UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 10-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 10 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 10 июня 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 10 June 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

СХЕМАСИ

Фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиладиган объектни аниқлаш ва давлат молиявий назорати органлари фаолияти самарадорлигини жамоатчилик томонидан баҳолаб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Давлат молиявий назорати органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, унда фуқаролар иштироки ролини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 27 августдаги ПФ-6300-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиладиган объектни аниқлаш ва давлат молиявий назорати органлари фаолияти самарадорлигини жамоатчилик томонидан баҳолаб бориш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

«Давлат аудити» дастурига фуқаролар томонидан танланиши мумкин бўлган назорат объектлари рўйхатини киритиш;

фуқаролар томонидан энг кўп маротаба танланган назорат объектларида назорат тадбирини ўтказиш тартиб-таомиллари;

давлат молиявий назорати органи ва ички аудит хизматлари фаолияти самарадорлигини жамоатчилик томонидан баҳолаш тартиби.

2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорат инспекцияси ҳамда вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизматлари назорат ишларининг йиллик режасини февраль ойнинг 10 санасидан кечиктирмай, шунингдек, фуқаролар иштирокидаги аудит бўйича ўтказилган назорат тадбирининг натижалари тўғрисидаги маълумотларни ҳар чорак якунларига кўра, чоракдан кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмай «Давлат аудити» дастурида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинади.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда 2023 йил давомида иқтисодиёт ва молия йўналишидаги олий таълим муассасаларида вазирлик ва идораларда ички аудит хизматларини ривожлантиришнинг ўзига хос хусусиятлари юзасидан амалий семинарлар ўтказиш графигини тасдиқласин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 июндаги 326-сон қарорига ИЛОВА

Фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиладиган объектни аниқлаш ва давлат молиявий назорати органлари фаолияти самарадорлигини жамоатчилик томонидан баҳолаб бориш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиладиган объектни аниқлаш ҳамда давлат молиявий назорати органи ва вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизматлари фаолияти самарадорлигини жамоатчилик томонидан баҳолаб бориш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом талаблари Давлат молиявий назорати инспекцияси (кейинги ўринларда — Инспекция) ҳамда вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизматлари (кейинги ўринларда — ички аудит хизматлари), барча бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар учун татбиқ этилади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

«Давлат аудити» дастури — Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг «Давлат аудити» дастурий комплекси;

ваколатли тузилма — Инспекция ҳамда ички аудит хизматлари;

назорат объекти — бюджет ташкилоти, давлат мақсадли жамғармалари ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар;

назорат тадбирлари — ички аудит хизматлари томонидан ўтказиладиган аудит тадбирлари ҳамда Инспекция томонидан ўтказиладиган қонунчиликда белгиланган молиявий назорат шакллари;

фуқаролар иштирокидаги аудит тизими — фуқаролар томонидан танланган назорат объектларини саралаш, уларда назорат тадбирларини ўтказиш ҳамда натижаларини эълон қилиб бориш жараёни.

2-боб. Фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиладиган объектни аниқлаш тартиби

4. Фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиладиган назорат объектини аниқлаш ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.

5. Назорат объектини аниқлашда иштирок этиш учун фуқаролар «Давлат аудити» дастурида рўйхатдан ўтадилар.

6. Фуқароларни «Давлат аудити» дастурида аутентификациялаш электрон рақамли имзо воситалари, мобил телефон рақамлари, шахсларнинг биометрик маълумотлари, Мобил-ID, Face-ID шунингдек бошқа усуллар билан белгиланган тартибда амалга оширилади.

7. Фуқаролар томонидан келгуси йил учун танланиши мумкин бўлган назорат объектлари рўйхати ваколатли тузилмалар томонидан ҳар йили 31 декабрь санасига қадар жорий йил учун тасдиқланган биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари сифатида белгиланган вазирлик ва идоралар кесимида шакллантирилади ҳамда «Давлат аудити» дастурига киритилади.

Бунда, ички аудит хизматлари мавжуд бўлмаган вазирлик ва идоралар бўйича назорат объектлари рўйхати Инспекция томонидан киритилади.

