📅 2022-yil 31-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 31-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 31 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 31 августа 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 31 August 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТУЗИЛМАСИ
Я. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ва унинг Бухоро филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Вазирлар Маҳкамасининг «Археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 сентябрдаги 792-сон қарорининг 1-банди учинчи хатбошисига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Археологик тадқиқотлар институти негизида Фанлар академияси Миллий археология марказининг юридик шахс бўлмаган филиали шаклидаги Я. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ташкил этилганлиги;
Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 24 февралдаги 100-сон қарори 7-бандининг «б»-кичик бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Миллий археология маркази филиали «Самарқанд археология институти»нинг юридик мақомини тиклаган ҳолда, Фанлар академияси тизимида мустақил институт ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги ПҚ-5150-сон қарори билан Самарқанд археология институти («Археологик топилмалар фонди» ноёб илмий объекти билан) Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг (кейинги ўринларда — Маданий мерос агентлиги) ташкилий тузилмасига киритилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 189-бандига мувофиқ Самарқанд археология институти фаолияти ва унинг моддий-техник базасини тубдан яхшилаш ҳамда 184-бандига мувофиқ Бухоро шаҳрида Археология институтининг филиалини ташкил этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Фанлар академиясининг:
Фанлар академиясининг Самарқанд археология институти («Археологик топилмалар фонди» ноёб илмий объекти билан) негизида Маданий мерос агентлиги тизимида давлат муассасаси шаклидаги Я. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтини («Археологик топилмалар фонди» ноёб илмий объекти билан) (кейинги ўринларда — Институт) ташкил этиш;
Институтнинг юридик шахс бўлмаган Бухоро филиалини ташкил этиш;
Институтга Фанлар академияси Самарқанд археология институтининг мавжуд 52 та штат бирлигини ўтказиш, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Институтнинг Бухоро филиали учун қўшимча 5 та штат бирлигини ажратиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
3. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
қадимги тош асридан бошлаб ривожланган ўрта асрларни ўз ичига олган Марказий Осиёнинг моддий ва маънавий маданияти тарихини ўрганиш борасида фундаментал тадқиқотлар олиб бориш;
тадқиқ этиладиган даврлар маданиятлари хронологиясини ва даврлаштирилишини ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон ҳудудининг ибтидоий одамлар томонидан ўзлаштирилишини, цивилизациянинг шакллантирилишини, илк шаҳарлар ва давлатчилик, қадимги жамиятлар дунёқарашини, жаҳон динларининг пайдо бўлишини ва ривожланишини, савдо-сотиқ муносабатлари ва «Буюк ипак йўли» тарихини ўрганиш;
ҳунармандчилик, металлургия ва кон иши, археологик ёдгорликларни аниқлаш, археологик тадқиқотлар олиб бориш, харитага тушириш ва илмий муомалага киритиш;
республика ҳудудидаги ноёб археологик ёдгорликларни очиқ осмон остидаги музейларга айлантиришнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш;
археологик топилмаларни таъмирлаш услуби ва қадимий технологик усулларни тиклаш ҳамда ушбу йўналишда ваколатли орган томонидан берилган тегишли рухсатномага эга бўлган археология тадқиқотчиларини жалб қилиш;
археология соҳасида илмий кадрлар тайёрлаш, Институтнинг илмий йўналишидан келиб чиқиб, жаҳон илм-фани ютуқларини ўрганиш, улардан фойдаланиш ҳамда маҳаллий ва халқаро миқёсда қўшма тадқиқотлар ташкил этиш.
4. Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Я. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазирига, зарурат бўлганда, Институт тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
5. Белгилансинки:
Институт республика ҳудудида олиб борилаётган археологик тадқиқотларни илмий-услубий жиҳатдан йўналтириш ҳамда табиий фанларнинг замонавий тадқиқот услубларини археологик изланишларга кенг жорий қилиш фаолиятини амалга оширувчи ихтисослаштирилган давлат илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади;
Институт директори Институтнинг Илмий кенгаши тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири билан келишилган ҳолда, Маданий мерос агентлиги директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;
Институт ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;
Институт Фанлар академияси Самарқанд археология институтининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Маданий мерос агентлиги берган рухсатнома асосида дала тадқиқотларини олиб борган археологлар томонидан ҳисоботлар 2023 йилдан бошлаб ҳар йили 1 мартга қадар «Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар» йиллик тўпламини чоп этиб бориш учун Институтга тизимли равишда тақдим этиб борилади;
«Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети Институтнинг илмий ва инновацион тадқиқотлар соҳасидаги ҳамда методик йўналишларидаги фаолиятига кўмаклашади.
6. Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Институт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларини сақлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек, жорий харажатларни қоплаш учун ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари;
илмий фаолиятга оид дастурларни амалга ошириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;
Маданий мерос агентлигининг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармаси маблағлари;
халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг грантлари;
республика илмий-тадқиқот лойиҳаларининг грантлари;
хўжалик фаолиятидан ҳамда шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан тушадиган тушумлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
7. Туризм ва маданий мерос вазирлиги Маданий мерос агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда Институтнинг Бухоро филиалини Бухоро шаҳри Саноатчилар кўчаси 26-уй манзилида жойлашган бинонинг бир қисмига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш чораларини кўрсин.
8. Маданий мерос агентлиги:
а) бир ой муддатда Институт уставини тасдиқлаш ҳамда уни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш;
б) икки ой муддатда Институтни профессионал билимга эга бўлган юқори малакали ва ташаббускор кадрлар билан тўлдириш;
в) уч ой муддатда Маданий мерос агентлигининг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармаси маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан белгиланган тартибда Институт ва унинг Бухоро филиалини халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, шунингдек, мебель ва бошқа техник воситалар билан қайта жиҳозлаш;
г) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда Институтнинг янги биносини белгиланган тартибда қуриш, лаборатория билан таъминлаш, уларни замонавий мебель ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ 2023 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига киритиш ҳамда зарур маблағлар ажратиш чораларини кўрсин;
д) Молия вазирлиги билан биргаликда Институтнинг Бухоро филиали биносини белгиланган тартибда таъмирлаш ишларини 2023 йил Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин;
е) Фанлар академияси билан биргаликда:
бир ой муддатда Фанлар академияси Самарқанд археология институтининг илмий-техник лойиҳалари, уларнинг фойдаланиш учун ажратилган асбоб-ускуналари ва бошқа мол-мулклари, жумладан, автотранспорт воситалари ҳамда ёқилғи-мойлаш материаллари лимитларини хатловдан ўтказиб, уларни Институтга топшириш;
икки ой муддатда Институт кутубхонасида сақланаётган ҳамда нусхаси ягона бўлган илмий асар ва тўпламларнинг электрон нусхаларини Фанлар академиясининг Миллий археология марказига ўтказиш;
2022 йил 1 октябрдан бошлаб босқичма-босқич Институт архивида сақланаётган илмий ишланмаларнинг электрон нусхаларини Фанлар академиясининг Миллий археология марказига ажратиб бориш чораларини кўрсин.
9. Институтга ўз идоравий вазифаларини амалга ошириш учун учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар)ни сотиб олиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, сақлаш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида улардан фойдаланиш ваколати берилсин.
10. Институтга экспедицияларни ташкил этиш мақсадида 2 та махсус автотранспорт воситаларини сақлаш учун лимит ажратилсин.
Белгилаб қўйилсинки, Институтни бюджет маблағлари ҳисобидан сақлаш харажатлари 2022 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Туризм ва маданий мерос вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади, 2023 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
11. Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар академиясининг Самарқанд археология институти ходимлари раҳбарлигида ишланаётган лойиҳа ҳамда Миллий археология марказининг Самарқанд шаҳрида таҳсил олаётган таянч докторантларини Институтга ўтказиш ва Институтга 2023 йилда таянч докторантура учун 3 та, стажёр-тадқиқотчилик учун 2 та квота ажратилишини таъминласин.
12. Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Фанлар академиясининг Институтга Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрининг В. Абдуллаев кўчасидаги 3-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларни оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
13. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
14. Маданий мерос агентлиги:
бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;
Фанлар академияси билан биргаликда 2023 йил 20 декабрга қадар Институт фаолияти самарадорлигини пухта таҳлил қилган ҳолда, уни янада такомиллаштириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифларни киритсин.
