📅 2022-yil 20-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 20-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 20 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 20 июля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 20 July 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
МАЪЛУМОТ
МАЪЛУМОТ*
МАЪЛУМОТ**
Электрон тижорат маъмурчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришда, шу жумладан, электрон тижоратни ривожлантиришда муайян натижаларга эришиш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, электрон тижоратнинг очиқ рақамли экотизимини шакллантириш, мулкчилик, идоравий ва тармоққа мансублиги ҳамда ҳудудий жойлашувидан қатъий назар барча электрон платформалар билан таъминлаш, мижозлар базасидан тенг фойдаланиш ва рақамли экотизим фойдаланувчиларига хизматлар кўрсатишни тезлаштириш орқали электрон платформалар ва уларнинг хизматларини илгари суриш борасида тегишли нормаларнинг жорий этилмаганлиги электрон тижоратни ривожлантириш борасида долзарб муаммо бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасидаги платформалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда аккредитив бўйича ҳисоб-китоб тизимини жадал ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электрон тижорат маъмурчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида» 2021 йил 17 ноябрдаги ПҚ-14-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
а) электрон тижорат платформалари ва рақамли экотизим операторлари — ахборот воситачиларининг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаш;
б) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш ва харидларини амалга ошириш тартибини белгилаш. Бунда:
ташкилотларни маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларга таснифлаш, шунингдек, маҳаллийлаштириш даражасининг юқори чегарасини аниқлаш ҳамда етказиб бериладиган маҳсулотлар бўйича маҳаллийлаштиришнинг белгиланган минимал даражасига мувофиқлиги тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилигини текшириш;
қўшимча депозит жорий этилиши муносабати билан, шартнома мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш, сунъий арзон нархларда таклифлар бериш йўли билан харидлар узилишининг олдини олиш механизмини жорий этиш;
харид қилиш тартиб-таомилларининг тугаш вақтини фақат иш кунлари ва иш соатларида белгилаш орқали бозорни манипуляция қилиш имкониятини истисно қилиш;
шартнома мажбуриятларининг бажарилиши кафолатларини таъминлаш тартибини операторнинг ҳисоб-китоб клиринг палатасида харидлар иштирокчиларининг шахсий ҳисобварақларидаги депозитларни олдиндан тўлаш ва блокировка қилиш орқали белгилаш;
шартнома мажбуриятларини бажариш учун кафолатлар бериш тартибини жорий этиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 июлдаги 392-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Электрон ярмаркалар, аукцион ва танловлар ташкилотчиларининг-ахборот воситачиларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2016 йил 2 августдаги 249-сон қарорида :
а) қарорнинг номланишидаги «Электрон ярмаркалар, аукционлар ва танловлар ташкилотчиларининг» сўзлари «Электрон тижорат платформалар ва рақамли экотизим операторларининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 1-банддаги «Электрон ярмаркалар, аукционлар ва танловлар ташкилотчиларининг» сўзлари «Электрон тижорат платформалар ва рақамли экотизим операторларининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) қарорга иловада :
илованинг номланишидаги «Электрон ярмаркалар, аукционлар ва танловлар ташкилотчиларининг» сўзлари «Электрон тижорат платформалар ва рақамли экотизим операторларининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
1-банддаги «электрон ярмаркалар (шу жумладан кўргазма-ярмарка савдоси), аукцион ва танловлар ташкилотчиларининг» сўзлари «электрон тижорат платформалар ва рақамли экотизим операторларининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
3-бандда :
тўртинчи хатбошидаги «электрон ярмаркалар (шу жумладан кўргазма-ярмарка савдолари), аукционлар ва танловлар ташкил этувчи юридик шахс» сўзлари «ўзининг ахборот тизимида электрон тижорат амалга оширилишини таъминловчи юридик шахс, электрон тижорат платформалар ва рақамли экотизим операторлари» сўзлари билан алмаштирилсин;
бешинчи хатбошидаги «электрон ярмаркалар (шу жумладан кўргазма-ярмарка савдолари), аукционлар ва танловлар натижалари бўйича» сўзлари чиқариб ташлансин;
саккизинчи хатбошидаги «(электрон ярмаркалар (шу жумладан кўргазма-ярмарка савдолари), аукционлар ва танловлар)ни ўтказиш қоидалари)» сўзлари чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
« электрон тижорат платформаси — электрон тижорат субъектларига электрон битимларни амалга ошириш, танловлар ёки аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда иштирокчиларга масофадан туриб (шахсан иштирок этмасдан) электрон операцияларни амалга ошириш имконини бериш учун мўлжалланган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ахборот тизими;
электрон тижорат платформаси оператори — электрон тижорат иштирокчиларига буюртма бериш ёки етказиб бериш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш, электрон тижорат платформасига эълонларни, буюртмаларни ва уларнинг якунлари тўғрисидаги бошқа ахборотни жойлаштириш билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи махсус ваколатли юридик шахс;
ташкил этилган савдолар — белгиланган қоидаларга мувофиқ мунтазам равишда электрон тижорат платформасида амалга ошириладиган савдо;
рақамли экотизим — кўп сонли ахборот хизматлари, бизнес жараёнлари ва иштирокчиларни бирлаштирган рақамли муҳит, уларнинг муносабатлари ҳамкорлик ва рақобат тамойилларига асосланади;
рақамли экотизим оператори — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация маркази;
эскроу тизими — харидорнинг (истеъмолчининг, буюртмачининг) шартлари тўлиқ қондирилмагунча бизнес-операторнинг, шу жумладан электрон тижорат платформаси ёки рақамли экотизим операторининг ахборот тизимида электрон шартномаларни амалга оширишда пулни ушлаб қолиш, пулни депонентлаш тизими»;
II бўлим қуйидаги мазмундаги 7 1 -банд билан тўлдирилсин:
«7 1 . Электрон платформалар ва рақамли хизматларнинг рақамли экотизимлардаги иштироки ихтиёрийлик асосида амалга оширилади».
қуйидаги мазмундаги IV 1 бўлим билан тўлдирилсин:
«IV 1 . Шартнома мажбуриятларини бажариш учун кафолатлар бериш тартиби
27 1 . Электрон тижорат соҳасида тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши кафолатларини таъминлаш учун ахборот воситачиси — электрон тижорат платформаси ёки рақамли экотизим оператори эскроу ҳисоб-китоблар тизимини жорий этишга ҳақли. Ташкил этилган савдоларда тузилган битимлар бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши электрон тижорат платформаси ёки рақамли экотизим оператори томонидан мажбурий равишда кафолатланиши керак.
27 2 . Электрон тижорат платформаси ёки рақамли экотизим операторлари ўзларининг эскроу тизимидан фойдаланиш ёки учинчи шахслар хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
27 3 . Шартнома мажбуриятларини бажариш кафолатларини таъминлаш мақсадида эскроу тизимининг оператори электрон тижорат иштирокчиларига улар тузадиган операциялар бўйича маблағларни ҳисобга олиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун хизмат кўрсатувчи банкда ўзининг иккиламчи депозит ҳисобварағида шахсий ҳисобварақлар очади.
27 4 . Харидорнинг етказиб берилган товар учун ҳақ тўлаш маблағлари у томонидан унинг шахсий ҳисобварағига киритилади, оператор томонидан блокланади ва товарни тўлиқ ёки қисман етказиб бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажарганлиги аниқлангандан кейин сотувчига юборилади.
27 5 . Ахборот воситачиси қоидаларида электрон тижорат иштирокчилари томонидан битимлар тузилгунга қадар шахсий ҳисобварақларига омонат қўйиш зарурати ва томонлар ўз шартнома мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда улардан компенсация сифатида фойдаланиш зарурати назарда тутилиши мумкин.
27 6 . Шартнома мажбуриятларини бажариш бўйича низолар ва келишмовчиликлар низоларни судгача ҳал этиш органлари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда электрон тижорат платформаси ёки рақамли экотизим оператори билан кўриб чиқилиши мумкин».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 10 майдаги 390-сон қарорида 9-банднинг ўнинчи хатбошисидаги «Электрон кооперация портали маркази» сўзлари «Рақамли трансформация маркази» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Саноат ярмаркалари ва электрон кооперация биржаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 30 сентябрдаги 833-сон қарорида :
а) қарорнинг номланиши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш ва харидларини амалга ошириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»;
б) муқаддимадаги «кооперация биржасини» сўзлари «электрон кооперация порталини» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 1 майдаги ПҚ-4302-сон ҳамда «Электрон тижорат маъмурчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида» 2021 йил 17 ноябрдаги ПҚ-14-сон қарорларига мувофиқ давлат харидлари махсус ахборот портали билан интеграциялашган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация портали (кейинги ўринларда — Портал) ишлаб чиқилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин»;
г) 2-банддаги «Саноат ярмаркалари ва электрон кооперация биржаси портали фаолиятини ташкил этиш» сўзлари «Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш ва харидларни амалга ошириш» сўзлари билан алмаштирилсин;
д) 3-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг фаолияти хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлар, хорижий ва халқаро молия ташкилотлари грантлари, донорлик маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молияштирилади»;
е) 1-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш ва харидларни амалга ошириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация портали (кейинги ўринларда — Электрон кооперация портали) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аванс — харид қилиш жараёнида буюртмачи ва етказиб берувчи томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда киритиладиган, жумладан, томонларнинг закалатлари (бюджет буюртмачилари бундан мустасно) ва операторнинг воситачилик йиғимини ўз ичига олган молиявий маблағлар суммаси;
буюртмачи — Электрон кооперация порталида товарларни харид қилувчи юридик шахс;
етказиб берувчи — таклиф этилган шартларда ўзининг Электрон кооперация порталида қатнашиб, савдоларда ғолиб чиққан тақдирда, ўзи ишлаб чиқарган тайёр товарларни (ишлар, хизматларни) етказиб бериш ниятини билдирган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ёки уларнинг дилерлари;
агент — буюртмачилар ва етказиб берувчиларга топшириқ шартномаси асосида уларнинг Электрон кооперация порталида қатнашишини таъминлашга доир профессионал хизматлар кўрсатадиган юридик шахс;
харид шартномаси — харидлар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасидаги электрон тартибда тузиладиган битим;
рақамли экотизим оператори — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация маркази;
шахсий кабинет — буюртмачи ёки етказиб берувчининг электрон харидларда иштирок этиши, шунингдек, зарур ахборотни жойлаштириши ёки олиши имконияти тақдим этиладиган, индивидуал логин ва паролларни кўллаш орқали фойдаланиладиган Электрон кооперация порталидаги шахсий саҳифаси;
режа-жадвал — Электрон кооперация порталида давлат буюртмачилари томонидан жойлаштириладиган товарлар тавсифи, харидлар ҳажми ва муддатларини назарда тутувчи ҳужжат;
ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (кейинги ўринларда — ҲККП) — клиринг электрон тизими орқали Электрон кооперация порталида тузилган харид шартномалари бўйича клиринг, ҳисоб-китоб ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишни таъминловчи операторнинг таркибий бўлинмаси;
Электрон кооперация портали — операторнинг давлат харидлари махсус ахборот портали билан интеграциялашган, шу жумладан, ушбу Низомда назарда тутилган ахборотларни жойлаштириш, улардан фойдаланиш ҳамда электрон савдо ярмаркалари ва харидларни ўтказишни таъминлайдиган электрон платформаси;
ўхшаш товарлар — функционал мақсади, қўлланилиши, сифати ва техник хусусиятлари бўйича таққосланадиган, Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодининг (кейинги ўринларда — ТИФ ТН) дастлабки 4 та рақами бир хил бўлган товарлар;
давлат харидлари махсус ахборот портали — ваколатли орган томонидан юритиладиган, давлат харидлари амалга оширилиши тўғрисидаги эълонлар, давлат харидларининг якунлари, иштирокчиларнинг таклифлари ҳақидаги ахборотни ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ахборотни электрон шаклда кўздан кечиришни, шунингдек, амалга оширилган электрон давлат харидлари тўғрисида давлат харидлари электрон тизимларининг операторлари томонидан киритиладиган (юбориладиган) ахборотни тўплашни таъминловчи веб-сайтдир (махсус электрон платформа).
3. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация портали фаолиятини такомиллаштиришни ташкил этиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда мунтазам равишда буюртмачи ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида эркин рақобат ва нарх шаффофлиги тамойиллари асосида масофадан туриб шартнома тузиш имкониятига эга электрон тижорат платформасини такомиллаштириш чораларини кўради ва доимий ишлашини таъминлайди.
4. Электрон кооперация портали (кейинги ўринларда — Портал) қуйидагиларни:
а) бир неча мезонлар ва кўрсаткичлар бўйича излаш имкониятига эга бўлган, мунтазам янгилаб бориладиган ҳамда қуйидагилар:
10 та белгидан иборат ТИФ ТН кодлари билан ўзаро боғлиқликда ҳар бир маҳсулот тури бўйича товар бозорининг ҳажми (ишлаб чиқариш, импорт, экспорт ҳажми) тўғрисидаги;
маҳаллий ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар номенклатураси, уларнинг техник ва нарх кўрсаткичлари тўғрисидаги;
буюртмачиларнинг келгуси давр учун харид режа-жадваллари тўғрисидаги;
маҳаллий ташкилотлар негизида ишлаб чиқариш тавсия этилаётган истиқболли маҳсулот турлари рўйхати тўғрисидаги маълумотларни қамраб олувчи маълумотлар базасини шакллантириш ва жойлаштиришни;
б) ташкилотлар томонидан керакли шакллар онлайн режимида мустақил тўлдирилиши орқали маҳаллий ташкилотлар учун ахборот маълумотлар базасига бепул киритилишини;
в) етказиб берувчилар билан давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари ўртасида интерактив ҳамкорлик қилиш имкониятини;
г) давлат харидлари махсус ахборот портали билан давлат харидлари бўйича интеграциясини;
д) давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари маълумотлар базалари билан интеграциясини;
е) маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва улар томонидан ишлаб чиқариладиган товарлар реестри юритилишини ва жамоатчиликка очиқланишини таъминлайди.
2-боб. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни аниқлаш тартиби
5. Маҳаллий ишлаб чиқарувчи амалдаги статистика ҳисоботларида белгиланган тартибга мувофиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари қайд этилган ёки мазкур Низомнинг 6 ва 7-бандларида назарда тутилган талабларига мос келувчи юридик шахс.
6. Амалдаги статистика ҳисоботларида белгиланган тартибга мувофиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари қайд этилмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчи қуйидагилар орқали аниқланади:
амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтганлиги;
иқтисодий фаолият турлари таснифлагичи (ИФУТ) бўйича ташкилот (икки ва ундан ортиқ фаолият тури билан шуғулланувчи юридик шахслар бундан мустасно) фаолият юритиши;
ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг мувофиқлик сертификати (агар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритилган бўлса) мавжудлиги;
лицензияланадиган фаолият тури бўлган тақдирда, ушбу фаолият учун талаб қилинган лицензиянинг мавжудлиги;
ташкилот мулки бўлган ёки ижара шартномаси асосида фойдаланишга олинган ишлаб чиқариш майдони мавжудлиги;
ташкилот мулки бўлган ёки ижара шартномаси асосида фойдаланишга олинган асбоб-ускуналар мавжудлиги;
ташкилотда меҳнат шартномаси асосида фаолият юритувчи мутахассислар, жумладан, ишлаб чиқаришда банд бўлган ходимлар мавжудлиги.
Бунда Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ҳокимларнинг ёрдамчилари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалдаги статистика ҳисоботларида белгиланган тартибга мувофиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари қайд этилмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни аниқлаш ишлари доимий равишда амалга оширилади.
7. Порталга жойлаштириладиган маҳсулотнинг маҳаллийлаштириш даражаси камида 30 фоиз бўлиши лозим.
Бунда маҳаллийлаштириш даражаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 декабрдаги 1009-сон қарори билан тасдиқланган Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш, амалга ошириш ва ҳисобот тизимини юритиш ҳамда ушбу жараёнда давлат бошқаруви органлари ва лойиҳалар ташаббускорларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 20-бандига мувофиқ аниқланади.
Етказиб берувчи Порталга ариза билан биргаликда етказиб бериладиган маҳсулотлар бўйича маҳаллийлаштиришнинг белгиланган минимал даражасига мувофиқлиги тўғрисидаги ҳисоб-китоблар ҳамда тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.
Етказиб бериладиган маҳсулотлар бўйича маҳаллийлаштиришнинг белгиланган минимал даражасига мувофиқлиги тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилиги учун жавобгарлик етказиб берувчига юкланади. Оператор етказиб берувчининг маълумотлари тўғрилигини назорат қилиш ёки текширишга ҳақли эмас.
Давлат буюртмачилари, рақобатчи-етказиб берувчилар ва давлат органларида маҳаллийлаштириш даражаси бўйича етказиб берувчи томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа туғилган тақдирда, улар маълумотларнинг ишончлилигини текшириш учун солиқ органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Етказиб берилаётган маҳсулотларнинг маҳаллийлаштиришнинг минимал даражасига мувофиқлиги тўғрисида етказиб берувчи томонидан тақдим этилган маълумотлар ишончсиз деб топилган тақдирда, бундай етказиб берувчи Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиясининг қарорига кўра инсофсиз ижрочилар (етказиб берувчилар) реестрига киритилади.
Инсофсиз ижрочилар (етказиб берувчилар) реестрига киритилган етказиб берувчилар автоматик равишда Порталдан чиқарилади.
Портал инсофсиз ижрочилар (етказиб берувчилар) реестрини эълон қилиниши ва мунтазам равишда янгиланиб борилишини таъминлайди.
8. Зарур бўлганда юридик шахслар муайян маҳсулотни ишлаб чиқариш учун талаб этиладиган техник ҳужжатларни (техник регламентлар, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар, санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормалари) тақдим этади.
3-боб. Электрон кооперация портали иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
9. Оператор қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Порталда жойлаштирилган маълумотларга технологик ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини белгилаш;
буюртмачи томонидан харидларни амалга ошириш тўғрисида эълон ва харидлар режа-жадваллари жойлаштирилмаган ҳолларда харидларни амалга ошириш натижалари ҳақидаги ахборотни чоп этиш.
Оператор қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Операторнинг мажбуриятлари:
Порталнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш;
ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Порталда мавжуд бўлган ахборотдан жисмоний ва юридик шахсларнинг бепул эркин фойдаланишини таъминлаш;
интеграция масалалари ҳамда давлат ахборот тизимлари ва давлат электрон ахборот ресурслари хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус ваколатли орган билан ҳамкорликни амалга ошириш;
харидлар натижалари бўйича товарлар, ишлар, хизматлар нархлари маълумотлар базасини ташкил этиш ва янгилаб бориш;
Порталда тузилган шартномалар реестрларини шакллантириш ва юритиш;
Порталда жойлаштирилган ахборотнинг яхлитлигини таъминлаш;
давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари учун ушбу Низомда назарда тутилган тартибда ахборотдан фойдаланиш имкониятини яратиш;
Портални босқичма-босқич такомиллаштириш, логистика, маркетинг ва бошқа ахборот тизимларига улаш каби хизматлар мажмуасини кенгайтириш;
маълумотлар базасида ахборотни Порталга жойлаштирилган даврдан бошлаб беш йил мобайнида сақлаш;
давлат буюртмачиларининг Портал орқали тузилган шартномалари давлат харидлари махсус ахборот порталига автоматик режимда юборилишини таъминлаш;
буюртмачилар ва етказиб берувчилар учун ҲККПда алоҳида шахсий ҳисобварақлар очиш;
буюртмачилар ва иштирокчиларга шахсий кабинетлар ташкил этиш;
маълумотлари етарли бўлмаган оферта таклифларини жойлаштириш мониторингини олиб бориш;
одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш.
Портал фаолияти доирасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Оператор давлат харидларини амалга ошириш ва нарх белгилаш жараёнига аралашишга, контрагентларни танлашда ва шартномалар тузишда давлат харидлари субъектларининг эркинлигини чеклашга, шунингдек, давлат харидлари субъектларининг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклашга ҳақли эмас.
11. Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари қуйидаги маълумотлар:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан республикада ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг ҳажми ва техник параметрлари тўғрисидаги;
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси томонидан саноат маҳсулотларининг импорт ва экспорт ҳажми тўғрисидаги;
давлат буюртмачилари келгуси давр учун давлат харидларининг режа-жадвалларини ва давлат харидларининг ўтган йилдаги амалдаги ҳажми, шу жумладан, импорт товарлари тўғрисидаги;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маҳаллий ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариш тавсия этилаётган ўзлаштирилиши истиқболли маҳсулот турлари тўғрисидаги маълумотлар Порталга ўз вақтида киритилишини, уларнинг ишончлилиги, тўлиқлиги ва янгилаб борилишини таъминлайдилар.
Бунда Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация маркази электрон кооперация портали орқали тузилган шартномалар юзасидан етказиб берувчи томонидан маҳсулот етказилганлиги тўғрисида юборилган ва тасдиқланган электрон ҳисоб-фактуралар тўғрисидаги маълумотларнинг Электрон кооперация портали орқали ўзаро алмашинувини таъминлайди.
