📅 2022-yil 10-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 10-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 10 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 10 июня 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 10 June 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Энергетика вазирлиги ҳузурида «Миллий диспетчерлик маркази» давлат муассасасининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида» 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармонига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Энергетика вазирлиги ҳузурида Миллий диспетчерлик маркази давлат унитар корхонасини ташкил этиш тўғрисида» 2022 йил 24 мартдаги 126-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Энергетика вазирлиги ҳузурида «Миллий диспетчерлик маркази» давлат муассасасини ташкил этиш тўғрисида» 2022 йил 24 мартдаги 126-сон қарорига мувофиқ:
Энергетика вазирлиги ҳузурида «Миллий диспетчерлик маркази» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Миллий диспетчерлик маркази) ташкил этилгани;
Миллий диспетчерлик марказига «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг миллий, минтақавий ва ҳудудий диспетчерлик функцияларини ўтказиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Миллий диспетчерлик маркази» давлат муассасаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки, Миллий диспетчерлик маркази ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар ягона электр энергетика тизимига уланган ташкилотларнинг реал вақт режимида, марказлаштирилган тарзда узлуксиз тезкор-диспетчерлик бошқарувини амалга оширади ҳамда ягона электр энергетика тизимининг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан параллель равишда ишлаш режимини бошқаради.
4. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги бир ой муддатда:
Миллий диспетчерлик марказни юқори малакали мутахассис ходимлар билан тўлдириш чорасини кўрсин;
Миллий диспетчерлик марказининг 2022 йил учун даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқласин ва Молия вазирлигига рўйхатдан ўтказиш учун киритсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Геология, энергетика, саноат ва унинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Б.Ф. Исламов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 июндаги 325-сон қарорига ИЛОВА
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Миллий диспетчерлик маркази» давлат муассасаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Миллий диспетчерлик маркази» давлат унитар корхонасининг (кейинги ўринларда — Марказ) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулиятини белгилайди.
2. Марказ Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига (кейинги ўринларда — Энергетика вазирлиги) бўйсунади.
3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
4. Марказ Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, ўз номи ёзилган штамплар, бланкаларга эга бўлади.
2-боб. Марказнинг вазифалари ва функциялари
5. Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
ягона электр энергетика тизимини реал вақт режимида оператив бошқариш ва унинг ишончли ишлашини таъминлаш;
ягона электр энергетика тизими таркибига кирувчи корхоналарнинг диспетчерлик бошқарувини амалга ошириш;
электр энергиясига бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, шунингдек, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва унинг истеъмол қилинишига таъсир қилувчи барча омилларни ҳисобга олган ҳолда уни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг ҳар соатлик режимини шакллантириш;
ягона электр энергетика тизимининг техник ва иқтисодий жиҳатдан энг мақбул режимларда ишлашини таъминлаш;
ягона электр энергетика тизимининг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан параллель равишда ишлаш режимларини бошқариш;
Марказ ходимларини доимий равишда хорижда малака оширишини таъминлаш ҳамда малакали хорижий мутахассисларни Марказга жалб қилиш;
авария режимлари юзага келишининг олдини олиш, уларни бартараф этиш ва авария режими бартараф этилганидан кейин тизимнинг ишончлилигини тиклаш.
6. Марказ ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) ягона электр энергетика тизимини реал вақт режимида оператив бошқариш ва унинг ишончли ишлашини таъминлаш соҳасида:
электр энергетика объектларининг тезкор-диспетчерлик бошқарувини амалга ошириш, шунингдек, ягона электр энергетикаси тизимининг бошқа давлатлар электр энергетикаси тизимлари билан ҳамкорлигини таъминлаш;
ягона электр энергетика тизимидаги мавжуд барча захиралардан фойдаланиш орқали давлатлараро келишилган қувват оқимларини ҳисобга олган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансини таъминлаш;
ягона электр энергетика тизимидаги мавжуд электр энергиясининг ишлаб чиқариш ва турғунлик захиралари доирасида юклама ва давлатлараро электр энергияси оқимлари режаси бажарилишини таъминлаш;
электр энергияси ва қувват ишлаб чиқариш, узатиш ва истеъмол қилиш режимларини бошқариш, электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, магистрал электр тармоқлари, ҳудудий электр тармоқлари ташкилотлари ва йирик электр энергияси истеъмолчиларининг технологик фаолиятини мувофиқлаштириш;
ўзаро келишилган йуриқномаларга асосан «Энергия» координацион диспетчерлик марказининг (кейинги ўринларда — «Энергия» КДМ) топшириқ ва кўрсатмаларига мувофиқ ягона электр энергетика тизимининг давлатлараро кунлик режалаштирилган электр энергияси ва қувват оқимларининг қийматларини ўзгартиришни таъминлаш;
Марказий Осиё Бирлашган электр энергетика тизимида давлатлараро электр энергияси ва қувват оқимларига таъсир этувчи электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг юкламасини ўзгартиришини таъминлаш;
давлатлараро электр энергияси ва қувват оқимларини келишилган қийматини таъминлаш учун энерготизимда мавжуд захира қувватларни ишга солиш;
ягона электр энергетика тизимининг Марказий Осиё ягона электр энергетика тизими орасидаги сальдо оқимлар жадваллари тузилишида иштирок этиш ва унинг бажарилишини таъминлаш;
ўтган кун учун энерготизим электр энергияси истеъмоли ва ишлаб чиқариш жадвалларини таҳлил қилиш ҳамда сальдо оқимлар оғишини аниқлаш бўйича ишларни амалга ошириш;
электр энергетикаси объектларида ўрнатилган релели ҳимоя ва аварияга қарши автоматика ускуналари эксплуатацияси устидан назорат қилиш;
янги қурилаётган электр энергетика объектларининг лойиҳаларини ишончлилик талаблари, реле ҳимоя ҳамда аварияга қарши автоматика бўйича принципиал ечимлари қисмида кўриб чиқиш ва келишиш;
Марказ ва унинг минтақавий бошқарма ва ҳудудий бўлимлари тезкор тасарруфида ва қарамоғида бўлган электр қурилмаларида содир бўлган авария ҳолатларини бартараф этишда раҳбарлик қилиш;
реле ҳимоя ва аварияга қарши автоматика, диспетчерлик-технологик бошқарув воситалари қурилмаларининг кунлик ишлаш ҳолатларини таҳлил қилиш;
янги объектларни ишга тушириш билан боғлиқ ҳолатлар учун асосий схемалар ва электр режимларни ишлаб чиқиш;
ягона электр энергетика тизимини тезкор бошқариш, реле ҳимоя ҳамда аварияга қарши автоматика қурилмалари бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш ва ўз вақтида қайта кўриб чиқишни назорат қилиш;
ягона электр энергетика тизимининг ҳақиқий қувват оқимлари, тармоқ элементларининг юкланиши, асосий назорат нуқталарида кучланиш қийматларини ва автоматик частотавий юксизлантириш ҳамда махсус юкламани ўчириш қурилмасининг ҳақиқий қувватларини аниқлаш учун назорат ўлчашларни олиб боришни ташкил этиш;
ягона электр энергетикаси тизими ва унинг қисмларида янги объектларни киритиш, мавжудларини кенгайтириш ҳамда реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни кўриб чиқишда қатнашиш, шунингдек, ушбу лойиҳалар тўғрисида таклифлар бериш ва келишиш, электр энергетикаси объектларига уланиш учун техник шартларни кўриб чиқиш ва келишиш;
б) ягона электр энергетика тизими таркибига кирувчи корхоналарнинг диспетчерлик бошқарувини амалга ошириш соҳасида:
ягона электр энергетика тизимидаги электр энергетика объектларида тезкор-диспетчерлик бўйсунувини аниқлаш ва уни қайта кўриб чиқиш;
Марказ ва унинг минтақавий бошқарма ва ҳудудий бўлимлари тезкор бўйсунувида бўлган электр энергетика объектларининг асосий ва ёрдамчи қурилмаларини йиллик ва ойлик мукаммал ва жорий таъмирлаш жадвалларини кўриб чиқиш ва келишиш;
Марказ диспетчери бўйсунуви ёки қарамоғида бўлган реле ҳимоя ҳамда аварияга қарши автоматика, частота ва қувватни автоматик ростлаш ва диспетчерлик-технологик бошқарув воситалари қурилмаларининг профилактика ва тиклаш бўйича йиллик иш режаларини ишлаб чиқишда қатнашиш ва «Энергия» КДМ диспетчери бўйсунуви ёки қарамоғида бўлган реле ҳимоя ҳамда аварияга қарши автоматика, частота ва қувватни автоматик ростлаш ва диспетчерлик-технологик бошқарув воситалари қурилмалари режаларини мувофиқлаштириш;
магистрал электр тармоқлари, электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналари ва электр тармоқ хўжалик объектлари тезкор-диспетчерлик хизматларининг бевосита бўйсунувчи ходимлари устидан ягона электр энергетика тизими электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидаларида мавжуд талабларга мувофиқ электр тармоқ иншоотлари асосий ускуналарини ёқиш ва ўчириш, коммутацион аппаратларнинг мавжуд йўриқномага мослиги, кунлик жадвалдан чиқиш ҳолатларида электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналари энергоблокларининг юкламасини ўзгартириш, кучланиш ва частотани ростлаш, қайноқ захирани жойлаштириш масалалари бўйича ҳаракатларини бошқариш;
«Энергия» КДМ тезкор бошқаруви ёки қарамоғида бўлган ускуналарда ҳамда реле ҳимояси ва автоматика қурилмалари занжирларида қайта улаш операцияларини бажариш;
Марказ ва «Энергия» КДМ тезкор бўйсунуви ёки қарамоғида бўлган электр энергетика объектлари электр қурилмалари реле ҳимоя ва автоматика ускуналари билан жиҳозланганлиги ҳамда уларнинг ўрнатмалари созланиши устидан назорат олиб бориш ҳамда тезкор-техник раҳбарликни амалга ошириш;
Марказ ва «Энергия» КДМ тезкор бошқаруви ёки қарамоғидаги тармоқлардаги реле ҳимояси ва автоматика қурилмалари ишлашини доимий таҳлил қилиш;
«Энергия» КДМ ва ички кўрсатмаларга мувофиқ реле ҳимоя ва автоматика қурилмалари ишлашини назорат қилиш;
электр энергетика объектлари учун тезкор-диспетчерлик бошқаруви ҳамда электр энергетика тизимидаги аварияларнинг олдини олиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
электр энергетика объектлари томонидан тақдим этилган асосий ускуна ҳамда реле ҳимоя ва автоматика қурилмалари синов дастурларини келишиш;
тезкор-диспетчерлик бошқаруви соҳасидаги норматив ҳужжатларга асосан частотани ростлашда иштирок этиш;
тезкор-диспетчерлик бошқаруви соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ Марказий Осиё Бирлашган электр энергетика тизими асосий тармоғининг назорат нуқталарида кучланиш қийматларини аниқлаш ва уни тартибга солишда қатнашиш;
