📅 2022-yil 12-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 12-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 12 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 12 июля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 12 July 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Хива реставрация мактабини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, ЮНЕСКО кўмагида моддий маданий мерос объектларида асрашга доир ишларни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 183.4-бандига мувофиқ Хива шаҳрида ЮНЕСКО кўмагида реставрация мактабини ташкил этиш ҳамда ушбу мактабда малакали мутахассислар тайёрлаш учун хориждан ҳам етакчи экспертларни жалб қилиш белгиланганлиги;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Туризм ва спорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2021 йил 6 апрелдаги ПҚ-5054-сон қарорининг 15-бандига мувофиқ «Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Дирекция) ва босқичма-босқич унинг давлат муассасаси шаклида Хива, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Шаҳрисабз ва Қўқон шаҳар минтақавий марказлари ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Дирекциянинг Хива шаҳар минтақавий марказида (кейинги ўринларда — Марказ) юридик шахс бўлмаган Хива реставрация мактаби (кейинги ўринларда — Мактаб) ташкил этилсин.
Мактаб фаолияти белгиланган тартибда ЮНЕСКО ва унинг маслаҳатлашув органлари ҳисобланган Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш халқаро кенгаши (ИКОМОС) ҳамда Маданий бойликларни асраш ва реставрация қилиш халқаро тадқиқот маркази (ИККРОМ) билан ҳамкорликда йўлга қўйилиши маълумот учун қабул қилинсин.
3. Қуйидагилар Мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари соҳасидаги реставратор-усталар ва бошқа мутахассислар учун малака ошириш курсларини ташкил қилиш, малака ошириш курсларига маҳаллий ва чет эллик мутахассислар, шу жумладан, Дирекциянинг малакали мутахассис ва экспертларини жалб этиш бўйича Марказга таклифлар киритиш;
асрашга доир ишларда «устоз-шогирд» анъаналарини ривожлантириш ва илмий тадқиқотларни олиб бориш, шунингдек, соҳага янги усул, материал ва технологиялар, хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини татбиқ этиш бўйича илмий-амалий асосланган таклифлар тайёрлаш;
малака ошириш курсларининг тингловчиларида амалий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда улар иштирокида моддий маданий мерос объектларида асрашга доир ишларни амалга оширишни ташкил қилишда кўмаклашиш;
асрашга доир ишлар соҳасида маҳаллий ва чет эллик экспертлар иштирокида илмий-амалий семинарлар, анжуман ва бошқа тадбирлар ташкил этиш, шунингдек, услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш ва энг яхши тажрибаларни оммалаштиришда иштирок этиш.
4. Белгилансинки:
а) Марказ директори бир вақтнинг ўзида Мактаб раҳбари ҳисобланади ҳамда белгиланган тартибда Дирекция директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;
б) Мактаб моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари соҳасида реставратор-усталар малакасини оширади ҳамда ушбу Мактабда малака ошириш ишларини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 апрелдаги 166-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари соҳасида реставратор-усталар малакасини ошириш ва уларга малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ амалга оширилади.
Бунда, Мактабнинг реставратор-усталарни малакасини оширишидан тушадиган маблағлар Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) (ваколатли орган) орқали тўлиқлигича Марказнинг ҳисобварағига йўналтирилади;
в) Мактаб тингловчилари учун ўқув машғулотлари, шу жумладан, малака амалиёти, қоида тариқасида, соҳадаги етакчи лойиҳалаш ташкилотлари, реставрация-тиклаш устахоналари ҳамда асрашга доир ишлар амалга оширилаётган объектларда бевосита ташкил этилади;
г) Мактаб ўз фаолиятини белгиланган тартибда:
ЮНЕСКО;
Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш халқаро кенгаши (ИКОМОС);
Маданий бойликларни асраш ва реставрация қилиш халқаро тадқиқот маркази (ИККРОМ);
Ўзбекистонда маданий мерос масалалари бўйича ташкил қилинган Халқаро маслаҳат қўмитаси;
Агентлик, шу жумладан унинг Илмий-эксперт кенгаши;
«Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети;
Тошкент архитектура-қурилиш институти;
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти;
Самарқанд архитектура-қурилиш институти ҳамда бошқа жисмоний ва юридик шахслар билан ҳамкорликда ташкил этади.