12. Барча фойдаланувчилар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш учун очиқ ахборотдан фойдаланишда ёки уларни учинчи шахсларга беришда мажбурий тарзда Порталга ҳавола қилган ҳолда унинг ишончлилигини таъминлашлари зарур.
4-боб. Электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш тартиби
13. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Порталга ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотлари турлари ва ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш мазкур Низомга 2-иловада келтирилган жадвалларга асосан амалга оширилади.
14. Буюртмачилар (бюджет буюртмачилари бундан мустасно) ва етказиб берувчилар Порталга электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда — ЭРИ) ёрдамида электрон рўйхатдан ўтиш орқали киритилади.
15. Бюджет буюртмачилари Порталга давлат харидларига оид харидлар режа-жадвалларини давлат харидлари махсус ахборот портали орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва оператор ўртасида ахборот алмашиш йўли билан жойлаштиради.
16. Порталда жойлаштирилган харидлар режа-жадвали қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
харид предмети ва миқдори;
харид қилиш ойи;
буюртмачининг номи ва манзили;
харид предметини молиялаштириш манбалари;
товарларни етказиб бериш муддатлари ва шартлари.
17. Етказиб берувчилар Порталга ўзлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўғрисида қуйидаги маълумотларни киритади:
таклиф этилаётган товарлар (ишлар, хизматлар) номи ва 10 та белгидан иборат Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг кодлари;
сотиш нархи;
товарнинг энг кўп ва энг кам ҳажми;
товарнинг русуми ва техник параметрлари (техник паспорт ёки бошқа ҳужжат асосида);
ўзлари ишлаб чиқарган товарнинг фотосурати;
товар етказиб бериладиган ҳудуд;
кафолат шартлари ва муддати ҳақида маълумот;
товарнинг ишлаб чиқарилган йили;
товарнинг яроқлилик муддати;
етказиб бериш муддати;
зарур ҳолларда лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжат ёки сертификат мавжудлиги тўғрисидаги ахборот.
18. Буюртмачи ва етказиб берувчилар томонидан Электрон кооперация порталига жойлаштирилган маълумотларнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги ва мазмуни билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар учун оператор жавобгар бўлмайди.
19. Етказиб берувчиларнинг оферта таклифларини харидга киритиш порталга мазкур низомнинг 17-бандида кўрсатилган маълумотларни тўлиқ киритилгандан сўнг уч иш куни давомида амалга оширилади.
5-боб. Электрон кооперация портали орқали харидларни амалга ошириш тартиби
20. Молия вазирлиги оператор учун ўзининг ахборот тизимида махсус шахсий ҳисобварақлар очади ва операторга пул маблағларини бошқариш ваколатини беради.
21. Буюртмачилар, бюджет буюртмачилардан ташқари, ва етказиб берувчилар харидларда иштирок этишдан олдин ҲККПдаги шахсий ҳисобварағига товар (иш ва хизматлар) бошланғич қийматининг 1,1 фоизи миқдорида авансни жойлаштиради.
Аванс шартнома суммасининг 1 фоизи миқдоридаги закалат ҳамда шартнома суммасининг 0,1 фоизи миқдоридаги операторнинг воситачилик йиғимини ўз ичига олади.
Бунда мунтазам ўтказиладиган саноат ярмаркалари доирасида хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузиладиган миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг бараваригача бўлган шартномалар бўйича иштирокчилардан аванс талаб этилмайди ҳамда улардан воситачилик йиғими олинмайди.
Корпоратив буюртмачилар ва етказиб берувчилар ўзларининг ҲККПдаги ҳисобварақларида аванс тўловининг миқдори етарли бўлган ҳолларда Порталда ташкил этиладиган электрон харидларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Бюджет буюртмачилари эса уларнинг ҲККПдаги ҳисобварақларида операторнинг воситачилик йиғими суммаси миқдори мавжуд бўлган тақдирда, электрон харидларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.
22. Буюртмачилар (давлат буюртмачилари бундан мустасно) Порталда товар жойлаштирган етказиб берувчилар билан автоматик равишда электрон тарзда шартнома тузади.
Порталда рўйхатдан ўтказилган иштирокчиларнинг ҳеч бири дастлабки таклифдан пастроқ нархни таклиф қилмаса, Портал буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасидаги битимни рўйхатдан ўтказади.
Бунда харидлар тўхтатилиши муддати иш куни ва иш вақтига тўғри келиши лозим.
23. Давлат буюртмачиси Порталдаги электрон тижорат платформасида етказиб берувчиларнинг оферталарини ўрганиш йўли билан ўзи учун зарур бўлган товарни танлайди ва товар танланганидан кейин нархлар сўрови механизмидан фойдаланади.
Электрон кооперация портали автоматик тарзда офертани таклиф этган етказиб берувчига ҳамда ушбу порталда ўхшаш товарни таклиф этаётган бошқа етказиб берувчиларга нарх сўровини юборади.
Етказиб берувчилар Электрон кооперация портали томонидан нарх сўрови юборилган пайтдан бошлаб қирқ саккиз соат ичида пастроқ нарх таклифларини беришга ҳақли.
Етказиб берувчилар томонидан берилган нарх бўйича таклифларни таққослаш Электрон кооперация портали томонидан автоматик тарзда амалга оширилади.
Электрон кооперация порталида шартнома давлат буюртмачиси томонидан танланган етказиб берувчининг офертасида баён этилган шартларга мувофиқ ҳамда етказиб берувчилар томонидан таклиф этилган энг паст нархда шакллантирилади.
24. Агар нарх сўрови мобайнида иштирокчи томонидан таклиф қилинган нарх буюртмачи томонидан танланган нархдан 15 ва ундан ортиқ фоизга паст бўлса, иштирокчи буюртмачи томонидан танланган офертанинг нархи ва ўзи томонидан таклиф этилган нархнинг фарқи миқдоридаги қўшимча закалатни харид предметининг ҳар бир бирлиги учун олдиндан киритиши шарт.
Қўшимча закалат мавжуд бўлмаган тақдирда ушбу таклифлар электрон тизим томонидан автоматик равишда рад этилади.
25. Порталда тузилган битим электрон рўйхатга олинади, буюртмачи ва етказиб берувчининг шахсий ҳисобварағидан операторнинг воситачилик тўлови ечиб олинади. Битимни рўйхатга олиш ушбу порталда шартномани шакллантириш ва унга ўзига хос рақам бериш билан амалга оширилади.
Буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасида ЭРИдан фойдаланган ҳолда Электрон кооперация порталида тузилган шартнома тегишли шаклда тузилган ҳисобланади.
26. Оператор давлат буюртмачиларининг шартномалари бўйича маълумотни автоматик режимда давлат харидлари махсус ахборот порталига юборади. Давлат харидлари махсус ахборот портали шартнома маълумотларини давлат буюртмачилари томонидан тузилган шартномалар реестрига киритади.
6-боб. Шартномавий мажбуриятлар ижросини таъминлаш тартиби
27. Буюртмачилар (бюджет буюртмачилари бундан мустасно) ҳамда электрон харидларни амалга ошириш жараёнида энг мақбул нарх таклиф этган етказиб берувчилар томонидан киритилган закалатлар тарафлар ўртасида тузилган шартномалар ижросини таъминлаш мақсадида мажбуриятлар тўлиқ бажарилгунга ёки белгиланган тартибда бекор қилингунга қадар банд қилиб қўйилади.
Шунингдек, иштирокчиларнинг киритган аванс тўловлари электрон харидларда ғолиб аниқлангунга қадар банд қилиб қўйилади.
28. Портал орқали электрон харидларни амалга ошириш жараёнида иштирокчилар ўртасида олдиндан тўлов шартларисиз шартномалар тузилган ҳолларда буюртмачилар шартнома тузилган кундан бошлаб ўн банк иш куни мобайнида ўзларининг ҲККПдаги шахсий ҳисобварағига шартнома суммасининг 100 фоизи миқдоридаги пул маблағларини ўтказишни таъминлаш мажбуриятини олади.
Портал орқали электрон харидларни амалга ошириш жараёнида иштирокчилар ўртасида олдиндан тўлов шартлари билан шартномалар тузилган ҳолларда, буюртмачилар шартнома тузилган кундан бошлаб ўн банк иш куни мобайнида ўзларининг ҲККПдаги шахсий ҳисобварағига шартномада белгиланган олдиндан тўлов миқдоридаги сумма ўтказилишини таъминлаш мажбуриятини олади.
Буюртмачилар ушбу банднинг биринчи-иккинчи хатбошиларида келтирилган мажбуриятларни белгиланган муддатларда бажармаган тақдирда, мажбуриятни бажариш муддати тугаган кундан бошлаб уч банк иш куни мобайнида электрон шаклда мажбуриятлар лозим даражада бажарилмаётганлиги бўйича буюртмачига хабарнома юборади ва хабарнома юборилгандан кейинги беш банк иш кунидан сўнг буюртмачиларнинг закалат суммаси маҳсулот етказиб берувчиларнинг ҲККПсидаги ҳисобварақларига ўтказиб берилади.
29. ҲККП буюртмачидан электрон тижорат платформаси орқали тузилган шартнома бўйича тушган тўлов суммасини банд қилиб қўяди ва пул маблағлари тушган куннинг эртасидан бир иш кунидан кечикмаган муддатда электрон шаклда тўловни амалга ошириш бўйича етказиб берувчига хабарнома юборади.
Мазкур хабарнома етказиб берувчига товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Етказиб берувчи томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) ҲККП томонидан тўлов амалга оширилиши тўғрисидаги хабарномасиз етказиб берилган тақдирда, буюртмачи томонидан товарлар учун тўловни амалга оширмаслик хавфи етказиб берувчининг зиммасида бўлади.
Корпоратив буюртмачилар шартнома бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) қабул қилгандан кейин уч банк иши куни мобайнида ўзининг шахсий кабинети орқали товарларни (ишларни, хизматларни) тўлиқ ҳажмда қабул қилганлигини тасдиқлайди.
Бюджет буюртмачилари шартнома бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) қабул қилгандан сўнг уч банк иш куни мобайнида товарларни (ишларни, хизматларни) тўлиқ ҳажмда қабул қилганлик тўғрисидаги ахборотни бюджет ташкилотларининг ҳисоби ва ҳисоботлари автоматлаштирилган тизимининг дастурий комплекси (кейинги ўринларда — ЎзБТАД) орқали Молия вазирлигининг давлат молиясини бошқариш ахборот тизими (кейинги ўринларда — ДМБАТ)га киритади.