тезкор-диспетчерлик бошқаруви, шунингдек, реле ҳимоя ва аварияга қарши автоматика қурилмаларини эксплуатация қилишнинг муаммоли масалаларини ҳал қилиш учун зарур тадқиқотларни ташкил қилиш, шунингдек, ушбу масалаларни ҳал қилишда ихтисослашган ташкилотларни жалб этиш;
электр энергетика объектлари томонидан тақдим этилган ягона электр энергетика тизимининг асосий ускуналарини синовдан ўтказиш дастурларини кўриб чиқиш ва ушбу синовларни ўтказишда раҳбарлик қилиш;
электр энергиясини чеклаш ва узиб қўйиш жадвалларини жорий этиш тартибини белгилаш;
электр станциялари ва тармоқларининг асосий ускуналарини, энергетика тизими субъектларининг реле ҳимоя ва аварияга қарши автоматика қурилмаларини, диспетчерлик-технологик бошқариш воситаларини таъмирлашга чиқаришга буюртманомаларни, энергетика тизими режимларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқиш;
мулкчилик шаклларидан қатъи назар электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, магистрал ва ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг буюртманомалари асосида электр станциялари ва электр тармоқларининг асосий ускуналарини, диспетчерлик-технологик бошқариш воситаларини, реле ҳимояси ва автоматика қурилмаларини таъмирлаш ва захирага чиқариш устидан тезкор-диспетчерлик раҳбарликни амалга ошириш;
электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг айрим генераторлари, тизимнинг ички боғланишлари ва айрим тугунлари учун нормал ва таъмирлаш режимлари бўйича статик ва динамик турғунлик ҳисоб-китобларини амалга ошириш, аварияга қарши автоматикага режим талабларини, ўрнатмаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, уларни жорий этиш учун электр энергетика тизим ташкилотларига топшириқлар бериб, бажарилиши устидан назорат олиб бориш;
ягона электр энергетика тизимида мавжуд автоматик частотавий юксизлантириш қувватлари ҳажмини аниқлаш ва келишиш;
в) электр энергиясига бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, шунингдек, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва унинг истеъмол қилинишига таъсир қилувчи барча омилларни ҳисобга олган ҳолда уни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг ҳар соатлик режимини шакллантириш соҳасида:
электр энергияси истеъмоли прогнозига биноан ягона электр энергетикаси истеъмолчилари учун келгуси кунга соатлик юклама жадвалларини ишлаб чиқиш;
ягона электр энергетика тизимига уланган электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарига электр энергияси истеъмоли талабидан келиб чиқиб келгуси кунга барча омилларни ҳисобга олган ҳолда соатлик юклама жадвалларини ишлаб чиқиш;
энергетика ва ирригация эҳтиёжларидан келиб чиқиб дарё оқимларидан тўла ва самарали фойдаланиш мақсадида гидроэлектр станциялари иш режимларини ишлаб чиқиш;
электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналарни, уларнинг техник-иқтисодий тавсифларидан келиб чиққан ҳолда берилган юклама графикларига асосан ўз вақтида ишга қўйиш ва ишдан тўхтатишни таъминлаш;
г) ягона электр энергетика тизимининг техник ва иқтисодий жиҳатдан энг мақбул режимларда ишлашини таъминлаш соҳасида:
юкламани электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасида иқтисодий мақбул равишда тақсимлаш;
ягона электр энергетика тизимининг актив ва реактив қувватлар бўйича оптимал режимини таъминлаш;
сув тракт режими тезкор бошқарувини амалга ошириш, Чорвоқ сув омборини тўлдириш ва ишлатиш жадвалларини тузиш ва йил давомида унинг бажарилиши устидан раҳбарликни амалга ошириш;
ирригация ва электр энергияси эҳтиёжларидан келиб чиқиб дарё оқимларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш мақсадида гидроэлектростанциялар (кейинги ўринларда — ГЭС) иш режимларини ишлаб чиқишда қатнашиш;
гидротехник режимлар бўйича ҳисоб-китоблар ва дастурларни кўриб чиқиш ҳамда келишиш (гидроэнергетик трактларнинг бўшатилиши, тўлдирилиши, сув омборларининг ишлатилиши ва бошқалар);
ягона электр энергетика тизимининг турли иш ҳолатлари учун, шу жумладан, янги ишга киритилаётган, Марказ тезкор бўйсинувида ёки қарамоғида бўлган объектларнинг асосий схемалари электр режимларини ҳисоблаш;
электр станциялар, подстанциялар, электр узатиш линияларининг асосий ускуналари, реле ҳимояси, аварияга қарши автоматика, ягона электр энергетика тизими субъектларининг, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, технологик бошқариш тизимларини жорий таъмирлаш жадвалларини келишиш, таъмирлаш режаларини оптималлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.
д) ягона электр энергетика тизимининг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан параллель равишда ишлаш режимларини бошқариш соҳасида:
Марказий Осиё Бирлашган электр энергетика тизимининг параллель ишлашини тартибга солувчи ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича йиғилишларда қатнашиш;
чегарадош давлатларнинг энергетика тизимлари билан параллель ишлаш, шу жумладан, уларнинг диспетчерлик марказлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича Марказий Осиё Координацион Кенгаши ишларида иштирок этиш;
«Энергия» КДМ томонидан тизимлараро электр энергияси оқимлари ва қувват ростлаш бўйича тақдим этилган тезкор ва якуний ҳисоботларни таҳлил ва назорат қилиш;
йилнинг муайян даврлари учун ягона электр энергетика тизимининг қувват балансини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳамда электр энергетика тизими бўйича йиллик ҳисобот учун маълумотларнинг тайёрланишини назорат қилиш;
Марказий Осиё Бирлашган электр энергетика тизими таркибига кирувчи энергетика тизимлари билан суткалик ва йиллик қувват оқимлари графигини тузиш;
ягона электр энергетикаси тизимининг ишончлилик мезонлари асосида чегарадош давлатларнинг энергетика тизимлари билан параллель ишлаш, шу жумладан, уларнинг диспетчерлик марказлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини ишлаб чиқишда қатнашиш;
е) Марказ ходимларининг доимий равишда хорижда малака оширишини таъминлаш ҳамда малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш соҳасида:
ходимларни ривожланган хорижий давлатларда ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;
мутахассисларнинг малакасини ошириш доирасида ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда махсус курсларда, шу жумладан, чет давлатларда ўқитишни ташкил этиш;
Марказ таркибидаги ходимларнинг тасдиқланган жадваллар бўйича билимларини текширишни назорат қилади ва уни амалга ошириш;
ягона электр энергетика тизимидаги подстанциялар бошқарувини автоматлаштириш, объектлар ва корхоналарда телебошқарув функцияларини жорий этиш устидан назорат қилиш;
хорижий давлатлар тезкор-диспетчерлик бошқарувининг энг яхши амалиётларини, шунингдек, реле ҳимоя ҳамда аварияга қарши автоматика қурилмалари ишлатишнинг илғор тажрибасини умумлаштириш, тарқатиш ва уларни амалга оширишда ёрдам бериш;
ж) авария режимлари юзага келишининг олдини олиш, бартараф этиш ва авария режими бартараф этилганидан кейин тизимнинг ишончлилигини тиклаш соҳасида:
ягона электр энергетика тизимида Марказ ва унинг минтақавий бошқарма ва ҳудудий бўлимларнинг тезкор бошқарувида ёки қарамоғида бўлган электр қурилмаларидаги авариявий режимларни бартараф этишда ва авариядан кейинги режимларни тиклашда раҳбарлик қилиш;
аварияларни бартараф этиш бўйича махсус кўрсатмаларга мувофиқ Марказий Осиё Бирлашган электр энергетика тизимида ёки ягона электр энергетика тизимида фавқулодда (авария) вазиятларни бартараф этиш;
ягона электр энергетика тизимига уланган корхона ва ташкилотлар Марказнинг топшириғига асосан авария ҳолатларнинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш бўйича кўрсатмаларини бажаришини таъминлаш;
аварияга қарши автоматикани жорий этиш лойиҳаларини амалга оширишда ҳамда энергетика тизими иш режимларини ҳисоблаш усуллари ва техник воситаларини ишлаб чиқиш, татбиқ этиш ва ривожлантиришда иштирок этиш;
авария ҳолатларини текширишда ҳамда авария содир бўлишини олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
ягона электр энергетика тизимида авариявий режимлар, электр қуввати ва энергия танқислиги пайдо бўлганда дастлаб ҳудудий электр тармоқ корхоналари томонидан ишлаб чиқилган ва маҳаллий ҳокимият билан келишилган чеклов жадвалларига асосан чекловлар киритиш бўйича топшириқлар бериш;
ягона электр энергетика тизими таркибига кирувчи энергетика объектларида технологик носозликларни ва бахтсиз ҳодисаларни текширишда қатнашиш, уларнинг олдини олувчи чора-тадбирларни келишишда иштирок этиш;
Марказий Осиё Бирлашган электр энергетика тизимида содир бўлган аварияларни таҳлил қилишда қатнашиш;
янги ишга киритиладиган ва реконструкция қилинадиган электр тармоқ объектлари бўйича лойиҳалаштириш топшириқларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, лойиҳаларни ва ишга тушириш схемаларини келишиш;
ягона электр энергетика тизими объектларидаги ва корхоналаридаги реле ҳимоя ва аварияга қарши автоматика қурилмаларининг ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилишни ташкил этиш;
энергетика тизимининг асосий ускуналари ва электр тармоқлари, реле ҳимояси, аварияга қарши автоматика ва алоқа қурилмаларининг ишга тайёрлигини назорат қилишни амалга ошириш ҳамда реле ҳимоя қурилмаларининг схемаларини ва уларнинг параметрларини келишиш;
ўзининг хизмат кўрсатиш ҳудудига кирган, электр тармоқларининг мустаҳкам ишлаши ҳамда истеъмолчиларни шартланган узлуксиз электр энергияси таъминотини амалга ошириш, электр тармоқлар режимларини ишлаб чиқиш ва юритиш;
электр қурилмалар ва тармоқларга хизмат кўрсатишда, шунингдек, истеъмолчиларга электр энергиясини узатишда юқори тежамкорликни таъминлаш;
ўз хизмат доирасидаги барча электр тармоқларида юкланишнинг тақсимланиши бўйича тезкор диспетчерлик бошқарувни олиб бориш ҳамда уни яхшилаш бўйича таклифлар бериш;
қувват ва электр энергияси бўйича топшириқ режалари истеъмолчилар томонидан бажарилишини назорат қилиш;
истеъмолчиларнинг ишончли электр таъминоти схемаларини ушлаб туриш ва уни ўзгартириш;
электр энергияси ва қувват истеъмоли топшириғининг бажарилишини таъминлаш;
ўзининг хизмат кўрсатиш ҳудудига кирган электр қурилмаларининг меъёрий бир чизиқли схемасини ишлаб чиқиш ва заруриятга қараб уларга ўзгартиришлар киритиш;
электр энергетикаси объектларида истеъмолчиларнинг электр таъминоти узилишлари ва аварияга қарши автоматика қурилмаларининг ишлаши билан боғлиқ фавқулодда ҳолатларни тизим корхоналари билан биргаликда текшириш ва таҳлил қилиш;
ўзининг тезкор бошқарувида ёки қарамоғида бўлган электр қурилмаларини мукаммал ва жорий таъмирлаш учун тегишли тизим ташкилотлари томонидан тасдиқланган ишлаб чиқариш хизматлари (подстанциялар хизмати, юқори кучланишли тармоқлар хизмати, реле ҳимоя ва автоматика хизмати, диспетчерлик ва технологик бошқарув воситалари хизмати, ўта кучланишдан ҳимоя қилиш ва изоляцияни синаш хизмати) нинг ойлик иш режалари бўйича буюртмаларни олиб, кўриб чиқиш ва ишни ташкил этиш:
Марказ минтақавий бошқарма ва ҳудудий бўлимлари тезкор бошқарувида ёки қарамоғидаги электр қурилмаларига янги ишлаб чиқариш ёки истеъмолчилар уланиши ёки синашида дастурларга асосан раҳбарлик қилиш.
