📅 2022-yil 13-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 13-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 13 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 13 июля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 13 July 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЎЙХАТИ
ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР
Ўзбекистон Республикасида янги барпо этилаётган кўчмас мулк объектларини фуқаролари сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган хорижий мамлакатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида» 2022 йил 8 майдаги ПФ-101-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда янги барпо этилаётган кўчмас мулк объектларига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида» 2022 йил 8 майдаги ПФ-101-сон Фармонига мувофиқ рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини талаб қилмаган ҳолда, янги барпо этилаётган қуйидаги кўчмас мулк объектларини (бундан ер участкаси мустасно) сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
Тошкент вилояти, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида — қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 150 000 АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 180 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари;
бошқа ҳудудларда — қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 70 000 АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 85 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари.
Бунда, мазкур бандда назарда тутилган кўчмас мулк объектларини сотиб олиш хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистон Республикасида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш ва яшаш гувоҳномасини олиш учун асос бўлмайди.
2. Ўзбекистон Республикасида янги барпо этилаётган кўчмас мулк объектларини (бундан ер участкаси мустасно) фуқаролари яшаш гувоҳномасисиз сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган хорижий мамлакатлар рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки, ушбу қарор мақсадлари учун қурилиш ишлари бошланган, бироқ фойдаланишга қабул қилинмаган, шунингдек туман (шаҳар) ҳокимининг қурилиши тугалланган бинони, иншоотни, уй-жойни фойдаланишга қабул қилиб олиш тўғрисида комиссия далолатномасини тасдиқлаш ҳақидаги қарори ёки қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш асосида мулк ҳуқуқи вужудга келган ҳамда фойдаланишга қабул қилиб олинганига уч йилдан кўп бўлмаган кўчмас мулк объектлари янги барпо этилаётган кўчмас мулк объектлари ҳисобланади.
4. Ташқи ишлар вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари орқали оммавий ахборот воситаларида республикада янги барпо этилаётган кўчмас мулк объектларини сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи жорий этилганлигини кенг тарғиб қилиш чораларини кўрсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 ноябрдаги 726-сон қарори билан тасдиқланган Нотариуслар томонидан кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлашнинг маъмурий регламентига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда олти ой давомида ушбу қарор ижросини мувофиқлаштириб борсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 июлдаги 384-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида янги барпо этилаётган кўчмас мулк объектларини (бундан ер участкаси мустасно) фуқаролари яшаш гувоҳномасисиз сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган хорижий мамлакатлар
1. Австралия Иттифоқи 2. Австрия Республикаси 3. Озарбайжон Республикаси 4. Антигуа ва Барбуда 5. Аргентина Республикаси 6. Барбадос 7. Белиз 8. Венесуэла Боливар Республикаси 9. Ватикан 10. Люксембург Буюк Герцоглиги 11. Венгрия 12. Уругвай Шарқий Республикаси 13. Бруней-Доруссалом давлати 14. Исроил Давлати 15. Гренада 16. Греция Республикаси 17. Грузия 18. Шри-Ланка Демократик Социалистик Республикаси 19. Доминикана Республикаси 20. Ирландия 21. Баҳрайн Қироллиги 22. Исландия 23. Италия Республикаси 24. Канада 25. Қирғизистон Республикаси 26. Андорра Князлиги 27. Лихтенштейн Князлиги 28. Монако Князлиги 29. Гайана Кооператив Республикаси 30. Бельгия Қироллиги 31. Бутан Қироллиги 32. Дания Қироллиги 33. Испания Қироллиги 34. Марокаш Қироллиги 35. Нидерландия Қироллиги 36. Норвегия Қироллиги 37. Таиланд Қироллиги 38. Швеция Қироллиги 39. Латвия Республикаси 40. Литва Республикаси 41. Малайзия 42. Мальдив Республикаси 43. Мексика Қўшма Штатлари 44. Мўғулистон 45. Янги Зеландия 46. Бирлашган Араб Амирликлари 