📅 2022-yil 1-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 1-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 1 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 1 августа 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 1 August 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
ЖАДВАЛИ
Молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида кадрлар тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 24 декабрдаги ПҚ-61-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, Давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларини бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан келиб чиқиб молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларига молия йили учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажмини аниқлашда қўлланиладиган харажатларнинг базавий нормативлари;
молия йилида харажатларнинг базавий нормативларини қўллаш йўли билан молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасалари учун бюджет маблағлари ҳажмини ҳисоблаш тартиби;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларини молиялаштириш тартиби;
молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларига молия йили учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажмини харажатлар сметасида режалаштириш ҳамда молия йили давомида қайта кўриб чиқиш тартиби;
давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида таълим олаётган талабаларни ўқитишни молиялаштириш мақсадида буюртмачи ҳамда молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаси ўртасида имзоланадиган намунавий битим лойиҳаси.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Республика олий таълим кенгаши билан биргаликда:
ҳар йили, заруратдан келиб чиқиб, янги ўқув йили бошлангунига қадар, молиявий мустақиллик берилмаган давлат олий таълим муассасалари талабалари учун олий таълим муассасаларида ўқитишнинг ҳақиқий харажатларини инобатга олган ҳолда, таълим шакли ва йўналишлари бўйича тўлов-контракт асосида ўқитиш миқдорларини ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига тасдиқлашга киритишни таъминласин;
бир ой муддатда молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасалари томонидан тасдиқланган бюджетдан ташқари тўлов-контракт маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси доирасида харажат моддаларига мустақил равишда тегишли ўзгартиришлар киритишга «УзАСБО» дастурий мажмуаси мослаштирилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:
халқаро ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда олий таълим муассасаларини молиявий соғломлаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича «йўл харита»ларини ишлаб чиқиб, уларнинг олий таълим муассасалари Кузатув кенгашларида тасдиқланишини таъминласин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 августдаги 419-сон қарорига ИЛОВА
Молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларини бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан келиб чиқиб молиялаштириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида таълим олаётган талабаларни ўқитиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган маблағларни бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги), тури, босқичи ва шаклидан келиб чиқиб, ҳар бир давлат гранти асосидаги ўрин учун сарфланадиган харажатлар нормативини ҳисоблаш методологиясини, ажратилган маблағларни молиялаштириш ҳамда сарфлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом мақсадли маблағлар, шу жумладан талабаларга стипендия тўловлари, олий ўқув юртидан кейинги таълим харажатлари, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим ва ота-онасининг қаровисиз қолган талабалар моддий таъминоти бўйича харажатлар, капитал қўйилмалар харажатлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида ажратиладиган маблағлар миқдорларини аниқлаш учун қўлланилмайди.
3. Харажатларнинг базавий нормативлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида (кейинги ўринларда — ОТМ) бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги)дан келиб чиқиб, давлат гранти асосидаги ҳар бир ўрин учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажмини ҳисоблаш мақсадида қўлланилади.
4. Вазирлик ва идоралар ўз бўйсунувидаги ОТМ учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажмини харажатларнинг базавий нормативларини қўллаш йўли билан ҳисоблаб, навбатдаги молия йили учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонуни билан тасдиқланган маблағлар доирасида тақсимлайди.
5. Молия йили учун ОТМга ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажмини аниқлашда қуйидаги харажатларнинг базавий нормативлари қўлланилади:
а) профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлари, шу жумладан соатбай тўловлар, ягона ижтимоий тўлов ҳамда иш ҳақига тенглаштирилган бошқа турдаги тўловларни ўз ичига олувчи бир нафар талабани ўқитиш учун жорий харажатларнинг базавий нормативлари;
б) бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлари ҳамда иш ҳақига тенглаштирилган тўловларни ўз ичига олувчи бир нафар талабани ўқитиш учун жорий харажатларнинг базавий нормативлари;
в) ОТМни сақлаш билан боғлиқ бошқа жорий харажатлар (коммунал хизматлар, фойдаланиш ва ўқитиш харажатлари, жорий таъмирлаш, чиқимга оид материаллар ва кам баҳоли инвентарлар ва бошқа харажатлар) ҳамда асосий активларни харид қилиш ва капитал таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг базавий нормативлари.
6. Мазкур Низомнинг 5-банди «а» кичик бандида келтирилган базавий нормативлар бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари (тиббиёт олий таълим муассасаларида клиник ординатура мутахассисликлари ҳам қўшилади) бўйича алоҳида ушбу Низомга 1-иловада келтирилган жадвал асосида аниқланади.
7. Мазкур низомнинг 5-банди «б» кичик бандида келтирилган базавий нормативлар миқдори мазкур Низомнинг 5-банди «а» кичик бандида келтирилган базавий нормативларга мувофиқ ҳисобланган ОТМ учун жами сумманинг йиғиндисига нисбатан 20 фоиз миқдорида белгиланади.
8. Мазкур Низомнинг 5-банди «в» кичик бандида келтирилган базавий нормативлар миқдори мазкур Низомнинг 5-банди «а» ва «б» кичик бандларида келтирилган базавий нормативларга мувофиқ ҳисобланган ОТМ учун жами сумманинг йиғиндисига нисбатан 10 фоиз миқдорида белгиланади.
2-боб. Харажатларнинг базавий нормативларини қўллаш йўли билан олий таълим муассасаси учун бюджет маблағлари ҳажмини ҳисоблаш
9. ОТМга ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажмининг ҳисоби қуйидаги формула асосида амалга оширилади:
с а б БМҲ = (Σ(БНХ i * N Б-i ) + ΣМНХ i * N М-i ) + Σ(ОНХ i * N О-i )) + ШНХ + БСНХ
Бунда:
БМҲ — ОТМга жорий молия йили учун ажратиладиган жами бюджет маблағлари ҳажми;
i — бакалавриат бўйича таълим соҳалари ва йўналишлари ҳамда магистратура (клиник ординатура) мутахассисликлари номи;
БНХi — i бакалавриат таълим йўналиши бўйича профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш билан боғлиқ харажатларини ўз ичига олувчи бир нафар талаба учун харажатларнинг базавий нормативи;
ОНХi — i клиник ординатура мутахассислиги бўйича профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш билан боғлиқ харажатларини ўз ичига олувчи бир нафар талаба учун харажатларнинг базавий нормативи;
ШНХ — ОТМнинг бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш билан боғлиқ харажатларини ўз ичига олувчи бир нафар талаба учун харажатларнинг базавий нормативи;
БСНХ — бошқа сақлаш харажатлари ҳамда асосий активларни харид қилиш ва капитал таъмирлаш учун ажратиладиган харажатларнинг базавий нормативи;
NБ-i, NM-i ва NО-i — i бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги) бўйича ўртача йиллик талабалар сони (Б-бакалавр, М-магистр, О-клиник ординатор).
