UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 22-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 22 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 22 августа 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 22 August 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатадиган мактабдан ташқари нодавлат спорт-таълим муассасаси тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Нодавлат спорт-таълим муассасаларида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлаш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 1 июлдаги ПҚ-302-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Нодавлат спорт-таълим муассасаларида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлаш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 1 июлдаги ПҚ-302-сон қарорига мувофиқ жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатаётган мактабдан ташқари нодавлат спорт-таълим муассасасини (кейинги ўринларда — нодавлат спорт муассасаси) давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чоралари жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин:

ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ҳамда совриндор бўлган спортчилар томонидан ташкил этилган нодавлат спорт муассасаси фаолиятини олиб бориш учун давлат тасарруфида бўлган зарур бино ва иншоотларни 2024 йил 1 январга қадар ижара тўловларисиз (коммунал тўловлар бундан мустасно) уларга тақдим этиш;

2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар нодавлат спорт муассасаси томонидан жисмоний тарбия ва спорт хизматларини кўрсатиш учун фойдаланиладиган бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларини 50 фоизга камайтириш.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатадиган мактабдан ташқари нодавлат спорт-таълим муассасаси тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатадиган нодавлат спорт муассасасининг мақоми, мақсад ва вазифалари;

нодавлат спорт муассасасининг фаолиятини унинг муассиси (муассислари) қарори билан тасдиқланадиган ҳамда давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтказиладиган устав асосида ташкил этиш;

нодавлат спорт муассасаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясини белгиланган тартибда хабардор қилгандан сўнг фаолият юритишга ҳақли эканлиги;

нодавлат спорт муассасасида таълим жараёнини унинг раҳбари томонидан тасдиқланадиган ўқув дастурлари асосида амалга ошириш;

нодавлат спорт муассасасида таълим жараёнининг асосий шакллари;

нодавлат спорт муассасасига муассис (муассислар) томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилиши;

нодавлат спорт муассасасини молиялаштириш манбалари.

3. Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 466-сон қарорига ИЛОВА

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатадиган мактабдан ташқари нодавлат спорт-таълим муассасаси тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатадиган нодавлат спорт-таълим муассасасининг (кейинги ўринларда — нодавлат спорт муассасаси) мақоми, мақсад ва вазифалари, таълим жараёнини ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Нодавлат спорт муассасаси қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилган нотижорат ташкилот бўлиб, ўзининг алоҳида мулкига, банкларда ҳисобварақларига, ўз номи ёзилган думалоқ муҳрга, штампларга ва ўз рамзига эга бўлади.

Нодавлат спорт муассасаси мазкур Низомда белгиланган мақсадларга мос равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

3. Нодавлат спорт муассасаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, ўз уставига амал қилади.

4. Нодавлат спорт муассасасининг фаолияти унинг устави асосида ташкил этилади. Нодавлат спорт муассасасининг устави ушбу Низом асосида ишлаб чиқилади, унинг муассиси (муассислари) қарори билан тасдиқланади ҳамда тегишли давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтказилади.

5. Нодавлат спорт муассасаси белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган вақтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади.

6. Нодавлат спорт муассасаси таълим олувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда — ота-оналар), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа таълим муассасалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

7. Нодавлат спорт муассасаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясини белгиланган тартибда хабардор қилгандан сўнг фаолият юритишга ҳақли ҳисобланади.

2-боб. Нодавлат спорт муассасасининг мақсади ва вазифалари

8. Нодавлат спорт муассасасининг мақсади аҳолининг кенг қатлами, ёшлар, шу жумладан, хотин-қизлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларнинг асосий ва захира таркибига юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлашни ташкил этиш ҳисобланади.

