📅 2022-yil 2-iyul · Prezident qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 2-iyul · Prezident qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 2 июль · Президент қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 2 июля 2022 г. · Постановления Президента
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 2 July 2022 · Presidential resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
НИЗОМ
Ҳудуд комендатураси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасида, ёхуд унинг айрим ҳудудларида фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолларни бартараф этиш, фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш юзасидан тадбирлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида:
1. Ҳудуд комендатураси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 июлдаги ПҚ-305-сон қарорига ИЛОВА
Ҳудуд комендатураси тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонунига мувофиқ ҳудуд комендатураси фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда куйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
фавқулодда ҳолат — Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, шунингдек, юридик шахсларнинг ҳуқуқларига нисбатан «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонунида назарда тутилган айрим чекловлар белгилашга йўл қўядиган ҳамда уларнинг зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклайдиган, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида вақтинча жорий қилинадиган давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг алоҳида ҳуқуқий режими;
ҳудуд комендатураси — фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи кучлар ва воситаларни бошқариш учун ташкил этиладиган вақтинчалик махсус давлат бошқаруви органи ҳисобланади;
ҳудуд коменданти — ҳудуд комендатураси фаолиятига раҳбарлик қилувчи ҳамда фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи кучлар ва воситаларнинг ягона бошқарувини амалга оширувчи мансабдор шахс;
фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи (сақловчи) кучлар ва воситалар — фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш (сақлаб туриш) учун жалб этилган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига асосан қўшимча жалб этилган Мудофаа вазирлигининг куч ва воситалари;
алоқа каналлари — фавқулодда ҳолат режимини таъминлашда жўнатувчидан қабул қилувчига ҳар қандай турдаги хабарлар узатилишини таъминловчи техник қурилмалар мажмуи (телефон, телеграф, радиоалоқа, факс, очиқ ва ҳимояланган ахборот ҳамда электрон тизимлар ва бошқалар).
3. Ҳудуд комендатураси Ўзбекистон Республикаси Президентига, Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси тузилган ҳолларда — Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Давлат комиссияси раисига бўйсунади.
4. Ҳудуд комендатураси Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудуд доирасида ҳудуд комендантининг ваколатларини таъминлаш мақсадида ташкил этилади.
5. Ҳудуд комендатурасининг ташкил этилиши, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фаолият юритувчи давлат бошқаруви органларининг (улар таркибий бўлинмаларининг) ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини тўхтатиб турмайди.
6. Ҳудуд комендатурасининг фаолияти «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни ҳамда мазкур низом асосида ташкил этилади.
2-боб. Ҳудуд комендатурасининг таркиби ва фаолиятини ташкил этиш тартиби
7. Ҳудуд комендатурасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тайинланадиган ҳудуд коменданти раҳбарлик қилади.
8. Ҳудуд комендатураси фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни инобатга олиб, тегишли давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат таркибда тузилади.
Ҳудуд комендатурасининг тузилмаси унинг зиммасига юкланган вазифалардан келиб чиқиб белгиланади.
9. Ҳудуд комендатурасининг тузилмаси, унинг таркибида ишлаш учун хизмат сафарига юборилиши лозим бўлган давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, ҳудуд комендатурасини жойлаштириш ва иш ўринларини жиҳозлаш ҳамда фаолиятини самарали йўлга қўйиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш тўғрисидаги таклифлар:
реал ташқи хавф, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ва (ёки) ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга уринишлар, оммавий тартибсизликлар, террорчилик ҳаракатлари, шунингдек, зўравонлик ҳаракатлари билан бир вақтда юз берадиган, фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига, давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг кундалик фаолиятига бевосита таҳдид солувчи ўта муҳим ҳамда тоифаланган объектларни ёки айрим жойларни тўсиш ёки босиб олиш, қонунга хилоф қуролли тузилмаларни тайёрлаш (ташкил этиш) ва уларнинг фаолияти, миллатлараро, конфессиялараро ва чегаравий низолар натижасида фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳамда фавқулодда чоралар кўлламасдан бартараф этиш имкони бўлмаган ҳолларда — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати томонидан;
кенг қамровли авария-қутқарув ишлари ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишлар амалга оширилишини талаб этадиган йирик ҳалокатлар, табиий офатлар, эпидемиялар ҳамда бошқа табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар, фавқулодда экологик вазиятлар натижасида фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳамда фавқулодда чоралар кўлламасдан бартараф этиш имкони бўлмаган ҳолларда — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилади ва ҳудуд комендантига киритилади.
Фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни инобатга олиб бошқа ваколатли давлат органлари ҳам ҳудуд комендантига ҳудуд комендатураси фаолиятини ташкил этиш юзасидан таклифларни киритиши мумкин.
10. Мазкур Низомнинг 9-бандида назарда тутилган давлат органларининг таклифларини кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳудуд коменданти томонидан ҳудуд комендатураси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида буйруқ чиқарилади.
Ушбу буйруққа асосан куйидагилар белгиланади:
ҳудуд комендатурасининг тузилмаси ва штатлар бирлиги;
ҳудуд комендатурасига ишлаш учун юбориладиган давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари рўйхати;
ҳудуд комендатураси мансабдор шахсларининг асосий вазифалари;
ҳудуд комендатураси жойлашган манзил;
ҳудуд комендатурасининг иш режими;
ҳудуд комендатурасининг моддий-техник таъминоти ва фаолиятини ташкил этиш тартиби.
Ҳудуд комендантининг буйруғи давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга куйидаги тартибда етказилади:
алоқа каналлари орқали — дарҳол;
ёзма шаклда — чиқарилган вақтидан бошлаб уч соат ичида.
11. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳудуд комендатураси штат бирликлари таркибига киритилган ўз вакилларининг ва комендатура фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминловчи жиҳозларнинг комендатура жойлашган манзилга комендантнинг тегишли буйруғини алоқа каналлари орқали олган вақтдан бошлаб олти соат ичида етказиб берилишини таъминлашлари лозим.
12. Фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи кучлар ва воситалар фаолиятини мувофиқлаштириш учун ҳудуд комендатураси таркибида ҳудуд коменданти томонидан тегишли давлат бошқаруви органлари (улар таркибий бўлинмалари)нинг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вакиллари орасидан тезкор штаб тузилади.
Тезкор штабга ҳудуд коменданти раҳбарлик қилади.
13. Фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ва ижтимоий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш учун ҳудуд комендантининг таклифига асосан тегишли давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида куйидаги махсус ишчи гуруҳлар тузилади ва фаолияти йўлга қўйилади:
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбарлигида фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда банд бўлмаган аҳолини авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш ҳамда таъминлашга жалб этиш, шунингдек, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш гуруҳи;
тегишли маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлигида фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда жабрланган аҳолига зарур ёрдам кўрсатишни ташкил этиш гуруҳи;
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарлигида фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар оқибатида зарар кўрган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплашни ташкил этиш гуруҳи;
тегишли ҳарбийлаштирилган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлигида ўз тизимларидан фавқулодда ҳолатни таъминлаш (сақлаб туриш)да иштирок этган шахсларни ҳисобга олиш гуруҳлари;
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарлигида фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда халқаро инсонпарварлик ёрдамини қабул қилиш, тарқатиш ҳамда ҳисобини юритиш гуруҳлари.
Фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар натижасида ёки бундай ҳолатларни йўқ қилиш ёхуд уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича чоралар қўлланилиши муносабати билан жабрланган шахсларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида бошқа махсус ишчи гуруҳлар ҳам тузилиши мумкин.
Тегишли давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ваколатлари фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда тўлиқ ёки қисман тўхтатилган бўлса, ушбу махсус ишчи гуруҳлар ҳудуд комендатураси таркибида тузилади. Махсус ишчи гуруҳлар фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даври тугагандан сўнг зиммасига юкланган вазифаларни тўлиқ якунлагунга кадар тегишли давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлигида давом эттиради.
14. Ҳудуд комендатураси таркибига ҳамда унинг ишини таъминлаш учун жалб этиладиган мутахассисларнинг иш ўринлари ҳамда асосий иш жойидаги иш ҳақи сақланиб қолинади.
15. Ҳудуд комендатураси ўз фаолиятини давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.
16. Ҳудуд комендатураси фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда Давлат бюджети ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
3-боб. Ҳудуд комендатурасининг асосий вазифалари ва функциялари
17. Қуйидагилар ҳудуд комендатурасининг асосий вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонида белгиланган фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар амалга оширилишини таъминлаш ҳамда назорат қилиш;
фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи (сақловчи) кучлар ва воситаларни бошқариш;
фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудуддаги вазиятни назорат этиш, қўшимча фавқулодда чораларни ва вақтинчалик чекловларни кўллаш зарурати ҳақидаги асослантирилган таклифларни тайёрлаш;
фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда аҳолининг нормал ҳаёт фаолиятини сақлаб туриш ва таъминлаш учун зарур чораларни кўриш.