47. Португалия Республикаси 48. Албания Республикаси 49. Болгария Республикаси 50. Босния ва Герцеговина Республикаси 51. Беларусь Республикаси 52. Гватемала Республикаси 53. Гондурас Республикаси 54. Индонезия Республикаси 55. Қозоғистон Республикаси 56. Кипр Республикаси 57. Корея Республикаси 58. Коста-Рика Республикаси 59. Маврикий Республикаси 60. Македония Республикаси 61. Мальта Республикаси 62. Молдова Республикаси 63. Науру Республикаси 64. Палау Республикаси 65. Панама Республикаси 66. Перу Республикаси 67. Польша Республикаси 68. Сан-Марино Республикаси 69. Сейшель Ороллари Республикаси 70. Сербия Республикаси 71. Сингапур Республикаси 72. Словения Республикаси 73. Суринам Республикаси 74. Тринидад ва Тобаго Республикаси 75. Тожикистон Республикаси 76. Фижи Республикаси 77. Филиппин Республикаси 78. Хорватия Республикаси 79. Чили Республикаси 80. Эквадор Республикаси 81. Россия Федерацияси 82. Руминия 83. Сент-Винсент ва Гренадин 84. Сент-Люсия 85. Словакия Республикаси 86. Багама Ороллари Ҳамдўстлиги 87. Доминикана Ҳамдўстлиги 88. Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги 89. Америка Қўшма Штатлари 90. Вьетнам Социалистик Республикаси 91. Туркманистон 92. Туркия Республикаси 93. Украина 94. Бразилия Федератив Республикаси 95. Германия Федератив Республикаси 96. Сент-Китс ва Невис Федерацияси 97. Финляндия Республикаси 98. Франция Республикаси 99. Черногория 100. Чехия Республикаси 101. Швейцария Конфедерацияси 102. Эстония Республикаси 103. Жанубий Африка Республикаси 104. Ямайка 105. Япония 106. Қувайт Давлати 107. Қатар Давлати 108. Уммон Султонлиги
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 июлдаги 384-сон қарорига 2-ИЛОВА
Нотариуслар томонидан кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлашнинг маъмурий регламентига киритилаётган
1. 18-банднинг иккинчи хатбошиси «(кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи)» сўзларидан кейин «бўлган» сўзи билан тўлдирилсин.
2. 32-бандда :
а) биринчи хатбоши «яшаш гувоҳномаси» сўзларидан кейин «ёки ID-картаси» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) иккинчи — олтинчи хатбошилар чиқариб ташлансин.
3. Қуйидаги мазмундаги 32 1 -банд билан тўлдирилсин:
«32 1 . Хорижий давлат фуқаролари қуйидаги шартларда кўчмас мулкни сотиб олган тақдирда уларнинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси талаб қилинмайди:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 5 январдаги ПФ-5611-сон Фармонига 6-иловада кўрсатилган хорижий мамлакатлар фуқаролари:
Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида — 300 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;
Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларида — 200 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;
Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятларида — 100 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда.
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 8 апрелдаги ПФ-101-сон Фармонига мувофиқ рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хорижий давлатлар фуқаролари янги барпо этилган кўчмас мулк объектларини (бундан ер участкаси мустасно) қуйидагича сотиб олиш тарзида инвестиция киритган ҳолда:
Тошкент вилояти, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида — қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 150 000АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 180 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаганда;
бошқа ҳудудларда — қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 70 000 АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 85 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган.
Мазкур бандда назарда тутилган кўчмас мулкни сотиб олишда ўзаро ҳисоб-китоблар банк ҳисобварақлари орқали амалга оширилади ҳамда уни тасдиқловчи ҳужжат нотариусга тақдим этилади.
«IT-visa»га эга бўлган хорижий фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, ота-онаси ва фарзандлари) томонидан кўчмас мулк сотиб олишда уларга нисбатан мазкур бандда кўрсатилган кўчмас мулкнинг қиймати татбиқ этилмайди ва Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси талаб қилинмайди.
Ўзбекистон Республикаси визасиз режим жорий қилинган мамлакатларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги хорижий инвесторлар ва мутахассисларга, шунингдек, IT-парк резидентларининг таъсисчилари (иштирокчилари)га «IT-visa» ўрнига IT-парк дирекцияси томонидан тавсиянома берилади. Бундай тавсиянома «IT-visa»га тенглаштирилади».
