UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 1-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 1 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 1 июня 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 1 June 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

«IT-Park University» рақамли университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6079-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистонда масофавий таълимга асосланган IT-таълимни ўқитишга мўлжалланган рақамли университетни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринларда — Дирекция) билан «Epam Systems» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонаси ўртасида «IT-Park University» масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш бўйича 2022 йил 21 январда шартнома имзоланганлиги;

мазкур шартномада «Epam Systems» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини «ЕРАМ Global Campus» LLC (АҚШ)га ўтказиш бўйича 2022 йил 30 апрелда Дирекция, «Epam Systems» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхона ва «ЕРАМ Global Campus» LLC (АҚШ) ўртасида қўшимча келишув имзоланганлиги;

қўшимча келишувга мувофиқ «IT-Park University» масъулияти чекланган жамиятининг 2 млн АҚШ долларига тенг бўлган миқдордаги устав капиталини шакллантириш, бунда устав капиталнинг 70 фоиз улушида «ЕРАМ Global Campus» LLC (АҚШ), 30 фоиз улушида эса Дирекция иштирок этиши бўйича келишиб олинганлиги;

«IT-Park University» масъулияти чекланган жамиятини таъсисчиларнинг ўзаро келишувига мувофиқ Тошкент шаҳар, Махтумқули кўчаси 1 А-уй манзилда жойлаштирилиши маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Дирекция ҳамда «ЕРАМ Global Campus» LLC (АҚШ) нинг масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «IT-Park University» (кейинги ўринларда — Университет) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

3. Университетнинг асосий фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:

ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш соҳалари бўйича олий маълумотли кадрларни халқаро стандартлар даражасида тайёрлаш;

ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

Университет ўқув жараёнини илғор хорижий тажриба ва замонавий таълим технологиялари асосида ташкил этиш ҳамда очиқ ахборот-таълим муҳитининг ривожланишига кўмаклашиш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга оширишда республика ва хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари, дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчи ва бошқа корхоналар ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари истеъмолчилари билан ҳамкорлик қилиш;

таълимнинг тегишли йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув-методик адабиётларни яратиш, талабалар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда фундаментал, илмий ва амалий тадқиқотлар олиб бориш.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги ахборот технологиялари соҳалари бўйича кадрлар тайёрловчи нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Университетда таълим фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

Университетда таълим жараёни кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади;

Университетда ўқитиш ахборот-коммуникация технологияларидан ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда масофавий таълим шаклида олиб борилади, шунингдек, «Таълим тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ бошқа таълим шаклларида ҳам амалга оширилиши мумкин;

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университет томонидан белгиланган намунадаги диплом берилади;

Университет бош директори, ректор ва проректорлари Университет Уставида белгиланган тартибда тайинланади;

Университетга таълим фаолияти билан шуғулланиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан лицензия берилгандан сўнг рухсат этилади.

5. Университетга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрларини ҳамда талабаларни ўқитиш учун тўлов-контракт суммасини белгилаш;

таълим тили ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун ўқиш давомийлиги муддатларини белгилаш;

Университетга талабаларни қабул қилиш ва уларни якуний аттестациядан ўтказиш тартибини белгилаш;

талабалар ўқишини бошқа олий таълим ташкилотларидан Университетга кўчириш тартибини белгилаш;

ахборот технологиялари соҳасида кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, таълимнинг янги таълим йўналишлари ва мутахассисликларни белгиланган тартибда очиш;

етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан қўшма таълим дастурларини жорий этиш;

педагог ва бошқа ходимларни ишга қабул қилиш, ишдан озод этиш ва ички ротациясига оид тартибни белгилаш.

6. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда Университетга таълим фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилишида, истисно тариқасида, қуйидаги шартлар назарда тутилсин:

таълим ташкилотининг бино ёки хоналарига қўйиладиган талабларни Университет томонидан мустақил равишда белгиланиши;

илмий даража ва (ёки) илмий унвонга эга бўлган ўқитувчилар сонини ҳисоблашда, Университет билан шартномавий муносабатларда (меҳнат шартномаси, ўриндошлик, фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича), шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан ёки хорижий давлатлардан масофадан ўқитадиган барча Университет ўқитувчилари қабул қилиниши;

бир ўқитувчига тўғри келадиган Университет талабаларининг максимал сони 50 кишидан ошмаслиги;

илмий даража ва (ёки) илмий унвонга эга бўлган ўқитувчиларнинг улуши камида 30 фоизни ташкил этиши;

Университетнинг асосий штат бирлигида профессор-ўқитувчиларнинг минимал улуши 30 фоизни ташкил этиши;

ўқув йилининг биринчи ярми учун ўқув контентининг мавжудлиги (бунда ўқув йилининг иккинчи ярми учун ўқув контенти иккинчи ярим ўқув йили бошланишидан бир ой олдин тайёрланади).