9. Нодавлат спорт муассасасининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

мактабдан ташқари спорт таълимини ҳар бир шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга ошириш, таълим олувчиларнинг жинси, миллати, дини, ирқий мансублиги ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, уларнинг ҳар томонлама камол топиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

спорт турлари бўйича жамоалар ташкил этиш, улар ўртасида турли спорт мусобақалари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ташкил этиш орқали истеъдодли ёш спортчиларни аниқлаш (селекция);

жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари жараёнига малакали тренерлар ва мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, тизимли равишда илғор тажрибани жорий қилиш;

таълим тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиш, спорт тайёргарлиги босқичларида барча ёш гуруҳлари бўйича спортчиларни ўқитиш усуллари ва шаклларининг узвийлигини таъминлаш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш учун анъанавий машғулотлар ташкил этиш билан бир қаторда сифатли ва оммабоп машғулотлар ўтказишнинг муқобил имкониятларини яратадиган пуллик хизматлар кўрсатиш;

тажриба алмашиш масалалари бўйича спорт ташкилотлари ва федерациялар (ассоциациялар) билан ҳамкорликни ривожлантириш, спортчиларнинг спорт маҳоратини, шунингдек, тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг касб малакасини ошириш;

илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиб, ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари ҳамда замонавий технологияларидан фойдаланиш;

ўқиш муддати ва шартлари, тўлов миқдори, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда бошқа шартлар белгиланган шартномага мувофиқ таълим олувчиларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари билан ишларни ташкил этиш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини танлов асосида бепул ўқишга қабул қилиш орқали уларнинг сифатли билим олишларига ва жамиятга уйғунлашувига кўмаклашиш.

3-боб. Таълим жараёнини ташкил этиш

10. Нодавлат спорт муассасасида таълим жараёни ушбу муассаса раҳбари томонидан тасдиқланадиган ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.

11. Нодавлат спорт муассасаси томонидан ишлаб чиқилган ўқув дастурлари бўйича ўқитиш «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига мувофиқ таълим олувчи ёхуд унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари ва нодавлат таълим ташкилоти ўртасида тузиладиган, ўқитиш муддатлари, шартлари ва тўловлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда бошқа шартлар белгиланадиган шартнома асосида амалга оширилади.

12. Нодавлат спорт муассасасига ўқишга қабул қилиш тартиби «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38-моддасига мувофиқ ушбу таълим ташкилотлари томонидан белгиланади.

13. Қуйидагилар нодавлат спорт муассасасида таълим жараёнининг асосий шакллари ҳисобланади:

гуруҳларда ва якка тартибда ўқув-машқ машғулотлари ҳамда назарий машғулотлар;

ўқув-машқ йиғинлари;

тиклаш, профилактика ва соғломлаштириш тадбирларини амалга ошириш;

шуғулланувчиларнинг турли даражадаги мусобақалар ва ўйинли учрашувларда иштирокини ташкил этиш;

шуғулланувчиларнинг инструкторлик ва ҳакамлик амалиётини ўтказиш.

14. Нодавлат спорт муассасаси томонидан спорт муассасаси битирувчиларига ўқишни тамомлаганлик тўғрисида сертификат берилади.

4-боб. Нодавлат спорт муассасасини бошқариш

15. Жисмоний ва юридик шахслар нодавлат спорт муассасасининг муассислари бўлиши мумкин.

16. Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги нодавлат спорт муассасасининг ўқув-тарбия жараёнига методик ёрдам кўрсатади.

17. Нодавлат спорт муассасасига муассис (муассислар) томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бевосита раҳбарлик қилади.

Директор муассасанинг ташкилий-ҳуқуқий, ўқув-тарбиявий, маънавий-маърифий ва молиявий-хўжалик фаолиятининг ташкил этилиши учун бевосита масъул ҳисобланади.

Директор лавозимига қўйиладиган малака талаблари муассис томонидан белгиланади.

18. Нодавлат спорт муассасасининг муассиси ва раҳбарларининг ваколатлари унинг уставида белгиланади.

5-боб. Нодавлат спорт муассасасини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш

19. Нодавлат спорт муассасаси фаолияти муассис (муассислар) томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ молиялаштирилади.

Нодавлат спорт муассасаси ўзига бириктирилган мол-мулкни ва харажатлар сметаси бўйича ажратилган маблағларни мустақил тасарруф этади.

20. Нодавлат спорт муассасаси фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

муассис (муассислар) томонидан ажратилган маблағлар;

шартнома асосида шуғулланувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан тўланган маблағлар;

машғулотлардан ташқари пайтда бўш бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналарни ижарага беришдан тушган маблағлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

6-боб. Якунловчи қоидалар

21. Нодавлат спорт муассасаси томонидан ҳар йили бир марта Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлигига ва Давлат статистика қўмитасига белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этиб борилади.

