📅 2022-yil 4-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 4-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 4 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 4 июля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 4 July 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТУЗИЛМАСИ
УСТАВИ
«Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Бухоро вилоятида углеводород ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлашга йўналтирилган юқори технологик ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш лойиҳаларига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ҳамда табиий газни чуқур қайта ишлашга мўлжалланган газ-кимё комплексини қуриш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва унинг негизида йирик замонавий газ-кимё технологик кластерини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қоракўл» эркин иқтисодий зонасини ҳамда замонавий газ-кимё технологик кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 13 августдаги ПҚ-5221-сон қарорига асосан:
Бухоро вилояти Қоракўл ва Олот туманларининг умумий 400 гектар ер майдонида газ-кимё соҳасига ихтисослашган «Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда — «Қоракўл» ЭИЗ) ташкил этилганлиги;
«Қоракўл» ЭИЗ ҳудудида «Jizzakh Petroleum» МЧЖ қўшма корхонаси (кейинги ўринларда — қўшма корхона) томонидан 2021 — 2025 йилларда тўғридан-тўғри ва давлат кафолати остида бўлмаган инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган, дастлабки умумий қиймати 4 млрд АҚШ долларига тенг «МТО (метанолдан олефин олиш) технологияси асосида газ-кимё комплексини қуриш ва газ-кимё технологик кластерини ташкил этиш» инвестиция лойиҳаси (кейинги ўринларда — инвестиция лойиҳаси) жойлаштирилиши;
инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва кейинчалик уни эксплуатация қилиш, шу жумладан, унга тўғридан-тўғри чет эл инвестицияси ва кредитларини жалб қилиш мақсадида қўшма корхона томонидан лойиҳа компанияси ташкил қилиниши;
уч йил давомида, истисно тариқасида, «Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг (кейинги ўринларда — «Қоракўл» ЭИЗ дирекцияси» ДУК) сарф-харажатлари хорижий корхона томонидан ажратиладиган беғараз молиявий ёрдам ҳисобига таъминланиши;
б) қўшма корхона таъсисчиларининг 2021 йил 26 октябрдаги умумий йиғилиши қарорига мувофиқ «Jizzakh Petroleum» МЧЖ қўшма корхонаси «Sanoat Energetika Guruhi» МЧЖ шаклидаги хорижий корхона (кейинги ўринларда — хорижий корхона) этиб ўзгартирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
«Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
«Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг устави 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Бухоро вилояти ҳокимлиги:
Қурилиш вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда «Қоракўл» ЭИЗнинг бош режасини «Қоракўл» ЭИЗ дирекцияси» ДУКнинг ўз маблағлари ҳисобига ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
«Қоракўл ЭИЗ дирекцияси» ДУК учун Қоракўл тумани ҳокимлигининг маъмурий биносидан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида зарур инвентарлар билан жиҳозланган хизмат хоналари ажратилишини ва «Қоракўл ЭИЗ дирекцияси» ДУКнинг ўз маблағлари ҳисобига кейинчалик замонавий маъмурий бино қурилишини таъминласин;
«Қоракўл ЭИЗ дирекцияси» ДУКни малакали мутахассислар билан тўлдиришни, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг мазкур йўналишдаги илғор тажрибаси асосида мутахассисларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб боришни таъминласин.
4. Белгилансинки:
«Қоракўл ЭИЗ дирекцияси» ДУКнинг директори Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг келишилган таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Махсус иқтисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 13 июндаги ПФ-153-сон Фармони 4-бандига мувофиқ «Қоракўл» ЭИЗ ҳудудида ер майдонларини электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижара ҳуқуқи асосида ажратишда тўловларни ўн икки ой муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш орқали амалга оширилади.
5. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси, Самарқанд ва Бухоро вилояти ҳокимликлари билан биргаликда ўрнатилган тартибда келишилган ҳолда хорижий корхона мурожаатига асосан бир ой муддатда Самарқанд вилояти Пахтачи туманида жойлашган «Оқмозор» ҳамда Бухоро вилояти Пешку туманида жойлашган «Тозбулоқ» норуда фойдали қазилма конларини қазиб олиш учун рухсатнома тўғридан-тўғри музокаралар асосида берилишини таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков ва Бухоро вилояти ҳокими Б.К. Зарипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 июлдаги 357-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг
Директор Директор ўринбосари Эркин иқтисодий зона инфратузилмасини ривожлантириш бўйича мутахассис Хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб этиш бўйича мутахассис Молия масалалари бўйича мутахассис Юрисконсульт Бухгалтер
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 июлдаги 357-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг
1-боб. Умумий қоидалар
1. «Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» (кейинги ўринларда — Дирекция) оператив бошқарув учун ўзига берилган давлат мулки негизида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади. Дирекция ўзига бириктирилган мулкка нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган доирада ўз фаолияти мақсадларига, мулкдор (ёки унинг топшириғи биноан масъул этиб тайинланган давлат органи — муассис) топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.
2. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига ва фармойишларига, ушбу Уставга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
3. Дирекция юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, банкларда ҳисобварақларга, шу жумладан, валюта ҳисобварақларига, эмблемага, штамплар ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бошқа реквизитларга эга бўлади.
4. Дирекциянинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — «Qorako`l» erkin iqtisodiy zonasi direktsiyasi» davlat unitar korxonasi;
қисқартирилган номи — «Qorako`l» EIZ direktsiyasi» DUK;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Государственное унитарное предприятие «Дирекция свободной экономической зоны «Коракул»;
қисқартирилган номи — ГУП «Дирекция СЭЗ «Коракул»;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — «Directorate of free economic zone «Korakul» State Unitary Company;
қисқартирилган номи — «Directorate of FEZ «Korakul» SUC.
5. Дирекциянинг жойлашган жойи (почта манзили): Бухоро вилояти, Қоракўл тумани, Улуғбек кўчаси 35-уй.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси (кейинги ўринларда — Муассис) ҳисобланади.
7. Дирекция ўз номидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.
8. Дирекция Муассиснинг розилигига кўра тижорат ташкилотларининг, шунингдек қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйиладиган нотижорат ташкилотларда иштирокчи (акциядор, аъзо) бўлиши мумкин.
9. Дирекция бошқа давлат корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.
2-боб. Дирекция фаолиятининг мақсади ва асосий йўналишлари
10. «Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда — «Қоракўл» ЭИЗ) ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини, шунингдек «Қоракўл» ЭИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш орқали оператив бошқариш, «Қоракўл» ЭИЗ иштирокчиларига хизматлар кўрсатишдан ҳамда ушбу Уставда назарда тутилган бошқа ишлар (хизматларни) бажаришдан (кўрсатишдан) фойда олиш Дирекция фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.
11. Қуйидагилар Дирекция фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
«Қоракўл» ЭИЗ ҳудудида махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилишини таъминлаш;
салоҳиятли инвесторлар ва «Қоракўл» ЭИЗ иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш, шу жумладан инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш ва танлаб олиш учун қабул қилиш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун зарур рухсатномалар беришни «ягона дарча» тамойили асосида ташкил этиш;
«Қоракўл» ЭИЗ ҳудудидаги инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш, шунингдек, «Қоракўл» ЭИЗ иштирокчилари томонидан инвестиция битимига киритилган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш;
«Қоракўл» ЭИЗни ривожлантириш дастури амалга оширилишини таъминлаш;
«Қоракўл» ЭИЗ иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг реестрини юритиш;
«Қоракўл» ЭИЗга инвесторларни жалб этиш тадбирларини амалга ошириш;
«Қоракўл» ЭИЗ ҳудудига қизиқиш билдирган инвесторларни, эркин иқтисодий зона иштирокчиларини ахборот билан таъминлаш, шу жумладан уларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан учрашувларини ташкил этиш;
«Қоракўл» ЭИЗ ҳудудидаги ер участкаларини, шунингдек, бинолар ва иншоотларни эркин иқтисодий зона иштирокчиларига эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этиш;
«Қоракўл» ЭИЗ ўз фаолиятини бошқариш бўйича бошқа функцияларни ҳам амалга оширишга ҳақлидир.
12. Дирекция қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг бошқа турларини ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Дирекция фаолиятини бошқариш
13. Дирекция Муассисга ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ҳисобот беради.
14. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилаш;
Дирекция Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
Дирекциянинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёки белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва тасарруф этиш;
Дирекцияга берилган мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;
Дирекция мулки билан амалга оширилган битимларни ҳақиқий эмас деб ҳисоблаш ва Дирекцияга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;
Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва оралиқ, тугатиш балансини тасдиқлаш;
меҳнатга оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин тўхтатиш ёки бекор қилиш.
15. «Қоракўл» ЭИЗ мустақил бюджети ва «Қоракўл» ЭИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилиши Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан назорат қилинади.
16. «Қоракўл» ЭИЗ дирекциясига Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг келишилган таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Директор раҳбарлик қилади.
17. Дирекция «Қоракўл» ЭИЗ иштирокчиларининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.
