📅 2022-yil 13-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 13-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 13 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 13 июля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 13 July 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
ЖУРНАЛИ
ДАСТУРИ
Ички ишлар органлари томонидан конвой ҳаракатларини амалга оширишда электрон браслетлардан фойдаланишни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, ички ишлар органлари томонидан амалга ошириладиган конвой ҳаракатлари давомида қўриқлов остидаги шахслар устидан назоратни кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сон Фармонида ички ишлар органлари конвой фаолиятига конвой остидаги шахсларни электрон браслетлар орқали назорат қилиш тизимини жорий этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган, ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахслар ва маҳкумлар (кейинги ўринларда — конвой остидаги шахслар)нинг қочиш ҳолатларининг барвақт олдини олиш мақсадида уларни конвой қилиш жараёни (тасдиқланган йўналишда ҳаракатланиши, белгиланмаган ҳудудларда тўхтамаслиги ва бошқалар)ни онлайн тарзда кузатиш тизими жорий этилади;
конвой остидаги шахслар қочишга уринган (электрон браслетни ечиш, шикаст етказиш, конвойчи ходимдан узоқлашиш ва бошқа) ҳолатлар ҳақидаги товушли ва визуал хабарни онлайн режимида автоматик тарзда бириктирилган конвойчи ходимга ва ҳудудий ички ишлар органлари, Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисмлари, тергов ҳибсхоналари ҳамда жазони ижро этиш колонияларининг навбатчилик қисмларига узатиш имконияти яратилади;
конвой ҳаракатлари давомида қочиб кетган конвой остидаги шахсларни уларга тақилган электрон браслетлардан узатилаётган «GPS» сигналларига мувофиқ «иссиқ изи»дан ушлаш чораларини кўриш йўлга қўйилади.
3. Қуйидагилар:
конвой остидаги шахслар билан конвой ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида электрон браслетлардан фойдаланиш, конвой бўлинмалари ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун ажратилган электрон браслетларни сақлаш ва улардан хизматда фойдаланиш, электрон браслетга шикаст етказилганда ёки йўқотилганда моддий зарарни ундириш тартибини, шунингдек, электрон браслетларни қўллаш жараёнида конвой бўлинмалари ходимлари ҳамда конвой қилинувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини назарда тутувчи Ички ишлар органлари томонидан конвой ҳаракатларини амалга оширишда электрон браслетлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
2022 — 2024 йилларда ички ишлар органлари бўлинмаларини электрон браслетлар билан таъминлаш дастури (кейинги ўринларда — Дастур) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
уч ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ички ишлар органлари томонидан конвой ҳаракатларини амалга оширишда фойдаланиладиган электрон браслетлар бўйича техник топшириқни ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқласин;
«Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ўтказиладиган тендер натижаларига асосан Дастурда белгиланган миқдорларда электрон браслетлар харидини амалга оширсин;
2024 йил 1 декабрга қадар ички ишлар органлари конвой бўлинмалари Дастурда белгиланган ҳажмда ва муддатларда электрон браслетлар билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сон Фармонига мувофиқ ички ишлар органларининг конвой бўлинмалари учун электрон браслетларни харид қилиш ва фойдаланиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 июлдаги 383-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ички ишлар органлари томонидан конвой ҳаракатларини амалга оширишда электрон браслетлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган, ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахслар ҳамда маҳкумлар (кейинги ўринларда — конвой остидаги шахслар) билан конвой ҳаракатларини амалга оширишда ички ишлар органлари томонидан электрон браслетлардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан электрон браслетлардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
конвой — жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган, ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахслар ҳамда маҳкумларни белгиланган манзилга қўриқлаб бориш;
конвой остидаги шахслар — конвой қилинаётган, жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган, ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахслар ҳамда маҳкумлар;
конвой бўлинмалари — конвой остидаги шахсларни белгиланган манзилга қўриқлаб бориш борасидаги вазифаларни амалга оширувчи ички ишлар органларининг бўлинмалари;
электрон браслет — конвой остидаги шахслар қочишга уринган (электрон браслетни ечиш, шикаст етказиш, конвойчи ходимдан узоқлашиш ва бошқа) ҳолатлар ҳақида онлайн режимида автоматик тарзда товушли ва визуал хабар берувчи, шунингдек, конвой остидаги шахсларнинг ҳаракатланишини онлайн назорат қилиш имкониятни яратувчи электрон қурилма.
4. Конвой ҳаракатларини амалга ошириш учун қуйидагилар асос бўлади:
суд, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг талабномалари;
суд ажрими (ҳукми);
ички ишлар органларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларни ва жазони ижро этиш колонияларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни тиббиёт муассасасига жойлаштириш ёки тиббиёт муассасасида текширувдан ўтказиш лозимлиги тўғрисида тиббиёт ходимининг маълумотномаси.
5. Электрон браслетлар билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари (кейинги ўринларда — Қоровул қўшинлари), ички ишлар органларининг конвой бўлинмалари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари таъминланади.
6. Электрон браслетлардан фақат конвой остидаги шахслар билан барча конвой ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида, шунингдек, ички ишлар органларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг ва жазони ижро этиш колонияларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасаларида стационар даволаниши ёки тиббиёт муассасасида тиббий текширувдан ўтказиш даврида улар устидан тўлиқ назорат ўрнатиш мақсадида фойдаланилади.
2-боб. Электрон браслетларни сақлаш
7. Конвой бўлинмалари ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун ажратилган электрон браслетлар, улар жойлашган ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларидаги махсус воситаларни сақлаш хоналарида, Қоровул қўшинлари қўмондонлиги учун ажратилган электрон браслетлар ҳарбий қисм бўлинмалари махсус воситаларни сақлаш хоналарида, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари учун ажратилган электрон браслетлар эса ушбу муассасаларнинг махсус хоналарида сақланади.
8. Электрон браслетлар алоҳида жавонлар, сейфлар ёки махсус ажратилган жойларда сақланади.
9. Электрон браслетларнинг ҳаракати ушбу Низомга иловага мувофиқ шаклда Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисмлари, ички ишлар органлари, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари навбатчилик қисмлари томонидан алоҳида юритиладиган Электрон браслетларни тарқатиш ҳамда қабул қилиш журналида (кейинги ўринларда — журнал) қайд этилади.
10. Журналда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
электрон браслет берилган ходим (ҳарбий хизматчи) фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда имзоси;
берилган электрон браслетнинг индивидуал рақамлари;
электрон браслет берилган ҳамда қабул қилиб олинган сана ва вақт;
электрон браслетнинг топшириш вақтидаги ҳолати (соз ёки носозлиги);
электрон браслетни қабул қилиб олган масъул шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда имзоси.