15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 августдаги 485-сон қарорига 1-ИЛОВА
Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Я. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтининг
Илмий кенгаш Директор Ёш олимлар кенгаши Илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Илмий котиб 1 Маъмурий-хўжалик ишлари бўйича мутахассис 1 Бош юрисконсульт 0,5 Тош даври археологияси бўлими 6 Илк металлар ва қадимги давр археологияси бўлими 7 Бухгалтерия 2 Бухоро филиали ** 5 Кадрлар бўлими инспектори 1 Ўрта асрлар даври археологияси бўлими 14 Кимёвий-технологик тадқиқотлар, археологик топилмаларни реставрация ва консервация қилиш лабораторияси 6 АКТ мутахассиси 0,5 Археологик тадқиқотларда замонавий усулларни қўллаш бўлими 3 «Археологик топилмалар фонди» ноёб илмий объекти 8 Илмий маълумотларни нашр этиш ва оммалаштириш бўлими * Дала тадқиқотлари бўлими *
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 августдаги 485-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 2 июлдаги 190-сон қарори билан тасдиқланган Дала шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга дала устамаси тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда :
а) 4 1 -бандда:
биринчи хатбошидаги «2,3» рақами «7» рақами билан алмаштирилсин;
«а» кичик банддаги «0,08» рақами «0,3» рақами билан алмаштирилсин;
«б» кичик банддаги «0,03» рақами «0,11» рақами билан алмаштирилсин;
б) 4 2 -бандда :
биринчи хатбошидаги «2,6» рақами «8» рақами билан алмаштирилсин;
«а» кичик банддаги «0,12» рақами «0,35» рақами билан алмаштирилсин;
«б» кичик банддаги «0,1» рақами «0,31» рақами билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг янгидан ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 18 майдаги 292-сон қарорининг 2-бандидаги тўққизинчи хатбоши чиқариб ташлансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 сентябрдаги 792-сон қарорида :
а) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг республика ҳудудида олиб борилаётган археологик тадқиқотларни илмий-услубий жиҳатдан йўналтириш ҳамда табиий фанларнинг замонавий тадқиқот услубларини археологик изланишларда кенг жорий қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида давлат муассасаси шаклидаги Миллий археология марказини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин»;
б) 12-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
в) 1-иловадан «Миллий археология маркази Самарқанд филиали — Я. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти («Археологик топилмалар фонди» ноёб илмий объекти билан)» блоки чиқариб ташлансин;
г) 2-иловада :
3-позиция чиқариб ташлансин;
20-позициянинг «Ижро учун масъуллар» устуни «Молия вазирлиги, Фанлар академияси» сўзларидан кейин «Туризм ва маданий мерос вазирлиги» сўзлари билан тўлдирилсин;
39-позициянинг «Амалга ошириладиган тадбир» устунидаги «Институтда» сўзи «Марказда» сўзи билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 31 август,
485-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TUZILMASI
Ya. Gʻulomov nomidagi Samarqand arxeologiya instituti va uning Buxoro filiali faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 28-yanvardagi PF-60-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasini “Inson qadrini ulugʻlash va faol mahalla yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Vazirlar Mahkamasining “Arxeologik tadqiqotlarni tubdan takomillashtirish toʻgʻrisida” 2019-yil 21-sentabrdagi 792-son qarorining 1-bandi uchinchi xatboshisiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining Arxeologik tadqiqotlar instituti negizida Fanlar akademiyasi Milliy arxeologiya markazining yuridik shaxs boʻlmagan filiali shaklidagi Ya. Gʻulomov nomidagi Samarqand arxeologiya instituti tashkil etilganligi;
Vazirlar Mahkamasining “Ichki va ziyorat turizmini rivojlantirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 24-fevraldagi 100-son qarori 7-bandining “b”-kichik bandiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi, Madaniyat vazirligi va Samarqand viloyati hokimligining Milliy arxeologiya markazi filiali “Samarqand arxeologiya instituti”ning yuridik maqomini tiklagan holda, Fanlar akademiyasi tizimida mustaqil institut tashkil etish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilganligi;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 19-iyundagi PQ-5150-son qarori bilan Samarqand arxeologiya instituti (“Arxeologik topilmalar fondi” noyob ilmiy obyekti bilan) Turizm va madaniy meros vazirligi huzuridagi Madaniy meros agentligining (keyingi oʻrinlarda — Madaniy meros agentligi) tashkiliy tuzilmasiga kiritilganligi;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 28-yanvardagi PF-60-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasini “Inson qadrini ulugʻlash va faol mahalla yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturining 189-bandiga muvofiq Samarqand arxeologiya instituti faoliyati va uning moddiy-texnik bazasini tubdan yaxshilash hamda 184-bandiga muvofiq Buxoro shahrida Arxeologiya institutining filialini tashkil etish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Turizm va madaniy meros vazirligi, Innovatsion rivojlanish vazirligi hamda Fanlar akademiyasining:
Fanlar akademiyasining Samarqand arxeologiya instituti (“Arxeologik topilmalar fondi” noyob ilmiy obyekti bilan) negizida Madaniy meros agentligi tizimida davlat muassasasi shaklidagi Ya. Gʻulomov nomidagi Samarqand arxeologiya institutini (“Arxeologik topilmalar fondi” noyob ilmiy obyekti bilan) (keyingi oʻrinlarda — Institut) tashkil etish;
Institutning yuridik shaxs boʻlmagan Buxoro filialini tashkil etish;
Institutga Fanlar akademiyasi Samarqand arxeologiya institutining mavjud 52 ta shtat birligini oʻtkazish, Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan Institutning Buxoro filiali uchun qoʻshimcha 5 ta shtat birligini ajratish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.
3. Quyidagilar Institutning asosiy vazifalari etib belgilansin:
qadimgi tosh asridan boshlab rivojlangan oʻrta asrlarni oʻz ichiga olgan Markaziy Osiyoning moddiy va maʼnaviy madaniyati tarixini oʻrganish borasida fundamental tadqiqotlar olib borish;
tadqiq etiladigan davrlar madaniyatlari xronologiyasini va davrlashtirilishini ishlab chiqish;
Oʻzbekiston hududining ibtidoiy odamlar tomonidan oʻzlashtirilishini, sivilizatsiyaning shakllantirilishini, ilk shaharlar va davlatchilik, qadimgi jamiyatlar dunyoqarashini, jahon dinlarining paydo boʻlishini va rivojlanishini, savdo-sotiq munosabatlari va “Buyuk ipak yoʻli” tarixini oʻrganish;
hunarmandchilik, metallurgiya va kon ishi, arxeologik yodgorliklarni aniqlash, arxeologik tadqiqotlar olib borish, xaritaga tushirish va ilmiy muomalaga kiritish;
respublika hududidagi noyob arxeologik yodgorliklarni ochiq osmon ostidagi muzeylarga aylantirishning ilmiy asoslarini ishlab chiqish;
arxeologik topilmalarni taʼmirlash uslubi va qadimiy texnologik usullarni tiklash hamda ushbu yoʻnalishda vakolatli organ tomonidan berilgan tegishli ruxsatnomaga ega boʻlgan arxeologiya tadqiqotchilarini jalb qilish;
arxeologiya sohasida ilmiy kadrlar tayyorlash, Institutning ilmiy yoʻnalishidan kelib chiqib, jahon ilm-fani yutuqlarini oʻrganish, ulardan foydalanish hamda mahalliy va xalqaro miqyosda qoʻshma tadqiqotlar tashkil etish.
4. Turizm va madaniy meros vazirligi huzuridagi Madaniy meros agentligi Ya. Gʻulomov nomidagi Samarqand arxeologiya institutining tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — turizm va madaniy meros vaziriga, zarurat boʻlganda, Institut tuzilmasiga xodimlarning belgilangan umumiy cheklangan soni va mehnatga haq toʻlash fondi doirasida oʻzgartirishlar kiritish huquqi berilsin.
5. Belgilansinki:
Institut respublika hududida olib borilayotgan arxeologik tadqiqotlarni ilmiy-uslubiy jihatdan yoʻnaltirish hamda tabiiy fanlarning zamonaviy tadqiqot uslublarini arxeologik izlanishlarga keng joriy qilish faoliyatini amalga oshiruvchi ixtisoslashtirilgan davlat ilmiy-tadqiqot muassasasi hisoblanadi;
Institut direktori Institutning Ilmiy kengashi tavsiyasiga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — turizm va madaniy meros vaziri bilan kelishilgan holda, Madaniy meros agentligi direktori tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod qilinadi;
Institut xodimlariga Fanlar akademiyasi ilmiy-tadqiqot muassasalarining tegishli lavozimlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish shartlari tatbiq etiladi;
Institut Fanlar akademiyasi Samarqand arxeologiya institutining huquqlari, majburiyatlari va tuzilgan shartnomalari boʻyicha huquqiy vorisi hisoblanadi;
Madaniy meros agentligi bergan ruxsatnoma asosida dala tadqiqotlarini olib borgan arxeologlar tomonidan hisobotlar 2023-yildan boshlab har yili 1-martga qadar “Oʻzbekistonda arxeologik tadqiqotlar” yillik toʻplamini chop etib borish uchun Institutga tizimli ravishda taqdim etib boriladi;
“Ipak yoʻli” turizm va madaniy meros xalqaro universiteti Institutning ilmiy va innovatsion tadqiqotlar sohasidagi hamda metodik yoʻnalishlaridagi faoliyatiga koʻmaklashadi.
