UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 31-may · Boshqa hujjatlar · Konstitutsiyaviy sudi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 31 май · Бошқа ҳужжатлар · Конституциявий суди

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 31 мая 2022 г. · Другие документы · Конституционного суда

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 31 May 2022 · Other documents · Konstitutsiyaviy sudi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг

Қарори

Фуқаро М. Хасанованинг шикояти бўйича Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 197 ва 206-моддаларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси 11 ва 27-моддаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги иш юзасидан

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди (кейинги ўринларда — Конституциявий суд) раис М. Абдусаломов, судьялар А. Ғафуров, Ф. Каюмов, С. Кошаева, Б. Мирбобоев, Г. Пиржанов ва Қ. Улжаевдан иборат таркибда, катта эксперт К. Хамидованинг котиблигида, тараф — фуқаро М. Хасанова ва унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «Grata» адвокатлик фирмаси адвокати Ф. Акрамов, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмита раиси ўринбосари Ш. Чўллиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девони раҳбари ўринбосари Б. Раджабов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти бош маслаҳатчиси А. Юлдашев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи инспектори Т. Турсунбоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлими бошлиғи О. Норбоев, Ўзбекистон Республикаси Олий суди бош консультанти Ш. Ахатова, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси катта прокурори А. Қодировнинг иштирокида, фуқаро М. Хасанованинг Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (кейинги ўринларда — Фуқаролик кодекси) 197 ва 206-моддаларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси (кейинги ўринларда — Уй-жой кодекси) 11 ва 27-моддаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг (кейинги ўринларда — Конституция) 53 ва 54-моддаларига мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикояти бўйича юритилган ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.

Маърузачи судья С. Кошаеванинг маърузасини, тараф М. Хасанова, адвокат Ф. Акрамов ва кўрсатиб ўтилган давлат идоралари вакилларининг фикрларини эшитиб, иш материалларини ўрганиб, Конституциявий суд қуйидагиларни аниқлади:

Фуқаро М. Хасанова ўзининг 2022 йил 19 апрелдаги Конституциявий судга юборган шикоятида, шунингдек Конституциявий суд мажлисида Фуқаролик кодекси 197 ва 206-моддалари 1 ҳамда Уй-жой кодекси 11 ва 27-моддалари унинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган, Конституцияга мувофиқ эмас ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган деб ҳисоблаб, уларнинг Конституциянинг 53 ва 54-моддаларига мувофиқлигини аниқлашни сўраган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 12 февралдаги 225-сон қарори билан «B-B-STROY» МЧЖга Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Олтинтепа кўчасида жойлашган 0,925 га ер участкасини дастлабки захирага олиш ва кўп қаватли уй-жой (бинолар)ни қуриш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун рухсат берилган. Мазкур қарорнинг иловасида бошқа уйлар қаторида Олтинтепа кўчасидаги 249-уй ҳам бузилиши белгиланган.

«B-B-STROY» МЧЖ ва фуқаро М. Хасанова даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Тошкент шаҳар Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2020 йил 30 сентябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар «B-B-STROY» МЧЖнинг жавобгар М. Хасановага нисбатан уни ва у билан бирга яшаб келаётган барча шахсларни Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Олтинтепа кўчаси, 249-уй, 5-квартирадан Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Қорасув-1 массиви, 8-уй, 2-квартирага кўчириш ҳақидаги даъво талабларини ҳамда М. Хасанованинг жавобгар «B-B-STROY» МЧЖга нисбатан қурилиш ишларини тўхтатиш ҳақидаги даъво талабларини қаноатлантириш Фуқаролик кодекси 206-моддаси ва Уй-жой кодекси 27-моддаси қўлланилиб рад этилган.

Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 19 ноябрдаги ажримига кўра, Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2020 йил 30 сентябрдаги ҳал қилув қарорининг даъвогар «B-B-STROY» МЧЖнинг даъво талабларини рад этишга оид қисми Фуқаролик кодекси 206-моддаси ва Уй-жой кодекси 27-моддаси қўлланилиб, бекор қилинган ҳамда янги ҳал қилув қарори қабул қилинган. Мазкур қарорда фуқаролар М. Хасанова, Б. Файзуллаев ва О. Файзуллаевни бузилиши лозим бўлган Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Олтинтепа кўчаси, 249-уй, 5-квартирадан Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Қорасув-1 массиви, 8-уй, 2-квартирага кўчириш, шунингдек, фуқаро М. Хасанованинг умумий фойдали майдони 63,62 кв.м. икки хонадан иборат бўлган Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Қорасув-1 массиви, 8-уй, 2-квартирага мулк ҳуқуқини белгилаш ҳамда унинг Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Олтинтепа кўчаси, 249-уй, 5-квартирага бўлган мулк ҳуқуқини бекор қилиш белгиланган.

