📅 2022-yil 20-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 20-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 20 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 20 мая 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 20 May 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 2 февралдаги ПҚ-112-сон қарори ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 26 майдаги ПҚ-4730-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 26 майдаги ПҚ-4730-сон қарори 9 1 -бандига мувофиқ Маданият вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилганлиги ва унинг молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
вазирлик тизимидаги давлат корхоналарининг фойдасидан давлат улуши бўйича белгиланган миқдорда дивидентлар тўлангандан сўнг қолган маблағнинг 15 фоизи;
давлат театрлари, цирки ва концерт-томоша муассасалари томонидан ташкил этиладиган маданий тадбирларни ўтказишдан олинадиган фойданинг 10 фоизи;
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
давлат-хусусий шериклик асосида олинадиган даромадларнинг тақсимланишидан тушган маблағлар;
вазирлик ташаббуси билан вазирлик тизим ташкилотлари томонидан ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари, спектакллар, шоу дастурлар ва бошқа тадбирлардан тушадиган маблағлар;
вазирлик тасарруфидаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясининг бюджетдан ташқари ҳисобварағидан ажратиладиган маблағлар;
халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорларнинг кредитлари, грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Жамғарма маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш йўналишлари;
Жамғарма маблағларини сарфлаш ва бошқариш;
Жамғарма маблағларидан фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳайъати икки ҳафта муддатда Жамғарманинг кенгаши таркибини тасдиқласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 275-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг (кейинги ўринларда — Вазирлик) бюджетдан ташқари жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш, шунингдек Жамғармани бошқариш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, маблағлардан маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилади.
3. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида очилган Вазирликнинг махсус бюджетдан ташқари миллий валютадаги тегишли ғазначилик ҳисобварағига ҳамда тижорат банкларида миллий ва чет эл валютасида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш
4. Жамғарма қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:
Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлари;
Вазирлик тизимидаги давлат корхоналарининг фойдасидан давлат улуши бўйича белгиланган миқдорда дивидендлар тўлангандан сўнг қолган маблағнинг 15 фоизи;
давлат театрлари, цирки, маданият марказлари ва концерт-томоша муассасаларининг топган даромадидан 10 фоизи миқдори;
Вазирлик ҳузуридаги Маданият ва санъат ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти томонидан ташкил этиладиган қайта тайёрлаш курсларида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 10 фоизи миқдори;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
давлат-хусусий шериклик асосида олинадиган даромадларнинг тақсимланишидан тушган маблағлар;
Вазирлик ташаббуси билан вазирлик тизим ташкилотлари томонидан ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари, спектакллар, шоу дастурлар ва бошқа тадбирлардан тушадиган маблағлар;
Вазирлик тасарруфидаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясининг бюджетдан ташқари ҳисобварағидан ажратиладиган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари (меценатлик кўмаги);
халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзи), грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Жамғармага тушадиган маблағлар Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида очиладиган миллий ва чет эл валютасидаги шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.
6. Чет эл валютасидаги маблағлар Жамғарманинг махсус валюта ҳисобварағига тушади. Жамғарманинг валюта ҳисобварағига тушган чет эл валютасидаги зарур суммалар белгиланган тартибда сотилади (мазкур Низомда назарда тутилган ҳолатлар ва алоҳида харажатлардан ташқари). Чет эл валютасини сотишдан олинган миллий валютадаги маблағлар Жамғарманинг ҳисобварағига ўтказилади ва ушбу Низомга мувофиқ тақсимланади.