6. Quyidagilar Institut faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
Institut xodimlari mehnatiga haq toʻlash, bino va inshootlarini saqlash xarajatlarini moliyalashtirish, shuningdek, joriy xarajatlarni qoplash uchun ajratiladigan Davlat budjeti mablagʻlari;
ilmiy faoliyatga oid dasturlarni amalga oshirish uchun Innovatsion rivojlanish vazirligi tomonidan oʻtkaziladigan tanlovlar natijalari boʻyicha ajratiladigan grantlar;
Madaniy meros agentligining budjetdan tashqari Madaniy meros jamgʻarmasi mablagʻlari;
xalqaro moliya institutlari va boshqa xorijiy tashkilotlarning grantlari;
respublika ilmiy-tadqiqot loyihalarining grantlari;
xoʻjalik faoliyatidan hamda shartnoma asosida tadqiqotlar oʻtkazishdan tushadigan tushumlar;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
7. Turizm va madaniy meros vazirligi Madaniy meros agentligi bilan birgalikda bir oy muddatda Institutning Buxoro filialini Buxoro shahri Sanoatchilar koʻchasi 26-uy manzilida joylashgan binoning bir qismiga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirish choralarini koʻrsin.
8. Madaniy meros agentligi:
a) bir oy muddatda Institut ustavini tasdiqlash hamda uni belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazish;
b) ikki oy muddatda Institutni professional bilimga ega boʻlgan yuqori malakali va tashabbuskor kadrlar bilan toʻldirish;
v) uch oy muddatda Madaniy meros agentligining budjetdan tashqari Madaniy meros jamgʻarmasi mablagʻlari va qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan belgilangan tartibda Institut va uning Buxoro filialini xalqaro talablarga javob beradigan zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalari, shuningdek, mebel va boshqa texnik vositalar bilan qayta jihozlash;
g) Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Moliya vazirligi bilan birgalikda Institutning yangi binosini belgilangan tartibda qurish, laboratoriya bilan taʼminlash, ularni zamonaviy mebel va asbob-uskunalar bilan jihozlash uchun loyiha-smeta hujjatlariga muvofiq 2023-yilga moʻljallangan Investitsiya dasturiga kiritish hamda zarur mablagʻlar ajratish choralarini koʻrsin;
d) Moliya vazirligi bilan birgalikda Institutning Buxoro filiali binosini belgilangan tartibda taʼmirlash ishlarini 2023-yil Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutsin;
e) Fanlar akademiyasi bilan birgalikda:
bir oy muddatda Fanlar akademiyasi Samarqand arxeologiya institutining ilmiy-texnik loyihalari, ularning foydalanish uchun ajratilgan asbob-uskunalari va boshqa mol-mulklari, jumladan, avtotransport vositalari hamda yoqilgʻi-moylash materiallari limitlarini xatlovdan oʻtkazib, ularni Institutga topshirish;
ikki oy muddatda Institut kutubxonasida saqlanayotgan hamda nusxasi yagona boʻlgan ilmiy asar va toʻplamlarning elektron nusxalarini Fanlar akademiyasining Milliy arxeologiya markaziga oʻtkazish;
2022-yil 1-oktabrdan boshlab bosqichma-bosqich Institut arxivida saqlanayotgan ilmiy ishlanmalarning elektron nusxalarini Fanlar akademiyasining Milliy arxeologiya markaziga ajratib borish choralarini koʻrsin.
9. Institutga oʻz idoraviy vazifalarini amalga oshirish uchun uchuvchisiz uchish apparatlari (dronlar)ni sotib olish, Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirish, saqlash va Oʻzbekiston Respublikasi hududida ulardan foydalanish vakolati berilsin.
10. Institutga ekspeditsiyalarni tashkil etish maqsadida 2 ta maxsus avtotransport vositalarini saqlash uchun limit ajratilsin.
Belgilab qoʻyilsinki, Institutni budjet mablagʻlari hisobidan saqlash xarajatlari 2022-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Turizm va madaniy meros vazirligiga ajratilgan mablagʻlar doirasida moliyalashtiriladi, 2023-yildan boshlab esa Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi.
11. Innovatsion rivojlanish vazirligi Fanlar akademiyasining Samarqand arxeologiya instituti xodimlari rahbarligida ishlanayotgan loyiha hamda Milliy arxeologiya markazining Samarqand shahrida tahsil olayotgan tayanch doktorantlarini Institutga oʻtkazish va Institutga 2023-yilda tayanch doktorantura uchun 3 ta, stajyor-tadqiqotchilik uchun 2 ta kvota ajratilishini taʼminlasin.
