📅 2022-yil 11-avgust · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 11-avgust · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 11 август · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 11 августа 2022 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 11 August 2022 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
ҚОИДАЛАРИ
«Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруққа ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сон «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йил 23 октябрдаги 234-мҳ-сон «Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғига (рўйхат рақами 2397, 2012 йил 23 октябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 43-сон, 501-модда) иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ 2022 йил 1 октябрдан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2022 йил 11 августдаги 17-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА
«Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруққа киритилаётган ўзгартиришлар
1. Буйруқнинг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Қуйидагилар:
Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари шаклларини тўлдириш қоидалари 1-иловага мувофиқ;
Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви 2-иловага мувофиқ;
Никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви 3-иловага мувофиқ;
Никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви 4-иловага мувофиқ;
Ўлим ҳақидаги далолатнома ёзуви 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.».
2. 1-илова мазкур ўзгартиришларнинг 1-иловасига мувофиқ таҳрирда баён этилсин.
3. 1а , 2а , 3а , 4а-иловалар ўз кучини йўқотган деб топилсин.
4. 2 , 3 , 4 ва 5-иловалар мазкур ўзгартиришларнинг 2-иловасига мувофиқ таҳрирда баён этилсин.
Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруққа киритилаётган ўзгартиришларга 1-ИЛОВА
«Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йил 23 октябрдаги 234-мҳ-сон буйруғига 1-ИЛОВА
Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари шаклларини тўлдириш
Мазкур Қоидалар фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини (бундан буён матнда далолатнома ёзувлари деб юритилади) тўлдириш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Далолатнома ёзувлари икки нусхада тузилади.
2. Далолатнома ёзувларини қайд этиш «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими (бундан буён матнда ахборот тизими деб юритилади) орқали амалга оширилади.
Далолатнома ёзувлари давлат тилида компьютер воситасида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тўлдирилади.
3. Далолатнома ёзувларининг барча қаторлари қисқартиришларсиз (умумий қабул қилинган қисқартмалардан ташқари), тўлиқ ва хатосиз тўлдирилиши керак.
4. Далолатнома ёзувининг рақами, уни қайд этиш вақти (кун, ой, йил), шунингдек фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг (бундан буён матнда ФҲДЁ органи деб юритилади) номи ахборот тизимида автоматик равишда тўлдирилади.
5. Далолатнома ёзувларининг «Tugʻilgan joyi», «Doimiy yashash joyi», «Vafot etgan joyi» қаторларидаги «davlat», «viloyat, shahar», «tuman, shahar» номлари ахборот тизимида танлаш орқали киритилади.
Масалан: «davlat» қаторига Oʻzbekiston Respublikasi, Rossiya Federatsiyasi, Buyuk Britaniya, Turkiya.
6. Далолатнома ёзувларидаги «Tugʻilgan sanasi» қатори фуқаролик паспорти ёки идентификация ID-картаси ёхуд ҳарбий гувоҳнома (бундан буён матнда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар деб юритилади) асосида тўлдирилади (кун, ой ва йил рақам билан ёзилади).
7. Далолатнома ёзувларининг «Millati» қатори шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида тўлдирилади.
Чет эл фуқароларига нисбатан далолатнома ёзувлари қайд этилаётганда, миллатидан ташқари мазкур шахснинг қайси давлат фуқароси эканлиги ҳам кўрсатилади. Бунда, унинг миллати ҳақида маълумот бўлмаган тақдирда фуқаролиги тўғрисидаги маълумот ёзилади.
8. Далолатнома ёзувларининг «Fuqaroligi» қаторига шахснинг қайси давлат фуқаролигига мансублиги кўрсатилади. Шахснинг фуқаролиги бўлмаган тақдирда, мазкур қаторга «fuqaroligi yoʻq» деб ёзиб қўйилади.
9. Далолатнома ёзувларидаги «Berilgan guvohnoma seriyasi» қаторига берилган гербли гувоҳноманинг серияси ва рақами ёзилади.
10. Далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ёки қўшимчалар киритилганда, шунингдек гувоҳномалар такрорий берилганда, бу ҳақидаги ёзувлар далолатнома ёзувларидаги «Belgilar uchun» қаторига қайд этилади.
Далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ёки қўшимчалар киритилганда, мазкур ўзгартириш (тузатиш ёки қўшимчалар) далолатнома ёзувининг қайси қаторларига ва қандай асосларга кўра киритилганлиги тўғрисида изоҳ ёзилиб, ушбу ўзгартириш (тузатиш ёки қўшимчалар) қайд этилган вақт (кун, ой, йил), шунингдек берилган гувоҳноманинг серияси ва рақами кўрсатилади.
Гувоҳномалар такрорий берилганда, такрорий берилган гувоҳноманинг берилган вақти (кун, ой ва йил), серияси ва рақами кўрсатилади.
Далолатнома ёзувларидаги «Belgilar uchun» қаторига мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган ёзувлар киритилгандан сўнг, ушбу ёзувлар ахборот тизимида автоматик равишда сақланади.
Бунда, ўзгартириш киритилаётган далолатнома ёзувининг қоғозга чоп этилган (тўлдирилган) нусхасига ҳам тегишли ёзувлар киритилади ҳамда ФҲДЁ органи ходими исмининг бош ҳарфи ва фамилияси ёзилиб, ушбу ходим томонидан имзоланади, шунингдек гербли муҳр билан тасдиқланади.
11. Далолатнома ёзуви тўлдирилгандан сўнг автоматик равишда ахборот тизимида сақланади, шунингдек унинг нусхаси қоғозга чоп этилиб ФҲДЁ органи мудири ва инспектори томонидан имзоланади ва гербли муҳр билан тасдиқланади.
2-боб. Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини тўлдириш
12. 1 — 3-қаторларга туғилган боланинг фамилияси, исми, отасининг исми ёзилади.
13. «4. JShShIR» қаторига жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами киритилади.
14. «5. Jinsi» қаторига боланинг жинси тўғрисидаги маълумот ахборот тизимида «erkak», «ayol» ёхуд «nomaʼlum» деган сўзлардан бирини танлаш орқали киритилади.
