UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 22-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 22 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 22 августа 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 22 August 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини ягона базада сақлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни , шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 17 мартдаги ПФ-89-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 17 мартдаги ПФ-89-сон Фармонига мувофиқ 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:

муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари мажбурий тартибда Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ягона базасида (кейинги ўринларда — Ягона база) сақланиши;

Ягона базани юритиш, техник таъминлаш ҳамда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритиш жараёни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси томонидан мувофиқлаштирилиши;

объектнинг электрон назорат нусхалари Ягона базага муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлаш фаолиятини амалга оширувчилар (депозитарийлар) томонидан жойлаштирилиши;

муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлаш фаолиятини амалга оширувчилар (депозитарийлар) томонидан объектнинг электрон назорат нусхалари Ягона базага киритилгандан сўнг унинг сақловга қабул қилинганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини ягона базада сақлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Ягона базани юритиш, муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлаш фаолиятини амалга оширувчилар (депозитарийлар) тўғрисидаги маълумотни унга киритиш;

муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлган асарларнинг электрон нусхаларини Ягона базага киритиш, тегишли маълумотларга тузатишлар киритиш ва янгилаш;

Ягона базага муаллифлик ҳуқуқи объектлари уларни сақлаш фаолиятини амалга оширувчилар (депозитарийлар) томонидан жойлаштирилишини мувофиқлаштириш;

муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлаш фаолиятини амалга оширувчилар (депозитарийлар) томонидан тегишли объектлар сақлашга қабул қилинганлиги тўғрисида ҳуқуқ эгаларига тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларни самарали ташкил этиш, аҳоли ва ижрочиларнинг интеллектуал мулк соҳасидаги билим ва кўникмаларини доимий равишда ошириб бориш, ушбу соҳани ривожлантиришда халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатларнинг нуфузли экспертларини кенг жалб қилиш бўйича тизимли чоралар кўриб борсин.

4. Ушбу қарор 2023 йил 1 апрелдан кучга киради.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 469-сон қарорига ИЛОВА

Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини ягона базада сақлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлашга қабул қилувчи ташкилотлар (кейинги ўринларда — депозитарийлар) томонидан муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ягона базасида (кейинги ўринларда — Ягона база) сақлаш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом талаблари нотариуслар томонидан муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлаш учун тегишли маълумотларни қабул қилишга нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Ягона базани юритиш, техник таъминлаш ҳамда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритиш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Оператор) томонидан мувофиқлаштирилади.

3. Оператор Ягона базанинг ишлашини, техник кузатувини, ахборот хавфсизлиги ва мунтазам янгиланишини, жойлаштирилган маълумотларнинг очиқлигини, шунингдек, мазкур базага рухсат берилмаган тарзда киришдан ҳимояни таъминлайди.

Оператор томонидан муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритиш жараёнлари депозитарийларнинг Ягона базадан фойдаланишига услубий кўмаклашиш орқали мувофиқлаштирилади.

4. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

муаллифлик ҳуқуқи объекти — ижодий фаолият натижаси бўлган объектив шаклга эга бўлган фан, адабиёт ва санъат асарлари;

муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаси — белгиланган тартибда Ягона базага киритилган фан, адабиёт ва санъат асарларининг электрон нусхаси.

5. Депозитарийлар томонидан «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ сақлашга қабул қилинган муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари мажбурий тартибда Ягона базада сақланади.

Муаллифлик ҳуқуқи объектининг депозитарийга сақлаш учун топширилиши муаллифлик ҳуқуқи объектининг электрон нусхаси Ягона базага киритилиши учун асос ҳисобланади.

6. Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базада сақлаш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базада сақлаш

7. Ягона базада қуйидаги муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари сақланади:

адабий асарлар (адабий-бадиий, илмий, ўқув, публицистик ва бошқа асарлар);

драма ва сценарий асарлари;

матнли ёки матнсиз мусиқа асарлари;

мусиқали драма асарлари;

хореография асарлари ва пантомималар;

аудиовизуал асарлар;

рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, дизайн асарлари ва тасвирий санъатнинг бошқа асарлари;

манзарали-амалий ва саҳна безаги санъати асарлари;

архитектура, шаҳарсозлик ва боғ-парк барпо этиш санъати асарлари;

фотография асарлари ва фотографияга ўхшаш усулларда яратилган асарлар;

география, геология хариталари ва бошқа хариталар, география, топография ва бошқа фанларга тааллуқли тарҳлар, эскизлар ва асарлар;

барча турдаги электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар, шу жумладан, ҳар қандай дастурлаш тилида ва ҳар қандай шаклда, чунончи, бошланғич матн ҳамда объект кодида ифодаланиши мумкин бўлган амалий дастурлар ва операция тизимлари;

«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасида белгиланган талабларга жавоб берадиган бошқа асарлар.

