📅 2022-yil 19-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 19-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 19 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 19 августа 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 19 August 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТУЗИЛМАСИ
НИЗОМ
«Eltech Industrial» технопаркини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мис ва ноёб металлар хомашёсини қайта ишлашнинг технологик занжирларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 28 июндаги ПҚ-295-сон қарори ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда мис хом ашёсини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мис ва ноёб металлар хомашёсини қайта ишлашнинг технологик занжирларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 28 июндаги ПҚ-295-сон қарорига мувофиқ Тошкент вилояти Оҳангарон туманида мис ва ноёб металларни қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қаратилган «Eltech Industrial» технопарки (кейинги ўринларда — Технопарк) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги таъсисчилигида 2022-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 9 нафар штат бирлигидан иборат давлат муассасаси шаклидаги «Eltech Industrial» технопаркини бошқариш дирекцияси» ташкил этилсин ҳамда унинг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
«Eltech Industrial» технопаркини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Дирекция) тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Дирекциянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Технопарк бош режасини ва архитектура-режалаштириш ишларини ишлаб чиқишда буюртмачи сифатида иштирок этиш;
Технопарк ҳудудида жойлаштириладиган инвестиция лойиҳалари учун зарур ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани барпо этиш тўғрисидаги таклифларни шакллантириш;
Технопарк қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, уларнинг реестрини юритиш;
Технопарк ҳудудига бош режага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 июндаги ПҚ-5159-сон қарори билан ташкил этилган Мис саноати кластерини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича махсус комиссия (кейинги ўринларда — Махсус комиссия) қарорига мувофиқ маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштириб бориш;
Технопарк иштирокчилари томонидан ишлаб чиқариш қувватларини ўз вақтида ишга тушириши, маҳсулотларни экспорт қилиши, янги иш ўринлари яратиши ҳамда инвестициявий мажбуриятларни бажариши устидан тезкор мониторинг ўрнатиш;
Технопарк ҳудудида жойлаштирилган лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ва корхоналарнинг тўхтовсиз фаолият юритишини таъминлашда юзага келадиган муаммоли масалаларни ҳал этишда давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда иштирокчиларга кўмаклашиш;
халқаро консультант ва илғор тажрибага эга чет эл компаниясини Технопарк фаолиятини бошқариш учун жалб этиш;
Технопарк ҳудудида мис, ноёб металлар ва бошқа маъданли минерал ресурсларни қайта ишлашнинг кўп поғонали технологик занжирларини ўзлаштириш орқали электротехника, электроника ва бошқа юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича халқаро консультантлар тавсиялари асосида таклифларни ишлаб чиқиш;
Технопарк ҳудудида кон-металлургия ва унга боғлиқ саноат тармоқларида фойдаланиладиган ускуналар ва техникалар, улар учун эҳтиёт ва бутловчи қисмлар, автоматлаштириш воситалари ҳамда бошқа асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича халқаро консультантлар тавсиялари асосида таклифларни ишлаб чиқиш;
Технопарк ҳудудида экология ва меҳнатни муҳофаза қилиш стандартларига жавоб берадиган, энергия самарадор ва «яшил» технологияларни қўллаш асосида инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш таклифини ишлаб чиқиш;
«Ягона дарча» тамойили асосида технопарк иштирокчиларига халқаро стандартларни қўллаш, маҳсулотлар мувофиқлигини баҳолаш ва сертификатлаштириш, маъмурий, логистика, давлат органларидан рухсатномалар олиш ва рўйхатдан ўтишга кўмаклашиш каби хизматларни кўрсатишни ташкил этиш;
Технопарк иштирокчилари ва маҳаллий корхоналар ўртасида ишлаб чиқариш кооперацияси учун қулай шарт-шароит яратиш.
4. Дирекция Технопарк иштирокчиларининг транспорт ва логистика хизматлари харажатларини минималлаштириш мақсадида Технопарк ҳудудида божхона назорати ва божхона расмийлаштирувини ўз ичига олган замонавий логистика хизматини ташкил этиш чораларини кўрсин.
5. Белгилансинки:
Дирекция ходимлари маҳаллий ва хорижий мутахассислардан иборат бўлган таркибда шакллантирилади;
Дирекцияда фаолият юритадиган маҳаллий мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг «Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг раҳбар ходимлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш разрядларини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 6 февралдаги 92-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади;
Молия вазирлиги томонидан Дирекцияни сақлаш харажатлари ва маҳаллий мутахассисларнинг иш ҳақи харажатлари Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги талабномасига асосан 2022 йилдаги харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетининг ортиқча даромадлари ҳисобидан ҳамда 2023 йил учун белгиланган тартиб асосида республика бюджетидан молиялаштирилади;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Дирекцияни сақлаш харажатлари ва маҳаллий мутахассисларнинг иш ҳақи харажатлари Давлат активларини бошқариш агентлигининг талабномасига асосан 2025 йилдаги харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетининг ортиқча даромадлари ҳисобидан ҳамда 2026 йил учун белгиланган тартиб асосида республика бюджетидан молиялаштирилади;
2024 йил ва келгуси йиллар учун Дирекцияни сақлаш харажатлари ва маҳаллий мутахассисларнинг иш ҳақи харажатлари Технопарк ҳудудидаги бино ва иншоотларни ижарага бериш, сотиш, лизингга бериш ёки қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари асосида сотиш (ижарага бериш) бўйича Махсус комиссиянинг қарорига мувофиқ белгиланган тартибда ўтказиладиган аукционлардан олинадиган даромадлар ҳисобидан қопланади.
2027 йил ва келгуси йиллар учун Дирекцияни сақлаш харажатлари ва маҳаллий мутахассисларнинг иш ҳақи харажатлари Технопарк ҳудудидаги бино ва иншоотлар ҳамда ер участкаларини ижарага бериш, сотиш, лизингга бериш ёки қийматини бўлиб тўлаш шартлари асосида сотиш (ижарага бериш) бўйича Махсус комиссиянинг қарорига мувофиқ белгиланган тартибда ўтказиладиган аукционлардан олинадиган даромадлар ҳисобидан қопланади.
