📅 2022-yil 25-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 25-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 25 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 25 августа 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 25 August 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида» 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини босқичма-босқич бепул овқат билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф (1 — 4-синфлар) ўқувчиларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат билан таъминлаш тизимини жорий этиш назарда тутилганлиги;
Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлашни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 9 февралдаги 67-сон қарорининг 3-банди билан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасалари 1 — 4-синф ўқувчиларини тажриба-синов тарзида 2021/2022 ўқув йили якунига қадар бепул овқатлантириш тизими жорий этилганлиги;
2022 йил учун Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти маҳаллий бюджети параметрларида мазкур ҳудудлардаги бошланғич синф (1 — 4-синфлар) ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш учун 100 миллиард сўмдан жами 200 миллиард сўм ажратилганлиги;
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасалари 1 — 4-синфлари ўқувчиларини тажриба-синов доирасида 2021/2022 ўқув йили якунига қадар бепул овқатлантиришни ташкил этиш учун тегишли маҳаллий бюджетларда назарда тутилган маблағлардан Халқ таълими вазирлигига 100,6 миллиард сўм йўналтирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини кейтеринг усулида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларининг 1 — 4-синфлари ўқувчиларини овқатлантирилишига қўйиладиган асосий талаблар;
ўқувчиларни кейтеринг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби;
кейтеринг ташкилоти томонидан тайёр таомларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришни ташкил этиш тартиби;
кейтеринг усулида хизмат кўрсатувчи ташкилотларни танловини ташкил этиш ҳамда ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби;
кейтеринг ташкилоти томонидан етказиб берилган таомлар таркиби ва сифати устидан доимий назоратни таъминлаш тартиби.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги:
кейтеринг ташкилотларини Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни ҳамда ушбу қарор талабларига риоя этган ҳолда очиқлик, шаффофлик ва рақобат тамойиллари асосида танлаб олиш чораларини кўрсин;
кейтеринг ташкилотларини танлаб олишда туманлардаги умумий ўрта таълим муассасаларининг ҳудудий жойлашувини инобатга олсин;
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларининг 1 — 4-синфлари ўқувчиларини бепул овқатлантиришни ташкил этиш учун ажратиладиган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва мазкур жараёнда коррупциявий омилларнинг олдини олиш бўйича манзилли чоралар кўрсин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Молия вазирлиги ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларининг 1 — 4-синфлари ўқувчиларини кейтеринг усулида бепул овқатлантириш учун зарур маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда назарда тутади;
умумий ўрта таълим муассасалари 1 — 4-синфлари ўқувчиларига кейтеринг хизматини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан етказиб берилган озиқ-овқатлар ҳисоби, ҳисоботи ҳамда кунлик таомноманинг таркиби Халқ таълими вазирлигининг «kundalik.com» платформаси орқали амалга оширилади;
кейтеринг ташкилоти умумий ўрта таълим муассасаларининг ошхонасидан фойдаланмаган ҳолда ўз имкониятлари доирасида тайёр таомларни ишлаб чиқариш ва умумий ўрта таълим муассасаларига етказиб бериш орқали овқатлантиришни ташкил этади.
5. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда умумий ўрта таълим муассасаларида санитария-гигиена талабларига риоя этилиши юзасидан тасдиқланган жадвал асосида ҳар ойда ўрганишлар ташкил этсин.
6. Халқ таълими вазирлиги:
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда оммавий ахборот воситалари орқали халқ таълими муассасаларида ўқувчиларни соғлом овқатлантириш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борсин;
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан биргаликда икки ой муддатда илғор хорижий тажрибани ўрганилган ҳолда кейтеринг усулида ўрта таълим муассасалари 1 — 4-синфлар ўқувчиларини соғлом овқатлантириш таомномасини қайта кўриб чиқсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Б.О. Саидов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Р. Сариев ва Хоразм вилояти ҳокими Ф.У. Эрманов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августдаги 472-сон қарорига ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини кейтеринг усулида ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларида (кейинги ўринларда — мактаб) 1 — 4-синфлар ўқувчиларини (кейинги ўринларда — ўқувчилар) кейтеринг усулида соғлом овқатлантириш (кейинги ўринларда — овқатлантириш) тизимини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
буюртмачи — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги;
кейтеринг — ҳудудларда масофавий усулда умумий овқатланиш хизматларини кўрсатиш орқали овқатланишни шартнома асосида ташкил этиш, овқатларни тайёрлаш, етказиб бериш ва тайёр пазандачилик маҳсулотларининг чакана савдосини амалга ошириш хизматларини кўрсатиш.
3. Ўқувчиларни овқатлантириш мактабларнинг ошхоналарида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига мос шарт-шароитлар яратилган ҳолда ташкил этилади.
4. Буюртмачи ўқувчиларни овқатлантиришни кейтеринг усулида ташкил этишда қуйидагиларга риоя қилиши шарт:
кейтеринг ташкилотини қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ танлаб олиш;
кейтеринг ташкилоти томонидан амалга ошириладиган ишлар (хизматлар) сифати юқори даражада сақлаб қолинишини талаб қилиш;
хизматларни кейтеринг ташкилотига ўтказишда уларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш ва хўжалик фаолияти харажатларини қисқартириш, фаолиятининг асосий бўлмаган турларини ривожлантириш ҳамда кейтеринг ташкилотига ўтказилган хизматларнинг сифатини ошириш.