4. 33-бандда :
а) биринчи хатбоши «яшаш гувоҳномасига» сўзларидан кейин «ёки ID-картасига» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) учинчи ва тўртинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тошкент шаҳри ҳудудида камида уч йил доимий яшаб турган (лавозимда бўлган) ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарори билан тасдиқланган Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомнинг иловасидаги Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олишиши ҳуқуқига эга бўлган шахслар — чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифаларининг рўйхатининг (кейинги ўринларда — Рўйхат) 2, 3, 6 ва 7-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳрида доимий рўйхатга олинган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланса ва ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларининг (кейинги ўринларда — М ва ФРБ) доимий рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотномасини тақдим этса. Бунда, нотариус:
Рўйхатнинг 2 ва 3-бандлари асосида доимий рўйхатга олинган шахснинг доимий рўйхатга олинганлигига унинг қайд варағи орқали уч йил тўлганлигини».
5. 34-бандда :
а) биринчи хатбоши «яшаш гувоҳномасига» сўзларидан кейин «ёки ID-картасига» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) иккинчи ва учинчи хатбошилардаги «рўйхатдан ўтган» сўзлари «рўйхатга олинган» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Рўйхатнинг 2 ва 3-бандлари асосида доимий рўйхатга олинган шахснинг доимий рўйхатга олинганлигига унинг қайд варағи орқали уч йил тўлганлигини».
6. 35-бандда :
а) биринчи хатбоши «яшаш гувоҳномасига» сўзларидан кейин «ёки ID-картасига» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) учинчи хатбошидаги «хорижий фирмалар, компаниялар ва банкларнинг» сўзлари «хорижий банкларнинг» сўзлари билан алмаштирилсин.
7. 45-бандда :
а) еттинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
б) саккизинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
8. 65-банддаги «амалга оширилганлиги учун» сўзлари «учун ундирилган» сўзлари билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 13 июль,
384-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
ROʻYXATI
OʻZGARTIRISH VA QOʻSHIMCHALAR
Oʻzbekiston Respublikasida yangi barpo etilayotgan koʻchmas mulk obyektlarini fuqarolari sotib olish huquqiga ega boʻlgan xorijiy mamlakatlar roʻyxatini tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik muhitini yaxshilash va xususiy sektorni rivojlantirish orqali barqaror iqtisodiy oʻsish uchun shart-sharoitlar yaratish borasidagi navbatdagi islohotlar toʻgʻrisida” 2022-yil 8-maydagi PF-101-son Farmoni ijrosini taʼminlash hamda yangi barpo etilayotgan koʻchmas mulk obyektlariga toʻgʻridan-toʻgʻri xorijiy investitsiyalarni jalb etish imkoniyatlarini kengaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik muhitini yaxshilash va xususiy sektorni rivojlantirish orqali barqaror iqtisodiy oʻsish uchun shart-sharoitlar yaratish borasidagi navbatdagi islohotlar toʻgʻrisida” 2022-yil 8-maydagi PF-101-son Farmoniga muvofiq roʻyxati Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadigan xorijiy davlatlar fuqarolariga Oʻzbekiston Respublikasida yashash guvohnomasini talab qilmagan holda, yangi barpo etilayotgan quyidagi koʻchmas mulk obyektlarini (bundan yer uchastkasi mustasno) sotib olish tarzida investitsiya kiritish huquqi berilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin:
Toshkent viloyati, Toshkent va Samarqand shaharlarida — qurilish davrida tuzilgan shartnomalarga asosan qiymati 150 000 AQSH dollari ekvivalentidan, foydalanishga qabul qilingan koʻchmas mulk obyektlarida qiymati 180 000 AQSH dollari ekvivalentidan kam boʻlmagan koʻchmas mulk obyektlari;
boshqa hududlarda — qurilish davrida tuzilgan shartnomalarga asosan qiymati 70 000 AQSH dollari ekvivalentidan, foydalanishga qabul qilingan koʻchmas mulk obyektlarida qiymati 85 000 AQSH dollari ekvivalentidan kam boʻlmagan koʻchmas mulk obyektlari.
Bunda, mazkur bandda nazarda tutilgan koʻchmas mulk obyektlarini sotib olish xorijiy davlatlar fuqarolariga Oʻzbekiston Respublikasida yashash joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtish va yashash guvohnomasini olish uchun asos boʻlmaydi.