15. «6. Tugʻilgan sanasi, vaqti, vazni va boʻyi» қаторига боланинг туғилган куни, ойи, йили, соати ва дақиқаси рақам билан ёзилади, вазни ва бўйи тиббиёт маълумотномаси асосида тўлдирилади.
16. «8. Nechta bola tugʻildi» қаторига туғилган боланинг (болаларнинг) сони рақам билан ёзилади. Агар биттадан ортиқ бола туғилган бўлса, мазкур қаторга тирик туғилган болаларнинг сони ёзилади.
17. 9-қаторга боланинг ўлик ёки тирик туғилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимида «tirik» ёки «oʻlik» деган сўзлардан бирини танлаш орқали киритилади.
Биттадан ортиқ бола туғилган бўлиб, улардан бири ўлик туғилган, қолгани тирик туғилган бўлса, у ҳолда ҳар бир болага алоҳида далолатнома ёзуви қайд этилади.
18. «10. Onaning nechanchi bolasi» қаторига онанинг илгари туғилган болаларининг (шунингдек, вафот этган болаларининг) сони қўшилган ҳолда ҳисобланиб, далолатнома ёзуви қайд этилаётган бола онанинг нечанчи боласи эканлиги рақам билан ёзилади. Бунда, ўлик туғилган болалар сони ҳисобга киритилмайди.
Икки ёки ундан ортиқ болалар туғилганда, далолатнома ёзувлари тартиб билан рўйхатга олинади.
19. «11. Tibbiy maʼlumotnoma» қаторига тиббий маълумотноманинг сони, берилган вақти (кун, ой ва йил) рақам билан ёзилади.
Тиббий маълумотномани берган тиббиёт муассасасининг номи тўлиқ ёзилади.
Масалан: № 15; 10.03.2022-y., Toshkent shahar, Mirzo Ulugʼbek tuman 6-sonli akusherlik kompleksi (majmuasi).
20. 12 — 19-қаторларга боланинг ота-онаси ҳақидаги маълумотлар уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки маълумотнома (қонуний никоҳда турган ота-оналар учун) асосида тўлдирилади.
Бунда, қонуний никоҳда турган ота-оналар томонидан никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки маълумотнома тақдим этилмаганда, далолатнома ёзувининг ушбу қаторлари ота-онанинг аввалги болаларининг туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувлари асосида тўлдирилади.
21. Бола ёлғиз (никоҳда бўлмаган) онадан туғилганда, боланинг отаси ҳақидаги маълумотлар онанинг кўрсатмасига асосан тўлдирилади.
Туғилганлик ҳақида далолатнома ёзувини қайд этишда ёлғиз она шахсан иштирок этолмаган тақдирда (боланинг отаси ҳам иштирок этмаса), боланинг отаси ҳақидаги ёзув онанинг нотариал ёки тиббий муассаса томонидан тасдиқланган аризаси бўйича амалга оширилади.
22. «19. Otasi haqida maʼlumotni yozish uchun asos» қаторининг:
«a) nikoh qachon va qayerda qayd etilgan» бандида ота-онанинг никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки маълумотномасига асосан никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги далолатнома ёзувининг рақами, қайд этилган куни, ойи ва йили рақам билан ҳамда ФҲДЁ органининг номи тўлиқ ёзилади.
Никоҳ бошқа давлатда қайд этилган бўлса, ушбу бандда никоҳ қайд этилган давлат, шунингдек уни қайд этган органнинг номи ҳам ёзилади;
«b) otalikni belgilash toʻgʻrisida ariza» бандида аризанинг рўйхатга олинган (кирим) рақами ва вақти (кун, ой, йил) рақам билан тўлдирилади;
«d) onaning arizasi» бандида ёлғиз она аризасининг рўйхатга олинган (кирим) рақами ва вақти (кун, ой, йил) рақам билан тўлдирилади.
23. «20. Ariza bilan murojaat qilgan shaxsning F.I.O., imzosi (aloqadorligi)» қаторига туғилганликни қайд эттириш учун мурожаат қилган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми мурожаат қилган шахснинг сўзига асосан қисқартиришларсиз, тўлиқ ёзилади ҳамда далолатнома ёзувининг қоғозда чоп этилган нусхаси ариза муаллифи томонидан имзоланади.
Масалан: Rahmonov Aziz Rustamovich (bobosi), имзо.
3-боб. Никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувини тўлдириш
24. 1 — 3-қаторларда никоҳланувчиларнинг никоҳгача ва никоҳдан кейинги фамилияси, исми, отасининг исми уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида қисқартиришларсиз кўрсатилади.
25. «Nikohdan keyingi familiyasi» қатори никоҳланувчиларнинг ўз хоҳишларига кўра никоҳга кириш ҳақидаги аризалари асосида тўлдирилади.
26. «5. Yoshi» қатори никоҳланувчиларнинг туғилган вақтидан (кун, ой, йил) келиб чиқиб, ахборот тизими орқали автоматик равишда тўлдирилади.
27. «10. Oilaviy ahvoli» қаторига никоҳланувчиларнинг оилавий аҳволи ҳақидаги маълумотлар ахборот тизимида «nikohda boʻlmagan», «tul» ёхуд «ajrashgan» деган сўзлардан бирини танлаш орқали киритилади.
28. «11. Umumiy farzandlar soni» қаторига никоҳланувчиларнинг умумий фарзандлари бўлса, уларнинг сони ёзилади.
Никоҳланувчиларнинг умумий фарзандлари бўлмаса, ушбу қаторга «yoʻq» деб ёзилади.
29. «12. Doimiy yashash joyi» қатори никоҳланувчи шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида тўлдирилади.
30. «13. Taqdim etilgan hujjatlar» қаторига никоҳланувчи шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларининг серияси ва рақами ёзилади.
31. 14-қатор билан никоҳланувчилар таништирилади.
32. «15. Nikohga kiruvchilarning nikohgacha familiyasi va imzosi» қаторига никоҳланувчиларнинг никоҳгача бўлган фамилиялари ёзилади ҳамда далолатнома ёзувининг қоғозга чоп этилган нусхаси никоҳланувчилар томонидан имзоланади.
33. «16. Guvohlarning familiyasi va imzosi» қаторига, никоҳ никоҳланувчиларнинг хоҳишига кўра гувоҳлар иштирокида қайд этилганда, гувоҳларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилади ҳамда далолатнома ёзувининг қоғозга чоп этилган нусхаси никоҳланувчилар томонидан имзоланади.