6. «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамиятининг Дирекцияга жалб қилинадиган халқаро экспертлар ва консалтинг компаниясининг хизмат ҳақлари билан боғлиқ харажатларни ҳомийлик хайриялари ҳисобидан молиялаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
7. Тошкент вилояти ҳокимлиги Технопарк бош режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш харажатларини Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг тегишли қарорига асосан даромадлар прогнозининг ошириб бажарилиши ва эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан молиялаштирсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Технопарк ҳудудида жойлаштириладиган инвестиция лойиҳалари учун зарур муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини барпо этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни якунига етказсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Геология, кон-металлургия ва мисни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш Лойиҳа офисининг Мис саноати кластери электрон ахборот-интерактив савдо порталида 2023 йил 1 январга қадар кон-металлургия ва мисни қайта ишлаш саноати корхоналари, шу жумладан, Технопарк иштирокчилари учун маҳсулотларни сотиш ва харид қилиш хизмати ишга туширилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2022 йил 1 декабрга қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Геология, кон-металлургия ва мисни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш Лойиҳа офисига давлат харидлари электрон тизимининг оператори ҳуқуқини расмийлаштирсин.
11. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Геология, энергетика, саноат ва унинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси — Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Б.Ф. Исламов ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари И.И. Норқулов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 августдаги 459-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Eltech Industrial» технопаркини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси
Директор Халқаро экспертлар * Директор ўринбосари Хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб этиш ва технопарк иштирокчилари билан ишлаш бўлими 3 Бош юрисконсульт 1 Бош бухгалтер 1 Технопарк инфратузилмасини ривожлантириш бўлими 3 Филиаллар фаолиятини мувофиқлаштириш муҳандиси 1 Фарғона филиали 1 Хоразм филиали 1
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 августдаги 459-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Eltech Industrial» технопаркини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Eltech Industrial» технопаркини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси мақомини, асосий вазифаларини, функцияларини, фаолиятини ва ҳисоботини ташкил этиш, шунингдек, функционал мажбуриятлари ҳамда жавобгарлигини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
Дирекция — «Eltech Industrial» технопаркини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси;
Муассис — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги;
Махсус комиссия — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 июндаги ПҚ-5159-сон қарори билан ташкил этилган Мис саноати кластерини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича махсус комиссия;
Лойиҳа офиси — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Геология, кон-металлургия ва мисни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш Лойиҳа офиси.
3. «Eltech Industrial» технопаркини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Дирекция) оператив бошқарув ҳуқуқи билан ўзига берилган давлат мулки бўлган мулк базасида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади, у ўзига бириктирилган мулкка нисбатан, қонунда белгиланган тартибда, ўз фаолияти мақсадларига, Муассис топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.
4. Дирекция ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, қарорлари ва фармойишлари, бошқа қонунчилик ҳужжатлари ва ушбу Низом доирасида амалга оширади.
5. Дирекция юридик шахс ҳисобланиб, алоҳида мол-мулк, мустақил баланс, банкдаги ҳисобварақларга, шу жумладан, чет эл валютаси ҳисобварақларга, шунингдек, эмблемасига, штампига ва ўз номи давлат тилида ёзилган Ўзбекистон Республикаси давлат герби тасвирланган муҳрга ва бошқа реквизитларга эгалик қилади.
6. Дирекциянинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — «Eltech Industrial» texnoparkini boshqarish direksiyasi» Davlat muassasasi;
қисқартирилган номи — «Eltech Industrial» texnoparkini boshqarish direksiyasi» DM;
б) pyc тилида:
тўлиқ номи — Государственное учреждение «Дирекция по управлению технопарком «Eltech Industrial»;
қисқартирилган номи — ГУ «Дирекция по управлению технопарком «Eltech Industrial»;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — State institution «Directorate for the management of the technopark «Eltech Industrial»;
қисқартирилган номи — SI «Directorate for the management of the technopark «Eltech Industrial».
7. Дирекция Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳар ҳокимлигига тегишли Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳри, Охунобоев кўчаси, 1-уй манзилида 2024 йил 1 январга қадар текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилади ҳамда келгуси йилларда Технопарк Бош режасига асосан қуриладиган маъмурий биносига жойлаштирилади.
8. Дирекция ўзининг Муассиси билан келишган ҳолда тижорат ташкилотлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг иштирокига рухсат этиладиган тижорат ташкилотларининг иштирокчиси (акциядори, аъзоси) бўлиши мумкин.
9. Дирекция бошқа давлат корхонасининг таъсисчиси бўлиши мумкин эмас.
2-боб. Дирекция фаолиятининг асосий йўналишлари ва мақсадлари
10. Дирекциянинг асосий мақсади мис ва ноёб металларни қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган «Eltech Industrial» технопарки (кейинги ўринларда — Технопарк) фаолиятини бошқариш ҳисобланиб, Технопарк иштирокчилари томонидан инвестиция лойиҳаларини тўлиқ ва ўз вақтда бажарилиши, Технопарк ҳудудида ҳуқуқий меъёрларга риоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, Технопарк ҳудудидаги иқтисодий фаолият иштирокчиларига хизмат кўрсатишга ва ушбу Низомда назарда тутилган бошқа ишларнинг бажарилишини таъминлайди.
11. Дирекциянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
«Eltech Industrial» технопарки қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг реестрини юритиш, уларга тегишли гувоҳномалар бериш;
белгиланган тартибда танланган инвесторлар билан «Eltech Industrial» технопарки ҳудудида инвестициялаш тўғрисида битимлар, «Eltech Industrial» технопарки қатнашчилари билан фаолият кўрсатмай турган корхоналарни ва давлат мулки бўлган мол-мулкни сотиш ҳамда Махсус комиссия билан келишилган ҳолда қонунчиликка мувофиқ ер участкаларидан фойдаланиш тўғрисида шартномалар тузиш;
белгиланган тартибда танланган инвесторлар томонидан ўз зиммасига қабул қилган мажбуриятларнинг зарур даражада бажарилишини назорат қилиш, кейинчалик унинг натижаларини Лойиҳа офисига тақдим этиш;
«Eltech Industrial» технопарки ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни излаш ва жалб этиш;
Махсус комиссия қарорлари ва «Eltech Industrial» технопаркнинг ишлаб чиқилган бош режаси бўйича маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш;
«Eltech Industrial» технопарки ҳудудида жойлашган давлат мулки бўлган объектлардаги кўчмас мулкни Дирекцияга берилган ваколатлар доирасида бошқариш;
«Eltech Industrial» технопарки қатнашчиларига, шу жумладан, давлат органларида уларнинг манфаатларини ифодалаш йўли билан хизматлар кўрсатиш;
Махсус комиссия ваколатларига кирувчи масалалар бўйича унинг мажлисларида кўриб чиқиш учун материаллар тайёрлаш;
қабул қилинган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда инвестициялаш тўғрисидаги битимларни ҳамда фаолият кўрсатмай турган корхоналарни ва давлат мулки бўлган мол-мулкни сотиш тўғрисидаги шартномаларни бекор қилиш ҳақида Муассис қарорлари асосида судга даъво аризалари билан мурожаат қилиш;
Дирекция фаолиятини тезкор бошқариш бўйича бошқа функцияларни амалга ошириш;
мис, ноёб металлар ва бошқа маъданли минерал ресурсларни қайта ишлашнинг кўп поғонали технологик занжирларини ўзлаштириш орқали электротехника, электроника ва бошқа юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
кон-металлургия ва унга боғлиқ саноат тармоқларида фойдаланиладиган ускуналар ва техникалар, улар учун эҳтиёт ва бутловчи қисмлар, автоматлаштириш воситалари ҳамда бошқа асбоб-жиҳозлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
Технопарк ҳудудида экологик стандартларга ва меҳнатни муҳофаза қилиш стандартларига жавоб берадиган, энергия самарадор ва «яшил» технологияларни қўллаш асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
Технопарк ҳудудида жойлаштириладиган инвестиция лойиҳалари учун зарур ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани барпо этиш;
«Ягона дарча» услубида технопарк иштирокчиларига халқаро стандартларни қўллаш, маҳсулотлар мувофиқлигини баҳолаш ва сертификатлаштириш, маъмурий, логистика, давлат органларидан рухсатномалар олиш ва рўйхатдан ўтишга кўмаклашиш каби хизматларни кўрсатишни ташкил этиш;
Технопарк иштирокчилари ва маҳаллий корхоналар ўртасида ишлаб чиқариш кооперацияси учун қулай шарт-шароит яратиш.
12. Дирекция қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг бошқа турларини ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Дирекция фаолиятини бошқариш
13. Дирекция Махсус комиссияга, Муассисга ва Лойиҳа офисига ҳисобдор ҳисобланади.
14. Дирекция фаолиятини мувофиқлаштириш юзасидан Махсус комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилаш;
Дирекциянинг Лойиҳа офиси билан келишилган ҳолда Технопарк ҳудудида истиқболли инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш тўғрисидаги таклифини тасдиқлаш;
Технопаркни ривожлантириш бўйича Дирекция фаолияти йўналиши ва стратегик вазифаларни белгилаш;
Технопаркнинг самарали фаолиятини таъминлаш учун ташкилий-техник чора-тадбирларни тасдиқлаш, шунингдек, уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш;
Дирекция фаолияти тўғрисида ҳисоботларни ҳар чоракда бир маротаба эшитиш;
Дирекция директорини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш бўйича масалаларни кўриб чиқиш;
Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўриш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш бўйича Муассисга тегишли таклифлар киритиш.
Махсус комиссия қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
15. Лойиҳа офиси Дирекция фаолиятига кўмаклашиш мақсадида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Дирекция томонидан тақдим этилган ҳисоботларни қабул қилиш, уларни таҳлил қилиш;
Дирекцияга Технопарк ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида таклиф ва тавсиялар бериш;
Дирекция фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш ва Махсус комиссияга тақдим этиш;
Дирекция ишчилари ва директорининг малакасини оширишни ташкил этиш.
Лойиҳа офиси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.
16. Дирекция фаолиятига раҳбарлик қилиш Махсус комиссия таклифига кўра Муассис томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор томонидан амалга оширилади.
Дирекциянинг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалини тасдиқлаш Муассис томонидан амалга оширилади.
17. Директор ижро этувчи орган ҳисобланади.
18. Директор:
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга асосан Дирекция ходимлари меҳнатини муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва тартибларга оид чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва жорий этади;
Лойиҳа офиси билан келишилган ҳолда Технопаркни ривожлантириш бўйича Технопарк ҳудудида истиқболли инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш таклифини ишлаб чиқади;
Дирекция фаолиятининг асосий йўналишларини такомиллаштириш, бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этишга оид тадбирларни амалга ошириш бўйича чоралар кўради;
Дирекция номидан ишончномасиз ишлайди, барча ташкилотларда, шу жумладан, чет эл мамлакатларида унинг манфаатларини ҳимоя қилади;
меҳнат шартномасига асосан ходимларни ишга қабул қилади;
ходимлар малакасини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
ходимлар учун мажбурий бўлган буйруқлар ва кўрсатмалар беради;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
19. Директор ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини бажаришда Дирекция манфаатлари доирасида иш олиб боради ва ўрнатилган тартибда давлат бюджетига ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўланадиган барча тўловларнинг ўз вақтида тўланиши, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг амалга оширилиши, меҳнат ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган барча даъволарни қондириш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардир.
20. Директор қонунчиликда белгиланган тартибда Дирекциянинг ўз маблағларини бошқаради ва амалга оширилган харажатлар юзасидан ҳисоботларни тақдим этиб боради.
21. Директор ўзига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек, Дирекцияга топширилган давлат мулкининг сақланиши ва мақсадли ишлатилиши учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардир.
