📅 2022-yil 8-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 8-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 8 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 8 июня 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 8 June 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТАРКИБИ
Вазирлар Маҳкамасининг «Республика олий таълим кенгашини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 26 декабрдаги 1037-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Олий таълим соҳасида таълим сифатини таъминлаш юзасидан таъсирчан жамоатчилик назоратини кучайтириш ва Республика олий таълим кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Республика олий таълим кенгашини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 26 декабрдаги 1037-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июндаги 319-сон қарорига ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Республика олий таълим кенгашини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 26 декабрдаги 1037-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 2-бандда :
а) учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«олий таълимни давлат томонидан бошқариш тизими самарадорлигини, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар учун яратилган шароитлар ва таълим беришда қўлланилаётган таълим-тарбия усулларини тизимли таҳлил қилиб бориш»;
б) қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«республикадаги барча олий таълим муассасалари ва ректорларнинг мустақил рейтингини шакллантириш ҳамда уларнинг йиллик ўсиш динамикасини таъминлаш бўйича ташкилий масалаларда кўмаклашиш;
олий таълим муассасалари ректор лавозимларига муносиб номзодларни саралаш ҳамда бошқарув кадрлар захираларини шакллантириш мақсадида «Ректорлар мактаби» тизимини йўлга қўйиш».
2. 3-бандда :
иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
учинчи ва тўртинчи хатбошилар тегишинча иккинчи ва учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
3. 4-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. 5-банд қуйидаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«олий таълим соҳасига тегишли барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан келишиш билан бирга Кенгаш билан ҳам келишиш амалиёти жорий этилади».
5. 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Республика олий таълим кенгаши Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Темирйўлчилар кўчаси, 1-уй манзилидаги Тошкент давлат транспорт университети биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин».
6. 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. 2-илова (Республика олий таълим кенгаши тўғрисида низом)да:
а) 2-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Олий таълим соҳасига тегишли барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Кенгаш билан келишилади»;
б) 4-банддаги «олий таълим муассасаларига» сўзлари «олий таълим муассасаларига (филиалларига)» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Кенгаш котибияти жойлашган ер: Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Темирйўлчилар кўчаси 1-уй»;
г) 9-бандда :
учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«олий таълимни давлат томонидан бошқариш тизими самарадорлигини, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар учун яратилган шароитлар ва таълим беришда қўлланилаётган таълим-тарбия усулларини тизимли таҳлил қилиб бориш»;
қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«республикадаги барча олий таълим муассасалари ва ректорларнинг мустақил рейтингини шакллантириш ҳамда уларнинг йиллик ўсиш динамикасини таъминлаш бўйича ташкилий масалаларда кўмаклашиш;
олий таълим муассасалари ректор лавозимларига муносиб номзодларни саралаш ҳамда бошқарув кадрлар захираларини шакллантириш мақсадида «Ректорлар мактаби» тизимини йўлга қўйиш»;
д) 10 ва 11-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. Кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
республика, шунингдек хорижий давлатларнинг олимлари, ватандош олимлар, мутахассислар ва экспертларни маслаҳатлар учун жалб этади;
олий таълим муассасалари фаолиятини жойида ўрганади, таҳлил қилади, ўрганиш натижалари бўйича хулоса ва таклифларни олий таълим муассасаси, давлат органлари ва ташкилотларига киритади;
олий таълим тизими фаолиятига доир масалалар юзасидан фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ташаббуслари ҳамда мурожаатларини кўриб чиқишда иштирок этади, шунингдек, уларнинг натижалари бўйича таклифларни тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларга киритади;
олий таълим соҳасидаги мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларга киритади;
давлат дастурлари лойиҳалари, тадбирлар режалари ва олий таълим тизимига тааллуқли, шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш юзасидан асослантирилган таклифлар тайёрлайди, қабул қилинган дастурларни амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида иштирок этади;
республикада амалга оширилаётган таълим, илмий, инновацион ва бошқа устувор лойиҳаларни амалга оширишда иқтисодиётнинг реал сектори билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатади;
ҳудудларнинг меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини оқилона белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
олий таълим муассасаларида соғлом ишчанлик муҳитини шакллантириш, қонунийликни, юксак ҳуқуқий маданият ва ахлоқийликни таъминлаш, Ватанга содиқлик руҳини ва қонунларга бўлган ҳурматни кучайтириш, ижтимоий, сиёсий, руҳий ва маънавий-маърифий камол топтириш, шунингдек, мазкур соҳадаги илмий-маърифий ва ўқув адабиётларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
республикада ва хорижда кенг жамоатчиликни олий таълим фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида мунтазам равишда хабардор қилиш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
илмий-назарий ва илмий-амалий конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар, симпозиум, тренинглар, мастер-класслар, «давра суҳбатлари» ва бошқа тадбирларни ташкил этади;
олий таълим муассасалари ўртасида инфратузилмалар ва интеллектуал мулк натижаларидан жамоавий фойдаланиш бўйича билим ва тажрибалар алмашиш майдонини йўлга қўяди ҳамда моддий-техник базани кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;
олий таълим муассасалари фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича бажарилаётган ишларнинг натижаларини таҳлил қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
Кенгашга юклатилган вазифаларни бажаришда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилади.
Кенгаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
11. Кенгаш ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ҳайъат мажлислари ва бошқа тадбирлари тўғрисидаги ахборотни олдиндан олиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш;
олий таълим муассасаларининг бинолари (хоналари) ва бошқа объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш;
олий таълим муассасалари раҳбарларига Кенгаш ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар киритиш;
республикадаги барча олий таълим муассасалари ва ректорларнинг мустақил рейтингини шакллантириш;
олий таълим муассасалари ректор лавозимларига бошқарув кадрлар захираларини шакллантириш ва «Ректорлар мактаби» лойиҳаси битирувчиларини бошқарув лавозимларига тавсия этиш;
тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг таълим фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш учун зарур бўлган ахборот, статистика ва бошқа таҳлилий материалларни белгиланган тартибда олиш;
олий таълим соҳасидаги норма ижодкорлиги фаолиятига, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамасида жамоатчилик ва экспертлар иштирокини таъминлаш;
олий таълим муассасалари бакалавриат ва магистратура талабалари, докторантлари ҳамда профессор-ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар киритиш;
ташкилотлар ва фуқароларга олий таълим фаолияти бўйича маслаҳат ва ахборот хизматларини кўрсатиш;
Кенгаш мажлисларида муҳокама қилинадиган масалаларни ёритиш бўйича оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш.
Кенгаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин»;
е) 15-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«15. Кенгаш таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Зарур ҳолларда, мажлисда иштирок этган Кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан унинг таркибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Бунда, Кенгаш аъзолари таркибига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим»;
ж) 33-бандда :
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Кенгаш ташкилий тузилмасини тасдиқлайди ва зарур ҳолларда унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади»;
тўртинчи — саккизинчи хатбошилар тегишлича бешинчи — тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
8. 3-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Республика олий таълим кенгаши
1. О.К. Абдурахманов — Тошкент давлат транспорт университети ректори, Кенгаш раиси 2. У.Н. Ташкенбаев — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи, Кенгаш раиси ўринбосари 3. А.А. Хасанов — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Кенгаш раиси ўринбосари 4. Ш.Х. Далиев — Вазирлар Маҳкамаси Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибияти Таълим тизимини ривожлантириш масалалари шуъбасининг Олий ва олий таълимдан кейинги таълимни ривожлантириш бўйича бош мутахассиси 5. К.Х. Каримов — Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари 6. У.У. Шарифходжаев — Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари 7. Ш.У. Турдикулова — Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири ўринбосари 8. Х.У. Умарова — Президент таълим муассасалари агентлиги директори 9. А.З. Саъдуллаев — Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори 10. Х.Ғ. Худайбердиев — Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари 11. С.О. Обидов — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори в.в.б. 12. Б.Б. Фарманов — Илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш «Ziyo Forum» фонди директори 13. И.У. Маджидов — Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори 14. Р.И. Халмурадов — Самарқанд давлат университети ректори 15. А.М. Реймов — Қорақалпоқ давлат университети ректори 16. Б.Ш. Шермуҳаммадов — Фарғона давлат университети ректори 17. А.Р. Марахимов — Термиз давлат университети ректори»
