UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 22-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 22 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 22 августа 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 22 August 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

СХЕМАСИ

МИҚДОРЛАРИ

РЎЙХАТИ

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 декабрдаги ПФ-46-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармонига мувофиқ:

ҳар бир кесилган дарахт ва бута учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш;

ноқонуний кесилган дарахт ва бута учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурияти юклатилганлиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 декабрдаги ПФ-46-сон Фармонига мувофиқ:

бутун мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилаётганлиги;

давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилганлиги;

2022 йилнинг баҳор мавсумида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида республика бўйича 127 миллиондан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари экилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда — Давлат экология қўмитаси) томонидан «Яшил макон» платформаси ишга туширилиб, экилган кўчатлар тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси яратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки:

а) компенсация ёки мажбурият тарзида экиладиган дарахт ва буталар учун ер участкалари Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан ҳудудларда ташкил этилган «Яшил боғлар» ва «Яшил жамоат парклари», дарахт ва буталар билан қопланмаган ўрмон фонди ерлари, шунингдек, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш учун мўлжалланган бошқа ҳудудлардан белгиланади;

б) қуйидагилар компенсация ёки мажбурият тарзида дарахт ва бута кўчатларини экади ҳамда парвариш қилади:

давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесиш учун рухсатнома олган, компенсация тарзида дарахт ва буталарни экиш ҳамда парвариш қилиш мажбурияти юкланган жисмоний ва юридик шахслар;

дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар;

в) компенсация ёки мажбурият тарзида дарахт ва бута кўчатларини экиш ва парвариш қилиш юклатилган шахслар билан тузилган шартнома асосида Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги тизимидаги давлат ўрмон хўжаликлари — пудрат ташкилотлари томонидан ушбу дарахт ва бута кўчатлари экилиши ҳамда белгиланган муддат давомида парвариш қилиниши мумкин. Бунда:

белгиланган ер участкаларида Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги буюртмачилигида белгиланган тартибда аниқланадиган лойиҳалаштириш ташкилоти ишлаб чиқадиган лойиҳалар асосида дарахт ва бута кўчатлари давлат ўрмон хўжаликлари — пудрат ташкилотлари томонидан экилади ҳамда парвариш қилинади;

лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

компенсация ёки мажбурият тарзида дарахт ва бута кўчатларини экиш ва парвариш қилиш юклатилган шахслар шартнома асосида дарахт ва бута кўчатларини экиш, белгиланган муддат давомида парвариш қилиш харажатларини давлат ўрмон хўжаликлари — пудрат ташкилотларига тўлаб беради;

г) дарахт ва бута кўчатларини компенсация ёки мажбурият тарзида экиш жисмоний ва юридик шахсларни дарахт ва буталарни кесишга рухсатнома берилгани учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириладиган йиғимни ёки уларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки кўчириб ўтказганлик учун маъмурий жарималарни тўлашдан озод қилмайди.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

дарахтлар ва буталарни экиш учун жой танлаш, уларни экиш, суғориш, озиқлантириш ва буташ;

зараркунанда ва касалликлар таъсирида зарарланган ёки касалликларга чалинган дарахтлар ва буталарга кимёвий ва биологик ишлов бериш;

дарахтлар ва буталарни хатловдан ўтказиш, бириктириш, кўчириб ўтказиш, кесиш ва компенсациявий экиш;

дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ва шикастлаш туфайли етказилган зарарни ундириш.

4. 2022 йил 31 декабрга қадар:

Давлат экология қўмитаси шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида жойлашган қаровсиз қолган дарахтларни хатловдан ўтказсин, уларни бино ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки фойдаланувчиларига туташ ҳудудлардан келиб чиққан ҳолда бириктириш бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдим этиб борсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Давлат экология қўмитасининг таклифлари асосида дарахтларни парвариш қилиш мақсадида уларни тегишли масъулларга бириктириш чораларини кўрсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Давлат экология қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 октябрга қадар «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2022 йил куз ва 2023 йил баҳор мавсумларида кўчат экиш ишларини тизимли ташкил этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили:

1 сентябрга қадар кузги ва 1 февралга қадар баҳорги кўчат экиш ҳажмлари бўйича манзилли дастурларни тасдиқласин;

туман ва шаҳар марказларида архитектура ва ландшафт-дизайн талаблари асосида шаҳарга кўрк берувчи манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилишини ташкил этсин;

дарахт ва буталарнинг зараркунандалари ҳамда касалликларига қарши курашиш тадбирларига маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 2 фоизигача миқдордаги маблағ ажратилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Н.Н. Обломурадов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сон қарорига 1-ИЛОВА

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ҳамда улардан фойдаланиш, шу жумладан, буташ, хатловдан ўтказиш, бириктириш, кўчириб ўтказиш, компенсациявий экиш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом талаблари:

жисмоний шахсларнинг шахсий томорқа ер участкаларида ўсадиган дарахтлар ва буталар ҳамда уларнинг кўчат ва ниҳолларига;

питомниклар ҳамда плантацияларда етиштириладиган дарахтлар ва буталарга, шунингдек, уларнинг кўчат ва ниҳолларига;

юридик ёки якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларининг мулки бўлган ва улар томонидан ёғоч ҳамда ҳосил олиш мақсадида экилган дарахтлар ва буталар (тераклар ва бошқа тез ўсадиган дарахт турлари, тутзорлар, мевали дарахтлар ва буталар)га;

боғдорчилик ва узумчилик учун ажратилган ер участкаларидаги мевали дарахтлар ва буталарга нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

буташ — дарахтлар ва буталарнинг шохларига керакли шакл бериш, асосий шохнинг баландлигини текислаш, скелет ҳосил қилувчи шохларнинг бир текисда жойлашишини таъминлаш мақсадида қуриётган, шикастланган, асосий шохга қараб ичкарига ёки бир-бирига жуда яқин ўсаётган шохларни бальзамик қисмигача кесиб олиб ташлаш;

дарахтларни хатловдан ўтказиш — дарахтларни муҳофаза қилиш мақсадида уларнинг сони, тури, ёши, танасининг диаметри, географик жойлашуви ва бошқа параметрлари бўйича ҳисобга олиш ҳамда дарахтлар реестрини юритиш;

дарахтлар реестри — дарахтларнинг сони, тури, ҳолати, ёши, танасининг диаметри, географик жойлашуви ва бошқа параметрларини ҳисобга олиш маълумотлар базаси;

дарахтларни бириктириш — аҳоли пунктларидаги бино ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки улардан фойдаланувчиларни, шу жумладан, ижарага олувчи юридик шахсларни бино ва иншоотларга туташ ҳудудлардаги дарахт ва буталарни парвариш қилиш ва муҳофаза қилишга масъул этиб белгилаш мақсадида дарахтлар реестридан кўчирма бериш;

кесиш — дарахтлар ва буталар асосий танасининг таг қисмидан ёки ўсишдан тўхтатиш даражасигача юқори қисмидан кесиб (қирқиб) олиб ташлаш;

кундаков қилиш — дарахтлар ва буталарни илдизи билан қўпориб олиш;

кўчириб ўтказиш — рухсат берилган ўлчамдаги дарахтлар ва буталарнинг илдиз тизимига шикаст етказмасдан, уларнинг яшовчанлигини сақлаб қолган ҳолда бошқа жойга экиш;

компенсациявий экиш — юридик ва жисмоний шахслар томонидан кесилган (йўқ қилинган) дарахтлар ва буталар ўрнига мажбурий равишда кўчатлар экиш;

парвариш қилиш — дарахтлар ва буталарни суғориш, озиқлантириш, буташ, оқлаш, шунингдек, турли зараркунанда ва касалликлар таъсирида зарарланган дарахтлар ва буталарга кимёвий ва биологик ишлов бериш ёхуд бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида кимёвий ва биологик ишлов бериш чораларини кўриш;

санитария мақсадида кесиш — табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлари таъсирида зарарланган, қуриётган, қуриб қолган ҳамда инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига, турли коммуникацияларга таҳдид солаётган, шохлари бетартиб ўсиши натижасида қўшилиб кетган ёки синган, авария ҳолатидаги дарахтлар ва буталарни таг қисмидан кесиш (қирқиш);

шикастлантириш — дарахтлар ва буталар ичини ўйиш, уларнинг атрофига илдиз бўғзидан кўпи билан 20 см масофагача яқинликда қаттиқ қоплама (бетон, асфальт) ётқизиш, ёқиш, тақиқланган (муддати ўтган) кимёвий ва биологик воситалар билан ишлов бериш ёки кимёвий ва биологик воситаларни нотўғри қўллаш, шунингдек, ўсишдан тўхташ ва қуриб қолиш даражасигача зарар етказувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатлар;

«Яшил макон» платформаси — ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити, мавжуд дарахтлар сони, тури ва жойлашуви, шаҳарларнинг кўкаламзорлаштирилганлик даражаси, дарахтларни кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш учун берилган рухсатномалар, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари ва улар бўйича кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган электрон маълумотлар базаси.

4. Қуйидагилар давлат ўрмон фондига кирмайди:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардаги экинзорларнинг иҳота дарахтзорлари, шунингдек, бошқа дарахтзор ва бутазорлар;

темир йўлларнинг, автомобиль йўлларининг, табиий ва сунъий сув оқимларининг, сув ҳавзаларининг ҳамда бошқа сув объектларининг ажратилган минтақаларидаги иҳота дарахтзорлар;

шаҳарлардаги ҳамда бошқа аҳоли пунктларидаги дарахтзор ва бутазорлар, шунингдек, кўкаламзорлаштириш учун экилган ўсимликлар;

томорқалардаги ва боғ участкаларидаги дарахтзор ва бутазорлар.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 30 октябрдаги ПФ-5863-сон Фармони билан жорий этилган мораторий даврида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига йўл қўйилмайди.

2-боб. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш ҳамда парвариш қилиш

6. Дарахтлар ва буталарни экиш уларнинг турларига, иқлим шароитига мослашувчанлигига, ер ости сувлари яқинлиги, ернинг шўрланиш даражаси, суғориш тизими мавжудлигига ҳамда уларнинг функционал вазифаларига кўра амалга оширилади.

Бунда экиш учун жой танлашда дарахтлар ва буталарнинг биоэкологик хусусиятлари, тупроқнинг унумдорлиги, қурғоқчиликка чидамлилиги, шунингдек, қуёшли ва соя жойларга мослашувчанлиги эътиборга олиниши лозим.

Янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш (дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни экиш) майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 25 фоизидан кам бўлишига йўл қўйилмайди (эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ҳамда маънан эскирган бино ва иншоотларни реновация қилиш бундан мустасно).

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш ҳамда парвариш қилиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схема асосида амалга оширилади.

7. Дарахтлар ва буталарни экиш учун жой танлаш ҳамда уларни экиш:

аҳоли пунктларида — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уйларни бошқариш органлари;

ташкилотларга тегишли ҳудудларда — ер эгалари;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига бириктирилган йўл ва кўчалар бўйларида — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари;

умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг бўйларида — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси (кейинги ўринларда — Автомобиль йўллари қўмитаси) ташкилотлари;

табиий ва сунъий сув оқимлари, сув ҳавзалари ҳамда бошқа сув объектларининг ажратилган минтақаларида — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишган ҳолда сув хўжалиги органлари;

фермер хўжалиги ерларида ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда — ер эгалари;

захира ерларда — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан амалга оширилади.

8. Экиш ишлари баҳор ва куз ойларида об-ҳаво шароити, дарахтлар ва буталарнинг тутувчанлиги, шунингдек, ҳар бир дарахт ва бутанинг турларига мос келадиган экишнинг агротехника қоидаларига риоя этган ҳолда олиб борилади. Йилнинг бошқа фаслларида ҳам эҳтиёждан келиб чиқиб дарахтлар ва буталарни экиш мумкин.

Туманлар (шаҳарлар) марказий кўчаларини кўкаламзорлаштириш учун экиладиган дарахт ва бута кўчатларининг кўкарувчанлигини таъминлаш мақсадида ёши 5 йилдан кам бўлган кўчатларни ҳамда суғориш тизими мавжуд бўлмаган ерларга кўчатларни экиш тақиқланади.

Дарахтлар ва буталарни кўчириб ўтказиш бинолар, иншоотлар ва коммуникацияларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш билан боғлиқ ҳолда баҳор ва куз ойларида, заруратдан келиб чиқиб дарахтларни кўчирадиган махсус техника мавжуд бўлганида йил давомида амалга оширилиши мумкин.

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган, ердан 1,3 метр баландликдаги тана диаметри 15 сантиметргача бўлган дарахтлар ҳамда тана илдиз бўғзи диаметри 10 сантиметргача бўлган буталар рухсатнома асосида кўчириб ўтказилиши мумкин.

Давлат дастурлари, транспорт ва йўл инфратузилмаси объектлари, йирик инвестиция лойиҳалари, шунингдек, давлат аҳамиятига эга бошқа лойиҳалар доирасида қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишларини амалга оширишда мазкур банднинг тўртинчи хатбошисида белгиланган ўлчамлардан ортиқ бўлган дарахт ва буталарни кўчириб ўтказишга фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари асосида рухсат берилади.

Юридик ва жисмоний шахсларга рухсатнома асосида ҳар бир кўчирилган дарахт ва бутани уч йил давомида парвариш қилиш мажбурияти юкланади.

9. Дарахтлар ва буталарни суғориш ва озиқлантириш:

шаҳарлар ва туманлар марказларидаги кўчаларда-бириктирилганлигига мувофиқ маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, ўзлари фаолият кўрсатаётган бинодан кўчагача бўлган оралиқда ташкилотлар;

шаҳарлар ва туманлар марказларидаги ички кўчалар, маҳаллалар ҳудудлари ҳамда кўп квартирали уйлар оралиғи ва атрофида, шунингдек, бошқа аҳоли пунктларида — ўзларига бириктирилган ҳудудлар бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, кўп квартирали уйларни бошқариш органлари, ўзлари фаолият кўрсатаётган бинодан кўчагача бўлган оралиқда ташкилотлар;

ташкилотларнинг ҳудудларида — ер эгалари;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида — Автомобиль йўллари қўмитаси ташкилотлари;

умумий фойдаланишдаги темир йўллар бўйларида — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ташкилотлари;

дарё, сой, ирмоқ, канал, коллектор-дренаж тармоқлари ва ариқлар бўйларида — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва сув хўжалиги органлари;

фермер хўжаликлари ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда — мазкур ер эгалари;

захира ерларда — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан амалга оширилади.