5. Кейтеринг ташкилоти ходимлари мактабнинг тегишли ҳудудига олдиндан тақдим этилган ва Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхат асосида белгиланган тартибда киради ҳамда мактаб биносида ҳаракатланади.
6. Кейтеринг фаолиятини ташкил этиш мазкур Низомга илова схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Ўқувчиларни овқатлантиришни ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар
7. Ўқувчиларни овқатлантириш кейтеринг ташкилоти томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида белгиланган озиқ-овқат маҳсулотлари асосида амалга оширилади.
8. Ўқувчиларни овқатлантириш Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда Халқ таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан ишлаб чиқилган ҳамда тасдиқланган намунавий мавсумий таомномалар, таом тайёрлаш бўйича технологик карталар асосида ташкил қилинади.
9. Кейтеринг ташкилоти:
харид қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар сифатлилиги;
фойдаланиладиган технологик жиҳозлар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослиги;
ошхона ходимлари томонидан таом тайёрлаш технологияси қоидаларига риоя қилиниши;
ошпазларнинг ҳар беш йилда бир марта малака ошириши;
ошпазларнинг тиббий кўрикдан ўтган ҳолда ишга қўйилиши учун жавобгар ҳисобланади.
3-боб. Ўқувчиларни овқатлантиришни ташкил этиш
10. Мактабларда ўқувчилар кейтеринг усулида бир маҳал овқатлантирилади.
11. Кейтеринг ташкилотини танлаб олиш Вазирлик томонидан тасдиқланган техник талабларга кўра Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ харид қилиш тартиб-таомиллари асосида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан ўтказиладиган танлов (тендер) якунлари бўйича амалга оширилади.
12. Танлов (тендер) ўтказиш бўйича эълонлар ва қўйиладиган умумий талаблар Вазирлик томонидан буюртмачига тақдим қилинади ҳамда буюртмачи томонидан давлат харидлари электрон тизимининг махсус платформасига ва оммавий ахборот воситаларига жойлаштирилади.
13. Танловга буюртмачи томонидан умумий ўрта таълим муассасаларининг географик жойлашувини ва улар ўртасидаги масофани инобатга олган ҳолда алоҳида лотлар жойлаштирилади.
14. Танлов (тендер) якунлари бўйича ғолиб деб топилган кейтеринг ташкилоти билан мактабларда кейтеринг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш хизматини кўрсатиш бўйича шартномалар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси билан жорий ўқув йили учун белгиланган тартибда тузилади.
15. Вазирлик Ўзбекистон Аутсорсинг хизматлари кўрсатувчи корхоналар уюшмаси билан биргаликда лозим бўлган тақдирда, соҳага оид мутахассисларни жалб қилган ҳолда кейтеринг ташкилоти фаолияти устидан доимий мониторинг олиб боради.
16. Вазирлик кейтеринг ташкилоти фаолияти устидан доимий мониторинг олиб боради.
17. Кейтеринг ташкилоти сифатида хизмат кўрсатувчи талабгорларга нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади:
умумий овқатланиш хизмати кўрсатиш бўйича камида уч йиллик тажрибага эга бўлиш;
кейтеринг хизматлари бўйича камида уч ойлик шартнома суммасига тенг айланма маблағларининг мавжудлиги;
танловда (тендерда) иштирок этиш учун ариза берилган кундан камида бир ой олдин тегишли ташкилотлардан солиқ қарздорлиги, тўловлар, бошқа мажбурий тўловлар ва молиявий санкцияларнинг мавжуд эмаслиги;
инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаган бўлиши;
коррупцияга йўл қўймаслиги тўғрисида ариза тақдим этилиши;
танловда (тендерда) иштирок этиш учун Вазирлик томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган техник топшириқ ва танлов ҳужжатлари талабларига мослиги;
соғлом овқатлантиришни ташкил этиш юзасидан таомлар тайёрлаш технологияси бўйича камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлган малакали мутахассисларга (муҳандис-технолог, аллерголог, диетолог, гастроэнтеролог, терапевт врач, ошпазлар) эга бўлиши.
4-боб. Кейтеринг ташкилоти томонидан тайёр таомларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришни ташкил этиш
18. Кейтеринг ташкилоти таомларни ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган тартибда тасдиқланган таомнома асосида тайёрлайди ва ўқувчиларга етказиб бериш чораларини кўради.
19. Кейтеринг ташкилоти тайёр таомларни қадоқланган, бир марта ишлатиладиган қутиларда совиткич мосламаси ўрнатилган махсус автотранспорт воситаларида мактабларга етказади.
20. Кейтеринг ташкилоти етказиб берилган қадоқланган тайёр таомларни мактаб ошхоналарида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ўқувчиларга тарқатишни ташкил этади.