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 8 июнь,
319-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TARKIBI
Vazirlar Mahkamasining “Respublika oliy taʼlim kengashini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 26-dekabrdagi 1037-son qaroriga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida
Oliy taʼlim sohasida taʼlim sifatini taʼminlash yuzasidan taʼsirchan jamoatchilik nazoratini kuchaytirish va Respublika oliy taʼlim kengashi faoliyatini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Vazirlar Mahkamasining “Respublika oliy taʼlim kengashini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 26-dekabrdagi 1037-son qaroriga ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.X. Toshkulov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Taʼlim, sogʻliqni saqlash va sport masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 8-iyundagi 319-son qaroriga ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Respublika oliy taʼlim kengashini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 26-dekabrdagi 1037-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 2-bandda :
a) uchinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“oliy taʼlimni davlat tomonidan boshqarish tizimi samaradorligini, professor-oʻqituvchilar hamda talabalar uchun yaratilgan sharoitlar va taʼlim berishda qoʻllanilayotgan taʼlim-tarbiya usullarini tizimli tahlil qilib borish”;
b) quyidagi mazmundagi xatboshilar bilan toʻldirilsin:
“respublikadagi barcha oliy taʼlim muassasalari va rektorlarning mustaqil reytingini shakllantirish hamda ularning yillik oʻsish dinamikasini taʼminlash boʻyicha tashkiliy masalalarda koʻmaklashish;
oliy taʼlim muassasalari rektor lavozimlariga munosib nomzodlarni saralash hamda boshqaruv kadrlar zaxiralarini shakllantirish maqsadida “Rektorlar maktabi” tizimini yoʻlga qoʻyish”.
2. 3-bandda :
ikkinchi xatboshi chiqarib tashlansin;
uchinchi va toʻrtinchi xatboshilar tegishincha ikkinchi va uchinchi xatboshilar deb hisoblansin.
3. 4-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
4. 5-band quyidagi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“oliy taʼlim sohasiga tegishli barcha normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini tizimida oliy taʼlim muassasalari boʻlgan vazirlik va idoralar bilan kelishish bilan birga Kengash bilan ham kelishish amaliyoti joriy etiladi”.
5. 8-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“8. Respublika oliy taʼlim kengashi Toshkent shahar, Mirobod tumani, Temiryoʻlchilar koʻchasi, 1-uy manzilidagi Toshkent davlat transport universiteti binosiga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilsin”.
6. 1-ilova oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
7. 2-ilova (Respublika oliy taʼlim kengashi toʻgʻrisida nizom)da:
a) 2-band quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Oliy taʼlim sohasiga tegishli barcha normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari Kengash bilan kelishiladi”;
b) 4-banddagi “oliy taʼlim muassasalariga” soʻzlari “oliy taʼlim muassasalariga (filiallariga)” soʻzlari bilan almashtirilsin;
v) 8-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“8. Kengash kotibiyati joylashgan yer: Toshkent shahri, Mirobod tumani, Temiryoʻlchilar koʻchasi 1-uy”;
g) 9-bandda :
uchinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“oliy taʼlimni davlat tomonidan boshqarish tizimi samaradorligini, professor-oʻqituvchilar hamda talabalar uchun yaratilgan sharoitlar va taʼlim berishda qoʻllanilayotgan taʼlim-tarbiya usullarini tizimli tahlil qilib borish”;
quyidagi mazmundagi xatboshilar bilan toʻldirilsin:
“respublikadagi barcha oliy taʼlim muassasalari va rektorlarning mustaqil reytingini shakllantirish hamda ularning yillik oʻsish dinamikasini taʼminlash boʻyicha tashkiliy masalalarda koʻmaklashish;