18. Ҳудуд комендатураси ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун куйидаги функцияларни амалга оширади:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонида белгиланган фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар амалга оширилишини таъминлаш ҳамда бажарилишини назорат қилиш борасида:
фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудуд аҳолисини юзага келган фавқулодда ҳолат ҳамда фавқулодда ҳолат шароитида қўлланиладиган айрим фавқулодда чораларни ва вақтинчалик чекловларни бажариш тартиби ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилишни таъминлайди;
фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар амалга оширилишини таъминлаш чораларини ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини ташкил этади;
давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ва бошқа ташкилотларнинг мутахассисларини жалб этган ҳолда таҳлилий, эксперт текширувига оид ва бошқа ишларни амалга оширади;
ҳудуд комендантининг буйруқ ва фармойишлари талаблари бажарилишини назорат қилади;
фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фавқулодда ҳолат режимини таъминлашга доир тадбирларни қўшимча равишда молиялаштириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига, Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси тузилганда эса Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Давлат комиссияси раисига ҳисобот бериб боради;
б) фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи (сақловчи) кучлар ва воситаларни бошқариш борасида:
фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи кучларнинг муайян йўналиш ва фаолият соҳалари бўйича вазифалари ва жавобгарлик даражасини белгилайди;
фавқулодда ҳолат режимини таъминлашга (сақлаб туришга) жалб этилган шахсларнинг ҳисобини юритади;
фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи кучлар ва воситалар фаолиятини ташкил этади;
фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи кучларнинг улар зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан ҳисоботларини эшитади;
в) қўшимча фавқулодда чораларни ва вацтинчалик чекловларни кўллаш зарурати ҳақидаги асослантирилган таклифларни тайёрлаш борасида:
фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда вазиятлар ривожи тўғрисидаги маълумотларни умумлаштиради ва таҳлил қилади;
«Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонунининг 12 -, 13- ва 14-моддаларида назарда тутилган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонига мувофиқ ҳали қўлланилмаган қўшимча фавқулодда чораларни ва вақтинчалик чекловларни қўллаш зарурати ҳақидаги асослантирилган таклифларни тайёрлайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига, Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси тузилган ҳолларда — Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Давлат комиссияси раисига тақдим этади;
фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асосларнинг бартараф этилишини ҳисобга олган ҳолда, қўлланилган айрим ёки барча фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловларни муддатидан илгари тугатиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига, Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси тузилган ҳолларда — Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Давлат комиссияси раисига таклифлар киритади;
г) фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда аҳолининг нормал ҳаёт фаолиятини сақлаб туриш ва таъминлаш учун зарур чораларни кўриш борасида фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фаолият юритувчи давлат бошқаруви органлари (уларнинг таркибий бўлинмалари), маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилади.
Ҳудуд комендатураси қонунчиликка мувофиқ ва унга берилган ваколат доирасида бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.
4-боб. Ҳудуд комендатурасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
19. Ҳудуд комендатураси куйидаги ҳуқуқларга эга:
фавқулодда ҳолат режимини жорий этишга сабаб бўлган омилларни бартараф этиш мақсадида давлат органлари ва мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа ташкилотлар ҳудуди ва биноларига монеликсиз кириш;
фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан зарур маълумотларни сўраб олиш;
фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фаолият кўрсатувчи давлат бошқаруви органлари (улар таркибий бўлинмалари)нинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг барча мажлисларида иштирок этиш;
фавқулодда ҳолат режимини таъминлашга жалб этилган куч ва воситаларга раҳбарлик қилаётган мансабдор шахслардан ҳудуд комендантининг буйруқ ва фармойишларининг бажарилиши, шунингдек, ҳудуддаги вазиятнинг ўзгариш ҳолати тўғрисидаги ахборотлар тақдим этилишини талаб қилиб олиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонида белгиланган фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар қўлланилишининг ҳолати, шунингдек, ҳудуд комендантининг буйруқ ва фармойишлари талаблари бажарилишини назорат қилиш.
