📅 2022-yil 17-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 17-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 17 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 мая 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 May 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерида Фармацевтика техник университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 21 январдаги ПФ-55-сон Фармони ва «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисида» 2020 йил 28 январдаги ПҚ-4574-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, фармацевтика саноати учун халқаро стандартлар ва миллий анъаналар уйғунлигида юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар кадрларни тайёрлаш ҳамда фармацевтика соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисида» 2020 йил 28 январдаги ПҚ-4574-сон қарорига мувофиқ:
а) Тошкент вилояти Зангиота туманида «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери (кейинги ўринларда — Кластер) ташкил этилганлиги, бунда Кластер ўз ичига ўзининг инфратузилмасига эга бўлган Фармацевтика техник университетини (кейинги ўринларда — Университет) ташкил этишни қамраб олиши назарда тутилганлиги;
б) қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланганлиги:
дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқариш, косметология, тармоқ ва бизнесни бошқариш соҳаларида халқаро таълим стандартларига мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш;
фармацевтика тармоғида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган инновацион ва самарали таълим дастурлари ва ўқитиш шаклларини жорий этиш;
таълим ва фаннинг узлуксизлиги ва узвийлиги, шунингдек, уларнинг жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга интеграциялашуви ҳисобига мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга ошириш;
фармацевтика таълими, фан ва ишлаб чиқаришнинг яқин интеграцияси учун шарт-шароитлар яратиш;
фармация, биотехнология, биофармация, фармацевтика тармоғи учун дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар ишлаб чиқариш ҳамда уларни қўллаш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш;
хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва ишбилармон доиралари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;
в) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ҳамда Буюк Британиянинг Де Монтфорт (De Montfort University) ва Сандерленд (University of Sunderland) университетлари (кейинги ўринларда — ҳамкор университетлар) ўртасида 2019 йил 5 ноябрда фармацевтика тармоғини ривожлантириш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва таълим даражасини халқаро стандартларга мос равишда ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерининг илмий-ўқув қисмларини яратиш» (I-босқич) лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 4 апрелдаги 152-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва EDCF жамғармаси ўртасида 2021 йил 17 ноябрь куни лойиҳа юзасидан имзоланган қарз битими доирасида:
умумий қиймати 98 600,0 минг АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлган «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерининг илмий-ўқув қисмларини яратиш» (I-босқич) лойиҳаси техник-иқтисодий ҳисоб-китобининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари ( 1-илова );
«Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерининг илмий-ўқув қисмларини яратиш» (I-босқич) лойиҳаси бўйича Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ривожлантириш ва ҳамкорлик жамғармаси бўйича асосий қарз, унга ҳисобланган фоиз ва воситачилик ҳақини тўлашнинг прогноз жадвали ( 2-илова ) тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Белгилансинки:
Университет Агентлик муассислигида ташкил этилган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда унинг фаолияти Агентлик томонидан мувофиқлаштирилади;
Университетда таълим жараёни 2022/2023 ўқув йилидан бошланади ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул қилиш шартлари, таълим олиш шакли ва таълим тили ҳамкор университетлар билан келишган ҳолда аниқланади;
Университетга ўқишга қабул қилиш ҳар йили белгиланадиган Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари доирасида ва қўшимча қабул параметрларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади;
Университетда таълим бериш Агентлик гранти ва тўлов-контракт асосида ҳамкор университетларнинг ўқув дастурларини давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлаштирган ҳолда амалга оширилади;
Агентлик гранти миқдори ҳар йили Агентлик томонидан белгиланади ҳамда Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
янги таълим йўналишлари ва мутахассисликларни очиш, амалдаги таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликларни тугатиш, шунингдек, тўлов-контракт қиймати ва уни тўлаш муддатларини белгилаш Университет томонидан Агентлик ва ҳамкор университетлар билан келишилган ҳолда амалга оширилади;
Университет фаолияти, ўқув-услубий бошқаруви, илмий-педагогик ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш замонавий ахборот технологиялари, фан ва технологияларнинг энг янги ютуқларидан фойдаланган ҳолда, кадрлар тайёрлашнинг умумэътироф этилган халқаро стандартларига мувофиқ амалга оширилади;
Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университет дипломи ва (ёки) ҳамкор университетларнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади;
педагог ва бошқа ходимларни ишга қабул қилиш, ишдан озод этиш ва уларнинг ички ротациясига оид тартибни белгилаш Университет томонидан Агентлик билан келишилган ҳолда тасдиқланади;
Университетнинг бизнес-режаси ҳамда даромадлар ва харажатлар параметрлари, прогнози ва сметаси Агентлик томонидан тасдиқланади;
Университетнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби ҳамда штатлар жадвали ва штат бирликлари сони олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативлардан қатъи назар Агентлик билан келишилган ҳолда Университет томонидан тасдиқланади.