21. Кейтеринг ташкилоти етказиб берилган мактаб ошхонасида истеъмол қилинган қадоқланган тайёр таомларнинг чиқиндиларини ўз вақтида утилизация қилиш чораларини кўради.
22. Кейтеринг ташкилоти томонидан етказиб берилган таомлар таркиби ва сифати устидан доимий назоратни таъминлаш мақсадида ҳар бир мактабда 5 нафар (мактаб директори, ҳамшира ва ота-оналар вакиллари) аъзодан иборат таркибда махсус комиссия тузилади.
23. Кейтеринг ташкилоти узоқ ва олис ҳудудлардаги мактабларга қадоқланган тайёр таомларни ўз вақтида, сифати бузилмаган ҳолда етказиб бериш мақсадида ўша ерда жойлашган мактабларнинг бирида тайёр маҳсулотларни сақлашни ташкил этади.
Бунда кейтеринг ташкилоти етказиб берилган қадоқланган тайёр таомлар уларнинг сифатига таъсир қилмаган ҳолда техник воситалар орқали (музлаткич, ваакум мосламалари, овқат учун мосланган контейнерлар) сақланишини таъминлайди.
5-боб. Кейтеринг фаолиятини ташкил этиш
24. Санитария-гигиена меъёрларидан келиб чиқиб, битта ўқувчини бир маҳал озиқ-овқат билан таъминлашнинг ўртача нархи Халқ таълими вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишган ҳолда ҳар ўқув йили учун тасдиқланади.
Бунда ўртача нарх санитария-гигиена меъёрларида белгиланган миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотларини тегишли ҳудуддаги маҳсулотларнинг ўртача бозор нархига кўпайтирган ҳолда аниқланади.
25. Кейтеринг хизматларига ҳақ тўлаш миқдори барча харажатларни (солиқлар, ходимларнинг иш ҳақи, транспорт хизматлари ҳамда асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва улардан фойдаланиш ва бошқаларни) ўз ичига олган ҳолда 20 фоизгача миқдорда белгиланади.
26. Ўқув йили давомида янгидан синфлар очилганда (ёки ёпилганда), ўқувчилар сони ўзгарганда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан киритилган ўзгартириш асосида тасдиқланган ўртача бозор нархлари кескин ўзгарганда кейтеринг ташкилоти ва мактаб томонидан шартнома бўйича умумий бошланғич сумманинг 10 фоизидан ошмаган миқдорда қўшимча шартнома тузилиши мумкин.
27. Ўқувчиларни овқатлантириш ташкил этилганда тайёр таомлар таомномада белгиланган миқдорларда ва санитария-гигиена меъёрларига мос равишда бўлиши шарт.
28. Кейтеринг ташкилоти томонидан соғлом овқатлантиришни ташкил этишда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилишини, ошхона ходимлари томонидан санитария-гигиена тадбирлари бажарилишини назорат қилиш Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг тегишли ҳудудий бошқармаси томонидан амалга оширилади.
29. Таомномада тайёр таомлар вазни, нархи, сарфланган маҳсулотлар тури ва уларнинг миқдорлари кўрсатилади.
30. Кўрсатилган хизматлар ҳисоб-китоби шартнома ойлик суммасининг 15 фоизи миқдорида олдиндан, 85 фоизи ҳақиқатда кўрсатилган хизматлар суммасидан келиб чиқиб, тақдим қилинган ҳисоб-фактураларга асосан амалга оширилади.
31. Кейтеринг ташкилоти бир ойда тасдиқланган таомномалар нусхалари ва кўрсатилган хизматлар бўйича ҳисобот ва ҳисоб-фактура ҳужжатларини кейинги ойнинг бешинчи кунидан кечиктирмасдан туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари бухгалтериясига тақдим этади.
6-боб. Буюртмачининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
32. Буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
кейтеринг усулида овқатлантиришни амалга ошириш учун қўйилган талаблар бажарилишини ўрганиш;
тайёр таомлар сифатининг таомномага мувофиқлигини текшириш;
тайёр таомларнинг миқдори, мазаси, таркибидаги маҳсулотларнинг сифати бўйича камчиликларга йўл қуймаслик;
харид қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар, уларда фойдаланиладиган технологик санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослигини назорат қилиш;
туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан соғлом овқатланишни ташкил этиш юзасидан доимий мониторинг олиб бориш, жумладан, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида сўровномалар ўтказиш;
тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларига мактабларда сифатли ва хавфсиз овқатланишни ташкил этиш юзасидан таклифлар киритиш;
Вазирлик Ўзбекистон Аутсорсинг хизматлари кўрсатувчи корхоналар уюшмаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг тегишли ҳудудий бошқармаси билан биргаликда кейтеринг ташкилоти томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифати устидан доимий назоратни амалга ошириш ҳамда ўрганиш натижаларига кўра кейтеринг ташкилотини «инсофли ижрочи» ёки «инсофсиз ижрочи» рўйхатига киритиш.
