UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 22-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 22 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 22 августа 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 22 August 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилган мол-мулклар электрон маълумотлар банкини шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 9 сентябрдаги ПФ-5816-сон Фармони ҳамда «Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 11 майдаги ПҚ-240-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилган мол-мулкларнинг электрон маълумотлар банкини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 9 сентябрдаги ПФ-5816-сон Фармони билан кўчмас мулк ва автомототранспорт воситаларини (кейинги ўринларда — мол-мулк) бошқа шахсга бериш тақиқланганлиги ва хатланганлиги тўғрисидаги маълумотларни суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд (судья) томонидан «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимига тўғридан-тўғри киритиш ва тақиқни (хатловни) ечиш механизмини жорий этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. 2022 йил 1 октябрдан «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимида мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб (хатлаб) қўйилганлиги, шунингдек тақиқлаб (хатлаб) қўйиш бекор қилинганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар банки (кейинги ўринларда — электрон маълумотлар банки) жорий этилсин.

3. Белгилансинки, мол-мулкни тақиқлаб (хатлаб) қўйиш, уни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритишда:

жисмоний шахснинг шахсига оид ва автомототранспорт воситаларига оид маълумотлар — Ички ишлар вазирлиги;

юридик шахсга оид маълумотлар — Адлия вазирлиги;

кўчмас мулкка оид маълумотлар — Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги;

қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига оид маълумотлар — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси;

аттракционлар ва кўтариш иншоотлари (минора кранлари)га оид маълумотлар — Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси;

кемаларга оид маълумотлар — Транспорт вазирлиги;

кичик ҳажмли кемаларга оид маълумотлар — Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кичик ҳажмли кемалар инспекциясининг электрон ахборот тизимлари орқали реал вақт режимида амалга оширилади.

4. Қуйидагиларни назарда тутувчи Бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилган мол-мулклар электрон маълумотлар банкини шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

электрон маълумотлар банкини шакллантириш;

электрон маълумотлар банкини юритиш;

электрон маълумотлар банкидан фойдаланиш;

мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйил(ма)ганлигини электрон маълумотлар банкида текшириш.

5. Адлия вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

уч ой муддатда ўзларининг тегишли маълумотлар базаларидаги мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш ҳақидаги маълумотларни тўлиқ хатловдан ўтказган ҳолда, ўз кучини сақлаб қоладиган тақиқ ва хатловлар рўйхатини шакллантирсин;

2022 йил 1 октябрга қадар мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш ҳақидаги маълумотларни тезкор равишда алмашиш мақсадида ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари ўзаро интеграция қилинишини таъминласин.

6. Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 468-сон қарорига ИЛОВА

Бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилган мол-мулклар электрон маълумотлар банкини шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимида (кейинги ўринларда — тизим) бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилган мол-мулкларнинг электрон маълумотлар банкини шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланишни белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилган мол-мулклар электрон маълумотлар банки (кейинги ўринларда — электрон маълумотлар банки) — тизимнинг таркибий қисми ҳисобланадиган мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилганлиги, уни бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар базаси;

мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилганлиги ҳақидаги маълумотларни электрон маълумотлар банкида қайд этиш — тегишли ваколатли орган ёки мансабдор шахс томонидан мулкдорга тегишли мол-мулкни тасарруф этиш, зарур ҳолларда эса ундан фойдаланиш ман этилганлиги ёки мол-мулк олиб қўйилганлиги ёхуд уни сақлаб туриш учун бошқа шахсга топширилганлиги ҳақидаги маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритиш.

3. Электрон маълумотлар банки Олий суд, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Миллий гвардия, Давлат солиқ қўмитаси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Марказий банк, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Кичик ҳажмли кемалар инспекциясининг электрон ахборот тизимлари билан интеграция қилинади.

4. Электрон маълумотлар банкига мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш, уни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, давлат ижрочиси, нотариус, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивлар (кейинги ўринларда — нотариал архив) мудирлари, солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари), Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг рўйхатдан ўтказувчилари, суғурта ташкилотлари, автомототранспорт воситаларини реализация қилувчи расмий дилерлик корхоналари, банк ва бошқа кредит ташкилотларининг раҳбари ёки тегишли ваколат берилган ходимлари томонидан киритилади.

5. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш, уни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритишда:

жисмоний шахснинг шахсига оид ва автомототранспорт воситаларига оид маълумотлар — Ички ишлар вазирлиги;

юридик шахсга оид маълумотлар — Адлия вазирлиги;

кўчмас мулкка оид маълумотлар — Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги;

қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига оид маълумотлар — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси;

аттракционлар ва кўтариш иншоотлари (минора кранлари)га оид маълумотлар — Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси;

кемаларга оид маълумотлар — Транспорт вазирлиги;

кичик ҳажмли кемаларга оид маълумотлар — Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кичик ҳажмли кемалар инспекцияси;

бошқа мулкларга оид маълумотлар — тегишли ваколатли органлар (ташкилотлар)нинг электрон ахборот тизимларидан онлайн равишда реал вақт режимида олинади.

2-боб. Электрон маълумотлар банкини шакллантириш ва юритиш

6. Электрон маълумотлар банки давлат тилида шакллантирилади ва юритилади.

7. Мол-мулкни хатлаш ёки уни бекор қилиш тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган қарори (ажрими, ҳукми), прокурор, терговчи, суриштирувчи, давлат ижрочиси, солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) қарори (кейинги ўринларда — қарор) дарҳол электрон шаклда — «PDF» форматда тизимга жойлаштирилади ҳамда идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида электрон маълумотлар банкига тегишли маълумотлар онлайн равишда реал вақт режимида киритилади.

Қарор электрон рақамли имзо орқали тасдиқланганда, у электрон ҳужжат шаклида тизимга жойлаштирилади.

Электрон маълумотлар банкига мол-мулк хатланганлиги ёки хатлов бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи томонидан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали тегишинча «E-XSUD» ахборот тизими ёки «Электрон суриштирув ва дастлабки тергов» ягона ахборот тизими орқали киритилади.

8. Нотариус қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, шунингдек, тарафларнинг келишувига асосан мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўяди ва тақиқни бекор қилади. Бунда нотариуснинг мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиши ва тақиқни бекор қилиши электрон маълумотлар банки орқали амалга оширилади.

Нотариус нотариал архив сақловида бўлган ҳужжатлар билан боғлиқ тақиқни (хатловни) бекор қилиши мумкин.

9. Банк ва бошқа кредит ташкилотлари берилган кредит ёки қарз қайтарилишини таъминлаш учун бирламчи бозордаги мол-мулк гаровга (ипотекага) қўйилган бўлса, гаров (ипотека) шартномаси тузилганда мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўяди, шунингдек, мажбуриятлар бажарилганда тақиқни бекор қилади ҳамда бу ҳақдаги маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритади.

9 1 . Автомототранспорт воситаларини реализация қилувчи расмий дилерлик корхоналари автомототранспорт воситаларини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан олди-сотди шартномаси тузган тақдирда, ушбу шартнома предмети бўлган автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўяди, шунингдек, сотиб олувчи томонидан мажбуриятлар бажарилганда тақиқни бекор қилади ҳамда бу ҳақидаги маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритади.

9 2 . Тегишли мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун мол-мулк гаровга қўйилган бўлса, суғурта ташкилотлари ушбу мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўяди, шунингдек, мажбуриятлар бажарилганда тақиқни бекор қилади ҳамда бу ҳақидаги маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритади.

10. Банк ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан берилган кредит ёки қарз қайтарилишини таъминлаш мақсадида нотариал тасдиқланган гаров (ипотека) шартномаси бўйича мажбуриятлар тўлиқ бажарилган тақдирда мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ:

2019 йил 1 январга қадар қўйилган бўлса, мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга қўйилган тақиқ бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумотлар исталган нотариус ёки тегишли нотариал архив мудири томонидан;

2019 йил 1 январь ва ундан кейин қўйилган бўлса, мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга қўйилган тақиқ бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумотлар тегишли банк ёки кредит ташкилоти томонидан электрон маълумотлар банкига киритилади.

10 1 . Мазкур Низомнинг 10-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда банк ва бошқа кредит ташкилотларининг нотариал тасдиқланган гаров (ипотека) шартномаси бўйича мажбурият тўлиқ бажарилганлиги ҳамда мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга қўйилган тақиқ бекор қилиниши лозимлиги ҳақидаги хабарномаси электрон маълумотлар банкига электрон шаклда юборилиши мумкин.

Бунда, ушбу хабарномада мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўйилишига асос бўлган нотариал тасдиқланган битимнинг реестр рақами ва санаси, тақиқ бекор қилиниши лозим бўлган мол-мулк ҳақидаги маълумотлар (идентификатор) ҳамда банк ёки бошқа кредит ташкилотининг солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилиши зарур.

