📅 2022-yil 20-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 20-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 20 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 20 мая 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 20 May 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТАРКИБИ
ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ
«Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги»ни ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимиздаги мавжуд зиёрат туризми салоҳиятидан янада унумли фойдаланиш, Ўзбекистон заминини дунё цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида намоён қилиш, жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотларнинг юқори эътирофларига сазовор бўлиш, шунингдек, зиёрат туризми хизматларини диверсификация қилиш ва туризм экспортини ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 9 февралдаги ПФ-6165-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Дин ишлари қўмитасининг 2022 йилдан бошлаб ҳар йили ноябрь ойининг биринчи ҳафтасида «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги»ни ўтказиш (кейинги ўринларда — Халқаро ҳафталик) тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар:
«Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги»ни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби (кейинги ўринларда — Ташкилий қўмита) 1-иловага мувофиқ;
2022 йилда ўтказиладиган «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» доирасидаги тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ташкилий қўмитага (А. Абдухакимов):
ҳар йили 1 сентябрга қадар Чора-тадбирлар режасида ўтказилиши белгиланган тадбирларни юқори савияда ўтказиш бўйича дастурни (кейинги ўринларда — тадбирлар дастури) ишлаб чиқиш ва унда белгиланган вазифаларнинг ўз муддатида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
Халқаро ҳафталикни ташкил этиш ва уни юқори савияда ўтказиш доирасида давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
зарур ҳолларда, Халқаро ҳафталикни юқори савияда ташкил этиш билан боғлиқ тезкор қарорлар қабул қилиш вазифалари юклатилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги:
бир ой муддатда Халқаро ҳафталик логотипини ишлаб чиқиш бўйича очиқ танлов эълон қилиш;
Халқаро ҳафталик ўтказиладиган биноларнинг ҳамда хорижий иштирокчилар учун банд қилинган жойлаштириш воситаларининг мусулмон меҳмондўстлиги ва бошқа дин вакиллари талабномаларига мос қулайликлар билан таъминлаш;
тадбирлар дастури асосида хорижий иштирокчилар учун жойлаштириш воситаларини банд қилиш чораларини кўрсин.
5. Туризм ва маданий мерос вазирлиги Дин ишлари қўмитаси билан биргаликда Халқаро ҳафталик доирасида диний китоблар, диний уломаларнинг асарлари ва Ўзбекистонда чоп этилган Қуръони карим ҳамда мавзули сувенир маҳсулотлари кўргазмаларини ташкил этиб борсин.
6. Маданият вазирлиги «Ҳунарманд» уюшмаси билан биргаликда Халқаро ҳафталикнинг маданий тадбирларида иштирок этиш учун хорижий ва маҳаллий ҳунарманд ва наққошлар, миллий раққосалар ансамбллари, мусиқий ижод ва анъанавий санъат усталари ҳамда миллий ва сипо (камтар) либослар дизайнерлари иштирокини таъминласин.
Дин ишлари қўмитаси Халқаро ҳафталикнинг диний-маърифий тадбирларида иштирок этиш учун таниқли хорижий ва маҳаллий диний уламолар, воизлар ва диний-маърифий соҳа вакилларини жалб этсин.
7. Белгилаб қўйилсинки, ҳар йили Халқаро ҳафталик доирасида:
а) қуйидаги тадбирлар ўтказилади:
Самарқанд вилоятида Халқаро ҳафталикнинг расмий очилиш маросими, «Ўзбекистоннинг Исломий мероси» конференцияси, «Миллий оҳанглар» фестивали;
Бухоро вилоятида «Мир Араб битирувчилари» форуми, «Замонавий исломий меъморчилик» ва «Ислом хаттотлиги ва наққошлик» кўргазмалари;
Тошкент шаҳрида «Ислом иқтисодиёти» давра суҳбати, «Миллий либослар» кўргазмаси ва «Ҳалол туризм» конференцияси, «Ҳалол таомлар» фестивали;
зиёрат туризмини ривожлантиришга оид семинарлар, илмий-амалий конференциялар ва маърифий-маданий тадбирлар;
б) Халқаро ҳафталикка таклиф этиладиган 100 нафаргача хорижий иштирокчилар учун жойлаштириш воситаларидан ўринлар (жойлар) захира қилиб қўйилади;
в) «Uzbekistan Airways» АЖ Туризм ва маданий мерос вазирлигининг талабномасига асосан хорижий иштирокчилар учун халқаро ва маҳаллий авиачипталарнинг банд қилинишини ва расмийлаштирилишини таъминлайди;
г) «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Туризм ва маданий мерос вазирлигининг талабномасига асосан хорижий иштирокчилар учун қатновдаги поездларнинг барча турларига темир йўл чипталари захира қилиб қўйилишини ва расмийлаштирилишини таъминлайди.
