📅 2022-yil 2-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 2-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 2 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 2 августа 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 2 August 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-73-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-73-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларнинг самарадорлигини ошириш бўйича «йўл харитаси»нинг 24-бандида хизмат сафари харажатларини ҳисоблаш ва уларни молиялаштириш тартиби ва нормативларини қайта кўриб чиқиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ходимларни хизмат сафарига юбориш тартиби;
хизмат сафарига юбориладиган ходимга хизмат сафари билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш;
хизмат сафарига юборилган ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;
хизмат сафарига кетаётган ва хизмат сафаридан қайтаётган шахсларни рўйхатга олиш бўйича махсус электрон журналлар юритиш тартиби.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси, Транспорт вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда хизмат сафари харажатлари ҳисобини юритиш бўйича дастурий таъминот ва унинг мобил иловасини ишлаб чиқсин ҳамда ишга туширсин.
Бунда:
мобил илова орқали хизмат сафарида бўлган ходимнинг транспорт, меҳмонхона, овқатланиш ва бошқа харажатлари харид чекининг фискал белгиси матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида онлайн тарзда ҳисобга олинади ҳамда хизмат сафари харажатларини автоматик равишда ҳисоблаш учун «ЎзАСБО» дастурий мажмуасига узатилади;
дастурий таъминотда ходимни хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади ҳамда ходимлар хизмат сафарига юборилганлиги тасдиқлангандан сўнг меҳмонхона харажатлари бўйича меҳмонхоналарга тўланадиган тўловлар пул ўтказиш йўли билан автоматик равишда ўтказиб берилади.
4. Хизмат сафари харажатлари ҳисобини юритиш бўйича дастурий таъминот фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида:
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда бюджет ташкилотлари ҳамда меҳмонхоналар ўртасида республика ҳудудида хизмат сафарига юборилган ходимларни турар жойдан фойдаланишга оид шартномаларни расмийлаштириш ва тўловларни амалга ошириш бўйича электрон модулни яратсин ҳамда дастурий таъминотга интеграция қилинишини;
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси «Soliq.uz» дастури орқали матрицали штрих код (QR-код)ли харид чеклари ёрдамида хизмат сафари билан боғлиқ харажатларни тасдиқловчи маълумотлар «ЎзАСБО» дастурий мажмуасига узатилишини таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 424-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисидаги
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом ташкилотларнинг ходимларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарларига юбориш, хизмат сафари билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш, хизмат сафарига кетаётган ва хизмат сафаридан қайтаётган шахсларни рўйхатга олиш бўйича махсус электрон журналларни юритиш ҳамда хизмат сафарига юборилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш тартибини белгилайди. Бунда давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотларида хизмат сафарларини ташкил этиш, хизмат сафарига кетаётган ва хизмат сафаридан қайтаётган шахсларни рўйхатга олиш бўйича махсус электрон журналларни юритиш ва таҳлилини олиб бориш «hrm.gov.uz» электрон тизими таркибидаги «Xizmat safari» ягона модули орқали амалга оширилади.
Мазкур Низом қоидалари бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари, бюджет тизими бюджетларидан маблағ ажратиладиган белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслардан ташқари бошқа барча ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларига нисбатан тавсиявий хусусиятга эга.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ташкилот — бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари, бюджет тизими бюджетларидан маблағ ажратиладиган белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар;
хизмат сафари — ташкилот раҳбарининг буйруғига (қарори, фармойишига) асосан ходимнинг ўзининг доимий иш жойидан бошқа жойга хизмат топшириғини бажариш учун маълум бир муддатга юборилиши;
хизмат сафарида бўлган вақт учун тўланадиган кундалик харажатлар (кейинги ўринларда — кундалик харажатлар) — хизмат сафарида бўлган вақтда кунлик овқатланиш, хизмат сафари пайтидаги вазифаларни бажариш билан боғлиқ бошқа кундалик харажатлар, (транспорт воситалари ва турар жой билан боғлиқ харажатлар бундан мустасно).
3. Ташкилотнинг таркибига кирувчи ҳудудий бўлинмалар, филиаллар (шохобчалар), участкалар ва бошқа бўлинмалар бошқа ерда жойлашган ҳолларда доимий иш жойи бўлиб меҳнат шартномасида белгиланган иш жойи ишлаб чиқариш бўлинмаси ҳисобланади.
Доимий иши йўлда ёки кўчиб юриш билан боғлиқ бўлган ёхуд доимий ҳаракатланувчи тусга эга бўлган ходимларнинг хизмат юзасидан бориб келишлари хизмат сафари ҳисобланмайди.
2-боб. Ходимни хизмат сафарига юбориш ва унинг хизмат сафарида бўлиши тартиби
4. Ташкилот ходимларини республика ҳудудларига хизмат сафарига юбориш ва уни расмийлаштириш, шунингдек, хизмат сафари якуни бўйича ҳисоботларни тақдим этиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
5. Хизмат сафарига юбориладиган ходим томонидан хизмат сафарига чиқишдан олдин ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда намунавий иш режаси расмийлаштирилади.
6. Ходимни хизмат сафарига юбориш учун ташкилот раҳбари ёки тегишли ваколат берилган шахс томонидан чиқариладиган ходимни хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги тегишли буйруқ (қарор, фармойиш) қабул қилинади ва ходимга мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда хизмат сафари гувоҳномасини бериш орқали расмийлаштирилади.
Ходим хизмат сафарига борилган ҳудуддаги тегишли ташкилот раҳбарига хизмат сафари мақсадлари ва вазифалари тўғрисида тушунтириш беради, шунингдек, хизмат сафари натижалари тўғрисида хабардор қилади.
7. Ходимларни юқори ташкилотларга (бўйсуниш тартибида) хизмат сафарига юбориш ходимни хизмат сафарига юборилаётган ташкилот раҳбариятининг топшириғи ёки у билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
8. Ходимнинг хизмат сафари муддати ташкилот раҳбари томонидан белгиланади. Бунда хизмат сафари муддати йўлдаги вақтни ҳисобга олмаган ҳолда 30 календарь кундан кўп бўлмаслиги лозим, ушбу банднинг иккинчи — тўртинчи хатбошилари бундан мустасно. Мазкур хатбоши ходимларни назорат тадбирларини ўтказиш учун хизмат сафарига юборишга ҳам тааллуқлидир.
Монтаж, ишга тушириш-созлаш, қурилиш ва қидирув ишларини бажариш учун юбориладиган ходимлар, раҳбарлар ва мутахассисларнинг хизмат сафари муддати 12 ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматининг ҳужжатлари ва топшириқларига мувофиқ ходимларни хизмат сафарига юборишда бошқа муддатлар белгиланиши мумкин.
Хизмат сафари муддатини узайтириш, хизмат сафаридан ёки хизмат сафари пайтида чақириб олиш ёки хизмат сафарини муддатидан аввал якунлашга хизмат сафарига юборган ташкилот раҳбари ёки тегишли ваколат берилган шахснинг буйруғига (қарори, фармойиши) асосан рухсат берилади.
9. Хизмат сафарига юборилган жойда ҳақиқатда ўтказилган вақт хизмат сафари жойига келган ва хизмат сафари жойидан кетган кунларни хизмат сафари гувоҳномасига белги қўйиш орқали аниқланади.
Ташкилотда хизмат сафарига кетаётган ва хизмат сафаридан қайтаётган шахсларни рўйхатга олиш мазкур Низомга 4 ва 5-иловаларга мувофиқ махсус журналларда «ЎзАСБО» дастурий мажмуасида (ёки бухгалтерия ҳисобини юритувчи ахборот тизимида) электрон шаклда юритилади. Бунда давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотларида хизмат сафарига кетаётган ва хизмат сафаридан қайтаётган шахсларни рўйхатга олиш мазкур Низомга 4 ва 5-иловаларга мувофиқ махсус журналларда «hrm.gov.uz» электрон тизими таркибидаги «Xizmat safari» ягона модулида электрон шаклда юритилади ҳамда бу ҳақидаги маълумотлар «ЎзАСБО» дастурий мажмуасига интеграция қилиш орқали юборилади.
Махсус журналларни юритиш ва хизмат сафари гувоҳномасига белги қўйиш ташкилотларнинг кадрлар билан ишлаш бўлинмалари (ёки ушбу вазифа юклатилган масъул шахс) томонидан амалга оширилади.
10. Хизмат сафарига чиқиш куни бўлиб транспорт воситасида 24 соат ичидаги вақт, соат 00:00 ва ундан кечроқ вақт — кейинги сутка ҳисобланади, келиш куни эса — транспорт воситасида доимий иш жойига келиш куни ҳисобланади.
3-боб. Хизмат сафарига юборилган ходимнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари
11. Хизмат сафарида бўлган ходимга у юборилган ташкилотдаги иш вақти режими ва дам олиш вақтлари тааллуқли бўлади. Хизмат сафари вақтида фойдаланилмаган дам олиш кунлари хизмат сафаридан қайтганда тикланмайди.
Агар ходим хизмат сафари давомида дам олиш ёки байрам кунларида хизмат сафарига юборилган жойда ишлаган бўлса, ушбу кунларда ишлагани учун амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ компенсация тўланади.