22. Нодавлат спорт муассасасида таълим сифати устидан назорат белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

23. Нодавлат спорт муассасаси жисмоний тарбия ва спорт бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкин. Халқаро ҳамкорлик шартнома асосида хорижий ташкилотлар билан ахборот ва тажриба алмашиш, тренерларнинг малака ошириши ҳамда стажировка ўташи шаклида амалга оширилиши мумкин.

24. Нодавлат спорт муассасасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 22 август,

466-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2022 й., 09/22/466/0759-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Jismoniy tarbiya va sport sohasida faoliyat koʻrsatadigan maktabdan tashqari nodavlat sport-taʼlim muassasasi toʻgʻrisida nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Nodavlat sport-taʼlim muassasalarida olimpiya va paralimpiya sport turlari boʻyicha sportchilarni tayyorlash va ularni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 1-iyuldagi PQ-302-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Nodavlat sport-taʼlim muassasalarida olimpiya va paralimpiya sport turlari boʻyicha sportchilarni tayyorlash va ularni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 1-iyuldagi PQ-302-son qaroriga muvofiq jismoniy tarbiya va sport sohasida faoliyat koʻrsatayotgan maktabdan tashqari nodavlat sport-taʼlim muassasasini (keyingi oʻrinlarda — nodavlat sport muassasasi) davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlashning quyidagi choralari joriy etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin:

yozgi Olimpiya va Paralimpiya oʻyinlarida gʻolib hamda sovrindor boʻlgan sportchilar tomonidan tashkil etilgan nodavlat sport muassasasi faoliyatini olib borish uchun davlat tasarrufida boʻlgan zarur bino va inshootlarni 2024-yil 1-yanvarga qadar ijara toʻlovlarisiz (kommunal toʻlovlar bundan mustasno) ularga taqdim etish;

2024-yil 1-yanvardan 2026-yil 1-yanvarga qadar nodavlat sport muassasasi tomonidan jismoniy tarbiya va sport xizmatlarini koʻrsatish uchun foydalaniladigan bino va inshootlar ijara toʻlovi xarajatlarini 50 foizga kamaytirish.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Jismoniy tarbiya va sport sohasida faoliyat koʻrsatadigan maktabdan tashqari nodavlat sport-taʼlim muassasasi toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

jismoniy tarbiya va sport sohasida faoliyat koʻrsatadigan nodavlat sport muassasasining maqomi, maqsad va vazifalari;

nodavlat sport muassasasining faoliyatini uning muassisi (muassislari) qarori bilan tasdiqlanadigan hamda davlat xizmatlari markazida roʻyxatdan oʻtkaziladigan ustav asosida tashkil etish;

nodavlat sport muassasasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasini belgilangan tartibda xabardor qilgandan soʻng faoliyat yuritishga haqli ekanligi;

nodavlat sport muassasasida taʼlim jarayonini uning rahbari tomonidan tasdiqlanadigan oʻquv dasturlari asosida amalga oshirish;

nodavlat sport muassasasida taʼlim jarayonining asosiy shakllari;

nodavlat sport muassasasiga muassis (muassislar) tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan direktor rahbarlik qilishi;

nodavlat sport muassasasini moliyalashtirish manbalari.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Sportni rivojlantirish vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi sportni rivojlantirish vaziri A.I. Ikramov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-avgustdagi 466-son qaroriga ILOVA

Jismoniy tarbiya va sport sohasida faoliyat koʻrsatadigan maktabdan tashqari nodavlat sport-taʼlim muassasasi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom jismoniy tarbiya va sport sohasida faoliyat koʻrsatadigan nodavlat sport-taʼlim muassasasining (keyingi oʻrinlarda — nodavlat sport muassasasi) maqomi, maqsad va vazifalari, taʼlim jarayonini va uning faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Nodavlat sport muassasasi qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tashkiliy-huquqiy shaklda tuzilgan notijorat tashkilot boʻlib, oʻzining alohida mulkiga, banklarda hisobvaraqlariga, oʻz nomi yozilgan dumaloq muhrga, shtamplarga va oʻz ramziga ega boʻladi.

Nodavlat sport muassasasi mazkur Nizomda belgilangan maqsadlarga mos ravishda tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanishi mumkin.