Фуқаро М. Хасанова Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти билан мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 25 январдаги ажримига кўра Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг мазкур ажрими Фуқаролик кодекси 206-моддаси ва Уй-жой кодекси 27-моддаси асосида ўзгаришсиз қолдирилган.

Фуқаро М. Хасанова суд томонидан қўлланилган Фуқаролик кодексининг 206-моддаси ва Уй-жой кодексининг 27-моддаси нормалари ҳамда суд томонидан қўлланилмаган, аммо қўлланилган нормалар қоидаларини такрорлайдиган Фуқаролик кодексининг 197-моддаси ва Уй-жой кодексининг 11-моддаси нормаларини Конституциянинг 53 ва 54-моддаларига мувофиқ эмас, деб ҳисобламоқда.

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 82-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ «Конституциявий суд Конституцияга мувофиқлиги хусусида шубҳа туғдирган аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан қарорлар қабул қилади.

Конституциявий суд норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириб, текширилган ҳужжатга асосланган ёхуд унинг қоидаларини такрорлайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хусусида ҳам, гарчи Конституциявий суд кўриб чиқиши учун киритилган мурожаатда улар тўғрисида сўз юритилмаган бўлса-да, бир вақтнинг ўзида қарор чиқаришга ҳақли».

Конституциянинг 53-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ «Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин».

Конституциянинг 54-моддасига мувофиқ «Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт».

Мурожаат муаллифи унинг мулкидан маҳрум этилиши (мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши) ва мулкининг олиб қўйилиши масалаларини тартибга соладиган қонун нормаларининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлашни сўраб, Конституциявий судга мурожаат этганлиги ва Конституция 53-моддасининг иккинчи қисми мулкдорнинг ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкинлигини назарда тутганлиги сабабли Конституциявий суд томонидан мазкур масалаларни тартибга соладиган қонун нормалари таҳлил қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-683-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун 55-моддасининг 12-бандига мувофиқ Фуқаролик кодекси бошқа моддалари билан бир қаторда 83-моддасининг тўртинчи қисмидаги , 166-моддасининг учинчи қисмидаги , 198-моддасининг биринчи қисмидаги , 199-моддасининг биринчи қисмидаги ва 206-моддасининг биринчи қисмидаги тегишли келишикдаги «қонунлар» деган сўз тегишли келишикдаги «қонун ҳужжатлари» деган сўзлар билан алмаштирилган.

Фуқаролик кодекси 83-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни қўлга киритиш ва улар бекор бўлишининг хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади; 166-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга, шунингдек унинг ҳуқуқларини чеклашга фақат қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина йўл қуйилади; 198-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ мол-мулкни йўқ қилиш (тугатиш) натижасида мулк ҳуқуқини бекор қилишга қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳолларда йўл қўйилади; 199-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ мол-мулкни мулкдордан олиб қўйишга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув ана шу мол-мулкка қаратилган тақдирда, шунингдек национализация қилиш, реквизиция ва мусодара қилиш тартибида йўл қўйилади; 206-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга бевосита қаратилмаган қарори муносабати билан, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади..., деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-683-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун 55-моддасининг 2-бандига мувофиқ Фуқаролик кодекси 197-моддасидаги тегишли келишикдаги «қонун ҳужжатлари» деган сўзлар тегишли келишикдаги «қонунчилик» деган сўз билан алмаштирилган.

Фуқаролик кодексининг 197-моддаси қуйидагича ифодаланган.

«Мулк ҳуқуқи мулкдорнинг ихтиёрий суратда мажбуриятни бажариши, мулкдорнинг мол-мулк тақдирини ҳал қиладиган бир томонлама қарор қабул қилиши, суд қарори асосида мол-мулкни олиб қўйиш (сотиб олиш) йўли билан, шунингдек мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонунчиликка асосан бекор бўлади».

Мурожаат муаллифи Конституциявий суддан Уй-жой кодекси 11 ва 27-моддаларининг ҳам Конституцияга мувофиқлигини аниқлашни сўраган. Мазкур моддалардаги кўрилаётган ишга дахлдор бўлган нормалар қуйидагича ифодаланган.