8. Белгилансинки, Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қуйидаги харажатлар қопланади:
Халқаро ҳафталикнинг хорижий иштирокчиларини Тошкент шаҳридаги аэропорт ва вокзалдан кутиб олиш ва кузатиш ҳамда тадбирлар дастури асосида ҳаракатланиши учун енгил транспорт воситалари билан таъминлаш;
хорижий иштирокчилар учун халқаро авиачипталар ва республика ҳудудида ҳаракатланиши учун автобус, авиа ва темир йўл чипталарини сотиб олиш;
Халқаро ҳафталик доирасида ўтказиладиган тадбирларни хорижий (инглиз, ўзбек, рус, турк, араб ва б.) тилларда синхрон таржимонлар билан таъминлаш;
хорижий иштирокчилар учун мавзули эсдалик совғалари (тематик сувенир) ва тарқатма материаллар ажратиш;
Халқаро ҳафталикни хорижий оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда алоҳида саҳифалар очган ҳолда кенг тарғиботини амалга ошириш;
Халқаро ҳафталикка тайёргарлик кўриш ва уни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа харажатлар.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Халқаро ҳафталик доирасида :
а) 2022 йилдан бошлаб, ҳар йили 15 октябрга қадар:
Халқаро ҳафталик ўтказиладиган ва диққатга сазовор жойларни ободонлаштириш ва тадбир учун тайёр ҳолга келтириш;
тегишли ҳудуддаги аэропорт ва темир йўл вокзалларида ҳамда марказий кўчалар бўйлаб Халқаро ҳафталикни кенг тарғиб қилишга қаратилган баннерларни ўрнатиш;
б) 2022 йилдан бошлаб, ўтказиладиган Халқаро ҳафталик давомида:
иштирокчиларнинг тадбирлар дастури асосида диққатга сазовор жойларга ташрифларини ташкиллаштириш;
банд қилинган жойлаштириш воситалари ва Халқаро ҳафталик ўтказиладиган биноларда электр тармоғи, сув ва тегишли коммунал шароитларнинг техник созлиги ва узлуксизлигини таъминлаш;
хорижий иштирокчиларни аэропорт/вокзалдан кутиб олиш/кузатиш ва тадбирлар дастури асосида ҳаракатланиши учун транспорт воситалари билан таъминлаш;
хорижий иштирокчилар, уларга бириктирилган гид-таржимон ва волонтёр кузатувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Халқаро ҳафталик доирасида тушлик ва кечки овқатни ташкиллаштириш;
хорижий иштирокчилар учун банд қилинган жойлаштириш воситаларининг Халқаро ҳафталик доирасида харажатларини қоплаш;
тадбирлар дастурига мувофиқ ўтказиладиган тадбирлар учун кўзда тутилган биноларнинг банд қилиниши ва Халқаро ҳафталикка тайёргарлик қилиш чораларини кўрсин.
10. Ташқи ишлар вазирлиги:
Дин ишлари қўмитаси билан биргаликда Халқаро ҳафталик доирасида тадбирларга хорижий диний, таълим, туризм ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб этиш;
Туризм ва маданий мерос вазирлигининг мурожаатига асосан Халқаро ҳафталик доирасида республикага ташриф буюрувчи хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш;
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари орқали оммавий ахборот воситаларида Халқаро ҳафталикни кенг тарғиб қилиш ва тадбирларни ёритиш;
Туризм ва маданий мерос вазирлигига Халқаро ҳафталик доирасидаги тадбирларга хорижий иштирокчиларни жалб қилишга кўмаклашиш ҳамда уларга таклифномаларни етказиш чораларини кўрсин.
11. Ички ишлар вазирлиги Миллий гвардияси билан биргаликда:
Халқаро ҳафталик ўтказиладиган ҳудудларда тадбир иштирокчилари ва меҳмонлар тўпланадиган жойларда, меҳмонхоналарда ҳамда уларнинг атрофларида жамоат тартибини сақлаш;
Халқаро ҳафталикка ташриф буюрадиган делегация аъзолари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл-ҳаракати қоидаларига мувофиқ, ҳамроҳлик қилиш бўйича ишларни ташкиллаштириш чораларини кўрсин.
12. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тадбир дастурига мувофиқ жойларда тез тиббий ёрдам бригадалари фаолиятини ташкил этилишини таъминлаш ва тадбирлар ўтказиладиган жойларда соғлиқни сақлаш ва санитария-гигиена талабларига амал қилиниши бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.
13. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Туризм ва маданий мерос вазирлигининг мурожаатига асосан Халқаро ҳафталик доирасида тадбирлар ўтказиладиган конференция ва кўргазма заллари, матбуот хоналарини ўрнатилган тартибда зарур техника воситалари, синхрон таржима жиҳозлари (4 та кабина, 200 та қулоқчин) ва Интернет жаҳон ахборот тармоғи (Wi-Fi) хизмати билан таъминласин.
14. «Uzbekistan Airports» АЖ «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан биргаликда:
хорижий иштирокчиларни Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропорти, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги аэропорт ва темир йўл вокзалларининг юқори мартабали меҳмонлар зали (Business Lounge) орқали ўрнатилган тартибда кутиб олиш/кузатиш чораларини кўрсин;
Тошкент шаҳар, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги аэропорт ва вокзалларда хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларига видео-фото тасвирга олишга рухсат берилсин.
15. Дин ишлари қўмитаси:
Халқаро ҳафталикнинг расмий очилиш маросимида хорижий иштирокчиларга тақдим этилиши учун мамлакатимизда ўзбек, рус, инглиз тилларида чоп этилган камида 10 хил турдаги (1000 дона) диний-маърифий китоблар, жумладан Ўзбекистонда чоп этилган Қуръони карим (100 дона) ажратилишини;
Маданият вазирлиги ва Фанлар академияси билан биргаликда Халқаро ҳафталикнинг хорижий диний уламолари иштирокида диний бағрикенглик, аллома ва уламоларнинг Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси ривожида тутган ўрни каби мавзуларда давра суҳбатлари ва илмий-амалий конференцияларнинг ўтказилишини ташкиллаштирсин.
16. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, «Дунё» ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Халқаро ҳафталикка тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 282-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги»ни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита
А. Абдухакимов — Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири, Ташкилий қўмита раиси С. Тошбоев — Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари О. Назарбеков — маданият вазири И. Махкамов — транспорт вазири В. Норов — ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Н. Холиқназаров — Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Ж. Махмудов — ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари А. Икрамов — ички ишлар вазири ўринбосари Х. Хасилов — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарув раиси в.б А. Ходжаев — Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси А. Кўчимов — Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосарлари Б. Ибрагимов — туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари, Ташкилий қўмита котиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 282-сон қарорига 2-ИЛОВА
2022 йилда ўтказиладиган «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» доирасидаги тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича
Т/р Тадбирлар номи Муддат Масъул вазирлик ва идоралар 1. 2022 йилдаги «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» (кейинги ўринларда — Халқаро ҳафталик) нинг Тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш. 2022 йил 15 июнь Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2. Халқаро ҳафталик доирасидаги тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита йиғилишини ўтказиш ва ташкилий масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиш. 2022 йил 20 июнь Ташкилий қўмита, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 3. Тадбирлар дастурига мувофиқ Халқаро ҳафталик доирасидаги тадбирлар ўтказиладиган жойларни (бинолар) белгилаш ва банд қилиш. 2022 йил 1 июль Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 4. 2022 йилдаги «Халқаро ҳафталик»нинг босма ва электрон тақдимот материаллари ва портфолиосини ишлаб чиқиш. 2022 йил 10 июль Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита 5. 2022 йилдаги «Халқаро ҳафталик» доирасида ўтказиладиган тадбирлар ҳақидаги ижтимоий ролик тайёрлаш. 2022 йил 1 август Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита 6. Халқаро ҳафталикнинг логотипи, баннер дизайни ва веб-сайтини тайёрлаш ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифасини очиш. 2022 йил 1 август Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита 7. Халқаро ҳафталикни хорижий ОАВ, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда (видео роликлар, баннерлар ва мақолалар орқали) кенг тарғиботини амалга ошириш. 