UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 13-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktori

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 13 май · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 13 мая 2022 г. · Документы министерств и ведомств · Директор Агентства по противодействию коррупции

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 13 May 2022 · Ministry and agency documents · Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktori

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг

буйруғи

ТАРТИБИ

Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи таркибини шакллантириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги ПҚ-81-сон «Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги» қарорига асосан буюраман:

1. Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи таркибини шакллантириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг 2022 йил 13 майдаги 41-сон буйруғига ИЛОВА

Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи таркибини шакллантириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш

Мазкур Тартиб Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи (бундан буён матнда Экспертлар гуруҳи деб юритилади) таркибини шакллантириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Тартибда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

дастлабки рейтинг баҳолаш натижалари — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) томонидан электрон платформа орқали шакллантирилган рейтинг баҳолашнинг дастлабки натижалари;

манфаатлар тўқнашуви — шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият;

электрон платформа — Агентлик томонидан юритиладиган «E-Anticor.uz» электрон платформаси.

2. Дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларининг холислигини таъминлаш мақсадида ҳар йили 9 кишидан иборат бўлган таркибда Экспертлар гуруҳи Агентлик томонидан шакллантирилади ҳамда ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб боради.

Бунда, Экспертлар гуруҳи таркибида камида 3 киши фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан бўлиши лозим.

3. Экспертлар гуруҳи аъзолари коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш бўйича ўз фаолиятини амалга оширишда мустақилдир.

4. Экспертлар гуруҳи Агентлик томонидан шакллантирилган дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларини кўриб чиқади.

2-боб. Экспертлар гуруҳи таркибини шакллантириш

5. Экспертлар гуруҳи таркиби Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг (бундан буён матнда давлат ташкилотлари деб юритилади) таклифларига асосан шакллантирилади.

6. Агентлик ҳар йили 1 ноябрга қадар давлат ташкилотлари томонидан электрон платформага ҳар чоракда (10 апрель, 10 июль ва 10 октябрга қадар) киритилган маълумотлар таҳлили асосида давлат ташкилотларига Экспертлар гуруҳи таркибини шакллантириш учун номзод тақдим этиш ҳақида мурожаат қилади.

7. Агентликнинг мурожаатига асосан давлат ташкилотлари ҳар йили 15 ноябрга қадар Агентликка коррупцияга қарши курашиш бўйича икки нафар малакали мутахассисни уларнинг объективка-маълумотномалари билан биргаликда тақдим қилади.

8. Агентлик фуқаролик жамияти институти вакиллари томонидан Экспертлар гуруҳига номзодлар тақдим этилиши учун ҳар йили 1 ноябрга қадар ўзининг расмий веб-сайтида эълон жойлаштиради.

Бунда, Экспертлар гуруҳида иштирок этиш хоҳишини билдирган фуқаролик жамияти институти вакиллари ҳар йили 15 ноябрга қадар Агентликнинг расмий веб-сайтидаги махсус шаклни тўлдириши ҳамда унга ўзларининг объективка-маълумотномаларини илова қилиши лозим.

9. Агентлик ҳар йили 25 декабрга қадар давлат ташкилотлари томонидан тақдим этилган номзодлар ва Экспертлар гуруҳида иштирок этиш хоҳишини билдирган фуқаролик жамияти институти вакилларини қуйидаги мезонлар асосида саралаб олиш орқали Экспертлар гуруҳи таркибини шакллантиради:

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши;

олий маълумотга эга бўлиши;

мутахассислиги бўйича камида 5 йиллик иш стажига эга бўлиши;

коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида билим ва кўникмаларга эга бўлиш.

10. Қуйидагилар Экспертлар гуруҳи таркибига киритилиши мумкин эмас:

муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

ўзига нисбатан суриштирув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси юритилаётган шахс.

11. Агентлик номзодларнинг олий маълумоти тўғрисидаги диплом маълумотлари ҳамда иш стажини тасдиқловчи маълумотларни масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.

12. Экспертлар гуруҳи 9 кишидан иборат таркибда Агентлик директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

13. Экспертлар гуруҳи раҳбари Экспертлар гуруҳи аъзоларининг биринчи йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан Экспертлар гуруҳи аъзоси ҳисобланувчи фуқаролик жамияти институтлари вакиллари орасидан сайланади.