Уй-жой кодексининг 11-моддаси бешинчи ва олтинчи қисмларига мувофиқ хусусий мулк бўлган уйлар, квартиралар олиб қўйилиши, мулкдор эса уйга, квартирага мулк ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Турар жой фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда суднинг қарорига асосан мажбурий тарзда олиб қўйилиши мумкин.

Мазкур Кодекснинг 27-моддасига мувофиқ ер участкалари давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, мулкдорларга уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра, уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланади. Бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда, бу фарқ мулкдорга компенсация қилиниши лозим, берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда эса, ушбу фарқ мулкдор томонидан қайтарилиши талаб этилмайди.

Бузилаётган уйлар ўрнига турар жойни мулк қилиб бериш ва уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ҳамда дов-дарахтлар қийматини тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Кўрсатилган қонун нормалари таҳлили асосида қуйидаги хулосага келиш мумкин.

Конституциянинг 53-моддасига асосан «Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин».

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-683-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонуни билан Фуқаролик кодексининг кўрсатилган моддалар тегишли қисмларига киритилган ўзгартишлар натижасида улар Конституциянинг 53-моддаси иккинчи қисми қоидаларига мувофиқ бўлмай қолган. Мазкур Қонун кучга киргунга қадар Фуқаролик кодекси кўрсатилган моддаларининг тегишли қисмлари Конституцияга мувофиқ бўлган. Чунки уларда мулк ҳуқуқининг қонун асосида бекор қилиниши назарда тутилган эди.

Мазкур Қонун кучга киргунга қадар ҳам Фуқаролик кодекси 197-моддасидаги мулк ҳуқуқи «... мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонун ҳужжатларига асосан бекор бўлади» деган қисми Конституцияга мувофиқ бўлмаган.

Мулкдорнинг ўз мулкидан маҳрум этилишининг ҳуқуқий асоси турли қонунларда турлича белгиланган.

Фуқаролик кодекси кўрсатилган моддаларининг тегишли қисмларида бундай ҳуқуқий асос сифатида «қонун ҳужжатлари», мазкур Кодекс 197-моддасида «қонунчилик», Уй-жой кодексининг 11-моддасининг бешинчи ва олтинчи қисмларида ҳамда «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун 19-моддасининг биринчи қисмида «қонун» деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-682-сон «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун 7-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ қонун ҳужжатларини Конституция , қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ташкил этади. Мазкур Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг «қонунчилиги» деганда қонуности ҳужжатлари ҳам тушунилади.

Мулкдорнинг ўз мулкидан «қонун ҳужжатлари» ёки «қонунчилик» асосида маҳрум қилиниши Конституциянинг 53-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ эмас.

Мурожаат муаллифи Конституцияга мувофиқлигини аниқлашни сўраган Уй-жой кодекси 11-моддасининг бешинчи ва олтинчи қисмлари , 27-моддаси , шунингдек, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун 19-моддасининг биринчи қисми қоидаларининг таҳлили уларнинг Конституциянинг 53-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ эканлигини кўрсатди.

Баён қилинганлардан келиб чиқиб, мулкдор мулк ҳуқуқининг Олий Мажлис палаталари қарорлари ёки қонуности ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бекор қилиниши мумкинлигини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-683-сонли «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун 55-моддасининг 12-бандидаги Фуқаролик кодексининг 83 , 166 , 198 , 199 ва 206-моддаларига тегишли қисми ҳамда Фуқаролик кодекси 197-моддасидаги мулк ҳуқуқи мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонунчиликка асосан бекор бўлади», деган қисми Конституциянинг 53-моддаси иккинчи қисмига мувофиқлаштирилиши лозим.

Фуқаро М. Хасанова Конституциявий суддан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарорини судлар томонидан қўлланилиши юзасидан ҳам айрим саволларга жавоб беришни сўраган. Унинг бундай саволларига жавоб бериш Конституция ва қонунларга мувофиқ Конституциявий суднинг ваколатига кирмайди.

Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб, Конституция 109-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига , «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун 4-моддаси иккинчи қисми , 69 , 72 , 82 ва 86-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилди:

1. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-683-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун 55-моддасининг 12-бандидаги Фуқаролик кодексининг 83 , 166 , 198 , 199 ва 206-моддаларига тегишли қисми ҳамда Фуқаролик кодекси 197-моддасининг мулк ҳуқуқи «... мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонунчиликка асосан бекор бўлади», деган қисми Конституцияга мувофиқ эмас деб топилсин.

