📅 2022-yil 8-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 8-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 8 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 8 июля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 8 July 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
ЖАДВАЛИ
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам беришни таъминлайдиган йўл ҳаракатини автоматлаштирилган тартибга солиш тизимини кенгайтириш бўйича ички ишлар органлари фаолиятининг сифат жиҳатидан янги тартиби белгиланди.
Мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш, йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, йўл ҳаракати барча иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 19 майдаги 377-сон қарорига мувофиқ фаолият кўрсатаётган йўл-патруль хизмати стационар постларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш орқали ушбу масканларда инсон омилини чеклаган ҳолда транспорт воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш бўйича «Яшил» ва «Қизил» йўлак тизимини (кейинги ўринларда — «Яшил» ва «Қизил» йўлак тамойили) босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Бунда, йўл-патруль хизмати стационар постларида ташкил этиладиган:
«Яшил» йўлакдан — белгиланган қоидаларга риоя этадиган ва ҳуқуқбузарлик содир этмаган транспорт воситалари ҳайдовчилари ҳеч қандай тўсиқсиз ва чекловларсиз ҳаракатланади;
«Қизил» йўлакдан — қидирувда бўлган, вазн ва ҳажм параметрларини бузиб ҳаракатланаётган ёки йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ўз вақтида тўланмаган жаримаси мавжуд бўлган транспорт воситалари ҳаракатланади.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Йўл-патруль хизмати стационар постларида «Яшил» ва «Қизил» йўлак тамойили асосида ҳаракатланиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
«Яшил» ва «Қизил» йўлак тамойили асосида йўл-патруль хизмати стационар постларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби;
автотранспорт воситаларининг йўл-патруль хизмати стационар постларида «Яшил» ва «Қизил» тамойили асосида ташкил этиладиган йўлаклар орқали ҳаракатланиш тартиби;
постларга хизматни ўташ учун жалб этиладиган йўл-патрул хизмати ходимларининг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
постларга транспорт воситасида ҳаракатланиб келган ҳайдовчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
постлар фаолияти устидан назорат қилиш тартиби.
3. Белгилансинки, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб «Яшил» ва «Қизил» йўлак тамойили мазкур қарорга 2-иловадаги жадвалга мувофиқ босқичма-босқич республиканинг йўл-патруль хизмати стационар постларида жорий этилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда «Яшил» ва «Қизил» йўлаклар тизимини жорий этиш бўйича техник ҳужжатларни ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқласин ҳамда 2023 йил 1 ноябрга қадар тизимнинг ишга туширилишини таъминласин;
Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2022 йил якунига қадар транспорт оқимини ҳисоблаш, тирбандликларнинг олдини олиш, қидирувда бўлган ва олиб қочилган транспорт воситаларининг ҳаракатланиш йўналишини аниқлаш ҳамда транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни масофадан узатиш имкониятини ўз ичига олган радиочастоталардан фойдаланган ҳолда контактсиз маълумотлар алмашинуви технологиясининг жаҳон тажрибасини ўрганиб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур қарорга 2-иловада кўрсатилган йўл-патруль хизмати стационар постларига туташ ҳамда улар атрофидаги бўш турган ва захирага олинган қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер участкаларини ушбу постларда зарур иншоотларни барпо этиш ва жиҳозлаш мақсадида тегишли ички ишлар органлари мурожаатига асосан уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилишини таъминласин.
6. Белгилаб қўйилсинки, йўл-патруль хизмати стационар постларида «Яшил» ва «Қизил» йўлак тизимини жорий этиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар ҳамда донор мамлакатлар кредитлари ва грантлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 20 сентябрдаги 747-сон қарорига 3-иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги 377-сон қарорига 1-ИЛОВА
Йўл-патруль хизмати стационар постларида «Яшил» ва «Қизил» йўлак тамойили асосида ҳаракатланиш тартибини жорий этиш тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1.Ушбу Низом автотранспорт воситаларининг йўл-патруль хизмати стационар постлари (кейинги ўринларда — постлар)да ташкил этилган «Яшил» ва «Қизил» йўлак тамойили асосида ҳаракатланиши тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ёруғлик диодли экран — LED дисплей, визуал маълумотларни кўрсатиш ва узатиш учун қурилма (дисплей, монитор, телевизор, электрон табло);
«Қизил» йўлак — қидирувда бўлган, вазн ва ҳажм параметрларини бузиб ҳаракатланган ёки йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ўз вақтида тўланмаган жаримаси мавжуд транспорт воситалари ҳаракатланиши шарт бўлган ҳаракатланиш бўлаги;
қарздорлик — йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима солиш ҳақида қарор чиқарилган кундан эътиборан олтмиш кун ичида тўланмаган жарима;
пост — йўл-патруль хизмати ходимларининг хизмат кўрсатиш, тезкор-техник ва махсус воситалар, муҳандислик ва бошқа тузилмалар билан жиҳозланган жой;
ҳаракатланиш бўлаги — автомобилларнинг бир қатор бўлиб ҳаракатланиши учун етарлича кенг бўлган, йўл чизиқлари билан белгиланган ёки белгиланмаган йўл қатнов қисмининг ҳар қандай бўйлама бўлаги;
фото ва видео қайд этиш қурилмаси — йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео техника воситалари ёрдамида қайд этувчи қурилма;
«Яшил» йўлак — «Қизил» йўлак орқали ҳаракатланиш шартлигини кўрсатувчи аломатлари бўлмаган транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат бериладиган ҳаракатланиш бўлаги.
