📅 2022-yil 1-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 1-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 1 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 1 июня 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 1 June 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
МИҚДОРИ
Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг узлуксиз малака ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 3 декабрдаги ПҚ-4910-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг малакасини ошириш тизимини замонавий таълим стандартлари талабларидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:
академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг «Ҳаёт давомида таълим олиш» тамойили асосида узлуксиз малакаси оширилади;
малака оширишнинг мақсади, вазифалари, мазмунидан келиб чиқиб ўқув жараёнини ташкил қилиш, раҳбар ва педагог ходимларнинг узлуксиз малака ошириши учун таълим дастурлари доимий янгилаб борилади;
педагог ходимларнинг касбий эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган малака ошириш шаклларини мустақил танлаш ва ўзлаштириш имконияти яратилади;
кредит-модуль тизими асосида муқобил ва мустақил малака ошириш шакллари ҳам жорий қилинади.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг узлуксиз малака ошириш жараёнларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
узлуксиз малака ошириш жараёнлари ташкилотчиларининг вазифалари, ўқув жараёнини ташкил қилиш, таълим дастурларини доимий янгилаб бориш;
раҳбар ва педагог ходимларнинг касбий эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган малака ошириш шаклларини мустақил танлаш;
малака ошириш дастурларини ўзлаштириш ва белгиланган кредит бирликларини тўплаш.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида академик лицей мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:
икки ой муддатда академик лицейлар раҳбар ҳамда педагог ходимларининг малакасини оширишга қўйиладиган давлат таълим талаблари ишлаб чиқилишини ва тасдиқланишини;
малака оширишнинг касбий фаолиятга алоқадор шакллари бир-бирини тўлдириш тамойиллари асосида амалиётга жорий қилинишини;
2022 йил 15 июлга қадар академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг узлуксиз касбий малакасини ошириш тизимини ташкил этиш, уларнинг малакасини ошириш жараёнларини узлуксиз назорат қилиш ва шахсий ҳисобини юритиш имкониятини таъминловчи электрон платформа жорий этилишини;
2022 йил 15 августга қадар раҳбар ва педагог ходимларнинг касбий-педагогик фаолияти натижалари ҳамда уларнинг малакасини ошириш жараёнлари тўғрисидаги маълумотлар электрон платформага киритилишини ва кейинчалик доимий янгилаб борилишини таъминлансин.
4. Белгилансинки:
академик лицейлар раҳбар ходимларининг малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида (кейинги ўринларда — Институт) ташкил этилади;
академик лицейлар педагог ходимларининг (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари ва Нукус «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейининг ҳуқуқшунослик ҳамда касбий фанлари бўйича педагог ходимлари бундан мустасно) малакасини ошириш олий таълим муассасалари ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказларида (кейинги ўринларда — минтақавий марказлар) ташкил этилади;
малака оширишнинг тасдиқланган жадвалига киритилган ҳамда Институт ва минтақавий марказларга ўқишга юборилган тингловчилар учун уларнинг ишдан ажралган ҳолда бутун ўқиш даврида асосий иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи сақланиб қолади;
академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимлари таркибидаги уч ёшга тўлмаган боласи бўлган аёллар, пенсия ёшидагилар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун малака ошириш курслари масофавий шаклда ташкил этилади;
Институт ва минтақавий марказларга асосий ишдан ажралган ҳолда малака оширишга тасдиқланган жадвалга мувофиқ бошқа ҳудудлардан юборилган тингловчиларнинг ўқиш жойига келиш ва у ердан қайтиш бўйича бир марталик йўл харажатлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда уларни юборган таълим муассасаси ҳисобидан қопланади;
академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг малакасини ошириш курсларига машғулотлар ўтказиш учун соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари билан жалб этилган профессор-ўқитувчилар учун иш ҳақи тўлаш шартлари олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларига машғулотлар ўтказиш учун соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари билан жалб этилган профессор-ўқитувчиларнинг иш ҳақи тўлаш шартларига тенглаштирилади.
5. Мазкур қарорда назарда тутилган харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Ҳ. Тошкулов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 июндаги 296-сон қарорига ИЛОВА
Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг узлуксиз малака ошириш жараёнларини ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг касбий эҳтиёжларидан келиб чиқиб малака ошириш жараёнларини мустақил танлаш ва узлуксиз малака ошириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
академик лицейларнинг раҳбар ходимлари — академик лицейларда бошқарув функцияларини бажарувчи (директор, директор ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари) шахслар;
академик лицейларнинг педагог ходимлари — академик лицейларда педагогик фаолиятни амалга оширувчи профессор, доцент, бош ўқитувчи, етакчи ўқитувчи, катта ўқитувчи, ўқитувчи лавозимидаги шахслар;
масофавий малака ошириш — ишдан ажралмаган ҳолда масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали малака оширишнинг онлайн (видеомаърузалар, маслаҳатлар, назорат турларини масофадан туриб реал вақт режимида ўтказиш) ва офлайн (масофавий таълим тизимидаги тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) шакли;
мустақил малака ошириш — таълим даражаси ва сифатига қўйиладиган давлат таълим талабларига мувофиқ янги билим, кўникма ва малакаларни раҳбар ва педагог ходимлар томонидан мустақил ўзлаштириш, ўзини ўзи касбий ривожлантириш шакли;
муқобил малака ошириш — мустақил малака ошириш шаклларидан фойдаланиб раҳбар ва педагог ходимларнинг индивидуал касбий маҳорат натижалари тасдиғининг амалдаги малака ошириш шаклларига тенглаштирилган шакли;
модуль — тингловчининг тегишли билимга эгалик қилиш, касбий билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқув дастурининг мустақил таркибий қисми;
кредит — тингловчининг алоҳида модуль бўйича ўрганиши ва ўзлаштириши учун ажратиладиган ва бирликларда ифода қилинадиган ўқув юкламаси;
кредит-модуль — ҳар бир ўзлаштирилган модуль бўйича кредит бирликлари жамлаб бориладиган ўқитиш-баҳолаш тизими;
электрон портфолио — раҳбар ва педагог ходимларнинг касбий фаолият натижаларини баҳолашга қаратилган ўқув-методик, илмий-тадқиқот ва ижодий иш материалларини қамраб олувчи электрон ресурслар мажмуаси.
3. Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг узлуксиз малака ошириш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ, малака ошириш шаклларига ажратилган кредитлар миқдори ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ жорий этилади.
4. Малака оширишнинг мақсади раҳбар ва педагог ходимларнинг ўзини ўзи мустақил касбий ривожланишини рағбатлантириш, ўқув-тарбия жараёнини юқори илмий-методик даражада ташкил этиш, кадрларнинг тоифаси, даражаси ва лавозими бўйича касбий ва педагогик маҳорати доимий равишда ўсишини таъминлашдан иборат.