34. «18. Belgilar uchun» қаторида қуйидагилардан бири кўрсатилади:
илгари никоҳда бўлган шахснинг аввалги никоҳи бекор қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳнома;
суднинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги ҳал қилув қарори;
суднинг никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори;
эр (хотин)нинг ўлими ҳақидаги гувоҳнома.
Шунингдек, мазкур қаторда никоҳдан ажралганлик ва ўлим ҳақидаги гувоҳномалар қайд этилган сана, далолатнома ёзувининг рақами ва қайси ФҲДЁ органида рўйхатга олинганлиги, суднинг қонуний кучга кирган қарори, унинг санаси ҳамда қайси суд томонидан чиқарилганлиги кўрсатилади.
4-боб. Никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини тўлдириш
35. 1 — 3-қаторларга никоҳдан ажралиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида қисқартиришларсиз ёзилади.
36. «Nikohdan ajralgandan keyingi familiyasi» қатори эр ёки хотиннинг никоҳдан ажралиш ҳақидаги аризасида кўрсатилган никоҳгача бўлган фамилиясига қайтиш тўғрисидаги хоҳишига асосан тўлдирилади.
Суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорига асосан никоҳдан ажралишни қайд этиш ҳақида эр ёки хотиндан бири ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилган вақтда ФҲДЁ органига келмаган эр ёки хотиннинг «Nikohdan ajralgandan keyingi familiyasi» қатори тўлдирилмайди.
37. «5. Yoshi» қатори никоҳдан ажралаётганларнинг туғилган вақтидан (кун, ой, йил) келиб чиқиб, ахборот тизими орқали автоматик равишда тўлдирилади.
38. «10. Nechanchi nikohi» қаторига никоҳдан ажралаётган шахсларнинг нечанчи никоҳи эканлиги ҳақидаги маълумотлар ахборот тизимида «birinchi», «ikkinchi», «uchinchi va undan ortiq» деган сўзларидан бирини танлаш орқали киритилади.
39. «11. Ajratilayotgan nikoh» қаторига никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувининг рақами ва қайд этилган вақти (кун, ой, йил) рақам билан ёзилади. Бунда, никоҳ қаерда ва қайси ФҲДЁ органида қайд этилганлиги тўлиқ ёзилади.
40. «12. Dalolatnoma yozuvi uchun asos» қаторининг:
«a)» бандида эр-хотиннинг биргаликда берган аризаси, унинг берилган вақти (кун, ой, йил) ва кирим рақами ёзилади;
«b)» бандида никоҳдан ажратиш тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқарган суднинг тўлиқ номи, ҳал қилув қарори чиқарилган вақт (кун, ой, йил) ёзилади;
«d)» бандида фуқарони бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарган суднинг тўлиқ номи, ҳал қилув қарори чиқарилган вақт (кун, ой, йил) ҳамда фуқаронинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилади;
«e)» бандида фуқарони озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган суднинг тўлиқ номи, ҳукм чиққан вақт (кун, ой, йил) ҳамда фуқаронинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилади.
41. «13. 18 yoshga toʻlmagan umumiy bolalari soni» қатори рақамларда тўлдирилади. Агар никоҳдан ажралаётган шахсларнинг 18 ёшга тўлмаган болалари бўлмаса, мазкур қаторга «yoʻq» деб ёзилади.
42. «14. Undirilgan davlat boji summasi va toʻlanganligi toʻgʻrisida belgi» қаторида тўланган давлат божининг суммаси кўрсатилади.
43. «15. Shaxsini tasdiqlovchi hujjatlar» қатори никоҳдан ажралаётган шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида тўлдирилади.
44. «16. Ajraluvchilar imzosi» қатори далолатнома ёзувининг қоғозга чоп этилган нусхасида ажралувчилар томонидан имзоланади.
5-боб. Ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувини тўлдириш
45. 1 — 3-қаторларга марҳумнинг фамилияси, исми, отасининг исми қисқартиришларсиз ёзилади.
46. «4. Jinsi» қаторига марҳумнинг жинси тўғрисидаги маълумот ахборот тизимида «erkak», «ayol» ёхуд «nomaʼlum» деган сўзлардан бирини танлаш орқали киритилади.
47. «5. Millati» қатори марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида тўлдирилади.
Агар марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд бўлмаса ёки ушбу ҳужжатда марҳумнинг миллати тўғрисида маълумотлар бўлмаса, мазкур қаторга « — « белгиси қўйилади.
48. «7. Vafot etgan vaqti» қаторида ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома асосида марҳумнинг вафот этган санаси (кун, ой ва йил рақам билан) кўрсатилади.
49. «8. Vafot etgan joyi» қаторига марҳум вафот этган жойнинг номи тўлиқ ёзилади.
50. «9. Oʻlimning sababi» қатори ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома асосида тўлдирилади.
51. «10. Tugʻilgan sanasi» қатори марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати ва (ёки) ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома асосида тўлдирилади.
52. «11. Shaxsini tasdiqlovchi maʼlumotlar» қатори вафот этган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида тўлдирилади.
Шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, ёзувлар ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома асосида ёзилади.
16 ёшга тўлмасдан вафот этганларга нисбатан ўлимни қайд этиш уларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси асосида амалга оширилади.
Бунда, ушбу қаторга туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг серияси, рақами, шунингдек туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувининг рақами, қачон ва қайси ФҲДЁ органи томонидан берилганлиги ёзилади, агар гувоҳнома ФҲДЁ органига тақдим этилмаган бўлса, ушбу қаторга «Taqdim etilmadi» деб ёзилади ва «16. Belgilar uchun» қаторида тақдим этилмаганлик сабаби кўрсатилади.
«Yoshi» қатори марҳумнинг туғилган вақтидан (кун, ой, йил) келиб чиқиб, ахборот тизими орқали автоматик равишда тўлдирилади.
Агар вафот этган шахснинг туғилган куни, ойи ва йили номаълум бўлса ёки шахси аниқланмаганларнинг ўлимини қайд этишда тиббий муассасанинг хулосасида ёши ва туғилган жойи ҳақида маълумотлар бўлмаса «10. Tugʻilgan sanasi» қаторига «nomaʼlum» деб ёзилади.