3. Постларда ўрнатилган тартиб хорижий транспорт воситаларига ҳам татбиқ этилади.
2-боб. «Яшил» ва «Қизил» йўлак тамойили асосида постларнинг фаолиятини ташкил этиш
4. Транспорт воситаларининг ҳаракати фото ва видео қайд этиш қурилмалари орқали қайд қилиниб, ҳайдовчиларга ёруғлик диодли экран орқали ишора бериш йўли билан тартибга солинади.
5. Ёруғлик диодли экранда акс эттирилмаган ёки «Яшил» йўлак бўйлаб ҳаракатланиш ҳақида ишора берилган транспорт воситалари «Яшил» йўлак бўйлаб тўсиқсиз ҳаракатланади.
6. «Қизил» йўлакдан ҳаракатланиши буюрилган транспорт воситалари бўйича ҳаракат қатнашчиларининг ҳужжатлари электрон маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда текширилади, аниқланган қарздорликлар бўйича постларда ташкил этилган банк терминаллари орқали қарздорлик бўйича тўлов амалга оширилганидан сўнг, уларнинг ҳаракатини давом эттиришга рухсат бериш чоралари кўрилади.
Қарздорлик тўланмаган ҳолларда транспорт воситалари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 291-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 149-сон қарори билан тасдиқланган Қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини махсус тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ махсус тўхташ жойларига жойлаштирилади.
Вазн ва ҳажм параметрларини бузиб ҳаракатланадиган транспорт воситалари бўйича вазн ва ҳажм параметрлари тегишли нормага мослаштирилган тақдирда, уларнинг ҳаракатини давом эттиришга рухсат берилади.
Вазн ва ҳажм параметрларини бузиб ҳаракатланган транспорт воситалари бўйича вазн ва ҳажм параметрларини тегишли нормага мослаштирилмаган ёки объектив сабабларга кўра бунинг имкони бўлмаган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушлаб туриш чоралари кўрилади.
Қидирувда бўлган транспорт воситалари аниқланганда, ушбу транспорт воситалари дарҳол махсус тўхташ жойларига жойлаштирилади.
7. Қарздорлик аниқланган транспорт воситаларига қуйидаги ҳолларда ҳаракатни давом эттиришга рухсат этилади:
транспорт воситаси тўхтатилган вақтдан эътиборан кўпи билан 30 дақиқа ичида қарздорликка оид батафсил маълумот олиш имконияти бўлмаса ёхуд постларда ташкил этилган банк терминаллари ишламаётган ёки аниқланган қарздорликлар бўйича тўловни қонун ҳужжатларида белгиланган бошқача тартибда амалга ошириш имконияти бўлмаган ҳолларда;
аниқланган қарздорликларга асос бўлган қоидабузарликлар юзасидан судга мурожаат қилинган ёки иш судда кўрилаётган ҳолларда (бундан иш юзасидан суднинг қарори қонуний кучга кирган ҳоллар мустасно);
транспорт воситасида шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож шахс бўлганда;
фавқулодда вазиятлар (табиий офат, техноген ҳалокат, ёнғин)да юк ёки одамларни ташиш ҳолларида;
транспорт воситаси марҳумни ташиш учун фойдаланилаётган ёки дафн маросимида иштирок этаётган ҳолларда.
3-боб. Постларга хизматни ўташ учун жалб этиладиган йўл-патрул хизмати ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
8. Постларда хизмат ўтаётган йўл-патруль хизмати ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
«Қизил» йўлак бўйлаб ҳаракатланиши лозим бўлган транспорт воситалари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган чораларни кўриш;
«Қизил» йўлак бўйлаб ҳаракатланиши лозим бўлган, бироқ ахборот ишора белгиларига риоя қилмаган транспорт воситаларини тўхтатиш чораларини кўриш.
9. Йўл-патруль хизмати ходимлари қуйидагиларга мажбур:
ҳудудий ички ишлар органлари навбатчилик қисми ва марказий ахборот диспетчерлик хизмати — ахборот диспетчерлик хизмати (кейинги ўринларда — МАДХ-АДХ) билан доимий алоқада бўлиш;
постларда мавжуд ёруғлик диодли экран ёрдамида, транспорт воситаларини қизил ва яшил йўлаклар бўйлаб тўғри ҳаракат қилиб келаётганлигини назорат қилиш;
ахборот ишора белгилари ёки ёруғлик диодли экранда намоён бўлган маълумотларга амал қилмасдан ҳаракатланиши керак бўлган йўлакда ҳаракатланмаган транспорт воситасини ўрнатилган тартибда тегишли ишора бериш йўли билан тўхтатиш;
постларда мавжуд техник жиҳозларнинг соз ҳолда ишлашини мунтазам равишда назорат қилиш;
техник жиҳозларда носозликлар аниқланган тақдирда, уларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш;
постлардан «Қизил» йўлак бўйлаб ўтган транспорт воситалари бўйича кунлик ҳисоботни юритиш ва қўлланилган чоралар бўйича маълумотни ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматларига юбориш.
