UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 3-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 3 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 3 августа 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 3 August 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Алимент тўловлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, алимент тўловлари жамғармаси фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87-сон Фармонининг 20-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида (кейинги ўринларда — Мажбурий ижро бюроси) юридик шахс ташкил этмаган ҳолда «Алимент тўловлари» жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилганлиги ва унга Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 миллиард сўм ажратилиши маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахслардан ундирилган маблағлар;

вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро институтлар ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

3. Белгилансинки:

Жамғарма ҳисобидан тўловлар фақат вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган қарздорга нисбатан татбиқ этилади;

Жамғарма фаолиятини бошқариш Мажбурий ижро бюроси томонидан амалга оширилади;

Жамғарма томонидан тўловларни тўлаш тартиб-таомиллари устидан қатъий назорат ўрнатиш мақсадида барча амалиётлар Мажбурий ижро бюросининг Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бунда тўловлар ушбу тизим билан интеграция қилинган алимент олувчиларнинг банк карталарига ўтказилади.

4. Жамғарманинг маблағларини шакллантириш, тақсимлаш ва улардан фойдаланиш ҳамда унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини, шу жумладан Жамғарма маблағлари ҳисобидан алимент тўловларидан қарздорлик тўланадиган ҳолатлар ва шахслар тоифасини белгилашни назарда тутувчи Алимент тўловлари жамғармаси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг:

Мажбурий ижро бюроси тузилмасида умумий штат бирликлари доирасида Молия-режалаштириш бўлимига 1 та штат бирлиги ажратиш;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этишни таъминлаш бўйича самарадорлик ва натижадорлик кўрсаткичларида (KPI) Жамғармадан қопланган алимент маблағларини ундиришни асосий мезонлардан бири сифатида белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

6. Мажбурий ижро бюроси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 30 декабрга қадар:

Жамғармани шакллантириш манбаларини кенгайтириш, шу жумладан ижро ҳужжатлари бўйича ундирилиб, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га йўналтирилаётган маблағларнинг бир қисмини Жамғармага йўналтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифлар киритсин;

Бюронинг Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизимини Молия вазирлигининг Ғазначилиги электрон тизими билан интеграция қилиш чораларини кўрсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 августдаги 427-сон қарорига ИЛОВА

Алимент тўловлари жамғармаси тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг (кейинги ўринларда — Бюро) Алимент тўловлари жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Жамғарманинг мақсади Бюро органлари иш юритувидаги алимент ундириш билан боғлиқ суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжати ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжати билан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахслардан белгиланган ва ундириш имкони бўлмаган маблағларни ушбу Низомда белгиланган ҳолларда, Жамғарма маблағларидан алимент тўловлари бўйича шаклланган қарздорликни бирйўла тўлаш учун молиялаштириш ҳисобланади.

3. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари шаклида ташкил этилади ва Молия вазирлигининг Ғазначилиги ҳисобварағида маблағлари миллий ва чет эл валютасида банк ҳисобварақларида жамланади.

4. Алимент тўловлари жамғармасидан фойдаланиш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва сарфлаш

5. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахслардан ундирилган маблағлар;

вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро институтлар ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Жамғарма маблағлари вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни (ушбу жиноят натижасида етказилган зарарни) қоплаб беришга (бирйўла ундирувчига тўлаб беришга) йўналтирилади.

7. Жамғарма маблағларидан мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилмаган бошқа мақсадлар учун фойдаланиш тақиқланади.

8. Жамғармадан алимент тўловларини қоплаб бериш учун мажбурий ижро ҳаракатини амалга оширган давлат ижрочисининг алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарори асос бўлиб ҳисобланади.

9. Алимент тўловларини қоплаб бериш Бюронинг Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бунда тўловлар ушбу тизим билан интеграция қилинган алимент олувчиларнинг банк карталарига ўтказилади.

10. Бюро Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади.

11. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари бюджетга олиб қўйилмайди ва улардан кейинги даврда фойдаланилади.

3-боб. Жамғарма маблағларини ажратиш, уларни қайтариш ва ҳисобдан чиқариш тартиби

12. Вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган қарздордан жиноят ишлари бўйича суддан келиб тушган алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни (ушбу жиноят натижасида етказилган зарарни) ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочиси томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ундириш чоралари кўрилади.

Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган барча чоралар натижасиз бўлган тақдирда, давлат ижрочиси томонидан алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисида қарор қабул қилинади ҳамда икки иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда тўловларни амалга ошириш учун тизим орқали Жамғармага юборилади.

13. Алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилади:

алимент ундириш тўғрисидаги ва жиноят ишлари бўйича суднинг ижро ҳужжати бўйича юритилган ижро иши рақамлари;

алимент тўловлари қоплаб берилиши лозим бўлган жами маблағлар суммаси;

алимент тўловлари қоплаб берилиши лозим бўлган давр;

ундирувчининг банк реквизитлари.

14. Алимент тўловларини қоплаб бериш Жамғарма томонидан алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарор олинган кундан бошлаб икки иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

15.Жамғарма маблағлари алимент тўловларини қоплаб бериш учун етарли бўлмаган тақдирда, алимент тўловлари Жамғармага маблағлар келиб тушган кундан бошлаб қопланади.

Бунда, тўловлар алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарорлар келиб тушган кетма-кетликка мувофиқ амалга оширилади.

16. Давлат ижрочиси жамғармадан қопланган алимент тўловлари бўйича қарздордан маблағларни Жамғармага қайтариш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда ижро ҳаракатларини амалга оширади.

17. Қарздорнинг ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки ёки даромадлари бўлмаса ва унинг мол-мулки ёки даромадларини қидириш юзасидан давлат ижрочиси томонидан қонунда йўл қўйиладиган доирада кўрилган барча чоралар натижасиз бўлса, ижро ҳужжати ва ижро иши юритишда тарафни алмаштириш тўғрисидаги қарори «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 40-моддасида белгиланган тартибда давлат ижрочисининг қарорига асосан Жамғармага қайтарилади.

18. Давлат ижрочисининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 40-моддасига асосан қабул қилинган қарори Жамғарма томонидан қабул қилиниб, икки ой давомида ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорликларни ундириш масалалари бўйича ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали мунтазам равишда мулкий аҳволи ўрганилиб борилади. Мулкий аҳволи ўзгармаган тақдирда қарздорлик Жамғарма томонидан ҳисобдан чиқарилади.

4-боб. Жамғарма фаолиятини ташкил этиш

19. Жамғармани бошқариш, шу жумладан, Жамғарма жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш, маблағлари тўпланиши ва сарфланишини тезкор бошқариш Бюро томонидан амалга оширилади.

20. Бюро Жамғарманинг жорий фаолиятига раҳбарликни амалга ошириш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

маблағлар ажратишга келиб тушган қарорлар бўйича маълумотлар олиш;

ундирилган ва Жамғармага ўтказиладиган пул маблағларининг амалда келиб тушган суммаси бўйича тижорат банклари ва тегишли ташкилотлардан ахборотлар ҳамда статистика маълумотларини сўраб олиш;

хорижий валютада ҳисобварақлар очиш ва юритиш, белгиланган тартибда улар бўйича тегишли операцияларни амалга ошириш;

Жамғарма бўш маблағларини миллий ва чет эл валютасида Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари депозитларига жойлаштириш, шунингдек, чет эл валютасидаги пул маблағлари бўйича айирбошлаш ва бошқа операцияларни амалга ошириш.

21. Бюро Жамғарманинг жорий фаолиятига раҳбарликни амалга ошириш доирасида қуйидагиларга мажбур:

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари ҳисобини юритиш, шунингдек, улар бўйича чораклик ва йиллик ҳисоботларни шакллантириш;

Жамғарма даромадларини шакллантириш тартибини такомиллаштириш ишларини амалга ошириш.

22. Бюро ҳудудий бошқармалари томонидан ҳар ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмасдан Жамғармага юборилган алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарорлар ва Жамғармага ундирилган маблағлар тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

23. Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисобот ҳар чоракда Бюро томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади.