18. Дирекция ижро этувчи орган ҳисобланади.
19. Директорга қуйидаги вазифалар юклатилади:
қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажариш, Дирекция ходимларининг меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқади ва жорий этади;
«Қоракўл» ЭИЗни ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишини ташкил қилади;
Дирекциянинг асосий фаолиятини такомиллаштиришга, бошқаришнинг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;
Дирекция номидан ишончномасиз ҳаракат қилади, барча ташкилотларда, шу жумладан, хорижий ташкилотларда унинг манфаатларини ифода этади;
ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномаларини (контрактларни) тузади, ўзгартиради ва уларнинг амал қилишини тўхтатади;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;
кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини амалга оширади;
Дирекциянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;
Дирекциянинг ички иш тартибини ва хўжалик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлайди;
Дирекция томонидан қонунчилик ҳужжатларига риоя қилинишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;
Муассисга Дирекция фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисобот беради;
Дирекцияга юкланган мақсадлар ва вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.
20. Директор:
ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларни бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракат қилиши лозим ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи барча талабларнинг таъминланиши ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг тўланишини, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ эҳтиёжларга маблағлар ўтказилмаганлиги, Дирекциянинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун, шу жумладан Дирекцияга берилган давлат мол-мулки йўқолган тақдирда, етказилган зарар юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради;
«Қоракўл» ЭИЗнинг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан тасдиқланадиган мустақил бюджет маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланади;
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига «Қоракўл» ЭИЗнинг мустақил бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни келишиш учун белгиланган тартибда тақдим этади.
21. Директор ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек, Дирекцияга берилган давлат мулкининг сақланиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
4-боб. Дирекциянинг устав фонди
22. Дирекциянинг устав фонди «Қоракўл» ЭИЗ фаолиятини оператив бошқариш учун Муассис томонидан ўзига берилган маблағлар, мол-мулк ва бошқа активлар йиғиндисидан иборат бўлади.
23. Дирекция устав фондининг миқдори 300,0 млн сўмни ташкил қилади.
5-боб. Дирекциянинг устав фондини кўпайтириш ва камайтириш тартиби
24. Дирекциянинг устав фонди қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Муассис қарорига биноан кўпайтирилади ёки камайтирилади.
6-боб. Дирекция мулкини тасарруф этиш
25. Муассис томонидан Дирекцияга оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган асосий фондлар ва айланма маблағлар Дирекция мол-мулкини ташкил қилади.
26. Дирекциянинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмайди ва улушлар (ҳиссалар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.
27. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Дирекцияга берилган давлат мулкидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг сақланишини, шунингдек, ўзгага берилишини Муассис номидан назорат қилади.
28. Директор Муассис билан келишган ҳолда, Дирекция мулкини қуйидагича тасарруф этиши мумкин:
асосий воситаларни сотиш, ижарага ёки гаровга бериш;
мол-мулкни бошқа хўжалик жамиятларининг устав фондига улуш сифатида киритиш;
бошқа хўжалик жамиятларининг акцияларини (улушларини) сотиб олиш ва сотиш;
мол-мулкни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқача тарзда тасарруф этиш.
7-боб. Дирекция бюджетини шакллантириш
29. Қуйидагилар Дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
давлат мулки бўлган ва «Қоракўл» ЭИЗ ҳудудида жойлашган бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан олинган даромадларнинг бир қисми;
хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;
«Қоракўл» ЭИЗ иштирокчиларининг ажратмалари ва «Қоракўл» ЭИЗ иштирокчилари сифатида рўйхатдан ўтиш учун тўловлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.
8-боб. Захира фондини ва бошқа фондларни шакллантириш тартиби
30. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига захира фондини, шунингдек бошқа фондларни ташкил этиши мумкин, уларнинг миқдори ва шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланади.
9-боб. Даромадни (фойдани) тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартиби
31. Дирекциянинг соф фойдаси Дирекция тасарруфида қолади ва ундан Муассис қарорига биноан фойдаланилади.
32. Муассис ўз қарори билан бошқа юридик ва жисмоний шахсларга ҳомийлик хайрияси сифатида йўналтириладиган маблағларнинг чекланган суммасини, уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Директорга берган ҳолда белгилайди.
33. Дирекциянинг хўжалик фаолияти натижасида кўрилган зарарлари ушбу мақсадлар учун ташкил этилган захира фонди маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.