2022 йил август — октябрь Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ташқи ишлар вазирлиги 8. Тадбирлар дастурига мувофиқ тегишли ҳудуддаги аэропорт ва темир йўл вокзалларида ҳамда марказий кўчалар бўйлаб Халқаро ҳафталикни кенг тарғиб қилишга қаратилган баннерлар ўрнатиш. 2022 йил октябрь Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Транспорт вазирлиги 9. Халқаро ҳафталикда иштирок этадиган хорижий меҳмонлар рўйхатини шакллантириш. 2022 йил 1 октябрь Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ташқи ишлар вазирлиги 10. Халқаро ҳафталик ҳақида пресс-конференция ва брифинг ташкил этиш. 2022 йил 5 ноябрь Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита 11. Халқаро ҳафталикнинг расмий очилиш маросими ва «Ўзбекистон исломий мероси» конференциясини ўтказиш. 2022 йил 7 ноябрь Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, 12. Халқаро ҳафталик доирасида «Кўнгил оҳанглари» фестивалини ўтказиш. 2022 йил 8 ноябрь Маданият вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, 13. Халқаро ҳафталик доирасида «Замонавий исломий меъморчилик» ҳамда «Ислом хаттотлиги ва наққошлик» кўргазмаларини ўтказиш. 2022 йил 9 — 13 ноябрь Бухоро вилояти ҳокимлиги, «Ҳунарманд» уюшмаси, Туризм ва маданий мерос вазирлиги 14. Тошкент шаҳрида миллий ва сипо либослар, косметика маҳсулотлари каби маданий тадбирлар билан кенгайтирилган «Миллий либослар кўргазмаси» ташкил этиш. 2022 йил 10 — 13 ноябрь Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги 15. Халқаро ҳафталик доирасида «Ҳалол таомлар фестивали»ни ўтказиш. 2022 йил 12 ноябрь Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси , Туризм ва маданий мерос вазирлиги 16. Халқаро ҳафталик доирасида «Ҳалол туризм» конференциясини ўтказиш. 2022 йил 12 ноябрь Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ташқи ишлар вазирлиги 17. Халқаро ҳафталик доирасида «Ислом иқтисодиёти» давра суҳбатини ўтказиш. 2022 йил 12 ноябрь Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази , Туризм ва маданий мерос вазирлиги
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 20 май,
282-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TARKIBI
CHORA-TADBIRLAR REJASI
“Xalqaro ziyorat turizmi haftaligi”ni tashkil etish va oʻtkazish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Mamlakatimizdagi mavjud ziyorat turizmi salohiyatidan yanada unumli foydalanish, Oʻzbekiston zaminini dunyo sivilizatsiyasining muhim markazlaridan biri sifatida namoyon qilish, jahon hamjamiyati va xalqaro tashkilotlarning yuqori eʼtiroflariga sazovor boʻlish, shuningdek, ziyorat turizmi xizmatlarini diversifikatsiya qilish va turizm eksportini oshirish hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida ichki va ziyorat turizmini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 9-fevraldagi PF-6165-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Turizm va madaniy meros vazirligi, Din ishlari qoʻmitasining 2022-yildan boshlab har yili noyabr oyining birinchi haftasida “Xalqaro ziyorat turizmi haftaligi”ni oʻtkazish (keyingi oʻrinlarda — Xalqaro haftalik) toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. Quyidagilar:
“Xalqaro ziyorat turizmi haftaligi”ni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita tarkibi (keyingi oʻrinlarda — Tashkiliy qoʻmita) 1-ilovaga muvofiq;
2022-yilda oʻtkaziladigan “Xalqaro ziyorat turizmi haftaligi” doirasidagi tadbirlarga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish boʻyicha chora-tadbirlar rejasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Tashkiliy qoʻmitaga (A. Abduxakimov):
har yili 1-sentabrga qadar Chora-tadbirlar rejasida oʻtkazilishi belgilangan tadbirlarni yuqori saviyada oʻtkazish boʻyicha dasturni (keyingi oʻrinlarda — tadbirlar dasturi) ishlab chiqish va unda belgilangan vazifalarning oʻz muddatida va sifatli bajarilishini taʼminlash;
Xalqaro haftalikni tashkil etish va uni yuqori saviyada oʻtkazish doirasida davlat organlari, xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari faoliyatini muvofiqlashtirish;
zarur hollarda, Xalqaro haftalikni yuqori saviyada tashkil etish bilan bogʻliq tezkor qarorlar qabul qilish vazifalari yuklatilsin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Turizm va madaniy meros vazirligi:
bir oy muddatda Xalqaro haftalik logotipini ishlab chiqish boʻyicha ochiq tanlov eʼlon qilish;
Xalqaro haftalik oʻtkaziladigan binolarning hamda xorijiy ishtirokchilar uchun band qilingan joylashtirish vositalarining musulmon mehmondoʻstligi va boshqa din vakillari talabnomalariga mos qulayliklar bilan taʼminlash;
tadbirlar dasturi asosida xorijiy ishtirokchilar uchun joylashtirish vositalarini band qilish choralarini koʻrsin.
