni tashkil etish boʻyicha pedagog xodim lavozimi uchun maktabgacha taʼlim tashkilotining oliy maʼlumotli pedagoglarining bazaviy tarif stavkasi qoʻllaniladi;

Mehrli maktab bosh buxgalteri uchun Psixologik-pedagogik respublika tashxis markazining bosh buxgalteriga belgilangan mehnatga haq toʻlash razryadi qoʻllaniladi.

47. Umumiy oʻrta taʼlimni tashkil etish boʻyicha direktor oʻrinbosari:

oʻquv jarayonini tashkil qiladi, davlat taʼlim standartlariga muvofiq oʻquv rejasi va dasturlarning bajarilishini taʼminlaydi;

pedagogik xodimga belgilangan ish yuklamasini, jumladan, oʻquv jarayoni, oʻquv jarayonining metodik taʼminoti va tashkiliy-pedagogik jarayonlarga oid ishlar oʻz vaqtida bajarilishini taʼminlaydi;

xodimlarning vakolatlarini belgilaydi, ular oʻrtasida vazifalarni taqsimlaydi va ularning masʼullik darajasini belgilaydi;

oʻquvchilarning oʻzlashtirishining monitoringini amalga oshiradi, toʻgaraklarning faoliyatini tashkil qiladi;

oʻquv rejasiga muvofiq dars jadvallarini sanitariya qoidalari va meʼyorlarini inobatga olgan holda tuzadi;

pedagoglar va oʻquv-tarbiya xodimlari tarkibining ish vaqtini hisobga olish tabelini yuritadi.

Umumiy oʻrta taʼlimni tashkil etish boʻyicha direktor oʻrinbosari qonun hujjatlariga muvofiq boshqa funksiyalarni ham amalga oshirishi mumkin.

48. Maktabgacha taʼlim va tarbiyani tashkil etish boʻyicha direktor oʻrinbosari (metodist):

Markazdagi metodik faoliyatga rahbarlik qiladi;

maktabgacha taʼlim sohasiga oid normativ-hujjatlarni amaliyotga toʻlaqonli tatbiq etadi;

Markazning oʻquv-metodik faoliyatini samarali tashkil etadi;

bolalarni har tomonlama intellektual, maʼnaviy-estetik va jismoniy rivojlantiruvchi zamonaviy taʼlim dasturlari va texnologiyalarini taʼlim-tarbiya jarayoniga joriy etadi, ularning maktabga tayyorgarlik darajasini tubdan oshirish yuzasidan pedagog kadrlar bilan ish olib boradi, ularga metodik maslahatlar berib boradi;

Markaz pedagog xodimlarining ish rejalari, oʻquv-mavzuli rejalari hamda mashgʻulotlarga tayyorgarlik holatlarini nazorat qiladi;

Markazda tarbiyalanuvchilarning intellektual, axloqiy, estetik va jismoniy jihatdan rivojlanishini kuzatadi, baholashga doir maʼlumotlarni umumlashtirish, tahlil qilish va natijasiga koʻra aniqlangan boʻshliqlarni toʻldirish yuzasidan zarur chora-tadbirlarni belgilaydi;

Markazning yillik ish rejasida belgilangan vazifalar tegishliligi boʻyicha sifatli va samarali, oʻz vaqtida bajarilishini taʼminlaydi, pedagogik jamoaga taʼlimdagi yangiliklarni yetkazish boʻyicha nazariy, amaliy seminar mashgʻulotlarini tashkil etadi;

Markazdagi guruh xonalarini bolalar yoshiga mos ravishda jihozlash yuzasidan tegishli maslahatlar beradi;

taʼlim-tarbiya jarayonida bolalarda umumiy asosiy kompetensiyalar va rivojlanish sohalari kompetensiyalarini shakllantirish uchun zarur chora-tadbirlarni amalga oshiradi;

axborot va pedagogik texnologiyalarni, jumladan masofaviy oʻqitish usullarini tashkil etish ishlarini qoʻllash va takomillashtirishni taʼminlaydi;

bayram ertaliklari, ochiq mashgʻulotlar, koʻrik-tanlovlar oʻtkazilishini tashkil etadi;

