UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 5-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 5 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 5 августа 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 5 August 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

ПАСПОРТИ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

Адвокатлик фаолиятини махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

«Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сон Фармони ҳамда «Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 30 майдаги ПҚ-263-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг «Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 майдаги ПҚ-263-сон қарорининг 2-банди «а» кичик бандига мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун лицензия бериш, талабгор томонидан малака имтиҳонини топширишининг амалдаги тартиби сақланган ҳолда, «Лицензия» ахборот тизими орқали амалга оширилиши ва расмийлаштириб борилиши;

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарорига мувофиқ лицензиялаш тартиб-таомилларини белгиловчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқлаштириш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Адвокатлик фаолиятини махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

адвокатлик фаолиятини лицензиялаш учун талабгорнинг хоҳишига кўра «Лицензия» ахборот тизими ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш тартиби;

адвокатлик фаолиятини лицензиялашни фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш ихтисосликлари бўйича амалга ошириш;

талабгорнинг адвокатлик лицензиясини олиши учун талаблар ва шартларни белгилаш;

лицензияловчи орган (Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари) томонидан ўн иш куни ичида «Лицензия» АТ орқали талабгорнинг аризасини кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш тартиби;

талабгор ёки лицензиат томонидан лицензияловчи орган ёки унинг мансабдор шахси қарорлари ёхуд ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳамда уни кўриб чиқиш муддатлари, тартиби ва шартлари;

адвокатга адвокатлик гувоҳномасини берган тегишли адлия органи томонидан адвокатнинг лицензия талаблари ва шартларига риоя этишини назорат қилиш тартиби;

Адвокатлик фаолияти учун берилган лицензияларнинг давлат реестрини «Лицензия» ахборот тизимида электрон шаклда юритиш тартиби.

3. Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 январга қадар мазкур қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ адвокатлик фаолиятини лицензиялашни «Лицензия» ахборот тизими ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий этилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. Ушбу қарор 2023 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 августдаги 432-сон қарорига 1-ИЛОВА

Адвокатлик фаолиятини махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом адвокатлик фаолиятини «Лицензия» ахборот тизими орқали лицензиялаш, лицензия талаб ва шартларига риоя қилинишини назорат қилиш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

адвокатлик фаолияти учун лицензия (кейинги ўринларда — лицензия) — шахснинг адвокатлик фаолиятини амалга оширишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи, чекланмаган муддатга бериладиган электрон ҳужжат;

адвокатлик фаолиятини лицензиялаш — лицензия олиш тўғрисидаги аризани топшириш, қабул қилиш ва кўриб чиқиш, лицензияни бериш, амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, шунингдек, лицензияни тугатиш, қайта расмийлаштириш ва ўзгартириш жараёни билан боғлиқ тартиб-таомиллар мажмуи;

талабгор — лицензияни олиш учун мурожаат қилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;

лицензияловчи орган — Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари;

лицензиат — адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;

«Лицензия» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «Лицензия» АТ) — лицензиялаш тартиб-таомиллари билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олган, идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлган махсус электрон тизим;

лицензия талаблари ва шартлари — адвокатлик фаолияти билан шуғулланишда адвокат томонидан бажарилиши мажбурий бўлган, мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш паспортида (кейинги ўринларда — паспорт) белгиланган талаблар ва шартлар мажмуи;

лицензиялар реестри — берилган, амал қилиши тўхтатиб турилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, ўзгартирилган ва тугатилган лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базаси.

3. Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомнинг 2-иловасида назарда тутилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

4. Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш:

фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш;

маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш ихтисосликлари бўйича амалга оширилади.

Ихтисослик фақат фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишларини юритишда адвокатлар томонидан малакали юридик ёрдам кўрсатишда талаб қилинади.

Адвокат танланган ихтисослик йўналишларидан қатъи назар, ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонунчилик ҳужжатлари юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотномалар бериш, ҳуқуқий тусдаги аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатларни тузиш, давлат органларида (суд органларидан ташқари), жисмоний ва юридик шахслар олдида вакилликни амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир адвокат тегишли ихтисосликни мустақил танлаш ва у бўйича белгиланган тартибда малака имтиҳони топшириш ҳуқуқига эга.

5. Талабгор лицензия олиш учун қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши керак:

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши;

олий юридик маълумотга эга бўлиши;

адвокатлик тузилмасида камида уч ой стажировка ўтаган бўлиши (давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмаларининг юридик хизмати ходими сифатида, судья, терговчи, суриштирувчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил юридик мутахассислик бўйича иш стажига эга бўлган шахслар бундан мустасно);

малака имтиҳонини муваффақиятли топширган бўлиши.

6. Адвокатлик фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари паспортнинг 9-банди билан белгиланади.

7. «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган ҳолатларда адвокатлик фаолияти билан шуғулланишга йўл қўйилмайди.

8. Талабгор лицензия олиш учун аризани «Лицензия» АТ ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали электрон шаклда юборади.

Аризалар ҳар куни, дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, 24 соат давомида юборилиши мумкин.

Бунда, аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари келиб тушганда, навбатдаги иш куни ариза лицензияловчи органга келиб тушган ва лицензияловчи орган томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади.

9. Ариза рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжат (белги) автоматик равишда «Лицензия» АТ ёки ЯИДХП орқали талабгорга юборилади.

Талабгор лицензия олиш учун тақдим қилган аризасининг кўриб чиқилиш ҳолатини «Лицензия» АТ орқали онлайн кузатиб бориши мумкин.

10. Танланган ҳар бир ихтисослик бўйича малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор лицензия олиш учун уч ой ичида тегишли лицензияловчи органга мурожаат қилиши керак. Бу муддатни ўтказиб юборган талабгор лицензия олиш учун қайта малака имтиҳонини топширганидан кейингина мурожаат қилиши мумкин.

11. Лицензия талабгорнинг доимий яшаш жойи бўйича лицензияловчи орган томонидан чекланмаган муддатга берилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади.

2-боб. Лицензия олиш учун ариза бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби

12. Талабгор ўз электрон рақамли имзосидан (кейинги ўринларда — ЭРИ) фойдаланган ҳолда лицензия олиш учун «Лицензия» АТ ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтади ҳамда ихтисослик турини танлаб, электрон шаклда ариза тўлдиради.

Аризада қуйидагилар акс эттирилади:

талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

телефон рақами, электрон почта манзили (мавжуд бўлса);

доимий яшаш жойи;

талабгор амалга оширмоқчи бўлган ихтисослик тури.

Талабгорнинг малака имтиҳонидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар тегишлича Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссияси ва Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари томонидан талабгорнинг малака имтиҳонидан ўтганидан сўнг дарҳол «Лицензия» АТга киритилади.

13. Талабгордан ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилмаган маълумотларни ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

14. Талабгор келгусида ўз фаолиятини адвокатлик бюросини ташкил қилган ҳолда амалга ошириш истагини билдирса, лицензия олиш учун тўлдириладиган аризага қўшимча тарзда адвокатлик бюроси уставини илова қилган ҳолда уни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги сўровномани ихтиёрий равишда тўлдириши мумкин.

Бунда, талабгор адвокатлик фаолиятини лицензиялаш ва адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўловларни алоҳида амалга оширади.

15. Талабгор ариза бериш вақтида лицензия талаблари ва шартларига мослигини ва уларга риоя этишини тасдиқлаши лозим.

16. Талабгор аризага нотўғри маълумотлар киритилганлигини аниқлаган тақдирда, маълумотларни аризани кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғимни тўлашдан олдин ўзгартиришга ҳақли.

17. Аризани кўриб чиқиш учун паспортнинг 6-бандида белгиланган миқдорда йиғим ундирилади.

Йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

Йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

10 фоизи — Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг ҳисобварағига;

11,25 фоизи — ЯИДХГТ орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун, шунингдек, 0,5 фоизи — ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар — лицензияловчи органнинг ҳисобварағига йўналтирилади.

18. Аризага киритилган маълумотлар «Лицензия» АТ орқали идоралараро ҳамкорлик тизимларида мавжуд маълумотлар асосида дастлабки тарзда автоматик равишда таққосланади ва текширилади.

Ариза қуйидаги ҳолларда автоматик тарзда қабул қилинмайди:

нотўғри ёки ёлғон маълумотлар киритилганлиги «Лицензия» АТ орқали аниқланганда;

паспортнинг 6-бандида назарда тутилган йиғим тўланмаганда;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши тасдиқланмаганда;

лицензия реестрида талабгор танлаган ихтисослик (ихтисосликлар) бўйича киритилган ва амалда бўлган лицензияси мавжуд бўлган тақдирда;

талабгорнинг адвокатлик фаолияти муайян муддатга тўхтатилганда;

талабгорнинг тегишли фаолият билан шуғулланиши суднинг қарорига асосан муайян муддатга тақиқланганда.

