UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 4-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Mudofaa vazirligi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Qurilish vazirligi Transport vazirligi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 4 июнь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Мудофаа вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Қурилиш вазирлиги Транспорт вазирлиги

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 4 июня 2022 г. · Документы министерств и ведомств · Министерства обороны Министерства занятости и трудовых отношений Министерства высшего и среднего специального образования Министерства строительства Министерства транспорта

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 4 June 2022 · Ministry and agency documents · Mudofaa vazirligi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Qurilish vazirligi Transport vazirligi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг

Қарори

НИЗОМ

Қурилиш соҳаси малакали мутахассисларини тайёрлаш марказларига фуқароларни қабул қилиш ва ўқитиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 январдаги ПҚ-4962-сон «Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатга кетаётган шахсларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитишни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Мудофаа вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва Транспорт вазирлиги қарор қилади:

1. Қурилиш соҳаси малакали мутахассисларини тайёрлаш марказларига фуқароларни қабул қилиш ва ўқитиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг 2022 йил 4 июндаги 19-сон, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2022 йил 2 июндаги 5-Q/Q-сон, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2022 йил 2 июндаги 11-2022-сон, Қурилиш вазирлигининг 2022 йил 2 июндаги 2-сон, Транспорт вазирлигининг 2022 йил 3 июндаги 06-сон қарорига ИЛОВА

Қурилиш соҳаси малакали мутахассисларини тайёрлаш марказларига фуқароларни қабул қилиш ва ўқитиш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом Қурилиш соҳаси малакали мутахассисларини тайёрлаш марказларига (бундан буён матнда Марказлар деб юритилади) фуқароларни қабул қилиш ва ўқитиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Марказларга муддатли ҳарбий хизматдан ва сафарбарлик чақируви резерви хизматидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган шахслар ҳамда меҳнат органларида рўйхатдан ўтган ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар (бундан буён матнда талабгорлар деб юритилади) ўқишга қабул қилинади.

2. Марказларга талабгорларни ўқишга қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади. Танлов якка тартибдаги суҳбат шаклида ўтказилади.

3. Талабгорлар танловда туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими (бундан буён матнда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими деб юритилади) томонидан берилган йўлланма асосида иштирок этади.

2-боб. Марказда ўқиш истагини билдирган талабгорлар рўйхатини шакллантириш

4. Талабгорлар танловга йўлланма олиш учун яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидаги Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига ариза билан мурожаат қилади.

Бунда, ариза Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг масъул ходими томонидан Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг меҳнат органларига мурожаат этган жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган «Бандлик хизмати» ахборот тизимига киритилади.

5. Ариза Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилади ҳамда талабгорга Марказга қабул қилиш учун ўтказиладиган танловда иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланма берилади.

Бунда, талабгор мазкур Низомнинг 1-бандида кўрсатилган фуқаролар тоифасига кирмаса, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан йўлланма бериш рад этилади.

Йўлланма бериш рад этилганда, мурожаат Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан асослантирилган тушунтириш билан талабгорга қайтарилади.

3-боб. Марказда ўқишга қабул қилишни ташкил этиш

6. Марказларга ўқишга қабул бўйича ҳар йиллик қабул параметрлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг асослантирилган буюртманомаларига биноан шакллантирилади ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

7. Қабул параметрларида Марказда ўқиш бошланадиган кун, йўналишлар бўйича қабул квотаси кўрсатилади.

8. Марказ томонидан навбатдаги ўқув курслари бошланишидан камида эллик кун олдин оммавий ахборот воситаларида ҳамда Марказ ташкил этилган касбий таълим ташкилотининг (бундан буён матнда касбий таълим ташкилоти деб юритилади) расмий веб-сайтида қуйидаги маълумотлар кўрсатилган эълон берилади:

ўқишга қабул қилиш учун ҳужжатлар қабул қилинадиган вақт;

ўқитиш ва тайёрлаш йўналишлари рўйхати;

Марказнинг манзили ва мурожаат учун телефон рақамлари.

9. Марказга қабул жараёнини ташкил этиш учун касбий таълим ташкилоти директорининг буйруғи билан камида уч кишидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади.

Бунда, Марказ бошлиғи ишчи гуруҳ раҳбари ҳисобланади.

10. Қуйидагилар ишчи гуруҳнинг вазифалари ҳисобланади:

талабгорларнинг ҳужжатларини қабул қилиш;

суҳбат ўтказиш жадвалларини тузиш ва тасдиқлаш;

қабул ва суҳбат ўтказиш билан боғлиқ ишларни ташкиллаштириш;

талабгорлар учун маслаҳатлар ташкил этиш.

11. Марказга ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш эълон берилган кундан бошлаб бир ой давом этади.

12. Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан йўлланма берилган талабгор танловда иштирок этиш учун тегишли касбий таълим ташкилотига мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклдаги ариза билан мурожаат қилади.

Бунда, аризага Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан берилган йўлланма илова қилинади.

Талабгорлардан мазкур бандда кўрсатилмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

13. Ҳужжатларни топширган талабгорга ишчи гуруҳ аъзоси томонидан ҳужжатларнинг қабул қилиб олинганлиги ҳақида тилхат берилади.

4-боб. Якка тартибдаги суҳбатни ўтказиш

14. Якка тартибдаги суҳбатни ўтказиш учун касбий таълим ташкилоти директорининг буйруғи билан камида беш кишидан иборат қуйидаги таркибда Танлов комиссияси тузилади:

комиссия раиси — касбий таълим ташкилоти директори (у бўлмаганда, унинг вазифасини бажарувчи шахс);

комиссия котиби — Марказнинг кадрлар бўйича инспектори;

комиссия аъзолари — тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси вакили, шунингдек Марказнинг масъул ходимлари;

Ишчи гуруҳ таркибига киритилган шахсларнинг Танлов комиссияси таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.

15. Танлов комиссияси ўз фаолиятини коллегиаллик, ошкоралик, холислик ва бетарафлик принциплари асосида амалга оширади.

16. Якка тартибдаги суҳбат навбатдаги ўқув курслари бошланишидан ўн беш кун олдин бошланади ва ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида ўтказилади.