10. Дарахтлар ва буталарни буташ:

шаҳарлар ва туманлар марказларидаги кўчаларда ҳамда захира ерларда — бириктирилганлигига мувофиқ маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари;

бошқа аҳоли пунктларида — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уйларни бошқариш органлари;

ташкилотларнинг ҳудудларида — ер эгалари;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида — Автомобиль йўллари қўмитаси ташкилотлари;

умумий фойдаланишдаги темир йўллар бўйларида — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ташкилотлари;

дарё, сой, ирмоқ, канал, коллектор-дренаж тармоқлари ва ариқлар бўйларида — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва сув хўжалиги органлари;

фермер хўжалиги ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда — ер эгалари томонидан амалга оширилади.

Буташдан ҳосил бўладиган шох-шаббаларни олиб чиқиб кетиш ушбу ишларни бажарган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

11. Турли зараркунанда ва касалликлар таъсирида зарарланган ёки касалликларга чалинган дарахтлар ва буталарга кимёвий ва биологик ишлов бериш:

шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ҳамда захира ерларда — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари;

қолган ҳудудларда эса ушбу Низомнинг 9-бандида назарда тутилган ташкилотлар томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда амалга оширилади.

12. Ер участкаларининг мулкдорлари, ер эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари, шунингдек, ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган ташкилотлар ўзларига тегишли ёки бириктирилган ҳудудлардаги дарахт ва буталарни парвариш қилиш ва уларнинг муҳофазасини таъминлашлари шарт.

3-боб. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни хатловдан ўтказиш

13. Дарахтларни хатловдан ўтказиш статистик ҳисоботларни тузишда фойдаланиш учун маълумотлар олиш, кўкаламзорлаштиришни ривожлантириш, янги объектларни қуриш ва мавжуд объектларда реконструкция ишларини режалаштириш, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ландшафт-архитектура объектларини қайта тиклаш, реконструкция қилиш ва фойдаланиш, уларнинг сақланиши ва ҳолати учун жавобгар шахсларни аниқлаш мақсадида ўтказилади.

14. Хатлов натижасида дарахтларнинг сони, тури, ҳолати, ёши, географик жойлашуви ва бошқа параметрлари ҳисобга олиниб, уларнинг реестрлари шакллантирилади.

15. Хатлов ҳар йили ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схема асосида ўтказилади. Бунда янги экилган дарахтларни бириктириш бўйича қўшимча хатловлар амалга оширилиши мумкин.

16. Хатловни ўтказиш учун ҳар бир ҳудудда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорлари қабул қилинади. Ушбу қарорларда дарахтлар хатловини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда — ишчи гуруҳ) таркиби, хатловни ўтказиш вақти ва натижаларини тақдим этиш муддатлари белгиланади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг (кейинги ўринларда — Экология қўмитаси) ҳудудий бўлинмалари ишчи гуруҳларнинг ишчи органи ҳисобланади.

Ишчи гуруҳ маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда ўзларига тегишли ёки бириктирилган ҳудудларда тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат таркибда шакллантирилади.

17. Ишчи гуруҳ томонидан шаҳарлар, туманлар ва бошқа аҳоли пунктлари, темир йўл ва автомобиль йўллари ҳамда табиий ва сунъий сув ҳавзаларининг хариталари ёки схемалари асосида хатлов ўтказиладиган участкалар ва уларга масъуллар белгиланади.

18. Ишчи гуруҳнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

жойларга чиққан ҳолда дарахтларни хатловдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва қайд этиш;

дарахтлар реестрини шакллантириш ва Экология қўмитасига умумлаштириш учун тақдим этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уйлар мулкдорлари эгалигидаги бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) бўлган ер участкаларини ҳамда бўш турган ёки шаҳарсозлик фаолияти натижасида шаклланган янги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга мўлжалланган ер участкаларини, шунингдек, уларда жойлашган дарахт ва буталарни аниқлаш, туташ ер участкалари чегараларини белгилаш, уларни ушбу Низомнинг 28-бандига мувофиқ ажратиб бериш бўйича (дарахтлар жойлашуви схемаси (харитаси) илова қилинган ҳолда) таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш.

19. Хатлов ишлари аҳоли яшаш пунктларида, темир йўл ва автомобиль йўллари, табиий ва сунъий сув ҳавзалари бўйларида, фермер хўжаликлари ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда, захира ерларда ҳамда ташкилотлар ҳудудларида олиб борилади.

20. Хатлов қуйидаги уч босқичда амалга оширилади:

ишчи гуруҳ томонидан жойига чиққан ҳолда дарахтларни ҳисобга олиш ҳамда уларни журналда ёки рақамлаштириш йўли билан қайд этиш;

қайд этилган маълумотларни қайта ишлаш, умумлаштириш ва ушбу Низомга 3-иловада келтирилган Дарахтлар реестрига киритиш;

дарахтлар реестри маълумотларини «Яшил макон» платформасига киритиш.

21. Хатлов ишлари Экология қўмитаси, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ҳамда Фанлар академияси томонидан ишлаб чиқилган дарахтларни хатловдан ўтказиш бўйича методик қўлланма асосида амалга оширилади.

22. Янги (жорий йилда) экилган дарахтлар сони ва тури тўғрисидаги маълумотлар барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Экология қўмитаси томонидан белгиланадиган шакл асосида ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-кунига қадар Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига мажбурий тартибда тақдим этиб борилади ҳамда экилган дарахтлар қиймати, тури ва сонига қараб бухгалтерия қоидаларига биноан тегишлилигича балансга олинади.

23. Хатлов ўтказишда юз ёшдан ошган дарахтлар аниқланганда, уларни табиат ёдгорликлари сифатида муҳофазага олиш учун алоҳида реестр юритилади.

Ушбу дарахтларни табиат ёдгорлиги деб эълон қилиш «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқ амалга оширилади.

24. Табиат ёдгорлиги деб эълон қилинган дарахтларни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш мақсадида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ер эгалари билан биргаликда ушбу дарахтларнинг атрофи танасидан бир метрдан кам бўлмаган масофада ва баландлиги бир метр йигирма сантиметр бўлган металл панжара билан ўралишини таъминлаши керак.

Шунингдек, ушбу дарахтлар тўғрисидаги давлат тили, рус ва инглиз тилларидаги (дарахтнинг номи, унинг ёши, реестр рақами, жойлашган манзили) маълумотни ўз ичига олган ёрлиқ металл панжарага осиб қўйилиши зарур.

25. Хатлов якунлари бўйича шакллантирилган дарахтлар реестри маълумотлари ишчи гуруҳ томонидан республикада ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш учун Экология қўмитасига юборилади.

Экология қўмитаси дарахтлар реестри маълумотларини умумлаштиради ва «Яшил макон» платформасига жойлаштиради.

26. «Яшил макон» платформаси:

янги экилган дарахтларни бириктириш бўйича ҳар йили ўтказиладиган қўшимча хатловлар;

кейинги хатлов натижалари;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-кунига қадар Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига мажбурий тартибда тақдим этиб бориладиган, янги экилган дарахтлар сони ва тури тўғрисидаги маълумотлар;

дарахтларни кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш учун берилган рухсатномалар;

дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ва кўчириш бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар асосида мунтазам равишда янгилаб борилади.

«Яшил макон» платформаси маълумотларидан келгусида қурилиш ва реконструкция ишларини амалга ошириш учун дарахтлар мавжуд участкаларда лойиҳалаштириш, давлат экологик экспертизасини ўтказиш ва бошқа ишларни олиб бориш мақсадида юридик ва жисмоний шахслар бепул фойдаланишлари мумкин.

4-боб. Дарахтларни бириктириш

27. Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари дарахтларни бириктириш бўйича қуйидаги вазифаларни бажаради:

шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида жойлашган ҳамда бўш турган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга мўлжалланган ер участкалари хатловдан ўтказилишини ташкил этиш;

хатлов натижаларига мувофиқ тегишли ер участкаларини давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда кўп квартирали уйлар мулкдорларига белгиланган талаблар асосида доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб бериш юзасидан таклиф ишлаб чиқиш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдим этиш;

аҳоли пунктларидаги қаровсиз қолган дарахтларни хатловдан ўтказиш, уларни бино ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки фойдаланувчиларига туташ ҳудудлардан келиб чиққан ҳолда бириктириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдим этиш.

Дарахтларни бириктириш бўйича таклифларга дарахт жойлашуви схемаси (харитаси), маҳаллий давлат ҳокимияти органининг дарахтларни бириктириш тўғрисида тегишли қарори лойиҳаси ҳамда фото материаллар илова қилинади.

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий органлари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда аҳоли пунктларида қаровсиз қолган дарахтларни сақлаш ва парвариш қилиш, «Яшил боғлар» ва «Яшил жамоат парклари»ни кўкаламзорлаштириш, шу жумладан, улар ҳудудларида дарахтларни экиш, сақлаш ва парвариш қилиш ишларига «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамда ишсиз шахслар мавжуд бўлганда ҳар бир маҳалладан камида биттадан фуқаро жалб қилиниши мумкин.

Ушбу фуқароларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

28. Дарахтларни бириктириш:

а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан:

бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) бўлган ер участкаларини;

аҳоли пунктларида жойлашган ҳамда бўш турган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга мўлжалланган ер участкаларини;

шаҳарсозлик фаолияти натижасида шаклланган янги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга мўлжалланган ер участкаларини тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уйлар мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан белгиланган тартибда ажратиб бериш;

б) мазкур банднинг «а» кичик бандида назарда тутилган ташкилотлардан бошқа юридик шахслар — аҳоли пунктидаги бинолар ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки улардан фойдаланувчилар, шу жумладан, ижарага олувчиларга ер участкаларини ажратмаган ҳолда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг дарахтларни бириктириш тўғрисидаги тегишли қарорлари билан амалга оширилади. Бунда дарахтларни бириктириш юридик шахсларнинг розилиги асосида Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан кенг тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ташкил этиш доирасида амалга оширилади.

29. Ушбу Низомнинг 28-бандига асосан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилган ер участкаларидаги мавжуд дарахтлар ёки юридик шахсларга ер участкаларини ажратмаган ҳолда бириктириб берилган дарахтлар бўйича Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, кўп квартирали уйлар мулкдорлари ва бошқа юридик шахсларга дарахтлар реестридан электрон шаклда кўчирмалар берилади.

Дарахтлар реестридан кўчирма икки нусхада тузилади ва Экология қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг масъул ходими ҳамда дарахтлар реестридан кўчирмани қабул қилиб олувчи ташкилот раҳбари ёки унинг ишончли вакили томонидан имзоланади.

Дарахтлар реестридан кўчирманинг бир нусхаси Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмасида, иккинчи нусхаси тегишли ташкилотда сақланади.

Дарахтлар реестридан кўчирма янги экилган, рухсатномалар асосида кесилган, қонунга хилоф равишда кесилган, кундаков қилинган, йўқ қилинган, шунингдек, кўчириб ўтказилган дарахтлар тўғрисидаги маълумотлар асосида янгилаб борилади.

Дарахтлар реестридан берилган кўчирма мазкур дарахтлар ва улар жойлашган ер участкаларига нисбатан ҳеч қандай ҳуқуқни келтириб чиқармайди.

30. Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаси зарур ҳолларда ушбу Низомнинг 28-бандига асосан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилган ер участкаларидаги дарахтларни парвариш қилиш ҳамда суғориш юзасидан тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уйлар мулкдорларига мажбурий кўрсатмалар киритади.

5-боб. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесиш, кўчириб ўтказиш ёки компенсациявий экиш тартиби

31. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга санитария мақсадларида, шунингдек, бинолар, иншоотлар ва коммуникацияларни қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ ҳолатларда йўл қўйилади, бундан ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навлари мустасно.

Дарахтлар ва буталарни кесиш, кўчириб ўтказиш тўлов асосида амалга оширилади, бундан санитария мақсадида кесиш ҳоллари мустасно.

31 1 . Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар танасининг бир қисми ва (ёки) таг қисмидан (қуриган ва касалланган дарахтлар) санитария мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаларида ташкил этилган комиссияларнинг қарорларига мувофиқ тўловларсиз рухсатнома асосида кесилади. Бунда ушбу комиссиялар Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаларининг малакали мутахассисларидан иборат етти кишилик таркибда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси томонидан тасдиқланади.

Дарахтлар ва буталарнинг шохларини санитария мақсадида кесиш ёки буташга рухсатнома талаб этилмайди.

32. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесиш, кўчириб ўтказиш учун рухсатнома бериш (олиш) Вазирлар Маҳкамасининг «Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарорида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда:

а) Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари юридик ва жисмоний шахслар томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун тақдим этилган аризани кўриб чиқиш муддати давомида:

ҳужжатларни текширади;

заруратга кўра бошқа давлат органларида мавжуд, қарор қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни «Лицензия» АТ орқали мустақил равишда олади;

дарахтлар ва буталар ҳолатини жойига чиқиб ўрганади;

дарахтлар ва буталарни кесиш, кўчириб ўтказиш бўйича жамоатчилик эшитувини амалга оширади ва унинг хулосасини шакллантиради;

дарахтлар ва буталарни сақлаб қолиш имкониятларини, шу жумладан, кўчириб ўтказиш масаласини кўриб чиқади ҳамда кўчириб ўтказиладиган дарахтлар ва буталарнинг сони, тури, муддатлари ва кўчириш жойини аниқлайди;

сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган тақдирда, кесилиши лозим бўлган дарахтлар ва буталар сонини белгилайди ҳамда компенсациявий экиладиган дарахтлар ва буталарнинг сони, тури ҳамда экиш муддати ва жойини аниқлайди.