8. Фуқаролар томонидан танланиши мумкин бўлган назорат объектлари рўйхатига қуйидагилар киритилмайди:

ваколатли тузилмаларнинг йиллик режасига киритилган назорат объектлари;

фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқарувида алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари сифатида эътироф этилган идоралар ҳамда улар тизимидаги назорат объектлари;

охирги икки йил мобайнида фуқаролар иштирокидаги аудит тизими орқали танланган ва назорат тадбирлари ўтказилган назорат объектлари;

молиялаштириш давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир сифатида эътироф этилган вазирлик ва идоралар ҳамда улар тизимидаги назорат объектлари.

Бунда, фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқарувида алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган идоралар рўйхати Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

9. «Давлат аудити» дастурига киритилган рўйхат таркибидан назорат объекти фуқаролар томонидан назорат тадбирини ўтказиш зарурлигининг сабаби келтирилган ҳолда танланади.

Бунда, фуқаролар томонидан календарь йил давомида бир назорат объектини бир марта танлаш амалга оширилади.

10. Фуқаролар томонидан назорат объектини танлаш «Давлат аудити» дастурида ҳар чорак биринчи ойининг 10 санасига қадар амалга оширилади.

11. Фуқаролар томонидан танланган назорат объектлари рўйхати ва улардаги танлашлар сони «Давлат аудити» дастурида автоматик тарзда шакллантирилади.

12. Назорат тадбирлари ўтказиладиган назорат объектлари рўйхати ва назорат тадбирлари ўтказиш муддатлари тўғрисидаги маълумотлар «Давлат аудити» дастурида ҳар чорак биринчи ойининг 15 санасига қадар эълон қилинади.

13. Ҳар чорак охирги ойининг 10 санасига қадар фуқаролар томонидан танлашлар сони 10 тадан ортиқ бўлган назорат объектлари таркибидан энг кўп марта танланган учтасида назорат тадбири ўтказилади.

Бунда, энг кўп марта танланган назорат объектларида танлашлар сони бир хил бўлганда, уларнинг барчасида назорат тадбирлари ўтказилади ҳамда назорат тадбирлари ўтказилган объектлар икки календарь йил давомида фуқаролар томонидан танланиши мумкин бўлган назорат объектлари рўйхатига қайта киритилмайди.

14. Назорат тадбирлари тегишли ваколатли тузилмалар томонидан ўтказилади.

Бунда, ички аудит хизматлари мавжуд бўлмаган вазирлик ва идоралар бўйича назорат тадбирлари Инспекция томонидан ўтказилади.

15. Танлов натижаларига кўра рўйхатдаги 10 тадан кўп танланган назорат объекти сони фақат битта бўлган ҳолларда, ушбу назорат объектида назорат тадбири ўтказилади.

16. Танлашлар сони бўйича учта энг кўп танланган назорат объектлари таркибига кирмаган назорат объектлари календарь йили давомида кейинги чоракка ўтказилади ҳамда натижалари сақлаб қолинган ҳолда танлашга қайта қўйилади.

17. Назорат тадбирлари якунлангандан сўнг 3 иш куни ичида назорат тадбирлари натижалари тўғрисидаги маълумот «Давлат аудити» дастурида эълон қилинади.

3-боб. Ваколатли тузилмалар фаолияти самарадорлигини жамоатчилик томонидан баҳолаш тартиби

18. Ваколатли тузилмалар фаолияти самарадорлигини жамоатчилик томонидан баҳолаш (кейинги ўринларда — баҳолаш) «Давлат аудити» дастури орқали ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.

19. Баҳолаш мазкур Низомнинг 2-бобида кўрсатилган тартибга мувофиқ аниқланган назорат объектларида ўтказилган назорат тадбирлари натижалари тўғрисидаги эълон қилинган маълумот асосида фуқаролар томонидан баҳолаш орқали амалга оширилади.

20. Баҳолаш учун фуқароларни «Давлат аудити» дастурида аутентификациялаш электрон рақамли имзо воситалари, мобил телефон рақамлари, шахсларнинг биометрик маълумотлари, Мобил-ID, Face-ID шунингдек бошқа усуллар билан белгиланган тартибда амалга оширилади.