Агентлик ҳамда Ўзбекистонда маданий мерос масалалари бўйича ташкил қилинган Халқаро маслаҳат қўмитасига Мактабнинг реставратор-усталарни малакасини ошириш, уларга маҳаллий ва чет эллик мутахассис-экспертларни жалб этиш бўйича таклифларини кўриб чиқиш ва уларни инобатга олиб бориш тавсия этилсин.
5. Қуйидагилар Мактаб фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Агентликнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармаси маблағлари;
реставратор-усталарни малакасини оширишидан Агентликка тушадиган маблағлар;
фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг давлат илмий-техникавий дастурларида назарда тутилган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларнинг грантлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Марказ бир ой муддатда Мактабнинг тузилмаси ва низомини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин.
7. Агентлик Марказнинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ ЮНЕСКО ва унинг тузилмалари, Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш халқаро кенгаши (ИКОМОС), Маданий бойликларни асраш ва реставрация қилиш халқаро тадқиқот маркази (ИККРОМ) томонидан тавсия этилган чет эллик етакчи экспертларни жалб этиш ва улар томонидан машғулотлар ўтказиш, шунингдек, маҳаллий реставратор-усталар ва мутахассисларни илғор хорижий мамлакатлар, халқаро ташкилотларга малака ошириш ва стажировка ўташга юбориш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда маблағ ажратиб борилишини ташкил қилсин.
8. Агентлик:
а) бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармаси маблағлари доирасида ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан Мактаб фаолиятини самарали ташкил этиш учун замонавий жиҳозлар асосида унинг моддий-техник базасини шакллантирсин ҳамда ўқув-услубий адабиётлар, лаборатория жиҳозлари, компьютер тўпламлари ва ўқув машғулотларда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда зарур бўладиган воситалар билан таъминласин;
б) Марказга Хоразм вилояти, Хива шаҳри, Ичан қалъа, Заргарлар кўчаси Амир Тўра мадрасаси биноси текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилсин ҳамда унда намунали асрашга доир ишларни намойиш қилиш, амалий кўргазмалар ўтказиш, янги экспозициялар яратиш ҳамда туристлар томонидан асрашга доир ишларни тўғридан-тўғри кузатиш учун шарт-шароитлар яратсин;
в) Хоразм вилояти ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия, Фанлар академияси, Хоразм Маъмун академияси билан биргаликда:
Мактабнинг республика ва хориждаги реставрация марказлари, илмий лабораториялар билан яқин ҳамкорлик қилишини ҳамда унинг фаолиятини самарали ташкил этишини таъминласин;
Мактабга маҳаллий ва чет эллик малакали мутахассислар, реставратор-усталарни машғулотлар ўтиш, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларидан ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб машғулотлар ўтиш ишларига белгиланган тартибда жалб этиб борсин;
г) 2023 йил 1 майга қадар Дирекциянинг Самарқанд, Бухоро, Термиз, Шаҳрисабз ва Қўқон шаҳар минтақавий марказларида реставрация мактабларини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
9. Мактаб Хоразм вилояти, Хива шаҳри, Охунбобоев кўчаси 48-уй манзилидаги Хива туризм техникуми биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири А.А. Абдухакимов ҳамда Хоразм вилояти ҳокими Ф.У. Эрманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 12 июль,
380-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Xiva restavratsiya maktabini tashkil etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 28-yanvardagi PF-60-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasini “Inson qadrini ulugʻlash va faol mahalla yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi ijrosini taʼminlash, shuningdek, YUNESKO koʻmagida moddiy madaniy meros obyektlarida asrashga doir ishlarni rivojlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
a) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 28-yanvardagi PF-60-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasini “Inson qadrini ulugʻlash va faol mahalla yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturining 183.4-bandiga muvofiq Xiva shahrida YUNESKO koʻmagida restavratsiya maktabini tashkil etish hamda ushbu maktabda malakali mutaxassislar tayyorlash uchun xorijdan ham yetakchi ekspertlarni jalb qilish belgilanganligi;
b) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Turizm va sport vazirligi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2021-yil 6-apreldagi PQ-5054-son qarorining 15-bandiga muvofiq “Madaniy meros obyektlari restavratsiyasi direksiyasi” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) va bosqichma-bosqich uning davlat muassasasi shaklida Xiva, Samarqand, Buxoro, Termiz, Shahrisabz va Qoʻqon shahar mintaqaviy markazlari tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Direksiyaning Xiva shahar mintaqaviy markazida (keyingi oʻrinlarda — Markaz) yuridik shaxs boʻlmagan Xiva restavratsiya maktabi (keyingi oʻrinlarda — Maktab) tashkil etilsin.