12. Turizm va madaniy meros vazirligi hamda Fanlar akademiyasining Institutga Samarqand viloyati Samarqand shahrining V. Abdullayev koʻchasidagi 3-uy manzilida joylashgan bino va inshootlarni operativ boshqaruv huquqi asosida bepul berish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
13. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
14. Madaniy meros agentligi:
boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin;
Fanlar akademiyasi bilan birgalikda 2023-yil 20-dekabrga qadar Institut faoliyati samaradorligini puxta tahlil qilgan holda, uni yanada takomillashtirish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflarni kiritsin.
15. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — turizm va madaniy meros vaziri A.A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 31-avgustdagi 485-son qaroriga 1-ILOVA
Turizm va madaniy meros vazirligi huzuridagi Madaniy meros agentligi Ya. Gʻulomov nomidagi Samarqand arxeologiya institutining
Ilmiy kengash Direktor Yosh olimlar kengashi Ilmiy ishlar boʻyicha direktor oʻrinbosari Ilmiy kotib 1 Maʼmuriy-xoʻjalik ishlari boʻyicha mutaxassis 1 Bosh yuriskonsult 0,5 Tosh davri arxeologiyasi boʻlimi 6 Ilk metallar va qadimgi davr arxeologiyasi boʻlimi 7 Buxgalteriya 2 Buxoro filiali ** 5 Kadrlar boʻlimi inspektori 1 Oʻrta asrlar davri arxeologiyasi boʻlimi 14 Kimyoviy-texnologik tadqiqotlar, arxeologik topilmalarni restavratsiya va konservatsiya qilish laboratoriyasi 6 AKT mutaxassisi 0,5 Arxeologik tadqiqotlarda zamonaviy usullarni qoʻllash boʻlimi 3 “Arxeologik topilmalar fondi” noyob ilmiy obyekti 8 Ilmiy maʼlumotlarni nashr etish va ommalashtirish boʻlimi * Dala tadqiqotlari boʻlimi *
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 31-avgustdagi 485-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining 2012-yil 2-iyuldagi 190-son qarori bilan tasdiqlangan Dala sharoitlaridagi ishlarda band boʻlgan xodimlarga dala ustamasi toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :
a) 4 1 -bandda:
birinchi xatboshidagi “2,3” raqami “7” raqami bilan almashtirilsin;
“a” kichik banddagi “0,08” raqami “0,3” raqami bilan almashtirilsin;
“b” kichik banddagi “0,03” raqami “0,11” raqami bilan almashtirilsin;
b) 4 2 -bandda :
birinchi xatboshidagi “2,6” raqami “8” raqami bilan almashtirilsin;
“a” kichik banddagi “0,12” raqami “0,35” raqami bilan almashtirilsin;
“b” kichik banddagi “0,1” raqami “0,31” raqami bilan almashtirilsin.
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining yangidan tashkil etilgan ilmiy-tadqiqot muassasalari faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 18-maydagi 292-son qarorining 2-bandidagi toʻqqizinchi xatboshi chiqarib tashlansin.
3. Vazirlar Mahkamasining “Arxeologik tadqiqotlarni tubdan takomillashtirish toʻgʻrisida” 2019-yil 21-sentabrdagi 792-son qarorida :
a) 1-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“1. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining respublika hududida olib borilayotgan arxeologik tadqiqotlarni ilmiy-uslubiy jihatdan yoʻnaltirish hamda tabiiy fanlarning zamonaviy tadqiqot uslublarini arxeologik izlanishlarda keng joriy qilish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi tizimida davlat muassasasi shaklidagi Milliy arxeologiya markazini (keyingi oʻrinlarda Markaz deb ataladi) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin”;
b) 12-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;
v) 1-ilovadan “Milliy arxeologiya markazi Samarqand filiali — Ya. Gʻulomov nomidagi Samarqand arxeologiya instituti (“Arxeologik topilmalar fondi” noyob ilmiy obyekti bilan)” bloki chiqarib tashlansin;
g) 2-ilovada :
3-pozitsiya chiqarib tashlansin;
20-pozitsiyaning “Ijro uchun masʼullar” ustuni “Moliya vazirligi, Fanlar akademiyasi” soʻzlaridan keyin “Turizm va madaniy meros vazirligi” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
39-pozitsiyaning “Amalga oshiriladigan tadbir” ustunidagi “Institutda” soʻzi “Markazda” soʻzi bilan almashtirilsin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 31-avgust,
485-son