📅 2022-yil 31-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 31-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 31 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 31 августа 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 31 August 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига қарши вакцинация тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-73-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига қарши вакцинация тадбирларини ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда вакцинация жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш орқали соҳада шаффофликни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-73-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларнинг самарадорлигини ошириш бўйича « йўл харитаси »да ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига қарши вакцинация тадбирларини ўтказиш ҳамда замонавий ва шаффоф механизмлар асосида молиялаштиришни назарда тутувчи янги тизим жорий этилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига қарши вакцинация тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда — Низом) иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига қарши вакцинация тадбирларини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган ва фойдаланиш учун рухсат этилган вакциналар билан ўтказиш;
вакцинация тадбирларини ўтказиш ва мазкур жараённи давлат ветеринария хизмати томонидан мониторинг қилиб бориш;
вакцинация тадбирларини ҳар бир туман (шаҳар)да махсус эмлаш гуруҳлари томонидан клиник жиҳатдан соғлом ҳайвонларда ўтказиш;
вакциналарни ҳар йили шакллантириладиган рўйхат асосида ҳайвон турлари ва вакциналар қўлланадиган ҳудудлар бўйича белгиланган миқдорда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан харид қилиш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш тартиби.
3. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси:
икки ой муддатда Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилоти талаблари ҳамда унга аъзо бўлган хорижий давлатлар тажрибаси асосида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига қарши вакцинация тадбирларини ўтказиш бўйича тегишли йўриқномаларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;
2022 — 2024 йилларда халқаро ва хорижий молия институтларининг грантлари ҳисобидан давлат ветеринария хизматининг ҳудудий бўлинмалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда зарур жиҳоз ва техникаларни харид қилиш ишларини амалга оширсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари давлат ветеринария хизмати томонидан ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига қарши вакцинация тадбирларининг ташкил этилишида ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Т. Норқобилов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 августдаги 481-сон қарорига ИЛОВА
Ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига қарши вакцинация тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат, идоравий ва ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматлари томонидан ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига қарши вакцинация тадбирларини (кейинги ўринларда — вакцинация тадбирлари) ўтказиш ва молиялаштиришни замонавий ва шаффоф механизмлар асосида амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
вакцина — организмда маълум бир антигенга қарши иммунитет ҳосил бўлишини таъминловчи биологик препарат;
вакцинация тадбирлари — эпизоотиянинг олдини олишга, уни аниқлашга ёки тугатишга доир ташкилий ва махсус ветеринария тадбирлари тизими;
ветеринария — ҳайвонларнинг ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза қилиниши, ҳайвонлар касалликлари пайдо бўлиши тарқалишининг олдини олиш ва уларни тугатишни, аҳолини ҳайвонлар ва одам учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли касалликлари олиб кирилишидан муҳофаза қилиш, ҳайвонларга ветеринария хизмати кўрсатилиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг ветеринария осойишталигини, давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларнинг ветеринария, ветеринария-санитария хавфсизлигини таъминлашга қаратилган илмий ва амалий фаолият соҳаси;
ветеринария осойишталиги — ҳайвонларнинг соғлиғига салбий омилларнинг зарарли таъсирлари, эпизоотия мавжуд бўлмаган, шунингдек, ҳайвонларнинг яшаши учун қулай шарт-шароитлар таъминланадиган ҳолат;
эпизоотия — тегишли ҳудудда ҳайвонларнинг ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликлари тарқалиши;
эпизоотияга қарши тадбирлар — эпизоотиянинг олдини олиш, уни аниқлаш ёки тугатишга доир ташкилий ва махсус ветеринария тадбирлари тизими;
ҳайвон — юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган қорамол, қўй, эчки, от, туя, эшак, ит, мушук, чўчқа, парранда, балиқ, асалари, ёввойи ҳайвонлар, ҳайвонот боғи ва цирк ҳайвонлари;
ҳайвонларнинг юқумли касалликлари — ҳайвонларга касалликларнинг қўзғатувчилари таъсири сабабли пайдо бўладиган, тарқалиш ҳамда бошқа ҳайвонлар ва одамга ўтиш эҳтимоли мавжуд бўлган касалликлар.
3. Вакцинация тадбирлари мулкчилик шаклидан қатъи назар барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли ҳайвонларда ўтказилади.
4. Ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига қарши вакцинация тадбирлари ушбу Низомга иловада келтирилган схемада белгиланган тартибда ўтказилади.
2-боб. Вакцинация тадбирларини ўтказиш тартиби
5. Вакцинация тадбирларини ўтказишнинг асосий мезони мониторинг маълумотлари асосида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита) томонидан ҳар йили 1 октябрга қадар ишлаб чиқилган прогнозга асосланади.
6. Вакцинация тадбирларини ўтказишда жисмоний ва юридик шахслар, давлат бошқаруви органлари томонидан тақдим этилган маълумотлар ҳам ҳисобга олинади.
7. Қўмита ветеринария осойишталигини таъминлашда ҳайвонларнинг юқумли касалликларини ўз вақтида аниқлаш, уларга ташхис қўйиш ва улар тарқалишининг олдини олишга доир эпизоотияга қарши тадбирлар бўйича доимий равишда мониторинг юритади.
8. Вакцинация тадбирлари маҳаллий ва хорижда ишлаб чиқарилган, фойдаланиш бўйича қўлланмага мувофиқ белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган ва фойдаланиш учун рухсат этилган вакциналар билан ўтказилади.
9. Қўмита эпизоотия бўйича тизимли мониторинг натижаларига асосланиб, маҳаллий ижро эгувчи ҳокимият органларига ҳудудларни ўрганиш ва эпизоотияга қарши курашиш чораларини кўриш зарурлиги тўғрисида тезкор хабар беради.
10. Вакцинация тадбирлари Қўмита томонидан тасдиқланган ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига қарши курашиш тадбирлари бўйича йўриқномага мувофиқ ўтказилади.
11. Қўмита, Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар) ва туманлар (шаҳарлар) ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари (кейинги ўринларда — туман (шаҳар) бўлимлари) вакцинация тадбирларининг ўтказилишини назорат қилади.
12. Мониторинг олиб бориш учун юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши, тарқалиши ва уларни йўқотиш бўйича маълумотлардан (носоғлом ҳудуднинг географик жойлашуви, юқумли касалликларнинг ўчоғи ва ўлган ҳайвонларнинг сони, лаборатория-экспертиза хулосаси ва бошқалар) фойдаланилади. Ушбу маълумотлар белгиланган тартибда расмий ҳисоботлардан олинади.
13. Маълумотларнинг бир қисми ўрганилаётган ҳудудни тўғридан-тўғри кузатиш, текшириш, шунингдек, эпизоотик текширув орқали олинади.
3-боб. Вакцинация тадбирларини ўтказишда мониторинг юритиш тартиби
14. Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари вакцинация тадбирларининг доимий равишда мониторингини юритиб боради.
15. Мониторинг эпизоотик носоғлом ҳудудлар тўғрисидаги маълумотларини тўплаш, клиник, патологоанатомик ва лаборатория текширувлар ўтказиш, касалланиш динамикаси, ҳайвонларни боқиш ва озиқлантириш, чорвачиликнинг ветеринария-санитария ҳолати, ветеринария хизматининг сифат даражаси ҳамда эпизоотик ўчоқни кузатиш ҳамда бошқа усуллар ёрдамида олинган маълумотларни баҳолаш орқали ҳам юритилади.
16. Мониторинг давомида мавжуд вазият аниқланади, эпизоотик ўчоқлар мониторинг қилинади ва олинган маълумотлар баҳоланиб, зарур тавсиялар ишлаб чиқилади.
17. Мониторинг натижаларига кўра аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бўйича вакцинация тадбирлари ўтказилади ҳамда мунтазам назорат ўрнатилади.
4-боб. Вакцинация тадбирларини ўтказиш мезонлари
18. Вакцинация тадбирлари клиник текширувлардан ўтган соғлом ҳайвонларда ўтказилади.
19. Агар ҳайвон касал бўлса ёки жарроҳлик амалиёти ўтказилган бўлса, вакцинация ушбу ҳайвон тўлиқ тузалгунига қадар кечиктирилиши мумкин.