5. Малака оширишнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
раҳбар ва педагог ходимларнинг касбий билим, кўникма ва малакасини узлуксиз янгилаб бориш механизмларини жорий этиш, замонавий талабларга мувофиқ таълим сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий тайёргарликни ошириш;
раҳбар ва педагог ходимларнинг илмий-педагогик салоҳиятидан келиб чиқиб уларнинг касбий эҳтиёжларни қаноатлантиришга йўналтирилган узлуксиз малака оширишнинг шаклларини мустақил танлаши ва ўзлаштириши имкониятини яратиш;
ўқув материалининг тингловчилар томонидан тизимли равишда ва белгиланган муддатларда ўзлаштирилишини ташкил этиш ва таҳлил қилиб бориш.
2-боб. Малака ошириш жараёнлари ташкилотчиларининг вазифалари
6. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг малакасини оширишни ташкил этади ҳамда малака ошириш курсларининг ўқув режаси ва ўқув дастурларини тасдиқлайди;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш минтақавий марказлари (кейинги ўринларда — Марказлар) фаолиятини мувофиқлаштиради, уларнинг ўқув-методик ва моддий-техника базасини такомиллаштириш чораларини кўради;
хорижий тажриба асосида малака ошириш йўналишларини такомиллаштиради;
малака ошириш курсларида таълим жараёнини такомиллаштириш механизмлари ва методикаларини белгилайди, малака оширишга қўйиладиган давлат таълим талабларини тасдиқлайди;
малака ошириш курсларидан ўтиши лозим бўлган тингловчиларнинг ҳар йиллик режа-графигини тасдиқлайди.
7. Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти:
академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув режалари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқади;
масофадан ўқитишнинг онлайн ва офлайн шаклларида малака ошириш курсларини ташкил этади;
малака ошириш жараёнининг доимий электрон мониторингини юритади, мониторинг кўрсаткичлари асосида истиқболли кадрлар контингентини шакллантиради;
раҳбар ва педагог ходимларнинг узлуксиз малака ошириш тизимидаги ўзлаштириш даражаларига мос равишда малака ошириш курсларидан ўтишини назорат қилади ва мониторингини олиб боради;
малака ошириш курслари тингловчиларининг онлайн-тест назорат топшириқларини тайёрлайди ва ўтказади;
жойларда раҳбар ва педагог ходимлар томонидан электрон портфолио тизимига маълумотлар тўғри киритилганлигини назорат қилади.
8. Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш минтақавий марказлари:
ўқув дастурлари асосида малака ошириш курсларини ташкил этади;
малака ошириш курсларининг тегишли ўқув-методик ресурсларини ишлаб чиқади;
малака ошириш курсларида машғулотлар ўтказиш учун соҳанинг етакчи педагог ходимлари, амалиётчи мутахассисларни, шунингдек, шартнома асосида хорижий мутахассисларни жалб этади;
тингловчилар томонидан электрон портфолио тизимига маълумотлар тўғри киритилганлигини назорат қилади.
9. Академик лицейлар:
ҳар ўқув йилида ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида мустақил равишда малака ошириш шакллари бўйича фаолият олиб бораётган раҳбар ва педагог ходимлар тўғрисидаги маълумотлар Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг электрон портфолио тизимига киритилишини таъминлайди;
тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ раҳбар ва педагог ходимларнинг белгиланган муддатларда малака ошириш курсларига юборилишини таъминлайди;
академик лицейнинг кенгайтирилган йиғилишларида малака ошириш натижаларини муҳокама қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этади;
курсларни муваффақиятли тамомлаган раҳбар ва педагог ходимларнинг илғор тажриба, янги билим ва кўникмаларини оммалаштиради;
ҳар бир ўқув йилида Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг ягона электрон тизимига раҳбар ва педагоглар тўғрисидаги маълумотлар киритилишини таъминлайди;
малака ошириш натижалари таҳлилини олиб боради.
10. Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимлари:
шахсий иш режасида ўқув йили учун узлуксиз малака ошириш шакллари бўйича фаолиятини режалаштиради;
касбий фаолият натижаларини электрон портфолио тизимига жойлаштиради.
Бунда раҳбар ва педагог ходимлар касбий фаолият натижаларининг тасдиқловчи ҳужжатларини электрон портфолио тизимига қуйидаги тартибда киритиб боради:
дарс бераётган фанлари бўйича талабаларнинг ҳудудий, республика ва халқаро миқёсидаги фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, санъат соҳасидаги кўрик-танловлар ва кўргазмалардаги иштирокини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси (буйруқдан кўчирма, диплом, фахрий ёрлиқ);
илмий анжуманлар тўпламида нашр қилинган ишларнинг тасдиқланган нусхаси;
илмий журналларда чоп қилинган ишларнинг тасдиқланган нусхаси;
хорижий мамлакатларда малака ошириш ёки стажировка ўтаганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
докторлик диссертациясининг (PhD, DSc) ҳимоя қилинганлигини қайд этувчи дипломнинг нусхаси;
дарслик ёки ўқув қўлланмаси учун берилган гувоҳноманинг нусхаси.
11. Электрон портфолио тизимига киритилган барча маълумотларнинг ҳаққонийлигига раҳбар ва педагог ходимлар шахсан жавобгар ҳисобланади.
Электрон портфолио тизимидаги кўрсаткичларнинг ҳаққоний эмаслиги аниқланганда тегишли раҳбар ва педагог ходимларнинг электрон портфолио натижалари бекор қилинади.
3-боб. Малака ошириш жараёнларини ташкил этиш
12. Малака ошириш қуйидаги шаклларни ўз ичига олади:
ишдан ажралган ҳолда малака ошириш;
ишдан ажралмаган ҳолда мустақил малака ошириш;
муқобил малака ошириш.
Малака ошириш шаклларининг мазмуни давлат таълим талабларида акс эттирилади.
13. Ишдан ажралган ҳолда малака ошириш Институт ва марказларда ўқиш орқали амалга оширилади.
Бунда академик лицейларнинг раҳбар ва педагог ходимлари ҳар йили 24 академик соат ишдан ажралган ҳолда малакасини оширади.
14. Мустақил малака ошириш қуйидаги кўринишда амалга оширилади:
хорижий мамлакатларда малака ошириш, стажировка ўташ;
иқтидорли ва истеъдодли ўқувчилар билан ишлаш;
илмий анжуманларда маъруза билан қатнашиш;
илмий журналларда мақолалар чоп этиш;
24 академик соат ҳажмида мустақил тажриба орттириш;
ўқув адабиётлари (ҳаммуаллифликдаги дарслик, ўқув қўлланмаси)ни тайёрлаш ва нашрдан чиқариш.