8. Муаллифлик ҳуқуқи объектининг электрон назорат нусхалари Ягона базада муддатсиз сақланади.

9. Ягона базада:

муаллифлик ҳуқуқи объектини сақловга қабул қилган депозитарий;

муаллифлик ҳуқуқи объектини сақлаш учун топширган ҳуқуқ эгаси;

асар муаллифи;

муаллифлик ҳуқуқи объектининг тури, номи, яратилган санаси;

сақлашга қабул қилинган муаллифлик ҳуқуқи объектининг биринчи марта чоп этилган санаси (агар у чоп этилган бўлса);

асардан фойдаланиш шартлари;

муаллифлик ҳуқуқи объектининг Ягона базада рўйхатга олинган санаси ва рақами ҳақидаги маълумотлар акс эттирилади.

Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг Ягона базага киритилганлиги ҳақидаги маълумотлар танишиб чиқиш учун очиқ ҳисобланади.

10. Ягона базада рўйхатга олинган муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳақидаги маълумотларга тузатишлар киритилиши ва муаллифлик ҳуқуқи объекти сақловга қабул қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг бекор қилиниши депозитарийлар томонидан мазкур Низомда назарда тутилган тартибда Ягона базада акс эттирилади.

3-боб. Депозитарийларнинг Ягона базадан рўйхатдан ўтиши

11. Депозитарийлар Ягона базадан фойдаланиш учун аввал Ягона базадан рўйхатдан ўтади.

Рўйхатдан ўтиш учун депозитарий томонидан Ягона базага солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса) ва телефон рақами киритилади.

Ягона базага зарур маълумотлар киритилгандан сўнг депозитарий уларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди.

12. Депозитарийларнинг Ягона базадан фойдаланишини тугатиш уларнинг Ягона базага йўллаган хабарномасига кўра, суднинг қарорига асосан ёки юридик шахс сифатида тугатилганда амалга оширилади.

4-боб. Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага жойлаштириш

13. Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари Ягона базага депозитарийлар томонидан жойлаштирилади.

14. Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритиш учун депозитарий қуйидаги материаллар ва маълумотларни бириктиради:

сақлашга қабул қилинаётган муаллифлик ҳуқуқи объектининг муаллифи ва сақлаш учун топширган ҳуқуқ эгасини идентификацияловчи маълумотлар (жисмоний шахслар учун — фамилияси, исми ва отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) ҳамда юридик шахслар учун — солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР));

сақлашга қабул қилинаётган муаллифлик ҳуқуқи объектининг тури;

сақлашга қабул қилинаётган муаллифлик ҳуқуқи объектининг номи;

сақлашга қабул қилинаётган муаллифлик ҳуқуқи объектининг яратилган санаси;

сақлашга қабул қилинаётган муаллифлик ҳуқуқи объектининг биринчи марта чоп этилган санаси (агар у чоп этилган бўлса, кўрсатилиши лозим);

асардан фойдаланиш шартлари;

муаллифлик ҳуқуқи объектининг электрон нусхаси (фото, видео ва бошқалар).

Ягона базага муаллифлик ҳуқуқи объекти ва зарур маълумотлар киритилгандан сўнг депозитарий уни электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди.

15. Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага жойлаштириш учун депозитарийлар томонидан Операторнинг ҳисобварағига тўлов амалга оширилади.

Тўлов миқдори Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланиб, Ягона базада муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини жойлаштиришда техник ресурслардан фойдаланилиши билан боғлиқ Операторнинг харажатларидан ошмаслиги керак.

16. Ягона базага маълумотлар киритилгач тегишли муаллифлик ҳуқуқи объекти автоматик тарзда Ягона базада сақлашга қабул қилинади ва бу тўғрисида депозитарийга шу вақтнинг ўзида билдиришнома юборилади.