11. Нотариал архив мудири қуйидаги ҳолларда тақиқни (хатловни) бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритади:

судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, давлат ижрочиси, солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) хатловни бекор қилиш тўғрисидаги 2022 йил 1 октябрга қадар чиқарилган қарорига асосан;

мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб қўйилишига асос бўлган ҳужжатлар нотариал архив сақловига топширилган бўлса.

Бунда, нотариал архив мудири мол-мулкка қўйилган тақиқ (хатлов) бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумотларни қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда электрон маълумотлар банкига киритади:

судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, давлат ижрочиси, солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари)нинг мол-мулкка қўйилган хатловни бекор қилиш назарда тутилган қарори;

асосий мажбурият бажарилганлиги ва (ёки) кредитор (қарз берувчи) гаров (ипотека) шартномасидаги мол-мулкни тақиқдан чиқаришга розилиги тўғрисида хабарнома (тилхат);

мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйишга сабаб бўлган асосий мажбуриятлар бекор бўлганлиги тўғрисида хабарнома (тилхат);

тарафлар ўртасида тўлов мажбуриятини кечиктириш шарти билан тузилган шартномада назарда тутилган маблағлар тўлиқ тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат. Бунда тўлов мажбуриятини кечиктириш муддати тугагандан сўнг тўлов амалга оширилган бўлса, нотариал архив мудири сотувчидан сотиб олувчи ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарганлиги ва тақиқни бекор қилишга эътирози мавжуд эмаслиги ҳақида тилхатни талаб этади.

12. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш ёхуд уни бекор қилиш тўғрисидаги электрон маълумотлар банкига киритилган маълумотлар идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида тизим орқали қуйидагиларга юборилади:

кўчмас мулклар бўйича — Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига;

транспорт воситалари бўйича — тегишлича Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Кичик ҳажмли кемалар инспекциясига.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3149-сон қарори билан тасдиқланган Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ўтказилган аукцион натижалари ҳақидаги баённома олди-сотди шартномаси кучига эга бўлиб, мазкур баённомадаги мулк билан боғлиқ қўйилган тақиқни (хатловни) бекор қилиш учун асос ҳисобланади.

14. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш, шунингдек, уни бекор қилишда тўлов ундирилмайди, нотариус томонидан тақиқ (хатлов) бекор қилинадиган ҳоллар бундан мустасно.

3-боб. Электрон маълумотлар банкидан маълумотларни тақдим этиш

15. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан электрон маълумотлар банкида мавжуд бўлган маълумотлар нотариус ва (ёки) нотариал архив мудири томонидан тўғридан-тўғри ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёхуд E-notarius.uz ахборот портали орқали реал вақт режимида «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси талабларига риоя қилинган ҳолда тақдим этилади.

16. Электрон маълумотлар банкидан маълумот олиш учун жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

а) мол-мулк мулкдори тўғрисидаги маълумотлар:

жисмоний шахс учун — фамилияси, исми, отасининг исми, паспорт ёки идентификация ID-картаси маълумотлари ва (ёки) ЖШШИР, доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзили;

юридик шахс учун — номи, давлат рўйхатидан ўтган жойи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами;

б) вакил орқали мурожаат қилинганда вакилнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат;

в) кўчмас мулкнинг кадастр рақами, жойлашган ери;

г) транспорт воситасининг русуми, давлат рақами ва транспорт воситаси ёки бошқа кўчар мулкнинг рўйхатга олинганлиги (ҳисобда турганлиги) ҳақида ҳужжат (гувоҳнома) маълумотлари ёхуд мулкий ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотлар.

17. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати бўйича электрон маълумотлар банкидан маълумот беришда (маълумотнома чоп этишда) нотариус ёки нотариал архив мудири томонидан ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ ундирилади.

4-боб. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйил(ма)ганлигини текшириш

18. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйил(ма)ганлигини текшириш ушбу мол-мулк тўғрисидаги маълумотларни тизимга қисман ва тўлиқ киритиш орқали амалга оширилади.

19. Кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширишда, ушбу кўчмас мулкка нисбатан тақиқ ёки хатлов мавжудлиги ёхуд йўқлигини тизимдан қисман текширишда қуйидаги маълумотлардан ҳар бири алоҳида киритилиши лозим:

агар мулкдор жисмоний шахс бўлса — фамилияси, исми ва отасининг исми, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт серияси ёки идентификация ID-картаси рақами, ЖШШИР);

агар мулкдор юридик шахс бўлса — тўлиқ номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, давлат рўйхатидан ўтган жойи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами;

кўчмас мулкнинг кадастр рақами ва жойлашган ери.

