📅 2022-yil 18-iyul · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 18-iyul · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 18 июль · Марказий банк ҳужжатлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 18 июля 2022 г. · Документы Центрального банка
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 18 July 2022 · Central Bank documents
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
Қарори
НИЗОМ
ВАРАҚАСИ *
Молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда микромолия ташкилотлари ва ломбардларнинг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги ва « Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда микромолия ташкилотлари ва ломбардларнинг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 27 июндаги 15/3-сон «Молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда микрокредит ташкилотлари ва ломбардларнинг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 3262, 2020 йил 30 июнь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.06.2020 й., 10/20/3262/1091-сон) ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
4. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 18 июлдаги 14/6-сон қарорига ИЛОВА
Молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда микромолия ташкилотлари ва ломбардларнинг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги
Мазкур Низом молиявий хизматлар истеъмолчилари билан муносабатларни амалга оширишда микромолия ташкилотлари ва ломбардларнинг (бундан буён матнда кредит ташкилотлари деб юритилади) фаолиятига қўйиладиган минимал талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
молиявий хизматлар — кредит ташкилоти томонидан қонунчиликда рухсат этилган молиявий операцияларни амалга ошириш орқали истеъмолчиларга кўрсатиладиган хизматлар;
истеъмолчилар — кредит ташкилотининг молиявий хизматларидан фойдаланиш истагида кредит ташкилотига мурожаат қилган, ушбу хизматдан фойдаланаётган ёки олдин фойдаланган жисмоний ва юридик шахслар;
кредит — кредит ташкилоти томонидан берилаётган кредит, микроқарз ёки микрокредитлар ва лизинглар;
шикоят — истеъмолчи (ёки унинг вакили) томонидан кредит ташкилотларининг молиявий хизматларидан фойдаланишда бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат;
масофавий хизмат кўрсатиш тизими — молиявий хизматлардан электрон шаклда фойдаланиш учун истеъмолчи ва кредит ташкилоти ўртасидаги алоқани таъминлайдиган телекоммуникация воситалари, рақамли ва ахборот технологиялари, дастурий таъминот ва ускуналар мажмуи.
2. Истеъмолчи:
молиявий хизмат тўғрисида, шунингдек ушбу хизматни кўрсатувчи ташкилот ҳақида тўғри ва тўлиқ ахборот олиш ;
кредит ташкилоти томонидан кўрсатиладиган молиявий хизматни эркин танлаш , шунингдек яшаш жойидан қатъи назар, ўзи танлаган кредит ташкилотига кредит олиш учун мурожаат этиш;
молиявий хизматнинг хавфсиз бўлиши ;
камчиликлари бўлган хизмат, шунингдек мазкур хизматни кўрсатувчи ташкилотнинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зарарнинг ўрни тўлиқ ҳажмда қопланиши, маънавий зиённинг компенсация қилиниши ;
бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Молиявий хизматлар истеъмолчилари мазкур Низом ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.
Истеъмолчи кредит ташкилоти томонидан ўзига жарима солинмаган ҳолда :
кредитнинг фойдаланилмаган суммасидан мазкур кредитни берган (берадиган) ташкилотни кредит бериш тўғрисидаги шартнома тузилган кундан эътиборан икки ҳафта ичида ёзма равишда хабардор қилиш орқали воз кечишга ;
берилган кредит суммасини муддатидан илгари қайтаришга ёки лизинг объектининг қийматини муддатидан илгари тўлашга, шунингдек улардан ҳақиқатда фойдаланилган муддат учун ҳисобланган фоизларни (лизинг берувчининг фоизли даромадини) тўлашга ҳақли .
3. Кредит бериш шартлари, унинг миқдори, муддатлари, уни тўлаш ва унинг тўлиқ қийматини ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар барчанинг танишиб чиқиши учун очиқ бўлиши ҳамда кредит ташкилотининг расмий веб-сайтига (мавжуд бўлганда) жойлаштирилиши керак .
Очиқ ахборот кўрсатилаётган хизматлар шартларидан ва уларга оид маълумотлардан фарқ қилмаслиги керак .
Кредит ташкилотлари томонидан хизматлар кўрсатиш жойларида (кредит бериш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш жойларида, ахборот стендларида), шу жумладан ўз расмий веб-сайтида (мавжуд бўлганда) кредит бериш, ундан фойдаланиш ва уни қайтариш шартлари тўғрисидаги қуйидаги ахборот жойлаштирилиши керак :
кредит берувчи ташкилотнинг номи, унинг жойлашган ери, алоқа телефонлари, расмий веб-сайти (мавжуд бўлганда), микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига ёки ломбардлар реестрига ўзи ҳақидаги маълумотлар киритилганлиги тўғрисидаги ахборот ;
кредит олиш учун қарз олувчига қўйиладиган талаблар ;
кредит олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва кредит бериш тўғрисида ёки кредит беришни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақида қарор қабул қилиш муддатлари ;
кредитнинг турлари ;
кредитнинг суммалари ва уни қайтариш муддатлари ;
фоиз ставкалари йиллик фоизларда, ўзгарувчан фоиз ставкалари қўлланилганда эса уларни аниқлаш тартиби ;
кредит бериш тўғрисидаги шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш турлари ;
кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисоблаш бошланадиган сана ёки уни аниқлаш тартиби ;
кредит бериш, шу жумладан масофавий хизматлар кўрсатиш тизимлари орқали кредит бериш усуллари ;
қарз олувчи кредит олишни рад этишга ҳақли бўлган муддатлар ;
қарз олувчининг кредитни қайтариш, кредит бўйича фоизларни ва бошқа тўловларни тўлаш чоғидаги тўловларининг даврийлиги ;
қарз олувчининг кредит бериш тўғрисидаги шартномани бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлиги, неустойка (жарима, пеня) миқдорлари, уни аниқлаш тартиби ;
формулярлар ёки кредит бериш тўғрисидаги шартноманинг умумий шартлари белгиланган бошқа стандарт шакллар .
Ушбу бандда кўрсатилган ахборот истеъмолчининг эътиборига бепул етказилади.
Молиявий хизматлар тўғрисидаги маълумотлар тижорат сирини ўз ичига олмаслиги зарур.
4. Кредит ташкилоти томонидан истеъмолчиларга кредит ташкилотининг молиявий хизматлари тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида етказилиши лозим. Кредит ташкилотининг молиявий хизматлари тўғрисидаги маълумотлар қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин.
Кредит ташкилотининг молиявий хизматлари тўғрисидаги маълумотларнинг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилиши керак.
5. Кредит ташкилотининг молиявий хизматлари кредит ташкилоти ва истеъмолчи ўртасида тузилган шартнома, шу жумладан оммавий оферта шартномаси асосида кўрсатилади.
Шартномаларнинг матни истеъмолчилар тушуниши учун аниқ ва содда тарзда баён этилиши лозим.
Ёзма равишда расмийлаштириладиган шартнома матнини компьютер воситасида босиб чиқаришда 12 ўлчамли шрифтдан кам бўлмаган ёки шунга ўхшаш шрифтни қўллаган ҳолда Мiсrоsоft Wоrd матн редакторидан фойдаланилиши лозим.
Шартномаларнинг матни давлат тилида тузилади. Истеъмолчи ва кредит ташкилотининг ўзаро келишувига мувофиқ шартнома матни қўшимча равишда бошқа тилда ҳам тузилиши мумкин.
6. Истеъмолчи кредит ташкилотининг молиявий хизматини кўрсатиш тўғрисидаги шартномасини (кредит, микрокредит, микроқарз ва бошқалар бўйича) имзо қўймасдан олдин танишиб чиқиши учун ўзи билан олиб кетишга ҳақли.
Кредит ташкилоти истеъмолчини шартномага имзо қўймасдан олдин танишиб чиқиши учун ўзи билан олиб кетишга ҳақли эканлиги тўғрисида хабардор қилиши шарт.
7. Молиявий хизматлар масофавий хизмат кўрсатиш тизими орқали кўрсатилганда, кредит ташкилоти шартнома тузилишидан олдин истеъмолчига мазкур тизим орқали шартнома шартлари билан танишиб чиқиш ва ундан нусха олиш имкониятини яратиб бериши лозим.
8. Молиявий хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома масофавий хизмат кўрсатиш тизими орқали тузилганда, кредит ташкилоти истеъмолчига мазкур тизим орқали шартномадан исталган вақтда фойдаланиш ва нусха олиш имкониятини яратиши шарт.
9. Кредит ташкилоти истеъмолчиларга маълумот бериш учун молиявий хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномани тузиш чоғида улар билан боғланиш алоқа воситаларини келишиб олиши ва ушбу алоқа воситалари орқали боғланиш имкониятини таъминлаши лозим.