Мазкур бандда кўрсатилганлардан ташқари бошқа асослар билан аризани қабул қилмасликка йўл қўйилмайди.

19. Йиғим тўланганидан сўнг ариза «Лицензия» АТ ёки ЯИДХП орқали автоматик тарзда талабгорнинг доимий яшаш жойидаги лицензияловчи органга юборилади.

20. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор паспортнинг 8-бандида белгиланган муддатларда қабул қилинади.

21. Лицензияловчи орган аризани кўриб чиқиш муддати давомида ҳужжатларни текшириши, заруратга кўра бошқа давлат органларида мавжуд, қарор қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни «Лицензия» АТ орқали мустақил равишда олиши, шунингдек, талабгорнинг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини белгилайдиган қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.

22. Лицензияловчи орган лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни «Лицензия» АТ орқали лицензияловчи орган раҳбарининг ЭРИси билан тасдиқлаш орқали қабул қилади.

Қарор «Лицензия» АТ орқали реал вақт режимида автоматик тарзда талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади.

23. Талабгорнинг адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича аризаси мавжуд бўлганда, лицензияловчи орган аризага илова қилинган ҳужжатларни лицензия бериш муддати ичида кўриб чиқади.

Аризага илова қилинган ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ бўлганда, адвокатлик бюросини рўйхатдан ўтказувчи органнинг ахборот тизими орқали ўз ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказади ва бу ҳақида тегишли давлат хизматлари марказига реал вақт режимида автоматик тарзда барча тегишли маълумотларни юборади.

24. Агар лицензияловчи орган паспортнинг 8-бандида белгиланган аризани кўриб чиқиш муддати мобайнида талабгорга лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, талабгор бу ҳақида лицензияловчи органни «Лицензия» АТ ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда хабардор қилади.

Бунда, лицензия «Лицензия» АТ орқали автоматик равишда расмийлаштирилади ва талабгор ушбу Низомнинг 29-30 ва 32-бандларида назарда тутилган тартибда давлат божини тўлаганидан сўнг адвокатлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

Талабгорнинг лицензияни олишни кутишга розилигини билдириши, унинг кейинчалик лицензияловчи органни хабардор этиш орқали фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини чекламайди.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда, талабгор белгиланган давлат божи тўловини амалга оширгандан кейин «Лицензия» АТда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензия шакллантирилади ва талабгорнинг «Лицензия» АТ ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинетига электрон шаклда юборилади. Бунда, талабгор адвокатлик фаолияти билан лицензиясиз шуғулланганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас ва тегишли лицензияловчи орган юзага келиши мумкин бўлган барча оқибатлар учун жавобгар бўлади.

25. Талабгорда «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлса ёки 3 1 -моддасининг иккинчи қисмида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаса ёхуд бешинчи қисмида назарда тутилган муддатда лицензия олиш учун мурожаат қилмаса лицензия бериш рад этилади.

Бошқа асосларга кўра, шу жумладан лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

26. Талабгорнинг адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича сўровномаси мавжуд бўлганда лицензия бериш рад этилган ҳолларда адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳам рад этилади.

Бунда, талабгор лицензия бериш рад этилиши учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатларда бартараф этган ҳолда адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича тўлов тўламасдан қайта мурожаат қилиши ёки амалга оширилган тўлов асосида келгусида Давлат хизматлари марказида адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиши мумкин.

Талабгор томонидан лицензия бериш рад этилиши учун асос бўлган сабаблар белгиланган муддатда бартараф этилмаган ҳолларда, адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича амалга оширилган тўлов унинг мурожаатига асосан тўлов тақсимланган манбалар ҳисобидан қайтарилади.

27. Лицензияни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор талабгорга рад этиш сабаблари, қонунчилик ҳужжатларининг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда, шу куннинг ўзида «Лицензия» АТ ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилади.

Лицензия бериш рад этилган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

28. Талабгор лицензия бериш рад этилганлиги, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг лицензиялаш тартиб-таомиллари билан боғлиқ ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

29. Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, лицензияловчи орган бу ҳақида шу куннинг ўзида «Лицензия» АТ ёки ЯИДХП орқали талабгорга «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи тўлаш учун ҳисобварақ кўрсатилган хабарнома юборади.

Хабарнома юборилганлиги тўғрисида маълумот ҳамда талабгорнинг шахсий кабинетига юбориладиган бошқа маълумотлар талабгорнинг хоҳишига кўра мобил алоқа қурилмасига SMS-хабар шаклида ҳам юборилиши мумкин.

30. Талабгор хабарнома юборилган кундан бошлаб уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатда давлат божи тўловини амалга оширади.

Лицензияни бериш учун давлат божи тўлови белгиланган муддатда амалга оширилмаслиги лицензияловчи орган томонидан лицензияни бериш тўғрисидаги қарорни бекор қилиниши учун асос бўлади. Лицензия бериш тўғрисидаги қарор бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумот «Лицензия» АТ орқали автоматик тарзда талабгорга юборилади. Бунда, талабгор лицензияни олиш учун умумий тартибда қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Давлат божи тўлови амалга оширилганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

31. Давлат божи қуйидаги тартибда тақсимланади:

68,25 фоизи — бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасининг ҳисобварағига;

11,25 фоизи — ЯИДХП орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун, шунингдек 0,5 фоизи ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

20 фоизи — Давлат бюджетига йўналтирилади.

32. Давлат божи тўланганидан сўнг «Лицензия» АТда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензия автоматик равишда шакллантирилади ва талабгорнинг «Лицензия» АТ ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинетига электрон шаклда юборилади.

33. Берилган лицензиялар ҳақидаги маълумот «Лицензия» АТда лицензиялар реестрига автоматик равишда киритилади.

3-боб. Лицензияни қайта расмийлаштириш ва ўзгартириш

34. Лицензиатнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганда у беш иш куни ичида «Лицензия» АТ ёки ЯИДХП орқали лицензияни қайта расмийлаштириш учун асос бўладиган маълумотларни ва қайта расмийлаштириш учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, ариза юбориши билан мурожаат қилиш лозим.

35. Лицензияни қайта расмийлаштириш учун лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғимнинг ярми ундирилади ва ушбу Низомнинг 17-бандида назарда тутилган тартибда тақсимланади.

Лицензияни қайта расмийлаштириш учун давлат божи ундирилмайди.

36. Лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияловчи органга тушган кундан бошлаб икки иш куни ичида лицензия қайта расмийлаштириб берилади.

Лицензия қайта расмийлаштирилгунига қадар лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси асосида амалга оширади.

Лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.

37. Лицензиатнинг аризасига асосан адвокатлик фаолиятини бошқа ихтисослик тури билан кенгайтиришда лицензияловчи орган томонидан лицензия ўзгартирилиши мумкин.

Лицензияни ўзгартириш лицензияни бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади, бунда аризани кўриб чиқиш учун йиғимнинг ярми ундирилади ва ушбу Низомнинг 17-бандида назарда тутилган тартибда тақсимланади.

Ушбу бандда назарда тутилган ҳаракатларни амалга оширишда «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида тегишли лицензияни берганлик учун тўланадиган сумманинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади ва ушбу Низомнинг 31-бандида назарда тутилган тартибда тақсимланади.

38. Лицензиат бир ихтисослик тури бўйича амалга ошираётган адвокатлик фаолиятини бошқа ихтисослик тури билан кенгайтириш ҳуқуқига эга, бунда адвокат лицензияни ўзгартириш ҳақида «Лицензия» АТ ёки ЯИДХП орқали ариза тақдим этиши лозим.

Бунда, лицензияловчи орган томонидан адвокатнинг аввалги лицензиясига қўшимча ихтисослик турига оид маълумотлар киритилган ҳолда ўзгартиришлар киритилади.

4-боб. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш ҳамда лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш

39. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш «Лицензия» АТ орқали амалга оширилади.

40. Адлия органи адвокат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади.

Адлия органи адвокат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузилганлигини аниқлаган тақдирда, адвокатга нисбатан интизомий иш қўзғаш ҳақида Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига тақдимнома киритади.

41. Адвокатга нисбатан интизомий ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра, Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссияси ёки Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссияларининг қарорига асосан, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган интизомий чоралар қўлланилиши мумкин.

42. Назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўз ваколатлари доирасида, адвокат лицензия талаблари ва шартларини бузганлиги аниқланганда, адлия органига аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берилади.

43. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги қарор чиққанда, лицензияловчи орган ёки адвокатлик гувоҳномасини берган тегишли бу тўғрисида адвокат мақоми тўхтатиб турилган ёки тугатилган шахсни, шунингдек Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармасини ва суриштирув, дастлабки тергов органлари ҳамда судни, шу жумладан «Лицензия» АТ ёки ЯИДХП орқали реал вақт режимида уч кун муддат ичида хабардор қилади.

5-боб. Лицензияловчи органнинг қарорлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби

44. Талабгор ёки лицензиат лицензияловчи органнинг қарорлари ёки мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

45. Талабгор ёки лицензиат шикоятни лицензияловчи органга нисбатан Адлия вазирлигига тақдим этади.

Талабгор ёки лицензиат белгиланган тартибда лицензияловчи органнинг қарори ва унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бевосита судга ҳам шикоят қилишга ҳақли.

Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ шикоят бошқа ваколатли органларга ҳам берилиши мумкин.

46. Шикоят қарор тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан, талабгор ёки лицензиатга лицензияловчи орган қарори ва унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ҳақида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай берилиши мумкин.

Шикоят бериш муддати, агар у узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган бўлса, шикоятни кўриб чиқувчи орган томонидан тикланиши мумкин.

47. Шикоят ёзма, оғзаки (шахсий қабул ёки ишонч телефони орқали) ёки электрон шаклда («Лицензия» АТдаги шахсий кабинет, электрон почта ёки ваколатли органнинг расмий веб-сайти орқали) берилади ва унда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

қарорни қабул қилган ёки ҳаракатни амалга оширган лицензияловчи органнинг номи;

шикоят берган жисмоний шахснинг (унинг вакилининг) фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи;

шикоят берган шахснинг талаблари;

илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати (мавжуд бўлган тақдирда);

шикоят берилган сана.

Шикоят ёзма шаклда берилганда шикоят қилувчи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар шикоят вакил томонидан берилган бўлса, унга ишончноманинг ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилиниши керак.

48. Жисмоний шахс оғзаки шикоят (шахсий қабул орқали) қилаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак.

Электрон шаклда бериладиган шикоятларда талабгор ёки лицензиатнинг электрон манзили ва ягона идентификатори (ЖШШИР) ҳамда бошқа реквизитлар кўрсатилиши лозим.

Шикоятда электрон манзилнинг кўрсатилганлиги талабгор ёки лицензиатнинг шикоятини кўриб чиқиш натижаларини ахборот тизими орқали электрон шаклда қабул қилишга бўлган розилигини англатади.

49. Адлия вазирлиги шикоят берилаётган қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) тўғрисидаги тегишли ахборотни шикоят олинган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида ўрганиш учун сўраб олиши лозим.

50. Талабгор ёки лицензиатнинг талабига кўра шикоят унинг иштирокида кўриб чиқилиши мумкин.

Бунда, Адлия вазирлиги талабгор ёки лицензиатнинг хоҳишига кўра муҳокамани видеоконференцалоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказишни таъминлаши шарт.

51. Шикоятни кўриб чиқиш якуни бўйича баённома тузилиб, у адлия вазири ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.

52. Адлия вазирлиги шикоят бўйича ўн беш кун ичида қарор қабул қилиши шарт.

53. Шикоят берган талабгор ёки лицензиат шикоят бўйича қарор қабул қилингунига қадар уни чақириб олишга ҳақли. Шикоятни чақириб олиш ёзма ёки электрон шаклда («Лицензия» АТ орқали) расмийлаштирилади.

54. Адлия вазирлиги шикоят бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилишга ҳақли:

қарорни ўзгаришсиз қолдириш;

қарорга ўзгартиришлар киритиш;

қарорни бекор қилиш ва зарур бўлган тақдирда, янги қарор қабул қилиш;

лицензияловчи орган ёки унинг мансабдор шахси зиммасига берилган шикоят моҳияти бўйича муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклаш.

55. Лицензияловчи органнинг қарори устидан шикоят қилинган тақдирда, шикоят Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан қарорнинг амал қилиши ва ижро этилиши тўхтатиб турилади, бундан лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно.

6-боб. Лицензиялар реестрини юритиш тартиби

56. Лицензиялар реестри «Лицензия» АТда электрон шаклда юритилади ва ундаги маълумот барча учун очиқ ҳисобланади.

57. Лицензиялар реестри автоматик тарзда шакллантирилади, унинг доимий юритилиши ва унга тегишли ўзгартиришларни киритиш лицензияловчи органлар томонидан амалга оширилади.

Лицензияловчи органлар лицензиялар реестрини юритишда ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибларга риоя қилиши лозим.

58. Лицензия олган қуйидаги маълумотларни лицензиялар реестрига ўз вақтида киритиб боришга жавоб беради:

лицензия қайта расмийлаштирилганлиги, ўзгартирилганлиги;

лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги;

лицензиянинг амал қилиши қайта тикланганлиги;

лицензиянинг амал қилиши тугатилганлиги;

лицензия бекор қилинганлиги.

59. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

лицензиатнинг реестр тартиб рақами, унинг фамилияси, исми, отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), ихтисослиги;

лицензияловчи орган номи;

реестрга киритилган сана;

фаолият олиб бориш манзили (ҳисоб рўйхатига олинганидан кейин);

лицензиянинг ҳолати (амалда, тўхтатиб турилган, тугатилган, бекор қилинган);

лицензия ҳолати ҳар бир ўзгаришининг асослари ва санаси.

60. Лицензиатлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар базаси лицензияловчи органлар фойдаланиши учун шакллантирилади ва унда лицензиялашда киритиладиган маълумотлар сақланади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

61. Лицензиат лицензия талаб ва шартларининг бажарилганлиги юзасидан лицензияловчи органга сохта, ёлғон ёки нотўғри маълумотлар берганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

62. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Адвокатлик фаолиятини махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш

1. Лицензия номи: Адвокатлик фаолияти учун лицензия. 2. Лицензияланадиган ихтисослик турлари: Фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш. Маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш. 3. Ариза берувчилар тоифаси: Жисмоний шахс — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ( олий юридик маълумотга ҳамда юридик мутахассислик бўйича камида икки йил иш стажига эга бўлиши, шунингдек адвокатлик тузилмасида камида уч ой стажировка ўтаган, малака имтиҳонини муваффақиятли топширган бўлиши талаб этилади) . 4. Лицензияловчи орган: Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари. 5. Лицензияни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар: Ариза. Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади: талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми; жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР); телефон рақами, электрон почта манзили (мавжуд бўлганда); ихтисослик тури; доимий яшаш жойи. 6. Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори: Базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи. 7. Лицензия берилганлиги учун давлат божи миқдори: Базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари. 8. Аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддатлари: 10 иш куни. 9. Лицензия талаблари ва шартлари: Қуйидагилар лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади: қонунчилик талабларига, Адвокатларнинг касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдига риоя этиш; адвокатга юридик ёрдам сўраб мурожаат этган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун қонунда тақиқланмаган воситалар ва усуллардан фойдаланиш; қонунда назарда тутилган ҳолларда тайинлов асосида жиноий ишларни кўриб чиқишда қатнашиш (фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш ихтисослиги бўйича олинган лицензиялар бундан мустасно); ҳар уч йилда камида бир марта ўзининг касбий малакасини ошириш; лицензия олиш ва (ёки) уни қайта расмийлаштириш учун тақдим этиладиган маълумотларнинг сохта, ёлғон ва нотўғри эмаслигини таъминлаш; ходимлар билан янги меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш ва уларни бекор қилиш ҳолатларини, шунингдек амалдаги меҳнат шартномалари тўғрисидаги маълумотларни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда юритиш; лицензиатнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарган тақдирда, лицензияловчи органга лицензияни қайта расмийлаштириш учун мурожаат қилиш. 10. Назорат тартиби: Адвокатга гувоҳнома берган тегишли адлия органи адвокат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади. 11. Лицензия беришда келишиладиган органлар Келишиш талаб этилмайди. 12. Лицензиянинг амал қилиш муддати: Чекланмаган. 13. Изоҳ: Талабгорнинг хоҳишига кўра, адвокатлик фаолияти учун лицензия бериш ҳақидаги ариза билан бир вақтда адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш учун сўровнома ҳам тўлдирилиши мумкин. Сўровнома ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ белгиланади.