20. Кўчар мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширишда, ушбу кўчар мулкка нисбатан тақиқ ёки хатлов мавжудлиги ёхуд йўқлигини тизимдан қисман текширишда қуйидаги маълумотлардан ҳар бири алоҳида киритилиши лозим:

агар мулкдор жисмоний шахс бўлса — фамилияси, исми ва отасининг исми, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт серияси ёки идентификация ID-картаси рақами, ЖШ ШИР);

агар мулкдор юридик шахс бўлса — тўлиқ номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, давлат рўйхатидан ўтган жойи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами;

давлат рақам белгиси;

двигатель рақами;

кузов рақами;

завод рақами ва бошқалар.

21. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйил(ма)ганлигини тўлиқ текшириш ушбу мулкларга оид маълумотларнинг барчасини тизимга тўлиқ киритиш орқали амалга оширилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

22. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш ҳақидаги маълумотлар электрон маълумотлар банкига ушбу Низом талаблари асосида киритилганлигини доимий мониторинг қилиб бориш нотариал архив мудири томонидан амалга оширилади.

23. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш, шунингдек, уни бекор қилиш билан боғлиқ маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритишда юзага келадиган муаммоли ҳолатлар идоралараро келишув йўли билан ҳал этилади.

24. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 22 август,

468-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.08.2022 й., 09/22/468/0764-сон; 28.11.2023 й., 09/23/626/0901-сон; 13.12.2023 й., 09/23/653/0931-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон; 02.04.2025 й., 09/25/197/0299-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Boshqa shaxsga oʻtkazish taqiqlab yoki xatlab qoʻyilgan mol-mulklar elektron maʼlumotlar bankini shakllantirish, yuritish va undan foydalanish toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida notariat tizimini tubdan isloh qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 9-sentabrdagi PF-5816-son Farmoni hamda “Davlat boshqaruvi sohasida korrupsiyaviy xavf-xatarlarni bartaraf etish mexanizmlarini takomillashtirish va ushbu sohada jamoatchilik ishtirokini kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 11-maydagi PQ-240-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, boshqa shaxsga oʻtkazish taqiqlab yoki xatlab qoʻyilgan mol-mulklarning elektron maʼlumotlar bankini shakllantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida notariat tizimini tubdan isloh qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 9-sentabrdagi PF-5816-son Farmoni bilan koʻchmas mulk va avtomototransport vositalarini (keyingi oʻrinlarda — mol-mulk) boshqa shaxsga berish taqiqlanganligi va xatlanganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni surishtiruvchi, tergovchi, prokuror va sud (sudya) tomonidan “Notarius” avtomatlashtirilgan axborot tizimiga toʻgʻridan-toʻgʻri kiritish va taqiqni (xatlovni) yechish mexanizmini joriy etish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. 2022-yil 1-oktabrdan “Notarius” avtomatlashtirilgan axborot tizimida mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazish taqiqlab (xatlab) qoʻyilganligi, shuningdek taqiqlab (xatlab) qoʻyish bekor qilinganligi toʻgʻrisidagi elektron maʼlumotlar banki (keyingi oʻrinlarda — elektron maʼlumotlar banki) joriy etilsin.

3. Belgilansinki, mol-mulkni taqiqlab (xatlab) qoʻyish, uni bekor qilish toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni elektron maʼlumotlar bankiga kiritishda:

jismoniy shaxsning shaxsiga oid va avtomototransport vositalariga oid maʼlumotlar — Ichki ishlar vazirligi;

yuridik shaxsga oid maʼlumotlar — Adliya vazirligi;

koʻchmas mulkka oid maʼlumotlar — Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi;

qishloq xoʻjaligi, melioratsiya va yoʻl-qurilish texnikalariga oid maʼlumotlar — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi;

attraksionlar va koʻtarish inshootlari (minora kranlari)ga oid maʼlumotlar — Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi;

kemalarga oid maʼlumotlar — Transport vazirligi;

kichik hajmli kemalarga oid maʼlumotlar — Favqulodda vaziyatlar vazirligi Kichik hajmli kemalar inspeksiyasining elektron axborot tizimlari orqali real vaqt rejimida amalga oshiriladi.

4. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Boshqa shaxsga oʻtkazish taqiqlab yoki xatlab qoʻyilgan mol-mulklar elektron maʼlumotlar bankini shakllantirish, yuritish va undan foydalanish toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

elektron maʼlumotlar bankini shakllantirish;

elektron maʼlumotlar bankini yuritish;

elektron maʼlumotlar bankidan foydalanish;

mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazish taqiqlab yoki xatlab qoʻyil(ma)ganligini elektron maʼlumotlar bankida tekshirish.