«Bir yoshgacha vafot etgan bola», «Nechanchi bola», «Onaning yoshi» қаторлари бир ёшгача вафот этган болаларга нисбатан далолатнома ёзуви қайд этилаётганда тўлдирилади.
Бунда, «Bir yoshgacha vafot etgan bola» қаторига тирик туғилиб, бир ёшга қадар вафот этган болаларнинг ўлимига қадар неча ой, кун яшаганлиги тўғрисидаги маълумотлар, «Onaning yoshi» қаторига онанинг ёши тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизими орқали автоматик равишда тўлдирилади.
«Nechanchi bola» қаторида вафот этган бола онанинг нечанчи боласи эканлиги (бунда онанинг илгари туғилган болалари, шунингдек вафот этган болалари ҳам ҳисобланади, ўлик туғилган болалари ҳисобланмайди) рақам билан кўрсатилади.
53. «12. Oʻlimni tasdiqlovchi hujjatlar» қаторига ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома ёки суднинг шахсни вафот этган деб топиш тўғрисидаги қарори ҳақидаги маълумотлар қуйидагича киритилади:
«a)» бандига ўлим ҳақида тиббий маълумотнома рақами, берилган вақти (кун, ой ва йил), ким томонидан (тиббиёт муассасасининг номи, шифокорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми) берилганлиги тўлиқ ёзилади.
Масалан: № 315, 10.02.2022-y., Toshkent shahar, Mirzo Ulugʻbek tumani 9-sonli oilaviy poliklinika, shifokor Olimova Salima Tursunovna.
«b)» бандида шахсни вафот этган деб топиш тўғрисида қарор чиқарган суднинг номи ҳамда қарор чиқарилган сана кўрсатилади.
Масалан, Toshkent shahar fuqarolik ishlari boʻyicha Mirzo Ulugʻbek tumanlararo sudi, 13.03.2021-y.
54. «13. Ariza bilan murojaat qilgan shaxsning F.I.O., manzili yoki oʻlim haqida ariza bergan muassasaning nomi va manzili» қаторига далолатнома ёзувини қайд этиш учун мурожаат қилган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми (муассасанинг номи), шунингдек вафот этган шахсга қариндошлиги (алоқадорлиги) тўлиқ ёзилади.
55. «15. Qabristonga topshirish uchun maʼlumotnomalarni olganlik toʻgʻrisida belgi» қатори далолатнома ёзувининг қоғозга чоп этилган нусхасида ўлим ҳақидаги гувоҳнома ва қабристонга топшириш учун маълумотномани олган шахс томонидан имзоланади.
56. «16. Belgilar uchun» қаторига вафот этган шахснинг шахси аниқланмаганда, шунингдек туғилиб вафот этган ёки бир ёшгача вафот этган болаларга нисбатан далолатнома ёзуви қайд этилганда тегишли изоҳ ёзиб қўйилади («murdaning shaxsi aniqlanmagan», «tugʻilganlik haqidagi guvohnoma topshirilmadi», «oʻlim haqidagi guvohnoma berilmagan»).
6-боб. Якуний қоидалар
57. Далолатнома ёзувлари тўлдирилгандан сўнг қоғозга чоп этилади ҳамда мурожаат қилган шахс томонидан ўқиб чиқилиб, имзоланади.».
Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруққа киритилаётган ўзгартиришларга 2-ИЛОВА
«Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йил 23 октябрдаги 234-мҳ-сон буйруғига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йил 23 октябрдаги 234-мҳ-сон буйруғига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йил 23 октябрдаги 234-мҳ-сон буйруғига 4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йил 23 октябрдаги 234-мҳ-сон буйруғига 5-ИЛОВА
Вазир Р. ДАВЛЕТОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 11 август,
17-мҳ-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirining
buyrugʻi
QOIDALARI
“Fuqarolik holati dalolatnoma yozuvlarining shakllari va ularni toʻldirish boʻyicha qoidalarni tasdiqlash haqida”gi buyruqqa oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 23-martdagi PF-6191-son “Aholi va tadbirkorlik subyektlariga davlat xizmatlaridan foydalanishda yanada qulay sharoitlar yaratish, bu borada byurokratik toʻsiqlarni qisqartirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi Farmoniga muvofiq buyuraman:
1. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2012-yil 23-oktabrdagi 234-mh-son “Fuqarolik holati dalolatnoma yozuvlarining shakllari va ularni toʻldirish boʻyicha qoidalarni tasdiqlash haqida”gi buyrugʻiga (roʻyxat raqami 2397, 2012-yil 23-oktabr) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2012-y., 43-son, 501-modda) ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.
2. Mazkur buyruq 2022-yil 1-oktabrdan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2022-yil 11-avgustdagi 17-mh-son buyrugʻiga ILOVA
“Fuqarolik holati dalolatnoma yozuvlarining shakllari va ularni toʻldirish boʻyicha qoidalarni tasdiqlash haqida”gi buyruqqa kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1. Buyruqning 1-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“1. Quyidagilar:
Fuqarolik holati dalolatnoma yozuvlari shakllarini toʻldirish qoidalari 1-ilovaga muvofiq;
Tugʻilganlik haqidagi dalolatnoma yozuvi 2-ilovaga muvofiq;
Nikoh tuzilganligi haqidagi dalolatnoma yozuvi 3-ilovaga muvofiq;
Nikohdan ajralganlik haqidagi dalolatnoma yozuvi 4-ilovaga muvofiq;
Oʻlim haqidagi dalolatnoma yozuvi 5-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.”.
2. 1-ilova mazkur oʻzgartirishlarning 1-ilovasiga muvofiq tahrirda bayon etilsin.
3. 1a , 2a , 3a , 4a-ilovalar oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.
4. 2 , 3 , 4 va 5-ilovalar mazkur oʻzgartirishlarning 2-ilovasiga muvofiq tahrirda bayon etilsin.