10. Кредит ташкилоти молиявий хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда имзоланган кунда истеъмолчига ёки унинг вакилига шартноманинг битта асл нусхасини тақдим этиши керак.
11. Кредит ташкилоти қарз олувчининг ва (ёки) гаровга қўювчининг суғурта компанияси ва (ёки) баҳоловчини танлаш ҳуқуқини чекламаслиги лозим.
12. Кредит ташкилоти томонидан тўлов шаклига қараб (нақд пул билан ёки нақд пулсиз ҳисоб-китоблар) молиявий хизматлар учун ҳар хил нархлар (тарифлар) белгилаш тақиқланади.
13. Кредит ташкилоти ўз кассасида терминал орқали тўловларни амалга ошириш бўйича хизмат кўрсатганда банк картасини тақдим этувчига (банк карта эгаси ёки картани ишлатиш ваколати берилган шахс) ушбу картанинг «PIN-код»ини мустақил киритишга имконият яратиб бериши лозим.
14. Истеъмолчиларга нисбатан кредит ташкилоти томонидан молиявий хизматлар учун тўловларни фақат ўзларининг кассалари орқали ва (ёки) нақд пул шаклида тўлаш лозимлиги бўйича талаб белгиланишига йўл қўйилмайди.
15. Кредит ташкилоти фаолиятида инсофсиз хизмат кўрсатиш амалиётларининг қўлланилишига йўл қўйилмайди, жумладан:
истеъмолчининг бошқа кредит ташкилоти билан шартнома тузишига тўсқинлик қилиш мақсадида кредит ташкилоти томонидан кредит бюросига ва (ёки) бошқа ташкилотларга нотўғри ахборот бериш;
истеъмолчи учун мақбул шартларда расмийлаштирилган бошланғич қарзни қайтариш мақсадида уни бошқа кредит шартномасини тузишга рағбатлантириш;
истеъмолчиларнинг қарзи миқдорини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширганлиги учун кредит ташкилоти ходимларини мукофотлаш ва рағбатлантириш.
16. Кредит ташкилотининг дастурий таъминотида юзага келган носозликлар истеъмолчиларнинг мажбуриятлари ортишига ва уларнинг қонуний манфаатларига зарар етишига олиб келмаслиги лозим.
17. Кредит ташкилоти молиявий хизматлар кўрсатиш учун мўлжалланган жойида ногиронлиги бўлган ҳамда имконияти чекланган истеъмолчилар билан ҳам шартномаларни тузиш имкониятини таъминлаши керак.
18. Микромолия ташкилоти томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда аниқ тартиб ва қўлланмалар кўрсатилган, шу жумладан мижозлар билан мулоқотга киришиш, эҳтиёжларини аниқлаш, молиявий хизматни тақдим этиш, таклиф шакллантириш, эътирозлар билан ишлаш ва мулоқотни якунлаш жараёнида микромолия ташкилоти ходимларининг хулқ-атвори ва касбий одоб-ахлоқ қоидаларини назарда тутувчи истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш стандартлари жорий этилиши лозим.
19. Кредит ташкилоти:
истеъмолчилар билан бевосита ишловчи кредит ташкилоти ходимлари (бундан буён матнда маъмурият ходимлари деб юритилади) истеъмолчилар кўра оладиган, маъмурият ходимининг фамилияси, исми ва лавозими қайд этилган визуал идентификация воситаларига эга бўлишларини таъминлаши;
маъмурият ходимларига мазкур Низомнинг 3-бандида қайд этилган ахборотларни олиш, ўрганиш ва янгилаш имкониятини таъминлаши;
маъмурият ходимлари истеъмолчига бериладиган ахборотнинг минимал ҳажмини сода шаклда тақдим эта олишини таъминлаши, шунингдек истеъмолчининг бундай ахборот қайд этилган кредит ташкилоти ҳужжатлари билан танишиши учун имкон яратиши шарт.
20. Истеъмолчида молиявий хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома бўйича тарафларнинг ўзаро муносабатлари юзасидан саволлар юзага келганда, кредит ташкилоти истеъмолчига Ушбу саволларнинг моҳияти бўйича асосли жавоб ва бошқа тегишли тушунтиришлар бериши шарт.
Бунда, кредит ташкилоти истеъмолчиларга қарз тўлашдан бўйин товлаш ва (ёки) уни тўламаганлик учун жавобгарликдан қочишнинг усул ва йўллари, шунингдек бошқа шунга ўхшаш масалалар юзасидан (шу жумладан, бошқа кредит ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар бўйича ҳам) маслаҳат бериш билан боғлиқ фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас.
2-боб. Кредит ташкилотининг истеъмолчи билан кредит муносабатларини ташкил этиши
21. Кредит ташкилоти кредит шартномаси тузилгунга қадар:
истеъмолчига мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган талабларни ҳисобга олган ҳолда кўрсатиладиган хизматлар тўғрисидаги ишончли ахборотнинг тўлиқ ошкор қилинишини таъминлаши;
истеъмолчига унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек молиявий хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича
ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик оқибатларини тушунтириши;
истеъмолчини кўрсатиладиган хизматлар шартларини ўзгартириш тартиби, шу жумладан қарздорликни қайтариш муддатларини қайта кўриб чиқиш ва ундирувни гаров мулкига қаратиш тартиб-таомили билан таништириши;
кредит таъминоти сифатида кафил бўлаётган ёки мулкини гаровга қўяётган учинчи шахсларга келгусида юзага келиши мумкин бўлган хатарлар, хусусан қарз олувчи томонидан кредит ва унга ҳисобланган фоизлар ўз вақтида тўланмаган тақдирда, кредит бўйича юзага келган қарздорликларнинг қопланиши суд тартибида учинчи шахснинг гаровдаги мол-мулкига ёхуд кафилнинг мол-мулкига қаратилишини, кафилнинг банк ҳисобварақларидан (банк карталаридан) суд тартибида унинг розилигисиз маблағлар ечиб олиниши мумкинлигини тушунтириши шарт.
Кредит ташкилоти томонидан истеъмолчига кўрсатиладиган молиявий хизматлар ҳақида ахборот беришни рад этишга йўл қўйилмайди
22. Кредит ташкилоти сўровига жавобан истеъмолчи томонидан тақдим этилган маълумотлар тузилаётган кредит шартномасининг шартларига таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида истеъмолчи огоҳлантирилиши зарур.
23. Истеъмолчи-жисмоний шахс кредит олиш учун микромолия ташкилотига мурожаат қилганида (микромолия ташкилоти биносига ташриф буюрганда) микромолия ташкилоти мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ кредитнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақасини (бундан буён матнда ахборот варақаси деб юритилади) истеъмолчи-жисмоний шахс билан биргаликда тўлдиради ва истеъмолчи-жисмоний шахсга тақдим этади.
Ахборот варақаси истеъмолчи-жисмоний шахсга бепул тарзда тақдим этилади ва кредит олиш учун буюртманома ҳисобланмайди.
24. Кредит ташкилоти кредит операцияларини амалга оширишда қуйидагиларга риоя этиши лозим:
кредит шартномасида кредит маблағларини бериш муддати ва шартларини аниқ кўрсатиш;
кредит шартномасида кредит маблағларини бериш мажбуриятини бажармаганлиги ёки ўз вақтида бажармаганлиги учун кредит ташкилоти қарз олувчи олдида кредитор сифатида ўз жавобгарлигини акс эттириш.
25. Кредит ташкилоти кредитдан фойдаланганлик учун фоизларни қарз олувчига ҳақиқатда берилган кредит асосий суммасининг қолдиғига нисбатан кредит шартномасида белгиланган номинал ставка бўйича ҳисоблаши керак.
Бунда, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар кредит суммаси қарз олувчининг ҳисобварағига ёки қарз олувчи томонидан кўрсатилган бошқа ҳисобвараққа ўтказилган ёхуд қарз олувчига нақд пул кўринишида берилган санадан бошлаб ҳисобланади.
26. Кредит шартномасига илова қилинган кредитни қайтариш жадвали кредит шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланиб, кредит ташкилоти ва қарз олувчи томонидан имзоланиши, шунингдек қоида тариқасида кредит шартномаси матнида иловага (кредитни қайтариш жадвалига) ҳавола бўлиши керак.
27. Кредит ташкилоти қарз олувчига кредит шартномасида назарда тутилган кредитни беришдан бутунлай ёки қисман бош тортган тақдирда, ушбу кредит бўйича маблағлар беришни тўхтатиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб кейинги иш кунидан кечиктирмасдан қарз олувчига кредит бериш тўхтатилганлиги ва унинг сабаблари юзасидан ёзма хабарнома юбориши шарт.