5. Adliya vazirligi Ichki ishlar vazirligi, Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi hamda boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda:

uch oy muddatda oʻzlarining tegishli maʼlumotlar bazalaridagi mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishni taqiqlab yoki xatlab qoʻyish haqidagi maʼlumotlarni toʻliq xatlovdan oʻtkazgan holda, oʻz kuchini saqlab qoladigan taqiq va xatlovlar roʻyxatini shakllantirsin;

2022-yil 1-oktabrga qadar mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishni taqiqlab yoki xatlab qoʻyish haqidagi maʼlumotlarni tezkor ravishda almashish maqsadida axborot tizimlari va maʼlumotlar bazalari oʻzaro integratsiya qilinishini taʼminlasin.

6. Adliya vazirligi boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri R.K. Davletov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-avgustdagi 468-son qaroriga ILOVA

Boshqa shaxsga oʻtkazish taqiqlab yoki xatlab qoʻyilgan mol-mulklar elektron maʼlumotlar bankini shakllantirish, yuritish va undan foydalanish toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom “Notarius” avtomatlashtirilgan axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — tizim) boshqa shaxsga oʻtkazish taqiqlab yoki xatlab qoʻyilgan mol-mulklarning elektron maʼlumotlar bankini shakllantirish, yuritish va undan foydalanishni belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

boshqa shaxsga oʻtkazish taqiqlab yoki xatlab qoʻyilgan mol-mulklar elektron maʼlumotlar banki (keyingi oʻrinlarda — elektron maʼlumotlar banki) — tizimning tarkibiy qismi hisoblanadigan mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazish taqiqlab yoki xatlab qoʻyilganligi, uni bekor qilinganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar bazasi;

mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazish taqiqlab yoki xatlab qoʻyilganligi haqidagi maʼlumotlarni elektron maʼlumotlar bankida qayd etish — tegishli vakolatli organ yoki mansabdor shaxs tomonidan mulkdorga tegishli mol-mulkni tasarruf etish, zarur hollarda esa undan foydalanish man etilganligi yoki mol-mulk olib qoʻyilganligi yoxud uni saqlab turish uchun boshqa shaxsga topshirilganligi haqidagi maʼlumotlarni elektron maʼlumotlar bankiga kiritish.

3. Elektron maʼlumotlar banki Oliy sud, Bosh prokuratura, Davlat xavfsizlik xizmati, Ichki ishlar vazirligi, Transport vazirligi, Davlat bojxona qoʻmitasi, Milliy gvardiya, Davlat soliq qoʻmitasi, Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi, Markaziy bank, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi, Bosh prokuratura huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti, Majburiy ijro byurosi, Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligining Kichik hajmli kemalar inspeksiyasining elektron axborot tizimlari bilan integratsiya qilinadi.

4. Elektron maʼlumotlar bankiga mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishni taqiqlab yoki xatlab qoʻyish, uni bekor qilish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar sudya, prokuror, tergovchi, surishtiruvchi, davlat ijrochisi, notarius, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari huzuridagi idoraviy notarial arxivlar (keyingi oʻrinlarda — notarial arxiv) mudirlari, soliq organining rahbari (rahbar oʻrinbosari), Kadastr agentligi Davlat kadastrlari palatasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalarining roʻyxatdan oʻtkazuvchilari, sugʻurta tashkilotlari, avtomototransport vositalarini realizatsiya qiluvchi rasmiy dilerlik korxonalari, bank va boshqa kredit tashkilotlarining rahbari yoki tegishli vakolat berilgan xodimlari tomonidan kiritiladi.

5. Mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazish taqiqlab yoki xatlab qoʻyish, uni bekor qilish toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni elektron maʼlumotlar bankiga kiritishda:

jismoniy shaxsning shaxsiga oid va avtomototransport vositalariga oid maʼlumotlar — Ichki ishlar vazirligi;

yuridik shaxsga oid maʼlumotlar — Adliya vazirligi;

koʻchmas mulkka oid maʼlumotlar — Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi;

qishloq xoʻjaligi, melioratsiya va yoʻl-qurilish texnikalariga oid maʼlumotlar — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi;

attraksionlar va koʻtarish inshootlari (minora kranlari)ga oid maʼlumotlar — Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi;

kemalarga oid maʼlumotlar — Transport vazirligi;

kichik hajmli kemalarga oid maʼlumotlar — Favqulodda vaziyatlar vazirligi Kichik hajmli kemalar inspeksiyasi;

boshqa mulklarga oid maʼlumotlar — tegishli vakolatli organlar (tashkilotlar)ning elektron axborot tizimlaridan onlayn ravishda real vaqt rejimida olinadi.