Fuqarolik holati dalolatnoma yozuvlarining shakllari va ularni toʻldirish boʻyicha qoidalarni tasdiqlash haqida”gi buyruqqa kiritilayotgan oʻzgartirishlarga 1-ILOVA
“Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2012-yil 23-oktabrdagi 234-mh-son buyrugʻiga 1-ILOVA
Fuqarolik holati dalolatnoma yozuvlari shakllarini toʻldirish
Mazkur Qoidalar fuqarolik holati dalolatnoma yozuvlarini (bundan buyon matnda dalolatnoma yozuvlari deb yuritiladi) toʻldirish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Dalolatnoma yozuvlari ikki nusxada tuziladi.
2. Dalolatnoma yozuvlarini qayd etish “FHDYning yagona elektron arxivi” axborot tizimi (bundan buyon matnda axborot tizimi deb yuritiladi) orqali amalga oshiriladi.
Dalolatnoma yozuvlari davlat tilida kompyuter vositasida lotin yozuviga asoslangan oʻzbek alifbosida toʻldiriladi.
3. Dalolatnoma yozuvlarining barcha qatorlari qisqartirishlarsiz (umumiy qabul qilingan qisqartmalardan tashqari), toʻliq va xatosiz toʻldirilishi kerak.
4. Dalolatnoma yozuvining raqami, uni qayd etish vaqti (kun, oy, yil), shuningdek fuqarolik holati dalolatnomalarini yozish organining (bundan buyon matnda FHDY organi deb yuritiladi) nomi axborot tizimida avtomatik ravishda toʻldiriladi.
5. Dalolatnoma yozuvlarining “Tugʻilgan joyi”, “Doimiy yashash joyi”, “Vafot etgan joyi” qatorlaridagi “davlat”, “viloyat, shahar”, “tuman, shahar” nomlari axborot tizimida tanlash orqali kiritiladi.
Masalan: “davlat” qatoriga Oʻzbekiston Respublikasi, Rossiya Federatsiyasi, Buyuk Britaniya, Turkiya.
6. Dalolatnoma yozuvlaridagi “Tugʻilgan sanasi” qatori fuqarolik pasporti yoki identifikatsiya ID-kartasi yoxud harbiy guvohnoma (bundan buyon matnda shaxsni tasdiqlovchi hujjatlar deb yuritiladi) asosida toʻldiriladi (kun, oy va yil raqam bilan yoziladi).
7. Dalolatnoma yozuvlarining “Millati” qatori shaxsni tasdiqlovchi hujjatlar asosida toʻldiriladi.
Chet el fuqarolariga nisbatan dalolatnoma yozuvlari qayd etilayotganda, millatidan tashqari mazkur shaxsning qaysi davlat fuqarosi ekanligi ham koʻrsatiladi. Bunda, uning millati haqida maʼlumot boʻlmagan taqdirda fuqaroligi toʻgʻrisidagi maʼlumot yoziladi.
8. Dalolatnoma yozuvlarining “Fuqaroligi” qatoriga shaxsning qaysi davlat fuqaroligiga mansubligi koʻrsatiladi. Shaxsning fuqaroligi boʻlmagan taqdirda, mazkur qatorga “fuqaroligi yoʻq” deb yozib qoʻyiladi.
9. Dalolatnoma yozuvlaridagi “Berilgan guvohnoma seriyasi” qatoriga berilgan gerbli guvohnomaning seriyasi va raqami yoziladi.
10. Dalolatnoma yozuviga oʻzgartirish, tuzatish yoki qoʻshimchalar kiritilganda, shuningdek guvohnomalar takroriy berilganda, bu haqidagi yozuvlar dalolatnoma yozuvlaridagi “Belgilar uchun” qatoriga qayd etiladi.
Dalolatnoma yozuviga oʻzgartirish, tuzatish yoki qoʻshimchalar kiritilganda, mazkur oʻzgartirish (tuzatish yoki qoʻshimchalar) dalolatnoma yozuvining qaysi qatorlariga va qanday asoslarga koʻra kiritilganligi toʻgʻrisida izoh yozilib, ushbu oʻzgartirish (tuzatish yoki qoʻshimchalar) qayd etilgan vaqt (kun, oy, yil), shuningdek berilgan guvohnomaning seriyasi va raqami koʻrsatiladi.
Guvohnomalar takroriy berilganda, takroriy berilgan guvohnomaning berilgan vaqti (kun, oy va yil), seriyasi va raqami koʻrsatiladi.
Dalolatnoma yozuvlaridagi “Belgilar uchun” qatoriga mazkur bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan yozuvlar kiritilgandan soʻng, ushbu yozuvlar axborot tizimida avtomatik ravishda saqlanadi.
Bunda, oʻzgartirish kiritilayotgan dalolatnoma yozuvining qogʻozga chop etilgan (toʻldirilgan) nusxasiga ham tegishli yozuvlar kiritiladi hamda FHDY organi xodimi ismining bosh harfi va familiyasi yozilib, ushbu xodim tomonidan imzolanadi, shuningdek gerbli muhr bilan tasdiqlanadi.
11. Dalolatnoma yozuvi toʻldirilgandan soʻng avtomatik ravishda axborot tizimida saqlanadi, shuningdek uning nusxasi qogʻozga chop etilib FHDY organi mudiri va inspektori tomonidan imzolanadi va gerbli muhr bilan tasdiqlanadi.
2-bob. Tugʻilganlik haqidagi dalolatnoma yozuvini toʻldirish
12. 1 — 3-qatorlarga tugʻilgan bolaning familiyasi, ismi, otasining ismi yoziladi.
13. “4. JShShIR” qatoriga jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami kiritiladi.
14. “5. Jinsi” qatoriga bolaning jinsi toʻgʻrisidagi maʼlumot axborot tizimida “erkak”, “ayol” yoxud “nomaʼlum” degan soʻzlardan birini tanlash orqali kiritiladi.
15. “6. Tugʻilgan sanasi, vaqti, vazni va boʻyi” qatoriga bolaning tugʻilgan kuni, oyi, yili, soati va daqiqasi raqam bilan yoziladi, vazni va boʻyi tibbiyot maʼlumotnomasi asosida toʻldiriladi.
16. “8. Nechta bola tugʻildi” qatoriga tugʻilgan bolaning (bolalarning) soni raqam bilan yoziladi. Agar bittadan ortiq bola tugʻilgan boʻlsa, mazkur qatorga tirik tugʻilgan bolalarning soni yoziladi.
17. 9-qatorga bolaning oʻlik yoki tirik tugʻilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar axborot tizimida “tirik” yoki “oʻlik” degan soʻzlardan birini tanlash orqali kiritiladi.