Билдиришномада сақлашга қабул қилинган муаллифлик ҳуқуқи объектининг тури, номи, муаллифи ва сақлаш учун топширган ҳуқуқ эгаси, асар яратилган вақт тўғрисидаги маълумотлар ҳамда объектнинг Ягона базада рўйхатга олинган санаси ва рақами кўрсатилади.

17. Депозитарийлар томонидан билдиришнома олингандан сўнг асарни сақлаш учун топширган ҳуқуқ эгасига муаллифлик ҳуқуқи объекти сақловга қабул қилинганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим қилинади.

Мазкур ҳужжат билдиришномада кўрсатилган маълумотлар асосида шакллантирилади.

18. Ягона базани юритиш, техник таъминлаш ҳамда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритиш жараёнини мувофиқлаштириш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган тўловлар Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулкни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

19. Депозитарийлар томонидан муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритмаган ёки мазкур Низом 16-бандининг иккинчи хатбошида назарда тутилган маълумотларни акс эттирмаган ҳолда асарни сақлаш учун топширган ҳуқуқ эгаси номига расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

20. Ягона базага киритилган муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхасидан депозитарий ва сақлаш учун топширган ҳуқуқ эгаси ўртасида тузилган шартнома ҳамда «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24 — 33-моддаларида белгиланган тартибда фойдаланилади.

21. Операторнинг Ягона базани юритиш ва техник таъминлаш бўйича хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

22. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини ягона базада сақлаш тартиби тўғрисида низомга ИЛОВА

Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини ягона базада сақлаш тартиби хизматини кўрсатиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Муаллифлик ҳуқуқи объектларини ҳисобга олиш ва сақлаш бўйича хизматларни кўрсатувчи юридик шахс — Депозитарий Ягона базадан фойдаланиш учун Ягона базадан рўйхатдан ўтиш: ягона базага солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), электрон почта манзили ва телефон рақами киритиш; ягона базага зарур маълумотлар киритилгандан сўнг уларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш. Автоматик тарзда 2-босқич Депозитарий Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари Ягона базага жойлаштириш Рўйхатдан ўтганидан сўнг 3-босқич Депозитарий Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага жойлаштирганлик учун тўловни амалга ошириш Электрон назорат нусхани Ягона базага жойлаштиргандан сўнг 4-босқич Интеллектуал мулк маркази давлат муассасаси — Оператор Ягона базага киритилган муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақловга қабул қилинганлиги тўғрисида билдиришнома юбориш Автоматик тарзда 5-босқич Депозитарий Асарни сақлаш учун топширган ҳуқуқ эгасига муаллифлик ҳуқуқи объекти сақловга қабул қилинганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим қилиш Билдиришнома олинганидан сўнг

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 22 август,

469-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2022 й., 09/22/469/0762-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini yagona bazada saqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

“Mualliflik huquqi va turdosh huquqlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni , shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Fuqarolarning huquq va erkinliklarini taʼminlash hamda huquqiy xizmat koʻrsatishda adliya organlari va muassasalari faoliyati samaradorligini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 17-martdagi PF-89-son Farmoniga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Fuqarolarning huquq va erkinliklarini taʼminlash hamda huquqiy xizmat koʻrsatishda adliya organlari va muassasalari faoliyati samaradorligini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 17-martdagi PF-89-son Farmoniga muvofiq 2023-yil 1-apreldan boshlab:

mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalari majburiy tartibda Mualliflik huquqi obyektlarining yagona bazasida (keyingi oʻrinlarda — Yagona baza) saqlanishi;

Yagona bazani yuritish, texnik taʼminlash hamda mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini Yagona bazaga kiritish jarayoni Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi “Intellektual mulk markazi” davlat muassasasi tomonidan muvofiqlashtirilishi;

obyektning elektron nazorat nusxalari Yagona bazaga mualliflik huquqi obyektlarini saqlash faoliyatini amalga oshiruvchilar (depozitariylar) tomonidan joylashtirilishi;

mualliflik huquqi obyektlarini saqlash faoliyatini amalga oshiruvchilar (depozitariylar) tomonidan obyektning elektron nazorat nusxalari Yagona bazaga kiritilgandan soʻng uning saqlovga qabul qilinganligi toʻgʻrisida hujjat taqdim etilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini yagona bazada saqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Yagona bazani yuritish, mualliflik huquqi obyektlarini saqlash faoliyatini amalga oshiruvchilar (depozitariylar) toʻgʻrisidagi maʼlumotni unga kiritish;

mualliflik huquqi obyektlari boʻlgan asarlarning elektron nusxalarini Yagona bazaga kiritish, tegishli maʼlumotlarga tuzatishlar kiritish va yangilash;