2-bob. Elektron maʼlumotlar bankini shakllantirish va yuritish

6. Elektron maʼlumotlar banki davlat tilida shakllantiriladi va yuritiladi.

7. Mol-mulkni xatlash yoki uni bekor qilish toʻgʻrisida sudning qonuniy kuchga kirgan qarori (ajrimi, hukmi), prokuror, tergovchi, surishtiruvchi, davlat ijrochisi, soliq organi rahbari (rahbar oʻrinbosari) qarori (keyingi oʻrinlarda — qaror) darhol elektron shaklda — “PDF” formatda tizimga joylashtiriladi hamda idoralararo elektron hamkorlik doirasida elektron maʼlumotlar bankiga tegishli maʼlumotlar onlayn ravishda real vaqt rejimida kiritiladi.

Qaror elektron raqamli imzo orqali tasdiqlanganda, u elektron hujjat shaklida tizimga joylashtiriladi.

Elektron maʼlumotlar bankiga mol-mulk xatlanganligi yoki xatlov bekor qilinganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar sudya, prokuror, tergovchi, surishtiruvchi tomonidan idoralararo elektron hamkorlik orqali tegishincha “E-XSUD” axborot tizimi yoki “Elektron surishtiruv va dastlabki tergov” yagona axborot tizimi orqali kiritiladi.

8. Notarius qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda, shuningdek, taraflarning kelishuviga asosan mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishni taqiqlab qoʻyadi va taqiqni bekor qiladi. Bunda notariusning mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishni taqiqlab qoʻyishi va taqiqni bekor qilishi elektron maʼlumotlar banki orqali amalga oshiriladi.

Notarius notarial arxiv saqlovida boʻlgan hujjatlar bilan bogʻliq taqiqni (xatlovni) bekor qilishi mumkin.

9. Bank va boshqa kredit tashkilotlari berilgan kredit yoki qarz qaytarilishini taʼminlash uchun birlamchi bozordagi mol-mulk garovga (ipotekaga) qoʻyilgan boʻlsa, garov (ipoteka) shartnomasi tuzilganda mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishni taqiqlab qoʻyadi, shuningdek, majburiyatlar bajarilganda taqiqni bekor qiladi hamda bu haqdagi maʼlumotlarni elektron maʼlumotlar bankiga kiritadi.

9 1 . Avtomototransport vositalarini realizatsiya qiluvchi rasmiy dilerlik korxonalari avtomototransport vositalarini boʻlib-boʻlib toʻlash sharti bilan oldi-sotdi shartnomasi tuzgan taqdirda, ushbu shartnoma predmeti boʻlgan avtomototransport vositalarini boshqa shaxsga oʻtkazishni taqiqlab qoʻyadi, shuningdek, sotib oluvchi tomonidan majburiyatlar bajarilganda taqiqni bekor qiladi hamda bu haqidagi maʼlumotlarni elektron maʼlumotlar bankiga kiritadi.

9 2 . Tegishli majburiyatlar bajarilishini taʼminlash uchun mol-mulk garovga qoʻyilgan boʻlsa, sugʻurta tashkilotlari ushbu mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishni taqiqlab qoʻyadi, shuningdek, majburiyatlar bajarilganda taqiqni bekor qiladi hamda bu haqidagi maʼlumotlarni elektron maʼlumotlar bankiga kiritadi.

10. Bank va boshqa kredit tashkilotlari tomonidan berilgan kredit yoki qarz qaytarilishini taʼminlash maqsadida notarial tasdiqlangan garov (ipoteka) shartnomasi boʻyicha majburiyatlar toʻliq bajarilgan taqdirda mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishga taqiq:

2019-yil 1-yanvarga qadar qoʻyilgan boʻlsa, mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishga qoʻyilgan taqiq bekor qilinganligi haqidagi maʼlumotlar istalgan notarius yoki tegishli notarial arxiv mudiri tomonidan;

2019-yil 1-yanvar va undan keyin qoʻyilgan boʻlsa, mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishga qoʻyilgan taqiq bekor qilinganligi haqidagi maʼlumotlar tegishli bank yoki kredit tashkiloti tomonidan elektron maʼlumotlar bankiga kiritiladi.

10 1 . Mazkur Nizomning 10-bandi ikkinchi xatboshisida nazarda tutilgan hollarda bank va boshqa kredit tashkilotlarining notarial tasdiqlangan garov (ipoteka) shartnomasi boʻyicha majburiyat toʻliq bajarilganligi hamda mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishga qoʻyilgan taqiq bekor qilinishi lozimligi haqidagi xabarnomasi elektron maʼlumotlar bankiga elektron shaklda yuborilishi mumkin.