б) юридик ва жисмоний шахсларга ҳар бир кесилган дарахт ва бута учун компенсация тарзида қимматлилиги жиҳатидан кесилган дарахт ва буталардан кам бўлмаган йирик ўлчамли (дарахт — 5 йиллик, бута — 3 йиллик) 10 туп кўчатни экиш ҳамда камида икки йил давомида парвариш қилиш бўйича қўшимча мажбурият юкланади.

Бунда Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан кесилган дарахтлар ва буталарнинг қиймати, улар ўрнига экиладиган кўчат турлари, шунингдек, уларни экиш муддатлари ҳамда жойи кўрсатилган ҳолда мажбурий кўрсатма берилади.

Дарахт ва буталарни кесиш учун рухсатнома берилгани учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириладиган йиғимни тўлагани юридик ва жисмоний шахсларни компенсация тарзида экиш ҳамда парвариш қилиш мажбуриятидан озод қилмайди.

Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ушбу банднинг «а» ва «б» кичик бандларида кўрсатилган ҳаракатларни амалга ошириш учун ўз ходимлари ёки бошқа экспертлар, шу жумладан, дарахтларнинг ҳолатини баҳолаш мақсадида дендрология бўйича мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳлар ташкил этиши мумкин.

Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари мазкур банднинг «а» ва «б» кичик бандларида кўрсатилган ҳаракатларни амалга ошириш учун ўз ходимлари ёки бошқа экспертлар, шу жумладан, дарахтларнинг ҳолатини баҳолаш мақсадида дендрология бўйича мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳлар ташкил этиши мумкин.

33. Дарахтлар ва буталарни кўчириб ўтказиш ишлари Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари вакиллари назорати остида ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ёки ушбу ер участкаларида лойиҳаларни амалга оширувчи буюртмачи ташкилот томонидан амалга оширилади. Бунда:

тегишли юридик ва жисмоний шахслар Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари, ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ёки ижарачиларига, шунингдек, бошқа манфаатдор шахсларга дарахтлар ва буталарни кўчириб ўтказишдан камида уч кун олдин унда иштирок этувчи вакиллар иштирокини таъминлаш юзасидан ёзма равишда хабар беради;

ёзма хабарномани олган манфаатдор шахслар дарахтлар ва буталарни кўчириб ўтказиш ишларида ўз вакиллари иштирокини таъминлайди;

кўчириб ўтказиш санаси, жойи (манзил ва жойининг контурлари) дарахтлар ва буталар сони, тури, кўчириб ўтказишнинг сабаби, ушбу жараёнда иштирок этган шахслар тўғрисидаги (Ф.И.О., ташкилот номи) маълумотлар кўрсатилган ҳамда фото материаллар илова қилинган ҳолда бир нусхада далолатнома тузилади ва иштирок этувчилар томонидан имзоланади;

далолатномада масъул шахсларнинг рухсатнома асосида кўчириб ўтказилган дарахт ва буталарни камида ўч йил давомида парвариш қилиш мажбурияти қайд этилади.

Кўчириб ўтказиш далолатномасининг асл нусхаси Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларида уч йилгача сақланади.

34. Компенсация ёки мажбурият тарзида экиладиган дарахт ва буталар учун ер участкалари Экология қўмитаси томонидан ҳудудларда ташкил этилган «Яшил боғлар» ва «Яшил жамоат парклари», дарахт ва буталар билан қопланмаган ўрмон фонди ерлари, шунингдек, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш учун мўлжалланган бошқа ҳудудлардан белгиланади.

Компенсациявий экиш ишлари Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари вакиллари, ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ёки ижарачилари иштирокида амалга оширилади. Бунда:

Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари компенсациявий экиш учун масъул шахсларга, ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ёки ижарачиларига, шунингдек, бошқа манфаатдор шахсларга дарахтлар ва буталарни компенсациявий экишдан камида уч кун олдин унда иштирок этувчи вакиллар иштирокини таъминлаш юзасидан ёзма равишда хабар беради;

компенсациявий экиш учун масъул шахслар ва бошқа манфаатдор шахслар дарахтлар ва буталарни компенсациявий экиш ишларида ўз вакиллари иштирокини таъминлайди;

компенсациявий экиш санаси, жойи (манзил ва жойининг контурлари) дарахтлар ва буталар сони, тури, ёши, компенсациявий экиш сабаблари (асослари), компенсациявий экишда иштирок этган жисмоний ёки юридик шахслар тўғрисидаги (Ф.И.О., ташкилот номи) маълумотлар кўрсатилган ҳамда фото материаллар илова қилинган ҳолда бир нусхада далолатнома тузилади ва иштирок этувчилар томонидан имзоланади. Далолатномада масъул шахсларнинг компенсациявий экилган кўчатларни камида икки йил давомида парвариш қилиш мажбурияти қайд этилади.

Компенсациявий экиш далолатномасининг асл нусхаси Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларида уч йилгача сақланади.

Компенсациявий экиш ишларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, жамоатчилик экологик назоратининг инспекторлари ҳамда бошқа шахслар иштирок этиши мумкин.

34 1 . Компенсация ёки мажбурият тарзида дарахт ва бута кўчатларини экиш ва парвариш қилиш юклатилган шахслар билан тузилган шартнома асосида Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги тизимидаги давлат ўрмон хўжаликлари — пудрат ташкилотлари томонидан ушбу дарахт ва бута кўчатлари экилиши ҳамда белгиланган муддат давомида парвариш қилиниши мумкин. Бунда:

белгиланган ер участкаларида Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги буюртмачилигида белгиланган тартибда аниқланадиган лойиҳалаштириш ташкилоти ишлаб чиқадиган лойиҳалар асосида дарахт ва бута кўчатлари давлат ўрмон хўжаликлари — пудрат ташкилотлари томонидан экилади ҳамда парвариш қилинади;

лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

компенсация ёки мажбурият тарзида дарахт ва бута кўчатларини экиш ва парвариш қилиш юклатилган шахслар шартнома асосида дарахт ва бута кўчатларини экиш, белгиланган муддат давомида парвариш қилиш харажатларини давлат ўрмон хўжаликлари — пудрат ташкилотларига тўлаб беради.

Дарахт ва бута кўчатлари компенсация ёки мажбурият тарзида рухсатнома асосида ёки ноқонуний тарзда кесилган дарахт ва буталар жойлашган ҳудудда экилади ҳамда парвариш қилинади, бўш ер участкалари мавжуд бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.

35. Санитария мақсадида дарахтлар ва буталарни кесиш:

қуриётган ёки қуриб қолган;

декоратив хусусиятини йўқотиш натижасида ҳовли, кўча ва бошқа жамоат жойларининг кўринишини бузиб турган;

касалликка чалинган;

касаллик тарқатувчи ҳайвонлар ва ҳашаротларнинг манбаига айланган;

одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф солаётган ҳолатларда амалга оширилади.

36. Санитария мақсадида дарахтлар ва буталарни кесиш:

шаҳарлар ва туманлар марказидаги кўчаларда ҳамда захира ерларда — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари;

маҳаллалар ҳудудлари ҳамда кўп квартирали уйлар оралиғи ва атрофида, шу жумладан, кўчалар ва бошқа аҳоли пунктларида — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, кўп квартирали уйларни бошқариш органлари, шунингдек, жисмоний шахсларнинг мурожаатига мувофиқ маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари;

ташкилотларнинг ҳудудларида — ер эгалари;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида — Автомобиль йўллари қўмитасининг ташкилотлари;

умумий фойдаланишдаги темир йўллар бўйларида — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ташкилотлари;

дарё, сой, ирмоқ, канал, зовур ва ариқлар бўйларида — тегишлилиги бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ва сув хўжалиги органлари;

фермер хўжаликлари ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда — ер эгалари томонидан амалга оширилади.

37. Кесиш, буташ ва кўчириб ўтказиш ишларида ҳосил бўлган чиқиндиларнинг (шох-шабба, барглар ва бошқа кесиш ишлари қолдиқлари) олиб чиқиб кетилиши, шунингдек, бузилган ерларнинг қайта тикланиши ушбу ишларни амалга оширган масъуллар томонидан бир сутка давомида таъминланиши шарт.

дарахт ва буталарни санитар мақсадида кесиш, шакл бериш ҳамда уларнинг рухсат этилган ўлчамдагиларини кўчириб ўтказиш ишлари япроқ ва игна баргли турлар учун куз мавсумида — ўсимликларнинг вегетация даври якунлангандан бошлаб баҳор мавсумининг 1 апрелига қадар амалга оширилади.

Дарахт ва буталарни кўчириб ўтказиш ишлари, бинолар, иншоотлар ва коммуникацияларни қуриш ёки реконструкция қилиш билан боғлиқ ҳолларда дарахт ва буталарни илдиз тупроғини (коми) сақлаган ҳолда амалга оширилади.

6-боб. Дарахтлар ва буталарни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки кўчириб ўтказганлик учун жавобгарлик

38. Дарахтлар ва буталарнинг ноқонуний кесилиши, кундаков қилиниши, шикастлантирилиши, йўқ қилиниши ёки кўчириб ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Дарахтлар ва буталарни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки кўчириб ўтказганлик учун айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади ҳамда:

ушбу Низомга 4-иловада белгиланган миқдорларда зарар ҳисобланиб, тегишли тартибда ундирилади;

ноқонуний тайёрланган маҳсулотлар (ёғоч, ўтин ва бошқалар) ҳуқуқбузардан олиб қўйилади;

ҳуқуқбузарга ҳар бир кесилган дарахт ва бута учун қимматлилиги жиҳатидан кесилган дарахт ва буталардан кам бўлмаган (дарахт — 3 йиллик, бута — 2 йиллик) 100 туп кўчатни экиш ҳамда камида уч йил давомида парвариш қилиш бўйича мажбурият юкланади. Бунда Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари мансабдор шахслари ноқонуний кесилган ва (ёки) йўқ қилинган дарахтлар ва буталарнинг қийматини, улар ўрнига экиладиган кўчатларнинг турларини, шунингдек, экиш муддатлари ҳамда жойини белгилаган ҳолда мажбурий кўрсатма беради. Компенсация тарзида экиш ишлари ушбу Низомнинг 34-бандида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари мансабдор шахслари мажбурий кўрсатмаларини бажармаслик ҳуқуқбузарни белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

39. Мораторий талабларини бузган қурилиш-пудрат ташкилотларининг «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги даражаси (рейтинг баҳоси) бир поғона пасайтирилади. Бунда:

даражаси (рейтинг баҳоси) бир поғона пасайтирилган қурилиш-пудрат ташкилотлари бир йил мобайнида даражасини (рейтинг баҳосини) кўтариш имконидан маҳрум бўлади;

даражасини (рейтинг баҳосини) бир поғонага пасайтириш имкони бўлмаган қурилиш-пудрат ташкилотлари бир йил муддатга қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингидан тўлиқ чиқариб ташланади.

Қурилиш-пудрат ташкилотлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолати тасдиқланганидан сўнг уч кун муддатда Экология қўмитаси ёки унинг ҳудудий бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига ушбу қурилиш-пудрат ташкилотларининг «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги даражасига (рейтинг баҳосига) таъсир кўрсатиш чораларини кўриш юзасидан тақдимнома киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тақдимнома тушган кундан бошлаб 10 иш кунида тегишли қурилиш-пудрат ташкилотининг «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги даражасига таъсир кўрсатиш чораларини қўллайди ва бу тўғрисида Экология қўмитасига расмий ахборот киритади.

40. Дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесишдан ҳосил бўлган маҳсулотлар (ёғоч, ўтин ва бошқалар) Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан тегишли далолатномани расмийлаштириш орқали қабул қилиб олинади.

Ушбу маҳсулотлар (ёғоч, ўтин ва бошқалар) тайёрлов ва савдо ташкилотлари ёки тадбиркорлик субъектлари омборхоналарига вақтинча сақлаш учун жойлаштирилиши мумкин.

Дарахтлар ва буталарни санитария мақсадида ёки ноқонуний кесишдан ҳосил бўлган маҳсулотлар (ёғоч, ўтин ва бошқалар) ўтин сифатида ишлатиш учун «Меҳрибонлик» уйлари, «Ғамхўрлик» марказлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари, шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш ташкилотларига ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига кўра Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга тегишли далолатнома асосида берилади.

41. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатномалар бериш, шунингдек, уларни ғайриқонуний кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки кўчириб ўтказганлик учун ундириладиган маблағлар (зарар ва жарималар) Экология қўмитасининг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасининг ҳисобварағига тушади ва унинг 26 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетларига ўтказилади.

Тут дарахтларини ғайриқонуний равишда кесганлик, шикастлантирганлик ёки йўқ қилганлик учун ундирилган жарималар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасига йўналтирилади. Бунда ундирилган жарималарнинг 50 фоизи «Ўзбекипаксаноат» уюшмасининг ҳисобварағига, 26 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг тегишли маҳаллий бюджетларига ўтказилади.

«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ҳисобварағига ўтказилган маблағлар, қонунбузарлик содир этилган ҳудудда мақсадли равишда янги тут кўчатларини экишга йўналтирилади. Ушбу маблағларни бошқа мақсадларга, шу жумладан, қарздорликни қоплашга йўналтириш тақиқланади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

42. Ушбу Низом талабларига риоя қилиниши бўйича давлат назорати экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.