Yagona bazaga mualliflik huquqi obyektlari ularni saqlash faoliyatini amalga oshiruvchilar (depozitariylar) tomonidan joylashtirilishini muvofiqlashtirish;

mualliflik huquqi obyektlarini saqlash faoliyatini amalga oshiruvchilar (depozitariylar) tomonidan tegishli obyektlar saqlashga qabul qilinganligi toʻgʻrisida huquq egalariga tegishli hujjatlarni rasmiylashtirish.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi mazkur qarorda belgilangan chora-tadbirlarni samarali tashkil etish, aholi va ijrochilarning intellektual mulk sohasidagi bilim va koʻnikmalarini doimiy ravishda oshirib borish, ushbu sohani rivojlantirishda xalqaro tashkilotlar va xorijiy mamlakatlarning nufuzli ekspertlarini keng jalb qilish boʻyicha tizimli choralar koʻrib borsin.

4. Ushbu qaror 2023-yil 1-apreldan kuchga kiradi.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri R.Q. Davletov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-avgustdagi 469-son qaroriga ILOVA

Mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini yagona bazada saqlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom mualliflik huquqi obyektlarini saqlashga qabul qiluvchi tashkilotlar (keyingi oʻrinlarda — depozitariylar) tomonidan mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini Mualliflik huquqi obyektlarining yagona bazasida (keyingi oʻrinlarda — Yagona baza) saqlash tartibini belgilaydi.

Ushbu Nizom talablari notariuslar tomonidan mualliflik va turdosh huquq obyekti taqdim etilgan vaqtni tasdiqlash uchun tegishli maʼlumotlarni qabul qilishga nisbatan tatbiq etilmaydi.

2. Yagona bazani yuritish, texnik taʼminlash hamda mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini Yagona bazaga kiritish jarayonlari Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi “Intellektual mulk markazi” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Operator) tomonidan muvofiqlashtiriladi.

3. Operator Yagona bazaning ishlashini, texnik kuzatuvini, axborot xavfsizligi va muntazam yangilanishini, joylashtirilgan maʼlumotlarning ochiqligini, shuningdek, mazkur bazaga ruxsat berilmagan tarzda kirishdan himoyani taʼminlaydi.

Operator tomonidan mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini Yagona bazaga kiritish jarayonlari depozitariylarning Yagona bazadan foydalanishiga uslubiy koʻmaklashish orqali muvofiqlashtiriladi.

4. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

mualliflik huquqi obyekti — ijodiy faoliyat natijasi boʻlgan obyektiv shaklga ega boʻlgan fan, adabiyot va sanʼat asarlari;

mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxasi — belgilangan tartibda Yagona bazaga kiritilgan fan, adabiyot va sanʼat asarlarining elektron nusxasi.

5. Depozitariylar tomonidan “Mualliflik huquqi va turdosh huquqlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 22-moddasiga muvofiq saqlashga qabul qilingan mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalari majburiy tartibda Yagona bazada saqlanadi.

Mualliflik huquqi obyektining depozitariyga saqlash uchun topshirilishi mualliflik huquqi obyektining elektron nusxasi Yagona bazaga kiritilishi uchun asos hisoblanadi.

6. Mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini Yagona bazada saqlash mazkur Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

2-bob. Mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini Yagona bazada saqlash

7. Yagona bazada quyidagi mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalari saqlanadi:

adabiy asarlar (adabiy-badiiy, ilmiy, oʻquv, publitsistik va boshqa asarlar);

drama va ssenariy asarlari;

matnli yoki matnsiz musiqa asarlari;

musiqali drama asarlari;

xoreografiya asarlari va pantomimalar;

audiovizual asarlar;

rangtasvir, haykaltaroshlik, grafika, dizayn asarlari va tasviriy sanʼatning boshqa asarlari;

manzarali-amaliy va sahna bezagi sanʼati asarlari;

arxitektura, shaharsozlik va bogʻ-park barpo etish sanʼati asarlari;

fotografiya asarlari va fotografiyaga oʻxshash usullarda yaratilgan asarlar;

geografiya, geologiya xaritalari va boshqa xaritalar, geografiya, topografiya va boshqa fanlarga taalluqli tarhlar, eskizlar va asarlar;

barcha turdagi elektron hisoblash mashinalari uchun dasturlar, shu jumladan, har qanday dasturlash tilida va har qanday shaklda, chunonchi, boshlangʻich matn hamda obyekt kodida ifodalanishi mumkin boʻlgan amaliy dasturlar va operatsiya tizimlari;

“Mualliflik huquqi va turdosh huquqlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 5-moddasida belgilangan talablarga javob beradigan boshqa asarlar.

8. Mualliflik huquqi obyektining elektron nazorat nusxalari Yagona bazada muddatsiz saqlanadi.

9. Yagona bazada:

mualliflik huquqi obyektini saqlovga qabul qilgan depozitariy;

mualliflik huquqi obyektini saqlash uchun topshirgan huquq egasi;

asar muallifi;

mualliflik huquqi obyektining turi, nomi, yaratilgan sanasi;

saqlashga qabul qilingan mualliflik huquqi obyektining birinchi marta chop etilgan sanasi (agar u chop etilgan boʻlsa);

asardan foydalanish shartlari;

mualliflik huquqi obyektining Yagona bazada roʻyxatga olingan sanasi va raqami haqidagi maʼlumotlar aks ettiriladi.

Mualliflik huquqi obyektlarining Yagona bazaga kiritilganligi haqidagi maʼlumotlar tanishib chiqish uchun ochiq hisoblanadi.

10. Yagona bazada roʻyxatga olingan mualliflik huquqi obyektlari haqidagi maʼlumotlarga tuzatishlar kiritilishi va mualliflik huquqi obyekti saqlovga qabul qilinganligi toʻgʻrisidagi hujjatning bekor qilinishi depozitariylar tomonidan mazkur Nizomda nazarda tutilgan tartibda Yagona bazada aks ettiriladi.

3-bob. Depozitariylarning Yagona bazadan roʻyxatdan oʻtishi

11. Depozitariylar Yagona bazadan foydalanish uchun avval Yagona bazadan roʻyxatdan oʻtadi.

Roʻyxatdan oʻtish uchun depozitariy tomonidan Yagona bazaga soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR), elektron pochta manzili (agar mavjud boʻlsa) va telefon raqami kiritiladi.

Yagona bazaga zarur maʼlumotlar kiritilgandan soʻng depozitariy ularni elektron raqamli imzo bilan tasdiqlaydi.

12. Depozitariylarning Yagona bazadan foydalanishini tugatish ularning Yagona bazaga yoʻllagan xabarnomasiga koʻra, sudning qaroriga asosan yoki yuridik shaxs sifatida tugatilganda amalga oshiriladi.

4-bob. Mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini Yagona bazaga joylashtirish

13. Mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalari Yagona bazaga depozitariylar tomonidan joylashtiriladi.

14. Mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini Yagona bazaga kiritish uchun depozitariy quyidagi materiallar va maʼlumotlarni biriktiradi:

saqlashga qabul qilinayotgan mualliflik huquqi obyektining muallifi va saqlash uchun topshirgan huquq egasini identifikatsiyalovchi maʼlumotlar (jismoniy shaxslar uchun — familiyasi, ismi va otasining ismi, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR) hamda yuridik shaxslar uchun — soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR));

saqlashga qabul qilinayotgan mualliflik huquqi obyektining turi;

saqlashga qabul qilinayotgan mualliflik huquqi obyektining nomi;

saqlashga qabul qilinayotgan mualliflik huquqi obyektining yaratilgan sanasi;

saqlashga qabul qilinayotgan mualliflik huquqi obyektining birinchi marta chop etilgan sanasi (agar u chop etilgan boʻlsa, koʻrsatilishi lozim);

asardan foydalanish shartlari;

mualliflik huquqi obyektining elektron nusxasi (foto, video va boshqalar).