4-боб. Постларга транспорт воситасида ҳаракатланиб келган ҳайдовчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
10. Постларга транспорт воситасида ҳаракатланиб келган ҳайдовчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ёруғлик диодли экран орқали қизил йўлакдан ҳаракатланиш буюрилганлиги асослари тўғрисида тушунтириш берилишини талаб қилиш;
аниқланган камчиликлар ва қарздорликлар билан боғлиқ маълумотлар билан танишиш;
йўл қуйилган камчиликлар ва қарздорликлар юзасидан тушунтиришлар бериш;
мавжуд қарздорлик ёки транспорт воситаси қидирувда эканлиги муносабати билан махсус тўхташ жойига жойлаштирилганлиги юзасидан юқори турувчи орган (мансабдор шахс)га ёки судга шикоят қилиш.
11. Постларга транспорт воситасида ҳаракатланиб келган ҳайдовчи ахборот ишора белгилари ёки ёруғлик диодли экранда намоён этилган маълумотлардаги ишораларга сўзсиз риоя қилишга мажбур.
5-боб. Постлар фаолияти устидан назорат
12. Постларнинг фаолияти устидан назорат бевосита Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан олиб борилади.
13. Постларда хизмат олиб бораётган йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан тақдим этилган кунлик маълумот ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари томонидан умумлаштирилиб, автоматлаштирилган маълумотлар базаси билан солиштирилади ва ойлик ҳисобот юритилади.
Ойлик ҳисобот бевосита Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига тақдим этилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
14. Ҳайдовчилар постларга хизматни ўташ учун жалб этиладиган йўл-патрул хизмати ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
15. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги 377-сон қарорига 2-ИЛОВА
Йўл патруль хизмати стационар постларининг йўл инфратузилмасини тайёрлаш ҳамда «Яшил» ва «Қизил» йўлаклар тизимини босқичма-босқич жорий этиш
Т/р ЙПХ стационар пости номи Ҳудуд номи ЙПХ стационар пости жойлашган манзил Тизимнинг ҳужжатларини тайёрлаш муддати Тизимни жорий қилиш муддати I босқич 1. «Чинор» ЙПХ стационар пости Тошкент вилояти А373 «М39 автойўли-Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон орқали-Ўш» автомобиль йўлининг 199-километри, Оҳангарон тумани тайёр 2024 йил январь 2. «Наманган» ЙПХ стационар пости Наманган вилояти А373 «М39 автойўли-Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон орқали-Ўш» автомобиль йўлининг 273-километри, Поп тумани 2024 йил февраль 2024 йил декабрь II босқич 3. «45-ЙПХ» ЙПХ стационар пости Андижон вилояти А373 «М-39 автойўли-Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон орқали-Ўш» автомобиль йўлининг 469-километри, Хўжаобод тумани 2024 йил март 2025 йил март 4. «А. Турбонов» ЙПХ стационар пости Тошкент шаҳри М34 «Тошкент-Душанбе» автомобиль йўлининг 15-километри, Сергели тумани 2024 йил апрель 2025 йил апрель 5. «Эркин» ЙПХ стационар пости М39 «Алмати-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз» автомобиль йўлининг 817-километри, Чилонзор тумани 2024 йил май 2025 йил май 6. «Шарқ» ЙПХ стационар пости А373 автомобиль йўлининг «а» «Тошкент шаҳрига» шохобчасининг 45-километри, Бектемир тумани 2024 йил июнь 2025 йил июнь 7. «Уч қаҳрамон» ЙПХ стационар пости М39 «Алмати-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз» автомобиль йўлининг 817-километри, Юнусобод тумани 2024 йил июль 2025 йил июль 8. «Ойбек» ЙПХ стационар пости Тошкент вилояти 4Р20 «Қорасув-Бўка-Бекобод» автомобиль йўлининг 63-километри, Бекобод тумани 2024 йил август 2025 йил август III босқич 9. «Сирдарё» ЙПХ стационар пости Сирдарё вилояти М39 «Алмати-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз» автомобиль йўлининг 871-километри, Сирдарё тумани 2024 йил сентябрь 2025 йил сентябрь 10. «Норин» ЙПХ стационар пости Наманган вилояти 4Р112 «Фарғона ҳалқа йўли» автомобиль йўлининг 101-километри, Норин тумани 2024 йил октябрь 2025 йил октябрь 11. «Манас-14» ЙПХ стационар пости Жиззах вилояти М39 «Алмати-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз» автомобиль йўлининг 939-километри, Дўстлик тумани 2024 йил ноябрь 2025 йил ноябрь 12. «Яккабоғ-15» ЙПХ стационар пости А376 «Қўқон-Жиззах» автомобиль йўлининг 242-километри, Зомин тумани 2024 йил декабрь 2025 йил декабрь 13. «Юқори нуқта» ЙПХ стационар пости Самарқанд вилояти М39 «Алмати-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз» автомобиль йўлининг 1039-километри, Булунғур тумани 2025 йил январь 2026 йил январь 14. «Омонқўтон» ЙПХ стационар пости М39 «Алмати-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз» автомобиль йўлининг 1120-километри, Ургут тумани 2025 йил февраль 2026 йил февраль IV босқич 15. «Мингчинор» ЙПХ стационар пости Қашқадарё вилояти М39 «Алмати-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз» автомобиль йўлининг 1139-километри, Китоб тумани 2025 йил март 2026 йил март 16. «Умакай» ЙПХ стационар пости А378 «Самарқанд-Ғузор» автомобиль йўлининг 57-километри, Чироқчи тумани 2025 йил апрель 2026 йил апрель 17. «Ширинбулоқ» ЙПХ стационар пости А380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов» автомобиль йўлининг 147-километри, Муборак тумани 2025 йил май 2026 йил май 18. «Дарбанд» ЙПХ стационар пости Сурхондарё вилояти М39 «Алмати-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз» автомобиль йўлининг 1335-километри, Бойсун тумани 2025 йил июнь 2026 йил июнь 19. «Мангузар» ЙПХ стационар пости М41 «Бишкек-Душанбе-Термиз» автомобиль йўлининг 1618-километри, Термиз тумани 2025 йил июль 2026 йил июль V босқич 20. «Сармижон» ЙПХ стационар пости Бухоро вилояти М37 «Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши» автомобиль йўлининг 212-километри, Ғиждувон тумани 2025 йил август 2026 йил август 21. «Караката» ЙПХ стационар пости Навоий вилояти А379 «Навоий-Учқудуқ» автомобиль йўлининг 125-километри, Конимех тумани 2025 йил сентябрь 2026 йил сентябрь 22. «Зарафшон» ЙПХ стационар пости А379 «Навоий-Учқудуқ» автомобиль йўлининг 202-километри, Зарафшон шаҳри 2025 йил октябрь 2026 йил октябрь 23. «Самарқанд» ЙПХ стационар пости М37 «Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши» автомобиль йўлининг 147-километри, Кармана тумани 2025 йил октябрь 2026 йил октябрь VI босқич 24. «Момокўпир» ЙПХ стационар пости Хоразм вилояти 4Р160 «Урганч-Гурлан-Манғит-Туркманистон Республикаси чегараси» автомобиль йўлининг 65-километри, Гурлан тумани 2025 йил ноябрь 2026 йил ноябрь 25. «Бройлер» ЙПХ стационар пости Қорақалпоғистон Республикаси А380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов» автомобиль йўлининг 754-километри, Нукус шаҳри 2025 йил ноябрь 2026 йил ноябрь 26. «Мискин» ЙПХ стационар пости А380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов» автомобиль йўлининг 561-километри, Тўрткўл тумани 2025 йил ноябрь 2026 йил ноябрь 27. «Довут ота» ЙПХ стационар пости А380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов» автомобиль йўлининг 1184-километри, Қўнғирот тумани 2026 йил январь 2026 йил декабрь 28. «Бектемир» ЙПХ стационар пости Тошкент шаҳри 4Р2 «Тошкент-Тўйтепа-А373 автойўли (55 км)» автомобиль йўлининг 11-километри, Бектемир тумани 2026 йил январь 2026 йил декабрь 29. «Келес» ЙПХ стационар пости * Тошкент вилояти 4Р4 «Тошкент-Келес-Қозоқкентсой-М39 автойўли (820 км)» автомобиль йўлининг 16-километри, Тошкент тумани 2026 йил * 2026 йил *
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги 377-сон қарорига 3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 20 сентябрдаги 747-сон қарорига киритилаётган қўшимчалар
1. 4-банднинг «а» кичик банди тўртинчи хатбошиси «рағбатлантирилади» сўзидан кейин «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардиясининг хизмат автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно» сўзлари билан тўлдирилсин.
2. Илованинг 11-банди биринчи хатбошиси «рағбатлантирилади» сўзидан кейин «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардиясининг хизмат автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно» сўзлари билан тўлдирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 8 июль,
377-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
JADVALI
Yoʻl harakati xavfsizligini taʼminlash sohasiga zamonaviy axborot texnologiyalarini keng joriy etish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasida yoʻl harakati xavfsizligini taʼminlash, yoʻl-transport hodisalarining oldini olish, huquqbuzarliklarni oʻz vaqtida aniqlash va ularga barham berishni taʼminlaydigan yoʻl harakatini avtomatlashtirilgan tartibga solish tizimini kengaytirish boʻyicha ichki ishlar organlari faoliyatining sifat jihatidan yangi tartibi belgilandi.
Mazkur yoʻnalishdagi ishlarni yanada jadallashtirish, yoʻl harakatini tashkil etish sohasiga zamonaviy axborot texnologiyalarini keng joriy etish, shuningdek, yoʻl harakati barcha ishtirokchilarining xavfsiz harakatlanishi uchun zarur shart-sharoitlar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi yoʻl xavfsizligini taʼminlash tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 19-maydagi 377-son qaroriga muvofiq faoliyat koʻrsatayotgan yoʻl-patrul xizmati statsionar postlarida zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy qilish orqali ushbu maskanlarda inson omilini cheklagan holda transport vositalarining toʻsiqsiz harakatlanishini taʼminlash boʻyicha “Yashil” va “Qizil” yoʻlak tizimini (keyingi oʻrinlarda — “Yashil” va “Qizil” yoʻlak tamoyili) bosqichma-bosqich joriy etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
Bunda, yoʻl-patrul xizmati statsionar postlarida tashkil etiladigan:
“Yashil” yoʻlakdan — belgilangan qoidalarga rioya etadigan va huquqbuzarlik sodir etmagan transport vositalari haydovchilari hech qanday toʻsiqsiz va cheklovlarsiz harakatlanadi;
“Qizil” yoʻlakdan — qidiruvda boʻlgan, vazn va hajm parametrlarini buzib harakatlanayotgan yoki yoʻl harakati qoidalarini buzganlik uchun oʻz vaqtida toʻlanmagan jarimasi mavjud boʻlgan transport vositalari harakatlanadi.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Yoʻl-patrul xizmati statsionar postlarida “Yashil” va “Qizil” yoʻlak tamoyili asosida harakatlanish tartibini joriy etish toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
“Yashil” va “Qizil” yoʻlak tamoyili asosida yoʻl-patrul xizmati statsionar postlarining faoliyatini tashkil etish tartibi;
avtotransport vositalarining yoʻl-patrul xizmati statsionar postlarida “Yashil” va “Qizil” tamoyili asosida tashkil etiladigan yoʻlaklar orqali harakatlanish tartibi;
postlarga xizmatni oʻtash uchun jalb etiladigan yoʻl-patrul xizmati xodimlarining asosiy huquq va majburiyatlari;
postlarga transport vositasida harakatlanib kelgan haydovchining huquq va majburiyatlari;
postlar faoliyati ustidan nazorat qilish tartibi.