11. Журнал белгиланган тартибда Қоровул қўшинлари қўмондонлиги, ички ишлар органлари, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари девонхоналарида рўйхатдан ўтказилади.
12. Журнални сақлаш ва йўқ қилиш ички ишлар органларида махсус воситаларни бериш ва қабул қилиш журналини юритишга (сақлаш ва уларни йўқ қилиш) белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.
13. Электрон браслетларнинг техник созлиги, электр қувватининг тўлиқлиги Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисм бўлинмаларининг навбатчилари, ҳудудий ички ишлар органлари ва тергов ҳибсхоналари ҳамда жазони ижро этиш колониялари навбатчилик қисмлари масъул ходимлари томонидан доимий равишда назорат қилиб борилади. Хизматга жалб этилаётган ходим (ҳарбий хизматчи)ларга носоз ёки электр қуввати тўлиқ бўлмаган электрон браслетлар берилишига йўл қўйилмайди.
14. Электрон браслетни қабул қилиб олган ходим (ҳарбий хизматчи) махсус тасма бутлигини, махсус мослама созлигини ва электр қуввати тўлалигини, электрон браслетнинг «GPS» сигнали ишлаётганлигини текширади.
Электрон браслетда носозликлар аниқланганида носоз электрон браслет топширилиб, соз электрон браслетга алмаштирилади.
Электрон браслетдан фойдаланишдан олдин ходим (ҳарбий хизматчи) томонидан унинг махсус тасмасига дезинфекция воситалари (антисептик, спирт) ёрдамида ишлов берилади.
15. Конвой ҳаракатлари якунлангандан сўнг ходим (ҳарбий хизматчи) томонидан махсус тасмага дезинфекция воситалари (антисептик, спирт) ёрдамида ишлов берилган ҳолда электрон браслетлар тегишлича Қоровул қўшинлари ҳарбий қисмлари бўлинмаларининг навбатчиларига ва ҳудудий ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига, шунингдек, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колонияларининг махсус хоналарига топширилади.
16. Топширилаётган электрон браслетлар Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисм бўлинмалари навбатчиларининг, ҳудудий ички ишлар органлари, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колонияларининг навбатчилик қисмлари масъул ходимлари томонидан ташқи кўрикдан ўтказилгандан сўнг журналга имзо қўйиш йўли билан қабул қилиб олинади.
3-боб. Электрон браслетлардан хизматда фойдаланиш
17. Конвой ҳаракатларига жалб этилаётган ҳар бир ходим (ҳарбий хизматчи) конвой қилинадиган шахслар сонидан келиб чиқиб электрон браслетлар билан таъминланади.
18. Соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасаларига стационар даволаниш учун жойлаштириладиган ёки тиббиёт муассасаларида тиббий текширувдан ўтказиш учун қўриқлашга хизматга жалб этиладиган ходимлар ҳудудий ички ишлар органлари, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари бошлиқлари қарорлари асосида белгиланиб, уларга электрон браслетлар конвой қилинадиган шахслар сонидан келиб чиққан ҳолда ажратилади.
19. Ходим (ҳарбий хизматчи) конвой қилинадиган шахс жойлашган манзилга етиб борганидан сўнг унга бириктирилаётган конвой қилинувчига хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда ўзидаги электрон браслетни тақиб, махсус калит билан қулфлайди ва бутун конвой ҳаракатлари давомида индивидуал тартибда назорат қилади.
20. Электрон браслет конвой қилинувчи оёғининг болдир қисмига тақилади. Конвой қилинувчиларнинг оёғига электрон браслетларни тақиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда (суяк синиши, бошқа жароҳатлар билан тиббий муолажа кўрсатилган ва ҳоказо) электрон браслетни қўлнинг билак қисмига тақишга рухсат берилади.
Аёл жинсидаги конвой қилинувчига электрон браслет шу жинсдаги ходим (ҳарбий хизматчи) томонидан тақилади.
Аёл жинсидаги ходим (ҳарбий хизматчи) бўлмаган тақдирда, конвой қилинувчи аёлга электрон браслетни қўлининг билак қисмига тақишга рухсат берилади.
21. Имплант қилинган кардиостимуляторга эга, юқумли тери касалликлари бўлган ҳамда туғма ногиронлиги сабабли танасининг оёқ аъзоси бўлмаган ва ҳомиладор конвой қилинувчиларга электрон браслетлар тақилмайди.
22. Конвой ҳаракатларини ўтказиш жараёнида ва конвой остидаги шахснинг соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасасида стационар даволаниш ёки тиббий текширувдан ўтиш даврида электрон браслет конвой остидаги шахснинг оёғидан (ёки қўлидан) ечилмайди ҳамда доимий ишчи ҳолатда бўлиши таъминланади.
Электрон браслетнинг қуввати тугаган тақдирда, ходим (ҳарбий хизматчи) томонидан бу ҳақида навбатчилик қисми огоҳлантирилиб, конвой остидаги шахснинг оёғидан (ёки қўлидан) электрон браслет ечиб олинади ва уни маълум вақт ичида қувватлаш чоралари кўрилади.
23. Стационар даволанишга ётқизилган конвой остидаги шахсга жарроҳлик муолажаси ўтказилиши сабабли жарроҳлик муолажасини ўтказувчи шифокор талаби асосида электрон браслетни ечиш зарурати юзага келганида, ходим бу ҳақида навбатчилик қисмини огоҳлантиради ва конвой остидаги шахс жарроҳлик хонасига олиб кирилишидан олдин электрон браслетни ечиб олади.
Жарроҳлик амалиётидан сўнг конвой остидаги шахс палатага олиб чиқилганида, ходим шифокор рухсати билан электрон браслетни қайта конвой остидаги шахсга тақади ва бу ҳақида навбатчилик қисмига ахборот беради.
24. Конвой остидаги шахслардан электрон браслетлар конвой ҳаракатлари тўлиқ якунланганидан сўнг, ички ишлар органларининг тегишли вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари маъмурий биноларининг ичида ечиб олинади.
25. Электрон браслетнинг товушли сигнали ишга тушган тақдирда, ходим (ҳарбий хизматчи) юзага келаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда конвой остидаги шахснинг электрон браслетни ечишга, унга шикаст етказишга ёки қочишга бўлган уринишларини бартараф этиш (тўхтатиш, чек қўйиш, назоратни кучайтириш), конвой остидаги шахс қочган тақдирда, уни таъқиб қилиш ва ушлашга қаратилган чораларни кўради.
26. Электрон браслетнинг товушли ва визуал сигнали ишга тушган тақдирда, ҳудудий ички ишлар органлари, Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисмлари, тергов ҳибсхоналари ҳамда жазони ижро этиш колонияларининг навбатчилик қисмлари масъул ходими зудлик билан ҳолатга аниқлик киритади ва бевосита раҳбарига хабар беради.