Бюджет буюртмачилари шартнома асосида товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берилганлиги ҳақидаги ахборотни ДМБАТ олгандан сўнг ушбу маълумотларни бир банк иш куни мобайнида маълумотлар базаларининг электрон алмашинуви орқали Операторга юборади.
30. Портал электрон харидларнинг якунларига кўра буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг ҳар биридан битим суммасининг 0,1 фоизи миқдоридаги операторнинг воситачилик йиғимини ушлаб қолади.
31. Иштирокчилар ва корпоратив буюртмачиларнинг банди бекор қилинган пул маблағларидан уларнинг топшириқларига асосан бошқа электрон давлат харидларида аванс тўловлари сифатида фойдаланилиши мумкин ёки хизмат кўрсатадиган банклардаги уларнинг ҳисобварақларига қайтарилади.
32. Томонлар шартномани бажаришни рад этганда ёки уни бажаришдан бошқача тарзда бош тортганда, буюртмачи ёки етказиб берувчи судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
33. Портал томонидан амалга оширилган харид қилиш тартиб-таомилларининг бошқа турлари бўйича амалга оширилган харидлар юзасидан ҲККП суднинг қонуний кучга кирган қарори ёки давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия қарори асосида закалатни банддан ечишни ва/ёки тегишли ҳисобвараққа ўтказишни амалга оширади.
Бунда ҲККП етказиб берувчининг закалати жарима сифатида бюджет буюртмачисига ўтказилиши тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган қарори ёки давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия қарори асосида закалатни бюджет буюртмачисининг бюджетдан ташқари тегишли ҳисобварағига ўтказишни амалга оширади.
7-боб. Якунловчи қоида
34. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш ва харидларни амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга 1-ИЛОВА
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация портали фаолиятини такомиллаштиришни ташкил этиш
Босқичлар Ижрочилар Амалга ошириладиган чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари (ишлар, хизматлар) турлари, ҳажми, техник тавсифлари, сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни; импорт қилинаётган ва экспортга йўналтирилаётган маҳсулотлар турлари ва ҳажми тўғрисидаги маълумотларни; талаб юқори бўлган ва ўзлаштирилиши тавсия этилган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар рўйхатини Электрон кооперация порталига жойлаштириш. Ҳар чоракда 2-босқич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Буюртмачи ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида эркин рақобат ва нарх шаффофлиги тамойиллари асосида масофадан туриб шартнома тузиш имкониятига эга электрон тижорат платформасини такомиллаштириш ва доимий ишлашини таъминлаш. Доимий равишда 3-босқич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, давлат буюртмачилари Келгуси давр учун давлат харидларининг режа-жадваллари ва давлат харидларининг ўтган йилдаги амалдаги ҳажми, шу жумладан, импорт товарлари хариди тўғрисидаги маълумотларни Электрон кооперация порталига жойлаштириш. Ҳисобот даври якуни бўйича 4-босқич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари Республикада ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг ҳажми ва техник параметрлари ҳақидаги маълумотлар тўғри ва ҳаққоний киритилишини таъминлаш ва уни ўз вақтида янгилаб бориш. Доимий равишда 5-босқич Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ҳокимларнинг ёрдамчилари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари Амалдаги статистика ҳисоботларида белгиланган тартибга мувофиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари қайд этилмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни аниқлаш. Доимий равишда 6-босқич Давлат солиқ қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация маркази Электрон кооперация портали орқали тузилган шартномалар юзасидан етказиб берувчи томонидан маҳсулот етказилганлиги тўғрисида юборилган ва тасдиқланган электрон ҳисоб-фактуралар тўғрисидаги маълумотларни Электрон кооперация порталига тақдим этиш. Доимий равишда 7-босқич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги Бюджет буюртмачилари томонидан шартнома асосида товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берилганлиги ҳақидаги ахборотни ДМБАТ олгандан сўнг ушбу маълумотларни маълумотлар базаларининг электрон алмашинуви орқали Электрон кооперация порталига юбориш. Доимий равишда, бир банк иш куни мобайнида 8-босқич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси Электрон кооперация порталини такомиллаштириш ҳамда статистика, божхона, сертификатлаштириш, солиқ, молия органлари маълумотлар базаси билан интеграциялаш. Доимий равишда
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш ва харидларни амалга ошириш тартиби тўғрисида Низомга 2-ИЛОВА
1-жадвал
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш тўғрисида
Маҳсулот номи ва техник параметрлар Техник регламент, стандарт ТИФ ТН коди Маҳсулотларнинг (товарлар, ишлар, хизматларнинг) статистик таснифлагич коди Юридик шахснинг номи ва жойлашган жойи (почта манзили) Телефон рақами
2-жадвал
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми тўғрисида
Маҳсулот номи ва техник параметрлар Техник регламент, стандарт Маҳсулотларнинг (товарлар, ишлар, хизматларнинг) статистик таснифлагич коди Ўлчов бирлиги Ишлаб чиқариш ҳажми Ўртача йиллик ишлаб чиқариш қуввати миқдори ҳажми, минг сўм
3-жадвал
Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолияти тўғрисида
ТИФ ТН коди Маҳсулот номи Ўлчов бирлиги Экспорт ҳажми Импорт ҳажми миқдори минг АҚШ доллари миқдори минг АҚШ доллари
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 декабрдаги 1009-сон қарори билан тасдиқланган Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш, амалга ошириш ва ҳисобот тизимини юритиш ҳамда ушбу жараёнда давлат бошқаруви органлари ва лойиҳалар ташаббускорларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-банди ўн биринчи хатбошисидаги «электрон кооперация биржаси портали» сўзлари «Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация портали» сўзлари билан алмаштирилсин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 29 январдаги 41-сон қарорида :
а) 3-бандда :
биринчи хатбошидаги «Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига» сўзлари «Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига» сўзлари билан алмаштирилсин;
иккинчи хатбошидаги «Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги» сўзлари «Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли транформация марказининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
учинчи хатбошидаги «Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги» сўзлари чиқариб ташлансин;
б) 1-илованинг 2-банди тўртинчи хатбошисидаги «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Электрон кооперация портали маркази» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли транформация маркази» сўзлари билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 20 июль,
392-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
MAʼLUMOT
MAʼLUMOT*
MAʼLUMOT**
Elektron tijorat maʼmurchiligini takomillashtirish va uni yanada rivojlantirish uchun qulay sharoitlar yaratilganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida
Mamlakatimizda zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini keng joriy etish boʻyicha amalga oshirilayotgan chora-tadbirlar iqtisodiyot tarmoqlarini raqamlashtirishda, shu jumladan, elektron tijoratni rivojlantirishda muayyan natijalarga erishish imkonini bermoqda.
Shu bilan birga, elektron tijoratning ochiq raqamli ekotizimini shakllantirish, mulkchilik, idoraviy va tarmoqqa mansubligi hamda hududiy joylashuvidan qatʼiy nazar barcha elektron platformalar bilan taʼminlash, mijozlar bazasidan teng foydalanish va raqamli ekotizim foydalanuvchilariga xizmatlar koʻrsatishni tezlashtirish orqali elektron platformalar va ularning xizmatlarini ilgari surish borasida tegishli normalarning joriy etilmaganligi elektron tijoratni rivojlantirish borasida dolzarb muammo boʻlib qolmoqda.
Oʻzbekiston Respublikasida elektron tijorat sohasidagi platformalar faoliyatini qoʻllab-quvvatlash hamda akkreditiv boʻyicha hisob-kitob tizimini jadal rivojlantirish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Elektron tijorat maʼmurchiligini takomillashtirish va uni yanada rivojlantirish uchun qulay sharoitlar yaratish toʻgʻrisida” 2021-yil 17-noyabrdagi PQ-14-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:
a) elektron tijorat platformalari va raqamli ekotizim operatorlari — axborot vositachilarining faoliyatini tashkil etish tartibini belgilash;
b) Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazining elektron kooperatsiya portalida axborotni joylashtirish va xaridlarini amalga oshirish tartibini belgilash. Bunda:
tashkilotlarni mahalliy tovar ishlab chiqaruvchilarga tasniflash, shuningdek, mahalliylashtirish darajasining yuqori chegarasini aniqlash hamda yetkazib beriladigan mahsulotlar boʻyicha mahalliylashtirishning belgilangan minimal darajasiga muvofiqligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning ishonchliligini tekshirish;
qoʻshimcha depozit joriy etilishi munosabati bilan, shartnoma majburiyatlarini bajarishdan bosh tortish, sunʼiy arzon narxlarda takliflar berish yoʻli bilan xaridlar uzilishining oldini olish mexanizmini joriy etish;
xarid qilish tartib-taomillarining tugash vaqtini faqat ish kunlari va ish soatlarida belgilash orqali bozorni manipulatsiya qilish imkoniyatini istisno qilish;
shartnoma majburiyatlarining bajarilishi kafolatlarini taʼminlash tartibini operatorning hisob-kitob kliring palatasida xaridlar ishtirokchilarining shaxsiy hisobvaraqlaridagi depozitlarni oldindan toʻlash va blokirovka qilish orqali belgilash;
shartnoma majburiyatlarini bajarish uchun kafolatlar berish tartibini joriy etish.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 20-iyuldagi 392-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining “Elektron yarmarkalar, auksion va tanlovlar tashkilotchilarining-axborot vositachilarining faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2016-yil 2-avgustdagi 249-son qarorida :
a) qarorning nomlanishidagi “Elektron yarmarkalar, auksionlar va tanlovlar tashkilotchilarining” soʻzlari “Elektron tijorat platformalar va raqamli ekotizim operatorlarining” soʻzlari bilan almashtirilsin;
b) 1-banddagi “Elektron yarmarkalar, auksionlar va tanlovlar tashkilotchilarining” soʻzlari “Elektron tijorat platformalar va raqamli ekotizim operatorlarining” soʻzlari bilan almashtirilsin;
v) qarorga ilovada :
ilovaning nomlanishidagi “Elektron yarmarkalar, auksionlar va tanlovlar tashkilotchilarining” soʻzlari “Elektron tijorat platformalar va raqamli ekotizim operatorlarining” soʻzlari bilan almashtirilsin;
1-banddagi “elektron yarmarkalar (shu jumladan koʻrgazma-yarmarka savdosi), auksion va tanlovlar tashkilotchilarining” soʻzlari “elektron tijorat platformalar va raqamli ekotizim operatorlarining” soʻzlari bilan almashtirilsin;
3-bandda :
toʻrtinchi xatboshidagi “elektron yarmarkalar (shu jumladan koʻrgazma-yarmarka savdolari), auksionlar va tanlovlar tashkil etuvchi yuridik shaxs” soʻzlari “oʻzining axborot tizimida elektron tijorat amalga oshirilishini taʼminlovchi yuridik shaxs, elektron tijorat platformalar va raqamli ekotizim operatorlari” soʻzlari bilan almashtirilsin;
beshinchi xatboshidagi “elektron yarmarkalar (shu jumladan koʻrgazma-yarmarka savdolari), auksionlar va tanlovlar natijalari boʻyicha” soʻzlari chiqarib tashlansin;
sakkizinchi xatboshidagi “(elektron yarmarkalar (shu jumladan koʻrgazma-yarmarka savdolari), auksionlar va tanlovlar)ni oʻtkazish qoidalari)” soʻzlari chiqarib tashlansin;
quyidagi mazmundagi xatboshilar bilan toʻldirilsin:
“ elektron tijorat platformasi — elektron tijorat subyektlariga elektron bitimlarni amalga oshirish, tanlovlar yoki auksionlarni tashkil etish va oʻtkazish hamda ishtirokchilarga masofadan turib (shaxsan ishtirok etmasdan) elektron operatsiyalarni amalga oshirish imkonini berish uchun moʻljallangan Internet jahon axborot tarmogʻidagi axborot tizimi;
elektron tijorat platformasi operatori — elektron tijorat ishtirokchilariga buyurtma berish yoki yetkazib berish tartib-taomillarini tashkil etish va oʻtkazish, elektron tijorat platformasiga eʼlonlarni, buyurtmalarni va ularning yakunlari toʻgʻrisidagi boshqa axborotni joylashtirish bilan bogʻliq xizmatlar koʻrsatuvchi maxsus vakolatli yuridik shaxs;
tashkil etilgan savdolar — belgilangan qoidalarga muvofiq muntazam ravishda elektron tijorat platformasida amalga oshiriladigan savdo;
raqamli ekotizim — koʻp sonli axborot xizmatlari, biznes jarayonlari va ishtirokchilarni birlashtirgan raqamli muhit, ularning munosabatlari hamkorlik va raqobat tamoyillariga asoslanadi;
raqamli ekotizim operatori — Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazi;
eskrou tizimi — xaridorning (isteʼmolchining, buyurtmachining) shartlari toʻliq qondirilmaguncha biznes-operatorning, shu jumladan elektron tijorat platformasi yoki raqamli ekotizim operatorining axborot tizimida elektron shartnomalarni amalga oshirishda pulni ushlab qolish, pulni deponentlash tizimi”;
II boʻlim quyidagi mazmundagi 7 1 -band bilan toʻldirilsin:
“7 1 . Elektron platformalar va raqamli xizmatlarning raqamli ekotizimlardagi ishtiroki ixtiyoriylik asosida amalga oshiriladi”.