28. Қарздордан кредитнинг жорий тўлови учун кредитни қайтариш жадвалида белгиланган суммага нисбатан кўп маблағ келиб тушса, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, кредит ташкилоти келиб тушган маблағнинг ортиқча қисмини қарз олувчининг кредитининг (қарзининг) асосий қарзини сўндиришга йўналтиради ҳамда кредит (қарз) суммасини қайта ҳисоблайди.
Агар кредитни қайтариш жадвали расмийлаштирилгандан сўнг кредит бўйича молиялаштиришни бошлаш муддатлари ёки шартномада кўзда тутилган ўзгарувчан фоиз ставкаси ўзгариши, кредит шартномасининг шартлари томонлар ўртасида қайта кўриб чиқилиши (шу жумладан, кредитнинг таркибий жиҳатдан ўзгартирилиши), қарз олувчи томонидан кредит қисман муддатидан олдин сўндирилиши муносабати билан кредит бўйича тўловларни амалга ошириш саналари ва муддатлари ёки оралиқ кредит тўловларининг миқдорлари ўзгарганда, кредит ташкилоти кредитни қайтариш жадвалини янгидан расмийлаштириши ва қарз олувчига тақдим қилиши лозим.
Бунда, кредитни қайтариш жадвали янгидан расмийлаштирилиши билан ундан олдин мавжуд бўлган кредитни қайтариш жадвали ўз кучини йўқотади. Ушбу қоида кредит шартномасида қайд этилиши шарт.
29. Кредит ташкилоти томонидан кредит бўйича хизмат кўрсатиш даврида истеъмолчининг оғзаки ёки ёзма сўрови олинган кундан эътиборан бир иш куни ичида унга қуйидаги ахборотлар ёзма шаклда бир ойда бир марта бепул тақдим этилади:
кредитлаш лимити;
кредит бўйича тўланган пул маблағлари суммаси;
асосий сумма бўйича қарз қолдиғи;
навбатдаги тўловларнинг миқдори, таркиби ва муддатлари (тўловлар жадвали);
кредитни муддатидан олдин қисман ёки тўлиқ сўндириш истаги билдирилган тақдирда тўлаш лозим бўлган суммалар миқдори;
муддати ўтказиб юборилган қарздорлик миқдори ва таркиби;
келиб тушаётган пул маблағлари кредит бўйича қарзни сўндиришга йўналтирилиши ҳақидаги ахборотлар.
30. Кредит ташкилоти истеъмолчининг талабига кўра, қуйидаги ҳужжатларнинг кредит ташкилоти томонидан тасдиқланган нусхаларини бепул (битта кредит шартномаси бўйича бир марта) беради:
кредит ташкилоти ва истеъмолчи томонидан имзоланган кредит шартномасини;
истеъмолчи томонидан берилган ариза (агар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бундай аризанинг расмийлаштирилиши мажбурий бўлса ёки кредит ташкилотининг ички қоидаларига асосан кредит шартномасини тузиш чоғида бундай аризанинг расмийлаштирилиши шарт бўлганда);
истеъмолчига кредит берилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ордер, тўлов топшириқномаси, электрон тўлов воситасига пул маблағлари ўтказилганлиги тўғрисида маълумотнома);
кредит шартномалари бўйича истеъмолчи томонидан мажбуриятлари тўлиқ бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (маълумотнома).
Кредит ташкилоти истеъмолчининг талабига кўра, мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатларни уларни тайёрлаш харажатларидан ошмайдиган ҳақ эвазига чекланмаган тарзда тақдим этиши мумкин.
Мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этишнинг имкони мавжуд бўлмаган тақдирда, кредит ташкилоти томонидан истеъмолчига бу ҳақда асосли равишда ёзма хабар берилиши лозим.
31. Истеъмолчининг тегишли сўрови кредит ташкилотида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида кредит шартномаси, истеъмолчи томонидан берилган ариза ва истеъмолчига кредит берилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда бир иш куни ичида кредит шартномалари бўйича истеъмолчи томонидан мажбуриятлари тўлиқ бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади.
32. Микромолия ташкилоти қарз олувчи томонидан шартномага асосан кредит (қарз) бўйича қарздорлик суммасини тўлаш мажбурияти тўлиқ бажарилган санадан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмаган ҳолда мазкур қарз бўйича:
гаровда турган мулкни тақиқдан чиқариш;
гаровда бўлган мол-мулкка нисбатан кредит ташкилотининг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзувни гаров реестридан чиқариш чораларини кўриши шарт.
3-боб. Муддати ўтган қарздорлик юзага келганда кредит ташкилотларининг истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш
33. Кредит ташкилоти кредит бўйича қарздорликни ундиришни кредит шартномасида ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва асосларда амалга оширади.
Кредит бўйича қарздорликни ундириш мақсадида кредит ташкилоти қарздорликни сўндириш зарурлиги ва кредит бўйича мажбуриятлар бажарилмаслигининг оқибатлари ҳақида тегишли тарзда қарздорни хабардор қилади.
Бунда, кредит шартномаси бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келганда, муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келган санадан бошлаб ўн кун ичида истеъмолчи билан кредит шартномасида келишилган ҳар қандай боғланиш алоқа воситалари ва усулларидан, шу жумладан электрон алоқа воситаларидан ёки қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усуллардан фойдаланиб, истеъмолчига муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келганлиги ҳақида хабар бериши, шунингдек истеъмолчининг кредит шартномасида кўзда тутилган манзилига муддати ўтган қарздорликни сўндириши лозимлиги ҳақида ёзма талабнома юбориши шарт.
34. Кредит ташкилоти йўллайдиган талабномада қуйидаги ахборот кўрсатилган бўлиши керак:
кредит ташкилотининг номи ва уни идентификациялаш учун етарли маълумотлар;
талабнома расмийлаштирилган санадаги истеъмолчининг кредит қарзи миқдори ва таркиби;
қарзни тўлаш усули (усуллари);
истеъмолчи ўз мажбуриятларини бажариши лозим бўлган муддат (ўн кундан кам бўлмаслиги лозим);
талабномада кўрсатилган муддатгача истеъмолчи ўз мажбуриятларини бажармаслигининг оқибатлари;
низони судгача ҳал қилиш усуллари.
35. Маҳаллий вақт билан соат 20:00 дан 8:00 гача талабномани (хабарномани) қўлга топширишга ҳамда у ҳақида телефон воситалари орқали оғзаки эслатмалар қилишга йўл қўйилмайди.
36. Кредит ташкилоти ва истеъмолчи тарафларнинг ўзаро розилигига кўра, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган низони судгача ҳал қилиш усулларини, шу жумладан, музокаралар ўтказиш орқали, қўллашга ҳақли.
37. Истеъмолчи талабномада белгиланган муддатда кўрсатилган талабларни лозим даражада бажармаганда, кредит ташкилоти судга даъво билан мурожаат этишга ҳақли.
4-боб. Истеъмолчиларнинг шикоятларини кўриб чиқишга қўйиладиган талаблар
38. Кредит ташкилотида истеъмолчиларнинг шикоятларини кўриб чиқиш бўйича тартиб бўлиши шарт. Бунда, истеъмолчиларнинг шикоятларини кўриб чиқиш тартиби қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур Низомга мувофиқ бўлиши керак.
39. Кредит ташкилоти томонидан шикоятларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар кредит ташкилотининг стендларида ва расмий веб-сайтида (мавжуд бўлса) жойлаштирилган бўлиши лозим.
40. Истеъмолчининг талабига мувофиқ кредит ташкилоти истеъмолчига шикоятларни кўриб чиқиш тартибини тушунтириб бериши керак.
Кредит ташкилоти шикоятларни ўз вақтида ва холисона кўриб чиқилишини таъминлайди ҳамда унинг натижалари бўйича шикоят этувчиларни хабардор қилади.
Кредит ташкилоти томонидан истеъмолчиларнинг шикоятларини кўриб чиқиш бепул амалга оширилади.
41. Кредит ташкилоти истеъмолчининг шикоят қилиш ҳуқуқини чеклашга ҳақли эмас. Кредит ташкилоти томонидан шикоятни қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.
42. Кредит ташкилоти ўзининг расмий веб-сайти (мавжуд бўлса) орқали истеъмолчиларнинг электрон шикоятларини қабул қилишни ташкиллаштириши лозим.
43. Истеъмолчиларнинг барча ёзма ва электрон шикоятлари ўша куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган тақдирда эса, кейинги иш кунида рўйхатдан ўтказилиши керак.
44. Истеъмолчиларнинг шикоятлари кредит ташкилотига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши ва ёзма ёки электрон шаклда жавоб берилиши керак.