5-боб. Якунловчи қоида

24. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Алимент тўловлари жамғармаси тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Алимент тўловлари жамғармасидан фойдаланиш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Давлат ижрочиси (Мажбурий ижро бюроси масъул ходими) Вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни (ушбу жиноят натижасида етказилган зарарни) қоплаб бериш (бирйўла ундирувчига тўлаб бериш) мақсадида Алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисида қарор қабул қилади. Зарурат юзага келганда 2-босқич Давлат ижрочиси (Мажбурий ижро бюроси масъул ходими) Алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарорни унга жиноят ишлари бўйича суднинг ижро ҳужжатини илова қилган ҳолда Жамғармага юборади. Қарор қабул қилинган кундан бошлаб 2 иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда 3-босқич Алимент тўловлари жамғармаси Алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарор асосида алимент тўловлари қоплаб берилади. Қарор қабул қилинган кундан бошлаб 2 иш кунидан кечиктирилмаган ҳол?а 4-босқич Давлат ижрочиси (Мажбурий ижро бюроси масъул ходими) Жамғармадан қопланган алимент тўловлари бўйича қарздордан маблағларни Жамғармага қайтариш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда ижро ҳаракатлари амалга оширилади. Қарздорлик бартараф этилгунга қадар 5-босқич Давлат ижрочиси (Мажбурий ижро бюроси масъул ходими) Қарздорнинг ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки ёки даромадлари бўлмаса ва унинг мол-мулки ёки даромадларини қидириш юзасидан қонунда йўл қўйиладиган доирада кўрилган барча чоралар натижасиз бўлса, ижро ҳужжати ва ижро иши юритишда тарафни алмаштириш тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда Жамғармага қайтарилади. Ундиришни имкони бўлмаган тақдирда 6-босқич Алимент тўловлари жамғармаси Ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорнинг мулкий аҳволи ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали мунтазам равишда ўрганиб борилади ҳамда мулкий аҳволи ўзгармаган тақдирда қарздорлик ҳисобдан чиқарилади. 2 ой муддатда

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 3 август,

427-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.08.2022 й., 09/22/427/0706-сон; 25.06.2025 й., 07/25/202/0541-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Aliment toʻlovlari jamgʻarmasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oila va xotin-qizlarni tizimli qoʻllab-quvvatlashga doir ishlarni yanada jadallashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 7-martdagi PF-87-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, aliment toʻlovlari jamgʻarmasi faoliyatini samarali yoʻlga qoʻyish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oila va xotin-qizlarni tizimli qoʻllab-quvvatlashga doir ishlarni yanada jadallashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 7-martdagi PF-87-son Farmonining 20-bandiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosida (keyingi oʻrinlarda — Majburiy ijro byurosi) yuridik shaxs tashkil etmagan holda “Aliment toʻlovlari” jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) tashkil etilganligi va unga Majburiy ijro byurosini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan 50 milliard soʻm ajratilishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari etib belgilansin:

aliment toʻlash majburiyati yuklatilgan shaxslardan undirilgan mablagʻlar;

vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarni tijorat banklari depozitlariga joylashtirish hisobidan olingan daromadlar;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari, xalqaro institutlar va xorijiy tashkilotlarning grantlari;

Majburiy ijro byurosini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

3. Belgilansinki:

Jamgʻarma hisobidan toʻlovlar faqat voyaga yetmagan farzandini moddiy taʼminlashdan boʻyin tovlaganlik uchun jinoiy javobgarlikka tortilgan qarzdorga nisbatan tatbiq etiladi;

Jamgʻarma faoliyatini boshqarish Majburiy ijro byurosi tomonidan amalga oshiriladi;

Jamgʻarma tomonidan toʻlovlarni toʻlash tartib-taomillari ustidan qatʼiy nazorat oʻrnatish maqsadida barcha amaliyotlar Majburiy ijro byurosining Aliment majburiyatlarini ijro etish va nazorat qilishning yagona axborot tizimi orqali amalga oshiriladi. Bunda toʻlovlar ushbu tizim bilan integratsiya qilingan aliment oluvchilarning bank kartalariga oʻtkaziladi.