oliy taʼlim muassasalari rektor lavozimlariga munosib nomzodlarni saralash hamda boshqaruv kadrlar zaxiralarini shakllantirish maqsadida “Rektorlar maktabi” tizimini yoʻlga qoʻyish”;
d) 10 va 11-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“10. Kengash oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish uchun quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
respublika, shuningdek xorijiy davlatlarning olimlari, vatandosh olimlar, mutaxassislar va ekspertlarni maslahatlar uchun jalb etadi;
oliy taʼlim muassasalari faoliyatini joyida oʻrganadi, tahlil qiladi, oʻrganish natijalari boʻyicha xulosa va takliflarni oliy taʼlim muassasasi, davlat organlari va tashkilotlariga kiritadi;
oliy taʼlim tizimi faoliyatiga doir masalalar yuzasidan fuqarolar, nodavlat notijorat tashkilotlari va fuqarolik jamiyati boshqa institutlarining tashabbuslari hamda murojaatlarini koʻrib chiqishda ishtirok etadi, shuningdek, ularning natijalari boʻyicha takliflarni tizimida oliy taʼlim muassasalari boʻlgan vazirlik va idoralarga kiritadi;
oliy taʼlim sohasidagi mavjud normativ-huquqiy hujjatlarni takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi va tizimida oliy taʼlim muassasalari boʻlgan vazirlik va idoralarga kiritadi;
davlat dasturlari loyihalari, tadbirlar rejalari va oliy taʼlim tizimiga taalluqli, shu jumladan, korrupsiyaga qarshi kurashish toʻgʻrisidagi boshqa normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqish yuzasidan asoslantirilgan takliflar tayyorlaydi, qabul qilingan dasturlarni amalga oshirishda oʻz vakolatlari doirasida ishtirok etadi;
respublikada amalga oshirilayotgan taʼlim, ilmiy, innovatsion va boshqa ustuvor loyihalarni amalga oshirishda iqtisodiyotning real sektori bilan hamkorlik aloqalarini oʻrnatadi;
hududlarning mehnat resurslariga boʻlgan ehtiyojlaridan kelib chiqib, oliy taʼlim muassasalarida bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarini oqilona belgilash boʻyicha takliflar ishlab chiqadi;
oliy taʼlim muassasalarida sogʻlom ishchanlik muhitini shakllantirish, qonuniylikni, yuksak huquqiy madaniyat va axloqiylikni taʼminlash, Vatanga sodiqlik ruhini va qonunlarga boʻlgan hurmatni kuchaytirish, ijtimoiy, siyosiy, ruhiy va maʼnaviy-maʼrifiy kamol toptirish, shuningdek, mazkur sohadagi ilmiy-maʼrifiy va oʻquv adabiyotlarini takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi;
respublikada va xorijda keng jamoatchilikni oliy taʼlim faoliyatini isloh qilish boʻyicha amalga oshirilayotgan tizimli chora-tadbirlar haqida muntazam ravishda xabardor qilish hamda mavjud muammolarni hal qilish va kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan takliflar tayyorlaydi;
ilmiy-nazariy va ilmiy-amaliy konferensiyalar, seminarlar, forumlar, koʻrgazmalar, simpozium, treninglar, master-klasslar, “davra suhbatlari” va boshqa tadbirlarni tashkil etadi;
oliy taʼlim muassasalari oʻrtasida infratuzilmalar va intellektual mulk natijalaridan jamoaviy foydalanish boʻyicha bilim va tajribalar almashish maydonini yoʻlga qoʻyadi hamda moddiy-texnik bazani kuchaytirish yuzasidan taklif va tavsiyalar ishlab chiqadi;
oliy taʼlim muassasalari faoliyatini ommaviy axborot vositalarida keng yoritish boʻyicha bajarilayotgan ishlarning natijalarini tahlil qilish, ularning samaradorligini oshirish va mavjud kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan takliflar ishlab chiqadi;
Kengashga yuklatilgan vazifalarni bajarishda nodavlat notijorat tashkilotlari, ommaviy axborot vositalari, fuqarolik jamiyatining boshqa institutlari hamda fuqarolar bilan hamkorlik qiladi.
Kengash qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa funksiyalarni ham amalga oshirishi mumkin.