Адвокатлик фаолиятини махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Талабгор (Ўзбекистон Республикаси фуқароси) 1. «Лицензия» АТ ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтиб, электрон шаклда ариза тўлдиради. 1. Ўз хоҳишига кўра 2. Лицензия талаби ва шартларига риоя этишини тасдиқлайди. 3. Йиғимни тўлайди. 2. Мурожаат қилинганда 2-босқич «Лицензия» АТ, ЯИДХП Аризани лицензияловчи органга юборади. Автоматик тарзда 3-босқич Лицензияловчи орган (Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари) Талабгорнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, лицензияни бериш ёки лицензия беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. 10 иш куни мобайнида 4-босқич «Лицензия» АТ Лицензияни бериш ёки лицензия беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги хабарномани талабгорга юборади. Қарор қабул қилингандан сўнг реал вақт режимида 5-босқич Талабгор Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда давлат божини тўлайди. 3 ой мобайнида 6-босқич «Лицензия» АТ Давлат божи тўланганидан сўнг талабгорга электрон шаклда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензияни юборади. Автоматик тарзда

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 августдаги 432-сон қарорига 2-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш ва адвокатлик тузилмаларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 2009 йил 9 мартдаги 60-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 16 июлдаги ПФ-4453-сон Фармони)» 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарорига 1-илованинг 95-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Судлар ва адлия органлари фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 23 августдаги ПҚ-3240-сон қарори)» 2017 йил 25 октябрдаги 873-сон қарорига илованинг 3-банди .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида («Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида» 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сон Ўзбекистон Республикасининг Қонуни)» 2018 йил 19 январдаги 34-сон қарорига 1-илованинг 26-банди .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 12 майдаги ПФ-5441-сон Фармонини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 17 августдаги 675-сон қарори 5-банди , шунингдек унга 3-илова .

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони)» 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 83-банди .

7. Вазирлар Маҳкамасининг «Юридик шахслар, фаолиятини ваколатхона, филиал ёки доимий муассаса орқали амалга ошираётган чет эл юридик шахслари ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 4 сентябрдаги 539-сон қарорига 3-илованинг 2-банди .

8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарорига 4-илованинг 8-банди .

9. Вазирлар Маҳкамасининг «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида» 2021 йил 29 июндаги 402-сон қарорига 4-илованинг 8-банди .

10. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат хизматлари кўрсатишнинг инфратузилмаси такомиллаштирилганлиги ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2021 йил 28 октябрдаги 661-сон қарорига илованинг 4-банди .

11. Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2021 йил 27 декабрдаги 774-сон қарорига 1-илованинг 9-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 5 август,

432-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.08.2022 й., 09/22/432/0717-сон; 29.11.2023 й., 09/23/628/0907-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

PASPORTI

SXEMASI

ROʻYXATI

Advokatlik faoliyatini maxsus elektron tizim orqali litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

“Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Litsenziyalash va ruxsat berish tartib-taomillarini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 24-avgustdagi PF-6044-son Farmoni hamda “Advokatura faoliyatiga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini keng joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 30-maydagi PQ-263-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida, shuningdek Vazirlar Mahkamasining “Maxsus elektron tizim orqali ayrim faoliyat turlarini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi yagona nizomni tasdiqlash haqida” 2022-yil 21-fevraldagi 80-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 30-maydagi PQ-263-son qarorining 2-bandi “a” kichik bandiga muvofiq 2023-yil 1-yanvardan boshlab advokatlik faoliyati bilan shugʻullanish huquqi uchun litsenziya berish, talabgor tomonidan malaka imtihonini topshirishining amaldagi tartibi saqlangan holda, “Litsenziya” axborot tizimi orqali amalga oshirilishi va rasmiylashtirib borilishi;

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 21-fevraldagi 80-son qaroriga muvofiq litsenziyalash tartib-taomillarini belgilovchi ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni “Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuniga muvofiqlashtirish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Advokatlik faoliyatini maxsus elektron tizim orqali litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

advokatlik faoliyatini litsenziyalash uchun talabgorning xohishiga koʻra “Litsenziya” axborot tizimi yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali murojaat qilish tartibi;

advokatlik faoliyatini litsenziyalashni fuqarolik, iqtisodiy, maʼmuriy va jinoiy sud ishlarini yuritish ixtisosliklari boʻyicha amalga oshirish;

talabgorning advokatlik litsenziyasini olishi uchun talablar va shartlarni belgilash;

litsenziyalovchi organ (Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari) tomonidan oʻn ish kuni ichida “Litsenziya” AT orqali talabgorning arizasini koʻrib chiqish va tegishli qaror qabul qilish tartibi;

talabgor yoki litsenziat tomonidan litsenziyalovchi organ yoki uning mansabdor shaxsi qarorlari yoxud harakati (harakatsizligi) ustidan shikoyat qilish hamda uni koʻrib chiqish muddatlari, tartibi va shartlari;

advokatga advokatlik guvohnomasini bergan tegishli adliya organi tomonidan advokatning litsenziya talablari va shartlariga rioya etishini nazorat qilish tartibi;

Advokatlik faoliyati uchun berilgan litsenziyalarning davlat reyestrini “Litsenziya” axborot tizimida elektron shaklda yuritish tartibi.

3. Adliya vazirligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda 2023-yil 1-yanvarga qadar mazkur qaror bilan tasdiqlangan Nizomga muvofiq advokatlik faoliyatini litsenziyalashni “Litsenziya” axborot tizimi va Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali joriy etilishini taʼminlasin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlari 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

5. Ushbu qaror 2023-yil 1-yanvardan eʼtiboran kuchga kiradi.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri R.K. Davletov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 5-avgustdagi 432-son qaroriga 1-ILOVA

Advokatlik faoliyatini maxsus elektron tizim orqali litsenziyalash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom advokatlik faoliyatini “Litsenziya” axborot tizimi orqali litsenziyalash, litsenziya talab va shartlariga rioya qilinishini nazorat qilish hamda ularning hisobini yuritish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

advokatlik faoliyati uchun litsenziya (keyingi oʻrinlarda — litsenziya) — shaxsning advokatlik faoliyatini amalga oshirishga boʻlgan huquqini tasdiqlovchi, cheklanmagan muddatga beriladigan elektron hujjat;

advokatlik faoliyatini litsenziyalash — litsenziya olish toʻgʻrisidagi arizani topshirish, qabul qilish va koʻrib chiqish, litsenziyani berish, amal qilishini toʻxtatib turish, qayta tiklash, shuningdek, litsenziyani tugatish, qayta rasmiylashtirish va oʻzgartirish jarayoni bilan bogʻliq tartib-taomillar majmui;

talabgor — litsenziyani olish uchun murojaat qilgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi;

litsenziyalovchi organ — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari;

litsenziat — advokatlik faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziyaga ega boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi;

“Litsenziya” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “Litsenziya” AT) — litsenziyalash tartib-taomillari bilan bogʻliq barcha jarayonlarni qamrab olgan, idoralararo elektron oʻzaro hamkorlik qilish imkoniyatiga ega boʻlgan maxsus elektron tizim;

litsenziya talablari va shartlari — advokatlik faoliyati bilan shugʻullanishda advokat tomonidan bajarilishi majburiy boʻlgan, mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq Advokatlik faoliyatini litsenziyalash pasportida (keyingi oʻrinlarda — pasport) belgilangan talablar va shartlar majmui;

litsenziyalar reyestri — berilgan, amal qilishi toʻxtatib turilgan, qayta tiklangan, qayta rasmiylashtirilgan, oʻzgartirilgan va tugatilgan litsenziyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan maʼlumotlar bazasi.

3. Advokatlik faoliyatini litsenziyalash ushbu Nizomning 2-ilovasida nazarda tutilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

4. Advokatlik faoliyatini litsenziyalash:

fuqarolik va iqtisodiy sud ishlarini yuritish;

maʼmuriy va jinoiy sud ishlarini yuritish ixtisosliklari boʻyicha amalga oshiriladi.

Ixtisoslik faqat fuqarolik, iqtisodiy, maʼmuriy va jinoyat ishlarini yuritishda advokatlar tomonidan malakali yuridik yordam koʻrsatishda talab qilinadi.

Advokat tanlangan ixtisoslik yoʻnalishlaridan qatʼi nazar, huquqiy masalalar boʻyicha maslahatlar va tushuntirishlar, qonunchilik hujjatlari yuzasidan ogʻzaki va yozma maʼlumotnomalar berish, huquqiy tusdagi arizalar, shikoyatlar va boshqa hujjatlarni tuzish, davlat organlarida (sud organlaridan tashqari), jismoniy va yuridik shaxslar oldida vakillikni amalga oshirish, tadbirkorlik faoliyatiga yuridik xizmat koʻrsatish huquqiga ega.