33. Буюртмачи:
кейтеринг ташкилоти томонидан етказиб берилган тайёр озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳисоб-фактура ҳужжатлари «kundalik.com» платформасида шаклланган маълумотларга мослигини текшириши;
кўрсатилган кейтеринг хизматлари учун шартномада белгиланган миқдор ва муддатларда тўловни амалга ошириши;
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан тасдиқланган таомнома асосида овқатлантиришни ташкил этиши лозим.
Буюртмачига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.
34. Кейтеринг хизматини кўрсатувчи ташкилотлар билан ҳисоб-китоблар улар томонидан тақдим этилган ҳисоб-фактура ҳужжатлари асосида ушбу ҳужжатлар Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан «kundalik.com» платформасида шаклланган маълумотларга мослиги текширилган ҳолда амалга оширилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
35. Ушбу Низомда назарда тутилган талабларнинг бузилиши буюртмачи ва кейтеринг ташкилоти билан тузилган шартнома белгиланган тартибда бекор қилишига асос бўлади.
36. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини кейтеринг усулида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Кейтеринг усулида ташкил этиш ҳамда ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Буюртмачи (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Хоразм вилояти ҳокимлиги) Танлов (тендер) ўтказиш бўйича эълонлар ва қўйиладиган талабларни давлат харидлари электрон тизимининг махсус платформасига жойлаштиради. Оммавий ахборот воситаларида эълон беради. Заруратга кўра 2-босқич Буюртмачи томонидан тузилган харид комиссияси 1. Танлов (тендер) иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқади ва энг яхшиларини танлаб олади. 2. Танлов (тендер) ғолибини аниқлайди ва баённомани расмийлаштиради. Янги ўқув йили бошлангунига қадар 3-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси 1. Танлов (тендер) ғолиби (кейтеринг ташкилоти) билан шартнома тузади. 2. Кейтеринг ташкилоти ходимлари мактабларнинг тегишли ҳудудига олдиндан тақдим этилган ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхат асосида белгиланган тартибда киради ва мактаб биносида ҳаракатланади. Танлов (тендер) ғолиби аниқлангандан сўнг 3 иш куни мобайнида 4-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси Тегишли кўрсатилган хизматлар ҳисоб-китоби шартнома ойлик суммасининг 15 фоизи миқдоридаги маблағни олдиндан кейтеринг ташкилотининг ҳисобварағига ўтказиб беради. Ҳар ойнинг 5-кунигача 5-босқич Кейтеринг ташкилоти Буюртмачи билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш учун амалда кўрсатилган хизматлар ҳисоб-фактуралар (бажарилган ишлар далолатномалари) хамда бошқа асословчи ҳужжатларни туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига тақдим этади. Шартномада белгиланган муддатда 6-босқич Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳисоб-фактураларни «kundalik.com» платформасида шаклланган маълумотлар билан солиштириб, уларни умумлаштирган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти халқ таълими бошқармасига тақдим этади. Ҳар ойнинг 10-кунигача 7-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси 1. Асословчи ҳужжатлар (ҳисоб-фактуралар, бажарилган ишлар далолатномалари) таққосланади. 2. Тузилган шартнома шартларига мувофиқ тасдиқланган ҳисоб-фактура ва бажарилган ишлар далолатномаларига асосан қолган 85 фоиз сумма кейтеринг ташкилотига тўланади. Тасдиқланган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 25 август,
472-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatida joylashgan umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida sogʻlom ovqatlantirish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasi toʻgʻrisida” 2022-yil 28-yanvardagi PF-60-son Farmoni ijrosi yuzasidan Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatida boshlangʻich sinf oʻquvchilarini bosqichma-bosqich bepul ovqat bilan taʼminlash tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 28-yanvardagi PF-60-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasini “Inson qadrini ulugʻlash va faol mahalla yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturida Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatida tajriba-sinov tariqasida boshlangʻich sinf (1 — 4-sinflar) oʻquvchilarini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan bepul ovqat bilan taʼminlash tizimini joriy etish nazarda tutilganligi;
Vazirlar Mahkamasining “Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatidagi umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida boshlangʻich sinf oʻquvchilarini bepul ovqat bilan taʼminlashni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 9-fevraldagi 67-son qarorining 3-bandi bilan Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatidagi umumiy oʻrta taʼlim muassasalari 1 — 4-sinf oʻquvchilarini tajriba-sinov tarzida 2021/2022 oʻquv yili yakuniga qadar bepul ovqatlantirish tizimi joriy etilganligi;
2022-yil uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyati mahalliy budjeti parametrlarida mazkur hududlardagi boshlangʻich sinf (1 — 4-sinflar) oʻquvchilarini bepul ovqat bilan taʼminlash uchun 100 milliard soʻmdan jami 200 milliard soʻm ajratilganligi;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatidagi umumiy oʻrta taʼlim muassasalari 1 — 4-sinflari oʻquvchilarini tajriba-sinov doirasida 2021/2022 oʻquv yili yakuniga qadar bepul ovqatlantirishni tashkil etish uchun tegishli mahalliy budjetlarda nazarda tutilgan mablagʻlardan Xalq taʼlimi vazirligiga 100,6 milliard soʻm yoʻnaltirilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatidagi umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida sogʻlom ovqatlantirish tizimini keytering usulida tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatidagi umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 1 — 4-sinflari oʻquvchilarini ovqatlantirilishiga qoʻyiladigan asosiy talablar;
oʻquvchilarni keytering usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish tartibi;
keytering tashkiloti tomonidan tayyor taomlarni ishlab chiqarish va yetkazib berishni tashkil etish tartibi;
keytering usulida xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlarni tanlovini tashkil etish hamda oʻzaro hisob-kitoblarni amalga oshirish tartibi;
keytering tashkiloti tomonidan yetkazib berilgan taomlar tarkibi va sifati ustidan doimiy nazoratni taʼminlash tartibi.