4. Қуйидагилар Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ажратмалари;
«Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» давлат унитар корхонаси ажратмалари;
талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар;
ҳомийлик хайриялари ва грантлар;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Агентликка Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари орқали қуйидаги харажатларни амалга оширишга рухсат берилсин:
Университетнинг маъмурий-ўқув бинолари, ўқув-илмий лабораториялари, бошқа моддий-техник базаси ва ўқув фаолиятини ташкил этиш;
фармацевтика, табиий фанлар, биотехнология, ахборотлаштириш, маълумотлар таҳлили ва менежмент соҳаларида юқори малакали мутахассислар ва илмий-педагогик ходимларни кейинчалик Университетда ишлашга жалб қилиш шарти билан танлов асосида танлаб олиш, ҳамкор ва бошқа хорижий олий таълим ташкилотларида ўқитиш ва стажировкадан ўтказилишини ташкил этиш;
Университетнинг фаолияти, илмий-педагогик ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ходимларга меҳнат ҳақи тўлаш, зарур ўқув-услубий адабиёт ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, хўжалик харажатлар, Университет бино ва иншоотларини қуриш ишлари, шу жумладан Университетни кўчириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;
таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни қўллай оладиган ва илмий изланиш олиб борадиган маҳаллий ҳамда хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;
маҳаллий ва хорижий ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда юридик ва консалтинг хизматлари учун ҳақ тўлаш;
Университет ўз фаолиятини самарали амалга ошириши учун маъмурий-бошқарув ходимларини моддий-техник база билан таъминлаш.
6. Университет ўз инфратузилмасига эга бўлган бино ва иншоотлари қурилгунига қадар Кластер ҳудудидаги эксплуатацияга тайёр бўлган биноларда (маъмурий ва «А» блокнинг лаборатория биноларида) текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
7. Бош прокуратурага Қурилиш вазирлиги билан биргаликда Университет биносини қуриш доирасида ажратилган маблағлар мақсадли ва самарали ишлатилиши ҳамда қурилиш-пудрат ишлари сифатли бажарилишини назоратга олиш тавсия этилсин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 августдаги 641-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қўшимча киритилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Ў. Умурзаков ҳамда соғлиқни сақлаш вазири Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 майдаги 263-сон қарорига ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 августдаги 641-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимча
4-банд қуйидаги мазмундаги «е 2 » кичик банд билан тўлдирилсин:
«е 2 . Фармацевтика техник университети фаолияти билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 17 май,
263-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
“Tashkent Pharma Park” innovatsion ilmiy-ishlab chiqarish farmatsevtika klasterida Farmatsevtika texnik universiteti faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022 — 2026-yillarda respublikaning farmatsevtika tarmogʻini jadal rivojlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2022-yil 21-yanvardagi PF-55-son Farmoni va “Tashkent Pharma Park” innovatsion ilmiy-ishlab chiqarish farmatsevtika klasterini tashkil etish toʻgʻrisida” 2020-yil 28-yanvardagi PQ-4574-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, farmatsevtika sanoati uchun xalqaro standartlar va milliy anʼanalar uygʻunligida yuqori malakali, zamonaviy bilim va koʻnikmalarga ega, mustaqil fikrlaydigan, vatanparvar kadrlarni tayyorlash hamda farmatsevtika sohasida xalqaro hamkorlikni yanada kengaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tashkent Pharma Park” innovatsion ilmiy-ishlab chiqarish farmatsevtika klasterini tashkil etish toʻgʻrisida” 2020-yil 28-yanvardagi PQ-4574-son qaroriga muvofiq:
a) Toshkent viloyati Zangiota tumanida “Tashkent Pharma Park” innovatsion ilmiy-ishlab chiqarish farmatsevtika klasteri (keyingi oʻrinlarda — Klaster) tashkil etilganligi, bunda Klaster oʻz ichiga oʻzining infratuzilmasiga ega boʻlgan Farmatsevtika texnik universitetini (keyingi oʻrinlarda — Universitet) tashkil etishni qamrab olishi nazarda tutilganligi;
b) quyidagilar Universitetning asosiy vazifalari va faoliyat yoʻnalishlari etib belgilanganligi:
dori vositalari, tibbiy buyumlar va tibbiy texnika ishlab chiqarish, kosmetologiya, tarmoq va biznesni boshqarish sohalarida xalqaro taʼlim standartlariga muvofiq malakali kadrlar tayyorlash;
farmatsevtika tarmogʻida kadrlar tayyorlash tizimini takomillashtirish va modernizatsiya qilishga yoʻnaltirilgan innovatsion va samarali taʼlim dasturlari va oʻqitish shakllarini joriy etish;