Бунда, ОТМда таълим бакалавриат йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) бўйича талабаларнинг ўртача йиллик сони — молия йилида режалаштириладиган талабалар сонининг ўзгаришини инобатга олган ҳолда аниқланади (битирув ва қабул ўртасидаги фарқ) ва қуйидаги формула асосида ҳисобланади (ўртача йиллик кўрсаткичларни ҳисоблашда сиртқи таълим шакли талабалари учун 0,1 коэффициент, тўлиқ бўлмаган таълим гранти таълим шакли талабалари учун 0,5 коэффициент қўлланилади).
Бунда, талабаларнинг ўртача йиллик сони бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари (тиббиёт олий таълим муассасаларида клиник ординатура мутахассисликлари) бўйича алоҳида-алоҳида ҳисобланади:
N = Тйб + Тқ/3 — Тб/2
Бунда:
N — давлат гранти асосида ўртача йиллик талабалар сони;
Т йб — йил бошига талабалар сони;
Т қ — молия йили давомида талабаларни қабул қилишнинг кутилаётган сони муайян давр учун қабул қилинган қабул кўрсаткичлари (Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг тегишли қарори бўйича);
Т б — молия йили давомида битирувчи талабаларнинг кутилаётган сони.
3-боб. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан олий таълим муассасасини молиялаштириш тартиби
10. Давлат буюртмасини бажаришни молиялаштириш, мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ «Буюртмачи (вазирлик, идора) ҳамда олий таълим муассасаси ўртасидаги давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида таълим олаётган талабаларни ўқитишни молиялаштириш бўйича Намунавий битим»га (кейинги ўринларда — Битим) мувофиқ амалга оширилади.
Бунда, ҳар молия йили учун вазирлик ва идоралар томонидан мазкур Низомда белгиланган тартибда ўз бўйсунувидаги ОТМ учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажми ҳисобланганидан сўнг бўйсунуви бўйича тегишли буюртмачи (вазирлик, идора) ва ОТМ ўртасида Битим имзоланади.
11. Битим имзолангандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 18-боби ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ОТМ бюджет маблағлари бўйича харажатлар сметасини шакллантиради ва тасдиқлайди.
12. ОТМнинг бюджет маблағлари бўйича харажатлар сметасини тузишда:
а) давлат буюртмаси асосида таълим олаётган талабалар учун базавий нормативларга мувофиқ ҳисобланган бюджет маблағлари миқдори бюджет тизими бюджетлари харажатларининг иқтисодий таснифи бўйича 48 21 190 «Бошқа харажатлар» харажатлар моддасида бир сатрда, йилнинг чораклари ва ойлари кесимида режалаштирилган ҳолда акс эттирилади;
б) мақсадли маблағлар, шу жумладан:
амалдаги стипендиялар миқдорлари ва стипендия билан таъминлаш тартибига мувофиқ тўланадиган стипендия харажатлари;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим ва ота-онасининг қаровисиз қолган ОТМ талабаларининг моддий таъминоти бўйича харажатлари;
олий таълимдан кейинги таълим, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, капитал қўйилмалар харажатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида ажратиладиган бошқа мақсадли маблағлар ОТМнинг бюджет маблағлари бўйича харажатлар сметасида бюджет тизими бюджетлари харажатлари иқтисодий таснифининг тегишли харажат моддалари кесимида акс эттирилади.
13. Давлат буюртмаси асосида таълим олаётган талабалар учун ажратилган маблағлар (мақсадли маблағлар бундан мустасно) ОТМнинг бюджетдан ташқари (тўлов-контракт) маблағлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади ҳамда ОТМнинг бюджетдан ташқари (тўлов-контракт) маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар сметасининг даромад қисмида алоҳида қаторда акс эттирилади.
Ҳисобот даври охирида маблағларнинг қолдиғи олий таълим муассасасининг ихтиёрида қолдирилади.
14. Бюджет маблағлари бўйича харажатлар сметасида режалаштирилган мақсадли маблағларнинг ишлатилмай қолган қисми молия йили охирида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилади, қонунчилик ҳужжатларида алоҳида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.
15. ОТМнинг бюджетдан ташқари (тўлов-контракт) маблағларини режалаштириш (даромадлар ва харажатлар сметасини тузиш) ва харажатларни амалга ошириш ОТМнинг Кузатув кенгаши томонидан муҳокама қилинган ва тасдиқланган бизнес-режаларига мувофиқ тегишли харажатларни молиялаштиришнинг кетма-кетлиги таъминланган ҳолда амалга оширилади.
Молия йили давомида бюджетдан ташқари (тўлов-контракт) маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришларни киритиш ОТМ томонидан «УзАСБО» дастурий мажмуаси орқали мустақил равишда амалга оширилади.
16. Жорий йил учун ОТМга қабул параметрлари тасдиқлангандан сўнг молия йили бошида ОТМ учун давлат буюртмаси сифатида режалаштирилган грант асосида ўқитиш қабул параметрига зарурат туғилганда (ҳақиқий параметр режалаштирилган параметрдан кам ёки кўп бўлганда) ҳар бир ОТМга давлат гранти асосидаги ўринлар учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажми қайта кўриб чиқилади ва белгиланган тартибда ўзгартириш киритилади.
Бунда, ОТМнинг ҳар йили 1 ноябрь ҳолатига давлат буюртмаси асосида ўқиётган ўртача йиллик талабалар сонининг жорий йил учун йиллик режалаштирилган ўртача талабалар сонига нисбатан ўзгариши 3 фоиздан юқори бўлган тақдирда, базавий нормативларга мувофиқ ҳисобланган бюджет маблағлари миқдорига тегишли ўзгартириш киритилиши мумкин. Мазкур ўзгаришга қараб буюртмачи ҳамда ОТМ ўртасида имзоланган Битимга қўшимча келишув имзоланади.
Ўртача талабалар сонининг жорий йил учун режалаштирилган талабалар сонига нисбатан ўзгаришлар 3 фоизгача бўлганда, жорий йил учун базавий нормативларга мувофиқ ҳисобланган бюджет маблағлари миқдорлари ўзгартирилмайди.
Ушбу ўзгартиришлар тизимида ОТМ бўлган Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари доирасида амалга оширилади.
17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ҳамда қарорларига асосан молия йили давомида ходимлар иш ҳақи миқдорлари ошганда, бир нафар талаба учун харажатларнинг базавий нормативлари қолган давр учун қайта кўриб чиқилади ҳамда қўшимча маблағ белгиланган тартибда ажратилади.
18. ОТМнинг бошқа юридик ва жисмоний шахслар олдида юзага келган кредитор қарздорлиги мазкур ОТМнинг ўз маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда қопланади.