Агар ходим ташкилот раҳбарининг тегишли ҳужжатига биноан хизмат мажбуриятини бажариш учун дам олиш кунида хизмат сафарига юборилса, унга хизмат сафаридан қайтгач белгиланган тартибда бошқа дам олиш куни берилади.
Хизмат сафарига кетиш ва хизмат сафаридан қайтиш кунларида ходимнинг ишга чиқиш масаласи ташкилот раҳбари билан келишилган ҳолда ҳал қилинади.
12. Хизмат сафарига юборилган ходимни хизмат сафарида бўлган муддатида ва йўлда бўлган муддатда иш жойи (лавозими), меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимдаги ходимлар учун ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.
Ўриндошлик асосида ишлаётган шахс хизмат сафарига иш берувчиларнинг ўзаро келишуви асосида юборилади ва унинг ўртача иш ҳақи уни хизмат сафарига юборган ташкилотда сақланади. Хизмат сафарига бир вақтнинг ўзида ҳам асосий, ҳам ўриндошлик асосидаги иши бўйича хизмат сафарига юборилишига йўл қўйилмайди.
Ички ўриндошлик асосида ишлаётган шахс хизмат сафарига юборилганда эса ўртача иш ҳақи асосий ва ўриндошлик асосидаги лавозим бўйича сақланади.
Ходимнинг хизмат сафари даврида тариф ставкалари, лавозим маошлари миқдорлари ошган ҳолларда ташкилотнинг иш кунлари меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги шартларида ҳақиқатда ишлаган кунларига тўғри келадиган сони учун меҳнатга ҳақ тўловлари қайта ҳисобланади.
Хизмат сафари давридаги иш вақтида, шу жумладан, хизмат сафарига юборилган жойга бориш ва доимий иш жойига қайтишда йўлда бўлган даврларда ходимнинг меҳнатга лаёқатлилигини йўқотиши ёки вафот этганлиги муносабати билан компенсация тўловлари қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
4-боб. Хизмат сафарларига оид компенсация тўловлари миқдори ва тўлаш тартиби
13. Хизмат сафарига юборилган ходимга турар жой билан боғлиқ харажатлар (меҳмонхона ёки турар жой ижараси), хизмат сафари жойига бориш, шу жумладан, хизмат сафари доирасида шаҳарлараро ва туманлараро ҳаракатланиш ҳамда доимий иш жойига қайтиш учун йўл харажатлари қопланади, шунингдек, кундалик харажатлар учун ҳақ тўланади.
14. Хизмат сафарига юборилган шахсга хизмат сафарига юборилган жойга бориш ва доимий иш жойига қайтиш билан боғлиқ бўлган қуйидаги йўл харажатлари қопланади:
а) умумий фойдаланиладиган транспортнинг барча турларида юриш (таксидан ташқари) қиймати:
умумий фойдаланиладиган транспортнинг хизмат сафарига юборилган шахсга тегишли тасдиқловчи ҳужжатлари асосида.
Бунда:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг раҳбарияти ва ходимлари, республика даражасидаги ташкилотларнинг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгаши раислари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, туман (шаҳар) ҳокимларига барча тарифлар бўйича чипта қиймати тўлиқ бюджет маблағлари ҳисобидан;
бошқа тоифадаги ходимлар учун «бизнес» (ҳаво йўллари транспорти) ва «VIP» (темир йўл транспорти) тарифидан арзон бўлган барча турлари бўйича чипта қиймати тўлиқ бюджет маблағлари ҳисобидан ҳамда «бизнес» (ҳаво йўллари транспорти) ва «VIP» (темир йўл транспорти) тарифи бўйича чипта қийматининг 70 фоизи миқдорида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари (ёки устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахсларнинг маблағлари), қолган қисми ходимнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
б) транспортда йўловчиларни мажбурий давлат суғурталаш бўйича тўловлар;
в) тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, йўлда юриш ҳужжатларини олдиндан сотиш, самолёт ва поездларда жойларни бронлаш хизматлари бўйича тўловлар;
г) тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда, ташкилот раҳбарининг рухсати билан ҳаво, темир йўл, сув ва умумий фойдаланишдаги автомобил транспортида багажни олиб ўтиш билан боғлиқ харажатлар;
д) умумий фойдаланишдаги транспорт билан (таксидан ташқари) станциягача, аэропортгача етиб олиш харажатлари, агар улар аҳоли яшайдиган ҳудуддан ташқарида жойлашган бўлса. Бунда кечки вақтда ёки умумий фойдаланишдаги транспорт мавжуд бўлмаган тақдирда, ташкилот раҳбарига ходимлар учун енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти лицензия варақасига эга таксида юрганлик учун ҳақ тўлаш ҳуқуқи берилади;
е) йўлда кўрпа-тўшак буюмларидан фойдаланганлик учун харажатлар (тасдиқловчи ҳужжатларсиз ҳақ тўлашга қабул қилинади);
ж) хизмат сафари бекор қилиниши муносабати билан харид қилинган (ёки брон қилинган) йўл чипталари қайтариб топширилиши муносабати билан олиб қолинадиган маблағлар ва хизмат кўрсатувчилар томонидан қайтариб берилмайдиган бошқа харажатлар;
з) йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда:
бюджет ташкилотлари ходимлари учун хизмат сафари йўлкирасига ҳақ тўлаш ҳар бир километрга базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,1 фоизи миқдорида;
бошқа ташкилотлар ходимлари учун жамоа келишуви (шартномалари), меҳнат шартномасида кўзда тутилган, бироқ ҳар бир километрга базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,1 фоизидан кам бўлмаган миқдорларда.
Бунда транспорт харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги электрон хариталардан фойдаланган ҳолда масофаларни аниқлашга рухсат этилади.
15. Хизмат сафарининг ҳар 30 календарь кунидан сўнг дам олиш кунлари ходимнинг доимий яшаш жойига келиш ва хизмат сафарига юборилган жойига қайтиш билан боғлиқ бўлган йўл харажатлари мазкур Низомнинг 14-банди «а» ва «з» кичик бандларида белгиланган миқдорларда қопланади.
Шунингдек, хизмат сафари давридаги дам олиш кунлари ходимнинг доимий яшаш жойига келиш ва хизмат сафарига қайтиб бориш учун йўл харажатлари миқдори унинг мазкур дам олиш кунлари учун тўланадиган ётоқхона ва кунлик харажатларидан кўп бўлмаган ҳолларда дам олиш кунлари ходимнинг ихтиёрига кўра доимий яшаш жойига келиш ва хизмат сафарига юборилган жойга қайтиш билан боғлиқ бўлган йўл харажатлари мазкур Низомнинг 14-бандининг «а» ва «з» кичик бандларида белгиланган миқдорларда қопланади.
Бунда ходимнинг доимий яшаш жойида бўлган вақт учун кунлик харажатлар тўланмайди.
16. Кундалик харажатлар учун ҳақ жамоа шартномалари, жамоа келишувлари ва меҳнат шартномаларида кўзда тутилган миқдорларда, лекин қуйидаги миқдорлардан кам бўлмаган ҳолда белгиланади (базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан коэффициентларда), жами 0,35 гача:
ходимнинг хизмат сафари даврида овқатланиш (алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бундан мустасно) харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар (чеклар) тақдим этилганда — 0,25 гача;
бошқа харажатлари учун — 0,1.
Бунда умумий овқатланиш объектларида харидни амалга оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (чекларни) хизмат сафари учун ишлаб чиқилган махсус мобил иловада харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказиш имконияти мавжуд бўлмаганда, ушбу ҳужжатларни (чекларни) тақдим этишга рухсат этилади.
Умумий овқатланиш объектларида харид амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (чеклар) хизмат сафари даврининг ҳар бир куни учун алоҳида-алоҳида расмийлаштирилади.
17. Ходимларнинг овқатланиш харажатлари учун компенсация тўловини амалга оширувчи бюджет ташкилотлари ушбу ходимнинг хизмат сафари даврида кунлик овқатланиш харажатлари ушбу давр учун овқатланиш харажатлари учун компенсация тўлови миқдорига камайтирилган ҳолда ҳисобланади.
18. Меҳмонхона харажатларининг бир кунлик қоплаш миқдори (халқаро миқёсдаги тадбирлар даврида Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз шаҳарлари ва Бўстонлиқ туманидаги меҳмонхоналар харажатлари бундан мустасно):
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг раҳбар ходимлари, республика даражасидаги бюджет ташкилотларининг биринчи раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгаши раислари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробаридан;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ходимлари, республика даражасидаги бюджет ташкилотлари раҳбарларининг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгаши раисларининг ўринбосарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробаридан;
мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилмаган бошқа ходимлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баробаридан ошмаслиги лозим.
Бюджет ташкилотлари хизмат сафарига юборилган ходимларнинг меҳмонхона харажатларини меҳмонхоналар билан қонунчиликда белгиланган тартибда, шу жумладан электрон платформа орқали шартнома тузиш орқали тўлаб бериши мумкин.
Халқаро миқёсдаги тадбирлар даврида Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз шаҳарлари ва Бўстонлиқ туманидаги меҳмонхоналар харажатларининг мазкур банднинг иккинчи — тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган бир кунлик қоплаш миқдоридан ошган қисми ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
19. Турар жойда яшаганлиги бўйича харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳар бир сутка учун белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида қопланади.