4. Jamgʻarmaning mablagʻlarini shakllantirish, taqsimlash va ulardan foydalanish hamda uning faoliyatini tashkil etish tartibini, shu jumladan Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan aliment toʻlovlaridan qarzdorlik toʻlanadigan holatlar va shaxslar toifasini belgilashni nazarda tutuvchi Aliment toʻlovlari jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasining:

Majburiy ijro byurosi tuzilmasida umumiy shtat birliklari doirasida Moliya-rejalashtirish boʻlimiga 1 ta shtat birligi ajratish;

sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini majburiy ijro etishni taʼminlash boʻyicha samaradorlik va natijadorlik koʻrsatkichlarida (KPI) Jamgʻarmadan qoplangan aliment mablagʻlarini undirishni asosiy mezonlardan biri sifatida belgilash toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

6. Majburiy ijro byurosi Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi hamda boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2022-yil 30-dekabrga qadar:

Jamgʻarmani shakllantirish manbalarini kengaytirish, shu jumladan ijro hujjatlari boʻyicha undirilib, “Temir daftar”, “Ayollar daftari” va “Yoshlar daftari”ga yoʻnaltirilayotgan mablagʻlarning bir qismini Jamgʻarmaga yoʻnaltirish boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga asoslantirilgan takliflar kiritsin;

Byuroning Aliment majburiyatlarini ijro etish va nazorat qilishning yagona axborot tizimini Moliya vazirligining Gʻaznachiligi elektron tizimi bilan integratsiya qilish choralarini koʻrsin.

7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 3-avgustdagi 427-son qaroriga ILOVA

Aliment toʻlovlari jamgʻarmasi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosining (keyingi oʻrinlarda — Byuro) Aliment toʻlovlari jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish, shuningdek uning faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Jamgʻarmaning maqsadi Byuro organlari ish yurituvidagi aliment undirish bilan bogʻliq sud hujjati asosida berilgan ijro hujjati yoki ijro hujjati boʻlgan sud hujjati bilan aliment toʻlash majburiyati yuklatilgan shaxslardan belgilangan va undirish imkoni boʻlmagan mablagʻlarni ushbu Nizomda belgilangan hollarda, Jamgʻarma mablagʻlaridan aliment toʻlovlari boʻyicha shakllangan qarzdorlikni biryoʻla toʻlash uchun moliyalashtirish hisoblanadi.

3. Jamgʻarma yuridik shaxs hisoblanmaydi, budjet tashkilotlarining budjetdan tashqari jamgʻarmalari shaklida tashkil etiladi va Moliya vazirligining Gʻaznachiligi hisobvaragʻida mablagʻlari milliy va chet el valyutasida bank hisobvaraqlarida jamlanadi.

4. Aliment toʻlovlari jamgʻarmasidan foydalanish ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va sarflash

5. Quyidagilar Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari hisoblanadi:

aliment toʻlash majburiyati yuklatilgan shaxslardan undirilgan mablagʻlar;

vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarni tijorat banklari depozitlariga joylashtirish hisobidan olingan daromadlar;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari, xalqaro institutlar va xorijiy tashkilotlarning grantlari;

Majburiy ijro byurosini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

6. Jamgʻarma mablagʻlari voyaga yetmagan farzandini moddiy taʼminlashdan boʻyin tovlaganlik uchun qarzdor jinoiy javobgarlikka tortilgan taqdirda, aliment toʻlovlaridan yuzaga kelgan qarzdorlikni (ushbu jinoyat natijasida yetkazilgan zararni) qoplab berishga (biryoʻla undiruvchiga toʻlab berishga) yoʻnaltiriladi.

7. Jamgʻarma mablagʻlaridan mazkur Nizomning 6-bandida nazarda tutilmagan boshqa maqsadlar uchun foydalanish taqiqlanadi.

8. Jamgʻarmadan aliment toʻlovlarini qoplab berish uchun majburiy ijro harakatini amalga oshirgan davlat ijrochisining aliment toʻlovlarini qoplab berish toʻgʻrisidagi qarori asos boʻlib hisoblanadi.

9. Aliment toʻlovlarini qoplab berish Byuroning Aliment majburiyatlarini ijro etish va nazorat qilishning yagona axborot tizimi orqali amalga oshiriladi. Bunda toʻlovlar ushbu tizim bilan integratsiya qilingan aliment oluvchilarning bank kartalariga oʻtkaziladi.

10. Byuro Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli foydalanilishini nazorat qiladi.

11. Jamgʻarmaning joriy yilda foydalanilmagan mablagʻlari budjetga olib qoʻyilmaydi va ulardan keyingi davrda foydalaniladi.