3-боб. Марказнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
7. Марказ унга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
«Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар, ягона электр энергетика тизимига уланган янги ишлаб чиқариш ташкилотлари ҳамда йирик истеъмолчиларнинг тезкор ходимларига электр энергетика тизимидаги электр энергияси ва қувват балансини таъминлаш, авария ҳолатларининг олдини олиш, уларни бартараф этиш ва авариядан кейинги режимларни тиклаш вазиятларида қатъий бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар бериш;
«Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар йирик истеъмолчилар, ягона энергетика тизимига уланаётган янги ишлаб чиқариш қувватларининг раҳбар ходимларига Марказ ваколатига кирувчи масалалар бўйича фармойиш ва тавсиялар бериш;
Марказ раҳбар ходимларининг тизим корхоналари техник раҳбар ва тезкор навбатчи ходимларининг лавозим бўйича билимларини синовдан ўтказиш жараёнларида иштирок этиш;
тезкор диспетчерлик бошқаруви фаолиятида ва фавқулодда ҳолатлар бартараф этилиши чўзилишига олиб келувчи диспетчерлик интизомининг, техника хавфсизлиги қоидалари, техникадан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши аниқланса, тизим корхоналари тезкор навбатчи ходимларини навбатчиликдан четлаштириш;
авария режимини бартараф этишда Марказ томонидан ягона электр энергетика тизимида мавжуд бўлган барча захира қувватлардан фойдаланиш, электр энергетика объектларида режали-жорий таъмирлаш ишларини бекор қилиш, шунингдек, электр энергияси истеъмолига чекловлар жорий этиш;
ягона электр энергетика тизимининг ривожланишига доир лойиҳалар бўйича тизим корхоналарига ва Энергетика вазирлигига таклифлар бериш ҳамда электр энергетика тизимига оид инвестиция лойиҳаларини келишишда иштирок этиш;
мутахассисларнинг малакасини ошириш доирасида ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда махсус курсларда, шу жумладан, чет давлатларда ўқитишни ташкил этиш;
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) доирасида хорижий мамлакатлардаги корхоналар ва ташкилотлар билан ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантириш;
белгиланган тартибда банкларда ҳар қандай ҳисобларни, шу жумладан, валюта ҳисобларини очиш, банк ссудалари ва кредитларини олиш, қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай тўлов шаклларини амалга ошириш;
ягона электр энергетика тизимининг ҳамда истеъмолчиларнинг электр таъминоти ишончлилигини ошириш бўйича Энергетика вазирлиги ҳамда тизим ташкилотлари раҳбарларига таклиф бериш;
ягона электр энергетика тизимининг турғун, ишончли ва барқарор ишлашини таъминлаш учун Марказ департаменти ҳамда ҳудудлардаги минтақавий диспетчерлик бошқармаси ва ҳудудий бўлимларнинг электр энергетика объектлари ходимларига ўз ваколати доирасида топшириқлар бериш;
Марказ ходимларига мулкчилик шаклларидан қатъи назар барча электр энергетика объектларига кириш ва тезкор диспетчерлик бошқаруви ҳамда реле ҳимояси ва автоматикаси масалаларининг бажарилиши устидан текширув олиб бориш;
«Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар йирик истеъмолчилар, ягона энергетика тизимига уланаётган янги ишлаб чиқариш қувватлари (шу жумладан, қайта тикланувчи электр манбалари асосида) тезкор ходимларининг Марказ ва унинг минтақавий бошқарма ва ҳудудий бўлимларининг томонидан берилган топшириқларини бажармаганлиги, ёлғон маълумот берилганлик ёки авария ҳолатларини яшириш ҳолатлари учун навбатчиликдан четлаштириб, Марказ комиссияси томонидан навбатдан ташқари имтиҳон ўтказиш.
Марказ ўз вазифа ва функциялари бажарилишини таъминлаши учун «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар йирик истеъмолчилар, ягона энергетика тизимига уланаётган янги ишлаб чиқариш қувватлари (шу жумладан қайта тикланувчи электр манбалари асосида) томонидан Марказ ва унинг тегишли бошқармалари томонидан сўралган маълумотлар тақдим этилиши шарт.
8. Марказ раҳбарияти ва унинг минтақавий бошқарма ва ҳудудий бўлимларининг уларга юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилишига жавобгар ҳисобланади.
9. Марказ директори ушбу Низом талабларига мувофиқ бошқарувнинг барча фаолият турлари учун жавобгардир.
10. Марказ ходимлари зиммасига юклатилган вазифалар доирасида тасдиқланган лавозим йўриқномалари, ички меҳнат тартиби қоидалари, Ўзбекистон Республикаси Электр станциялари ва тармоқларини эксплуатация қилиш қоидалари, Техника хавфсизлиги қоидалари, Ёнғин хавфсизлиги қоидалари ва бошқа лавозим, ишлаб чиқариш йўриқномалари талабларига риоя этмаганлик учун жавобгар ҳисобланадилар.
4-боб. Марказнинг бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги
11. Марказ ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар йирик истеъмолчилар ҳамда ягона энергетика тизимига янги уланаётган янги ишлаб чиқариш корхоналари ва уларнинг таркибий бошқарма ва бўлимлари билан Марказ томонидан ишлаб чиқилган ва Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланган йуриқномаларга асосан ҳамкорликни амалга оширади.
12. Ягона электр энергетика тизимига уланган барча электр энергетика объектлари тезкор ходимлари Марказ ва унинг таркибига кирувчи бошқарма ва бўлимларнинг фаолият доирасида берилган топшириқлари ва кўрсатмаларини сўзсиз бажаришга мажбурдирлар.
13. Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари тўлиқ фаолият кўрсатишида зарур инвентарлар, алоқа воситалари ва бошқа барча ускуналар, шу жумладан, электр ва иссиқлик таъминоти билан жиҳозланган хоналарга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилишида ва фаолият олиб боришида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг биринчи раҳбарлари шахсан масъул ҳисобланадилар.
14. Марказ таркибига кирувчи Миллий диспетчерлик департаменти (МДД), реле ҳимояси ва автоматика бўлими (РҲваА), электр режимларини ҳисоблаш бўлими (ЭРҲБ), иқтисодий режимлар бўлими (ИРБ), 5 та минтақавий диспетчерлик бошқармалари (МДБ), 14 та ҳудудий диспетчерлик бўлимлари (ҲДБ) оператив жиҳатдан, энергетика вазирининг ўринбосари тасдиқлаган мажбуриятлар тақсимланишига мувофиқ, вазирнинг ўринбосарига бўйсунадилар. Марказ ва унинг таркибига кирувчи бошқармаларнинг йиллик ва ойлик иш режалари ва улар бўйича ҳисоботлар энергетика вазирининг ўринбосари томонидан тасдиқланади.
15. Марказ Энергетика вазирлиги тузилмасига киради. Энергетика вазирлиги Марказнинг муассиси ҳисобланади.
16. Марказ таркибий тузилмасига кирувчи минтақавий бошқарма ва ҳудудий бўлимлар ўз фаолиятини Марказ томонидан ишлаб чиқиладиган ва Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ҳужжатлар асосида амалга оширади.