Бунда, якка тартибдаги суҳбат ўтказиш жадвали касбий таълим ташкилотининг эълонлар тахтаси ва расмий веб-сайтида суҳбат бошланишидан камида беш кун олдин жойлаштирилади.

17. Талабгорлар якка тартибдаги суҳбат ўтказиладиган хонага навбат билан, биометрик паспорти ёки идентификация ID-картасини кўрсатган ҳолда киритилади.

18. Талабгорларнинг якка тартибдаги суҳбатга телефон ва бошқа алоқа воситаларини олиб кириши ҳамда улардан фойдаланиши тақиқланади.

19. Якка тартибдаги суҳбат бошланишидан олдин талабгорларга Танлов комиссияси аъзолари томонидан суҳбат ўтказиш тартиби ҳамда баҳолаш мезонлари тушунтирилади.

20. Якка тартибдаги суҳбат оғзаки шаклда Танлов комиссияси аъзолари томонидан талабгорга бериладиган саволларга жавоб бериш орқали амалга оширилади.

21. Танловда талабгорларга бериладиган саволлар рўйхати Танлов комиссияси томонидан қуйидаги тўртта йўналишлар бўйича шакллантирилади ҳамда комиссия раиси томонидан тасдиқланади:

қурилиш соҳасидаги умумий тушунчалар;

умумий дунёқарашнинг шаклланганлиги;

шахсий-касбий хусусиятлар (ўқишга қобилият, касбий вазифаларни ҳал қилишда амалий фаолият);

хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган шахсларнинг улар бормоқчи бўлган давлатнинг тили, тарихи, анъаналари, урф-одатлари ва қонунчилиги бўйича базавий тушунчалар.

Якка тартибдаги суҳбатни ўтказиш давомида Танлов комиссияси аъзолари томонидан талабгорга юқоридаги ҳар бир йўналиш бўйича биттадан жами тўртта савол берилади.

22. Якка тартибдаги суҳбат шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида суҳбат жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади.

23. Битта талабгор билан якка тартибдаги суҳбат 30 дақиқагача давом этиши мумкин.

Якка тартибдаги суҳбат натижалари 100 баллик тизимда баллар қўйиш йўли билан баҳоланади. Бунда, мазкур Низомнинг 21-бандида кўрсатилган ҳар бир йўналиш бўйича максимал балл 25 баллни ташкил этади.

24. Якка тартибдаги суҳбат натижалари қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади ҳамда тўпланган баллар умумлаштирилади:

талабгор тўғри хулоса ва қарор қабул қилади, ижодий фикрлай олади, мустақил мушоҳада юритади, моҳиятини тушунади, билади ва айтиб беради деб топилганда — «15»дан «25» баллгача;

талабгор мустақил мушоҳада юритади, моҳиятини тушунади, билади, айтиб беради ва тасаввурга эга деб топилганда — «10»дан «14» баллгача;

талабгор моҳиятини қисман тушунади, билади, айтиб беради ва тасаввурга эга деб топилганда — «5»дан «9» баллгача;

талабгор билмайди, айтиб бера олмайди ва тасаввурга қисман эга деб топилганда — «1»дан «4» баллгача;

талабгор билмайди, айтиб бера олмайди ва тасаввурга эга эмас деб топилганда — «0» балл қўйилади.

25. Якка тартибдаги суҳбат натижаларини аниқлаш учун Танлов комиссиясининг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил ҳолда баҳолаш варақасини тўлдиради ва уни Танлов комиссияси котибига тақдим этади.

Танлов комиссияси котиби комиссия аъзолари томонидан талабгорга қўйилган ўртача баллни ҳисоблаб чиқади.

Якка тартибдаги суҳбат натижалари рейтинг тизими бўйича талабгорга қўйилган (0 дан 100 гача оралиқдаги) баллар асосида аниқланади.

Танлов комиссияси баённомасида талабгорлар рўйхати камайиб бориш тартибида, энг юқори балл олган талабгордан бошлаб жойлаштирилади.

Якка тартибдаги суҳбат натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган талабгорлар тегишли қабул параметрлари доирасида Марказда ўқишга тавсия этилади.

26. Якка тартибдаги суҳбат жараёни ва натижалари Танлов комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланадиган ва раис томонидан тасдиқланадиган баённомада қайд этилади.

27. Якка тартибдаги суҳбат натижалари барча йўналишлар учун суҳбат якунланган кундан бошлаб икки иш куни ичида тегишли касбий таълим ташкилотининг эълонлар тахтаси ва расмий веб-сайтида эълон қилинади.

28. Ўқишга тавсия этилган талабгорлар билан касбий таълим ташкилоти ўртасида шартнома тузилади ва уларни ўқишга қабул қилиш тўғрисида касбий таълим ташкилоти директорининг буйруғи қабул қилинади.

29. Якка тартибдаги суҳбат натижалари юзасидан талабгорларнинг шикоятларини кўриб чиқиш учун Марказ ташкил этилган касбий таълим ташкилоти тизимида бўлган вазирлик раҳбарининг буйруғи билан мазкур вазирликнинг ҳудудий бошқармасида камида беш кишидан иборат таркибда Апелляция комиссияси ташкил этилади.

Апелляция комиссияси таркибига тегишли вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ходимларидан вакиллар ҳамда соҳага оид малакали мутахассислар киритилади.

Ишчи гуруҳ ва Танлов комиссияси таркибига киритилган шахсларнинг Апелляция комиссияси таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.

30. Якка тартибдаги суҳбат натижаларидан норози бўлган талабгор суҳбат натижаси эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафта муддат ичида Апелляция комиссиясига ёзма равишда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.

31. Апелляция комиссияси тақдим этилган апелляция шикоятини у келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида апелляция шикояти берган талабгор иштирокида кўриб чиқади.

32. Талабгорнинг эътирозларини кўриб чиқиш натижаси бўйича Апелляция комиссияси қуйидаги мазмундаги қарорлардан бирини қабул қилади:

эътироз асоссиз бўлса, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш ва танлов натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;

эътироз асосли бўлса, апелляция шикоятини қаноатлантириш ва танлов натижаларига ўзгартириш киритиш.

33. Апелляция комиссиясининг йиғилишларида кўриб чиқилган масалалар ва қабул қилинган қарорлар баённома шаклида расмийлаштирилади.