3-боб. Экспертлар гуруҳининг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

14. Қуйидагилар Экспертлар гуруҳининг вазифалари ҳисобланади:

Агентлик томонидан шакллантирилган дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларини белгиланган муддатларда ва сифатли кўриб чиқиш;

дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ёки қисман ўзгартириш ҳақидаги хулосани ёки муқобил рейтинг баҳолаш натижаларини тақдим этиш.

15. Экспертлар гуруҳи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этиш бўйича Агентликка таклифлар киритиш;

дастлабки рейтинг баҳолаш натижалари бўйича ўз фикрларини билдириш;

электрон платформани такомиллаштириш ва модернизация қилиш бўйича Агентликка таклифлар киритиш.

16. Экспертлар гуруҳи қуйидагиларга мажбур:

ўз фаолиятини виждонан ва холислик тамойилларига таянган ҳолда амалга ошириш, қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур Тартиб талабларига қатъий риоя қилиш;

дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш вақтида ўзига маълум бўлган маълумотларни ошкор қилмаслик;

манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда мазкур ҳолатлар юзага келган тақдирда бу ҳақида Экспертлар гуруҳи раҳбарига маълум қилиш;

коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижалари эълон қилингунга қадар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақида чиқишлар қилмаслик.

4-боб. Экспертлар гуруҳи фаолиятини ташкил этиш

17. Агентлик Экспертлар гуруҳининг фаолиятини самарали ташкил этиш учун ўз биносидан стол, стуллар, компьютер, сканер, ўқув ва илмий жиҳозлар ҳамда стационар телефон алоқаси билан жиҳозланган тегишли хоналарни ажратиб беради.

18. Экспертлар гуруҳи раҳбари ишни самарали ташкил этиш мақсадида дастлабки рейтинг баҳолаш натижалари Экспертлар гуруҳининг барча аъзолари томонидан кўриб чиқилишини таъминлайди, Экспертлар гуруҳи йиғилишларини чақиради ва унга раислик қилади, Экспертлар гуруҳи аъзоларига ўз фикрларини тақдим этиш муддатини белгилайди.

19. Экспертлар гуруҳи аъзолари белгиланган муддат ичида давлат ташкилотларининг дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларини кўриб чиқади. Бунда, Экспертлар гуруҳига қўшимча материаллар зарур бўлган тақдирда ушбу маълумотлар Экспертлар гуруҳи раҳбарининг сўровига кўра Агентлик томонидан дарҳол тақдим этилиши лозим.

20. Агентлик томонидан шакллантирилган дастлабки рейтинг баҳолаш натижалари Экспертлар гуруҳининг барча аъзолари томонидан кўриб чиқилгач Экспертлар гуруҳи йиғилиши чақирилади.

21. Экспертлар гуруҳининг йиғилиши, агар унда Экспертлар гуруҳи аъзоларнинг камида беш нафари (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Бунда, Экспертлар гуруҳининг йиғилишида иштирок этмаган гуруҳ аъзосининг дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ёки қисман ўзгартириш ҳақида хулосаси ёки муқобил рейтинг баҳолаш натижалари (агар тақдим қилган бўлса) кўриб чиқилади.

22. Экспертлар гуруҳи аъзоларининг хулоса ва муқобил рейтинг баҳолаш натижалари Экспертлар гуруҳида овоз бериш натижаларига кўра шакллантириладиган фикр сифатида тақдим этилади. Овозлар тенг бўлиб қолганда гуруҳ раҳбарининг фикри ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Экспертлар гуруҳида қабул қилинган қарорга қўшилмаган гуруҳ аъзоси ўз фикрини алоҳида билдириш ҳуқуқига эга.

23. Экспертлар гуруҳи ҳар йили 15 февралга қадар дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш бўйича қуйидагилардан бирини Агентликка тақдим этади:

дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ёки қисман ўзгартириш ҳақида хулоса;

муқобил рейтинг баҳолаш натижалари.

24. Агентлик Экспертлар гуруҳи томонидан тақдим этилган хулоса ёки муқобил рейтинг баҳолаш натижаларини ҳар йили 20 февралга қадар пухта таҳлил қилади.