Ушбу тўлов хизмат сафарида бўлган Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) турар жойда яшаганлик учун ҳақиқатда харажат амалга оширганлиги уларнинг бевосита ҳамда хизмат сафарига борган ҳарбий қисм (муассаса) раҳбарлари томонидан ёзма равишда тасдиқланган ҳолларда (амалга оширган харажат миқдори ва яшаган манзилини кўрсатган ҳолда), амалдаги харажатлар доирасида, бироқ ҳар бир сутка учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда қопланади.
Хизмат сафари жойида бепул ётоқ жой билан таъминланган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) мазкур бандда кўрсатилган тўлов тўланмайди.
20. Хизмат сафарига юборилган ходим ўзининг доимий иш жойига ҳар куни қайтиш имкониятига эга бўлса, у ҳолда кундалик харажатлар учун ҳақ тўланмайди. Ходимнинг хизмат сафарига юборилган жойдан ўзининг доимий равишда яшайдиган жойига ҳар куни қайтиши мумкинлиги масаласи хизмат сафарига юборган ташкилот раҳбари томонидан масофанинг узоқлиги, транспорт алоқаси шароити, бажариладиган топшириқнинг туси, ходим учун дам олиш шароитларини яратиш кабиларни ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади.
21. Хизмат сафари даврида хизмат сафарига юборилган ходим вақтинчалик меҳнатга лаёқатлилигини йўқотган ҳолларда унга умумий асосларда турар жой бўйича харажатлар қопланади (хизмат сафарига юборилган ходим стационар даволанишда бўлган ҳоллар бундан мустасно) ва унга соғлиғи ҳолатига кўра зиммасига юклатилган хизмат топшириғини бажариш имкониятига эга бўлмаган барча давр мобайнида ёки ўзининг доимий яшаш жойига қайтгунига қадар, бироқ икки ойдан кўп бўлмаган муддатга кундалик харажатлар учун ҳақ тўланади.
Хизмат сафарига юборилган ходимнинг вақтинчалик меҳнатга лаёқатлилигини йўқотиши, шунингдек, соғлиғи ҳолати бўйича ўзининг доимий яшаш жойига қайтиш имконияти йўқлиги белгиланган тартибда тасдиқланган бўлиши керак.
Вақтинчалик меҳнатга лаёқатлилигини йўқотган давр учун хизмат сафарига юборилган ходимга умумий асосларда вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик кунлари хизмат сафари муддатига қўшилмайди.
22. Хизмат сафарига юбориладиган ходимга хизмат сафарига кетишдан олдин мазкур Низомнинг 14 , 15 ва 16-бандларида кўзда тутилган миқдорларда йўл харажатлари, кундалик харажатлар ва турар жой харажатлари доирасида пул кўринишидаги аванс тўланади.
Ходим хизмат сафаридан қайтган кундан эътиборан уч иш куни мобайнида аванс ҳисоботини тақдим қилиши шарт. Ушбу ҳисоботга белгиланган тартибда расмийлаштирилган хизмат сафари гувоҳномаси ва хизмат сафарида ҳақиқатда қилинган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
23. Монтаж, ишга тушириш-созлаш, қурилиш ва қидирув ишларини бажариш учун хизмат сафарига юборилган ходимлар, раҳбарлар ва мутахассисларга мазкур Низомнинг 16-бандида кўзда тутилган меъёрлар бўйича икки ой мобайнида кундалик харажатлар учун ҳақ тўланади.
Икки ойдан ортиқ муддатда монтаж, ишга тушириш-созлаш, қурилиш ва қидирув ишлари учун кундалик харажатлар учун ҳақ ўрнига иш ҳақи ёки лавозим маошига тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида, бироқ сутка учун мазкур Низомнинг 16-бандида белгиланган меъёрлардан юқори бўлмаган устама белгиланади.
Қуйидаги ходимлар монтаж, ишга тушириш-созлаш, қурилиш ва қидирув ишларини амалга ошириш учун хизмат сафарига юборилган ҳолларда уларга кундалик харажатлар учун ҳақ ўрнига тариф ставкасини ёки лавозим маошини мазкур бандда кўрсатилган миқдорларда устамалар тўланмайди:
монтаж, ишга тушириш-созлаш, қурилиш ва қидирув ишлари амалга ошириладиган жойда ишга олинган;
қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган шартлар асосида бошқа жойга ўтказиш тартибида юборилган;
меҳнат таътилида бўлган вақтда, шунингдек, сабабсиз ҳолда ишга чиқмаган кунларда;
улар томонидан монтаж, ишга тушириш-созлаш, қурилиш ва қидирув ишлари амалга ошириладиган жойдан ташқарида давлат ёки жамоат ишларини бажариш вақтида;
монтаж, ишга тушириш-созлаш, қурилиш ва қидирув ишларини бажарилиши назоратини амалга ошириш учун хизмат сафарига юборилган.
Кундалик харажатлар учун ҳақ ўрнига тариф ставкаси ёки лавозим маошидан фоиз миқдорида иш ҳақига устама тўлаш ходим монтаж, ишга тушириш-созлаш, қурилиш ва қидирув ишларида иштирок этган ҳар бир календарь кун учун амалга оширилади.
Тўлиқ бўлмаган ой учун кўрсатилган устамани ҳисоблашдан аввал устама тўлиқ ой учун белгиланади, сўнгра ушбу сумма мазкур ойдаги календарь кунлар сонига бўлинади ва ходим монтаж, ишга тушириш-созлаш, қурилиш ва қидирув ишларида бўлган кунлар сонига кўпайтирилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
24. Ташкилотлар мазкур Низомда белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда хизмат сафарлари учун сарфланадиган маблағлардан самарали фойдаланиш ва ортиқча харажатларнинг олдини олиш чораларини кўриб бориши лозим.
25. Ташкилотларнинг комплаенс-назорат бўлинмалари (ёки ушбу вазифа юклатилган масъул шахс) хизмат сафарига юборилган ходимларни манфаатлар тўқнашуви ва коррупциявий ҳолатларга йўл қўймасликлари устидан доимий назорат олиб боришга масъул ҳисобланади.
26. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Ташкилот ходимларини республика ҳудудларига хизмат сафарига юбориш ва уни расмийлаштириш, шунингдек, хизмат сафари якуни бўйича ҳисоботларни тақдим этиш
Босқичлар Ижрочилар Чора-тадбирлар Муддатлар I. Хизмат сафарига юбориш ва уни расмийлаштириш 1-босқич Ташкилот ходими (кейинги ўринларда — ходим) 1. Амалга ошириладиган хизмат сафари юзасидан мазкур низомга 2-иловага мувофиқ иш режаси тайёрлаш. 2. Хизмат сафари иш режасини ташкилот раҳбари ёки ваколатли шахсга тасдиқлаш учун киритиш. Хизмат сафарига чиқишдан олдин 2-босқич Ташкилот раҳбари ёки ваколатли шахс Ходимнинг хизмат сафари иш режасини ўрганган ҳолда хизмат сафарига чиқиш асосли деб топилганда хизмат сафари иш режани тасдиқлаш. 1 иш кунида 3-босқич Ходим Хизмат сафари иш режасини кадрлар билан ишлаш бўлинмасига хизмат сафари буйруғи (қарори, фармойиши) ва мазкур низомга 3-иловага мувофиқ гувоҳномасини расмийлаштириш учун топшириш. Иш режаси тасдиқланган кунда 4-босқич Кадрлар билан ишлаш бўлинмаси 1. Хизмат сафарига чиқиш бўйича хизмат сафари буйруғи (қарори, фармойиши) ва гувоҳномасини расмийлаштириш. 2. Хизмат сафари буйруғи (қарори, фармойиши) ва гувоҳномасини ташкилот раҳбари ёки ваколатли шахс томонидан тасдиқланишини ташкил этиш. Иш режаси киритилган кунда 3. Тасдиқланган хизмат сафари буйруғи (қарори, фармойиши) ва гувоҳномасини рўйхатдан ўтказиш ва хизмат сафарига юбориладиган ходимга бериш. Хизмат сафари гувоҳномаси тасдиқланган кунда 4. Хизмат сафарига юборилаётган ходимлар тўғрисидаги маълумотларни хизмат сафарига юборилаётган ходимларни ҳисобга олиш учун мазкур низомга 4-иловага мувофиқ журналда акс эттириш. Ҳар кун якуни бўйича 5-босқич Ходим Хизмат сафари харажатлари юзасидан аванс пулини олиш учун Молия-иқтисодиёт бўлимига (бухгалтерияга) мурожаат қилиш. Хизмат сафари гувоҳномаси олинган кунда 6-босқич Молия-иқтисодиёт бўлими (бухгалтерия) Хизмат сафари гувоҳномасида кўрсатилган муддатларга мувофиқ ходимга аванс пулини бериш. Хизмат сафари гувоҳномаси олинган кунда II. Хизмат сафари давомида амалга ошириладиган ишлар 7-босқич Ходим 1. Хизмат сафарига борилган ҳудуддаги тегишли ташкилот раҳбарига хизмат сафари мақсадлари ва вазифалари тўғрисида тушунтириш бериш. 2. Хизмат сафарини тасдиқланган хизмат сафари иш режаси асосида ташкил этиш. Хизмат сафарига етиб борилган кунда 8-босқич Хизмат сафарига борилган ҳудуддаги ташкилот раҳбари 1. Ходимнинг иш режасига мувофиқ вазифаларини амалга ошириши учун белгиланган тартибда иш шароитлари яратилишига кўмаклашиш. 