17. Ягона электр энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда Марказнинг тезкор-диспетчерлик бошқаруви, энергетика тизимининг ишончилилиги ва хавфсизлиги борасидаги фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олиш учун тизим ташкилотларининг биринчи раҳбарлари шахсан масъул ҳисобланиб, бундай ҳолатлар юз берган тақдирда, тизим ташкилотларининг биринчи раҳбарларига Марказ директори томонидан Энергетика вазирига интизомий жазо чоралари қўлланилиши бўйича тақдимнома киритилади.
18. Марказ ўзига юклатилган вазифаларни бажариш давомида Энергетика вазирлиги, «Энергия» КДМ, ягона электр энергетика тизими таркибига кирувчи жамиятлар ва корхоналар билан ушбу Низом ҳамда Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланган Марказ ва тизим корхоналар ўртасидаги йўриқномалар асосида ўзаро муносабатларни амалга оширади.
19. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Марказ топшириғига асосан истеъмолчилар билан биргаликда, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари билан келишган ҳолда қувват ва электр энергияси истеъмоли бўйича чеклаш ва узиб қўйиш жадвалларини ишлаб чиқади ва Марказга тақдим этади. Мазкур чеклов жадваллари Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланади.
20. Марказ ҳамда унинг таркибий бўлинмаларининг Марказ ваколат доирасидан келиб чиқиб, тезкор-диспетчерлик бошқарувини амалга оширишига ягона электр энергетика тизимига кирувчи бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг аралашишига йўл қўйилмайди.
5-боб. Марказнинг ҳисобот бериши
21. Марказ директори Марказ фаолияти тўғрисида Энергетика вазирлиги олдида мунтазам равишда ҳисобот беради.
Энергетика вазирлиги Марказ директори ва унинг ўринбосари фаолиятининг уларга юкланган вазифалар самарали бажарилиши бўйича доимий мониторингини олиб боради, Марказ фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.
5 1 -боб. Марказ фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш
20 1 . Марказнинг моддий-техника таъминоти, Марказ директори ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш бўйича харажатлар:
шартнома асосида ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
20 2 . Марказда бухгалтерия ҳисоби бухгалтерия ҳисоботи миллий стандартлари асосида юритилади, солиқ ва молиявий ҳисоботлар тузилади.
20 3 . Марказ директори ва ходимларининг меҳнатига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига , ушбу Низомга, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, жамоа шартномасига, шунингдек, бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқ ҳақ тўланади ва у қуйидагиларни ўз ичига олади:
лавозим маошлари (тариф ставкалари);
лавозим маошларига қўшимчалар ва устамалар;
меҳнатнинг якуний натижаларига кўра белгиланадиган мукофотлар.
20 4 . Марказ штатлар жадвали Марказ директори томонидан тасдиқланади ҳамда энергетика вазири томонидан келишилади ҳамда унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.
20 5 . Ходимнинг лавозим маоши белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ягона тариф сеткасининг тегишли разряди тариф коэффициентини 1,5 бараварга оширилган миқдорда қўлланади.
20 6 . Меҳнат қонунчилигида белгиланган байрам кунлари ва касб байрами муносабати билан ходимга лавозим маошининг 2 баравари миқдорида мукофот пули тўланади.
20 7 . Марказ ва унинг таркибий бўлинмалари таркибига кирадиган ходимларнинг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ лавозим маоши, лавозим маошига устама ҳақлар, байрам пули, ҳар ойлик (рағбатлантирувчи тусдаги) пуллар ҳамда бошқа тўловлар ва устамаларни белгилашда тариф коэффициенти оширилган тариф коэффициентини ҳисобга олган ҳолда қўлланади.
20 8 . Марказ ва унинг таркибий бўлинмалари ходимларига меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ Марказ маблағлари ҳисобидан лавозим маошига қуйидаги қўшимчалар ва устамалар тўланади:
ходимлар меҳнатини рағбатлантириш мақсадида лавозим маошига 40 фоиз миқдорида устама (марказий аппарат ходимларига) тўлов;
овқатланиш харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараварида ҳар ойлик компенсация тўлови;
йўлкира харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараварида ҳар ойлик компенсация (хизмат автотранспорт воситалари билан таъминланган ёки шахсий автотранспорт воситаларидан фойдалангани учун компенсация тўловларини оладиган, шу жумладан, хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар қоплаб бериладиган ходимлар бундан мустасно) тўлови;
ходимга лавозим маошининг икки баравари миқдорида устама ва қўшимча ҳақ тўловлари;
Марказнинг бошқарув, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига умумий кўп йиллик хизмати учун оширилган коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига қуйидаги миқдорларда ҳар ойда устама (узоқ муддат ишлаган йиллари учун мукофот олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи Марказнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади) тўлов:
1 йилдан 3 йилгача — 0,1;
3 йилдан 5 йилгача — 0,2;
5 йилдан 7 йилгача — 0,3;
7 йилдан 10 йилгача — 0,4;
10 йилдан 15 йилгача — 0,5;
15 йилдан 20 йилгача — 0,6;
20 йилдан 30 йилгача — 0,7;
30 йилдан ортиқ — 0,8;
ходимга ҳар йиллик меҳнат таътилига чиқаётганда моддий ёрдам ва компенсация тўловлари.
20 9 . Марказнинг хўжалик фаолияти натижаларига кўра ходимлар самарали меҳнатини ҳисобга олган ҳолда, йил якуни бўйича лавозим маошининг ўн бараваригача миқдорда мукофотланади.
Йил якуни бўйича мукофотлаш тартиби ва тўлов шартлари Марказнинг ички ҳужжатларида белгиланган қоидалар билан тартибга солинади.
20 10 . Ходимлар муҳим топшириқларни сифатли, натижадорлик билан бажаргани учун уларга бўйсунуви бўйича таркибий бўлинма раҳбари ёки директор ўринбосари томонидан берилган билдирги асосида лавозим маошининг икки бараваригача бўлган миқдорда мукофот пули берилиши (шунингдек, Энергетика вазирлигининг топшириғи асосида ҳам мукофот берилиши) мумкин.
Функционал вазифаларини ўз вақтида, сифатли бажарган ходимларни мукофотлаш, уларнинг фаолиятини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун улар самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) натижаларига кўра Марказнинг ўз маблағлари ҳисобидан лавозим маошининг беш бараваригача рағбатлантирилади.
20 11 . Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун бир календарь йилда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн беш бараваригача миқдорда моддий ёрдам тўланади (ушбу моддий ёрдам, қоида тариқасида, куз ойларида берилади).
20 12 . Марказ ўз фаолиятида белгиланган вазифаларини бажаришда маҳаллий, хорижий мутахассислар ва халқаро маслаҳатчиларни жалб қилиш ҳуқуқига эга. Уларга иш ҳақи тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ тўланади.
20 13 . Энергетика соҳасида кўп йиллик хизматлари учун бериладиган унвонлар ва илмий даражага эга бўлган ходимларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда қўшимча тўловлар тўланади.
6-боб. Якунловчи қоида
22. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 10 июнь,
325-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Energetika vazirligi huzurida “Milliy dispetcherlik markazi” davlat muassasasining faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasi toʻgʻrisida” 2022-yil 28-yanvardagi PF-60-son Farmoniga va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Energetika vazirligi huzurida Milliy dispetcherlik markazi davlat unitar korxonasini tashkil etish toʻgʻrisida” 2022-yil 24-martdagi 126-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Vazirlar Mahkamasining “Energetika vazirligi huzurida “Milliy dispetcherlik markazi” davlat muassasasini tashkil etish toʻgʻrisida” 2022-yil 24-martdagi 126-son qaroriga muvofiq:
Energetika vazirligi huzurida “Milliy dispetcherlik markazi” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Milliy dispetcherlik markazi) tashkil etilgani;
Milliy dispetcherlik markaziga “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ hamda “Hududiy elektr tarmoqlari” AJning milliy, mintaqaviy va hududiy dispetcherlik funksiyalarini oʻtkazish belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Energetika vazirligi huzuridagi “Milliy dispetcherlik markazi” davlat muassasasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Belgilansinki, Milliy dispetcherlik markazi tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼiy nazar yagona elektr energetika tizimiga ulangan tashkilotlarning real vaqt rejimida, markazlashtirilgan tarzda uzluksiz tezkor-dispetcherlik boshqaruvini amalga oshiradi hamda yagona elektr energetika tizimining qoʻshni davlatlar energetika tizimlari bilan parallel ravishda ishlash rejimini boshqaradi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi bir oy muddatda:
Milliy dispetcherlik markazni yuqori malakali mutaxassis xodimlar bilan toʻldirish chorasini koʻrsin;
Milliy dispetcherlik markazining 2022-yil uchun daromadlar va xarajatlar smetasini tasdiqlasin va Moliya vazirligiga roʻyxatdan oʻtkazish uchun kiritsin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining Geologiya, energetika, sanoat va uning bazaviy tarmoqlarini rivojlantirish masalalari boʻyicha maslahatchisi B.F. Islamov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 10-iyundagi 325-son qaroriga ILOVA
Energetika vazirligi huzuridagi “Milliy dispetcherlik markazi” davlat muassasasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisidagi
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi huzuridagi “Milliy dispetcherlik markazi” davlat unitar korxonasining (keyingi oʻrinlarda — Markaz) maqomi, asosiy vazifalari, funksiyalari, huquqlari, javobgarligi, faoliyatini tashkil etish va hisobot berish tartibini, shuningdek, uning rahbarlarining funksional vazifalari va masʼuliyatini belgilaydi.
2. Markaz Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligiga (keyingi oʻrinlarda — Energetika vazirligi) boʻysunadi.