4-боб. Дирекция устав фонди шакллантирилиши ва унинг миқдори
22. Дирекциянинг устав жамғармаси қуйидаги маблағлардан шакллантирилади:
республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
Муассис томонидан бериладиган мол-мулк;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган активлар.
23. Дирекциянинг устав фонди 2 000 000 000 (икки миллиард) сўм.
5-боб. Даромадларни шакллантириш тартиби
24. Дирекция даромадлари қуйидагилардан шакллантирилади:
кўрсатилган хизматлардан олинадиган даромадлар;
Технопарк ҳудудида бино ва иншоотларни ижарага бериш, сотиш, лизингга бериш ёки қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари асосида сотиш (ижарага бериш) бўйича Махсус комиссиянинг қарорига мувофиқ белгиланган тартибда ўтказиладиган аукционлардан олинадиган даромадлар;
хорижий ва халқаро молия ташкилотлари грантлари, донорлик маблағлари, ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан.
6-боб. Даромадларни (фойда) тақсимлаш ва зарарни қоплаш тартиби
25. Дирекциянинг соф фойдаси Дирекция ихтиёрида қолади ҳамда Махсус комиссия ва Муассис билан келишилган ҳолда фойдаланилади.
26. Муассис Махсус комиссия билан келишилган ҳолда ўзининг қарорига асосан жисмоний ва юридик шахсларга бериладиган хайрия маблағлари суммасини белгилайди ва уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Директорга топширади.
27. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига, миқдори ва шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланадиган захира жамғармасини, шунингдек, бошқа жамғармаларни белгиланган тартибда ташкил этиши мумкин.
7-боб. Ҳисоботларни тақдим этиш тартиби
28. Ҳисобот даври сўнгида Дирекция ваколатли органларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда молиявий ва бошқа ҳисоботларни тақдим этади, шунингдек, ҳужжатларнинг сақланишига ва белгиланган тартибда сақлаш учун давлат идораларига топширишга жавобгар ҳисобланади.
29. Хўжалик юритувчи субъект сифатида Дирекция фаолиятини назорат қилиш Муассис томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
30. Директор ҳар чоракда Муассис ва Лойиҳа офисига Дирекция фаолияти натижалари бўйича ҳисоботларни тақдим этади.
8-боб. Дирекция жавобгарлиги
31. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мол-мулк билан жавоб беради. Мол-мулк етарли даражада бўлмаган тақдирда Муассис Дирекция мажбуриятлари бўйича ёрдамчи жавобгарликни ўз зиммасига олади.
32. Дирекция Муассиснинг мажбуриятлари учун жавобгар эмас.
9-боб. Дирекцияни тугатиш ва қайта ташкил этиш
33. Дирекция қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тугатилади ва қайта ташкил этилади.
10-боб. Якунловчи қоидалар
34. Мазкур Низомда тартибга солинмаган муносабатлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тартибга солинади.
35. Ушбу Низомнинг талабларига риоя этилишини назорат қилиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
36. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 19 август,
459-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TUZILMASI
NIZOM
“Eltech Industrial” texnoparkini boshqarish direksiyasi” davlat muassasasi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mis va noyob metallar xomashyosini qayta ishlashning texnologik zanjirlarini kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 28-iyundagi PQ-295-son qarori ijrosini soʻzsiz taʼminlash hamda mis xom ashyosini chuqur qayta ishlash asosida yuqori qoʻshilgan qiymatli tayyor mahsulotlar ishlab chiqarish quvvatlarini tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mis va noyob metallar xomashyosini qayta ishlashning texnologik zanjirlarini kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 28-iyundagi PQ-295-son qaroriga muvofiq Toshkent viloyati Ohangaron tumanida mis va noyob metallarni qayta ishlash orqali yuqori qoʻshilgan qiymatli mahsulotlarni ishlab chiqarishga qaratilgan “Eltech Industrial” texnoparki (keyingi oʻrinlarda — Texnopark) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi taʼsischiligida 2022-2023-yillarda Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladigan 9 nafar shtat birligidan iborat davlat muassasasi shaklidagi “Eltech Industrial” texnoparkini boshqarish direksiyasi” tashkil etilsin hamda uning tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq;
“Eltech Industrial” texnoparkini boshqarish direksiyasi” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Direksiyaning asosiy vazifalari etib quyidagilar belgilansin:
Texnopark bosh rejasini va arxitektura-rejalashtirish ishlarini ishlab chiqishda buyurtmachi sifatida ishtirok etish;
Texnopark hududida joylashtiriladigan investitsiya loyihalari uchun zarur ishlab chiqarish, muhandislik-kommunikatsiya, yoʻl-transport va ijtimoiy infratuzilmani barpo etish toʻgʻrisidagi takliflarni shakllantirish;
Texnopark qatnashchilarini roʻyxatdan oʻtkazish, shuningdek, ularning reyestrini yuritish;
Texnopark hududiga bosh rejaga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 24-iyundagi PQ-5159-son qarori bilan tashkil etilgan Mis sanoati klasterini tashkil etish va rivojlantirish boʻyicha maxsus komissiya (keyingi oʻrinlarda — Maxsus komissiya) qaroriga muvofiq maʼqullangan investitsiya loyihalarini joylashtirib borish;
Texnopark ishtirokchilari tomonidan ishlab chiqarish quvvatlarini oʻz vaqtida ishga tushirishi, mahsulotlarni eksport qilishi, yangi ish oʻrinlari yaratishi hamda investitsiyaviy majburiyatlarni bajarishi ustidan tezkor monitoring oʻrnatish;
Texnopark hududida joylashtirilgan loyihalarni oʻz vaqtida ishga tushirish va korxonalarning toʻxtovsiz faoliyat yuritishini taʼminlashda yuzaga keladigan muammoli masalalarni hal etishda davlat boshqaruvi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda ishtirokchilarga koʻmaklashish;
xalqaro konsultant va ilgʻor tajribaga ega chet el kompaniyasini Texnopark faoliyatini boshqarish uchun jalb etish;
Texnopark hududida mis, noyob metallar va boshqa maʼdanli mineral resurslarni qayta ishlashning koʻp pogʻonali texnologik zanjirlarini oʻzlashtirish orqali elektrotexnika, elektronika va boshqa yuqori qoʻshilgan qiymatli mahsulotlar ishlab chiqarishga qaratilgan loyihalarni amalga oshirish boʻyicha xalqaro konsultantlar tavsiyalari asosida takliflarni ishlab chiqish;
Texnopark hududida kon-metallurgiya va unga bogʻliq sanoat tarmoqlarida foydalaniladigan uskunalar va texnikalar, ular uchun ehtiyot va butlovchi qismlar, avtomatlashtirish vositalari hamda boshqa asbob-uskunalar ishlab chiqarishga qaratilgan loyihalarni amalga oshirish boʻyicha xalqaro konsultantlar tavsiyalari asosida takliflarni ishlab chiqish;
Texnopark hududida ekologiya va mehnatni muhofaza qilish standartlariga javob beradigan, energiya samarador va “yashil” texnologiyalarni qoʻllash asosida investitsiya loyihalarni amalga oshirish taklifini ishlab chiqish;
“Yagona darcha” tamoyili asosida texnopark ishtirokchilariga xalqaro standartlarni qoʻllash, mahsulotlar muvofiqligini baholash va sertifikatlashtirish, maʼmuriy, logistika, davlat organlaridan ruxsatnomalar olish va roʻyxatdan oʻtishga koʻmaklashish kabi xizmatlarni koʻrsatishni tashkil etish;
Texnopark ishtirokchilari va mahalliy korxonalar oʻrtasida ishlab chiqarish kooperatsiyasi uchun qulay shart-sharoit yaratish.