21. Баҳолаш ваколатли тузилмалар томонидан эълон қилинган назорат тадбирлари натижалари тўғрисидаги маълумот асосида назорат тадбири ўтказилган чоракнинг охирги ўн кунлигида «Давлат аудити» дастурида амалга оширилади.

22. Баҳолаш ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган маълумотга 1 дан 5 гача (1 энг паст ва 5 энг юқори балл) бутун сонлардаги шкала асосида баҳо бериш орқали амалга оширилади.

23. Баҳолаш натижаларининг ўртача баҳоси «Давлат аудити» дастурида автоматик тарзда алоҳида саҳифада яхлитлаш орқали акс эттириб борилади.

24. Баҳолаш натижаларига назорат тадбирларини ўтказган ваколатли тузилмаларнинг ходимлари натижаси сифатида қаралади.

Бунда, 10 нафардан кам фуқаролар томонидан баҳоланган назорат тадбирлари баҳолаш натижаларининг ўртача баҳосини ҳисоблашда инобатга олинмайди.

25. Баҳолаш натижаларининг ўртача баҳосидан келиб чиқиб ваколатли тузилмалар ходимларининг натижалари қуйидагича белгиланади:

5 балл бўлган ходим — « намунали»;

4 балл бўлган ходим — «яхши»;

3 балл бўлган ходим — «қониқарли»;

3 баллгача бўлган ходим — «қониқарсиз».

26. Баҳолаш натижаларининг рейтинги бўйича:

«намунали» деб топилган ходимга — лавозим маошининг 25 фоизи;

«яхши» деб топилган ходимга — лавозим маошининг 15 фоизи;

«қониқарли» деб топилган ходимга — лавозим маошининг 5 фоизи миқдорида пул мукофоти бериш орқали рағбатлантириш амалга оширилади.

Бунда, ходимларга пул мукофоти бериш бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

27. Баҳолаш натижаларига кўра натижаси «қониқарсиз» деб топилган ходимларга нисбатан қонунчиликда белгиланган кўринишда чоралар қўлланилади.

28. Рағбатлантириш ва чора кўриш масаласи белгиланган тартибда амалга оширилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

29. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиладиган объектни аниқлаш ва давлат молиявий назорати органлари фаолияти самарадорлигини жамоатчилик томонидан баҳолаб бориш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиладиган объектни аниқлаш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Инспекция ҳамда ички аудит хизматлари Фуқаролар томонидан танланиши мумкин бўлган назорат объектлари рўйхатини «Давлат аудити» дастурига киритиш. ҳар йили 31 декабрга қадар 2-босқич Фуқаролар 1. «Давлат аудити» дастурида аутентификациядан ўтиш. 1. Заруратга кўра 2. «Давлат аудити» дастурига киритилган рўйхатдаги назорат объектларини танлаш. 2. Ҳар чорак биринчи ойининг 10 санасига қадар 3-босқич «Давлат аудити» дастури * «Давлат аудити» дастури орқали автоматик тарзда фуқаролар томонидан танланган назорат объектлари рўйхати ва улардаги танлашлар сонини шакллантириш. Ҳар чорак биринчи ойининг 10 санаси (автоматик тарзда) 4-босқич Инспекция ҳамда ички аудит хизматлари Назорат тадбирлари ўтказиладиган назорат объектлари рўйхати ва назорат тадбирлари ўтказиш муддатлари тўғрисидаги маълумотларни «Давлат аудити» дастурида эълон қилиш. Ҳар чорак биринчи ойининг 15 санаси 5-босқич Инспекция ҳамда ички аудит хизматлари 1. «Давлат аудити» дастурида шакллантирилган рўйхатдаги энг кўп марта танланган назорат объектларининг учтасида назорат тадбирини ўтказиш. 1. Ҳар чорак охирги ойининг 10 санасига қадар 2. Назорат тадбирлари якунлангандан сўнг уларнинг натижалари тўғрисидаги маълумотларни «Давлат аудити» дастурида эълон қилиб бориш. 2. Назорат тадбирлари якунлангандан сўнг 3 иш куни ичида

Фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиладиган объектни аниқлаш ва давлат молиявий назорати органлари фаолияти самарадорлигини жамоатчилик томонидан баҳолаб бориш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Ваколатли тузилмалар фаолияти самарадорлигини жамоатчилик томонидан баҳолаш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Фуқаролар 1. «Давлат аудити» дастурида аутентификациядан ўтиш. 1. Заруратга кўра 2. Ваколатли тузилмалар фаолияти самарадорлигини назорат тадбирлари натижалари тўғрисидаги маълумотлар асосида «Давлат аудити» дастурида баҳолаш. 2. Назорат тадбири ўтказилган чоракнинг охирги ўн кунлигида 2-босқич «Давлат аудити» дастури * Ваколатли тузилмалар фаолияти самарадорлигини баҳолаш натижаларининг ўртача баҳосини алоҳида саҳифада яхлитлаш орқали акс эттириб бориш. Назорат тадбири ўтказилган чоракдан кейинги ойнинг биринчи кунида

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 10 июнь,

326-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.06.2022 й., 09/22/326/0515-сон; 29.12.2023 й., 07/23/422/0994-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон; 17.07.2025 й., 09/25/446/0626-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

SXEMASI

Fuqarolar ishtirokidagi audit oʻtkaziladigan obyektni aniqlash va davlat moliyaviy nazorati organlari faoliyati samaradorligini jamoatchilik tomonidan baholab borish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Davlat moliyaviy nazorati organlari faoliyatining ochiqligini taʼminlash, unda fuqarolar ishtiroki rolini oshirish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat moliyaviy nazorati tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 27-avgustdagi PF-6300-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Fuqarolar ishtirokidagi audit oʻtkaziladigan obyektni aniqlash va davlat moliyaviy nazorati organlari faoliyati samaradorligini jamoatchilik tomonidan baholab borish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

“Davlat auditi” dasturiga fuqarolar tomonidan tanlanishi mumkin boʻlgan nazorat obyektlari roʻyxatini kiritish;

fuqarolar tomonidan eng koʻp marotaba tanlangan nazorat obyektlarida nazorat tadbirini oʻtkazish tartib-taomillari;

davlat moliyaviy nazorati organi va ichki audit xizmatlari faoliyati samaradorligini jamoatchilik tomonidan baholash tartibi.

2. Belgilansinki, Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi huzuridagi Davlat moliyaviy nazorat inspeksiyasi hamda vazirlik va idoralarning ichki audit xizmatlari nazorat ishlarining yillik rejasini fevral oyning 10 sanasidan kechiktirmay, shuningdek, fuqarolar ishtirokidagi audit boʻyicha oʻtkazilgan nazorat tadbirining natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni har chorak yakunlariga koʻra, chorakdan keyingi oyning 25 sanasidan kechiktirmay “Davlat auditi” dasturida jamoatchilik muhokamasi uchun eʼlon qilinadi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda 2023-yil davomida iqtisodiyot va moliya yoʻnalishidagi oliy taʼlim muassasalarida vazirlik va idoralarda ichki audit xizmatlarini rivojlantirishning oʻziga xos xususiyatlari yuzasidan amaliy seminarlar oʻtkazish grafigini tasdiqlasin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 10-iyundagi 326-son qaroriga ILOVA

Fuqarolar ishtirokidagi audit oʻtkaziladigan obyektni aniqlash va davlat moliyaviy nazorati organlari faoliyati samaradorligini jamoatchilik tomonidan baholab borish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom fuqarolar ishtirokidagi audit oʻtkaziladigan obyektni aniqlash hamda davlat moliyaviy nazorati organi va vazirlik va idoralarning ichki audit xizmatlari faoliyati samaradorligini jamoatchilik tomonidan baholab borish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizom talablari Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi (keyingi oʻrinlarda — Inspeksiya) hamda vazirlik va idoralarning ichki audit xizmatlari (keyingi oʻrinlarda — ichki audit xizmatlari), barcha budjet tashkilotlari, davlat maqsadli jamgʻarmalari va belgilangan tartibda tashkil etilgan boshqa jamgʻarmalar uchun tatbiq etiladi.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