15. Мустақил малака ошириш шакли бўйича сўнгги бир йилда тўпланган кредит бирликлари малака ошириш натижаларини умумлаштиришда ҳисобга олинади.
16. Муқобил малака ошириш сўнгги бир йилда бажарилган ишлар ҳисобидан қуйидаги кўринишда амалга оширилади:
якка муаллифликда дарслик, ўқув қўлланмаси тайёрлаш ва нашрдан чиқариш;
фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилиш;
тайёрлаган ўқувчилари республика фан олимпиадаларида ғолибликни (1, 2 ёки 3-ўринлар) қўлга киритиши;
тайёрлаган ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни (олтин, кумуш, бронза медаллари) қўлга киритиши;
хорижий мамлакатларда малака ошириш ёки стажировка ўташ (икки ҳафтадан кам бўлмаган муддатда).
17. Малака ошириш шакллари бўйича маълумотлар электрон портфолио тизимига шахсан раҳбар ва педагогнинг ўзи томонидан киритилади ва узлуксиз малака ошириш жараёнида ўқув дастурларини ўзлаштириш, мустақил ва муқобил малака ошириш шаклларини бажариш орқали тўпланган кредит бирликлари электрон назорат тизими орқали қайд этиб борилади.
18. Академик лицейларнинг раҳбар ва педагог ходимлари ҳар йили малака оширишнинг ўқув дастурларини ўзлаштириши ва белгиланган кредит бирликларини тўплашлари мажбурий ҳисобланади.
19. Академик лицей раҳбар ва педагог ходимларининг малака оширишдан ўтди деб ҳисобланиши тингловчидан бир йил давомида камида 8 кредит бирлик тўплашни назарда тутади. Бунда бир кредит бирлиги 6 академик соатга тенг ҳисобланади.
20. Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимлари таркибидаги уч ёшга тўлмаган боласи бўлган аёллар, пенсия ёшидагилар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар мустақил ёки муқобил шаклда ёхуд ишдан ажралмаган ҳолда ҳар йили мустақил тажриба орттириш усули орқали 48 академик соат ҳажмида малакасини оширади.
21. Малака ошириш тингловчиси курснинг ўқув режасида назарда тутилган барча назорат турларида ижобий натижа кўрсатса, ўқув дастури тўлиқ ўзлаштирилган ҳисобланади.
22. Малака ошириш жараёнида йил давомида белгиланган 8 кредит бирлигини тўплаган тингловчиларга электрон генерация қилинган, электрон имзо ёки унинг муқобил шаклидаги (QR-код) ҳужжат (сертификат) тақдим этилади.
23. Ҳар бир ўқув дастурини муваффақиятли ўзлаштирганлик ҳақидаги маълумотлар ходимларнинг электрон портфолиосидаги шахсий кабинетларида акс эттирилади.
24. Ўқув дастурларини белгиланган ўқиш муддати давомида ўзлаштира олмаган ҳамда узрли сабабларсиз тингловчилар сафидан четлаштирилган тингловчи жорий йил якунига қадар тўлов эвазига ўз ҳисобидан Институт ва марказлар режа-жадвали асосида иш берувчининг розилиги билан ишдан ажралган ҳолда Институт ва марказларда ёки ишдан ажралмаган ҳолда масофадан ўқитиш усули орқали курсларни такроран ўзлаштириши талаб қилинади.
25. Йил давомида белгиланган кредит бирликларни тўплай олмаслиги раҳбар ва педагог ходимлар билан тузилган шартномани меҳнат қонунчилигига мувофиқ ходимнинг малакаси етарли эмаслиги сабаби билан бекор қилишга асос бўлади.
Бунда улар билан асосий иш жойи бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан олти ой ўтгандан кейин пулли асосда ўқув дастурларини ўзлаштиришга рухсат берилади.
26. Малака ошириш жараёнларини мониторинг қилиш, шунингдек, тингловчиларнинг касбий фаолияти натижаларини қайд этиб бориш Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг ягона электрон тизими орқали амалга оширилади.
27. Малака ошириш курсларининг мазмуни, таълим дастурларига қўйиладиган талаблар давлат таълим талабларида белгиланади.
28. Тингловчиларнинг малака ошириш курсларига узрли сабаблар билан қатнашмаслиги тасдиқланган тақдирда, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ малака ошириш бошқа муддатга кўчирилади.
29. Ишдан ажралган ҳолда малака оширишдан ўтадиган тингловчиларнинг малака ошириш даврида асосий иш жойи бўйича эгаллаган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади, уларнинг ўқув юкламаси белгиланган тартибда бошқа педагоглар ўртасида тақсимланади.
30. Ўқув машғулотлари учун икки академик ўқув соати давомийлиги узлуксиз 80 дақиқани, машғулотлар оралиғидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.
31. Ишдан ажралган ҳолда малака ошириш курсларидаги ўқув жараёни академик лицейлардан тақдим этилган йиллик буюртмалар бўйича гуруҳларнинг тўлдирилишига боғлиқ ҳолда тингловчилар сони 20 нафардан кам ва 30 нафардан кўп бўлмаган академик гуруҳларда ташкил этилади.
Истисно тариқасида:
тингловчилар контингенти етарли бўлмаган йўналишларда, жумладан, рус ёки қорақалпоқ тилида дарс олиб бориладиган гуруҳларда тингловчилар контингенти бир гуруҳ меъёрида йиғилмайдиган кам сонли алоҳида йўналишларда ўқув жараёнини ташкил этишда бир гуруҳдаги тингловчилар сони камида 5 нафар этиб белгиланиши мумкин;
йил давомида 5 нафаргача педагог ходимлар йиғилмайдиган алоҳида йўналишларда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишган ҳолда Институт (марказ) раҳбарининг буйруғи билан тингловчилар сони 5 нафардан кам гуруҳ шакллантирилиши ёки улар учун малака ошириш масофадан ўқитиш усуллари орқали амалга оширилиши мумкин.
32. Ишдан ажралган ҳолда малака ошириш даврида узрли сабабларсиз ўқув машғулотларига 6 соат ва ундан кўп вақт қатнашмаган тингловчилар Институт (марказ) раҳбарининг буйруғи билан тингловчилар сафидан чиқарилади ва бу ҳақидаги ахборот Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига, шунингдек, тингловчининг асосий иш жойига юборилади.