10-боб. Ҳисоботларни тақдим этиш тартиби
34. Дирекция ҳисобот даври тугагач ваколатли органларга молия ҳисоботини ва рўйхати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва давлат томонидан сақлашга берилиши юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.
35. Дирекциянинг хўжалик субъекти сифатидаги фаолияти Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.
36. Директор ҳар чоракда Дирекция фаолияти натижалари ва тасдиқланган ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.
11-боб. Дирекциянинг жавобгарлиги
37. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Муассис Дирекциянинг мулки етарли бўлмаган тақдирда, унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликни амалга оширади.
38. Дирекция Муассис мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
12-боб. Дирекцияни тугатиш ва қайта ташкил этиш
39. Дирекция Муассиснинг қарорига кўра, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ёки суд қарорига биноан тугатилиши ёхуд қайта ташкил этилиши мумкин.
40. Дирекцияни тугатиш Дирекция фаолиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда тўхтатилишига сабаб бўлади.
Дирекция қайта ташкил этилган тақдирда, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисга ўтади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 4 июль,
357-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TUZILMASI
USTAVI
“Qorakoʻl” erkin iqtisodiy zonasi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Buxoro viloyatida uglevodorod va mineral resurslarni chuqur qayta ishlashga yoʻnaltirilgan yuqori texnologik ishlab chiqarish quvvatlarini tashkil etish loyihalariga toʻgʻridan-toʻgʻri investitsiyalarni jalb qilish hamda tabiiy gazni chuqur qayta ishlashga moʻljallangan gaz-kimyo kompleksini qurish investitsiya loyihasini amalga oshirish va uning negizida yirik zamonaviy gaz-kimyo texnologik klasterini tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
a) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qorakoʻl” erkin iqtisodiy zonasini hamda zamonaviy gaz-kimyo texnologik klasterini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 13-avgustdagi PQ-5221-son qaroriga asosan:
Buxoro viloyati Qorakoʻl va Olot tumanlarining umumiy 400 gektar yer maydonida gaz-kimyo sohasiga ixtisoslashgan “Qorakoʻl” erkin iqtisodiy zonasi (keyingi oʻrinlarda — “Qorakoʻl” EIZ) tashkil etilganligi;
“Qorakoʻl” EIZ hududida “Jizzakh Petroleum” MChJ qoʻshma korxonasi (keyingi oʻrinlarda — qoʻshma korxona) tomonidan 2021 — 2025-yillarda toʻgʻridan-toʻgʻri va davlat kafolati ostida boʻlmagan investitsiyalar hisobiga amalga oshiriladigan, dastlabki umumiy qiymati 4 mlrd AQSh dollariga teng “MTO (metanoldan olefin olish) texnologiyasi asosida gaz-kimyo kompleksini qurish va gaz-kimyo texnologik klasterini tashkil etish” investitsiya loyihasi (keyingi oʻrinlarda — investitsiya loyihasi) joylashtirilishi;
investitsiya loyihasini amalga oshirish va keyinchalik uni ekspluatatsiya qilish, shu jumladan, unga toʻgʻridan-toʻgʻri chet el investitsiyasi va kreditlarini jalb qilish maqsadida qoʻshma korxona tomonidan loyiha kompaniyasi tashkil qilinishi;
uch yil davomida, istisno tariqasida, “Qorakoʻl” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining (keyingi oʻrinlarda — “Qorakoʻl” EIZ direksiyasi” DUK) sarf-xarajatlari xorijiy korxona tomonidan ajratiladigan begʻaraz moliyaviy yordam hisobiga taʼminlanishi;
b) qoʻshma korxona taʼsischilarining 2021-yil 26-oktabrdagi umumiy yigʻilishi qaroriga muvofiq “Jizzakh Petroleum” MChJ qoʻshma korxonasi “Sanoat Energetika Guruhi” MChJ shaklidagi xorijiy korxona (keyingi oʻrinlarda — xorijiy korxona) etib oʻzgartirilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
“Qorakoʻl” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq;
“Qorakoʻl” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining ustavi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Buxoro viloyati hokimligi:
Qurilish vazirligi hamda Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda “Qorakoʻl” EIZning bosh rejasini “Qorakoʻl” EIZ direksiyasi” DUKning oʻz mablagʻlari hisobiga ishlab chiqsin va tasdiqlasin;
“Qorakoʻl EIZ direksiyasi” DUK uchun Qorakoʻl tumani hokimligining maʼmuriy binosidan tekin foydalanish huquqi asosida zarur inventarlar bilan jihozlangan xizmat xonalari ajratilishini va “Qorakoʻl EIZ direksiyasi” DUKning oʻz mablagʻlari hisobiga keyinchalik zamonaviy maʼmuriy bino qurilishini taʼminlasin;
“Qorakoʻl EIZ direksiyasi” DUKni malakali mutaxassislar bilan toʻldirishni, shuningdek, xorijiy mamlakatlarning mazkur yoʻnalishdagi ilgʻor tajribasi asosida mutaxassislarning malakasini muntazam ravishda oshirib borishni taʼminlasin.