4-боб. Якуний қоидалар
19. ОТМнинг базавий нормативларини ҳисоблаб чиқиш ҳамда харажатлар сметасининг тўғри тузилиши ва рўйхатдан ўтказилиши учун тақдим этган ҳисоб-китобларида кўрсатилган барча ишлаб чиқариш кўрсаткичлари (талабалар ва битирувчилар сони, майдони, кубатураси, сарфланаётган коммунал хизматлар бўйича натурал кўрсаткичлар ҳажми ва улар бўйича харажатларнинг тасдиқланган харажатлар сметасига ва паспорт маълумотига, шартномаларга ва ҳоказоларга мослиги)нинг тўғрилиги ва асосланганлиги учун амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ОТМ раҳбари, бош бухгалтери ва режа-молия бўлими бошлиғи шахсан жавобгар ҳисобланади.
20. Давлат молиявий назорати инспекцияси, вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизматлари ҳамда Кузатув кенгашлари ОТМ томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиниши устидан назоратни таъминлайди, тақдим этилган миқдорий кўрсаткичлари, шунингдек, ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг тўғрилиги ва улардан харажатларнинг базавий нормативларини ҳисоблашда фойдаланилиши устидан молиявий назоратни амалга оширади.
21.Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳап этилади.
22. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларини бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан келиб чиқиб молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Олий таълим муассасаларида таълим соҳалари блоклари бўйича профессор-ўқитувчилар таркиби меҳнатига ҳақ тўлаш харажатларини ўз ичига олувчи бир нафар талабани ўқитиш учун жорий харажатларнинг базавий нормативларини аниқлаш
Т/р (i) Таълим соҳалари ва йўналишлари (мутахассисликлари) номи Бакалавриат (магистратура, клиник ординатура) Бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган талабалар сони нисбати* Профессор-ўқитувчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи** (минг сўм) Профессор-ўқитувчилар йиллик иш ҳақи фонди ажратмаси билан (минг сўм) Профессор-ўқитувчилар йиллик соатбай фонди ажратмаси билан (4%) (минг сўм) Моддий рағбатлантириш жамғармаси ажратмаси билан (15%) (минг сўм) БНХ i (МНХi ОНХ i ) (минг сўм) А 1 2 3 4 = ( 3-уст. х 12 ой х 1,12 ) / 2-уст. 5 = 4-уст. х 0,04 6 = 4-уст. х 0,15 7 = 4-уст. + 5-уст. + 6-уст.
Молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларини бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан келиб чиқиб молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Буюртмачи (вазирлик, идора) хамда олий таълим муассасаси ўртасида давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида таълим олаётган талабаларни ўқитишни молиялаштириш бўйича НАМУНАВИЙ БИТИМ ЛОЙИҲАСИ № ______________ Тошкент ш. «___» __________ 20___ йил ___________________________________________________________________________________ номидан (вазирлик ёки идора) (кейинги ўринларда — Кадр буюртмачиси) Низом асосида ҳаракат қилувчи ______________________________ __________________________________________ бир тарафдан ҳамда ________________________________ (раҳбарнинг фамилияси, исми ва отасининг номи, лавозими) _____________________________ номидан (кейинги ўринларда — «Ижрочи») Устав асосида ҳаракат қилувчи олий таълим муассасаси ректори ______________________________________ иккинчи тарафдан мутахассис тайёрлаш бўйича мазкур битимни (бундан буён Шартнома деб юритилади) қуйидагилар ҳақида туздилар. 1. Шартнома предмети ва томонларнинг умумий мажбуриятлари 1.1. Ижрочи Кадр буюртмачиси талаблари асосида Давлат таълим стандартларига мувофиқ мазкур шартноманинг иловасига мувофиқ бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича давлат буюртмаси асосида мутахассис кадрлар тайёрлашга оид таълим хизматлари кўрсатиш мажбуриятини олади. 1.2. Кадр буюртмачиси Ижрочига ушбу шартномага асосан белгиланган нормативларга мувофиқ ҳисоблаб чиқилган давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида таълим олаётган талабаларни ўқитиш харажатларини тўлиқ тўлаб беради. 2. Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари 2.1. Ижрочининг ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат: Кадр буюртмачиси билан келишилган ҳолда мустақил равишда давлат таълим стандартлари ҳамда ўқув режаси бўйича ўқитиш жараёнини амалга ошириш; амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда Ижрочининг ички ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиш; Кадр буюртмачисидан мазкур Шартноманинг 1,2-бандида назарда тутилган ўқитиш харажатларини тўлиқ тўлаб берилишини талаб қилиш. 2.2. Кадр буюртмачисининг ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат: Ижрочидан мазкур Шартноманинг 1.1-бандида назарда тутилган таълим хизматлари талаб даражасида ташкил этилишига оид маълумотларни олиш; таълим хизматларини ташкил этишга оид таклифлар бериш. 2.3. Ижрочининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат: мазкур Шартноманинг 1.1-бандида назарда тутилган таълим хизматларини талаб даражасида ташкил этиш ва кўрсатилишини таъминлаш; Кадр буюртмачисининг юридик манзили ёки жойлашган жойи ўзгариши, Молия вазирлиги Ғазначилигидаги шахсий ҳисобварақлари, фаолияти қайта ташкил қилиниши ва тугатилиши тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш; таълим хизматларини кўрсатиш учун молиялаштириш (тасдиқланган харажатлар сметасини)ни Кадр буюртмачисидан қабул қилиш. 2.4. Буюртмачининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат: Ижрочи томонидан кўрсатилган таълим хизматлари учун ушбу шартноманинг 1.2-банди асосида белгиланган миқдор ва тартибда ўз вақтида тўловни амалга ошириш; Ижрочи юридик манзили ёки жойлашган жойининг ўзгариши, банк реквизитлари, фаолияти қайта ташкил қилиниши ва тугатилиши тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш; Ижрочига ушбу шартнома бўйича таълим хизматлари кўрсатиш учун молиялаштириш (тасдиқланган харажатлар сметаси)ни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхасини тақдим этиш. 3. Томонларнинг жавобгарлиги 3.1. Томонлар ушбу шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаган ёки маълум даражада бажармаган ҳолларда, улар Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ жавобгар ҳисобланади. 3.2. Томонлар ушбу шартнома бўйича форс-мажор ҳолатлари, шу жумладан амалдаги қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар, мажбуриятларни бажаришга халақит берадиган қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинган ҳолларда, мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгарликдан озод қилинади. Бундай ҳолатлар юзага келганда, ушбу Шартнома шартларини бажара олмайдиган томон мажбуриятни ўн кун ичида бошқа томонга хабардор қилиши ва ушбу шартнома шартларини бажарилиши томонларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин. 3.3. Агар таълим хизматлари кўрсатишда камчиликлар аниқланса, шу жумладан таълим дастурининг тўлиқ таъминланмаганлиги (ўқув дастурининг қисмига кўра) аниқланса, Кадр буюртмачиси Ижрочидан қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли: таълим хизматларини бепул тақдим этиш; таълим хизматларининг нархларини мос равишда пасайтириш; кўрсатилган таълим хизмати юзасидан камчиликларини бартараф этиш харажатларини қоплаш. 