11. Kengash oʻz zimmasiga yuklatilgan vazifalar va funksiyalarni bajarish uchun quyidagi huquqlarga ega:
Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Hayʼat majlislari va boshqa tadbirlari toʻgʻrisidagi axborotni oldindan olish hamda mazkur tadbirlarda ishtirok etish;
oliy taʼlim muassasalarining binolari (xonalari) va boshqa obyektlaridan foydalanish samaradorligini oʻrganish;
oliy taʼlim muassasalari rahbarlariga Kengash vakolatiga kiradigan masalalar yuzasidan takliflar kiritish;
respublikadagi barcha oliy taʼlim muassasalari va rektorlarning mustaqil reytingini shakllantirish;
oliy taʼlim muassasalari rektor lavozimlariga boshqaruv kadrlar zaxiralarini shakllantirish va “Rektorlar maktabi” loyihasi bitiruvchilarini boshqaruv lavozimlariga tavsiya etish;
tizimida oliy taʼlim muassasalari boʻlgan vazirlik va idoralarning taʼlim faoliyati samaradorligini oshirishga qaratilgan asoslantirilgan takliflar ishlab chiqish uchun zarur boʻlgan axborot, statistika va boshqa tahliliy materiallarni belgilangan tartibda olish;
oliy taʼlim sohasidagi norma ijodkorligi faoliyatiga, shuningdek, normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarining muhokamasida jamoatchilik va ekspertlar ishtirokini taʼminlash;
oliy taʼlim muassasalari bakalavriat va magistratura talabalari, doktorantlari hamda professor-oʻqituvchilarni qoʻllab-quvvatlash boʻyicha takliflar kiritish;
tashkilotlar va fuqarolarga oliy taʼlim faoliyati boʻyicha maslahat va axborot xizmatlarini koʻrsatish;
Kengash majlislarida muhokama qilinadigan masalalarni yoritish boʻyicha ommaviy axborot vositalari bilan hamkorlik qilish.
Kengash qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin”;
e) 15-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“15. Kengash tarkibi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadi. Zarur hollarda, majlisda ishtirok etgan Kengash aʼzolarining koʻpchilik ovozi bilan uning tarkibiga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilishi mumkin.
Bunda, Kengash aʼzolari tarkibiga kiritilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar haqida ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinishi lozim”;
j) 33-bandda :
quyidagi mazmundagi toʻrtinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Kengash tashkiliy tuzilmasini tasdiqlaydi va zarur hollarda unga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritadi”;
toʻrtinchi — sakkizinchi xatboshilar tegishlicha beshinchi — toʻqqizinchi xatboshilar deb hisoblansin.
8. 3-ilovaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Respublika oliy taʼlim kengashi
1. O.K. Abduraxmanov — Toshkent davlat transport universiteti rektori, Kengash raisi 2. U.N. Tashkenbayev — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi boshligʻi, Kengash raisi oʻrinbosari 3. A.A. Xasanov — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat xizmatini rivojlantirish agentligi direktorining birinchi oʻrinbosari, Kengash raisi oʻrinbosari 4. Sh.X. Daliyev — Vazirlar Mahkamasi Taʼlim, sogʻliqni saqlash va sport masalalari kotibiyati Taʼlim tizimini rivojlantirish masalalari shuʼbasining Oliy va oliy taʼlimdan keyingi taʼlimni rivojlantirish boʻyicha bosh mutaxassisi 5. K.X. Karimov — Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirining birinchi oʻrinbosari 6. U.U. Sharifxodjayev — Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi vazirining birinchi oʻrinbosari 7. Sh.U. Turdikulova — Oʻzbekiston Respublikasi innovatsion rivojlanish vaziri oʻrinbosari 8. X.U. Umarova — Prezident taʼlim muassasalari agentligi direktori 9. A.Z. Saʼdullayev — Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligi direktori 10. X.Gʻ. Xudayberdiyev — Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bosh direktori oʻrinbosari 11. S.O. Obidov — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Xorijiy tillarni oʻrganishni ommalashtirish agentligi direktori v.v.b. 12. B.B. Farmanov — Ilm-fan va taʼlim-tarbiyani rivojlantirish “Ziyo Forum” fondi direktori 13. I.U. Madjidov — Mirzo Ulugʻbek nomidagi Oʻzbekiston Milliy universiteti rektori 14. R.I. Xalmuradov — Samarqand davlat universiteti rektori 15. A.M. Reymov — Qoraqalpoq davlat universiteti rektori 16. B.Sh. Shermuhammadov — Fargʻona davlat universiteti rektori 17. A.R. Maraximov — Termiz davlat universiteti rektori”
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 8-iyun,
319-son