Bittadan ortiq bola tugʻilgan boʻlib, ulardan biri oʻlik tugʻilgan, qolgani tirik tugʻilgan boʻlsa, u holda har bir bolaga alohida dalolatnoma yozuvi qayd etiladi.
18. “10. Onaning nechanchi bolasi” qatoriga onaning ilgari tugʻilgan bolalarining (shuningdek, vafot etgan bolalarining) soni qoʻshilgan holda hisoblanib, dalolatnoma yozuvi qayd etilayotgan bola onaning nechanchi bolasi ekanligi raqam bilan yoziladi. Bunda, oʻlik tugʻilgan bolalar soni hisobga kiritilmaydi.
Ikki yoki undan ortiq bolalar tugʻilganda, dalolatnoma yozuvlari tartib bilan roʻyxatga olinadi.
19. “11. Tibbiy maʼlumotnoma” qatoriga tibbiy maʼlumotnomaning soni, berilgan vaqti (kun, oy va yil) raqam bilan yoziladi.
Tibbiy maʼlumotnomani bergan tibbiyot muassasasining nomi toʻliq yoziladi.
Masalan: № 15; 10.03.2022-y., Toshkent shahar, Mirzo Ulugʼbek tuman 6-sonli akusherlik kompleksi (majmuasi).
20. 12 — 19-qatorlarga bolaning ota-onasi haqidagi maʼlumotlar ularning shaxsini tasdiqlovchi hujjatlar, shuningdek nikoh tuzilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma yoki maʼlumotnoma (qonuniy nikohda turgan ota-onalar uchun) asosida toʻldiriladi.
Bunda, qonuniy nikohda turgan ota-onalar tomonidan nikoh tuzilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma yoki maʼlumotnoma taqdim etilmaganda, dalolatnoma yozuvining ushbu qatorlari ota-onaning avvalgi bolalarining tugʻilganlik toʻgʻrisidagi dalolatnoma yozuvlari asosida toʻldiriladi.
21. Bola yolgʻiz (nikohda boʻlmagan) onadan tugʻilganda, bolaning otasi haqidagi maʼlumotlar onaning koʻrsatmasiga asosan toʻldiriladi.
Tugʻilganlik haqida dalolatnoma yozuvini qayd etishda yolgʻiz ona shaxsan ishtirok etolmagan taqdirda (bolaning otasi ham ishtirok etmasa), bolaning otasi haqidagi yozuv onaning notarial yoki tibbiy muassasa tomonidan tasdiqlangan arizasi boʻyicha amalga oshiriladi.
22. “19. Otasi haqida maʼlumotni yozish uchun asos” qatorining:
“a) nikoh qachon va qayerda qayd etilgan” bandida ota-onaning nikoh tuzilganligi toʻgʻrisidagi guvohnomasi yoki maʼlumotnomasiga asosan nikoh tuzilganligi toʻgʻrisidagi dalolatnoma yozuvining raqami, qayd etilgan kuni, oyi va yili raqam bilan hamda FHDY organining nomi toʻliq yoziladi.
Nikoh boshqa davlatda qayd etilgan boʻlsa, ushbu bandda nikoh qayd etilgan davlat, shuningdek uni qayd etgan organning nomi ham yoziladi;
“b) otalikni belgilash toʻgʻrisida ariza” bandida arizaning roʻyxatga olingan (kirim) raqami va vaqti (kun, oy, yil) raqam bilan toʻldiriladi;
“d) onaning arizasi” bandida yolgʻiz ona arizasining roʻyxatga olingan (kirim) raqami va vaqti (kun, oy, yil) raqam bilan toʻldiriladi.
23. “20. Ariza bilan murojaat qilgan shaxsning F.I.O., imzosi (aloqadorligi)” qatoriga tugʻilganlikni qayd ettirish uchun murojaat qilgan shaxsning familiyasi, ismi, otasining ismi murojaat qilgan shaxsning soʻziga asosan qisqartirishlarsiz, toʻliq yoziladi hamda dalolatnoma yozuvining qogʻozda chop etilgan nusxasi ariza muallifi tomonidan imzolanadi.
Masalan: Rahmonov Aziz Rustamovich (bobosi), imzo.
3-bob. Nikoh tuzilganligi haqidagi dalolatnoma yozuvini toʻldirish
24. 1 — 3-qatorlarda nikohlanuvchilarning nikohgacha va nikohdan keyingi familiyasi, ismi, otasining ismi ularning shaxsini tasdiqlovchi hujjatlari asosida qisqartirishlarsiz koʻrsatiladi.
25. “Nikohdan keyingi familiyasi” qatori nikohlanuvchilarning oʻz xohishlariga koʻra nikohga kirish haqidagi arizalari asosida toʻldiriladi.
26. “5. Yoshi” qatori nikohlanuvchilarning tugʻilgan vaqtidan (kun, oy, yil) kelib chiqib, axborot tizimi orqali avtomatik ravishda toʻldiriladi.
27. “10. Oilaviy ahvoli” qatoriga nikohlanuvchilarning oilaviy ahvoli haqidagi maʼlumotlar axborot tizimida “nikohda boʻlmagan”, “tul” yoxud “ajrashgan” degan soʻzlardan birini tanlash orqali kiritiladi.
28. “11. Umumiy farzandlar soni” qatoriga nikohlanuvchilarning umumiy farzandlari boʻlsa, ularning soni yoziladi.
Nikohlanuvchilarning umumiy farzandlari boʻlmasa, ushbu qatorga “yoʻq” deb yoziladi.
29. “12. Doimiy yashash joyi” qatori nikohlanuvchi shaxslarning shaxsini tasdiqlovchi hujjatlari asosida toʻldiriladi.
30. “13. Taqdim etilgan hujjatlar” qatoriga nikohlanuvchi shaxslarning shaxsini tasdiqlovchi hujjatlarining seriyasi va raqami yoziladi.
31. 14-qator bilan nikohlanuvchilar tanishtiriladi.
32. “15. Nikohga kiruvchilarning nikohgacha familiyasi va imzosi” qatoriga nikohlanuvchilarning nikohgacha boʻlgan familiyalari yoziladi hamda dalolatnoma yozuvining qogʻozga chop etilgan nusxasi nikohlanuvchilar tomonidan imzolanadi.