5-боб. Марказда таҳсил олувчиларни ўқитиш

34. Марказда ўқитиш кундузги ўқиш шаклида амалга оширилади.

35. Марказларда қурилиш соҳасидаги касблар бўйича ўқитиш халқаро (жумладан «World Skills») стандартларга мувофиқ ҳамда потенциал хорижий иш берувчиларнинг талабларини ҳисобга олган ҳолда, хорижий тиллар бўйича — етакчи маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотларининг ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.

Бунда, ҳар бир йўналиш бўйича ўқув дастури Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланади.

36. Таҳсил олувчилар қуйидаги ҳолларда ўқишдан четлатилади:

Марказ ички тартиб қоидаларини уч марта бузганда;

узрли сабабларсиз (тасдиқловчи маълумотномалар бўлганда, таҳсил олувчининг соғлиғи ҳолатининг ёмонлашганлиги узрли сабаб деб топилади) 36 соатдан ортиқ дарс қолдирганда;

таҳсил олувчига нисбатан суднинг озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинлаш тўғрисидаги ҳукми қонуний кучга кирганда;

ўз хоҳишига биноан.

6-боб. Малакавий имтиҳонни ўтказиш

37. Таҳсил олувчиларнинг ўқиш жараёнида эгаллаган билимини ва ўқув дастурини ўзлаштириш даражасини аниқлаш мақсадида ўқув дастури якунлангандан сўнг ўн кун ичида малакавий имтиҳон ўтказилади.

38. Тегишли касбий таълим ташкилоти директорининг буйруғи билан малакавий имтиҳонни ўтказиш бўйича Малакавий имтиҳон комиссияси тузилади.

39. Малакавий имтиҳон комиссиясига Марказ бошлиғи (у бўлмаганда, унинг вазифасини бажарувчи шахс) раислик қилади.

40. Малакавий имтиҳон комиссиясига ҳар бир йўналиш бўйича Марказнинг ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари, шунингдек тегишли ҳудуддаги Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг масъул ходимлари киритилади.

41. Малакавий имтиҳон назарий савол ва амалий топшириқ шаклида ўтказилади. Бунда имтиҳон билетида битта назарий савол ва иккита амалий топшириқ берилади.

Имтиҳон саволлари ва амалий топшириқлар ўқув дастури доирасида тузилади.

Малакавий имтиҳон саволлари ва амалий топшириқлари малакавий имтиҳон бошланишидан бир ой олдин касбий таълим ташкилотининг эълонлар тахтасига осиб қўйиш орқали ўқувчилар эътиборига етказилади.

42. Тегишли йўналишлар бўйича малакавий имтиҳонни ўтказиш жадвали имтиҳон бошланишидан камида ўн беш кун олдин Марказ бошлиғи томонидан тасдиқланади ва эълонлар тахтасига осиб қўйилади.

43. Таҳсил олувчи назарий саволларга берган жавобларига қараб, қуйидаги мезонлар асосида «5» баллик тизимда баҳоланади:

таҳсил олувчи тўғри хулоса ва қарор қабул қилади, ижодий фикрлай олади, мустақил мушоҳада юритади, амалда қўллай олади, моҳиятини тўлиқ тушунади, билади ва айтиб беради деб топилганда — «5» балл;

таҳсил олувчи мушоҳада юритади, амалда қўллай олади, моҳиятини тушунади, билади, айтиб беради ва тасаввурга эга деб топилганда — «4» балл;

таҳсил олувчи моҳиятини қисман тушунади, билади, айтиб беради ва тасаввурга эга деб топилганда — «3» балл;

таҳсил олувчи билмайди, айтиб бера олмайди ва тасаввурга эга эмас деб топилганда — «2» балл.

44. Таҳсил олувчининг амалий топшириқни бажариши қуйидаги мезонлар асосида «5» баллик тизимда баҳоланади:

таҳсил олувчи топшириқни тўғри ва тўлиқ, мустақил ҳамда амалий методик қўлланмалардан фойдаланмасдан бажарди деб топилганда — «5» балл;

таҳсил олувчи топшириқни тўғри ва тўлиқ, мустақил бажарди, бироқ тегишли амалий методик қўлланмалардан фойдаланди деб топилганда — «4» балл;

таҳсил олувчи топшириқни тўғри ва тўлиқ бажарди, бироқ тегишли методик қўлланмалардан ҳамда ишлаб чиқариш таълим устасининг оғзаки маслаҳатидан фойдаланди деб топилганда — «3» балл;

таҳсил олувчи тегишли методик қўлланмалардан ҳамда устанинг оғзаки маслаҳатидан фойдаланган ҳолда топшириқни тўғри ва тўлиқ бажара олмаган деб топилганда — «2» балл.

45. Таҳсил олувчи томонидан назарий саволга жавоб берилгандан ҳамда амалий топшириқ бажарилгандан сўнг, Малакавий имтиҳон комиссиясининг ҳар бир аъзоси томонидан мустақил баҳоланади. Комиссия аъзолари томонидан қўйилган баҳолар муҳокама қилиниб, таҳсил олувчига ўртача арифметик балл қўйилади.

46. Малакавий имтиҳон натижалари имтиҳон якунланган куннинг ўзида таҳсил олувчиларга эълон қилинади.

47. Ўртача арифметик балли «3» баллдан кам бўлган таҳсил олувчи малакавий имтиҳондан ўтмаган ҳисобланади.

48. Малакавий имтиҳондан муваффақиятли ўтган (ўртача арифметик балли «3» ва ундан юқори бўлган) таҳсил олувчиларга Малакавий имтиҳон комиссияси қарорига асосан Вазирлар Маҳкамасининг «Бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг давлат намунасини тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 19 ноябрдаги 734-сон қарорининг 3-иловасига мувофиқ шаклда расмийлаштирилган сертификат берилади.

49. Малакавий имтиҳондан ўтолмаган таҳсил олувчиларга Малакавий имтиҳон комиссияси қарорига асосан имтиҳонни икки марта қайта топшириш имконияти берилади.

Малакавий имтиҳонни қайта топшириши лозим бўлган таҳсил олувчилар рўйхати, қайта топшириш куни ва вақти Малакавий имтиҳон комиссияси қарорида кўрсатилади.