27. Электрон браслетнинг товушли ва визуал сигнали ишга тушиш сабабларига аниқлик киритиш жараёнида конвой остидаги шахснинг қочганлиги тасдиқланган тақдирда, ҳудудий ички ишлар органлари, Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисмлари, тергов ҳибсхоналари ҳамда жазони ижро этиш колонияларининг навбатчилик қисмлари масъул ходими зудлик билан ички ишлар органларининг қўшимча куч ва воситаларини жалб қилиб, қочган конвой остидаги шахсга тақилган электрон браслетдан узатилаётган «GPS» сигналига мувофиқ уларни тегишли ҳудудга йўналтиради. Мазкур ҳаракатлар қочган конвой остидаги шахснинг ушлангунига қадар давом этади.
28. Электрон браслетнинг товушли ва визуал сигнали ишга тушиши билан боғлиқ ҳар бир ҳолат ҳудудий ички ишлар органлари, Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисмлари, тергов ҳибсхоналари ҳамда жазони ижро этиш колонияларининг навбатчилик қисмлари масъул ходими томонидан белгиланган тартибда қайд қилинади.
4-боб. Электрон браслетга шикаст етказилганда ёки йўқотилганда моддий зарарни ундириш тартиби
29. Электрон браслетнинг корпусида шикастланишлар, носозликлар аниқланганида ёхуд улар йўқотилганида Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисмлари бўлинмалари навбатчилари, ҳудудий ички ишлар органларининг, тергов ҳибсхоналарининг ва жазони ижро этиш колониялари навбатчилик қисмлари масъул ходимлари томонидан зудлик билан раҳбариятга ёзма равишда ахборот берилади ҳамда журналга тегишли ёзувлар киритилади.
30. Электрон браслетларнинг механик ёки бошқа турда шикастланганлиги факти аниқланган тақдирда, шу куннинг ўзида Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисмлари, ҳудудий ички ишлар органлари ҳамда тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колонияларининг раҳбарлари кўрсатмасига биноан текширув ишларини ўтказиш бўйича комиссия тузилади.
Комиссия таркиби Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисмлари, ҳудудий ички ишлар органлари, тергов ҳибсхоналари ҳамда жазони ижро этиш колонияларининг раҳбарлари томонидан белгиланиб, унинг таркибига ушбу бўлинмаларнинг масъул ходимлари ҳамда электрон браслетлардан хизматда фойдаланган ходимларнинг бевосита раҳбарлари (ёки командирлари) киритилади.
31. Текширув ўтказишда электрон браслетларнинг механик ёки бошқа турда шикастланганлиги сабаблари, шарт-шароитлари тўлиқ ўрганиб чиқилади ва натижаси бўйича тегишли қарор қабул қилинади.
Электрон браслетларнинг йўқотилиши ҳолати юзасидан эса белгиланган тартибда хизмат текшируви тайинланади ва ўтказилади.
32. Ходим (ҳарбий хизматчи) томонидан электрон браслетларга механик ёки бошқа турдаги шикаст етказилганлиги ёки йўқотилганлиги фактлари аниқланган тақдирда, белгиланган тартибда моддий жавобгарлик чоралари қўлланилади.
33. Электрон браслетларга конвой остидаги шахс қасддан механик ёки бошқа турдаги шикастни етказган тақдирда, етказилган моддий зарарнинг ўрни конвой остидаги шахс томонидан қопланади.
34. Етказилган моддий зарар миқдори Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисмлари, ҳудудий ички ишлар органлари, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари раҳбарларининг қарори билан белгиланади. Мазкур қарор конвой остидаги шахсга тилхат олиш йўли билан эълон қилинади. Конвой остидаги шахс қарор устидан юқори турувчи мансабдор шахсга, прокурорга ёки судга шикоят қилиши мумкин.
35. Конвой остидаги шахс моддий зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплашни рад этган тақдирда, бу зарар қонунга мувофиқ суд тартибида ундирилади.
36. Етказилган моддий зарар учун нотўғри ундирилган суммалар конвой остидаги шахсга қайтарилиши лозим.
37. Конвой остидаги шахс етказган моддий зарар ўрни унинг қариндошлари ёки бошқа шахслар томонидан уларнинг розилиги билан қопланиши мумкин.
38. Конвой остидаги шахс суд ҳукмига асосан жазони ижро этиш муассасасига юборилганда, ўрни қопланмаган моддий зарар ушбу муассаса маъмурияти томонидан маҳкумнинг шахсий ҳисобварағига тушадиган маблағлар ҳисобидан ундирилади.
39. Конвой остидаги шахс қамоқдан озод қилинган тақдирда, у томондан ўрни қопланмаган моддий зарар қонунга мувофиқ суд тартибида ундирилади.
5-боб. Электрон браслетларни қўллашда конвой бўлинмалари ходимларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
40. Электрон браслетларни қўллашда конвой бўлинмалари ходимлари (ҳарбий хизматчилари) қуйидаги ҳуқуқларга эга:
конвой остидаги шахслардан электрон браслетларни ечиш ёки унга зарар етказиш билан боғлиқ ҳаракатларни дарҳол тўхтатишни талаб қилиш;
конвой остидаги шахслар томонидан электрон браслетларни ечиш ёки унга зарар етказиш борасида ҳаракатларга барҳам бериш, уларни бартараф этиш;
конвой остидаги шахслар томонидан носоз ҳолатга келтирилган электрон браслетларни ечиб олиш.
41. Электрон браслетларни қўллашда конвой бўлинмалари ходимлари (ҳарбий хизматчилари) қуйидаги мажбуриятларни бажаради:
электрон браслет тақиладиган конвой остидаги шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириш;
конвой остидаги шахснинг мурожаати асосида электрон браслетни жароҳат мавжуд бўлган оёқдан (ёки қўлдан) ечиб, соғ оёққа (ёки қўлга) тақиш;
конвой остидаги шахслар томонидан носоз ҳолатга келтирилган электрон браслетлар тўғрисида бевосита раҳбарларига билдирги асосида ёзма ахборот бериш.
6-боб. Электрон браслетларни қўллашда конвой остидаги шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
42. Электрон браслетларни қўллашда конвой остидаги шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
электрон браслет тақилганида ўзининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотларни олиш;
электрон браслет тақилаётган оёғи (ёки қўли)да жароҳат мавжуд бўлганида, уни соғ оёғи (ёки қўли)га, шунингдек, кийими устидан тақилишини сўраш.
Конвой остидаги шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.
43. Конвой ҳаракатлари даврида конвой остидаги шахсларга электрон браслетларни ўзбошимчалик билан ечмаслик ҳамда унга зарар етказиш борасидаги ҳаракатларни амалга оширмаслик мажбурияти юкланади.
Конвой остидаги шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга.