2. Oʻzbekiston Respublikasida yangi barpo etilayotgan koʻchmas mulk obyektlarini (bundan yer uchastkasi mustasno) fuqarolari yashash guvohnomasisiz sotib olish huquqiga ega boʻlgan xorijiy mamlakatlar roʻyxati 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Belgilansinki, ushbu qaror maqsadlari uchun qurilish ishlari boshlangan, biroq foydalanishga qabul qilinmagan, shuningdek tuman (shahar) hokimining qurilishi tugallangan binoni, inshootni, uy-joyni foydalanishga qabul qilib olish toʻgʻrisida komissiya dalolatnomasini tasdiqlash haqidagi qarori yoki qurilish-montaj ishlari tugallangan obyektdan foydalanish uchun ruxsatnoma berish asosida mulk huquqi vujudga kelgan hamda foydalanishga qabul qilib olinganiga uch yildan koʻp boʻlmagan koʻchmas mulk obyektlari yangi barpo etilayotgan koʻchmas mulk obyektlari hisoblanadi.
4. Tashqi ishlar vazirligi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi bilan birgalikda Oʻzbekiston Respublikasining xorijiy davlatlardagi diplomatik vakolatxonalari orqali ommaviy axborot vositalarida respublikada yangi barpo etilayotgan koʻchmas mulk obyektlarini sotib olish tarzida investitsiya kiritish huquqi joriy etilganligini keng targʻib qilish choralarini koʻrsin.
5. Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 18-noyabrdagi 726-son qarori bilan tasdiqlangan Notariuslar tomonidan koʻchmas mulklarni boshqa shaxsga oʻtkazish haqidagi bitimlarni tasdiqlashning maʼmuriy reglamentiga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
6. Adliya vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda olti oy davomida ushbu qaror ijrosini muvofiqlashtirib borsin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri R.Q. Davletov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 13-iyuldagi 384-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasida yangi barpo etilayotgan koʻchmas mulk obyektlarini (bundan yer uchastkasi mustasno) fuqarolari yashash guvohnomasisiz sotib olish huquqiga ega boʻlgan xorijiy mamlakatlar
1. Avstraliya Ittifoqi 2. Avstriya Respublikasi 3. Ozarbayjon Respublikasi 4. Antigua va Barbuda 5. Argentina Respublikasi 6. Barbados 7. Beliz 8. Venesuela Bolivar Respublikasi 9. Vatikan 10. Lyuksemburg Buyuk Gersogligi 11. Vengriya 12. Urugvay Sharqiy Respublikasi 13. Bruney-Dorussalom davlati 14. Isroil Davlati 15. Grenada 16. Gretsiya Respublikasi 17. Gruziya 18. Shri-Lanka Demokratik Sotsialistik Respublikasi 19. Dominikana Respublikasi 20. Irlandiya 21. Bahrayn Qirolligi 22. Islandiya 23. Italiya Respublikasi 24. Kanada 25. Qirgʻiziston Respublikasi 26. Andorra Knyazligi 27. Lixtenshteyn Knyazligi 28. Monako Knyazligi 29. Gayana Kooperativ Respublikasi 30. Belgiya Qirolligi 31. Butan Qirolligi 32. Daniya Qirolligi 33. Ispaniya Qirolligi 34. Marokash Qirolligi 35. Niderlandiya Qirolligi 36. Norvegiya Qirolligi 37. Tailand Qirolligi 38. Shvetsiya Qirolligi 39. Latviya Respublikasi 40. Litva Respublikasi 41. Malayziya 42. Maldiv Respublikasi 43. Meksika Qoʻshma Shtatlari 44. Moʻgʻuliston 45. Yangi Zelandiya 46. Birlashgan Arab Amirliklari 47. Portugaliya Respublikasi 48. Albaniya Respublikasi 49. Bolgariya Respublikasi 50. Bosniya va Gersegovina Respublikasi 51. Belarus Respublikasi 52. Gvatemala Respublikasi 53. Gonduras Respublikasi 54. Indoneziya Respublikasi 55. Qozogʻiston Respublikasi 56. Kipr Respublikasi 57. Koreya Respublikasi 58. Kosta-Rika Respublikasi 59. Mavrikiy Respublikasi 60. Makedoniya Respublikasi 61. Malta Respublikasi 62. Moldova Respublikasi 63. Nauru Respublikasi 