3. Nodavlat sport muassasasi oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga, shuningdek, oʻz ustaviga amal qiladi.

4. Nodavlat sport muassasasining faoliyati uning ustavi asosida tashkil etiladi. Nodavlat sport muassasasining ustavi ushbu Nizom asosida ishlab chiqiladi, uning muassisi (muassislari) qarori bilan tasdiqlanadi hamda tegishli davlat xizmatlari markazida roʻyxatdan oʻtkaziladi.

5. Nodavlat sport muassasasi belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtgan vaqtdan boshlab tashkil etilgan hisoblanadi.

6. Nodavlat sport muassasasi taʼlim oluvchilarning ota-onalari yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar (keyingi oʻrinlarda — ota-onalar), fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, boshqa taʼlim muassasalari va nodavlat notijorat tashkilotlar bilan hamkorlik qiladi.

7. Nodavlat sport muassasasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasini belgilangan tartibda xabardor qilgandan soʻng faoliyat yuritishga haqli hisoblanadi.

2-bob. Nodavlat sport muassasasining maqsadi va vazifalari

8. Nodavlat sport muassasasining maqsadi aholining keng qatlami, yoshlar, shu jumladan, xotin-qizlar oʻrtasida jismoniy tarbiya va sportni ommalashtirish, sport turlari boʻyicha milliy terma jamoalarning asosiy va zaxira tarkibiga yuqori mahoratli sportchilarni tayyorlashni tashkil etish hisoblanadi.

9. Nodavlat sport muassasasining vazifalari quyidagilardan iborat:

maktabdan tashqari sport taʼlimini har bir shaxs, jamiyat va davlat manfaatlarini koʻzlagan holda amalga oshirish, taʼlim oluvchilarning jinsi, millati, dini, irqiy mansubligi va ijtimoiy kelib chiqishidan qatʼi nazar, ularning har tomonlama kamol topishi uchun qulay shart-sharoitlar yaratish;

sport turlari boʻyicha jamoalar tashkil etish, ular oʻrtasida turli sport musobaqalari va ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlarini tashkil etish orqali isteʼdodli yosh sportchilarni aniqlash (seleksiya);

jismoniy tarbiya va sport mashgʻulotlari jarayoniga malakali trenerlar va mutaxassislarni jalb etish, shuningdek, tizimli ravishda ilgʻor tajribani joriy qilish;

taʼlim toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga rioya qilish, sport tayyorgarligi bosqichlarida barcha yosh guruhlari boʻyicha sportchilarni oʻqitish usullari va shakllarining uzviyligini taʼminlash, sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish uchun anʼanaviy mashgʻulotlar tashkil etish bilan bir qatorda sifatli va ommabop mashgʻulotlar oʻtkazishning muqobil imkoniyatlarini yaratadigan pullik xizmatlar koʻrsatish;

tajriba almashish masalalari boʻyicha sport tashkilotlari va federatsiyalar (assotsiatsiyalar) bilan hamkorlikni rivojlantirish, sportchilarning sport mahoratini, shuningdek, trenerlar va boshqa mutaxassislarning kasb malakasini oshirish;

ilgʻor xalqaro tajribalarni inobatga olib, oʻqitishning innovatsion pedagogik shakllari hamda zamonaviy texnologiyalaridan foydalanish;

oʻqish muddati va shartlari, toʻlov miqdori, tomonlarning huquq va majburiyatlari hamda boshqa shartlar belgilangan shartnomaga muvofiq taʼlim oluvchilarning ota-onalari yoki boshqa qonuniy vakillari bilan ishlarni tashkil etish;

ijtimoiy himoyaga muhtoj oilalarning qobiliyatli va iqtidorli farzandlarini tanlov asosida bepul oʻqishga qabul qilish orqali ularning sifatli bilim olishlariga va jamiyatga uygʻunlashuviga koʻmaklashish.

3-bob. Taʼlim jarayonini tashkil etish

10. Nodavlat sport muassasasida taʼlim jarayoni ushbu muassasa rahbari tomonidan tasdiqlanadigan oʻquv dasturlari asosida amalga oshiriladi.