20. Ҳудуд комендатураси қуйидагиларга мажбур:
ҳудуд комендатураси зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлашга;
ҳудуд комендатураси таркибий бўлинмаларининг самарали фаолиятини ташкил этишга;
фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловларнинг фавқулодда ҳолат талаб этадиган чегаралар доирасида амалга оширилишини таъминлашга.
5-боб. Ҳудуд комендатураси фаолиятини тугатиш
21. Фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати тугаганда ҳудуд комендатураси ўз фаолиятини тугатади.
22. Ҳудуд комендатурасининг фаолияти тугатилганидан кейин, унинг мансабдор шахслари уларни вакил сифатида хизмат сафарига юборган тегишли давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга (ўзи олдин эгаллаб турган лавозимига) қайтариб юборилади.
23. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ҳудуд комендатураси фаолияти давомида олинган ва тайёрланган ҳужжатлар (материаллар) мазкур низомнинг 9-банди :
иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатларга мувофиқ фавқулодда ҳолат жорий этилган бўлса, тегишлилигича Ички ишлар вазирлигига, Миллий гвардияга ёки Давлат хавфсизлик хизматига;
учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатларга мувофиқ фавқулодда ҳолат жорий этилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига юборилади.
24. Ҳудуд комендатураси фаолиятини таъминлаш учун берилган мулклар ва бошқа моддий ашёлар уларни ажратган давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларга қайтариб берилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 2 июль,
ПҚ-305-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining
Qarori
NIZOM
Hudud komendaturasi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasida, yoxud uning ayrim hududlarida favqulodda holatni joriy etish uchun asos boʻlib xizmat qilgan hollarni bartaraf etish, favqulodda holat rejimini taʼminlovchi davlat organlari va tashkilotlarining faoliyatini muvofiqlashtirish yuzasidan tadbirlar samaradorligini yanada oshirish maqsadida:
1. Hudud komendaturasi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qaror ijrosini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A.N. Aripov va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Xavfsizlik kengashi kotibi V.V. Maxmudov zimmasiga yuklatilsin.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 2-iyuldagi PQ-305-son qaroriga ILOVA
Hudud komendaturasi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom “Favqulodda holat toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy Qonuniga muvofiq hudud komendaturasi faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Mazkur Nizomda kuyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
favqulodda holat — Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining, chet el fuqarolarining hamda fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning huquq va erkinliklariga, shuningdek, yuridik shaxslarning huquqlariga nisbatan “Favqulodda holat toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy Qonunida nazarda tutilgan ayrim cheklovlar belgilashga yoʻl qoʻyadigan hamda ularning zimmasiga qoʻshimcha majburiyatlar yuklaydigan, Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasining butun hududida yoki ayrim joylarida vaqtincha joriy qilinadigan davlat boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, nodavlat notijorat tashkilotlari hamda tashkiliy-huquqiy va mulkchilik shaklidan qatʼi nazar boshqa tashkilotlar, ularning mansabdor shaxslari faoliyatining alohida huquqiy rejimi;
hudud komendaturasi — favqulodda holat joriy etilgan hududda favqulodda holat rejimini taʼminlovchi kuchlar va vositalarni boshqarish uchun tashkil etiladigan vaqtinchalik maxsus davlat boshqaruvi organi hisoblanadi;
hudud komendanti — hudud komendaturasi faoliyatiga rahbarlik qiluvchi hamda favqulodda holat rejimini taʼminlovchi kuchlar va vositalarning yagona boshqaruvini amalga oshiruvchi mansabdor shaxs;
favqulodda holat rejimini taʼminlovchi (saqlovchi) kuchlar va vositalar — favqulodda holat rejimini taʼminlash (saqlab turish) uchun jalb etilgan Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Milliy gvardiyasi, Davlat xavfsizlik xizmati va Favqulodda vaziyatlar vazirligining, Oʻzbekiston Respublikasining Favqulodda vaziyatlarning oldini olish va harakat qilish davlat tizimiga kiruvchi boshqa davlat organlari hamda tashkilotlarining, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti farmoniga asosan qoʻshimcha jalb etilgan Mudofaa vazirligining kuch va vositalari;
aloqa kanallari — favqulodda holat rejimini taʼminlashda joʻnatuvchidan qabul qiluvchiga har qanday turdagi xabarlar uzatilishini taʼminlovchi texnik qurilmalar majmui (telefon, telegraf, radioaloqa, faks, ochiq va himoyalangan axborot hamda elektron tizimlar va boshqalar).