Bunda, ushbu xabarnomada mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishga taqiq qoʻyilishiga asos boʻlgan notarial tasdiqlangan bitimning reyestr raqami va sanasi, taqiq bekor qilinishi lozim boʻlgan mol-mulk haqidagi maʼlumotlar (identifikator) hamda bank yoki boshqa kredit tashkilotining soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami koʻrsatilishi zarur.

11. Notarial arxiv mudiri quyidagi hollarda taqiqni (xatlovni) bekor qilish toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni elektron maʼlumotlar bankiga kiritadi:

sudya, prokuror, tergovchi, surishtiruvchi, davlat ijrochisi, soliq organi rahbarining (rahbar oʻrinbosarining) xatlovni bekor qilish toʻgʻrisidagi 2022-yil 1-oktabrga qadar chiqarilgan qaroriga asosan;

mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazish taqiqlab qoʻyilishiga asos boʻlgan hujjatlar notarial arxiv saqloviga topshirilgan boʻlsa.

Bunda, notarial arxiv mudiri mol-mulkka qoʻyilgan taqiq (xatlov) bekor qilinganligi haqidagi maʼlumotlarni quyidagi hujjatlar taqdim etilgan taqdirda elektron maʼlumotlar bankiga kiritadi:

sudya, prokuror, tergovchi, surishtiruvchi, davlat ijrochisi, soliq organining rahbari (rahbar oʻrinbosari)ning mol-mulkka qoʻyilgan xatlovni bekor qilish nazarda tutilgan qarori;

asosiy majburiyat bajarilganligi va (yoki) kreditor (qarz beruvchi) garov (ipoteka) shartnomasidagi mol-mulkni taqiqdan chiqarishga roziligi toʻgʻrisida xabarnoma (tilxat);

mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishni taqiqlab qoʻyishga sabab boʻlgan asosiy majburiyatlar bekor boʻlganligi toʻgʻrisida xabarnoma (tilxat);

taraflar oʻrtasida toʻlov majburiyatini kechiktirish sharti bilan tuzilgan shartnomada nazarda tutilgan mablagʻlar toʻliq toʻlanganligini tasdiqlovchi hujjat. Bunda toʻlov majburiyatini kechiktirish muddati tugagandan soʻng toʻlov amalga oshirilgan boʻlsa, notarial arxiv mudiri sotuvchidan sotib oluvchi oʻz majburiyatlarini toʻliq bajarganligi va taqiqni bekor qilishga eʼtirozi mavjud emasligi haqida tilxatni talab etadi.

12. Mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishni taqiqlab yoki xatlab qoʻyish yoxud uni bekor qilish toʻgʻrisidagi elektron maʼlumotlar bankiga kiritilgan maʼlumotlar idoralararo elektron hamkorlik doirasida tizim orqali quyidagilarga yuboriladi:

koʻchmas mulklar boʻyicha — Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligiga;

transport vositalari boʻyicha — tegishlicha Ichki ishlar vazirligi, Transport vazirligi, Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi, Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi va Favqulodda vaziyatlar vazirligining Kichik hajmli kemalar inspeksiyasiga.

13. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 27-iyuldagi PQ-3149-son qarori bilan tasdiqlangan Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etishda mol-mulkni realizatsiya qilish boʻyicha elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq oʻtkazilgan auksion natijalari haqidagi bayonnoma oldi-sotdi shartnomasi kuchiga ega boʻlib, mazkur bayonnomadagi mulk bilan bogʻliq qoʻyilgan taqiqni (xatlovni) bekor qilish uchun asos hisoblanadi.

14. Mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishni taqiqlab yoki xatlab qoʻyish, shuningdek, uni bekor qilishda toʻlov undirilmaydi, notarius tomonidan taqiq (xatlov) bekor qilinadigan hollar bundan mustasno.

3-bob. Elektron maʼlumotlar bankidan maʼlumotlarni taqdim etish

15. Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlariga asosan elektron maʼlumotlar bankida mavjud boʻlgan maʼlumotlar notarius va (yoki) notarial arxiv mudiri tomonidan toʻgʻridan-toʻgʻri yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali yoxud E-notarius.uz axborot portali orqali real vaqt rejimida “Notariat toʻgʻrisida”gi Qonunning 6-moddasi talablariga rioya qilingan holda taqdim etiladi.