“Davlat auditi” dasturi — Oʻzbekiston Respublikasi Hisob palatasining “Davlat auditi” dasturiy kompleksi;

vakolatli tuzilma — Inspeksiya hamda ichki audit xizmatlari;

nazorat obyekti — budjet tashkiloti, davlat maqsadli jamgʻarmalari va belgilangan tartibda tashkil etilgan boshqa jamgʻarmalar;

nazorat tadbirlari — ichki audit xizmatlari tomonidan oʻtkaziladigan audit tadbirlari hamda Inspeksiya tomonidan oʻtkaziladigan qonunchilikda belgilangan moliyaviy nazorat shakllari;

fuqarolar ishtirokidagi audit tizimi — fuqarolar tomonidan tanlangan nazorat obyektlarini saralash, ularda nazorat tadbirlarini oʻtkazish hamda natijalarini eʼlon qilib borish jarayoni.

2-bob. Fuqarolar ishtirokidagi audit oʻtkaziladigan obyektni aniqlash tartibi

4. Fuqarolar ishtirokidagi audit oʻtkaziladigan nazorat obyektini aniqlash ushbu Nizomning 1-ilovasiga muvofiq sxema asosida amalga oshiriladi.

5. Nazorat obyektini aniqlashda ishtirok etish uchun fuqarolar “Davlat auditi” dasturida roʻyxatdan oʻtadilar.

6. Fuqarolarni “Davlat auditi” dasturida autentifikatsiyalash elektron raqamli imzo vositalari, mobil telefon raqamlari, shaxslarning biometrik maʼlumotlari, Mobil-ID, Face-ID shuningdek boshqa usullar bilan belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

7. Fuqarolar tomonidan kelgusi yil uchun tanlanishi mumkin boʻlgan nazorat obyektlari roʻyxati vakolatli tuzilmalar tomonidan har yili 31-dekabr sanasiga qadar joriy yil uchun tasdiqlangan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchilari sifatida belgilangan vazirlik va idoralar kesimida shakllantiriladi hamda “Davlat auditi” dasturiga kiritiladi.

Bunda, ichki audit xizmatlari mavjud boʻlmagan vazirlik va idoralar boʻyicha nazorat obyektlari roʻyxati Inspeksiya tomonidan kiritiladi.

8. Fuqarolar tomonidan tanlanishi mumkin boʻlgan nazorat obyektlari roʻyxatiga quyidagilar kiritilmaydi:

vakolatli tuzilmalarning yillik rejasiga kiritilgan nazorat obyektlari;

faoliyati davlat hokimiyati va boshqaruvida alohida muhim ahamiyatga ega boʻlgan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchilari sifatida eʼtirof etilgan idoralar hamda ular tizimidagi nazorat obyektlari;

oxirgi ikki yil mobaynida fuqarolar ishtirokidagi audit tizimi orqali tanlangan va nazorat tadbirlari oʻtkazilgan nazorat obyektlari;

moliyalashtirish davlat siri yoki qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sir sifatida eʼtirof etilgan vazirlik va idoralar hamda ular tizimidagi nazorat obyektlari.

Bunda, faoliyati davlat hokimiyati va boshqaruvida alohida muhim ahamiyatga ega boʻlgan idoralar roʻyxati Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.

9. “Davlat auditi” dasturiga kiritilgan roʻyxat tarkibidan nazorat obyekti fuqarolar tomonidan nazorat tadbirini oʻtkazish zarurligining sababi keltirilgan holda tanlanadi.

Bunda, fuqarolar tomonidan kalendar yil davomida bir nazorat obyektini bir marta tanlash amalga oshiriladi.

10. Fuqarolar tomonidan nazorat obyektini tanlash “Davlat auditi” dasturida har chorak birinchi oyining 10 sanasiga qadar amalga oshiriladi.

11. Fuqarolar tomonidan tanlangan nazorat obyektlari roʻyxati va ulardagi tanlashlar soni “Davlat auditi” dasturida avtomatik tarzda shakllantiriladi.

12. Nazorat tadbirlari oʻtkaziladigan nazorat obyektlari roʻyxati va nazorat tadbirlari oʻtkazish muddatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar “Davlat auditi” dasturida har chorak birinchi oyining 15 sanasiga qadar eʼlon qilinadi.