Maktab faoliyati belgilangan tartibda YUNESKO va uning maslahatlashuv organlari hisoblangan Yodgorliklar va diqqatga sazovor joylarni muhofaza qilish xalqaro kengashi (IKOMOS) hamda Madaniy boyliklarni asrash va restavratsiya qilish xalqaro tadqiqot markazi (IKKROM) bilan hamkorlikda yoʻlga qoʻyilishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
3. Quyidagilar Maktabning asosiy vazifalari etib belgilansin:
moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlari sohasidagi restavrator-ustalar va boshqa mutaxassislar uchun malaka oshirish kurslarini tashkil qilish, malaka oshirish kurslariga mahalliy va chet ellik mutaxassislar, shu jumladan, Direksiyaning malakali mutaxassis va ekspertlarini jalb etish boʻyicha Markazga takliflar kiritish;
asrashga doir ishlarda “ustoz-shogird” anʼanalarini rivojlantirish va ilmiy tadqiqotlarni olib borish, shuningdek, sohaga yangi usul, material va texnologiyalar, xorijiy davlatlarning ilgʻor tajribalarini tatbiq etish boʻyicha ilmiy-amaliy asoslangan takliflar tayyorlash;
malaka oshirish kurslarining tinglovchilarida amaliy koʻnikmalarni rivojlantirish hamda ular ishtirokida moddiy madaniy meros obyektlarida asrashga doir ishlarni amalga oshirishni tashkil qilishda koʻmaklashish;
asrashga doir ishlar sohasida mahalliy va chet ellik ekspertlar ishtirokida ilmiy-amaliy seminarlar, anjuman va boshqa tadbirlar tashkil etish, shuningdek, uslubiy qoʻllanmalar ishlab chiqish va eng yaxshi tajribalarni ommalashtirishda ishtirok etish.
4. Belgilansinki:
a) Markaz direktori bir vaqtning oʻzida Maktab rahbari hisoblanadi hamda belgilangan tartibda Direksiya direktori tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimidan ozod qilinadi;
b) Maktab moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlari sohasida restavrator-ustalar malakasini oshiradi hamda ushbu Maktabda malaka oshirish ishlarini tashkil etish Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 7-apreldagi 166-son qarori bilan tasdiqlangan Moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlari sohasida restavrator-ustalar malakasini oshirish va ularga malaka sertifikatini berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga muvofiq amalga oshiriladi.
Bunda, Maktabning restavrator-ustalarni malakasini oshirishidan tushadigan mablagʻlar Turizm va madaniy meros vazirligi huzuridagi Madaniy meros agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) (vakolatli organ) orqali toʻliqligicha Markazning hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladi;
v) Maktab tinglovchilari uchun oʻquv mashgʻulotlari, shu jumladan, malaka amaliyoti, qoida tariqasida, sohadagi yetakchi loyihalash tashkilotlari, restavratsiya-tiklash ustaxonalari hamda asrashga doir ishlar amalga oshirilayotgan obyektlarda bevosita tashkil etiladi;
g) Maktab oʻz faoliyatini belgilangan tartibda:
YUNESKO;
Yodgorliklar va diqqatga sazovor joylarni muhofaza qilish xalqaro kengashi (IKOMOS);
Madaniy boyliklarni asrash va restavratsiya qilish xalqaro tadqiqot markazi (IKKROM);
Oʻzbekistonda madaniy meros masalalari boʻyicha tashkil qilingan Xalqaro maslahat qoʻmitasi;
Agentlik, shu jumladan uning Ilmiy-ekspert kengashi;
“Ipak yoʻli” turizm va madaniy meros xalqaro universiteti;
Toshkent arxitektura-qurilish instituti;
Kamoliddin Behzod nomidagi Milliy rassomchilik va dizayn instituti;
Samarqand arxitektura-qurilish instituti hamda boshqa jismoniy va yuridik shaxslar bilan hamkorlikda tashkil etadi.