3. Hudud komendaturasi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga, Favqulodda holat rejimini taʼminlash boʻyicha davlat komissiyasi tuzilgan hollarda — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga va Davlat komissiyasi raisiga boʻysunadi.
4. Hudud komendaturasi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmoni bilan favqulodda holat joriy etilgan hudud doirasida hudud komendantining vakolatlarini taʼminlash maqsadida tashkil etiladi.
5. Hudud komendaturasining tashkil etilishi, agar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining favqulodda holat joriy etish toʻgʻrisidagi farmonida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, favqulodda holat joriy etilgan hududda faoliyat yurituvchi davlat boshqaruvi organlarining (ular tarkibiy boʻlinmalarining) va mahalliy davlat hokimiyati organlarining faoliyatini toʻxtatib turmaydi.
6. Hudud komendaturasining faoliyati “Favqulodda holat toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy Qonuni hamda mazkur nizom asosida tashkil etiladi.
2-bob. Hudud komendaturasining tarkibi va faoliyatini tashkil etish tartibi
7. Hudud komendaturasiga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmoni bilan tayinlanadigan hudud komendanti rahbarlik qiladi.
8. Hudud komendaturasi favqulodda holatni joriy etish uchun asos boʻlib xizmat qilgan holatlarni inobatga olib, tegishli davlat boshqaruvi organlari, mahalliy ijroiya hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlar vakillaridan iborat tarkibda tuziladi.
Hudud komendaturasining tuzilmasi uning zimmasiga yuklangan vazifalardan kelib chiqib belgilanadi.
9. Hudud komendaturasining tuzilmasi, uning tarkibida ishlash uchun xizmat safariga yuborilishi lozim boʻlgan davlat boshqaruvi organlari, mahalliy ijroiya hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlarning vakillari, hudud komendaturasini joylashtirish va ish oʻrinlarini jihozlash hamda faoliyatini samarali yoʻlga qoʻyish bilan bogʻliq boshqa masalalarni hal etish toʻgʻrisidagi takliflar:
real tashqi xavf, Oʻzbekiston Respublikasining konstitutsiyaviy tuzumini va (yoki) hududiy yaxlitligini zoʻrlik bilan oʻzgartirishga urinishlar, ommaviy tartibsizliklar, terrorchilik harakatlari, shuningdek, zoʻravonlik harakatlari bilan bir vaqtda yuz beradigan, fuqarolarning hayotiga, sogʻligʻiga va xavfsizligiga, davlat organlarining, boshqa tashkilotlarning kundalik faoliyatiga bevosita tahdid soluvchi oʻta muhim hamda toifalangan obyektlarni yoki ayrim joylarni toʻsish yoki bosib olish, qonunga xilof qurolli tuzilmalarni tayyorlash (tashkil etish) va ularning faoliyati, millatlararo, konfessiyalararo va chegaraviy nizolar natijasida fuqarolarning hayotiga, sogʻligʻiga va xavfsizligiga tahdid soladigan hamda favqulodda choralar koʻllamasdan bartaraf etish imkoni boʻlmagan hollarda — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Milliy gvardiya, Davlat xavfsizlik xizmati tomonidan;
keng qamrovli avariya-qutqaruv ishlari va boshqa kechiktirib boʻlmaydigan ishlar amalga oshirilishini talab etadigan yirik halokatlar, tabiiy ofatlar, epidemiyalar hamda boshqa tabiiy va texnogen xususiyatga ega favqulodda vaziyatlar, favqulodda ekologik vaziyatlar natijasida fuqarolarning hayotiga, sogʻligʻiga va xavfsizligiga tahdid soladigan hamda favqulodda choralar koʻllamasdan bartaraf etish imkoni boʻlmagan hollarda — Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi tomonidan manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda ishlab chiqiladi va hudud komendantiga kiritiladi.
Favqulodda holatni joriy etish uchun asos boʻlib xizmat qilgan holatlarni inobatga olib boshqa vakolatli davlat organlari ham hudud komendantiga hudud komendaturasi faoliyatini tashkil etish yuzasidan takliflarni kiritishi mumkin.
10. Mazkur Nizomning 9-bandida nazarda tutilgan davlat organlarining takliflarini koʻrib chiqish natijalari boʻyicha hudud komendanti tomonidan hudud komendaturasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida buyruq chiqariladi.