50. Малакавий имтиҳонни икки марта қайта топширишда ҳам қониқарсиз натижа кўрсатган таҳсил олувчига сертификат берилмайди.

Бунда, Марказ томонидан ушбу таҳсил олувчилар Марказда таҳсил олганлиги тўғрисида тегишлилиги бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимларига маълумотнома тақдим этилади.

51. Малакавий имтиҳон натижасидан норози бўлган таҳсил олувчилар касбий таълим ташкилоти директорининг буйруғи билан тузиладиган Апелляция комиссиясига малака имтиҳони натижаси эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафта муддат ичида апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.

52. Апелляция комиссияси таркибига Малакавий имтиҳон комиссияси фаолиятида иштирок этмаган шахслар орасидан комиссия раиси ва камида тўрт нафар аъзо киритилади.

53. Апелляция шикояти Апелляция комиссияси томонидан бир иш кунида таҳсил олувчининг иштирокида кўриб чиқилади.

54. Таҳсил олувчининг эътирозларини кўриб чиқиш натижаси бўйича Апелляция комиссияси қуйидаги мазмундаги қарорлардан бирини қабул қилади:

эътироз асоссиз бўлса, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш ва малакавий имтиҳон натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;

эътироз асосли бўлса, апелляция шикоятини қаноатлантириш ҳамда таҳсил олувчига сертификат расмийлаштириш учун Малакавий имтиҳон комиссиясига тегишли хулосасини юбориш.

55. Апелляция комиссиясининг йиғилишларида кўриб чиқилган масалалар ва қабул қилинган қарорлар баённома шаклида расмийлаштирилади.

7-боб. Якуний қоида

56. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Қурилиш соҳаси малакали мутахассисларини тайёрлаш марказларига фуқароларни қабул қилиш ва ўқитиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

‎‎Қурилиш соҳаси малакали мутахассисларини тайёрлаш марказига ўқишга қабул қилиш бўйича ‎АРИЗА ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎________________________________________ ‎(касбий таълим ташкилотининг номи) ‎‎директори _____________________________ га _______________________________________ (яшаш манзили) ‎_______________________________ да яшовчи ‎ ‎‎_________________________________________________________________________________________дан ‎ (ариза берувчининг Ф.И.О. тўлиқ ёзилади) ‎ ‎‎‎АРИЗА ‎‎ ‎‎Мени ___________________________________________________________________________касб йўналиши ‎ (касб номи) бўйича_____________________________________________________________________________ қурилиш ‎(Марказ жойлашган ҳудуд) ‎‎соҳаси малакали мутахассисларини тайёрлаш марказига ўқишга қабул қилишингизни сўрайман. ‎‎Маълумоти ________________ ‎___ , ‎ ‎ ‎ ‎‎______________________________________________ ‎ ‎ ‎‎(ўрта, ўрта махсус, олий) ‎ ‎ ‎ ‎‎(тугатган таълим муассасаси номи) ‎‎_______________________________________________________________ ни __________ йилда тугатганман. ‎‎Якка тартибдаги суҳбат ўтказиладиган тил ____________________ ______________________________________ ‎‎Туғилган вақти ва жойи: ___________ йил «________» _______________________________________________ ____________________________________________________________________________________________ ‎Рўйхатдан ўтган яшаш манзили: ‎___________________________________________________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________ ‎‎(биометрик паспорти ёки идентификация ID-картаси бўйича яшаш жойи (республика, вилоят, шаҳар, туман, қишлоқ, овул, кўча хонадон рақами) тўлиқ кўрсатилади) ‎‎Биометрик паспорт ёки идентификация ID-карта маълумотлари: ‎____________________________________________________________________________________________ ‎‎(серияси, рақами, ким томонидан ва қачон берилган)‎ ‎‎Боғланиш учун телефон: ‎_____________________________________________________________________. ‎‎_____________________________________________ (ариза берувчи шахснинг Ф.И.О.) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎_________________ (имзо) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎20_________ йил «_________» ‎ (ариза топширилган сана) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Мудофаа вазири Б. КУРБАНОВ

Олий ва ўрта махсус таълим вазири А. ТОШКУЛОВ

Транспорт вазири И. МАХКАМОВ

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. ХУСАНОВ

Қурилиш вазири Б. ЗАКИРОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 4 июнь,

Тошкент ш.,

2022 йил 2 июнь,

Тошкент ш.,

2022 йил 3 июнь,

Тошкент ш.,

2022 йил 2 июнь,

Тошкент ш.,

2022 йил 2 июнь,

19-сон

11-2022-сон

6-сон

5-Q/Q-сон

2-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.06.2022 й., 10/22/3371/0519-сон; 02.06.2023 й., 10/23/3371-1/0324-сон; 04.12.2025 й., 10/25/3371-2/1124-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligining

Qarori

NIZOM

Qurilish sohasi malakali mutaxassislarini tayyorlash markazlariga fuqarolarni qabul qilish va oʻqitish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 25-yanvardagi PQ-4962-son “Vaqtinchalik mehnat faoliyatini amalga oshirish uchun xorijiy davlatga ketayotgan shaxslarni va band boʻlmagan aholini oʻqitishni tashkil etish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Mudofaa vazirligi, Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Qurilish vazirligi va Transport vazirligi qaror qiladi:

1. Qurilish sohasi malakali mutaxassislarini tayyorlash markazlariga fuqarolarni qabul qilish va oʻqitish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligining 2022-yil 4-iyundagi 19-son, Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligining 2022-yil 2-iyundagi 5-Q/Q-son, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining 2022-yil 2-iyundagi 11-2022-son, Qurilish vazirligining 2022-yil 2-iyundagi 2-son, Transport vazirligining 2022-yil 3-iyundagi 06-son qaroriga ILOVA

Qurilish sohasi malakali mutaxassislarini tayyorlash markazlariga fuqarolarni qabul qilish va oʻqitish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom Qurilish sohasi malakali mutaxassislarini tayyorlash markazlariga (bundan buyon matnda Markazlar deb yuritiladi) fuqarolarni qabul qilish va oʻqitish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Markazlarga muddatli harbiy xizmatdan va safarbarlik chaqiruvi rezervi xizmatidan Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari rezerviga boʻshatilgan shaxslar hamda mehnat organlarida roʻyxatdan oʻtgan ishsiz va band boʻlmagan fuqarolar (bundan buyon matnda talabgorlar deb yuritiladi) oʻqishga qabul qilinadi.