33. “16. Guvohlarning familiyasi va imzosi” qatoriga, nikoh nikohlanuvchilarning xohishiga koʻra guvohlar ishtirokida qayd etilganda, guvohlarning familiyasi, ismi va otasining ismi yoziladi hamda dalolatnoma yozuvining qogʻozga chop etilgan nusxasi nikohlanuvchilar tomonidan imzolanadi.
34. “18. Belgilar uchun” qatorida quyidagilardan biri koʻrsatiladi:
ilgari nikohda boʻlgan shaxsning avvalgi nikohi bekor qilinganligini tasdiqlovchi hujjat;
nikohdan ajralganlik haqidagi guvohnoma;
sudning nikohdan ajratish haqidagi hal qiluv qarori;
sudning nikohni haqiqiy emas deb topish toʻgʻrisidagi hal qiluv qarori;
er (xotin)ning oʻlimi haqidagi guvohnoma.
Shuningdek, mazkur qatorda nikohdan ajralganlik va oʻlim haqidagi guvohnomalar qayd etilgan sana, dalolatnoma yozuvining raqami va qaysi FHDY organida roʻyxatga olinganligi, sudning qonuniy kuchga kirgan qarori, uning sanasi hamda qaysi sud tomonidan chiqarilganligi koʻrsatiladi.
4-bob. Nikohdan ajralganlik haqidagi dalolatnoma yozuvini toʻldirish
35. 1 — 3-qatorlarga nikohdan ajralish toʻgʻrisidagi ariza bilan murojaat qilgan shaxslarning familiyasi, ismi va otasining ismi ularning shaxsini tasdiqlovchi hujjatlari asosida qisqartirishlarsiz yoziladi.
36. “Nikohdan ajralgandan keyingi familiyasi” qatori er yoki xotinning nikohdan ajralish haqidagi arizasida koʻrsatilgan nikohgacha boʻlgan familiyasiga qaytish toʻgʻrisidagi xohishiga asosan toʻldiriladi.
Sudning qonuniy kuchga kirgan hal qiluv qaroriga asosan nikohdan ajralishni qayd etish haqida er yoki xotindan biri FHDY boʻlimiga murojaat qilgan vaqtda FHDY organiga kelmagan er yoki xotinning “Nikohdan ajralgandan keyingi familiyasi” qatori toʻldirilmaydi.
37. “5. Yoshi” qatori nikohdan ajralayotganlarning tugʻilgan vaqtidan (kun, oy, yil) kelib chiqib, axborot tizimi orqali avtomatik ravishda toʻldiriladi.
38. “10. Nechanchi nikohi” qatoriga nikohdan ajralayotgan shaxslarning nechanchi nikohi ekanligi haqidagi maʼlumotlar axborot tizimida “birinchi”, “ikkinchi”, “uchinchi va undan ortiq” degan soʻzlaridan birini tanlash orqali kiritiladi.
39. “11. Ajratilayotgan nikoh” qatoriga nikoh tuzilganligi haqidagi dalolatnoma yozuvining raqami va qayd etilgan vaqti (kun, oy, yil) raqam bilan yoziladi. Bunda, nikoh qayerda va qaysi FHDY organida qayd etilganligi toʻliq yoziladi.
40. “12. Dalolatnoma yozuvi uchun asos” qatorining:
“a)” bandida er-xotinning birgalikda bergan arizasi, uning berilgan vaqti (kun, oy, yil) va kirim raqami yoziladi;
“b)” bandida nikohdan ajratish toʻgʻrisida hal qiluv qarorini chiqargan sudning toʻliq nomi, hal qiluv qarori chiqarilgan vaqt (kun, oy, yil) yoziladi;
“d)” bandida fuqaroni bedarak yoʻqolgan yoki muomalaga layoqatsiz deb topish toʻgʻrisida hal qiluv qarori chiqargan sudning toʻliq nomi, hal qiluv qarori chiqarilgan vaqt (kun, oy, yil) hamda fuqaroning familiyasi, ismi va otasining ismi yoziladi;
“e)” bandida fuqaroni ozodlikdan mahrum qilish toʻgʻrisida hukm chiqargan sudning toʻliq nomi, hukm chiqqan vaqt (kun, oy, yil) hamda fuqaroning familiyasi, ismi va otasining ismi yoziladi.
41. “13. 18 yoshga toʻlmagan umumiy bolalari soni” qatori raqamlarda toʻldiriladi. Agar nikohdan ajralayotgan shaxslarning 18 yoshga toʻlmagan bolalari boʻlmasa, mazkur qatorga “yoʻq” deb yoziladi.
42. “14. Undirilgan davlat boji summasi va toʻlanganligi toʻgʻrisida belgi” qatorida toʻlangan davlat bojining summasi koʻrsatiladi.
43. “15. Shaxsini tasdiqlovchi hujjatlar” qatori nikohdan ajralayotgan shaxslarning shaxsini tasdiqlovchi hujjatlari asosida toʻldiriladi.
44. “16. Ajraluvchilar imzosi” qatori dalolatnoma yozuvining qogʻozga chop etilgan nusxasida ajraluvchilar tomonidan imzolanadi.
5-bob. Oʻlim haqidagi dalolatnoma yozuvini toʻldirish
45. 1 — 3-qatorlarga marhumning familiyasi, ismi, otasining ismi qisqartirishlarsiz yoziladi.
46. “4. Jinsi” qatoriga marhumning jinsi toʻgʻrisidagi maʼlumot axborot tizimida “erkak”, “ayol” yoxud “nomaʼlum” degan soʻzlardan birini tanlash orqali kiritiladi.
47. “5. Millati” qatori marhumning shaxsini tasdiqlovchi hujjati asosida toʻldiriladi.
Agar marhumning shaxsini tasdiqlovchi hujjati mavjud boʻlmasa yoki ushbu hujjatda marhumning millati toʻgʻrisida maʼlumotlar boʻlmasa, mazkur qatorga “ — “ belgisi qoʻyiladi.
48. “7. Vafot etgan vaqti” qatorida oʻlim haqidagi tibbiy maʼlumotnoma asosida marhumning vafot etgan sanasi (kun, oy va yil raqam bilan) koʻrsatiladi.