2. «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун 73-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ Конституциявий суднинг қарорига кўра Конституцияга мувофиқ эмас деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми ўзининг амал қилишини тугатади. Мазкур модданинг учинчи қисмига мувофиқ Конституцияга мувофиқ эмас деб топилган ҳужжатни қабул қилган давлат органи ўз ҳужжатини Конституциявий суднинг қарори асосида бир ойдан кечиктирмай Конституцияга мувофиқлаштириши керак.

3. Уй-жой кодекси 11-моддасининг бешинчи ва олтинчи қисмлари , 27-моддаси ҳамда «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун 19-моддасининг биринчи қисми Конституцияга мувофиқ деб топилсин.

4. Ушбу қарор «Халқ сўзи» газетаси, «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ва Конституциявий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

5. Мазкур қарор қатъий, унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас ва у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди

Тошкент ш.,

2022 йил 31 май,

КСҚ-3-сон

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining

Qarori

Fuqaro M. Xasanovaning shikoyati boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Fuqarolik kodeksi 197 va 206-moddalarining hamda Oʻzbekiston Respublikasi Uy-joy kodeksi 11 va 27-moddalarining Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash toʻgʻrisidagi ish yuzasidan

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi (keyingi oʻrinlarda — Konstitutsiyaviy sud) rais M. Abdusalomov, sudyalar A. Gʻafurov, F. Kayumov, S. Koshayeva, B. Mirboboyev, G. Pirjanov va Q. Uljayevdan iborat tarkibda, katta ekspert K. Xamidovaning kotibligida, taraf — fuqaro M. Xasanova va uning huquqlarini himoya qiluvchi “Grata” advokatlik firmasi advokati F. Akramov, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Senati qoʻmita raisi oʻrinbosari Sh. Choʻlliyev, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi Devoni rahbari oʻrinbosari B. Radjabov, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Inson huquqlari boʻyicha vakili (ombudsman) Kotibiyati bosh maslahatchisi A. Yuldashev, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil devoni yetakchi inspektori T. Tursunboyev, Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy markazi boʻlimi boshligʻi O. Norboyev, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi bosh konsultanti Sh. Axatova, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi katta prokurori A. Qodirovning ishtirokida, fuqaro M. Xasanovaning Oʻzbekiston Respublikasi Fuqarolik kodeksining (keyingi oʻrinlarda — Fuqarolik kodeksi) 197 va 206-moddalarining hamda Oʻzbekiston Respublikasi Uy-joy kodeksi (keyingi oʻrinlarda — Uy-joy kodeksi) 11 va 27-moddalarining Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining (keyingi oʻrinlarda — Konstitutsiya) 53 va 54-moddalariga muvofiqligini tekshirish toʻgʻrisidagi shikoyati boʻyicha yuritilgan ishni ochiq sud majlisida koʻrib chiqdi.

Maʼruzachi sudya S. Koshayevaning maʼruzasini, taraf M. Xasanova, advokat F. Akramov va koʻrsatib oʻtilgan davlat idoralari vakillarining fikrlarini eshitib, ish materiallarini oʻrganib, Konstitutsiyaviy sud quyidagilarni aniqladi:

Fuqaro M. Xasanova oʻzining 2022-yil 19-apreldagi Konstitutsiyaviy sudga yuborgan shikoyatida, shuningdek Konstitutsiyaviy sud majlisida Fuqarolik kodeksi 197 va 206-moddalari 1 hamda Uy-joy kodeksi 11 va 27-moddalari uning konstitutsiyaviy huquqlari va erkinliklarini buzayotgan, Konstitutsiyaga muvofiq emas hamda sudda koʻrilishi tugallangan muayyan ishda qoʻllanilgan va sudda himoya qilishning barcha boshqa vositalaridan foydalanib boʻlingan deb hisoblab, ularning Konstitutsiyaning 53 va 54-moddalariga muvofiqligini aniqlashni soʻragan.

Toshkent shahar hokimining 2019-yil 12-fevraldagi 225-son qarori bilan “B-B-STROY” MChJga Toshkent shahri, Mirzo Ulugʻbek tumani, Oltintepa koʻchasida joylashgan 0,925 ga yer uchastkasini dastlabki zaxiraga olish va koʻp qavatli uy-joy (binolar)ni qurish uchun loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish uchun ruxsat berilgan. Mazkur qarorning ilovasida boshqa uylar qatorida Oltintepa koʻchasidagi 249-uy ham buzilishi belgilangan.

“B-B-STROY” MChJ va fuqaro M. Xasanova daʼvo arizasi bilan sudga murojaat qilgan.