3.4. Кадр буюртмачиси, агар Ижрочи тақдим этилган таълим хизматида нуқсон ёки шартнома шартларига номувофиқлик аниқланса, шартномани бажаришни рад этишга ва етказилган зарарнинг тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли. 4. Шартноманинг амал қилиш муддати ва бошқа шартлари 4.1.Ушбу Шартнома уни томонлар имзолаган кундан бошлаб кучга киради ва 20 йил 31 декабргача амал қилади. 4.2. Ушбу шартноманинг амал қилиш муддати тугатилганлиги томонларнинг Шартнома шартларини бузганликлари учун жавобгарликдан озод қилмайди. 4.3. Ушбу Шартнома томонларнинг ёзма равишда келишуви бўйича ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. 4.4. Томонлар ўзаро келишувга биноан ушбу Шартномани муддатидан олдин бекор қилишга ҳақлидирлар. 4.5. Ижрочи, мазкур шартноманинг 4.4.-бандида кўрсатилган ҳолатларга қўшимча равишда, ушбу шартномани исталган вақтда ёзма равишда, Буюртмачини 30 кун олдин хабардор қилиб, бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга. 4.6. Шартнома қуйидаги ҳолатларда муддатидан олдин бекор қилинади: Ижрочи фаолияти белгиланган тартибда тугатилганда; Ижрочига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш юритишни жорий этиш ёки Ижрочи тўловга қобилиятсиз деб топилганда (банкрот деб эълон қилинганда). 4.7. Томонларнинг ушбу Шартнома шартларини тўлиқ ёки қисман бажармаслиги Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, шартномани бекор қилиш учун асос бўлади. 4.8. Ижрочи ушбу шартномани муддатидан олдин бекор қилишни талаб қилишга ҳақли. 4.9. Ижрочи ушбу шартноманинг 1.1-бандига мувофиқ мажбуриятни бажармаган ҳолатларда Буюртмачи ушбу шартномани муддатидан олдин бекор қилишни талаб қилишга ҳақли. 5. Низоларни ҳал қилиш 5.1. Шартнома матнида келтирилмаган масалалар бўйича томонлар ўртасида юзага келадиган барча келишмовчиликлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига асосан музокаралар йўли билан ҳал қилинади. 5.2. Музокаралар пайтида низолар ҳал этилмаган тақдирда келишмовчиликлар суд томонидан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида белгиланган тартибда ҳал қилинади. 6. Якуний қоидалар 6.1. Ушбу Шартнома бир хил юридик кучга эга бўлган 2 нусхада тузилган. 6.2. Томонларнинг номи, манзили, ғазначилик шахсий ҳисобварақлари, почта ва бошқа маълумотлари ўзгариши ҳолатларини иккинчи томонга ўз вақтида маълум қилмаслиги ҳисобига етказилган зарарлар учун жавобгарлик хабар беришни кечиктиришга сабабчи бўлган томон зиммасига юкланади. 7. Томонларнинг юридик манзиллари: Буюртмачининг реквизитлари: Вазирлик ва идора раҳбари (вазир, раис, директор) _______________________________Ф.И.О Ижрочининг реквизитлари: Олий таълим муассасаси ректори _______________________________Ф.И.О
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 1 август,
419-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
JADVALI
Moliyaviy mustaqillik berilgan davlat oliy taʼlim muassasalarida davlat buyurtmasi (davlat granti) asosida kadrlar tayyorlash uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan moliyalashtirish tartibini tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat oliy taʼlim muassasalariga moliyaviy mustaqillik berish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 24-dekabrdagi PQ-61-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, Davlat budjeti mablagʻlaridan samarali foydalanish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Moliyaviy mustaqillik berilgan davlat oliy taʼlim muassasalarini bir talaba uchun toʻgʻri keladigan oʻrtacha xarajat miqdoridan kelib chiqib moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim muassasalariga moliya yili uchun ajratiladigan budjet mablagʻlari hajmini aniqlashda qoʻllaniladigan xarajatlarning bazaviy normativlari;
moliya yilida xarajatlarning bazaviy normativlarini qoʻllash yoʻli bilan moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim muassasalari uchun budjet mablagʻlari hajmini hisoblash tartibi;
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim muassasalarini moliyalashtirish tartibi;
moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim muassasalariga moliya yili uchun ajratiladigan budjet mablagʻlari hajmini xarajatlar smetasida rejalashtirish hamda moliya yili davomida qayta koʻrib chiqish tartibi;
davlat buyurtmasi (davlat granti) asosida taʼlim olayotgan talabalarni oʻqitishni moliyalashtirish maqsadida buyurtmachi hamda moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim muassasasi oʻrtasida imzolanadigan namunaviy bitim loyihasi.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Respublika oliy taʼlim kengashi bilan birgalikda:
har yili, zaruratdan kelib chiqib, yangi oʻquv yili boshlanguniga qadar, moliyaviy mustaqillik berilmagan davlat oliy taʼlim muassasalari talabalari uchun oliy taʼlim muassasalarida oʻqitishning haqiqiy xarajatlarini inobatga olgan holda, taʼlim shakli va yoʻnalishlari boʻyicha toʻlov-kontrakt asosida oʻqitish miqdorlarini ishlab chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish boʻyicha davlat komissiyasiga tasdiqlashga kiritishni taʼminlasin;
bir oy muddatda moliyaviy mustaqillik berilgan davlat oliy taʼlim muassasalari tomonidan tasdiqlangan budjetdan tashqari toʻlov-kontrakt mablagʻlar boʻyicha daromadlar va xarajatlar smetasi doirasida xarajat moddalariga mustaqil ravishda tegishli oʻzgartirishlar kiritishga “UzASBO” dasturiy majmuasi moslashtirilishini taʼminlasin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda uch oy muddatda:
xalqaro tashkilotlar ekspertlarini jalb qilgan holda oliy taʼlim muassasalarini moliyaviy sogʻlomlashtirish va samaradorligini oshirish boʻyicha “yoʻl xarita”larini ishlab chiqib, ularning oliy taʼlim muassasalari Kuzatuv kengashlarida tasdiqlanishini taʼminlasin;
oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.X. Toshkulov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 1-avgustdagi 419-son qaroriga ILOVA
Moliyaviy mustaqillik berilgan davlat oliy taʼlim muassasalarini bir talaba uchun toʻgʻri keladigan oʻrtacha xarajat miqdoridan kelib chiqib moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom moliyaviy mustaqillik berilgan davlat oliy taʼlim muassasalarida davlat buyurtmasi (davlat granti) asosida taʼlim olayotgan talabalarni oʻqitish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan ajratiladigan mablagʻlarni bakalavriat taʼlim yoʻnalishi (magistratura mutaxassisligi), turi, bosqichi va shaklidan kelib chiqib, har bir davlat granti asosidagi oʻrin uchun sarflanadigan xarajatlar normativini hisoblash metodologiyasini, ajratilgan mablagʻlarni moliyalashtirish hamda sarflash tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom maqsadli mablagʻlar, shu jumladan talabalarga stipendiya toʻlovlari, oliy oʻquv yurtidan keyingi taʼlim xarajatlari, pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish, toʻliq davlat taʼminotida boʻlgan yetim va ota-onasining qarovisiz qolgan talabalar moddiy taʼminoti boʻyicha xarajatlar, kapital qoʻyilmalar xarajatlari va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasi qarorlari asosida ajratiladigan mablagʻlar miqdorlarini aniqlash uchun qoʻllanilmaydi.