3. Markaz oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, shuningdek, ushbu Nizomga va boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
4. Markaz Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga, oʻz nomi yozilgan shtamplar, blankalarga ega boʻladi.
2-bob. Markazning vazifalari va funksiyalari
5. Markazning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
yagona elektr energetika tizimini real vaqt rejimida operativ boshqarish va uning ishonchli ishlashini taʼminlash;
yagona elektr energetika tizimi tarkibiga kiruvchi korxonalarning dispetcherlik boshqaruvini amalga oshirish;
elektr energiyasiga boʻlgan talab va taklifdan kelib chiqib, shuningdek, elektr energiyasini ishlab chiqarish va uning isteʼmol qilinishiga taʼsir qiluvchi barcha omillarni hisobga olgan holda uni ishlab chiqarish va isteʼmol qilishning har soatlik rejimini shakllantirish;
yagona elektr energetika tizimining texnik va iqtisodiy jihatdan eng maqbul rejimlarda ishlashini taʼminlash;
yagona elektr energetika tizimining qoʻshni davlatlar energetika tizimlari bilan parallel ravishda ishlash rejimlarini boshqarish;
Markaz xodimlarini doimiy ravishda xorijda malaka oshirishini taʼminlash hamda malakali xorijiy mutaxassislarni Markazga jalb qilish;
avariya rejimlari yuzaga kelishining oldini olish, ularni bartaraf etish va avariya rejimi bartaraf etilganidan keyin tizimning ishonchliligini tiklash.
6. Markaz oʻziga yuklangan vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
a) yagona elektr energetika tizimini real vaqt rejimida operativ boshqarish va uning ishonchli ishlashini taʼminlash sohasida:
elektr energetika obyektlarining tezkor-dispetcherlik boshqaruvini amalga oshirish, shuningdek, yagona elektr energetikasi tizimining boshqa davlatlar elektr energetikasi tizimlari bilan hamkorligini taʼminlash;
yagona elektr energetika tizimidagi mavjud barcha zaxiralardan foydalanish orqali davlatlararo kelishilgan quvvat oqimlarini hisobga olgan holda elektr energiyasini ishlab chiqarish va isteʼmol qilish balansini taʼminlash;
yagona elektr energetika tizimidagi mavjud elektr energiyasining ishlab chiqarish va turgʻunlik zaxiralari doirasida yuklama va davlatlararo elektr energiyasi oqimlari rejasi bajarilishini taʼminlash;
elektr energiyasi va quvvat ishlab chiqarish, uzatish va isteʼmol qilish rejimlarini boshqarish, elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi, magistral elektr tarmoqlari, hududiy elektr tarmoqlari tashkilotlari va yirik elektr energiyasi isteʼmolchilarining texnologik faoliyatini muvofiqlashtirish;
oʻzaro kelishilgan yuriqnomalarga asosan “Energiya” koordinatsion dispetcherlik markazining (keyingi oʻrinlarda — “Energiya” KDM) topshiriq va koʻrsatmalariga muvofiq yagona elektr energetika tizimining davlatlararo kunlik rejalashtirilgan elektr energiyasi va quvvat oqimlarining qiymatlarini oʻzgartirishni taʼminlash;
Markaziy Osiyo Birlashgan elektr energetika tizimida davlatlararo elektr energiyasi va quvvat oqimlariga taʼsir etuvchi elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi korxonalarning yuklamasini oʻzgartirishini taʼminlash;
davlatlararo elektr energiyasi va quvvat oqimlarini kelishilgan qiymatini taʼminlash uchun energotizimda mavjud zaxira quvvatlarni ishga solish;
yagona elektr energetika tizimining Markaziy Osiyo yagona elektr energetika tizimi orasidagi saldo oqimlar jadvallari tuzilishida ishtirok etish va uning bajarilishini taʼminlash;
oʻtgan kun uchun energotizim elektr energiyasi isteʼmoli va ishlab chiqarish jadvallarini tahlil qilish hamda saldo oqimlar ogʻishini aniqlash boʻyicha ishlarni amalga oshirish;
elektr energetikasi obyektlarida oʻrnatilgan releli himoya va avariyaga qarshi avtomatika uskunalari ekspluatatsiyasi ustidan nazorat qilish;
yangi qurilayotgan elektr energetika obyektlarining loyihalarini ishonchlilik talablari, rele himoya hamda avariyaga qarshi avtomatika boʻyicha prinsipial yechimlari qismida koʻrib chiqish va kelishish;
Markaz va uning mintaqaviy boshqarma va hududiy boʻlimlari tezkor tasarrufida va qaramogʻida boʻlgan elektr qurilmalarida sodir boʻlgan avariya holatlarini bartaraf etishda rahbarlik qilish;
rele himoya va avariyaga qarshi avtomatika, dispetcherlik-texnologik boshqaruv vositalari qurilmalarining kunlik ishlash holatlarini tahlil qilish;
yangi obyektlarni ishga tushirish bilan bogʻliq holatlar uchun asosiy sxemalar va elektr rejimlarni ishlab chiqish;
yagona elektr energetika tizimini tezkor boshqarish, rele himoya hamda avariyaga qarshi avtomatika qurilmalari boʻyicha yoʻriqnomalarni ishlab chiqish va oʻz vaqtida qayta koʻrib chiqishni nazorat qilish;
yagona elektr energetika tizimining haqiqiy quvvat oqimlari, tarmoq elementlarining yuklanishi, asosiy nazorat nuqtalarida kuchlanish qiymatlarini va avtomatik chastotaviy yuksizlantirish hamda maxsus yuklamani oʻchirish qurilmasining haqiqiy quvvatlarini aniqlash uchun nazorat oʻlchashlarni olib borishni tashkil etish;
yagona elektr energetikasi tizimi va uning qismlarida yangi obyektlarni kiritish, mavjudlarini kengaytirish hamda rekonstruksiya qilish boʻyicha loyihalarni koʻrib chiqishda qatnashish, shuningdek, ushbu loyihalar toʻgʻrisida takliflar berish va kelishish, elektr energetikasi obyektlariga ulanish uchun texnik shartlarni koʻrib chiqish va kelishish;
b) yagona elektr energetika tizimi tarkibiga kiruvchi korxonalarning dispetcherlik boshqaruvini amalga oshirish sohasida:
yagona elektr energetika tizimidagi elektr energetika obyektlarida tezkor-dispetcherlik boʻysunuvini aniqlash va uni qayta koʻrib chiqish;
Markaz va uning mintaqaviy boshqarma va hududiy boʻlimlari tezkor boʻysunuvida boʻlgan elektr energetika obyektlarining asosiy va yordamchi qurilmalarini yillik va oylik mukammal va joriy taʼmirlash jadvallarini koʻrib chiqish va kelishish;
Markaz dispetcheri boʻysunuvi yoki qaramogʻida boʻlgan rele himoya hamda avariyaga qarshi avtomatika, chastota va quvvatni avtomatik rostlash va dispetcherlik-texnologik boshqaruv vositalari qurilmalarining profilaktika va tiklash boʻyicha yillik ish rejalarini ishlab chiqishda qatnashish va “Energiya” KDM dispetcheri boʻysunuvi yoki qaramogʻida boʻlgan rele himoya hamda avariyaga qarshi avtomatika, chastota va quvvatni avtomatik rostlash va dispetcherlik-texnologik boshqaruv vositalari qurilmalari rejalarini muvofiqlashtirish;
magistral elektr tarmoqlari, elektr energiyasi ishlab chiqarish korxonalari va elektr tarmoq xoʻjalik obyektlari tezkor-dispetcherlik xizmatlarining bevosita boʻysunuvchi xodimlari ustidan yagona elektr energetika tizimi elektr qurilmalarini texnik ekspluatatsiya qilish qoidalarida mavjud talablarga muvofiq elektr tarmoq inshootlari asosiy uskunalarini yoqish va oʻchirish, kommutatsion apparatlarning mavjud yoʻriqnomaga mosligi, kunlik jadvaldan chiqish holatlarida elektr energiyasi ishlab chiqarish korxonalari energobloklarining yuklamasini oʻzgartirish, kuchlanish va chastotani rostlash, qaynoq zaxirani joylashtirish masalalari boʻyicha harakatlarini boshqarish;
“Energiya” KDM tezkor boshqaruvi yoki qaramogʻida boʻlgan uskunalarda hamda rele himoyasi va avtomatika qurilmalari zanjirlarida qayta ulash operatsiyalarini bajarish;
Markaz va “Energiya” KDM tezkor boʻysunuvi yoki qaramogʻida boʻlgan elektr energetika obyektlari elektr qurilmalari rele himoya va avtomatika uskunalari bilan jihozlanganligi hamda ularning oʻrnatmalari sozlanishi ustidan nazorat olib borish hamda tezkor-texnik rahbarlikni amalga oshirish;
Markaz va “Energiya” KDM tezkor boshqaruvi yoki qaramogʻidagi tarmoqlardagi rele himoyasi va avtomatika qurilmalari ishlashini doimiy tahlil qilish;
“Energiya” KDM va ichki koʻrsatmalarga muvofiq rele himoya va avtomatika qurilmalari ishlashini nazorat qilish;
elektr energetika obyektlari uchun tezkor-dispetcherlik boshqaruvi hamda elektr energetika tizimidagi avariyalarning oldini olish sohasidagi normativ hujjatlarni ishlab chiqish;
elektr energetika obyektlari tomonidan taqdim etilgan asosiy uskuna hamda rele himoya va avtomatika qurilmalari sinov dasturlarini kelishish;
tezkor-dispetcherlik boshqaruvi sohasidagi normativ hujjatlarga asosan chastotani rostlashda ishtirok etish;
tezkor-dispetcherlik boshqaruvi sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq Markaziy Osiyo Birlashgan elektr energetika tizimi asosiy tarmogʻining nazorat nuqtalarida kuchlanish qiymatlarini aniqlash va uni tartibga solishda qatnashish;
tezkor-dispetcherlik boshqaruvi, shuningdek, rele himoya va avariyaga qarshi avtomatika qurilmalarini ekspluatatsiya qilishning muammoli masalalarini hal qilish uchun zarur tadqiqotlarni tashkil qilish, shuningdek, ushbu masalalarni hal qilishda ixtisoslashgan tashkilotlarni jalb etish;
elektr energetika obyektlari tomonidan taqdim etilgan yagona elektr energetika tizimining asosiy uskunalarini sinovdan oʻtkazish dasturlarini koʻrib chiqish va ushbu sinovlarni oʻtkazishda rahbarlik qilish;
elektr energiyasini cheklash va uzib qoʻyish jadvallarini joriy etish tartibini belgilash;
elektr stansiyalari va tarmoqlarining asosiy uskunalarini, energetika tizimi subyektlarining rele himoya va avariyaga qarshi avtomatika qurilmalarini, dispetcherlik-texnologik boshqarish vositalarini taʼmirlashga chiqarishga buyurtmanomalarni, energetika tizimi rejimlarini hisobga olgan holda koʻrib chiqish;
mulkchilik shakllaridan qatʼi nazar elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi, magistral va hududiy elektr tarmoqlari korxonalarining buyurtmanomalari asosida elektr stansiyalari va elektr tarmoqlarining asosiy uskunalarini, dispetcherlik-texnologik boshqarish vositalarini, rele himoyasi va avtomatika qurilmalarini taʼmirlash va zaxiraga chiqarish ustidan tezkor-dispetcherlik rahbarlikni amalga oshirish;