Agentlik hamda Oʻzbekistonda madaniy meros masalalari boʻyicha tashkil qilingan Xalqaro maslahat qoʻmitasiga Maktabning restavrator-ustalarni malakasini oshirish, ularga mahalliy va chet ellik mutaxassis-ekspertlarni jalb etish boʻyicha takliflarini koʻrib chiqish va ularni inobatga olib borish tavsiya etilsin.
5. Quyidagilar Maktab faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
Agentlikning budjetdan tashqari Madaniy meros jamgʻarmasi mablagʻlari;
restavrator-ustalarni malakasini oshirishidan Agentlikka tushadigan mablagʻlar;
fundamental, amaliy va innovatsion tadqiqotlarning davlat ilmiy-texnikaviy dasturlarida nazarda tutilgan mablagʻlar;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
xalqaro moliya institutlari va boshqa tashkilotlarning grantlari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
6. Markaz bir oy muddatda Maktabning tuzilmasi va nizomini ishlab chiqsin hamda tasdiqlasin.
7. Agentlik Markazning asoslangan hisob-kitoblariga muvofiq YUNESKO va uning tuzilmalari, Yodgorliklar va diqqatga sazovor joylarni muhofaza qilish xalqaro kengashi (IKOMOS), Madaniy boyliklarni asrash va restavratsiya qilish xalqaro tadqiqot markazi (IKKROM) tomonidan tavsiya etilgan chet ellik yetakchi ekspertlarni jalb etish va ular tomonidan mashgʻulotlar oʻtkazish, shuningdek, mahalliy restavrator-ustalar va mutaxassislarni ilgʻor xorijiy mamlakatlar, xalqaro tashkilotlarga malaka oshirish va stajirovka oʻtashga yuborish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplash uchun budjetdan tashqari Madaniy meros jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan belgilangan tartibda mablagʻ ajratib borilishini tashkil qilsin.
8. Agentlik:
a) budjetdan tashqari Madaniy meros jamgʻarmasi mablagʻlari doirasida hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan Maktab faoliyatini samarali tashkil etish uchun zamonaviy jihozlar asosida uning moddiy-texnik bazasini shakllantirsin hamda oʻquv-uslubiy adabiyotlar, laboratoriya jihozlari, kompyuter toʻplamlari va oʻquv mashgʻulotlarda axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalanishda zarur boʻladigan vositalar bilan taʼminlasin;
b) Markazga Xorazm viloyati, Xiva shahri, Ichan qalʼa, Zargarlar koʻchasi Amir Toʻra madrasasi binosi tekin foydalanish huquqi asosida berilsin hamda unda namunali asrashga doir ishlarni namoyish qilish, amaliy koʻrgazmalar oʻtkazish, yangi ekspozitsiyalar yaratish hamda turistlar tomonidan asrashga doir ishlarni toʻgʻridan toʻgʻri kuzatish uchun shart-sharoitlar yaratsin;
v) Xorazm viloyati hokimligi, Qurilish vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi, YUNESKO ishlari boʻyicha milliy komissiya, Fanlar akademiyasi, Xorazm Maʼmun akademiyasi bilan birgalikda:
Maktabning respublika va xorijdagi restavratsiya markazlari, ilmiy laboratoriyalar bilan yaqin hamkorlik qilishini hamda uning faoliyatini samarali tashkil etishini taʼminlasin;
Maktabga mahalliy va chet ellik malakali mutaxassislar, restavrator-ustalarni mashgʻulotlar oʻtish, shu jumladan, axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan va Internet jahon axborot tarmogʻidan foydalangan holda masofadan turib mashgʻulotlar oʻtish ishlariga belgilangan tartibda jalb etib borsin;
g) 2023-yil 1-mayga qadar Direksiyaning Samarqand, Buxoro, Termiz, Shahrisabz va Qoʻqon shahar mintaqaviy markazlarida restavratsiya maktablarini tashkil etish boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.
9. Maktab Xorazm viloyati, Xiva shahri, Oxunboboyev koʻchasi 48-uy manzilidagi Xiva turizm texnikumi binosiga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilsin.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — turizm va madaniy meros vaziri A.A. Abduxakimov hamda Xorazm viloyati hokimi F.U. Ermanov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 12-iyul,
380-son