3. Xarajatlarning bazaviy normativlari Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti mablagʻlari hisobidan moliyaviy mustaqillik berilgan davlat oliy taʼlim muassasalarida (keyingi oʻrinlarda — OTM) bakalavriat taʼlim yoʻnalishi (magistratura mutaxassisligi)dan kelib chiqib, davlat granti asosidagi har bir oʻrin uchun ajratiladigan budjet mablagʻlari hajmini hisoblash maqsadida qoʻllaniladi.
4. Vazirlik va idoralar oʻz boʻysunuvidagi OTM uchun ajratiladigan budjet mablagʻlari hajmini xarajatlarning bazaviy normativlarini qoʻllash yoʻli bilan hisoblab, navbatdagi moliya yili uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti toʻgʻrisidagi Qonuni bilan tasdiqlangan mablagʻlar doirasida taqsimlaydi.
5. Moliya yili uchun OTMga ajratiladigan budjet mablagʻlari hajmini aniqlashda quyidagi xarajatlarning bazaviy normativlari qoʻllaniladi:
a) professor-oʻqituvchilar mehnatiga haq toʻlash va ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlari, shu jumladan soatbay toʻlovlar, yagona ijtimoiy toʻlov hamda ish haqiga tenglashtirilgan boshqa turdagi toʻlovlarni oʻz ichiga oluvchi bir nafar talabani oʻqitish uchun joriy xarajatlarning bazaviy normativlari;
b) boshqaruv, texnik, xizmat koʻrsatuvchi va oʻquv-yordamchi xodimlarning mehnatiga haq toʻlash va ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlari hamda ish haqiga tenglashtirilgan toʻlovlarni oʻz ichiga oluvchi bir nafar talabani oʻqitish uchun joriy xarajatlarning bazaviy normativlari;
v) OTMni saqlash bilan bogʻliq boshqa joriy xarajatlar (kommunal xizmatlar, foydalanish va oʻqitish xarajatlari, joriy taʼmirlash, chiqimga oid materiallar va kam baholi inventarlar va boshqa xarajatlar) hamda asosiy aktivlarni xarid qilish va kapital taʼmirlash uchun ajratiladigan mablagʻlarning bazaviy normativlari.
6. Mazkur Nizomning 5-bandi “a” kichik bandida keltirilgan bazaviy normativlar bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari hamda magistratura mutaxassisliklari (tibbiyot oliy taʼlim muassasalarida klinik ordinatura mutaxassisliklari ham qoʻshiladi) boʻyicha alohida ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan jadval asosida aniqlanadi.
7. Mazkur nizomning 5-bandi “b” kichik bandida keltirilgan bazaviy normativlar miqdori mazkur Nizomning 5-bandi “a” kichik bandida keltirilgan bazaviy normativlarga muvofiq hisoblangan OTM uchun jami summaning yigʻindisiga nisbatan 20 foiz miqdorida belgilanadi.
8. Mazkur Nizomning 5-bandi “v” kichik bandida keltirilgan bazaviy normativlar miqdori mazkur Nizomning 5-bandi “a” va “b” kichik bandlarida keltirilgan bazaviy normativlarga muvofiq hisoblangan OTM uchun jami summaning yigʻindisiga nisbatan 10 foiz miqdorida belgilanadi.
2-bob. Xarajatlarning bazaviy normativlarini qoʻllash yoʻli bilan oliy taʼlim muassasasi uchun budjet mablagʻlari hajmini hisoblash
9. OTMga ajratiladigan budjet mablagʻlari hajmining hisobi quyidagi formula asosida amalga oshiriladi:
s a b BMH = (Σ(BNX i * N B-i ) + ΣMNX i * N M-i ) + Σ(ONX i * N O-i )) + SHNX + BSNX
Bunda:
BMH — OTMga joriy moliya yili uchun ajratiladigan jami budjet mablagʻlari hajmi;
i — bakalavriat boʻyicha taʼlim sohalari va yoʻnalishlari hamda magistratura (klinik ordinatura) mutaxassisliklari nomi;
BNXi — i bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha professor-oʻqituvchilar mehnatiga haq toʻlash va ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlarini oʻz ichiga oluvchi bir nafar talaba uchun xarajatlarning bazaviy normativi;
ONXi — i klinik ordinatura mutaxassisligi boʻyicha professor-oʻqituvchilar mehnatiga haq toʻlash va ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlarini oʻz ichiga oluvchi bir nafar talaba uchun xarajatlarning bazaviy normativi;
SHNX — OTMning boshqaruv, texnik, xizmat koʻrsatuvchi va oʻquv-yordamchi xodimlarning mehnatiga haq toʻlash va ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlarini oʻz ichiga oluvchi bir nafar talaba uchun xarajatlarning bazaviy normativi;
BSNX — boshqa saqlash xarajatlari hamda asosiy aktivlarni xarid qilish va kapital taʼmirlash uchun ajratiladigan xarajatlarning bazaviy normativi;
NB-i, NM-i va NO-i — i bakalavriat taʼlim yoʻnalishi (magistratura mutaxassisligi) boʻyicha oʻrtacha yillik talabalar soni (B-bakalavr, M-magistr, O-klinik ordinator).
Bunda, OTMda taʼlim bakalavriat yoʻnalishlari (magistratura mutaxassisliklari) boʻyicha talabalarning oʻrtacha yillik soni — moliya yilida rejalashtiriladigan talabalar sonining oʻzgarishini inobatga olgan holda aniqlanadi (bitiruv va qabul oʻrtasidagi farq) va quyidagi formula asosida hisoblanadi (oʻrtacha yillik koʻrsatkichlarni hisoblashda sirtqi taʼlim shakli talabalari uchun 0,1 koeffitsiyent, toʻliq boʻlmagan taʼlim granti taʼlim shakli talabalari uchun 0,5 koeffitsiyent qoʻllaniladi).