Бунда, Агентлик Экспертлар гуруҳи томонидан тақдим этилган хулоса ёки муқобил рейтинг баҳолаш натижалари якуний баҳолаш натижаларида инобатга олинганлиги ёки инобатга олинмаганлиги тўғрисида гуруҳ раҳбарини хабардор қилиши лозим.

5-боб. Экспертлар гуруҳи фаолиятида манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олиш

25. Экспертлар гуруҳи раҳбари гуруҳ фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чоралар кўришга масъул ҳисобланади.

26. Эксперлар гуруҳи ишида манфаатлар тўқнашувини олдини олиш мақсадида гуруҳ аъзосига кўриб чиқиш учун ўзи фаолият юритаётган ёки илгари ишлаган давлат ташкилотининг дастлабки рейтинг баҳолаш натижалари тақдим этилмайди.

27. Экспертлар гуруҳи аъзоси қуйидаги ҳолларда, у ёки бу давлат ташкилотининг дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларини кўриб чиқишда манфаатлар тўқнашуви ўзига маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида ўзини ушбу давлат ташкилотининг дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларини кўриб чиқишдан озод қилиш бўйича Экспертлар гуруҳи раҳбарига хабар беради:

ушбу давлат ташкилотида эксперт яқин қариндоши масъул мансабдор шахс сифатида ишлаётган бўлса ёки дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш объекти (юридик шахс) унга алоқадор шахс бўлса;

экспертнинг ушбу давлат ташкилотининг жамоатчилик тузилмаларига аъзо эканлиги;

тегишли давлат ташкилотининг лицензиялар тақдим этиш, маҳсулотлар сотиб олиш ва бошқа давлат хизмати кўрсатиш фаолияти билан экспертнинг боғлиқлиги мавжуд бўлса;

бошқа ҳар қандай мавжуд манфаатлар тўқнашуви ўзига маълум бўлиб қолса.

Бунда, Экспертлар гуруҳи раҳбари томонидан ушбу экспертга манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган давлат ташкилотининг дастлабки рейтинг баҳолаш натижалари тақдим этилмаслиги лозим.

Бунда, Экспертлар гуруҳи раҳбари томонидан ушбу экспертга манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган давлат ташкилотининг дастлабки рейтинг баҳолаш натижалари тақдим этилмаслиги лозим.

6-боб. Якуний қоида

28. Ушбу Тартиб бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Директор А. БУРХАНОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 13 май,

41-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.05.2022 й., 10/22/3368/0417-сон; 07.09.2024 й., 10/24/3368-1/0686-сон; 05.08.2026 й., 10/26/3916/0819-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktorining

buyrugʻi

TARTIBI

Korrupsiyaga qarshi kurashish ishlarining samaradorligini reyting baholashni mustaqil amalga oshiruvchi ekspertlar guruhi tarkibini shakllantirish va uning faoliyatini tashkil etish tartibini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 12-yanvardagi PQ-81-son “Korrupsiyaga qarshi kurashish ishlarining samaradorligini reyting baholash tizimini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisidagi” qaroriga asosan buyuraman:

1. Korrupsiyaga qarshi kurashish ishlarining samaradorligini reyting baholashni mustaqil amalga oshiruvchi ekspertlar guruhi tarkibini shakllantirish va uning faoliyatini tashkil etish tartibi ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktorining 2022-yil 13-maydagi 41-son buyrugʻiga ILOVA

Korrupsiyaga qarshi kurashish ishlarining samaradorligini reyting baholashni mustaqil amalga oshiruvchi ekspertlar guruhi tarkibini shakllantirish va uning faoliyatini tashkil etish

Mazkur Tartib Korrupsiyaga qarshi kurashish ishlarining samaradorligini reyting baholashni mustaqil amalga oshiruvchi ekspertlar guruhi (bundan buyon matnda Ekspertlar guruhi deb yuritiladi) tarkibini shakllantirish va uning faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Tartibda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

dastlabki reyting baholash natijalari — Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi (bundan buyon matnda Agentlik deb yuritiladi) tomonidan elektron platforma orqali shakllantirilgan reyting baholashning dastlabki natijalari;

manfaatlar toʻqnashuvi — shaxsning shaxsiy (bevosita yoki bilvosita) manfaatdorligi uning oʻz lavozim yoki xizmat majburiyatlarini lozim darajada bajarishiga taʼsir koʻrsatayotgan yoxud taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan hamda shaxsiy manfaatdorlik bilan fuqarolarning, tashkilotlarning, jamiyatning yoki davlatning huquqlari, qonuniy manfaatlari oʻrtasida qarama-qarshilik yuzaga kelayotgan (mavjud manfaatlar toʻqnashuvi) yoki yuzaga kelishi mumkin boʻlgan (ehtimoliy manfaatlar toʻqnashuvi) vaziyat;

elektron platforma — Agentlik tomonidan yuritiladigan “E-Anticor.uz” elektron platformasi.