Машғулотларда қатнашмаганлиги учун курслардан четлаштирилган тингловчилар ўқув дастурларини ўзлаштирмаган деб ҳисобланади ҳамда уларга нисбатан ушбу Низомнинг 25-банди тегишли талаблари татбиқ этилади.
Ҳужжат билан тасдиқланган узрли сабабларга кўра 6 соат ва ундан кўп ҳажмда машғулотларда қатнашмаганлар тингловчилар сафидан чиқарилади ҳамда уларга навбатдаги курсларда иштирок этишга рухсат берилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
33. Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг малакасини ошириш курслари тегишли йўналишлар бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва ўқув дастурларини ҳисобга олган ҳолда тингловчиларни сифатли ўқитиш учун моддий-техника базаси, педагоглар таркиби мавжуд бўлганда курслар фаолияти ва ресурс таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ва бюджетдан ташқари молиялаштириш асосида ташкил этилади.
Малака ошириш курслари тингловчилари (такрорий ўқитишдан ташқари) бепул асосда ўқитилади.
34. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
35. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг узлуксиз малака ошириш жараёнларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг узлуксиз малака ошириш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш
Босқичлар Ижрочилар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Тизимида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимлари тўғрисидаги маълумотларни ягона электрон тизимга киритиш, малака ошириш шаклларини аниқлаш. Ҳар йили ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида 2-босқич Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти Академик лицейлар буюртмалари асосида сўнгги календарь йил учун раҳбар ва педагог ходимнинг эгаллаб турган лавозимига қараб ўқиш даври, шакли ва йўналиши бўйича малака ошириш тингловчиларининг йиллик режасини шакллантириш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш. Ҳар йили декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида 3-босқич Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, минтақавий марказлар Малака ошириш йўналишлари бўйича ўқув жараёнларини ташкил этиш. Ўқув дастурларида назарда тутилган назорат турлари бўйича тингловчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини аниқлаш. Тасдиқланган режа-жадвал асосида 4-босқич Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимлари Муқобил ёки мустақил малака ошириш шаклларини бажариш ҳамда унинг натижаларини тасдиқловчи ҳужжатларни электрон портфолио тизимига киритиш. Йил давомида 5-босқич Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, минтақавий марказлар Малака ошириш курслари натижаларини таҳлил қилиш асосида йил давомида белгиланган кредит бирликларини тўплаган раҳбар ва педагог ходимларга QR-код билан ҳимояланган электрон шаклдаги сертификатни бериш. Йил давомида белгиланган кредит миқдорларини тўплай олмаган раҳбар ва педагог ходимларни такрорий курсларда ўқишга тавсия этиш. Ҳар йили декабрь ойида
Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг узлуксиз малака ошириш жараёнларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг узлуксиз малака ошириш шаклларига ажратилган кредитлар
Т/р Малака ошириш шакллари Ижодий ишнинг тури Кредит I. Мустақил малака ошириш 1. Хорижий мамлакатларда малака ошириш, стажировка ўташ 2 Хорижий мамлакатларда: малака ошириш, стажировка ўташ (давомийлиги 24 соатдан кам бўлмаган муддатда) — 2 2. Иқтидорли ва истеъдодли талабалар билан ишлаш 0,3 ўқувчиларининг ҳудудий (вилоят) фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, санъат соҳасидаги кўрик танловлар ва кўргазмалардаги совринли ўрин учун — 0,1 3. Илмий анжуманларда маъруза билан қатнашиш 0,5 халқаро миқёсда — 0,2 республика миқёсида — 0,1 4. Илмий журналларда мақолалар чоп этиш 0,5 ҳар бир илмий мақола учун: халқаро миқёсда — 0,2 республика миқёсида — 0,1 5. Мустақил тажриба орттириш 4 онлайн шаклдаги танлов модуль дастурларини ўзлаштириш 6 академик соат учун — 1 6. Ўқув адабиётлари (ҳаммуаллифликдаги дарслик, ўқув қўлланмаси)ни тайёрлаш ва нашрдан чиқариш 0,7 дарслик — 0,5 ўқув қўлланма — 0,2 II. Муқобил малака ошириш шакллари 7. Якка муаллифликда дарслик, ўқув қўлланмаси тайёрлаш ва нашрдан чиқариш 8 8. Фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилиш 8 9. Тайёрлаган ўқувчилари республика фан олимпиадаларида ғолибликни (1, 2 ёки 3-ўринлар) қўлга киритиши 8 10. Тайёрлаган ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни (олтин, кумуш, бронза медаллари) қўлга киритиши 8
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 1 июнь,
296-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
MIQDORI
Akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining uzluksiz malaka oshirish tizimini joriy etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Iqtidorli yoshlarni saralab olish tizimi va akademik litseylar faoliyatini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 3-dekabrdagi PQ-4910-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining malakasini oshirish tizimini zamonaviy taʼlim standartlari talablaridan kelib chiqqan holda yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Belgilab qoʻyilsinki, 2022-yil 1-sentabrdan boshlab:
akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining “Hayot davomida taʼlim olish” tamoyili asosida uzluksiz malakasi oshiriladi;
malaka oshirishning maqsadi, vazifalari, mazmunidan kelib chiqib oʻquv jarayonini tashkil qilish, rahbar va pedagog xodimlarning uzluksiz malaka oshirishi uchun taʼlim dasturlari doimiy yangilab boriladi;
pedagog xodimlarning kasbiy ehtiyojlarini qondirishga yoʻnaltirilgan malaka oshirish shakllarini mustaqil tanlash va oʻzlashtirish imkoniyati yaratiladi;
kredit-modul tizimi asosida muqobil va mustaqil malaka oshirish shakllari ham joriy qilinadi.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining uzluksiz malaka oshirish jarayonlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
uzluksiz malaka oshirish jarayonlari tashkilotchilarining vazifalari, oʻquv jarayonini tashkil qilish, taʼlim dasturlarini doimiy yangilab borish;
rahbar va pedagog xodimlarning kasbiy ehtiyojlarini qondirishga yoʻnaltirilgan malaka oshirish shakllarini mustaqil tanlash;
malaka oshirish dasturlarini oʻzlashtirish va belgilangan kredit birliklarini toʻplash.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tizimida akademik litsey mavjud boʻlgan vazirliklar va idoralar bilan birgalikda:
ikki oy muddatda akademik litseylar rahbar hamda pedagog xodimlarining malakasini oshirishga qoʻyiladigan davlat taʼlim talablari ishlab chiqilishini va tasdiqlanishini;
malaka oshirishning kasbiy faoliyatga aloqador shakllari bir-birini toʻldirish tamoyillari asosida amaliyotga joriy qilinishini;
2022-yil 15-iyulga qadar akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining uzluksiz kasbiy malakasini oshirish tizimini tashkil etish, ularning malakasini oshirish jarayonlarini uzluksiz nazorat qilish va shaxsiy hisobini yuritish imkoniyatini taʼminlovchi elektron platforma joriy etilishini;
2022-yil 15-avgustga qadar rahbar va pedagog xodimlarning kasbiy-pedagogik faoliyati natijalari hamda ularning malakasini oshirish jarayonlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar elektron platformaga kiritilishini va keyinchalik doimiy yangilab borilishini taʼminlansin.