20. Вакцинация тадбирлари вакциналар сақланадиган музлаткич, мутахассис иш столи, ҳайвонларни маҳкамлаш столи, асбоблар ва дори-дармонлар учун махсус шкафлар, стерилизатор билан жиҳозланган алоҳида хоналардан иборат ветеринария клиникаларида ўтказилиши ҳамда биноларнинг деворлари ҳамда поллари тозалаш ва дизенфекциялаш осон бўлган материаллар билан қопланган бўлиши керак.
21. Вакцинация тадбирлари ҳар бир туман (шаҳар)да ветеринария ходимлари томонидан ўтказилади.
22. Вакцинани фойдаланишга бериш даврида вакцинани қўллаш билан шуғулланадиган ветеринария ходимларига тегишли тушунтиришлар бериб борилади.
5-боб. Вакциналарни харид қилиш тартиби
23. Қўмита томонидан ўта юқумли касалликларнинг тарқалиш ҳолатидан ҳамда қўшни мамлакатлар билан чегарадош ҳудудларда ушбу мамлакатлар томонидан расмий равишда эълон қилинган касаллик турларидан келиб чиқиб, келгуси йил учун харид қилинадиган вакциналар рўйхати ҳамда миқдори ҳайвонлар турлари, қўлланадиган ҳудудлар бўйича календарь йилнинг 1 июнига қадар аниқланади.
24. Харид қилинадиган вакциналарнинг турлари ва миқдоридан ҳамда уларнинг кутилаётган баҳосидан келиб чиқиб, кейинги йил Давлат бюджети параметрларида назарда тутилиши зарур бўлган маблағ ҳисоб-китоб қилинади.
25. Қўмита томонидан вакциналарни харид қилиш учун талаб этиладиган маблағ ҳисоб-китоби асосида қонунчиликда белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига бюджет сўрови киритилади.
26. Вакциналарни харид қилишда шаффофликни таъминлаш мақсадида уларни ишлаб чиқарувчининг ёки препаратнинг аниқ номи кўрсатилишига йўл қўйилмайди ва фақат препаратнинг таъсир этувчи моддаси номи кўрсатилади.
27. Вакциналар «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари асосида харид қилинади.
6-боб. Вакциналардан фойдаланиш ҳисобини юритиш
28. Вакцина ҳар бир ҳудудий бошқарма ва туман (шаҳар) бўлимининг махсус жиҳозланган омборларида (шкаф ва музлаткичларда) сақланади.
29. Қўмита, Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, ҳудудий бошқармалар ва туман (шаҳар) бўлимлари томонидан сарфланган ҳар бир препарат бўйича ҳисобот электрон дастурда юритилади ҳамда унда препарат қўлланилган ҳайвон эгаси, ҳайвон тури, қўлланилган препарат миқдори, санаси бўйича маълумотлар тўлиқ акс эттирилади.
30. Вакциналарни қўллаш такрорийлиги мазкур препаратларни қўллаш бўйича белгиланган меъёрдан ортишига йўл қўйилмайди.
7-боб. Якунловчи қоида
31.Ушбу Низом қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига қарши вакцинация тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларига қарши вакцинация тадбирларини ўтказиш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари Вакцинация тадбирларини — мониторинг маълумотлари асосида ишлаб чиқилган прогнозга асосан ўтказиш. Ҳар йили 1 октябрига қадар 2-босқич Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси Вакцинация тадбирларини ўтказишда жисмоний ва юридик шахслар, давлат бошқаруви органлари томонидан маълумотлар тақдим этилиши. Доимий равишда 3-босқич Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари Ветеринария осойишталикни таъминлашда ҳайвонларнинг юқумли касалликларини ўз вақтида аниқлаш, уларга ташхис қўйиш ва тарқалишининг олдини олишга доир эпизоотияга қарши тадбирлар бўйича мониторинг хулосаларини тақдим этиш. Доимий равишда, ҳар ойнинг якунида 4-босқич Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси Эпизоотия бўйича тизимли мониторинг натижаларига асосланиб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ҳудудларни ўрганиш ва эпизоотияга қарши курашиш чораларини кўриш