Bunda, talabalarning oʻrtacha yillik soni bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari (tibbiyot oliy taʼlim muassasalarida klinik ordinatura mutaxassisliklari) boʻyicha alohida-alohida hisoblanadi:
N = Tyb + Tq/3 — Tb/2
Bunda:
N — davlat granti asosida oʻrtacha yillik talabalar soni;
T yb — yil boshiga talabalar soni;
T q — moliya yili davomida talabalarni qabul qilishning kutilayotgan soni muayyan davr uchun qabul qilingan qabul koʻrsatkichlari (Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim tashkilotlariga qabul qilish boʻyicha davlat komissiyasining tegishli qarori boʻyicha);
T b — moliya yili davomida bitiruvchi talabalarning kutilayotgan soni.
3-bob. Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan oliy taʼlim muassasasini moliyalashtirish tartibi
10. Davlat buyurtmasini bajarishni moliyalashtirish, mazkur Nizomga 2-ilovaga muvofiq “Buyurtmachi (vazirlik, idora) hamda oliy taʼlim muassasasi oʻrtasidagi davlat buyurtmasi (davlat granti) asosida taʼlim olayotgan talabalarni oʻqitishni moliyalashtirish boʻyicha Namunaviy bitim”ga (keyingi oʻrinlarda — Bitim) muvofiq amalga oshiriladi.
Bunda, har moliya yili uchun vazirlik va idoralar tomonidan mazkur Nizomda belgilangan tartibda oʻz boʻysunuvidagi OTM uchun ajratiladigan budjet mablagʻlari hajmi hisoblanganidan soʻng boʻysunuvi boʻyicha tegishli buyurtmachi (vazirlik, idora) va OTM oʻrtasida Bitim imzolanadi.
11. Bitim imzolangandan soʻng Oʻzbekiston Respublikasi Budjet kodeksining 18-bobi hamda qonunchilik hujjatlariga muvofiq OTM budjet mablagʻlari boʻyicha xarajatlar smetasini shakllantiradi va tasdiqlaydi.
12. OTMning budjet mablagʻlari boʻyicha xarajatlar smetasini tuzishda:
a) davlat buyurtmasi asosida taʼlim olayotgan talabalar uchun bazaviy normativlarga muvofiq hisoblangan budjet mablagʻlari miqdori budjet tizimi budjetlari xarajatlarining iqtisodiy tasnifi boʻyicha 48 21 190 “Boshqa xarajatlar” xarajatlar moddasida bir satrda, yilning choraklari va oylari kesimida rejalashtirilgan holda aks ettiriladi;
b) maqsadli mablagʻlar, shu jumladan:
amaldagi stipendiyalar miqdorlari va stipendiya bilan taʼminlash tartibiga muvofiq toʻlanadigan stipendiya xarajatlari;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq toʻliq davlat taʼminotida boʻlgan yetim va ota-onasining qarovisiz qolgan OTM talabalarining moddiy taʼminoti boʻyicha xarajatlari;
oliy taʼlimdan keyingi taʼlim, pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish, kapital qoʻyilmalar xarajatlari hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasi qarorlari asosida ajratiladigan boshqa maqsadli mablagʻlar OTMning budjet mablagʻlari boʻyicha xarajatlar smetasida budjet tizimi budjetlari xarajatlari iqtisodiy tasnifining tegishli xarajat moddalari kesimida aks ettiriladi.
13. Davlat buyurtmasi asosida taʼlim olayotgan talabalar uchun ajratilgan mablagʻlar (maqsadli mablagʻlar bundan mustasno) OTMning budjetdan tashqari (toʻlov-kontrakt) mablagʻlari boʻyicha shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkaziladi hamda OTMning budjetdan tashqari (toʻlov-kontrakt) mablagʻlari boʻyicha daromadlar va xarajatlar smetasining daromad qismida alohida qatorda aks ettiriladi.
Hisobot davri oxirida mablagʻlarning qoldigʻi oliy taʼlim muassasasining ixtiyorida qoldiriladi.
14. Budjet mablagʻlari boʻyicha xarajatlar smetasida rejalashtirilgan maqsadli mablagʻlarning ishlatilmay qolgan qismi moliya yili oxirida belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetiga qaytariladi, qonunchilik hujjatlarida alohida belgilangan holatlar bundan mustasno.
15. OTMning budjetdan tashqari (toʻlov-kontrakt) mablagʻlarini rejalashtirish (daromadlar va xarajatlar smetasini tuzish) va xarajatlarni amalga oshirish OTMning Kuzatuv kengashi tomonidan muhokama qilingan va tasdiqlangan biznes-rejalariga muvofiq tegishli xarajatlarni moliyalashtirishning ketma-ketligi taʼminlangan holda amalga oshiriladi.
Moliya yili davomida budjetdan tashqari (toʻlov-kontrakt) mablagʻlar boʻyicha daromadlar va xarajatlar smetasiga tegishli oʻzgartirishlarni kiritish OTM tomonidan “UzASBO” dasturiy majmuasi orqali mustaqil ravishda amalga oshiriladi.
16. Joriy yil uchun OTMga qabul parametrlari tasdiqlangandan soʻng moliya yili boshida OTM uchun davlat buyurtmasi sifatida rejalashtirilgan grant asosida oʻqitish qabul parametriga zarurat tugʻilganda (haqiqiy parametr rejalashtirilgan parametrdan kam yoki koʻp boʻlganda) har bir OTMga davlat granti asosidagi oʻrinlar uchun ajratiladigan budjet mablagʻlari hajmi qayta koʻrib chiqiladi va belgilangan tartibda oʻzgartirish kiritiladi.
Bunda, OTMning har yili 1-noyabr holatiga davlat buyurtmasi asosida oʻqiyotgan oʻrtacha yillik talabalar sonining joriy yil uchun yillik rejalashtirilgan oʻrtacha talabalar soniga nisbatan oʻzgarishi 3 foizdan yuqori boʻlgan taqdirda, bazaviy normativlarga muvofiq hisoblangan budjet mablagʻlari miqdoriga tegishli oʻzgartirish kiritilishi mumkin. Mazkur oʻzgarishga qarab buyurtmachi hamda OTM oʻrtasida imzolangan Bitimga qoʻshimcha kelishuv imzolanadi.
Oʻrtacha talabalar sonining joriy yil uchun rejalashtirilgan talabalar soniga nisbatan oʻzgarishlar 3 foizgacha boʻlganda, joriy yil uchun bazaviy normativlarga muvofiq hisoblangan budjet mablagʻlari miqdorlari oʻzgartirilmaydi.