3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Xorazm viloyati hokimligi:
keytering tashkilotlarini Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda ushbu qaror talablariga rioya etgan holda ochiqlik, shaffoflik va raqobat tamoyillari asosida tanlab olish choralarini koʻrsin;
keytering tashkilotlarini tanlab olishda tumanlardagi umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining hududiy joylashuvini inobatga olsin;
2022/2023 oʻquv yilidan boshlab Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatidagi umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 1 — 4-sinflari oʻquvchilarini bepul ovqatlantirishni tashkil etish uchun ajratiladigan mablagʻlarning maqsadli sarflanishi ustidan jamoatchilik nazoratini oʻrnatish va mazkur jarayonda korrupsiyaviy omillarning oldini olish boʻyicha manzilli choralar koʻrsin.
4. Belgilab qoʻyilsinki:
Moliya vazirligi har yili Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatidagi umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 1 — 4-sinflari oʻquvchilarini keytering usulida bepul ovqatlantirish uchun zarur mablagʻlarni Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarini shakllantirishda nazarda tutadi;
umumiy oʻrta taʼlim muassasalari 1 — 4-sinflari oʻquvchilariga keytering xizmatini koʻrsatuvchi tashkilotlar tomonidan yetkazib berilgan oziq-ovqatlar hisobi, hisoboti hamda kunlik taomnomaning tarkibi Xalq taʼlimi vazirligining “kundalik.com” platformasi orqali amalga oshiriladi;
keytering tashkiloti umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining oshxonasidan foydalanmagan holda oʻz imkoniyatlari doirasida tayyor taomlarni ishlab chiqarish va umumiy oʻrta taʼlim muassasalariga yetkazib berish orqali ovqatlantirishni tashkil etadi.
5. Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmati Xalq taʼlimi vazirligi bilan birgalikda umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida sanitariya-gigiyena talablariga rioya etilishi yuzasidan tasdiqlangan jadval asosida har oyda oʻrganishlar tashkil etsin.
6. Xalq taʼlimi vazirligi:
Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi bilan birgalikda ommaviy axborot vositalari orqali xalq taʼlimi muassasalarida oʻquvchilarni sogʻlom ovqatlantirish yuzasidan targʻibot-tashviqot ishlarini olib borsin;
Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmati bilan birgalikda ikki oy muddatda ilgʻor xorijiy tajribani oʻrganilgan holda keytering usulida oʻrta taʼlim muassasalari 1 — 4-sinflar oʻquvchilarini sogʻlom ovqatlantirish taomnomasini qayta koʻrib chiqsin;
manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi vaziri B.O. Saidov, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi Q.R. Sariyev va Xorazm viloyati hokimi F.U. Ermanov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 25-avgustdagi 472-son qaroriga ILOVA
Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatidagi umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida sogʻlom ovqatlantirish tizimini keytering usulida tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatidagi umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida (keyingi oʻrinlarda — maktab) 1 — 4-sinflar oʻquvchilarini (keyingi oʻrinlarda — oʻquvchilar) keytering usulida sogʻlom ovqatlantirish (keyingi oʻrinlarda — ovqatlantirish) tizimini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
buyurtmachi — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Xorazm viloyati hokimligi;
keytering — hududlarda masofaviy usulda umumiy ovqatlanish xizmatlarini koʻrsatish orqali ovqatlanishni shartnoma asosida tashkil etish, ovqatlarni tayyorlash, yetkazib berish va tayyor pazandachilik mahsulotlarining chakana savdosini amalga oshirish xizmatlarini koʻrsatish.
3. Oʻquvchilarni ovqatlantirish maktablarning oshxonalarida sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari talablariga mos shart-sharoitlar yaratilgan holda tashkil etiladi.
4. Buyurtmachi oʻquvchilarni ovqatlantirishni keytering usulida tashkil etishda quyidagilarga rioya qilishi shart:
keytering tashkilotini qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq tanlab olish;
keytering tashkiloti tomonidan amalga oshiriladigan ishlar (xizmatlar) sifati yuqori darajada saqlab qolinishini talab qilish;
xizmatlarni keytering tashkilotiga oʻtkazishda ularning iqtisodiy samaradorligini oshirish va xoʻjalik faoliyati xarajatlarini qisqartirish, faoliyatining asosiy boʻlmagan turlarini rivojlantirish hamda keytering tashkilotiga oʻtkazilgan xizmatlarning sifatini oshirish.