43. Дарахтлар ва буталарни муҳофаза қилиш, парвариш қилиш, хатловдан ўтказиш, бириктириш, кесиш, кўчириб ўтказиш, экиш ёки компенсациявий экиш устидан жамоатчилик назорати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

44. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш ва парвариш қилиш

Босқичлар Тадбирлар Субъектлар Бажариш муддатлари 1-босқич Дарахтлар ва буталарни экиш учун жой танлаш ва экиш 1. Аҳоли пунктларида — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уйларни бошқариш органлари. 2. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига бириктирилган йўл ва кўчалар бўйларида — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари. 3. Ташкилотларга тегишли ҳудудларда — ер эгалари. 4. Умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Автомобиль йўллари қўмитаси ташкилотлари. 5. Табиий ва сунъий сув оқимлари, сув ҳавзалари ҳамда бошқа сув объектларининг ажратилган минтақаларида — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишган ҳолда сув хўжалиги органлари. 6. Фермер хўжалиги ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда — ер эгалари. 7. Захира ерларда — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари. Дарахтлар ва буталарни экиш — баҳор ва куз фаслида ёки эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда бошқа фаслларда 2-босқич Дарахтлар ва буталарни суғориш ва озиқлантириш 1. Шаҳарлар ва туманлар марказларидаги кўчаларда — бириктирилганлигига мувофиқ маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, ўзлари фаолият кўрсатаётган бинодан кўчагача бўлган оралиқда ташкилотлар. 2. Шаҳарлар ва туманлар марказларидаги ички кўчалар, маҳаллалар ҳудудлари ҳамда кўп қаватли уйлар оралиғи ва атрофида, шунингдек, бошқа аҳоли пунктларида ўзларига бириктирилган ҳудудлар бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, кўп квартирали уйларни бошқариш органлари, ўзлари фаолият кўрсатаётган бинодан кўчагача бўлган оралиқдаги ташкилотлар. 3. Ташкилотларнинг ҳудудларида — ер эгалари. 4. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида — Автомобиль йўллари қўмитаси ташкилотлари. 5. Умумий фойдаланишдаги темир йўллар бўйларида — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ташкилотлари. 6. Дарё, сой, ирмоқ, канал, коллектор-дренаж тармоқлари ва ариқлар бўйларида — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва сув хўжалиги органлари. 7. Фермер хўжаликлари ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда — ер эгалари. 8. Захира ерларда — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари. Йил давомида 3-босқич Дарахтлар ва буталарни буташ 1. Шаҳарлар ва туманлар марказларидаги кўчаларда ҳамда захира ерларда — бириктирилганлигига мувофиқ маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари. 2. Бошқа аҳоли пунктларида — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уйларни бошқариш органлари. 3. Ташкилотларнинг ҳудудларида — ер эгалари. 4. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида — Автомобиль йўллари қўмитаси ташкилотлари. 5. Умумий фойдаланишдаги темир йўллар бўйларида — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ташкилотлари. 6. Дарё, сой, ирмоқ, канал, зовур ва ариқлар бўйларида — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва сув хўжалиги органлари. 7. Фермер хўжалиги ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда — ер эгалари. Баҳор фаслида ёки эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда — йил давомида 4-босқич Турли зараркунанда ва касалликлар таъсирида зарарланган ёки касалликка чалинган дарахт ва буталарга кимёвий ва биологик ишлов бериш 1. Аҳоли пунктларида ҳамда захира ерларда — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари. 2. Ташкилотларнинг ҳудудларида — ер эгалари. 3. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида — Автомобиль йўллари қўмитаси ташкилотлари. 4. Умумий фойдаланишдаги темир йўллар бўйларида — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ташкилотлари. 5. Дарё, сой, ирмоқ, канал, коллектор-дренаж тармоқлари ва ариқлар бўйларида — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва сув хўжалиги органлари. 6. Фермер хўжалиги ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда — ер эгалари. Йил давомида

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни хатловдан ўтказиш

Босқичлар Тадбирлар Субъектлар Бажариш муддатлари 1-босқич 1. Хатлов ўтказиш тўғрисида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи қарорини қабул қилиш. 2. Хатловни ўтказиш бўйича Ишчи гуруҳни шакллантириш. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари, ер эгалари ёки бириктирилган ҳудудлардаги тегишли ташкилотлар Хатлов ўтказиладиган йили 10 февралга қадар 2-босқич Хатлов ўтказиладиган участкалар ва масъулларни белгилаш. Ишчи гуруҳ Хатлов ўтказиладиган йили 1 мартга қадар 3-босқич 1. Жойига чиққан ҳолда дарахтларни хатловдан ўтказиш, ҳисобга олиш ҳамда уларни журналда ёки рақамлаштириш йўли билан қайд этиш. 2. Қайд этилган маълумотларни қайта ишлаш, умумлаштириш ва дарахтлар реестрига киритиш. 3. Дарахтлар реестри маълумотларини Экология қўмитасига тақдим этиш. Ишчи гуруҳ Хатлов ўтказиладиган йили 1 мартдан 1 ноябрга қадар 4-босқич 1. Дарахтлар реестри маълумотларини «Яшил макон» платформасига киритиш маълумотлар базасини шакллантириш. 2. Дарахтлар реестри маълумотларини Экология қўмитасининг веб-сайтига жойлаштириш. Экология қўмитаси Хатлов ўтказиладиган йил якунига қадар

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

ДАРАХТЛАР РЕЕСТРИ

Реестр рақами Вилоят Туман (шаҳар) Ташкилот номи Манзили (МФЙ, кўча ва бош.) Дарахт тури (номланиши) Дарахтс они Дарахт ҳолати (соғлом, касалланган, қуриган) Дарахт танасининг айланма ўлчами (1,3 метр баландликда, см) Дарахт нингёши (йил) Жойлашув локацияси (координаталари) Дарахтларни рўйхатга олиш рақами Хатлов далолатномаси рақами ва санаси

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш билан уларга етказилган зарарни ундириш

Т/р Қоидабузарлик турлари Зарар миқдори (базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан коэффициентларда) 100 ёшдан кичик 100 ёш ва ундан юқори кам қийматли қимматбаҳо кам қийматли қимматбаҳо 1. Кесилган, йўқ қилинган ёки ўсишдан тўхташ даражасигача шикастланган ҳар бир дарахт ва бута учун, тўнкаси олдидаги диаметри (см): 4 гача 1 4 4 8 4,1 — 8 1,5 6 6 12 8,1 — 12 2 10 8 20 12,1 — 16 3 13 12 26 16,1 — 20 5 18 20 36 20,1 — 24 7,5 25 30 50 24,1 — 28 9 35 36 70 28,1 — 32 11,5 45 46 90 32,1 — 36 16,5 55 66 110 36,1 — 40 22 65 88 130 40,1 — 44 26 80 104 160 44,1 — 48 31 95 124 190 48,1 — 52 36 105 144 210 52,1 — 56 41 115 164 230 56,1 — 60 46 135 184 270 60,1 — 64 52,5 145 210 290 64 сантиметрдан ортиқ диаметрнинг ҳар бир сантиметри учун тўлов 0,5 коэффициент миқдорида ошади. 2. Ноқонуний кесилган: 1 м ³ саксовул учун 14 1 м ³ черкез, қандим, юлғун ва бошқа ёввойи ҳолда ўсувчи буталар учун 3 3. Ўсишдан тўхтамайдиган даражасигача шикаст етказилган ҳар бир: дарахт учун 3 4 4 4 бута учун 1 2

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомга 14-иловада :

илованинг номидаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида» сўзлари «Давлат ўрмон фонди ерларида» сўзлари билан алмаштирилсин;

«Белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан коэффициентларда ундириш миқдори» устуни номидаги «шунингдек аҳоли яшаш жойлари ва транспорт магистралларининг ўрмон фонди таркибига кирмайдиган дарахт-бутазорлар» сўзлари чиқариб ташлансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомга 15-илованинг 9-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

« 9. Рухсат этишга оид талаб ва шартлар: а) ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик талаб ва шартларига риоя қилиш; б) ваколатли орган томонидан белгиланган муддатларда ва жойларга рухсатнома асосида кесилган ҳар бир дарахт ва бута учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли кўчатларини экиш (дарахт — 5 йиллик, бута — 3 йиллик) ҳамда уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш. » .

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги 43-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2019 йил 27 декабрдаги 1044-сон қарорига илованинг 1-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони)» 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорининг 266-банди .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарорига 4-илованинг 6-банди .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 557-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 22 август,

464-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2022 й., 09/22/464/0761-сон; 26.02.2024 й., 09/24/100/0152-сон, 31.05.2024 й., 09/24/316/0385-сон ; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон; 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон; 01.07.2026 й., 09/26/342/0657-сон; 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

SXEMASI

MIQDORLARI

ROʻYXATI

Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni ekish, parvarish qilish va ulardan foydalanish tartibini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikada koʻkalamzorlashtirish ishlarini jadallashtirish, daraxtlar muhofazasini yanada samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 30-dekabrdagi PF-46-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni ekish, parvarish qilish va ulardan foydalanish tartibini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

a) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Yoshlarni qoʻllab-quvvatlash va aholi salomatligini mustahkamlash yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2021-yil 3-fevraldagi PF-6155-son Farmoniga muvofiq:

har bir kesilgan daraxt va buta uchun kompensatsiya tarzida 10 tup qimmatliligi jihatidan kesiladigan daraxt va butalardan kam boʻlmagan, yirik oʻlchamli koʻchat ekish hamda ularni kamida ikki yil davomida parvarish qilish;

noqonuniy kesilgan daraxt va buta uchun esa uch yil davomida parvarishlash sharti bilan 100 tup koʻchat ekish majburiyati yuklatilganligi;

b) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikada koʻkalamzorlashtirish ishlarini jadallashtirish, daraxtlar muhofazasini yanada samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 30-dekabrdagi PF-46-son Farmoniga muvofiq:

butun mamlakat miqyosida daraxtzorlarni koʻpaytirishga qaratilgan “Yashil makon” umummilliy loyihasi amalga oshirilayotganligi;

davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalar qimmatbaho navlarining kesilishiga moratoriyning amal qilishi muddatsiz davrga uzaytirilganligi;

2022-yilning bahor mavsumida “Yashil makon” umummilliy loyihasi doirasida respublika boʻyicha 127 milliondan ortiq daraxt va buta koʻchatlari ekilganligi;

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Davlat ekologiya qoʻmitasi) tomonidan “Yashil makon” platformasi ishga tushirilib, ekilgan koʻchatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning elektron bazasi yaratilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Belgilansinki:

a) kompensatsiya yoki majburiyat tarzida ekiladigan daraxt va butalar uchun yer uchastkalari Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi tomonidan hududlarda tashkil etilgan “Yashil bogʻlar” va “Yashil jamoat parklari”, daraxt va butalar bilan qoplanmagan oʻrmon fondi yerlari, shuningdek, obodonlashtirish hamda koʻkalamzorlashtirish uchun moʻljallangan boshqa hududlardan belgilanadi;

b) quyidagilar kompensatsiya yoki majburiyat tarzida daraxt va buta koʻchatlarini ekadi hamda parvarish qiladi:

davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni kesish uchun ruxsatnoma olgan, kompensatsiya tarzida daraxt va butalarni ekish hamda parvarish qilish majburiyati yuklangan jismoniy va yuridik shaxslar;

daraxt va butalarni noqonuniy kesish, kundakov qilish, shikastlantirish, yoʻq qilish yoki koʻchirib oʻtkazish boʻyicha huquqbuzarlik sodir etgan shaxslar;

v) kompensatsiya yoki majburiyat tarzida daraxt va buta koʻchatlarini ekish va parvarish qilish yuklatilgan shaxslar bilan tuzilgan shartnoma asosida Oʻrmon va yashil hududlarni koʻpaytirish, choʻllanishga qarshi kurashish agentligi tizimidagi davlat oʻrmon xoʻjaliklari — pudrat tashkilotlari tomonidan ushbu daraxt va buta koʻchatlari ekilishi hamda belgilangan muddat davomida parvarish qilinishi mumkin. Bunda:

belgilangan yer uchastkalarida Oʻrmon va yashil hududlarni koʻpaytirish, choʻllanishga qarshi kurashish agentligi buyurtmachiligida belgilangan tartibda aniqlanadigan loyihalashtirish tashkiloti ishlab chiqadigan loyihalar asosida daraxt va buta koʻchatlari davlat oʻrmon xoʻjaliklari — pudrat tashkilotlari tomonidan ekiladi hamda parvarish qilinadi;

loyiha hujjatlarini ishlab chiqish bilan bogʻliq xarajatlar Ekologiya jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi;

kompensatsiya yoki majburiyat tarzida daraxt va buta koʻchatlarini ekish va parvarish qilish yuklatilgan shaxslar shartnoma asosida daraxt va buta koʻchatlarini ekish, belgilangan muddat davomida parvarish qilish xarajatlarini davlat oʻrmon xoʻjaliklari — pudrat tashkilotlariga toʻlab beradi;

g) daraxt va buta koʻchatlarini kompensatsiya yoki majburiyat tarzida ekish jismoniy va yuridik shaxslarni daraxt va butalarni kesishga ruxsatnoma berilgani uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda undiriladigan yigʻimni yoki ularni qonunga xilof ravishda kesganlik, kundakov qilganlik, shikastlantirganlik, yoʻq qilganlik yoki koʻchirib oʻtkazganlik uchun maʼmuriy jarimalarni toʻlashdan ozod qilmaydi.

3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni ekish, parvarish qilish hamda ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

daraxtlar va butalarni ekish uchun joy tanlash, ularni ekish, sugʻorish, oziqlantirish va butash;

zararkunanda va kasalliklar taʼsirida zararlangan yoki kasalliklarga chalingan daraxtlar va butalarga kimyoviy va biologik ishlov berish;

daraxtlar va butalarni xatlovdan oʻtkazish, biriktirish, koʻchirib oʻtkazish, kesish va kompensatsiyaviy ekish;

daraxtlar va butalarni noqonuniy kesish va shikastlash tufayli yetkazilgan zararni undirish.