2. Dastlabki reyting baholash natijalarining xolisligini taʼminlash maqsadida har yili 9 kishidan iborat boʻlgan tarkibda Ekspertlar guruhi Agentlik tomonidan shakllantiriladi hamda oʻz faoliyatini jamoatchilik asosida olib boradi.

Bunda, Ekspertlar guruhi tarkibida kamida 3 kishi fuqarolik jamiyati institutlari vakillaridan boʻlishi lozim.

3. Ekspertlar guruhi aʼzolari korrupsiyaga qarshi kurashish ishlarining samaradorligini reyting baholash boʻyicha oʻz faoliyatini amalga oshirishda mustaqildir.

4. Ekspertlar guruhi Agentlik tomonidan shakllantirilgan dastlabki reyting baholash natijalarini koʻrib chiqadi.

2-bob. Ekspertlar guruhi tarkibini shakllantirish

5. Ekspertlar guruhi tarkibi Agentlik tomonidan davlat organlari va tashkilotlari, shu jumladan mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining (bundan buyon matnda davlat tashkilotlari deb yuritiladi) takliflariga asosan shakllantiriladi.

6. Agentlik har yili 1-noyabrga qadar davlat tashkilotlari tomonidan elektron platformaga har chorakda (10-aprel, 10-iyul va 10-oktabrga qadar) kiritilgan maʼlumotlar tahlili asosida davlat tashkilotlariga Ekspertlar guruhi tarkibini shakllantirish uchun nomzod taqdim etish haqida murojaat qiladi.

7. Agentlikning murojaatiga asosan davlat tashkilotlari har yili 15-noyabrga qadar Agentlikka korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha ikki nafar malakali mutaxassisni ularning obyektivka-maʼlumotnomalari bilan birgalikda taqdim qiladi.

8. Agentlik fuqarolik jamiyati instituti vakillari tomonidan Ekspertlar guruhiga nomzodlar taqdim etilishi uchun har yili 1-noyabrga qadar oʻzining rasmiy veb-saytida eʼlon joylashtiradi.

Bunda, Ekspertlar guruhida ishtirok etish xohishini bildirgan fuqarolik jamiyati instituti vakillari har yili 15-noyabrga qadar Agentlikning rasmiy veb-saytidagi maxsus shaklni toʻldirishi hamda unga oʻzlarining obyektivka-maʼlumotnomalarini ilova qilishi lozim.

9. Agentlik har yili 25-dekabrga qadar davlat tashkilotlari tomonidan taqdim etilgan nomzodlar va Ekspertlar guruhida ishtirok etish xohishini bildirgan fuqarolik jamiyati instituti vakillarini quyidagi mezonlar asosida saralab olish orqali Ekspertlar guruhi tarkibini shakllantiradi:

Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlishi;

oliy maʼlumotga ega boʻlishi;

mutaxassisligi boʻyicha kamida 5 yillik ish stajiga ega boʻlishi;

korrupsiyaning oldini olish va unga qarshi kurashish sohasida bilim va koʻnikmalarga ega boʻlish.

10. Quyidagilar Ekspertlar guruhi tarkibiga kiritilishi mumkin emas:

muomala layoqati cheklangan yoki muomalaga layoqatsiz deb topilganligi toʻgʻrisida sudning qonuniy kuchga kirgan hal qiluv qarori mavjud boʻlgan shaxs;

qasddan sodir etgan jinoyati uchun sudlanganlik holati tugallanmagan yoki sudlanganligi olib tashlanmagan shaxs;

oʻziga nisbatan surishtiruv, dastlabki tergov yoki sud muhokamasi yuritilayotgan shaxs.