5. Keytering tashkiloti xodimlari maktabning tegishli hududiga oldindan taqdim etilgan va Xalq taʼlimi vazirligi tomonidan tasdiqlangan roʻyxat asosida belgilangan tartibda kiradi hamda maktab binosida harakatlanadi.
6. Keytering faoliyatini tashkil etish mazkur Nizomga ilova sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. Oʻquvchilarni ovqatlantirishni tashkil etishga qoʻyiladigan asosiy talablar
7. Oʻquvchilarni ovqatlantirish keytering tashkiloti tomonidan Sogʻliqni saqlash vazirligining sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlarida belgilangan oziq-ovqat mahsulotlari asosida amalga oshiriladi.
8. Oʻquvchilarni ovqatlantirish Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmati hamda Xalq taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tomonidan ishlab chiqilgan hamda tasdiqlangan namunaviy mavsumiy taomnomalar, taom tayyorlash boʻyicha texnologik kartalar asosida tashkil qilinadi.
9. Keytering tashkiloti:
xarid qilinayotgan oziq-ovqat mahsulotlari va tayyorlanayotgan taomlar sifatliligi;
foydalaniladigan texnologik jihozlar sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga mosligi;
oshxona xodimlari tomonidan taom tayyorlash texnologiyasi qoidalariga rioya qilinishi;
oshpazlarning har besh yilda bir marta malaka oshirishi;
oshpazlarning tibbiy koʻrikdan oʻtgan holda ishga qoʻyilishi uchun javobgar hisoblanadi.
3-bob. Oʻquvchilarni ovqatlantirishni tashkil etish
10. Maktablarda oʻquvchilar keytering usulida bir mahal ovqatlantiriladi.
11. Keytering tashkilotini tanlab olish Vazirlik tomonidan tasdiqlangan texnik talablarga koʻra Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq xarid qilish tartib-taomillari asosida tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Xorazm viloyati hokimligi tomonidan oʻtkaziladigan tanlov (tender) yakunlari boʻyicha amalga oshiriladi.
12. Tanlov (tender) oʻtkazish boʻyicha eʼlonlar va qoʻyiladigan umumiy talablar Vazirlik tomonidan buyurtmachiga taqdim qilinadi hamda buyurtmachi tomonidan davlat xaridlari elektron tizimining maxsus platformasiga va ommaviy axborot vositalariga joylashtiriladi.
13. Tanlovga buyurtmachi tomonidan umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining geografik joylashuvini va ular oʻrtasidagi masofani inobatga olgan holda alohida lotlar joylashtiriladi.
14. Tanlov (tender) yakunlari boʻyicha gʻolib deb topilgan keytering tashkiloti bilan maktablarda keytering usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish xizmatini koʻrsatish boʻyicha shartnomalar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi va Xorazm viloyati xalq taʼlimi boshqarmasi bilan joriy oʻquv yili uchun belgilangan tartibda tuziladi.
15. Vazirlik Oʻzbekiston Autsorsing xizmatlari koʻrsatuvchi korxonalar uyushmasi bilan birgalikda lozim boʻlgan taqdirda, sohaga oid mutaxassislarni jalb qilgan holda keytering tashkiloti faoliyati ustidan doimiy monitoring olib boradi.
16. Vazirlik keytering tashkiloti faoliyati ustidan doimiy monitoring olib boradi.
17. Keytering tashkiloti sifatida xizmat koʻrsatuvchi talabgorlarga nisbatan quyidagi talablar qoʻyiladi:
umumiy ovqatlanish xizmati koʻrsatish boʻyicha kamida uch yillik tajribaga ega boʻlish;
keytering xizmatlari boʻyicha kamida uch oylik shartnoma summasiga teng aylanma mablagʻlarining mavjudligi;
tanlovda (tenderda) ishtirok etish uchun ariza berilgan kundan kamida bir oy oldin tegishli tashkilotlardan soliq qarzdorligi, toʻlovlar, boshqa majburiy toʻlovlar va moliyaviy sanksiyalarning mavjud emasligi;
insofsiz ijrochilarning yagona reyestrida qayd etilmagan boʻlishi;
korrupsiyaga yoʻl qoʻymasligi toʻgʻrisida ariza taqdim etilishi;
tanlovda (tenderda) ishtirok etish uchun Vazirlik tomonidan tegishli idoralar bilan hamkorlikda ishlab chiqilgan texnik topshiriq va tanlov hujjatlari talablariga mosligi;
sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish yuzasidan taomlar tayyorlash texnologiyasi boʻyicha kamida uch yillik ish tajribasiga ega boʻlgan malakali mutaxassislarga (muhandis-texnolog, allergolog, diyetolog, gastroenterolog, terapevt vrach, oshpazlar) ega boʻlishi.
4-bob. Keytering tashkiloti tomonidan tayyor taomlarni ishlab chiqarish va yetkazib berishni tashkil etish
18. Keytering tashkiloti taomlarni ushbu Nizomning 7-bandida nazarda tutilgan tartibda tasdiqlangan taomnoma asosida tayyorlaydi va oʻquvchilarga yetkazib berish choralarini koʻradi.
19. Keytering tashkiloti tayyor taomlarni qadoqlangan, bir marta ishlatiladigan qutilarda sovitkich moslamasi oʻrnatilgan maxsus avtotransport vositalarida maktablarga yetkazadi.