7-боб. Якунловчи қоидалар
44. Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисмлари, ҳудудий ички ишлар органлари, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари раҳбарлари носоз бўлган электрон браслетларни таъмирлаш ёки янгисига алмаштириш чораларини кўришлари зарур.
45. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгилаган тартибда жавоб берадилар.
Ички ишлар органлари томонидан конвой ҳаракатларини амалга оширишда электрон браслетлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга ИЛОВА
Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисмлари, ички ишлар органлари, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари навбатчилик қисмлари томонидан алоҳида юритиладиган электрон браслетларни тарқатиш ҳамда қабул қилиш
Т/р Электрон браслет берилган ходим (ҳарбий хизматчи)нинг Берилган электрон браслетнинг индивидуал рақами Ходимга электрон браслет берилган сана ва вақт Электрон браслетнинг ходим томонидан навбатчилик қисмига топшириш вақтидаги ҳолати (соз ёки носозлиги) Ходим томонидан электрон браслет топширилган сана ва вақт Электрон браслетни қабул қилиб олган масъул ходим Ф.И.О ва имзоси Ф.И.О. имзоси 1. 2. 3. 4. 5. 6. 7. 8. 1.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 июлдаги 383-сон қарорига 2-ИЛОВА
2022 — 2024 йилларда ички ишлар органлари бўлинмаларини электрон браслетлар билан таъминлаш
Т/р Номланиши Эҳтиёж Шундан 2022 йил 2023 йил 2024 йил 1. ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлиги бўйича жами 550 150 150 250 2. Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами: 85 25 31 29 Конвой бўлинмалари учун 54 25 15 14 Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун 21 11 20 ИИВ ЖИЭД тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари учун 10 5 5 3. Тошкент шаҳри бўйича жами: 15 15 Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси учун 5 5 ИИВ ЖИЭД жазони ижро этиш колониялари учун 10 10 4. Тошкент вилояти бўйича жами: 211 80 80 51 Конвой бўлинмалари учун 105 80 25 Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун 36 20 16 ИИВ ЖИЭД тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари учун 70 35 35 5. Сирдарё вилояти бўйича жами: 57 38 9 10 Конвой бўлинмалари учун 38 38 Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун 9 9 ИИВ ЖИЭД тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари учун 10 10 6. Жиззах вилояти бўйича жами: 59 20 25 14 Конвой бўлинмалари учун 35 20 15 Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун 24 10 14 7. Самарқанд вилояти бўйича жами: 166 80 76 10 Конвой бўлинмалари учун 126 80 46 Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун 30 20 10 ИИВ ЖИЭД тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари учун 10 10 8. Навоий вилояти бўйича жами: 81 32 29 20 Конвой бўлинмалари учун 32 32 Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун 9 9 ИИВ ЖИЭД тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари учун 40 20 20 9. Бухоро вилояти бўйича жами: 85 39 26 20 Конвой бўлинмалари учун 39 39 Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун 6 6 ИИВ ЖИЭД тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари учун 40 20 20 10. Фарғона вилояти бўйича жами: 67 32 35 Конвой бўлинмалари учун 42 32 10 Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун 15 15 ИИВ ЖИЭД тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари учун 10 10 11. Наманган вилояти бўйича жами: 91 37 44 10 Конвой бўлинмалари учун 47 37 10 Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун 24 24 ИИВ ЖИЭД тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари учун 20 10 10 12. Андижон вилояти бўйича жами: 65 33 32 Конвой бўлинмалари учун 43 33 10 Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун 12 12 ИИВ ЖИЭД тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари учун 10 10 13. Қашқадарё вилояти бўйича жами: 91 33 38 20 Конвой бўлинмалари учун 33 33 Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун 18 18 ИИВ ЖИЭД тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари учун 40 20 20 14. Сурхондарё вилояти бўйича жами: 54 23 31 Конвой бўлинмалари учун 23 23 Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун 21 21 ИИВ ЖИЭД тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари учун 10 10 15. Хоразм вилояти бўйича жами: 47 31 16 Конвой бўлинмалари учун 31 31 Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари учун 6 6 ИИВ ЖИЭД тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш колониялари учун 10 10 16. ИИВ Транспортда ХТББ Конвой бўлинмаси учун: 4 4 17. Ички ишлар вазирлиги Марказий вақтинча сақлаш ҳибсхонаси учун: 5 5 Ҳаммаси бўлиб республика бўйича: 1 733 657 642 434
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 13 июль,
383-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
JURNALI
DASTURI
Ichki ishlar organlari tomonidan konvoy harakatlarini amalga oshirishda elektron brasletlardan foydalanishni joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Jamoat xavfsizligi konsepsiyasini tasdiqlash va uni amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 29-noyabrdagi PF-27-son Farmoniga muvofiq, shuningdek, ichki ishlar organlari tomonidan amalga oshiriladigan konvoy harakatlari davomida qoʻriqlov ostidagi shaxslar ustidan nazoratni kuchaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Jamoat xavfsizligi konsepsiyasini tasdiqlash va uni amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 29-noyabrdagi PF-27-son Farmonida ichki ishlar organlari konvoy faoliyatiga konvoy ostidagi shaxslarni elektron brasletlar orqali nazorat qilish tizimini joriy etish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilansinki:
jinoyat sodir etganlikda gumon qilinib ushlab turilgan, oʻziga nisbatan qamoqqa olish tarzidagi ehtiyot chorasi qoʻllanilgan shaxslar va mahkumlar (keyingi oʻrinlarda — konvoy ostidagi shaxslar)ning qochish holatlarining barvaqt oldini olish maqsadida ularni konvoy qilish jarayoni (tasdiqlangan yoʻnalishda harakatlanishi, belgilanmagan hududlarda toʻxtamasligi va boshqalar)ni onlayn tarzda kuzatish tizimi joriy etiladi;
konvoy ostidagi shaxslar qochishga uringan (elektron brasletni yechish, shikast yetkazish, konvoychi xodimdan uzoqlashish va boshqa) holatlar haqidagi tovushli va vizual xabarni onlayn rejimida avtomatik tarzda biriktirilgan konvoychi xodimga va hududiy ichki ishlar organlari, Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi harbiy qismlari, tergov hibsxonalari hamda jazoni ijro etish koloniyalarining navbatchilik qismlariga uzatish imkoniyati yaratiladi;
konvoy harakatlari davomida qochib ketgan konvoy ostidagi shaxslarni ularga taqilgan elektron brasletlardan uzatilayotgan “GPS” signallariga muvofiq “issiq izi”dan ushlash choralarini koʻrish yoʻlga qoʻyiladi.