Har bir advokat tegishli ixtisoslikni mustaqil tanlash va u boʻyicha belgilangan tartibda malaka imtihoni topshirish huquqiga ega.

5. Talabgor litsenziya olish uchun quyidagi talablarga muvofiq boʻlishi kerak:

Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlishi;

oliy yuridik maʼlumotga ega boʻlishi;

advokatlik tuzilmasida kamida uch oy stajirovka oʻtagan boʻlishi (davlat organlari va tashkilotlari, xoʻjalik birlashmalarining yuridik xizmati xodimi sifatida, sudya, tergovchi, surishtiruvchi yoki prokuror lavozimida kamida uch yil yuridik mutaxassislik boʻyicha ish stajiga ega boʻlgan shaxslar bundan mustasno);

malaka imtihonini muvaffaqiyatli topshirgan boʻlishi.

6. Advokatlik faoliyatini amalga oshirishda litsenziya talablari va shartlari pasportning 9-bandi bilan belgilanadi.

7. “Advokatura toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 3-moddasi ikkinchi qismida koʻrsatilgan holatlarda advokatlik faoliyati bilan shugʻullanishga yoʻl qoʻyilmaydi.

8. Talabgor litsenziya olish uchun arizani “Litsenziya” AT yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali elektron shaklda yuboradi.

Arizalar har kuni, dam olish va bayram kunlaridan qatʼi nazar, 24 soat davomida yuborilishi mumkin.

Bunda, arizalar ish vaqtidan keyin yoki dam olish va bayram kunlari kelib tushganda, navbatdagi ish kuni ariza litsenziyalovchi organga kelib tushgan va litsenziyalovchi organ tomonidan qabul qilingan kun hisoblanadi.

9. Ariza roʻyxatdan oʻtkazilganligini tasdiqlovchi tegishli hujjat (belgi) avtomatik ravishda “Litsenziya” AT yoki YIDXP orqali talabgorga yuboriladi.

Talabgor litsenziya olish uchun taqdim qilgan arizasining koʻrib chiqilish holatini “Litsenziya” AT orqali onlayn kuzatib borishi mumkin.

10. Tanlangan har bir ixtisoslik boʻyicha malaka imtihonini muvaffaqiyatli topshirgan talabgor litsenziya olish uchun uch oy ichida tegishli litsenziyalovchi organga murojaat qilishi kerak. Bu muddatni oʻtkazib yuborgan talabgor litsenziya olish uchun qayta malaka imtihonini topshirganidan keyingina murojaat qilishi mumkin.

11. Litsenziya talabgorning doimiy yashash joyi boʻyicha litsenziyalovchi organ tomonidan cheklanmagan muddatga beriladi va Oʻzbekiston Respublikasining butun hududida amal qiladi.

2-bob. Litsenziya olish uchun ariza berish va uni koʻrib chiqish tartibi

12. Talabgor oʻz elektron raqamli imzosidan (keyingi oʻrinlarda — ERI) foydalangan holda litsenziya olish uchun “Litsenziya” AT yoki YIDXPda roʻyxatdan oʻtadi hamda ixtisoslik turini tanlab, elektron shaklda ariza toʻldiradi.

Arizada quyidagilar aks ettiriladi:

talabgorning familiyasi, ismi va otasining ismi;

jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR);

telefon raqami, elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa);

doimiy yashash joyi;

talabgor amalga oshirmoqchi boʻlgan ixtisoslik turi.

Talabgorning malaka imtihonidan oʻtganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar tegishlicha Advokatlar palatasi huzuridagi Oliy malaka komissiyasi va Advokatlar palatasining hududiy boshqarmalari huzuridagi malaka komissiyalari tomonidan talabgorning malaka imtihonidan oʻtganidan soʻng darhol “Litsenziya” ATga kiritiladi.

13. Talabgordan ushbu Nizomning 12-bandida koʻrsatilmagan maʼlumotlarni va boshqa hujjatlarni talab qilish taqiqlanadi.

14. Talabgor kelgusida oʻz faoliyatini advokatlik byurosini tashkil qilgan holda amalga oshirish istagini bildirsa, litsenziya olish uchun toʻldiriladigan arizaga qoʻshimcha tarzda advokatlik byurosi ustavini ilova qilgan holda uni roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisidagi soʻrovnomani ixtiyoriy ravishda toʻldirishi mumkin.

Bunda, talabgor advokatlik faoliyatini litsenziyalash va advokatlik byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun toʻlovlarni alohida amalga oshiradi.

15. Talabgor ariza berish vaqtida litsenziya talablari va shartlariga mosligini va ularga rioya etishini tasdiqlashi lozim.

16. Talabgor arizaga notoʻgʻri maʼlumotlar kiritilganligini aniqlagan taqdirda, maʼlumotlarni arizani koʻrib chiqish uchun undiriladigan yigʻimni toʻlashdan oldin oʻzgartirishga haqli.

17. Arizani koʻrib chiqish uchun pasportning 6-bandida belgilangan miqdorda yigʻim undiriladi.

Yigʻim toʻlanganligi axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali tasdiqlanadi.

Yigʻim summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:

10 foizi — Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasining hisobvaragʻiga;

11,25 foizi — YAIDXGT orqali davlat xizmatlarini koʻrsatganlik uchun, shuningdek, 0,5 foizi — yagona billing tizimi orqali davlat xizmatlarini koʻrsatganlik uchun Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish jamgʻarmasining elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotning idoralararo loyihalarini moliyalashtirish boʻyicha maxsus hisobvaragʻiga;

qolgan mablagʻlar — litsenziyalovchi organning hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladi.

18. Arizaga kiritilgan maʼlumotlar “Litsenziya” AT orqali idoralararo hamkorlik tizimlarida mavjud maʼlumotlar asosida dastlabki tarzda avtomatik ravishda taqqoslanadi va tekshiriladi.

Ariza quyidagi hollarda avtomatik tarzda qabul qilinmaydi:

notoʻgʻri yoki yolgʻon maʼlumotlar kiritilganligi “Litsenziya” AT orqali aniqlanganda;

pasportning 6-bandida nazarda tutilgan yigʻim toʻlanmaganda;

litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishi tasdiqlanmaganda;

litsenziya reyestrida talabgor tanlagan ixtisoslik (ixtisosliklar) boʻyicha kiritilgan va amalda boʻlgan litsenziyasi mavjud boʻlgan taqdirda;

talabgorning advokatlik faoliyati muayyan muddatga toʻxtatilganda;

talabgorning tegishli faoliyat bilan shugʻullanishi sudning qaroriga asosan muayyan muddatga taqiqlanganda.

Mazkur bandda koʻrsatilganlardan tashqari boshqa asoslar bilan arizani qabul qilmaslikka yoʻl qoʻyilmaydi.

19. Yigʻim toʻlanganidan soʻng ariza “Litsenziya” AT yoki YIDXP orqali avtomatik tarzda talabgorning doimiy yashash joyidagi litsenziyalovchi organga yuboriladi.

20. Litsenziya berish yoki litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror pasportning 8-bandida belgilangan muddatlarda qabul qilinadi.

21. Litsenziyalovchi organ arizani koʻrib chiqish muddati davomida hujjatlarni tekshirishi, zaruratga koʻra boshqa davlat organlarida mavjud, qaror qabul qilish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni “Litsenziya” AT orqali mustaqil ravishda olishi, shuningdek, talabgorning litsenziya talablari va shartlariga muvofiqligini belgilaydigan qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa harakatlarni amalga oshirishi mumkin.

22. Litsenziyalovchi organ litsenziya berish yoki litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisidagi qarorni “Litsenziya” AT orqali litsenziyalovchi organ rahbarining ERIsi bilan tasdiqlash orqali qabul qiladi.

Qaror “Litsenziya” AT orqali real vaqt rejimida avtomatik tarzda talabgorning shaxsiy kabinetiga yuboriladi.

23. Talabgorning advokatlik byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazish boʻyicha arizasi mavjud boʻlganda, litsenziyalovchi organ arizaga ilova qilingan hujjatlarni litsenziya berish muddati ichida koʻrib chiqadi.

Arizaga ilova qilingan hujjatlar qonunchilikka muvofiq boʻlganda, advokatlik byurosini roʻyxatdan oʻtkazuvchi organning axborot tizimi orqali oʻz axborot tizimida davlat roʻyxatidan oʻtkazadi va bu haqida tegishli davlat xizmatlari markaziga real vaqt rejimida avtomatik tarzda barcha tegishli maʼlumotlarni yuboradi.