11. Agentlik nomzodlarning oliy maʼlumoti toʻgʻrisidagi diplom maʼlumotlari hamda ish stajini tasdiqlovchi maʼlumotlarni masʼul davlat organlari va tashkilotlaridan mustaqil ravishda “Elektron hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali soʻrab oladi.

12. Ekspertlar guruhi 9 kishidan iborat tarkibda Agentlik direktorining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.

13. Ekspertlar guruhi rahbari Ekspertlar guruhi aʼzolarining birinchi yigʻilishida ochiq ovoz berish yoʻli bilan Ekspertlar guruhi aʼzosi hisoblanuvchi fuqarolik jamiyati institutlari vakillari orasidan saylanadi.

3-bob. Ekspertlar guruhining vazifalari, huquqlari va majburiyatlari

14. Quyidagilar Ekspertlar guruhining vazifalari hisoblanadi:

Agentlik tomonidan shakllantirilgan dastlabki reyting baholash natijalarini belgilangan muddatlarda va sifatli koʻrib chiqish;

dastlabki reyting baholash natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish yoki qisman oʻzgartirish haqidagi xulosani yoki muqobil reyting baholash natijalarini taqdim etish.

15. Ekspertlar guruhi quyidagi huquqlarga ega:

dastlabki reyting baholash natijalarini koʻrib chiqish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni taqdim etish boʻyicha Agentlikka takliflar kiritish;

dastlabki reyting baholash natijalari boʻyicha oʻz fikrlarini bildirish;

elektron platformani takomillashtirish va modernizatsiya qilish boʻyicha Agentlikka takliflar kiritish.

16. Ekspertlar guruhi quyidagilarga majbur:

oʻz faoliyatini vijdonan va xolislik tamoyillariga tayangan holda amalga oshirish, qonunchilik hujjatlariga va mazkur Tartib talablariga qatʼiy rioya qilish;

dastlabki reyting baholash natijalarini koʻrib chiqish vaqtida oʻziga maʼlum boʻlgan maʼlumotlarni oshkor qilmaslik;

manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymaslik hamda mazkur holatlar yuzaga kelgan taqdirda bu haqida Ekspertlar guruhi rahbariga maʼlum qilish;

korrupsiyaga qarshi kurashish ishlarining samaradorligini reyting baholash natijalari eʼlon qilingunga qadar ommaviy axborot vositalari va ijtimoiy tarmoqlarda bu haqida chiqishlar qilmaslik.

4-bob. Ekspertlar guruhi faoliyatini tashkil etish

17. Agentlik Ekspertlar guruhining faoliyatini samarali tashkil etish uchun oʻz binosidan stol, stullar, kompyuter, skaner, oʻquv va ilmiy jihozlar hamda statsionar telefon aloqasi bilan jihozlangan tegishli xonalarni ajratib beradi.

18. Ekspertlar guruhi rahbari ishni samarali tashkil etish maqsadida dastlabki reyting baholash natijalari Ekspertlar guruhining barcha aʼzolari tomonidan koʻrib chiqilishini taʼminlaydi, Ekspertlar guruhi yigʻilishlarini chaqiradi va unga raislik qiladi, Ekspertlar guruhi aʼzolariga oʻz fikrlarini taqdim etish muddatini belgilaydi.

19. Ekspertlar guruhi aʼzolari belgilangan muddat ichida davlat tashkilotlarining dastlabki reyting baholash natijalarini koʻrib chiqadi. Bunda, Ekspertlar guruhiga qoʻshimcha materiallar zarur boʻlgan taqdirda ushbu maʼlumotlar Ekspertlar guruhi rahbarining soʻroviga koʻra Agentlik tomonidan darhol taqdim etilishi lozim.

20. Agentlik tomonidan shakllantirilgan dastlabki reyting baholash natijalari Ekspertlar guruhining barcha aʼzolari tomonidan koʻrib chiqilgach Ekspertlar guruhi yigʻilishi chaqiriladi.

21. Ekspertlar guruhining yigʻilishi, agar unda Ekspertlar guruhi aʼzolarning kamida besh nafari (kvorum) ishtirok etgan taqdirda vakolatli hisoblanadi.