3. Belgilansinki, 2023-yil 1-dekabrdan boshlab “Yashil” va “Qizil” yoʻlak tamoyili mazkur qarorga 2-ilovadagi jadvalga muvofiq bosqichma-bosqich respublikaning yoʻl-patrul xizmati statsionar postlarida joriy etiladi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:
Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda “Yashil” va “Qizil” yoʻlaklar tizimini joriy etish boʻyicha texnik hujjatlarni ishlab chiqib, belgilangan tartibda tasdiqlasin hamda 2023-yil 1-noyabrga qadar tizimning ishga tushirilishini taʼminlasin;
Transport vazirligi, Moliya vazirligi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi hamda boshqa manfaatdor tashkilotlar bilan birgalikda 2022-yil yakuniga qadar transport oqimini hisoblash, tirbandliklarning oldini olish, qidiruvda boʻlgan va olib qochilgan transport vositalarining harakatlanish yoʻnalishini aniqlash hamda transport vositalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni masofadan uzatish imkoniyatini oʻz ichiga olgan radiochastotalardan foydalangan holda kontaktsiz maʼlumotlar almashinuvi texnologiyasining jahon tajribasini oʻrganib chiqsin va belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari mazkur qarorga 2-ilovada koʻrsatilgan yoʻl-patrul xizmati statsionar postlariga tutash hamda ular atrofidagi boʻsh turgan va zaxiraga olingan qishloq xoʻjaligida foydalanilmaydigan yer uchastkalarini ushbu postlarda zarur inshootlarni barpo etish va jihozlash maqsadida tegishli ichki ishlar organlari murojaatiga asosan ularga doimiy foydalanish huquqi bilan ajratilishini taʼminlasin.
6. Belgilab qoʻyilsinki, yoʻl-patrul xizmati statsionar postlarida “Yashil” va “Qizil” yoʻlak tizimini joriy etish bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining budjetdan tashqari mablagʻlari, xalqaro moliya institutlari, xorijiy tashkilotlar hamda donor mamlakatlar kreditlari va grantlari, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
7. Vazirlar Mahkamasining “Yoʻl harakati xavfsizligi sohasidagi huquqbuzarliklarga qarshi kurashish samaradorligini oshirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 20-sentabrdagi 747-son qaroriga 3-ilovaga muvofiq qoʻshimchalar kiritilsin.
8. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 8-iyuldagi 377-son qaroriga 1-ILOVA
Yoʻl-patrul xizmati statsionar postlarida “Yashil” va “Qizil” yoʻlak tamoyili asosida harakatlanish tartibini joriy etish toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1.Ushbu Nizom avtotransport vositalarining yoʻl-patrul xizmati statsionar postlari (keyingi oʻrinlarda — postlar)da tashkil etilgan “Yashil” va “Qizil” yoʻlak tamoyili asosida harakatlanishi tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
yorugʻlik diodli ekran — LED displey, vizual maʼlumotlarni koʻrsatish va uzatish uchun qurilma (displey, monitor, televizor, elektron tablo);
“Qizil” yoʻlak — qidiruvda boʻlgan, vazn va hajm parametrlarini buzib harakatlangan yoki yoʻl harakati qoidalarini buzganlik uchun oʻz vaqtida toʻlanmagan jarimasi mavjud transport vositalari harakatlanishi shart boʻlgan harakatlanish boʻlagi;
qarzdorlik — yoʻl harakati qoidalarini buzganlik uchun jarima solish haqida qaror chiqarilgan kundan eʼtiboran oltmish kun ichida toʻlanmagan jarima;
post — yoʻl-patrul xizmati xodimlarining xizmat koʻrsatish, tezkor-texnik va maxsus vositalar, muhandislik va boshqa tuzilmalar bilan jihozlangan joy;
harakatlanish boʻlagi — avtomobillarning bir qator boʻlib harakatlanishi uchun yetarlicha keng boʻlgan, yoʻl chiziqlari bilan belgilangan yoki belgilanmagan yoʻl qatnov qismining har qanday boʻylama boʻlagi;
foto va video qayd etish qurilmasi — yoʻl harakati qoidalari buzilishini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video texnika vositalari yordamida qayd etuvchi qurilma;
“Yashil” yoʻlak — “Qizil” yoʻlak orqali harakatlanish shartligini koʻrsatuvchi alomatlari boʻlmagan transport vositalarining harakatlanishiga ruxsat beriladigan harakatlanish boʻlagi.
3. Postlarda oʻrnatilgan tartib xorijiy transport vositalariga ham tatbiq etiladi.
2-bob. “Yashil” va “Qizil” yoʻlak tamoyili asosida postlarning faoliyatini tashkil etish
4. Transport vositalarining harakati foto va video qayd etish qurilmalari orqali qayd qilinib, haydovchilarga yorugʻlik diodli ekran orqali ishora berish yoʻli bilan tartibga solinadi.