Markaz xodimlariga vakolati doirasida topshiriqlar berish va ularning bajarilishini nazorat qilish, xodimlarning kasbiy mahorati va metodik salohiyatini oshirish ishlarini tashkil etadi;

tashkilotni oʻquv-didaktik, metodik va koʻrgazmali materiallar, oʻyinchoqlar, oʻyin va musiqa asboblari bilan jihozlashga boʻlgan ehtiyojni aniqlaydi va rahbariyatga taklif kiritadi;

Markazda ichki mehnat tartibi qoidalariga, jamoa shartnomasiga, sanitariya qoidalari va gigiyena normalariga, shuningdek, mehnatni muhofaza qilish, texnika va yongʻin xavfsizligi qoidalariga qatʼiy rioya qilishni taʼminlaydi;

maktabgacha taʼlim pedagog xodimlariga metodik yordam beradi va ularning pedagogik faoliyatini tahlil qiladi;

maktabgacha taʼlim pedagog xodimlarining tasdiqlangan ish rejalarida belgilangan vazifalar bajarilishini nazorat qiladi.

Maktabgacha taʼlim va tarbiyani tashkil etish boʻyicha direktor oʻrinbosari qonun hujjatlariga muvofiq boshqa funksiyalarni ham amalga oshirishi mumkin.

48 1 . Mehrli maktab direktorining filiallar bilan ishlash boʻyicha oʻrinbosari:

filiallar faoliyatini muvofiqlashtiradi;

filiallar tomonidan olib boriladigan taʼlim va tarbiya jarayonini nazorat qiladi;

filiallarga qabul qilinadigan xodimlarni ishga qabul qilish yuzasidan takliflar tayyorlaydi;

filiallarda taʼlim va tarbiya olgan bolalarning monitoringini yuritadi;

filiallarda taʼlim olgan bolalarga beriladigan maʼlumotnoma tayyorlaydi hamda Mehrli maktab rahbari imzosi bilan filiallarga yuboradi;

Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tomonidan tasdiqlangan lavozim majburiyatlariga kiritilgan boshqa vazifalarni bajaradi.

49. Mehrli maktabning pedagog xodimlari mehnat qonunchiligida belgilangan tartibda intizomiy javobgarlikka tortilishi mumkin.

7-bob. Mehrli maktab taʼlim jarayoni ishtirokchilari va ularning huquqlari

50. Davolanayotganlar, ota-onalar, pedagogik, tibbiy va boshqa xodimlar taʼlim va tarbiya jarayoni ishtirokchilari hisoblanadi.

51. Davolanayotganlar bepul maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim olish, qiziqishlariga qarab turli toʻgaraklar, seksiyalarga, bolalarning intellektual va ijodiy qobiliyatlarini rivojlantirishga qaratilgan studiyalarga qatnash huquqiga ega.

52. Ota-onalar bolalarning qonuniy huquq va manfaatlarini himoya qilish, Mehrli maktab tomonidan tashkil etilgan taʼlim-tarbiyaviy faoliyat bilan tanishish huquqiga ega.

53. Tegishli pedagogik maʼlumotga, tayyorgarlikka hamda yuksak axloqiy sifatlarga ega shaxslar Mehrli maktabda pedagogik faoliyat bilan shugʻullanish huquqiga egadir.

8-bob. Mehrli maktabni moliyalashtirish

54. Moliya yili davomida Mehrli maktab xodimlariga Davlat budjeti hisobidan bir oylik ish haqi fondini yoʻnaltirgan holda moddiy yordam va ikki oylik ish haqi fondini yoʻnaltirgan holda moddiy ragʻbatlantirish koʻrsatiladi.

55. Mehrli maktab xodimlariga qoʻshimcha ustama, mukofotlar va moddiy ragʻbatlantirishlarning boshqa turlari qoʻllanilishiga ruxsat etiladi.

56. Mehrli maktabning budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish hamda ulardan foydalanish Vazirlar Mahkamasining “Xalq taʼlimi tizimidagi tashkilotlarning budjetdan tashqari jamgʻarmalari mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2021-yil 27-apreldagi 243-son qarori asosida tartibga solinadi.

9-bob. Yakunlovchi qoida

57. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 5-may,

234-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.05.2022-y., 09/22/234/0382-son; 30.03.2023-y., 09/23/134/0181-son; 15.07.2025-y., 09/25/439/0619-son)

lex.uz