64. Palau Respublikasi 65. Panama Respublikasi 66. Peru Respublikasi 67. Polsha Respublikasi 68. San-Marino Respublikasi 69. Seyshel Orollari Respublikasi 70. Serbiya Respublikasi 71. Singapur Respublikasi 72. Sloveniya Respublikasi 73. Surinam Respublikasi 74. Trinidad va Tobago Respublikasi 75. Tojikiston Respublikasi 76. Fiji Respublikasi 77. Filippin Respublikasi 78. Xorvatiya Respublikasi 79. Chili Respublikasi 80. Ekvador Respublikasi 81. Rossiya Federatsiyasi 82. Ruminiya 83. Sent-Vinsent va Grenadin 84. Sent-Lyusiya 85. Slovakiya Respublikasi 86. Bagama Orollari Hamdoʻstligi 87. Dominikana Hamdoʻstligi 88. Buyuk Britaniya va Shimoliy Irlandiya Birlashgan Qirolligi 89. Amerika Qoʻshma Shtatlari 90. Vyetnam Sotsialistik Respublikasi 91. Turkmaniston 92. Turkiya Respublikasi 93. Ukraina 94. Braziliya Federativ Respublikasi 95. Germaniya Federativ Respublikasi 96. Sent-Kits va Nevis Federatsiyasi 97. Finlyandiya Respublikasi 98. Fransiya Respublikasi 99. Chernogoriya 100. Chexiya Respublikasi 101. Shveysariya Konfederatsiyasi 102. Estoniya Respublikasi 103. Janubiy Afrika Respublikasi 104. Yamayka 105. Yaponiya 106. Quvayt Davlati 107. Qatar Davlati 108. Ummon Sultonligi
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 13-iyuldagi 384-son qaroriga 2-ILOVA
Notariuslar tomonidan koʻchmas mulklarni boshqa shaxsga oʻtkazish haqidagi bitimlarni tasdiqlashning maʼmuriy reglamentiga kiritilayotgan
1. 18-bandning ikkinchi xatboshisi “(kar-soqov, kar, qulogʻi ogʻir, zaif eshituvchi)” soʻzlaridan keyin “boʻlgan” soʻzi bilan toʻldirilsin.
2. 32-bandda :
a) birinchi xatboshi “yashash guvohnomasi” soʻzlaridan keyin “yoki ID-kartasi” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
b) ikkinchi — oltinchi xatboshilar chiqarib tashlansin.
3. Quyidagi mazmundagi 32 1 -band bilan toʻldirilsin:
“32 1 . Xorijiy davlat fuqarolari quyidagi shartlarda koʻchmas mulkni sotib olgan taqdirda ularning Oʻzbekiston Respublikasida yashash guvohnomasi talab qilinmaydi:
a) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida turizmni jadal rivojlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 5-yanvardagi PF-5611-son Farmoniga 6-ilovada koʻrsatilgan xorijiy mamlakatlar fuqarolari:
Toshkent viloyati va Toshkent shahrida — 300 000 AQSH dollari ekvivalentidan kam boʻlmagan miqdorda;
Samarqand, Buxoro, Namangan, Andijon, Fargʻona va Xorazm viloyatlarida — 200 000 AQSH dollari ekvivalentidan kam boʻlmagan miqdorda;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi va respublikaning boshqa viloyatlarida — 100 000 AQSH dollari ekvivalentidan kam boʻlmagan miqdorda.
b) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida turizmni jadal rivojlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2022-yil 8-apreldagi PF-101-son Farmoniga muvofiq roʻyxati Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadigan xorijiy davlatlar fuqarolari yangi barpo etilgan koʻchmas mulk obyektlarini (bundan yer uchastkasi mustasno) quyidagicha sotib olish tarzida investitsiya kiritgan holda:
Toshkent viloyati, Toshkent va Samarqand shaharlarida — qurilish davrida tuzilgan shartnomalarga asosan qiymati 150 000AQSH dollari ekvivalentidan, foydalanishga qabul qilingan koʻchmas mulk obyektlarida qiymati 180 000 AQSH dollari ekvivalentidan kam boʻlmaganda;
boshqa hududlarda — qurilish davrida tuzilgan shartnomalarga asosan qiymati 70 000 AQSH dollari ekvivalentidan, foydalanishga qabul qilingan koʻchmas mulk obyektlarida qiymati 85 000 AQSH dollari ekvivalentidan kam boʻlmagan.