elektr energiyasi ishlab chiqaruvchi korxonalarning ayrim generatorlari, tizimning ichki bogʻlanishlari va ayrim tugunlari uchun normal va taʼmirlash rejimlari boʻyicha statik va dinamik turgʻunlik hisob-kitoblarini amalga oshirish, avariyaga qarshi avtomatikaga rejim talablarini, oʻrnatmalarini ishlab chiqish, shuningdek, ularni joriy etish uchun elektr energetika tizim tashkilotlariga topshiriqlar berib, bajarilishi ustidan nazorat olib borish;
yagona elektr energetika tizimida mavjud avtomatik chastotaviy yuksizlantirish quvvatlari hajmini aniqlash va kelishish;
v) elektr energiyasiga boʻlgan talab va taklifdan kelib chiqib, shuningdek, elektr energiyasini ishlab chiqarish va uning isteʼmol qilinishiga taʼsir qiluvchi barcha omillarni hisobga olgan holda uni ishlab chiqarish va isteʼmol qilishning har soatlik rejimini shakllantirish sohasida:
elektr energiyasi isteʼmoli prognoziga binoan yagona elektr energetikasi isteʼmolchilari uchun kelgusi kunga soatlik yuklama jadvallarini ishlab chiqish;
yagona elektr energetika tizimiga ulangan elektr energiyasi ishlab chiqarish korxonalariga elektr energiyasi isteʼmoli talabidan kelib chiqib kelgusi kunga barcha omillarni hisobga olgan holda soatlik yuklama jadvallarini ishlab chiqish;
energetika va irrigatsiya ehtiyojlaridan kelib chiqib daryo oqimlaridan toʻla va samarali foydalanish maqsadida gidroelektr stansiyalari ish rejimlarini ishlab chiqish;
elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi korxonalarni, ularning texnik-iqtisodiy tavsiflaridan kelib chiqqan holda berilgan yuklama grafiklariga asosan oʻz vaqtida ishga qoʻyish va ishdan toʻxtatishni taʼminlash;
g) yagona elektr energetika tizimining texnik va iqtisodiy jihatdan eng maqbul rejimlarda ishlashini taʼminlash sohasida:
yuklamani elektr energiyasi ishlab chiqaruvchi korxonalar oʻrtasida iqtisodiy maqbul ravishda taqsimlash;
yagona elektr energetika tizimining aktiv va reaktiv quvvatlar boʻyicha optimal rejimini taʼminlash;
suv trakt rejimi tezkor boshqaruvini amalga oshirish, Chorvoq suv omborini toʻldirish va ishlatish jadvallarini tuzish va yil davomida uning bajarilishi ustidan rahbarlikni amalga oshirish;
irrigatsiya va elektr energiyasi ehtiyojlaridan kelib chiqib daryo oqimlaridan toʻliq va samarali foydalanish maqsadida gidroelektrostansiyalar (keyingi oʻrinlarda — GES) ish rejimlarini ishlab chiqishda qatnashish;
gidrotexnik rejimlar boʻyicha hisob-kitoblar va dasturlarni koʻrib chiqish hamda kelishish (gidroenergetik traktlarning boʻshatilishi, toʻldirilishi, suv omborlarining ishlatilishi va boshqalar);
yagona elektr energetika tizimining turli ish holatlari uchun, shu jumladan, yangi ishga kiritilayotgan, Markaz tezkor boʻysinuvida yoki qaramogʻida boʻlgan obyektlarning asosiy sxemalari elektr rejimlarini hisoblash;
elektr stansiyalar, podstansiyalar, elektr uzatish liniyalarining asosiy uskunalari, rele himoyasi, avariyaga qarshi avtomatika, yagona elektr energetika tizimi subyektlarining, mulkchilik shakllaridan qatʼi nazar, texnologik boshqarish tizimlarini joriy taʼmirlash jadvallarini kelishish, taʼmirlash rejalarini optimallashtirish boʻyicha takliflar tayyorlash.
d) yagona elektr energetika tizimining qoʻshni davlatlar energetika tizimlari bilan parallel ravishda ishlash rejimlarini boshqarish sohasida:
Markaziy Osiyo Birlashgan elektr energetika tizimining parallel ishlashini tartibga soluvchi hujjatlarni ishlab chiqish boʻyicha yigʻilishlarda qatnashish;
chegaradosh davlatlarning energetika tizimlari bilan parallel ishlash, shu jumladan, ularning dispetcherlik markazlari bilan oʻzaro hamkorlik qilish masalalari boʻyicha Markaziy Osiyo Koordinatsion Kengashi ishlarida ishtirok etish;
“Energiya” KDM tomonidan tizimlararo elektr energiyasi oqimlari va quvvat rostlash boʻyicha taqdim etilgan tezkor va yakuniy hisobotlarni tahlil va nazorat qilish;
yilning muayyan davrlari uchun yagona elektr energetika tizimining quvvat balansini ishlab chiqishda ishtirok etish hamda elektr energetika tizimi boʻyicha yillik hisobot uchun maʼlumotlarning tayyorlanishini nazorat qilish;
Markaziy Osiyo Birlashgan elektr energetika tizimi tarkibiga kiruvchi energetika tizimlari bilan sutkalik va yillik quvvat oqimlari grafigini tuzish;
yagona elektr energetikasi tizimining ishonchlilik mezonlari asosida chegaradosh davlatlarning energetika tizimlari bilan parallel ishlash, shu jumladan, ularning dispetcherlik markazlari bilan oʻzaro hamkorlik qilish tartibini ishlab chiqishda qatnashish;
e) Markaz xodimlarining doimiy ravishda xorijda malaka oshirishini taʼminlash hamda malakali xorijiy mutaxassislarni jalb qilish sohasida:
xodimlarni rivojlangan xorijiy davlatlarda oʻqitish, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishni tashkil etish;
mutaxassislarning malakasini oshirish doirasida rivojlangan xorijiy mamlakatlar tajribasiga tayangan holda maxsus kurslarda, shu jumladan, chet davlatlarda oʻqitishni tashkil etish;
Markaz tarkibidagi xodimlarning tasdiqlangan jadvallar boʻyicha bilimlarini tekshirishni nazorat qiladi va uni amalga oshirish;
yagona elektr energetika tizimidagi podstansiyalar boshqaruvini avtomatlashtirish, obyektlar va korxonalarda teleboshqaruv funksiyalarini joriy etish ustidan nazorat qilish;
xorijiy davlatlar tezkor-dispetcherlik boshqaruvining eng yaxshi amaliyotlarini, shuningdek, rele himoya hamda avariyaga qarshi avtomatika qurilmalari ishlatishning ilgʻor tajribasini umumlashtirish, tarqatish va ularni amalga oshirishda yordam berish;
j) avariya rejimlari yuzaga kelishining oldini olish, bartaraf etish va avariya rejimi bartaraf etilganidan keyin tizimning ishonchliligini tiklash sohasida:
yagona elektr energetika tizimida Markaz va uning mintaqaviy boshqarma va hududiy boʻlimlarning tezkor boshqaruvida yoki qaramogʻida boʻlgan elektr qurilmalaridagi avariyaviy rejimlarni bartaraf etishda va avariyadan keyingi rejimlarni tiklashda rahbarlik qilish;
avariyalarni bartaraf etish boʻyicha maxsus koʻrsatmalarga muvofiq Markaziy Osiyo Birlashgan elektr energetika tizimida yoki yagona elektr energetika tizimida favqulodda (avariya) vaziyatlarni bartaraf etish;
yagona elektr energetika tizimiga ulangan korxona va tashkilotlar Markazning topshirigʻiga asosan avariya holatlarning oldini olish yoki uni bartaraf etish boʻyicha koʻrsatmalarini bajarishini taʼminlash;
avariyaga qarshi avtomatikani joriy etish loyihalarini amalga oshirishda hamda energetika tizimi ish rejimlarini hisoblash usullari va texnik vositalarini ishlab chiqish, tatbiq etish va rivojlantirishda ishtirok etish;
avariya holatlarini tekshirishda hamda avariya sodir boʻlishini oldini olish chora-tadbirlarini ishlab chiqishda ishtirok etish;
yagona elektr energetika tizimida avariyaviy rejimlar, elektr quvvati va energiya tanqisligi paydo boʻlganda dastlab hududiy elektr tarmoq korxonalari tomonidan ishlab chiqilgan va mahalliy hokimiyat bilan kelishilgan cheklov jadvallariga asosan cheklovlar kiritish boʻyicha topshiriqlar berish;
yagona elektr energetika tizimi tarkibiga kiruvchi energetika obyektlarida texnologik nosozliklarni va baxtsiz hodisalarni tekshirishda qatnashish, ularning oldini oluvchi chora-tadbirlarni kelishishda ishtirok etish;
Markaziy Osiyo Birlashgan elektr energetika tizimida sodir boʻlgan avariyalarni tahlil qilishda qatnashish;
yangi ishga kiritiladigan va rekonstruksiya qilinadigan elektr tarmoq obyektlari boʻyicha loyihalashtirish topshiriqlarini ishlab chiqishda ishtirok etish, loyihalarni va ishga tushirish sxemalarini kelishish;
yagona elektr energetika tizimi obyektlaridagi va korxonalaridagi rele himoya va avariyaga qarshi avtomatika qurilmalarining ishlashini muvofiqlashtirish va nazorat qilishni tashkil etish;
energetika tizimining asosiy uskunalari va elektr tarmoqlari, rele himoyasi, avariyaga qarshi avtomatika va aloqa qurilmalarining ishga tayyorligini nazorat qilishni amalga oshirish hamda rele himoya qurilmalarining sxemalarini va ularning parametrlarini kelishish;
oʻzining xizmat koʻrsatish hududiga kirgan, elektr tarmoqlarining mustahkam ishlashi hamda isteʼmolchilarni shartlangan uzluksiz elektr energiyasi taʼminotini amalga oshirish, elektr tarmoqlar rejimlarini ishlab chiqish va yuritish;
elektr qurilmalar va tarmoqlarga xizmat koʻrsatishda, shuningdek, isteʼmolchilarga elektr energiyasini uzatishda yuqori tejamkorlikni taʼminlash;
oʻz xizmat doirasidagi barcha elektr tarmoqlarida yuklanishning taqsimlanishi boʻyicha tezkor dispetcherlik boshqaruvni olib borish hamda uni yaxshilash boʻyicha takliflar berish;
quvvat va elektr energiyasi boʻyicha topshiriq rejalari isteʼmolchilar tomonidan bajarilishini nazorat qilish;
isteʼmolchilarning ishonchli elektr taʼminoti sxemalarini ushlab turish va uni oʻzgartirish;
elektr energiyasi va quvvat isteʼmoli topshirigʻining bajarilishini taʼminlash;
oʻzining xizmat koʻrsatish hududiga kirgan elektr qurilmalarining meʼyoriy bir chiziqli sxemasini ishlab chiqish va zaruriyatga qarab ularga oʻzgartirishlar kiritish;
elektr energetikasi obyektlarida isteʼmolchilarning elektr taʼminoti uzilishlari va avariyaga qarshi avtomatika qurilmalarining ishlashi bilan bogʻliq favqulodda holatlarni tizim korxonalari bilan birgalikda tekshirish va tahlil qilish;
oʻzining tezkor boshqaruvida yoki qaramogʻida boʻlgan elektr qurilmalarini mukammal va joriy taʼmirlash uchun tegishli tizim tashkilotlari tomonidan tasdiqlangan ishlab chiqarish xizmatlari (podstansiyalar xizmati, yuqori kuchlanishli tarmoqlar xizmati, rele himoya va avtomatika xizmati, dispetcherlik va texnologik boshqaruv vositalari xizmati, oʻta kuchlanishdan himoya qilish va izolyatsiyani sinash xizmati) ning oylik ish rejalari boʻyicha buyurtmalarni olib, koʻrib chiqish va ishni tashkil etish:
Markaz mintaqaviy boshqarma va hududiy boʻlimlari tezkor boshqaruvida yoki qaramogʻidagi elektr qurilmalariga yangi ishlab chiqarish yoki isteʼmolchilar ulanishi yoki sinashida dasturlarga asosan rahbarlik qilish.