5. Yorugʻlik diodli ekranda aks ettirilmagan yoki “Yashil” yoʻlak boʻylab harakatlanish haqida ishora berilgan transport vositalari “Yashil” yoʻlak boʻylab toʻsiqsiz harakatlanadi.
6. “Qizil” yoʻlakdan harakatlanishi buyurilgan transport vositalari boʻyicha harakat qatnashchilarining hujjatlari elektron maʼlumotlar bazasidan foydalangan holda tekshiriladi, aniqlangan qarzdorliklar boʻyicha postlarda tashkil etilgan bank terminallari orqali qarzdorlik boʻyicha toʻlov amalga oshirilganidan soʻng, ularning harakatini davom ettirishga ruxsat berish choralari koʻriladi.
Qarzdorlik toʻlanmagan hollarda transport vositalari Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksi 291-moddasi hamda Vazirlar Mahkamasining 2011-yil 25-maydagi 149-son qarori bilan tasdiqlangan Qonunchilik hujjatlari buzilganligi uchun ushlangan transport vositalarini maxsus toʻxtash joylariga olib kelish, joylashtirish va saqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq maxsus toʻxtash joylariga joylashtiriladi.
Vazn va hajm parametrlarini buzib harakatlanadigan transport vositalari boʻyicha vazn va hajm parametrlari tegishli normaga moslashtirilgan taqdirda, ularning harakatini davom ettirishga ruxsat beriladi.
Vazn va hajm parametrlarini buzib harakatlangan transport vositalari boʻyicha vazn va hajm parametrlarini tegishli normaga moslashtirilmagan yoki obyektiv sabablarga koʻra buning imkoni boʻlmagan taqdirda qonun hujjatlarida belgilangan tartibda ushlab turish choralari koʻriladi.
Qidiruvda boʻlgan transport vositalari aniqlanganda, ushbu transport vositalari darhol maxsus toʻxtash joylariga joylashtiriladi.
7. Qarzdorlik aniqlangan transport vositalariga quyidagi hollarda harakatni davom ettirishga ruxsat etiladi:
transport vositasi toʻxtatilgan vaqtdan eʼtiboran koʻpi bilan 30 daqiqa ichida qarzdorlikka oid batafsil maʼlumot olish imkoniyati boʻlmasa yoxud postlarda tashkil etilgan bank terminallari ishlamayotgan yoki aniqlangan qarzdorliklar boʻyicha toʻlovni qonun hujjatlarida belgilangan boshqacha tartibda amalga oshirish imkoniyati boʻlmagan hollarda;
aniqlangan qarzdorliklarga asos boʻlgan qoidabuzarliklar yuzasidan sudga murojaat qilingan yoki ish sudda koʻrilayotgan hollarda (bundan ish yuzasidan sudning qarori qonuniy kuchga kirgan hollar mustasno);
transport vositasida shoshilinch tibbiy yordamga muhtoj shaxs boʻlganda;
favqulodda vaziyatlar (tabiiy ofat, texnogen halokat, yongʻin)da yuk yoki odamlarni tashish hollarida;
transport vositasi marhumni tashish uchun foydalanilayotgan yoki dafn marosimida ishtirok etayotgan hollarda.
3-bob. Postlarga xizmatni oʻtash uchun jalb etiladigan yoʻl-patrul xizmati xodimlarining huquq va majburiyatlari
8. Postlarda xizmat oʻtayotgan yoʻl-patrul xizmati xodimlari quyidagi huquqlarga ega:
“Qizil” yoʻlak boʻylab harakatlanishi lozim boʻlgan transport vositalari yuzasidan qonun hujjatlarida belgilangan choralarni koʻrish;
“Qizil” yoʻlak boʻylab harakatlanishi lozim boʻlgan, biroq axborot ishora belgilariga rioya qilmagan transport vositalarini toʻxtatish choralarini koʻrish.
9. Yoʻl-patrul xizmati xodimlari quyidagilarga majbur:
hududiy ichki ishlar organlari navbatchilik qismi va markaziy axborot dispetcherlik xizmati — axborot dispetcherlik xizmati (keyingi oʻrinlarda — MADX-ADX) bilan doimiy aloqada boʻlish;
postlarda mavjud yorugʻlik diodli ekran yordamida, transport vositalarini qizil va yashil yoʻlaklar boʻylab toʻgʻri harakat qilib kelayotganligini nazorat qilish;
axborot ishora belgilari yoki yorugʻlik diodli ekranda namoyon boʻlgan maʼlumotlarga amal qilmasdan harakatlanishi kerak boʻlgan yoʻlakda harakatlanmagan transport vositasini oʻrnatilgan tartibda tegishli ishora berish yoʻli bilan toʻxtatish;
postlarda mavjud texnik jihozlarning soz holda ishlashini muntazam ravishda nazorat qilish;
texnik jihozlarda nosozliklar aniqlangan taqdirda, ularni zudlik bilan bartaraf etish choralarini koʻrish;
postlardan “Qizil” yoʻlak boʻylab oʻtgan transport vositalari boʻyicha kunlik hisobotni yuritish va qoʻllanilgan choralar boʻyicha maʼlumotni hududiy yoʻl harakati xavfsizligi xizmatlariga yuborish.