зарурлиги тўғрисида тезкор хабар бериб бориш. Доимий равишда 5-босқич Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари Вакцинация тадбирлари ўтказилишини назорат қилиш. Доимий равишда 6-босқич туман (шаҳар) бўлимининг ветеринар ходимлари (махсус эмлаш гуруҳлари) Вакцинация тадбирларини ҳар бир ҳудудда ўтказиш. Ҳар йили тасдиқланадиган касалликларга қарши курашиш тадбирлари бўйича йўриқномага мувофиқ 7-босқич Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари Ўтказилган вакцинация тадбирлари бўйича ҳисоботни Қўмитага тақдим этиш. Тадбирлар якуни бўйича 8-босқич Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари Ута юқумли касалликларнинг тарқалиш ҳолатидан келиб чиқиб келгуси йил учун харид қилинадиган вакциналар миқдори тўғрисидаги маълумотларни Қўмитага тақдим этиш. Хар йил 1 июнга қадар
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 31 август,
481-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Hayvonlarning oʻta xavfli yuqumli kasalliklariga qarshi vaksinatsiya tadbirlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining “2022-yil uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti toʻgʻrisida”gi Qonuni ijrosini taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 30-dekabrdagi PQ-73-son qaroriga muvofiq, shuningdek, hayvonlarning oʻta xavfli yuqumli kasalliklariga qarshi vaksinatsiya tadbirlarini oʻtkazish tizimini takomillashtirish hamda vaksinatsiya jarayonlarini toʻliq raqamlashtirish orqali sohada shaffoflikni taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 30-dekabrdagi PQ-73-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetining barqarorligini taʼminlash va xarajatlarning samaradorligini oshirish boʻyicha “ yoʻl xaritasi ”da hayvonlarning oʻta xavfli yuqumli kasalliklariga qarshi vaksinatsiya tadbirlarini oʻtkazish hamda zamonaviy va shaffof mexanizmlar asosida moliyalashtirishni nazarda tutuvchi yangi tizim joriy etilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Hayvonlarning oʻta xavfli yuqumli kasalliklariga qarshi vaksinatsiya tadbirlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom (keyingi oʻrinlarda — Nizom) ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
hayvonlarning oʻta xavfli yuqumli kasalliklariga qarshi vaksinatsiya tadbirlarini belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan va foydalanish uchun ruxsat etilgan vaksinalar bilan oʻtkazish;
vaksinatsiya tadbirlarini oʻtkazish va mazkur jarayonni davlat veterinariya xizmati tomonidan monitoring qilib borish;
vaksinatsiya tadbirlarini har bir tuman (shahar)da maxsus emlash guruhlari tomonidan klinik jihatdan sogʻlom hayvonlarda oʻtkazish;
vaksinalarni har yili shakllantiriladigan roʻyxat asosida hayvon turlari va vaksinalar qoʻllanadigan hududlar boʻyicha belgilangan miqdorda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan xarid qilish hamda ularning hisobini yuritish tartibi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi:
ikki oy muddatda Butunjahon hayvonlar sogʻligʻini himoya qilish tashkiloti talablari hamda unga aʼzo boʻlgan xorijiy davlatlar tajribasi asosida hayvonlarning oʻta xavfli yuqumli kasalliklariga qarshi vaksinatsiya tadbirlarini oʻtkazish boʻyicha tegishli yoʻriqnomalarni ishlab chiqsin va belgilangan tartibda tasdiqlasin;
2022 — 2024-yillarda xalqaro va xorijiy moliya institutlarining grantlari hisobidan davlat veterinariya xizmatining hududiy boʻlinmalari moddiy-texnika bazasini mustahkamlash hamda zarur jihoz va texnikalarni xarid qilish ishlarini amalga oshirsin.
