📅 2022-yil 23-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 23-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 23 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 23 июня 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 23 June 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
«Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2022 йил 2 мартдаги ПҚ-150-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2022 йил 2 мартдаги ПҚ-150-сон қарорига мувофиқ «Ватан таянчи» ҳаракатининг фаолиятини самарали ташкил этиш учун юридик шахс бўлмаган «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилганлиги, Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ва сарфлаш мақсадлари белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармасининг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ва улардан фойдаланиш тартиби;
Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасини «Ватан таянчи» ҳаракати раҳбари томонидан тасдиқлаш ва Тошкент ҳарбий округи молия хизматида рўйхатга олиш тартиби;
Жамғарма маблағларини ҳисобга олишни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари рўйхати асосида юритиш ва Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан ҳисоботларни тақдим этиш тартиби.
3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Б.Н. Курбанов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 23 июндаги 344-сон қарорига ИЛОВА
«Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармасининг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатининг «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш, Жамғарма маблағларини бошқариш, шунингдек, ҳисоб ва ҳисоботини юритиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатининг (кейинги ўринларда — «Ватан таянчи» ҳаракати) алоҳида бюджетдан ташқари маблағларини сақлаш учун «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси молия хизматида алоҳида депозит ҳисобварағида жамланади ҳамда ушбу Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.
3. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш «Ватан таянчи» ҳаракатининг раҳбари томонидан тасдиқланган ва Тошкент ҳарбий округи молия хизматида белгиланган тартибда рўйхатга олинадиган йиллик даромадлар ва харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.
4. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва назорат қилиш «Ватан таянчи» ҳаракати раҳбари томонидан амалга оширилади.
5. Йил охирида Жамғарма маблағларининг қолдиқлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадига киритилмайди ва келгуси молия йили учун Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасини тузишда ҳисобга олинади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш
6. Жамғарма маблағлари куйидагилар ҳисобига шакллантирилади:
давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича дастурлар, «йўл хариталари» доирасида белгиланган тартибда ажратиладиган маблағлар;
«Ватан таянчи» ҳаракатининг вақтинча бўш маблағларини давлат улуши бўлган тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган тушумлар;
юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, шунингдек, бошқа хорижий донорларнинг грантлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
7. Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларда сарфланади:
ўқувчи ёшларга ҳар томонлама таълим-тарбия бериш мақсадида умумтаълим мактабларида амалий ва техник йўналишдаги тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш;
«Ватан таянчи» ҳаракатини сақлаш, унинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;
давра суҳбатлари, конференциялар, амалий машғулотлар, тренинглар, шунингдек, маданий-маърифий, оммавий-маданий ва бошқа тадбирлар ўтказиш.
3-боб. Жамғарма маблағлари бўйича даромад сметасини тасдиқлаш ва сарфлаш
8. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси «Ватан таянчи» ҳаракатининг раҳбари томонидан тасдиқланади ва Тошкент ҳарбий округи молия хизматида белгиланган тартибда рўйхатга олинади.
9. Жамғармадан маблағлар ажратиш ва уларни сарфлаш даромадлар ва харажатлар сметаси Тошкент ҳарбий округи молия хизматида рўйхатга олинганидан сўнг амалга оширилади.
10. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига киритиладиган ўзгартиришлар белгиланган тартибда Тошкент ҳарбий округи молия хизматида рўйхатга олинади.
11. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан кўрсатилган ҳомийлик хайрияларининг тўлиқ суммаси, агар ҳомий билан аниқ мақсадлар учун йўналтирилиши келишилмаган бўлса, «Ватан таянчи» ҳаракатининг фаолиятини амалга оширувчи таркибий бўлинмаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун сарфланади.
4-боб. Жамғарма маблағлари бўйича ҳисоб ва ҳисобот бериш
12. Жамғарма маблағларини ҳисобга олиш белгиланган тартибда ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари рўйхати асосида юритилади.
13. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан ҳисобот белгиланган тартибда «Ватан таянчи» ҳаракатининг раҳбари томонидан Тошкент ҳарбий округи молия хизматига тақдим этилади.