4-bob. Postlarga transport vositasida harakatlanib kelgan haydovchining huquq va majburiyatlari
10. Postlarga transport vositasida harakatlanib kelgan haydovchilar quyidagi huquqlarga ega:
yorugʻlik diodli ekran orqali qizil yoʻlakdan harakatlanish buyurilganligi asoslari toʻgʻrisida tushuntirish berilishini talab qilish;
aniqlangan kamchiliklar va qarzdorliklar bilan bogʻliq maʼlumotlar bilan tanishish;
yoʻl quyilgan kamchiliklar va qarzdorliklar yuzasidan tushuntirishlar berish;
mavjud qarzdorlik yoki transport vositasi qidiruvda ekanligi munosabati bilan maxsus toʻxtash joyiga joylashtirilganligi yuzasidan yuqori turuvchi organ (mansabdor shaxs)ga yoki sudga shikoyat qilish.
11. Postlarga transport vositasida harakatlanib kelgan haydovchi axborot ishora belgilari yoki yorugʻlik diodli ekranda namoyon etilgan maʼlumotlardagi ishoralarga soʻzsiz rioya qilishga majbur.
5-bob. Postlar faoliyati ustidan nazorat
12. Postlarning faoliyati ustidan nazorat bevosita Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati tomonidan olib boriladi.
13. Postlarda xizmat olib borayotgan yoʻl-patrul xizmati xodimlari tomonidan taqdim etilgan kunlik maʼlumot hududiy yoʻl harakati xavfsizligi xizmatlari tomonidan umumlashtirilib, avtomatlashtirilgan maʼlumotlar bazasi bilan solishtiriladi va oylik hisobot yuritiladi.
Oylik hisobot bevosita Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatiga taqdim etiladi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
14. Haydovchilar postlarga xizmatni oʻtash uchun jalb etiladigan yoʻl-patrul xizmati xodimlarining xatti-harakatlari yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilishlari mumkin.
15. Mazkur Nizom talablarini buzgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 8-iyuldagi 377-son qaroriga 2-ILOVA
Yoʻl patrul xizmati statsionar postlarining yoʻl infratuzilmasini tayyorlash hamda “Yashil” va “Qizil” yoʻlaklar tizimini bosqichma-bosqich joriy etish
T/r YPX statsionar posti nomi Hudud nomi YPX statsionar posti joylashgan manzil Tizimning hujjatlarini tayyorlash muddati Tizimni joriy qilish muddati I bosqich 1. “Chinor” YPX statsionar posti Toshkent viloyati A373 “M39 avtoyoʻli-Guliston-Boʻka-Angren-Qoʻqon va Andijon orqali-Oʻsh” avtomobil yoʻlining 199-kilometri, Ohangaron tumani tayyor 2024-yil yanvar 2. “Namangan” YPX statsionar posti Namangan viloyati A373 “M39 avtoyoʻli-Guliston-Boʻka-Angren-Qoʻqon va Andijon orqali-Oʻsh” avtomobil yoʻlining 273-kilometri, Pop tumani 2024-yil fevral 2024-yil dekabr II bosqich 3. “45-YPX” YPX statsionar posti Andijon viloyati A373 “M-39 avtoyoʻli-Guliston-Boʻka-Angren-Qoʻqon va Andijon orqali-Oʻsh” avtomobil yoʻlining 469-kilometri, Xoʻjaobod tumani 2024-yil mart 2025-yil mart 4. “A. Turbonov” YPX statsionar posti Toshkent shahri M34 “Toshkent-Dushanbe” avtomobil yoʻlining 15-kilometri, Sergeli tumani 2024-yil aprel 2025-yil aprel 5. “Erkin” YPX statsionar posti M39 “Almati-Bishkek-Toshkent-Shahrisabz-Termiz” avtomobil yoʻlining 817-kilometri, Chilonzor tumani 2024-yil may 2025-yil may 6. “Sharq” YPX statsionar posti A373 avtomobil yoʻlining “a” “Toshkent shahriga” shoxobchasining 45-kilometri, Bektemir tumani 2024-yil iyun 2025-yil iyun 7. “Uch qahramon” YPX statsionar posti M39 “Almati-Bishkek-Toshkent-Shahrisabz-Termiz” avtomobil yoʻlining 817-kilometri, Yunusobod tumani 2024-yil iyul 2025-yil iyul 8. “Oybek” YPX statsionar posti Toshkent viloyati 4R20 “Qorasuv-Boʻka-Bekobod” avtomobil yoʻlining 63-kilometri, Bekobod tumani 2024-yil avgust 2025-yil avgust III bosqich 9. “Sirdaryo” YPX statsionar posti Sirdaryo viloyati M39 “Almati-Bishkek-Toshkent-Shahrisabz-Termiz” avtomobil yoʻlining 871-kilometri, Sirdaryo tumani 2024-yil sentabr 2025-yil sentabr 10. “Norin” YPX statsionar posti Namangan viloyati 4R112 “Fargʻona halqa yoʻli” avtomobil yoʻlining 101-kilometri, Norin tumani 2024-yil oktabr 2025-yil oktabr 11. “Manas-14” YPX statsionar posti Jizzax viloyati M39 “Almati-Bishkek-Toshkent-Shahrisabz-Termiz” avtomobil yoʻlining 939-kilometri, Doʻstlik tumani 2024-yil noyabr 2025-yil noyabr 