4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari davlat veterinariya xizmati tomonidan hayvonlarning oʻta xavfli yuqumli kasalliklariga qarshi vaksinatsiya tadbirlarining tashkil etilishida har tomonlama amaliy yordam koʻrsatsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari Sh.M. Gʻaniyev hamda Oʻzbekiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi raisi B.T. Norqobilov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 31-avgustdagi 481-son qaroriga ILOVA
Hayvonlarning oʻta xavfli yuqumli kasalliklariga qarshi vaksinatsiya tadbirlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom davlat, idoraviy va ishlab chiqarishdagi veterinariya xizmatlari tomonidan hayvonlarning oʻta xavfli yuqumli kasalliklariga qarshi vaksinatsiya tadbirlarini (keyingi oʻrinlarda — vaksinatsiya tadbirlari) oʻtkazish va moliyalashtirishni zamonaviy va shaffof mexanizmlar asosida amalga oshirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
vaksina — organizmda maʼlum bir antigenga qarshi immunitet hosil boʻlishini taʼminlovchi biologik preparat;
vaksinatsiya tadbirlari — epizootiyaning oldini olishga, uni aniqlashga yoki tugatishga doir tashkiliy va maxsus veterinariya tadbirlari tizimi;
veterinariya — hayvonlarning hayoti va sogʻligʻi muhofaza qilinishi, hayvonlar kasalliklari paydo boʻlishi tarqalishining oldini olish va ularni tugatishni, aholini hayvonlar va odam uchun umumiy boʻlgan kasalliklardan muhofaza qilish, Oʻzbekiston Respublikasi hududini hayvonlarning yuqumli kasalliklari olib kirilishidan muhofaza qilish, hayvonlarga veterinariya xizmati koʻrsatilishi, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi hududining veterinariya osoyishtaligini, davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlarning veterinariya, veterinariya-sanitariya xavfsizligini taʼminlashga qaratilgan ilmiy va amaliy faoliyat sohasi;
veterinariya osoyishtaligi — hayvonlarning sogʻligʻiga salbiy omillarning zararli taʼsirlari, epizootiya mavjud boʻlmagan, shuningdek, hayvonlarning yashashi uchun qulay shart-sharoitlar taʼminlanadigan holat;
epizootiya — tegishli hududda hayvonlarning oʻta xavfli va boshqa yuqumli kasalliklari tarqalishi;
epizootiyaga qarshi tadbirlar — epizootiyaning oldini olish, uni aniqlash yoki tugatishga doir tashkiliy va maxsus veterinariya tadbirlari tizimi;
hayvon — yuridik va jismoniy shaxslarga tegishli boʻlgan qoramol, qoʻy, echki, ot, tuya, eshak, it, mushuk, choʻchqa, parranda, baliq, asalari, yovvoyi hayvonlar, hayvonot bogʻi va sirk hayvonlari;
hayvonlarning yuqumli kasalliklari — hayvonlarga kasalliklarning qoʻzgʻatuvchilari taʼsiri sababli paydo boʻladigan, tarqalish hamda boshqa hayvonlar va odamga oʻtish ehtimoli mavjud boʻlgan kasalliklar.
3. Vaksinatsiya tadbirlari mulkchilik shaklidan qatʼi nazar barcha yuridik va jismoniy shaxslarga tegishli hayvonlarda oʻtkaziladi.
4. Hayvonlarning oʻta xavfli yuqumli kasalliklariga qarshi vaksinatsiya tadbirlari ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemada belgilangan tartibda oʻtkaziladi.
2-bob. Vaksinatsiya tadbirlarini oʻtkazish tartibi
5. Vaksinatsiya tadbirlarini oʻtkazishning asosiy mezoni monitoring maʼlumotlari asosida Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) tomonidan har yili 1-oktabrga qadar ishlab chiqilgan prognozga asoslanadi.
6. Vaksinatsiya tadbirlarini oʻtkazishda jismoniy va yuridik shaxslar, davlat boshqaruvi organlari tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar ham hisobga olinadi.
7. Qoʻmita veterinariya osoyishtaligini taʼminlashda hayvonlarning yuqumli kasalliklarini oʻz vaqtida aniqlash, ularga tashxis qoʻyish va ular tarqalishining oldini olishga doir epizootiyaga qarshi tadbirlar boʻyicha doimiy ravishda monitoring yuritadi.
8. Vaksinatsiya tadbirlari mahalliy va xorijda ishlab chiqarilgan, foydalanish boʻyicha qoʻllanmaga muvofiq belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan va foydalanish uchun ruxsat etilgan vaksinalar bilan oʻtkaziladi.
9. Qoʻmita epizootiya boʻyicha tizimli monitoring natijalariga asoslanib, mahalliy ijro eguvchi hokimiyat organlariga hududlarni oʻrganish va epizootiyaga qarshi kurashish choralarini koʻrish zarurligi toʻgʻrisida tezkor xabar beradi.
10. Vaksinatsiya tadbirlari Qoʻmita tomonidan tasdiqlangan hayvonlarning oʻta xavfli yuqumli kasalliklariga qarshi kurashish tadbirlari boʻyicha yoʻriqnomaga muvofiq oʻtkaziladi.