4. Belgilansinki:
akademik litseylar rahbar xodimlarining malakasini oshirish Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Oliy taʼlim tizimi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutida (keyingi oʻrinlarda — Institut) tashkil etiladi;
akademik litseylar pedagog xodimlarining (Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi akademik litseylari va Nukus “Temurbeklar maktabi” harbiy-akademik litseyining huquqshunoslik hamda kasbiy fanlari boʻyicha pedagog xodimlari bundan mustasno) malakasini oshirish oliy taʼlim muassasalari huzuridagi pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish mintaqaviy markazlarida (keyingi oʻrinlarda — mintaqaviy markazlar) tashkil etiladi;
malaka oshirishning tasdiqlangan jadvaliga kiritilgan hamda Institut va mintaqaviy markazlarga oʻqishga yuborilgan tinglovchilar uchun ularning ishdan ajralgan holda butun oʻqish davrida asosiy ish joyi boʻyicha oʻrtacha ish haqi saqlanib qoladi;
akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlari tarkibidagi uch yoshga toʻlmagan bolasi boʻlgan ayollar, pensiya yoshidagilar hamda nogironligi boʻlgan shaxslar uchun malaka oshirish kurslari masofaviy shaklda tashkil etiladi;
Institut va mintaqaviy markazlarga asosiy ishdan ajralgan holda malaka oshirishga tasdiqlangan jadvalga muvofiq boshqa hududlardan yuborilgan tinglovchilarning oʻqish joyiga kelish va u yerdan qaytish boʻyicha bir martalik yoʻl xarajatlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ularni yuborgan taʼlim muassasasi hisobidan qoplanadi;
akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining malakasini oshirish kurslariga mashgʻulotlar oʻtkazish uchun soatbay ish haqi toʻlash shartlari bilan jalb etilgan professor-oʻqituvchilar uchun ish haqi toʻlash shartlari oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish kurslariga mashgʻulotlar oʻtkazish uchun soatbay ish haqi toʻlash shartlari bilan jalb etilgan professor-oʻqituvchilarning ish haqi toʻlash shartlariga tenglashtiriladi.
5. Mazkur qarorda nazarda tutilgan xarajatlarni moliyalashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.H. Toshkulov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Taʼlim, sogʻliqni saqlash va sport masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 1-iyundagi 296-son qaroriga ILOVA
Akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining uzluksiz malaka oshirish jarayonlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining kasbiy ehtiyojlaridan kelib chiqib malaka oshirish jarayonlarini mustaqil tanlash va uzluksiz malaka oshirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
akademik litseylarning rahbar xodimlari — akademik litseylarda boshqaruv funksiyalarini bajaruvchi (direktor, direktor oʻrinbosarlari, boʻlim boshliqlari) shaxslar;
akademik litseylarning pedagog xodimlari — akademik litseylarda pedagogik faoliyatni amalga oshiruvchi professor, dotsent, bosh oʻqituvchi, yetakchi oʻqituvchi, katta oʻqituvchi, oʻqituvchi lavozimidagi shaxslar;
masofaviy malaka oshirish — ishdan ajralmagan holda masofadan oʻqitish taʼlim usullari orqali malaka oshirishning onlayn (videomaʼruzalar, maslahatlar, nazorat turlarini masofadan turib real vaqt rejimida oʻtkazish) va oflayn (masofaviy taʼlim tizimidagi tegishli oʻquv-metodik resurslarni mustaqil ravishda oʻzlashtirish) shakli;
mustaqil malaka oshirish — taʼlim darajasi va sifatiga qoʻyiladigan davlat taʼlim talablariga muvofiq yangi bilim, koʻnikma va malakalarni rahbar va pedagog xodimlar tomonidan mustaqil oʻzlashtirish, oʻzini oʻzi kasbiy rivojlantirish shakli;
muqobil malaka oshirish — mustaqil malaka oshirish shakllaridan foydalanib rahbar va pedagog xodimlarning individual kasbiy mahorat natijalari tasdigʻining amaldagi malaka oshirish shakllariga tenglashtirilgan shakli;
modul — tinglovchining tegishli bilimga egalik qilish, kasbiy bilim va koʻnikmalarni shakllantirishga qaratilgan oʻquv dasturining mustaqil tarkibiy qismi;
kredit — tinglovchining alohida modul boʻyicha oʻrganishi va oʻzlashtirishi uchun ajratiladigan va birliklarda ifoda qilinadigan oʻquv yuklamasi;
kredit-modul — har bir oʻzlashtirilgan modul boʻyicha kredit birliklari jamlab boriladigan oʻqitish-baholash tizimi;
elektron portfolio — rahbar va pedagog xodimlarning kasbiy faoliyat natijalarini baholashga qaratilgan oʻquv-metodik, ilmiy-tadqiqot va ijodiy ish materiallarini qamrab oluvchi elektron resurslar majmuasi.
3. Akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining uzluksiz malaka oshirish jarayonlarini tashkil etish va oʻtkazish mazkur Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq, malaka oshirish shakllariga ajratilgan kreditlar miqdori ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq joriy etiladi.
4. Malaka oshirishning maqsadi rahbar va pedagog xodimlarning oʻzini oʻzi mustaqil kasbiy rivojlanishini ragʻbatlantirish, oʻquv-tarbiya jarayonini yuqori ilmiy-metodik darajada tashkil etish, kadrlarning toifasi, darajasi va lavozimi boʻyicha kasbiy va pedagogik mahorati doimiy ravishda oʻsishini taʼminlashdan iborat.
5. Malaka oshirishning vazifalari quyidagilardan iborat:
rahbar va pedagog xodimlarning kasbiy bilim, koʻnikma va malakasini uzluksiz yangilab borish mexanizmlarini joriy etish, zamonaviy talablarga muvofiq taʼlim sifatini taʼminlash uchun zarur darajada kasbiy tayyorgarlikni oshirish;
rahbar va pedagog xodimlarning ilmiy-pedagogik salohiyatidan kelib chiqib ularning kasbiy ehtiyojlarni qanoatlantirishga yoʻnaltirilgan uzluksiz malaka oshirishning shakllarini mustaqil tanlashi va oʻzlashtirishi imkoniyatini yaratish;
oʻquv materialining tinglovchilar tomonidan tizimli ravishda va belgilangan muddatlarda oʻzlashtirilishini tashkil etish va tahlil qilib borish.
