📅 2022-yil 29-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 29-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 29 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 апреля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 April 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
2022 — 2026 йилларда Тошкент вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида» 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони ижросини таъминлаш, Тошкент вилояти ҳудудларида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг келгуси беш йилдаги истиқболларини ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарнинг «ўсиш нуқталари»ни белгилаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш орқали аҳоли саломатлиги ҳамда турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган янги тартиб асосида Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларидаги мавжуд муаммо ва имкониятлар чуқур ўрганилган ҳолда, ҳудудлар кесимида муҳим лойиҳалар шакллантирилганлиги ва маҳаллий жамоатчилик иштирокида кенг муҳокама қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Тошкент вилоятида 2022 — 2026 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 1,5 баравар, саноат маҳсулотлари ҳажмини 1,6 баравар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,3 баравар, хизматлар ҳажмини 3,5 баравар ҳамда қурилиш ишлари ҳажмини 1,6 бараварга оширишни назарда тутувчи шаҳар ва туманлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлар параметрлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:
2022 йил учун тасдиқланган мақсадли кўрсаткичлар параметрларига эришиш учун аниқ манзилли чора-тадбирларни амалга оширсин;
ҳар йили 1 ноябрга қадар келгуси йиллар мақсадли параметрларини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ва уларни амалга ошириш «йўл харитаси»ни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин.
3. Ҳудудларда аҳоли билан ўтказилган учрашувлар давомида билдирилган таклифлар ва аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этишга қаратилган ҳамда амалий тадбирларни ўз ичига олган «йўл харитаси» 2-иловага мувофиқ маьқуллансин.
Тошкент вилояти ҳокимлиги, вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларига «йўл харита»да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юклансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири (Ж. Қўчқоров)нинг Тошкент вилояти шаҳар ва туманларининг ихтисослашуви, «ўсиш нуқталари» ва «драйвер соҳалари»ни 3-иловага мувофиқ белгилаш ҳамда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг йиғма параметрларини 4-иловага мувофиқ тасдиқлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Вазирлар Маҳкамаси (Ж. Қўчқоров) Тошкент вилояти ҳокимлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатини тасдиқласин ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган ишларни ҳар ойда муҳокама қилиб борсин.
5. 2022 йилда Тошкент вилоятида муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича комплекс тадбирлар 5 ва 6-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлиги ушбу қарор доирасида республика бюджетидан маблағлар ўз вақтида ажратиб борилишини таъминласин.
Тошкент вилояти ҳокимлиги маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни белгиланган муддатларда молиялаштирсин.
6. Тошкент вилояти ҳокимлигининг таклифларига асосан вилоятнинг шаҳар ва туманларида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича шакллантирилган истиқболли лойиҳаларнинг манзилли рўйхати 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги жорий йилда қарорнинг 7-иловасига киритилган объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун зарур маблағларни 2022 йилги ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида келгуси йил лойиҳа-қидирув ишлари учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирсин ҳамда 2023 йилга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритсин.
7. Тошкент вилояти ҳокимлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, тегишли давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарорда назарда тутилаётган лойиҳаларни (кейинги ўринларда — Дастур) амалга оширишнинг барча босқичлари, шу жумладан, лойиҳаларни фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган тармоқ жадваллари ишлаб чиқилишини таъминласин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг Раёсатига зарур ҳолларда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан белгиланган тартибда асослантирилган ва келишилган таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилган тақдирда, Дастурга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.
9. Шундай назорат тартиби ўрнатилсинки, унга кўра:
ҳар ойда шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари халқ депутатлари Кенгашларида Дастур ижроси юзасидан ҳисобот бериб боради;
ҳар ой якуни билан Тошкент вилояти ҳокими халқ депутатлари вилоят Кенгашида Дастур параметрлари ва кўрсаткичлари ижроси ҳамда эришилган натижаларни муҳокама қилади;
ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари тегишли вазирлик, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари иштирокида жойига чиққан ҳолда, ўз йўналишлари бўйича Дастурдаги вазифаларнинг бажарилиши юзасидан ўрганишлар ўтказади ва зарур тадбирларни белгилайди;
ҳар чорак якуни билан Дастур ижроси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида кўриб чиқилади;
амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар чорак якуни бўйича ахборот киритиб борилади.
10. Қурилиш вазирлиги Дастур доирасида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини қуриш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини ва қурилиш-монтаж ишлари сифатли бажарилиши бўйича тизимли давлат назорати амалга оширилишини таъминласин.
11. Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ўн кун муддатда мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар ҳамда лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш юзасидан аниқ ҳаракатлар режаларини пухта ишлаб чиқиб, коллегиал органлар ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши мажлисларида тасдиқланишини таъминласинлар.
Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари мазкур ҳаракатлар режаларида белгиланган тадбирларнинг сўзсиз ва ҳар томонлама тўлиқ амалга оширилиши бўйича самарали назорат тизимини ўрнатсин.
12. Қуйидагиларга:
Тошкент вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — иқтисодий ўсиш таъминланиши, камбағаллик қисқартирилиши, янги иш ўринлари яратилиши, тадбиркорлик ривожлантирилиши, ипотека кредитларини мувофиқлаштириш, солиқ ва бюджет тушумлари оширилиши;
Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари — қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланилиши, фойдаланишдан чиқиб кетган ерларнинг ўзлаштирилиши, мева-сабзавотчилик, чорвачилик ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ривожлантирилиши;
Тошкент вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалиги, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари — муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш тадбирлари ҳамда «Янги Ўзбекистон» массивлари, кўп қаватли уй-жойлар қурилиши ва реновация дастурлари ўз вақтида сифатли амалга оширилиши;
Тошкент вилояти ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари — шаҳарлар инфратузилмасини янада яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, ичимлик сув ва оқова сув тармоқлари етиб бормаган чекка ҳудудлардаги аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш ва оқова сув тармоқларини етказиб бериш;
Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи — инвестиция муҳити яхшиланиши, инвесторлар ҳамда инвестициялар, айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кенг жалб этилиши ҳамда экспорт салоҳияти оширилиши, кичик саноат зоналари ривожлантирилиши;
Тошкент вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари- ижтимоий соҳа объектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамланиши, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида аҳолига сифатли хизмат кўрсатилиши, ёшларнинг бўш вақтлари мазмунли ўтказилиши, ҳудудлардаги ёшлар етакчилари билан тизимли ишлар ташкил этилиши;
Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи — хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалари оширилиши, уларнинг муносиб касб танлашига шароит яратилиши, гендер тенглик таъминланиши, хотин-қизларнинг турмуш ва меҳнат шароитларини янада яхшилаш ишларининг ташкил этилиши;
Тошкент вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари — туризм жадал ривожлантирилиши, ҳудуднинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланилиши, туризм инфратузилмаси яхшиланиши, ички ва зиёрат туризми ривожлантирилиши, янги туризм маҳсулотлари яратилиши юзасидан шахсий масъулият юклансин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж. Раматов, Ж.А. Қўчқоров, С.У. Умурзаков, Ш.М. Ғаниев, А.А. Абдухакимов, З.Б. Маҳкамова ҳамда Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 29 апрель,
228-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
2022 — 2026-yillarda Toshkent viloyati hududlarini kompleks ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish va aholi turmush darajasini yanada yaxshilashga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasi toʻgʻrisida” 2022-yil 28-yanvardagi PF-60-son Farmoni ijrosini taʼminlash, Toshkent viloyati hududlarida sanoat, qishloq xoʻjaligi va xizmat koʻrsatish sohalarining kelgusi besh yildagi istiqbollarini hamda har bir tuman va shaharning “oʻsish nuqtalari”ni belgilash, ijtimoiy sohani rivojlantirish orqali aholi salomatligi hamda turmush darajasini yanada yaxshilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Hududlarni kompleks ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish boʻyicha belgilangan yangi tartib asosida Toshkent viloyatining tuman va shaharlaridagi mavjud muammo va imkoniyatlar chuqur oʻrganilgan holda, hududlar kesimida muhim loyihalar shakllantirilganligi va mahalliy jamoatchilik ishtirokida keng muhokama qilinganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Toshkent viloyatida 2022 — 2026-yillarda yalpi hududiy mahsulot hajmini 1,5 baravar, sanoat mahsulotlari hajmini 1,6 baravar, qishloq xoʻjaligi mahsulotlari ishlab chiqarishni 1,3 baravar, xizmatlar hajmini 3,5 baravar hamda qurilish ishlari hajmini 1,6 baravarga oshirishni nazarda tutuvchi shahar va tumanlar kesimidagi maqsadli koʻrsatkichlar parametrlari 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi hamda Toshkent viloyati hokimligi bilan birgalikda:
2022-yil uchun tasdiqlangan maqsadli koʻrsatkichlar parametrlariga erishish uchun aniq manzilli chora-tadbirlarni amalga oshirsin;
har yili 1-noyabrga qadar kelgusi yillar maqsadli parametrlarini taʼminlashga qaratilgan kompleks chora-tadbirlarni va ularni amalga oshirish “yoʻl xaritasi”ni tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritib borsin.