49. “8. Vafot etgan joyi” qatoriga marhum vafot etgan joyning nomi toʻliq yoziladi.
50. “9. Oʻlimning sababi” qatori oʻlim haqidagi tibbiy maʼlumotnoma asosida toʻldiriladi.
51. “10. Tugʻilgan sanasi” qatori marhumning shaxsini tasdiqlovchi hujjati va (yoki) oʻlim haqidagi tibbiy maʼlumotnoma asosida toʻldiriladi.
52. “11. Shaxsini tasdiqlovchi maʼlumotlar” qatori vafot etgan shaxsning shaxsini tasdiqlovchi hujjati asosida toʻldiriladi.
Shaxsini tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlmagan hollarda, yozuvlar oʻlim haqidagi tibbiy maʼlumotnoma asosida yoziladi.
16 yoshga toʻlmasdan vafot etganlarga nisbatan oʻlimni qayd etish ularning tugʻilganlik haqidagi guvohnomasi asosida amalga oshiriladi.
Bunda, ushbu qatorga tugʻilganlik haqidagi guvohnomaning seriyasi, raqami, shuningdek tugʻilganlik haqidagi dalolatnoma yozuvining raqami, qachon va qaysi FHDY organi tomonidan berilganligi yoziladi, agar guvohnoma FHDY organiga taqdim etilmagan boʻlsa, ushbu qatorga “Taqdim etilmadi” deb yoziladi va “16. Belgilar uchun” qatorida taqdim etilmaganlik sababi koʻrsatiladi.
“Yoshi” qatori marhumning tugʻilgan vaqtidan (kun, oy, yil) kelib chiqib, axborot tizimi orqali avtomatik ravishda toʻldiriladi.
Agar vafot etgan shaxsning tugʻilgan kuni, oyi va yili nomaʼlum boʻlsa yoki shaxsi aniqlanmaganlarning oʻlimini qayd etishda tibbiy muassasaning xulosasida yoshi va tugʻilgan joyi haqida maʼlumotlar boʻlmasa “10. Tugʻilgan sanasi” qatoriga “nomaʼlum” deb yoziladi.
“Bir yoshgacha vafot etgan bola”, “Nechanchi bola”, “Onaning yoshi” qatorlari bir yoshgacha vafot etgan bolalarga nisbatan dalolatnoma yozuvi qayd etilayotganda toʻldiriladi.
Bunda, “Bir yoshgacha vafot etgan bola” qatoriga tirik tugʻilib, bir yoshga qadar vafot etgan bolalarning oʻlimiga qadar necha oy, kun yashaganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, “Onaning yoshi” qatoriga onaning yoshi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar axborot tizimi orqali avtomatik ravishda toʻldiriladi.
“Nechanchi bola” qatorida vafot etgan bola onaning nechanchi bolasi ekanligi (bunda onaning ilgari tugʻilgan bolalari, shuningdek vafot etgan bolalari ham hisoblanadi, oʻlik tugʻilgan bolalari hisoblanmaydi) raqam bilan koʻrsatiladi.
53. “12. Oʻlimni tasdiqlovchi hujjatlar” qatoriga oʻlim haqidagi tibbiy maʼlumotnoma yoki sudning shaxsni vafot etgan deb topish toʻgʻrisidagi qarori haqidagi maʼlumotlar quyidagicha kiritiladi:
“a)” bandiga oʻlim haqida tibbiy maʼlumotnoma raqami, berilgan vaqti (kun, oy va yil), kim tomonidan (tibbiyot muassasasining nomi, shifokorning familiyasi, ismi va otasining ismi) berilganligi toʻliq yoziladi.
Masalan: № 315, 10.02.2022-y., Toshkent shahar, Mirzo Ulugʻbek tumani 9-sonli oilaviy poliklinika, shifokor Olimova Salima Tursunovna.
“b)” bandida shaxsni vafot etgan deb topish toʻgʻrisida qaror chiqargan sudning nomi hamda qaror chiqarilgan sana koʻrsatiladi.
Masalan, Toshkent shahar fuqarolik ishlari boʻyicha Mirzo Ulugʻbek tumanlararo sudi, 13.03.2021-y.
54. “13. Ariza bilan murojaat qilgan shaxsning F.I.O., manzili yoki oʻlim haqida ariza bergan muassasaning nomi va manzili” qatoriga dalolatnoma yozuvini qayd etish uchun murojaat qilgan shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi (muassasaning nomi), shuningdek vafot etgan shaxsga qarindoshligi (aloqadorligi) toʻliq yoziladi.
55. “15. Qabristonga topshirish uchun maʼlumotnomalarni olganlik toʻgʻrisida belgi” qatori dalolatnoma yozuvining qogʻozga chop etilgan nusxasida oʻlim haqidagi guvohnoma va qabristonga topshirish uchun maʼlumotnomani olgan shaxs tomonidan imzolanadi.
56. “16. Belgilar uchun” qatoriga vafot etgan shaxsning shaxsi aniqlanmaganda, shuningdek tugʻilib vafot etgan yoki bir yoshgacha vafot etgan bolalarga nisbatan dalolatnoma yozuvi qayd etilganda tegishli izoh yozib qoʻyiladi (“murdaning shaxsi aniqlanmagan”, “tugʻilganlik haqidagi guvohnoma topshirilmadi”, “oʻlim haqidagi guvohnoma berilmagan”).
6-bob. Yakuniy qoidalar
57. Dalolatnoma yozuvlari toʻldirilgandan soʻng qogʻozga chop etiladi hamda murojaat qilgan shaxs tomonidan oʻqib chiqilib, imzolanadi.”.
Fuqarolik holati dalolatnoma yozuvlarining shakllari va ularni toʻldirish boʻyicha qoidalarni tasdiqlash haqida”gi buyruqqa kiritilayotgan oʻzgartirishlarga 2-ILOVA
“Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2012-yil 23-oktabrdagi 234-mh-son buyrugʻiga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2012-yil 23-oktabrdagi 234-mh-son buyrugʻiga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2012-yil 23-oktabrdagi 234-mh-son buyrugʻiga 4-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2012-yil 23-oktabrdagi 234-mh-son buyrugʻiga 5-ILOVA
Vazir R. DAVLETOV
Toshkent sh.,
2022-yil 11-avgust,
17-mh-son