4. Belgilansinki:
“Qorakoʻl EIZ direksiyasi” DUKning direktori Buxoro viloyati hokimligi hamda Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligining kelishilgan taklifiga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimidan ozod etiladi;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maxsus iqtisodiy, kichik sanoat, yoshlar sanoat va tadbirkorlik zonalari faoliyati samaradorligini oshirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 13-iyundagi PF-153-son Farmoni 4-bandiga muvofiq “Qorakoʻl” EIZ hududida yer maydonlarini elektron onlayn-auksion savdolari orqali ijara huquqi asosida ajratishda toʻlovlarni oʻn ikki oy muddatda boʻlib-boʻlib toʻlash orqali amalga oshiriladi.
5. Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi “Oʻzsanoatqurilishmateriallari” uyushmasi, Samarqand va Buxoro viloyati hokimliklari bilan birgalikda oʻrnatilgan tartibda kelishilgan holda xorijiy korxona murojaatiga asosan bir oy muddatda Samarqand viloyati Paxtachi tumanida joylashgan “Oqmozor” hamda Buxoro viloyati Peshku tumanida joylashgan “Tozbuloq” noruda foydali qazilma konlarini qazib olish uchun ruxsatnoma toʻgʻridan-toʻgʻri muzokaralar asosida berilishini taʼminlasin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri S.U. Umurzakov va Buxoro viloyati hokimi B.K. Zaripov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 4-iyuldagi 357-son qaroriga 1-ILOVA
“Qorakoʻl” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining
Direktor Direktor oʻrinbosari Erkin iqtisodiy zona infratuzilmasini rivojlantirish boʻyicha mutaxassis Xorijiy va mahalliy investorlarni jalb etish boʻyicha mutaxassis Moliya masalalari boʻyicha mutaxassis Yuriskonsult Buxgalter
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 4-iyuldagi 357-son qaroriga 2-ILOVA
“Qorakoʻl” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining
1-bob. Umumiy qoidalar
1. “Qorakoʻl” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) operativ boshqaruv uchun oʻziga berilgan davlat mulki negizida davlat unitar korxonasi shaklida tashkil etilgan tijorat tashkiloti hisoblanadi. Direksiya oʻziga biriktirilgan mulkka nisbatan qonunchilik hujjatlarida belgilangan doirada oʻz faoliyati maqsadlariga, mulkdor (yoki uning topshirigʻi binoan masʼul etib tayinlangan davlat organi — muassis) topshiriqlariga muvofiq egalik qilish, undan foydalanish va uni tasarruf etish huquqini amalga oshiradi.
2. Direksiya oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlariga va farmoyishlariga, ushbu Ustavga hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
3. Direksiya yuridik shaxs hisoblanadi, alohida mulkka, mustaqil balansga, banklarda hisobvaraqlarga, shu jumladan, valyuta hisobvaraqlariga, emblemaga, shtamplar va blankalarga, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan, oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va boshqa rekvizitlarga ega boʻladi.
4. Direksiyaning rasmiy nomi:
a) davlat tilida:
toʻliq nomi — “Qorako`l” erkin iqtisodiy zonasi direktsiyasi” davlat unitar korxonasi;
qisqartirilgan nomi — “Qorako`l” EIZ direktsiyasi” DUK;
b) rus tilida:
toʻliq nomi — Gosudarstvennoye unitarnoye predpriyatiye “Direksiya svobodnoy ekonomicheskoy zoni “Korakul”;
qisqartirilgan nomi — GUP “Direksiya SEZ “Korakul”;
v) ingliz tilida:
toʻliq nomi — “Directorate of free economic zone “Korakul” State Unitary Company;
qisqartirilgan nomi — “Directorate of FEZ “Korakul” SUC.
5. Direksiyaning joylashgan joyi (pochta manzili): Buxoro viloyati, Qorakoʻl tumani, Ulugʻbek koʻchasi 35-uy.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Direksiyaning muassisi (keyingi oʻrinlarda — Muassis) hisoblanadi.