20. Keytering tashkiloti yetkazib berilgan qadoqlangan tayyor taomlarni maktab oshxonalarida sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga muvofiq oʻquvchilarga tarqatishni tashkil etadi.
21. Keytering tashkiloti yetkazib berilgan maktab oshxonasida isteʼmol qilingan qadoqlangan tayyor taomlarning chiqindilarini oʻz vaqtida utilizatsiya qilish choralarini koʻradi.
22. Keytering tashkiloti tomonidan yetkazib berilgan taomlar tarkibi va sifati ustidan doimiy nazoratni taʼminlash maqsadida har bir maktabda 5 nafar (maktab direktori, hamshira va ota-onalar vakillari) aʼzodan iborat tarkibda maxsus komissiya tuziladi.
23. Keytering tashkiloti uzoq va olis hududlardagi maktablarga qadoqlangan tayyor taomlarni oʻz vaqtida, sifati buzilmagan holda yetkazib berish maqsadida oʻsha yerda joylashgan maktablarning birida tayyor mahsulotlarni saqlashni tashkil etadi.
Bunda keytering tashkiloti yetkazib berilgan qadoqlangan tayyor taomlar ularning sifatiga taʼsir qilmagan holda texnik vositalar orqali (muzlatkich, vaakum moslamalari, ovqat uchun moslangan konteynerlar) saqlanishini taʼminlaydi.
5-bob. Keytering faoliyatini tashkil etish
24. Sanitariya-gigiyena meʼyorlaridan kelib chiqib, bitta oʻquvchini bir mahal oziq-ovqat bilan taʼminlashning oʻrtacha narxi Xalq taʼlimi vazirligi tomonidan Moliya vazirligi bilan kelishgan holda har oʻquv yili uchun tasdiqlanadi.
Bunda oʻrtacha narx sanitariya-gigiyena meʼyorlarida belgilangan miqdordagi oziq-ovqat mahsulotlarini tegishli hududdagi mahsulotlarning oʻrtacha bozor narxiga koʻpaytirgan holda aniqlanadi.
25. Keytering xizmatlariga haq toʻlash miqdori barcha xarajatlarni (soliqlar, xodimlarning ish haqi, transport xizmatlari hamda asbob-uskunalarni taʼmirlash va ulardan foydalanish va boshqalarni) oʻz ichiga olgan holda 20 foizgacha miqdorda belgilanadi.
26. Oʻquv yili davomida yangidan sinflar ochilganda (yoki yopilganda), oʻquvchilar soni oʻzgarganda hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Vazirlar Mahkamasining qarori bilan kiritilgan oʻzgartirish asosida tasdiqlangan oʻrtacha bozor narxlari keskin oʻzgarganda keytering tashkiloti va maktab tomonidan shartnoma boʻyicha umumiy boshlangʻich summaning 10 foizidan oshmagan miqdorda qoʻshimcha shartnoma tuzilishi mumkin.
27. Oʻquvchilarni ovqatlantirish tashkil etilganda tayyor taomlar taomnomada belgilangan miqdorlarda va sanitariya-gigiyena meʼyorlariga mos ravishda boʻlishi shart.
28. Keytering tashkiloti tomonidan sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etishda sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga rioya etilishini, oshxona xodimlari tomonidan sanitariya-gigiyena tadbirlari bajarilishini nazorat qilish Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmatining tegishli hududiy boshqarmasi tomonidan amalga oshiriladi.
29. Taomnomada tayyor taomlar vazni, narxi, sarflangan mahsulotlar turi va ularning miqdorlari koʻrsatiladi.
30. Koʻrsatilgan xizmatlar hisob-kitobi shartnoma oylik summasining 15 foizi miqdorida oldindan, 85 foizi haqiqatda koʻrsatilgan xizmatlar summasidan kelib chiqib, taqdim qilingan hisob-fakturalarga asosan amalga oshiriladi.
31. Keytering tashkiloti bir oyda tasdiqlangan taomnomalar nusxalari va koʻrsatilgan xizmatlar boʻyicha hisobot va hisob-faktura hujjatlarini keyingi oyning beshinchi kunidan kechiktirmasdan tuman (shahar) xalq taʼlimi boʻlimlari buxgalteriyasiga taqdim etadi.
6-bob. Buyurtmachining huquq va majburiyatlari
32. Buyurtmachi quyidagi huquqlarga ega:
keytering usulida ovqatlantirishni amalga oshirish uchun qoʻyilgan talablar bajarilishini oʻrganish;
tayyor taomlar sifatining taomnomaga muvofiqligini tekshirish;
tayyor taomlarning miqdori, mazasi, tarkibidagi mahsulotlarning sifati boʻyicha kamchiliklarga yoʻl quymaslik;
xarid qilinayotgan oziq-ovqat mahsulotlari va tayyorlanayotgan taomlar, ularda foydalaniladigan texnologik sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga mosligini nazorat qilish;
tuman (shahar) xalq taʼlimi boʻlimlari tomonidan sogʻlom ovqatlanishni tashkil etish yuzasidan doimiy monitoring olib borish, jumladan, oʻquvchilar va ularning ota-onalari oʻrtasida soʻrovnomalar oʻtkazish;
tegishli mahalliy davlat hokimiyati organlariga maktablarda sifatli va xavfsiz ovqatlanishni tashkil etish yuzasidan takliflar kiritish;
Vazirlik Oʻzbekiston Autsorsing xizmatlari koʻrsatuvchi korxonalar uyushmasi, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmatining tegishli hududiy boshqarmasi bilan birgalikda keytering tashkiloti tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlar sifati ustidan doimiy nazoratni amalga oshirish hamda oʻrganish natijalariga koʻra keytering tashkilotini “insofli ijrochi” yoki “insofsiz ijrochi” roʻyxatiga kiritish.