11. Qoʻmita, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi, viloyatlar va Toshkent shahar veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish boshqarmalari (keyingi oʻrinlarda — hududiy boshqarmalar) va tumanlar (shaharlar) veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish boʻlimlari (keyingi oʻrinlarda — tuman (shahar) boʻlimlari) vaksinatsiya tadbirlarining oʻtkazilishini nazorat qiladi.
12. Monitoring olib borish uchun yuqumli kasalliklarning paydo boʻlishi, tarqalishi va ularni yoʻqotish boʻyicha maʼlumotlardan (nosogʻlom hududning geografik joylashuvi, yuqumli kasalliklarning oʻchogʻi va oʻlgan hayvonlarning soni, laboratoriya-ekspertiza xulosasi va boshqalar) foydalaniladi. Ushbu maʼlumotlar belgilangan tartibda rasmiy hisobotlardan olinadi.
13. Maʼlumotlarning bir qismi oʻrganilayotgan hududni toʻgʻridan-toʻgʻri kuzatish, tekshirish, shuningdek, epizootik tekshiruv orqali olinadi.
3-bob. Vaksinatsiya tadbirlarini oʻtkazishda monitoring yuritish tartibi
14. Qoʻmita va uning hududiy boshqarmalari hamda tuman (shahar) boʻlimlari vaksinatsiya tadbirlarining doimiy ravishda monitoringini yuritib boradi.
15. Monitoring epizootik nosogʻlom hududlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarini toʻplash, klinik, patologoanatomik va laboratoriya tekshiruvlar oʻtkazish, kasallanish dinamikasi, hayvonlarni boqish va oziqlantirish, chorvachilikning veterinariya-sanitariya holati, veterinariya xizmatining sifat darajasi hamda epizootik oʻchoqni kuzatish hamda boshqa usullar yordamida olingan maʼlumotlarni baholash orqali ham yuritiladi.
16. Monitoring davomida mavjud vaziyat aniqlanadi, epizootik oʻchoqlar monitoring qilinadi va olingan maʼlumotlar baholanib, zarur tavsiyalar ishlab chiqiladi.
17. Monitoring natijalariga koʻra aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan bajarilishi majburiy boʻlgan koʻrsatmalar boʻyicha vaksinatsiya tadbirlari oʻtkaziladi hamda muntazam nazorat oʻrnatiladi.
4-bob. Vaksinatsiya tadbirlarini oʻtkazish mezonlari
18. Vaksinatsiya tadbirlari klinik tekshiruvlardan oʻtgan sogʻlom hayvonlarda oʻtkaziladi.
19. Agar hayvon kasal boʻlsa yoki jarrohlik amaliyoti oʻtkazilgan boʻlsa, vaksinatsiya ushbu hayvon toʻliq tuzalguniga qadar kechiktirilishi mumkin.
20. Vaksinatsiya tadbirlari vaksinalar saqlanadigan muzlatkich, mutaxassis ish stoli, hayvonlarni mahkamlash stoli, asboblar va dori-darmonlar uchun maxsus shkaflar, sterilizator bilan jihozlangan alohida xonalardan iborat veterinariya klinikalarida oʻtkazilishi hamda binolarning devorlari hamda pollari tozalash va dizenfeksiyalash oson boʻlgan materiallar bilan qoplangan boʻlishi kerak.
21. Vaksinatsiya tadbirlari har bir tuman (shahar)da veterinariya xodimlari tomonidan oʻtkaziladi.
22. Vaksinani foydalanishga berish davrida vaksinani qoʻllash bilan shugʻullanadigan veterinariya xodimlariga tegishli tushuntirishlar berib boriladi.
5-bob. Vaksinalarni xarid qilish tartibi
23. Qoʻmita tomonidan oʻta yuqumli kasalliklarning tarqalish holatidan hamda qoʻshni mamlakatlar bilan chegaradosh hududlarda ushbu mamlakatlar tomonidan rasmiy ravishda eʼlon qilingan kasallik turlaridan kelib chiqib, kelgusi yil uchun xarid qilinadigan vaksinalar roʻyxati hamda miqdori hayvonlar turlari, qoʻllanadigan hududlar boʻyicha kalendar yilning 1-iyuniga qadar aniqlanadi.