4. Direksiya Texnopark ishtirokchilarining transport va logistika xizmatlari xarajatlarini minimallashtirish maqsadida Texnopark hududida bojxona nazorati va bojxona rasmiylashtiruvini oʻz ichiga olgan zamonaviy logistika xizmatini tashkil etish choralarini koʻrsin.
5. Belgilansinki:
Direksiya xodimlari mahalliy va xorijiy mutaxassislardan iborat boʻlgan tarkibda shakllantiriladi;
Direksiyada faoliyat yuritadigan mahalliy mutaxassislarning mehnatiga haq toʻlash Vazirlar Mahkamasining “Erkin iqtisodiy va kichik sanoat zonalarining rahbar xodimlari va mutaxassislari mehnatiga haq toʻlash razryadlarini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2019-yil 6-fevraldagi 92-son qaroriga muvofiq amalga oshiriladi;
Moliya vazirligi tomonidan Direksiyani saqlash xarajatlari va mahalliy mutaxassislarning ish haqi xarajatlari Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi talabnomasiga asosan 2022-yildagi xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetining ortiqcha daromadlari hisobidan hamda 2023-yil uchun belgilangan tartib asosida respublika budjetidan moliyalashtiriladi;
Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan Direksiyani saqlash xarajatlari va mahalliy mutaxassislarning ish haqi xarajatlari Davlat aktivlarini boshqarish agentligining talabnomasiga asosan 2025-yildagi xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetining ortiqcha daromadlari hisobidan hamda 2026-yil uchun belgilangan tartib asosida respublika budjetidan moliyalashtiriladi;
2024-yil va kelgusi yillar uchun Direksiyani saqlash xarajatlari va mahalliy mutaxassislarning ish haqi xarajatlari Texnopark hududidagi bino va inshootlarni ijaraga berish, sotish, lizingga berish yoki qiymatini boʻlib-boʻlib toʻlash shartlari asosida sotish (ijaraga berish) boʻyicha Maxsus komissiyaning qaroriga muvofiq belgilangan tartibda oʻtkaziladigan auksionlardan olinadigan daromadlar hisobidan qoplanadi.
2027-yil va kelgusi yillar uchun Direksiyani saqlash xarajatlari va mahalliy mutaxassislarning ish haqi xarajatlari Texnopark hududidagi bino va inshootlar hamda yer uchastkalarini ijaraga berish, sotish, lizingga berish yoki qiymatini boʻlib toʻlash shartlari asosida sotish (ijaraga berish) boʻyicha Maxsus komissiyaning qaroriga muvofiq belgilangan tartibda oʻtkaziladigan auksionlardan olinadigan daromadlar hisobidan qoplanadi.
6. “Olmaliq kon-metallurgiya kombinati” aksiyadorlik jamiyatining Direksiyaga jalb qilinadigan xalqaro ekspertlar va konsalting kompaniyasining xizmat haqlari bilan bogʻliq xarajatlarni homiylik xayriyalari hisobidan moliyalashtirish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
7. Toshkent viloyati hokimligi Texnopark bosh rejasi loyihasini ishlab chiqish va ekspertizadan oʻtkazish xarajatlarini Xalq deputatlari Toshkent viloyati kengashining tegishli qaroriga asosan daromadlar prognozining oshirib bajarilishi va erkin qoldiq mablagʻlari hisobidan moliyalashtirsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi Moliya vazirligi, Energetika vazirligi, manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda uch oy muddatda Texnopark hududida joylashtiriladigan investitsiya loyihalari uchun zarur muhandislik-kommunikatsiya va yoʻl-transport infratuzilmasini barpo etish bilan bogʻliq tashkiliy masalalarni yakuniga yetkazsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi huzuridagi Geologiya, kon-metallurgiya va misni qayta ishlash sanoatini rivojlantirish Loyiha ofisining Mis sanoati klasteri elektron axborot-interaktiv savdo portalida 2023-yil 1-yanvarga qadar kon-metallurgiya va misni qayta ishlash sanoati korxonalari, shu jumladan, Texnopark ishtirokchilari uchun mahsulotlarni sotish va xarid qilish xizmati ishga tushirilsin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi 2022-yil 1-dekabrga qadar Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi huzuridagi Geologiya, kon-metallurgiya va misni qayta ishlash sanoatini rivojlantirish Loyiha ofisiga davlat xaridlari elektron tizimining operatori huquqini rasmiylashtirsin.
11. Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda qonunchilik hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
12. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining Geologiya, energetika, sanoat va uning bazaviy tarmoqlarini rivojlantirish masalalari boʻyicha maslahatchisi — Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi raisi B.F. Islamov hamda Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirining birinchi oʻrinbosari I.I. Norqulov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 19-avgustdagi 459-son qaroriga 1-ILOVA
“Eltech Industrial” texnoparkini boshqarish direksiyasi” davlat muassasasi
Direktor Xalqaro ekspertlar * Direktor oʻrinbosari Xorijiy va mahalliy investorlarni jalb etish va texnopark ishtirokchilari bilan ishlash boʻlimi 3 Bosh yuriskonsult 1 Bosh buxgalter 1 Texnopark infratuzilmasini rivojlantirish boʻlimi 3 Filiallar faoliyatini muvofiqlashtirish muhandisi 1 Fargʻona filiali 1 Xorazm filiali 1
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 19-avgustdagi 459-son qaroriga 2-ILOVA
“Eltech Industrial” texnoparkini boshqarish direksiyasi” davlat muassasasi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom “Eltech Industrial” texnoparkini boshqarish direksiyasi” davlat muassasasi maqomini, asosiy vazifalarini, funksiyalarini, faoliyatini va hisobotini tashkil etish, shuningdek, funksional majburiyatlari hamda javobgarligini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:
Direksiya — “Eltech Industrial” texnoparkini boshqarish direksiyasi” davlat muassasasi;
Muassis — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi;
Maxsus komissiya — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 24-iyundagi PQ-5159-son qarori bilan tashkil etilgan Mis sanoati klasterini tashkil etish va rivojlantirish boʻyicha maxsus komissiya;
Loyiha ofisi — Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi huzuridagi Geologiya, kon-metallurgiya va misni qayta ishlash sanoatini rivojlantirish Loyiha ofisi.
3. “Eltech Industrial” texnoparkini boshqarish direksiyasi” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) operativ boshqaruv huquqi bilan oʻziga berilgan davlat mulki boʻlgan mulk bazasida davlat unitar korxonasi shaklida tashkil etilgan tijorat tashkiloti hisoblanadi, u oʻziga biriktirilgan mulkka nisbatan, qonunda belgilangan tartibda, oʻz faoliyati maqsadlariga, Muassis topshiriqlariga muvofiq egalik qilish, foydalanish va tasarruf etish huquqini amalga oshiradi.
4. Direksiya oʻz faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlari, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari qarorlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Farmonlari, qarorlari va farmoyishlari va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining, qarorlari va farmoyishlari, boshqa qonunchilik hujjatlari va ushbu Nizom doirasida amalga oshiradi.
5. Direksiya yuridik shaxs hisoblanib, alohida mol-mulk, mustaqil balans, bankdagi hisobvaraqlarga, shu jumladan, chet el valyutasi hisobvaraqlarga, shuningdek, emblemasiga, shtampiga va oʻz nomi davlat tilida yozilgan Oʻzbekiston Respublikasi davlat gerbi tasvirlangan muhrga va boshqa rekvizitlarga egalik qiladi.
6. Direksiyaning rasmiy nomi:
a) davlat tilida:
toʻliq nomi — “Eltech Industrial” texnoparkini boshqarish direksiyasi” Davlat muassasasi;
qisqartirilgan nomi — “Eltech Industrial” texnoparkini boshqarish direksiyasi” DM;
b) pyc tilida:
toʻliq nomi — Gosudarstvennoye uchrejdeniye “Direksiya po upravleniyu texnoparkom “Eltech Industrial”;
qisqartirilgan nomi — GU “Direksiya po upravleniyu texnoparkom “Eltech Industrial”;
v) ingliz tilida:
toʻliq nomi — State institution “Directorate for the management of the technopark “Eltech Industrial”;
qisqartirilgan nomi — SI “Directorate for the management of the technopark “Eltech Industrial”.
7. Direksiya Toshkent viloyati, Ohangaron shahar hokimligiga tegishli Toshkent viloyati, Ohangaron shahri, Oxunoboyev koʻchasi, 1-uy manzilida 2024-yil 1-yanvarga qadar tekin foydalanish huquqi bilan joylashtiriladi hamda kelgusi yillarda Texnopark Bosh rejasiga asosan quriladigan maʼmuriy binosiga joylashtiriladi.
8. Direksiya oʻzining Muassisi bilan kelishgan holda tijorat tashkilotlari, shuningdek, qonunchilik hujjatlariga muvofiq yuridik shaxslarning ishtirokiga ruxsat etiladigan tijorat tashkilotlarining ishtirokchisi (aksiyadori, aʼzosi) boʻlishi mumkin.
9. Direksiya boshqa davlat korxonasining taʼsischisi boʻlishi mumkin emas.
2-bob. Direksiya faoliyatining asosiy yoʻnalishlari va maqsadlari
10. Direksiyaning asosiy maqsadi mis va noyob metallarni qayta ishlash orqali yuqori qoʻshilgan qiymatli mahsulotlar ishlab chiqarishga qaratilgan “Eltech Industrial” texnoparki (keyingi oʻrinlarda — Texnopark) faoliyatini boshqarish hisoblanib, Texnopark ishtirokchilari tomonidan investitsiya loyihalarini toʻliq va oʻz vaqtda bajarilishi, Texnopark hududida huquqiy meʼyorlarga rioya qilinishini taʼminlash, shuningdek, Texnopark hududidagi iqtisodiy faoliyat ishtirokchilariga xizmat koʻrsatishga va ushbu Nizomda nazarda tutilgan boshqa ishlarning bajarilishini taʼminlaydi.