14. «Ватан таянчи» ҳаракатининг раҳбари қуйидагилар учун жавобгар ҳисобланади:
Жамғарма маблағларининг қонуний ва мақсадли йўналтирилиши;
Жамғарма маблағларининг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига қатъий мувофиқ равишда сарфланиши;
Жамғарма маблағлари бўйича харажатларнинг тўғри ҳисобга олиниши;
Жамғарма маблағларидан оқилона фойдаланилиши;
юридик ва жисмоний шахслар (етказиб берувчилар) билан тузиладиган шартномаларнинг асосли ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилиши ва тузилиши.
5-боб. Якунловчи қоидалар
15. Жамғарма маблағларининг тўғри шакллантирилиши ва улардан фойдаланилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Молия-иқтисод бош бошқармаси, Назорат-тафтиш бошқармаси ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа назорат қилувчи органлар томонидан амалга оширилади.
16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 23 июнь,
344-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
“Vatan tayanchi” bolalar va oʻsmirlar harbiy-vatanparvarlik harakatini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Vatan tayanchi” bolalar va oʻsmirlar harbiy-vatanparvarlik harakati faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2022-yil 2-martdagi PQ-150-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Vatan tayanchi” bolalar va oʻsmirlar harbiy-vatanparvarlik harakati faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2022-yil 2-martdagi PQ-150-son qaroriga muvofiq “Vatan tayanchi” harakatining faoliyatini samarali tashkil etish uchun yuridik shaxs boʻlmagan “Vatan tayanchi” bolalar va oʻsmirlar harbiy-vatanparvarlik harakatini rivojlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) tashkil etilganligi, Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari va sarflash maqsadlari belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi “Vatan tayanchi” bolalar va oʻsmirlar harbiy-vatanparvarlik harakatini rivojlantirish jamgʻarmasining mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari va ulardan foydalanish tartibi;
Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasini “Vatan tayanchi” harakati rahbari tomonidan tasdiqlash va Toshkent harbiy okrugi moliya xizmatida roʻyxatga olish tartibi;
Jamgʻarma mablagʻlarini hisobga olishni Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligining budjetdan tashqari mablagʻlari roʻyxati asosida yuritish va Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish yuzasidan hisobotlarni taqdim etish tartibi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov va Oʻzbekiston Respublikasi mudofaa vaziri B.N. Kurbanov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 23-iyundagi 344-son qaroriga ILOVA
“Vatan tayanchi” bolalar va oʻsmirlar harbiy-vatanparvarlik harakatini rivojlantirish jamgʻarmasining mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi huzuridagi “Vatan tayanchi” bolalar va oʻsmirlar harbiy-vatanparvarlik harakatining “Vatan tayanchi” bolalar va oʻsmirlar harbiy-vatanparvarlik harakatini rivojlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish, Jamgʻarma mablagʻlarini boshqarish, shuningdek, hisob va hisobotini yuritish tartibini belgilaydi.
2. Jamgʻarma yuridik shaxs hisoblanmaydi va uning mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi huzuridagi “Vatan tayanchi” bolalar va oʻsmirlar harbiy-vatanparvarlik harakatining (keyingi oʻrinlarda — “Vatan tayanchi” harakati) alohida budjetdan tashqari mablagʻlarini saqlash uchun “Gʻalaba bogʻi” yodgorlik majmuasi moliya xizmatida alohida depozit hisobvaragʻida jamlanadi hamda ushbu Nizomda belgilangan maqsadlarga sarflanadi.
3. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish “Vatan tayanchi” harakatining rahbari tomonidan tasdiqlangan va Toshkent harbiy okrugi moliya xizmatida belgilangan tartibda roʻyxatga olinadigan yillik daromadlar va xarajatlar smetasi asosida amalga oshiriladi.
4. Jamgʻarma faoliyatini boshqarish va nazorat qilish “Vatan tayanchi” harakati rahbari tomonidan amalga oshiriladi.
5. Yil oxirida Jamgʻarma mablagʻlarining qoldiqlari Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti daromadiga kiritilmaydi va kelgusi moliya yili uchun Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasini tuzishda hisobga olinadi.