3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш
7. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
аҳоли, айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларга маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражасини ошириш;
истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларини мусиқа дарсликлари, ноталар тўпламлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш;
маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро фестиваль ва танловларда ижодкорларимизнинг иштирокини доимий таъминлаш ва уларнинг сара асарларини намойиш этиш, миллий ижодий маҳсулотларни экспорт қилиш;
Вазирликка юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида белгиланган тартибда етакчи маҳаллий ва хорижий ташкилотлар мутахассисларини, экспертларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш;
Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларни маҳаллий ва хорижий таълим муассасаларида ўқитиш орқали малакасини оширишни ташкил этиш;
таълим-тарбия жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини жорий қилиш ва харажатларини молиялаштириш;
Вазирлик ташаббуси билан ташкил этиладиган оммавий-маданий тадбирларга сарфланадиган маблағларни қоплаш;
Вазирлик ташаббуси билан юртимиз ва хорижий мамлакатларда ташкил этиладиган концерт-томоша, спектакллар, шоу дастурлар, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни молиялаштириш;
Вазирликнинг марказий аппарати ҳамда давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларига ҳар ойлик устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар тўлаш ҳамда уларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
Вазирликнинг эксперт-таҳлил гуруҳ таркибига киритилган мутахассислар фаолиятини молиялаштириш;
Вазирлик ҳамда давлат маданият муассасалари ва ташкилотларига мамлакат ҳудудига ва хорижий мамлакатларга чиқиш учун авиачипталар харид қилиш, хизмат сафарлари харажатларини қоплаш, вакиллик харажатлари, совғалар, шунингдек хорижий адабиётлар харид қилиш ва бошқалар учун миллий ва чет эл валютасида маблағлар ажратиш;
маданият ва санъат соҳасидаги мақсадли дастурларни молиялаштириш;
маданият ва санъат инфратузилмаси объектларини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлаш;
Вазирлик томонидан ўз тизимида ташкил этиладиган давлат унитар корхоналари ва давлат муассасаларининг устав жамғармаларини шакллантириш ҳамда белгиланган тартибда тузиладиган шартномалар асосида уларнинг уставларига мувофиқ улар томонидан бажариладиган (кўрсатиладиган) ишлар (хизматлар) учун тўловларни амалга ошириш;
нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш, улар фаолиятини рағбатлантириш, маданият ва санъат соҳасидаги лойиҳаларга грантлар ажратиш, шунингдек, фаолияти маданият ва санъат соҳаси билан бевосита боғлиқ бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини Жамғарма кенгаши томонидан тасдиқланадиган ҳужжатларга асосан тўлаб бериш;
Вазирлик тизимидаги коллеж, техникум ва институтларнинг иқтидорли, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, чин етим ва ногиронлиги бўлган талабалари (ўқувчилари)ни қўллаб-қувватлаш мақсадида стипендиялар тўлаш. Стипендиялар миқдори Жамғарма кенгаши томонидан белгиланади;
Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотларнинг бино ва иншоотларини сақлаш, улардан фойдаланиш, уларни қуриш ва таъмирлаш, зарур анжомлар, шу жумладан овоз кучайтириш ускуналари, ёритиш ускуналари, саҳна либослари, барча турдаги мусиқа асбоблари, мебель, алоқа, компьютерлар ва бошқалар билан таъминлаш бўйича харажатларни молиялаштириш;
Вазирлик фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган бошқа тадбирларни амалга ошириш;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатларни молиялаштириш.
8. Вазирлик, ҳудудий маданият бошқармалари, туман ва шаҳар маданият бўлимлари ходимларини Жамғарма маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш улар фаолиятининг натижадорлиги (KPI) ва эришилган ютуқларга қараб Ўзбекистон Республикаси маданият вазири буйруғига асосан амалга оширилади.
9. Жамғармага тушадиган маблағлар мазкур Низомда кўрсатилган йўналишларга сарфланади. Бунда, Жамғарма маблағларининг сарфланишида Вазирлар Маҳкамасининг «Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сон қарори талаблари татбиқ этилмайди.
10. Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Жамғарма кенгаши томонидан тасдиқланган йиллик харажатлар сметасига зарур ҳолларда ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга.
4-боб. Жамғармани бошқариш
11. Жамғарма кенгаши Жамғарманинг юқори органи ҳисобланади. Жамғарма кенгашининг шахсий таркиби Вазирлик ҳайъати томонидан тасдиқланади.
12. Жамғарма кенгаши:
Жамғарманинг кейинги йил учун даромадлар ва харажатлар сметасини ҳар йили 25 декабргача тасдиқлайди;
Жамғарманинг чорак якуни бўйича даромадлари ва маблағларининг харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;
Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
13. Жамғармага жорий хизмат кўрсатиш, унинг даромадлари ва харажатлари сметаси лойиҳасини тайёрлаш, маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш мониторингини, шунингдек, маблағларнинг ҳисоб ва ҳисоботини юритиш Вазирликнинг иқтисодий таҳлил ва молия масалаларига масъул бошқармаси ҳамда бухгалтерия хизмати томонидан амалга оширилади.
5-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши юзасидан ҳисобот ва назорат
14. Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот Вазирликнинг ҳайъати йиғилишида кўриб чиқилади ҳамда ҳар йили 15 мартгача Жамғарма кенгаши томонидан тасдиқланади.
15. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш белгиланган тартибда Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.