3. Quyidagilar:
konvoy ostidagi shaxslar bilan konvoy harakatlarini amalga oshirish jarayonida elektron brasletlardan foydalanish, konvoy boʻlinmalari va vaqtincha saqlash hibsxonalari uchun ajratilgan elektron brasletlarni saqlash va ulardan xizmatda foydalanish, elektron brasletga shikast yetkazilganda yoki yoʻqotilganda moddiy zararni undirish tartibini, shuningdek, elektron brasletlarni qoʻllash jarayonida konvoy boʻlinmalari xodimlari hamda konvoy qilinuvchilarning huquqlari va majburiyatlarini nazarda tutuvchi Ichki ishlar organlari tomonidan konvoy harakatlarini amalga oshirishda elektron brasletlardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
2022 — 2024-yillarda ichki ishlar organlari boʻlinmalarini elektron brasletlar bilan taʼminlash dasturi (keyingi oʻrinlarda — Dastur) 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:
uch oy muddatda manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ichki ishlar organlari tomonidan konvoy harakatlarini amalga oshirishda foydalaniladigan elektron brasletlar boʻyicha texnik topshiriqni ishlab chiqsin hamda belgilangan tartibda tasdiqlasin;
“Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunida belgilangan tartibda oʻtkaziladigan tender natijalariga asosan Dasturda belgilangan miqdorlarda elektron brasletlar xaridini amalga oshirsin;
2024-yil 1-dekabrga qadar ichki ishlar organlari konvoy boʻlinmalari Dasturda belgilangan hajmda va muddatlarda elektron brasletlar bilan toʻliq taʼminlash choralarini koʻrsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Jamoat xavfsizligi konsepsiyasini tasdiqlash va uni amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 29-noyabrdagi PF-27-son Farmoniga muvofiq ichki ishlar organlarining konvoy boʻlinmalari uchun elektron brasletlarni xarid qilish va foydalanish bilan bogʻliq sarf-xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan amalga oshirilishi inobatga olinsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 13-iyuldagi 383-son qaroriga 1-ILOVA
Ichki ishlar organlari tomonidan konvoy harakatlarini amalga oshirishda elektron brasletlardan foydalanish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom jinoyat sodir etganlikda gumon qilinib ushlab turilgan, oʻziga nisbatan qamoqqa olish tarzidagi ehtiyot chorasi qoʻllanilgan shaxslar hamda mahkumlar (keyingi oʻrinlarda — konvoy ostidagi shaxslar) bilan konvoy harakatlarini amalga oshirishda ichki ishlar organlari tomonidan elektron brasletlardan foydalanish tartibini belgilaydi.
2. Ichki ishlar organlari xodimlari tomonidan elektron brasletlardan foydalanish Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga hamda ushbu Nizom talablariga muvofiq amalga oshiriladi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
konvoy — jinoyat sodir etganlikda gumon qilinib ushlab turilgan, oʻziga nisbatan qamoqqa olish tarzidagi ehtiyot chorasi qoʻllanilgan shaxslar hamda mahkumlarni belgilangan manzilga qoʻriqlab borish;
konvoy ostidagi shaxslar — konvoy qilinayotgan, jinoyat sodir etganlikda gumon qilinib ushlab turilgan, oʻziga nisbatan qamoqqa olish tarzidagi ehtiyot chorasi qoʻllanilgan shaxslar hamda mahkumlar;
konvoy boʻlinmalari — konvoy ostidagi shaxslarni belgilangan manzilga qoʻriqlab borish borasidagi vazifalarni amalga oshiruvchi ichki ishlar organlarining boʻlinmalari;
elektron braslet — konvoy ostidagi shaxslar qochishga uringan (elektron brasletni yechish, shikast yetkazish, konvoychi xodimdan uzoqlashish va boshqa) holatlar haqida onlayn rejimida avtomatik tarzda tovushli va vizual xabar beruvchi, shuningdek, konvoy ostidagi shaxslarning harakatlanishini onlayn nazorat qilish imkoniyatni yaratuvchi elektron qurilma.
4. Konvoy harakatlarini amalga oshirish uchun quyidagilar asos boʻladi:
sud, surishtiruv va dastlabki tergov organlarining talabnomalari;
sud ajrimi (hukmi);
ichki ishlar organlarining vaqtincha saqlash hibsxonalari hamda tergov hibsxonalarida saqlanayotgan shaxslarni va jazoni ijro etish koloniyalarida jazo muddatini oʻtayotgan mahkumlarni tibbiyot muassasasiga joylashtirish yoki tibbiyot muassasasida tekshiruvdan oʻtkazish lozimligi toʻgʻrisida tibbiyot xodimining maʼlumotnomasi.
5. Elektron brasletlar bilan Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Qorovul qoʻshinlari (keyingi oʻrinlarda — Qorovul qoʻshinlari), ichki ishlar organlarining konvoy boʻlinmalari, vaqtincha saqlash hibsxonalari, tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari taʼminlanadi.
6. Elektron brasletlardan faqat konvoy ostidagi shaxslar bilan barcha konvoy harakatlarini amalga oshirish jarayonida, shuningdek, ichki ishlar organlarining vaqtincha saqlash hibsxonalari hamda tergov hibsxonalarida saqlanayotgan shaxslarning va jazoni ijro etish koloniyalarida jazo muddatini oʻtayotgan mahkumlarning sogʻliqni saqlash tizimidagi tibbiyot muassasalarida statsionar davolanishi yoki tibbiyot muassasasida tibbiy tekshiruvdan oʻtkazish davrida ular ustidan toʻliq nazorat oʻrnatish maqsadida foydalaniladi.
2-bob. Elektron brasletlarni saqlash
7. Konvoy boʻlinmalari va vaqtincha saqlash hibsxonalari uchun ajratilgan elektron brasletlar, ular joylashgan ichki ishlar organlarining navbatchilik qismlaridagi maxsus vositalarni saqlash xonalarida, Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi uchun ajratilgan elektron brasletlar harbiy qism boʻlinmalari maxsus vositalarni saqlash xonalarida, tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari uchun ajratilgan elektron brasletlar esa ushbu muassasalarning maxsus xonalarida saqlanadi.
8. Elektron brasletlar alohida javonlar, seyflar yoki maxsus ajratilgan joylarda saqlanadi.
9. Elektron brasletlarning harakati ushbu Nizomga ilovaga muvofiq shaklda Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi harbiy qismlari, ichki ishlar organlari, tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari navbatchilik qismlari tomonidan alohida yuritiladigan Elektron brasletlarni tarqatish hamda qabul qilish jurnalida (keyingi oʻrinlarda — jurnal) qayd etiladi.
10. Jurnalda quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:
elektron braslet berilgan xodim (harbiy xizmatchi) familiyasi, ismi va otasining ismi hamda imzosi;
berilgan elektron brasletning individual raqamlari;
elektron braslet berilgan hamda qabul qilib olingan sana va vaqt;
elektron brasletning topshirish vaqtidagi holati (soz yoki nosozligi);
elektron brasletni qabul qilib olgan masʼul shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi hamda imzosi.