24. Agar litsenziyalovchi organ pasportning 8-bandida belgilangan arizani koʻrib chiqish muddati mobaynida talabgorga litsenziya berish yoki uni berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilmasa, talabgor bu haqida litsenziyalovchi organni “Litsenziya” AT yoki YIDXP orqali elektron shaklda xabardor qiladi.

Bunda, litsenziya “Litsenziya” AT orqali avtomatik ravishda rasmiylashtiriladi va talabgor ushbu Nizomning 29-30 va 32-bandlarida nazarda tutilgan tartibda davlat bojini toʻlaganidan soʻng advokatlik faoliyatini amalga oshirish huquqiga ega boʻladi.

Talabgorning litsenziyani olishni kutishga roziligini bildirishi, uning keyinchalik litsenziyalovchi organni xabardor etish orqali faoliyatni amalga oshirish huquqini cheklamaydi.

Ushbu bandning birinchi xatboshisida nazarda tutilgan hollarda, talabgor belgilangan davlat boji toʻlovini amalga oshirgandan keyin “Litsenziya” ATda QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan litsenziya shakllantiriladi va talabgorning “Litsenziya” AT yoki YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga elektron shaklda yuboriladi. Bunda, talabgor advokatlik faoliyati bilan litsenziyasiz shugʻullanganlik uchun javobgarlikka tortilishi mumkin emas va tegishli litsenziyalovchi organ yuzaga kelishi mumkin boʻlgan barcha oqibatlar uchun javobgar boʻladi.

25. Talabgorda “Advokatura toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 3-moddasi ikkinchi qismida nazarda tutilgan holatlar mavjud boʻlsa yoki 3 1 -moddasining ikkinchi qismida belgilangan talablarga muvofiq boʻlmasa yoxud beshinchi qismida nazarda tutilgan muddatda litsenziya olish uchun murojaat qilmasa litsenziya berish rad etiladi.

Boshqa asoslarga koʻra, shu jumladan litsenziya berish maqsadga muvofiq emas degan vaj bilan litsenziya berishni rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

26. Talabgorning advokatlik byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazish boʻyicha soʻrovnomasi mavjud boʻlganda litsenziya berish rad etilgan hollarda advokatlik byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazish ham rad etiladi.

Bunda, talabgor litsenziya berish rad etilishi uchun asos boʻlgan sabablarni belgilangan muddatlarda bartaraf etgan holda advokatlik byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazish boʻyicha toʻlov toʻlamasdan qayta murojaat qilishi yoki amalga oshirilgan toʻlov asosida kelgusida Davlat xizmatlari markazida advokatlik byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazishi mumkin.

Talabgor tomonidan litsenziya berish rad etilishi uchun asos boʻlgan sabablar belgilangan muddatda bartaraf etilmagan hollarda, advokatlik byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazish boʻyicha amalga oshirilgan toʻlov uning murojaatiga asosan toʻlov taqsimlangan manbalar hisobidan qaytariladi.

27. Litsenziyani berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror talabgorga rad etish sabablari, qonunchilik hujjatlarining aniq normalari koʻrsatilgan holda, shu kunning oʻzida “Litsenziya” AT yoki YIDXP orqali elektron shaklda yuboriladi.

Litsenziya berish rad etilgan taqdirda toʻlangan yigʻim summasi qaytarilmaydi.

28. Talabgor litsenziya berish rad etilganligi, shuningdek litsenziyalovchi organ mansabdor shaxsining litsenziyalash tartib-taomillari bilan bogʻliq harakati (harakatsizligi) ustidan belgilangan tartibda yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilish huquqiga ega.

29. Litsenziya berish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, litsenziyalovchi organ bu haqida shu kunning oʻzida “Litsenziya” AT yoki YIDXP orqali talabgorga “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonunida belgilangan miqdorda davlat boji toʻlash uchun hisobvaraq koʻrsatilgan xabarnoma yuboradi.

Xabarnoma yuborilganligi toʻgʻrisida maʼlumot hamda talabgorning shaxsiy kabinetiga yuboriladigan boshqa maʼlumotlar talabgorning xohishiga koʻra mobil aloqa qurilmasiga SMS-xabar shaklida ham yuborilishi mumkin.

30. Talabgor xabarnoma yuborilgan kundan boshlab uch oydan ortiq boʻlmagan muddatda davlat boji toʻlovini amalga oshiradi.

Litsenziyani berish uchun davlat boji toʻlovi belgilangan muddatda amalga oshirilmasligi litsenziyalovchi organ tomonidan litsenziyani berish toʻgʻrisidagi qarorni bekor qilinishi uchun asos boʻladi. Litsenziya berish toʻgʻrisidagi qaror bekor qilinganligi haqidagi maʼlumot “Litsenziya” AT orqali avtomatik tarzda talabgorga yuboriladi. Bunda, talabgor litsenziyani olish uchun umumiy tartibda qayta murojaat qilish huquqiga ega boʻladi.

Davlat boji toʻlovi amalga oshirilganligi axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali tasdiqlanadi.

31. Davlat boji quyidagi tartibda taqsimlanadi:

68,25 foizi — budjetdan tashqari Adliya organlari va muassasalarini rivojlantirish jamgʻarmasining hisobvaragʻiga;

11,25 foizi — YIDXP orqali davlat xizmatlarini koʻrsatganlik uchun, shuningdek 0,5 foizi yagona billing tizimi orqali davlat xizmatlarini koʻrsatganlik uchun Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish jamgʻarmasining elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotning idoralararo loyihalarini moliyalashtirish boʻyicha maxsus hisobvaragʻiga;

20 foizi — Davlat budjetiga yoʻnaltiriladi.

32. Davlat boji toʻlanganidan soʻng “Litsenziya” ATda QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan litsenziya avtomatik ravishda shakllantiriladi va talabgorning “Litsenziya” AT yoki YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga elektron shaklda yuboriladi.

33. Berilgan litsenziyalar haqidagi maʼlumot “Litsenziya” ATda litsenziyalar reyestriga avtomatik ravishda kiritiladi.

3-bob. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish va oʻzgartirish

34. Litsenziatning familiyasi, ismi va otasining ismi oʻzgarganda u besh ish kuni ichida “Litsenziya” AT yoki YIDXP orqali litsenziyani qayta rasmiylashtirish uchun asos boʻladigan maʼlumotlarni va qayta rasmiylashtirish uchun yigʻim toʻlanganligini tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilgan holda, ariza yuborishi bilan murojaat qilish lozim.

35. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish uchun litsenziya berish toʻgʻrisidagi arizani koʻrib chiqish uchun undiriladigan yigʻimning yarmi undiriladi va ushbu Nizomning 17-bandida nazarda tutilgan tartibda taqsimlanadi.

Litsenziyani qayta rasmiylashtirish uchun davlat boji undirilmaydi.

36. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisidagi ariza tegishli hujjatlar ilova qilingan holda litsenziyalovchi organga tushgan kundan boshlab ikki ish kuni ichida litsenziya qayta rasmiylashtirib beriladi.

Litsenziya qayta rasmiylashtirilguniga qadar litsenziat unda koʻrsatilgan faoliyatni litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisidagi arizasi asosida amalga oshiradi.

Litsenziyalovchi organ litsenziyani qayta rasmiylashtirishda litsenziyalar reyestriga tegishli oʻzgartirishlar kiritadi.

37. Litsenziatning arizasiga asosan advokatlik faoliyatini boshqa ixtisoslik turi bilan kengaytirishda litsenziyalovchi organ tomonidan litsenziya oʻzgartirilishi mumkin.

Litsenziyani oʻzgartirish litsenziyani berish uchun nazarda tutilgan tartibda amalga oshiriladi, bunda arizani koʻrib chiqish uchun yigʻimning yarmi undiriladi va ushbu Nizomning 17-bandida nazarda tutilgan tartibda taqsimlanadi.

Ushbu bandda nazarda tutilgan harakatlarni amalga oshirishda “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonunida tegishli litsenziyani berganlik uchun toʻlanadigan summaning 50 foizi miqdorida davlat boji undiriladi va ushbu Nizomning 31-bandida nazarda tutilgan tartibda taqsimlanadi.

38. Litsenziat bir ixtisoslik turi boʻyicha amalga oshirayotgan advokatlik faoliyatini boshqa ixtisoslik turi bilan kengaytirish huquqiga ega, bunda advokat litsenziyani oʻzgartirish haqida “Litsenziya” AT yoki YIDXP orqali ariza taqdim etishi lozim.

Bunda, litsenziyalovchi organ tomonidan advokatning avvalgi litsenziyasiga qoʻshimcha ixtisoslik turiga oid maʼlumotlar kiritilgan holda oʻzgartirishlar kiritiladi.