2-bob. Malaka oshirish jarayonlari tashkilotchilarining vazifalari
6. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi:
akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining malakasini oshirishni tashkil etadi hamda malaka oshirish kurslarining oʻquv rejasi va oʻquv dasturlarini tasdiqlaydi;
Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Oliy taʼlim tizimi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti hamda Pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va ularni malakasini oshirish mintaqaviy markazlari (keyingi oʻrinlarda — Markazlar) faoliyatini muvofiqlashtiradi, ularning oʻquv-metodik va moddiy-texnika bazasini takomillashtirish choralarini koʻradi;
xorijiy tajriba asosida malaka oshirish yoʻnalishlarini takomillashtiradi;
malaka oshirish kurslarida taʼlim jarayonini takomillashtirish mexanizmlari va metodikalarini belgilaydi, malaka oshirishga qoʻyiladigan davlat taʼlim talablarini tasdiqlaydi;
malaka oshirish kurslaridan oʻtishi lozim boʻlgan tinglovchilarning har yillik reja-grafigini tasdiqlaydi.
7. Oliy taʼlim tizimi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti:
akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining malakasini oshirish boʻyicha oʻquv rejalari va oʻquv dasturlarini ishlab chiqadi;
masofadan oʻqitishning onlayn va oflayn shakllarida malaka oshirish kurslarini tashkil etadi;
malaka oshirish jarayonining doimiy elektron monitoringini yuritadi, monitoring koʻrsatkichlari asosida istiqbolli kadrlar kontingentini shakllantiradi;
rahbar va pedagog xodimlarning uzluksiz malaka oshirish tizimidagi oʻzlashtirish darajalariga mos ravishda malaka oshirish kurslaridan oʻtishini nazorat qiladi va monitoringini olib boradi;
malaka oshirish kurslari tinglovchilarining onlayn-test nazorat topshiriqlarini tayyorlaydi va oʻtkazadi;
joylarda rahbar va pedagog xodimlar tomonidan elektron portfolio tizimiga maʼlumotlar toʻgʻri kiritilganligini nazorat qiladi.
8. Pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va ularni malakasini oshirish mintaqaviy markazlari:
oʻquv dasturlari asosida malaka oshirish kurslarini tashkil etadi;
malaka oshirish kurslarining tegishli oʻquv-metodik resurslarini ishlab chiqadi;
malaka oshirish kurslarida mashgʻulotlar oʻtkazish uchun sohaning yetakchi pedagog xodimlari, amaliyotchi mutaxassislarni, shuningdek, shartnoma asosida xorijiy mutaxassislarni jalb etadi;
tinglovchilar tomonidan elektron portfolio tizimiga maʼlumotlar toʻgʻri kiritilganligini nazorat qiladi.
9. Akademik litseylar:
har oʻquv yilida noyabr oyining birinchi oʻn kunligida mustaqil ravishda malaka oshirish shakllari boʻyicha faoliyat olib borayotgan rahbar va pedagog xodimlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Oliy taʼlim tizimi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutining elektron portfolio tizimiga kiritilishini taʼminlaydi;
tasdiqlangan reja-jadvalga muvofiq rahbar va pedagog xodimlarning belgilangan muddatlarda malaka oshirish kurslariga yuborilishini taʼminlaydi;
akademik litseyning kengaytirilgan yigʻilishlarida malaka oshirish natijalarini muhokama qilish boʻyicha tizimli ishlarni tashkil etadi;
kurslarni muvaffaqiyatli tamomlagan rahbar va pedagog xodimlarning ilgʻor tajriba, yangi bilim va koʻnikmalarini ommalashtiradi;
har bir oʻquv yilida Oliy taʼlim tizimi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutining yagona elektron tizimiga rahbar va pedagoglar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar kiritilishini taʼminlaydi;
malaka oshirish natijalari tahlilini olib boradi.
10. Akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlari:
shaxsiy ish rejasida oʻquv yili uchun uzluksiz malaka oshirish shakllari boʻyicha faoliyatini rejalashtiradi;
kasbiy faoliyat natijalarini elektron portfolio tizimiga joylashtiradi.
Bunda rahbar va pedagog xodimlar kasbiy faoliyat natijalarining tasdiqlovchi hujjatlarini elektron portfolio tizimiga quyidagi tartibda kiritib boradi:
dars berayotgan fanlari boʻyicha talabalarning hududiy, respublika va xalqaro miqyosidagi fan olimpiadalari, sport musobaqalari, sanʼat sohasidagi koʻrik-tanlovlar va koʻrgazmalardagi ishtirokini tasdiqlovchi hujjatning nusxasi (buyruqdan koʻchirma, diplom, faxriy yorliq);
ilmiy anjumanlar toʻplamida nashr qilingan ishlarning tasdiqlangan nusxasi;
ilmiy jurnallarda chop qilingan ishlarning tasdiqlangan nusxasi;
xorijiy mamlakatlarda malaka oshirish yoki stajirovka oʻtaganligini tasdiqlovchi hujjat nusxasi;
doktorlik dissertatsiyasining (PhD, DSc) himoya qilinganligini qayd etuvchi diplomning nusxasi;
darslik yoki oʻquv qoʻllanmasi uchun berilgan guvohnomaning nusxasi.
11. Elektron portfolio tizimiga kiritilgan barcha maʼlumotlarning haqqoniyligiga rahbar va pedagog xodimlar shaxsan javobgar hisoblanadi.
Elektron portfolio tizimidagi koʻrsatkichlarning haqqoniy emasligi aniqlanganda tegishli rahbar va pedagog xodimlarning elektron portfolio natijalari bekor qilinadi.
3-bob. Malaka oshirish jarayonlarini tashkil etish
12. Malaka oshirish quyidagi shakllarni oʻz ichiga oladi:
ishdan ajralgan holda malaka oshirish;
ishdan ajralmagan holda mustaqil malaka oshirish;
muqobil malaka oshirish.
Malaka oshirish shakllarining mazmuni davlat taʼlim talablarida aks ettiriladi.
13. Ishdan ajralgan holda malaka oshirish Institut va markazlarda oʻqish orqali amalga oshiriladi.
Bunda akademik litseylarning rahbar va pedagog xodimlari har yili 24 akademik soat ishdan ajralgan holda malakasini oshiradi.