2. Markazlarga talabgorlarni oʻqishga qabul qilish tanlov asosida amalga oshiriladi. Tanlov yakka tartibdagi suhbat shaklida oʻtkaziladi.

3. Talabgorlar tanlovda tuman (shahar) Kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimi (bundan buyon matnda Kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimi deb yuritiladi) tomonidan berilgan yoʻllanma asosida ishtirok etadi.

2-bob. Markazda oʻqish istagini bildirgan talabgorlar roʻyxatini shakllantirish

4. Talabgorlar tanlovga yoʻllanma olish uchun yashash joyi boʻyicha roʻyxatga olingan joyidagi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimiga ariza bilan murojaat qiladi.

Bunda, ariza Kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimining masʼul xodimi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining mehnat organlariga murojaat etgan jismoniy va yuridik shaxslarga koʻrsatilgan xizmatlarni hisobga olish uchun moʻljallangan “Bandlik xizmati” axborot tizimiga kiritiladi.

5. Ariza Kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimi tomonidan ikki ish kuni ichida koʻrib chiqiladi hamda talabgorga Markazga qabul qilish uchun oʻtkaziladigan tanlovda ishtirok etish huquqini beruvchi yoʻllanma beriladi.

Bunda, talabgor mazkur Nizomning 1-bandida koʻrsatilgan fuqarolar toifasiga kirmasa, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimi tomonidan yoʻllanma berish rad etiladi.

Yoʻllanma berish rad etilganda, murojaat Kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimi tomonidan asoslantirilgan tushuntirish bilan talabgorga qaytariladi.

3-bob. Markazda oʻqishga qabul qilishni tashkil etish

6. Markazlarga oʻqishga qabul boʻyicha har yillik qabul parametrlari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklarining asoslantirilgan buyurtmanomalariga binoan shakllantiriladi hamda Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi tomonidan manfaatdor vazirlik va idoralar bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi.

7. Qabul parametrlarida Markazda oʻqish boshlanadigan kun, yoʻnalishlar boʻyicha qabul kvotasi koʻrsatiladi.

8. Markaz tomonidan navbatdagi oʻquv kurslari boshlanishidan kamida ellik kun oldin ommaviy axborot vositalarida hamda Markaz tashkil etilgan kasbiy taʼlim tashkilotining (bundan buyon matnda kasbiy taʼlim tashkiloti deb yuritiladi) rasmiy veb-saytida quyidagi maʼlumotlar koʻrsatilgan eʼlon beriladi:

oʻqishga qabul qilish uchun hujjatlar qabul qilinadigan vaqt;

oʻqitish va tayyorlash yoʻnalishlari roʻyxati;

Markazning manzili va murojaat uchun telefon raqamlari.

9. Markazga qabul jarayonini tashkil etish uchun kasbiy taʼlim tashkiloti direktorining buyrugʻi bilan kamida uch kishidan iborat tarkibda ishchi guruh tuziladi.

Bunda, Markaz boshligʻi ishchi guruh rahbari hisoblanadi.

10. Quyidagilar ishchi guruhning vazifalari hisoblanadi:

talabgorlarning hujjatlarini qabul qilish;

suhbat oʻtkazish jadvallarini tuzish va tasdiqlash;

qabul va suhbat oʻtkazish bilan bogʻliq ishlarni tashkillashtirish;

talabgorlar uchun maslahatlar tashkil etish.

11. Markazga oʻqishga kirish uchun hujjatlarni qabul qilish eʼlon berilgan kundan boshlab bir oy davom etadi.

12. Kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimi tomonidan yoʻllanma berilgan talabgor tanlovda ishtirok etish uchun tegishli kasbiy taʼlim tashkilotiga mazkur Nizomning ilovasiga muvofiq shakldagi ariza bilan murojaat qiladi.

Bunda, arizaga Kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimi tomonidan berilgan yoʻllanma ilova qilinadi.

Talabgorlardan mazkur bandda koʻrsatilmagan boshqa hujjatlarni talab qilish taqiqlanadi.

13. Hujjatlarni topshirgan talabgorga ishchi guruh aʼzosi tomonidan hujjatlarning qabul qilib olinganligi haqida tilxat beriladi.

4-bob. Yakka tartibdagi suhbatni oʻtkazish

14. Yakka tartibdagi suhbatni oʻtkazish uchun kasbiy taʼlim tashkiloti direktorining buyrugʻi bilan kamida besh kishidan iborat quyidagi tarkibda Tanlov komissiyasi tuziladi:

komissiya raisi — kasbiy taʼlim tashkiloti direktori (u boʻlmaganda, uning vazifasini bajaruvchi shaxs);

komissiya kotibi — Markazning kadrlar boʻyicha inspektori;

komissiya aʼzolari — tegishliligi boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi hamda viloyat Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik bosh boshqarmasi vakili, shuningdek Markazning masʼul xodimlari;

Ishchi guruh tarkibiga kiritilgan shaxslarning Tanlov komissiyasi tarkibiga kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

15. Tanlov komissiyasi oʻz faoliyatini kollegiallik, oshkoralik, xolislik va betaraflik prinsiplari asosida amalga oshiradi.

16. Yakka tartibdagi suhbat navbatdagi oʻquv kurslari boshlanishidan oʻn besh kun oldin boshlanadi va har bir yoʻnalish boʻyicha alohida oʻtkaziladi.

Bunda, yakka tartibdagi suhbat oʻtkazish jadvali kasbiy taʼlim tashkilotining eʼlonlar taxtasi va rasmiy veb-saytida suhbat boshlanishidan kamida besh kun oldin joylashtiriladi.

17. Talabgorlar yakka tartibdagi suhbat oʻtkaziladigan xonaga navbat bilan, biometrik pasporti yoki identifikatsiya ID-kartasini koʻrsatgan holda kiritiladi.

18. Talabgorlarning yakka tartibdagi suhbatga telefon va boshqa aloqa vositalarini olib kirishi hamda ulardan foydalanishi taqiqlanadi.