Ushbu oʻzgartirishlar tizimida OTM boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchilarga ajratiladigan mablagʻlarning cheklangan miqdorlari doirasida amalga oshiriladi.
17. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Farmon hamda qarorlariga asosan moliya yili davomida xodimlar ish haqi miqdorlari oshganda, bir nafar talaba uchun xarajatlarning bazaviy normativlari qolgan davr uchun qayta koʻrib chiqiladi hamda qoʻshimcha mablagʻ belgilangan tartibda ajratiladi.
18. OTMning boshqa yuridik va jismoniy shaxslar oldida yuzaga kelgan kreditor qarzdorligi mazkur OTMning oʻz mablagʻlari hisobidan belgilangan tartibda qoplanadi.
4-bob. Yakuniy qoidalar
19. OTMning bazaviy normativlarini hisoblab chiqish hamda xarajatlar smetasining toʻgʻri tuzilishi va roʻyxatdan oʻtkazilishi uchun taqdim etgan hisob-kitoblarida koʻrsatilgan barcha ishlab chiqarish koʻrsatkichlari (talabalar va bitiruvchilar soni, maydoni, kubaturasi, sarflanayotgan kommunal xizmatlar boʻyicha natural koʻrsatkichlar hajmi va ular boʻyicha xarajatlarning tasdiqlangan xarajatlar smetasiga va pasport maʼlumotiga, shartnomalarga va hokazolarga mosligi)ning toʻgʻriligi va asoslanganligi uchun amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq OTM rahbari, bosh buxgalteri va reja-moliya boʻlimi boshligʻi shaxsan javobgar hisoblanadi.
20. Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi, vazirlik va idoralarning ichki audit xizmatlari hamda Kuzatuv kengashlari OTM tomonidan tegishli normativ-huquqiy hujjatlarga rioya qilinishi ustidan nazoratni taʼminlaydi, taqdim etilgan miqdoriy koʻrsatkichlari, shuningdek, ishlab chiqarish koʻrsatkichlarining toʻgʻriligi va ulardan xarajatlarning bazaviy normativlarini hisoblashda foydalanilishi ustidan moliyaviy nazoratni amalga oshiradi.
21.Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hap etiladi.
22. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Moliyaviy mustaqillik berilgan davlat oliy taʼlim muassasalarini bir talaba uchun toʻgʻri keladigan oʻrtacha xarajat miqdoridan kelib chiqib moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Oliy taʼlim muassasalarida taʼlim sohalari bloklari boʻyicha professor-oʻqituvchilar tarkibi mehnatiga haq toʻlash xarajatlarini oʻz ichiga oluvchi bir nafar talabani oʻqitish uchun joriy xarajatlarning bazaviy normativlarini aniqlash
T/r (i) Taʼlim sohalari va yoʻnalishlari (mutaxassisliklari) nomi Bakalavriat (magistratura, klinik ordinatura) Bir nafar oʻqituvchi hisobiga toʻgʻri keladigan talabalar soni nisbati* Professor-oʻqituvchilarning oʻrtacha oylik ish haqi** (ming soʻm) Professor-oʻqituvchilar yillik ish haqi fondi ajratmasi bilan (ming soʻm) Professor-oʻqituvchilar yillik soatbay fondi ajratmasi bilan (4%) (ming soʻm) Moddiy ragʻbatlantirish jamgʻarmasi ajratmasi bilan (15%) (ming soʻm) BNX i (MNXi ONX i ) (ming soʻm) A 1 2 3 4 = ( 3-ust. x 12 oy x 1,12 ) / 2-ust. 5 = 4-ust. x 0,04 6 = 4-ust. x 0,15 7 = 4-ust. + 5-ust. + 6-ust.
Moliyaviy mustaqillik berilgan davlat oliy taʼlim muassasalarini bir talaba uchun toʻgʻri keladigan oʻrtacha xarajat miqdoridan kelib chiqib moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Buyurtmachi (vazirlik, idora) xamda oliy taʼlim muassasasi oʻrtasida davlat buyurtmasi (davlat granti) asosida taʼlim olayotgan talabalarni oʻqitishni moliyalashtirish boʻyicha NAMUNAVIY BITIM LOYIHASI № ______________ Toshkent sh. “___” __________ 20___ yil ___________________________________________________________________________________ nomidan (vazirlik yoki idora) (keyingi oʻrinlarda — Kadr buyurtmachisi) Nizom asosida harakat qiluvchi ______________________________ __________________________________________ bir tarafdan hamda ________________________________ (rahbarning familiyasi, ismi va otasining nomi, lavozimi) _____________________________ nomidan (keyingi oʻrinlarda — “Ijrochi”) Ustav asosida harakat qiluvchi oliy taʼlim muassasasi rektori ______________________________________ ikkinchi tarafdan mutaxassis tayyorlash boʻyicha mazkur bitimni (bundan buyon Shartnoma deb yuritiladi) quyidagilar haqida tuzdilar. 1. Shartnoma predmeti va tomonlarning umumiy majburiyatlari 1.1. Ijrochi Kadr buyurtmachisi talablari asosida Davlat taʼlim standartlariga muvofiq mazkur shartnomaning ilovasiga muvofiq bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari hamda magistratura mutaxassisliklari boʻyicha davlat buyurtmasi asosida mutaxassis kadrlar tayyorlashga oid taʼlim xizmatlari koʻrsatish majburiyatini oladi. 1.2. Kadr buyurtmachisi Ijrochiga ushbu shartnomaga asosan belgilangan normativlarga muvofiq hisoblab chiqilgan davlat buyurtmasi (davlat granti) asosida taʼlim olayotgan talabalarni oʻqitish xarajatlarini toʻliq toʻlab beradi. 2. Tomonlarning huquq va majburiyatlari 2.1. Ijrochining huquqlari quyidagilardan iborat: Kadr buyurtmachisi bilan kelishilgan holda mustaqil ravishda davlat taʼlim standartlari hamda oʻquv rejasi boʻyicha oʻqitish jarayonini amalga oshirish; amaldagi qonunchilik hujjatlari hamda Ijrochining ichki hujjatlarida belgilangan boshqa huquqlardan foydalanish; Kadr buyurtmachisidan mazkur Shartnomaning 1,2-bandida nazarda tutilgan oʻqitish xarajatlarini toʻliq toʻlab berilishini talab qilish. 