2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish
6. Jamgʻarma mablagʻlari kuyidagilar hisobiga shakllantiriladi:
davlat organlari va tashkilotlari, shu jumladan, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan yoshlarga oid davlat siyosatini amalga oshirish boʻyicha dasturlar, “yoʻl xaritalari” doirasida belgilangan tartibda ajratiladigan mablagʻlar;
“Vatan tayanchi” harakatining vaqtincha boʻsh mablagʻlarini davlat ulushi boʻlgan tijorat banklari depozitlariga joylashtirishdan tushadigan tushumlar;
yuridik va jismoniy shaxslar, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlarining homiylik xayriyalari;
xalqaro tashkilotlar va moliya institutlari, shuningdek, boshqa xorijiy donorlarning grantlari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
7. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi maqsadlarda sarflanadi:
oʻquvchi yoshlarga har tomonlama taʼlim-tarbiya berish maqsadida umumtaʼlim maktablarida amaliy va texnik yoʻnalishdagi toʻgaraklar faoliyatini yoʻlga qoʻyish;
“Vatan tayanchi” harakatini saqlash, uning moddiy-texnika bazasini rivojlantirish va mustahkamlash;
davra suhbatlari, konferensiyalar, amaliy mashgʻulotlar, treninglar, shuningdek, madaniy-maʼrifiy, ommaviy-madaniy va boshqa tadbirlar oʻtkazish.
3-bob. Jamgʻarma mablagʻlari boʻyicha daromad smetasini tasdiqlash va sarflash
8. Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasi “Vatan tayanchi” harakatining rahbari tomonidan tasdiqlanadi va Toshkent harbiy okrugi moliya xizmatida belgilangan tartibda roʻyxatga olinadi.
9. Jamgʻarmadan mablagʻlar ajratish va ularni sarflash daromadlar va xarajatlar smetasi Toshkent harbiy okrugi moliya xizmatida roʻyxatga olinganidan soʻng amalga oshiriladi.
10. Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasiga kiritiladigan oʻzgartirishlar belgilangan tartibda Toshkent harbiy okrugi moliya xizmatida roʻyxatga olinadi.
11. Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan koʻrsatilgan homiylik xayriyalarining toʻliq summasi, agar homiy bilan aniq maqsadlar uchun yoʻnaltirilishi kelishilmagan boʻlsa, “Vatan tayanchi” harakatining faoliyatini amalga oshiruvchi tarkibiy boʻlinmalarning moddiy-texnika bazasini mustahkamlash uchun sarflanadi.
4-bob. Jamgʻarma mablagʻlari boʻyicha hisob va hisobot berish
12. Jamgʻarma mablagʻlarini hisobga olish belgilangan tartibda va Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligining budjetdan tashqari mablagʻlari roʻyxati asosida yuritiladi.
13. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish yuzasidan hisobot belgilangan tartibda “Vatan tayanchi” harakatining rahbari tomonidan Toshkent harbiy okrugi moliya xizmatiga taqdim etiladi.
14. “Vatan tayanchi” harakatining rahbari quyidagilar uchun javobgar hisoblanadi:
Jamgʻarma mablagʻlarining qonuniy va maqsadli yoʻnaltirilishi;
Jamgʻarma mablagʻlarining tasdiqlangan daromadlar va xarajatlar smetasiga qatʼiy muvofiq ravishda sarflanishi;
Jamgʻarma mablagʻlari boʻyicha xarajatlarning toʻgʻri hisobga olinishi;
Jamgʻarma mablagʻlaridan oqilona foydalanilishi;
yuridik va jismoniy shaxslar (yetkazib beruvchilar) bilan tuziladigan shartnomalarning asosli va qonunchilik hujjatlariga muvofiq rasmiylashtirilishi va tuzilishi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
15. Jamgʻarma mablagʻlarining toʻgʻri shakllantirilishi va ulardan foydalanilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligining Moliya-iqtisod bosh boshqarmasi, Nazorat-taftish boshqarmasi hamda qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa nazorat qiluvchi organlar tomonidan amalga oshiriladi.
16. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 23-iyun,
344-son