Toshkent shahar Fuqarolik ishlari boʻyicha Mirzo Ulugʻbek tumanlararo sudining 2020-yil 30-sentabrdagi hal qiluv qaroriga koʻra, daʼvogar “B-B-STROY” MChJning javobgar M. Xasanovaga nisbatan uni va u bilan birga yashab kelayotgan barcha shaxslarni Toshkent shahar, Mirzo Ulugʻbek tumani, Oltintepa koʻchasi, 249-uy, 5-kvartiradan Toshkent shahar, Mirzo Ulugʻbek tumani, Qorasuv-1 massivi, 8-uy, 2-kvartiraga koʻchirish haqidagi daʼvo talablarini hamda M. Xasanovaning javobgar “B-B-STROY” MChJga nisbatan qurilish ishlarini toʻxtatish haqidagi daʼvo talablarini qanoatlantirish Fuqarolik kodeksi 206-moddasi va Uy-joy kodeksi 27-moddasi qoʻllanilib rad etilgan.

Toshkent shahar sudi fuqarolik ishlari boʻyicha sudlov hayʼatining 2021-yil 19-noyabrdagi ajrimiga koʻra, Fuqarolik ishlari boʻyicha Mirzo Ulugʻbek tumanlararo sudining 2020-yil 30-sentabrdagi hal qiluv qarorining daʼvogar “B-B-STROY” MChJning daʼvo talablarini rad etishga oid qismi Fuqarolik kodeksi 206-moddasi va Uy-joy kodeksi 27-moddasi qoʻllanilib, bekor qilingan hamda yangi hal qiluv qarori qabul qilingan. Mazkur qarorda fuqarolar M. Xasanova, B. Fayzullayev va O. Fayzullayevni buzilishi lozim boʻlgan Toshkent shahar, Mirzo Ulugʻbek tumani, Oltintepa koʻchasi, 249-uy, 5-kvartiradan Toshkent shahar, Mirzo Ulugʻbek tumani, Qorasuv-1 massivi, 8-uy, 2-kvartiraga koʻchirish, shuningdek, fuqaro M. Xasanovaning umumiy foydali maydoni 63,62 kv.m. ikki xonadan iborat boʻlgan Toshkent shahar, Mirzo Ulugʻbek tumani, Qorasuv-1 massivi, 8-uy, 2-kvartiraga mulk huquqini belgilash hamda uning Toshkent shahar, Mirzo Ulugʻbek tumani, Oltintepa koʻchasi, 249-uy, 5-kvartiraga boʻlgan mulk huquqini bekor qilish belgilangan.

Fuqaro M. Xasanova Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudiga kassatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan.

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi fuqarolik ishlari boʻyicha sudlov hayʼatining 2022-yil 25-yanvardagi ajrimiga koʻra Toshkent shahar fuqarolik ishlari boʻyicha sudlov hayʼatining mazkur ajrimi Fuqarolik kodeksi 206-moddasi va Uy-joy kodeksi 27-moddasi asosida oʻzgarishsiz qoldirilgan.

Fuqaro M. Xasanova sud tomonidan qoʻllanilgan Fuqarolik kodeksining 206-moddasi va Uy-joy kodeksining 27-moddasi normalari hamda sud tomonidan qoʻllanilmagan, ammo qoʻllanilgan normalar qoidalarini takrorlaydigan Fuqarolik kodeksining 197-moddasi va Uy-joy kodeksining 11-moddasi normalarini Konstitutsiyaning 53 va 54-moddalariga muvofiq emas, deb hisoblamoqda.

“Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy qonunning 82-moddasi birinchi va ikkinchi qismlariga muvofiq “Konstitutsiyaviy sud Konstitutsiyaga muvofiqligi xususida shubha tugʻdirgan aniq normativ-huquqiy hujjatlar yuzasidan qarorlar qabul qiladi.

Konstitutsiyaviy sud normativ-huquqiy hujjatning Konstitutsiyaga muvofiqligini tekshirib, tekshirilgan hujjatga asoslangan yoxud uning qoidalarini takrorlaydigan normativ-huquqiy hujjatlar xususida ham, garchi Konstitutsiyaviy sud koʻrib chiqishi uchun kiritilgan murojaatda ular toʻgʻrisida soʻz yuritilmagan boʻlsa-da, bir vaqtning oʻzida qaror chiqarishga haqli”.

Konstitutsiyaning 53-moddasining ikkinchi qismiga muvofiq “Xususiy mulk boshqa mulk shakllari kabi daxlsiz va davlat himoyasidadir. Mulkdor faqat qonunda nazarda tutilgan hollarda va tartibdagina mulkidan mahrum etilishi mumkin”.