16. Жамғарманинг ҳисобот йилида фойдаланилмаган маблағлари олиб қўйилмайди ва кейинчалик ушбу Низомда назарда тутилган тартибда фойдаланиш учун миллий ва чет эл валютада жамғариб бориладиган ғазначилик шахсий ғазна ҳисобварақларида қолади.
6-боб. Якунловчи қоида
17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 20 май,
275-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Madaniyat va sanʼat sohasini yanada rivojlantirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2022-yil 2-fevraldagi PQ-112-son qarori hamda “Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi faoliyatini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 26-maydagi PQ-4730-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi faoliyatini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 26-maydagi PQ-4730-son qarori 9 1 -bandiga muvofiq Madaniyat vazirligi huzurida yuridik shaxs tashkil etmagan holda Madaniyat vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) tashkil etilganligi va uning moliyalashtirish manbalari etib quyidagilar belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin:
Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlar;
vazirlik tizimidagi davlat korxonalarining foydasidan davlat ulushi boʻyicha belgilangan miqdorda dividentlar toʻlangandan soʻng qolgan mablagʻning 15 foizi;
davlat teatrlari, sirki va konsert-tomosha muassasalari tomonidan tashkil etiladigan madaniy tadbirlarni oʻtkazishdan olinadigan foydaning 10 foizi;
Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarini depozitlarga joylashtirishdan olinadigan daromadlar;
davlat-xususiy sheriklik asosida olinadigan daromadlarning taqsimlanishidan tushgan mablagʻlar;
vazirlik tashabbusi bilan vazirlik tizim tashkilotlari tomonidan tashkil etiladigan konsert-tomosha tadbirlari, spektakllar, shou dasturlar va boshqa tadbirlardan tushadigan mablagʻlar;
vazirlik tasarrufidagi “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyasining budjetdan tashqari hisobvaragʻidan ajratiladigan mablagʻlar;
xalqaro moliya tashkilotlari, xorijiy davlatlar va boshqa donorlarning kreditlari, grantlari va texnik koʻmaklashish mablagʻlari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish hamda ulardan foydalanish yoʻnalishlari;
Jamgʻarma mablagʻlarini sarflash va boshqarish;
Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanishni hisobga olish va nazorat qilish.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi hayʼati ikki hafta muddatda Jamgʻarmaning kengashi tarkibini tasdiqlasin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — turizm va madaniy meros vaziri A.A. Abduxakimov hamda Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri O.A. Nazarbekov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 20-maydagi 275-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligining (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) budjetdan tashqari jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlarini shakllantirish va undan foydalanish, shuningdek Jamgʻarmani boshqarish tartibini belgilaydi.
2. Jamgʻarma yuridik shaxs tashkil etmagan holda, mablagʻlardan madaniyat va sanʼat sohasini rivojlantirish, Vazirlik va uning tizimidagi tashkilotlarning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash hamda xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash maqsadida tashkil etiladi.
3. Jamgʻarma Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining Gʻaznachiligida ochilgan Vazirlikning maxsus budjetdan tashqari milliy valyutadagi tegishli gʻaznachilik hisobvaragʻiga hamda tijorat banklarida milliy va chet el valyutasida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi.
2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish
4. Jamgʻarma quyidagi manbalar hisobiga shakllantiriladi:
Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlari;
Vazirlik tizimidagi davlat korxonalarining foydasidan davlat ulushi boʻyicha belgilangan miqdorda dividendlar toʻlangandan soʻng qolgan mablagʻning 15 foizi;
davlat teatrlari, sirki, madaniyat markazlari va konsert-tomosha muassasalarining topgan daromadidan 10 foizi miqdori;
Vazirlik huzuridagi Madaniyat va sanʼat xodimlarining malakasini oshirish va qayta tayyorlash instituti tomonidan tashkil etiladigan qayta tayyorlash kurslarida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlarning 10 foizi miqdori;
Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh mablagʻlarini depozitlarga joylashtirishdan olinadigan daromadlar;
davlat-xususiy sheriklik asosida olinadigan daromadlarning taqsimlanishidan tushgan mablagʻlar;
Vazirlik tashabbusi bilan vazirlik tizim tashkilotlari tomonidan tashkil etiladigan konsert-tomosha tadbirlari, spektakllar, shou dasturlar va boshqa tadbirlardan tushadigan mablagʻlar;
Vazirlik tasarrufidagi “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyasining budjetdan tashqari hisobvaragʻidan ajratiladigan mablagʻlar;
jismoniy va yuridik shaxslarning, shu jumladan Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlarining homiylik xayriyalari (metsenatlik koʻmagi);
xalqaro moliya tashkilotlari, xorijiy davlatlar va boshqa donorlarning kreditlari (qarzi), grantlari va texnik koʻmaklashish mablagʻlari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
5. Jamgʻarmaga tushadigan mablagʻlar Vazirlik tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Gʻaznachiligida ochiladigan milliy va chet el valyutasidagi shaxsiy gʻazna hisobvaraqlarida jamlanadi.