5. Turizm va madaniy meros vazirligi Din ishlari qoʻmitasi bilan birgalikda Xalqaro haftalik doirasida diniy kitoblar, diniy ulomalarning asarlari va Oʻzbekistonda chop etilgan Qurʼoni karim hamda mavzuli suvenir mahsulotlari koʻrgazmalarini tashkil etib borsin.
6. Madaniyat vazirligi “Hunarmand” uyushmasi bilan birgalikda Xalqaro haftalikning madaniy tadbirlarida ishtirok etish uchun xorijiy va mahalliy hunarmand va naqqoshlar, milliy raqqosalar ansambllari, musiqiy ijod va anʼanaviy sanʼat ustalari hamda milliy va sipo (kamtar) liboslar dizaynerlari ishtirokini taʼminlasin.
Din ishlari qoʻmitasi Xalqaro haftalikning diniy-maʼrifiy tadbirlarida ishtirok etish uchun taniqli xorijiy va mahalliy diniy ulamolar, voizlar va diniy-maʼrifiy soha vakillarini jalb etsin.
7. Belgilab qoʻyilsinki, har yili Xalqaro haftalik doirasida:
a) quyidagi tadbirlar oʻtkaziladi:
Samarqand viloyatida Xalqaro haftalikning rasmiy ochilish marosimi, “Oʻzbekistonning Islomiy merosi” konferensiyasi, “Milliy ohanglar” festivali;
Buxoro viloyatida “Mir Arab bitiruvchilari” forumi, “Zamonaviy islomiy meʼmorchilik” va “Islom xattotligi va naqqoshlik” koʻrgazmalari;
Toshkent shahrida “Islom iqtisodiyoti” davra suhbati, “Milliy liboslar” koʻrgazmasi va “Halol turizm” konferensiyasi, “Halol taomlar” festivali;
ziyorat turizmini rivojlantirishga oid seminarlar, ilmiy-amaliy konferensiyalar va maʼrifiy-madaniy tadbirlar;
b) Xalqaro haftalikka taklif etiladigan 100 nafargacha xorijiy ishtirokchilar uchun joylashtirish vositalaridan oʻrinlar (joylar) zaxira qilib qoʻyiladi;
v) “Uzbekistan Airways” AJ Turizm va madaniy meros vazirligining talabnomasiga asosan xorijiy ishtirokchilar uchun xalqaro va mahalliy aviachiptalarning band qilinishini va rasmiylashtirilishini taʼminlaydi;
g) “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ Turizm va madaniy meros vazirligining talabnomasiga asosan xorijiy ishtirokchilar uchun qatnovdagi poyezdlarning barcha turlariga temir yoʻl chiptalari zaxira qilib qoʻyilishini va rasmiylashtirilishini taʼminlaydi.
8. Belgilansinki, Turizm va madaniy meros vazirligi tomonidan Turizmni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi hisobidan quyidagi xarajatlar qoplanadi:
Xalqaro haftalikning xorijiy ishtirokchilarini Toshkent shahridagi aeroport va vokzaldan kutib olish va kuzatish hamda tadbirlar dasturi asosida harakatlanishi uchun yengil transport vositalari bilan taʼminlash;
xorijiy ishtirokchilar uchun xalqaro aviachiptalar va respublika hududida harakatlanishi uchun avtobus, avia va temir yoʻl chiptalarini sotib olish;
Xalqaro haftalik doirasida oʻtkaziladigan tadbirlarni xorijiy (ingliz, oʻzbek, rus, turk, arab va b.) tillarda sinxron tarjimonlar bilan taʼminlash;
xorijiy ishtirokchilar uchun mavzuli esdalik sovgʻalari (tematik suvenir) va tarqatma materiallar ajratish;
Xalqaro haftalikni xorijiy ommaviy axborot vositalari, Internet jahon axborot tarmogʻi va ijtimoiy tarmoqlarda alohida sahifalar ochgan holda keng targʻibotini amalga oshirish;
Xalqaro haftalikka tayyorgarlik koʻrish va uni tashkil etish bilan bogʻliq boshqa xarajatlar.
9. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari Xalqaro haftalik doirasida :
a) 2022-yildan boshlab, har yili 15-oktabrga qadar:
Xalqaro haftalik oʻtkaziladigan va diqqatga sazovor joylarni obodonlashtirish va tadbir uchun tayyor holga keltirish;
tegishli hududdagi aeroport va temir yoʻl vokzallarida hamda markaziy koʻchalar boʻylab Xalqaro haftalikni keng targʻib qilishga qaratilgan bannerlarni oʻrnatish;
b) 2022-yildan boshlab, oʻtkaziladigan Xalqaro haftalik davomida:
ishtirokchilarning tadbirlar dasturi asosida diqqatga sazovor joylarga tashriflarini tashkillashtirish;
band qilingan joylashtirish vositalari va Xalqaro haftalik oʻtkaziladigan binolarda elektr tarmogʻi, suv va tegishli kommunal sharoitlarning texnik sozligi va uzluksizligini taʼminlash;
xorijiy ishtirokchilarni aeroport/vokzaldan kutib olish/kuzatish va tadbirlar dasturi asosida harakatlanishi uchun transport vositalari bilan taʼminlash;
xorijiy ishtirokchilar, ularga biriktirilgan gid-tarjimon va volontyor kuzatuvchilar hamda ommaviy axborot vositalari vakillari uchun Xalqaro haftalik doirasida tushlik va kechki ovqatni tashkillashtirish;
xorijiy ishtirokchilar uchun band qilingan joylashtirish vositalarining Xalqaro haftalik doirasida xarajatlarini qoplash;
tadbirlar dasturiga muvofiq oʻtkaziladigan tadbirlar uchun koʻzda tutilgan binolarning band qilinishi va Xalqaro haftalikka tayyorgarlik qilish choralarini koʻrsin.
10. Tashqi ishlar vazirligi:
Din ishlari qoʻmitasi bilan birgalikda Xalqaro haftalik doirasida tadbirlarga xorijiy diniy, taʼlim, turizm tashkilotlari va ommaviy axborot vositalari vakillarini jalb etish;
Turizm va madaniy meros vazirligining murojaatiga asosan Xalqaro haftalik doirasida respublikaga tashrif buyuruvchi xorijiy ommaviy axborot vositalari vakillarini akkreditatsiyadan oʻtkazish;
Oʻzbekiston Respublikasining xorijiy davlatlardagi diplomatik vakolatxonalari orqali ommaviy axborot vositalarida Xalqaro haftalikni keng targʻib qilish va tadbirlarni yoritish;
Turizm va madaniy meros vazirligiga Xalqaro haftalik doirasidagi tadbirlarga xorijiy ishtirokchilarni jalb qilishga koʻmaklashish hamda ularga taklifnomalarni yetkazish choralarini koʻrsin.
11. Ichki ishlar vazirligi Milliy gvardiyasi bilan birgalikda:
Xalqaro haftalik oʻtkaziladigan hududlarda tadbir ishtirokchilari va mehmonlar toʻplanadigan joylarda, mehmonxonalarda hamda ularning atroflarida jamoat tartibini saqlash;
Xalqaro haftalikka tashrif buyuradigan delegatsiya aʼzolari xavfsizligini taʼminlash maqsadida yoʻl-harakati qoidalariga muvofiq, hamrohlik qilish boʻyicha ishlarni tashkillashtirish choralarini koʻrsin.
12. Sogʻliqni saqlash vazirligi tadbir dasturiga muvofiq joylarda tez tibbiy yordam brigadalari faoliyatini tashkil etilishini taʼminlash va tadbirlar oʻtkaziladigan joylarda sogʻliqni saqlash va sanitariya-gigiyena talablariga amal qilinishi boʻyicha zarur chora-tadbirlarni amalga oshirsin.
13. Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Turizm va madaniy meros vazirligining murojaatiga asosan Xalqaro haftalik doirasida tadbirlar oʻtkaziladigan konferensiya va koʻrgazma zallari, matbuot xonalarini oʻrnatilgan tartibda zarur texnika vositalari, sinxron tarjima jihozlari (4 ta kabina, 200 ta quloqchin) va Internet jahon axborot tarmogʻi (Wi-Fi) xizmati bilan taʼminlasin.
14. “Uzbekistan Airports” AJ “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ bilan birgalikda:
xorijiy ishtirokchilarni Islom Karimov nomidagi “Toshkent” xalqaro aeroporti, Buxoro va Samarqand viloyatlaridagi aeroport va temir yoʻl vokzallarining yuqori martabali mehmonlar zali (Business Lounge) orqali oʻrnatilgan tartibda kutib olish/kuzatish choralarini koʻrsin;
Toshkent shahar, Buxoro va Samarqand viloyatlaridagi aeroport va vokzallarda xorijiy va mahalliy ommaviy axborot vositalariga video-foto tasvirga olishga ruxsat berilsin.
15. Din ishlari qoʻmitasi:
Xalqaro haftalikning rasmiy ochilish marosimida xorijiy ishtirokchilarga taqdim etilishi uchun mamlakatimizda oʻzbek, rus, ingliz tillarida chop etilgan kamida 10 xil turdagi (1000 dona) diniy-maʼrifiy kitoblar, jumladan Oʻzbekistonda chop etilgan Qurʼoni karim (100 dona) ajratilishini;
Madaniyat vazirligi va Fanlar akademiyasi bilan birgalikda Xalqaro haftalikning xorijiy diniy ulamolari ishtirokida diniy bagʻrikenglik, alloma va ulamolarning Oʻzbekistonning Islom sivilizatsiyasi rivojida tutgan oʻrni kabi mavzularda davra suhbatlari va ilmiy-amaliy konferensiyalarning oʻtkazilishini tashkillashtirsin.
16. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, “Dunyo” axborot agentligi va boshqa ommaviy axborot vositalariga Xalqaro haftalikka tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlarni keng yoritib borish tavsiya etilsin.
17. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — turizm va madaniy meros vaziri A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 20-maydagi 282-son qaroriga 1-ILOVA
“Xalqaro ziyorat turizmi haftaligi”ni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita
A. Abduxakimov — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — turizm va madaniy meros vaziri, Tashkiliy qoʻmita raisi S. Toshboyev — Din ishlari boʻyicha qoʻmita raisi, Tashkiliy qoʻmita raisi oʻrinbosari O. Nazarbekov — madaniyat vaziri I. Maxkamov — transport vaziri V. Norov — tashqi ishlar vazirining birinchi oʻrinbosari N. Xoliqnazarov — Oʻzbekiston musulmonlari idorasi raisi, muftiy J. Maxmudov — axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vaziri oʻrinbosari A. Ikramov — ichki ishlar vaziri oʻrinbosari X. Xasilov — “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ boshqaruv raisi v.b A. Xodjayev — Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasi raisi A. Koʻchimov — Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bosh direktori lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining turizm, sport, madaniyat, madaniy meros va ommaviy kommunikatsiyalar masalalari boʻyicha oʻrinbosarlari B. Ibragimov — turizm va madaniy meros vaziri oʻrinbosari, Tashkiliy qoʻmita kotibi
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 20-maydagi 282-son qaroriga 2-ILOVA
2022-yilda oʻtkaziladigan “Xalqaro ziyorat turizmi haftaligi” doirasidagi tadbirlarga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish boʻyicha