19. Yakka tartibdagi suhbat boshlanishidan oldin talabgorlarga Tanlov komissiyasi aʼzolari tomonidan suhbat oʻtkazish tartibi hamda baholash mezonlari tushuntiriladi.

20. Yakka tartibdagi suhbat ogʻzaki shaklda Tanlov komissiyasi aʼzolari tomonidan talabgorga beriladigan savollarga javob berish orqali amalga oshiriladi.

21. Tanlovda talabgorlarga beriladigan savollar roʻyxati Tanlov komissiyasi tomonidan quyidagi toʻrtta yoʻnalishlar boʻyicha shakllantiriladi hamda komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadi:

qurilish sohasidagi umumiy tushunchalar;

umumiy dunyoqarashning shakllanganligi;

shaxsiy-kasbiy xususiyatlar (oʻqishga qobiliyat, kasbiy vazifalarni hal qilishda amaliy faoliyat);

xorijda mehnat faoliyatini amalga oshirish istagida boʻlgan shaxslarning ular bormoqchi boʻlgan davlatning tili, tarixi, anʼanalari, urf-odatlari va qonunchiligi boʻyicha bazaviy tushunchalar.

Yakka tartibdagi suhbatni oʻtkazish davomida Tanlov komissiyasi aʼzolari tomonidan talabgorga yuqoridagi har bir yoʻnalish boʻyicha bittadan jami toʻrtta savol beriladi.

22. Yakka tartibdagi suhbat shaffof oʻtkazilishini taʼminlash maqsadida suhbat jarayoni audio va videoyozuvlarda qayd etib boriladi.

23. Bitta talabgor bilan yakka tartibdagi suhbat 30 daqiqagacha davom etishi mumkin.

Yakka tartibdagi suhbat natijalari 100 ballik tizimda ballar qoʻyish yoʻli bilan baholanadi. Bunda, mazkur Nizomning 21-bandida koʻrsatilgan har bir yoʻnalish boʻyicha maksimal ball 25 ballni tashkil etadi.

24. Yakka tartibdagi suhbat natijalari quyidagi mezonlar asosida baholanadi hamda toʻplangan ballar umumlashtiriladi:

talabgor toʻgʻri xulosa va qaror qabul qiladi, ijodiy fikrlay oladi, mustaqil mushohada yuritadi, mohiyatini tushunadi, biladi va aytib beradi deb topilganda — “15”dan “25” ballgacha;

talabgor mustaqil mushohada yuritadi, mohiyatini tushunadi, biladi, aytib beradi va tasavvurga ega deb topilganda — “10”dan “14” ballgacha;

talabgor mohiyatini qisman tushunadi, biladi, aytib beradi va tasavvurga ega deb topilganda — “5”dan “9” ballgacha;

talabgor bilmaydi, aytib bera olmaydi va tasavvurga qisman ega deb topilganda — “1”dan “4” ballgacha;

talabgor bilmaydi, aytib bera olmaydi va tasavvurga ega emas deb topilganda — “0” ball qoʻyiladi.

25. Yakka tartibdagi suhbat natijalarini aniqlash uchun Tanlov komissiyasining har bir aʼzosi boshqa aʼzolardan mustaqil holda baholash varaqasini toʻldiradi va uni Tanlov komissiyasi kotibiga taqdim etadi.

Tanlov komissiyasi kotibi komissiya aʼzolari tomonidan talabgorga qoʻyilgan oʻrtacha ballni hisoblab chiqadi.

Yakka tartibdagi suhbat natijalari reyting tizimi boʻyicha talabgorga qoʻyilgan (0 dan 100 gacha oraliqdagi) ballar asosida aniqlanadi.

Tanlov komissiyasi bayonnomasida talabgorlar roʻyxati kamayib borish tartibida, eng yuqori ball olgan talabgordan boshlab joylashtiriladi.

Yakka tartibdagi suhbat natijalariga koʻra eng yuqori ball toʻplagan talabgorlar tegishli qabul parametrlari doirasida Markazda oʻqishga tavsiya etiladi.

26. Yakka tartibdagi suhbat jarayoni va natijalari Tanlov komissiyasining barcha aʼzolari tomonidan imzolanadigan va rais tomonidan tasdiqlanadigan bayonnomada qayd etiladi.

27. Yakka tartibdagi suhbat natijalari barcha yoʻnalishlar uchun suhbat yakunlangan kundan boshlab ikki ish kuni ichida tegishli kasbiy taʼlim tashkilotining eʼlonlar taxtasi va rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

28. Oʻqishga tavsiya etilgan talabgorlar bilan kasbiy taʼlim tashkiloti oʻrtasida shartnoma tuziladi va ularni oʻqishga qabul qilish toʻgʻrisida kasbiy taʼlim tashkiloti direktorining buyrugʻi qabul qilinadi.

29. Yakka tartibdagi suhbat natijalari yuzasidan talabgorlarning shikoyatlarini koʻrib chiqish uchun Markaz tashkil etilgan kasbiy taʼlim tashkiloti tizimida boʻlgan vazirlik rahbarining buyrugʻi bilan mazkur vazirlikning hududiy boshqarmasida kamida besh kishidan iborat tarkibda Apellyatsiya komissiyasi tashkil etiladi.

Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga tegishli vazirlikning hududiy boshqarmalari xodimlaridan vakillar hamda sohaga oid malakali mutaxassislar kiritiladi.

Ishchi guruh va Tanlov komissiyasi tarkibiga kiritilgan shaxslarning Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

30. Yakka tartibdagi suhbat natijalaridan norozi boʻlgan talabgor suhbat natijasi eʼlon qilingan kundan boshlab bir hafta muddat ichida Apellyatsiya komissiyasiga yozma ravishda apellyatsiya shikoyati berish huquqiga ega.

31. Apellyatsiya komissiyasi taqdim etilgan apellyatsiya shikoyatini u kelib tushgan kundan boshlab uch ish kuni ichida apellyatsiya shikoyati bergan talabgor ishtirokida koʻrib chiqadi.