Yagona bazaga mualliflik huquqi obyekti va zarur maʼlumotlar kiritilgandan soʻng depozitariy uni elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlaydi.

15. Mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini Yagona bazaga joylashtirish uchun depozitariylar tomonidan Operatorning hisobvaragʻiga toʻlov amalga oshiriladi.

Toʻlov miqdori Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan belgilanib, Yagona bazada mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini joylashtirishda texnik resurslardan foydalanilishi bilan bogʻliq Operatorning xarajatlaridan oshmasligi kerak.

16. Yagona bazaga maʼlumotlar kiritilgach tegishli mualliflik huquqi obyekti avtomatik tarzda Yagona bazada saqlashga qabul qilinadi va bu toʻgʻrisida depozitariyga shu vaqtning oʻzida bildirishnoma yuboriladi.

Bildirishnomada saqlashga qabul qilingan mualliflik huquqi obyektining turi, nomi, muallifi va saqlash uchun topshirgan huquq egasi, asar yaratilgan vaqt toʻgʻrisidagi maʼlumotlar hamda obyektning Yagona bazada roʻyxatga olingan sanasi va raqami koʻrsatiladi.

17. Depozitariylar tomonidan bildirishnoma olingandan soʻng asarni saqlash uchun topshirgan huquq egasiga mualliflik huquqi obyekti saqlovga qabul qilinganligi toʻgʻrisida hujjat taqdim qilinadi.

Mazkur hujjat bildirishnomada koʻrsatilgan maʼlumotlar asosida shakllantiriladi.

18. Yagona bazani yuritish, texnik taʼminlash hamda mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini Yagona bazaga kiritish jarayonini muvofiqlashtirish bilan bogʻliq xarajatlar, shuningdek, mazkur Nizomning 15-bandida nazarda tutilgan toʻlovlar Adliya vazirligining Intellektual mulkni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

19. Depozitariylar tomonidan mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini Yagona bazaga kiritmagan yoki mazkur Nizom 16-bandining ikkinchi xatboshida nazarda tutilgan maʼlumotlarni aks ettirmagan holda asarni saqlash uchun topshirgan huquq egasi nomiga rasmiylashtirilgan hujjatlar haqiqiy emas deb hisoblanadi.

20. Yagona bazaga kiritilgan mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxasidan depozitariy va saqlash uchun topshirgan huquq egasi oʻrtasida tuzilgan shartnoma hamda “Mualliflik huquqi va turdosh huquqlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 24 — 33-moddalarida belgilangan tartibda foydalaniladi.

21. Operatorning Yagona bazani yuritish va texnik taʼminlash boʻyicha xatti-harakati (harakatsizligi) ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilish huquqiga ega.

22. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini yagona bazada saqlash tartibi toʻgʻrisida nizomga ILOVA

Mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini yagona bazada saqlash tartibi xizmatini koʻrsatish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Mualliflik huquqi obyektlarini hisobga olish va saqlash boʻyicha xizmatlarni koʻrsatuvchi yuridik shaxs — Depozitariy Yagona bazadan foydalanish uchun Yagona bazadan roʻyxatdan oʻtish: yagona bazaga soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR), elektron pochta manzili va telefon raqami kiritish; yagona bazaga zarur maʼlumotlar kiritilgandan soʻng ularni elektron raqamli imzo bilan tasdiqlash. Avtomatik tarzda 2-bosqich Depozitariy Mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalari Yagona bazaga joylashtirish Roʻyxatdan oʻtganidan soʻng 3-bosqich Depozitariy Mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxalarini Yagona bazaga joylashtirganlik uchun toʻlovni amalga oshirish Elektron nazorat nusxani Yagona bazaga joylashtirgandan soʻng 4-bosqich Intellektual mulk markazi davlat muassasasi — Operator Yagona bazaga kiritilgan mualliflik huquqi obyektlarini saqlovga qabul qilinganligi toʻgʻrisida bildirishnoma yuborish Avtomatik tarzda 5-bosqich Depozitariy Asarni saqlash uchun topshirgan huquq egasiga mualliflik huquqi obyekti saqlovga qabul qilinganligi toʻgʻrisida hujjat taqdim qilish Bildirishnoma olinganidan soʻng

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 22-avgust,

469-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 22.08.2022-y., 09/22/469/0762-son)

lex.uz