2. Ходимнинг сўровига мувофиқ хизмат сафари мақсадларини амалга ошириш билан боғлиқ тегишли маълумотларни тақдим этиш. Хизмат сафари жараёнида 9-босқич Ходим 1. Хизмат сафари давомида хизмат сафари иш режасида белгиланган вазифалар тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш. 2. Хизмат сафари натижалари тўғрисида хизмат сафарига борилган ҳудуддаги ташкилот раҳбарини хабардор қилиш. Хизмат сафаридан қайтаётган кунда III. Хизмат сафари якуни бўйича ҳисоботларни тақдим этиш 10-босқич Ходим 1. Хизмат сафаридан келганлиги юзасидан ташкилот раҳбарини ва Кадрлар бўлимини хабардор қилиш. 2. Хизмат сафари якунланганлигини хизмат сафари гувоҳномасида қайд этилишини таъминлаш. Хизмат сафаридан қайтганидан кейин 1 иш кунида 11-босқич Кадрлар билан ишлаш бўлинмаси Хизмат сафаридан келган ходимлар тўғрисидаги маълумотларни мазкур низомга 5-иловага мувофиқ хизмат сафаридан қайтиб келган ходимларни ҳисобга олиш журналида акс эттириш. Ҳар кун якуни бўйича 12-босқич Ходим 1. Хизмат сафари натижалари бўйича ёзма ҳисобот тайёрлаш ҳамда ташкилот раҳбарига ёки ваколатли шахсга ахборот бериш. 2. Хизмат сафари харажатлари юзасидан молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва Молия-иқтисодиёт бўлимига (бухгалтерияга) топшириш. Хизмат сафаридан қайтган кундан эътиборан 3 иш кунида 13-босқич Ходим Хизмат сафари якунлари бўйича раҳбариятга берилган ҳисобот ва раҳбариятнинг тегишли резолюцияси нусхасини Кадрлар бўлимига топшириш. Резолюция олингандан сўнг 1 иш кунида 14-босқич Кадрлар билан ишлаш бўлинмаси Ходим томонидан амалга оширилган хизмат сафарлари ва берилган ҳисоботлар тўғрисида ташкилот раҳбари ёки ваколатли шахсга ахборот тақдим этиб бориш. Ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 5 санасига кадар 15-босқич Молия-иқтисодиёт бўлими (бухгалтерия) 1. Ходим томонидан тайёрланган молиявий ҳисоботлар тўлиқлигини ўрганиш. 2. Камчиликлар аниқланган тақдирда, ходимдан қўшимча ҳужжатлар сўраб олиш. 3. Ҳужжатлар асосида ходим билан якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш. Ҳисобот тақдим этилган кунда
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
«ТАСДИҚЛАЙМАН» ___________ ташкилот раҳбари (ваколатли шахс) _____________ __ __________ ___ йил « ___ » __________ ________________________________________________________________________ (ташкилот номи) ________________________________________________________________________ (ходимнинг тўлиқ лавозими) _________________________________________________________нинг хизмат сафари (ходимнинг Ф.И.О.) НАМУНАВИЙ ИШ РЕЖАСИ Хизмат сафарига юборилаётган масъул ходим: _______________________ Лавозими: _________________________ бош мутахассиси Хизмат сафарига юборилаётган ҳудуд: __________________ вилояти Хизмат сафари муддати: ______ ____ _____ ________ йил _______________ вилояти, Хизмат сафарига асос: ___________________________________________ нинг ______ йил ____ ______________ _____-сон топшириғи (топшириқ илова қилинади) Хизмат сафари мақсади: ___________________________________________ ___________________________________________ Хизмат сафари иш режаси: 1. _________________________________________ 2. _________________________________________ 3. _________________________________________ 4. _________________________________________ ___________________________________________ ___________________________________________ Ходимнинг имзоси _________ сана ______. _____________
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
ХИЗМАТ САФАРИ ГУВОҲНОМАСИ Берилди _________________________________________________________________ (фамилияси, исми, отасининг исми) ________________________________________________________________________ (хизмат сафари гувоҳномаси берилган ташкилот номи) __________________________________________________ хизмат сафарига юборилган (хизмат сафари пункти) Хизмат сафари муддати «_____» кун 20 ____ й. «____» _____________ дан 20 ____ йил «____» ____________ гача. Асос: 20 ____ йил «____» ______________даги ____-сон буйруқ _____________ серия _____________ рақамли паспорт (идентификацияловчи ID картаси маълумотлари) ёки ________ рақамли гувоҳнома тақдим этилган тақдирда ҳақиқий. М.Ў. _____________ Ф.И.О раҳбар имзоси Орқа томони Белгиланган манзилга етиб бориш ва у ердан қайтиш белгилари: Жўнади __________________________ 20 ____ й. «_____» _________________ Муҳр, имзо _______________________ Етиб келди _________________________ 20 ____ й. «_____» __________________ Муҳр, имзо ________________________ Жўнади __________________________ 20 ____ й. «_____» _________________ Муҳр, имзо _______________________ Етиб келди _________________________ 20 ____ й. «_____» __________________ Муҳр, имзо ________________________ Жўнади __________________________ 20 ____ й. «_____» _________________ Муҳр, имзо _______________________ Етиб келди _________________________ 20 ____ й. «_____» __________________ Муҳр, имзо ________________________
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
______________________________________________________ дан ташкилот номи хизмат сафарига юборилаётган ходимларни ҳисобга олиш ЖУРНАЛИ Т/р Хизмат сафарига юборилган ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми Лавозими Хизмат сафари гувоҳномасининг рақами Хизмат сафари гувоҳномасини имзолаган ходим лавозими, Ф.И.О. Сана Хизмат сафари гувоҳномасини олганлиги ҳақида имзо Ҳақиқатда кетиш Ҳақиқатда келиш 1 2 3 4 5 6 7 8
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисидаги низомга 5-ИЛОВА
___________________________________________________________ дан хизмат сафарига борилган ташкилот (ҳудуд) номи хизмат сафаридан қайтиб келган ходимларни ҳисобга олиш ЖУРНАЛИ Т/р Хизмат сафарига юборилган ходимнинг Ф.И.О. Лавозими Хизмат сафари гувоҳномаси берилган ташкилот номи Етиб келиш санаси Хизмат сафарига кетиш санаси 1 2 3 4 5 6
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 2 август,
424-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Oʻzbekiston Respublikasi hududida xizmat safarlari toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining “2022-yil uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti toʻgʻrisida”gi Qonuni ijrosini taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 30-dekabrdagi PQ-73-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 30-dekabrdagi PQ-73-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetining barqarorligini taʼminlash va xarajatlarning samaradorligini oshirish boʻyicha “yoʻl xaritasi”ning 24-bandida xizmat safari xarajatlarini hisoblash va ularni moliyalashtirish tartibi va normativlarini qayta koʻrib chiqish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi hududida xizmat safarlari toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
xodimlarni xizmat safariga yuborish tartibi;
xizmat safariga yuboriladigan xodimga xizmat safari bilan bogʻliq xarajatlarni qoplab berish;
xizmat safariga yuborilgan xodimlarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini taʼminlash;
xizmat safariga ketayotgan va xizmat safaridan qaytayotgan shaxslarni roʻyxatga olish boʻyicha maxsus elektron jurnallar yuritish tartibi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Davlat soliq qoʻmitasi, Transport vazirligi, Turizm va madaniy meros vazirligi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda uch oy muddatda xizmat safari xarajatlari hisobini yuritish boʻyicha dasturiy taʼminot va uning mobil ilovasini ishlab chiqsin hamda ishga tushirsin.
Bunda:
mobil ilova orqali xizmat safarida boʻlgan xodimning transport, mehmonxona, ovqatlanish va boshqa xarajatlari xarid chekining fiskal belgisi matritsali shtrix kod (QR-kod) yordamida onlayn tarzda hisobga olinadi hamda xizmat safari xarajatlarini avtomatik ravishda hisoblash uchun “OʻzASBO” dasturiy majmuasiga uzatiladi;
dasturiy taʼminotda xodimni xizmat safariga yuborish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar aks ettiriladi hamda xodimlar xizmat safariga yuborilganligi tasdiqlangandan soʻng mehmonxona xarajatlari boʻyicha mehmonxonalarga toʻlanadigan toʻlovlar pul oʻtkazish yoʻli bilan avtomatik ravishda oʻtkazib beriladi.