45. Қуйидаги шикоятлар кўриб чиқилмайди:
аноним шикоятлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган шикоятлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда.
Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли шикоятлар кўрмай қолдирилганлиги тўғрисида шикоят қилувчи тегишли тартибда хабардор қилинади.
46. Телефон орқали шикоят этилганда, ушбу шикоятни кейинчалик кўриб чиқишда фойдаланиш мақсадида истеъмолчини олдиндан хабардор қилган ҳолда суҳбат махсус (аудио) техника воситалари орқали ёзиб олиниши мумкин.
47. Кредит ташкилоти ходимининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан келиб тушган шикоят, шу ходимнинг ўзига кўриб чиқиш учун топширилиши мумкин эмас.
48. Истеъмолчининг шикояти асосли деб топилган ҳолларда, кредит ташкилоти камчиликларни бартараф этиш, истеъмолчининг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тегишли чораларни кўриши зарур.
49. Кредит ташкилоти мунтазам равишда:
истеъмолчиларнинг шикоятларини мониторинг қилади, унда қайд этилган масалаларни ҳамда шикоятлар динамикасини таҳлил этади, умумлаштиради;
истеъмолчиларнинг шикоятлари билан ишлашни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;
аниқланган камчиликларни бартараф этади ва келгусида кредит ташкилоти фаолиятида бундай камчиликлар такрорланмаслигини таъминлайди.
5-боб. Якуний қоида
50. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
Молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда микромолия ташкилотлари ва ломбардларнинг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Кредитнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот
Микромолия ташкилотининг номи, расмий веб-сайти (мавжуд бўлса), телефон рақамлари 1-бўлим. Кредит бўйича маълумотлар 1. Кредитнинг тури 2. Кредитнинг мақсади 3. Кредитнинг миқдори 4. Кредитдан фойдаланиш муддати 5. Кредитдан фойдаланиш муддати давомидаги фоиз ставкаси (номинал миқдорда) ва ушбу фоиз миқдори бўйича тўланиши лозим бўлган сумма ________________ (фоиз кўринишида) _________________ (кредитнинг тўлиқ муддатига пул кўринишида) 6. Кредитнинг тўлиқ фойдаланиш муддати давомида тўланадиган жами сумма __________________ ___ ______________________ ___ ______________________ (кредитнинг миқдори) + (ҳисобланадиган фоизлар) = (жами тўланадиган сумма) 7. Кредитнинг имтиёзли даври (агар мавжуд бўлса) 8. Тўловларнинг даврийлиги (ҳар ойда, ҳар чоракда ва ҳ.к.) 9. Кредитни сўндириш усули (аннуитет усулида (тенг миқдорларда), дифференциал усулида) 10. Тўловларнинг даврида бир марталик тўлов суммаси: аннуитет усулида _____________________ дифференциал усулида _____________________ (оралиқ тўловларидан энг кўп миқдордаги тўлов) 11. Кредитни ажратиш шакли (маҳсулот/хизмат таъминотчиси ҳисобварағига пул ўтказиш, нақд пул, банк картасига ўтказиш, ва ҳ.к.) 12. Кредит билан боғлиқ қўшимча харажатлар, жумладан (агар бундай харажатлар мавжуд бўлса): _________________________ (кредитнинг тўлиқ муддатига пул кўринишида, жами) Турлари бўйича микромолия ташкилотининг комиссия ва йиғимлари (алоҳида кўрсатилсин) ________________________ (кредитнинг тўлиқ муддатига пул кўринишида) учинчи шахслар хизмати (алоҳида кўрсатилсин) ________________________ (кредитнинг тўлиқ муддатига пул кўринишида) 13. Кредитнинг тўлиқ қиймати (номинал фоиз ставкасини ва кредитга хизмат кўрсатиш харажатларини ўз ичига олади) 14. Кредит олиш бўйича тақдим қилинган аризани кўриб чиқиш муддати 2-бўлим. Бошқа молиявий мажбуриятлар билан боғлиқ муҳим шартлар 1. Кредит бўйича қарздорлик ўз вақтида сўндирилмаганлиги учун шартномада кўзда тутилаётган тўлаши лозим бўлган неустойка (жарима, пеня) (агар бундай шарт мавжуд бўлса) _______________________________ (фоиз ёки қатъий белгиланган сумма кўрсатилади, шунингдек неустойка (жарима, пеня) ҳисоблаш учун асос бўлувчи шартнома шартлари келтирилади) 2. Кредит бўйича қарздорлик ўз вақтида сўндирилмаганлиги учун кредит суммасидан тўланадиган оширилган фоиз ставкаси миқдори (агар бундай шарт мавжуд бўлса) _______________ (фоизда) 3. Кредитнинг таъминоти (таъминот предметига қўйиладиган минимал талаблар, гаровнинг минимал қиймати) Кредит олишга рози бўлишдан олдин диққат билан ўрганиб чиқинг! Сиз кредитнинг шартлари ва қиймати тўғрисида, тўловлар ва ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида (фоизлар, жарима ва пенялар), кредит шартномаси бўйича Сизнинг ҳуқуқларингиз ва мажбуриятларингиз тўғрисида, кредит шартномаси бўйича юзага келиши мумкин бўлган хатарлар ва жавобгарликлар тўғрисида, шунингдек Сизга тушунарсиз бўлган бошқа масалалар юзасидан микромолия ташкилотидан тўлиқ ва батафсил маълумот олишга ҳақлисиз. Агар Сизда шикоятлар мавжуд бўлса, у ҳолда Сиз мурожаатингизни (телефон рақами кўрсатилади) рақамли телефонга ёки (микромолия ташкилотининг почта манзили кўрсатилади) манзилга ёки (микромолия ташкилотининг электрон почтаси манзили кўрсатилади) электрон манзилга жўнатишингиз мумкин. АХБОРОТ ВАРАҚАСИНИНГ ТЎҒРИЛИГИ ВА ҲАҚИҚИЙЛИГИ ТАСДИҚЛАНАДИ. _______________________________________________________ ________________________ (микромолия ташкилоти мутахассисининг Ф.И.О. ва лавозими) (тўлдирилган сана)
Раис М. НУРМУРАТОВ
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Раиси Д. ВАХАБОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 18 июль,
2022 йил 13 июль
14/6-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining
Qarori
NIZOM
VARAQASI *
Moliyaviy xizmatlar isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda mikromoliya tashkilotlari va lombardlarning faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi va “ Nobank kredit tashkilotlari va mikromoliyalashtirish faoliyati toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:
1. Moliyaviy xizmatlar isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda mikromoliya tashkilotlari va lombardlarning faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2020-yil 27-iyundagi 15/3-son “Moliyaviy xizmatlar isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda mikrokredit tashkilotlari va lombardlarning faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 3262, 2020-yil 30-iyun) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 30.06.2020-y., 10/20/3262/1091-son) oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.
3. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan.
4. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2022-yil 18-iyuldagi 14/6-son qaroriga ILOVA
Moliyaviy xizmatlar isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda mikromoliya tashkilotlari va lombardlarning faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom moliyaviy xizmatlar isteʼmolchilari bilan munosabatlarni amalga oshirishda mikromoliya tashkilotlari va lombardlarning (bundan buyon matnda kredit tashkilotlari deb yuritiladi) faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablarni belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
moliyaviy xizmatlar — kredit tashkiloti tomonidan qonunchilikda ruxsat etilgan moliyaviy operatsiyalarni amalga oshirish orqali isteʼmolchilarga koʻrsatiladigan xizmatlar;
isteʼmolchilar — kredit tashkilotining moliyaviy xizmatlaridan foydalanish istagida kredit tashkilotiga murojaat qilgan, ushbu xizmatdan foydalanayotgan yoki oldin foydalangan jismoniy va yuridik shaxslar;
kredit — kredit tashkiloti tomonidan berilayotgan kredit, mikroqarz yoki mikrokreditlar va lizinglar;
shikoyat — isteʼmolchi (yoki uning vakili) tomonidan kredit tashkilotlarining moliyaviy xizmatlaridan foydalanishda buzilgan huquqlarini tiklash va qonuniy manfaatlarini himoya qilish toʻgʻrisidagi talab bayon etilgan murojaat;
masofaviy xizmat koʻrsatish tizimi — moliyaviy xizmatlardan elektron shaklda foydalanish uchun isteʼmolchi va kredit tashkiloti oʻrtasidagi aloqani taʼminlaydigan telekommunikatsiya vositalari, raqamli va axborot texnologiyalari, dasturiy taʼminot va uskunalar majmui.