quyidagi mazmundagi IV 1 boʻlim bilan toʻldirilsin:
“IV 1 . Shartnoma majburiyatlarini bajarish uchun kafolatlar berish tartibi
27 1 . Elektron tijorat sohasida tuzilgan shartnomalar boʻyicha majburiyatlarning bajarilishi kafolatlarini taʼminlash uchun axborot vositachisi — elektron tijorat platformasi yoki raqamli ekotizim operatori eskrou hisob-kitoblar tizimini joriy etishga haqli. Tashkil etilgan savdolarda tuzilgan bitimlar boʻyicha majburiyatlarning bajarilishi elektron tijorat platformasi yoki raqamli ekotizim operatori tomonidan majburiy ravishda kafolatlanishi kerak.
27 2 . Elektron tijorat platformasi yoki raqamli ekotizim operatorlari oʻzlarining eskrou tizimidan foydalanish yoki uchinchi shaxslar xizmatlaridan foydalanish huquqiga ega.
27 3 . Shartnoma majburiyatlarini bajarish kafolatlarini taʼminlash maqsadida eskrou tizimining operatori elektron tijorat ishtirokchilariga ular tuzadigan operatsiyalar boʻyicha mablagʻlarni hisobga olish va hisob-kitoblarni amalga oshirish uchun xizmat koʻrsatuvchi bankda oʻzining ikkilamchi depozit hisobvaragʻida shaxsiy hisobvaraqlar ochadi.
27 4 . Xaridorning yetkazib berilgan tovar uchun haq toʻlash mablagʻlari u tomonidan uning shaxsiy hisobvaragʻiga kiritiladi, operator tomonidan bloklanadi va tovarni toʻliq yoki qisman yetkazib berish boʻyicha oʻz majburiyatlarini bajarganligi aniqlangandan keyin sotuvchiga yuboriladi.
27 5 . Axborot vositachisi qoidalarida elektron tijorat ishtirokchilari tomonidan bitimlar tuzilgunga qadar shaxsiy hisobvaraqlariga omonat qoʻyish zarurati va tomonlar oʻz shartnoma majburiyatlarini bajarmagan yoki lozim darajada bajarmagan taqdirda ulardan kompensatsiya sifatida foydalanish zarurati nazarda tutilishi mumkin.
27 6 . Shartnoma majburiyatlarini bajarish boʻyicha nizolar va kelishmovchiliklar nizolarni sudgacha hal etish organlari tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda elektron tijorat platformasi yoki raqamli ekotizim operatori bilan koʻrib chiqilishi mumkin”.
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2019-yil 10-maydagi 390-son qarorida 9-bandning oʻninchi xatboshisidagi “Elektron kooperatsiya portali markazi” soʻzlari “Raqamli transformatsiya markazi” soʻzlari bilan almashtirilsin.
3. Vazirlar Mahkamasining “Sanoat yarmarkalari va elektron kooperatsiya birjasi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 30-sentabrdagi 833-son qarorida :
a) qarorning nomlanishi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazining elektron kooperatsiya portalida axborotni joylashtirish va xaridlarini amalga oshirish tartibini tasdiqlash toʻgʻrisida”;
b) muqaddimadagi “kooperatsiya birjasini” soʻzlari “elektron kooperatsiya portalini” soʻzlari bilan almashtirilsin;
v) 1-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sanoat kooperatsiyasini yanada rivojlantirish va talab yuqori boʻlgan mahsulotlar ishlab chiqarishni kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 1-maydagi PQ-4302-son hamda “Elektron tijorat maʼmurchiligini takomillashtirish va uni yanada rivojlantirish uchun qulay sharoitlar yaratish toʻgʻrisida” 2021-yil 17-noyabrdagi PQ-14-son qarorlariga muvofiq davlat xaridlari maxsus axborot portali bilan integratsiyalashgan Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazining elektron kooperatsiya portali (keyingi oʻrinlarda — Portal) ishlab chiqilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin”;
g) 2-banddagi “Sanoat yarmarkalari va elektron kooperatsiya birjasi portali faoliyatini tashkil etish” soʻzlari “Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazining elektron kooperatsiya portalida axborotni joylashtirish va xaridlarni amalga oshirish” soʻzlari bilan almashtirilsin;
d) 3-bandning uchinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazining faoliyati xoʻjalik faoliyatidan olinadigan daromadlar, xorijiy va xalqaro moliya tashkilotlari grantlari, donorlik mablagʻlari, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyashtiriladi”;
e) 1-ilovaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazining elektron kooperatsiya portalida axborotni joylashtirish va xaridlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazining elektron kooperatsiya portali (keyingi oʻrinlarda — Elektron kooperatsiya portali) faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
avans — xarid qilish jarayonida buyurtmachi va yetkazib beruvchi tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda kiritiladigan, jumladan, tomonlarning zakalatlari (budjet buyurtmachilari bundan mustasno) va operatorning vositachilik yigʻimini oʻz ichiga olgan moliyaviy mablagʻlar summasi;
buyurtmachi — Elektron kooperatsiya portalida tovarlarni xarid qiluvchi yuridik shaxs;
yetkazib beruvchi — taklif etilgan shartlarda oʻzining Elektron kooperatsiya portalida qatnashib, savdolarda gʻolib chiqqan taqdirda, oʻzi ishlab chiqargan tayyor tovarlarni (ishlar, xizmatlarni) yetkazib berish niyatini bildirgan mahalliy ishlab chiqaruvchilar yoki ularning dilerlari;
agent — buyurtmachilar va yetkazib beruvchilarga topshiriq shartnomasi asosida ularning Elektron kooperatsiya portalida qatnashishini taʼminlashga doir professional xizmatlar koʻrsatadigan yuridik shaxs;
xarid shartnomasi — xaridlar boʻyicha huquq va majburiyatlarni belgilash, oʻzgartirish yoki bekor qilish toʻgʻrisida buyurtmachi va yetkazib beruvchi oʻrtasidagi elektron tartibda tuziladigan bitim;
raqamli ekotizim operatori — Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazi;
shaxsiy kabinet — buyurtmachi yoki yetkazib beruvchining elektron xaridlarda ishtirok etishi, shuningdek, zarur axborotni joylashtirishi yoki olishi imkoniyati taqdim etiladigan, individual login va parollarni koʻllash orqali foydalaniladigan Elektron kooperatsiya portalidagi shaxsiy sahifasi;
reja-jadval — Elektron kooperatsiya portalida davlat buyurtmachilari tomonidan joylashtiriladigan tovarlar tavsifi, xaridlar hajmi va muddatlarini nazarda tutuvchi hujjat;
hisob-kitob-kliring palatasi (keyingi oʻrinlarda — HKKP) — kliring elektron tizimi orqali Elektron kooperatsiya portalida tuzilgan xarid shartnomalari boʻyicha kliring, hisob-kitob va oʻzaro hisob-kitoblarni amalga oshirishni taʼminlovchi operatorning tarkibiy boʻlinmasi;
Elektron kooperatsiya portali — operatorning davlat xaridlari maxsus axborot portali bilan integratsiyalashgan, shu jumladan, ushbu Nizomda nazarda tutilgan axborotlarni joylashtirish, ulardan foydalanish hamda elektron savdo yarmarkalari va xaridlarni oʻtkazishni taʼminlaydigan elektron platformasi;
oʻxshash tovarlar — funksional maqsadi, qoʻllanilishi, sifati va texnik xususiyatlari boʻyicha taqqoslanadigan, Tashqi iqtisodiy faoliyat tovar nomenklaturasi kodining (keyingi oʻrinlarda — TIF TN) dastlabki 4 ta raqami bir xil boʻlgan tovarlar;
davlat xaridlari maxsus axborot portali — vakolatli organ tomonidan yuritiladigan, davlat xaridlari amalga oshirilishi toʻgʻrisidagi eʼlonlar, davlat xaridlarining yakunlari, ishtirokchilarning takliflari haqidagi axborotni va qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa axborotni elektron shaklda koʻzdan kechirishni, shuningdek, amalga oshirilgan elektron davlat xaridlari toʻgʻrisida davlat xaridlari elektron tizimlarining operatorlari tomonidan kiritiladigan (yuboriladigan) axborotni toʻplashni taʼminlovchi veb-saytdir (maxsus elektron platforma).
3. Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazining elektron kooperatsiya portali faoliyatini takomillashtirishni tashkil etish ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha amalga oshiriladi.
Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda muntazam ravishda buyurtmachi va ishlab chiqaruvchilar oʻrtasida erkin raqobat va narx shaffofligi tamoyillari asosida masofadan turib shartnoma tuzish imkoniyatiga ega elektron tijorat platformasini takomillashtirish choralarini koʻradi va doimiy ishlashini taʼminlaydi.
4. Elektron kooperatsiya portali (keyingi oʻrinlarda — Portal) quyidagilarni:
a) bir necha mezonlar va koʻrsatkichlar boʻyicha izlash imkoniyatiga ega boʻlgan, muntazam yangilab boriladigan hamda quyidagilar:
10 ta belgidan iborat TIF TN kodlari bilan oʻzaro bogʻliqlikda har bir mahsulot turi boʻyicha tovar bozorining hajmi (ishlab chiqarish, import, eksport hajmi) toʻgʻrisidagi;
mahalliy tashkilotlar tomonidan ishlab chiqarilayotgan mahsulotlar nomenklaturasi, ularning texnik va narx koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi;
buyurtmachilarning kelgusi davr uchun xarid reja-jadvallari toʻgʻrisidagi;
mahalliy tashkilotlar negizida ishlab chiqarish tavsiya etilayotgan istiqbolli mahsulot turlari roʻyxati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni qamrab oluvchi maʼlumotlar bazasini shakllantirish va joylashtirishni;
b) tashkilotlar tomonidan kerakli shakllar onlayn rejimida mustaqil toʻldirilishi orqali mahalliy tashkilotlar uchun axborot maʼlumotlar bazasiga bepul kiritilishini;
v) yetkazib beruvchilar bilan davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalari oʻrtasida interaktiv hamkorlik qilish imkoniyatini;
g) davlat xaridlari maxsus axborot portali bilan davlat xaridlari boʻyicha integratsiyasini;
d) davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalari maʼlumotlar bazalari bilan integratsiyasini;
e) mahalliy ishlab chiqaruvchilar va ular tomonidan ishlab chiqariladigan tovarlar reyestri yuritilishini va jamoatchilikka ochiqlanishini taʼminlaydi.
2-bob. Mahalliy ishlab chiqaruvchilarni aniqlash tartibi
5. Mahalliy ishlab chiqaruvchi amaldagi statistika hisobotlarida belgilangan tartibga muvofiq sanoat mahsulotlari ishlab chiqarish koʻrsatkichlari qayd etilgan yoki mazkur Nizomning 6 va 7-bandlarida nazarda tutilgan talablariga mos keluvchi yuridik shaxs.
6. Amaldagi statistika hisobotlarida belgilangan tartibga muvofiq sanoat mahsulotlari ishlab chiqarish koʻrsatkichlari qayd etilmagan mahalliy ishlab chiqaruvchi quyidagilar orqali aniqlanadi:
amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat roʻyxatidan oʻtganligi;
iqtisodiy faoliyat turlari tasniflagichi (IFUT) boʻyicha tashkilot (ikki va undan ortiq faoliyat turi bilan shugʻullanuvchi yuridik shaxslar bundan mustasno) faoliyat yuritishi;
ishlab chiqarilayotgan mahsulotning muvofiqlik sertifikati (agar texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiqligi tasdiqlanishi majburiy boʻlgan mahsulotlar roʻyxatiga kiritilgan boʻlsa) mavjudligi;
litsenziyalanadigan faoliyat turi boʻlgan taqdirda, ushbu faoliyat uchun talab qilingan litsenziyaning mavjudligi;
tashkilot mulki boʻlgan yoki ijara shartnomasi asosida foydalanishga olingan ishlab chiqarish maydoni mavjudligi;
tashkilot mulki boʻlgan yoki ijara shartnomasi asosida foydalanishga olingan asbob-uskunalar mavjudligi;
tashkilotda mehnat shartnomasi asosida faoliyat yurituvchi mutaxassislar, jumladan, ishlab chiqarishda band boʻlgan xodimlar mavjudligi.
Bunda Ishlab chiqarishni mahalliylashtirish va sanoatda kooperatsiya aloqalarini kengaytirish masalalari boʻyicha hokimlarning yordamchilari, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Davlat statistika qoʻmitasi, Savdo-sanoat palatasi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining hududiy boʻlinmalari tomonidan amaldagi statistika hisobotlarida belgilangan tartibga muvofiq sanoat mahsulotlari ishlab chiqarish koʻrsatkichlari qayd etilmagan mahalliy ishlab chiqaruvchilarni aniqlash ishlari doimiy ravishda amalga oshiriladi.
7. Portalga joylashtiriladigan mahsulotning mahalliylashtirish darajasi kamida 30 foiz boʻlishi lozim.
Bunda mahalliylashtirish darajasi Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 17-dekabrdagi 1009-son qarori bilan tasdiqlangan Sanoat kooperatsiyasi asosida tayyor mahsulotlar, butlovchi buyumlar va materiallar ishlab chiqarishni mahalliylashtirish dasturini shakllantirish, amalga oshirish va hisobot tizimini yuritish hamda ushbu jarayonda davlat boshqaruvi organlari va loyihalar tashabbuskorlarining oʻzaro hamkorlik qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 20-bandiga muvofiq aniqlanadi.
Etkazib beruvchi Portalga ariza bilan birgalikda yetkazib beriladigan mahsulotlar boʻyicha mahalliylashtirishning belgilangan minimal darajasiga muvofiqligi toʻgʻrisidagi hisob-kitoblar hamda tasdiqlovchi hujjatlarni taqdim etadi.
Etkazib beriladigan mahsulotlar boʻyicha mahalliylashtirishning belgilangan minimal darajasiga muvofiqligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning ishonchliligi uchun javobgarlik yetkazib beruvchiga yuklanadi. Operator yetkazib beruvchining maʼlumotlari toʻgʻriligini nazorat qilish yoki tekshirishga haqli emas.
Davlat buyurtmachilari, raqobatchi-yetkazib beruvchilar va davlat organlarida mahalliylashtirish darajasi boʻyicha yetkazib beruvchi tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarning ishonchliligiga shubha tugʻilgan taqdirda, ular maʼlumotlarning ishonchliligini tekshirish uchun soliq organlariga murojaat qilish huquqiga ega.
Etkazib berilayotgan mahsulotlarning mahalliylashtirishning minimal darajasiga muvofiqligi toʻgʻrisida yetkazib beruvchi tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar ishonchsiz deb topilgan taqdirda, bunday yetkazib beruvchi Davlat xaridlari sohasidagi shikoyatlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiyasining qaroriga koʻra insofsiz ijrochilar (yetkazib beruvchilar) reyestriga kiritiladi.
Insofsiz ijrochilar (yetkazib beruvchilar) reyestriga kiritilgan yetkazib beruvchilar avtomatik ravishda Portaldan chiqariladi.
Portal insofsiz ijrochilar (yetkazib beruvchilar) reyestrini eʼlon qilinishi va muntazam ravishda yangilanib borilishini taʼminlaydi.
8. Zarur boʻlganda yuridik shaxslar muayyan mahsulotni ishlab chiqarish uchun talab etiladigan texnik hujjatlarni (texnik reglamentlar, standartlashtirishga doir normativ hujjatlar, sanitariya, veterinariya, veterinariya-sanitariya, fitosanitariya qoidalari va normalari) taqdim etadi.
3-bob. Elektron kooperatsiya portali ishtirokchilarining huquq va majburiyatlari
9. Operator quyidagi huquqlarga ega:
Portalda joylashtirilgan maʼlumotlarga texnologik va axborot xavfsizligini taʼminlash talablarini belgilash;
buyurtmachi tomonidan xaridlarni amalga oshirish toʻgʻrisida eʼlon va xaridlar reja-jadvallari joylashtirilmagan hollarda xaridlarni amalga oshirish natijalari haqidagi axborotni chop etish.
Operator qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
10. Operatorning majburiyatlari:
Portalning uzluksiz ishlashini taʼminlash;
oʻz faoliyatini qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshirish;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq Portalda mavjud boʻlgan axborotdan jismoniy va yuridik shaxslarning bepul erkin foydalanishini taʼminlash;
integratsiya masalalari hamda davlat axborot tizimlari va davlat elektron axborot resurslari xavfsizligini taʼminlash boʻyicha maxsus vakolatli organ bilan hamkorlikni amalga oshirish;
xaridlar natijalari boʻyicha tovarlar, ishlar, xizmatlar narxlari maʼlumotlar bazasini tashkil etish va yangilab borish;
Portalda tuzilgan shartnomalar reyestrlarini shakllantirish va yuritish;
Portalda joylashtirilgan axborotning yaxlitligini taʼminlash;
davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalari uchun ushbu Nizomda nazarda tutilgan tartibda axborotdan foydalanish imkoniyatini yaratish;
Portalni bosqichma-bosqich takomillashtirish, logistika, marketing va boshqa axborot tizimlariga ulash kabi xizmatlar majmuasini kengaytirish;
maʼlumotlar bazasida axborotni Portalga joylashtirilgan davrdan boshlab besh yil mobaynida saqlash;
davlat buyurtmachilarining Portal orqali tuzilgan shartnomalari davlat xaridlari maxsus axborot portaliga avtomatik rejimda yuborilishini taʼminlash;
buyurtmachilar va yetkazib beruvchilar uchun HKKPda alohida shaxsiy hisobvaraqlar ochish;
buyurtmachilar va ishtirokchilarga shaxsiy kabinetlar tashkil etish;
maʼlumotlari yetarli boʻlmagan oferta takliflarini joylashtirish monitoringini olib borish;
odob-axloq qoidalariga rioya etish.
Portal faoliyati doirasida qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.
Operator davlat xaridlarini amalga oshirish va narx belgilash jarayoniga aralashishga, kontragentlarni tanlashda va shartnomalar tuzishda davlat xaridlari subyektlarining erkinligini cheklashga, shuningdek, davlat xaridlari subyektlarining huquqlarini boshqacha tarzda cheklashga haqli emas.
11. Davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalari quyidagi maʼlumotlar:
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Davlat statistika qoʻmitasi, Savdo-sanoat palatasi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining hududiy boʻlinmalari tomonidan respublikada ishlab chiqarilayotgan sanoat mahsulotlarining hajmi va texnik parametrlari toʻgʻrisidagi;
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat statistika qoʻmitasi va Davlat bojxona qoʻmitasi tomonidan sanoat mahsulotlarining import va eksport hajmi toʻgʻrisidagi;
davlat buyurtmachilari kelgusi davr uchun davlat xaridlarining reja-jadvallarini va davlat xaridlarining oʻtgan yildagi amaldagi hajmi, shu jumladan, import tovarlari toʻgʻrisidagi;
Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi mahalliy tashkilotlar tomonidan ishlab chiqarish tavsiya etilayotgan oʻzlashtirilishi istiqbolli mahsulot turlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Portalga oʻz vaqtida kiritilishini, ularning ishonchliligi, toʻliqligi va yangilab borilishini taʼminlaydilar.
Bunda Davlat soliq qoʻmitasi hamda Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazi elektron kooperatsiya portali orqali tuzilgan shartnomalar yuzasidan yetkazib beruvchi tomonidan mahsulot yetkazilganligi toʻgʻrisida yuborilgan va tasdiqlangan elektron hisob-fakturalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning Elektron kooperatsiya portali orqali oʻzaro almashinuvini taʼminlaydi.
12. Barcha foydalanuvchilar ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilish uchun ochiq axborotdan foydalanishda yoki ularni uchinchi shaxslarga berishda majburiy tarzda Portalga havola qilgan holda uning ishonchliligini taʼminlashlari zarur.
4-bob. Elektron kooperatsiya portalida axborotni joylashtirish tartibi
13. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi tomonidan Portalga ishlab chiqariladigan sanoat mahsulotlari turlari va hajmlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni joylashtirish mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan jadvallarga asosan amalga oshiriladi.
14. Buyurtmachilar (budjet buyurtmachilari bundan mustasno) va yetkazib beruvchilar Portalga elektron raqamli imzo (keyingi oʻrinlarda — ERI) yordamida elektron roʻyxatdan oʻtish orqali kiritiladi.
15. Budjet buyurtmachilari Portalga davlat xaridlariga oid xaridlar reja-jadvallarini davlat xaridlari maxsus axborot portali orqali Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi va operator oʻrtasida axborot almashish yoʻli bilan joylashtiradi.
16. Portalda joylashtirilgan xaridlar reja-jadvali quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi kerak:
xarid predmeti va miqdori;
xarid qilish oyi;
buyurtmachining nomi va manzili;
xarid predmetini moliyalashtirish manbalari;
tovarlarni yetkazib berish muddatlari va shartlari.
17. Etkazib beruvchilar Portalga oʻzlari tomonidan ishlab chiqarilayotgan mahsulotlar toʻgʻrisida quyidagi maʼlumotlarni kiritadi:
taklif etilayotgan tovarlar (ishlar, xizmatlar) nomi va 10 ta belgidan iborat Tashqi iqtisodiy faoliyat tovar nomenklaturasining kodlari;
sotish narxi;
tovarning eng koʻp va eng kam hajmi;
tovarning rusumi va texnik parametrlari (texnik pasport yoki boshqa hujjat asosida);
oʻzlari ishlab chiqargan tovarning fotosurati;
tovar yetkazib beriladigan hudud;
kafolat shartlari va muddati haqida maʼlumot;
tovarning ishlab chiqarilgan yili;
tovarning yaroqlilik muddati;
yetkazib berish muddati;
zarur hollarda litsenziya, ruxsat etish xususiyatiga ega boshqa hujjat yoki sertifikat mavjudligi toʻgʻrisidagi axborot.
18. Buyurtmachi va yetkazib beruvchilar tomonidan Elektron kooperatsiya portaliga joylashtirilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligi, haqqoniyligi va mazmuni bilan bogʻliq huquqiy oqibatlar uchun operator javobgar boʻlmaydi.
19. Etkazib beruvchilarning oferta takliflarini xaridga kiritish portalga mazkur nizomning 17-bandida koʻrsatilgan maʼlumotlarni toʻliq kiritilgandan soʻng uch ish kuni davomida amalga oshiriladi.
5-bob. Elektron kooperatsiya portali orqali xaridlarni amalga oshirish tartibi
20. Moliya vazirligi operator uchun oʻzining axborot tizimida maxsus shaxsiy hisobvaraqlar ochadi va operatorga pul mablagʻlarini boshqarish vakolatini beradi.
21. Buyurtmachilar, budjet buyurtmachilardan tashqari, va yetkazib beruvchilar xaridlarda ishtirok etishdan oldin HKKPdagi shaxsiy hisobvaragʻiga tovar (ish va xizmatlar) boshlangʻich qiymatining 1,1 foizi miqdorida avansni joylashtiradi.
Avans shartnoma summasining 1 foizi miqdoridagi zakalat hamda shartnoma summasining 0,1 foizi miqdoridagi operatorning vositachilik yigʻimini oʻz ichiga oladi.
Bunda muntazam oʻtkaziladigan sanoat yarmarkalari doirasida xususiy tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida tuziladigan miqdori bazaviy hisoblash miqdorining yigirma besh ming baravarigacha boʻlgan shartnomalar boʻyicha ishtirokchilardan avans talab etilmaydi hamda ulardan vositachilik yigʻimi olinmaydi.
Korporativ buyurtmachilar va yetkazib beruvchilar oʻzlarining HKKPdagi hisobvaraqlarida avans toʻlovining miqdori yetarli boʻlgan hollarda Portalda tashkil etiladigan elektron xaridlarda ishtirok etish huquqiga ega boʻladilar.
Budjet buyurtmachilari esa ularning HKKPdagi hisobvaraqlarida operatorning vositachilik yigʻimi summasi miqdori mavjud boʻlgan taqdirda, elektron xaridlarda ishtirok etish huquqiga ega boʻladilar.
22. Buyurtmachilar (davlat buyurtmachilari bundan mustasno) Portalda tovar joylashtirgan yetkazib beruvchilar bilan avtomatik ravishda elektron tarzda shartnoma tuzadi.
Portalda roʻyxatdan oʻtkazilgan ishtirokchilarning hech biri dastlabki taklifdan pastroq narxni taklif qilmasa, Portal buyurtmachi va yetkazib beruvchi oʻrtasidagi bitimni roʻyxatdan oʻtkazadi.
Bunda xaridlar toʻxtatilishi muddati ish kuni va ish vaqtiga toʻgʻri kelishi lozim.
23. Davlat buyurtmachisi Portaldagi elektron tijorat platformasida yetkazib beruvchilarning ofertalarini oʻrganish yoʻli bilan oʻzi uchun zarur boʻlgan tovarni tanlaydi va tovar tanlanganidan keyin narxlar soʻrovi mexanizmidan foydalanadi.
Elektron kooperatsiya portali avtomatik tarzda ofertani taklif etgan yetkazib beruvchiga hamda ushbu portalda oʻxshash tovarni taklif etayotgan boshqa yetkazib beruvchilarga narx soʻrovini yuboradi.
Etkazib beruvchilar Elektron kooperatsiya portali tomonidan narx soʻrovi yuborilgan paytdan boshlab qirq sakkiz soat ichida pastroq narx takliflarini berishga haqli.
Etkazib beruvchilar tomonidan berilgan narx boʻyicha takliflarni taqqoslash Elektron kooperatsiya portali tomonidan avtomatik tarzda amalga oshiriladi.
Elektron kooperatsiya portalida shartnoma davlat buyurtmachisi tomonidan tanlangan yetkazib beruvchining ofertasida bayon etilgan shartlarga muvofiq hamda yetkazib beruvchilar tomonidan taklif etilgan eng past narxda shakllantiriladi.
24. Agar narx soʻrovi mobaynida ishtirokchi tomonidan taklif qilingan narx buyurtmachi tomonidan tanlangan narxdan 15 va undan ortiq foizga past boʻlsa, ishtirokchi buyurtmachi tomonidan tanlangan ofertaning narxi va oʻzi tomonidan taklif etilgan narxning farqi miqdoridagi qoʻshimcha zakalatni xarid predmetining har bir birligi uchun oldindan kiritishi shart.
Qoʻshimcha zakalat mavjud boʻlmagan taqdirda ushbu takliflar elektron tizim tomonidan avtomatik ravishda rad etiladi.
25. Portalda tuzilgan bitim elektron roʻyxatga olinadi, buyurtmachi va yetkazib beruvchining shaxsiy hisobvaragʻidan operatorning vositachilik toʻlovi yechib olinadi. Bitimni roʻyxatga olish ushbu portalda shartnomani shakllantirish va unga oʻziga xos raqam berish bilan amalga oshiriladi.
Buyurtmachi va yetkazib beruvchi oʻrtasida ERIdan foydalangan holda Elektron kooperatsiya portalida tuzilgan shartnoma tegishli shaklda tuzilgan hisoblanadi.
26. Operator davlat buyurtmachilarining shartnomalari boʻyicha maʼlumotni avtomatik rejimda davlat xaridlari maxsus axborot portaliga yuboradi. Davlat xaridlari maxsus axborot portali shartnoma maʼlumotlarini davlat buyurtmachilari tomonidan tuzilgan shartnomalar reyestriga kiritadi.
6-bob. Shartnomaviy majburiyatlar ijrosini taʼminlash tartibi
27. Buyurtmachilar (budjet buyurtmachilari bundan mustasno) hamda elektron xaridlarni amalga oshirish jarayonida eng maqbul narx taklif etgan yetkazib beruvchilar tomonidan kiritilgan zakalatlar taraflar oʻrtasida tuzilgan shartnomalar ijrosini taʼminlash maqsadida majburiyatlar toʻliq bajarilgunga yoki belgilangan tartibda bekor qilingunga qadar band qilib qoʻyiladi.
Shuningdek, ishtirokchilarning kiritgan avans toʻlovlari elektron xaridlarda gʻolib aniqlangunga qadar band qilib qoʻyiladi.
28. Portal orqali elektron xaridlarni amalga oshirish jarayonida ishtirokchilar oʻrtasida oldindan toʻlov shartlarisiz shartnomalar tuzilgan hollarda buyurtmachilar shartnoma tuzilgan kundan boshlab oʻn bank ish kuni mobaynida oʻzlarining HKKPdagi shaxsiy hisobvaragʻiga shartnoma summasining 100 foizi miqdoridagi pul mablagʻlarini oʻtkazishni taʼminlash majburiyatini oladi.
Portal orqali elektron xaridlarni amalga oshirish jarayonida ishtirokchilar oʻrtasida oldindan toʻlov shartlari bilan shartnomalar tuzilgan hollarda, buyurtmachilar shartnoma tuzilgan kundan boshlab oʻn bank ish kuni mobaynida oʻzlarining HKKPdagi shaxsiy hisobvaragʻiga shartnomada belgilangan oldindan toʻlov miqdoridagi summa oʻtkazilishini taʼminlash majburiyatini oladi.