4. Xizmat safari xarajatlari hisobini yuritish boʻyicha dasturiy taʼminot faoliyatini yoʻlga qoʻyish maqsadida:
Oʻzbekiston Respublikasi Turizm va madaniy meros vazirligi Moliya vazirligi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda uch oy muddatda budjet tashkilotlari hamda mehmonxonalar oʻrtasida respublika hududida xizmat safariga yuborilgan xodimlarni turar joydan foydalanishga oid shartnomalarni rasmiylashtirish va toʻlovlarni amalga oshirish boʻyicha elektron modulni yaratsin hamda dasturiy taʼminotga integratsiya qilinishini;
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi “Soliq.uz” dasturi orqali matritsali shtrix kod (QR-kod)li xarid cheklari yordamida xizmat safari bilan bogʻliq xarajatlarni tasdiqlovchi maʼlumotlar “OʻzASBO” dasturiy majmuasiga uzatilishini taʼminlasin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 2-avgustdagi 424-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi hududida xizmat safarlari toʻgʻrisidagi
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom tashkilotlarning xodimlarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida xizmat safarlariga yuborish, xizmat safari bilan bogʻliq xarajatlarni qoplab berish, xizmat safariga ketayotgan va xizmat safaridan qaytayotgan shaxslarni roʻyxatga olish boʻyicha maxsus elektron jurnallarni yuritish hamda xizmat safariga yuborilgan shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini taʼminlash tartibini belgilaydi. Bunda davlat fuqarolik xizmati tatbiq qilinadigan davlat organlari va tashkilotlarida xizmat safarlarini tashkil etish, xizmat safariga ketayotgan va xizmat safaridan qaytayotgan shaxslarni roʻyxatga olish boʻyicha maxsus elektron jurnallarni yuritish va tahlilini olib borish “hrm.gov.uz” elektron tizimi tarkibidagi “Xizmat safari” yagona moduli orqali amalga oshiriladi.
Mazkur Nizom qoidalari budjet tashkilotlari, davlat maqsadli jamgʻarmalari, budjet tizimi budjetlaridan mablagʻ ajratiladigan belgilangan tartibda tashkil etilgan boshqa jamgʻarmalar, ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslardan tashqari boshqa barcha tashkilotlar va tadbirkorlik subyektlariga nisbatan tavsiyaviy xususiyatga ega.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
tashkilot — budjet tashkilotlari, davlat maqsadli jamgʻarmalari, budjet tizimi budjetlaridan mablagʻ ajratiladigan belgilangan tartibda tashkil etilgan boshqa jamgʻarmalar, ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar;
xizmat safari — tashkilot rahbarining buyrugʻiga (qarori, farmoyishiga) asosan xodimning oʻzining doimiy ish joyidan boshqa joyga xizmat topshirigʻini bajarish uchun maʼlum bir muddatga yuborilishi;
xizmat safarida boʻlgan vaqt uchun toʻlanadigan kundalik xarajatlar (keyingi oʻrinlarda — kundalik xarajatlar) — xizmat safarida boʻlgan vaqtda kunlik ovqatlanish, xizmat safari paytidagi vazifalarni bajarish bilan bogʻliq boshqa kundalik xarajatlar, (transport vositalari va turar joy bilan bogʻliq xarajatlar bundan mustasno).
3. Tashkilotning tarkibiga kiruvchi hududiy boʻlinmalar, filiallar (shoxobchalar), uchastkalar va boshqa boʻlinmalar boshqa yerda joylashgan hollarda doimiy ish joyi boʻlib mehnat shartnomasida belgilangan ish joyi ishlab chiqarish boʻlinmasi hisoblanadi.
Doimiy ishi yoʻlda yoki koʻchib yurish bilan bogʻliq boʻlgan yoxud doimiy harakatlanuvchi tusga ega boʻlgan xodimlarning xizmat yuzasidan borib kelishlari xizmat safari hisoblanmaydi.
2-bob. Xodimni xizmat safariga yuborish va uning xizmat safarida boʻlishi tartibi
4. Tashkilot xodimlarini respublika hududlariga xizmat safariga yuborish va uni rasmiylashtirish, shuningdek, xizmat safari yakuni boʻyicha hisobotlarni taqdim etish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
5. Xizmat safariga yuboriladigan xodim tomonidan xizmat safariga chiqishdan oldin ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda namunaviy ish rejasi rasmiylashtiriladi.
6. Xodimni xizmat safariga yuborish uchun tashkilot rahbari yoki tegishli vakolat berilgan shaxs tomonidan chiqariladigan xodimni xizmat safariga yuborish toʻgʻrisidagi tegishli buyruq (qaror, farmoyish) qabul qilinadi va xodimga mazkur Nizomga 3-ilovaga muvofiq shaklda xizmat safari guvohnomasini berish orqali rasmiylashtiriladi.
Xodim xizmat safariga borilgan hududdagi tegishli tashkilot rahbariga xizmat safari maqsadlari va vazifalari toʻgʻrisida tushuntirish beradi, shuningdek, xizmat safari natijalari toʻgʻrisida xabardor qiladi.
7. Xodimlarni yuqori tashkilotlarga (boʻysunish tartibida) xizmat safariga yuborish xodimni xizmat safariga yuborilayotgan tashkilot rahbariyatining topshirigʻi yoki u bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi.
8. Xodimning xizmat safari muddati tashkilot rahbari tomonidan belgilanadi. Bunda xizmat safari muddati yoʻldagi vaqtni hisobga olmagan holda 30 kalendar kundan koʻp boʻlmasligi lozim, ushbu bandning ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilari bundan mustasno. Mazkur xatboshi xodimlarni nazorat tadbirlarini oʻtkazish uchun xizmat safariga yuborishga ham taalluqlidir.
Montaj, ishga tushirish-sozlash, qurilish va qidiruv ishlarini bajarish uchun yuboriladigan xodimlar, rahbarlar va mutaxassislarning xizmat safari muddati 12 oydan koʻp boʻlishi mumkin emas.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining va Hukumatining hujjatlari va topshiriqlariga muvofiq xodimlarni xizmat safariga yuborishda boshqa muddatlar belgilanishi mumkin.
Xizmat safari muddatini uzaytirish, xizmat safaridan yoki xizmat safari paytida chaqirib olish yoki xizmat safarini muddatidan avval yakunlashga xizmat safariga yuborgan tashkilot rahbari yoki tegishli vakolat berilgan shaxsning buyrugʻiga (qarori, farmoyishi) asosan ruxsat beriladi.
9. Xizmat safariga yuborilgan joyda haqiqatda oʻtkazilgan vaqt xizmat safari joyiga kelgan va xizmat safari joyidan ketgan kunlarni xizmat safari guvohnomasiga belgi qoʻyish orqali aniqlanadi.
Tashkilotda xizmat safariga ketayotgan va xizmat safaridan qaytayotgan shaxslarni roʻyxatga olish mazkur Nizomga 4 va 5-ilovalarga muvofiq maxsus jurnallarda “OʻzASBO” dasturiy majmuasida (yoki buxgalteriya hisobini yurituvchi axborot tizimida) elektron shaklda yuritiladi. Bunda davlat fuqarolik xizmati tatbiq qilinadigan davlat organlari va tashkilotlarida xizmat safariga ketayotgan va xizmat safaridan qaytayotgan shaxslarni roʻyxatga olish mazkur Nizomga 4 va 5-ilovalarga muvofiq maxsus jurnallarda “hrm.gov.uz” elektron tizimi tarkibidagi “Xizmat safari” yagona modulida elektron shaklda yuritiladi hamda bu haqidagi maʼlumotlar “OʻzASBO” dasturiy majmuasiga integratsiya qilish orqali yuboriladi.
Maxsus jurnallarni yuritish va xizmat safari guvohnomasiga belgi qoʻyish tashkilotlarning kadrlar bilan ishlash boʻlinmalari (yoki ushbu vazifa yuklatilgan masʼul shaxs) tomonidan amalga oshiriladi.
10. Xizmat safariga chiqish kuni boʻlib transport vositasida 24 soat ichidagi vaqt, soat 00:00 va undan kechroq vaqt — keyingi sutka hisoblanadi, kelish kuni esa — transport vositasida doimiy ish joyiga kelish kuni hisoblanadi.
3-bob. Xizmat safariga yuborilgan xodimning huquqlari va qonuniy manfaatlarining kafolatlari
11. Xizmat safarida boʻlgan xodimga u yuborilgan tashkilotdagi ish vaqti rejimi va dam olish vaqtlari taalluqli boʻladi. Xizmat safari vaqtida foydalanilmagan dam olish kunlari xizmat safaridan qaytganda tiklanmaydi.
Agar xodim xizmat safari davomida dam olish yoki bayram kunlarida xizmat safariga yuborilgan joyda ishlagan boʻlsa, ushbu kunlarda ishlagani uchun amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq kompensatsiya toʻlanadi.
Agar xodim tashkilot rahbarining tegishli hujjatiga binoan xizmat majburiyatini bajarish uchun dam olish kunida xizmat safariga yuborilsa, unga xizmat safaridan qaytgach belgilangan tartibda boshqa dam olish kuni beriladi.
Xizmat safariga ketish va xizmat safaridan qaytish kunlarida xodimning ishga chiqish masalasi tashkilot rahbari bilan kelishilgan holda hal qilinadi.
12. Xizmat safariga yuborilgan xodimni xizmat safarida boʻlgan muddatida va yoʻlda boʻlgan muddatda ish joyi (lavozimi), mehnatga haq toʻlash shartlari, mehnatga haq toʻlashning ishbay tizimdagi xodimlar uchun oʻrtacha ish haqi saqlanib qoladi.