11. Jurnal belgilangan tartibda Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi, ichki ishlar organlari, tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari devonxonalarida roʻyxatdan oʻtkaziladi.
12. Jurnalni saqlash va yoʻq qilish ichki ishlar organlarida maxsus vositalarni berish va qabul qilish jurnalini yuritishga (saqlash va ularni yoʻq qilish) belgilangan talablar asosida amalga oshiriladi.
13. Elektron brasletlarning texnik sozligi, elektr quvvatining toʻliqligi Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi harbiy qism boʻlinmalarining navbatchilari, hududiy ichki ishlar organlari va tergov hibsxonalari hamda jazoni ijro etish koloniyalari navbatchilik qismlari masʼul xodimlari tomonidan doimiy ravishda nazorat qilib boriladi. Xizmatga jalb etilayotgan xodim (harbiy xizmatchi)larga nosoz yoki elektr quvvati toʻliq boʻlmagan elektron brasletlar berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
14. Elektron brasletni qabul qilib olgan xodim (harbiy xizmatchi) maxsus tasma butligini, maxsus moslama sozligini va elektr quvvati toʻlaligini, elektron brasletning “GPS” signali ishlayotganligini tekshiradi.
Elektron brasletda nosozliklar aniqlanganida nosoz elektron braslet topshirilib, soz elektron brasletga almashtiriladi.
Elektron brasletdan foydalanishdan oldin xodim (harbiy xizmatchi) tomonidan uning maxsus tasmasiga dezinfeksiya vositalari (antiseptik, spirt) yordamida ishlov beriladi.
15. Konvoy harakatlari yakunlangandan soʻng xodim (harbiy xizmatchi) tomonidan maxsus tasmaga dezinfeksiya vositalari (antiseptik, spirt) yordamida ishlov berilgan holda elektron brasletlar tegishlicha Qorovul qoʻshinlari harbiy qismlari boʻlinmalarining navbatchilariga va hududiy ichki ishlar organlarining navbatchilik qismlariga, shuningdek, tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalarining maxsus xonalariga topshiriladi.
16. Topshirilayotgan elektron brasletlar Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi harbiy qism boʻlinmalari navbatchilarining, hududiy ichki ishlar organlari, tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalarining navbatchilik qismlari masʼul xodimlari tomonidan tashqi koʻrikdan oʻtkazilgandan soʻng jurnalga imzo qoʻyish yoʻli bilan qabul qilib olinadi.
3-bob. Elektron brasletlardan xizmatda foydalanish
17. Konvoy harakatlariga jalb etilayotgan har bir xodim (harbiy xizmatchi) konvoy qilinadigan shaxslar sonidan kelib chiqib elektron brasletlar bilan taʼminlanadi.
18. Sogʻliqni saqlash tizimidagi tibbiyot muassasalariga statsionar davolanish uchun joylashtiriladigan yoki tibbiyot muassasalarida tibbiy tekshiruvdan oʻtkazish uchun qoʻriqlashga xizmatga jalb etiladigan xodimlar hududiy ichki ishlar organlari, tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari boshliqlari qarorlari asosida belgilanib, ularga elektron brasletlar konvoy qilinadigan shaxslar sonidan kelib chiqqan holda ajratiladi.
19. Xodim (harbiy xizmatchi) konvoy qilinadigan shaxs joylashgan manzilga yetib borganidan soʻng unga biriktirilayotgan konvoy qilinuvchiga xavfsizlik choralarini koʻrgan holda oʻzidagi elektron brasletni taqib, maxsus kalit bilan qulflaydi va butun konvoy harakatlari davomida individual tartibda nazorat qiladi.
20. Elektron braslet konvoy qilinuvchi oyogʻining boldir qismiga taqiladi. Konvoy qilinuvchilarning oyogʻiga elektron brasletlarni taqish imkoniyati mavjud boʻlmagan hollarda (suyak sinishi, boshqa jarohatlar bilan tibbiy muolaja koʻrsatilgan va hokazo) elektron brasletni qoʻlning bilak qismiga taqishga ruxsat beriladi.
Ayol jinsidagi konvoy qilinuvchiga elektron braslet shu jinsdagi xodim (harbiy xizmatchi) tomonidan taqiladi.
Ayol jinsidagi xodim (harbiy xizmatchi) boʻlmagan taqdirda, konvoy qilinuvchi ayolga elektron brasletni qoʻlining bilak qismiga taqishga ruxsat beriladi.
21. Implant qilingan kardiostimulyatorga ega, yuqumli teri kasalliklari boʻlgan hamda tugʻma nogironligi sababli tanasining oyoq aʼzosi boʻlmagan va homilador konvoy qilinuvchilarga elektron brasletlar taqilmaydi.
22. Konvoy harakatlarini oʻtkazish jarayonida va konvoy ostidagi shaxsning sogʻliqni saqlash tizimidagi tibbiyot muassasasida statsionar davolanish yoki tibbiy tekshiruvdan oʻtish davrida elektron braslet konvoy ostidagi shaxsning oyogʻidan (yoki qoʻlidan) yechilmaydi hamda doimiy ishchi holatda boʻlishi taʼminlanadi.
Elektron brasletning quvvati tugagan taqdirda, xodim (harbiy xizmatchi) tomonidan bu haqida navbatchilik qismi ogohlantirilib, konvoy ostidagi shaxsning oyogʻidan (yoki qoʻlidan) elektron braslet yechib olinadi va uni maʼlum vaqt ichida quvvatlash choralari koʻriladi.
23. Statsionar davolanishga yotqizilgan konvoy ostidagi shaxsga jarrohlik muolajasi oʻtkazilishi sababli jarrohlik muolajasini oʻtkazuvchi shifokor talabi asosida elektron brasletni yechish zarurati yuzaga kelganida, xodim bu haqida navbatchilik qismini ogohlantiradi va konvoy ostidagi shaxs jarrohlik xonasiga olib kirilishidan oldin elektron brasletni yechib oladi.
Jarrohlik amaliyotidan soʻng konvoy ostidagi shaxs palataga olib chiqilganida, xodim shifokor ruxsati bilan elektron brasletni qayta konvoy ostidagi shaxsga taqadi va bu haqida navbatchilik qismiga axborot beradi.
24. Konvoy ostidagi shaxslardan elektron brasletlar konvoy harakatlari toʻliq yakunlanganidan soʻng, ichki ishlar organlarining tegishli vaqtincha saqlash hibsxonalari hamda tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari maʼmuriy binolarining ichida yechib olinadi.