3-bob. Markazning huquqlari va javobgarligi
7. Markaz unga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish uchun quyidagi huquqlarga egadir:
“Issiqlik elektr stansiyalari” AJ, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Oʻzbekgidroenergo” AJ va tashkiliy-huquqiy shakllaridan qatʼi nazar, yagona elektr energetika tizimiga ulangan yangi ishlab chiqarish tashkilotlari hamda yirik isteʼmolchilarning tezkor xodimlariga elektr energetika tizimidagi elektr energiyasi va quvvat balansini taʼminlash, avariya holatlarining oldini olish, ularni bartaraf etish va avariyadan keyingi rejimlarni tiklash vaziyatlarida qatʼiy bajarilishi shart boʻlgan koʻrsatmalar berish;
“Issiqlik elektr stansiyalari” AJ, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Oʻzbekgidroenergo” AJ va tashkiliy-huquqiy shakllaridan qatʼi nazar yirik isteʼmolchilar, yagona energetika tizimiga ulanayotgan yangi ishlab chiqarish quvvatlarining rahbar xodimlariga Markaz vakolatiga kiruvchi masalalar boʻyicha farmoyish va tavsiyalar berish;
Markaz rahbar xodimlarining tizim korxonalari texnik rahbar va tezkor navbatchi xodimlarining lavozim boʻyicha bilimlarini sinovdan oʻtkazish jarayonlarida ishtirok etish;
tezkor dispetcherlik boshqaruvi faoliyatida va favqulodda holatlar bartaraf etilishi choʻzilishiga olib keluvchi dispetcherlik intizomining, texnika xavfsizligi qoidalari, texnikadan foydalanish qoidalarining buzilishi aniqlansa, tizim korxonalari tezkor navbatchi xodimlarini navbatchilikdan chetlashtirish;
avariya rejimini bartaraf etishda Markaz tomonidan yagona elektr energetika tizimida mavjud boʻlgan barcha zaxira quvvatlardan foydalanish, elektr energetika obyektlarida rejali-joriy taʼmirlash ishlarini bekor qilish, shuningdek, elektr energiyasi isteʼmoliga cheklovlar joriy etish;
yagona elektr energetika tizimining rivojlanishiga doir loyihalar boʻyicha tizim korxonalariga va Energetika vazirligiga takliflar berish hamda elektr energetika tizimiga oid investitsiya loyihalarini kelishishda ishtirok etish;
mutaxassislarning malakasini oshirish doirasida rivojlangan xorijiy mamlakatlar tajribasiga tayangan holda maxsus kurslarda, shu jumladan, chet davlatlarda oʻqitishni tashkil etish;
Mustaqil Davlatlar Hamdoʻstligi (MDH) doirasida xorijiy mamlakatlardagi korxonalar va tashkilotlar bilan oʻzaro foydali hamkorlikni rivojlantirish;
belgilangan tartibda banklarda har qanday hisoblarni, shu jumladan, valyuta hisoblarini ochish, bank ssudalari va kreditlarini olish, qonunchilikda taqiqlanmagan har qanday toʻlov shakllarini amalga oshirish;
yagona elektr energetika tizimining hamda isteʼmolchilarning elektr taʼminoti ishonchliligini oshirish boʻyicha Energetika vazirligi hamda tizim tashkilotlari rahbarlariga taklif berish;
yagona elektr energetika tizimining turgʻun, ishonchli va barqaror ishlashini taʼminlash uchun Markaz departamenti hamda hududlardagi mintaqaviy dispetcherlik boshqarmasi va hududiy boʻlimlarning elektr energetika obyektlari xodimlariga oʻz vakolati doirasida topshiriqlar berish;
Markaz xodimlariga mulkchilik shakllaridan qatʼi nazar barcha elektr energetika obyektlariga kirish va tezkor dispetcherlik boshqaruvi hamda rele himoyasi va avtomatikasi masalalarining bajarilishi ustidan tekshiruv olib borish;
“Issiqlik elektr stansiyalari” AJ, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Oʻzbekgidroenergo” AJ va tashkiliy-huquqiy shakllaridan qatʼi nazar yirik isteʼmolchilar, yagona energetika tizimiga ulanayotgan yangi ishlab chiqarish quvvatlari (shu jumladan, qayta tiklanuvchi elektr manbalari asosida) tezkor xodimlarining Markaz va uning mintaqaviy boshqarma va hududiy boʻlimlarining tomonidan berilgan topshiriqlarini bajarmaganligi, yolgʻon maʼlumot berilganlik yoki avariya holatlarini yashirish holatlari uchun navbatchilikdan chetlashtirib, Markaz komissiyasi tomonidan navbatdan tashqari imtihon oʻtkazish.
Markaz oʻz vazifa va funksiyalari bajarilishini taʼminlashi uchun “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Oʻzbekgidroenergo” AJ va tashkiliy-huquqiy shakllaridan qatʼi nazar yirik isteʼmolchilar, yagona energetika tizimiga ulanayotgan yangi ishlab chiqarish quvvatlari (shu jumladan qayta tiklanuvchi elektr manbalari asosida) tomonidan Markaz va uning tegishli boshqarmalari tomonidan soʻralgan maʼlumotlar taqdim etilishi shart.
8. Markaz rahbariyati va uning mintaqaviy boshqarma va hududiy boʻlimlarining ularga yuklatilgan vazifalarning oʻz vaqtida va samarali bajarilishiga javobgar hisoblanadi.
9. Markaz direktori ushbu Nizom talablariga muvofiq boshqaruvning barcha faoliyat turlari uchun javobgardir.
10. Markaz xodimlari zimmasiga yuklatilgan vazifalar doirasida tasdiqlangan lavozim yoʻriqnomalari, ichki mehnat tartibi qoidalari, Oʻzbekiston Respublikasi Elektr stansiyalari va tarmoqlarini ekspluatatsiya qilish qoidalari, Texnika xavfsizligi qoidalari, Yongʻin xavfsizligi qoidalari va boshqa lavozim, ishlab chiqarish yoʻriqnomalari talablariga rioya etmaganlik uchun javobgar hisoblanadilar.
4-bob. Markazning boshqa davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorligi
11. Markaz oʻziga yuklatilgan vazifalarni bajarishda “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Oʻzbekgidroenergo” AJ va tashkiliy-huquqiy shakllaridan qatʼi nazar yirik isteʼmolchilar hamda yagona energetika tizimiga yangi ulanayotgan yangi ishlab chiqarish korxonalari va ularning tarkibiy boshqarma va boʻlimlari bilan Markaz tomonidan ishlab chiqilgan va Energetika vazirligi tomonidan tasdiqlangan yuriqnomalarga asosan hamkorlikni amalga oshiradi.
12. Yagona elektr energetika tizimiga ulangan barcha elektr energetika obyektlari tezkor xodimlari Markaz va uning tarkibiga kiruvchi boshqarma va boʻlimlarning faoliyat doirasida berilgan topshiriqlari va koʻrsatmalarini soʻzsiz bajarishga majburdirlar.
13. Markaz va uning hududiy filiallari toʻliq faoliyat koʻrsatishida zarur inventarlar, aloqa vositalari va boshqa barcha uskunalar, shu jumladan, elektr va issiqlik taʼminoti bilan jihozlangan xonalarga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilishida va faoliyat olib borishida “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ va Davlat aktivlarini boshqarish agentligining birinchi rahbarlari shaxsan masʼul hisoblanadilar.