Oʻrindoshlik asosida ishlayotgan shaxs xizmat safariga ish beruvchilarning oʻzaro kelishuvi asosida yuboriladi va uning oʻrtacha ish haqi uni xizmat safariga yuborgan tashkilotda saqlanadi. Xizmat safariga bir vaqtning oʻzida ham asosiy, ham oʻrindoshlik asosidagi ishi boʻyicha xizmat safariga yuborilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
Ichki oʻrindoshlik asosida ishlayotgan shaxs xizmat safariga yuborilganda esa oʻrtacha ish haqi asosiy va oʻrindoshlik asosidagi lavozim boʻyicha saqlanadi.
Xodimning xizmat safari davrida tarif stavkalari, lavozim maoshlari miqdorlari oshgan hollarda tashkilotning ish kunlari mehnatga haq toʻlashning yangi shartlarida haqiqatda ishlagan kunlariga toʻgʻri keladigan soni uchun mehnatga haq toʻlovlari qayta hisoblanadi.
Xizmat safari davridagi ish vaqtida, shu jumladan, xizmat safariga yuborilgan joyga borish va doimiy ish joyiga qaytishda yoʻlda boʻlgan davrlarda xodimning mehnatga layoqatliligini yoʻqotishi yoki vafot etganligi munosabati bilan kompensatsiya toʻlovlari qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
4-bob. Xizmat safarlariga oid kompensatsiya toʻlovlari miqdori va toʻlash tartibi
13. Xizmat safariga yuborilgan xodimga turar joy bilan bogʻliq xarajatlar (mehmonxona yoki turar joy ijarasi), xizmat safari joyiga borish, shu jumladan, xizmat safari doirasida shaharlararo va tumanlararo harakatlanish hamda doimiy ish joyiga qaytish uchun yoʻl xarajatlari qoplanadi, shuningdek, kundalik xarajatlar uchun haq toʻlanadi.
14. Xizmat safariga yuborilgan shaxsga xizmat safariga yuborilgan joyga borish va doimiy ish joyiga qaytish bilan bogʻliq boʻlgan quyidagi yoʻl xarajatlari qoplanadi:
a) umumiy foydalaniladigan transportning barcha turlarida yurish (taksidan tashqari) qiymati:
umumiy foydalaniladigan transportning xizmat safariga yuborilgan shaxsga tegishli tasdiqlovchi hujjatlari asosida.
Bunda:
Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining rahbariyati va xodimlari, respublika darajasidagi tashkilotlarning rahbarlari va ularning oʻrinbosarlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi hamda Vazirlar Kengashi raislari, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari va ularning oʻrinbosarlari, tuman (shahar) hokimlariga barcha tariflar boʻyicha chipta qiymati toʻliq budjet mablagʻlari hisobidan;
boshqa toifadagi xodimlar uchun “biznes” (havo yoʻllari transporti) va “VIP” (temir yoʻl transporti) tarifidan arzon boʻlgan barcha turlari boʻyicha chipta qiymati toʻliq budjet mablagʻlari hisobidan hamda “biznes” (havo yoʻllari transporti) va “VIP” (temir yoʻl transporti) tarifi boʻyicha chipta qiymatining 70 foizi miqdorida budjet va budjetdan tashqari mablagʻlari (yoki ustav kapitalida 50 foiz va undan ortiq miqdorda davlat ulushi mavjud boʻlgan yuridik shaxslarning mablagʻlari), qolgan qismi xodimning oʻz mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi;
b) transportda yoʻlovchilarni majburiy davlat sugʻurtalash boʻyicha toʻlovlar;
v) tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlgan taqdirda, yoʻlda yurish hujjatlarini oldindan sotish, samolyot va poyezdlarda joylarni bronlash xizmatlari boʻyicha toʻlovlar;
g) tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlganda, tashkilot rahbarining ruxsati bilan havo, temir yoʻl, suv va umumiy foydalanishdagi avtomobil transportida bagajni olib oʻtish bilan bogʻliq xarajatlar;
d) umumiy foydalanishdagi transport bilan (taksidan tashqari) stansiyagacha, aeroportgacha yetib olish xarajatlari, agar ular aholi yashaydigan hududdan tashqarida joylashgan boʻlsa. Bunda kechki vaqtda yoki umumiy foydalanishdagi transport mavjud boʻlmagan taqdirda, tashkilot rahbariga xodimlar uchun yengil avtotransport vositalarida tashish faoliyati litsenziya varaqasiga ega taksida yurganlik uchun haq toʻlash huquqi beriladi;
e) yoʻlda koʻrpa-toʻshak buyumlaridan foydalanganlik uchun xarajatlar (tasdiqlovchi hujjatlarsiz haq toʻlashga qabul qilinadi);
j) xizmat safari bekor qilinishi munosabati bilan xarid qilingan (yoki bron qilingan) yoʻl chiptalari qaytarib topshirilishi munosabati bilan olib qolinadigan mablagʻlar va xizmat koʻrsatuvchilar tomonidan qaytarib berilmaydigan boshqa xarajatlar;
z) yoʻl hujjatlari mavjud boʻlmaganda:
budjet tashkilotlari xodimlari uchun xizmat safari yoʻlkirasiga haq toʻlash har bir kilometrga bazaviy hisoblash miqdorining 0,1 foizi miqdorida;
boshqa tashkilotlar xodimlari uchun jamoa kelishuvi (shartnomalari), mehnat shartnomasida koʻzda tutilgan, biroq har bir kilometrga bazaviy hisoblash miqdorining 0,1 foizidan kam boʻlmagan miqdorlarda.
Bunda transport xarajatlarini tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlmaganda, Internet jahon axborot tarmogʻidagi elektron xaritalardan foydalangan holda masofalarni aniqlashga ruxsat etiladi.
15. Xizmat safarining har 30 kalendar kunidan soʻng dam olish kunlari xodimning doimiy yashash joyiga kelish va xizmat safariga yuborilgan joyiga qaytish bilan bogʻliq boʻlgan yoʻl xarajatlari mazkur Nizomning 14-bandi “a” va “z” kichik bandlarida belgilangan miqdorlarda qoplanadi.
Shuningdek, xizmat safari davridagi dam olish kunlari xodimning doimiy yashash joyiga kelish va xizmat safariga qaytib borish uchun yoʻl xarajatlari miqdori uning mazkur dam olish kunlari uchun toʻlanadigan yotoqxona va kunlik xarajatlaridan koʻp boʻlmagan hollarda dam olish kunlari xodimning ixtiyoriga koʻra doimiy yashash joyiga kelish va xizmat safariga yuborilgan joyga qaytish bilan bogʻliq boʻlgan yoʻl xarajatlari mazkur Nizomning 14-bandining “a” va “z” kichik bandlarida belgilangan miqdorlarda qoplanadi.
Bunda xodimning doimiy yashash joyida boʻlgan vaqt uchun kunlik xarajatlar toʻlanmaydi.
16. Kundalik xarajatlar uchun haq jamoa shartnomalari, jamoa kelishuvlari va mehnat shartnomalarida koʻzda tutilgan miqdorlarda, lekin quyidagi miqdorlardan kam boʻlmagan holda belgilanadi (bazaviy hisoblash miqdoriga nisbatan koeffitsiyentlarda), jami 0,35 gacha:
xodimning xizmat safari davrida ovqatlanish (alkogol va tamaki mahsulotlari bundan mustasno) xarajatlarini tasdiqlovchi hujjatlar (cheklar) taqdim etilganda — 0,25 gacha;
boshqa xarajatlari uchun — 0,1.
Bunda umumiy ovqatlanish obyektlarida xaridni amalga oshirganligini tasdiqlovchi hujjatlarni (cheklarni) xizmat safari uchun ishlab chiqilgan maxsus mobil ilovada xarid chekining fiskal belgisini matritsali shtrix kod (QR-kod) yordamida skanerlash orqali roʻyxatdan oʻtkazish imkoniyati mavjud boʻlmaganda, ushbu hujjatlarni (cheklarni) taqdim etishga ruxsat etiladi.
Umumiy ovqatlanish obyektlarida xarid amalga oshirilganligini tasdiqlovchi hujjatlar (cheklar) xizmat safari davrining har bir kuni uchun alohida-alohida rasmiylashtiriladi.
17. Xodimlarning ovqatlanish xarajatlari uchun kompensatsiya toʻlovini amalga oshiruvchi budjet tashkilotlari ushbu xodimning xizmat safari davrida kunlik ovqatlanish xarajatlari ushbu davr uchun ovqatlanish xarajatlari uchun kompensatsiya toʻlovi miqdoriga kamaytirilgan holda hisoblanadi.