2. Isteʼmolchi:
moliyaviy xizmat toʻgʻrisida, shuningdek ushbu xizmatni koʻrsatuvchi tashkilot haqida toʻgʻri va toʻliq axborot olish ;
kredit tashkiloti tomonidan koʻrsatiladigan moliyaviy xizmatni erkin tanlash , shuningdek yashash joyidan qatʼi nazar, oʻzi tanlagan kredit tashkilotiga kredit olish uchun murojaat etish;
moliyaviy xizmatning xavfsiz boʻlishi ;
kamchiliklari boʻlgan xizmat, shuningdek mazkur xizmatni koʻrsatuvchi tashkilotning gʻayriqonuniy harakati (harakatsizligi) tufayli yetkazilgan moddiy zararning oʻrni toʻliq hajmda qoplanishi, maʼnaviy ziyonning kompensatsiya qilinishi ;
buzilgan huquqlari yoki qonun bilan qoʻriqlanadigan manfaatlari himoya qilinishini soʻrab sudga, boshqa vakolatli davlat organlariga murojaat qilish huquqiga ega.
Moliyaviy xizmatlar isteʼmolchilari mazkur Nizom va qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishlari mumkin.
Isteʼmolchi kredit tashkiloti tomonidan oʻziga jarima solinmagan holda :
kreditning foydalanilmagan summasidan mazkur kreditni bergan (beradigan) tashkilotni kredit berish toʻgʻrisidagi shartnoma tuzilgan kundan eʼtiboran ikki hafta ichida yozma ravishda xabardor qilish orqali voz kechishga ;
berilgan kredit summasini muddatidan ilgari qaytarishga yoki lizing obyektining qiymatini muddatidan ilgari toʻlashga, shuningdek ulardan haqiqatda foydalanilgan muddat uchun hisoblangan foizlarni (lizing beruvchining foizli daromadini) toʻlashga haqli .
3. Kredit berish shartlari, uning miqdori, muddatlari, uni toʻlash va uning toʻliq qiymatini hisob-kitob qilish tartibi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar barchaning tanishib chiqishi uchun ochiq boʻlishi hamda kredit tashkilotining rasmiy veb-saytiga (mavjud boʻlganda) joylashtirilishi kerak .
Ochiq axborot koʻrsatilayotgan xizmatlar shartlaridan va ularga oid maʼlumotlardan farq qilmasligi kerak .
Kredit tashkilotlari tomonidan xizmatlar koʻrsatish joylarida (kredit berish toʻgʻrisidagi arizalarni qabul qilish joylarida, axborot stendlarida), shu jumladan oʻz rasmiy veb-saytida (mavjud boʻlganda) kredit berish, undan foydalanish va uni qaytarish shartlari toʻgʻrisidagi quyidagi axborot joylashtirilishi kerak :
kredit beruvchi tashkilotning nomi, uning joylashgan yeri, aloqa telefonlari, rasmiy veb-sayti (mavjud boʻlganda), mikromoliya tashkiloti faoliyatini amalga oshiruvchi tashkilotlar reyestriga yoki lombardlar reyestriga oʻzi haqidagi maʼlumotlar kiritilganligi toʻgʻrisidagi axborot ;
kredit olish uchun qarz oluvchiga qoʻyiladigan talablar ;
kredit olish uchun taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqish va kredit berish toʻgʻrisida yoki kredit berishni asoslantirilgan holda rad etish haqida qaror qabul qilish muddatlari ;
kreditning turlari ;
kreditning summalari va uni qaytarish muddatlari ;
foiz stavkalari yillik foizlarda, oʻzgaruvchan foiz stavkalari qoʻllanilganda esa ularni aniqlash tartibi ;
kredit berish toʻgʻrisidagi shartnoma boʻyicha majburiyatlar bajarilishini taʼminlash turlari ;
kreditdan foydalanganlik uchun foizlar hisoblash boshlanadigan sana yoki uni aniqlash tartibi ;
kredit berish, shu jumladan masofaviy xizmatlar koʻrsatish tizimlari orqali kredit berish usullari ;
qarz oluvchi kredit olishni rad etishga haqli boʻlgan muddatlar ;
qarz oluvchining kreditni qaytarish, kredit boʻyicha foizlarni va boshqa toʻlovlarni toʻlash chogʻidagi toʻlovlarining davriyligi ;
qarz oluvchining kredit berish toʻgʻrisidagi shartnomani bajarmaganlik yoki lozim darajada bajarmaganlik uchun javobgarligi, neustoyka (jarima, penya) miqdorlari, uni aniqlash tartibi ;
formulyarlar yoki kredit berish toʻgʻrisidagi shartnomaning umumiy shartlari belgilangan boshqa standart shakllar .
Ushbu bandda koʻrsatilgan axborot isteʼmolchining eʼtiboriga bepul yetkaziladi.
Moliyaviy xizmatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar tijorat sirini oʻz ichiga olmasligi zarur.
4. Kredit tashkiloti tomonidan isteʼmolchilarga kredit tashkilotining moliyaviy xizmatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar davlat tilida yetkazilishi lozim. Kredit tashkilotining moliyaviy xizmatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar qoʻshimcha ravishda boshqa tillarda ham taqdim etilishi mumkin.
Kredit tashkilotining moliyaviy xizmatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning matni loʻnda, oddiy va ravon tilda bayon etilishi kerak.
5. Kredit tashkilotining moliyaviy xizmatlari kredit tashkiloti va isteʼmolchi oʻrtasida tuzilgan shartnoma, shu jumladan ommaviy oferta shartnomasi asosida koʻrsatiladi.
Shartnomalarning matni isteʼmolchilar tushunishi uchun aniq va sodda tarzda bayon etilishi lozim.
Yozma ravishda rasmiylashtiriladigan shartnoma matnini kompyuter vositasida bosib chiqarishda 12 oʻlchamli shriftdan kam boʻlmagan yoki shunga oʻxshash shriftni qoʻllagan holda Misrosoft Word matn redaktoridan foydalanilishi lozim.
Shartnomalarning matni davlat tilida tuziladi. Isteʼmolchi va kredit tashkilotining oʻzaro kelishuviga muvofiq shartnoma matni qoʻshimcha ravishda boshqa tilda ham tuzilishi mumkin.
6. Isteʼmolchi kredit tashkilotining moliyaviy xizmatini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnomasini (kredit, mikrokredit, mikroqarz va boshqalar boʻyicha) imzo qoʻymasdan oldin tanishib chiqishi uchun oʻzi bilan olib ketishga haqli.
Kredit tashkiloti isteʼmolchini shartnomaga imzo qoʻymasdan oldin tanishib chiqishi uchun oʻzi bilan olib ketishga haqli ekanligi toʻgʻrisida xabardor qilishi shart.
7. Moliyaviy xizmatlar masofaviy xizmat koʻrsatish tizimi orqali koʻrsatilganda, kredit tashkiloti shartnoma tuzilishidan oldin isteʼmolchiga mazkur tizim orqali shartnoma shartlari bilan tanishib chiqish va undan nusxa olish imkoniyatini yaratib berishi lozim.
8. Moliyaviy xizmat koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnoma masofaviy xizmat koʻrsatish tizimi orqali tuzilganda, kredit tashkiloti isteʼmolchiga mazkur tizim orqali shartnomadan istalgan vaqtda foydalanish va nusxa olish imkoniyatini yaratishi shart.
9. Kredit tashkiloti isteʼmolchilarga maʼlumot berish uchun moliyaviy xizmat koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnomani tuzish chogʻida ular bilan bogʻlanish aloqa vositalarini kelishib olishi va ushbu aloqa vositalari orqali bogʻlanish imkoniyatini taʼminlashi lozim.
10. Kredit tashkiloti moliyaviy xizmat koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnoma yozma shaklda imzolangan kunda isteʼmolchiga yoki uning vakiliga shartnomaning bitta asl nusxasini taqdim etishi kerak.
11. Kredit tashkiloti qarz oluvchining va (yoki) garovga qoʻyuvchining sugʻurta kompaniyasi va (yoki) baholovchini tanlash huquqini cheklamasligi lozim.
12. Kredit tashkiloti tomonidan toʻlov shakliga qarab (naqd pul bilan yoki naqd pulsiz hisob-kitoblar) moliyaviy xizmatlar uchun har xil narxlar (tariflar) belgilash taqiqlanadi.
13. Kredit tashkiloti oʻz kassasida terminal orqali toʻlovlarni amalga oshirish boʻyicha xizmat koʻrsatganda bank kartasini taqdim etuvchiga (bank karta egasi yoki kartani ishlatish vakolati berilgan shaxs) ushbu kartaning “PIN-kod”ini mustaqil kiritishga imkoniyat yaratib berishi lozim.