12. “Yakkabogʻ-15” YPX statsionar posti A376 “Qoʻqon-Jizzax” avtomobil yoʻlining 242-kilometri, Zomin tumani 2024-yil dekabr 2025-yil dekabr 13. “Yuqori nuqta” YPX statsionar posti Samarqand viloyati M39 “Almati-Bishkek-Toshkent-Shahrisabz-Termiz” avtomobil yoʻlining 1039-kilometri, Bulungʻur tumani 2025-yil yanvar 2026-yil yanvar 14. “Omonqoʻton” YPX statsionar posti M39 “Almati-Bishkek-Toshkent-Shahrisabz-Termiz” avtomobil yoʻlining 1120-kilometri, Urgut tumani 2025-yil fevral 2026-yil fevral IV bosqich 15. “Mingchinor” YPX statsionar posti Qashqadaryo viloyati M39 “Almati-Bishkek-Toshkent-Shahrisabz-Termiz” avtomobil yoʻlining 1139-kilometri, Kitob tumani 2025-yil mart 2026-yil mart 16. “Umakay” YPX statsionar posti A378 “Samarqand-Gʻuzor” avtomobil yoʻlining 57-kilometri, Chiroqchi tumani 2025-yil aprel 2026-yil aprel 17. “Shirinbuloq” YPX statsionar posti A380 “Gʻuzor-Buxoro-Nukus-Beynov” avtomobil yoʻlining 147-kilometri, Muborak tumani 2025-yil may 2026-yil may 18. “Darband” YPX statsionar posti Surxondaryo viloyati M39 “Almati-Bishkek-Toshkent-Shahrisabz-Termiz” avtomobil yoʻlining 1335-kilometri, Boysun tumani 2025-yil iyun 2026-yil iyun 19. “Manguzar” YPX statsionar posti M41 “Bishkek-Dushanbe-Termiz” avtomobil yoʻlining 1618-kilometri, Termiz tumani 2025-yil iyul 2026-yil iyul V bosqich 20. “Sarmijon” YPX statsionar posti Buxoro viloyati M37 “Samarqand-Buxoro-Turkmanboshi” avtomobil yoʻlining 212-kilometri, Gʻijduvon tumani 2025-yil avgust 2026-yil avgust 21. “Karakata” YPX statsionar posti Navoiy viloyati A379 “Navoiy-Uchquduq” avtomobil yoʻlining 125-kilometri, Konimex tumani 2025-yil sentabr 2026-yil sentabr 22. “Zarafshon” YPX statsionar posti A379 “Navoiy-Uchquduq” avtomobil yoʻlining 202-kilometri, Zarafshon shahri 2025-yil oktabr 2026-yil oktabr 23. “Samarqand” YPX statsionar posti M37 “Samarqand-Buxoro-Turkmanboshi” avtomobil yoʻlining 147-kilometri, Karmana tumani 2025-yil oktabr 2026-yil oktabr VI bosqich 24. “Momokoʻpir” YPX statsionar posti Xorazm viloyati 4R160 “Urganch-Gurlan-Mangʻit-Turkmaniston Respublikasi chegarasi” avtomobil yoʻlining 65-kilometri, Gurlan tumani 2025-yil noyabr 2026-yil noyabr 25. “Broyler” YPX statsionar posti Qoraqalpogʻiston Respublikasi A380 “Gʻuzor-Buxoro-Nukus-Beynov” avtomobil yoʻlining 754-kilometri, Nukus shahri 2025-yil noyabr 2026-yil noyabr 26. “Miskin” YPX statsionar posti A380 “Gʻuzor-Buxoro-Nukus-Beynov” avtomobil yoʻlining 561-kilometri, Toʻrtkoʻl tumani 2025-yil noyabr 2026-yil noyabr 27. “Dovut ota” YPX statsionar posti A380 “Gʻuzor-Buxoro-Nukus-Beynov” avtomobil yoʻlining 1184-kilometri, Qoʻngʻirot tumani 2026-yil yanvar 2026-yil dekabr 28. “Bektemir” YPX statsionar posti Toshkent shahri 4R2 “Toshkent-Toʻytepa-A373 avtoyoʻli (55 km)” avtomobil yoʻlining 11-kilometri, Bektemir tumani 2026-yil yanvar 2026-yil dekabr 29. “Keles” YPX statsionar posti * Toshkent viloyati 4R4 “Toshkent-Keles-Qozoqkentsoy-M39 avtoyoʻli (820 km)” avtomobil yoʻlining 16-kilometri, Toshkent tumani 2026-yil * 2026-yil *
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 8-iyuldagi 377-son qaroriga 3-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Yoʻl harakati xavfsizligi sohasidagi huquqbuzarliklarga qarshi kurashish samaradorligini oshirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 20-sentabrdagi 747-son qaroriga kiritilayotgan qoʻshimchalar
1. 4-bandning “a” kichik bandi toʻrtinchi xatboshisi “ragʻbatlantiriladi” soʻzidan keyin “Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi hamda Milliy gvardiyasining xizmat avtotransport vositalariga oʻrnatilgan videoregistratorlar orqali qayd etilgan huquqbuzarliklar bundan mustasno” soʻzlari bilan toʻldirilsin.
2. Ilovaning 11-bandi birinchi xatboshisi “ragʻbatlantiriladi” soʻzidan keyin “Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi hamda Milliy gvardiyasining xizmat avtotransport vositalariga oʻrnatilgan videoregistratorlar orqali qayd etilgan huquqbuzarliklar bundan mustasno” soʻzlari bilan toʻldirilsin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 8-iyul,
377-son