Ushbu buyruqqa asosan kuyidagilar belgilanadi:
hudud komendaturasining tuzilmasi va shtatlar birligi;
hudud komendaturasiga ishlash uchun yuboriladigan davlat boshqaruvi organlari, mahalliy ijroiya hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlarning vakillari roʻyxati;
hudud komendaturasi mansabdor shaxslarining asosiy vazifalari;
hudud komendaturasi joylashgan manzil;
hudud komendaturasining ish rejimi;
hudud komendaturasining moddiy-texnik taʼminoti va faoliyatini tashkil etish tartibi.
Hudud komendantining buyrugʻi davlat boshqaruvi organlari, mahalliy ijroiya hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlarga kuyidagi tartibda yetkaziladi:
aloqa kanallari orqali — darhol;
yozma shaklda — chiqarilgan vaqtidan boshlab uch soat ichida.
11. Davlat boshqaruvi organlari, mahalliy ijroiya hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlarning rahbarlari hudud komendaturasi shtat birliklari tarkibiga kiritilgan oʻz vakillarining va komendatura faoliyatini moddiy-texnik jihatdan taʼminlovchi jihozlarning komendatura joylashgan manzilga komendantning tegishli buyrugʻini aloqa kanallari orqali olgan vaqtdan boshlab olti soat ichida yetkazib berilishini taʼminlashlari lozim.
12. Favqulodda holat rejimini taʼminlovchi kuchlar va vositalar faoliyatini muvofiqlashtirish uchun hudud komendaturasi tarkibida hudud komendanti tomonidan tegishli davlat boshqaruvi organlari (ular tarkibiy boʻlinmalari)ning va mahalliy davlat hokimiyati organlarining vakillari orasidan tezkor shtab tuziladi.
Tezkor shtabga hudud komendanti rahbarlik qiladi.
13. Favqulodda holatning amal qilish davrida jismoniy va yuridik shaxslarning mulkiy va ijtimoiy huquqlari kafolatlarini taʼminlash uchun hudud komendantining taklifiga asosan tegishli davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijroiya hokimiyati organlarida kuyidagi maxsus ishchi guruhlar tuziladi va faoliyati yoʻlga qoʻyiladi:
Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi rahbarligida favqulodda holat joriy etilgan hududda band boʻlmagan aholini avariya-qutqaruv va boshqa kechiktirib boʻlmaydigan ishlarni amalga oshirish hamda taʼminlashga jalb etish, shuningdek, ularning mehnatiga haq toʻlashni tashkil etish guruhi;
tegishli mahalliy ijroiya hokimiyati organlari rahbarligida favqulodda holat joriy etilgan hududda jabrlangan aholiga zarur yordam koʻrsatishni tashkil etish guruhi;
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi rahbarligida favqulodda choralar va vaqtinchalik cheklovlar oqibatida zarar koʻrgan jismoniy va yuridik shaxslarga yetkazilgan mulkiy zararning oʻrnini qoplashni tashkil etish guruhi;
tegishli harbiylashtirilgan va huquqni muhofaza qiluvchi organlar rahbarligida oʻz tizimlaridan favqulodda holatni taʼminlash (saqlab turish)da ishtirok etgan shaxslarni hisobga olish guruhlari;
Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi rahbarligida favqulodda holat joriy etilgan hududda xalqaro insonparvarlik yordamini qabul qilish, tarqatish hamda hisobini yuritish guruhlari.
Favqulodda holatni joriy etish uchun asos boʻlib xizmat qilgan holatlar natijasida yoki bunday holatlarni yoʻq qilish yoxud ularning oqibatlarini bartaraf etish boʻyicha choralar qoʻllanilishi munosabati bilan jabrlangan shaxslarga yetkazilgan zararni qoplash maqsadida boshqa maxsus ishchi guruhlar ham tuzilishi mumkin.
Tegishli davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijroiya hokimiyati organlarining vakolatlari favqulodda holat joriy etilgan hududda toʻliq yoki qisman toʻxtatilgan boʻlsa, ushbu maxsus ishchi guruhlar hudud komendaturasi tarkibida tuziladi. Maxsus ishchi guruhlar favqulodda holatning amal qilish davri tugagandan soʻng zimmasiga yuklangan vazifalarni toʻliq yakunlagunga kadar tegishli davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijroiya hokimiyati organlari rahbarligida davom ettiradi.
14. Hudud komendaturasi tarkibiga hamda uning ishini taʼminlash uchun jalb etiladigan mutaxassislarning ish oʻrinlari hamda asosiy ish joyidagi ish haqi saqlanib qolinadi.