14. Isteʼmolchilarga nisbatan kredit tashkiloti tomonidan moliyaviy xizmatlar uchun toʻlovlarni faqat oʻzlarining kassalari orqali va (yoki) naqd pul shaklida toʻlash lozimligi boʻyicha talab belgilanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
15. Kredit tashkiloti faoliyatida insofsiz xizmat koʻrsatish amaliyotlarining qoʻllanilishiga yoʻl qoʻyilmaydi, jumladan:
isteʼmolchining boshqa kredit tashkiloti bilan shartnoma tuzishiga toʻsqinlik qilish maqsadida kredit tashkiloti tomonidan kredit byurosiga va (yoki) boshqa tashkilotlarga notoʻgʻri axborot berish;
isteʼmolchi uchun maqbul shartlarda rasmiylashtirilgan boshlangʻich qarzni qaytarish maqsadida uni boshqa kredit shartnomasini tuzishga ragʻbatlantirish;
isteʼmolchilarning qarzi miqdorini oshirishga yoʻnaltirilgan chora-tadbirlarni amalga oshirganligi uchun kredit tashkiloti xodimlarini mukofotlash va ragʻbatlantirish.
16. Kredit tashkilotining dasturiy taʼminotida yuzaga kelgan nosozliklar isteʼmolchilarning majburiyatlari ortishiga va ularning qonuniy manfaatlariga zarar yetishiga olib kelmasligi lozim.
17. Kredit tashkiloti moliyaviy xizmatlar koʻrsatish uchun moʻljallangan joyida nogironligi boʻlgan hamda imkoniyati cheklangan isteʼmolchilar bilan ham shartnomalarni tuzish imkoniyatini taʼminlashi kerak.
18. Mikromoliya tashkiloti tomonidan isteʼmolchilar bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda aniq tartib va qoʻllanmalar koʻrsatilgan, shu jumladan mijozlar bilan muloqotga kirishish, ehtiyojlarini aniqlash, moliyaviy xizmatni taqdim etish, taklif shakllantirish, eʼtirozlar bilan ishlash va muloqotni yakunlash jarayonida mikromoliya tashkiloti xodimlarining xulq-atvori va kasbiy odob-axloq qoidalarini nazarda tutuvchi isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatish standartlari joriy etilishi lozim.
19. Kredit tashkiloti:
isteʼmolchilar bilan bevosita ishlovchi kredit tashkiloti xodimlari (bundan buyon matnda maʼmuriyat xodimlari deb yuritiladi) isteʼmolchilar koʻra oladigan, maʼmuriyat xodimining familiyasi, ismi va lavozimi qayd etilgan vizual identifikatsiya vositalariga ega boʻlishlarini taʼminlashi;
maʼmuriyat xodimlariga mazkur Nizomning 3-bandida qayd etilgan axborotlarni olish, oʻrganish va yangilash imkoniyatini taʼminlashi;
maʼmuriyat xodimlari isteʼmolchiga beriladigan axborotning minimal hajmini soda shaklda taqdim eta olishini taʼminlashi, shuningdek isteʼmolchining bunday axborot qayd etilgan kredit tashkiloti hujjatlari bilan tanishishi uchun imkon yaratishi shart.
20. Isteʼmolchida moliyaviy xizmat koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnoma boʻyicha taraflarning oʻzaro munosabatlari yuzasidan savollar yuzaga kelganda, kredit tashkiloti isteʼmolchiga Ushbu savollarning mohiyati boʻyicha asosli javob va boshqa tegishli tushuntirishlar berishi shart.
Bunda, kredit tashkiloti isteʼmolchilarga qarz toʻlashdan boʻyin tovlash va (yoki) uni toʻlamaganlik uchun javobgarlikdan qochishning usul va yoʻllari, shuningdek boshqa shunga oʻxshash masalalar yuzasidan (shu jumladan, boshqa kredit tashkilotlari tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlar boʻyicha ham) maslahat berish bilan bogʻliq faoliyat bilan shugʻullanishga haqli emas.
2-bob. Kredit tashkilotining isteʼmolchi bilan kredit munosabatlarini tashkil etishi
21. Kredit tashkiloti kredit shartnomasi tuzilgunga qadar:
isteʼmolchiga mazkur Nizomning 3-bandida koʻrsatilgan talablarni hisobga olgan holda koʻrsatiladigan xizmatlar toʻgʻrisidagi ishonchli axborotning toʻliq oshkor qilinishini taʼminlashi;
isteʼmolchiga uning huquqlari va majburiyatlarini, shuningdek moliyaviy xizmat koʻrsatish shartnomasi boʻyicha
oʻz zimmasiga olgan majburiyatlarni bajarmaslik yoki lozim darajada bajarmaslik oqibatlarini tushuntirishi;
isteʼmolchini koʻrsatiladigan xizmatlar shartlarini oʻzgartirish tartibi, shu jumladan qarzdorlikni qaytarish muddatlarini qayta koʻrib chiqish va undiruvni garov mulkiga qaratish tartib-taomili bilan tanishtirishi;
kredit taʼminoti sifatida kafil boʻlayotgan yoki mulkini garovga qoʻyayotgan uchinchi shaxslarga kelgusida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan xatarlar, xususan qarz oluvchi tomonidan kredit va unga hisoblangan foizlar oʻz vaqtida toʻlanmagan taqdirda, kredit boʻyicha yuzaga kelgan qarzdorliklarning qoplanishi sud tartibida uchinchi shaxsning garovdagi mol-mulkiga yoxud kafilning mol-mulkiga qaratilishini, kafilning bank hisobvaraqlaridan (bank kartalaridan) sud tartibida uning roziligisiz mablagʻlar yechib olinishi mumkinligini tushuntirishi shart.
Kredit tashkiloti tomonidan isteʼmolchiga koʻrsatiladigan moliyaviy xizmatlar haqida axborot berishni rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi
22. Kredit tashkiloti soʻroviga javoban isteʼmolchi tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar tuzilayotgan kredit shartnomasining shartlariga taʼsir koʻrsatishi mumkinligi haqida isteʼmolchi ogohlantirilishi zarur.
23. Isteʼmolchi-jismoniy shaxs kredit olish uchun mikromoliya tashkilotiga murojaat qilganida (mikromoliya tashkiloti binosiga tashrif buyurganda) mikromoliya tashkiloti mazkur Nizomning ilovasiga muvofiq kreditning asosiy shartlari toʻgʻrisidagi axborot varaqasini (bundan buyon matnda axborot varaqasi deb yuritiladi) isteʼmolchi-jismoniy shaxs bilan birgalikda toʻldiradi va isteʼmolchi-jismoniy shaxsga taqdim etadi.
Axborot varaqasi isteʼmolchi-jismoniy shaxsga bepul tarzda taqdim etiladi va kredit olish uchun buyurtmanoma hisoblanmaydi.
24. Kredit tashkiloti kredit operatsiyalarini amalga oshirishda quyidagilarga rioya etishi lozim:
kredit shartnomasida kredit mablagʻlarini berish muddati va shartlarini aniq koʻrsatish;
kredit shartnomasida kredit mablagʻlarini berish majburiyatini bajarmaganligi yoki oʻz vaqtida bajarmaganligi uchun kredit tashkiloti qarz oluvchi oldida kreditor sifatida oʻz javobgarligini aks ettirish.
25. Kredit tashkiloti kreditdan foydalanganlik uchun foizlarni qarz oluvchiga haqiqatda berilgan kredit asosiy summasining qoldigʻiga nisbatan kredit shartnomasida belgilangan nominal stavka boʻyicha hisoblashi kerak.
Bunda, kreditdan foydalanganlik uchun foizlar kredit summasi qarz oluvchining hisobvaragʻiga yoki qarz oluvchi tomonidan koʻrsatilgan boshqa hisobvaraqqa oʻtkazilgan yoxud qarz oluvchiga naqd pul koʻrinishida berilgan sanadan boshlab hisoblanadi.
26. Kredit shartnomasiga ilova qilingan kreditni qaytarish jadvali kredit shartnomasining ajralmas qismi hisoblanib, kredit tashkiloti va qarz oluvchi tomonidan imzolanishi, shuningdek qoida tariqasida kredit shartnomasi matnida ilovaga (kreditni qaytarish jadvaliga) havola boʻlishi kerak.
27. Kredit tashkiloti qarz oluvchiga kredit shartnomasida nazarda tutilgan kreditni berishdan butunlay yoki qisman bosh tortgan taqdirda, ushbu kredit boʻyicha mablagʻlar berishni toʻxtatib qoʻyish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan sanadan boshlab keyingi ish kunidan kechiktirmasdan qarz oluvchiga kredit berish toʻxtatilganligi va uning sabablari yuzasidan yozma xabarnoma yuborishi shart.