Mazkur bandda nazarda tutilgan koʻchmas mulkni sotib olishda oʻzaro hisob-kitoblar bank hisobvaraqlari orqali amalga oshiriladi hamda uni tasdiqlovchi hujjat notariusga taqdim etiladi.
“IT-visa”ga ega boʻlgan xorijiy fuqarolar va ularning oila aʼzolari (turmush oʻrtogʻi, ota-onasi va farzandlari) tomonidan koʻchmas mulk sotib olishda ularga nisbatan mazkur bandda koʻrsatilgan koʻchmas mulkning qiymati tatbiq etilmaydi va Oʻzbekiston Respublikasida yashash guvohnomasi talab qilinmaydi.
Oʻzbekiston Respublikasi vizasiz rejim joriy qilingan mamlakatlarning axborot texnologiyalari sohasidagi xorijiy investorlar va mutaxassislarga, shuningdek, IT-park rezidentlarining taʼsischilari (ishtirokchilari)ga “IT-visa” oʻrniga IT-park direksiyasi tomonidan tavsiyanoma beriladi. Bunday tavsiyanoma “IT-visa”ga tenglashtiriladi”.
4. 33-bandda :
a) birinchi xatboshi “yashash guvohnomasiga” soʻzlaridan keyin “yoki ID-kartasiga” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
b) uchinchi va toʻrtinchi xatboshilar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Toshkent shahri hududida kamida uch yil doimiy yashab turgan (lavozimda boʻlgan) va Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 28-sentabrdagi 593-son qarori bilan tasdiqlangan Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni Toshkent shahri va Toshkent viloyatida doimiy yashash joyi boʻyicha roʻyxatga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning ilovasidagi Toshkent shahrida va Toshkent viloyatida doimiy roʻyxatga olishishi huquqiga ega boʻlgan shaxslar — chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar toifalarining roʻyxatining (keyingi oʻrinlarda — Roʻyxat) 2, 3, 6 va 7-bandlariga muvofiq Toshkent shahrida doimiy roʻyxatga olingan chet el fuqarolari yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs hisoblansa va ichki ishlar organlarining migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmalarining (keyingi oʻrinlarda — M va FRB) doimiy roʻyxatga olinganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotnomasini taqdim etsa. Bunda, notarius:
Roʻyxatning 2 va 3-bandlari asosida doimiy roʻyxatga olingan shaxsning doimiy roʻyxatga olinganligiga uning qayd varagʻi orqali uch yil toʻlganligini”.
5. 34-bandda :
a) birinchi xatboshi “yashash guvohnomasiga” soʻzlaridan keyin “yoki ID-kartasiga” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
b) ikkinchi va uchinchi xatboshilardagi “roʻyxatdan oʻtgan” soʻzlari “roʻyxatga olingan” soʻzlari bilan almashtirilsin;
v) toʻrtinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Roʻyxatning 2 va 3-bandlari asosida doimiy roʻyxatga olingan shaxsning doimiy roʻyxatga olinganligiga uning qayd varagʻi orqali uch yil toʻlganligini”.
6. 35-bandda :
a) birinchi xatboshi “yashash guvohnomasiga” soʻzlaridan keyin “yoki ID-kartasiga” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
b) uchinchi xatboshidagi “xorijiy firmalar, kompaniyalar va banklarning” soʻzlari “xorijiy banklarning” soʻzlari bilan almashtirilsin.
7. 45-bandda :
a) yettinchi xatboshi chiqarib tashlansin;
b) sakkizinchi xatboshi yettinchi xatboshi deb hisoblansin.
8. 65-banddagi “amalga oshirilganligi uchun” soʻzlari “uchun undirilgan” soʻzlari bilan almashtirilsin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 13-iyul,
384-son