25. Elektron brasletning tovushli signali ishga tushgan taqdirda, xodim (harbiy xizmatchi) yuzaga kelayotgan vaziyatdan kelib chiqqan holda konvoy ostidagi shaxsning elektron brasletni yechishga, unga shikast yetkazishga yoki qochishga boʻlgan urinishlarini bartaraf etish (toʻxtatish, chek qoʻyish, nazoratni kuchaytirish), konvoy ostidagi shaxs qochgan taqdirda, uni taʼqib qilish va ushlashga qaratilgan choralarni koʻradi.
26. Elektron brasletning tovushli va vizual signali ishga tushgan taqdirda, hududiy ichki ishlar organlari, Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi harbiy qismlari, tergov hibsxonalari hamda jazoni ijro etish koloniyalarining navbatchilik qismlari masʼul xodimi zudlik bilan holatga aniqlik kiritadi va bevosita rahbariga xabar beradi.
27. Elektron brasletning tovushli va vizual signali ishga tushish sabablariga aniqlik kiritish jarayonida konvoy ostidagi shaxsning qochganligi tasdiqlangan taqdirda, hududiy ichki ishlar organlari, Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi harbiy qismlari, tergov hibsxonalari hamda jazoni ijro etish koloniyalarining navbatchilik qismlari masʼul xodimi zudlik bilan ichki ishlar organlarining qoʻshimcha kuch va vositalarini jalb qilib, qochgan konvoy ostidagi shaxsga taqilgan elektron brasletdan uzatilayotgan “GPS” signaliga muvofiq ularni tegishli hududga yoʻnaltiradi. Mazkur harakatlar qochgan konvoy ostidagi shaxsning ushlanguniga qadar davom etadi.
28. Elektron brasletning tovushli va vizual signali ishga tushishi bilan bogʻliq har bir holat hududiy ichki ishlar organlari, Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi harbiy qismlari, tergov hibsxonalari hamda jazoni ijro etish koloniyalarining navbatchilik qismlari masʼul xodimi tomonidan belgilangan tartibda qayd qilinadi.
4-bob. Elektron brasletga shikast yetkazilganda yoki yoʻqotilganda moddiy zararni undirish tartibi
29. Elektron brasletning korpusida shikastlanishlar, nosozliklar aniqlanganida yoxud ular yoʻqotilganida Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi harbiy qismlari boʻlinmalari navbatchilari, hududiy ichki ishlar organlarining, tergov hibsxonalarining va jazoni ijro etish koloniyalari navbatchilik qismlari masʼul xodimlari tomonidan zudlik bilan rahbariyatga yozma ravishda axborot beriladi hamda jurnalga tegishli yozuvlar kiritiladi.
30. Elektron brasletlarning mexanik yoki boshqa turda shikastlanganligi fakti aniqlangan taqdirda, shu kunning oʻzida Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi harbiy qismlari, hududiy ichki ishlar organlari hamda tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalarining rahbarlari koʻrsatmasiga binoan tekshiruv ishlarini oʻtkazish boʻyicha komissiya tuziladi.
Komissiya tarkibi Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi harbiy qismlari, hududiy ichki ishlar organlari, tergov hibsxonalari hamda jazoni ijro etish koloniyalarining rahbarlari tomonidan belgilanib, uning tarkibiga ushbu boʻlinmalarning masʼul xodimlari hamda elektron brasletlardan xizmatda foydalangan xodimlarning bevosita rahbarlari (yoki komandirlari) kiritiladi.
31. Tekshiruv oʻtkazishda elektron brasletlarning mexanik yoki boshqa turda shikastlanganligi sabablari, shart-sharoitlari toʻliq oʻrganib chiqiladi va natijasi boʻyicha tegishli qaror qabul qilinadi.
Elektron brasletlarning yoʻqotilishi holati yuzasidan esa belgilangan tartibda xizmat tekshiruvi tayinlanadi va oʻtkaziladi.
32. Xodim (harbiy xizmatchi) tomonidan elektron brasletlarga mexanik yoki boshqa turdagi shikast yetkazilganligi yoki yoʻqotilganligi faktlari aniqlangan taqdirda, belgilangan tartibda moddiy javobgarlik choralari qoʻllaniladi.
33. Elektron brasletlarga konvoy ostidagi shaxs qasddan mexanik yoki boshqa turdagi shikastni yetkazgan taqdirda, yetkazilgan moddiy zararning oʻrni konvoy ostidagi shaxs tomonidan qoplanadi.
34. Yetkazilgan moddiy zarar miqdori Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi harbiy qismlari, hududiy ichki ishlar organlari, tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari rahbarlarining qarori bilan belgilanadi. Mazkur qaror konvoy ostidagi shaxsga tilxat olish yoʻli bilan eʼlon qilinadi. Konvoy ostidagi shaxs qaror ustidan yuqori turuvchi mansabdor shaxsga, prokurorga yoki sudga shikoyat qilishi mumkin.
35. Konvoy ostidagi shaxs moddiy zararning oʻrnini ixtiyoriy ravishda qoplashni rad etgan taqdirda, bu zarar qonunga muvofiq sud tartibida undiriladi.
36. Yetkazilgan moddiy zarar uchun notoʻgʻri undirilgan summalar konvoy ostidagi shaxsga qaytarilishi lozim.
37. Konvoy ostidagi shaxs yetkazgan moddiy zarar oʻrni uning qarindoshlari yoki boshqa shaxslar tomonidan ularning roziligi bilan qoplanishi mumkin.
38. Konvoy ostidagi shaxs sud hukmiga asosan jazoni ijro etish muassasasiga yuborilganda, oʻrni qoplanmagan moddiy zarar ushbu muassasa maʼmuriyati tomonidan mahkumning shaxsiy hisobvaragʻiga tushadigan mablagʻlar hisobidan undiriladi.
39. Konvoy ostidagi shaxs qamoqdan ozod qilingan taqdirda, u tomondan oʻrni qoplanmagan moddiy zarar qonunga muvofiq sud tartibida undiriladi.
5-bob. Elektron brasletlarni qoʻllashda konvoy boʻlinmalari xodimlarining huquqlari va majburiyatlari
40. Elektron brasletlarni qoʻllashda konvoy boʻlinmalari xodimlari (harbiy xizmatchilari) quyidagi huquqlarga ega:
konvoy ostidagi shaxslardan elektron brasletlarni yechish yoki unga zarar yetkazish bilan bogʻliq harakatlarni darhol toʻxtatishni talab qilish;
konvoy ostidagi shaxslar tomonidan elektron brasletlarni yechish yoki unga zarar yetkazish borasida harakatlarga barham berish, ularni bartaraf etish;
konvoy ostidagi shaxslar tomonidan nosoz holatga keltirilgan elektron brasletlarni yechib olish.