3-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini ajratish, ularni qaytarish va hisobdan chiqarish tartibi

12. Voyaga yetmagan farzandini moddiy taʼminlashdan boʻyin tovlaganlik uchun jinoiy javobgarlikka tortilgan qarzdordan jinoyat ishlari boʻyicha suddan kelib tushgan aliment toʻlovlaridan yuzaga kelgan qarzdorlikni (ushbu jinoyat natijasida yetkazilgan zararni) undirish toʻgʻrisidagi ijro hujjati boʻyicha davlat ijrochisi tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan undirish choralari koʻriladi.

Qonunchilik hujjatlarida belgilangan barcha choralar natijasiz boʻlgan taqdirda, davlat ijrochisi tomonidan aliment toʻlovlarini qoplab berish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi hamda ikki ish kunidan kechiktirilmagan holda toʻlovlarni amalga oshirish uchun tizim orqali Jamgʻarmaga yuboriladi.

13. Aliment toʻlovlarini qoplab berish toʻgʻrisidagi qarorda quyidagilar koʻrsatiladi:

aliment undirish toʻgʻrisidagi va jinoyat ishlari boʻyicha sudning ijro hujjati boʻyicha yuritilgan ijro ishi raqamlari;

aliment toʻlovlari qoplab berilishi lozim boʻlgan jami mablagʻlar summasi;

aliment toʻlovlari qoplab berilishi lozim boʻlgan davr;

undiruvchining bank rekvizitlari.

14. Aliment toʻlovlarini qoplab berish Jamgʻarma tomonidan aliment toʻlovlarini qoplab berish toʻgʻrisidagi qaror olingan kundan boshlab ikki ish kunidan kechiktirilmagan holda Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

15.Jamgʻarma mablagʻlari aliment toʻlovlarini qoplab berish uchun yetarli boʻlmagan taqdirda, aliment toʻlovlari Jamgʻarmaga mablagʻlar kelib tushgan kundan boshlab qoplanadi.

Bunda, toʻlovlar aliment toʻlovlarini qoplab berish toʻgʻrisidagi qarorlar kelib tushgan ketma-ketlikka muvofiq amalga oshiriladi.

16. Davlat ijrochisi jamgʻarmadan qoplangan aliment toʻlovlari boʻyicha qarzdordan mablagʻlarni Jamgʻarmaga qaytarish boʻyicha qonunchilikda belgilangan tartibda ijro harakatlarini amalga oshiradi.

17. Qarzdorning undiruv qaratilishi mumkin boʻlgan mol-mulki yoki daromadlari boʻlmasa va uning mol-mulki yoki daromadlarini qidirish yuzasidan davlat ijrochisi tomonidan qonunda yoʻl qoʻyiladigan doirada koʻrilgan barcha choralar natijasiz boʻlsa, ijro hujjati va ijro ishi yuritishda tarafni almashtirish toʻgʻrisidagi qarori “Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 40-moddasida belgilangan tartibda davlat ijrochisining qaroriga asosan Jamgʻarmaga qaytariladi.

18. Davlat ijrochisining “Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 40-moddasiga asosan qabul qilingan qarori Jamgʻarma tomonidan qabul qilinib, ikki oy davomida ijro hujjatlari yuzasidan qarzdorliklarni undirish masalalari boʻyicha yagona idoralararo elektron hamkorlik tizimi orqali muntazam ravishda mulkiy ahvoli oʻrganilib boriladi. Mulkiy ahvoli oʻzgarmagan taqdirda qarzdorlik Jamgʻarma tomonidan hisobdan chiqariladi.

4-bob. Jamgʻarma faoliyatini tashkil etish

19. Jamgʻarmani boshqarish, shu jumladan, Jamgʻarma joriy faoliyatiga rahbarlik qilish, mablagʻlari toʻplanishi va sarflanishini tezkor boshqarish Byuro tomonidan amalga oshiriladi.

20. Byuro Jamgʻarmaning joriy faoliyatiga rahbarlikni amalga oshirish doirasida quyidagi huquqlarga ega:

mablagʻlar ajratishga kelib tushgan qarorlar boʻyicha maʼlumotlar olish;

undirilgan va Jamgʻarmaga oʻtkaziladigan pul mablagʻlarining amalda kelib tushgan summasi boʻyicha tijorat banklari va tegishli tashkilotlardan axborotlar hamda statistika maʼlumotlarini soʻrab olish;

xorijiy valyutada hisobvaraqlar ochish va yuritish, belgilangan tartibda ular boʻyicha tegishli operatsiyalarni amalga oshirish;

Jamgʻarma boʻsh mablagʻlarini milliy va chet el valyutasida Oʻzbekiston Respublikasining tijorat banklari depozitlariga joylashtirish, shuningdek, chet el valyutasidagi pul mablagʻlari boʻyicha ayirboshlash va boshqa operatsiyalarni amalga oshirish.