11. Direksiyaning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
“Eltech Industrial” texnoparki qatnashchilarini roʻyxatdan oʻtkazish va ularning reyestrini yuritish, ularga tegishli guvohnomalar berish;
belgilangan tartibda tanlangan investorlar bilan “Eltech Industrial” texnoparki hududida investitsiyalash toʻgʻrisida bitimlar, “Eltech Industrial” texnoparki qatnashchilari bilan faoliyat koʻrsatmay turgan korxonalarni va davlat mulki boʻlgan mol-mulkni sotish hamda Maxsus komissiya bilan kelishilgan holda qonunchilikka muvofiq yer uchastkalaridan foydalanish toʻgʻrisida shartnomalar tuzish;
belgilangan tartibda tanlangan investorlar tomonidan oʻz zimmasiga qabul qilgan majburiyatlarning zarur darajada bajarilishini nazorat qilish, keyinchalik uning natijalarini Loyiha ofisiga taqdim etish;
“Eltech Industrial” texnoparki hududida investitsiya loyihalarini amalga oshirish uchun xorijiy va mahalliy investorlarni izlash va jalb etish;
Maxsus komissiya qarorlari va “Eltech Industrial” texnoparkning ishlab chiqilgan bosh rejasi boʻyicha maʼqullangan investitsiya loyihalarini joylashtirish;
“Eltech Industrial” texnoparki hududida joylashgan davlat mulki boʻlgan obyektlardagi koʻchmas mulkni Direksiyaga berilgan vakolatlar doirasida boshqarish;
“Eltech Industrial” texnoparki qatnashchilariga, shu jumladan, davlat organlarida ularning manfaatlarini ifodalash yoʻli bilan xizmatlar koʻrsatish;
Maxsus komissiya vakolatlariga kiruvchi masalalar boʻyicha uning majlislarida koʻrib chiqish uchun materiallar tayyorlash;
qabul qilingan majburiyatlar bajarilmagan taqdirda investitsiyalash toʻgʻrisidagi bitimlarni hamda faoliyat koʻrsatmay turgan korxonalarni va davlat mulki boʻlgan mol-mulkni sotish toʻgʻrisidagi shartnomalarni bekor qilish haqida Muassis qarorlari asosida sudga daʼvo arizalari bilan murojaat qilish;
Direksiya faoliyatini tezkor boshqarish boʻyicha boshqa funksiyalarni amalga oshirish;
mis, noyob metallar va boshqa maʼdanli mineral resurslarni qayta ishlashning koʻp pogʻonali texnologik zanjirlarini oʻzlashtirish orqali elektrotexnika, elektronika va boshqa yuqori qoʻshilgan qiymatli mahsulotlar ishlab chiqarishni tashkil etish boʻyicha takliflar tayyorlash;
kon-metallurgiya va unga bogʻliq sanoat tarmoqlarida foydalaniladigan uskunalar va texnikalar, ular uchun ehtiyot va butlovchi qismlar, avtomatlashtirish vositalari hamda boshqa asbob-jihozlar ishlab chiqarishni tashkil etish boʻyicha takliflar tayyorlash;
Texnopark hududida ekologik standartlarga va mehnatni muhofaza qilish standartlariga javob beradigan, energiya samarador va “yashil” texnologiyalarni qoʻllash asosida investitsiya loyihalarini amalga oshirish boʻyicha takliflar tayyorlash;
Texnopark hududida joylashtiriladigan investitsiya loyihalari uchun zarur ishlab chiqarish, muhandislik-kommunikatsiya, yoʻl-transport va ijtimoiy infratuzilmani barpo etish;
“Yagona darcha” uslubida texnopark ishtirokchilariga xalqaro standartlarni qoʻllash, mahsulotlar muvofiqligini baholash va sertifikatlashtirish, maʼmuriy, logistika, davlat organlaridan ruxsatnomalar olish va roʻyxatdan oʻtishga koʻmaklashish kabi xizmatlarni koʻrsatishni tashkil etish;
Texnopark ishtirokchilari va mahalliy korxonalar oʻrtasida ishlab chiqarish kooperatsiyasi uchun qulay shart-sharoit yaratish.
12. Direksiya qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan faoliyatning boshqa turlarini ham amalga oshirishi mumkin.
3-bob. Direksiya faoliyatini boshqarish
13. Direksiya Maxsus komissiyaga, Muassisga va Loyiha ofisiga hisobdor hisoblanadi.
14. Direksiya faoliyatini muvofiqlashtirish yuzasidan Maxsus komissiya quyidagi huquqlarga ega:
Direksiya faoliyatining maqsadi va yoʻnalishlarini belgilash;
Direksiyaning Loyiha ofisi bilan kelishilgan holda Texnopark hududida istiqbolli investitsiya loyihalarini joylashtirish toʻgʻrisidagi taklifini tasdiqlash;
Texnoparkni rivojlantirish boʻyicha Direksiya faoliyati yoʻnalishi va strategik vazifalarni belgilash;
Texnoparkning samarali faoliyatini taʼminlash uchun tashkiliy-texnik chora-tadbirlarni tasdiqlash, shuningdek, ularning bajarilishi toʻgʻrisidagi hisobotlarni koʻrib chiqish;
Direksiya faoliyati toʻgʻrisida hisobotlarni har chorakda bir marotaba eshitish;
Direksiya direktorini ragʻbatlantirish va intizomiy javobgarlikka tortish boʻyicha masalalarni koʻrib chiqish;
Direksiyani qayta tashkil etish yoki tugatish boʻyicha qonunchilikda belgilangan tartibda choralar koʻrish;
qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Direksiya rahbari bilan mehnat shartnomasini muddatidan oldin bekor qilish boʻyicha Muassisga tegishli takliflar kiritish.
Maxsus komissiya qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
15. Loyiha ofisi Direksiya faoliyatiga koʻmaklashish maqsadida quyidagi huquqlarga ega:
Direksiya tomonidan taqdim etilgan hisobotlarni qabul qilish, ularni tahlil qilish;
Direksiyaga Texnopark hududida investitsiya loyihalarini amalga oshirish toʻgʻrisida taklif va tavsiyalar berish;
Direksiya faoliyati samaradorligini oshirish yuzasidan takliflarni ishlab chiqish va Maxsus komissiyaga taqdim etish;
Direksiya ishchilari va direktorining malakasini oshirishni tashkil etish.
Loyiha ofisi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ega boʻlishi mumkin.