4. 2022-yil 31-dekabrga qadar:

Davlat ekologiya qoʻmitasi shaharlar va boshqa aholi punktlarida joylashgan qarovsiz qolgan daraxtlarni xatlovdan oʻtkazsin, ularni bino va inshootlarning mulkdorlari yoki foydalanuvchilariga tutash hududlardan kelib chiqqan holda biriktirish boʻyicha takliflarni ishlab chiqsin hamda mahalliy davlat hokimiyati organlariga taqdim etib borsin;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari Davlat ekologiya qoʻmitasining takliflari asosida daraxtlarni parvarish qilish maqsadida ularni tegishli masʼullarga biriktirish choralarini koʻrsin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi Davlat ekologiya qoʻmitasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda 2022-yil 1-oktabrga qadar “Yashil makon” umummilliy loyihasi doirasida 2022-yil kuz va 2023-yil bahor mavsumlarida koʻchat ekish ishlarini tizimli tashkil etishni nazarda tutuvchi Hukumat qarori loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

6. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari har yili:

1-sentabrga qadar kuzgi va 1-fevralga qadar bahorgi koʻchat ekish hajmlari boʻyicha manzilli dasturlarni tasdiqlasin;

tuman va shahar markazlarida arxitektura va landshaft-dizayn talablari asosida shaharga koʻrk beruvchi manzarali daraxt va buta koʻchatlari ekilishini tashkil etsin;

daraxt va butalarning zararkunandalari hamda kasalliklariga qarshi kurashish tadbirlariga mahalliy budjetlar qoʻshimcha manbalarining 2 foizigacha miqdordagi mablagʻ ajratilishini taʼminlasin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

9. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi raisi N.N. Oblomuradov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-avgustdagi 464-son qaroriga 1-ILOVA

Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni ekish, parvarish qilish hamda ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni ekish, parvarish qilish hamda ulardan foydalanish, shu jumladan, butash, xatlovdan oʻtkazish, biriktirish, koʻchirib oʻtkazish, kompensatsiyaviy ekish bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizom talablari:

jismoniy shaxslarning shaxsiy tomorqa yer uchastkalarida oʻsadigan daraxtlar va butalar hamda ularning koʻchat va nihollariga;

pitomniklar hamda plantatsiyalarda yetishtiriladigan daraxtlar va butalarga, shuningdek, ularning koʻchat va nihollariga;

yuridik yoki yakka tartibdagi tadbirkorlik subyektlarining mulki boʻlgan va ular tomonidan yogʻoch hamda hosil olish maqsadida ekilgan daraxtlar va butalar (teraklar va boshqa tez oʻsadigan daraxt turlari, tutzorlar, mevali daraxtlar va butalar)ga;

bogʻdorchilik va uzumchilik uchun ajratilgan yer uchastkalaridagi mevali daraxtlar va butalarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

3. Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

butash — daraxtlar va butalarning shoxlariga kerakli shakl berish, asosiy shoxning balandligini tekislash, skelet hosil qiluvchi shoxlarning bir tekisda joylashishini taʼminlash maqsadida quriyotgan, shikastlangan, asosiy shoxga qarab ichkariga yoki bir-biriga juda yaqin oʻsayotgan shoxlarni balzamik qismigacha kesib olib tashlash;

daraxtlarni xatlovdan oʻtkazish — daraxtlarni muhofaza qilish maqsadida ularning soni, turi, yoshi, tanasining diametri, geografik joylashuvi va boshqa parametrlari boʻyicha hisobga olish hamda daraxtlar reyestrini yuritish;

daraxtlar reyestri — daraxtlarning soni, turi, holati, yoshi, tanasining diametri, geografik joylashuvi va boshqa parametrlarini hisobga olish maʼlumotlar bazasi;

daraxtlarni biriktirish — aholi punktlaridagi bino va inshootlarning mulkdorlari yoki ulardan foydalanuvchilarni, shu jumladan, ijaraga oluvchi yuridik shaxslarni bino va inshootlarga tutash hududlardagi daraxt va butalarni parvarish qilish va muhofaza qilishga masʼul etib belgilash maqsadida daraxtlar reyestridan koʻchirma berish;

kesish — daraxtlar va butalar asosiy tanasining tag qismidan yoki oʻsishdan toʻxtatish darajasigacha yuqori qismidan kesib (qirqib) olib tashlash;

kundakov qilish — daraxtlar va butalarni ildizi bilan qoʻporib olish;

koʻchirib oʻtkazish — ruxsat berilgan oʻlchamdagi daraxtlar va butalarning ildiz tizimiga shikast yetkazmasdan, ularning yashovchanligini saqlab qolgan holda boshqa joyga ekish;

kompensatsiyaviy ekish — yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan kesilgan (yoʻq qilingan) daraxtlar va butalar oʻrniga majburiy ravishda koʻchatlar ekish;

parvarish qilish — daraxtlar va butalarni sugʻorish, oziqlantirish, butash, oqlash, shuningdek, turli zararkunanda va kasalliklar taʼsirida zararlangan daraxtlar va butalarga kimyoviy va biologik ishlov berish yoxud bunday holatlarning oldini olish maqsadida kimyoviy va biologik ishlov berish choralarini koʻrish;

sanitariya maqsadida kesish — tabiiy omillar yoki oʻsimliklar zararkunandalari va kasalliklari taʼsirida zararlangan, quriyotgan, qurib qolgan hamda insonning hayoti va sogʻligʻi, yuridik va jismoniy shaxslarning mol-mulki xavfsizligiga, turli kommunikatsiyalarga tahdid solayotgan, shoxlari betartib oʻsishi natijasida qoʻshilib ketgan yoki singan, avariya holatidagi daraxtlar va butalarni tag qismidan kesish (qirqish);

shikastlantirish — daraxtlar va butalar ichini oʻyish, ularning atrofiga ildiz boʻgʻzidan koʻpi bilan 20 sm masofagacha yaqinlikda qattiq qoplama (beton, asfalt) yotqizish, yoqish, taqiqlangan (muddati oʻtgan) kimyoviy va biologik vositalar bilan ishlov berish yoki kimyoviy va biologik vositalarni notoʻgʻri qoʻllash, shuningdek, oʻsishdan toʻxtash va qurib qolish darajasigacha zarar yetkazuvchi har qanday xatti-harakatlar;

“Yashil makon” platformasi — hududlarning tuproq-iqlim sharoiti, mavjud daraxtlar soni, turi va joylashuvi, shaharlarning koʻkalamzorlashtirilganlik darajasi, daraxtlarni kesish, shu jumladan, sanitariya maqsadida kesish uchun berilgan ruxsatnomalar, aniqlangan qonun buzilishi holatlari va ular boʻyicha koʻrilgan choralar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan elektron maʼlumotlar bazasi.

4. Quyidagilar davlat oʻrmon fondiga kirmaydi:

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlardagi ekinzorlarning ihota daraxtzorlari, shuningdek, boshqa daraxtzor va butazorlar;

temir yoʻllarning, avtomobil yoʻllarining, tabiiy va sunʼiy suv oqimlarining, suv havzalarining hamda boshqa suv obyektlarining ajratilgan mintaqalaridagi ihota daraxtzorlar;

shaharlardagi hamda boshqa aholi punktlaridagi daraxtzor va butazorlar, shuningdek, koʻkalamzorlashtirish uchun ekilgan oʻsimliklar;

tomorqalardagi va bogʻ uchastkalaridagi daraxtzor va butazorlar.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2030-yilgacha boʻlgan davrda Oʻzbekiston Respublikasining atrof-muhitni muhofaza qilish konsepsiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2019-yil 30-oktabrdagi PF-5863-son Farmoni bilan joriy etilgan moratoriy davrida davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalar qimmatbaho navlarining kesilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

2-bob. Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan yerlarda daraxtlar va butalarni ekish hamda parvarish qilish

6. Daraxtlar va butalarni ekish ularning turlariga, iqlim sharoitiga moslashuvchanligiga, yer osti suvlari yaqinligi, yerning shoʻrlanish darajasi, sugʻorish tizimi mavjudligiga hamda ularning funksional vazifalariga koʻra amalga oshiriladi.

Bunda ekish uchun joy tanlashda daraxtlar va butalarning bioekologik xususiyatlari, tuproqning unumdorligi, qurgʻoqchilikka chidamliligi, shuningdek, quyoshli va soya joylarga moslashuvchanligi eʼtiborga olinishi lozim.

Yangi quriladigan, balandligi yer yuzasidan 12 metrdan va (yoki) umumiy maydoni 500 kvadrat metrdan ortiq boʻlgan bino va inshootlarni loyihalashtirishda ularga tutash hududlarning koʻkalamzorlashtirish (daraxtlar, butalar, boshqa oʻsimliklar va nihollarni ekish) maydonlari loyiha uchun ajratiladigan yer uchastkalari umumiy maydonining 25 foizidan kam boʻlishiga yoʻl qoʻyilmaydi (ekspluatatsiya muddatini oʻtab boʻlgan hamda maʼnan eskirgan bino va inshootlarni renovatsiya qilish bundan mustasno).

Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan yerlarda daraxtlar va butalarni ekish hamda parvarish qilish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxema asosida amalga oshiriladi.

7. Daraxtlar va butalarni ekish uchun joy tanlash hamda ularni ekish:

aholi punktlarida — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlari;

tashkilotlarga tegishli hududlarda — yer egalari;

mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga biriktirilgan yoʻl va koʻchalar boʻylarida — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari;

umumiy foydalanishdagi temir yoʻllar va umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarining boʻylarida — “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ va Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi) tashkilotlari;

tabiiy va sunʼiy suv oqimlari, suv havzalari hamda boshqa suv obyektlarining ajratilgan mintaqalarida — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, shuningdek, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan kelishgan holda suv xoʻjaligi organlari;

fermer xoʻjaligi yerlarida hamda qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan boshqa yerlarda — yer egalari;

zaxira yerlarda — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan amalga oshiriladi.

8. Ekish ishlari bahor va kuz oylarida ob-havo sharoiti, daraxtlar va butalarning tutuvchanligi, shuningdek, har bir daraxt va butaning turlariga mos keladigan ekishning agrotexnika qoidalariga rioya etgan holda olib boriladi. Yilning boshqa fasllarida ham ehtiyojdan kelib chiqib daraxtlar va butalarni ekish mumkin.

Tumanlar (shaharlar) markaziy koʻchalarini koʻkalamzorlashtirish uchun ekiladigan daraxt va buta koʻchatlarining koʻkaruvchanligini taʼminlash maqsadida yoshi 5 yildan kam boʻlgan koʻchatlarni hamda sugʻorish tizimi mavjud boʻlmagan yerlarga koʻchatlarni ekish taqiqlanadi.

Daraxtlar va butalarni koʻchirib oʻtkazish binolar, inshootlar va kommunikatsiyalarni qurish hamda rekonstruksiya qilish bilan bogʻliq holda bahor va kuz oylarida, zaruratdan kelib chiqib daraxtlarni koʻchiradigan maxsus texnika mavjud boʻlganida yil davomida amalga oshirilishi mumkin.

Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan, yerdan 1,3 metr balandlikdagi tana diametri 15 santimetrgacha boʻlgan daraxtlar hamda tana ildiz boʻgʻzi diametri 10 santimetrgacha boʻlgan butalar ruxsatnoma asosida koʻchirib oʻtkazilishi mumkin.

Davlat dasturlari, transport va yoʻl infratuzilmasi obyektlari, yirik investitsiya loyihalari, shuningdek, davlat ahamiyatiga ega boshqa loyihalar doirasida qurilish, rekonstruksiya va taʼmirlash ishlarini amalga oshirishda mazkur bandning toʻrtinchi xatboshisida belgilangan oʻlchamlardan ortiq boʻlgan daraxt va butalarni koʻchirib oʻtkazishga faqat Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hujjatlari asosida ruxsat beriladi.

Yuridik va jismoniy shaxslarga ruxsatnoma asosida har bir koʻchirilgan daraxt va butani uch yil davomida parvarish qilish majburiyati yuklanadi.

9. Daraxtlar va butalarni sugʻorish va oziqlantirish:

shaharlar va tumanlar markazlaridagi koʻchalarda-biriktirilganligiga muvofiq mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, shuningdek, oʻzlari faoliyat koʻrsatayotgan binodan koʻchagacha boʻlgan oraliqda tashkilotlar;

shaharlar va tumanlar markazlaridagi ichki koʻchalar, mahallalar hududlari hamda koʻp kvartirali uylar oraligʻi va atrofida, shuningdek, boshqa aholi punktlarida — oʻzlariga biriktirilgan hududlar boʻyicha fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlari, oʻzlari faoliyat koʻrsatayotgan binodan koʻchagacha boʻlgan oraliqda tashkilotlar;

tashkilotlarning hududlarida — yer egalari;

umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari boʻylarida — Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi tashkilotlari;

umumiy foydalanishdagi temir yoʻllar boʻylarida — “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ tashkilotlari;

daryo, soy, irmoq, kanal, kollektor-drenaj tarmoqlari va ariqlar boʻylarida — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va suv xoʻjaligi organlari;

fermer xoʻjaliklari yerlarida va qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan boshqa yerlarda — mazkur yer egalari;

zaxira yerlarda — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan amalga oshiriladi.

10. Daraxtlar va butalarni butash:

shaharlar va tumanlar markazlaridagi koʻchalarda hamda zaxira yerlarda — biriktirilganligiga muvofiq mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari;

boshqa aholi punktlarida — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlari;

tashkilotlarning hududlarida — yer egalari;

umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari boʻylarida — Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi tashkilotlari;

umumiy foydalanishdagi temir yoʻllar boʻylarida — “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ tashkilotlari;

daryo, soy, irmoq, kanal, kollektor-drenaj tarmoqlari va ariqlar boʻylarida — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va suv xoʻjaligi organlari;

fermer xoʻjaligi yerlarida va qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan boshqa yerlarda — yer egalari tomonidan amalga oshiriladi.

Butashdan hosil boʻladigan shox-shabbalarni olib chiqib ketish ushbu ishlarni bajargan tashkilotlar tomonidan amalga oshiriladi.

11. Turli zararkunanda va kasalliklar taʼsirida zararlangan yoki kasalliklarga chalingan daraxtlar va butalarga kimyoviy va biologik ishlov berish:

shaharlar va boshqa aholi punktlarida hamda zaxira yerlarda — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari;

qolgan hududlarda esa ushbu Nizomning 9-bandida nazarda tutilgan tashkilotlar tomonidan mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda amalga oshiriladi.

12. Yer uchastkalarining mulkdorlari, yer egalari, foydalanuvchilari, ijarachilari, shuningdek, ushbu Nizomning 9-bandida koʻrsatilgan tashkilotlar oʻzlariga tegishli yoki biriktirilgan hududlardagi daraxt va butalarni parvarish qilish va ularning muhofazasini taʼminlashlari shart.

3-bob. Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlarni xatlovdan oʻtkazish

13. Daraxtlarni xatlovdan oʻtkazish statistik hisobotlarni tuzishda foydalanish uchun maʼlumotlar olish, koʻkalamzorlashtirishni rivojlantirish, yangi obyektlarni qurish va mavjud obyektlarda rekonstruksiya ishlarini rejalashtirish, shaharlar va boshqa aholi punktlarida landshaft-arxitektura obyektlarini qayta tiklash, rekonstruksiya qilish va foydalanish, ularning saqlanishi va holati uchun javobgar shaxslarni aniqlash maqsadida oʻtkaziladi.