2.2. Kadr buyurtmachisining huquqlari quyidagilardan iborat: Ijrochidan mazkur Shartnomaning 1.1-bandida nazarda tutilgan taʼlim xizmatlari talab darajasida tashkil etilishiga oid maʼlumotlarni olish; taʼlim xizmatlarini tashkil etishga oid takliflar berish. 2.3. Ijrochining majburiyatlari quyidagilardan iborat: mazkur Shartnomaning 1.1-bandida nazarda tutilgan taʼlim xizmatlarini talab darajasida tashkil etish va koʻrsatilishini taʼminlash; Kadr buyurtmachisining yuridik manzili yoki joylashgan joyi oʻzgarishi, Moliya vazirligi Gʻaznachiligidagi shaxsiy hisobvaraqlari, faoliyati qayta tashkil qilinishi va tugatilishi toʻgʻrisida oʻz vaqtida xabardor qilish; taʼlim xizmatlarini koʻrsatish uchun moliyalashtirish (tasdiqlangan xarajatlar smetasini)ni Kadr buyurtmachisidan qabul qilish. 2.4. Buyurtmachining majburiyatlari quyidagilardan iborat: Ijrochi tomonidan koʻrsatilgan taʼlim xizmatlari uchun ushbu shartnomaning 1.2-bandi asosida belgilangan miqdor va tartibda oʻz vaqtida toʻlovni amalga oshirish; Ijrochi yuridik manzili yoki joylashgan joyining oʻzgarishi, bank rekvizitlari, faoliyati qayta tashkil qilinishi va tugatilishi toʻgʻrisida oʻz vaqtida xabardor qilish; Ijrochiga ushbu shartnoma boʻyicha taʼlim xizmatlari koʻrsatish uchun moliyalashtirish (tasdiqlangan xarajatlar smetasi)ni tasdiqlovchi hujjatning nusxasini taqdim etish. 3. Tomonlarning javobgarligi 3.1. Tomonlar ushbu shartnoma boʻyicha majburiyatlarni bajarmagan yoki maʼlum darajada bajarmagan hollarda, ular Oʻzbekiston Respublikasi qonunlariga muvofiq javobgar hisoblanadi. 3.2. Tomonlar ushbu shartnoma boʻyicha fors-major holatlari, shu jumladan amaldagi qonunchilik hujjatlariga kiritilgan oʻzgartirishlar, majburiyatlarni bajarishga xalaqit beradigan qonunchilik hujjatlari qabul qilingan hollarda, majburiyatlarni bajarmaganlik uchun javobgarlikdan ozod qilinadi. Bunday holatlar yuzaga kelganda, ushbu Shartnoma shartlarini bajara olmaydigan tomon majburiyatni oʻn kun ichida boshqa tomonga xabardor qilishi va ushbu shartnoma shartlarini bajarilishi tomonlarning kelishuvi bilan oʻzgartirilishi mumkin. 3.3. Agar taʼlim xizmatlari koʻrsatishda kamchiliklar aniqlansa, shu jumladan taʼlim dasturining toʻliq taʼminlanmaganligi (oʻquv dasturining qismiga koʻra) aniqlansa, Kadr buyurtmachisi Ijrochidan quyidagilarni talab qilishga haqli: taʼlim xizmatlarini bepul taqdim etish; taʼlim xizmatlarining narxlarini mos ravishda pasaytirish; koʻrsatilgan taʼlim xizmati yuzasidan kamchiliklarini bartaraf etish xarajatlarini qoplash. 3.4. Kadr buyurtmachisi, agar Ijrochi taqdim etilgan taʼlim xizmatida nuqson yoki shartnoma shartlariga nomuvofiqlik aniqlansa, shartnomani bajarishni rad etishga va yetkazilgan zararning toʻliq qoplanishini talab qilishga haqli. 4. Shartnomaning amal qilish muddati va boshqa shartlari 4.1.Ushbu Shartnoma uni tomonlar imzolagan kundan boshlab kuchga kiradi va 20 yil 31-dekabrgacha amal qiladi. 4.2. Ushbu shartnomaning amal qilish muddati tugatilganligi tomonlarning Shartnoma shartlarini buzganliklari uchun javobgarlikdan ozod qilmaydi. 4.3. Ushbu Shartnoma tomonlarning yozma ravishda kelishuvi boʻyicha oʻzgartirilishi yoki bekor qilinishi mumkin. 4.4. Tomonlar oʻzaro kelishuvga binoan ushbu Shartnomani muddatidan oldin bekor qilishga haqlidirlar. 4.5. Ijrochi, mazkur shartnomaning 4.4.-bandida koʻrsatilgan holatlarga qoʻshimcha ravishda, ushbu shartnomani istalgan vaqtda yozma ravishda, Buyurtmachini 30 kun oldin xabardor qilib, bajarishni rad etish huquqiga ega. 4.6. Shartnoma quyidagi holatlarda muddatidan oldin bekor qilinadi: Ijrochi faoliyati belgilangan tartibda tugatilganda; Ijrochiga nisbatan toʻlovga qobiliyatsizlik toʻgʻrisidagi ish yuritishni joriy etish yoki Ijrochi toʻlovga qobiliyatsiz deb topilganda (bankrot deb eʼlon qilinganda). 4.7. Tomonlarning ushbu Shartnoma shartlarini toʻliq yoki qisman bajarmasligi Oʻzbekiston Respublikasining amaldagi qonunchiligiga muvofiq, shartnomani bekor qilish uchun asos boʻladi. 4.8. Ijrochi ushbu shartnomani muddatidan oldin bekor qilishni talab qilishga haqli. 4.9. Ijrochi ushbu shartnomaning 1.1-bandiga muvofiq majburiyatni bajarmagan holatlarda Buyurtmachi ushbu shartnomani muddatidan oldin bekor qilishni talab qilishga haqli. 5. Nizolarni hal qilish 5.1. Shartnoma matnida keltirilmagan masalalar boʻyicha tomonlar oʻrtasida yuzaga keladigan barcha kelishmovchiliklar Oʻzbekiston Respublikasining amaldagi qonunchiligiga asosan muzokaralar yoʻli bilan hal qilinadi. 5.2. Muzokaralar paytida nizolar hal etilmagan taqdirda kelishmovchiliklar sud tomonidan Oʻzbekiston Respublikasining amaldagi qonunchiligida belgilangan tartibda hal qilinadi. 6. Yakuniy qoidalar 6.1. Ushbu Shartnoma bir xil yuridik kuchga ega boʻlgan 2 nusxada tuzilgan. 6.2. Tomonlarning nomi, manzili, gʻaznachilik shaxsiy hisobvaraqlari, pochta va boshqa maʼlumotlari oʻzgarishi holatlarini ikkinchi tomonga oʻz vaqtida maʼlum qilmasligi hisobiga yetkazilgan zararlar uchun javobgarlik xabar berishni kechiktirishga sababchi boʻlgan tomon zimmasiga yuklanadi. 7. Tomonlarning yuridik manzillari: Buyurtmachining rekvizitlari: Vazirlik va idora rahbari (vazir, rais, direktor) _______________________________F.I.O Ijrochining rekvizitlari: Oliy taʼlim muassasasi rektori _______________________________F.I.O
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 1-avgust,
419-son