32. Talabgorning eʼtirozlarini koʻrib chiqish natijasi boʻyicha Apellyatsiya komissiyasi quyidagi mazmundagi qarorlardan birini qabul qiladi:

eʼtiroz asossiz boʻlsa, apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirishni rad etish va tanlov natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish;

eʼtiroz asosli boʻlsa, apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirish va tanlov natijalariga oʻzgartirish kiritish.

33. Apellyatsiya komissiyasining yigʻilishlarida koʻrib chiqilgan masalalar va qabul qilingan qarorlar bayonnoma shaklida rasmiylashtiriladi.

5-bob. Markazda tahsil oluvchilarni oʻqitish

34. Markazda oʻqitish kunduzgi oʻqish shaklida amalga oshiriladi.

35. Markazlarda qurilish sohasidagi kasblar boʻyicha oʻqitish xalqaro (jumladan “World Skills”) standartlarga muvofiq hamda potensial xorijiy ish beruvchilarning talablarini hisobga olgan holda, xorijiy tillar boʻyicha — yetakchi mahalliy va xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarining oʻquv dasturlari asosida amalga oshiriladi.

Bunda, har bir yoʻnalish boʻyicha oʻquv dasturi Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.

36. Tahsil oluvchilar quyidagi hollarda oʻqishdan chetlatiladi:

Markaz ichki tartib qoidalarini uch marta buzganda;

uzrli sabablarsiz (tasdiqlovchi maʼlumotnomalar boʻlganda, tahsil oluvchining sogʻligʻi holatining yomonlashganligi uzrli sabab deb topiladi) 36 soatdan ortiq dars qoldirganda;

tahsil oluvchiga nisbatan sudning ozodlikdan mahrum qilish tarzidagi jazo tayinlash toʻgʻrisidagi hukmi qonuniy kuchga kirganda;

oʻz xohishiga binoan.

6-bob. Malakaviy imtihonni oʻtkazish

37. Tahsil oluvchilarning oʻqish jarayonida egallagan bilimini va oʻquv dasturini oʻzlashtirish darajasini aniqlash maqsadida oʻquv dasturi yakunlangandan soʻng oʻn kun ichida malakaviy imtihon oʻtkaziladi.

38. Tegishli kasbiy taʼlim tashkiloti direktorining buyrugʻi bilan malakaviy imtihonni oʻtkazish boʻyicha Malakaviy imtihon komissiyasi tuziladi.

39. Malakaviy imtihon komissiyasiga Markaz boshligʻi (u boʻlmaganda, uning vazifasini bajaruvchi shaxs) raislik qiladi.

40. Malakaviy imtihon komissiyasiga har bir yoʻnalish boʻyicha Markazning oʻqituvchi va ishlab chiqarish taʼlimi ustalari, shuningdek tegishli hududdagi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimining masʼul xodimlari kiritiladi.

41. Malakaviy imtihon nazariy savol va amaliy topshiriq shaklida oʻtkaziladi. Bunda imtihon biletida bitta nazariy savol va ikkita amaliy topshiriq beriladi.

Imtihon savollari va amaliy topshiriqlar oʻquv dasturi doirasida tuziladi.

Malakaviy imtihon savollari va amaliy topshiriqlari malakaviy imtihon boshlanishidan bir oy oldin kasbiy taʼlim tashkilotining eʼlonlar taxtasiga osib qoʻyish orqali oʻquvchilar eʼtiboriga yetkaziladi.

42. Tegishli yoʻnalishlar boʻyicha malakaviy imtihonni oʻtkazish jadvali imtihon boshlanishidan kamida oʻn besh kun oldin Markaz boshligʻi tomonidan tasdiqlanadi va eʼlonlar taxtasiga osib qoʻyiladi.

43. Tahsil oluvchi nazariy savollarga bergan javoblariga qarab, quyidagi mezonlar asosida “5” ballik tizimda baholanadi:

tahsil oluvchi toʻgʻri xulosa va qaror qabul qiladi, ijodiy fikrlay oladi, mustaqil mushohada yuritadi, amalda qoʻllay oladi, mohiyatini toʻliq tushunadi, biladi va aytib beradi deb topilganda — “5” ball;

tahsil oluvchi mushohada yuritadi, amalda qoʻllay oladi, mohiyatini tushunadi, biladi, aytib beradi va tasavvurga ega deb topilganda — “4” ball;

tahsil oluvchi mohiyatini qisman tushunadi, biladi, aytib beradi va tasavvurga ega deb topilganda — “3” ball;

tahsil oluvchi bilmaydi, aytib bera olmaydi va tasavvurga ega emas deb topilganda — “2” ball.

44. Tahsil oluvchining amaliy topshiriqni bajarishi quyidagi mezonlar asosida “5” ballik tizimda baholanadi:

tahsil oluvchi topshiriqni toʻgʻri va toʻliq, mustaqil hamda amaliy metodik qoʻllanmalardan foydalanmasdan bajardi deb topilganda — “5” ball;

tahsil oluvchi topshiriqni toʻgʻri va toʻliq, mustaqil bajardi, biroq tegishli amaliy metodik qoʻllanmalardan foydalandi deb topilganda — “4” ball;

tahsil oluvchi topshiriqni toʻgʻri va toʻliq bajardi, biroq tegishli metodik qoʻllanmalardan hamda ishlab chiqarish taʼlim ustasining ogʻzaki maslahatidan foydalandi deb topilganda — “3” ball;

tahsil oluvchi tegishli metodik qoʻllanmalardan hamda ustaning ogʻzaki maslahatidan foydalangan holda topshiriqni toʻgʻri va toʻliq bajara olmagan deb topilganda — “2” ball.

45. Tahsil oluvchi tomonidan nazariy savolga javob berilgandan hamda amaliy topshiriq bajarilgandan soʻng, Malakaviy imtihon komissiyasining har bir aʼzosi tomonidan mustaqil baholanadi. Komissiya aʼzolari tomonidan qoʻyilgan baholar muhokama qilinib, tahsil oluvchiga oʻrtacha arifmetik ball qoʻyiladi.