14. Xatlov natijasida daraxtlarning soni, turi, holati, yoshi, geografik joylashuvi va boshqa parametrlari hisobga olinib, ularning reyestrlari shakllantiriladi.

15. Xatlov har yili ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan sxema asosida oʻtkaziladi. Bunda yangi ekilgan daraxtlarni biriktirish boʻyicha qoʻshimcha xatlovlar amalga oshirilishi mumkin.

16. Xatlovni oʻtkazish uchun har bir hududda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining qarorlari qabul qilinadi. Ushbu qarorlarda daraxtlar xatlovini oʻtkazish boʻyicha ishchi guruh (keyingi oʻrinlarda — ishchi guruh) tarkibi, xatlovni oʻtkazish vaqti va natijalarini taqdim etish muddatlari belgilanadi. Bunda Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Ekologiya qoʻmitasi) hududiy boʻlinmalari ishchi guruhlarning ishchi organi hisoblanadi.

Ishchi guruh mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari hamda oʻzlariga tegishli yoki biriktirilgan hududlarda tegishli tashkilotlar vakillaridan iborat tarkibda shakllantiriladi.

17. Ishchi guruh tomonidan shaharlar, tumanlar va boshqa aholi punktlari, temir yoʻl va avtomobil yoʻllari hamda tabiiy va sunʼiy suv havzalarining xaritalari yoki sxemalari asosida xatlov oʻtkaziladigan uchastkalar va ularga masʼullar belgilanadi.

18. Ishchi guruhning vazifalari quyidagilardan iborat:

joylarga chiqqan holda daraxtlarni xatlovdan oʻtkazish, hisobga olish va qayd etish;

daraxtlar reyestrini shakllantirish va Ekologiya qoʻmitasiga umumlashtirish uchun taqdim etish;

davlat organlari va tashkilotlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va koʻp kvartirali uylar mulkdorlari egaligidagi bino va inshootlarga tutash (chegaradosh) boʻlgan yer uchastkalarini hamda boʻsh turgan yoki shaharsozlik faoliyati natijasida shakllangan yangi obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirishga moʻljallangan yer uchastkalarini, shuningdek, ularda joylashgan daraxt va butalarni aniqlash, tutash yer uchastkalari chegaralarini belgilash, ularni ushbu Nizomning 28-bandiga muvofiq ajratib berish boʻyicha (daraxtlar joylashuvi sxemasi (xaritasi) ilova qilingan holda) takliflar ishlab chiqish va kiritish.

19. Xatlov ishlari aholi yashash punktlarida, temir yoʻl va avtomobil yoʻllari, tabiiy va sunʼiy suv havzalari boʻylarida, fermer xoʻjaliklari yerlarida va qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan boshqa yerlarda, zaxira yerlarda hamda tashkilotlar hududlarida olib boriladi.

20. Xatlov quyidagi uch bosqichda amalga oshiriladi:

ishchi guruh tomonidan joyiga chiqqan holda daraxtlarni hisobga olish hamda ularni jurnalda yoki raqamlashtirish yoʻli bilan qayd etish;

qayd etilgan maʼlumotlarni qayta ishlash, umumlashtirish va ushbu Nizomga 3-ilovada keltirilgan Daraxtlar reyestriga kiritish;

daraxtlar reyestri maʼlumotlarini “Yashil makon” platformasiga kiritish.

21. Xatlov ishlari Ekologiya qoʻmitasi, Oʻrmon va yashil hududlarni koʻpaytirish, choʻllanishga qarshi kurashish agentligi hamda Fanlar akademiyasi tomonidan ishlab chiqilgan daraxtlarni xatlovdan oʻtkazish boʻyicha metodik qoʻllanma asosida amalga oshiriladi.

22. Yangi (joriy yilda) ekilgan daraxtlar soni va turi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar barcha davlat organlari va tashkilotlari tomonidan Ekologiya qoʻmitasi tomonidan belgilanadigan shakl asosida har chorakda, hisobot choragidan keyingi oyning 10-kuniga qadar Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalariga majburiy tartibda taqdim etib boriladi hamda ekilgan daraxtlar qiymati, turi va soniga qarab buxgalteriya qoidalariga binoan tegishliligicha balansga olinadi.

23. Xatlov oʻtkazishda yuz yoshdan oshgan daraxtlar aniqlanganda, ularni tabiat yodgorliklari sifatida muhofazaga olish uchun alohida reyestr yuritiladi.

Ushbu daraxtlarni tabiat yodgorligi deb eʼlon qilish “Muhofaza etiladigan tabiiy hududlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni talablariga muvofiq amalga oshiriladi.

24. Tabiat yodgorligi deb eʼlon qilingan daraxtlarni tashqi taʼsirlardan himoya qilish maqsadida mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari yer egalari bilan birgalikda ushbu daraxtlarning atrofi tanasidan bir metrdan kam boʻlmagan masofada va balandligi bir metr yigirma santimetr boʻlgan metall panjara bilan oʻralishini taʼminlashi kerak.

Shuningdek, ushbu daraxtlar toʻgʻrisidagi davlat tili, rus va ingliz tillaridagi (daraxtning nomi, uning yoshi, reyestr raqami, joylashgan manzili) maʼlumotni oʻz ichiga olgan yorliq metall panjaraga osib qoʻyilishi zarur.

25. Xatlov yakunlari boʻyicha shakllantirilgan daraxtlar reyestri maʼlumotlari ishchi guruh tomonidan respublikada yagona elektron maʼlumotlar bazasini shakllantirish uchun Ekologiya qoʻmitasiga yuboriladi.

Ekologiya qoʻmitasi daraxtlar reyestri maʼlumotlarini umumlashtiradi va “Yashil makon” platformasiga joylashtiradi.

26. “Yashil makon” platformasi:

yangi ekilgan daraxtlarni biriktirish boʻyicha har yili oʻtkaziladigan qoʻshimcha xatlovlar;

keyingi xatlov natijalari;

davlat organlari va tashkilotlari tomonidan har chorakda, hisobot choragidan keyingi oyning 10-kuniga qadar Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalariga majburiy tartibda taqdim etib boriladigan, yangi ekilgan daraxtlar soni va turi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

daraxtlarni kesish, shu jumladan, sanitariya maqsadida kesish uchun berilgan ruxsatnomalar;

daraxtlarni qonunga xilof ravishda kesish, kundakov qilish, shikastlantirish, yoʻq qilish va koʻchirish boʻyicha aniqlangan huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar asosida muntazam ravishda yangilab boriladi.

“Yashil makon” platformasi maʼlumotlaridan kelgusida qurilish va rekonstruksiya ishlarini amalga oshirish uchun daraxtlar mavjud uchastkalarda loyihalashtirish, davlat ekologik ekspertizasini oʻtkazish va boshqa ishlarni olib borish maqsadida yuridik va jismoniy shaxslar bepul foydalanishlari mumkin.

4-bob. Daraxtlarni biriktirish

27. Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari daraxtlarni biriktirish boʻyicha quyidagi vazifalarni bajaradi:

shaharlar va boshqa aholi punktlarida joylashgan hamda boʻsh turgan obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirishga moʻljallangan yer uchastkalari xatlovdan oʻtkazilishini tashkil etish;

xatlov natijalariga muvofiq tegishli yer uchastkalarini davlat organlari va tashkilotlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari hamda koʻp kvartirali uylar mulkdorlariga belgilangan talablar asosida doimiy foydalanish huquqi bilan ajratib berish yuzasidan taklif ishlab chiqish va mahalliy davlat hokimiyati organlariga taqdim etish;

aholi punktlaridagi qarovsiz qolgan daraxtlarni xatlovdan oʻtkazish, ularni bino va inshootlarning mulkdorlari yoki foydalanuvchilariga tutash hududlardan kelib chiqqan holda biriktirish boʻyicha taklif ishlab chiqish hamda mahalliy davlat hokimiyati organlariga taqdim etish.

Daraxtlarni biriktirish boʻyicha takliflarga daraxt joylashuvi sxemasi (xaritasi), mahalliy davlat hokimiyati organining daraxtlarni biriktirish toʻgʻrisida tegishli qarori loyihasi hamda foto materiallar ilova qilinadi.

Mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vazirligi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligining hududiy organlari, shuningdek, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari bilan birgalikda aholi punktlarida qarovsiz qolgan daraxtlarni saqlash va parvarish qilish, “Yashil bogʻlar” va “Yashil jamoat parklari”ni koʻkalamzorlashtirish, shu jumladan, ular hududlarida daraxtlarni ekish, saqlash va parvarish qilish ishlariga “Temir daftar”, “Ayollar daftari”, “Yoshlar daftari”ga kiritilgan hamda ishsiz shaxslar mavjud boʻlganda har bir mahalladan kamida bittadan fuqaro jalb qilinishi mumkin.

Ushbu fuqarolarning mehnatiga haq toʻlash Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi huzuridagi Jamoat ishlari jamgʻarmasining mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

28. Daraxtlarni biriktirish:

a) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan:

bino va inshootlarga tutash (chegaradosh) boʻlgan yer uchastkalarini;

aholi punktlarida joylashgan hamda boʻsh turgan obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirishga moʻljallangan yer uchastkalarini;

shaharsozlik faoliyati natijasida shakllangan yangi obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirishga moʻljallangan yer uchastkalarini tegishli davlat organlari va tashkilotlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va koʻp kvartirali uylar mulkdorlariga doimiy foydalanish huquqi bilan belgilangan tartibda ajratib berish;

b) mazkur bandning “a” kichik bandida nazarda tutilgan tashkilotlardan boshqa yuridik shaxslar — aholi punktidagi binolar va inshootlarning mulkdorlari yoki ulardan foydalanuvchilar, shu jumladan, ijaraga oluvchilarga yer uchastkalarini ajratmagan holda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining daraxtlarni biriktirish toʻgʻrisidagi tegishli qarorlari bilan amalga oshiriladi. Bunda daraxtlarni biriktirish yuridik shaxslarning roziligi asosida Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari tomonidan keng targʻibot va tashviqot tadbirlarini tashkil etish doirasida amalga oshiriladi.

29. Ushbu Nizomning 28-bandiga asosan doimiy foydalanish huquqi bilan ajratib berilgan yer uchastkalaridagi mavjud daraxtlar yoki yuridik shaxslarga yer uchastkalarini ajratmagan holda biriktirib berilgan daraxtlar boʻyicha Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari tomonidan tegishli davlat organlari va tashkilotlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, koʻp kvartirali uylar mulkdorlari va boshqa yuridik shaxslarga daraxtlar reyestridan elektron shaklda koʻchirmalar beriladi.

Daraxtlar reyestridan koʻchirma ikki nusxada tuziladi va Ekologiya qoʻmitasi hududiy boʻlinmasining masʼul xodimi hamda daraxtlar reyestridan koʻchirmani qabul qilib oluvchi tashkilot rahbari yoki uning ishonchli vakili tomonidan imzolanadi.

Daraxtlar reyestridan koʻchirmaning bir nusxasi Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmasida, ikkinchi nusxasi tegishli tashkilotda saqlanadi.

Daraxtlar reyestridan koʻchirma yangi ekilgan, ruxsatnomalar asosida kesilgan, qonunga xilof ravishda kesilgan, kundakov qilingan, yoʻq qilingan, shuningdek, koʻchirib oʻtkazilgan daraxtlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar asosida yangilab boriladi.

Daraxtlar reyestridan berilgan koʻchirma mazkur daraxtlar va ular joylashgan yer uchastkalariga nisbatan hech qanday huquqni keltirib chiqarmaydi.

30. Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmasi zarur hollarda ushbu Nizomning 28-bandiga asosan doimiy foydalanish huquqi bilan ajratib berilgan yer uchastkalaridagi daraxtlarni parvarish qilish hamda sugʻorish yuzasidan tegishli davlat organlari va tashkilotlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va koʻp kvartirali uylar mulkdorlariga majburiy koʻrsatmalar kiritadi.

5-bob. Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni kesish, koʻchirib oʻtkazish yoki kompensatsiyaviy ekish tartibi

31. Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni kesishga sanitariya maqsadlarida, shuningdek, binolar, inshootlar va kommunikatsiyalarni qurish va rekonstruksiya qilish bilan bogʻliq holatlarda yoʻl qoʻyiladi, bundan ushbu Nizomning 5-bandida nazarda tutilgan daraxtlar va butalar qimmatbaho navlari mustasno.

Daraxtlar va butalarni kesish, koʻchirib oʻtkazish toʻlov asosida amalga oshiriladi, bundan sanitariya maqsadida kesish hollari mustasno.

31 1 . Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalar tanasining bir qismi va (yoki) tag qismidan (qurigan va kasallangan daraxtlar) sanitariya maqsadida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ekologiya va iqlim oʻzgarishi qoʻmitasi, viloyatlar va Toshkent shahar Ekologiya va iqlim oʻzgarishi bosh boshqarmalarida tashkil etilgan komissiyalarning qarorlariga muvofiq toʻlovlarsiz ruxsatnoma asosida kesiladi. Bunda ushbu komissiyalar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ekologiya va iqlim oʻzgarishi qoʻmitasi, viloyatlar va Toshkent shahar Ekologiya va iqlim oʻzgarishi bosh boshqarmalarining malakali mutaxassislaridan iborat yetti kishilik tarkibda Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi raisi tomonidan tasdiqlanadi.

Daraxtlar va butalarning shoxlarini sanitariya maqsadida kesish yoki butashga ruxsatnoma talab etilmaydi.

32. Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni kesish, koʻchirib oʻtkazish uchun ruxsatnoma berish (olish) Vazirlar Mahkamasining “Maxsus elektron tizim orqali ruxsat etish xususiyatiga ega ayrim hujjatlarni berish tartib-taomillari toʻgʻrisidagi yagona nizomni tasdiqlash haqida” 2022-yil 22-fevraldagi 86-son qarorida belgilangan tartibda amalga oshiriladi. Bunda:

a) Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatni olish uchun taqdim etilgan arizani koʻrib chiqish muddati davomida:

hujjatlarni tekshiradi;

zaruratga koʻra boshqa davlat organlarida mavjud, qaror qabul qilish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni “Litsenziya” AT orqali mustaqil ravishda oladi;

daraxtlar va butalar holatini joyiga chiqib oʻrganadi;

daraxtlar va butalarni kesish, koʻchirib oʻtkazish boʻyicha jamoatchilik eshituvini amalga oshiradi va uning xulosasini shakllantiradi;

daraxtlar va butalarni saqlab qolish imkoniyatlarini, shu jumladan, koʻchirib oʻtkazish masalasini koʻrib chiqadi hamda koʻchirib oʻtkaziladigan daraxtlar va butalarning soni, turi, muddatlari va koʻchirish joyini aniqlaydi;

saqlab qolishning iloji boʻlmagan taqdirda, kesilishi lozim boʻlgan daraxtlar va butalar sonini belgilaydi hamda kompensatsiyaviy ekiladigan daraxtlar va butalarning soni, turi hamda ekish muddati va joyini aniqlaydi.

b) yuridik va jismoniy shaxslarga har bir kesilgan daraxt va buta uchun kompensatsiya tarzida qimmatliligi jihatidan kesilgan daraxt va butalardan kam boʻlmagan yirik oʻlchamli (daraxt — 5 yillik, buta — 3 yillik) 10 tup koʻchatni ekish hamda kamida ikki yil davomida parvarish qilish boʻyicha qoʻshimcha majburiyat yuklanadi.

Bunda Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari tomonidan kesilgan daraxtlar va butalarning qiymati, ular oʻrniga ekiladigan koʻchat turlari, shuningdek, ularni ekish muddatlari hamda joyi koʻrsatilgan holda majburiy koʻrsatma beriladi.

Daraxt va butalarni kesish uchun ruxsatnoma berilgani uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda undiriladigan yigʻimni toʻlagani yuridik va jismoniy shaxslarni kompensatsiya tarzida ekish hamda parvarish qilish majburiyatidan ozod qilmaydi.

Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari ushbu bandning “a” va “b” kichik bandlarida koʻrsatilgan harakatlarni amalga oshirish uchun oʻz xodimlari yoki boshqa ekspertlar, shu jumladan, daraxtlarning holatini baholash maqsadida dendrologiya boʻyicha mutaxassislarni jalb qilgan holda ishchi guruhlar tashkil etishi mumkin.

Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari mazkur bandning “a” va “b” kichik bandlarida koʻrsatilgan harakatlarni amalga oshirish uchun oʻz xodimlari yoki boshqa ekspertlar, shu jumladan, daraxtlarning holatini baholash maqsadida dendrologiya boʻyicha mutaxassislarni jalb qilgan holda ishchi guruhlar tashkil etishi mumkin.

33. Daraxtlar va butalarni koʻchirib oʻtkazish ishlari Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari vakillari nazorati ostida yer uchastkalarining mulkdorlari, egalari, foydalanuvchilari, ijarachilari yoki ushbu yer uchastkalarida loyihalarni amalga oshiruvchi buyurtmachi tashkilot tomonidan amalga oshiriladi. Bunda:

tegishli yuridik va jismoniy shaxslar Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari, yer uchastkalarining mulkdorlari, egalari, foydalanuvchilari yoki ijarachilariga, shuningdek, boshqa manfaatdor shaxslarga daraxtlar va butalarni koʻchirib oʻtkazishdan kamida uch kun oldin unda ishtirok etuvchi vakillar ishtirokini taʼminlash yuzasidan yozma ravishda xabar beradi;

yozma xabarnomani olgan manfaatdor shaxslar daraxtlar va butalarni koʻchirib oʻtkazish ishlarida oʻz vakillari ishtirokini taʼminlaydi;

koʻchirib oʻtkazish sanasi, joyi (manzil va joyining konturlari) daraxtlar va butalar soni, turi, koʻchirib oʻtkazishning sababi, ushbu jarayonda ishtirok etgan shaxslar toʻgʻrisidagi (F.I.O., tashkilot nomi) maʼlumotlar koʻrsatilgan hamda foto materiallar ilova qilingan holda bir nusxada dalolatnoma tuziladi va ishtirok etuvchilar tomonidan imzolanadi;

dalolatnomada masʼul shaxslarning ruxsatnoma asosida koʻchirib oʻtkazilgan daraxt va butalarni kamida oʻch yil davomida parvarish qilish majburiyati qayd etiladi.

Koʻchirib oʻtkazish dalolatnomasining asl nusxasi Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalarida uch yilgacha saqlanadi.

34. Kompensatsiya yoki majburiyat tarzida ekiladigan daraxt va butalar uchun yer uchastkalari Ekologiya qoʻmitasi tomonidan hududlarda tashkil etilgan “Yashil bogʻlar” va “Yashil jamoat parklari”, daraxt va butalar bilan qoplanmagan oʻrmon fondi yerlari, shuningdek, obodonlashtirish hamda koʻkalamzorlashtirish uchun moʻljallangan boshqa hududlardan belgilanadi.

Kompensatsiyaviy ekish ishlari Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari vakillari, yer uchastkalarining mulkdorlari, egalari, foydalanuvchilari yoki ijarachilari ishtirokida amalga oshiriladi. Bunda:

Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari kompensatsiyaviy ekish uchun masʼul shaxslarga, yer uchastkalarining mulkdorlari, egalari, foydalanuvchilari yoki ijarachilariga, shuningdek, boshqa manfaatdor shaxslarga daraxtlar va butalarni kompensatsiyaviy ekishdan kamida uch kun oldin unda ishtirok etuvchi vakillar ishtirokini taʼminlash yuzasidan yozma ravishda xabar beradi;

kompensatsiyaviy ekish uchun masʼul shaxslar va boshqa manfaatdor shaxslar daraxtlar va butalarni kompensatsiyaviy ekish ishlarida oʻz vakillari ishtirokini taʼminlaydi;

kompensatsiyaviy ekish sanasi, joyi (manzil va joyining konturlari) daraxtlar va butalar soni, turi, yoshi, kompensatsiyaviy ekish sabablari (asoslari), kompensatsiyaviy ekishda ishtirok etgan jismoniy yoki yuridik shaxslar toʻgʻrisidagi (F.I.O., tashkilot nomi) maʼlumotlar koʻrsatilgan hamda foto materiallar ilova qilingan holda bir nusxada dalolatnoma tuziladi va ishtirok etuvchilar tomonidan imzolanadi. Dalolatnomada masʼul shaxslarning kompensatsiyaviy ekilgan koʻchatlarni kamida ikki yil davomida parvarish qilish majburiyati qayd etiladi.

Kompensatsiyaviy ekish dalolatnomasining asl nusxasi Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalarida uch yilgacha saqlanadi.

Kompensatsiyaviy ekish ishlarida fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va nodavlat notijorat tashkilotlar vakillari, jamoatchilik ekologik nazoratining inspektorlari hamda boshqa shaxslar ishtirok etishi mumkin.

34 1 . Kompensatsiya yoki majburiyat tarzida daraxt va buta koʻchatlarini ekish va parvarish qilish yuklatilgan shaxslar bilan tuzilgan shartnoma asosida Oʻrmon va yashil hududlarni koʻpaytirish, choʻllanishga qarshi kurashish agentligi tizimidagi davlat oʻrmon xoʻjaliklari — pudrat tashkilotlari tomonidan ushbu daraxt va buta koʻchatlari ekilishi hamda belgilangan muddat davomida parvarish qilinishi mumkin. Bunda:

belgilangan yer uchastkalarida Oʻrmon va yashil hududlarni koʻpaytirish, choʻllanishga qarshi kurashish agentligi buyurtmachiligida belgilangan tartibda aniqlanadigan loyihalashtirish tashkiloti ishlab chiqadigan loyihalar asosida daraxt va buta koʻchatlari davlat oʻrmon xoʻjaliklari — pudrat tashkilotlari tomonidan ekiladi hamda parvarish qilinadi;

loyiha hujjatlarini ishlab chiqish bilan bogʻliq xarajatlar Ekologiya jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi;

kompensatsiya yoki majburiyat tarzida daraxt va buta koʻchatlarini ekish va parvarish qilish yuklatilgan shaxslar shartnoma asosida daraxt va buta koʻchatlarini ekish, belgilangan muddat davomida parvarish qilish xarajatlarini davlat oʻrmon xoʻjaliklari — pudrat tashkilotlariga toʻlab beradi.

Daraxt va buta koʻchatlari kompensatsiya yoki majburiyat tarzida ruxsatnoma asosida yoki noqonuniy tarzda kesilgan daraxt va butalar joylashgan hududda ekiladi hamda parvarish qilinadi, boʻsh yer uchastkalari mavjud boʻlmagan hollar bundan mustasno.

35. Sanitariya maqsadida daraxtlar va butalarni kesish:

quriyotgan yoki qurib qolgan;

dekorativ xususiyatini yoʻqotish natijasida hovli, koʻcha va boshqa jamoat joylarining koʻrinishini buzib turgan;

kasallikka chalingan;

kasallik tarqatuvchi hayvonlar va hasharotlarning manbaiga aylangan;

odamlarning hayoti va sogʻligʻiga hamda yuridik va jismoniy shaxslarning mol-mulkiga xavf solayotgan holatlarda amalga oshiriladi.

36. Sanitariya maqsadida daraxtlar va butalarni kesish:

shaharlar va tumanlar markazidagi koʻchalarda hamda zaxira yerlarda — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari;

mahallalar hududlari hamda koʻp kvartirali uylar oraligʻi va atrofida, shu jumladan, koʻchalar va boshqa aholi punktlarida — fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlari, shuningdek, jismoniy shaxslarning murojaatiga muvofiq mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari;

tashkilotlarning hududlarida — yer egalari;

umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari boʻylarida — Avtomobil yoʻllari qoʻmitasining tashkilotlari;

umumiy foydalanishdagi temir yoʻllar boʻylarida — “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ tashkilotlari;

daryo, soy, irmoq, kanal, zovur va ariqlar boʻylarida — tegishliligi boʻyicha mahalliy ijro etuvchi hokimiyat va suv xoʻjaligi organlari;

fermer xoʻjaliklari yerlarida va qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan boshqa yerlarda — yer egalari tomonidan amalga oshiriladi.

37. Kesish, butash va koʻchirib oʻtkazish ishlarida hosil boʻlgan chiqindilarning (shox-shabba, barglar va boshqa kesish ishlari qoldiqlari) olib chiqib ketilishi, shuningdek, buzilgan yerlarning qayta tiklanishi ushbu ishlarni amalga oshirgan masʼullar tomonidan bir sutka davomida taʼminlanishi shart.

daraxt va butalarni sanitar maqsadida kesish, shakl berish hamda ularning ruxsat etilgan oʻlchamdagilarini koʻchirib oʻtkazish ishlari yaproq va igna bargli turlar uchun kuz mavsumida — oʻsimliklarning vegetatsiya davri yakunlangandan boshlab bahor mavsumining 1-apreliga qadar amalga oshiriladi.

Daraxt va butalarni koʻchirib oʻtkazish ishlari, binolar, inshootlar va kommunikatsiyalarni qurish yoki rekonstruksiya qilish bilan bogʻliq hollarda daraxt va butalarni ildiz tuprogʻini (komi) saqlagan holda amalga oshiriladi.

6-bob. Daraxtlar va butalarni qonunga xilof ravishda kesganlik, kundakov qilganlik, shikastlantirganlik, yoʻq qilganlik yoki koʻchirib oʻtkazganlik uchun javobgarlik

38. Daraxtlar va butalarning noqonuniy kesilishi, kundakov qilinishi, shikastlantirilishi, yoʻq qilinishi yoki koʻchirib oʻtkazilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Daraxtlar va butalarni qonunga xilof ravishda kesganlik, kundakov qilganlik, shikastlantirganlik, yoʻq qilganlik yoki koʻchirib oʻtkazganlik uchun aybdor shaxslar belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi hamda:

ushbu Nizomga 4-ilovada belgilangan miqdorlarda zarar hisoblanib, tegishli tartibda undiriladi;

noqonuniy tayyorlangan mahsulotlar (yogʻoch, oʻtin va boshqalar) huquqbuzardan olib qoʻyiladi;

huquqbuzarga har bir kesilgan daraxt va buta uchun qimmatliligi jihatidan kesilgan daraxt va butalardan kam boʻlmagan (daraxt — 3 yillik, buta — 2 yillik) 100 tup koʻchatni ekish hamda kamida uch yil davomida parvarish qilish boʻyicha majburiyat yuklanadi. Bunda Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari mansabdor shaxslari noqonuniy kesilgan va (yoki) yoʻq qilingan daraxtlar va butalarning qiymatini, ular oʻrniga ekiladigan koʻchatlarning turlarini, shuningdek, ekish muddatlari hamda joyini belgilagan holda majburiy koʻrsatma beradi. Kompensatsiya tarzida ekish ishlari ushbu Nizomning 34-bandida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari mansabdor shaxslari majburiy koʻrsatmalarini bajarmaslik huquqbuzarni belgilangan tartibda maʼmuriy javobgarlikka tortishga sabab boʻladi.

39. Moratoriy talablarini buzgan qurilish-pudrat tashkilotlarining “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimidagi darajasi (reyting bahosi) bir pogʻona pasaytiriladi. Bunda:

darajasi (reyting bahosi) bir pogʻona pasaytirilgan qurilish-pudrat tashkilotlari bir yil mobaynida darajasini (reyting bahosini) koʻtarish imkonidan mahrum boʻladi;

darajasini (reyting bahosini) bir pogʻonaga pasaytirish imkoni boʻlmagan qurilish-pudrat tashkilotlari bir yil muddatga qurilish-pudrat tashkilotlari elektron reytingidan toʻliq chiqarib tashlanadi.

Qurilish-pudrat tashkilotlari tomonidan huquqbuzarlik sodir etganlik holati tasdiqlanganidan soʻng uch kun muddatda Ekologiya qoʻmitasi yoki uning hududiy boʻlinmasi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligiga ushbu qurilish-pudrat tashkilotlarining “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimidagi darajasiga (reyting bahosiga) taʼsir koʻrsatish choralarini koʻrish yuzasidan taqdimnoma kiritiladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi taqdimnoma tushgan kundan boshlab 10 ish kunida tegishli qurilish-pudrat tashkilotining “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimidagi darajasiga taʼsir koʻrsatish choralarini qoʻllaydi va bu toʻgʻrisida Ekologiya qoʻmitasiga rasmiy axborot kiritadi.