7. Ички ишлар вазирлиги Университет буюртманомаларига асосан Университетда ишлаш учун жалб қилинадиган хорижий ўқитувчилар ва бошқа мутахассисларга кўп марталик виза муддатлари узайтирилишини, шунингдек, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниши ва унинг муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

8. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда белгиланган тартибда Университетнинг устави тасдиқланишини ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

9. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Х. Шерматов ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 1 июнь,

297-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.06.2022 й., 09/22/297/0471-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

“IT-Park University” raqamli universitetini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 5-oktabrdagi “Raqamli Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini tasdiqlash va uni samarali amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PF-6079-son Farmoniga muvofiq, shuningdek, Oʻzbekistonda masofaviy taʼlimga asoslangan IT-taʼlimni oʻqitishga moʻljallangan raqamli universitetni tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligining “Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki direksiyasi” masʼuliyati cheklangan jamiyati (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) bilan “Epam Systems” masʼuliyati cheklangan jamiyati shaklidagi xorijiy korxonasi oʻrtasida “IT-Park University” masʼuliyati cheklangan jamiyatini tashkil etish boʻyicha 2022-yil 21-yanvarda shartnoma imzolanganligi;

mazkur shartnomada “Epam Systems” masʼuliyati cheklangan jamiyati shaklidagi xorijiy korxonaning huquq va majburiyatlarini “YERAM Global Campus” LLC (AQSH)ga oʻtkazish boʻyicha 2022-yil 30-aprelda Direksiya, “Epam Systems” masʼuliyati cheklangan jamiyati shaklidagi xorijiy korxona va “YERAM Global Campus” LLC (AQSH) oʻrtasida qoʻshimcha kelishuv imzolanganligi;

qoʻshimcha kelishuvga muvofiq “IT-Park University” masʼuliyati cheklangan jamiyatining 2 mln AQSH dollariga teng boʻlgan miqdordagi ustav kapitalini shakllantirish, bunda ustav kapitalning 70 foiz ulushida “YERAM Global Campus” LLC (AQSH), 30 foiz ulushida esa Direksiya ishtirok etishi boʻyicha kelishib olinganligi;

“IT-Park University” masʼuliyati cheklangan jamiyatini taʼsischilarning oʻzaro kelishuviga muvofiq Toshkent shahar, Maxtumquli koʻchasi 1 A-uy manzilda joylashtirilishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Direksiya hamda “YERAM Global Campus” LLC (AQSH) ning masʼuliyati cheklangan jamiyati shaklidagi “IT-Park University” (keyingi oʻrinlarda — Universitet) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

3. Universitetning asosiy faoliyat yoʻnalishlari etib quyidagilar belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin:

axborot-kommunikatsiya texnologiyalari, dasturiy taʼminotni ishlab chiqish, axborot tizimi va kompyuter tarmoqlarini boshqarish sohalari boʻyicha oliy maʼlumotli kadrlarni xalqaro standartlar darajasida tayyorlash;

axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasida mutaxassislarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish;

Universitet oʻquv jarayonini ilgʻor xorijiy tajriba va zamonaviy taʼlim texnologiyalari asosida tashkil etish hamda ochiq axborot-taʼlim muhitining rivojlanishiga koʻmaklashish;

oʻquv va ilmiy loyihalarni amalga oshirishda respublika va xorijiy yetakchi oliy taʼlim va ilmiy-tadqiqot tashkilotlari, dasturiy mahsulot ishlab chiquvchi va boshqa korxonalar hamda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari isteʼmolchilari bilan hamkorlik qilish;

taʼlimning tegishli yoʻnalishlari va mutaxassisliklari boʻyicha oʻquv-metodik adabiyotlarni yaratish, talabalar va mutaxassislarni jalb qilgan holda fundamental, ilmiy va amaliy tadqiqotlar olib borish.