14. Mustaqil malaka oshirish quyidagi koʻrinishda amalga oshiriladi:
xorijiy mamlakatlarda malaka oshirish, stajirovka oʻtash;
iqtidorli va isteʼdodli oʻquvchilar bilan ishlash;
ilmiy anjumanlarda maʼruza bilan qatnashish;
ilmiy jurnallarda maqolalar chop etish;
24 akademik soat hajmida mustaqil tajriba orttirish;
oʻquv adabiyotlari (hammualliflikdagi darslik, oʻquv qoʻllanmasi)ni tayyorlash va nashrdan chiqarish.
15. Mustaqil malaka oshirish shakli boʻyicha soʻnggi bir yilda toʻplangan kredit birliklari malaka oshirish natijalarini umumlashtirishda hisobga olinadi.
16. Muqobil malaka oshirish soʻnggi bir yilda bajarilgan ishlar hisobidan quyidagi koʻrinishda amalga oshiriladi:
yakka mualliflikda darslik, oʻquv qoʻllanmasi tayyorlash va nashrdan chiqarish;
falsafa doktori (PhD) yoki fan doktori (DSc) darajasini olish uchun dissertatsiya himoya qilish;
tayyorlagan oʻquvchilari respublika fan olimpiadalarida gʻoliblikni (1, 2 yoki 3-oʻrinlar) qoʻlga kiritishi;
tayyorlagan oʻquvchilari xalqaro fan olimpiadalarida gʻoliblikni (oltin, kumush, bronza medallari) qoʻlga kiritishi;
xorijiy mamlakatlarda malaka oshirish yoki stajirovka oʻtash (ikki haftadan kam boʻlmagan muddatda).
17. Malaka oshirish shakllari boʻyicha maʼlumotlar elektron portfolio tizimiga shaxsan rahbar va pedagogning oʻzi tomonidan kiritiladi va uzluksiz malaka oshirish jarayonida oʻquv dasturlarini oʻzlashtirish, mustaqil va muqobil malaka oshirish shakllarini bajarish orqali toʻplangan kredit birliklari elektron nazorat tizimi orqali qayd etib boriladi.
18. Akademik litseylarning rahbar va pedagog xodimlari har yili malaka oshirishning oʻquv dasturlarini oʻzlashtirishi va belgilangan kredit birliklarini toʻplashlari majburiy hisoblanadi.
19. Akademik litsey rahbar va pedagog xodimlarining malaka oshirishdan oʻtdi deb hisoblanishi tinglovchidan bir yil davomida kamida 8 kredit birlik toʻplashni nazarda tutadi. Bunda bir kredit birligi 6 akademik soatga teng hisoblanadi.
20. Akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlari tarkibidagi uch yoshga toʻlmagan bolasi boʻlgan ayollar, pensiya yoshidagilar hamda nogironligi boʻlgan shaxslar mustaqil yoki muqobil shaklda yoxud ishdan ajralmagan holda har yili mustaqil tajriba orttirish usuli orqali 48 akademik soat hajmida malakasini oshiradi.
21. Malaka oshirish tinglovchisi kursning oʻquv rejasida nazarda tutilgan barcha nazorat turlarida ijobiy natija koʻrsatsa, oʻquv dasturi toʻliq oʻzlashtirilgan hisoblanadi.
22. Malaka oshirish jarayonida yil davomida belgilangan 8 kredit birligini toʻplagan tinglovchilarga elektron generatsiya qilingan, elektron imzo yoki uning muqobil shaklidagi (QR-kod) hujjat (sertifikat) taqdim etiladi.
23. Har bir oʻquv dasturini muvaffaqiyatli oʻzlashtirganlik haqidagi maʼlumotlar xodimlarning elektron portfoliosidagi shaxsiy kabinetlarida aks ettiriladi.
24. Oʻquv dasturlarini belgilangan oʻqish muddati davomida oʻzlashtira olmagan hamda uzrli sabablarsiz tinglovchilar safidan chetlashtirilgan tinglovchi joriy yil yakuniga qadar toʻlov evaziga oʻz hisobidan Institut va markazlar reja-jadvali asosida ish beruvchining roziligi bilan ishdan ajralgan holda Institut va markazlarda yoki ishdan ajralmagan holda masofadan oʻqitish usuli orqali kurslarni takroran oʻzlashtirishi talab qilinadi.
25. Yil davomida belgilangan kredit birliklarni toʻplay olmasligi rahbar va pedagog xodimlar bilan tuzilgan shartnomani mehnat qonunchiligiga muvofiq xodimning malakasi yetarli emasligi sababi bilan bekor qilishga asos boʻladi.
Bunda ular bilan asosiy ish joyi boʻyicha mehnat shartnomasi bekor qilingan kundan olti oy oʻtgandan keyin pulli asosda oʻquv dasturlarini oʻzlashtirishga ruxsat beriladi.
26. Malaka oshirish jarayonlarini monitoring qilish, shuningdek, tinglovchilarning kasbiy faoliyati natijalarini qayd etib borish Oliy taʼlim tizimi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutining yagona elektron tizimi orqali amalga oshiriladi.
27. Malaka oshirish kurslarining mazmuni, taʼlim dasturlariga qoʻyiladigan talablar davlat taʼlim talablarida belgilanadi.
28. Tinglovchilarning malaka oshirish kurslariga uzrli sabablar bilan qatnashmasligi tasdiqlangan taqdirda, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishilgan holda tasdiqlangan reja-jadvalga muvofiq malaka oshirish boshqa muddatga koʻchiriladi.
29. Ishdan ajralgan holda malaka oshirishdan oʻtadigan tinglovchilarning malaka oshirish davrida asosiy ish joyi boʻyicha egallagan lavozimi va oʻrtacha oylik ish haqi saqlanadi, ularning oʻquv yuklamasi belgilangan tartibda boshqa pedagoglar oʻrtasida taqsimlanadi.
30. Oʻquv mashgʻulotlari uchun ikki akademik oʻquv soati davomiyligi uzluksiz 80 daqiqani, mashgʻulotlar oraligʻidagi tanaffus kamida 10 daqiqani tashkil etadi.
31. Ishdan ajralgan holda malaka oshirish kurslaridagi oʻquv jarayoni akademik litseylardan taqdim etilgan yillik buyurtmalar boʻyicha guruhlarning toʻldirilishiga bogʻliq holda tinglovchilar soni 20 nafardan kam va 30 nafardan koʻp boʻlmagan akademik guruhlarda tashkil etiladi.