40. Daraxtlar va butalarni noqonuniy kesishdan hosil boʻlgan mahsulotlar (yogʻoch, oʻtin va boshqalar) Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari tomonidan tegishli dalolatnomani rasmiylashtirish orqali qabul qilib olinadi.

Ushbu mahsulotlar (yogʻoch, oʻtin va boshqalar) tayyorlov va savdo tashkilotlari yoki tadbirkorlik subyektlari omborxonalariga vaqtincha saqlash uchun joylashtirilishi mumkin.

Daraxtlar va butalarni sanitariya maqsadida yoki noqonuniy kesishdan hosil boʻlgan mahsulotlar (yogʻoch, oʻtin va boshqalar) oʻtin sifatida ishlatish uchun “Mehribonlik” uylari, “Gʻamxoʻrlik” markazlari va Ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash markazlari, shuningdek, taʼlim va sogʻliqni saqlash tashkilotlariga hamda fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari tavsiyasiga koʻra Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga tegishli dalolatnoma asosida beriladi.

41. Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan yerlarda daraxtlar va butalarni kesishga ruxsatnomalar berish, shuningdek, ularni gʻayriqonuniy kesganlik, kundakov qilganlik, shikastlantirganlik, yoʻq qilganlik yoki koʻchirib oʻtkazganlik uchun undiriladigan mablagʻlar (zarar va jarimalar) Ekologiya qoʻmitasining Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish jamgʻarmasining hisobvaragʻiga tushadi va uning 26 foizi Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjetiga hamda viloyatlar va Toshkent shahrining mahalliy budjetlariga oʻtkaziladi.

Tut daraxtlarini gʻayriqonuniy ravishda kesganlik, shikastlantirganlik yoki yoʻq qilganlik uchun undirilgan jarimalar Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish jamgʻarmasiga yoʻnaltiriladi. Bunda undirilgan jarimalarning 50 foizi “Oʻzbekipaksanoat” uyushmasining hisobvaragʻiga, 26 foizi Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjetiga hamda viloyatlar va Toshkent shahrining tegishli mahalliy budjetlariga oʻtkaziladi.

“Oʻzbekipaksanoat” uyushmasi hisobvaragʻiga oʻtkazilgan mablagʻlar, qonunbuzarlik sodir etilgan hududda maqsadli ravishda yangi tut koʻchatlarini ekishga yoʻnaltiriladi. Ushbu mablagʻlarni boshqa maqsadlarga, shu jumladan, qarzdorlikni qoplashga yoʻnaltirish taqiqlanadi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

42. Ushbu Nizom talablariga rioya qilinishi boʻyicha davlat nazorati ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish hamda ichki ishlar organlari tomonidan amalga oshiriladi.

43. Daraxtlar va butalarni muhofaza qilish, parvarish qilish, xatlovdan oʻtkazish, biriktirish, kesish, koʻchirib oʻtkazish, ekish yoki kompensatsiyaviy ekish ustidan jamoatchilik nazorati qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

44. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni ekish, parvarish qilish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni ekish va parvarish qilish

Bosqichlar Tadbirlar Subyektlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Daraxtlar va butalarni ekish uchun joy tanlash va ekish 1. Aholi punktlarida — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlari. 2. Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga biriktirilgan yoʻl va koʻchalar boʻylarida — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari. 3. Tashkilotlarga tegishli hududlarda — yer egalari. 4. Umumiy foydalanishdagi temir yoʻllar va umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari boʻylarida — “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ va Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi tashkilotlari. 5. Tabiiy va sunʼiy suv oqimlari, suv havzalari hamda boshqa suv obyektlarining ajratilgan mintaqalarida — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, shuningdek, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan kelishgan holda suv xoʻjaligi organlari. 6. Fermer xoʻjaligi yerlarida va qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan boshqa yerlarda — yer egalari. 7. Zaxira yerlarda — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari. Daraxtlar va butalarni ekish — bahor va kuz faslida yoki ehtiyojdan kelib chiqqan holda boshqa fasllarda 2-bosqich Daraxtlar va butalarni sugʻorish va oziqlantirish 1. Shaharlar va tumanlar markazlaridagi koʻchalarda — biriktirilganligiga muvofiq mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, shuningdek, oʻzlari faoliyat koʻrsatayotgan binodan koʻchagacha boʻlgan oraliqda tashkilotlar. 2. Shaharlar va tumanlar markazlaridagi ichki koʻchalar, mahallalar hududlari hamda koʻp qavatli uylar oraligʻi va atrofida, shuningdek, boshqa aholi punktlarida oʻzlariga biriktirilgan hududlar boʻyicha fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlari, oʻzlari faoliyat koʻrsatayotgan binodan koʻchagacha boʻlgan oraliqdagi tashkilotlar. 3. Tashkilotlarning hududlarida — yer egalari. 4. Umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari boʻylarida — Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi tashkilotlari. 5. Umumiy foydalanishdagi temir yoʻllar boʻylarida — “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ tashkilotlari. 6. Daryo, soy, irmoq, kanal, kollektor-drenaj tarmoqlari va ariqlar boʻylarida — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va suv xoʻjaligi organlari. 7. Fermer xoʻjaliklari yerlarida va qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan boshqa yerlarda — yer egalari. 8. Zaxira yerlarda — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari. Yil davomida 3-bosqich Daraxtlar va butalarni butash 1. Shaharlar va tumanlar markazlaridagi koʻchalarda hamda zaxira yerlarda — biriktirilganligiga muvofiq mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari. 2. Boshqa aholi punktlarida — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlari. 3. Tashkilotlarning hududlarida — yer egalari. 4. Umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari boʻylarida — Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi tashkilotlari. 5. Umumiy foydalanishdagi temir yoʻllar boʻylarida — “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ tashkilotlari. 6. Daryo, soy, irmoq, kanal, zovur va ariqlar boʻylarida — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va suv xoʻjaligi organlari. 7. Fermer xoʻjaligi yerlarida va qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan boshqa yerlarda — yer egalari. Bahor faslida yoki ehtiyojdan kelib chiqqan holda — yil davomida 4-bosqich Turli zararkunanda va kasalliklar taʼsirida zararlangan yoki kasallikka chalingan daraxt va butalarga kimyoviy va biologik ishlov berish 1. Aholi punktlarida hamda zaxira yerlarda — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari. 2. Tashkilotlarning hududlarida — yer egalari. 3. Umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari boʻylarida — Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi tashkilotlari. 4. Umumiy foydalanishdagi temir yoʻllar boʻylarida — “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ tashkilotlari. 5. Daryo, soy, irmoq, kanal, kollektor-drenaj tarmoqlari va ariqlar boʻylarida — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va suv xoʻjaligi organlari. 6. Fermer xoʻjaligi yerlarida va qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan boshqa yerlarda — yer egalari. Yil davomida

Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni ekish, parvarish qilish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlarni xatlovdan oʻtkazish

Bosqichlar Tadbirlar Subyektlar Bajarish muddatlari 1-bosqich 1. Xatlov oʻtkazish toʻgʻrisida mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi qarorini qabul qilish. 2. Xatlovni oʻtkazish boʻyicha Ishchi guruhni shakllantirish. Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, Ekologiya qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari, yer egalari yoki biriktirilgan hududlardagi tegishli tashkilotlar Xatlov oʻtkaziladigan yili 10-fevralga qadar 2-bosqich Xatlov oʻtkaziladigan uchastkalar va masʼullarni belgilash. Ishchi guruh Xatlov oʻtkaziladigan yili 1-martga qadar 3-bosqich 1. Joyiga chiqqan holda daraxtlarni xatlovdan oʻtkazish, hisobga olish hamda ularni jurnalda yoki raqamlashtirish yoʻli bilan qayd etish. 2. Qayd etilgan maʼlumotlarni qayta ishlash, umumlashtirish va daraxtlar reyestriga kiritish. 3. Daraxtlar reyestri maʼlumotlarini Ekologiya qoʻmitasiga taqdim etish. Ishchi guruh Xatlov oʻtkaziladigan yili 1-martdan 1-noyabrga qadar 4-bosqich 1. Daraxtlar reyestri maʼlumotlarini “Yashil makon” platformasiga kiritish maʼlumotlar bazasini shakllantirish. 2. Daraxtlar reyestri maʼlumotlarini Ekologiya qoʻmitasining veb-saytiga joylashtirish. Ekologiya qoʻmitasi Xatlov oʻtkaziladigan yil yakuniga qadar

Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni ekish, parvarish qilish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

DARAXTLAR REYESTRI

Reyestr raqami Viloyat Tuman (shahar) Tashkilot nomi Manzili (MFY, koʻcha va bosh.) Daraxt turi (nomlanishi) Daraxts oni Daraxt holati (sogʻlom, kasallangan, qurigan) Daraxt tanasining aylanma oʻlchami (1,3 metr balandlikda, sm) Daraxt ningyoshi (yil) Joylashuv lokatsiyasi (koordinatalari) Daraxtlarni roʻyxatga olish raqami Xatlov dalolatnomasi raqami va sanasi

Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni ekish, parvarish qilish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA

Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan daraxtlar va butalarni noqonuniy kesish, kundakov qilish, shikastlantirish yoki yoʻq qilish bilan ularga yetkazilgan zararni undirish

T/r Qoidabuzarlik turlari Zarar miqdori (bazaviy hisoblash miqdoriga nisbatan koeffitsiyentlarda) 100 yoshdan kichik 100 yosh va undan yuqori kam qiymatli qimmatbaho kam qiymatli qimmatbaho 1. Kesilgan, yoʻq qilingan yoki oʻsishdan toʻxtash darajasigacha shikastlangan har bir daraxt va buta uchun, toʻnkasi oldidagi diametri (sm): 4 gacha 1 4 4 8 4,1 — 8 1,5 6 6 12 8,1 — 12 2 10 8 20 12,1 — 16 3 13 12 26 16,1 — 20 5 18 20 36 20,1 — 24 7,5 25 30 50 24,1 — 28 9 35 36 70 28,1 — 32 11,5 45 46 90 32,1 — 36 16,5 55 66 110 36,1 — 40 22 65 88 130 40,1 — 44 26 80 104 160 44,1 — 48 31 95 124 190 48,1 — 52 36 105 144 210 52,1 — 56 41 115 164 230 56,1 — 60 46 135 184 270 60,1 — 64 52,5 145 210 290 64 santimetrdan ortiq diametrning har bir santimetri uchun toʻlov 0,5 koeffitsiyent miqdorida oshadi. 2. Noqonuniy kesilgan: 1 m ³ saksovul uchun 14 1 m ³ cherkez, qandim, yulgʻun va boshqa yovvoyi holda oʻsuvchi butalar uchun 3 3. Oʻsishdan toʻxtamaydigan darajasigacha shikast yetkazilgan har bir: daraxt uchun 3 4 4 4 buta uchun 1 2

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-avgustdagi 464-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Vazirlar Mahkamasining 2014-yil 20-oktabrdagi 290-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻsimlik dunyosi obyektlaridan foydalanish va oʻsimlik dunyosi obyektlaridan foydalanish sohasida ruxsat berish tartib-taomillaridan oʻtish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 14-ilovada :

ilovaning nomidagi “Oʻzbekiston Respublikasi hududida” soʻzlari “Davlat oʻrmon fondi yerlarida” soʻzlari bilan almashtirilsin;

“Belgilangan bazaviy hisoblash miqdoriga nisbatan koeffitsiyentlarda undirish miqdori” ustuni nomidagi “shuningdek aholi yashash joylari va transport magistrallarining oʻrmon fondi tarkibiga kirmaydigan daraxt-butazorlar” soʻzlari chiqarib tashlansin.

2. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-fevraldagi 86-son qarori bilan tasdiqlangan Maxsus elektron tizim orqali ruxsat etish xususiyatiga ega ayrim hujjatlarni berish tartib-taomillari toʻgʻrisidagi yagona nizomga 15-ilovaning 9-pozitsiyasi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ 9. Ruxsat etishga oid talab va shartlar: a) oʻsimlik dunyosini muhofaza qilish va undan foydalanish toʻgʻrisidagi qonunchilik talab va shartlariga rioya qilish; b) vakolatli organ tomonidan belgilangan muddatlarda va joylarga ruxsatnoma asosida kesilgan har bir daraxt va buta uchun kompensatsiya tarzida 10 tup qimmatliligi jihatidan kesiladigan daraxt va butalardan kam boʻlmagan, yirik oʻlchamli koʻchatlarini ekish (daraxt — 5 yillik, buta — 3 yillik) hamda ularni kamida ikki yil davomida parvarish qilish. ” .

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-avgustdagi 464-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan yerlarda daraxtlar va butalardan foydalanishni tartibga solish va ulardan foydalanish sohasida ruxsat berish tartibini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida” 2019-yil 17-yanvardagi 43-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2019-yil 27-dekabrdagi 1044-son qaroriga ilovaning 1-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mehnatga haq toʻlash, pensiyalar va boshqa toʻlovlar miqdorlarini aniqlash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2019-yil 21-maydagi PF-5723-son Farmoni)” 2019-yil 28-dekabrdagi 1046-son qarorining 266-bandi .

4. Vazirlar Mahkamasining “Maxsus elektron tizim orqali ruxsat etish xususiyatiga ega ayrim hujjatlarni berish tartib-taomillari toʻgʻrisidagi yagona nizomni tasdiqlash haqida” 2022-yil 22-fevraldagi 86-son qaroriga 4-ilovaning 6-bandi .

5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 557-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 22-avgust,

464-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 22.08.2022-y., 09/22/464/0761-son; 26.02.2024-y., 09/24/100/0152-son, 31.05.2024-y., 09/24/316/0385-son ; 16.12.2025-y., 09/25/791/1167-son; 02.02.2026-y., 09/26/35/0101-son; 22.05.2026-y., 09/26/271/0529-son; 01.07.2026-y., 09/26/342/0657-son; 21.07.2026-y., 09/26/393/0764-son)

lex.uz