28. Qarzdordan kreditning joriy toʻlovi uchun kreditni qaytarish jadvalida belgilangan summaga nisbatan koʻp mablagʻ kelib tushsa, agar shartnomada boshqacha tartib belgilanmagan boʻlsa, kredit tashkiloti kelib tushgan mablagʻning ortiqcha qismini qarz oluvchining kreditining (qarzining) asosiy qarzini soʻndirishga yoʻnaltiradi hamda kredit (qarz) summasini qayta hisoblaydi.
Agar kreditni qaytarish jadvali rasmiylashtirilgandan soʻng kredit boʻyicha moliyalashtirishni boshlash muddatlari yoki shartnomada koʻzda tutilgan oʻzgaruvchan foiz stavkasi oʻzgarishi, kredit shartnomasining shartlari tomonlar oʻrtasida qayta koʻrib chiqilishi (shu jumladan, kreditning tarkibiy jihatdan oʻzgartirilishi), qarz oluvchi tomonidan kredit qisman muddatidan oldin soʻndirilishi munosabati bilan kredit boʻyicha toʻlovlarni amalga oshirish sanalari va muddatlari yoki oraliq kredit toʻlovlarining miqdorlari oʻzgarganda, kredit tashkiloti kreditni qaytarish jadvalini yangidan rasmiylashtirishi va qarz oluvchiga taqdim qilishi lozim.
Bunda, kreditni qaytarish jadvali yangidan rasmiylashtirilishi bilan undan oldin mavjud boʻlgan kreditni qaytarish jadvali oʻz kuchini yoʻqotadi. Ushbu qoida kredit shartnomasida qayd etilishi shart.
29. Kredit tashkiloti tomonidan kredit boʻyicha xizmat koʻrsatish davrida isteʼmolchining ogʻzaki yoki yozma soʻrovi olingan kundan eʼtiboran bir ish kuni ichida unga quyidagi axborotlar yozma shaklda bir oyda bir marta bepul taqdim etiladi:
kreditlash limiti;
kredit boʻyicha toʻlangan pul mablagʻlari summasi;
asosiy summa boʻyicha qarz qoldigʻi;
navbatdagi toʻlovlarning miqdori, tarkibi va muddatlari (toʻlovlar jadvali);
kreditni muddatidan oldin qisman yoki toʻliq soʻndirish istagi bildirilgan taqdirda toʻlash lozim boʻlgan summalar miqdori;
muddati oʻtkazib yuborilgan qarzdorlik miqdori va tarkibi;
kelib tushayotgan pul mablagʻlari kredit boʻyicha qarzni soʻndirishga yoʻnaltirilishi haqidagi axborotlar.
30. Kredit tashkiloti isteʼmolchining talabiga koʻra, quyidagi hujjatlarning kredit tashkiloti tomonidan tasdiqlangan nusxalarini bepul (bitta kredit shartnomasi boʻyicha bir marta) beradi:
kredit tashkiloti va isteʼmolchi tomonidan imzolangan kredit shartnomasini;
isteʼmolchi tomonidan berilgan ariza (agar qonunchilik hujjatlariga muvofiq bunday arizaning rasmiylashtirilishi majburiy boʻlsa yoki kredit tashkilotining ichki qoidalariga asosan kredit shartnomasini tuzish chogʻida bunday arizaning rasmiylashtirilishi shart boʻlganda);
isteʼmolchiga kredit berilganligini tasdiqlovchi hujjat (order, toʻlov topshiriqnomasi, elektron toʻlov vositasiga pul mablagʻlari oʻtkazilganligi toʻgʻrisida maʼlumotnoma);
kredit shartnomalari boʻyicha isteʼmolchi tomonidan majburiyatlari toʻliq bajarilganligini tasdiqlovchi hujjat (maʼlumotnoma).
Kredit tashkiloti isteʼmolchining talabiga koʻra, mazkur bandda nazarda tutilgan hujjatlarni ularni tayyorlash xarajatlaridan oshmaydigan haq evaziga cheklanmagan tarzda taqdim etishi mumkin.
Mazkur bandda nazarda tutilgan hujjatlarni taqdim etishning imkoni mavjud boʻlmagan taqdirda, kredit tashkiloti tomonidan isteʼmolchiga bu haqda asosli ravishda yozma xabar berilishi lozim.
31. Isteʼmolchining tegishli soʻrovi kredit tashkilotida roʻyxatdan oʻtkazilgan kundan boshlab oʻn ish kuni ichida kredit shartnomasi, isteʼmolchi tomonidan berilgan ariza va isteʼmolchiga kredit berilganligini tasdiqlovchi hujjat hamda bir ish kuni ichida kredit shartnomalari boʻyicha isteʼmolchi tomonidan majburiyatlari toʻliq bajarilganligini tasdiqlovchi hujjat taqdim etiladi.
32. Mikromoliya tashkiloti qarz oluvchi tomonidan shartnomaga asosan kredit (qarz) boʻyicha qarzdorlik summasini toʻlash majburiyati toʻliq bajarilgan sanadan boshlab uch ish kunidan kechiktirmagan holda mazkur qarz boʻyicha:
garovda turgan mulkni taqiqdan chiqarish;
garovda boʻlgan mol-mulkka nisbatan kredit tashkilotining huquqlari toʻgʻrisidagi yozuvni garov reyestridan chiqarish choralarini koʻrishi shart.
3-bob. Muddati oʻtgan qarzdorlik yuzaga kelganda kredit tashkilotlarining isteʼmolchilar bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirish
33. Kredit tashkiloti kredit boʻyicha qarzdorlikni undirishni kredit shartnomasida va qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda va asoslarda amalga oshiradi.
Kredit boʻyicha qarzdorlikni undirish maqsadida kredit tashkiloti qarzdorlikni soʻndirish zarurligi va kredit boʻyicha majburiyatlar bajarilmasligining oqibatlari haqida tegishli tarzda qarzdorni xabardor qiladi.
Bunda, kredit shartnomasi boʻyicha muddati oʻtkazib yuborilgan qarzdorlik yuzaga kelganda, muddati oʻtkazib yuborilgan qarzdorlik yuzaga kelgan sanadan boshlab oʻn kun ichida isteʼmolchi bilan kredit shartnomasida kelishilgan har qanday bogʻlanish aloqa vositalari va usullaridan, shu jumladan elektron aloqa vositalaridan yoki qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa usullardan foydalanib, isteʼmolchiga muddati oʻtkazib yuborilgan qarzdorlik yuzaga kelganligi haqida xabar berishi, shuningdek isteʼmolchining kredit shartnomasida koʻzda tutilgan manziliga muddati oʻtgan qarzdorlikni soʻndirishi lozimligi haqida yozma talabnoma yuborishi shart.
34. Kredit tashkiloti yoʻllaydigan talabnomada quyidagi axborot koʻrsatilgan boʻlishi kerak:
kredit tashkilotining nomi va uni identifikatsiyalash uchun yetarli maʼlumotlar;
talabnoma rasmiylashtirilgan sanadagi isteʼmolchining kredit qarzi miqdori va tarkibi;
qarzni toʻlash usuli (usullari);
isteʼmolchi oʻz majburiyatlarini bajarishi lozim boʻlgan muddat (oʻn kundan kam boʻlmasligi lozim);
talabnomada koʻrsatilgan muddatgacha isteʼmolchi oʻz majburiyatlarini bajarmasligining oqibatlari;
nizoni sudgacha hal qilish usullari.
35. Mahalliy vaqt bilan soat 20:00 dan 8:00 gacha talabnomani (xabarnomani) qoʻlga topshirishga hamda u haqida telefon vositalari orqali ogʻzaki eslatmalar qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.
36. Kredit tashkiloti va isteʼmolchi taraflarning oʻzaro roziligiga koʻra, qonunchilik hujjatlarida belgilangan nizoni sudgacha hal qilish usullarini, shu jumladan, muzokaralar oʻtkazish orqali, qoʻllashga haqli.
37. Isteʼmolchi talabnomada belgilangan muddatda koʻrsatilgan talablarni lozim darajada bajarmaganda, kredit tashkiloti sudga daʼvo bilan murojaat etishga haqli.
4-bob. Isteʼmolchilarning shikoyatlarini koʻrib chiqishga qoʻyiladigan talablar
38. Kredit tashkilotida isteʼmolchilarning shikoyatlarini koʻrib chiqish boʻyicha tartib boʻlishi shart. Bunda, isteʼmolchilarning shikoyatlarini koʻrib chiqish tartibi qonunchilik hujjatlariga va mazkur Nizomga muvofiq boʻlishi kerak.