Istisno tariqasida:
tinglovchilar kontingenti yetarli boʻlmagan yoʻnalishlarda, jumladan, rus yoki qoraqalpoq tilida dars olib boriladigan guruhlarda tinglovchilar kontingenti bir guruh meʼyorida yigʻilmaydigan kam sonli alohida yoʻnalishlarda oʻquv jarayonini tashkil etishda bir guruhdagi tinglovchilar soni kamida 5 nafar etib belgilanishi mumkin;
yil davomida 5 nafargacha pedagog xodimlar yigʻilmaydigan alohida yoʻnalishlarda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishgan holda Institut (markaz) rahbarining buyrugʻi bilan tinglovchilar soni 5 nafardan kam guruh shakllantirilishi yoki ular uchun malaka oshirish masofadan oʻqitish usullari orqali amalga oshirilishi mumkin.
32. Ishdan ajralgan holda malaka oshirish davrida uzrli sabablarsiz oʻquv mashgʻulotlariga 6 soat va undan koʻp vaqt qatnashmagan tinglovchilar Institut (markaz) rahbarining buyrugʻi bilan tinglovchilar safidan chiqariladi va bu haqidagi axborot Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga, shuningdek, tinglovchining asosiy ish joyiga yuboriladi.
Mashgʻulotlarda qatnashmaganligi uchun kurslardan chetlashtirilgan tinglovchilar oʻquv dasturlarini oʻzlashtirmagan deb hisoblanadi hamda ularga nisbatan ushbu Nizomning 25-bandi tegishli talablari tatbiq etiladi.
Hujjat bilan tasdiqlangan uzrli sabablarga koʻra 6 soat va undan koʻp hajmda mashgʻulotlarda qatnashmaganlar tinglovchilar safidan chiqariladi hamda ularga navbatdagi kurslarda ishtirok etishga ruxsat beriladi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
33. Akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining malakasini oshirish kurslari tegishli yoʻnalishlar boʻyicha malaka talablari, oʻquv rejalari va oʻquv dasturlarini hisobga olgan holda tinglovchilarni sifatli oʻqitish uchun moddiy-texnika bazasi, pedagoglar tarkibi mavjud boʻlganda kurslar faoliyati va resurs taʼminoti Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan va budjetdan tashqari moliyalashtirish asosida tashkil etiladi.
Malaka oshirish kurslari tinglovchilari (takroriy oʻqitishdan tashqari) bepul asosda oʻqitiladi.
34. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.
35. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javob beradilar.
Akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining uzluksiz malaka oshirish jarayonlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining uzluksiz malaka oshirish jarayonlarini tashkil etish va oʻtkazish
Bosqichlar Ijrochilar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tizimida oliy taʼlim muassasalari mavjud boʻlgan vazirliklar va idoralar Akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yagona elektron tizimga kiritish, malaka oshirish shakllarini aniqlash. Har yili noyabr oyining birinchi oʻn kunligida 2-bosqich Oliy taʼlim tizimi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti Akademik litseylar buyurtmalari asosida soʻnggi kalendar yil uchun rahbar va pedagog xodimning egallab turgan lavozimiga qarab oʻqish davri, shakli va yoʻnalishi boʻyicha malaka oshirish tinglovchilarining yillik rejasini shakllantirish va belgilangan tartibda tasdiqlash. Har yili dekabr oyining birinchi oʻn kunligida 3-bosqich Oliy taʼlim tizimi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti, mintaqaviy markazlar Malaka oshirish yoʻnalishlari boʻyicha oʻquv jarayonlarini tashkil etish. Oʻquv dasturlarida nazarda tutilgan nazorat turlari boʻyicha tinglovchilarning oʻzlashtirish koʻrsatkichlarini aniqlash. Tasdiqlangan reja-jadval asosida 4-bosqich Akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlari Muqobil yoki mustaqil malaka oshirish shakllarini bajarish hamda uning natijalarini tasdiqlovchi hujjatlarni elektron portfolio tizimiga kiritish. Yil davomida 5-bosqich Oliy taʼlim tizimi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti, mintaqaviy markazlar Malaka oshirish kurslari natijalarini tahlil qilish asosida yil davomida belgilangan kredit birliklarini toʻplagan rahbar va pedagog xodimlarga QR-kod bilan himoyalangan elektron shakldagi sertifikatni berish. Yil davomida belgilangan kredit miqdorlarini toʻplay olmagan rahbar va pedagog xodimlarni takroriy kurslarda oʻqishga tavsiya etish. Har yili dekabr oyida
Akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining uzluksiz malaka oshirish jarayonlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Akademik litseylar rahbar va pedagog xodimlarining uzluksiz malaka oshirish shakllariga ajratilgan kreditlar
T/r Malaka oshirish shakllari Ijodiy ishning turi Kredit I. Mustaqil malaka oshirish 1. Xorijiy mamlakatlarda malaka oshirish, stajirovka oʻtash 2 Xorijiy mamlakatlarda: malaka oshirish, stajirovka oʻtash (davomiyligi 24 soatdan kam boʻlmagan muddatda) — 2 2. Iqtidorli va isteʼdodli talabalar bilan ishlash 0,3 oʻquvchilarining hududiy (viloyat) fan olimpiadalari, sport musobaqalari, sanʼat sohasidagi koʻrik tanlovlar va koʻrgazmalardagi sovrinli oʻrin uchun — 0,1 3. Ilmiy anjumanlarda maʼruza bilan qatnashish 0,5 xalqaro miqyosda — 0,2 respublika miqyosida — 0,1 4. Ilmiy jurnallarda maqolalar chop etish 0,5 har bir ilmiy maqola uchun: xalqaro miqyosda — 0,2 respublika miqyosida — 0,1 5. Mustaqil tajriba orttirish 4 onlayn shakldagi tanlov modul dasturlarini oʻzlashtirish 6 akademik soat uchun — 1 6. Oʻquv adabiyotlari (hammualliflikdagi darslik, oʻquv qoʻllanmasi)ni tayyorlash va nashrdan chiqarish 0,7 darslik — 0,5 oʻquv qoʻllanma — 0,2 II. Muqobil malaka oshirish shakllari 7. Yakka mualliflikda darslik, oʻquv qoʻllanmasi tayyorlash va nashrdan chiqarish 8 8. Falsafa doktori (PhD) yoki fan doktori (DSc) darajasini olish uchun dissertatsiya himoya qilish 8 9. Tayyorlagan oʻquvchilari respublika fan olimpiadalarida gʻoliblikni (1, 2 yoki 3-oʻrinlar) qoʻlga kiritishi 8 10. Tayyorlagan oʻquvchilari xalqaro fan olimpiadalarida gʻoliblikni (oltin, kumush, bronza medallari) qoʻlga kiritishi 8
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 1-iyun,
296-son