Buyurtmachilar ushbu bandning birinchi-ikkinchi xatboshilarida keltirilgan majburiyatlarni belgilangan muddatlarda bajarmagan taqdirda, majburiyatni bajarish muddati tugagan kundan boshlab uch bank ish kuni mobaynida elektron shaklda majburiyatlar lozim darajada bajarilmayotganligi boʻyicha buyurtmachiga xabarnoma yuboradi va xabarnoma yuborilgandan keyingi besh bank ish kunidan soʻng buyurtmachilarning zakalat summasi mahsulot yetkazib beruvchilarning HKKPsidagi hisobvaraqlariga oʻtkazib beriladi.
29. HKKP buyurtmachidan elektron tijorat platformasi orqali tuzilgan shartnoma boʻyicha tushgan toʻlov summasini band qilib qoʻyadi va pul mablagʻlari tushgan kunning ertasidan bir ish kunidan kechikmagan muddatda elektron shaklda toʻlovni amalga oshirish boʻyicha yetkazib beruvchiga xabarnoma yuboradi.
Mazkur xabarnoma yetkazib beruvchiga tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) yetkazib berish uchun asos boʻlib xizmat qiladi.
Etkazib beruvchi tomonidan tovarlar (ishlar, xizmatlar) HKKP tomonidan toʻlov amalga oshirilishi toʻgʻrisidagi xabarnomasiz yetkazib berilgan taqdirda, buyurtmachi tomonidan tovarlar uchun toʻlovni amalga oshirmaslik xavfi yetkazib beruvchining zimmasida boʻladi.
Korporativ buyurtmachilar shartnoma boʻyicha tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) qabul qilgandan keyin uch bank ishi kuni mobaynida oʻzining shaxsiy kabineti orqali tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) toʻliq hajmda qabul qilganligini tasdiqlaydi.
Budjet buyurtmachilari shartnoma boʻyicha tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) qabul qilgandan soʻng uch bank ish kuni mobaynida tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) toʻliq hajmda qabul qilganlik toʻgʻrisidagi axborotni budjet tashkilotlarining hisobi va hisobotlari avtomatlashtirilgan tizimining dasturiy kompleksi (keyingi oʻrinlarda — OʻzBTAD) orqali Moliya vazirligining davlat moliyasini boshqarish axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — DMBAT)ga kiritadi.
Budjet buyurtmachilari shartnoma asosida tovarlar (ishlar, xizmatlar) yetkazib berilganligi haqidagi axborotni DMBAT olgandan soʻng ushbu maʼlumotlarni bir bank ish kuni mobaynida maʼlumotlar bazalarining elektron almashinuvi orqali Operatorga yuboradi.
30. Portal elektron xaridlarning yakunlariga koʻra buyurtmachilar va yetkazib beruvchilarning har biridan bitim summasining 0,1 foizi miqdoridagi operatorning vositachilik yigʻimini ushlab qoladi.
31. Ishtirokchilar va korporativ buyurtmachilarning bandi bekor qilingan pul mablagʻlaridan ularning topshiriqlariga asosan boshqa elektron davlat xaridlarida avans toʻlovlari sifatida foydalanilishi mumkin yoki xizmat koʻrsatadigan banklardagi ularning hisobvaraqlariga qaytariladi.
32. Tomonlar shartnomani bajarishni rad etganda yoki uni bajarishdan boshqacha tarzda bosh tortganda, buyurtmachi yoki yetkazib beruvchi sudga murojaat etish huquqiga ega.
33. Portal tomonidan amalga oshirilgan xarid qilish tartib-taomillarining boshqa turlari boʻyicha amalga oshirilgan xaridlar yuzasidan HKKP sudning qonuniy kuchga kirgan qarori yoki davlat xaridlari sohasidagi shikoyatlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiya qarori asosida zakalatni banddan yechishni va/yoki tegishli hisobvaraqqa oʻtkazishni amalga oshiradi.
Bunda HKKP yetkazib beruvchining zakalati jarima sifatida budjet buyurtmachisiga oʻtkazilishi toʻgʻrisida sudning qonuniy kuchga kirgan qarori yoki davlat xaridlari sohasidagi shikoyatlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiya qarori asosida zakalatni budjet buyurtmachisining budjetdan tashqari tegishli hisobvaragʻiga oʻtkazishni amalga oshiradi.
7-bob. Yakunlovchi qoida
34. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazining elektron kooperatsiya portalida axborotni joylashtirish va xaridlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida nizomga 1-ILOVA
Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazining elektron kooperatsiya portali faoliyatini takomillashtirishni tashkil etish
Bosqichlar Ijrochilar Amalga oshiriladigan chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Davlat bojxona qoʻmitasi, Davlat statistika qoʻmitasi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Mamlakatda ishlab chiqarilayotgan sanoat mahsulotlari (ishlar, xizmatlar) turlari, hajmi, texnik tavsiflari, sifat koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni; import qilinayotgan va eksportga yoʻnaltirilayotgan mahsulotlar turlari va hajmi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni; talab yuqori boʻlgan va oʻzlashtirilishi tavsiya etilgan import oʻrnini bosuvchi mahsulotlar roʻyxatini Elektron kooperatsiya portaliga joylashtirish. Har chorakda 2-bosqich Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Buyurtmachi va ishlab chiqaruvchilar oʻrtasida erkin raqobat va narx shaffofligi tamoyillari asosida masofadan turib shartnoma tuzish imkoniyatiga ega elektron tijorat platformasini takomillashtirish va doimiy ishlashini taʼminlash. Doimiy ravishda 3-bosqich Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Moliya vazirligi, davlat buyurtmachilari Kelgusi davr uchun davlat xaridlarining reja-jadvallari va davlat xaridlarining oʻtgan yildagi amaldagi hajmi, shu jumladan, import tovarlari xaridi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Elektron kooperatsiya portaliga joylashtirish. Hisobot davri yakuni boʻyicha 4-bosqich Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Davlat statistika qoʻmitasi, Savdo-sanoat palatasi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining hududiy boʻlinmalari Respublikada ishlab chiqarilayotgan sanoat mahsulotlarining hajmi va texnik parametrlari haqidagi maʼlumotlar toʻgʻri va haqqoniy kiritilishini taʼminlash va uni oʻz vaqtida yangilab borish. Doimiy ravishda 5-bosqich Ishlab chiqarishni mahalliylashtirish va sanoatda kooperatsiya aloqalarini kengaytirish masalalari boʻyicha hokimlarning yordamchilari, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Davlat statistika qoʻmitasi, Savdo-sanoat palatasi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining hududiy boʻlinmalari Amaldagi statistika hisobotlarida belgilangan tartibga muvofiq sanoat mahsulotlari ishlab chiqarish koʻrsatkichlari qayd etilmagan mahalliy ishlab chiqaruvchilarni aniqlash. Doimiy ravishda 6-bosqich Davlat soliq qoʻmitasi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazi Elektron kooperatsiya portali orqali tuzilgan shartnomalar yuzasidan yetkazib beruvchi tomonidan mahsulot yetkazilganligi toʻgʻrisida yuborilgan va tasdiqlangan elektron hisob-fakturalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Elektron kooperatsiya portaliga taqdim etish. Doimiy ravishda 7-bosqich Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Moliya vazirligi Budjet buyurtmachilari tomonidan shartnoma asosida tovarlar (ishlar, xizmatlar) yetkazib berilganligi haqidagi axborotni DMBAT olgandan soʻng ushbu maʼlumotlarni maʼlumotlar bazalarining elektron almashinuvi orqali Elektron kooperatsiya portaliga yuborish. Doimiy ravishda, bir bank ish kuni mobaynida 8-bosqich Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Moliya vazirligi, Adliya vazirligi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Davlat bojxona qoʻmitasi, Davlat statistika qoʻmitasi Elektron kooperatsiya portalini takomillashtirish hamda statistika, bojxona, sertifikatlashtirish, soliq, moliya organlari maʼlumotlar bazasi bilan integratsiyalash. Doimiy ravishda
Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazining elektron kooperatsiya portalida axborotni joylashtirish va xaridlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida Nizomga 2-ILOVA
1-jadval
Sanoat mahsulotlari ishlab chiqarish toʻgʻrisida
Mahsulot nomi va texnik parametrlar Texnik reglament, standart TIF TN kodi Mahsulotlarning (tovarlar, ishlar, xizmatlarning) statistik tasniflagich kodi Yuridik shaxsning nomi va joylashgan joyi (pochta manzili) Telefon raqami
2-jadval
Sanoat mahsulotlari ishlab chiqarish hajmi toʻgʻrisida
Mahsulot nomi va texnik parametrlar Texnik reglament, standart Mahsulotlarning (tovarlar, ishlar, xizmatlarning) statistik tasniflagich kodi Oʻlchov birligi Ishlab chiqarish hajmi Oʻrtacha yillik ishlab chiqarish quvvati miqdori hajmi, ming soʻm
3-jadval
Oʻzbekiston Respublikasining tashqi iqtisodiy faoliyati toʻgʻrisida
TIF TN kodi Mahsulot nomi Oʻlchov birligi Eksport hajmi Import hajmi miqdori ming AQSh dollari miqdori ming AQSh dollari
4. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 17-dekabrdagi 1009-son qarori bilan tasdiqlangan Sanoat kooperatsiyasi asosida tayyor mahsulotlar, butlovchi buyumlar va materiallar ishlab chiqarishni mahalliylashtirish dasturini shakllantirish, amalga oshirish va hisobot tizimini yuritish hamda ushbu jarayonda davlat boshqaruvi organlari va loyihalar tashabbuskorlarining oʻzaro hamkorlik qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 3-bandi oʻn birinchi xatboshisidagi “elektron kooperatsiya birjasi portali” soʻzlari “Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli transformatsiya markazining elektron kooperatsiya portali” soʻzlari bilan almashtirilsin.
6. Vazirlar Mahkamasining “Mahalliy ishlab chiqaruvchilarni qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 29-yanvardagi 41-son qarorida :
a) 3-bandda :
birinchi xatboshidagi “Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligiga” soʻzlari “Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligiga” soʻzlari bilan almashtirilsin;
ikkinchi xatboshidagi “Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi huzuridagi” soʻzlari “Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli tranformatsiya markazining” soʻzlari bilan almashtirilsin;
uchinchi xatboshidagi “Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi” soʻzlari chiqarib tashlansin;
b) 1-ilovaning 2-bandi toʻrtinchi xatboshisidagi “Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligining Elektron kooperatsiya portali markazi” soʻzlari “Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Raqamli tranformatsiya markazi” soʻzlari bilan almashtirilsin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 20-iyul,
392-son