Konstitutsiyaning 54-moddasiga muvofiq “Mulkdor mulkiga oʻz xohishicha egalik qiladi, undan foydalanadi va uni tasarruf etadi. Mulkdan foydalanish ekologik muhitga zarar yetkazmasligi, fuqarolar, yuridik shaxslar va davlatning huquqlarini hamda qonun bilan qoʻriqlanadigan manfaatlarini buzmasligi shart”.

Murojaat muallifi uning mulkidan mahrum etilishi (mulk huquqining bekor qilinishi) va mulkining olib qoʻyilishi masalalarini tartibga soladigan qonun normalarining Konstitutsiyaga muvofiqligini aniqlashni soʻrab, Konstitutsiyaviy sudga murojaat etganligi va Konstitutsiya 53-moddasining ikkinchi qismi mulkdorning oʻz mulkidan mahrum etilishi mumkinligini nazarda tutganligi sababli Konstitutsiyaviy sud tomonidan mazkur masalalarni tartibga soladigan qonun normalari tahlil qilindi.

Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 21-aprelda qabul qilingan OʻRQ-683-son “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartishlar kiritish toʻgʻrisida”gi Qonun 55-moddasining 12-bandiga muvofiq Fuqarolik kodeksi boshqa moddalari bilan bir qatorda 83-moddasining toʻrtinchi qismidagi , 166-moddasining uchinchi qismidagi , 198-moddasining birinchi qismidagi , 199-moddasining birinchi qismidagi va 206-moddasining birinchi qismidagi tegishli kelishikdagi “qonunlar” degan soʻz tegishli kelishikdagi “qonun hujjatlari” degan soʻzlar bilan almashtirilgan.

Fuqarolik kodeksi 83-moddasi toʻrtinchi qismiga muvofiq koʻchmas mol-mulkka boʻlgan huquqlarni qoʻlga kiritish va ular bekor boʻlishining xususiyatlari qonun hujjatlari bilan belgilab qoʻyiladi; 166-moddasining uchinchi qismiga muvofiq mulkdorning mol-mulkini olib qoʻyishga, shuningdek uning huquqlarini cheklashga faqat qonun hujjatlarida nazarda tutilgan hollardagina yoʻl quyiladi; 198-moddasining birinchi qismiga muvofiq mol-mulkni yoʻq qilish (tugatish) natijasida mulk huquqini bekor qilishga qonun hujjatlariga zid boʻlmagan hollarda yoʻl qoʻyiladi; 199-moddasining birinchi qismiga muvofiq mol-mulkni mulkdordan olib qoʻyishga qonun hujjatlarida nazarda tutilgan hollarda va tartibda mulkdorning majburiyatlari boʻyicha undiruv ana shu mol-mulkka qaratilgan taqdirda, shuningdek natsionalizatsiya qilish, rekvizitsiya va musodara qilish tartibida yoʻl qoʻyiladi; 206-moddasining birinchi qismiga muvofiq davlat organining mulkdorning mol-mulkini olib qoʻyishga bevosita qaratilmagan qarori munosabati bilan, shu jumladan mulkdorga qarashli uy, boshqa imoratlar, inshootlar yoki ekinlar joylashgan yer uchastkasini olib qoʻyish toʻgʻrisidagi qarori munosabati bilan mulk huquqining bekor qilinishiga qonun hujjatlarida belgilangan hollar va tartibdagina yoʻl qoʻyiladi..., deb belgilangan.

Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 21-aprelda qabul qilingan OʻRQ-683-son “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartishlar kiritish toʻgʻrisida”gi Qonun 55-moddasining 2-bandiga muvofiq Fuqarolik kodeksi 197-moddasidagi tegishli kelishikdagi “qonun hujjatlari” degan soʻzlar tegishli kelishikdagi “qonunchilik” degan soʻz bilan almashtirilgan.

Fuqarolik kodeksining 197-moddasi quyidagicha ifodalangan.

“Mulk huquqi mulkdorning ixtiyoriy suratda majburiyatni bajarishi, mulkdorning mol-mulk taqdirini hal qiladigan bir tomonlama qaror qabul qilishi, sud qarori asosida mol-mulkni olib qoʻyish (sotib olish) yoʻli bilan, shuningdek mulk huquqini bekor qiluvchi qonunchilikka asosan bekor boʻladi”.