4. Belgilab qoʻyilsinki:

Universitet masʼuliyati cheklangan jamiyat shaklidagi axborot texnologiyalari sohalari boʻyicha kadrlar tayyorlovchi nodavlat oliy taʼlim tashkiloti hisoblanadi;

Universitetda taʼlim faoliyati 2022/2023 oʻquv yilidan boshlanadi hamda talabalarni oʻqitish toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi;

Universitetda taʼlim jarayoni kredit-modul tizimi asosida tashkil etiladi;

Universitetda oʻqitish axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan hamda Internet jahon axborot tarmogʻidan foydalangan holda masofaviy taʼlim shaklida olib boriladi, shuningdek, “Taʼlim toʻgʻrisida”gi Qonunga muvofiq boshqa taʼlim shakllarida ham amalga oshirilishi mumkin;

Universitet bitiruvchilariga Oʻzbekiston Respublikasida oliy taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat sifatida tan olinadigan Universitet tomonidan belgilangan namunadagi diplom beriladi;

Universitet bosh direktori, rektor va prorektorlari Universitet Ustavida belgilangan tartibda tayinlanadi;

Universitetga taʼlim faoliyati bilan shugʻullanish uchun Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi tomonidan litsenziya berilgandan soʻng ruxsat etiladi.

5. Universitetga quyidagi huquqlar berilsin:

bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklariga qabul parametrlarini hamda talabalarni oʻqitish uchun toʻlov-kontrakt summasini belgilash;

taʼlim tili hamda bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari uchun oʻqish davomiyligi muddatlarini belgilash;

Universitetga talabalarni qabul qilish va ularni yakuniy attestatsiyadan oʻtkazish tartibini belgilash;

talabalar oʻqishini boshqa oliy taʼlim tashkilotlaridan Universitetga koʻchirish tartibini belgilash;

axborot texnologiyalari sohasida kadrlarga boʻlgan ehtiyojdan kelib chiqib, taʼlimning yangi taʼlim yoʻnalishlari va mutaxassisliklarni belgilangan tartibda ochish;

yetakchi xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari bilan qoʻshma taʼlim dasturlarini joriy etish;

pedagog va boshqa xodimlarni ishga qabul qilish, ishdan ozod etish va ichki rotatsiyasiga oid tartibni belgilash.

6. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi tomonidan belgilangan tartibda Universitetga taʼlim faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziya berilishida, istisno tariqasida, quyidagi shartlar nazarda tutilsin:

taʼlim tashkilotining bino yoki xonalariga qoʻyiladigan talablarni Universitet tomonidan mustaqil ravishda belgilanishi;

ilmiy daraja va (yoki) ilmiy unvonga ega boʻlgan oʻqituvchilar sonini hisoblashda, Universitet bilan shartnomaviy munosabatlarda (mehnat shartnomasi, oʻrindoshlik, fuqarolik-huquqiy shartnoma boʻyicha), shu jumladan Oʻzbekiston Respublikasidan yoki xorijiy davlatlardan masofadan oʻqitadigan barcha Universitet oʻqituvchilari qabul qilinishi;

bir oʻqituvchiga toʻgʻri keladigan Universitet talabalarining maksimal soni 50 kishidan oshmasligi;

ilmiy daraja va (yoki) ilmiy unvonga ega boʻlgan oʻqituvchilarning ulushi kamida 30 foizni tashkil etishi;

Universitetning asosiy shtat birligida professor-oʻqituvchilarning minimal ulushi 30 foizni tashkil etishi;

oʻquv yilining birinchi yarmi uchun oʻquv kontentining mavjudligi (bunda oʻquv yilining ikkinchi yarmi uchun oʻquv kontenti ikkinchi yarim oʻquv yili boshlanishidan bir oy oldin tayyorlanadi).

7. Ichki ishlar vazirligi Universitet buyurtmanomalariga asosan Universitetda ishlash uchun jalb qilinadigan xorijiy oʻqituvchilar va boshqa mutaxassislarga koʻp martalik viza muddatlari uzaytirilishini, shuningdek, vaqtincha turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olinishi va uning muddati uzaytirilishini belgilangan tartibda taʼminlasin.

8. Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bir oy muddatda belgilangan tartibda Universitetning ustavi tasdiqlanishini va uning davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin.

9. Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vaziri Sh.X. Shermatov hamda oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.X. Toshkulov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 1-iyun,

297-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 02.06.2022-y., 09/22/297/0471-son)

lex.uz