18. Mehmonxona xarajatlarining bir kunlik qoplash miqdori (xalqaro miqyosdagi tadbirlar davrida Samarqand, Buxoro, Xiva, Qoʻqon, Shahrisabz shaharlari va Boʻstonliq tumanidagi mehmonxonalar xarajatlari bundan mustasno):
Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi, Oʻzbekiston Respublikasi Hisob palatasi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining rahbar xodimlari, respublika darajasidagi budjet tashkilotlarining birinchi rahbarlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi hamda Vazirlar Kengashi raislari, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari uchun bazaviy hisoblash miqdorining 3 barobaridan;
Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi, Oʻzbekiston Respublikasi Hisob palatasi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining xodimlari, respublika darajasidagi budjet tashkilotlari rahbarlarining oʻrinbosarlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi hamda Vazirlar Kengashi raislarining oʻrinbosarlari, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining oʻrinbosarlari uchun bazaviy hisoblash miqdorining 2 barobaridan;
mazkur bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilarida nazarda tutilmagan boshqa xodimlar uchun bazaviy hisoblash miqdorining 1,5 barobaridan oshmasligi lozim.
Budjet tashkilotlari xizmat safariga yuborilgan xodimlarning mehmonxona xarajatlarini mehmonxonalar bilan qonunchilikda belgilangan tartibda, shu jumladan elektron platforma orqali shartnoma tuzish orqali toʻlab berishi mumkin.
Xalqaro miqyosdagi tadbirlar davrida Samarqand, Buxoro, Xiva, Qoʻqon, Shahrisabz shaharlari va Boʻstonliq tumanidagi mehmonxonalar xarajatlarining mazkur bandning ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilarida nazarda tutilgan bir kunlik qoplash miqdoridan oshgan qismi tashkilotning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan qoplab beriladi.
19. Turar joyda yashaganligi boʻyicha xarajatlarni tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlmagan hollarda har bir sutka uchun belgilangan bazaviy hisoblash miqdorining 20 foizi miqdorida qoplanadi.
Ushbu toʻlov xizmat safarida boʻlgan Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarning harbiy xizmatchilariga (xodimlariga) turar joyda yashaganlik uchun haqiqatda xarajat amalga oshirganligi ularning bevosita hamda xizmat safariga borgan harbiy qism (muassasa) rahbarlari tomonidan yozma ravishda tasdiqlangan hollarda (amalga oshirgan xarajat miqdori va yashagan manzilini koʻrsatgan holda), amaldagi xarajatlar doirasida, biroq har bir sutka uchun bazaviy hisoblash miqdorining 20 foizidan koʻp boʻlmagan miqdorda qoplanadi.
Xizmat safari joyida bepul yotoq joy bilan taʼminlangan harbiy xizmatchilarga (xodimlarga) mazkur bandda koʻrsatilgan toʻlov toʻlanmaydi.
20. Xizmat safariga yuborilgan xodim oʻzining doimiy ish joyiga har kuni qaytish imkoniyatiga ega boʻlsa, u holda kundalik xarajatlar uchun haq toʻlanmaydi. Xodimning xizmat safariga yuborilgan joydan oʻzining doimiy ravishda yashaydigan joyiga har kuni qaytishi mumkinligi masalasi xizmat safariga yuborgan tashkilot rahbari tomonidan masofaning uzoqligi, transport aloqasi sharoiti, bajariladigan topshiriqning tusi, xodim uchun dam olish sharoitlarini yaratish kabilarni hisobga olgan holda hal etiladi.
21. Xizmat safari davrida xizmat safariga yuborilgan xodim vaqtinchalik mehnatga layoqatliligini yoʻqotgan hollarda unga umumiy asoslarda turar joy boʻyicha xarajatlar qoplanadi (xizmat safariga yuborilgan xodim statsionar davolanishda boʻlgan hollar bundan mustasno) va unga sogʻligʻi holatiga koʻra zimmasiga yuklatilgan xizmat topshirigʻini bajarish imkoniyatiga ega boʻlmagan barcha davr mobaynida yoki oʻzining doimiy yashash joyiga qaytguniga qadar, biroq ikki oydan koʻp boʻlmagan muddatga kundalik xarajatlar uchun haq toʻlanadi.
Xizmat safariga yuborilgan xodimning vaqtinchalik mehnatga layoqatliligini yoʻqotishi, shuningdek, sogʻligʻi holati boʻyicha oʻzining doimiy yashash joyiga qaytish imkoniyati yoʻqligi belgilangan tartibda tasdiqlangan boʻlishi kerak.
Vaqtinchalik mehnatga layoqatliligini yoʻqotgan davr uchun xizmat safariga yuborilgan xodimga umumiy asoslarda vaqtinchalik mehnatga qobiliyatsizlik nafaqasi toʻlanadi. Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik kunlari xizmat safari muddatiga qoʻshilmaydi.
22. Xizmat safariga yuboriladigan xodimga xizmat safariga ketishdan oldin mazkur Nizomning 14 , 15 va 16-bandlarida koʻzda tutilgan miqdorlarda yoʻl xarajatlari, kundalik xarajatlar va turar joy xarajatlari doirasida pul koʻrinishidagi avans toʻlanadi.
Xodim xizmat safaridan qaytgan kundan eʼtiboran uch ish kuni mobaynida avans hisobotini taqdim qilishi shart. Ushbu hisobotga belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan xizmat safari guvohnomasi va xizmat safarida haqiqatda qilingan xarajatlarni tasdiqlovchi hujjatlar ilova qilinadi.
23. Montaj, ishga tushirish-sozlash, qurilish va qidiruv ishlarini bajarish uchun xizmat safariga yuborilgan xodimlar, rahbarlar va mutaxassislarga mazkur Nizomning 16-bandida koʻzda tutilgan meʼyorlar boʻyicha ikki oy mobaynida kundalik xarajatlar uchun haq toʻlanadi.
Ikki oydan ortiq muddatda montaj, ishga tushirish-sozlash, qurilish va qidiruv ishlari uchun kundalik xarajatlar uchun haq oʻrniga ish haqi yoki lavozim maoshiga tarif stavkasining 50 foizi miqdorida, biroq sutka uchun mazkur Nizomning 16-bandida belgilangan meʼyorlardan yuqori boʻlmagan ustama belgilanadi.
Quyidagi xodimlar montaj, ishga tushirish-sozlash, qurilish va qidiruv ishlarini amalga oshirish uchun xizmat safariga yuborilgan hollarda ularga kundalik xarajatlar uchun haq oʻrniga tarif stavkasini yoki lavozim maoshini mazkur bandda koʻrsatilgan miqdorlarda ustamalar toʻlanmaydi:
montaj, ishga tushirish-sozlash, qurilish va qidiruv ishlari amalga oshiriladigan joyda ishga olingan;
qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan shartlar asosida boshqa joyga oʻtkazish tartibida yuborilgan;
mehnat taʼtilida boʻlgan vaqtda, shuningdek, sababsiz holda ishga chiqmagan kunlarda;
ular tomonidan montaj, ishga tushirish-sozlash, qurilish va qidiruv ishlari amalga oshiriladigan joydan tashqarida davlat yoki jamoat ishlarini bajarish vaqtida;
montaj, ishga tushirish-sozlash, qurilish va qidiruv ishlarini bajarilishi nazoratini amalga oshirish uchun xizmat safariga yuborilgan.
Kundalik xarajatlar uchun haq oʻrniga tarif stavkasi yoki lavozim maoshidan foiz miqdorida ish haqiga ustama toʻlash xodim montaj, ishga tushirish-sozlash, qurilish va qidiruv ishlarida ishtirok etgan har bir kalendar kun uchun amalga oshiriladi.
Toʻliq boʻlmagan oy uchun koʻrsatilgan ustamani hisoblashdan avval ustama toʻliq oy uchun belgilanadi, soʻngra ushbu summa mazkur oydagi kalendar kunlar soniga boʻlinadi va xodim montaj, ishga tushirish-sozlash, qurilish va qidiruv ishlarida boʻlgan kunlar soniga koʻpaytiriladi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
24. Tashkilotlar mazkur Nizomda belgilangan talablarga rioya qilgan holda xizmat safarlari uchun sarflanadigan mablagʻlardan samarali foydalanish va ortiqcha xarajatlarning oldini olish choralarini koʻrib borishi lozim.
25. Tashkilotlarning komplayens-nazorat boʻlinmalari (yoki ushbu vazifa yuklatilgan masʼul shaxs) xizmat safariga yuborilgan xodimlarni manfaatlar toʻqnashuvi va korrupsiyaviy holatlarga yoʻl qoʻymasliklari ustidan doimiy nazorat olib borishga masʼul hisoblanadi.