T/r Tadbirlar nomi Muddat Masʼul vazirlik va idoralar 1. 2022-yildagi “Xalqaro ziyorat turizmi haftaligi” (keyingi oʻrinlarda — Xalqaro haftalik) ning Tadbirlar dasturini ishlab chiqish. 2022-yil 15-iyun Turizm va madaniy meros vazirligi, Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Samarqand viloyati hokimligi, Buxoro viloyati hokimligi, Toshkent shahar hokimligi 2. Xalqaro haftalik doirasidagi tadbirlarga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita yigʻilishini oʻtkazish va tashkiliy masalalar yuzasidan tegishli qarorlar qabul qilish. 2022-yil 20-iyun Tashkiliy qoʻmita, Turizm va madaniy meros vazirligi, Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Madaniyat vazirligi, Samarqand viloyati hokimligi, Buxoro viloyati hokimligi, Toshkent shahar hokimligi 3. Tadbirlar dasturiga muvofiq Xalqaro haftalik doirasidagi tadbirlar oʻtkaziladigan joylarni (binolar) belgilash va band qilish. 2022-yil 1-iyul Turizm va madaniy meros vazirligi, Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Samarqand viloyati hokimligi, Buxoro viloyati hokimligi, Toshkent shahar hokimligi 4. 2022-yildagi “Xalqaro haftalik”ning bosma va elektron taqdimot materiallari va portfoliosini ishlab chiqish. 2022-yil 10-iyul Turizm va madaniy meros vazirligi, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 5. 2022-yildagi “Xalqaro haftalik” doirasida oʻtkaziladigan tadbirlar haqidagi ijtimoiy rolik tayyorlash. 2022-yil 1-avgust Turizm va madaniy meros vazirligi, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 6. Xalqaro haftalikning logotipi, banner dizayni va veb-saytini tayyorlash hamda ijtimoiy tarmoqlardagi sahifasini ochish. 2022-yil 1-avgust Turizm va madaniy meros vazirligi, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 7. Xalqaro haftalikni xorijiy OAV, Internet jahon axborot tarmogʻi va ijtimoiy tarmoqlarda (video roliklar, bannerlar va maqolalar orqali) keng targʻibotini amalga oshirish. 2022-yil avgust — oktabr Turizm va madaniy meros vazirligi, Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Tashqi ishlar vazirligi 8. Tadbirlar dasturiga muvofiq tegishli hududdagi aeroport va temir yoʻl vokzallarida hamda markaziy koʻchalar boʻylab Xalqaro haftalikni keng targʻib qilishga qaratilgan bannerlar oʻrnatish. 2022-yil oktabr Samarqand viloyati hokimligi, Buxoro viloyati hokimligi, Toshkent shahar hokimligi, Turizm va madaniy meros vazirligi, Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Transport vazirligi 9. Xalqaro haftalikda ishtirok etadigan xorijiy mehmonlar roʻyxatini shakllantirish. 2022-yil 1-oktabr Turizm va madaniy meros vazirligi, Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Tashqi ishlar vazirligi 10. Xalqaro haftalik haqida press-konferensiya va brifing tashkil etish. 2022-yil 5-noyabr Turizm va madaniy meros vazirligi, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 11. Xalqaro haftalikning rasmiy ochilish marosimi va “Oʻzbekiston islomiy merosi” konferensiyasini oʻtkazish. 2022-yil 7-noyabr Samarqand viloyati hokimligi, Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Oʻzbekiston Musulmonlari idorasi, Turizm va madaniy meros vazirligi, 12. Xalqaro haftalik doirasida “Koʻngil ohanglari” festivalini oʻtkazish. 2022-yil 8-noyabr Madaniyat vazirligi, Samarqand viloyati hokimligi, Turizm va madaniy meros vazirligi, 13. Xalqaro haftalik doirasida “Zamonaviy islomiy meʼmorchilik” hamda “Islom xattotligi va naqqoshlik” koʻrgazmalarini oʻtkazish. 2022-yil 9 — 13-noyabr Buxoro viloyati hokimligi, “Hunarmand” uyushmasi, Turizm va madaniy meros vazirligi 14. Toshkent shahrida milliy va sipo liboslar, kosmetika mahsulotlari kabi madaniy tadbirlar bilan kengaytirilgan “Milliy liboslar koʻrgazmasi” tashkil etish. 2022-yil 10 — 13-noyabr Madaniyat vazirligi, Toshkent shahar hokimligi, Turizm va madaniy meros vazirligi 15. Xalqaro haftalik doirasida “Halol taomlar festivali”ni oʻtkazish. 2022-yil 12-noyabr Toshkent shahar hokimligi, Oʻzbekiston Oshpazlar uyushmasi , Turizm va madaniy meros vazirligi 16. Xalqaro haftalik doirasida “Halol turizm” konferensiyasini oʻtkazish. 2022-yil 12-noyabr Turizm va madaniy meros vazirligi, Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Tashqi ishlar vazirligi 17. Xalqaro haftalik doirasida “Islom iqtisodiyoti” davra suhbatini oʻtkazish. 2022-yil 12-noyabr Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Oʻzbekiston Musulmonlari idorasi, Islom sivilizatsiyasi markazi , Turizm va madaniy meros vazirligi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 20-may,
282-son