33. Buyurtmachi:
keytering tashkiloti tomonidan yetkazib berilgan tayyor oziq-ovqat mahsulotlarining hisob-faktura hujjatlari “kundalik.com” platformasida shakllangan maʼlumotlarga mosligini tekshirishi;
koʻrsatilgan keytering xizmatlari uchun shartnomada belgilangan miqdor va muddatlarda toʻlovni amalga oshirishi;
Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmati tomonidan tasdiqlangan taomnoma asosida ovqatlantirishni tashkil etishi lozim.
Buyurtmachiga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklatilishi mumkin.
34. Keytering xizmatini koʻrsatuvchi tashkilotlar bilan hisob-kitoblar ular tomonidan taqdim etilgan hisob-faktura hujjatlari asosida ushbu hujjatlar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi va Xorazm viloyati xalq taʼlimi boshqarmasi tomonidan “kundalik.com” platformasida shakllangan maʼlumotlarga mosligi tekshirilgan holda amalga oshiriladi.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
35. Ushbu Nizomda nazarda tutilgan talablarning buzilishi buyurtmachi va keytering tashkiloti bilan tuzilgan shartnoma belgilangan tartibda bekor qilishiga asos boʻladi.
36. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatidagi umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida sogʻlom ovqatlantirish tizimini keytering usulida tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Keytering usulida tashkil etish hamda oʻzaro hisob-kitoblarni amalga oshirish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Buyurtmachi (Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va Xorazm viloyati hokimligi) Tanlov (tender) oʻtkazish boʻyicha eʼlonlar va qoʻyiladigan talablarni davlat xaridlari elektron tizimining maxsus platformasiga joylashtiradi. Ommaviy axborot vositalarida eʼlon beradi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Buyurtmachi tomonidan tuzilgan xarid komissiyasi 1. Tanlov (tender) ishtirokchilarining takliflarini koʻrib chiqadi va eng yaxshilarini tanlab oladi. 2. Tanlov (tender) gʻolibini aniqlaydi va bayonnomani rasmiylashtiradi. Yangi oʻquv yili boshlanguniga qadar 3-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, Xorazm viloyati xalq taʼlimi boshqarmasi 1. Tanlov (tender) gʻolibi (keytering tashkiloti) bilan shartnoma tuzadi. 2. Keytering tashkiloti xodimlari maktablarning tegishli hududiga oldindan taqdim etilgan hamda Xalq taʼlimi vazirligi tomonidan tasdiqlangan roʻyxat asosida belgilangan tartibda kiradi va maktab binosida harakatlanadi. Tanlov (tender) gʻolibi aniqlangandan soʻng 3 ish kuni mobaynida 4-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, Xorazm viloyati xalq taʼlimi boshqarmasi Tegishli koʻrsatilgan xizmatlar hisob-kitobi shartnoma oylik summasining 15 foizi miqdoridagi mablagʻni oldindan keytering tashkilotining hisobvaragʻiga oʻtkazib beradi. Har oyning 5-kunigacha 5-bosqich Keytering tashkiloti Buyurtmachi bilan oʻzaro hisob-kitob qilish uchun amalda koʻrsatilgan xizmatlar hisob-fakturalar (bajarilgan ishlar dalolatnomalari) xamda boshqa asoslovchi hujjatlarni tuman (shahar) xalq taʼlimi boʻlimiga taqdim etadi. Shartnomada belgilangan muddatda 6-bosqich Tuman (shahar) xalq taʼlimi boʻlimlari Tuman (shahar) xalq taʼlimi boʻlimlari hisob-fakturalarni “kundalik.com” platformasida shakllangan maʼlumotlar bilan solishtirib, ularni umumlashtirgan holda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi hamda Xorazm viloyati xalq taʼlimi boshqarmasiga taqdim etadi. Har oyning 10-kunigacha 7-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, Xorazm viloyati xalq taʼlimi boshqarmasi 1. Asoslovchi hujjatlar (hisob-fakturalar, bajarilgan ishlar dalolatnomalari) taqqoslanadi. 2. Tuzilgan shartnoma shartlariga muvofiq tasdiqlangan hisob-faktura va bajarilgan ishlar dalolatnomalariga asosan qolgan 85 foiz summa keytering tashkilotiga toʻlanadi. Tasdiqlangan kundan boshlab 5 ish kuni mobaynida
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 25-avgust,
472-son