14. Markaz tarkibiga kiruvchi Milliy dispetcherlik departamenti (MDD), rele himoyasi va avtomatika boʻlimi (RHvaA), elektr rejimlarini hisoblash boʻlimi (ERHB), iqtisodiy rejimlar boʻlimi (IRB), 5 ta mintaqaviy dispetcherlik boshqarmalari (MDB), 14 ta hududiy dispetcherlik boʻlimlari (HDB) operativ jihatdan, energetika vazirining oʻrinbosari tasdiqlagan majburiyatlar taqsimlanishiga muvofiq, vazirning oʻrinbosariga boʻysunadilar. Markaz va uning tarkibiga kiruvchi boshqarmalarning yillik va oylik ish rejalari va ular boʻyicha hisobotlar energetika vazirining oʻrinbosari tomonidan tasdiqlanadi.
15. Markaz Energetika vazirligi tuzilmasiga kiradi. Energetika vazirligi Markazning muassisi hisoblanadi.
16. Markaz tarkibiy tuzilmasiga kiruvchi mintaqaviy boshqarma va hududiy boʻlimlar oʻz faoliyatini Markaz tomonidan ishlab chiqiladigan va Energetika vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan hujjatlar asosida amalga oshiradi.
17. Yagona elektr energetika tizimining barqaror ishlashini taʼminlash hamda Markazning tezkor-dispetcherlik boshqaruvi, energetika tizimining ishonchililigi va xavfsizligi borasidagi faoliyatiga ortiqcha aralashuvlarning oldini olish uchun tizim tashkilotlarining birinchi rahbarlari shaxsan masʼul hisoblanib, bunday holatlar yuz bergan taqdirda, tizim tashkilotlarining birinchi rahbarlariga Markaz direktori tomonidan Energetika vaziriga intizomiy jazo choralari qoʻllanilishi boʻyicha taqdimnoma kiritiladi.
18. Markaz oʻziga yuklatilgan vazifalarni bajarish davomida Energetika vazirligi, “Energiya” KDM, yagona elektr energetika tizimi tarkibiga kiruvchi jamiyatlar va korxonalar bilan ushbu Nizom hamda Energetika vazirligi tomonidan tasdiqlangan Markaz va tizim korxonalar oʻrtasidagi yoʻriqnomalar asosida oʻzaro munosabatlarni amalga oshiradi.
19. “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ Markaz topshirigʻiga asosan isteʼmolchilar bilan birgalikda, mahalliy davlat hokimiyati idoralari bilan kelishgan holda quvvat va elektr energiyasi isteʼmoli boʻyicha cheklash va uzib qoʻyish jadvallarini ishlab chiqadi va Markazga taqdim etadi. Mazkur cheklov jadvallari Energetika vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.
20. Markaz hamda uning tarkibiy boʻlinmalarining Markaz vakolat doirasidan kelib chiqib, tezkor-dispetcherlik boshqaruvini amalga oshirishiga yagona elektr energetika tizimiga kiruvchi boshqa davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari rahbarlarining, mahalliy davlat hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlarning aralashishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
5-bob. Markazning hisobot berishi
21. Markaz direktori Markaz faoliyati toʻgʻrisida Energetika vazirligi oldida muntazam ravishda hisobot beradi.
Energetika vazirligi Markaz direktori va uning oʻrinbosari faoliyatining ularga yuklangan vazifalar samarali bajarilishi boʻyicha doimiy monitoringini olib boradi, Markaz faoliyati samaradorligiga xolisona baho beradi.
5 1 -bob. Markaz faoliyatini moliyalashtirish va moddiy-texnik taʼminlash, uning xodimlari mehnatiga haq toʻlash hamda ularni moddiy ragʻbatlantirish
20 1 . Markazning moddiy-texnika taʼminoti, Markaz direktori va xodimlari mehnatiga haq toʻlash va ularni moddiy ragʻbatlantirish boʻyicha xarajatlar:
shartnoma asosida ishlarni bajarish va xizmatlar koʻrsatishdan tushadigan tushumlar;
xalqaro moliya institutlari va xorijiy tashkilotlarning grantlari;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.
20 2 . Markazda buxgalteriya hisobi buxgalteriya hisoboti milliy standartlari asosida yuritiladi, soliq va moliyaviy hisobotlar tuziladi.
20 3 . Markaz direktori va xodimlarining mehnatiga Oʻzbekiston Respublikasi Mehnat kodeksiga , ushbu Nizomga, boshqa qonunchilik hujjatlariga, jamoa shartnomasiga, shuningdek, boshqa normativ hujjatlarga muvofiq haq toʻlanadi va u quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
lavozim maoshlari (tarif stavkalari);
lavozim maoshlariga qoʻshimchalar va ustamalar;
mehnatning yakuniy natijalariga koʻra belgilanadigan mukofotlar.
20 4 . Markaz shtatlar jadvali Markaz direktori tomonidan tasdiqlanadi hamda energetika vaziri tomonidan kelishiladi hamda unga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish huquqi beriladi.
20 5 . Xodimning lavozim maoshi belgilangan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdori yagona tarif setkasining tegishli razryadi tarif koeffitsiyentini 1,5 baravarga oshirilgan miqdorda qoʻllanadi.
20 6 . Mehnat qonunchiligida belgilangan bayram kunlari va kasb bayrami munosabati bilan xodimga lavozim maoshining 2 baravari miqdorida mukofot puli toʻlanadi.
20 7 . Markaz va uning tarkibiy boʻlinmalari tarkibiga kiradigan xodimlarning Yagona tarif setkasi boʻyicha mehnatga haq toʻlashning tasdiqlangan razryadlariga muvofiq lavozim maoshi, lavozim maoshiga ustama haqlar, bayram puli, har oylik (ragʻbatlantiruvchi tusdagi) pullar hamda boshqa toʻlovlar va ustamalarni belgilashda tarif koeffitsiyenti oshirilgan tarif koeffitsiyentini hisobga olgan holda qoʻllanadi.
20 8 . Markaz va uning tarkibiy boʻlinmalari xodimlariga mehnat toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq Markaz mablagʻlari hisobidan lavozim maoshiga quyidagi qoʻshimchalar va ustamalar toʻlanadi:
xodimlar mehnatini ragʻbatlantirish maqsadida lavozim maoshiga 40 foiz miqdorida ustama (markaziy apparat xodimlariga) toʻlov;
ovqatlanish xarajatlarini qoplash uchun bazaviy hisoblash miqdorining besh baravarida har oylik kompensatsiya toʻlovi;
yoʻlkira xarajatlarini qoplash uchun bazaviy hisoblash miqdorining besh baravarida har oylik kompensatsiya (xizmat avtotransport vositalari bilan taʼminlangan yoki shaxsiy avtotransport vositalaridan foydalangani uchun kompensatsiya toʻlovlarini oladigan, shu jumladan, xizmat safari bilan bogʻliq xarajatlar qoplab beriladigan xodimlar bundan mustasno) toʻlovi;
xodimga lavozim maoshining ikki baravari miqdorida ustama va qoʻshimcha haq toʻlovlari;
Markazning boshqaruv, texnik va xizmat koʻrsatuvchi xodimlariga umumiy koʻp yillik xizmati uchun oshirilgan koeffitsiyentini hisobga olgan holda, lavozim maoshiga quyidagi miqdorlarda har oyda ustama (uzoq muddat ishlagan yillari uchun mukofot olish huquqini beruvchi ish staji Markazning ichki hujjatlari bilan tartibga solinadi) toʻlov:
1 yildan 3 yilgacha — 0,1;
3 yildan 5 yilgacha — 0,2;
5 yildan 7 yilgacha — 0,3;
7 yildan 10 yilgacha — 0,4;
10 yildan 15 yilgacha — 0,5;
15 yildan 20 yilgacha — 0,6;
20 yildan 30 yilgacha — 0,7;
30 yildan ortiq — 0,8;
xodimga har yillik mehnat taʼtiliga chiqayotganda moddiy yordam va kompensatsiya toʻlovlari.
20 9 . Markazning xoʻjalik faoliyati natijalariga koʻra xodimlar samarali mehnatini hisobga olgan holda, yil yakuni boʻyicha lavozim maoshining oʻn baravarigacha miqdorda mukofotlanadi.
Yil yakuni boʻyicha mukofotlash tartibi va toʻlov shartlari Markazning ichki hujjatlarida belgilangan qoidalar bilan tartibga solinadi.
20 10 . Xodimlar muhim topshiriqlarni sifatli, natijadorlik bilan bajargani uchun ularga boʻysunuvi boʻyicha tarkibiy boʻlinma rahbari yoki direktor oʻrinbosari tomonidan berilgan bildirgi asosida lavozim maoshining ikki baravarigacha boʻlgan miqdorda mukofot puli berilishi (shuningdek, Energetika vazirligining topshirigʻi asosida ham mukofot berilishi) mumkin.
Funksional vazifalarini oʻz vaqtida, sifatli bajargan xodimlarni mukofotlash, ularning faoliyatini moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash uchun ular samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) natijalariga koʻra Markazning oʻz mablagʻlari hisobidan lavozim maoshining besh baravarigacha ragʻbatlantiriladi.
20 11 . Qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotib olish uchun bir kalendar yilda mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining oʻn besh baravarigacha miqdorda moddiy yordam toʻlanadi (ushbu moddiy yordam, qoida tariqasida, kuz oylarida beriladi).
20 12 . Markaz oʻz faoliyatida belgilangan vazifalarini bajarishda mahalliy, xorijiy mutaxassislar va xalqaro maslahatchilarni jalb qilish huquqiga ega. Ularga ish haqi tuzilgan mehnat shartnomalariga muvofiq toʻlanadi.
20 13 . Energetika sohasida koʻp yillik xizmatlari uchun beriladigan unvonlar va ilmiy darajaga ega boʻlgan xodimlarga qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorlarda qoʻshimcha toʻlovlar toʻlanadi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
22. Markazni qayta tashkil etish va tugatish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 10-iyun,
325-son