3. Hududlarda aholi bilan oʻtkazilgan uchrashuvlar davomida bildirilgan takliflar va aholini uzoq yillardan buyon qiynab kelayotgan mavjud muammolarni tezkor bartaraf etishga qaratilgan hamda amaliy tadbirlarni oʻz ichiga olgan “yoʻl xaritasi” 2-ilovaga muvofiq maqullansin.
Toshkent viloyati hokimligi, vazirlik, idora, xoʻjalik birlashmalari va tijorat banklari rahbarlariga “yoʻl xarita”da nazarda tutilgan tadbirlarning oʻz vaqtida va sifatli bajarilishini taʼminlash yuzasidan shaxsiy masʼuliyat yuklansin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri (J. Qoʻchqorov)ning Toshkent viloyati shahar va tumanlarining ixtisoslashuvi, “oʻsish nuqtalari” va “drayver sohalari”ni 3-ilovaga muvofiq belgilash hamda sanoat, qishloq xoʻjaligi va xizmat koʻrsatish sohalarini rivojlantirish boʻyicha investitsiya loyihalarining yigʻma parametrlarini 4-ilovaga muvofiq tasdiqlash toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
Vazirlar Mahkamasi (J. Qoʻchqorov) Toshkent viloyati hokimligi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi bilan birgalikda ikki hafta muddatda sanoat, qishloq xoʻjaligi va xizmat koʻrsatish sohalarini rivojlantirish boʻyicha investitsiya loyihalarining manzilli roʻyxatini tasdiqlasin hamda loyihalarni amalga oshirish yuzasidan olib borilayotgan ishlarni har oyda muhokama qilib borsin.
5. 2022-yilda Toshkent viloyatida muhandislik-kommunikatsiya, ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish infratuzilmasini rivojlantirish hamda ijtimoiy soha obyektlarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash boʻyicha kompleks tadbirlar 5 va 6-ilovalarga muvofiq tasdiqlansin.
Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi va Moliya vazirligi ushbu qaror doirasida respublika budjetidan mablagʻlar oʻz vaqtida ajratib borilishini taʼminlasin.
Toshkent viloyati hokimligi mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladigan loyihalarni belgilangan muddatlarda moliyalashtirsin.
6. Toshkent viloyati hokimligining takliflariga asosan viloyatning shahar va tumanlarida ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish boʻyicha shakllantirilgan istiqbolli loyihalarning manzilli roʻyxati 7-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Moliya vazirligi joriy yilda qarorning 7-ilovasiga kiritilgan obyektlarning loyiha hujjatlarini ishlab chiqish uchun zarur mablagʻlarni 2022-yilgi ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturi doirasida kelgusi yil loyiha-qidiruv ishlari uchun nazarda tutilgan mablagʻlar hisobidan moliyalashtirsin hamda 2023-yilga moʻljallangan ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturiga kiritsin.
7. Toshkent viloyati hokimligi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, tegishli davlat boshqaruvi organlari, tashkilotlar va loyiha tashabbuskorlari bilan birgalikda bir oy muddatda mazkur qarorda nazarda tutilayotgan loyihalarni (keyingi oʻrinlarda — Dastur) amalga oshirishning barcha bosqichlari, shu jumladan, loyihalarni foydalanishga topshirishning aniq muddatlari koʻrsatilgan tarmoq jadvallari ishlab chiqilishini taʼminlasin.
8. Vazirlar Mahkamasining Rayosatiga zarur hollarda Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi tomonidan belgilangan tartibda asoslantirilgan va kelishilgan takliflar Vazirlar Mahkamasiga kiritilgan taqdirda, Dasturga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish huquqi berilsin.
9. Shunday nazorat tartibi oʻrnatilsinki, unga koʻra:
har oyda shahar va tumanlar sektor rahbarlari xalq deputatlari Kengashlarida Dastur ijrosi yuzasidan hisobot berib boradi;
har oy yakuni bilan Toshkent viloyati hokimi xalq deputatlari viloyat Kengashida Dastur parametrlari va koʻrsatkichlari ijrosi hamda erishilgan natijalarni muhokama qiladi;
har chorakda Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari tegishli vazirlik, idoralar, xoʻjalik birlashmalari va tijorat banklari ishtirokida joyiga chiqqan holda, oʻz yoʻnalishlari boʻyicha Dasturdagi vazifalarning bajarilishi yuzasidan oʻrganishlar oʻtkazadi va zarur tadbirlarni belgilaydi;
har chorak yakuni bilan Dastur ijrosi Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlislarida koʻrib chiqiladi;
amalga oshirilayotgan chora-tadbirlar natijadorligi yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga har chorak yakuni boʻyicha axborot kiritib boriladi.
10. Qurilish vazirligi Dastur doirasida ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasi obyektlarini qurish, taʼmirlash va obodonlashtirish ishlari boʻyicha loyiha-smeta hujjatlarining belgilangan tartibda davlat ekspertizasidan oʻtkazilishini va qurilish-montaj ishlari sifatli bajarilishi boʻyicha tizimli davlat nazorati amalga oshirilishini taʼminlasin.
11. Davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari, tijorat banklari va Toshkent viloyati hokimligi oʻn kun muddatda mazkur qarorda nazarda tutilgan chora-tadbirlar hamda loyihalarning oʻz vaqtida va sifatli ijrosini taʼminlash yuzasidan aniq harakatlar rejalarini puxta ishlab chiqib, kollegial organlar va xalq deputatlari viloyat Kengashi majlislarida tasdiqlanishini taʼminlasinlar.
Bosh vazir oʻrinbosarlari va maslahatchilari mazkur harakatlar rejalarida belgilangan tadbirlarning soʻzsiz va har tomonlama toʻliq amalga oshirilishi boʻyicha samarali nazorat tizimini oʻrnatsin.
12. Quyidagilarga:
Toshkent viloyati hokimining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha birinchi oʻrinbosari — iqtisodiy oʻsish taʼminlanishi, kambagʻallik qisqartirilishi, yangi ish oʻrinlari yaratilishi, tadbirkorlik rivojlantirilishi, ipoteka kreditlarini muvofiqlashtirish, soliq va budjet tushumlari oshirilishi;
Toshkent viloyati hokimining qishloq va suv xoʻjaligi masalalari boʻyicha birinchi oʻrinbosari — qishloq xoʻjaligi yerlaridan samarali foydalanilishi, foydalanishdan chiqib ketgan yerlarning oʻzlashtirilishi, meva-sabzavotchilik, chorvachilik hamda qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtirish rivojlantirilishi;
Toshkent viloyati hokimining qurilish, kommunikatsiyalar, kommunal xoʻjaligi, ekologiya va koʻkalamzorlashtirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — muhandislik-kommunikatsiya va yoʻl infratuzilmasi obyektlarini qurish, rekonstruksiya qilish va mukammal taʼmirlash tadbirlari hamda “Yangi Oʻzbekiston” massivlari, koʻp qavatli uy-joylar qurilishi va renovatsiya dasturlari oʻz vaqtida sifatli amalga oshirilishi;
Toshkent viloyati hokimining shaharlar infratuzilmasini rivojlantirish, obodonlashtirish va kommunal xoʻjalik masalalari boʻyicha oʻrinbosari — shaharlar infratuzilmasini yanada yaxshilash, hududlarni obodonlashtirish, ichimlik suv va oqova suv tarmoqlari yetib bormagan chekka hududlardagi aholini ichimlik suv bilan taʼminlash va oqova suv tarmoqlarini yetkazib berish;
Toshkent viloyati hokimining oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo boshqarmasi boshligʻi — investitsiya muhiti yaxshilanishi, investorlar hamda investitsiyalar, ayniqsa, toʻgʻridan-toʻgʻri xorijiy investitsiyalar keng jalb etilishi hamda eksport salohiyati oshirilishi, kichik sanoat zonalari rivojlantirilishi;
Toshkent viloyati hokimining yoshlar siyosati, ijtimoiy rivojlantirish va maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari- ijtimoiy soha obyektlarining moddiy-texnika bazasini mustahkamlanishi, taʼlim, sogʻliqni saqlash va sport sohalarida aholiga sifatli xizmat koʻrsatilishi, yoshlarning boʻsh vaqtlari mazmunli oʻtkazilishi, hududlardagi yoshlar yetakchilari bilan tizimli ishlar tashkil etilishi;
Toshkent viloyati hokimining oʻrinbosari — oila va xotin-qizlar boshqarmasi boshligʻi — xotin-qizlarning taʼlim va kasbiy koʻnikmalari oshirilishi, ularning munosib kasb tanlashiga sharoit yaratilishi, gender tenglik taʼminlanishi, xotin-qizlarning turmush va mehnat sharoitlarini yanada yaxshilash ishlarining tashkil etilishi;
Toshkent viloyati hokimining turizm, madaniyat, madaniy meros va ommaviy kommunikatsiyalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — turizm jadal rivojlantirilishi, hududning turistik salohiyatidan samarali foydalanilishi, turizm infratuzilmasi yaxshilanishi, ichki va ziyorat turizmi rivojlantirilishi, yangi turizm mahsulotlari yaratilishi yuzasidan shaxsiy masʼuliyat yuklansin.
13. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari A.J. Ramatov, J.A. Qoʻchqorov, S.U. Umurzakov, Sh.M. Gʻaniyev, A.A. Abduxakimov, Z.B. Mahkamova hamda Toshkent viloyati hokimi vazifasini bajaruvchi Z.T. Mirzayev zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 29-aprel,
228-son