taʼlim va fanning uzluksizligi va uzviyligi, shuningdek, ularning jahon taʼlimi va ilmiy hamjamiyatga integratsiyalashuvi hisobiga mutaxassislar va ilmiy-pedagogik kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishni amalga oshirish;
farmatsevtika taʼlimi, fan va ishlab chiqarishning yaqin integratsiyasi uchun shart-sharoitlar yaratish;
farmatsiya, biotexnologiya, biofarmatsiya, farmatsevtika tarmogʻi uchun dori vositalari, tibbiy buyumlar va tibbiy texnikalar ishlab chiqarish hamda ularni qoʻllash sohasida fundamental va amaliy tadqiqotlar oʻtkazish;
xorijiy mamlakatlarning yetakchi taʼlim muassasalari, ilmiy-tadqiqot markazlari va ishbilarmon doiralari bilan uzoq muddatli aloqalarni rivojlantirish va mustahkamlash;
v) Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) hamda Buyuk Britaniyaning De Montfort (De Montfort University) va Sanderlend (University of Sunderland) universitetlari (keyingi oʻrinlarda — hamkor universitetlar) oʻrtasida 2019-yil 5-noyabrda farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish, yuqori malakali kadrlarni tayyorlash va taʼlim darajasini xalqaro standartlarga mos ravishda oshirish boʻyicha hamkorlik memorandumi tuzilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Vazirlar Mahkamasining “Tashkent Pharma Park” innovatsion ilmiy-ishlab chiqarish farmatsevtika klasterining ilmiy-oʻquv qismlarini yaratish” (I-bosqich) loyihasini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 4-apreldagi 152-son qarori bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati va EDCF jamgʻarmasi oʻrtasida 2021-yil 17-noyabr kuni loyiha yuzasidan imzolangan qarz bitimi doirasida:
umumiy qiymati 98 600,0 ming AQSH dollari ekvivalentiga teng boʻlgan “Tashkent Pharma Park” innovatsion ilmiy-ishlab chiqarish farmatsevtika klasterining ilmiy-oʻquv qismlarini yaratish” (I-bosqich) loyihasi texnik-iqtisodiy hisob-kitobining asosiy texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlari ( 1-ilova );
“Tashkent Pharma Park” innovatsion ilmiy-ishlab chiqarish farmatsevtika klasterining ilmiy-oʻquv qismlarini yaratish” (I-bosqich) loyihasi boʻyicha Koreya Eksimbankining Iqtisodiy rivojlantirish va hamkorlik jamgʻarmasi boʻyicha asosiy qarz, unga hisoblangan foiz va vositachilik haqini toʻlashning prognoz jadvali ( 2-ilova ) tasdiqlanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
3. Belgilansinki:
Universitet Agentlik muassisligida tashkil etilgan davlat oliy taʼlim muassasasi hisoblanadi hamda uning faoliyati Agentlik tomonidan muvofiqlashtiriladi;
Universitetda taʼlim jarayoni 2022/2023 oʻquv yilidan boshlanadi hamda bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklariga qabul qilish shartlari, taʼlim olish shakli va taʼlim tili hamkor universitetlar bilan kelishgan holda aniqlanadi;
Universitetga oʻqishga qabul qilish har yili belgilanadigan Oʻzbekiston Respublikasining oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilishning davlat buyurtmasi parametrlari doirasida va qoʻshimcha qabul parametrlaridan kelib chiqqan holda amalga oshiriladi;
Universitetda taʼlim berish Agentlik granti va toʻlov-kontrakt asosida hamkor universitetlarning oʻquv dasturlarini davlat taʼlim standartlari talablariga muvofiqlashtirgan holda amalga oshiriladi;
Agentlik granti miqdori har yili Agentlik tomonidan belgilanadi hamda Farmatsevtika tarmogʻini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi;
yangi taʼlim yoʻnalishlari va mutaxassisliklarni ochish, amaldagi taʼlim yoʻnalishlari hamda mutaxassisliklarni tugatish, shuningdek, toʻlov-kontrakt qiymati va uni toʻlash muddatlarini belgilash Universitet tomonidan Agentlik va hamkor universitetlar bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi;
Universitet faoliyati, oʻquv-uslubiy boshqaruvi, ilmiy-pedagogik xodimlarni tayyorlash va qayta tayyorlash zamonaviy axborot texnologiyalari, fan va texnologiyalarning eng yangi yutuqlaridan foydalangan holda, kadrlar tayyorlashning umumeʼtirof etilgan xalqaro standartlariga muvofiq amalga oshiriladi;
Universitet bitiruvchilariga Oʻzbekiston Respublikasida oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi hujjat sifatida tan olinadigan Universitet diplomi va (yoki) hamkor universitetlarning belgilangan namunadagi diplomi beriladi;
pedagog va boshqa xodimlarni ishga qabul qilish, ishdan ozod etish va ularning ichki rotatsiyasiga oid tartibni belgilash Universitet tomonidan Agentlik bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi;
Universitetning biznes-rejasi hamda daromadlar va xarajatlar parametrlari, prognozi va smetasi Agentlik tomonidan tasdiqlanadi;
Universitetning xodimlari mehnatiga haq toʻlash va ularni moddiy ragʻbatlantirish tartibi hamda shtatlar jadvali va shtat birliklari soni oliy taʼlim muassasalari uchun belgilangan normativlardan qatʼi nazar Agentlik bilan kelishilgan holda Universitet tomonidan tasdiqlanadi.