15. Hudud komendaturasi oʻz faoliyatini davlat boshqaruvi organlari, mahalliy ijroiya hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlar bilan hamkorlikda amalga oshiradi.
16. Hudud komendaturasi faoliyatini moliyalashtirish va moddiy-texnik jihatdan taʼminlash Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda Davlat budjeti hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
3-bob. Hudud komendaturasining asosiy vazifalari va funksiyalari
17. Quyidagilar hudud komendaturasining asosiy vazifalari hisoblanadi:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining favqulodda holat joriy etish toʻgʻrisidagi farmonida belgilangan favqulodda choralar va vaqtinchalik cheklovlar amalga oshirilishini taʼminlash hamda nazorat qilish;
favqulodda holat rejimini taʼminlovchi (saqlovchi) kuchlar va vositalarni boshqarish;
favqulodda holat joriy etilgan hududdagi vaziyatni nazorat etish, qoʻshimcha favqulodda choralarni va vaqtinchalik cheklovlarni koʻllash zarurati haqidagi asoslantirilgan takliflarni tayyorlash;
favqulodda holat joriy etilgan hududda aholining normal hayot faoliyatini saqlab turish va taʼminlash uchun zarur choralarni koʻrish.
18. Hudud komendaturasi oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish uchun kuyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
a) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining favqulodda holat joriy etish toʻgʻrisidagi farmonida belgilangan favqulodda choralar va vaqtinchalik cheklovlar amalga oshirilishini taʼminlash hamda bajarilishini nazorat qilish borasida:
favqulodda holat joriy etilgan hudud aholisini yuzaga kelgan favqulodda holat hamda favqulodda holat sharoitida qoʻllaniladigan ayrim favqulodda choralarni va vaqtinchalik cheklovlarni bajarish tartibi haqida ommaviy axborot vositalari orqali xabardor qilishni taʼminlaydi;
favqulodda choralar va vaqtinchalik cheklovlar amalga oshirilishini taʼminlash choralarini ishlab chiqadi va ularning bajarilishini tashkil etadi;
davlat boshqaruvi organlarining, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining va boshqa tashkilotlarning mutaxassislarini jalb etgan holda tahliliy, ekspert tekshiruviga oid va boshqa ishlarni amalga oshiradi;
hudud komendantining buyruq va farmoyishlari talablari bajarilishini nazorat qiladi;
favqulodda holat joriy etilgan hududda favqulodda holat rejimini taʼminlashga doir tadbirlarni qoʻshimcha ravishda moliyalashtirish toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritadi;
favqulodda holatni joriy etish uchun asos boʻlib xizmat qilgan holatlarni bartaraf etish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga, Favqulodda holat rejimini taʼminlash boʻyicha davlat komissiyasi tuzilganda esa Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga va Davlat komissiyasi raisiga hisobot berib boradi;
b) favqulodda holat rejimini taʼminlovchi (saqlovchi) kuchlar va vositalarni boshqarish borasida:
favqulodda holat rejimini taʼminlovchi kuchlarning muayyan yoʻnalish va faoliyat sohalari boʻyicha vazifalari va javobgarlik darajasini belgilaydi;
favqulodda holat rejimini taʼminlashga (saqlab turishga) jalb etilgan shaxslarning hisobini yuritadi;
favqulodda holat rejimini taʼminlovchi kuchlar va vositalar faoliyatini tashkil etadi;
favqulodda holat rejimini taʼminlovchi kuchlarning ular zimmasiga yuklangan vazifalarning bajarilishi yuzasidan hisobotlarini eshitadi;
v) qoʻshimcha favqulodda choralarni va vatstinchalik cheklovlarni koʻllash zarurati haqidagi asoslantirilgan takliflarni tayyorlash borasida:
favqulodda holat joriy etilgan hududda vaziyatlar rivoji toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni umumlashtiradi va tahlil qiladi;
“Favqulodda holat toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy Qonunining 12 -, 13- va 14-moddalarida nazarda tutilgan, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining favqulodda holat joriy etish toʻgʻrisidagi farmoniga muvofiq hali qoʻllanilmagan qoʻshimcha favqulodda choralarni va vaqtinchalik cheklovlarni qoʻllash zarurati haqidagi asoslantirilgan takliflarni tayyorlaydi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga, Favqulodda holat rejimini taʼminlash boʻyicha davlat komissiyasi tuzilgan hollarda — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga va Davlat komissiyasi raisiga taqdim etadi;
favqulodda holatni joriy etish uchun asoslarning bartaraf etilishini hisobga olgan holda, qoʻllanilgan ayrim yoki barcha favqulodda choralar va vaqtinchalik cheklovlarni muddatidan ilgari tugatish yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga, Favqulodda holat rejimini taʼminlash boʻyicha davlat komissiyasi tuzilgan hollarda — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga va Davlat komissiyasi raisiga takliflar kiritadi;
g) favqulodda holat joriy etilgan hududda aholining normal hayot faoliyatini saqlab turish va taʼminlash uchun zarur choralarni koʻrish borasida favqulodda holat joriy etilgan hududda faoliyat yurituvchi davlat boshqaruvi organlari (ularning tarkibiy boʻlinmalari), mahalliy davlat hokimiyati organlari va fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari bilan hamkorlik qiladi.