41. Elektron brasletlarni qoʻllashda konvoy boʻlinmalari xodimlari (harbiy xizmatchilari) quyidagi majburiyatlarni bajaradi:
elektron braslet taqiladigan konvoy ostidagi shaxslarga ularning huquqlari va majburiyatlarini tushuntirish;
konvoy ostidagi shaxsning murojaati asosida elektron brasletni jarohat mavjud boʻlgan oyoqdan (yoki qoʻldan) yechib, sogʻ oyoqqa (yoki qoʻlga) taqish;
konvoy ostidagi shaxslar tomonidan nosoz holatga keltirilgan elektron brasletlar toʻgʻrisida bevosita rahbarlariga bildirgi asosida yozma axborot berish.
6-bob. Elektron brasletlarni qoʻllashda konvoy ostidagi shaxslarning huquqlari va majburiyatlari
42. Elektron brasletlarni qoʻllashda konvoy ostidagi shaxslar quyidagi huquqlarga ega:
elektron braslet taqilganida oʻzining huquqlari va majburiyatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni olish;
elektron braslet taqilayotgan oyogʻi (yoki qoʻli)da jarohat mavjud boʻlganida, uni sogʻ oyogʻi (yoki qoʻli)ga, shuningdek, kiyimi ustidan taqilishini soʻrash.
Konvoy ostidagi shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega.
43. Konvoy harakatlari davrida konvoy ostidagi shaxslarga elektron brasletlarni oʻzboshimchalik bilan yechmaslik hamda unga zarar yetkazish borasidagi harakatlarni amalga oshirmaslik majburiyati yuklanadi.
Konvoy ostidagi shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
44. Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi harbiy qismlari, hududiy ichki ishlar organlari, tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari rahbarlari nosoz boʻlgan elektron brasletlarni taʼmirlash yoki yangisiga almashtirish choralarini koʻrishlari zarur.
45. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilagan tartibda javob beradilar.
Ichki ishlar organlari tomonidan konvoy harakatlarini amalga oshirishda elektron brasletlardan foydalanish tartibi toʻgʻrisida nizomga ILOVA
Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi harbiy qismlari, ichki ishlar organlari, tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari navbatchilik qismlari tomonidan alohida yuritiladigan elektron brasletlarni tarqatish hamda qabul qilish
T/r Elektron braslet berilgan xodim (harbiy xizmatchi)ning Berilgan elektron brasletning individual raqami Xodimga elektron braslet berilgan sana va vaqt Elektron brasletning xodim tomonidan navbatchilik qismiga topshirish vaqtidagi holati (soz yoki nosozligi) Xodim tomonidan elektron braslet topshirilgan sana va vaqt Elektron brasletni qabul qilib olgan masʼul xodim F.I.O va imzosi F.I.O. imzosi 1. 2. 3. 4. 5. 6. 7. 8. 1.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 13-iyuldagi 383-son qaroriga 2-ILOVA
2022 — 2024-yillarda ichki ishlar organlari boʻlinmalarini elektron brasletlar bilan taʼminlash
T/r Nomlanishi Ehtiyoj Shundan 2022-yil 2023-yil 2024-yil 1. IIV Qorovul qoʻshinlari qoʻmondonligi boʻyicha jami 550 150 150 250 2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi boʻyicha jami: 85 25 31 29 Konvoy boʻlinmalari uchun 54 25 15 14 Vaqtincha saqlash hibsxonalari uchun 21 11 20 IIV JIED tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari uchun 10 5 5 3. Toshkent shahri boʻyicha jami: 15 15 Vaqtincha saqlash hibsxonasi uchun 5 5 IIV JIED jazoni ijro etish koloniyalari uchun 10 10 4. Toshkent viloyati boʻyicha jami: 211 80 80 51 Konvoy boʻlinmalari uchun 105 80 25 Vaqtincha saqlash hibsxonalari uchun 36 20 16 IIV JIED tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari uchun 70 35 35 5. Sirdaryo viloyati boʻyicha jami: 57 38 9 10 Konvoy boʻlinmalari uchun 38 38 Vaqtincha saqlash hibsxonalari uchun 9 9 IIV JIED tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari uchun 10 10 6. Jizzax viloyati boʻyicha jami: 59 20 25 14 Konvoy boʻlinmalari uchun 35 20 15 Vaqtincha saqlash hibsxonalari uchun 24 10 14 7. Samarqand viloyati boʻyicha jami: 166 80 76 10 Konvoy boʻlinmalari uchun 126 80 46 Vaqtincha saqlash hibsxonalari uchun 30 20 10 IIV JIED tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari uchun 10 10 8. Navoiy viloyati boʻyicha jami: 81 32 29 20 Konvoy boʻlinmalari uchun 32 32 Vaqtincha saqlash hibsxonalari uchun 9 9 IIV JIED tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari uchun 40 20 20 9. Buxoro viloyati boʻyicha jami: 85 39 26 20 Konvoy boʻlinmalari uchun 39 39 Vaqtincha saqlash hibsxonalari uchun 6 6 IIV JIED tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari uchun 40 20 20 10. Fargʻona viloyati boʻyicha jami: 67 32 35 Konvoy boʻlinmalari uchun 42 32 10 Vaqtincha saqlash hibsxonalari uchun 15 15 IIV JIED tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari uchun 10 10 11. Namangan viloyati boʻyicha jami: 91 37 44 10 Konvoy boʻlinmalari uchun 47 37 10 Vaqtincha saqlash hibsxonalari uchun 24 24 IIV JIED tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari uchun 20 10 10 12. Andijon viloyati boʻyicha jami: 65 33 32 Konvoy boʻlinmalari uchun 43 33 10 Vaqtincha saqlash hibsxonalari uchun 12 12 IIV JIED tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari uchun 10 10 13. Qashqadaryo viloyati boʻyicha jami: 91 33 38 20 Konvoy boʻlinmalari uchun 33 33 Vaqtincha saqlash hibsxonalari uchun 18 18 IIV JIED tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari uchun 40 20 20 14. Surxondaryo viloyati boʻyicha jami: 54 23 31 Konvoy boʻlinmalari uchun 23 23 Vaqtincha saqlash hibsxonalari uchun 21 21 IIV JIED tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari uchun 10 10 15. Xorazm viloyati boʻyicha jami: 47 31 16 Konvoy boʻlinmalari uchun 31 31 Vaqtincha saqlash hibsxonalari uchun 6 6 IIV JIED tergov hibsxonalari va jazoni ijro etish koloniyalari uchun 10 10 16. IIV Transportda XTBB Konvoy boʻlinmasi uchun: 4 4 17. Ichki ishlar vazirligi Markaziy vaqtincha saqlash hibsxonasi uchun: 5 5 Hammasi boʻlib respublika boʻyicha: 1 733 657 642 434
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 13-iyul,
383-son