7. Direksiya oʻz nomidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda mulkiy va shaxsiy nomulkiy huquqlarni olishi va amalga oshirishi, majburiyatlar olishi, sudda daʼvogar va javobgar boʻlishi, nizolarni hal etishda boshqa organlarda vakillik qilishi mumkin.
8. Direksiya Muassisning roziligiga koʻra tijorat tashkilotlarining, shuningdek qonunchilik hujjatlariga muvofiq yuridik shaxslarning qatnashishiga yoʻl qoʻyiladigan notijorat tashkilotlarda ishtirokchi (aksiyador, aʼzo) boʻlishi mumkin.
9. Direksiya boshqa davlat korxonasining muassisi boʻlishi mumkin emas.
2-bob. Direksiya faoliyatining maqsadi va asosiy yoʻnalishlari
10. “Qorakoʻl” erkin iqtisodiy zonasi (keyingi oʻrinlarda — “Qorakoʻl” EIZ) rivojlantirish davlat dasturlarining toʻliq va oʻz vaqtida bajarilishini, shuningdek “Qorakoʻl” EIZ hududida alohida huquqiy rejimga rioya etilishini taʼminlash orqali operativ boshqarish, “Qorakoʻl” EIZ ishtirokchilariga xizmatlar koʻrsatishdan hamda ushbu Ustavda nazarda tutilgan boshqa ishlar (xizmatlarni) bajarishdan (koʻrsatishdan) foyda olish Direksiya faoliyatining asosiy maqsadi hisoblanadi.
11. Quyidagilar Direksiya faoliyatining asosiy yoʻnalishlari hisoblanadi:
“Qorakoʻl” EIZ hududida maxsus huquqiy rejimning amal qilishini taʼminlash;
salohiyatli investorlar va “Qorakoʻl” EIZ ishtirokchilari bilan oʻzaro hamkorlikni taʼminlash, shu jumladan investitsiya buyurtmanomasini koʻrib chiqish va tanlab olish uchun qabul qilish, muhandislik-kommunikatsiya infratuzilmasi tarmoqlariga ulanish uchun zarur ruxsatnomalar berishni “yagona darcha” tamoyili asosida tashkil etish;
“Qorakoʻl” EIZ hududidagi investitsiya loyihalarining amalga oshirilishini monitoring qilish, shuningdek, “Qorakoʻl” EIZ ishtirokchilari tomonidan investitsiya bitimiga kiritilgan majburiyatlarning bajarilishini nazorat qilish;
“Qorakoʻl” EIZni rivojlantirish dasturi amalga oshirilishini taʼminlash;
“Qorakoʻl” EIZ ishtirokchilarini roʻyxatdan oʻtkazish va ularning reyestrini yuritish;
“Qorakoʻl” EIZga investorlarni jalb etish tadbirlarini amalga oshirish;
“Qorakoʻl” EIZ hududiga qiziqish bildirgan investorlarni, erkin iqtisodiy zona ishtirokchilarini axborot bilan taʼminlash, shu jumladan ularning davlat organlari va boshqa tashkilotlar vakillari bilan uchrashuvlarini tashkil etish;
“Qorakoʻl” EIZ hududidagi yer uchastkalarini, shuningdek, binolar va inshootlarni erkin iqtisodiy zona ishtirokchilariga egalik qilishga, foydalanishga va ijaraga berish;
davlat-xususiy sheriklik loyihalarida ishtirok etish;
“Qorakoʻl” EIZ oʻz faoliyatini boshqarish boʻyicha boshqa funksiyalarni ham amalga oshirishga haqlidir.
12. Direksiya qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan faoliyatning boshqa turlarini ham amalga oshirishi mumkin.
3-bob. Direksiya faoliyatini boshqarish
13. Direksiya Muassisga va Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligiga hisobot beradi.
14. Muassis quyidagi huquqlarga ega:
Direksiya faoliyatining maqsadi va yoʻnalishlarini belgilash;
Direksiya Ustaviga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish;
Direksiyaning ortiqcha, foydalanilmayotgan yoki belgilangan maqsadda foydalanilmayotgan mulkini olib qoʻyish va tasarruf etish;
Direksiyaga berilgan mulkdan foydalanishdan olingan sof foydaning bir qismini yoki hammasini olish;
Direksiya mulki bilan amalga oshirilgan bitimlarni haqiqiy emas deb hisoblash va Direksiyaga yetkazilgan zararlarni qoplash toʻgʻrisida sudga daʼvo arizasi bilan murojaat qilish;
Direksiyani qayta tashkil etish yoki tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilish, tugatish komissiyasini tayinlash va oraliq, tugatish balansini tasdiqlash;
mehnatga oid qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Direksiya rahbari bilan mehnat shartnomasini muddatidan oldin toʻxtatish yoki bekor qilish.