16. Direksiya faoliyatiga rahbarlik qilish Maxsus komissiya taklifiga koʻra Muassis tomonidan tayinlanadigan va lavozimidan ozod qilinadigan direktor tomonidan amalga oshiriladi.
Direksiyaning xarajatlar smetasi va shtatlar jadvalini tasdiqlash Muassis tomonidan amalga oshiriladi.
17. Direktor ijro etuvchi organ hisoblanadi.
18. Direktor:
qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablarga asosan Direksiya xodimlari mehnatini muhofaza qilish va mehnat sharoitlarini yaxshilash, atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiiy resurslardan oqilona foydalanish sohasidagi normalar va tartiblarga oid chora-tadbirlarni ishlab chiqadi va joriy etadi;
Loyiha ofisi bilan kelishilgan holda Texnoparkni rivojlantirish boʻyicha Texnopark hududida istiqbolli investitsiya loyihalarini joylashtirish taklifini ishlab chiqadi;
Direksiya faoliyatining asosiy yoʻnalishlarini takomillashtirish, boshqaruvning zamonaviy usullarini joriy etishga oid tadbirlarni amalga oshirish boʻyicha choralar koʻradi;
Direksiya nomidan ishonchnomasiz ishlaydi, barcha tashkilotlarda, shu jumladan, chet el mamlakatlarida uning manfaatlarini himoya qiladi;
mehnat shartnomasiga asosan xodimlarni ishga qabul qiladi;
xodimlar malakasini oshirish boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshiradi;
xodimlar uchun majburiy boʻlgan buyruqlar va koʻrsatmalar beradi;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa vazifalarni ham amalga oshirishi mumkin.
19. Direktor oʻzining huquq va majburiyatlarini bajarishda Direksiya manfaatlari doirasida ish olib boradi va oʻrnatilgan tartibda davlat budjetiga va budjetdan tashqari jamgʻarmalarga toʻlanadigan barcha toʻlovlarning oʻz vaqtida toʻlanishi, ish haqi va unga tenglashtirilgan toʻlovlarning amalga oshirilishi, mehnat huquqiy munosabatlardan kelib chiqadigan barcha daʼvolarni qondirish uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgardir.
20. Direktor qonunchilikda belgilangan tartibda Direksiyaning oʻz mablagʻlarini boshqaradi va amalga oshirilgan xarajatlar yuzasidan hisobotlarni taqdim etib boradi.
21. Direktor oʻziga yuklatilgan vazifalarning bajarilishi, shuningdek, Direksiyaga topshirilgan davlat mulkining saqlanishi va maqsadli ishlatilishi uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgardir.
4-bob. Direksiya ustav fondi shakllantirilishi va uning miqdori
22. Direksiyaning ustav jamgʻarmasi quyidagi mablagʻlardan shakllantiriladi:
respublika budjetidan ajratiladigan mablagʻlar;
Muassis tomonidan beriladigan mol-mulk;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan aktivlar.
23. Direksiyaning ustav fondi 2 000 000 000 (ikki milliard) soʻm.
5-bob. Daromadlarni shakllantirish tartibi
24. Direksiya daromadlari quyidagilardan shakllantiriladi:
koʻrsatilgan xizmatlardan olinadigan daromadlar;
Texnopark hududida bino va inshootlarni ijaraga berish, sotish, lizingga berish yoki qiymatini boʻlib-boʻlib toʻlash shartlari asosida sotish (ijaraga berish) boʻyicha Maxsus komissiyaning qaroriga muvofiq belgilangan tartibda oʻtkaziladigan auksionlardan olinadigan daromadlar;
xorijiy va xalqaro moliya tashkilotlari grantlari, donorlik mablagʻlari, homiylik xayriyalari;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan.
6-bob. Daromadlarni (foyda) taqsimlash va zararni qoplash tartibi
25. Direksiyaning sof foydasi Direksiya ixtiyorida qoladi hamda Maxsus komissiya va Muassis bilan kelishilgan holda foydalaniladi.
26. Muassis Maxsus komissiya bilan kelishilgan holda oʻzining qaroriga asosan jismoniy va yuridik shaxslarga beriladigan xayriya mablagʻlari summasini belgilaydi va ularni tasarruf etish huquqini Direktorga topshiradi.
27. Direksiya oʻz tasarrufida qoladigan sof foyda hisobiga, miqdori va shakllantirish tartibi Muassis tomonidan tasdiqlanadigan zaxira jamgʻarmasini, shuningdek, boshqa jamgʻarmalarni belgilangan tartibda tashkil etishi mumkin.
7-bob. Hisobotlarni taqdim etish tartibi
28. Hisobot davri soʻngida Direksiya vakolatli organlarga qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda moliyaviy va boshqa hisobotlarni taqdim etadi, shuningdek, hujjatlarning saqlanishiga va belgilangan tartibda saqlash uchun davlat idoralariga topshirishga javobgar hisoblanadi.
29. Xoʻjalik yurituvchi subyekt sifatida Direksiya faoliyatini nazorat qilish Muassis tomonidan qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
30. Direktor har chorakda Muassis va Loyiha ofisiga Direksiya faoliyati natijalari boʻyicha hisobotlarni taqdim etadi.
8-bob. Direksiya javobgarligi
31. Direksiya oʻz majburiyatlari boʻyicha oʻziga tegishli mol-mulk bilan javob beradi. Mol-mulk yetarli darajada boʻlmagan taqdirda Muassis Direksiya majburiyatlari boʻyicha yordamchi javobgarlikni oʻz zimmasiga oladi.
32. Direksiya Muassisning majburiyatlari uchun javobgar emas.
9-bob. Direksiyani tugatish va qayta tashkil etish
33. Direksiya qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda tugatiladi va qayta tashkil etiladi.
10-bob. Yakunlovchi qoidalar
34. Mazkur Nizomda tartibga solinmagan munosabatlar Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligi bilan tartibga solinadi.
35. Ushbu Nizomning talablariga rioya etilishini nazorat qilish qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
36. Ushbu Nizom talablarini buzganlikda aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 19-avgust,
459-son