24. Xarid qilinadigan vaksinalarning turlari va miqdoridan hamda ularning kutilayotgan bahosidan kelib chiqib, keyingi yil Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutilishi zarur boʻlgan mablagʻ hisob-kitob qilinadi.
25. Qoʻmita tomonidan vaksinalarni xarid qilish uchun talab etiladigan mablagʻ hisob-kitobi asosida qonunchilikda belgilangan muddatlarda Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga budjet soʻrovi kiritiladi.
26. Vaksinalarni xarid qilishda shaffoflikni taʼminlash maqsadida ularni ishlab chiqaruvchining yoki preparatning aniq nomi koʻrsatilishiga yoʻl qoʻyilmaydi va faqat preparatning taʼsir etuvchi moddasi nomi koʻrsatiladi.
27. Vaksinalar “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni talablari asosida xarid qilinadi.
6-bob. Vaksinalardan foydalanish hisobini yuritish
28. Vaksina har bir hududiy boshqarma va tuman (shahar) boʻlimining maxsus jihozlangan omborlarida (shkaf va muzlatkichlarda) saqlanadi.
29. Qoʻmita, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi, hududiy boshqarmalar va tuman (shahar) boʻlimlari tomonidan sarflangan har bir preparat boʻyicha hisobot elektron dasturda yuritiladi hamda unda preparat qoʻllanilgan hayvon egasi, hayvon turi, qoʻllanilgan preparat miqdori, sanasi boʻyicha maʼlumotlar toʻliq aks ettiriladi.
30. Vaksinalarni qoʻllash takroriyligi mazkur preparatlarni qoʻllash boʻyicha belgilangan meʼyordan ortishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
7-bob. Yakunlovchi qoida
31.Ushbu Nizom qoidalari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Hayvonlarning oʻta xavfli yuqumli kasalliklariga qarshi vaksinatsiya tadbirlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Hayvonlarning oʻta xavfli yuqumli kasalliklariga qarshi vaksinatsiya tadbirlarini oʻtkazish
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi va uning hududiy boshqarmalari va tuman (shahar) boʻlimlari Vaksinatsiya tadbirlarini — monitoring maʼlumotlari asosida ishlab chiqilgan prognozga asosan oʻtkazish. Har yili 1-oktabriga qadar 2-bosqich Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi Vaksinatsiya tadbirlarini oʻtkazishda jismoniy va yuridik shaxslar, davlat boshqaruvi organlari tomonidan maʼlumotlar taqdim etilishi. Doimiy ravishda 3-bosqich Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi va uning hududiy boshqarmalari va tuman (shahar) boʻlimlari Veterinariya osoyishtalikni taʼminlashda hayvonlarning yuqumli kasalliklarini oʻz vaqtida aniqlash, ularga tashxis qoʻyish va tarqalishining oldini olishga doir epizootiyaga qarshi tadbirlar boʻyicha monitoring xulosalarini taqdim etish. Doimiy ravishda, har oyning yakunida 4-bosqich Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi Epizootiya boʻyicha tizimli monitoring natijalariga asoslanib mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga hududlarni oʻrganish va epizootiyaga qarshi kurashish choralarini koʻrish zarurligi toʻgʻrisida tezkor xabar berib borish. Doimiy ravishda 5-bosqich Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi va uning hududiy boshqarmalari va tuman (shahar) boʻlimlari Vaksinatsiya tadbirlari oʻtkazilishini nazorat qilish. Doimiy ravishda 6-bosqich tuman (shahar) boʻlimining veterinar xodimlari (maxsus emlash guruhlari) Vaksinatsiya tadbirlarini har bir hududda oʻtkazish. Har yili tasdiqlanadigan kasalliklarga qarshi kurashish tadbirlari boʻyicha yoʻriqnomaga muvofiq 7-bosqich Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasining hududiy boshqarmalari va tuman (shahar) boʻlimlari Oʻtkazilgan vaksinatsiya tadbirlari boʻyicha hisobotni Qoʻmitaga taqdim etish. Tadbirlar yakuni boʻyicha 8-bosqich Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasining hududiy boshqarmalari va tuman (shahar) boʻlimlari Uta yuqumli kasalliklarning tarqalish holatidan kelib chiqib kelgusi yil uchun xarid qilinadigan vaksinalar miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Qoʻmitaga taqdim etish. Xar yil 1-iyunga qadar
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 31-avgust,
481-son