6. Chet el valyutasidagi mablagʻlar Jamgʻarmaning maxsus valyuta hisobvaragʻiga tushadi. Jamgʻarmaning valyuta hisobvaragʻiga tushgan chet el valyutasidagi zarur summalar belgilangan tartibda sotiladi (mazkur Nizomda nazarda tutilgan holatlar va alohida xarajatlardan tashqari). Chet el valyutasini sotishdan olingan milliy valyutadagi mablagʻlar Jamgʻarmaning hisobvaragʻiga oʻtkaziladi va ushbu Nizomga muvofiq taqsimlanadi.
3-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish
7. Jamgʻarma mablagʻlaridan quyidagi maqsadlarda foydalaniladi:
aholi, ayniqsa, olis hududlarda istiqomat qiladigan fuqarolarga madaniy dam olish xizmatlari koʻrsatish darajasini oshirish;
isteʼdodli yosh ijodkorlarni izlab topish va qoʻllab-quvvatlash, taʼlim muassasalarini musiqa darsliklari, notalar toʻplamlari va oʻquv-metodik adabiyotlar bilan taʼminlash;
madaniyat va sanʼat sohasidagi nufuzli xalqaro festival va tanlovlarda ijodkorlarimizning ishtirokini doimiy taʼminlash va ularning sara asarlarini namoyish etish, milliy ijodiy mahsulotlarni eksport qilish;
Vazirlikka yuklatilgan vazifalar va funksiyalarni bajarish doirasida belgilangan tartibda yetakchi mahalliy va xorijiy tashkilotlar mutaxassislarini, ekspertlarni maslahatchi sifatida jalb qilish;
Vazirlik va uning tizimidagi tashkilotlarda faoliyat yuritayotgan xodimlarni mahalliy va xorijiy taʼlim muassasalarida oʻqitish orqali malakasini oshirishni tashkil etish;
taʼlim-tarbiya jarayoniga ilgʻor pedagogika va axborot texnologiyalarini joriy qilish va xarajatlarini moliyalashtirish;
Vazirlik tashabbusi bilan tashkil etiladigan ommaviy-madaniy tadbirlarga sarflanadigan mablagʻlarni qoplash;
Vazirlik tashabbusi bilan yurtimiz va xorijiy mamlakatlarda tashkil etiladigan konsert-tomosha, spektakllar, shou dasturlar, konferensiyalar, seminarlar va boshqa tadbirlarni moliyalashtirish;
Vazirlikning markaziy apparati hamda davlat madaniyat muassasalari va tashkilotlari xodimlariga har oylik ustamalar, mukofotlar va boshqa ragʻbatlantiruvchi toʻlovlar toʻlash hamda ularni har tomonlama ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash;
Vazirlikning ekspert-tahlil guruh tarkibiga kiritilgan mutaxassislar faoliyatini moliyalashtirish;
Vazirlik hamda davlat madaniyat muassasalari va tashkilotlariga mamlakat hududiga va xorijiy mamlakatlarga chiqish uchun aviachiptalar xarid qilish, xizmat safarlari xarajatlarini qoplash, vakillik xarajatlari, sovgʻalar, shuningdek xorijiy adabiyotlar xarid qilish va boshqalar uchun milliy va chet el valyutasida mablagʻlar ajratish;
madaniyat va sanʼat sohasidagi maqsadli dasturlarni moliyalashtirish;
madaniyat va sanʼat infratuzilmasi obyektlarini tashkil etish va rivojlantirish boʻyicha investitsiya loyihalarining loyihaoldi hujjatlarini tayyorlash;
Vazirlik tomonidan oʻz tizimida tashkil etiladigan davlat unitar korxonalari va davlat muassasalarining ustav jamgʻarmalarini shakllantirish hamda belgilangan tartibda tuziladigan shartnomalar asosida ularning ustavlariga muvofiq ular tomonidan bajariladigan (koʻrsatiladigan) ishlar (xizmatlar) uchun toʻlovlarni amalga oshirish;
nodavlat notijorat tashkilotlar bilan hamkorlikda amalga oshiriladigan loyihalarni moliyalashtirish, ular faoliyatini ragʻbatlantirish, madaniyat va sanʼat sohasidagi loyihalarga grantlar ajratish, shuningdek, faoliyati madaniyat va sanʼat sohasi bilan bevosita bogʻliq boʻlgan nodavlat notijorat tashkilotlarning xalqaro tashkilotlarga aʼzolik badallarini Jamgʻarma kengashi tomonidan tasdiqlanadigan hujjatlarga asosan toʻlab berish;