4-bob. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish va tugatish hamda litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini nazorat qilish

39. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish va tugatish “Advokatura toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonunida belgilangan tartibda amalga oshiriladi. Bunda, litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish “Litsenziya” AT orqali amalga oshiriladi.

40. Adliya organi advokat tomonidan litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini nazorat qiladi.

Adliya organi advokat tomonidan litsenziya talablari va shartlari buzilganligini aniqlagan taqdirda, advokatga nisbatan intizomiy ish qoʻzgʻash haqida Advokatlar palatasining tegishli hududiy boshqarmasi huzuridagi malaka komissiyasiga taqdimnoma kiritadi.

41. Advokatga nisbatan intizomiy ishni koʻrib chiqish natijalariga koʻra, Advokatlar palatasi huzuridagi Oliy malaka komissiyasi yoki Advokatlar palatasining hududiy boshqarmalari huzuridagi malaka komissiyalarining qaroriga asosan, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan intizomiy choralar qoʻllanilishi mumkin.

42. Nazorat qiluvchi va huquqni muhofaza qiluvchi organlar tomonidan oʻz vakolatlari doirasida, advokat litsenziya talablari va shartlarini buzganligi aniqlanganda, adliya organiga aniqlangan huquqbuzarliklar toʻgʻrisida xabar beriladi.

43. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish yoki tugatish toʻgʻrisidagi qaror chiqqanda, litsenziyalovchi organ yoki advokatlik guvohnomasini bergan tegishli bu toʻgʻrisida advokat maqomi toʻxtatib turilgan yoki tugatilgan shaxsni, shuningdek Advokatlar palatasining hududiy boshqarmasini va surishtiruv, dastlabki tergov organlari hamda sudni, shu jumladan “Litsenziya” AT yoki YIDXP orqali real vaqt rejimida uch kun muddat ichida xabardor qiladi.

5-bob. Litsenziyalovchi organning qarorlari va ularning mansabdor shaxslarining harakatlari (harakatsizligi) ustidan shikoyat berish va uni koʻrib chiqish tartibi

44. Talabgor yoki litsenziat litsenziyalovchi organning qarorlari yoki mansabdor shaxslarining harakatlari (harakatsizligi) ustidan belgilangan tartibda shikoyat qilishi mumkin.

45. Talabgor yoki litsenziat shikoyatni litsenziyalovchi organga nisbatan Adliya vazirligiga taqdim etadi.

Talabgor yoki litsenziat belgilangan tartibda litsenziyalovchi organning qarori va uning mansabdor shaxslarining harakatlari (harakatsizligi) ustidan bevosita sudga ham shikoyat qilishga haqli.

Qonunchilik hujjatlariga muvofiq shikoyat boshqa vakolatli organlarga ham berilishi mumkin.

46. Shikoyat qaror toʻgʻrisida tegishli tarzda xabardor qilingan paytdan, talabgor yoki litsenziatga litsenziyalovchi organ qarori va uning mansabdor shaxslarining harakatlari (harakatsizligi) haqida maʼlum boʻlgan paytdan eʼtiboran oʻttiz kundan kechiktirmay berilishi mumkin.

Shikoyat berish muddati, agar u uzrli sababga koʻra oʻtkazib yuborilgan boʻlsa, shikoyatni koʻrib chiquvchi organ tomonidan tiklanishi mumkin.

47. Shikoyat yozma, ogʻzaki (shaxsiy qabul yoki ishonch telefoni orqali) yoki elektron shaklda (“Litsenziya” ATdagi shaxsiy kabinet, elektron pochta yoki vakolatli organning rasmiy veb-sayti orqali) beriladi va unda quyidagilar koʻrsatilgan boʻlishi kerak:

qarorni qabul qilgan yoki harakatni amalga oshirgan litsenziyalovchi organning nomi;

shikoyat bergan jismoniy shaxsning (uning vakilining) familiyasi, ismi, otasining ismi va yashash joyi;

shikoyat bergan shaxsning talablari;

ilova qilinayotgan hujjatlarning roʻyxati (mavjud boʻlgan taqdirda);

shikoyat berilgan sana.

Shikoyat yozma shaklda berilganda shikoyat qiluvchi yoki uning vakili tomonidan imzolanadi. Agar shikoyat vakil tomonidan berilgan boʻlsa, unga ishonchnomaning yoki vakilning vakolatlarini tasdiqlovchi boshqa hujjatning koʻchirma nusxasi ilova qilinishi kerak.

48. Jismoniy shaxs ogʻzaki shikoyat (shaxsiy qabul orqali) qilayotganda oʻz shaxsini tasdiqlovchi hujjatni taqdim etishi kerak.

Elektron shaklda beriladigan shikoyatlarda talabgor yoki litsenziatning elektron manzili va yagona identifikatori (JSHSHIR) hamda boshqa rekvizitlar koʻrsatilishi lozim.

Shikoyatda elektron manzilning koʻrsatilganligi talabgor yoki litsenziatning shikoyatini koʻrib chiqish natijalarini axborot tizimi orqali elektron shaklda qabul qilishga boʻlgan roziligini anglatadi.

49. Adliya vazirligi shikoyat berilayotgan qaror, harakat (harakatsizlik) toʻgʻrisidagi tegishli axborotni shikoyat olingan paytdan eʼtiboran uch ish kuni ichida oʻrganish uchun soʻrab olishi lozim.

50. Talabgor yoki litsenziatning talabiga koʻra shikoyat uning ishtirokida koʻrib chiqilishi mumkin.

Bunda, Adliya vazirligi talabgor yoki litsenziatning xohishiga koʻra muhokamani videokonferensaloqa vositalaridan foydalangan holda oʻtkazishni taʼminlashi shart.

51. Shikoyatni koʻrib chiqish yakuni boʻyicha bayonnoma tuzilib, u adliya vaziri yoki uning oʻrinbosari tomonidan imzolanadi.

52. Adliya vazirligi shikoyat boʻyicha oʻn besh kun ichida qaror qabul qilishi shart.

53. Shikoyat bergan talabgor yoki litsenziat shikoyat boʻyicha qaror qabul qilinguniga qadar uni chaqirib olishga haqli. Shikoyatni chaqirib olish yozma yoki elektron shaklda (“Litsenziya” AT orqali) rasmiylashtiriladi.

54. Adliya vazirligi shikoyat boʻyicha quyidagi qarorlardan birini qabul qilishga haqli:

qarorni oʻzgarishsiz qoldirish;

qarorga oʻzgartirishlar kiritish;

qarorni bekor qilish va zarur boʻlgan taqdirda, yangi qaror qabul qilish;

litsenziyalovchi organ yoki uning mansabdor shaxsi zimmasiga berilgan shikoyat mohiyati boʻyicha muayyan harakatlarni amalga oshirish majburiyatini yuklash.

55. Litsenziyalovchi organning qarori ustidan shikoyat qilingan taqdirda, shikoyat Adliya vazirligida roʻyxatdan oʻtkazilgan paytdan eʼtiboran qarorning amal qilishi va ijro etilishi toʻxtatib turiladi, bundan litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish hollari mustasno.

6-bob. Litsenziyalar reyestrini yuritish tartibi

56. Litsenziyalar reyestri “Litsenziya” ATda elektron shaklda yuritiladi va undagi maʼlumot barcha uchun ochiq hisoblanadi.

57. Litsenziyalar reyestri avtomatik tarzda shakllantiriladi, uning doimiy yuritilishi va unga tegishli oʻzgartirishlarni kiritish litsenziyalovchi organlar tomonidan amalga oshiriladi.

Litsenziyalovchi organlar litsenziyalar reyestrini yuritishda ushbu Nizom va boshqa qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartiblarga rioya qilishi lozim.

58. Litsenziya olgan quyidagi maʼlumotlarni litsenziyalar reyestriga oʻz vaqtida kiritib borishga javob beradi:

litsenziya qayta rasmiylashtirilganligi, oʻzgartirilganligi;

litsenziyaning amal qilishi toʻxtatib turilganligi;

litsenziyaning amal qilishi qayta tiklanganligi;

litsenziyaning amal qilishi tugatilganligi;

litsenziya bekor qilinganligi.

59. Litsenziyalar reyestrida quyidagilar koʻrsatilgan boʻlishi kerak:

litsenziatning reyestr tartib raqami, uning familiyasi, ismi, otasining ismi, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR), ixtisosligi;

litsenziyalovchi organ nomi;

reyestrga kiritilgan sana;

faoliyat olib borish manzili (hisob roʻyxatiga olinganidan keyin);

litsenziyaning holati (amalda, toʻxtatib turilgan, tugatilgan, bekor qilingan);

litsenziya holati har bir oʻzgarishining asoslari va sanasi.