15. “Qorakoʻl” EIZ mustaqil budjeti va “Qorakoʻl” EIZni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlaridan maqsadli foydalanilishi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi tomonidan nazorat qilinadi.
16. “Qorakoʻl” EIZ direksiyasiga Buxoro viloyati hokimligi hamda Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligining kelishilgan taklifiga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan Direktor rahbarlik qiladi.
17. Direksiya “Qorakoʻl” EIZ ishtirokchilarining qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladigan faoliyatiga aralashishga haqli emas.
18. Direksiya ijro etuvchi organ hisoblanadi.
19. Direktorga quyidagi vazifalar yuklatiladi:
qonunchilik hujjatlari talablarini bajarish, Direksiya xodimlarining mehnat sharoitlarini muhofaza qilish va yaxshilash, atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiiy resurslardan oqilona foydalanish sohasidagi qonunchilik hujjatlariga rioya qilinishini taʼminlash tadbirlarini ishlab chiqadi va joriy etadi;
“Qorakoʻl” EIZni rivojlantirish dasturlarining amalga oshirilishini tashkil qiladi;
Direksiyaning asosiy faoliyatini takomillashtirishga, boshqarishning zamonaviy usullarini joriy etishga doir chora-tadbirlarni amalga oshiradi;
Direksiya nomidan ishonchnomasiz harakat qiladi, barcha tashkilotlarda, shu jumladan, xorijiy tashkilotlarda uning manfaatlarini ifoda etadi;
xodimlarni ishga qabul qiladi, ular bilan mehnat shartnomalarini (kontraktlarni) tuzadi, oʻzgartiradi va ularning amal qilishini toʻxtatadi;
qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ishonchnomalar beradi;
kadrlarni tayyorlash, ularning malakasini oshirish chora-tadbirlarini amalga oshiradi;
Direksiyaning barcha xodimlari uchun majburiy boʻlgan buyruqlar chiqaradi va koʻrsatmalar beradi;
Direksiyaning ichki ish tartibini va xoʻjalik faoliyatini tartibga soluvchi hujjatlarni tasdiqlaydi;
Direksiya tomonidan qonunchilik hujjatlariga rioya qilinishini tashkil etish va nazorat qilishni taʼminlaydi;
Muassisga Direksiya faoliyati toʻgʻrisida belgilangan tartibda hisobot beradi;
Direksiyaga yuklangan maqsadlar va vazifalarni bajarish uchun zarur boʻlgan boshqa funksiyalarni amalga oshiradi.
20. Direktor:
oʻz huquqlarini amalga oshirishda va vazifalarni bajarishda Direksiya manfaatlarini koʻzlagan holda harakat qilishi lozim hamda budjetga va budjetdan tashqari jamgʻarmalarga toʻlovlar, ish haqining oʻz vaqtida toʻlanishi, mehnatga oid huquqiy munosabatlardan kelib chiquvchi barcha talablarning taʼminlanishi va ularga tenglashtirilgan toʻlovlarning toʻlanishini, ishlab chiqarish faoliyati bilan bevosita bogʻliq ehtiyojlarga mablagʻlar oʻtkazilmaganligi, Direksiyaning xatti-harakatlari (harakatsizligi) uchun, shu jumladan Direksiyaga berilgan davlat mol-mulki yoʻqolgan taqdirda, yetkazilgan zarar yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi;
“Qorakoʻl” EIZning Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan mustaqil budjet mablagʻlarining tasarruf etuvchisi hisoblanadi;
Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligiga “Qorakoʻl” EIZning mustaqil budjeti ijrosi toʻgʻrisidagi hisobotni kelishish uchun belgilangan tartibda taqdim etadi.
21. Direktor oʻz zimmasiga yuklangan vazifalarning bajarilishi, shuningdek, Direksiyaga berilgan davlat mulkining saqlanishi va undan maqsadli foydalanilishi yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
4-bob. Direksiyaning ustav fondi
22. Direksiyaning ustav fondi “Qorakoʻl” EIZ faoliyatini operativ boshqarish uchun Muassis tomonidan oʻziga berilgan mablagʻlar, mol-mulk va boshqa aktivlar yigʻindisidan iborat boʻladi.
23. Direksiya ustav fondining miqdori 300,0 mln soʻmni tashkil qiladi.
5-bob. Direksiyaning ustav fondini koʻpaytirish va kamaytirish tartibi
24. Direksiyaning ustav fondi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Muassis qaroriga binoan koʻpaytiriladi yoki kamaytiriladi.