21. Byuro Jamgʻarmaning joriy faoliyatiga rahbarlikni amalga oshirish doirasida quyidagilarga majbur:

Jamgʻarmaning daromadlari va xarajatlari hisobini yuritish, shuningdek, ular boʻyicha choraklik va yillik hisobotlarni shakllantirish;

Jamgʻarma daromadlarini shakllantirish tartibini takomillashtirish ishlarini amalga oshirish.

22. Byuro hududiy boshqarmalari tomonidan har hisobot choragidan keyingi oyning 10-sanasidan kechiktirmasdan Jamgʻarmaga yuborilgan aliment toʻlovlarini qoplab berish toʻgʻrisidagi qarorlar va Jamgʻarmaga undirilgan mablagʻlar toʻgʻrisida hisobot taqdim etadi.

23. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanilishi toʻgʻrisidagi hisobot har chorakda Byuro tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga taqdim etiladi.

5-bob. Yakunlovchi qoida

24. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Aliment toʻlovlari jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Aliment toʻlovlari jamgʻarmasidan foydalanish

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Davlat ijrochisi (Majburiy ijro byurosi masʼul xodimi) Voyaga yetmagan farzandini moddiy taʼminlashdan boʻyin tovlaganlik uchun qarzdor jinoiy javobgarlikka tortilgan taqdirda, aliment toʻlovlaridan yuzaga kelgan qarzdorlikni (ushbu jinoyat natijasida yetkazilgan zararni) qoplab berish (biryoʻla undiruvchiga toʻlab berish) maqsadida Aliment toʻlovlarini qoplab berish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Zarurat yuzaga kelganda 2-bosqich Davlat ijrochisi (Majburiy ijro byurosi masʼul xodimi) Aliment toʻlovlarini qoplab berish toʻgʻrisidagi qarorni unga jinoyat ishlari boʻyicha sudning ijro hujjatini ilova qilgan holda Jamgʻarmaga yuboradi. Qaror qabul qilingan kundan boshlab 2 ish kunidan kechiktirilmagan holda 3-bosqich Aliment toʻlovlari jamgʻarmasi Aliment toʻlovlarini qoplab berish toʻgʻrisidagi qaror asosida aliment toʻlovlari qoplab beriladi. Qaror qabul qilingan kundan boshlab 2 ish kunidan kechiktirilmagan hol?a 4-bosqich Davlat ijrochisi (Majburiy ijro byurosi masʼul xodimi) Jamgʻarmadan qoplangan aliment toʻlovlari boʻyicha qarzdordan mablagʻlarni Jamgʻarmaga qaytarish boʻyicha qonunchilikda belgilangan tartibda ijro harakatlari amalga oshiriladi. Qarzdorlik bartaraf etilgunga qadar 5-bosqich Davlat ijrochisi (Majburiy ijro byurosi masʼul xodimi) Qarzdorning undiruv qaratilishi mumkin boʻlgan mol-mulki yoki daromadlari boʻlmasa va uning mol-mulki yoki daromadlarini qidirish yuzasidan qonunda yoʻl qoʻyiladigan doirada koʻrilgan barcha choralar natijasiz boʻlsa, ijro hujjati va ijro ishi yuritishda tarafni almashtirish toʻgʻrisidagi qaror belgilangan tartibda Jamgʻarmaga qaytariladi. Undirishni imkoni boʻlmagan taqdirda 6-bosqich Aliment toʻlovlari jamgʻarmasi Ijro hujjatlari yuzasidan qarzdorning mulkiy ahvoli yagona idoralararo elektron hamkorlik tizimi orqali muntazam ravishda oʻrganib boriladi hamda mulkiy ahvoli oʻzgarmagan taqdirda qarzdorlik hisobdan chiqariladi. 2 oy muddatda

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 3-avgust,

427-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 04.08.2022-y., 09/22/427/0706-son; 25.06.2025-y., 07/25/202/0541-son)

lex.uz