Vazirlik tizimidagi kollej, texnikum va institutlarning iqtidorli, shuningdek, ijtimoiy himoyaga muhtoj, chin yetim va nogironligi boʻlgan talabalari (oʻquvchilari)ni qoʻllab-quvvatlash maqsadida stipendiyalar toʻlash. Stipendiyalar miqdori Jamgʻarma kengashi tomonidan belgilanadi;
Vazirlik, uning hududiy boʻlinmalari va idoraviy boʻysunuvidagi tashkilotlarning bino va inshootlarini saqlash, ulardan foydalanish, ularni qurish va taʼmirlash, zarur anjomlar, shu jumladan ovoz kuchaytirish uskunalari, yoritish uskunalari, sahna liboslari, barcha turdagi musiqa asboblari, mebel, aloqa, kompyuterlar va boshqalar bilan taʼminlash boʻyicha xarajatlarni moliyalashtirish;
Vazirlik faoliyati bilan bogʻliq normativ-huquqiy hujjatlarda belgilangan boshqa tadbirlarni amalga oshirish;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa xarajatlarni moliyalashtirish.
8. Vazirlik, hududiy madaniyat boshqarmalari, tuman va shahar madaniyat boʻlimlari xodimlarini Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan qoʻshimcha ragʻbatlantirish ular faoliyatining natijadorligi (KPI) va erishilgan yutuqlarga qarab Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri buyrugʻiga asosan amalga oshiriladi.
9. Jamgʻarmaga tushadigan mablagʻlar mazkur Nizomda koʻrsatilgan yoʻnalishlarga sarflanadi. Bunda, Jamgʻarma mablagʻlarining sarflanishida Vazirlar Mahkamasining “Budjet tashkilotlarini mablagʻ bilan taʼminlash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 1999-yil 3-sentabrdagi 414-son qarori talablari tatbiq etilmaydi.
10. Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri Jamgʻarma kengashi tomonidan tasdiqlangan yillik xarajatlar smetasiga zarur hollarda oʻzgartirish kiritish huquqiga ega.
4-bob. Jamgʻarmani boshqarish
11. Jamgʻarma kengashi Jamgʻarmaning yuqori organi hisoblanadi. Jamgʻarma kengashining shaxsiy tarkibi Vazirlik hayʼati tomonidan tasdiqlanadi.
12. Jamgʻarma kengashi:
Jamgʻarmaning keyingi yil uchun daromadlar va xarajatlar smetasini har yili 25-dekabrgacha tasdiqlaydi;
Jamgʻarmaning chorak yakuni boʻyicha daromadlari va mablagʻlarining xarajatlari toʻgʻrisidagi hisobotlarini koʻrib chiqadi va tasdiqlaydi;
Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli va samarali foydalanilishini nazorat qiladi;
Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish bilan bogʻliq boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.
13. Jamgʻarmaga joriy xizmat koʻrsatish, uning daromadlari va xarajatlari smetasi loyihasini tayyorlash, mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish monitoringini, shuningdek, mablagʻlarning hisob va hisobotini yuritish Vazirlikning iqtisodiy tahlil va moliya masalalariga masʼul boshqarmasi hamda buxgalteriya xizmati tomonidan amalga oshiriladi.
5-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanilishi yuzasidan hisobot va nazorat
14. Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari smetasining ijrosi toʻgʻrisidagi yillik hisobot Vazirlikning hayʼati yigʻilishida koʻrib chiqiladi hamda har yili 15-martgacha Jamgʻarma kengashi tomonidan tasdiqlanadi.
15. Jamgʻarma mablagʻlaridan oqilona va maqsadli foydalanilishini nazorat qilish belgilangan tartibda Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi tomonidan amalga oshiriladi.
16. Jamgʻarmaning hisobot yilida foydalanilmagan mablagʻlari olib qoʻyilmaydi va keyinchalik ushbu Nizomda nazarda tutilgan tartibda foydalanish uchun milliy va chet el valyutada jamgʻarib boriladigan gʻaznachilik shaxsiy gʻazna hisobvaraqlarida qoladi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
17. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 20-may,
275-son