16. Elektron maʼlumotlar bankidan maʼlumot olish uchun jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarida quyidagilar koʻrsatilishi lozim:

a) mol-mulk mulkdori toʻgʻrisidagi maʼlumotlar:

jismoniy shaxs uchun — familiyasi, ismi, otasining ismi, pasport yoki identifikatsiya ID-kartasi maʼlumotlari va (yoki) JSHSHIR, doimiy yoki vaqtincha yashash joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtgan manzili;

yuridik shaxs uchun — nomi, davlat roʻyxatidan oʻtgan joyi va soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami;

b) vakil orqali murojaat qilinganda vakilning vakolatini tasdiqlovchi hujjat;

v) koʻchmas mulkning kadastr raqami, joylashgan yeri;

g) transport vositasining rusumi, davlat raqami va transport vositasi yoki boshqa koʻchar mulkning roʻyxatga olinganligi (hisobda turganligi) haqida hujjat (guvohnoma) maʼlumotlari yoxud mulkiy huquqlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

17. Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaati boʻyicha elektron maʼlumotlar bankidan maʼlumot berishda (maʼlumotnoma chop etishda) notarius yoki notarial arxiv mudiri tomonidan huquqiy va texnik tusdagi qoʻshimcha harakatlar amalga oshirilganligi uchun haq undiriladi.

4-bob. Mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazish taqiqlab yoki xatlab qoʻyil(ma)ganligini tekshirish

18. Mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazish taqiqlab yoki xatlab qoʻyil(ma)ganligini tekshirish ushbu mol-mulk toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni tizimga qisman va toʻliq kiritish orqali amalga oshiriladi.

19. Koʻchmas mulkni boshqa shaxsga oʻtkazish bilan bogʻliq notarial harakatlarni amalga oshirishda, ushbu koʻchmas mulkka nisbatan taqiq yoki xatlov mavjudligi yoxud yoʻqligini tizimdan qisman tekshirishda quyidagi maʼlumotlardan har biri alohida kiritilishi lozim:

agar mulkdor jismoniy shaxs boʻlsa — familiyasi, ismi va otasining ismi, shaxsini tasdiqlovchi hujjatlar (pasport seriyasi yoki identifikatsiya ID-kartasi raqami, JSHSHIR);

agar mulkdor yuridik shaxs boʻlsa — toʻliq nomi, tashkiliy-huquqiy shakli, davlat roʻyxatidan oʻtgan joyi va soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami;

koʻchmas mulkning kadastr raqami va joylashgan yeri.

20. Koʻchar mulkni boshqa shaxsga oʻtkazish bilan bogʻliq notarial harakatlarni amalga oshirishda, ushbu koʻchar mulkka nisbatan taqiq yoki xatlov mavjudligi yoxud yoʻqligini tizimdan qisman tekshirishda quyidagi maʼlumotlardan har biri alohida kiritilishi lozim:

agar mulkdor jismoniy shaxs boʻlsa — familiyasi, ismi va otasining ismi, shaxsini tasdiqlovchi hujjatlar (pasport seriyasi yoki identifikatsiya ID-kartasi raqami, JSH SHIR);

agar mulkdor yuridik shaxs boʻlsa — toʻliq nomi, tashkiliy-huquqiy shakli, davlat roʻyxatidan oʻtgan joyi va soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami;

davlat raqam belgisi;

dvigatel raqami;

kuzov raqami;

zavod raqami va boshqalar.

21. Mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazish taqiqlab yoki xatlab qoʻyil(ma)ganligini toʻliq tekshirish ushbu mulklarga oid maʼlumotlarning barchasini tizimga toʻliq kiritish orqali amalga oshiriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

22. Mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishni taqiqlab yoki xatlab qoʻyish haqidagi maʼlumotlar elektron maʼlumotlar bankiga ushbu Nizom talablari asosida kiritilganligini doimiy monitoring qilib borish notarial arxiv mudiri tomonidan amalga oshiriladi.

23. Mol-mulkni boshqa shaxsga oʻtkazishni taqiqlab yoki xatlab qoʻyish, shuningdek, uni bekor qilish bilan bogʻliq maʼlumotlarni elektron maʼlumotlar bankiga kiritishda yuzaga keladigan muammoli holatlar idoralararo kelishuv yoʻli bilan hal etiladi.

24. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 22-avgust,

468-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 23.08.2022-y., 09/22/468/0764-son; 28.11.2023-y., 09/23/626/0901-son; 13.12.2023-y., 09/23/653/0931-son; 03.03.2025-y., 09/25/135/0208-son; 02.04.2025-y., 09/25/197/0299-son)

lex.uz