4. Quyidagilar Universitet faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
Oʻzbekiston Respublikasi Farmatsevtika tarmogʻini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish jamgʻarmasi ajratmalari;
“Dori vositalari, tibbiy buyumlar va tibbiy texnika ekspertizasi va standartlashtirish davlat markazi” davlat unitar korxonasi ajratmalari;
talabalarni toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;
xoʻjalik faoliyatidan va shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan olinadigan daromadlar;
homiylik xayriyalari va grantlar;
qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.
5. Agentlikka Universitet faoliyatini moliyalashtirish manbalari orqali quyidagi xarajatlarni amalga oshirishga ruxsat berilsin:
Universitetning maʼmuriy-oʻquv binolari, oʻquv-ilmiy laboratoriyalari, boshqa moddiy-texnik bazasi va oʻquv faoliyatini tashkil etish;
farmatsevtika, tabiiy fanlar, biotexnologiya, axborotlashtirish, maʼlumotlar tahlili va menejment sohalarida yuqori malakali mutaxassislar va ilmiy-pedagogik xodimlarni keyinchalik Universitetda ishlashga jalb qilish sharti bilan tanlov asosida tanlab olish, hamkor va boshqa xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarida oʻqitish va stajirovkadan oʻtkazilishini tashkil etish;
Universitetning faoliyati, ilmiy-pedagogik xodimlarni tayyorlash va qayta tayyorlash, xodimlarga mehnat haqi toʻlash, zarur oʻquv-uslubiy adabiyot va laboratoriya uskunalari bilan jihozlash, xoʻjalik xarajatlar, Universitet bino va inshootlarini qurish ishlari, shu jumladan Universitetni koʻchirish bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish;
taʼlim jarayoniga zamonaviy pedagogik texnologiyalarni qoʻllay oladigan va ilmiy izlanish olib boradigan mahalliy hamda xorijiy professor-oʻqituvchi va mutaxassislarni jalb qilish bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish;
mahalliy va xorijiy tashkilotlar tomonidan belgilangan tartibda yuridik va konsalting xizmatlari uchun haq toʻlash;
Universitet oʻz faoliyatini samarali amalga oshirishi uchun maʼmuriy-boshqaruv xodimlarini moddiy-texnik baza bilan taʼminlash.
6. Universitet oʻz infratuzilmasiga ega boʻlgan bino va inshootlari qurilguniga qadar Klaster hududidagi ekspluatatsiyaga tayyor boʻlgan binolarda (maʼmuriy va “A” blokning laboratoriya binolarida) tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilsin.
7. Bosh prokuraturaga Qurilish vazirligi bilan birgalikda Universitet binosini qurish doirasida ajratilgan mablagʻlar maqsadli va samarali ishlatilishi hamda qurilish-pudrat ishlari sifatli bajarilishini nazoratga olish tavsiya etilsin.
8. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 1-avgustdagi 641-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligining Farmatsevtika tarmogʻini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomga ilovaga muvofiq qoʻshimcha kiritilsin.
9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri S.Oʻ. Umurzakov hamda sogʻliqni saqlash vaziri B.A. Musayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 17-maydagi 263-son qaroriga ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 1-avgustdagi 641-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligining Farmatsevtika tarmogʻini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan qoʻshimcha
4-band quyidagi mazmundagi “e 2 ” kichik band bilan toʻldirilsin:
“e 2 . Farmatsevtika texnik universiteti faoliyati bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish;”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 17-may,
263-son