6-bob. Direksiya mulkini tasarruf etish
25. Muassis tomonidan Direksiyaga operativ boshqaruv huquqi bilan berilgan asosiy fondlar va aylanma mablagʻlar Direksiya mol-mulkini tashkil qiladi.
26. Direksiyaning asosiy fondlari va aylanma mablagʻlari boʻlinmaydi va ulushlar (hissalar, paylar) boʻyicha taqsimlanishi mumkin emas.
27. Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Direksiyaga berilgan davlat mulkidan belgilangan maqsadda foydalanilishini va uning saqlanishini, shuningdek, oʻzgaga berilishini Muassis nomidan nazorat qiladi.
28. Direktor Muassis bilan kelishgan holda, Direksiya mulkini quyidagicha tasarruf etishi mumkin:
asosiy vositalarni sotish, ijaraga yoki garovga berish;
mol-mulkni boshqa xoʻjalik jamiyatlarining ustav fondiga ulush sifatida kiritish;
boshqa xoʻjalik jamiyatlarining aksiyalarini (ulushlarini) sotib olish va sotish;
mol-mulkni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda boshqacha tarzda tasarruf etish.
7-bob. Direksiya budjetini shakllantirish
29. Quyidagilar Direksiya faoliyatini moliyalashtirish manbalari hisoblanadi:
davlat mulki boʻlgan va “Qorakoʻl” EIZ hududida joylashgan binolar va inshootlarni ijaraga berishdan olingan daromadlarning bir qismi;
xizmatlar koʻrsatishdan olingan daromadlar;
“Qorakoʻl” EIZ ishtirokchilarining ajratmalari va “Qorakoʻl” EIZ ishtirokchilari sifatida roʻyxatdan oʻtish uchun toʻlovlar;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar.
8-bob. Zaxira fondini va boshqa fondlarni shakllantirish tartibi
30. Direksiya oʻz tasarrufida qoladigan sof foyda hisobiga zaxira fondini, shuningdek boshqa fondlarni tashkil etishi mumkin, ularning miqdori va shakllantirish tartibi Muassis tomonidan tasdiqlanadi.
9-bob. Daromadni (foydani) taqsimlash va zararlarni qoplash tartibi
31. Direksiyaning sof foydasi Direksiya tasarrufida qoladi va undan Muassis qaroriga binoan foydalaniladi.
32. Muassis oʻz qarori bilan boshqa yuridik va jismoniy shaxslarga homiylik xayriyasi sifatida yoʻnaltiriladigan mablagʻlarning cheklangan summasini, ularni tasarruf etish huquqini Direktorga bergan holda belgilaydi.
33. Direksiyaning xoʻjalik faoliyati natijasida koʻrilgan zararlari ushbu maqsadlar uchun tashkil etilgan zaxira fondi mablagʻlari hisobidan qoplanishi mumkin.
10-bob. Hisobotlarni taqdim etish tartibi
34. Direksiya hisobot davri tugagach vakolatli organlarga moliya hisobotini va roʻyxati qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa hujjatlarni taqdim etadi hamda hujjatlarning saqlanishi va davlat tomonidan saqlashga berilishi yuzasidan belgilangan tartibda javob beradi.
35. Direksiyaning xoʻjalik subyekti sifatidagi faoliyati Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda nazorat qilinadi.
36. Direktor har chorakda Direksiya faoliyati natijalari va tasdiqlangan rivojlantirish dasturlarining amalga oshirilishi toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga hisobot beradi.
11-bob. Direksiyaning javobgarligi
37. Direksiya oʻz majburiyatlari boʻyicha oʻziga tegishli mulk bilan javob beradi. Muassis Direksiyaning mulki yetarli boʻlmagan taqdirda, uning majburiyatlari boʻyicha subsidiar javobgarlikni amalga oshiradi.
38. Direksiya Muassis majburiyatlari boʻyicha javob bermaydi.
12-bob. Direksiyani tugatish va qayta tashkil etish
39. Direksiya Muassisning qaroriga koʻra, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda yoki sud qaroriga binoan tugatilishi yoxud qayta tashkil etilishi mumkin.
40. Direksiyani tugatish Direksiya faoliyatining huquq va majburiyatlari huquqiy vorislik tartibida boshqa shaxslarga oʻtmagan holda toʻxtatilishiga sabab boʻladi.
Direksiya qayta tashkil etilgan taqdirda, uning huquq va majburiyatlari huquqiy vorisga oʻtadi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 4-iyul,
357-son