46. Malakaviy imtihon natijalari imtihon yakunlangan kunning oʻzida tahsil oluvchilarga eʼlon qilinadi.

47. Oʻrtacha arifmetik balli “3” balldan kam boʻlgan tahsil oluvchi malakaviy imtihondan oʻtmagan hisoblanadi.

48. Malakaviy imtihondan muvaffaqiyatli oʻtgan (oʻrtacha arifmetik balli “3” va undan yuqori boʻlgan) tahsil oluvchilarga Malakaviy imtihon komissiyasi qaroriga asosan Vazirlar Mahkamasining “Boshlangʻich, oʻrta va oʻrta maxsus professional taʼlim toʻgʻrisidagi hujjatlarning davlat namunasini tasdiqlash haqida” 2020-yil 19-noyabrdagi 734-son qarorining 3-ilovasiga muvofiq shaklda rasmiylashtirilgan sertifikat beriladi.

49. Malakaviy imtihondan oʻtolmagan tahsil oluvchilarga Malakaviy imtihon komissiyasi qaroriga asosan imtihonni ikki marta qayta topshirish imkoniyati beriladi.

Malakaviy imtihonni qayta topshirishi lozim boʻlgan tahsil oluvchilar roʻyxati, qayta topshirish kuni va vaqti Malakaviy imtihon komissiyasi qarorida koʻrsatiladi.

50. Malakaviy imtihonni ikki marta qayta topshirishda ham qoniqarsiz natija koʻrsatgan tahsil oluvchiga sertifikat berilmaydi.

Bunda, Markaz tomonidan ushbu tahsil oluvchilar Markazda tahsil olganligi toʻgʻrisida tegishliligi boʻyicha Kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimlariga maʼlumotnoma taqdim etiladi.

51. Malakaviy imtihon natijasidan norozi boʻlgan tahsil oluvchilar kasbiy taʼlim tashkiloti direktorining buyrugʻi bilan tuziladigan Apellyatsiya komissiyasiga malaka imtihoni natijasi eʼlon qilingan kundan boshlab bir hafta muddat ichida apellyatsiya shikoyati berish huquqiga ega.

52. Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga Malakaviy imtihon komissiyasi faoliyatida ishtirok etmagan shaxslar orasidan komissiya raisi va kamida toʻrt nafar aʼzo kiritiladi.

53. Apellyatsiya shikoyati Apellyatsiya komissiyasi tomonidan bir ish kunida tahsil oluvchining ishtirokida koʻrib chiqiladi.

54. Tahsil oluvchining eʼtirozlarini koʻrib chiqish natijasi boʻyicha Apellyatsiya komissiyasi quyidagi mazmundagi qarorlardan birini qabul qiladi:

eʼtiroz asossiz boʻlsa, apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirishni rad etish va malakaviy imtihon natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish;

eʼtiroz asosli boʻlsa, apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirish hamda tahsil oluvchiga sertifikat rasmiylashtirish uchun Malakaviy imtihon komissiyasiga tegishli xulosasini yuborish.

55. Apellyatsiya komissiyasining yigʻilishlarida koʻrib chiqilgan masalalar va qabul qilingan qarorlar bayonnoma shaklida rasmiylashtiriladi.

7-bob. Yakuniy qoida

56. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

Qurilish sohasi malakali mutaxassislarini tayyorlash markazlariga fuqarolarni qabul qilish va oʻqitish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

‎‎Qurilish sohasi malakali mutaxassislarini tayyorlash markaziga oʻqishga qabul qilish boʻyicha ‎ARIZA ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎________________________________________ ‎(kasbiy taʼlim tashkilotining nomi) ‎‎direktori _____________________________ ga _______________________________________ (yashash manzili) ‎_______________________________ da yashovchi ‎ ‎‎_________________________________________________________________________________________dan ‎ (ariza beruvchining F.I.O. toʻliq yoziladi) ‎ ‎‎‎ARIZA ‎‎ ‎‎Meni ___________________________________________________________________________kasb yoʻnalishi ‎ (kasb nomi) boʻyicha_____________________________________________________________________________ qurilish ‎(Markaz joylashgan hudud) ‎‎sohasi malakali mutaxassislarini tayyorlash markaziga oʻqishga qabul qilishingizni soʻrayman. ‎‎Maʼlumoti ________________ ‎___ , ‎ ‎ ‎ ‎‎______________________________________________ ‎ ‎ ‎‎(oʻrta, oʻrta maxsus, oliy) ‎ ‎ ‎ ‎‎(tugatgan taʼlim muassasasi nomi) ‎‎_______________________________________________________________ ni __________ yilda tugatganman. ‎‎Yakka tartibdagi suhbat oʻtkaziladigan til ____________________ ______________________________________ ‎‎Tugʻilgan vaqti va joyi: ___________ yil “________” _______________________________________________ ____________________________________________________________________________________________ ‎Roʻyxatdan oʻtgan yashash manzili: ‎___________________________________________________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________ ‎‎(biometrik pasporti yoki identifikatsiya ID-kartasi boʻyicha yashash joyi (respublika, viloyat, shahar, tuman, qishloq, ovul, koʻcha xonadon raqami) toʻliq koʻrsatiladi) ‎‎Biometrik pasport yoki identifikatsiya ID-karta maʼlumotlari: ‎____________________________________________________________________________________________ ‎‎(seriyasi, raqami, kim tomonidan va qachon berilgan)‎ ‎‎Bogʻlanish uchun telefon: ‎_____________________________________________________________________. ‎‎_____________________________________________ (ariza beruvchi shaxsning F.I.O.) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎_________________ (imzo) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎20_________ yil “_________” ‎ (ariza topshirilgan sana) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Mudofaa vaziri B. KURBANOV

Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A. TOSHKULOV

Transport vaziri I. MAXKAMOV

Bandlik va mehnat munosabatlari vaziri N. XUSANOV

Qurilish vaziri B. ZAKIROV

Toshkent sh.,

2022-yil 4-iyun,

Toshkent sh.,

2022-yil 2-iyun,

Toshkent sh.,

2022-yil 3-iyun,

Toshkent sh.,

2022-yil 2-iyun,

Toshkent sh.,

2022-yil 2-iyun,

19-son

11-2022-son

6-son

5-Q/Q-son

2-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 13.06.2022-y., 10/22/3371/0519-son; 02.06.2023-y., 10/23/3371-1/0324-son; 04.12.2025-y., 10/25/3371-2/1124-son)

lex.uz