26. Ushbu Nizom talablarini buzishda aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasi hududida xizmat safarlari toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Tashkilot xodimlarini respublika hududlariga xizmat safariga yuborish va uni rasmiylashtirish, shuningdek, xizmat safari yakuni boʻyicha hisobotlarni taqdim etish
Bosqichlar Ijrochilar Chora-tadbirlar Muddatlar I. Xizmat safariga yuborish va uni rasmiylashtirish 1-bosqich Tashkilot xodimi (keyingi oʻrinlarda — xodim) 1. Amalga oshiriladigan xizmat safari yuzasidan mazkur nizomga 2-ilovaga muvofiq ish rejasi tayyorlash. 2. Xizmat safari ish rejasini tashkilot rahbari yoki vakolatli shaxsga tasdiqlash uchun kiritish. Xizmat safariga chiqishdan oldin 2-bosqich Tashkilot rahbari yoki vakolatli shaxs Xodimning xizmat safari ish rejasini oʻrgangan holda xizmat safariga chiqish asosli deb topilganda xizmat safari ish rejani tasdiqlash. 1 ish kunida 3-bosqich Xodim Xizmat safari ish rejasini kadrlar bilan ishlash boʻlinmasiga xizmat safari buyrugʻi (qarori, farmoyishi) va mazkur nizomga 3-ilovaga muvofiq guvohnomasini rasmiylashtirish uchun topshirish. Ish rejasi tasdiqlangan kunda 4-bosqich Kadrlar bilan ishlash boʻlinmasi 1. Xizmat safariga chiqish boʻyicha xizmat safari buyrugʻi (qarori, farmoyishi) va guvohnomasini rasmiylashtirish. 2. Xizmat safari buyrugʻi (qarori, farmoyishi) va guvohnomasini tashkilot rahbari yoki vakolatli shaxs tomonidan tasdiqlanishini tashkil etish. Ish rejasi kiritilgan kunda 3. Tasdiqlangan xizmat safari buyrugʻi (qarori, farmoyishi) va guvohnomasini roʻyxatdan oʻtkazish va xizmat safariga yuboriladigan xodimga berish. Xizmat safari guvohnomasi tasdiqlangan kunda 4. Xizmat safariga yuborilayotgan xodimlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni xizmat safariga yuborilayotgan xodimlarni hisobga olish uchun mazkur nizomga 4-ilovaga muvofiq jurnalda aks ettirish. Har kun yakuni boʻyicha 5-bosqich Xodim Xizmat safari xarajatlari yuzasidan avans pulini olish uchun Moliya-iqtisodiyot boʻlimiga (buxgalteriyaga) murojaat qilish. Xizmat safari guvohnomasi olingan kunda 6-bosqich Moliya-iqtisodiyot boʻlimi (buxgalteriya) Xizmat safari guvohnomasida koʻrsatilgan muddatlarga muvofiq xodimga avans pulini berish. Xizmat safari guvohnomasi olingan kunda II. Xizmat safari davomida amalga oshiriladigan ishlar 7-bosqich Xodim 1. Xizmat safariga borilgan hududdagi tegishli tashkilot rahbariga xizmat safari maqsadlari va vazifalari toʻgʻrisida tushuntirish berish. 2. Xizmat safarini tasdiqlangan xizmat safari ish rejasi asosida tashkil etish. Xizmat safariga yetib borilgan kunda 8-bosqich Xizmat safariga borilgan hududdagi tashkilot rahbari 1. Xodimning ish rejasiga muvofiq vazifalarini amalga oshirishi uchun belgilangan tartibda ish sharoitlari yaratilishiga koʻmaklashish. 2. Xodimning soʻroviga muvofiq xizmat safari maqsadlarini amalga oshirish bilan bogʻliq tegishli maʼlumotlarni taqdim etish. Xizmat safari jarayonida 9-bosqich Xodim 1. Xizmat safari davomida xizmat safari ish rejasida belgilangan vazifalar toʻliq va oʻz vaqtida amalga oshirilishini taʼminlash. 2. Xizmat safari natijalari toʻgʻrisida xizmat safariga borilgan hududdagi tashkilot rahbarini xabardor qilish. Xizmat safaridan qaytayotgan kunda III. Xizmat safari yakuni boʻyicha hisobotlarni taqdim etish 10-bosqich Xodim 1. Xizmat safaridan kelganligi yuzasidan tashkilot rahbarini va Kadrlar boʻlimini xabardor qilish. 2. Xizmat safari yakunlanganligini xizmat safari guvohnomasida qayd etilishini taʼminlash. Xizmat safaridan qaytganidan keyin 1 ish kunida 11-bosqich Kadrlar bilan ishlash boʻlinmasi Xizmat safaridan kelgan xodimlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni mazkur nizomga 5-ilovaga muvofiq xizmat safaridan qaytib kelgan xodimlarni hisobga olish jurnalida aks ettirish. Har kun yakuni boʻyicha 12-bosqich Xodim 1. Xizmat safari natijalari boʻyicha yozma hisobot tayyorlash hamda tashkilot rahbariga yoki vakolatli shaxsga axborot berish. 2. Xizmat safari xarajatlari yuzasidan moliyaviy hisobotni tayyorlash va Moliya-iqtisodiyot boʻlimiga (buxgalteriyaga) topshirish. Xizmat safaridan qaytgan kundan eʼtiboran 3 ish kunida 13-bosqich Xodim Xizmat safari yakunlari boʻyicha rahbariyatga berilgan hisobot va rahbariyatning tegishli rezolyutsiyasi nusxasini Kadrlar boʻlimiga topshirish. Rezolyutsiya olingandan soʻng 1 ish kunida 14-bosqich Kadrlar bilan ishlash boʻlinmasi Xodim tomonidan amalga oshirilgan xizmat safarlari va berilgan hisobotlar toʻgʻrisida tashkilot rahbari yoki vakolatli shaxsga axborot taqdim etib borish. Har oy yakuni bilan keyingi oyning 5 sanasiga kadar 15-bosqich Moliya-iqtisodiyot boʻlimi (buxgalteriya) 1. Xodim tomonidan tayyorlangan moliyaviy hisobotlar toʻliqligini oʻrganish. 2. Kamchiliklar aniqlangan taqdirda, xodimdan qoʻshimcha hujjatlar soʻrab olish. 3. Hujjatlar asosida xodim bilan yakuniy hisob-kitoblarni amalga oshirish. Hisobot taqdim etilgan kunda
Oʻzbekiston Respublikasi hududida xizmat safarlari toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
“TASDIQLAYMAN” ___________ tashkilot rahbari (vakolatli shaxs) _____________ __ __________ ___ yil “ ___ ” __________ ________________________________________________________________________ (tashkilot nomi) ________________________________________________________________________ (xodimning toʻliq lavozimi) _________________________________________________________ning xizmat safari (xodimning F.I.O.) NAMUNAVIY ISH REJASI Xizmat safariga yuborilayotgan masʼul xodim: _______________________ Lavozimi: _________________________ bosh mutaxassisi Xizmat safariga yuborilayotgan hudud: __________________ viloyati Xizmat safari muddati: ______ ____ _____ ________ yil _______________ viloyati, Xizmat safariga asos: ___________________________________________ ning ______ yil ____ ______________ _____-son topshirigʻi (topshiriq ilova qilinadi) Xizmat safari maqsadi: ___________________________________________ ___________________________________________ Xizmat safari ish rejasi: 1. _________________________________________ 2. _________________________________________ 3. _________________________________________ 4. _________________________________________ ___________________________________________ ___________________________________________ Xodimning imzosi _________ sana ______. _____________
Oʻzbekiston Respublikasi hududida xizmat safarlari toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
XIZMAT SAFARI GUVOHNOMASI Berildi _________________________________________________________________ (familiyasi, ismi, otasining ismi) ________________________________________________________________________ (xizmat safari guvohnomasi berilgan tashkilot nomi) __________________________________________________ xizmat safariga yuborilgan (xizmat safari punkti) Xizmat safari muddati “_____” kun 20 ____ y. “____” _____________ dan 20 ____ yil “____” ____________ gacha. Asos: 20 ____ yil “____” ______________dagi ____-son buyruq _____________ seriya _____________ raqamli pasport (identifikatsiyalovchi ID kartasi maʼlumotlari) yoki ________ raqamli guvohnoma taqdim etilgan taqdirda haqiqiy. M.Oʻ. _____________ F.I.O rahbar imzosi Orqa tomoni Belgilangan manzilga yetib borish va u yerdan qaytish belgilari: Joʻnadi __________________________ 20 ____ y. “_____” _________________ Muhr, imzo _______________________ Yetib keldi _________________________ 20 ____ y. “_____” __________________ Muhr, imzo ________________________ Joʻnadi __________________________ 20 ____ y. “_____” _________________ Muhr, imzo _______________________ Yetib keldi _________________________ 20 ____ y. “_____” __________________ Muhr, imzo ________________________ Joʻnadi __________________________ 20 ____ y. “_____” _________________ Muhr, imzo _______________________ Yetib keldi _________________________ 20 ____ y. “_____” __________________ Muhr, imzo ________________________
Oʻzbekiston Respublikasi hududida xizmat safarlari toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
______________________________________________________ dan tashkilot nomi xizmat safariga yuborilayotgan xodimlarni hisobga olish JURNALI T/r Xizmat safariga yuborilgan xodimning familiyasi, ismi, otasining ismi Lavozimi Xizmat safari guvohnomasining raqami Xizmat safari guvohnomasini imzolagan xodim lavozimi, F.I.O. Sana Xizmat safari guvohnomasini olganligi haqida imzo Haqiqatda ketish Haqiqatda kelish 1 2 3 4 5 6 7 8
Oʻzbekiston Respublikasi hududida xizmat safarlari toʻgʻrisidagi nizomga 5-ILOVA
___________________________________________________________ dan xizmat safariga borilgan tashkilot (hudud) nomi xizmat safaridan qaytib kelgan xodimlarni hisobga olish JURNALI T/r Xizmat safariga yuborilgan xodimning F.I.O. Lavozimi Xizmat safari guvohnomasi berilgan tashkilot nomi Yetib kelish sanasi Xizmat safariga ketish sanasi 1 2 3 4 5 6
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 2-avgust,
424-son