60. Litsenziatlar toʻgʻrisidagi batafsil maʼlumotlar bazasi litsenziyalovchi organlar foydalanishi uchun shakllantiriladi va unda litsenziyalashda kiritiladigan maʼlumotlar saqlanadi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

61. Litsenziat litsenziya talab va shartlarining bajarilganligi yuzasidan litsenziyalovchi organga soxta, yolgʻon yoki notoʻgʻri maʼlumotlar berganligi uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

62. Mazkur Nizomning buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Advokatlik faoliyatini maxsus elektron tizim orqali litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Advokatlik faoliyatini litsenziyalash

1. Litsenziya nomi: Advokatlik faoliyati uchun litsenziya. 2. Litsenziyalanadigan ixtisoslik turlari: Fuqarolik va iqtisodiy sud ishlarini yuritish. Maʼmuriy va jinoiy sud ishlarini yuritish. 3. Ariza beruvchilar toifasi: Jismoniy shaxs — Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari ( oliy yuridik maʼlumotga hamda yuridik mutaxassislik boʻyicha kamida ikki yil ish stajiga ega boʻlishi, shuningdek advokatlik tuzilmasida kamida uch oy stajirovka oʻtagan, malaka imtihonini muvaffaqiyatli topshirgan boʻlishi talab etiladi) . 4. Litsenziyalovchi organ: Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari. 5. Litsenziyani olish uchun taqdim qilinadigan hujjatlar: Ariza. Arizada quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi: talabgorning familiyasi, ismi, otasining ismi; jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR); telefon raqami, elektron pochta manzili (mavjud boʻlganda); ixtisoslik turi; doimiy yashash joyi. 6. Arizani koʻrib chiqish uchun toʻlanadigan yigʻim miqdori: Bazaviy hisoblash miqdorining 50 foizi. 7. Litsenziya berilganligi uchun davlat boji miqdori: Bazaviy hisoblash miqdorining 1 baravari. 8. Arizani koʻrib chiqish va qaror qabul qilish muddatlari: 10 ish kuni. 9. Litsenziya talablari va shartlari: Quyidagilar litsenziya talablari va shartlari hisoblanadi: qonunchilik talablariga, Advokatlarning kasb etikasi qoidalariga, advokatlik siri va advokat qasamyodiga rioya etish; advokatga yuridik yordam soʻrab murojaat etgan jismoniy va yuridik shaxslarning huquqlari hamda qonuniy manfaatlarini himoya qilish uchun qonunda taqiqlanmagan vositalar va usullardan foydalanish; qonunda nazarda tutilgan hollarda tayinlov asosida jinoiy ishlarni koʻrib chiqishda qatnashish (fuqarolik va iqtisodiy sud ishlarini yuritish ixtisosligi boʻyicha olingan litsenziyalar bundan mustasno); har uch yilda kamida bir marta oʻzining kasbiy malakasini oshirish; litsenziya olish va (yoki) uni qayta rasmiylashtirish uchun taqdim etiladigan maʼlumotlarning soxta, yolgʻon va notoʻgʻri emasligini taʼminlash; xodimlar bilan yangi mehnat shartnomalarini tuzish, mehnat shartnomalariga oʻzgartirish kiritish va ularni bekor qilish holatlarini, shuningdek amaldagi mehnat shartnomalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksidan foydalangan holda yuritish; litsenziatning familiyasi, ismi va otasining ismi oʻzgargan taqdirda, litsenziyalovchi organga litsenziyani qayta rasmiylashtirish uchun murojaat qilish. 10. Nazorat tartibi: Advokatga guvohnoma bergan tegishli adliya organi advokat tomonidan litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini nazorat qiladi. 11. Litsenziya berishda kelishiladigan organlar Kelishish talab etilmaydi. 12. Litsenziyaning amal qilish muddati: Cheklanmagan. 13. Izoh: Talabgorning xohishiga koʻra, advokatlik faoliyati uchun litsenziya berish haqidagi ariza bilan bir vaqtda advokatlik byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun soʻrovnoma ham toʻldirilishi mumkin. Soʻrovnoma va unga ilova qilinadigan hujjatlar qonunchilikka muvofiq belgilanadi.

Advokatlik faoliyatini maxsus elektron tizim orqali litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Advokatlik faoliyatini litsenziyalash

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Talabgor (Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi) 1. “Litsenziya” AT yoki YIDXPda roʻyxatdan oʻtib, elektron shaklda ariza toʻldiradi. 1. Oʻz xohishiga koʻra 2. Litsenziya talabi va shartlariga rioya etishini tasdiqlaydi. 3. Yigʻimni toʻlaydi. 2. Murojaat qilinganda 2-bosqich “Litsenziya” AT, YIDXP Arizani litsenziyalovchi organga yuboradi. Avtomatik tarzda 3-bosqich Litsenziyalovchi organ (Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari) Talabgorning hujjatlarini oʻrganib chiqib, litsenziyani berish yoki litsenziya berishni rad etish haqida qaror qabul qiladi. 10 ish kuni mobaynida 4-bosqich “Litsenziya” AT Litsenziyani berish yoki litsenziya berishni rad etish haqida qaror qabul qilinganligi toʻgʻrisidagi xabarnomani talabgorga yuboradi. Qaror qabul qilingandan soʻng real vaqt rejimida 5-bosqich Talabgor Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorda davlat bojini toʻlaydi. 3 oy mobaynida 6-bosqich “Litsenziya” AT Davlat boji toʻlanganidan soʻng talabgorga elektron shaklda QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan litsenziyani yuboradi. Avtomatik tarzda

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 5-avgustdagi 432-son qaroriga 2-ILOVA

Vazirlar Mahkamasining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Advokatlik faoliyatini litsenziyalash va advokatlik tuzilmalarini tashkil etish tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida”gi 2009-yil 9-martdagi 60-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Statistik, soliq va moliyaviy hisobotlarni, litsenziyalanadigan faoliyat turlarini va ruxsat berish tartib-taomillarini tubdan qisqartirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2012-yil 16-iyuldagi PF-4453-son Farmoni)” 2012-yil 1-noyabrdagi 313-son qaroriga 1-ilovaning 95-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sudlar va adliya organlari faoliyatini moddiy-texnik va moliyaviy taʼminlash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2017-yil 23-avgustdagi PQ-3240-son qarori)” 2017-yil 25-oktabrdagi 873-son qaroriga ilovaning 3-bandi .

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (“Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, ayrim qonun hujjatlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb topish toʻgʻrisida” 2017-yil 14-sentabrdagi OʻRQ-446-son Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni)” 2018-yil 19-yanvardagi 34-son qaroriga 1-ilovaning 26-bandi .

5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Advokatura instituti samaradorligini tubdan oshirish va advokatlarning mustaqilligini kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 12-maydagi PF-5441-son Farmonini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 17-avgustdagi 675-son qarori 5-bandi , shuningdek unga 3-ilova .

6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mehnatga haq toʻlash, pensiyalar va boshqa toʻlovlar miqdorlarini aniqlash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2019-yil 21-maydagi PF-5723-son Farmoni)” 2019-yil 28-dekabrdagi 1046-son qaroriga ilovaning 83-bandi .

7. Vazirlar Mahkamasining “Yuridik shaxslar, faoliyatini vakolatxona, filial yoki doimiy muassasa orqali amalga oshirayotgan chet el yuridik shaxslari va tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanuvchi jismoniy shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yigʻish, qayta ishlash va saqlash mexanizmlarini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 4-sentabrdagi 539-son qaroriga 3-ilovaning 2-bandi .

8. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasida chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni roʻyxatga olish tartibini soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 28-sentabrdagi 593-son qaroriga 4-ilovaning 8-bandi .

9. Vazirlar Mahkamasining “Jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi qonunini amalga oshirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar haqida” 2021-yil 29-iyundagi 402-son qaroriga 4-ilovaning 8-bandi .

10. Vazirlar Mahkamasining “Davlat xizmatlari koʻrsatishning infratuzilmasi takomillashtirilganligi va aholining davlat xizmatlaridan foydalanish imkoniyatlari kengaytirilganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2021-yil 28-oktabrdagi 661-son qaroriga ilovaning 4-bandi .

11. Vazirlar Mahkamasining “Aholi va tadbirkorlik subyektlarining davlat xizmatlaridan foydalanish imkoniyatlari kengaytirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2021-yil 27-dekabrdagi 774-son qaroriga 1-ilovaning 9-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 5-avgust,

432-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 06.08.2022-y., 09/22/432/0717-son; 29.11.2023-y., 09/23/628/0907-son)

lex.uz