Murojaat muallifi Konstitutsiyaviy suddan Uy-joy kodeksi 11 va 27-moddalarining ham Konstitutsiyaga muvofiqligini aniqlashni soʻragan. Mazkur moddalardagi koʻrilayotgan ishga daxldor boʻlgan normalar quyidagicha ifodalangan.

Uy-joy kodeksining 11-moddasi beshinchi va oltinchi qismlariga muvofiq xususiy mulk boʻlgan uylar, kvartiralar olib qoʻyilishi, mulkdor esa uyga, kvartiraga mulk huquqidan mahrum etilishi mumkin emas, qonunda belgilangan hollar bundan mustasno.

Turar joy faqat qonunda belgilangan hollarda va tartibda sudning qaroriga asosan majburiy tarzda olib qoʻyilishi mumkin.

Mazkur Kodeksning 27-moddasiga muvofiq yer uchastkalari davlat yoki jamiyat ehtiyojlari uchun olib qoʻyilishi munosabati bilan fuqarolar mulkida boʻlgan uylar (kvartiralar) buzilgan taqdirda, mulkdorlarga ularning tanlovi boʻyicha va taraflar kelishuviga koʻra, uy-joy maydonining ijtimoiy normasidan kam boʻlmagan sahndagi, barcha qulayliklari boʻlgan, avvalgisiga teng qimmatli boshqa turar joy mulk qilib beriladi hamda dov-daraxtlarning bozor qiymati toʻlanadi yoxud buzilayotgan uy (kvartira), boshqa imoratlar, inshootlar va dov-daraxtlarning bozor qiymati, shuningdek yer uchastkasiga boʻlgan huquqning bozor qiymati toʻliq hajmda toʻlanadi. Buzilayotgan uyning (kvartiraning) yoki yer uchastkasiga boʻlgan huquqning bozor qiymati berilayotgan uy-joyning yoki yer uchastkasiga boʻlgan huquqning bozor qiymatidan ortiq boʻlgan taqdirda, bu farq mulkdorga kompensatsiya qilinishi lozim, berilayotgan uy-joyning yoki yer uchastkasiga boʻlgan huquqning bozor qiymati buzilayotgan uyning (kvartiraning) yoki yer uchastkasiga boʻlgan huquqning bozor qiymatidan ortiq boʻlgan taqdirda esa, ushbu farq mulkdor tomonidan qaytarilishi talab etilmaydi.

Buzilayotgan uylar oʻrniga turar joyni mulk qilib berish va uylar, boshqa imoratlar, inshootlar hamda dov-daraxtlar qiymatini toʻlash Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Koʻrsatilgan qonun normalari tahlili asosida quyidagi xulosaga kelish mumkin.

Konstitutsiyaning 53-moddasiga asosan “Mulkdor faqat qonunda nazarda tutilgan hollarda va tartibdagina mulkidan mahrum etilishi mumkin”.

Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 21-aprelda qabul qilingan OʻRQ-683-son “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartishlar kiritish toʻgʻrisida”gi Qonuni bilan Fuqarolik kodeksining koʻrsatilgan moddalar tegishli qismlariga kiritilgan oʻzgartishlar natijasida ular Konstitutsiyaning 53-moddasi ikkinchi qismi qoidalariga muvofiq boʻlmay qolgan. Mazkur Qonun kuchga kirgunga qadar Fuqarolik kodeksi koʻrsatilgan moddalarining tegishli qismlari Konstitutsiyaga muvofiq boʻlgan. Chunki ularda mulk huquqining qonun asosida bekor qilinishi nazarda tutilgan edi.

Mazkur Qonun kuchga kirgunga qadar ham Fuqarolik kodeksi 197-moddasidagi mulk huquqi “... mulk huquqini bekor qiluvchi qonun hujjatlariga asosan bekor boʻladi” degan qismi Konstitutsiyaga muvofiq boʻlmagan.

Mulkdorning oʻz mulkidan mahrum etilishining huquqiy asosi turli qonunlarda turlicha belgilangan.

Fuqarolik kodeksi koʻrsatilgan moddalarining tegishli qismlarida bunday huquqiy asos sifatida “qonun hujjatlari”, mazkur Kodeks 197-moddasida “qonunchilik”, Uy-joy kodeksining 11-moddasining beshinchi va oltinchi qismlarida hamda “Xususiy mulkni himoya qilish va mulkdorlar huquqlarining kafolatlari toʻgʻrisida”gi Qonun 19-moddasining birinchi qismida “qonun” deb belgilangan.

Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 20-aprelda qabul qilingan OʻRQ-682-son “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida”gi Qonun 7-moddasining ikkinchi qismiga muvofiq qonun hujjatlarini Konstitutsiya , qonunlar va Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlari tashkil etadi. Mazkur Qonunning 7-moddasiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasining “qonunchiligi” deganda qonunosti hujjatlari ham tushuniladi.

Mulkdorning oʻz mulkidan “qonun hujjatlari” yoki “qonunchilik” asosida mahrum qilinishi Konstitutsiyaning 53-moddasining ikkinchi qismiga muvofiq emas.

Murojaat muallifi Konstitutsiyaga muvofiqligini aniqlashni soʻragan Uy-joy kodeksi 11-moddasining beshinchi va oltinchi qismlari , 27-moddasi , shuningdek, “Xususiy mulkni himoya qilish va mulkdorlar huquqlarining kafolatlari toʻgʻrisida”gi Qonun 19-moddasining birinchi qismi qoidalarining tahlili ularning Konstitutsiyaning 53-moddasi ikkinchi qismiga muvofiq ekanligini koʻrsatdi.

Bayon qilinganlardan kelib chiqib, mulkdor mulk huquqining Oliy Majlis palatalari qarorlari yoki qonunosti hujjatlarida nazarda tutilgan hollarda va tartibda bekor qilinishi mumkinligini oldini olish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 21-aprelda qabul qilingan OʻRQ-683-sonli “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartishlar kiritish toʻgʻrisida”gi Qonun 55-moddasining 12-bandidagi Fuqarolik kodeksining 83 , 166 , 198 , 199 va 206-moddalariga tegishli qismi hamda Fuqarolik kodeksi 197-moddasidagi mulk huquqi mulk huquqini bekor qiluvchi qonunchilikka asosan bekor boʻladi”, degan qismi Konstitutsiyaning 53-moddasi ikkinchi qismiga muvofiqlashtirilishi lozim.

Fuqaro M. Xasanova Konstitutsiyaviy suddan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Jismoniy va yuridik shaxslarning mulk huquqlari kafolatlarini taʼminlash hamda yer uchastkalarini olib qoʻyish va kompensatsiya berish tartibini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi 2019-yil 16-noyabrdagi 911-sonli qarorini sudlar tomonidan qoʻllanilishi yuzasidan ham ayrim savollarga javob berishni soʻragan. Uning bunday savollariga javob berish Konstitutsiya va qonunlarga muvofiq Konstitutsiyaviy sudning vakolatiga kirmaydi.

Yuqorida bayon qilinganlardan kelib chiqib, Konstitutsiya 109-moddasi birinchi qismining 1-bandiga , “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy qonun 4-moddasi ikkinchi qismi , 69 , 72 , 82 va 86-moddalariga amal qilgan holda, Konstitutsiyaviy sud qaror qildi:

1. Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 21-aprelda qabul qilingan OʻRQ-683-son “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartishlar kiritish toʻgʻrisida”gi Qonun 55-moddasining 12-bandidagi Fuqarolik kodeksining 83 , 166 , 198 , 199 va 206-moddalariga tegishli qismi hamda Fuqarolik kodeksi 197-moddasining mulk huquqi “... mulk huquqini bekor qiluvchi qonunchilikka asosan bekor boʻladi”, degan qismi Konstitutsiyaga muvofiq emas deb topilsin.

2. “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy qonun 73-moddasining ikkinchi qismiga muvofiq Konstitutsiyaviy sudning qaroriga koʻra Konstitutsiyaga muvofiq emas deb topilgan normativ-huquqiy hujjat yoki uning bir qismi oʻzining amal qilishini tugatadi. Mazkur moddaning uchinchi qismiga muvofiq Konstitutsiyaga muvofiq emas deb topilgan hujjatni qabul qilgan davlat organi oʻz hujjatini Konstitutsiyaviy sudning qarori asosida bir oydan kechiktirmay Konstitutsiyaga muvofiqlashtirishi kerak.

3. Uy-joy kodeksi 11-moddasining beshinchi va oltinchi qismlari , 27-moddasi hamda “Xususiy mulkni himoya qilish va mulkdorlar huquqlarining kafolatlari toʻgʻrisida”gi Qonun 19-moddasining birinchi qismi Konstitutsiyaga muvofiq deb topilsin.

4. Ushbu qaror “Xalq soʻzi” gazetasi, “Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami”, Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi va Konstitutsiyaviy sudning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinsin.

5. Mazkur qaror qatʼiy, uning ustidan shikoyat qilinishi mumkin emas va u rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi

Toshkent sh.,

2022-yil 31-may,

KSQ-3-son

lex.uz