13. Har chorak oxirgi oyining 10 sanasiga qadar fuqarolar tomonidan tanlashlar soni 10 tadan ortiq boʻlgan nazorat obyektlari tarkibidan eng koʻp marta tanlangan uchtasida nazorat tadbiri oʻtkaziladi.

Bunda, eng koʻp marta tanlangan nazorat obyektlarida tanlashlar soni bir xil boʻlganda, ularning barchasida nazorat tadbirlari oʻtkaziladi hamda nazorat tadbirlari oʻtkazilgan obyektlar ikki kalendar yil davomida fuqarolar tomonidan tanlanishi mumkin boʻlgan nazorat obyektlari roʻyxatiga qayta kiritilmaydi.

14. Nazorat tadbirlari tegishli vakolatli tuzilmalar tomonidan oʻtkaziladi.

Bunda, ichki audit xizmatlari mavjud boʻlmagan vazirlik va idoralar boʻyicha nazorat tadbirlari Inspeksiya tomonidan oʻtkaziladi.

15. Tanlov natijalariga koʻra roʻyxatdagi 10 tadan koʻp tanlangan nazorat obyekti soni faqat bitta boʻlgan hollarda, ushbu nazorat obyektida nazorat tadbiri oʻtkaziladi.

16. Tanlashlar soni boʻyicha uchta eng koʻp tanlangan nazorat obyektlari tarkibiga kirmagan nazorat obyektlari kalendar yili davomida keyingi chorakka oʻtkaziladi hamda natijalari saqlab qolingan holda tanlashga qayta qoʻyiladi.

17. Nazorat tadbirlari yakunlangandan soʻng 3 ish kuni ichida nazorat tadbirlari natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumot “Davlat auditi” dasturida eʼlon qilinadi.

3-bob. Vakolatli tuzilmalar faoliyati samaradorligini jamoatchilik tomonidan baholash tartibi

18. Vakolatli tuzilmalar faoliyati samaradorligini jamoatchilik tomonidan baholash (keyingi oʻrinlarda — baholash) “Davlat auditi” dasturi orqali ushbu Nizomning 2-ilovasiga muvofiq sxema asosida amalga oshiriladi.

19. Baholash mazkur Nizomning 2-bobida koʻrsatilgan tartibga muvofiq aniqlangan nazorat obyektlarida oʻtkazilgan nazorat tadbirlari natijalari toʻgʻrisidagi eʼlon qilingan maʼlumot asosida fuqarolar tomonidan baholash orqali amalga oshiriladi.

20. Baholash uchun fuqarolarni “Davlat auditi” dasturida autentifikatsiyalash elektron raqamli imzo vositalari, mobil telefon raqamlari, shaxslarning biometrik maʼlumotlari, Mobil-ID, Face-ID shuningdek boshqa usullar bilan belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

21. Baholash vakolatli tuzilmalar tomonidan eʼlon qilingan nazorat tadbirlari natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumot asosida nazorat tadbiri oʻtkazilgan chorakning oxirgi oʻn kunligida “Davlat auditi” dasturida amalga oshiriladi.

22. Baholash ushbu Nizomning 19-bandida koʻrsatilgan maʼlumotga 1 dan 5 gacha (1 eng past va 5 eng yuqori ball) butun sonlardagi shkala asosida baho berish orqali amalga oshiriladi.

23. Baholash natijalarining oʻrtacha bahosi “Davlat auditi” dasturida avtomatik tarzda alohida sahifada yaxlitlash orqali aks ettirib boriladi.

24. Baholash natijalariga nazorat tadbirlarini oʻtkazgan vakolatli tuzilmalarning xodimlari natijasi sifatida qaraladi.

Bunda, 10 nafardan kam fuqarolar tomonidan baholangan nazorat tadbirlari baholash natijalarining oʻrtacha bahosini hisoblashda inobatga olinmaydi.

25. Baholash natijalarining oʻrtacha bahosidan kelib chiqib vakolatli tuzilmalar xodimlarining natijalari quyidagicha belgilanadi:

5 ball boʻlgan xodim — “ namunali”;

4 ball boʻlgan xodim — “yaxshi”;

3 ball boʻlgan xodim — “qoniqarli”;

3 ballgacha boʻlgan xodim — “qoniqarsiz”.