11. Nodavlat sport muassasasi tomonidan ishlab chiqilgan oʻquv dasturlari boʻyicha oʻqitish “Taʼlim toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 31-moddasiga muvofiq taʼlim oluvchi yoxud uning ota-onasi yoki boshqa qonuniy vakillari va nodavlat taʼlim tashkiloti oʻrtasida tuziladigan, oʻqitish muddatlari, shartlari va toʻlovlari, tomonlarning huquq va majburiyatlari hamda boshqa shartlar belgilanadigan shartnoma asosida amalga oshiriladi.

12. Nodavlat sport muassasasiga oʻqishga qabul qilish tartibi “Taʼlim toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 38-moddasiga muvofiq ushbu taʼlim tashkilotlari tomonidan belgilanadi.

13. Quyidagilar nodavlat sport muassasasida taʼlim jarayonining asosiy shakllari hisoblanadi:

guruhlarda va yakka tartibda oʻquv-mashq mashgʻulotlari hamda nazariy mashgʻulotlar;

oʻquv-mashq yigʻinlari;

tiklash, profilaktika va sogʻlomlashtirish tadbirlarini amalga oshirish;

shugʻullanuvchilarning turli darajadagi musobaqalar va oʻyinli uchrashuvlarda ishtirokini tashkil etish;

shugʻullanuvchilarning instruktorlik va hakamlik amaliyotini oʻtkazish.

14. Nodavlat sport muassasasi tomonidan sport muassasasi bitiruvchilariga oʻqishni tamomlaganlik toʻgʻrisida sertifikat beriladi.

4-bob. Nodavlat sport muassasasini boshqarish

15. Jismoniy va yuridik shaxslar nodavlat sport muassasasining muassislari boʻlishi mumkin.

16. Oʻzbekiston Respublikasi Sportni rivojlantirish vazirligi nodavlat sport muassasasining oʻquv-tarbiya jarayoniga metodik yordam koʻrsatadi.

17. Nodavlat sport muassasasiga muassis (muassislar) tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan direktor bevosita rahbarlik qiladi.

Direktor muassasaning tashkiliy-huquqiy, oʻquv-tarbiyaviy, maʼnaviy-maʼrifiy va moliyaviy-xoʻjalik faoliyatining tashkil etilishi uchun bevosita masʼul hisoblanadi.

Direktor lavozimiga qoʻyiladigan malaka talablari muassis tomonidan belgilanadi.

18. Nodavlat sport muassasasining muassisi va rahbarlarining vakolatlari uning ustavida belgilanadi.

5-bob. Nodavlat sport muassasasini moliyalashtirish va moddiy-texnik taʼminlash

19. Nodavlat sport muassasasi faoliyati muassis (muassislar) tomonidan tasdiqlangan xarajatlar smetasiga muvofiq moliyalashtiriladi.

Nodavlat sport muassasasi oʻziga biriktirilgan mol-mulkni va xarajatlar smetasi boʻyicha ajratilgan mablagʻlarni mustaqil tasarruf etadi.

20. Nodavlat sport muassasasi faoliyati quyidagi manbalar hisobidan moliyalashtiriladi:

muassis (muassislar) tomonidan ajratilgan mablagʻlar;

shartnoma asosida shugʻullanuvchilar va ularning ota-onalari tomonidan toʻlangan mablagʻlar;

mashgʻulotlardan tashqari paytda boʻsh binolar, inshootlar, asbob-uskunalarni ijaraga berishdan tushgan mablagʻlar;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

21. Nodavlat sport muassasasi tomonidan har yili bir marta Oʻzbekiston Respublikasi Sportni rivojlantirish vazirligiga va Davlat statistika qoʻmitasiga belgilangan tartibda hisobot taqdim etib boriladi.

22. Nodavlat sport muassasasida taʼlim sifati ustidan nazorat belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi tomonidan amalga oshiriladi.

23. Nodavlat sport muassasasi jismoniy tarbiya va sport boʻyicha xalqaro hamkorlikni yoʻlga qoʻyishi mumkin. Xalqaro hamkorlik shartnoma asosida xorijiy tashkilotlar bilan axborot va tajriba almashish, trenerlarning malaka oshirishi hamda stajirovka oʻtashi shaklida amalga oshirilishi mumkin.

24. Nodavlat sport muassasasini qayta tashkil etish yoki tugatish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 22-avgust,

466-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 22.08.2022-y., 09/22/466/0759-son)

lex.uz