Bunda, Ekspertlar guruhining yigʻilishida ishtirok etmagan guruh aʼzosining dastlabki reyting baholash natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish yoki qisman oʻzgartirish haqida xulosasi yoki muqobil reyting baholash natijalari (agar taqdim qilgan boʻlsa) koʻrib chiqiladi.

22. Ekspertlar guruhi aʼzolarining xulosa va muqobil reyting baholash natijalari Ekspertlar guruhida ovoz berish natijalariga koʻra shakllantiriladigan fikr sifatida taqdim etiladi. Ovozlar teng boʻlib qolganda guruh rahbarining fikri hal qiluvchi ahamiyatga ega boʻladi.

Ekspertlar guruhida qabul qilingan qarorga qoʻshilmagan guruh aʼzosi oʻz fikrini alohida bildirish huquqiga ega.

23. Ekspertlar guruhi har yili 15-fevralga qadar dastlabki reyting baholash natijalarini koʻrib chiqish boʻyicha quyidagilardan birini Agentlikka taqdim etadi:

dastlabki reyting baholash natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish yoki qisman oʻzgartirish haqida xulosa;

muqobil reyting baholash natijalari.

24. Agentlik Ekspertlar guruhi tomonidan taqdim etilgan xulosa yoki muqobil reyting baholash natijalarini har yili 20-fevralga qadar puxta tahlil qiladi.

Bunda, Agentlik Ekspertlar guruhi tomonidan taqdim etilgan xulosa yoki muqobil reyting baholash natijalari yakuniy baholash natijalarida inobatga olinganligi yoki inobatga olinmaganligi toʻgʻrisida guruh rahbarini xabardor qilishi lozim.

5-bob. Ekspertlar guruhi faoliyatida manfaatlar toʻqnashuvi holatlarining oldini olish

25. Ekspertlar guruhi rahbari guruh faoliyatida manfaatlar toʻqnashuvining oldini olish boʻyicha choralar koʻrishga masʼul hisoblanadi.

26. Eksperlar guruhi ishida manfaatlar toʻqnashuvini oldini olish maqsadida guruh aʼzosiga koʻrib chiqish uchun oʻzi faoliyat yuritayotgan yoki ilgari ishlagan davlat tashkilotining dastlabki reyting baholash natijalari taqdim etilmaydi.

27. Ekspertlar guruhi aʼzosi quyidagi hollarda, u yoki bu davlat tashkilotining dastlabki reyting baholash natijalarini koʻrib chiqishda manfaatlar toʻqnashuvi oʻziga maʼlum boʻlib qolgan paytdan eʼtiboran bir ish kuni ichida oʻzini ushbu davlat tashkilotining dastlabki reyting baholash natijalarini koʻrib chiqishdan ozod qilish boʻyicha Ekspertlar guruhi rahbariga xabar beradi:

ushbu davlat tashkilotida ekspert yaqin qarindoshi masʼul mansabdor shaxs sifatida ishlayotgan boʻlsa yoki dastlabki reyting baholash natijalarini koʻrib chiqish obyekti (yuridik shaxs) unga aloqador shaxs boʻlsa;

ekspertning ushbu davlat tashkilotining jamoatchilik tuzilmalariga aʼzo ekanligi;

tegishli davlat tashkilotining litsenziyalar taqdim etish, mahsulotlar sotib olish va boshqa davlat xizmati koʻrsatish faoliyati bilan ekspertning bogʻliqligi mavjud boʻlsa;

boshqa har qanday mavjud manfaatlar toʻqnashuvi oʻziga maʼlum boʻlib qolsa.

Bunda, Ekspertlar guruhi rahbari tomonidan ushbu ekspertga manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelishi mumkin boʻlgan davlat tashkilotining dastlabki reyting baholash natijalari taqdim etilmasligi lozim.

Bunda, Ekspertlar guruhi rahbari tomonidan ushbu ekspertga manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelishi mumkin boʻlgan davlat tashkilotining dastlabki reyting baholash natijalari taqdim etilmasligi lozim.

6-bob. Yakuniy qoida

28. Ushbu Tartib buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Direktor A. BURXANOV

Toshkent sh.,

2022-yil 13-may,

41-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 13.05.2022-y., 10/22/3368/0417-son; 07.09.2024-y., 10/24/3368-1/0686-son; 05.08.2026-y., 10/26/3916/0819-son)

lex.uz