Hudud komendaturasi qonunchilikka muvofiq va unga berilgan vakolat doirasida boshqa funksiyalarni ham amalga oshiradi.
4-bob. Hudud komendaturasining huquq va majburiyatlari
19. Hudud komendaturasi kuyidagi huquqlarga ega:
favqulodda holat rejimini joriy etishga sabab boʻlgan omillarni bartaraf etish maqsadida davlat organlari va mulkchilik shaklidan qatʼi nazar boshqa tashkilotlar hududi va binolariga moneliksiz kirish;
favqulodda holat rejimini taʼminlash uchun davlat organlari va boshqa tashkilotlardan zarur maʼlumotlarni soʻrab olish;
favqulodda holat joriy etilgan hududda faoliyat koʻrsatuvchi davlat boshqaruvi organlari (ular tarkibiy boʻlinmalari)ning, mahalliy davlat hokimiyati organlarining, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarining barcha majlislarida ishtirok etish;
favqulodda holat rejimini taʼminlashga jalb etilgan kuch va vositalarga rahbarlik qilayotgan mansabdor shaxslardan hudud komendantining buyruq va farmoyishlarining bajarilishi, shuningdek, hududdagi vaziyatning oʻzgarish holati toʻgʻrisidagi axborotlar taqdim etilishini talab qilib olish;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining favqulodda holat joriy etish toʻgʻrisidagi farmonida belgilangan favqulodda choralar va vaqtinchalik cheklovlar qoʻllanilishining holati, shuningdek, hudud komendantining buyruq va farmoyishlari talablari bajarilishini nazorat qilish.
20. Hudud komendaturasi quyidagilarga majbur:
hudud komendaturasi zimmasiga yuklangan vazifalar va funksiyalarni sifatli va oʻz vaqtida bajarilishini taʼminlashga;
hudud komendaturasi tarkibiy boʻlinmalarining samarali faoliyatini tashkil etishga;
favqulodda choralar va vaqtinchalik cheklovlarning favqulodda holat talab etadigan chegaralar doirasida amalga oshirilishini taʼminlashga.
5-bob. Hudud komendaturasi faoliyatini tugatish
21. Favqulodda holatning amal qilish muddati tugaganda hudud komendaturasi oʻz faoliyatini tugatadi.
22. Hudud komendaturasining faoliyati tugatilganidan keyin, uning mansabdor shaxslari ularni vakil sifatida xizmat safariga yuborgan tegishli davlat boshqaruvi organlari, mahalliy ijroiya hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlarga (oʻzi oldin egallab turgan lavozimiga) qaytarib yuboriladi.
23. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan boshqacha tartib belgilangan boʻlmasa, hudud komendaturasi faoliyati davomida olingan va tayyorlangan hujjatlar (materiallar) mazkur nizomning 9-bandi :
ikkinchi xatboshisida nazarda tutilgan holatlarga muvofiq favqulodda holat joriy etilgan boʻlsa, tegishliligicha Ichki ishlar vazirligiga, Milliy gvardiyaga yoki Davlat xavfsizlik xizmatiga;
uchinchi xatboshisida nazarda tutilgan holatlarga muvofiq favqulodda holat joriy etilgan boʻlsa, Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligiga yuboriladi.
24. Hudud komendaturasi faoliyatini taʼminlash uchun berilgan mulklar va boshqa moddiy ashyolar ularni ajratgan davlat boshqaruvi organlari va tashkilotlarga qaytarib beriladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2022-yil 2-iyul,
PQ-305-son