26. Baholash natijalarining reytingi boʻyicha:

“namunali” deb topilgan xodimga — lavozim maoshining 25 foizi;

“yaxshi” deb topilgan xodimga — lavozim maoshining 15 foizi;

“qoniqarli” deb topilgan xodimga — lavozim maoshining 5 foizi miqdorida pul mukofoti berish orqali ragʻbatlantirish amalga oshiriladi.

Bunda, xodimlarga pul mukofoti berish budjet tashkilotlari xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish maxsus fondi mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

27. Baholash natijalariga koʻra natijasi “qoniqarsiz” deb topilgan xodimlarga nisbatan qonunchilikda belgilangan koʻrinishda choralar qoʻllaniladi.

28. Ragʻbatlantirish va chora koʻrish masalasi belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

29. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Fuqarolar ishtirokidagi audit oʻtkaziladigan obyektni aniqlash va davlat moliyaviy nazorati organlari faoliyati samaradorligini jamoatchilik tomonidan baholab borish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Fuqarolar ishtirokidagi audit oʻtkaziladigan obyektni aniqlash

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Inspeksiya hamda ichki audit xizmatlari Fuqarolar tomonidan tanlanishi mumkin boʻlgan nazorat obyektlari roʻyxatini “Davlat auditi” dasturiga kiritish. har yili 31-dekabrga qadar 2-bosqich Fuqarolar 1. “Davlat auditi” dasturida autentifikatsiyadan oʻtish. 1. Zaruratga koʻra 2. “Davlat auditi” dasturiga kiritilgan roʻyxatdagi nazorat obyektlarini tanlash. 2. Har chorak birinchi oyining 10 sanasiga qadar 3-bosqich “Davlat auditi” dasturi * “Davlat auditi” dasturi orqali avtomatik tarzda fuqarolar tomonidan tanlangan nazorat obyektlari roʻyxati va ulardagi tanlashlar sonini shakllantirish. Har chorak birinchi oyining 10 sanasi (avtomatik tarzda) 4-bosqich Inspeksiya hamda ichki audit xizmatlari Nazorat tadbirlari oʻtkaziladigan nazorat obyektlari roʻyxati va nazorat tadbirlari oʻtkazish muddatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “Davlat auditi” dasturida eʼlon qilish. Har chorak birinchi oyining 15 sanasi 5-bosqich Inspeksiya hamda ichki audit xizmatlari 1. “Davlat auditi” dasturida shakllantirilgan roʻyxatdagi eng koʻp marta tanlangan nazorat obyektlarining uchtasida nazorat tadbirini oʻtkazish. 1. Har chorak oxirgi oyining 10 sanasiga qadar 2. Nazorat tadbirlari yakunlangandan soʻng ularning natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “Davlat auditi” dasturida eʼlon qilib borish. 2. Nazorat tadbirlari yakunlangandan soʻng 3 ish kuni ichida

Fuqarolar ishtirokidagi audit oʻtkaziladigan obyektni aniqlash va davlat moliyaviy nazorati organlari faoliyati samaradorligini jamoatchilik tomonidan baholab borish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Vakolatli tuzilmalar faoliyati samaradorligini jamoatchilik tomonidan baholash

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Fuqarolar 1. “Davlat auditi” dasturida autentifikatsiyadan oʻtish. 1. Zaruratga koʻra 2. Vakolatli tuzilmalar faoliyati samaradorligini nazorat tadbirlari natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar asosida “Davlat auditi” dasturida baholash. 2. Nazorat tadbiri oʻtkazilgan chorakning oxirgi oʻn kunligida 2-bosqich “Davlat auditi” dasturi * Vakolatli tuzilmalar faoliyati samaradorligini baholash natijalarining oʻrtacha bahosini alohida sahifada yaxlitlash orqali aks ettirib borish. Nazorat tadbiri oʻtkazilgan chorakdan keyingi oyning birinchi kunida

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 10-iyun,

326-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 11.06.2022-y., 09/22/326/0515-son; 29.12.2023-y., 07/23/422/0994-son; 03.03.2025-y., 09/25/135/0208-son; 17.07.2025-y., 09/25/446/0626-son)

lex.uz