39. Kredit tashkiloti tomonidan shikoyatlarni koʻrib chiqish tartibi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar kredit tashkilotining stendlarida va rasmiy veb-saytida (mavjud boʻlsa) joylashtirilgan boʻlishi lozim.
40. Isteʼmolchining talabiga muvofiq kredit tashkiloti isteʼmolchiga shikoyatlarni koʻrib chiqish tartibini tushuntirib berishi kerak.
Kredit tashkiloti shikoyatlarni oʻz vaqtida va xolisona koʻrib chiqilishini taʼminlaydi hamda uning natijalari boʻyicha shikoyat etuvchilarni xabardor qiladi.
Kredit tashkiloti tomonidan isteʼmolchilarning shikoyatlarini koʻrib chiqish bepul amalga oshiriladi.
41. Kredit tashkiloti isteʼmolchining shikoyat qilish huquqini cheklashga haqli emas. Kredit tashkiloti tomonidan shikoyatni qabul qilishni rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
42. Kredit tashkiloti oʻzining rasmiy veb-sayti (mavjud boʻlsa) orqali isteʼmolchilarning elektron shikoyatlarini qabul qilishni tashkillashtirishi lozim.
43. Isteʼmolchilarning barcha yozma va elektron shikoyatlari oʻsha kunning oʻzida, ish vaqti tugaganidan keyin kelib tushgan taqdirda esa, keyingi ish kunida roʻyxatdan oʻtkazilishi kerak.
44. Isteʼmolchilarning shikoyatlari kredit tashkilotiga kelib tushgan kundan eʼtiboran oʻn besh kundan kechiktirmay, qoʻshimcha oʻrganish va (yoki) tekshirish, qoʻshimcha hujjatlarni soʻrab olish talab etilganda esa bir oygacha boʻlgan muddatda koʻrib chiqilishi va yozma yoki elektron shaklda javob berilishi kerak.
45. Quyidagi shikoyatlar koʻrib chiqilmaydi:
anonim shikoyatlar;
jismoniy va yuridik shaxslarning vakillari orqali berilgan shikoyatlar, ularning vakolatini tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlmagan taqdirda.
Jismoniy va yuridik shaxs vakilining vakolatini tasdiqlovchi hujjatlar mavjud emasligi sababli shikoyatlar koʻrmay qoldirilganligi toʻgʻrisida shikoyat qiluvchi tegishli tartibda xabardor qilinadi.
46. Telefon orqali shikoyat etilganda, ushbu shikoyatni keyinchalik koʻrib chiqishda foydalanish maqsadida isteʼmolchini oldindan xabardor qilgan holda suhbat maxsus (audio) texnika vositalari orqali yozib olinishi mumkin.
47. Kredit tashkiloti xodimining harakati yoki harakatsizligi ustidan kelib tushgan shikoyat, shu xodimning oʻziga koʻrib chiqish uchun topshirilishi mumkin emas.
48. Isteʼmolchining shikoyati asosli deb topilgan hollarda, kredit tashkiloti kamchiliklarni bartaraf etish, isteʼmolchining qonuniy manfaatlari va huquqlarini tiklash yuzasidan tegishli choralarni koʻrishi zarur.
49. Kredit tashkiloti muntazam ravishda:
isteʼmolchilarning shikoyatlarini monitoring qiladi, unda qayd etilgan masalalarni hamda shikoyatlar dinamikasini tahlil etadi, umumlashtiradi;
isteʼmolchilarning shikoyatlari bilan ishlashni takomillashtirish boʻyicha tavsiyalar ishlab chiqadi;
aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etadi va kelgusida kredit tashkiloti faoliyatida bunday kamchiliklar takrorlanmasligini taʼminlaydi.
5-bob. Yakuniy qoida
50. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladilar.
Moliyaviy xizmatlar isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda mikromoliya tashkilotlari va lombardlarning faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Kreditning asosiy shartlari toʻgʻrisidagi axborot
Mikromoliya tashkilotining nomi, rasmiy veb-sayti (mavjud boʻlsa), telefon raqamlari 1-boʻlim. Kredit boʻyicha maʼlumotlar 1. Kreditning turi 2. Kreditning maqsadi 3. Kreditning miqdori 4. Kreditdan foydalanish muddati 5. Kreditdan foydalanish muddati davomidagi foiz stavkasi (nominal miqdorda) va ushbu foiz miqdori boʻyicha toʻlanishi lozim boʻlgan summa ________________ (foiz koʻrinishida) _________________ (kreditning toʻliq muddatiga pul koʻrinishida) 6. Kreditning toʻliq foydalanish muddati davomida toʻlanadigan jami summa __________________ ___ ______________________ ___ ______________________ (kreditning miqdori) + (hisoblanadigan foizlar) = (jami toʻlanadigan summa) 7. Kreditning imtiyozli davri (agar mavjud boʻlsa) 8. Toʻlovlarning davriyligi (har oyda, har chorakda va h.k.) 9. Kreditni soʻndirish usuli (annuitet usulida (teng miqdorlarda), differensial usulida) 10. Toʻlovlarning davrida bir martalik toʻlov summasi: annuitet usulida _____________________ differensial usulida _____________________ (oraliq toʻlovlaridan eng koʻp miqdordagi toʻlov) 11. Kreditni ajratish shakli (mahsulot/xizmat taʼminotchisi hisobvaragʻiga pul oʻtkazish, naqd pul, bank kartasiga oʻtkazish, va h.k.) 12. Kredit bilan bogʻliq qoʻshimcha xarajatlar, jumladan (agar bunday xarajatlar mavjud boʻlsa): _________________________ (kreditning toʻliq muddatiga pul koʻrinishida, jami) Turlari boʻyicha mikromoliya tashkilotining komissiya va yigʻimlari (alohida koʻrsatilsin) ________________________ (kreditning toʻliq muddatiga pul koʻrinishida) uchinchi shaxslar xizmati (alohida koʻrsatilsin) ________________________ (kreditning toʻliq muddatiga pul koʻrinishida) 13. Kreditning toʻliq qiymati (nominal foiz stavkasini va kreditga xizmat koʻrsatish xarajatlarini oʻz ichiga oladi) 14. Kredit olish boʻyicha taqdim qilingan arizani koʻrib chiqish muddati 2-boʻlim. Boshqa moliyaviy majburiyatlar bilan bogʻliq muhim shartlar 1. Kredit boʻyicha qarzdorlik oʻz vaqtida soʻndirilmaganligi uchun shartnomada koʻzda tutilayotgan toʻlashi lozim boʻlgan neustoyka (jarima, penya) (agar bunday shart mavjud boʻlsa) _______________________________ (foiz yoki qatʼiy belgilangan summa koʻrsatiladi, shuningdek neustoyka (jarima, penya) hisoblash uchun asos boʻluvchi shartnoma shartlari keltiriladi) 2. Kredit boʻyicha qarzdorlik oʻz vaqtida soʻndirilmaganligi uchun kredit summasidan toʻlanadigan oshirilgan foiz stavkasi miqdori (agar bunday shart mavjud boʻlsa) _______________ (foizda) 3. Kreditning taʼminoti (taʼminot predmetiga qoʻyiladigan minimal talablar, garovning minimal qiymati) Kredit olishga rozi boʻlishdan oldin diqqat bilan oʻrganib chiqing! Siz kreditning shartlari va qiymati toʻgʻrisida, toʻlovlar va hisob-kitoblar tartibi toʻgʻrisida (foizlar, jarima va penyalar), kredit shartnomasi boʻyicha Sizning huquqlaringiz va majburiyatlaringiz toʻgʻrisida, kredit shartnomasi boʻyicha yuzaga kelishi mumkin boʻlgan xatarlar va javobgarliklar toʻgʻrisida, shuningdek Sizga tushunarsiz boʻlgan boshqa masalalar yuzasidan mikromoliya tashkilotidan toʻliq va batafsil maʼlumot olishga haqlisiz. Agar Sizda shikoyatlar mavjud boʻlsa, u holda Siz murojaatingizni (telefon raqami koʻrsatiladi) raqamli telefonga yoki (mikromoliya tashkilotining pochta manzili koʻrsatiladi) manzilga yoki (mikromoliya tashkilotining elektron pochtasi manzili koʻrsatiladi) elektron manzilga joʻnatishingiz mumkin. AXBOROT VARAQASINING TOʻGʻRILIGI VA HAQIQIYLIGI TASDIQLANADI. _______________________________________________________ ________________________ (mikromoliya tashkiloti mutaxassisining F.I.O. va lavozimi) (toʻldirilgan sana)
Rais M. NURMURATOV
Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi Raisi D. VAXABOV
Toshkent sh.,
2022-yil 18-iyul,
2022-yil 13-iyul
14/6-son